1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Қизиқчилик

САВОЛ: Ҳадисда ўқишимча, инсонларни кулдириш учун ёлғон ишлатиш мумкин эмас. Лекин қизиқчилар ҳаётда бўлган воқеъалар билан бирга ёлғондан тўқилган латифалар билан ҳам одамларни кулдиришади-ку, шундай ҳолатларда мусулмон одам тингламаслиги керакми? Ваҳоланки, тингловчи айтилаётган гапларнинг рост ёки ёлғонлигини билмайди.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бу ерда маълум таълимотларни билишимиз керак. Ҳазил-мутойиба пайтида ёлғон нарсаларни қўшмаслик Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари бўлган. У зоти бобаракот ҳам баъзи пайтларда ҳазил-мутойибаларни қилганлар. Лекин буларнинг ҳаммаси рост ва ҳақийқат бўлган. Агар биринчи бор эшитган кишида тушун-мовчилик ҳолати бўлса ҳам, лекин аслини суриштириб келганда, ҳақийқат эканлиги маълум бўлади.
Мисол учун, бир киши келиб, Расулуллоҳ сол-лал­лоҳу алайҳи васалламдан:
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васал-ламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулаллоҳ! Мени миндиинг», – деди.
«Албатта, сени туянинг боласига миндира-ман», – дедилар.
«Ё Расулаллоҳ! Туянинг боласини нима қиламан?!», – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васал-лам:
«Туяни туя туғади-да!», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Ҳасандан ривоят қилинади:
«Бир кампир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулаллоҳ! Аллоҳга дуо қилинг, мени жаннатга киритсин», – деди.
«Эй Умму Фалон! Жаннатга кампир кирмай-ди», – дедилар. Шунда кампир йиғлаб қайтиб кетди. Бас, у зот: «Унга айтинглар, Жаннатга қари ҳолатда кирмайди», – дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шунга ўхшаган ҳазил-мутойибаларда ҳам фақат ҳақийқат бўлган. Энди қизиқчиларнинг гапларига келадиган бўлсак, ёлғон ва кишиларга озор етказадиган даражада беодоблик маъноларидаги нарсалар бўлса, айтишдан ҳам, тинглашдан ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Аммо юқоридагига ўхшаш латиф сўзлар, кишилар заковатини бироз қўзғайдиган ҳолатлар бўлса, жоиз. Умуман, бу маънода ниҳоятда эҳтиёт бўлиш керак. Валлоҳу аълам.

Йигитларнинг соч ва тирноқларини узун қилиб ўстириб юришганини ёки аксинча, қиз ва аёлларнинг сочи жуда калталиги

САВОЛ: Кўчада йигитларнинг соч ва тирноқларини узун қилиб ўстириб юришганини ёки аксинча, қиз ва аёлларнинг сочи жуда калталигини кўриб қоламиз. Бу борадаги талаблар қандай?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бу маънода бизнинг боқий, мукаммал дийнимиз Исломнинг ўзига яраша кўрсатмалари бор. Албатта, инсоннинг ташқи қиёфаси гўзал бўлиши Исломда талаб қилинган нарсалардан ҳисобланади. Шунинг учун суннати муттоҳҳарада бу маънодаги ҳолатларнинг қандай бўлиши ҳақида кўрсатмалар бор.
Аввал тирноқлардан сўз очадиган бўлсак, ҳар бир мусулмон эркак, аёл, йигит, қиз ҳафтада бир марта тирноқларини олмоғи керак. Уни узун қилиб ўстириб юриш Ислом одобига ва Ислом кўрсатмасига ҳамда суннатга мутлақо хилоф иш бўлади.
Энди соч ҳақида гапирадиган бўлсак, сочни эҳтиром қилиш тўғрисида ҳадиси шарифлар бор. «Сочни эҳтиром қилиш» дегани уни тоза тутиш, авайлаб, гўзал қилиб юриш маъносини тушунтиради.
Сочнинг узун-қисқалиги тўғрисида гапирадиган бўлсак, эркак кишининг сочи эркакларникига ўхшаган бўлиши лозим. Қисқа бўлиши тарғиб қилинишининг сабаби шуки, ғусл пайтида бирор толанинг тагига сув тегмай қолса, ўша жой жаҳаннам оташида куйиши ҳақида ҳадислар бор. Бироз ўстириш эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сочлари ўсиб, қулоқларининг юмшоғидан бироз пастга тушиб турганлиги тўғрисидаги ривоятларга асосланган.
Аёлларнинг сочлари қадимдан узун бўлган. Шунинг учун уларга баъзи вақтда, ҳатто ғусл пайтида ҳам соч ўримларини ечмасликка рухсат бериб, шариат тарафидан енгилликлар киритилган. Лекин аёллар билан эркакларнинг сочлари орасидаги фарқ бир-бирига ўхшаш бўлмаслиги керак. Яъни, аёл сочини эркакларникига ўхшатиб олмаслиги ва эркак киши сочини аёлларникига ўхшатмаслиги керак Валлоҳу аълам.

