1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Ҳаловат кўчаси. Тоҳир Малик - Устоз


Устоз
 Кўчага чиқишгач: «Мен дўконга бориб келай», деб Мардон чапга юрди. Ариқда яна мағзава оқаётганини кўриб, Акбар домланинг табиати хира тортди. Илгари шу ариқдан сув ичиларди. Энди мағзава оқизишади. Ичиш у ёқда турсин, қўл теккизишга хазар қиласан. Мағзава қайси хонадондан чиқаётганини билгани учун ҳам, Акбар домланинг таъби баттар тирриқ бўлди. Орқа кўчада яшовчи қассобдан бир у эмас, бутун маҳалла норози. Ҳовлисидан анқиётган бадбўйга чидасалар-да, ариққа ахлат оқизишига тоқат қила олишмайди. Неча юз марта айтилгандир, неча минг марта “хўп-хўп”, деб қуллуқ қилингандир. Лекин аҳвол ўша-ўша. Уч кун аввал қўшни маҳалладаги одамнинг сигири бўкиб, ҳаром ўлиб қолганида бу қассобнинг гўштни арзон-гаровга сотиб олиб, колбасачиларгами ё сомсачиларгами пуллаб келганини билган маҳалла аҳли уни буровга олганда, “ўламан, Саттор, гўштни савоб учун ҳайвонот боғига топшириб келдим”, деб онасининг номини тилга олиб қасам ичгач, аяшди. Лекин даъволарини бир-бир айтишди. Талаблар орасида ариққа ахлат ташламаслик ҳам бор эди. Бу борада ҳам қасам ичганида Акбар домла “Шунинг гапига ишонасизларми? Қадимда бир нодон маҳалла сув ичадиган ҳовузга тупуравераркан. У бетамизга гап таъсир қилмас экан. Маҳалла аҳли ўйлай-ўйлай, “пул тўплаб, шу аҳмоқни Ҳажга юборайлик, зора  инсофга кирса”, деб қарор қилишибди. Иймонсиз одам Ҳажга бориб нима қиларди, биринчи қилган иши – замзам булоғига бориб тупурибди. Бу қасамхўрнинг ўша бетамиздан фарқи йўқ”, деганда, “Жуда оширвордингиз, домлажон”, дейишганди. Мана, оқибат! 
-Устоз, ассалому алайкум!
Орқадан келган овозни эшитган Акбар домла ўгирилди-да, шошилиб келаётган пакана, семиз одамни кўриб, тўхтади.
-Омонмисиз, домлажон? Бу ерда турибсиз, тинчликми?
-Ҳалилжоннинг ўғли топилибди.
-Э, ҳайрият. Бола-да, болалик қилган.
-Кириб чиқ, аканг ҳам уйда.
-Йўғида кирарман. Мени кўрса, энсаси қотиб, яна бошлайди ивирсиқ гапларини. Кеча чойхонада сал ширакайф бўлиб қолган эканман, кўчада кўриб тоз-за бошни қотирди.  Кайфни ҳам ҳаром қилди.
-Ширакайф эмасдинг,  менам кўрдим аҳволингни, девор ушлаб келаётувдинг. Сўккан бўлса, тўғри қилибди.
-Қўйинг, шунингизни, умрида бир марта уйига чақириб юзта қуйиб берганда ҳам ҳар қанча гапирса ярашарди. Мен ўзича ичмайман. Худодан қўрққаним учун ичаман, домлажон.
-Ие,-Акбар домла ажабланди.-Худодан қўрққан одам ичмаслиги керак эди. Гапинг алламбало бўлди-ку?
-Сиз айтаётган одам бошқача. Қаранг, ароқниям, конъякниям Худо яратганми? Қиёматда ҳисоб-китоб бўлаётганда “Эй бандам, мен шу неъматларни сен учун яратган эдим, нега ичмадинг, мени назар-писанд қилмадингми?” деб буровга олса, “Ҳалилжон акамиз рухсат бермовдилар”, деб безрайиб тураманми?
