1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Мақолалар

Рўзани бузадиган амаллар

Савол: Хасталиги туфайли йўғон ичаги ташқарига чиқиб, қайта жойига солинган кишининг рўзаси очиладими?
Жавоб: Йўғон ичагини ювиб, қуритмасдан жойига киргизса, рўзаси бузилади. Ювгандан сўнг қуритиб бўлгач жойига киргизса, очилмайди. Шунингдек, бачадони ташқарига чиқиб қоладиган аёллар ҳам.
«Йўғон ичаги ташқарига чиқиб қолган киши уни ювади. Уни қуритмай туриб жойига киргизса, рўзаси очилади. Қуритиб бўлиб киргизса, очилмайди» («Раддул мухтор»).

Савол: Қусиш рўзани очадими?
Жавоб: Қасддан қайт қилмаса, оғзи тўладими ёки йўқми, рўза очилмайди. Агар қасддан, ўз ихтиёри билан қайт қилса-ю, оғиз тўла бўлса, рўза очилади, оғиз тўла бўлмаса, очилмайди. Қусиб, қусуғини қасддан ичкарига ютиб юборса, оз бўладими, кўп бўладими, рўзаси очилади. Таом оғзига келиб, сўнг беихтиёр қайтиб кетса, рўза очилмайди.
«Агар беихтиёр қусса ёки қасддан оғзи тўлиб ёки ундан озроқ қусса, қусуқ ўзи ичкарига қайтиб кетса ёки қайтариб юборса, ёки ташқарига чиқса, саҳиҳ қавлга биноан қусуқ кўп бўлса ҳам, кам бўлса ҳам, рўзаси очилмайди. Қасддан оғзини тўлдириб қусса ёки қусуғини ичкарига қайтариб ютиб юборса, рўзаси очилади (бошқа суръатларда рўза очилмайди)» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Бурунга дори томизса, рўза очиладими?
Жавоб: Бурунга томизилган дори билан рўза очилади.
«Бурун, қулоқ, орқа каби аслий йўллардан томизиш, клизма туфайли ичкарига ёки мияга бирор нарса етиб борса, рўза очилади» («Бадоиъус Санойиъ»).
Савол: Нафас қисиши оқибатида томоғига аэрозол сепса, рўзаси очиладими?
Жавоб: «Томоқдан ичкарига ўтган ҳар бир нарса рўзани очади. Аэрозол сепилганда ҳам дори ичкарига ўтади. Шу сабабли рўза очилади» («Апке масаил ўврунка ҳал» (Саволларингизга жавоблар).
Шунинг учун бундай касалликка дучор бўлганлар қишнинг қисқа кунларида аэрозолни ишлатмай рўза тутишга қодир бўлсалар, қазосини тутиб берадилар. Агар қиш кунларида ҳам аэрозолни ишлатмай тура олмасалар, (аэрозолни сепиб юрса ҳам) рўза тутиб, эҳтиётан ҳар кунига фитр микдорича, яъни икки килограмм буғдойни ёки унинг қийматини фидя қилиб бериб турганлари афзалдир.
Савол: Милки қонаб, қони ичкарига кетиб қолган кишининг рўзаси очиладими?
Жавоб: Агар қон томоғидан ўтиб, ичкарига етса, рўза очилади.
«Тишлари орасидан қон чиқиб, халқумига кирса, яъни ҳалқумдан ичкарига ўтиб кетмаса, рўза очилмайди. Агар ҳалқумдан ичкарига кетса, қони тупукдан кўпроқ ёки баробар бўлса ёки таъмини сезса, рўза очилади. Тупукдан оз бўлса, рўза очилмайди» («Раддул мухтор»).
Савол: Ғусл вожиб бўлган киши бурнига сув олганида сув ичкарига кетиб қолса, рўзаси очиладими?
Жавоб: Ғуслда буруннинг юмшоғигача сув етказиш фарз, қатиқ жойига сув етказиш эса суннат саналади. Рўзадор рўзадорлигини била туриб, оғзига ёки бурнига сув олса-ю, ичкарига кетиб қолса, рўзаси очилади.
«Агар бир киши оғзига ёки бурнига сув олса-ю, сув ичкарига кириб кетса, рўзадорлиги эсида бўлса, рўзаси очилади ва қазо лозим бўлади. Агар рўзадорлиги эсида бўлмаса, рўзаси очилмайди. «Хулоса»да ҳам шундай келтирилган. Шунга амал қилинади» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Қулоқ ёки киндикка сув киргизилса, рўза очиладими?