Аёлнинг ҳам ажраш ҳаққи бор

САВОЛ: Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари, бир дўстим 10 йилдан бери фарзандсиз. Докторлар дўстимга бепуштлик диагнозини қўйишган, ҳозирги кунга келиб аёлнинг уйидагилари келинни ажратиб олишмоқчи, сабаб-фарзандсизлик. Эр-хотин ўртасидаги муносабатлар ҳозирги кунгача яхши эди, лекин ҳозир аёл эридан жавоб, яъни ажрашишни талаб қилмоқда. Аёл: «Бошқа эрга тегиб, фарзандли бўламан, умрим ўтиб кетмоқда», деб даво қилмоқда. Шундай вазиятда эр хотинига жавоб бермаса, бўладими. Ўз навбатида, Ислом нуқтаи назаридан, аёл эрининг жавобисиз кетиб ажрашишга ҳаққи борми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

«Хулуъ» сўзи луғатда «кийим ечиш» маъносида кўпроқ ишлатилади. Шариатда эса хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб эри билан ажра-шишига «хулуъ» дейилади. Чунки эру хотин, Қуръон таъбири ила, бир-бирига кийим ўрнида бўлади.
Аллоҳ таоло: «Бас, агар иковларининг Аллоҳнинг чега-ра­ларида тура олмаслигидан қўрқсангиз, хотин берган эвазда икковларига гуноҳ йўқдир. Ушбу-лар Аллоҳнинг чегараларидадир. Бас, уларга тажовуз қилманг. Ва ким Аллоҳнинг чегарала-рида тажовуз қилса, бас, ўшалар, ана ўшалар, золимлардир.» («Бақара» сураси, 229-оят), деган.
Ушбу ояти карима асосида Ислом шариатида «хулуъ» ҳукми жорий қилинган. Эр-хотинда бирга яшаш иложи қолмаса, агар бирга турсалар, гуноҳ иш содир бўлиши муқаррар бўлиб қолса, хотин ажрашишни истаб эрига фидя-тўлов бериб ва уни рози қилиб ажрашиб кетса, бўлади.
Бу масалада «Мухтасари Виқоя»нинг соҳиблари қуйидагиларни айтади.
Ҳожат тушганда, маҳрга яроқли нарса эвазига хулуъ қилса, бўлади.
Бунга ҳозиргина ўрганган оятимиз ва қуйидаги ҳадиси шариф далилдир:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Собит ибн Қайснинг хотини Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Ё Расулаллоҳ, мен унга хулқда ҳам, дийнда ҳам бир айб қўя олмайман, лекин Исломда куфрон бўлишини ёқтирмайман», – деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Унга боғини қайтариб берасанми?» – дедилар.
«Ҳа», деди аёл.
Эрига: «Боғни қабул қилиб олда, уни бир талоқ қил», – дедилар».
Бухорий ва Насаий ривоят қилишган.
Собит ибн Қайс розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтганларини қилди ва шу тарийқа Исломда биринчи хулуъ собит бўлди.
Узоқ муддат фарзанд кўрмаганлик ҳам узр ҳисобланади. Аммо ажрашга шошилмай, Аллоҳ таолодан биргаликда нажот сўрашни ва даволанишни маслаҳат берамиз. Валлоҳу аълам.