-Яхши фатво топибсан. Ўзинг топдингми  ё ҳамшишаларинг айтишдими? Ҳозирам баданда бор шекилли, а?
-Ҳа, энди... чойхонага хабар берай деб кирсам, ош дамланаётган экан, бош оғриғига тупукдайгина олдим. Шунинг учун бу ёққа кирмай, деяпман-да.
-Тушунарли. Чойхонага нимани хабарлагани кирувдинг?
-Боғкўчадаги Ҳақберди акани эшитмадингизми? Эрталаб ўғлини олиб кетишувди. Юраги ёмон экан, ҳозир тап этиб ташлаб, омонатини эгамга топшириб қўя қолибди.
-Шошилмай гапир, ўғлини ким, қаёққа олиб кетади, ким таппа ташлабди?
-Ие, домла, қулоқдан олганми? Қарияпсиз шекилли? Таппа ташлаган Ҳақберди ака. Қўрқиб кетгандир-да. Ўғлини милиса олиб кетди. Билишимча, қорадорига айланишган экан. Уйидан тиллаям чиққанмишмией... Дўхтир келиб, ўликни олиб кетди, экспертиза қилиши керак экан. Кечгача, олиб келишса, эрталаб чиқаришаркан. Чойхонадагиларга бориб айтсам, бунинг жанозасига чиқиш шартмас, дейишяпти.
-Нега шарт бўлмас экан?-Бу гап Акбар домлага ёқмай, қошларини чимирди.- Ким айтди, калласи жойидами?
-Ҳасан чиллак айтди, Комил банги айтди. Маҳаллага аралашмаган одамнинг жанозасига ҳам, тўйига ҳам чиқилмайди, дейишяпти.  
-Бекор айтишибди. Мусулмончилик бунақа бўлмайди. У оқибат қилмаган бўлса, биз оқибатли бўлайлик. Чиқиш керак. Кимнинг оқибати қанча, деб тарозига соладиган бўлсак, биласанми олам нима бўлади? Тарс ёрилиб кетади!
-Ҳа, бўпти, олам ёрилмасин десангиз, унда кўчангиздагиларга ўзингиз хабар қилинг.
-Сен маҳалла оқсоқолига билдириб қўй.
Пакана одамдан нохуш бир ҳид гупиллаб, Акбар домланинг кўнгли беҳузур бўлди. Табиатан сергап ширакайф бу одам нари кетгач, Акбар домла ўн беш қадамча юриб, кўчасига бурилди. Болалар ўйнаб, йўлакда қолдириб кетган тошни оёғи билан четга суриб қўйди. Қурилганига икки йилдан ошганига қарамай ҳали бўялмаган дарвозадан ичкари кирди-ю, димоғига райҳон билан атиргул иси урилиб, енгил тортди.
-Ҳилола, қизим, қаердасан?-деди темир сўри томон юриб.
Ҳилола атрофи чала-ярим беркитилиб, томига эски шифер ёпилган омонат бостирма - ошхонадан овоз берди:
-Ҳозир дада, сабзини қовуриб олай.
-Палов қиляпсанми?
-Ҳа.
-Шўрва қилавермабсан-да, қизим, иссиқ кунда паловнинг ўтиши қийин,- Акбар домла шундай деб баланд сўрига чиқди-да, ёстиқни қўлтиғи орасига олиб, ёнбошлади. Бирпас ҳовлига разм солиб ётди. Япроқлари тўкилаётган гулларни кўриб, ўрнидан турди, қўлига гулқайчи олиб, атиргуллар орасига кирди.
Қозонга сув солиб, ҳовлига чиққан Ҳилола тунука лагандаги гуручни тераётиб, отасига қаради:
-Айтмоқчи, дада, Герания элчихонасидан яна қўнғироқ қилишди.
-Тинчликми?
-Яна ишга таклиф қилишяпти шекилли?
-Бормайди, жавобини айтган-ку?
-Борганлари яхши эди-да, дада. “Чет элга фақат пул топиш учун борилади” деган гапингиз таъсир қилган. Айтинг, бораверсинлар. Пул топиш бошқа, илм бошқа-ку?
