Сайт бўлимлари
- Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
- Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
- Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
- Энг заиф уй
Muslima.Uz
Севги - Аллоҳнинг эҳсони
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
Аллоҳ таоло одам боласига жуфтни бегона жинсдан эмас, айнан ўз жинсидан яратди ва ўрталарига меҳр-муҳаббат солди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Рум сурасида айтади: "Унинг оятларидан яна бири — У зот сизлар ҳамдам бўлишларингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратиши ва ўрталарингизда ошнолик ва меҳр-муҳаббат пайдо қилишидир" (21-оят). Демак, эркак-аёл ўртасидаги севги оддий ҳодиса эмас, буюк бир илоҳий лутфдир. Ахир У севдирмаса, инсон ниманиям сева оларди. Пашшага чиқитларни лаззатли туйдирган, мушукни сичқонга мафтун этган бир ҳикмат ила инсоннинг қалбига ҳам меҳр-муҳаббат туйғуси кирди. Йўқса, ҳеч бир эркак даромадига шерик, устига юк бўладиган аёлни севармиди, бир неча фарзандни боқишдек машаққатли вазифани елкасига олармиди?
Инсон наели давом этишини Аллоҳ таоло эркак-аёл муносабатларига боғлади ва бу вазифани адо этишдаги машаққат-қийинчиликларни ҳар икки дилга севикли ва оромбахш айлади.
Аммо бугунги кунда бир таҳлика мавжудки, у ҳам бўлса, аёл севгисининг янглиш тушунилишидир. Ҳар нарсанинг яхшиси - ҳалол доирада бўлганидир. Ҳалол топмоқ, ҳалол емоқ, ҳалол киймоқ ва, табиийки, ҳалол севмоқ.
Аёл нима учун севилади? Афсуски, кўпгина ёшларимиз, ҳатто баъзи катталаримиз ҳам аёлни севиш тушунчасини янглиш англаганлар. Аслида, бу нарса юқорида эслаганимиз оятнинг сабоғи асосида тушунилмоғи керак. Аёлни эркакка, эркакни аёлга севдирган Аллоҳцир, Аллоҳнинг бу севдириши ҳалол доирададир ва ҳақ учун, яхшилик учундир. Ғайримашруъ севгилар эса, бу доирага кирмайди, ундай севгилар раҳмоний эмас, шайтонийдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аёллар шайтоннинг тузоғидир", деганларида айнан шайтоний севги домига илинганларнинг аччиқ ва аламли аҳволини очиқ баён этганлар.
"Севги нима?" китоби асосида тайёрланди
Энг оғир йўқотиш
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
Бир китобда ушбу жумлаларни ўқиган эди: «Фалак ва Ер тиним билмай айланар экан, инсонлар ҳолати ҳам енгиллик ва қийинчилик, бойлик ва камбағаллик саломатлик ва хасталик, хурсандчилик ва маҳзунлик, машаққат ва роҳат орасида айланаверади. Ушбулар оқил кишиларга бир дарс, қалби борларга панду насиҳат, кўзи очиқларга ибратдир. Аммо ақл эгалари тафаккурдан, қалб соҳиблари шуурдан, кўз эгалари ибрат назаридан маҳрум бўлсалар, улар учун кеча ва кундузнинг алмашинуви ҳеч қандай маъно касб этмайди».
Нақадар ибратомуз ва ҳикматли гап. Ўақиқатан вақтнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти жуда улкан. Вақт ҳаётнинг бир лаҳзаси, тансиқ умр ўлчови. Аҳли донишлар вақтни энг кимматбаҳо нарсага тенглашган, бир соат, бир дақиқа вақтларини бекор кетказишса, аза тутишган, бойлигини йўқотган тижоратчидай довдираб қолишган.
