1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ

Muslima.Uz

Истиғфор айтиб фарзандли бўлиш мумкинми?

САВОЛ: Мен бир неча йилдан бери оилалиман. Лекин фарзандимиз йўқ. Бир куни бир танишим келиб: «Мен бир олим одамдан эшитдим, агар икковларингиз юз минг мартадан истиғфор айтсангиз, фарзандли бўласизлар», деди. Агар шундоқ бўлса, унинг шартлари қандай бўлади? Жавоб учун олдиндан раҳмат.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир бандага қўша-қўша фарзандларни ато этган бўлсин, жумладан, ушбу саволни йўллаган мухлисимизнинг оилаларига ҳам Роббул оламийн яхши-яхши фарзандларни ато этиб, ўша фарзандларни бу оиланинг аъзоларига кўз қорачиғи бўлишини насийб этган бўлсин.
Албатта, бефарзанд одам турли йўллар билан фарзанд топишнинг пайидан бўлади, Аллоҳ таоло-га илтижо қилади, мутахассисларга мурожаат эта-ди.
Фарзанд кўрмасликнинг сабаблари эрдаги ёки хотиндаги маълум бир беморлик, хасталик, камчи-лик бўлиши мумкин, буни тиббий йўллар билан муолажа қилишга ҳаракъат қилиш лозим бўлади.
Лекин асосий тилак, асосий истак Аллоҳ субҳану ва таолонинг Ўзидан бу нарсани сўраш бўлади. Аллоҳ таолодан фарзанд сўрашнинг, Аллоҳ таолога илтижо қилишнинг йўлларидан бири- Роббул оламийнга истиғфор айтиш, «Астағфируллоҳ» ёки «Астағфируллоҳал аълиял аъзим, аллазий лаа илааҳа илла ҳува ва аътубу илайк» сўзларини кўп марта ихлос билан, Аллоҳдан фарзанд сўраш ния-тида такрорлашдир. Мана бу ерда, демак, ўша маслаҳат берган одам бир олимдан эшитганидай юз минг марта айтишни тавсия қилибди. Бу, бир тажрибадан келиб чиққан нарса, юз минг мартадан кўп бўладими, оз бўладими, лекин ихлос билан қилинса, шу ният билан қилинса, шоядки, Аллоҳ таоло банданинг илтижосини тингласа, дуосини ижобат қилса, сўраган нарсасини берса. Қуръони Каримда Аллоҳ субҳану ва таоло Нуҳ алайҳиссаломнинг тилидан у зот ўз қавмига истиғфор айтишини ва истиғфорнинг фойдаларини баён қилувчи ояти каримани нозил қилган. Нуҳ алайҳиссалом:
«Бас, ўз Роббингизга истиғфор айтинг, албатта у гуноҳларни кўплаб мағфират қилувчидир, дедим» («Нуҳ» сураси, 10-оят), дейдилар-да, кейин истиғфорнинг фойдаларини айтадилар:
«У зот осмондан устингизга кетма-кет (барака ёмғирини) юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир». («Нуҳ» сураси, 11-12 оятлар). Ана шу ерда фарзанднинг кўпайишига ҳам Аллоҳ таолога истиғфор айтиш фойда бериши айтилган. Шунинг учун ҳам, Ҳасан Басрий розияллоҳу анҳунинг ҳузурига кишилар келиб, турли нарсалардан: кимдир ёмғир ёғмай қўйганидан, кимдир камбағаллик тарқалганидан, кимдир бефарзандликдан ва бошқа нарсалардан шикоят қилишганида, «истиғфор айтинг», деганлар. Одамлар «Ҳаммага «истиғфор айтинг» деяпсиз, бу қанақа бўлди?» деганида мана шу оятларни ўқиб берганлар. Ҳақийқатан, истиғфорнинг фойдаси ниҳоятда кўп, ана шу фойдалардан бири фарзанд талабидаги кишилар ният билан истиғфорни кўп айтсалар, шоядки, Аллоҳ таоло ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқиб, ўша бефарзанд би-родарларга, опа-сингилларга ҳам фарзандларни ато этса. Аллоҳим, барча бефарзанд биродарларимизга, опа-сингилларимизга Ўзингнинг ғайб хазийнангдан қўша-қўша фарзандларни ато қилгин, уларнинг кўзини қувончга тўлдирсин, қалбини, кўксини фарзандга тўлдиргин, мурод-мақсадларига эриштиргин. Валлоҳу аълам.

