Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу.
Бу киши оналари София бинт Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳо қўлларида тарбия топдилар. Оналари улуғ, шижоатли аёл эдилар.
Уҳуд жангида Ҳинд бинт Утба Бадр куни ўлдирилган отаси ва акасининг учини олиш мақсадида Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоху анҳуни ўлдиртириб, жигарларини чайнашга аҳд қилган эди. Унинг буйруғи билан Ваҳший исмли қули жанг қизиган вақтда пайт пойлаб у зотни шаҳид қилди, қоринларини ёриб, жигарларини олди, қўлоқ-бурунларини кесди. Жангдан сўнг Ҳамза ибн Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳунинг жасадлари таниб бўлмайдиган даражага тушиб қолганди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолдан қаттиқ ғамгин бўлдилар. София бинт Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳо акаларига нисбатан Қурайш қилган ваҳшийликни ўз кўзлари билан бориб кўрмоқчи бўлганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ўғли Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳуга дедилар:
- Онангни қайтар, бу ғам унга оғирлик қилади.
Зубайр розияллоҳу анҳу оналарини қайтаришга уринганида София бинт Абдулмуттолиб розияллоҳу анҳо ўғлига қараб:
- Агар шундай қилсанг сендан розимасман, - дедилар.
Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга онасининг гапини етказдилар.
- Майли, унинг йулини тусма!- дедилар Набий соллаллоҳу
алайҳи ва саллам.
София розияллоҳу анҳо сафлар орасидан ўтиб, акалари ёнига бордилар, у зотга боқиб:
- Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиун! - (Биз Аллоҳ учунмиз ва албатта Унга қайтувчимиз) деб истиржоъ айтдилар ва ўғлига қараб: - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга айтгин. Биз Аллоҳ йулида етган барча нарсаларга рози бўлдик. ИншаАллоҳ, сабр қиламиз! - дедилар.
Амирул мўминин Абу Ҳасан Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу.
Бу зотнинг ақлу донишлари, улуғлигу олийжанобликлари, адолату шижоатлари дунё халқлари орасида тилдан тилга кучиб юради. Илк тарбиялари ортида Фотима бинт Асад, кейинроқ мўминлар онаси Ҳадича бинт Ҳувайлид розияллоҳу анҳо бор эди.
Араблар донишманди ва олими, амирул мўминин Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу.
У кишининг ортларида ким бор эди? У кишининг ортларида улуғ оналари Ҳинд бинт Утба розияллоҳу анҳо бор эди. Муовияни болалик даврида:
«Ўлғайса қавмига саййид бўлади”, дейилганда Ҳинд: «Бор-йўғи ўз қавмига саййид бўлса, бундай боланинг боридан йўғи яхши, бу бола дунёнинг саййиди бўлиши керак”, деган эди.
Муовия фаҳру мақтов ўринларида кўпинча онасига нисбатланар, душманларига ҳам "Мен Ҳинднинг ўғлиман" деб пўписа қиларди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу.
У кишининг ортларида улуғ, шижоатли оналари Асмо бинт Абу Бакр розияллоҳу анҳумо бордир. Ўғиллари Абдуллоҳнинг ўлими хабари етганда шундай деган эдилар:
«Улуғ пайғамбар Яҳё ибн Закариёнинг боши Бани Исроилнинг золимларига ҳадя бўлганда, менинг ўғлим нима бўлибди».
Ўғиллари Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Ҳижоз урушига боришга маслаҳат сўраганида дедилар:
«Боргин! Аллоҳга қасамки, азиз бўлиб қилич билан урушишлигинг, хор бўлиб қамчи билан урушишлигингдан афзалроқдир».
Бу аёлнинг ҳаёти муслима аёлларимиз учун ҳозирда ҳам катта ибрат ва намуна бўлади. Фарзандларини Аллоҳ йўлидан қайтарадиган оналар бу сатрларни ўқиб, ўрнак олсалар ажаб эмас.
Амирул мўъминин одил халифа, улкан тақво соҳиби Умар ибн Абдулазиз разияллоҳу анҳу.
У кишининг орқаларида ким бор эди? У кишининг оналари Умму Осим разияллоҳу анҳо замонасининг энг баркамол аёлларидан эди.
Абдулмалик ибн Абдулазиз.
Бу йигит юксак мурувват соҳиби ва мукаммал ақлу дониш эгаси бўлган саййид эдилар. Илмда, шижоатда, тақвода, ибодатда зарбулмасал эдилар. Вафот топганларида 19 ёшда эдилар. У кишининг тарбиялари ортида ким бор эди? Тақводор оталари Умар ибн Абдулазиз ва оналари Фотима бинт Абдулмалик ибн Марвон бор эдилар.