Бизлар-чи? Вақтни беҳуда совуришда бизга етадигани йўқ. Қанчалаб қимматли соатларимизни кераксиз валақлашлар, ғийбат-иғво мажлислари, ўйин-кулгу, эсноқ-мудроқлар билан ўтказиб юборамиз. Чойхоналарда эртадан-кечгача гап сотишиб ўтирган, бекорчиликдан нарда, қарта ўйнаётган кишилар орамизда йўқ дейсизми? Ишхоналарда қимматли вақтининг қадрига етмай осмонга қараб эснаб ўтирган, машғулот топа олмай бошқотирма ечаётган, компьютер ўйинлари билан соатларини совураётган кишилар орамизда йўқ дейсизми? Транспортни ёки ваъдалашган кишимизни соатлаб кутишлар бор, аммо негадир ана шу энди асло қайтиб келмайдиган бебаҳо вақтимизнинг бекор ўтаётганига ачинмайдиган бўлиб кетганмиз? Нега ана шундай пайтларда бирор фойдали машғулотни топиб олмаймиз? Нима учун бўш қолсак, китоб, газета-журнал ўқиб, билимиимзни оширмаймиз, фикримизни кенгайтирмаймиз? Ёки бирор тилни ўрганиш учун луғат ёд олмаймиз? Ёхуд ўзимизнинг, борлиқнинг, махлуқотларнинг яратилиш ҳикмати ҳақида жиндай тафаккур қилмаймиз? Ё инсониятга фойда келтирадиган бирор кашфиёт, янгилик тўғрисида бош қотирмаймиз?
Ўаёт ўтган кунлар эмас, балки эсда қолганларидир. Шунинг учун ҳар бир кунни, соатни, дақиқани эсда қоладиган қилиш, бесамар ўтказмаслик лозим. Бир донишманд бундай деган экан: «Сен ҳаётни севаман, дейсану аммо вақтнинг қадрига етмайсан. Ахир ҳаёт деган мато вақт илгаридан тўқилади-ку!». Файласуф Теофраст айтади: «Инсон бошига тушиши мумкин бўлган энг оғир йўқотиш вақтни бой беришдир».
Кунларимиз, соатларимиз эса оқар сувдай изига қайтмас бўлиб ўтиб кетяпти. Худди шу соатда жаҳоннинг қаеридадир бинолар тикланяпти, кашфиётлар ўйлаб топиляпти, илм мажлислари бўляпти, одамлар одамларга яхшилик қиляпти, йигит-қизлар турмуш қуришяпти, чақалоқлар туғиляпти, кимлардир фоний дунё билан хайрлашяпти, деҳқонлар инсонларга атаб неъмат парваришлашяпти, новвойлар нон ёпяпти, ҳунармандлар чиройли буюм ясаяпти. Аммо бизлар ҳеч нарса бўлмагандай, ҳеч нарса йўқотмаётгандай хотиржаммиз. Энг қимматли вақтимизни бой бераётганимиз билан асло ишимиз йўқ.
Ваҳоланки, кечаги ёки бугунги кунимиз энди асло қайтиб келмайди. Вақтни сира тўхтатиб бўлмайди, соат милларини бир неча киши ҳаракат қилиб ҳам юргизмай қола олмайди. Ўар бир сония ўз заволини топади, ҳар бир лаҳза барибир йўқлик қаърига кетади. Вақтини совурганлар икки дунё ноз-неъматларидан маҳрум бўлишади. Фақат уни фойдага алиштирганлар, ҳар лаҳзадан унумли фойдаланиб қолганларгина ютади. Ана шуларгина вақтнинг ҳисоб-китобида уялиб қолишмайди. Ўасан Басрий айтадилар: «Ўар бир тонги ёришадиган кун борки, инсон боласига бундай нидо қилади: «Мен янги яратилдим (имкониятингман), ишларингга шоҳидман, мендай фойдаланиб қол. Агар кетсам, қиёматга қадар келмайман». Қози Аҳмад ўаффорий бундай деган: «Вақт кескир қиличдир, у ҳеч нарса қарамай шартта ўтади-кетади. Сен эса вой-войлаганингча қолаверасан».
Ҳақиқатан вақтдан учқурроқ, ундан тезроқ бошқа нарса йўқ. Айниқса, умринг поёнига етиш чоғида у ҳаддан ташқари шиддат билан ўтиб кетади. Ҳеч нарсага улгура олмай қоласан одам. Умрингизни хоҳ шоду хуррамлик, хоҳ қайғу-алам ва машаққат билан ўтказинг, у учқур отлар каби кўз очиб юмгунча манзилига етиб қолади. Шунинг учун масъуд-бахтиёр кўнларимиз тезроқ ўтиб кетгандай, аксинча қайғу-қурбатли кунларимиз секинроқ ва оғирроқ кечаётгандай туюлади. Аслида ундай эмас. Инсон қанчалик узоқ ва саодатли умр кечирмасин, тирикликнинг ниҳояси бўлмиш ўлим ҳаммасини йўққа чиқаради.