Қизлик пардасини тикиш

Савол: Дугонам ёмон йўлларда юриб қизлигини йўқотди. Лекин қилган ишларига пушаймон бўлиб, рост тавба қилди. Энди у ўзи ва оиласининг шаънини сақлаб қолиш учун бокиралик пардасини тикласа бўладими?
Жавоб: Зино ёки бошқа фаҳш ишлар сабабли қизлигини йўқотган қиз пардасини тиктириши жоиз эмас. Бу алдов ва фирибгарлик, авратларни очиш, ёмонлик ва фасод эшикларини очишдир. Бундай қилиш қизларни зинодан ҳайиқмаслигига сабаб бўлади. Шаънни ҳимоя қилиш бировнинг ҳисобидан бўлмаслиги керак. Зеро фуқаҳолар айтганидек, зарар зарар билан кетказилмайди. Балки бу тўғрида ростлик вожибдир. Дунёдаги маломат қиёмат кунидаги гувоҳлар олдидаги шармандагарчиликдан енгилроқдир.
Инсоннинг адашиш ва залолатидан тўхташи, Аллоҳ таоло томон қайтиши ва рост тавба қилиши мақтовга лойиқ, яхши ҳол. Лекин масалага жоиз эмас деб жавоб қилинишининг сабаблари бор. Жумладан;
1) Бокиралик пардасини тиклаш баъзида насаблар аралашиб кетишига олиб боради. Чунки аёл тиклашдан олдинги жимоъдан ҳомиладор бўлиб қолган бўлиши, шундан сўнг турмушга чиқиб туғиши мумкин. Табиий эри бу болани фарзанди деб ўйлаб, ҳалол ҳаромга аралашиб кетади.
 2) Бокираликни тиклаш жараёнида аврат, сир очилиши каби мункар ишларга йўл қўйилади.
3) Бокираликни тиклаш иродасиз ва ахлоқи бузуқроқ қизларга зино гуноҳини қилишдан тап тортмаслигига боис бўлади.
4) Манфаат ва фасод бир бўлиб қолганда, манфаатни ҳосил қилиш ва фасодни тўсишнинг тенг иложи бўлса, шундай қилинади. Аммо манфаатни ҳосил қилишда фасодни тўсиш имконсиз бўлса ва фасод манфаатдан кўра катта бўлса, фасод тўсилади, манфаат қўлдан чиқаётганига қаралмайди. Ислом фуқаҳолари шундай қарор қилишган. Шу қоидага татбиқан бокираликни тиклаш ва у сабаб бўладиган фасодлар кўплиги боис, унинг ножоиз эканига ҳукм қилдик.
5)  Ислом шариати қоидаларига кўра зарар зарар билан кетказилмайди. Масалан ерига келаётган селдан қутилиш учун уни бировнинг ерига буриб юборилмайди. Худди шунга ўхшаб қиз ва унинг аҳлининг шаънини ҳимоя қиламан деб, уни оладиган эрининг шаъни ерга урилмайди.
6) Бокираликни тиклашнинг асли ўзи ношаръий ишдир. Чунки бу ишда алдов ва фириб бор. Бундай ишлар эса шаръан ҳаромдир.
7) Бокираликни тиклаш унинг кетиш ҳақиқатини яширишгани учун қиз ва унинг аҳлига ёлғон эшикларини очади. Ёлғон ҳам шаръан ҳаромдир.
8) Бокираликни тиклаш амалиёти қиз шаънини сақлаб қолиш иддаоси билан тиббиёт ходимларига аборт ва бола тушириш амалиётларини оқлашларига боис бўлади.
Босқинчилик ёки зўрлаш туфайли бокиралиги кетган қизларнинг ҳолини яшириш ва шаънини ўйлаш эса шаръан матлуб. Чунки бунда муҳаққақ манфаатлар бор ва уни эътиборга олинади.  Аммо бокираликни тиклашда манфаатдан кўра зарар ва фасодлар кўплигини эса юқорида кўриб чиқдик. Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад

