Skip to Content

Najot kemasidan qolib ketmang

Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ. Ва баъд.

Биринчи қисса:

У маҳзун ва ғамгин ҳолда ҳузуримга кириб ўтирди, сўнг деди:

– Эй шайх, ғурбатдан зерикдим...

– Илоҳим, тезроқ аҳли оилангиз ва диёрингизга қайтиш насиб бўлсин...

Юраги тўлиб турган экан, йиғлаб юборди, сўнг хўрсиниб деди:

– Аллоҳга қасамки, эй шайх, уларни қанчалар соғинганимни, улар ҳам мени нақадар соғинишганини билсангиз эди. Ишонасизми, онам 400 милдан ортиқ йўл босиб, фалон валийнинг қабрига фақат мени соғ-саломат қайтаришини сўраб дуо қилиш учун борибдилар... У зот дуоси мустажоб бўлган муборак зотлардан... Мусибатларни аритади. Дуо қилувчиларнинг дуосини эшитади. Ҳатто вафотидан кейин ҳам!

Иккинчи қисса:

Буни устозимиз аллома Абдуллоҳ ибн Жибрийн айтиб бергандилар:

Арафотда эдим. Одамлар эҳромга ўралган ҳолда қўлларини ягона Подшоҳ ва ҳамманинг ҳолидан хабардор Зотга кўтариб, йиғи-сиғи билан дуога машғул эдилар..

Ана шундай хушуъ ва хузуъ билан самодан раҳмат тилаб қилинаётган дуолар ичида бирдан диққатимни бир овоз ўзига тортди. Ўгирилиб қарасам, ёши бир жойга бориб қолган бир мўйсафид ҳўнграб йиғлаган кўйи: «Эй фалончи пирим! Мендан мусибатимни аритишинизни сўрайман.. Менга шафоатчи бўлинг.. Ўзингиз менга раҳм қилинг», деб такрорларди. Юрагим зириллаб, вужудимга титроқ югурди. Унга яқинлашиб: «Отахон, Аллоҳдан қўрқинг! Қандай қилиб Аллоҳдан ўзгага дуо қиласиз?! Ҳожатларингизни Аллоҳдан бошқасидан сўрайсиз?! Ғийлоний ҳам бир банда.. У сизни эшитмайди, дуоларингизни ижобат қилишга қодир эмас.. Дуолар ижобат қилинадиган ўринда турибсиз, ягона ва шериксиз Аллоҳнинг ўзидан сўраб қўя қолинг!», дедим.

У менга қараб қовоғини уйганича: «Йўлингдан қолма, эй, чол! Сен фалончи пиримнинг Аллоҳ наздидаги қадр-қимматларини қаердан ҳам билардинг! Иймоним комилки, у зоти бобаракотнинг изнларисиз осмондан бир томчи ёмғир ҳам ёғмайди, ердан бир гиёҳ ҳам унмайди!!», деб жеркиб берди.

«Астағфируллоҳ! Аллоҳга нима иш қолади унда?!», дедим мен.

У менинг шу гапимдан сўнг шартта ўгирилиб, нари кетди..

Учинчи... Тўртинчи... Бешинчи...

Бундай воқеаларни санаб, адоғига етиш осон бўлмаса керак..

Субҳаналлоҳ.. Ҳақиқий ҳожаларидан бошқага илтижо қилаётганлар, ҳожатларини ўликлардан талаб қилаётганлар, ғамларини жонсиз жасадларга, чириган суякларга арз қилиб йиғлаётганлар.. У бечоралар Аллоҳдан нақадар узоқлашиб кетишган.. Аллоҳки, ягона ҳақиқий Подшоҳ.. Аллоҳки, ҳомиланинг яралиш жараёнларини-да билади.. Аллоҳки, мусибатга йўлиққанларнинг дуоларини эшитиб туради.. Аллоҳки, бандалари Ундан бошқага дуо қилишларига асло рози бўлмайди..