Акбар домла  беихтиёр кулимсиради. Ўғли Санжарда қандайдир ғалати ўжарлик бор. Университетни битиргач, одамлар «ҳарфхўрлик билан аъло ўқиди-ю, энди кафедрада қолиб талтайиб юрибди», дейишмасин учун мактабда ишлади. Кейин илмий ишга шўнғиди. Лазер нуридан фойдаланишга доир лойиҳаси чет эл олимларини қизиқтириб қўйгач, турли мамлакатлардан бир неча таклифлар келди. Акбар домла бояги гапни ўшанда айтган эди. У ўғлининг феълини яхши билади: энди онаси тирилиб келиб, минг ялинса ҳам ҳорижга бормайди. Акбар домла ўша гапни айтмай туриб, Санжар “Менда чет элликларнинг ҳақлари йўқ. Мени ким ўқитиб, тарбия қилган бўлса, ўша ҳақдор” деган эди. Акбар домла ота-бола ўртасидаги гапни ҳеч кимга айтмаган. Ҳилола ҳам билмайди. Агар билсайди, бундай демаган бўларди.
Қозон бошига қайтган Ҳилоланинг овози Акбар домланинг хаёлини бўлди:
-Дада, директоримиз яхши одамми?
-Ие, у билан сен бирга ишлайсан, мендан нимага сўраяпсан?
-Порахўр эмасми?
Акбар домла гулзордан чиқиб, қизига яқинлашди.
-Бу нима деганинг?
-Гуруҳимда битта   ўқувчи бор. Ўқишга бир кун келса, бир ой қорасини кўрсатмайди. Дада, ҳозир шунақалар ёмғирдан кейин бодраб чиқадиган қўзиқориндай кўпайган. Фақат коллежнинг ўзида бўлсаям майлийди, институтларда ҳам “зачеткаси ўқийди”, деган гаплар юради.  Ўзи дарсга келмайди, бирон таниш домласи унга энагаликни бўйнига олади-ю, кимгадир ялиниб, кимгадир ялтоқланиб яна кимгадир дўқ қилиб имтиҳон дафтарчасига баҳо қўйдириб юраверади. Тўрт йил давомида битта ҳам дарсга қатнамай “қизил диплом” оладиганлар ҳам анчагина. Институт шунақа бўлганидан кейин коллеж, лицейдагилар индамай қараб туришарканми? Ота-она ҳужжатларни коллежга топширади-ю, боласини бозорга олиб кетаверади. Диркторни хурсанд қилса бас. Директор ўқитувчиларни буровга олади. Дарсда йўқ бола аъло баҳода “ўқийверади”. Директор менга ҳам тайинловди. Лекин гапига кирмай, болани “дарсга келмади”, деб белгилаятувдим. Бугун билиб қолибди.
-Отаси нима иш қилар экан ўша такасалтангнинг?
-Тўйхонаси бор экан, шекилли?
-Ҳаммаси равшан, “ота ўғил”га шу ўқиш керак эканми? Бунақа тоифа ҳар қандай шароитга тез мослашади. Ҳаёт оқимининг ўзгаришини биздан кўра мана шулар тезроқ пайқашади… Нима қилдинг, қўйдингми?
-Ҳа. “Уч” қилиб берувдим, “аъло” бўлаверсин, дейди.
-«Беш» қўйиб бердингми?
-Ҳар ҳолда менга директор бўлгани билан... ўқувчингиз... сизни жуда ҳурмат қилади, йўқ дея олмадим.
-Порахўрлигини сезибсан-ку?
-Дада, ахир...
Акбар домла қизининг гапига қулоқ солмай, қўл силтади-да, нари кетди.