SMS ёки электрон почта орқали қилинган талоқ тушадими?

Савол: SMS ёки электрон почта орқали қилинган талоқ тушадими?

Жавоб: Ушбу саволга бевосита жавоб қилишдан олдин талоқни сўз билан эмас балки ёзиш орқали қилишнинг ҳукми ҳақида ёзилганларни кўриб чиқсак: “Раддул муҳторнинг ҳошияси”, 3-жуз, 271-бетида шундай дейилади: “Ҳиндийя”да айтилади: “Ёзиш икки хил бўлади: Марсум ва марсуммас. Марсум—одатда йироқдаги кишига ёзиладиган адресли, унвонли мактуб. Марсуммас—адрессиз, эгаси аниқ бўлмаган мактуб. Марсуммас мактуб ҳам иккига бўлинади: мустабин ва мустабин бўлмаган. Мустабин—саҳифа, девор ва ерга тушуниш ва ўқиш мумкин бўлган юзада ёзиш. Мустабин бўлмаган эса—тушуниш ва ўқиш мумкин бўлмас шаклда ҳавога ва сувга ёзиш.
Мустабин бўлмаганида гарчи ният қилган бўлса ҳам талоқ тушмайди. Агар мустабин, лекин марсуммас бўлса талоқни ният қилса, тушади. Ният қилмаса, тушмайди. Агар мустабин ва марсумли бўлса ният қилса ҳам, қилмаса ҳам, талоқ тушади. Бу ҳолатда талоқ ёзилган пайтдан бошлаб тушади ва хотиннинг иддаси шу вақтдан бошланади”.  
Мазкурлардан хулоса қилсак, саволда сўралаётган ҳолатлар ҳукмларнинг мустабин ва марсумли ҳолатига тўғри келади. Яъни, эр SMS ёки электрон почта орқали талоқ қилганда муайян адресга, яъни хотинининг телефон рақамига ёки электрон адресига, ҳамда мустабин, яъни тушунарли шаклда мактуб ёзмоқда. Бинобарин бу ҳолатда эр ният қилмаса ҳам талоқ тушади ва хотинининг иддаси эр мактубни ёзиб, жўнатган пайтдан бошланади. Агар эр мактубни ўз кўзланган адресига жўнатмаса ният бўлгандагина талоқ тушади.
Аммо мазкурлар масаланинг шаръий томони. Энди унинг амалий томонига келсак, телефон бировнинг қўлига тушиб қолиб, ёки очиқ турган электрон почтадан фойдаланиб, бошқа биров томонидан  эрнинг номидан талоқ қўйилиши мумкин. Замонавий алоқа воситаларида ёлғон, алдов, ҳийла ва фитналар кўп учрашини ҳисобга олиб, агар киши хотинидан йироқда бўлса, талоқни ўз қўли билан қоғозга ёзиши ёки вакил орқали қилиши мақсадга мувофиқ. Валлоҳу аълам.

Мубашшир Аҳмад

Тўйбоши тўйда хизмат қилгани учун унга пул ташлаш мумкинми?

 

 

 

Савол: Тўйбоши тўйда хизмат қилгани учун унга пул ташлаш мумкинми?

