Skip to Content

НАФС


Нафс инсоннинг моддий ўзлиги, “мен”лигидир. Тилимизда унинг муқобили мавжуд эмас. Уни фақат таърифлай ва тасвирлай оламиз. Аллоҳ таоло бизни ботинимизни бир идора этувчи, жсмимизни, моддиё борлиғимизни, ҳаёт учун зарурий манфаатларимизни қўриқлаш ва қўллаш мақсадида фаолият кўрсатувчи маънавий бир борлиқ жойлаштирган, ана шу нафсдир...
Мавжудлиги – зарурат, истаклари – табиий, аммо таъқиб ва назорат қилиниши, тарбияланиши ва ёмон иллатлардан покланиши ҳам шарт.
Ислом дини нафснинг емоқ, ичмоқ, таносил, истироҳат каби шаръий истакларини ҳалол йўллар билан адо этишга буюради. Аммо ҳаддан ташқари ҳохишларга, ҳою-ҳавасларга қатъиян йўл қўймайди. Масалан, наслнинг давом этиши учун уйланишни ташвиқ этади, лекин никоҳ йўли билан, зино эмас. Шу зайлда нафснинг шаҳвоний ҳохишлари тўғри йўлга йўналтирилган бўлади.
Ислом бола-чақа қилмай доимо бўйдоқ яшашни, бичишни, роҳибона таркидунёчиликни рад этади. Шунингдек, саломатликнинг давомийлиги учун еб-ичишни буюради. Аммо ҳаромдан топишни, меъёридан ошиқ ейишни, вужудга зарар етказувчи моддалар ва ичкиликни таъқиқлайди. Шу билан бирга шаръий тарзда дам олишни тавсия этади. Лекин бошқаларга юк бўлишни, дангасаликни, кайфу сафога берилишни ман этади.
Нафснинг ички табиий инстинктлари, истаклари ҳадеб бажо этилаверса, нафс талтайиб, ҳакалак отиб кетади, уни тийиб, жиловлаб бўлмай қолади. Натижада у инсонни фалакоту ҳаромларга, зулму гуноҳларга етаклайди. Шунинг учун Қуръони карим нафсни айбу нуқсонлардан поклаб, интизом остига олишни буюради ва нафсини тарбиялай олмаганлар оқибатда мудҳиш пушаймонлик исканжасида қолишларини билдиради.
Шундай экан, ҳар бир шахс ўз нафсини тарбияламоғи зарур: халқ оммаси ҳам, зиёлилар ҳам, зоҳирий ва юзаки диний таҳсил олганлар ҳам бунга муҳтождир.
Кўпроқ давлат раҳбарияти, халққа хизмат қилувчилар нафс тарбиясига муҳтождирлар. Чунки уларнинг хомлиги, ахлоқсизлиги, эҳтирос ва инжиқликлари ўзларигагина эмас, балки бутун миллат ва умматга катта моддий ва маънавий зарар келтиради. Тарихдан маълумки, нафсига асир бўлган мана шунда лидерлар мамлакатнинг фалокат ботқоғига ботишига сабабчи бўлганлар.
Ҳозирги таълим-тарбия дастурларимиз ҳам “нафс тарбияси”дан анча йироқдир. Оқибати айн: минглаб муамолли, маънавий носоғлом, сохта дипломли, сифатсиз кадрлар сиёсатда, иқтисодда, халқни бошқаришда, ижтимоий ҳаётда турлит инқирозларга сабабчидирлар. Руҳият ва маънавиятдан маҳрум наслларнинг қандай қилиб инқирозга юз тутганлигини кўриб турибмиз. Ёшларимизнинг ўз диниё эътиқодларига қарши чиқишлари бунинг ёрқин мисолидир.
Миллий ривожланишни ва тараққий этишни истасак, моддиюнчи ва динсиз таълим низомидан воз кечиб, нафс тарбиясига эътиборни кучайтирмоқ: эътиқодли, зиёли, тарбияли, адабли, ҳол ва кўнгил аҳли бўлмин инсонларни тарбиялаб, вояга етказмоққа ғайрат қилайлик.

