1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Етимни фарзандликка олса бўладими?

Динимизда етим болага яхши муносабатда бўлиш, унга меҳрибонлик кўрсатиш кўплаб савоб келтириши айтилади. Агар етим болани ўз фарзанди сифатида асраб олмоқчи бўлса, бунинг қонун-қоидалари қандай бўлади? Шунингдек ота-она ва асраб олинган бола ўртасидаги муносабатлар қандай бўлиши лозимлиги ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.

ЖАВОБ: Бу ҳозирги пайтда энг кўп такрорланадиган саволлардан бири. Одамлар фарзандни асраб олгандан кейингина маслаҳат қилишга ўтишади. Бу ишнинг тафсилотини олдин билишмаган ҳам. Баъзи кишилар фарзанд асраб олишдан олдин бу масалани шаръий жиҳатдан ўрганишга ҳаракат қилишади. Нима бўлганда ҳам халқ ичида мана шу саволга қизиқиш катта, билишга уринаётган кишилар бундан ҳам кўп.
Динимиз таълимотларига кўра, ота-онасиз, қаровчисиз қолган фарзандларни асраб олиш, етимпарварлик қилиш, уларни ювиб-тараб, тарбиялаш, етук бир инсон бўлиб етишиши учун ёрдам бериш улкан савобли ишлардан ҳисобланади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатиб: «Мен ва етимга кафил бўлган кишилар жаннатда худди мана шундай бирга турамиз» деганлар.
Шунинг учун етимпарварлик, қаровчисиз қолган болаларни боқиб-тарбиялаб ўстириш жуда кўп ҳадисларда тарғиб қилинган. Бу ниҳоятда катта савоб касб қилишга сабаб бўладиган хайрия ишларидан ҳисобланади.
Ҳозирги кунда бизда (ва бошқаларда ҳам) бир фарзандни тарбияга сақлаб олиб, эр-хотин ўз номига ўтказади ва «менинг ўғлим, менинг қизим» деган даъво билан улғайтириш ҳаракатида бўлади. Мана шу ерда шаръий нуқтаи назардан муҳим ҳолатлар бор.
Аввало етим болани асраб олишда, бировнинг боласини тарбияга олишда «насл-насаби аниқ бўлсин» деган маъно икки тарафдан қаралади. Насл-насаби аниқ бўлса жуда яхши, ўша наслига болани нисбат бериш керак. Бировнинг боласини меники, дейишга шариатда рухсат йўқ. Бола фалончиники, отаси фалончи, онаси пистончи, лекин биз боқиб, тарбиялаганмиз», маъносида гап бўлиши мумкин.
Лекин наслини билатуриб уларни инкор қилиш, болага эслатмасдан, қариндошлар ва қўни-қўшнига ҳам билдирмай «бу менинг болам» деб айтиш шариатда мумкин эмас.
Насл-насаби аниқ бўлмаса ҳам боқиб, катта қилса савобини олаверади. Лекин уни ҳам «менинг болам» дейишга рухсат йўқ.
Асраб олинаётган болани қариндошлардан ёки бегоналардан олишнинг фарқи йўқ. Муҳими, болани меники демасдан кимники эканини аниқ айтиб тарбиялаб борса, иншааллоҳ савобларга эришаверади. Агар бошқа бировнинг фарзандини катта қилиб «бу менинг фарзандим» деса, гап ёлғон бўлади ва насл аралаш-қуралаш бўлиб кетади.
Бу эса инсониятни ҳалокатга олиб борадиган омиллардан биридир. Оила, никоҳ, шунга ўхшаш ишлардан кутиладиган асосий мақсад ҳам инсоният наслини ҳалол, пок, тўғри равишда сақлаб қолиш эканини яхши билишимиз керак.
Агар бир бегона кишининг фарзандини меники деб атаса, у катта бўлганидан кейин ўғил бўлсин, қиз бўлсин, номаҳрамга айланади-ку. Бола катта бўлса ўзини боққан аёлга номаҳрам бўлади. Қиз бўлса, оилани боққан эркакка номаҳрам бўлади. Агар оилада бошқа болалар ҳам бўлса, улар сиртдан ака-ука дейилса ҳам катта бўлганда иккиси барибир бегона кишилар. Шундан сўнг мерос масаласи ҳам ўртага чиқади.
Шунга ўхшаш нозик, ҳалол-покликни сақлашга хилоф бўладиган ҳолатлар юзага чиқиб қолади. Мана шу эътибордан Ислом шариатида фарзанд асраб олганга ўз нисбатини бериб, бу меники деб даъво қилишга рухсат бермаслик жорий қилинган.
Кўпчилик билиши керак масалалардан бири, асраб олаётган тарафдаги аёл кишининг сути бўлса, асраб олаётган болани эмизиб қўйса, бир марта эмган бўлса ҳам қорнига сут кирса, эмизикли ўғил ёки қизга ота ва она бўлиб қолишади. Бу мутлақо эмизмагандан кўра жуда қулай бир ҳолат ҳисобланади. Ўзининг эмизикли фарзандига айланади, номаҳрамлик масалалари йўқолади.
Яна қайтариб айтамиз, қаровсиз қолган, етим болаларни фарзанд тарбиялашда қийин ҳолга тушиб қолган оилаларга ёрдам тариқасида қарамоғига олиб, вояга етказиб тарбиялаш жуда улуғ, ўта савобли ва қилиниши лозим бўлган иш. Лекин бунда ёлғондан, ўзининг боласи бўлмаган болани «мени болам» дейиш мутлақо мумкин эмас. Бунга алоҳида аҳамият бериш керак (Аллоҳ билувчидир).

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