1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

«Али хўжа, хўжа Али»

Одамнинг ёки бошқа маҳлуқотнинг вафотидан ажабланмаймиз. Аммо бирон яхши фикр ёки қарорнинг ўлими ажабланарли. Одамни сақлаб қолиш учун кўп ҳаракатлар қилинади. Аммо айрим қарорларни сақлаш учун биров қайғурмайди. Аксинча, тезроқ ўлишини кутиб, тамоша қилинади, ёки кўриб кўрмаганга олинади. Тўй ва маросимларни ихчам тарзда ўтказиш ҳақидаги республика раҳбарининг қарори шундай бўлди. Кузда қабул қилинган қарор баҳоргача аранг яшади. Сўнг дабдабалар яна ўша тарзда, ҳатто янада баландроқ авжда давом этяпти. Бу қарорнинг бахти бор экан, ҳеч бўлмаса уч-тўрт ой яшади. Худди шу масалада Ўзбекистон муфтиётининг қабул қилган фатвоси эса чилласи чиқмаёқ ўла қолди. Бунга сабаб чақалоқ фатвонинг доялари бўлмиш муфтий ҳазрат фатвони охирига қадар ўқимаёқ имзо чекиб юборган бўлсалар керак. Эҳтимол у зот йигирма ошига ошиқиб турганларида фатвони имзога олиб киргандирлар, валлоҳи аълам! Ҳақиқат шуки, фатво кўп нусҳаларда кўчиртирилди, маҳалла идораларига, масжид деворларига ёпиштирилди ва шу билан иш ниҳоясига етди. Биров ўқиди биров ўқимади. Ўқиган киши бўлса эди, бу фатвони энг аввало муфтий ва унинг ёрдамчилари, имомлар бажармоқлари шарт, деган банднинг йўқлигига амин бўлардилар. Имомлар фатвони жума намозларида ўқиб бердилар ва намоздан сўнг йил ошига равона бўлдилар. «Домланинг айтганини қил, қилганини қилма» деганлари шу. Маросим ошларида қўр тўкиб ўтирган муллаларимизга эътибор берманг, азиз биродар. Энди «йигирма» ёки «йил оши» дейилмайди. Эндигисини номи «эҳсон». 17 ёки 19 кунда қилинмайди, олдинроқ ёки кейинроқ қилинади. Муллаларимиз «али хўжа, хўжа али» деган мақолдан бехабар бўлсалар не ажаб?

Афсуски, барвақт ўлган фатволар учун аза очилмайди. Очилганда эди, бу фатвога ҳам йигирма оши тарқатар эдик. Муфтий ҳазратни чорлар эдик. «Қани, қани, ҳазрат, тўрга, марҳамат қилсинлар, ош совумасин, бошқаси бир гап бўлар. Қани, бисмиллаҳир роҳманир роҳийм, гўштга қўшиб олсинлар, тақсир!»

Тоҳир Малик

Ҳозир сайтимизда 19 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