1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Мақолалар

Нафл рўзалар ҳақида

Савол: Нафл рўзани узрсиз очиб юборса бўладими?
Жавоб: Рўзани очишни мубоҳ қилувчи узрлар топилмасдан туриб, нафл рўзани очиб юбориш ҳалол бўлмайди. Агар узр билан ёки узрсиз очиб юборса, қазосини тутиб бериш вожиб бўлади.
«Розий раҳматуллоҳи алайҳ имомларимиз тарафидан зикр қилиб: «Нафл рўзани узрсиз очиб юбориш ҳалол бўлмайди», деган» («Фатавои Ҳиндия»).
«Нафл намозга ёки нафл рўзага киришган одам сўнг уни қасддан бузса, қазосини тутиб беради» («Шарҳи Ҳидоя»).

Савол: Рамазондан кейинги шаввол ойининг олти кунлик нафл рўзасини бўлиб-бўлиб тутса бўладими?
Жавоб: Бўлиб-бўлиб тутиш мустаҳабдир. Кетма-кет тутса ҳам макруҳ бўлмайди.
«Шавволнинг олти кунлик нафл рўзасини бўлиб-бўлиб тутиш мустаҳабдир, ихтиёр қилинган қавлга кўра кетма-кет тутса хам макруҳ бўлмайди» («Рад-дул мухтор»).
Савол: Ғайридинларга фидя берса бўладими?
Жавоб: Йўқ, вожиб бўлган закотлар, садақотлар, каффоротларни уларга бериш жоиз эмас. Уларга нафл садақаларни берса бўлади.
Савол: Ёлғиз жума куни рўза тутса бўладими?
Жавоб: Ёлғиз жума куни рўза тутиш жоиз. Лекин ундан олдин ёки ундан кейин бир кунни қўшиб қўйиш афзалдир.
«Барча фуқаҳолар наздида душанба ва пайшанба кунги рўзалар мустаҳаб бўлганидек, ёлғиз жума куни рўза тутиш ҳам мустаҳабдир» («Баҳрур-роиқ»).
Лекин фақат жума кунининг ўзини рўза тутишга хослаб олиш макруҳдир. Зеро, ёлғиз жума куни рўза тутиш билан жума кунининг ўзини рўза тутишга хослаб олиш ўртасида фарқ бор.
«Макруҳотлар жумласидан:
Бошқа кунларни қўшмай, фақатгина жума куни рўза тутиш; зеро, жума кунининг ўзида кунини рўза тутиш билан, тунини бедорлик билан ўтказиш борасида қайтарув ворид бўлган» (Ҳалабий, «Кабир»).
Савол: Нафл рўзани бузиш билан каффорот вожиб бўладими?
Жавоб: Каффорот фақат Рамазон ойининг рўзасини бузгандагина лозим бўлади. Бошқа рўзаларда, ҳатто Рамазон ойининг қазо рўзасини тутганда ҳам каффорот вожиб бўлмайди.
«Каффорот фақатгина Рамазон ойининг хурмати учун вожиб бўлади. Унинг қазосини бузиб қўйишда ёки бошқа турдаги рўзаларни бузиб қўйишда каффорот вожиб бўлмайди» («Раддул мухтор»).
Савол: Зиммасида қазо рўзаси бор одам нафл рўза тутса бўладими?
Жавоб: Бўлаверади.
«Зиммасида Рамазоннинг қазоси лозим бўлиб турган кишининг нафл рўза тутиши макрух саналмайди» («Фатавои Ҳиндия»).
Шунинг учун зиммасида Рамазоннинг қазоси бор киши шаввол ойида олти кун нафл рўза тутмоқчи бўлса, қазони қўйиб, нафл рўзани тутса, макруҳ саналмайди, лекин шаввол ойида нафл рўза ўрнига қазо рўза тутса, нафлнинг савобини олади.
«Хуфтондан сўнг қазо намозларни ўқиш билан таҳажжуднинг фазлига эришади» («Раддул мухтор»).

Пошшохон Эшонхон қизининг
«Аёл – мўътабар зот» Аёлларга оид энг зарур фиқҳий масалалар, китобидан