Жавоб: Киндикка сув киргизиш билан рўза очилмайди. Қулоққа ғусл чоғида сув кириб кетса, очилмайди. Қасддан киргизилса ва мия тарафга етиб борса, рўза очилиш ва очилмаслигида ихтилоф қилинган.
«Хулоса шуки, қулоққа дори томизилса, рўза очилишига, сув кирса, очилмаслигига иттифоқ қилинди. Қулоқнинг ичига қасддан сув киргизилса, очилиш-очилмаслигида ихтилоф қилинди. «Ҳидоя»нинг соҳиби очилмаслигини айтганлар».
«Агар рўзадор қулоғига сув томизса, рўзаси очилмайди. «Ҳидоя»да шундай келтирилган. Бу саҳиҳ қавлдир» («Фатавои Ҳиндия»),
Савол: Сигарет, нос чекиш билан рўза очиладими?
Жавоб: Очилади.
«Сигарет чекиш, тамаки ва носга ўхшаш воситаларни истеъмол қилиш билан рўза очилади» («Ал-фикҳул исламий ва адиллатуҳ»),
Савол: Рўзадор тиш пастаси билан тишини тозаласа бўладими?
Жавоб: Рўзадор ҳолида тиш пастасини ишлатиш макрухдир. Агар томоғидан бирор нарса ўтиб кетмаса, рўза очилмайди.
«Оғзи билан бирор нарсани татиб кўрса, макруҳ бўлса-да, рўза очилмайди (лекин татиб кўрган нарсасини ютиб юбормасдан, оғзидан чиқариб юбориши даркор, акс ҳолда рўза очилади)» («Раддул мухтор»).
Савол: Укол олиш билан рўза бузиладими?
Жавоб: Мушаклар орасига, ёнбошга укол олиш билан рўза бузилмаслигига уламолар якдил фикр билдир-ганлар. Бунга далил:
«Терининг орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди. «Шарҳул Мажмаъ»-да ҳам шундай келтирилган» («Фатавои Ҳиндия»).
Одатий йўллардан бошқа жойлардан терининг орасига нарса кириши, масалан, илон чақиб олиши (гарчи томирдан чақса-да), совуқ сувда ғусл қилиш натижаси-да бадан орасидан ичкарига сув ўтиши рўзани очмаслигига барча уламолар иттифоқ бўлганлар.
Савол: Тиш олдирса, рўза очиладими?
Жавоб: Рўзанинг очилиш-очилмаслиги томокдан нарсанинг ўтиш-ўтмаслигига боғлиқ. Тиш олдириш чоғида томоғидан бирор нарса ўтиб кетмаса, рўза очилмайди.
«Тишлари орасидан қон чиқиб, ҳалқумига кирса, яъни ҳалқумдан ичкарига ўтиб кетмаса, рўза очилмайди. Агар ҳалқумдан ичкарига кетса, қони тупукдан кўпроқ ёки баробар бўлса ёки таъмини сезса, рўза очилади. Тупукдан оз бўлса, рўза очилмайди» («Раддул мухтор»).
Савол: Ғарғара қилиш билан рўза очиладими?
Жавоб: Рўзадорга ғарғара қилиш макруҳ саналади. Агар ғарғара қилганда ичкарига сув кетиб қолса, рўза очилади.
Савол: Эсдан чиқариб еб-ичган одам эсига тушгач таомланиб қўйса, рўзаси очиладими?
Жавоб:
1. Эсдан чиқариб еб-ичиш билан рўза очилмайди.
2. Эсдан чиқариб еб-ичгандан кейин рўзам очилди, деб ўйлаб таомланиб қўйса, қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди.
3. Эсдан чиқариб еб-ичгач, рўза очилмаслигини била туриб, сўнг таомланиб қўйса, қазо ҳам, каффорот ҳам вожиб бўлади. Қусишнинг ҳукми ҳам шу кабидир.
«Агар қусса ва бу рўзани очади, деб ўйлаб таомланиб юборса, қазо лозим бўлади, каффорот эмас. Агар бу рўзани очмаслигини билиб туриб, таомланиб юборса, каффорот хам вожиб бўлади» («Фатавои Ҳиндия»),
Савол: Ғийбат қилса, ёлғон гапирса, рўза очилади, деб ўйлаган киши ғийбат қилиб қўйиб, қасддан таом еса, каффорот лозим бўладими?
Жавоб: Қазо ҳам, каффорот ҳам лозим бўлади.