«Қандай пасткашлик! Фалончи ўқувчим фан доктори, фалончиси бош инженер деб, керилишни биламиз. Соя-салқиндагилар билан ишимиз йўқ. Умримни фақат яхшиларга эмас, ёмонларга ҳам бахшида қилаётганимни билармидим? Билардим. Фақат яхшиларнинг кўплиги далда берарди. Ҳозир-чи? Бугун синфда кўзларини мўлтиллатиб ўтирган болаларнинг қанчаси оқил, қанчаси жоҳил бўлади? Доноларнинг мингтаси кам, аблахнинг биттаси ҳам кўп. Хўп, бу ярамаслар ифлос йўлга кирибди-кирибди. Хўш, нимага мени «устоз» дейди? Мен пора ол, юлғич бўл, деб фатво берибманми? Минг лаънат!»
Эшик қўнғироғи кетма-кет жиринглаб, Акбар домланинг хаёлини тўзитиб юборди. Токқайчини беҳи шохига илиб, дарвозахона томон юрди. Ариқ бўйида турган маҳалла оқсоқоли ва унинг ёнидаги нотаниш мўйсафидни, сал нарироқда эса ерга тикилиб турган куёвини кўриб, бир нафас тараддудланди.
-Хайрият, уйда экансиз,-деди маҳалла оқсоқоли.
-Келинг, келинг, Собит ота, деди Акбар домла ўзини қўлга олиб.-Қани, ичкарига марҳамат...
Уларни кўрган Ҳилола ошхонадан чиқмади. Меҳмонлар дастурхон тузашга қўйишмади. Собит ота фотиҳадан сўнг муддаога кўчиб қўя қолди:
-Ҳамма гапни айтишди, қизингиз аразлаб, ажаб қилибди,-деди у оппоқ соқолини силаб.- Куёвболанинг чакки юришини эшитиб, кўнглим анча озор чекди. Лекин, на илож, бизнинг вазифамиз - ёшларни муросага келтириш. Норасидаларни ўйлашимиз керак. Куёвболанинг оталаридан Аллоҳ омонатини барвақт олган экан. Ота меҳрининг қадрини яхши билсалар керак. Қизингиз ҳам бошқаси билан турмуш қурар, бу йигит ҳам ўзига бошқа муносибини топар, лекин орада болага қийин. Шу боис, домлажон, буларнинг бошларини қовуштириб қўяйлик. Бошқа гап йўқ. Куёболанинг аламлари ичида. Гуноҳи бўйнида. Энди ичмасликка дуо ҳам олибди.
-Янглишмасам, аввал ҳам шунақа гап бўлган,-деди Акбар домла, куёвига бир қараб олиб. Озғин, ёноқлари бўртиб чиққан куёв бошини ҳам қилганича индамай ўтирарди. Унинг ўрнига нотаниш мўйсафид гапирди:
-Бу охиргиси, биродар, мана, қасамига биз кафил.
-Мен турмушлари бузилсин, демайман. Ҳар ҳолда, битта бола кўрганидан кейин одам дегани эсини йиғиштириб олиши керак. Бола, отам қачон келаркин, деб интиқ кутиб ўтирса-ю, ота жонивор ҳовлига эмаклаб кириб, унинг ўтакасини ёрса!
-Ҳа, энди ёшлик қилган-да, мана, куёвингиз қасам ичди.
-Йўқ, демасаларингиз қизимни чақирай. Бирга яшайдиган - қизим, ўзидан ҳам бир оғиз эшитайлик.
Ўтирганлар «маъқул» дейишгач, Акбар домла қизини чақирди. Ҳилола паст овозда салом бериб, бир чеккага қимтиниб ўтирди. Эрига ўғринча қараб ҳам олди. Акбар домла ўртада бўлиб ўтган гапларни қисқача баён қилиб (Ҳилола ҳаммасини ошхонада ўтириб эшитган бўлса ҳам), қизига юзланди:
-Дилингдагини ўзинг айт. Фақат эски гина-кудуратларни кавлаб, гапни чувалаштирма.
Ҳилола, отаси огоҳлантирган бўлса-да, гапни узоқдан бошлади, кўзёши ҳам қилиб олди. У хасратини тугатгач, орага жимлик чўкди.