Энг узоқ умр кўрган, минг ёшдан ўтиб вафот қилган пайғамбар Нуҳ алайҳиссаломдан: «Эй пайғамбарларнинг умрбоқийси, сиз дунёни қандай тушундингиз?» деб сўрашганида, у: «Дунё гўё бир ҳовлининг икки эшиги бўлиб, уларнинг биридан кирдиму бошқасидан чиқиб кетгандайман», деб жавоб берган экан. Яъни минг йилча умр кўрган пайғамбарлардан бири: «Шу озгинагина умрга чайла қуриб вақтимни зое қилибмана», дея надомат чеккан экан. Ҳозирги одамлар эса мисоли дунёда мангу яшаб қоладигандай вақтлари билан ҳисоблашмайди, ўнлаб йилларини серҳашам уйлар қуриш, дабдабали тўйлар қилиш, шунга ўхшашфойдасиз амаллар йўлида қурбон қилиб юборишади. Ана шу совурилган вақтларининг юздан, мингдан бир улушини Аллоҳ буюрган савобли ишларга сарфлашга қизғанишади.
Ўтган вақт асло ортга қайтмайди, бир-бири билан алмашмайди ҳам. Агар бир ишни, юмушни режалаган бўлсангизу вақтида қила олмасангиз, демак бугунингизни бой бердингиз. Жуда кўп кексаларни кўрдик: «Эсизгина умр-а, ёшлик йилларимни фойдали машғулотларга сарфламай, савобли, хайрли ишларни қилмай ўтказиб юборибман», деб афсус-нолага ғарқ бўлган. Жуда кўп инсонларни кўрдик: «Қанийди умр қайтадан берилганида манави хатоларимни, гуноҳларимни такрорламаган бўлар эдим», дея надомат оҳларига ўралашган. Айни пайтда жуда кўп ёшларни кўрдик: «Ҳозир ёшман, вақт борида ўйнаб-кулиб қолай, ҳали олдинда қанча йиллар бор-ку», дея бепарволик булоқларидан сув ичиб юрган. Қанча инсонларни кўрдик: «Ҳозир мол-дунё топиб олай, муҳташам уйлар қуриб олай, савобли ишларни нафақага чиққанда қиларман», дея ғафлат дарёсида сузган. Олмон мутафаккири Артур Шопенгауэрнинг ҳикматли сўзларига қулоқ солинг: «Ўртамиёни одам вақтни тез ўтказиш пайидан бўлади, истеъдод эгаси эса ундан кўпроқ фойдаланиб қолишга уринади... Қарта ўйини ақлий инқирознинг яққол нишонасидир. Одамлар фикр алмашишга қурбилари етмаса, қарта ташлашади».
Вақтнинг қадрига етмаган, уни беҳуда совурганлар вақтнинг ёлланма қотилларидир. Дунёнинг бир еридаги кишилар ҳар бир дақиқасининг ҳисобини юритиб, дунё ҳаётида хайрли, эзгу ишларга кўпроқ улгуриб қолишга тиришиб ётган бир пайтда дунёнинг бошқа бир бурчида кимлардир уни ҳавога совуриш, ҳар кунини қатл қилиш билан овора. Мол-дунёсини совурган одамни кечирса бўлар, аммо вақтини совурган кимсани асло кечириб бўлмас. Молини исроф қилган кишидан кўра бебаҳо вақтини исроф қилган киши жазога лойиқроқ.
«Мадомики, беқамлик ва ношудлик кўрсатилар экан, қулай фурсат қўлдан бой бериб қўйилади. Вақт ўтганидан кейин афсусланиш бефойда ва бемаънидир», деган Муҳаммад Зоҳирий Самарқандий. «Энг афзал йиғи инсоннинг беҳуда ўтказган вақтларига ачиниб тўккан ёшларидир», дейди Аҳмад Ҳаворий. Яна бир атоқли шайх Абу Абдуллоҳ Майрибий айтади: «Энг фазилатли иш — вақтларни мақсадга мувофиқ сарфлашдир». Яҳё ибн Муоз дейдики, «Вақтни беҳуда ўтказмаслик — ўлимдан ҳам қаттиқ». «Қуёшнинг ҳар ботишида бир парчадан камайишинг бор», деган Ўасан Басрий.