НАФС ВА ФАҲШ

Юқорида айтганимиздек , инсон ботинида “нафс” деган маънавий борлиқ мавжуд бўлиб, у инсоннинг ўз “мен”лигидир. Тарбия кўрмаган, паст савиядаги нафс ёмонликка мойил ва шаҳватга кўп раҳбатлидир: емоқ, ичмоқ, ухламоқ, айшу-ишрат қилмоқ, кайфу-сафога берилмоқ, бошқалар томонидан мақталмоқ, зўравонлик қилмоқ ва ҳоказоларни истайди. Жиддий иш – вазифалардан ўзини олиб қочадиган, бирон қонун-қоидани тан олмайдиган нафс эгасини асир қилиб, ўз орзу-истаклари кетидан судрайди.
Нафс мазкур иллатларга эгалигича қолса, кучайса, уни ислоҳ этиш, йўлга солиш қийин бўлади ва душмандан қутилмаган зарарлар нафсдан келаверади. Инсонни турли туман моддий ва маънавий хатарларга гирифтор қилади. Масалан, ароқхўр, қиморбоз, беҳай қилиб қўяди , кези келганда ўғирлик қилдиради, ҳатто одам ўлдиришга мажбур қилади, оила-рўзғорлани буздиради, бошқаларга зулм қилдиради, қамоққа тиқади ва охири мозорга етаклаб келади...
Нафсни ёшликданоқ тарбиялаш керак. Чунончи, ёш болага ҳар истаган нарсасини олиб бермаслик, уни айрим маҳрумиятларга кўниктириш керак. Бир оз ёши ўлғайгач, сиқилса, қийналса ҳам оз-оз қийин ишларга ўргатиш лозим. Балоғат ёшига етгач, аста-секин намозу рўзаларга кўниктирмоқ зарур. Эрта туришни, эркалик қилмасликка ўргатиш даркор. Акс ҳолда, кўнгли тусагани муҳайё этилаверса, боланинг нафсини тарбиялаш амримаҳол бўлиб қолади. Айтганини қилмасангиз, нашаванд сингари тутқаноғи тутади, ўзини у ёқдан бу ёққа уради, сўзингизга қулоқ солмайди.
Нафснинг ғалати бир хусусияти бор. Истаги қондирилганда таскин топиш ўрнига иштаҳаси янада очилиб, орзуларини кучайиб бораверади. Егани сайин очкўзлиги, ухлагани сайин дангасалиги ортиб, иш қилмай қўяди, пул топса ҳирси ҳам ошади, кўзини тупроқ тўлдиргунга қадар тўймайди.
Одобсизлик (фаҳш) бобида ҳам мазкур қонун-қоидалар амал қилади. Фаҳш – истаги қондирилганда қутуради, уйқудаги илон шаклидан етти бошли аждаҳо шаклига айланади. Ўсмирларни йўлдан адаштириб, қизларни уйдан чиқариб фоҳишага айлантиради, аилаларнинг тинчини бузади, жамиятларни тубанлаштиради, шаҳарларни ер билан яксон қилади, наслларни қуритади, қавмларнинг Аллоҳнинг қаҳрига учратиб, ҳалок қилади.
Ислом дини бу жиддий таҳликанинг олдини олмоқ учун аёлларга ўраниб ҳижобда юришни буюрган, аёл-эркакнинг бир жойда аралаш ўтиришларига ҳам рухсат бермаган, ҳаромга қарашни, номаҳрамларга тикилишни маън қилган, кўз ва қўл воситасида ҳам зино хавфи мумкинлигидан танбеҳ берган. Бирор эшикдан ичкарига қарашни, ҳатто деразадан кўз ташлашни, бегона уйга рухсатсиз киришни қатъий таъқиқлаган.
Ислом аёлларнинг иффат-номусини муҳофаза этишга, оила масаласига алоҳида эътибор беради. Оилани муқаддас деб билади, ҳатто рўзғор тебратиш учун қилинган сарф-ҳаражатларни жиҳод қилиш билан баробар деб ҳисоблайди. Аёлга жрига меҳр қўйиш, эркакка аёлнинг бахту саодати ва муҳофазаси учун, ҳар иккаласига ҳам бола-чақалари яхши, соғлом, ақлли, имонли, илмли қилиб тарбиялашлари учун жавобгарлик юклайди. Динимиз жамиятда фитна-фасод чиқмаслиги учун йигитларни барвақт уйлантиришни ташвиқ ва тавсия этади. Агар уйланиши кечиккан фарзандлар бир гуноҳ қилса, бу учун ота-она ҳам масъулдир, деб таъкидлайди.
Шундай экан, азиз биродарлар:

