1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ё аҳмоқсан ёки мунофиқ

Бир кун Искандар Зулқарнайн маслаҳатчисига деди:
— Шу пайтгача сенга қанчадан-қанча инъом-эҳсонлар бердим. Аммо менга чин дилдан, садоқат билан хизмат қилганингни кўрмадим.

Довдираб қолган маслаҳатчи:
— Авф этасиз, ҳукмдорим, айбим нимада? — деб сўради.
— Бир марта бўлса ҳамки, камчилигимни юзимга айтмадинг. Бу қандай садоқат, бу қандай яқинлик?
— Ҳукмдорим, сизда ҳеч бир камчилик йўқ...
— Йўқ, янглишасан! Менда камчилик борлиги аниқ. Чунки инсон айбсиз-нуқсонсиз бўлмайди. Агар сен менда қандайдир хато-камчилик кўрмаётган бўлсанг, ғирт аҳмоқсан. Мабодо кўра туриб, айтмаётган бўлсанг — мунофиқсан.

Юсуф Товаслийнинг
"Ҳикматлар хазинаси" китобидан