Йиғламоқчи бўлсангиз, умматнинг ҳолига йиғланг. Мусулмон ўлкаларига бир назар солинг, саноқсиз мозорлар-у сағаналарни, қабрлар узра кўкка бўй чўзган қуббаларни мусибатдорларнинг нажотгоҳига, қайғуга ботганларнинг бош уриб борадиган илтижогоҳига айланганини кўрасиз.. Болалар шу билан улғаймоқдалар, катталар шу билан қартаймоқдалар.

Қуйидаги сўзларимиз, дилдан отилган ҳайқириқ ва нидоларимиз, даъват ва чақириқларимиз улар учун. Жаҳолат ва ширк гирдобига ғарқ бўлиб бораётган эркагу аёлга, каттаю кичик ва ёшу қарига. Нажот кемасидан қолиб кетиб, мушрик ҳолда дунёдан ўтиб кетаётган, ўзларини эса мусулмон санаб юрган кишиларга қаратилган. У тавҳид кемасидир. Худди Нуҳ алайҳиссалом кемасидек... Унга минган одам нажот топади, қолиб кетган ҳалок бўлади..

Ислом диёрларида кўриб турибмиз.. Қанча-қанча ёру-дўстлар, қариндошлар, қўни-қўшнилар, таниш-билишлар дунё ҳаётида адашиб юрибдилар.. Шу ҳолларида ўзларини яхши иш қилиб юрган ҳисоблайдилар.

Ушбу китобча уларнинг ҳаммаси учун ягона ва шериксиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват ўлароқ ёзилди.

Доктор Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Арифий

Ақида ва замонавий мазҳаблар соҳасида фан доктори

Талотўп дунё

Дунё мушриклар билан тўлганди.. Бирови бутга сиғинар, бошқаси қабрга илтижо қилар, яна кимдир инсонни ўзига илоҳ тутган, яна бириси дарахтни улуғларди..

Роббилари уларга боқиб, ажами-ю, арабига ғазаб қилди.. Фақат аҳли китоблардан сақланиб қолган бир мунча тавҳид аҳлигина бундан қутулиб қолди..

Йўл йўқотган мазкур кишилар ичида араб саййидларидан бир саййид ҳам бор эди. Унинг исми Амр ибн Жамуҳ эди.

Унинг Маноф отлиқ бир бути бор бўлиб, унга сиғинар, бош эгиб, сажда қиларди.

Маноф унинг мусибатлар пайтида топинадиган, ҳожатларини сўраб ялинадиган илоҳи эди.

Манофни у ўзи ёғочдан ясаб олган эди.. Бироқ, Маноф у учун аҳли-оиласидан ҳам, мол-давлатидан ҳам суюмлироқ эди..

Уни ҳаддан ортиқ улуғлар ва таъзим бажо келтирарди.. Зийнатларга ўраб қўйган, энг олий хушбўйликлар ва либосларга буркаб қўйганди.

Дунёга келганидан тортиб шу алфозда яшаган, ёши ҳам олтмишдан ўтиб қолганди..

Маккада Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбар қилиб юборилганларидан сўнг у зот Мусъаб ибн Умайр розияллоҳу анҳуни Мадина аҳлига даъватчи ва муаллим қилиб юборганларида Амр ибн Жамуҳнинг уч ўғли оналари билан бирга Исломни қабул қилдилар. Отанинг эса бундан хабари йўқ эди.

Ўғиллар оталари ҳузурига келиб, унга мазкур даъватчи ва муаллим ҳақида сўзлаб бердилар, унга Қуръон ўқиб бердилар, сўнг: «Отажон, кўпчилик унга эргашмоқда, сиз ҳам эргашсангиз қандай бўларкин?!», дедилар.

У: «То Маноф билан кенгашиб, унинг фикрини олмагунимча бундай қилмайман», деб жавоб берди.

Сўнг у Маноф олдига келди. Одатда, бут-санамлари билан гаплашмоқчи бўлсалар, унинг ортига бир кампирни қўйишар, бут ўзи айтмоқчи бўлган гапини унга илҳом қилади ва у унинг гапини бизга етказади деб ишонишарди..