  1. Ўзингизни ва оилангизнинг нафс тарбиясига катта аҳамият беринг, иродаси бўш, ҳавойи нафс асири бўлиб қолманг.
  2. Фаҳш ва аҳлоқимизга зид бўлган нашрларга қарши тинимсиз курашинг, уларнинг хонадонингизга киришига йўл қўйманг, яқинларингизни ҳам бу мавзуда огоҳлантиринг.
  3. Аллоҳнинг буйруқларини, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларин ўрганинг, ўргатинг ва тадбиқ этинг.
  4. Имкони борича, болаларингизни вақтли уйлантиринг, турмушга беринг. Аллоҳнинг саломи, раҳмати ва баракотига сазовор бўлинг.

НАФС, АҚЛ ВА ИМОН

Бугунги кунда ХХ аср жамиятлари ҳиқиқий жоҳилият даврини бошдан кечирмоқда. Фан ва техниканинг юксак тараққиётига қарамай асримиз инсони умидсиз, изтиробли, ғамгин: урушлар, мустамлакачилик сиёсатлари, ваҳшийликлар, зулму-зўравонлик, фаҳшнинг кенг тарқалиши, жиноятларнинг кўплиги, ўз жонига қасд қилишлар, давосиз касалликлар... инсоният азалдан соғиниб келган ҳузур-ҳаловат, тенгли ва биродарлик, инсофу тавфиқ, раҳму шафқат, ўзаро муҳаббат қаерда, қачон ва қандай топилади?!
Ушбу саволларга жавоб излаш мақсадида атрофимиздаги кишиларнинг ҳаёт фалсафа асосларини, турмуш тарзларининг сабаб ва турткиларини ақл қозонида қайнатиб кўрсангиз, уларнинг уч асосий манбага таянганини кўрасиз: НАФС, АҚЛ ва ИМОН.
НАФС – инсоннинг ўзлигидир. Ўз нафсининг қули фақатгина ўз роҳати, тинчи, кайфу сафоси ва манфаатини ўйлайди. Шу боис бошқалар билан рақобатлашади, ўзига душман орттиради, зиддият қилади. бундай киши худбин, манфаатпараст бўлиб, асл масъулиятни ҳис қилмайди. Ўлчов ва чегара нималигини билмайди, билишни истамайди ҳам. Қилаётган ишининг оқибатидан бехабарлиги туфайли разолат ботқоғига ботади. Бундай кишилар дангаса, текинхўр, мағрур, худбин, “билағон”, тантиқ, ярамас, ҳасадгўй, жаҳлдор, кек сақловчи, золим, ғаддор, вафосиз, сабрсиз, қонхўр бўладилар. Нафсининг қули бўлган кишилардан инсоният ва жамиятга асло фойда етмайди. Чунки, ҳавойи нафсга эргашган киши, бенажот, икки дунёси ҳам харобдир.
АҚЛ – яхши бир восита, аммо усталик билан фойдаланишни талаб қилади. Барчамизда ҳам ақл бор, бироқ аксарият инсонларнинг ақли қисқа, заволли, ярим-япалоқдир. Чунончи, файласуфларни олайлик, минг хил дунёқараш, минглаб бир-бирига зид фалсафий оқимлар, мафкура, башарий тузумлар, адабиётлар, қонун-қоидалар... Одамлар ҳали-ҳануз инсониятга бахт берадиган одил тузум қура олмадилар. Башарий тузум тузиш – беҳуда сарсан-саргардонликка, нигилизмга, куфрга, умидсизликка ва телбаликка олиб боради.
ИМОН – агар инсон ақлининг маҳсули бўлган дин ёки эътиқодга таянса, унинг қадру қиймати йўқдир. Чунки одамизот ожиз, жоҳил, золим, қусурлидир, нафси амморанинг асридир. Бунинг устига инсон ақлида қўрқув, шубҳа ва балои шайтон бордир.
Имон фақат илоҳий асосга асослансангина қадру қийматга эга бўлади. Чунки Холиқи Зулжалол кенг марҳамат, чексиз илму ҳикмат, тенгсиз қудрат ва санъат эгасидир. Ҳар нарсанинг энг аълосини, энг тўғрисини ва энг гўзалини, албатта, У билади ва яратади.
Инсоният ҳақиқат ва нажотга эришмоқчи бўлса, нафс қўлида ўйинчоқ бўлишдан ўзини қутқариши, шаҳват ва ғурурдан кечиб, Буюк яратувчини топиши ва Унга таслим бўлиб, Унга итоат этмоғи зарур!!!
Ҳорғин инсоният ҳақиқий ҳузур-ҳаловатни, икки жаҳон саодатини, фақатгина ва фақатгина куфр-инкор йўлини, ғафлат ва қайсарликни ташлаб, ИСЛОМга кириб, соф имонга мушарраф бўлган тақдирдагина топади.
Бундан ўзга нажот йўли йўқлигини билганлар ХХ аср жоҳилларига бу ҳақиқатларни имконлари қадар тушунтиришлари керак. Агона чора ИСЛОМдир. Исломда инсоннинг покланиши ва ақлнинг тарбияси, иршоди учун кўплаб воситалар мавжуд.