Суфён Саврий.
Суфён Саврий кимлигини биласизми? У зот буюк Ислом фиқҳшуноси, муҳаддиси, эътимодли олти мазҳаб соҳибларининг бири ва ҳадис илмида Амирул мўминин эдилар. Бу улуғ имомлик ва юксак илм фақатгина солиҳа оналарининг саъй-ҳаракати ва дуолари самараси бўлган эди. Гарчи тарих у зотнинг исмларини сақлаб қолмаган эса-да, фазилатларини, юксак ўринларини сақлаб қолди.
Имом Аҳмад ўз санадида Вақиъдан ривоят қилади: Умму Суфён Суфёнга деди:
-Эй ўғлим! Илм изла. Мен сенга ғазлим билан (ип йигириб) ёрдам қиламан.
Бу аёлни Аллоҳ раҳмат қилсин. Амал қилар, амалда собитқадам эди. Фарзандини илмга ундаб мавъиза ва насиҳат қиларди. Бир куни ўғлига деди:
-Эй ўғлим, агар ўнта ҳарф ёзиб ўргансанг, қалбингга қара. Тақвойинг, ҳилм ва виқорингда бирон зиёда, ўзгариш кўрасанми, йўқми. Агар кўрмасанг, билгингки, ўрганган бу илминг сенга зарар беради, асло фойда бермайди.
Улуғ имом, фиқҳ денгизи донишманд олим.
Бу зот илму ҳикматга тўла эди, етук ваъзу насиҳатлар соҳиби эди. Бу инсон Муҳаммад ибн Идрис Шофеъийдир. Ер аҳлларини фиқҳ ва илм билан сероб этдилар. Мусулмон оламида машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб имомларидан биридирлар. Бу даражага етишларига улуғ оналарининг ҳиссаси улкан эди. Эмизикли пайтларида оталари вафот этиб кетган эди. Оналари эҳтимом ва иноят билан ўлғайтирдилар. Қалбларини ҳикмат билан ёритдилар. Бу аёл фозила ва оқила аёл эдилар.
Амирул мўминин Абдурраҳмон Носир.
Андалус (Испания) вилояти фитна билан тўлиб тошган, кўп қон тўкилган даврда бу киши унга волий этиб тайинландилар. Волий бўлишлари билан Андалусда қон тўкилиши тўхтади. Лашкар билан чиқиб, битта урушда 70 та қўрғонни фатҳ қилдилар. Шундан кейин Францияликлар қалбида, Швецияликлар жамоатида номлари абадий сақланиб қолди. Бу yлуғ зотнинг бундай улкан муваффақиятларга эришишидаги сир нималигини биласизми? Уни ким бундай қилиб тарбия қилган? Амакиси отасини ўлдирганидан кейин боласини етим ҳолатда ўсдирган ёлғиз бир аёл - онаси эди. Онаси уни ёлғиз вояга етказган, қалбига улуғлик-камолот сингишига сабаб бўлган.
Булар тарбия ҳақида салафлар сийратидан ёрқин сурат ва улуғ намуналар эди. Ўқиган ҳар бир инсон қалбида ажиб туйғу пайдо бўлади.
Албатта, инсон бугунги кунда болаларимиз тарбиясидаги нуқсонларни, оталарнинг бундан ғофил эканларини кўрса, ҳолатимизни салафи солиҳлар ҳолатига таққосласа, чин исломий тарбиядан нақадар узоқлашиб кетганимизни кўриб, унинг қалбида умидсизлик пайдо бўла бошлайди. Лекин нима бўлганда ҳам мусулмон киши ноумид бўлмаслиги керак. Зеро, салафларни тузатган Зот халафлар (кейингилар)ни ҳам тузатишга Қодир. Бу уммат ёмғирга ўхшайди. Унинг аввалида яхшилар бор бўлганидек, ўртасида ва охирида ҳам бор. Аллоҳнинг тавфиқи билан иш ўз қўлимизда. Агар тўсиқларни олиб ташлаб, ўзимиз учун тўғри тарбия дарвозаларини очсак хатоларимизни тузатган ва ҳаққа йўлланган бўламиз.
Азиз ота-оналар! Солиҳ фарзандлар тарбияси учун ҳаракат қилайлик ва бор куч-тоқатларимизни сарфлайлик. Аллоҳга қасамки, агар уларни ёмонликлардан тиймасак, табиатларини нопокликлардан сақлаб қолмасак, дунёю охиратда надомат қилувчиларга айланамиз.