Жавоб: Тўйбошига пул ташлаш нима керак?! Тўёна сифатида уй эгаси учун пул ёки шунга ўхшаш нарсаларни ҳадя қилиш мумкин. Тўйбошилар шуни вакил ўлароқ қабул қилиб олиб туришлари ҳам мумкин. Бундай амалларни эркаклар амалга оширадилар. Аёллар эркаклар орасига аралашиб юришлари, тўйбоши эркак бўлса, унинг олдига бориб гаплашиб туришлари мақбул эмас.
Аслида, бундай амаллар бидъат иш бўлиб, зарардан холи эмас. "Ҳар қандай бидъат залолат" дейилганидек, айнан мана шундай ишларда зарар ва залолат бор. Уларни йўқ қилишга, тартибга солишга ҳаракат қилишимиз зарур.

"Сўраган эдингиз" китобидан

 

 

 

ЗАГСдан ўтиб, бироқ никоҳсиз яшаш

Савол: Аёл ва эркак бир-бирларини яхши таниса ФҲДЁдан ўгса-ю, лекин никоҳ ўқитмасдан яшаса бўладими?

Жавоб: Мусулмонлар уйланиб, турмуш қураётганларида шаръий никоҳ ўқитиб уйланишлари фарзи айн ҳисобланади. Гарчи уйланиш ва турмуш қуриш суннат бўлса-да, бироқ ақди никоҳ фарздир! Никоҳ қилиш бу мулланинг, катта домланинг олдида бўлиши шарт эмас. Никоҳ қилишнинг шарти икки нафар мусулмон эркак ёки бир муслим билан икки муслима аёл олдида бирга ҳаёт кечирмоқчи бўлган келин-куёв бир-бирларига тани маҳрамликка рози бўлишларидир. Бу розилик ўтган замон феъли билан айтилиши керак. Бунга "ийжоб ва қабул", дейилади. Бу никоҳнинг рукни ҳисобланади. Бизда одатда бундай шаръий амалларни кўпроқ имом домлаларимиз яхши билганлари учун улар никоҳ қилиш ишларини амалга оширадилар ва шуни назорат қилиб борадилар.