НАФС ТАРБИЯСИНИНГ АҲАМИЯТИ

Шахснинг ҳаётда муваффақиятга эришолмаслигига, жамиятнинг ривожланишдан ортда қолишига асосий сабаб, таълим-тарбиянинг нуқсонлигидир.
Тўғри ва мукаммал таълим-тарбия олган шахслар ўзларини ҳам, жамиятни ҳам тараққиёт сари етаклайдилар. Шу шарт биланки, таълим мукаммал ва ижобий бўлиши керак. Йўқса. Инсонни чала домла динидан, чала ҳаким жонидан маҳрум қилиб қўйиши мумкин.
Шундай экан мукаммал таълим-тарбия нима ва у қандай бўлиши керак?
Яхши таълим тарбия шубҳасиз, инсоннинг жисми ва руҳиё дунёсига, охиратига фойдали, уни ҳар икки жаҳонда бахтусаодатли қиладиган, илм ва тажриба билан бир қаторда диёнат, билимдонлик, балоғат бахш этадиган, тўғри йўлга, эзгу ва маъқул ишларга ундайдиган таълим тарбиядир. Ақл илмга нақадар тўлиб-тошса ҳам қалб ва кўнгилни сира унутмаслик керак: инсон ўзидаги маънавий жиҳатларни – виждон ва нафсини тарбиялаши, эҳтиросларини бошқара олиши, хунук одатларини тарк этиши, мавжуд илмий ютуқларни инсоният фойдасига йўналтира оладиган зеҳниятга эга бўлиши зарур.
Маънавий қадру қиймати йўқ, бир ёқлама моддиюнчи таълим тарбия таъсиридаги инсонлар кўпинча тўғри йўлдан озадилар. Улардан кутилган эзгулик ва яхши натижани кўрмасиз. Чунончи, маслаги ватан ва халқни мудофаа қилмоқ бўлган бир зобит тарбиясининг бузуқлиги боис ватанга хиёнат этмоқда. Инсон соғлиғи йўлида жон куйдиришга қасам ичган бир ҳаким беморни сўриб-кемириб, жонини олмоқда, жиноят содир қилмоқда. Мамлакат манфаатларини ҳимоя қилиш учун тайинланган бир дипломат давлат сирларини бемалол сотиб емоқда. Порахўр ва фойдахўр бир раҳбар молу дунё эвазига ҳалқини империалистлар қўлига мустамлака қилиб бермоқда ва ҳоказо.
Демак, башариятга фидокорона хизмат қилишни, адолату фазилатни, одобу назокатни, раҳму шафқатни, меҳру муҳаббатни ўргатадиган бир таълим-тарбия биз учун сув ва ҳаводек зарурдир. Бу эса фақат имон ва нафс тарбияси билангина амалга ошади.

