Сувайд ибн Қафладан ривоят қилинади:
“Ҳазрати Али, розияллоҳу анҳу, маълум бир пайт моддий жиҳатдан анча қийин аҳволга тушиб қолди. Шунда Фотимадан:
— Отанг ҳузурларига бориб, озроқ ёрдам сўрасанг бўлармиди, — дея уни Жаноби Пайғамбаримизнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ёнларига жўнатди.
Фотима эшик тақиллатганида Умму Айман онамиз Расули акрамнинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ёнларида эди.
— Бу Фотиманинг эшик тақиллатишига ўхшайди. Бемаҳалда нимага келди экан? — дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам.
Фотима ичкари кирди ва:
— Ё Расулаллоҳ, фаришталарнинг озиғи: “Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ” дейиш, Аллоҳга ҳамд ва тасбеҳ айтишдир. Бизнинг озиғимиз нима? — деб сўради.
Пайғамбаримиз, соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— Мени ҳақ пайғамбар қилиб юборган Аллоҳга қасамки, бир ойдан бери Муҳаммаднинг уйида овқат пишириш учун олов ёқилгани йўқ. Бизга бир нечта эчки келтиришибди. Хоҳласанг, бештасини сизларга беришни буюраман. Хоҳласанг, Жаброил, алайҳиссалом, менга ўргатган калималарни ўргатаман, — дея марҳамат қилдилар.
Шунда Фотима, розияллоҳу анҳо:
— Ё Расулаллоҳ, менга Жаброил, алайҳиссалом, Сизга айтган ўша калималарни ўргатинг, — деди.
Расули акрам, соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
— “Ей ибтидоси ва интиҳоси йўқ танҳо Зот! Эй куч-қудрат эгаси Аллоҳ, эй марҳаматлиларнинг энг марҳаматлиси Аллоҳим”, дегин, — дедилар.
Шундан сўнг Фотима, розияллоҳу анҳо, уйларига қайтиб келди.
— Нима гап? — сўради Али, розияллоҳу анҳу.
— Дунё истаб чиққан эдим, охират неъматини олиб келдим.
Али, розияллоҳу анҳу, бу гапдан ғоят таъсирланиб:
— Бугун сен учун энг хайрли ва баракотли кун бўлибди, — дедилар”.