«Эркак кишининг бекорчилиги ғафлатдир, аёл кишиники шаҳватдир», дейишган донишмандлар. Ҳақиқатан, эркак киши машғулотсиз қолса, умрини ғайлатда ўтказган бўлади, боқий дунё тадорикидан узилади, тансиқ йилларини бесамар ўтказиб, охири пушаймонлик ҳосилини йиғиб олади. Аёл киши бекорчи бўлиб қолса, Миср ҳокимининг хотини Зулайҳонинг Юсуф пайғамбарни севиб қолиб, уни ўз тузоғига тушириш учун турли макр-ҳийлалар ўйлаб топгани каби шаҳвоний истак-майлларига тутқун бўлиб қолади. «Бекорчидан Худо безор», деганларидай, вақтларининг қотилига айланган бекорчилар охир-оқибатда ҳаётларини заққумга айлантиришади, афсус-надоматлар чекишади. Аммо кеч бўлганида ҳеч нарса ёрдам беролмайди. Улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино айтганидай: «Мен кўп жойларни кездим ва олам аҳволига қарадим. Унда ҳайронлик кафтини иягига тировчидан ёки пушаймонлик бармоғини тишлаб турувчидан бошқани кўрмадим».
Замон, вақт уч қисмдир: кеча, бугун, эрта. Ёки ўтмиш, ҳозир ва келажак. Вақтнинг қадрига етмайдиганлар, уни беҳуда совуриб, қотилига айланганлар ҳам учга бўлинишади. Яъни, фақат ўтмиши билан яшайдиганлар, бугунги кунига ўралашиб қолганлар, келажак орзу-хаёллари билан кун кечирувчилар. Агар бунда ҳам мўътадил йўл топиб олинмас экан, ё ҳаддан ошиб ёки ҳаддан пасайтириб юборилар экан, инсон ҳаётидаги хотиржамликни бой беради, кўзлаган мақсадларига эриша олмай, руҳий тушкунлик ва ғам-андуҳлар гирдобига тушади.
Инсонларнинг фақат кечаги кун билан яшайдиганлари бугунлари ёки умидли эрталарига бепарво бўлишади, буларни сезишмайди, эътибор қлишмайди. Бу ўтмиш уларнинг шахсий ўтмишими, оилалари, аждодлари, миллат ёки қавмларининг ўтмишими, уларга фарқи бўлмайди. Улар ҳамиша: «Биз аввалда бундай эдик, аждодларимиз мана бундай ишларни қилиб кетишган, биздан мана бундай олийнасаб кишилар етишиб чиққан, ота-боболаримиз бундай зотлар эди» қабилида ўз ўтмишлари билан фахрланиб, аждодлари орқасидан ғурурланиб юришаверади. Ўзлари эса бугунги кунларида ҳеч қандай манфаатли иш қилишмайди, инсонларга, жамиятга фойдалари тегмайди.
Албатта, ўтмишдаги улуғ инсонлар, номдор аждодлар билан, уларнинг эзгу ишлари билан фахрланиш, уларни эслаш ҳар қанча мақтовга сазовор иш. Аммо улардан ибрат олинмаса, уларнинг хайрли шилари, йўллари давом эттирилмаса, уларга муносиб ворислар бўлинмаса, бунинг кимга кераги бор? Чириган суякка қараб: «Сен ўтмишда тирик жасад бўлгансан!» дейишдан нима наф?! Ўтмишнинг ботилидан ҳақиқатини, залолатидан ҳидоятини ажратиб олмай, ота-боболари яшаб ўтган ҳаётнинг ўзигагина ёпишиб олиб, унга тақлид қилиб яшайдиганлар ҳам бор. Буларнинг ҳам тўғри йўлни топшилари шубҳали. Фақат ўтмиш билан яшаб, ўтмишда бой берилган нарсаларига ҳасрат чекиб, пушаймон бўлиб юрадиганлар ҳам бўлади. Уларнинг ҳасрат-надоматлари бир хил: «Эҳ, ўшанда буни қилмасам бўлар экан, эсизгина буни эртароқ қилганимда зўр бўларди, афсуски, бу нарсанинг моҳиятини илгарироқ билмаган эканман-а» ва ҳоказо. Бундай таассуфлар, нотўғри фикрлаш икшини руҳий тушкунлик либосига ўрайди, қалбида фойдасиз, асло оқлаб бўлмайдиган ғубор ва безовталиклар туғдиради, ҳаётини заҳарлайди, асабларини пармалайди, хулласи тинчгина турмушини издан чиқаради. Бежизга: «Йўқотилган ўтган вақт билан машғул бўлиш иккинчи бир вақтни бой бериш демакдир», дейилмаган.