ИСЛОМДА НАФС ТАРБИЯСИ

Инсонни ер юзида ўзининг халифаси қилган, уни тоғу тошлар, еру кўклар қабул қилмаган омонатни кўтаришга лойиқ кўрган, еру кўкдаги бутун борлиқларни инсон фарзандига бўйсунирга ва уни яратиқларнинг энг гўзали, маҳлуқларнинг энг шарафлиси қилган Аллоҳу таолога ҳамду санолар бўлсин.
Унинг оламларга раҳмат ва инсонларга ўрнак қилиб юборган ҳабиби Абиди Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга ҳамда унга эргашганларга чексиз салоту саломлар бўлсин.
Мутасаввиф шоир Иброҳим Ҳаққий Арзирумий ўзининг машҳур “Маърифатнома” асарининг ибтидосида бундай дейди: “Ҳақ таоло икки жаҳонни Бани одам учун, Одамни эса ўзини танитиш ва билдириш учун яратган. Демак, олам ва Одамнинг яратилигидан энг олий мақсад ҳам, талаб ҳам, маърифати Мавло, яъни Аллоҳни билишдир”.
Инсониятнинг маърифатуллоҳга эришуви ҳаётининг бош ғоясидир. Инсон ҳидоятга эришмаса, энг тубан ва зарарли яратиқ бўлиб қолади. Чунончи, Қуръони каримда, ер юзида Аллоҳнинг халифаси сифатида инсон яратилажаги фаришталарга маълум қилинганида улар қандай жавоб берганлари келтирилади:
...У ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми?...” (Бақара сураси 30 оят).
Инсон фарзанди яратиқларнинг энг гўзали, энг шарафлиси қилиб яратилган, аммо тўғри таълим тарбия ва маърифатуллоҳдан маҳрум бўлгач, жаҳаннамга тушади. Инсоният тарихини кузатганимизда шуни кўрамизки, иршод бўлмаса одамизод маҳлуқларнинг энг тубанига айланади. Талон-торожу, урушларда бир-бирларини қириб битиради. Асрлардан бери кучли-кучсизни эзиб келган. Ҳийла ва мустамлака ҳукмрон бўлиб келган. Тирикчилик хавфи туфайли қзлар тириклайин тупроққа кўмилган. Хотин-қизлар хўрланган. Оврупада аёллар мерос олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлганлар, чунки, уларни шайтон санаганлар. Шунингдек, кўплаб ижтимойи ҳақлар ҳам уларга раво кўрилмаган. Қут-барака келтирсин деб мисрликлар ёш-ёш қизларни Нил дарёсига ташлаб, қурбонлик қилганлар. Ҳиндистонда ўлган жрига қўшиб хотинини ҳам тириклай ёқишган. Эскимо қавми кексаларни оқ айиқларга ем қилганлар. Ибн Фазлонинг саёҳатномасида айтилишича, қадимги Сибирда аёллар дин-эътиқод учун ароқ ичирилиб, фожиавий тарзда қурбон қилинар эканлар. Тарих саҳифалари ўз жонига қасд қилишлар ва қатлиомлар билан тўлиб-тошган.

