1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Қути ичидаги жон

Хасис бой бор эди. Судхўрликдан ҳаром-ҳаришдан олтин-кумуш орттирди. Инфоқ-эҳсон қилмай, закот чиқармай, топган-тутганини хотинидан. Бола-чақасидан ҳам қизғаниб бойиди. Тилла тангаларни ўғирлик молдек яшириб сақлади.
Бир куни бўлмас иш бўлди: ўғлининг хонага кирганини билмай қолди, олтин солинган қутини кўриб қолиб, савол берди:
—Дада, қутининг ичида нима бор?
—Илон бор, чаён бор! Бўлди, тур, кет!
Қутининг ичида «менниг жоним бор» деса бўларди-ю, бир жиҳатдан, илон-чаён дегани ҳам беҳикмат эмас…
Йиллар ўтди, бойнниг соғлиги ёмонлашиб, ётиб қолди. Дарди кундан-кун оғирлашди. Ўғли табибларни чақириб, отасини даволатиш учун бор олтинни аямай сарфлади. «Қаратган қараб қолмас» дегандек, саъй-ҳаракат бежиз кетмади, дармон дорилар яради. Аллоҳ шифо бериб, бемор тузалди.
Ҳаётдан умидини узган одам оёққа туриб, тетиклашгач, олтин жозибаси яна уни ўзига тортди. Қутини бўш кўриб, юраги қинидан чиқаёзди. Ўғли: «Тиллаларни сарфлаб, сизни даволатдим», дегани ҳамоно отаси «Оҳ!» дея таппа йиқилди. Аҳволи оғирлашиб, жони халқумига келди.
Ўғли назъ ҳолати етганини англаб, шаҳодат калимасини овоз чиқариб ўқиди, отасининг тилида эса калима чала қолди, фақат «ашҳаду» дея олди. Сал туриб, жон талвасада «олтин…» бир-бирига боғланмаган икки сўз. Маййитга яхши тилак жоиз: илоҳи, имонли кетган бўлсин…
Энди ўйланг: бу қандай ўлим бўлди? Қазо етгани ҳақ, сабаб — олтин, у тиллани севарди. Жони гўё қутининг ичида эди. Қутидан зар кетди, танасидан жон кетди.
Қуръонда ҳавои нафс «бузғунчи» деб сифатланишин бежиз эмас.
Нафс тизгинини қўлга олинг, олтинпарастлардан ҳазар қилинг, азизлар!

Фозил ЗОҲИД