Никоҳ қилдирмасдан эркак билан аёлнинг бирга яшашлари, турмуш қуришлари оғир гуноҳдир. Имом Заҳабий ривоят қиладилар-ки, кимки ўзига ҳалол бўлмаган аёлни шаҳват билан ушласа, қиёмат кунида қўли бўйнига боғланган ҳолда келади. Агар ўпса, лаблари оловда қирқилади. Борди-ю, зино қилса, қиёмат кунида сонлари тилга киради-да, унинг зарарига гувоҳлик беради. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам мана бундоқ деганлар:
"Бас, икки кўзнинг зиноси назардир. Икки қулоқнинг зиноси эшитишдир. Тилнинг зиноси гапириш, қўлнинг зиноси ушлаш, оёқнинг зиноси қадам ташлашдир. Қалб эса истайди ва орзу қилади. Мана шуни фарж тасдикдайди ёки ёлғонга чиқаради".
Мана шунинг учун имом домлаларимиз никоҳ ўқитмоқчи бўлган эркак ва аёлнинг никоҳларини шаръий йўл билан ҳалол қилиб беришлари мақбулдир. Бундай масъулиятли ишни кечиктириб бўлмайди. Кечиктирилса, орадан бир-икки кун ўтиб кетадиган бўлса, уларнинг никоҳсиз бирга бўлишларига, оқибатда зинога сабабчи бўлиб қолинади.
Аслида, ҳар бир инсоннинг ўз масъулияти, ўз вазифаси бор. Ана шу вазифани у сидқидилдан адо қилиши, бурчига содиқ қолиши керак. Жаноби Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлари жуда машҳур:
"Огоҳ бўлинг! Ҳар бирингиз риоя қилувчи, подачи, чўпонсиз. Ҳар бирингиз ўз раиятига, қўл остидагиларга масъулдир. Демак, одамларга раҳбар бўлган имом - у ўз қавмига масъулдир. Киши ўз оиласига бошлиқ, шунинг учун у ўз ақлига масъулдир. Хотин эрининг уйига ва боласига қаровчидир. У уларга масъулдир. Кишининг қули эса хожасининг молини сақловчидир. У унга масъул. Огоҳ бўлинг! Ҳар бирингиз риоя қилувчи, подачи, чўпонсиз. Ҳар бирингиз ўз раиятига, қўл остидагиларга масъулдир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Мазкур ҳадиси шарифга мувофиқ имом домлаларимиз мусулмонларнинг никоҳларини шаръий бўлишларига масъулдирлар. Шунинг учун улар ўз вазифаларини сидқидилдан адо қиладилар ва шундай бўлмоқда. Энди, мазкур ҳадиси шарифга мувофиқ ФҲДЁ ходимлари ҳам ўз ишларига масъулдирлар. Улар ҳам давлат қонунларига мувофиқ аҳолини никоҳдан ўтказишлари керак бўлади. Зотан, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:
"Маъсиятда итоат этиш йўқ. Итоат этиш яхши ишлардадир”.
Шу сабабли, бошқа фармонларга ўхшаш никоҳ қилиш борасида ҳам мусулмонлар давлат қонунларига итоат этишда масъулдирлар. Улар никоҳларинк ФҲДЁ бўлимларидан рўйхатдан ўтказишлари шартдир.
ФҲДЁ бўлими ходим ва ходималари ҳам, имом домлаларимизга ўхшаб ўз ишларига масъулият билан ёндашсалар, никоҳни қайд қилдиришнинг ниҳоятда масъулиятли иш эканини, фойдали жиҳатларини тушунтириб, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб борсалар фойдадан холи бўлмайди. Улар никоҳни қайд қилдиришнинг ҳар хил самарали усулларини қўллаб кўришлари мумкин. Масалан, Тошкентда баъзи жойларда ФҲДЁ ходималари тўй бўлаётган жойларга келишиб, ҳамманинг олдида,
тўйга ташриф буюрган бутун халқ ўртасида бўлажак эру хотинни никоҳдан ўтказишаётганларини эшитяпмиз. Ўзи никоҳдан ўтказиш жуда оз фурсатни талаб қилади. Бинобарин, бундай ишлар ҳаммага ёқса керак. Қачонгача келин-куёвларнинг ўзлари келади, деб ўтирилади?! Баъзи туманлар ФҲДЁ бўлимларида никоҳдан ўтиш учун келган келин-куёвларни никоҳ шартномаси тузасизлар ёки тиббий кўрикдан ўтасизлар, деб қайтариб юбораётганини ҳам эшитиб қолмоқдамиз. Ҳолбуки, бу нарсалар келин-куёвнинг ўз ихтиёрлари билан бўлиши, хоҳишларига кўра амалга оширишлари давлат қонунларида кўрсатилган. Ана шуларга ўхшаш ҳар хил нохуш ҳолатларни баҳона қилиб, ФҲДЁ бўлимларидан никоҳни қайд қилдирмай юрганлар ҳам борлиги маълум. Шундай ҳолатларда имом иомлаларимиз шаръий никоҳ ўқимай ўтира олмайдилар.
"Қарсак икки қўлдан чиқади" деган ran бор. Бу борада ҳам келишиб, ФҲДЁ ходималари билан имом домлаларимиз биргаликда иш олиб борсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. ФҲДЁ бўлимлари қошида шаръий никоҳ қиладиган одам тайинлаб қўйиш ҳам мумкин. Ёки имом домлаларимиз келин-куёв никоҳ қилдиришга келганида ФҲДЁ бўлимларига хабар беришлари ҳам мумкин. Биз имом домлаларимизни тўплаб, мана шулар ҳақида суҳбатлар ўтказиб, тавсиялар бермоқдамиз.

"Сўраган эдингиз" китобидан

Ҳозир сайтимизда 225 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