НАФСНИНГ ТАБИИЙ ВА ТАБИИЙ БЎЛМАГАН (НОҚОНУНИЙ, НОХУШ) ХОҲИШЛАРИ

Исломда нафснинг баъзи истаклари табиий саналади. Ушбу истаклар ҳалол йўллар оорқали қониқтирилиши динимизнинг амридир:
Емоқ – ақл жиҳатидан ҳалол, табиийдир. Чорасиз қолган ва чўлда қолган бир инсон жонини сақлаб қолиш учун ҳаром ейиши мумкин.
Уйқу – инсондаги куч қувват тўплаш манбаи бўлиб, навбатдаги кунни тетик ўтказа олиши учун уйқу талаб этилади.
Оила қуриш – наслу насабнинг давом этиши, инсоннинг ҳузур-ҳаловатда турмуш кечириши учун тавсия этилган.
Нафснинг шундай орзу-истаклари борки, улар ғайри табиийдир. Уларга қарши курашиш Исломнинг асосий талабларидандир. Чунки бу ҳохиш истаклар инсонинг фитратидаги туйғуларни зарарли жиҳатларга йўналтиради. Инсонни тобора аслидан йироқлаштириб, йўлдан адаштиради. Масалан, инсоннинг “Фақат менга бўлсин, ҳамма нарса фақатгина менга бўлсин, бошқалар билан нима ишим бор? Мен ўлгандан кейин, менга деса ер юзини сув босмайдими?” қабиладаги худбинларча тушунчаси кибру ҳаво, хасислик, ҳасад, кин, нафрат ва ҳоказо шунга ўхшаш нафсоний шаҳватлар, шунингдек, танбаллик, кайфу сафога берилиш, ғафлат, ҳақиқатни менсимаслик, ҳаром еб, ҳаром янан каби иллатлар бунга мисолдир.
Мутасаввифларнинг айтишларича, инсон ҳаётида табиий бўлмаган ғайриқонуний орзу-ҳаваслар болалигидаёқ бошланар экан. Масалан, ейиш-ичиш орқали. Бунга “ботиний шаҳват” дейилади: бола ширинлик истайди, конфет, шоколад, хўрозқанд егиси келади, булар, албатта, ошқозоннинг, нафснинг истаги – шаҳватидир.
Ундан кейин ўсмирлик чоғига етгач, “фарж шаҳвати” босқичига қадам қўяди. Ислом ман этган гуноҳ ишларни қилгиси келади, бу даврда, айниқса, зинога кўп чалғийди. Вақти келиб бу босқичдан ҳам ўтади. Оила қуради. Бу гал дунё севгиси кўз олдидан кетмайди. Бунга “ҳуббу жаъи мол” – мол давлат тўплаш орзуси дейилади. “Болаларимнинг аҳволи нима кечаркин?”, “Бола чақани боқиш керак” сингари ўй-фикрлар миясини тарк этмайди. Бир оз вақт ўтгач, юошқа бир босқич – манманлик туйғуси – мансаб, мақом ҳирсин, яъни, “Ҳуббу жоҳ” авж олади. Кичик мансаблардан қониқмай қолади ва бу дафъа “ҳуббу риёсат” - юқори поғоналарга кўтаришни истайди. Ваҳоланки, юқорининг энг юқориси, энг олий мақом Аллоҳга хос эканлигини билмайди. Ким нафсини ана шу ҳирс иллатидан қутқара олса, унга жаннат муборак бўлсин.
Албатта, инсон ўз нафисни тарбиялай олади, тарихда бунга далиллар кўп.
Нафс “аммора”да, яъни инсонни гуноҳ ишларга буюрувчи биринчи босқичда экан, Қуръони карим оятларида биз учун кўрсатилган васфлар билан сифатланиб, кейинги босқичга ўтади ва худди шундай бошқа мақомларга қадар боради. Ундан кейин “лаввома” босқичига ўтади, яъни ўз хато-ю камчиликларини англай бошлаб, ўзини танқид этиш жараёнига ўтади. Бунга нафси “лаввома” дейилади. Аста-секин “мулҳима”га ўтади: маънавий дунёнинг баъзи гўзалликларини сезиб, Аллоҳдан баъзи илҳомлар ола бошлайди. Бу жараён нафси мулҳима дейилади. Секин-аста “мутмаинна”га, яъни, таскин топган нафсга айланади.
...Эй хотиржам-сокин жон, сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт! Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига киргин, Ва Менинг жаннатимга киргин!» (Фажр сураси 27-30 оятлар) деб Аллоҳ таоло унга илтифот этяпти. Парвардигори жаннатига таклиф қилажаги учун “розия”, “марзийя” – Парвардигорининг берган неъматларига рози, хушнуд, мамнун. Унинг ҳар ишини яхшилик деб билади:

Хўшдир менга Сендан келган,
Ё ғунча гул, ёхуд тикан.
Ё хилъату ёхуд кафан,
Лутфинг-да хўш, қаҳринг-да хўш,
Мавло кўрайлик найлар,
Найларса гўзал айлар! –

сингари туйғулар кўнглини фатҳ этади. “Марзийя” – Аллоҳ томонидан севилган бир инсонга айтилади. Бундан юқориси эса пайғамбарларнинг даражаси бўлган нафси “софийя” дир. Ушбу босқичлар турли сабаб ва усуллар орқали мўминларга неъмат сифатида тақдим этилган.