Яна бир тоифа одамлар борки, улар фақат бугунлари билан яшашади. Ўтмишни, ундаги зафарларни, тарих саҳифаларида чуқур из қолдирган аждодларининг салоҳиятини тан олишмайди. Ёки бундайлар эртанги кундан умид қилишмайди, келажак ҳақида бутунлай бош қотиришмайди. Бу ҳам тўғри йўл эмас. Бу инсоннинг идрокини, дунёқарашини, иқтидорини жиловлайдиган, қобиққа ўраб қўядиган зарарли хислатлардандир.
Ўтмишнинг тушовига илиниб қолиб, ундан бошқасини тан олмайдиганлар ҳамда фақат бугунги, ҳозири билан яшаётганларга қарама-қарши ўлароқ ўзининг, ҳалқининг, инсониятнинг тарихидан батамом юз ўгириб, ўтмишдан ибратланмай, фақат келажаккагина ёпишиб олган кимсалар бор. Уларнинг бу ҳолати ғулувга кетишдан, ҳақиқатни тан олмасликдан бошқа нарса эмас.
Демак, вақт ва замон тушунчасида ўтмишимиздаги фойдали нарсалардан ибрат олиш, салоҳиятли аждодларнинг манфаатли ишларини давом эттириш, бугуннинг ҳаққига риоя қилиб, кундалик вазифаларга камарбаста бўлиш ва жамиятга, халққа фойда келтириш, келажакка тушкун назар билан қараб шумланмасдан, яхши кунлар, улкан ўзгаришлар умиди билан яшамоқ йўлларнинг энг тўғриси ва яхшисидир. Шундагина сиз билан биз чин инсонийлик бурчини чинакамига адо этган бўламиз.
Аҳмад МУҲАММАД
Қолган ишга қорлар ёғмасин
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
Умр шошқинлигини гапиравериб вақт ўтганини сезмай қоламиз, гоҳо. Ҳар оқшом, “эртага онамга ва яқинларимга қўнғироқ қиламан. Уларни яхши куришимни ва соғинганимни айтаман. Албатта айтаман”, деб ўзимни овутаман.
Тонг... Бет-қўлимни ювиб олай... Нонушта кутиб қолди... Ишга жўнаш вақти бўлиб қолди... Ана шошилинч хаёллар кундалик ташвишлар сари бошлайди. Ишга борамиз. Жамоадошлар, ҳамкасблар билан иш оралиғидаги танаффусларда гаплашамиз, кулишамиз, ҳазил-мутойиба қиламиз. Иш вақти тугаб тезроқ уйга бориш учун бекатга шошиламиз. Йўл-йўлакай дўкон ва бозорларни “ишғол” қилиш ҳам эсимиздан чиқмайди. “Яна уйдагиларга қўнғироқ қилмадим. Кеч бўлди, кеч бўлганда гаплашиш, уларни безовта қилиш яхши эмас. Ҳали ўзим ҳам овқатга уннашим керак, кир ювишим керак. Эртанги нонушта дастурхонига тайёргарлик кўришими керак. Энди эртага...” Бу “ёрдамчи” хаёл яна бизга таскин бўлишга уринади. Бир сериясини ҳам қолдирмай кўриб бораётганимиз – хориж сериалининг навбатдаги қисмини ўтказиб юбормаслик учун картошка-пиёзни телевизор олдига олиб келиб, бир ўқ билан бир нечта қуённи уришга ҳаракат қиламиз. Овқатдан кейин ҳам уйнинг юмушлари адо бўлмайди. “Эртага яқинларимга қўнғироқ қиламан” деб ўз-ўзимизга берган ваъдамизни қайта-қайта эслаб, ухлаб қоламиз. Эртага бизда бундай имкон берилмаслиги ҳам мумкинлигини хаёл қилмаймиз. Эртага яна шу ташвишлар билан уйғонамиз. Яна ўша гап. Яна яқинлар ҳолидан хабар олиш “эрта”га ҚОЛДИРИЛАДИ...
