1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer

Икки муслима табиатшунослик фанига қўшган улкан ҳиссаси учун тақдирланди

Ривожланаётган мамлакатлардаги олима аёлларни қўллаш бўйича ташкилоти (OWSD) икки муслима аёлни табиатшунослик фанлари соҳасидаги тадқиқотлари учун мукофотлади, дея хабар беради Muslim Science.

“Америка илм-фанни ривожлантириш ассоциацияси”нинг Техас штатининг Остин шаҳрида ўтган ойда бўлиб ўтган ҳар йилги мажлисида бангладешлик Ҳасибун Наҳер (Hasibun Naher) ва индонезиялик Витри Ваҳйу Лестарига (Witri Wahyu Lestari) 5 минг доллардан мукофот топширилди.

Индонезиядаги Себелас Марет университетининг ўқитувчиси, доктор Лестари металлоорганик ва координациявий кимё бўйича тадқиқотлари учун мукофотга сазавор бўлди.

Унинг илмий изланишлари молекуляр магнитлар, газларни тақсимлаш ва сақлаш, селектив синтез ва дори воситаларини етказиб бериш ҳамда атроф муҳитнинг муҳофазаси каби соҳаларда кенг қўлланадиган илғор материалларни ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Мисол учун, металлорганик каркасли тузилмалар асосидаги гетероген катализаторларни ишлаб чиқариш газларни сақлашда ҳамда карбонат ангидрид газини ушлаб қолиш жараёнини таъминлаш ва оқибатда иссиқхона (парник) самарасини камайтириш соҳасида қўлланади.

“Ушбу мукофот кимёгар сифатида менинг ишим, илмий изланишларим ва муаллимлик фаолиятимнинг самарадорлигини ошириш учун қўшимча катализатор бўлди... Менинг асосий мақсадим – жамиятга ва бутун инсониятгга фойда келтириш”, - деди Лестари.

Математика ўқитувчиси доктор Ҳасибун Наҳер ночизиқли дифференциал тенгламалар соҳасидаги тадқиқотлари учун мукофотланди. Хусусан, у цунами ва дарбадар тўлқинларни моделлаштириш билан шуғулланган.

"Ушбу нуфузли мукофот менга ривожланган мамлакатлардаги олимлар билан турли соҳаларда ҳамкорлик қилган ҳолда  ўз олдимга қўйган мақсадларимга эриша олишим борасида ишонч уйғотди, - деди Наҳер. – Болалигимдан ривожланаётган мамлакатлардан талаба қизларни қай йўсинда рағбатлантириш кераклиги борасида ўйлардим. Ушбу муофот орзуимни амалга оширишга ёрдам беради дея умид қиламан”.

Шунингдек, олима аёлларнинг иккови ҳам ёш олимларга ёрдам бериш ва уларнинг илмий изланишларида қийинчиликларни енгиб ўтишига рағбатлантириш бўйича хизматлари қайд этилди.

Ҳозир сайтимизда 82 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