НАФСНИ ИСЛОҲ ЭТИШ ЙЎЛЛАРИ

Нафсни ислоҳ этиш – покланишнинг ягона чораси Ислом дини буюрган амалларга тўла-тўкис амал қилишдир. Жамладан, намоз – бир инсонни кунда беш вақт тозалайдиган, ҳам ботини, ҳам зоҳирила ифлослик қолдирмайдиган, инсонга доимо Парвардигорининг бандаси эканини эслатиб турадиган ибодатдир.
Рўза иродани чиниқтирувчи, нафсоний шаҳватларнинг пайини қирқувчи ибодат бўлиб, айниқса, ёшларга пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан тавсия этилган.
Закот ўзаро раҳмдиллик, ҳамжиҳатлик, биродарлик туйғуларини кучайтирувчи, назарий эмас, балки, амалий ибодат туридир.
Ҳаж жаҳоншумул мусулмон биродаролигини сақловчи ибодат туридир.
Жаониби Ҳақнинг розилигини топиш йўлларидан яна бири “қурби навофил”, яъни банда фарз қилинган ибодатларни бажаргани сайин Аллоҳнинг муҳаббатини қозонади. Бунинг устига нафл ибодатлар орқали покланиб, юксак маънавиятга эришади. Аллоҳ уни нафл иболдатлари туфайли юксак мартабаларга ноил этади.
Бандаларга хабар бериш, уларни огоҳлантириш, мужда-хабар бериш ва қўрқитиш Қуръони каримнинг усулидир. Қуръон бандани жаннат билан муждалайди, жаҳаннам билан қўрқитади ва хавф, ражо – қўрқув, умид орасида ушлаб туради...
Мутасаввифларнинг айтишларича: “Банда қўрқув ва умид орасидаги икки арслон ўртасидаги тулкидек бўлиши керак”. Хавф ва ражо Қуръони карим нафс тарбияси учун дастур қилган усулдир. Ўзликни таниш ва янгилаш йўлидир. “Ким нафсини таниса, билса, Парвардигорини ҳам танийди, билади”. Бу ҳадисни изоҳлаш учун жилд-жилд китоб ёзиш керак. Ўз фитратидаги камолотни кўрганкиши албатта яратувчисини топади. Ўзининг ожизлигини тан олган банда Қодири Мутлақни ҳам мушоҳада этади.
Инсон ўзини ҳам ботинан, ҳам зоҳиран назорат қилиши ва тузатиши динимиз амридир.
Осмонлар ва ернинг яралишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиниб туришида ақл эгалари учун (бир яратувчи ва бошқариб тургувчи зот мавжуд эканлигига) оят-аломатлар борлиги шубҳасиздир” (Оли Имрон сураси 190 оят).

ЎЛИМНИ ЎЙЛАШНИНГ ФОЙДАЛАРИ

Жаҳаннамга тушишни истамасанг нафсингга айтгинки:

"Эй нафс, ўлим ҳақ, қабр ҳақ, қайта тирилиш ҳақ, ҳисоб-китоб ҳақ, мезон ҳақ, жаннат ва жаҳаннам ҳақ. Буларнинг ҳақ эканлигига ҳеч қандай шубҳанг бўлмаса, нима учун дунёда жаннатга тушиш учун ҳаракат қилмайсан? Нимага жаҳаннамдан сақланишга ғайрат қилмайсан? Кўз билан кўрмаганинг учун ғафлатни танладингми? Ақлингни йиғ, қўққисдан бу ҳаёт тугаб қолса, бу фурсат қўлдан кетса нима қиласан? Тезда тадоригингни кўр: ислоҳ бўл! Жаҳаннамдан қутилиб жаннатга тушадиган Аллоҳнинг суюкли бандаси бўлишга интил!
Ўлимни эслаш инснни қайта тирилтиради.
Ўлимни эслаш инсонни поклайди.
Ўлимни эслаш қалбин нурлантиради.
Ўлимни эслан нафсни ислоҳ этади – тузатади.
Ўлимни эслаш инсонга савоб бахш этади.
Ўлимни эсламаслик инсонни ҳалокатга элтади.
Ўлимни эсламаслик инсонга завқу сафо бермайди, балки азоб-уқубат беради.
Шунинг учун ўлимни ҳеч ҳам унутманглар, уни доим эсланглар.

Маҳмуд Асъад ЖЎШОН

AttachmentSize
5888.jpg22.06 KB