«Рўзадор бошқа бировни ғийбат қилиб, бу иши рўзани очади, деб гумон қилиб, қасддан еб-ичиб юборса, зиммасига қазо ҳам, каффорот ҳам вожиб бўлади» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Қўли билан шаҳватини қондирса, рўза очиладими?
Жавоб: Бу иш ҳар қандай ҳолатда ҳам гуноҳ ҳисобланади. Қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди.
«Қўли билан шаҳватини қондирса, маънан яқинлик ҳолати топилиб, суратан топилмагани учун рўза очилади ва қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди» («Ихтиёр»),
Савол: Рўзадор кундузи ухлаб, тушида булғаниб қолса, рўзаси очиладими?
Жавоб: Тушида булғаниш туфайли рўза очилмайди.
«Тушида булғанса ёки қарашнинг ўзи билан маний тўкилса, рўза очилмайди» (чунки бу ерда жимоъ бўлмади. Агар қўли билан ушлаши натижасида ёки бирор нарсага ишқаланиш оқибатида маний тўкилса қазо лозим бўлади, «Баҳрур-роик.»).
Савол: Саҳарликдан сўнг қорни тўйиб кетгани боис таом оғзига келиб, яна қайтиб кетса, рўза очиладими?
Жавоб: Қусуқ беихтиёр келиб, яна қайтиб кетса, рўза очилмайди, агар қасддан қайтариб юборилса, рўза очилади.
«Ўзи қайтиб кетган қусуқ рўзани очмайди» («Раддул мухтор»).
Савол: Рўзадор исириқнинг тутуни, буғ ва шунга ўхшаш нарсаларни ҳидлаши билан рўзаси очиладими?
Жавоб: Қасддан, рўзадорлиги эсида туриб тутун ютса, исириқ ҳидини ичига ютса, доривор ўтларнинг буғини оғиз-бурни билан ичига ютса, рўзаси очилади.
«Рўзадорлиги эсида бўла туриб, тутатқини тутатиб, нафаси билан ичига ютса, рўзаси очилади» («Раддул мухтор»).
Савол: Мазь ва шу каби воситаларни баданга суртиш билан рўза очиладими?
Жавоб: Рўза очилмайди.
«Терининг орасидан ичкарига ёғ каби нарсаларнинг кириши рўзани очмайди. «Шарҳул Мажмаъ» да ҳам шундай келтирилган» («Фатавои Ҳиндия»),
Савол: Рўзадор шўр сувда оғзини чайса бўладими?
Жавоб: Сув чучук бўлсин ёки шўр бўлсин, рўзадор у билан таҳорат қилса ҳам, оғзини чайса ҳам бўлади.
Савол: Бемор ва мусофир одам Рамазон ойида рўза тутолмаса-да, ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туриши керакми?
Жавоб: Рамазон кунларида бемор бўлган ва сафарга чиққан кишилар рўзадорга ўхшаб, ўзини еб-ичишдан тўхтатиб туришлари лозим бўлмайди. Лекин таомланмоқчи бўлсалар, ошкора эмас, балки одамлардан алоҳи-да, холироқ жойда таомлансалар, яхши бўлади.
«Бемор ва мусофирга еб-ичишдан тийилишлари вожиб эмас. Лекин (таомланмоқчи бўлсалар) ошкора эмас, балки одамлардан яшириниб таомланишлари керак бўлади» («Мароҳил фалоҳ»).
Савол: Рўзадор сув билан муболағали тарзда истинжо қилса, бавосир (геморрой) касалига дучор бўлганлар ўша жойларига дори қўйсалар, рўзалари очиладими?
Жавоб: Истинжо чоғида сув, бавосир касаллигида дорилар орқа аъзонинг клизма қилинадиган жойигача етиб борса, рўза очилади. Етиб бормай, ташқарида қолса, очилмайди.
«Агар истинжони муболаға тарзида қилса-ю, клизма қилинадитан жойгача етиб борса, рўзаси очилади. Бу нарса жуда камдан-кам бўлади» («Раддул мухтор»).
«Рўзани бузадиган даражада нарсанинг ичкарига киришидаги чегара клизмада сув ичкарига кетадиган жойидир» («Раддул мухтор»).
Савол: Қасддан қусса, рўза очиладими?
Жавоб: Қасддан қусса ва қусуқ оғизни тўлдирадиган микдорда бўлса, рўза очилади ва қазо вожиб бўлади. Ундан кам миқдорда бўлса, рўза очилмайди.