-Қизим, шу ҳалолингиз билан турмуш қуриб кетишга кўзингиз етадими?- деб сўради Собит ота сукутни бузиб.
Ҳилола индамади. Собит ота Акбар домлага, у эса қизига қаради.
-Қизим, ошинг ланж бўлиб кетмасин, сузиб келақол,- деди Акбар домла мулойимлик билан.
Бу гапдан кейин ўтирганлар сал жонланишди.
-Сизга айтмабмидим,- деди нотаниш мўйсафид Собит отага,- қариялар аралашган иш ошхўрлик билан тугайди. Ота-онанинг бахти шу ёшларга қараб тураркан. Буларники жилмайса, ота-онаники қаҳ-қаҳ отаркан, хўмрайса - ёниб кетаркан. Мана домла, ўзингиздан қиёс, шу кеча-кундузда ичингизга чироқ ёқилса ёришмагандир, а?- Табиатан эзма бўлган мўйсафид ош келгунига қадар бошқаларга гап бермади.- Шу десангиз, жуда оёқ тираб олсангиз, Маҳмуджонни ичкуёв қилиб бўлса ҳам ташлаб кетмоқчи эдик,-деди бир маҳал жўшиб. Ҳамма унга ажабланиб қаради.
-«Ичкуёв - пуч куёв» деган гап бор,-деди Собит ота вазмин.- Куёвбола мусофир бўлса, бошқа гап эди.
-Э, бу бир ҳазил, тегишгим келди-да...
Ошдан кейин Ҳилола у-буни йиғиштирган бўлди-да, эрига қўшилиб жўнади. Акбар домла қизининг ярашиб, тинчиб кетишини истаса-да, ҳозир вужуди бирдан ҳувиллаб, бўшашиб қолди. Икки кун аввал катта қизи келиб, Ҳилоланинг тўнғичи - Отажонни далага олиб кетганида ҳам шу кўйга тушган эди. Акбар домла ёнма-ён бораётган қизи билан куёвига узоқ қарай олмай, эшикни  ёпиб, ҳовлига қайтди.
«Яхши бўлди,-деди ўзига- ўзи,-куёвим ҳар ҳолда ёмон бола эмас. Саёқ юрмайди. Фақат, ичса, ўзини тутолмай қолади. Бу ўткинчи нарса. Ҳилолам ҳам инжиқликни оширворади-да. Эр-хотин то бир-бирининг феълини сингдиргунича шунақа бўлади шекилли...»
Акбар домла шу зайлда ўзига таскин бериб, иягини ёстиққа тираганича гулларга тикилиб ётди. Қуёш асрдан оға бошлаганида дарвоза эринибгина очилиб, кенжа қизи - Наргизаси кўринди.
-Келдингми, она қизим:- деди Акбар домла тирсагига таяниб гавдасини кўтараркан. Наргиза салом бериб, ҳовлига жавдираб қаради:
-Отажонни олиб келишмадими?
-Йўқ. Поччанг келиб, опангни ҳам олиб кетди.
Наргиза ичида: «Яхши бўлибди», деди-ю, аммо буни сиртига чиқаришга уялди.
-Акам қўнғироқ қилмадиларми?
-Кеча гаплашдинг-ку?
-Бугунчи? Ҳар куни сиз билан гаплашиб туришлари шарт!
-Қўйсанг-чи! Оиласи билан дам олаётган одамни безовта қилавериш яхшимас.
-Сиз ҳам бирга боришингиз керак эди.
Акбар домла ичида: “сенинг тўйингни ўтказганимдан кейин зиммамдаги вазифа адоғига етади. Шундан кейин дам олсам арзийди. Унгача дам олишга ҳаққим йўқ”, демоқчи бўлди-ю, қизини ё ранжитиб, ё уялтириб қўйиши мумкинлигини ўйлаб, сиртига чиқармади. Наргизанинг талабига жаобан бошқа гап айтди:
-Ош совумагандир, сузиб келақол.
-Егим келмаяпти.
Акбар домла қизининг кайфияти тушкун эканини сезди.