Амр оқсоқланганича бутининг олдига борди – унинг бир оёғи калтароқ эди – ва соғ оёғини тик тутиб, Манофга таъзим ва эҳтиром бажо келтириб турди, унга ҳамду санолар ёғдирганидан кейин мақсадга кўчди: «Эй Маноф! Шубҳа йўқки, сен шаҳримизга келган бу одамнинг хабарини яхши биласан.. У сендан бошқа ҳеч кимга бирон ёмонлик истамаяпти.. Фақат сенга сиғинишдан бизни ман қилмоқда.. Нима дейсан, маслаҳат бер, эй Маноф..». Бут жавоб қайтармади. Яна қайта сўзлади.. Яна бир оғиз жавоб бўлмади.

«Ғазабинг келди шекилли.. Майли, то ғазабинг босилгунича мен бир неча кун бу ҳақда оғиз очмайман».. Шундай дея Амр бутидан узоқлашди.

Тун қоронғулиги чўккач, ўғиллари Маноф олдига келишди.. Уни кўтариб олиб чиқиб, ахлатхонага улоқтиришди.

Тонг отгач, Амр бутига салом бергани кириб, уни ўрнида топмади ва бор овози билан: «Эвоҳ! Кимдир тунда бутимизга тажовуз қилибди! Қай бирингиз қилди бу ишни?!», деб ўкирди. Ўғиллари индамай туравердилар...

Безовта бўлиб, асабийлашган ҳолда уйларни бирма-бир қараб чиқди. Сўнг ташқарига чиқди ва бутни ахлатхонада оёғи осмондан бўлиб ётган ҳолда топди. Уни ахлатлар орасидан чиқариб олиб, хушбўйликлар суртиб, ўрнига олиб кириб қўйди. Сўнг унга қараб: «Эй Маноф, бу ишни ким қилганини билсам, уни жуда ёмон қиламан», деди..

Иккинчи кеча ҳам ўғиллари бутни олиб чиқиб, кечаги жойга улоқтиришди..

Қария тонг пайти бутини яна ўрнида топмади.. Ғазабланиб, бақириб-чақириб, уни ҳалиги ахлатхонадан чиқариб, ювиб-тозалаб, хушбўйлантириб, ўрнига олиб кириб қўйди..

Бир неча кунгача шу аҳвол такрорланди, ҳар кеча болалари бутни олиб чиқиб, улоқтиришар, ота шўрлик тонгда туриб, уни ўз ўрнига қайтарарди..

Охири тоқати тоқ бўлган Амр уйқуга ётишдан олдин Маноф ҳузурига келиб: «Шўринг қурсин, эй Маноф! Эчки ҳам ўзининг кетини ҳимоя қилади ахир!» деб хитоб қилди ва бутнинг бўйнига бир қилични осиб: «Душманингдан ўзингни ҳимоя қилиб ол!», деб чиқиб кетди.

Тунда йигитлар келиб, бутни олиб чиқдилар ва ўлган итнинг жасадига қўшиб боғлаб, ахлатхонага улоқтирдилар.

Тонг отгач, қария Манофни қидириб чиқиб, шу аҳволда топди. Унга хитобан: «Бошига тулкилар бавл қилиб кетган худони кўринг.. Тулкиларнинг сийдигига булғанган худонинг боридан йўғи яхши» деган мазмунда шеър ўқиди..

Сўнг Аллоҳнинг динига кирди. Дин майдонларида солиҳлар билан мусобақалашадиган даражага етди..

Қаранг.. Мусулмонлар Бадр жангига чиққанларида ўғиллари уни кексайиб қолгани ва оёғи соғ бўлмагани учун жангга чиқишдан тўсдилар. Шунда у қандай қилиб бўлмасин, урушга чиқмоқчи бўлганида ўғиллари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилдилар ва у зотнинг амрлари билан Амр Мадинада қолди.