Абу Ҳурайрa розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким рўзадор бўла туриб қусса, унга қазо лозим бўлмайди. Агар қасддан қусса, рўзасининг қазосини тутсин»,дедилар».
«Агар рўзадорлиги эсида бўлиб, касддан оғзи тўлиб қайт қилса, рўза очилишига уламолар иттифоқ қилишган» («Дуррул мухтор»).
Агар беихтиёр қусиб юборса, оғзи тўлса ҳам, рўза очилмайди.
Савол: Касал бўлиб, укол олиш натижасида рўза очиладими?
Жавоб: Таблетка қабул қилиш билан рўза очилади. Ёнбошга ёки мушакка укол қилиш билан эса очилмайди.
«Рўзани очувчи нарса одатий йўллардан кирувчи нарсалардир (одатий йўллар: оғиз, бурун, қулоқ, олд-орқа жинсий аъзолар. Бундан бошқа жойдан кирган нарсалар рўзани очмайди). Далил: «Бир киши сувда ғусл қилса ва сув билан ичи салқинласа, рўзаси очилмайди» («Раддул мухтор»).
Савол: Сурма қўйиш билан рўза очиладими?
Жавоб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўзадор ҳолатларида сурма қўйганлар. Сурмани кўп қўйиш натижасида ҳалқумида сурманинг таъмини сезса ҳам, рўза очилмайди.
«Сурма қўйса ёки қон олдирса, рўзаси очилмайди. Гарчи ҳалқумида сурма, ёғнинг таъмини сезса ҳам.
«Наҳр»да келтирилади: «Чунки ҳалқумида топилган нарса баданнинг бўшлиқлари бўлган тешикчаларидан кирган нарсалардир. Рўзани эса одатий йўллардан кирувчи нарсалар очади (одатий йўллар: оғиз, бурун, қулоқ, олд-орқа жинсий аъзолар. Бундан бошқа жойдан кирган нарсалар рўзани очмайди)» («Раддул мухтор»).
Савол: Ошқозон касаллиги билан оғриган рўзадор бемор зонт ютса бўладими?
Жавоб: Зонт қуруқ ҳолатда ютилса, рўза очилмайди.
«Агар бирор таомга ип боғлаб, ҳалқумидан ўтказса, яъни ютса, ипнинг бошқа тарафи қўлида қолса, яъни қайтариб чиқариб оладиган бўлса, рўза очилмайди. Ип узилиб кетса, рўза очилади» («Баурур-роиқ»).
«Ичкарига киргизилган нарсанинг ўша ерда қолиб кетиши рўза фасод бўлишининг шартидир» («Бадоиъус-санойиъ»),
Савол: Жароҳатларга дори қўйиш билан рўза очиладими?
Жавоб: Икки турдаги жароҳатга дори қўйиш билан рўза очилишига фуқаҳолар иттифоқ қилганлар.
- Бош миягача етиб борадиган чуқур жароҳат;
- Ошқозонга етиб борадиган жароҳат;
Бу икки жароҳат мия билан ошқозонга бевосита нарса етиб боришига олиб борувчи жароҳатдир.
«Ошқозон ва мияга етиб борган чуқур жарохатга дори қўйилса ва у ўша жойларга етиб борса, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг наздида рўза очилади» («Ҳидоя»),
Булардан бошқа жароҳатлар қандай ҳолатда бўлмасин, рўзани очмайди. Чунки бу жароҳатларга қўйилган дорилар ошқозон ва мияга тўғридан-тўғри етиб бормайди.
«Агар болдирнинг ичига дори етса ёки пичоқ ва шу каби нарсани санчиб олса-ю, илигигача етиб борса, шак-шубхасиз, рўза очилмайди, чунки у ичкари аъзо ҳисобланмайди» («Шарҳи Муҳаззаб»).
Савол: Рўзадор кўзига дори қуйса, рўзаси очиладими?
Жавоб: Рўзаси очилмайди. Лекин бошқа мазҳаб сохиблари «Рўза очилади», дейишади. Шунингдек, тиббиёт соҳасининг мутахассислари ҳам кўз орқали бурун, оғиз каби ҳалқумга йўл борлигини таъкидлашади. Шунинг учун рўза пайтида кўзига дори томизадиганлар бу ишни саҳарликдан олдинга ва ифторликдан кейинга сурганлари афзал.
«Агар даво мақсадида кўзига нарса томизса, бизнинг наздимизда рўза очилмайди» («ФатавоиҲиндия»),
Савол: Эркак кишининг олд жинсий аъзосидан анализ олса, дори юборса, рўзаси очиладими?
