Бобом раҳматлининг ибрат олса арзийдиган жиҳатлари, мўминга хос хислатлари бисёр эди. Айниқса, ҳамма нарсанинг уволи бор, исрофдан сақланиш керак, деб кўп айтардилар. Ариқдан оқиб келган нон бурдаларини четга олиб қўярканлар, бошларини афсус билан чайқардилар. Сувда мағзава, турли чиқиндилар оқиб келса, бизга кўрсатиб насиҳат қилардилар: “Сувни ифлос қилган, ножоиз нарсаларни ташлаган одам кўр бўлади, ҳамма нарсани ўз жойига қўйишга ўрганинглар”. Биз болалар кўр бўлиб қолишдан қўрқиб, ариқни ифлослантирмасликка ҳаракат қилардик.