-Тобинг йўқми?
-Сал чарчабман.
-Бугун операциянг бормиди? Кўзи ожиз қиз нима бўлди?
-Кўзи очилмади...
-Йўғ-е...Профессоринг ҳам эплай олмадими? Янги усулда операция қиламиз девдинг-ку?
-Янги усул... дарров ижобий натижа бера қолмас экан-да... Уч ёшида кўр бўлиб қолган экан, айтувдим шекилли… Умид оз бўлса ҳам таваккал қилувдик… Бечоранинг қийналгани қолди…
-Ҳеч тузатиб бўлмайдими?
-Ҳозирча йўқ… Профессор ҳали умид бор, деяптилар... дада, чой дамлаб берайми? Бўлмаса, Саломатларникига чиқиб келай, керакли китобимни олувди…
Наргиза атайин гапни чалғитди. Дадасига ҳисоб бераётганида йиғлаб юборишдан қўрқди. Акбар домла эса, қизининг бугун биринчи марта мустақил операция қилганидан бехабар, «Наҳотки, шундай машҳур профессор ҳам эплолмаган бўлса?» - деб ажабланди.

           Наргиза чиқмоқчи бўлганида эшик очилиб,  Маъсума буви елпинганича кириб келди.
-Вой, бахтимдан ўргилай, Наргиза, она қизим, уйда экансан-ку?-деди у қувониб.- Эрталабдан бери чап кўзим яхши кўрмаётганга ўхшайди. Қара-чи, бир бало бўлмаганмикин?
            Наргиза “ўтган куни кўриб қўювдим-ку” деб ўтирмай, “ҳозир опоқи”, деб уйга кириб кетгач, Акбар домла кампирга ҳазил гап отди:
-Опа, ўсмани қалин қўйиб юборгандирсиз.
-Гапингиз қизиқ-а, ўсмадан бўлса, иккала кўзим баравар хиралашарди.
-Унда акамга битта кўзда қарайдиган бўлиб қолгансиз. 
-Вой, Акбаржон-ей, ҳазилингиз бор бўлсин.
Наргиза асбобини олиб чиқиб, Маъсумани қуёшга тескари ўтқазди-да, мижжаларини қайириб кўра бошлади. Кампир эса гапида тўхтамади:
-Барака топгур Хадичани қаранг, яна иккита етимчани бошлаб келибди. Олдинги йиллари иккита болани ўқитиб, институтга учирма қилувди. Ўзи туғмаган бўлса ҳам, нақ жаннати хотин-да, у. Сиз ҳам етимчаларни ўқишига қараб турдингиз. Сиз ҳам жаннатисиз, Акбаржон.
-Ҳа, энди ўқитувчи бўлганимдан кейин қўлдан келганича қарадим-да, ортиқча иш қилмадим. Акам кўринмайдиларми?
-Акангиз бомдодни ўқибоқ улфатлари билан Сўқоққа чиқиб кетганлар.
-Сўқоққа серқатнов бўлиб қолдиларми? Тинчликми ишқилиб?
-Вой, тинчлик. Акангиз ғирт афанди-да, эшитмадингизми?
-Ие, нима бўлди?