Уҳуд жанги бўлганида Амр яна жиҳодга чиқишга отланди, ўғиллари яна уни ман қилдилар. Шунда у кўзида ёш билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига борди ва: «Ё Расулуллоҳ, ўғилларим мени сиз билан жангга чиқишдан тўсмоқчи бўлишаяпти», деб шикоят қилди.

«Аллоҳ сизни маъзур санаган», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

«Бироқ, ё Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, мен шу оқсоқ оёқларим билан жаннатга қадам қўйишни истайман», деди у. 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга жангга чиқишга изн бердилар.

У қуролини қўлга оларкан: «Эй Парвардигор, менга шаҳидликни насиб этгин ва мени аҳлимга қайтармагин», деб дуо қилди..

Жанг майдонига етиб боришгач ва уруш бошлангач, Амр бутпарастларга қарши паҳлавонларча олишди ва шу куни шаҳидликка эришди.

Амр розияллоҳу анҳу шаҳидлар билан бирга дафн этилди ва Аллоҳнинг инъомига сазовор зотлар қаторидан ўрин олди..

Орадан қирқ олти йил ўтгач, Муовия розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида Уҳуд шаҳидлари дафн этилган мақбарага кучли сел келиб, қабрларни сув босди.

Мусулмонлар шаҳидларнинг жуссаларини кўчиришга шошилдилар.. Амр ибн Жамуҳнинг қабрини очишганида уни худди ухлаб ётгандек ҳолда, жасади юмшоқ, оёқ-қўллари букиладиган ҳолда топдилар. Ер унинг жасадидан бирор жойини ҳам емаган эди..

Ўйлаб кўринг, ҳақ аниқ бўлганидан сўнг унга қайтгани боис Аллоҳ таоло унинг хотимасини чиройли қилди.

Қаранг, ҳали охират бўлмасидан шу дунёнинг ўзида ҳам Аллоҳ таоло унинг кароматини изҳор қилди.. Сабаби, у «Ла илаҳа иллаллоҳ»ни ҳаётида исботлаган эди.. Зеро, бу калима самовоту ер у сабабли барпо бўлиб турган, Аллоҳ таоло барча махлуқотни у билан табиатлантирган ва банданинг жаннатга киришига сабаб бўлувчи калимадир.. Жаннату дўзах у сабабли яратилган.. Халқлар у билан мўмину кофирга, яхши ва ёмонга ажралганлар.

Банда Аллоҳ ҳузурида то иккита саволга, яъни кимга ибодат қилардин ва пайғамбарларимга нима деб жавоб қилгансан, деган саволларга жавоб бермасидан туриб, қадамлари силжимайди.

*****

Нажот кемаси

Қанча инсонлар тавҳидни рўёбга чиқармагани сабабли ҳалок бўлувчилар билан бирга ҳалок бўлиб кетдилар, то қиёмат кунигача лаънатга сазовор бўлдилар.

Аллоҳ ягона Парвардигордир. Банда фақат Унга таваккул қилмоғи, ёлғиз Ундан умид қилмоғи лозим.. Ундангина қўрқмоғи, фақат Унинг исми билан қасам ичмоғи, Унгагина назр қилмоғи, Унгагина тавба қилмоғи зарур..

«Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик бериш фақат шу билан амалга ошади.. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ушбу шаҳодат калимасига ҳаққи-рост гувоҳлик берган бандага дўзахни ҳаром қилган.

Бир куни Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларида бораркан, у зот бирдан унга ўгирилиб, сўраб қолдилар:

- Эй Муоз, Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи ва бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳаққини биласизми?

- Аллоҳ ва Расули билувчироқ, - деб жавоб бердилар Муоз.

- Аллоҳнинг бандалар устидаги ҳаққи Унинг Ўзигагина ибодат қилишлари ва бирон нарсани унга шерик қилмасликлари. Бандаларнинг Аллоҳ устидаги ҳаққи Унга бирон нарсани шерик қилмаган бандасини азобламаслиги, - дедилар (Муттафақун алайҳ).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши: «Ё Расулуллоҳ, қай бир гуноҳ Аллоҳ наздида энг катта гуноҳ ҳисобланади?» деб сўради. «Аллоҳга бошқа бировни тенг  билиб ибодат қилишинг, ваҳоланки У сени яратган», дедилар (Муттафақун алайҳ).