Жавоб: Очилмайди.
«Эркак кишининг олд жинсий аъзосига нарса томизилса, Абу Ҳанифа ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимо наздида рўзаси очилмайди. «Муҳийт»да ҳам шундай келтирилган» («Фатавои Ҳиндия»),
Савол: Сунъий кислород билан нафас олдиришда рўза очиладими?
Жавоб: «Соф кислороднинг ўзи бўлиб, бошқа би-рорта дори қўшилмаса, рўза очилмайди.
Чунки бу нарса оддий ҳаводан бошқа нарса эмас. Ҳаво билан эса рўза очилмайди» («Жадид Фиқҳи Масоил», Холид Сайфуллоҳ Раҳмоний).
Савол: Ҳайвонларга яқинлик қилиш билан рўза очиладими?
Жавоб: Бу иш аёллардан содир бўлса, рўзаси очилади, қазо лозим бўлади. Эркаклардан маний тўкилса, қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди.
«Агар хайвонга, ўликка хамда фарждан бошқа жойга яқинлик қилса, маний тўкилмаса, рўза очилмайди. Бу суратларнинг барчасида маний тўкилса, қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди» («Фатавои Ҳиндия»).
Лекин бу қабиҳ ишни қилган киши улкан гуноҳни содир этган бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳайвонга яқинлик қилган малъундир (яъни қаттиқ лаънатлангандир)», дедилар (Аҳмад ривоят қилган).
Савол: Рўзадорнинг бурни иссиқ кунда қонаб кетса ва қонни тўхтатиш учун бошини тепага кўтариши натижасида қон ичкарига кетиб қолса, рўзаси очиладими?
Жавоб: «Рўзаси очилади. Қазо лозим бўлиб, каффорот вожиб бўлмайди. Шунинг учун рўзадор бурнидан қон келиб қолса, конни тўхтатишда рўзаси очилмаслигининг эҳтиётини қилсин. Томоғига қон кети-шидан сақлансин» («Аҳсанул Фатаво», Рашид Аҳмад).
Савол: Рўзадорлиги эсидан чиқиб, қулоғига дори томизса, рўзаси очиладими?
Жавоб: Рўзадорлиги эсида бўла туриб, дори томизса, очилади, эсида бўлмасдан томизса, очилмайди.
Савол: Рўзадор ҳолида сақич чайнаш билан рўза очиладими?
Жавоб: Рўзани ҳалқумдан ичкарига ўтган нарса очиши тўғрисида кўп бор тўхталдик. Сақични ҳам чайнаганда ундан бирор нарса ажраб чиқиб, ичкарига кетса, рўза очилади. Ичкарига кетмаса, рўза очилмайди. Лекин рўзадорнинг сақич чайнаши макруҳ ҳисобланади.
«Ранги оқ, аввал чайналиб, ажрайдиган нарсаси ажраб бўлган, титилиб кетмайдиган сақични чайнаш рўзани очмайди, лекин бу макрухдир. Сақич бунинг акси бўлса, рўза очилади. Бундай қайдлашнинг сабаби шуки, аввал чайналмаган кора сақич чайнаганда титилиб кетса одатда ичкарига бирор нарса кетиб қолади.
Одатда ичкарига кетиб қоладиган нарсалар жумласидан бўлган ҳар қандай нарса рўзани очади деб ҳукм қилинади. Одатда ичкарига кетадиган нарса аниқ ичкарига кирган нарса кабидир («Раддул мухтор»).
Савол: Ёш болани эркалаб, ўпиш билан рўза очиладими?
Жавоб: Йўқ. Ўпиб, эркалаш билан рўза очилмайди.
«Ўпишда ҳеч қандай зарар йўқдир» («Фатавои Ҳиндия»).
Савол: Тутқаноқ ёки шунга ўхшаш бирор сабаб туфайли ҳушидан кетиши билан рўзадорнинг рўзаси очиладими?
Жавоб: Йўқ, рўзаси очилмайди.
«Балоғатга етиш ва ҳушида бўлиш рўзанинг шартларлдан эмас. Чунки гўдак ният қилганидан кейин балоғатга етса, бирор киши мажнун бўлиб қолса ёки ҳушидан кетиб қолса, рўза дуруст бўлаверади» («Раддул мухтор»).

Пошшохон Эшонхон қизининг
«Аёл – мўътабар зот» Аёлларга оид энг зарур фиқҳий масалалар китобидан