-Бултур Баҳовуддун балогардон бувамни зиёрат қилгани борганларида сўқоқлик бир одам билан танишиб қолишган экан. Ўтган ҳафта улфатларига мақтаниб, тоғда булоқ сувларини ичиб, маза қилиб дам олиб келамиз, деб кетишувди. Танишлари ёзиб берган кўчага бориб, уйнинг эшигини тақиллатишса, бир кексароқ хотин чиқибди. “Жалолиддиннинг уйларими?” деб сўрабди акангиз. Хотин “киринглар, киринглар”, деб суюниб таклиф қилибди. Дастурхон ёзиб, ноз-неъматларни тўкиб ташлабди. Келини дарров ўчоққа ўт қалабди. Нон ёпишган экан, қаймоқхўрликни бошлаб юборишибди. “Жалолиддиннинг ўзлари қанилар?” деб бир-икки сўрашса ҳам хотин “ҳозир, ҳозир”, деб қўярмиш. Ош пишса ҳам, еб бўлишса ҳам уй эгаси кўринмабди. Охири бетоқат бўлиб яна сўрашса, ўша хотин қимтиниб туриб, нима дебди денг: “Мени кечиринглар, сизлар нариги кўчадаги Жалолиддин аканикини йўқлаб келгансизлар. Бу Жамолиддин аканинг уйи. У киши менинг хўжайиним эдилар. Баҳорда қайтиш қилувдилар. Меҳмон кутишни жуда-жуда яхши кўрардилар. Бугун туғилган кунлари эди. Сизлар эшикни тақиллатганингизда, Худойимдан ўргилай, меҳмонни ўзи юборди, деб суюниб кетдим”. Ана шунақа афандилик қилиб юради акангиз. Бугун улфатлари билан биллалашиб, бозорда ҳаражат қилиб ўша марҳумнинг уйини алоҳида зиёрат қилгани кетишган.
-Опоқи, қўрқадиган касаллик йўқ кўзингизда,-деди Наргиза унинг гапини бўлиб.- Берган дориларимни вақтида қуйиб туринг. Телевизорга камроқ тикилинг.
-Телевизорга хушим йўқ, она қизим. Фақат битта туркча, битта карисча киноларни кўраман. Мексиканикини кўрмайдиган бўлдим. Бир хил жойларида амакингдан уялиб кетаман-да...
Наргиза кампирнинг гапларидан кула-кула чиқиб кетади. Маъсума унга эргашди.
Наргиза чиқиб кетгач, ҳовлига сиғмай қолди. Ҳилоланинг айган гаплари қулоғи остида жаранглайверди. Шом қоронғусидан дарак бериб чирқиллашни бошлаган чумчуқлар гўё “ана, қаранглар, порахўрнинг устози шу киши бўладилар”, дейишаётгандай туюлиб, Акбар домланинг эти жимирлашиб кетди. Беихтиёр кийиниб, кўчага чиқди. Бир вақтлар ўзи ўқитган, бугун қизи ишлайдиган коллежни бошқараётган шогирдиникига қараб йўл олди. Директор эндигина ишдан қайтиб, кийимини алмаштиришга ҳам улгурмаган эди. Акбар домлани кўриб, ажабланмади. Ҳилоланинг коллежда айтган бир-икки гапидан кейин устозининг келишини билган эди. Фақат бу қадар тез келишини кутмаганди. Акбар домла унинг таклифини рад этиб, ичкарига кирмади, мақсадини ҳам дарров айта олмади. Унинг одати шунақа: бир нарсадан қаттиқ ранжиса, ёки ғазабланса, гапини айтолмай довдираб қолади. Унинг мушкулини директор осон қила қолди:
-Ҳилола айтгандир. Тушунинг, баъзан шунақа қилишга машбурман. Коллежнинг кўпчилик билмайдиган ҳаражатлари бор...
-Ҳаражатлар дегин...-Акбар домла чуқур хўрсинди.-Мен сенинг ишингга аралашмайман. Ақл ҳам ўргатмайман. Оддий ўқитувчи директорга ақл ўргатмайди, биламан. Фақат сенам билиб қўй: менинг номимни ҳеч ерда тилга олма. Тилга олсанг ҳам “устозим” дема!
Бошқа гапирмади. Изига қайтди. Директор осон қутилганидан қувонди. Лекин бир нарсага аҳамият бермади: “Устоз отангдек улуғ” дейдилар. Ота ўғилни оқ қилса, бундай фарзандлар “оқпадар” дейилади. Сўнгги сўзи билан Акбар домла шогирдини оқ қилган эди. Унинг мақоми ҳам оқпадар билан тенг эканини директор англадимикан?
 Наргиза дугонасиникидан қайтганида телевизорда кулгили томоша бўлаётган эди. Ота-бола «Бу телба дунё» деб аталмиш томошани охиригача кўришди.

Ҳозир сайтимизда 49 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