*****

Ҳа.. Аллоҳ таоло пайғамбарларни шу тавҳид туфайли юборган. Аллоҳ таоло айтади: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва тоғутдан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз» (Наҳл: 36). Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган ҳар бир нарса, у бут-санам ё тош бўлсин, қабр ё дарахт бўлсин, ҳаммаси тоғутдир.

Аллоҳ таоло айтганидек, тавҳид пайғамбарларнинг энг биринчи вазифалари эди: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Биз сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқинг-чи, Биз Раҳмондан (яъни Ўзимдан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилганмиканмиз?! (Йўқ, барча пайғамбарлар ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этгандирлар!)» (Зухруф 45).

Аслида, халқлар ҳам фақат ягона Аллоҳга ибодат қилиш учунгина яратилганлар: «Мен жин ва инсни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Ваз-зарият: 56).

Амалларнинг қабул бўлиши ёлғиз тавҳидга боғлиқ: «Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Анъом: 88).

Тавҳидни рўёбга чиқарган кишигина нажот топади. Имом Термизий ривоят қилган саҳиҳ ҳадиси қудсийда келганидек: «Аллоҳ таоло деди: «Эй Одам боласи, агар сен ҳузуримга ер юзини қоплайдиган гуноҳлар билан келсанг ва Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда рўбарў бўлсанг, мен сени ер юзини қоплайдиган мағфират билан қарши оламан!»».

Тавҳид масаласи ғоят буюк иш бўлганидан пайғамбарлар ҳам уни бой бериб қўйишдан доим хавф қилганлар.

Муваҳҳидлар отаси, бутларни парчалаб ташлаган, Байтул Ҳаромни қурган зот – Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолога ёлвориб: «Мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ қилгин» (Иброҳим: 35), деб дуо қилганлар. У зотки, шундай деб турган бўлсалар, бошқаларга хотиржамликка йўл бўлсин!

*****

Йўлдан озишнинг бошланиши

Илк бор ширк Нуҳ алайҳиссаломнинг қавмида бошланган эди.

Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди.. У уларни ширкдан қайтарди.. Унга итоат қилган ва тавҳид йўлини тутганлар нажот топдилар..

Ширкида қолганларни Аллоҳ таоло тўфон балоси билан ҳалок қилди.

Нуҳ замонларидан кейин одамлар анча вақтлар тавҳид узра қолдилар.

Кейинчалик Иблис бузғунчилик бошлади.. Бандалар орасида ширкни ёйди.. 

Аллоҳ таоло хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб пайғамбарлар юбориб турди..

Охири У сўнгги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборди.

У зот тавҳидга чақирдилар, мушрикларга қарши жиҳод қилдилар, бутларни вайрон қилдилар..

Уммат у зотдан кейин тавҳид устида давом этиб келди..

Кейин бориб-бориб умматнинг бир қисмига авлиёлар ва солиҳларни улуғлашлари ортидан ширк кириб келди..

Ҳатто, азиз-авлиёлар қабрлари устида сағаналар бинога келди.. Дуо-илтижолар, мадад сўрашлар уларга қаратиладиган, қурбонлик ва назрлар уларга аталадиган бўлди.

Ушбу ширкларини солиҳларга муҳаббат ва уларнинг шафоатларига эришиш деб атадилар.. Уларга муҳаббат қўйиш ва қабрларини улуғлаш бизни Аллоҳга яқинлаштиради, деб даъво қилишди..

 Аввалги мушрикларнинг даъволари ҳам айни шу бўлганини унутишди.. Чунки, улар ҳам ўз бутлари ҳақида: «Биз (ўша «худо»ларимизга) фақат улар бизни Аллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», дейишарди (Зумар: 3).

Қизиғи, агар уларга қилаётган бу ишларингиз ширк, деб айтсангиз: «Йўқ, биз тавҳид аҳлимиз, Раббимизга ибодат қиламиз», дейишади..