«Мен сенга уйланаман. Уйланмасам, эмган сутим ҳаром бўлсин»

САВОЛ: Бир биродаримиз анча йил олдин бир қиз билан яхши кўришиб, «Мен сенга уйланаман. Уйланмасам, эмган сутим ҳаром бўлсин», деб қасам ичган экан.
Тақдир тақозосига кўра у қиз бошқа киши билан, бу йигит эса бошқа қиз билан турмуш қуриб кетишди. Ичилган қасам эса виждон азобида қийнайди. Шу каби ичилган қасамлар одамга тегадими? Унинг кучини йўқ қилса бўладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ношаръий ишларни қилишнинг оқибати шу каби хижолатликларга олиб келади. Шариатга хилоф учрашув шариатга хилоф қасамга олиб борган ва хижолатлик ҳамон давом этмоқда.
Аслида, Аллоҳ таолонинг номи билан ичилган қасамгина шаръий жиҳатдан тўғри ҳисобланади. Бошқа номлар билан, турли шартлар билан ичилган қасамлар ношаръий бўлиши билан бирга, баъзан ширкка сабаб бўлиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун, агар дўстингиз Аллоҳ таолонинг номи билан қасам ичмаган бўлса,аввало, тавба қилсин, кўп-кўп истиғфор айтиши шарт. Фақат шундан кейингина қасамини бузган кимсалар учун шариатда белгиланган жазолардан ўзи қодир бўлганини бажаради. Бу шартлар:
1. Ўнта мискинни тўйдириш.
2. Ўша мискинга бир сира кийим-бош олиб бериш.
3. Бир қул озод қилиш.
4. Юқоридаги учта ишга қодир бўлмаса, уч кун рўза тутиш. Валлоҳу аълам.

Тумор ҳақида

САВОЛ: Кўз тегмасин деб чақалоқларнинг қўлига кўзмунчоқ тақиб қўйиш бидъат эканлигини биламан. Лекин дуо, оятлар ёзилган тумор тақиб юриш мумкинми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Дарҳақийқат, кичик ёшдаги гўдакларга мунчоқ тақиб қўйиш бидъат-хурофот ҳамда мусулмонларга мутлақо тўғри келмайдиган нарсадир. Аммо, ёш болаларнинг тили чиқмаганлиги ёки ёдлаш қобилияти йўқ бўлгани сабабли Қуръон оятларини ёдлай олмаса, Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳунинг ишларига тақлид қилиб, оят ва дуоларни ёзиб, тақиб қўйиш мумкин.
Абдуллоҳ ибн Умар саҳобалар ичида энг тақволи ва суннатга энг эргашувчи шахс сифатида танилган зотдирлар. Болаларининг ўзлари Қуръон ёдлайдиган бўлгунча, шу оятларни ёзиб, тақиб қўйган эканлар. Ақлини таниб, оят ёдлай оладиган бўлганидан кейин бу иш мумкин эмас. Агар кўз тегишидан ёки яна бошқа нарсалардан чўчиса, ўзи оятларни ўқиб, ўзига дам солиб юриши керак.
Аввало, ҳамма нарса Аллоҳ таолодан эканлигини қалбига жойлаб, бунга қаттиқ эътиқод қилмоғи лозим. Ётаётганида ҳам, турганида ҳам, кўчага чиқаётганда ҳам Қуръон оятлари, хусусан, «Оятул Курсий», «Каафирун», «Ихлос», «Фалақ», «Наас», «Йаасийн» сураларини ўқиб, дам солиб юриши ҳадисларда тавсия этилган. Валлоҳу аълам.

Ҳозир сайтимизда 16 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