Уларнинг даъвосича, тавҳиднинг маъноси Аллоҳнинг борлигига ва Унинг бошқалардан кўра ибодатга лойиқроқ эканига иқрор бўлишдир..

Бу эса ноқис тушунчадир.. Балки, умуман тавҳид ҳақидаги ботил тушунчадир.

 Йўқса, Абу Жаҳл ва Абу Лаҳаблар ҳам айни тушунчага кўра, муваҳҳид саналиши керак бўлади.. Чунки, улар ҳам Аллоҳ ибодатга лойиқ энг улуғ илоҳ деб ишонишарди.. Бироқ, шу билан бирга бошқа олиҳаларни Унга шерик қилишар ва уларни Унга етказувчи ва Унинг ҳузурида ўзлари учун шафоатчи деб гумон қилишарди.

Ҳикоят

Байҳақий ва бошқалар ривоят қиладилар:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам одамлар орасида ўз даъватларини ошкор қилганларида Қурайш кофирлари одамларни у зотдан бездиришга уриндилар, у кишини сеҳргар, фолбин, мажнун деб атадилар.

Лекин, кўрдиларки, у зотга эргашганлар кундан кунга кўпайиб бормоқда.

Шундан сўнг у зотни мол-дунё билан ўзларига оғдиришга иттифоқ қилишди.

Улуғларидан бирини – Ҳусойн ибн Мунзир ал-Хузоъийни у зот ҳузурларига юборишди.

Ҳусойн келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга деди: «Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз бизнинг жамоатимизни бузиб ташладингиз, бирлигимизга путур етказдингиз, у қилдингиз, бу қилдингиз... Агар сизга мол керак бўлса, мол-дунё йиғиб берайлик, ичимизда энг бойимиз бўлинг.. Агар хотинларни истасангиз, энг чиройли аёлларга уйлантириб қўяйлик.. Агар подшоҳлик истасангиз, сизни ўзимизга подшоҳ қилиб кўтарайлик..». У шу каби гаплар билан у зотни ўзларига оғдиришга роса ҳаракат қилди.. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жим қулоқ солиб ўтирдилар..

У гапини тугатгач: – Гапириб бўлдингизми, эй Абу Имрон?, – дедилар.

У: – Ҳа, – дегач, – Унда менинг биттагина саволимга жавоб беринг, – дедилар.

– Майли, сўранг, – деди Ҳусойн.

– Эй Абу Имрон, сиз нечта илоҳга сиғинасиз?, – деб сўрадилар.

– Еттита илоҳга, олтитаси ерда, биттаси осмонда, – деб жавоб берди у.

– Агар мол-ҳолга ҳалокат етса, қай бирига дуо-илтижо қиласиз?

        Осмондагисига илтижо қиламан.

        Қаҳатчилик етса, қай бирига дуо қиласиз?

        Осмондагисига дуо қиламан.

        Аҳли-аёлга очарчилик етса, қай бирига дуо қиласиз?

        Осмондагисига дуо қиламан.

        Ёлғиз Унинг Ўзи дуоларингизга ижобат қиладими ё бошқалари ҳам ижобат қилишга қодирми?

        Йўқ, ёлғиз Ўзи ижобат қилади.

        Дуоларингизни ёлғиз Унинг Ўзи ижобат қилса, фақат Угина сизга инъом қилса-ю, шукрда уларни шерик қилсангиз.. Ё у олиҳалар Унинг устидан зўрлик қилиб кетишадими?

        Йўқ, улар бунга қодир бўлишмайди.

        Ундай бўлса, эй Ҳусойн, Исломни қабул қилинг.. Мен сизга бир неча сўзларни ўргатаман, улар билан Аллоҳ сизга ёрдам беради..

Ривоятда айтилишича, у Исломни қабул қилган ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга дуолар ўргатган эканлар.

Доктор Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал-Арифий
Араб тилидан Муҳаммад Исмоил таржимаси