Қанча беғубор, қанча беқадр ва қанча хокисор, қанча совуқ бўлмасин "қор"дан ҳам "нур" қайтаркан. “Қарс“ икки қўлдан чиққанидек, меҳр-муҳаббат, самимият ва муруватда ҳам икки томон бирдек ҳаракат қилиши керак. Оқибатнинг акси икки жуфт кўзлар дийдордан бахт туйганида қорачиқларда намоён бўлар экан. Гарчи, масофалар олислиги жонли дийдорлашув имконини ҳаммавақт беролмаса ҳам, ахир ҳозир бутун ҳаётимизни эгаллаб олган мобил телефонлар бор-ку! Биргина қўнғироқ ёки СМС хабари орқали уларни йўқлаб қўйсак, биз учун қадрли эканликларини айтсак, бўлди, олам гулистон. Ҳам улар меҳримизга сазоворликларидан мамнун, ҳам ўзимиз бир кўнгилни шод қилганимиздан мамнун бўламиз. Наҳотки, яқинларимизни шодумон қилиш билан ўзимизни бахтиёр қилишликни кейинга сурамиз?! Қадр ва меҳр қайтаришда оқсамаяпмизми? Яқинларимиз биргина қўнғироғимиздан, биргина кўксимизга кўмиб қўйган “соғиндим” деган сўздан қанчалар қувонишларини англаганимизда эди...
Йўқ, биз буни жуда яхши биламиз. Аммо ҳафсаласизлигимизни оқлашга баҳонамиз тайёр: "Ишли одамман, улар тўғри тушунадилар". Фақат биз ишлаймиз. Фақат бизда вақт тиғиз. Аслида бўш вақти кўплар вақти йўқлигидан нолийдилар, деган экан қайсидир аҳли дониш. Бепарволигимиз, ҳафсаласизлигимизни яқинларимиз ҳам биладилар. Била туриб, бизни боримизча қабул қиладилар. Шунинг учун биздан нолимайдилар, койимайдилар, ранжимайдилар... “Тўғри тушунадилар”...
Эртага байрам. Дам олиш куни. Аксарият ҳолларда дам олиш кунлари соатни кундузги ўндан оширмай уйғонмаймиз. Тушга яқин эснаб, ланж бўлиб уйғонамизу, шишган қоовоқларимизни аранг очиб телевизор пультини қидиришга тушиб қоламиз. Кейин нонушта билан бирлашган тушлик. Ундан кейин ҳам телевизор қаршисида... Ёки интернетга уланиб ижтимоий тармоқларда “изғиймиз”. Кечга томон яна иш қайнайди. Овқат тайёрлаш керак, эртанги иш кунига тайёргарлик, кийим дазмоллаш, нонушта тайёрлаб қўйиш ва ҳоказолар... Байрам баҳона мажбурият юзасидан қўнғироқ қилсак, бир-икки яқинимиз- онамиз ва опа-синглимизга қўнғироқ қилиб табриклаган бўламиз. (Аксарият ҳолларда қўнғироқ қилганимизда ҳам ҳол-аҳвол сўраш, кўнглини кўтариш ўрнига яқинларимиз, айниқса ота-онамизга “дард халта”мизни очиб юборамиз. Гўёки улар бизнинг дардларимизни эшитиб, ютиб юборадиган қудуқ!)
... Кеча яна тунда уйқу олдидан ният қилдим: “эртага албатта
онамни ва менинг биргина қўнғироғимга муштоқ яқинларимни
йўқлайман”. Тонг... Мени мақсадга айланган орзулар уйғотади. Олдинда иш куни...
Э, бу оламнинг ишлари тугармиди?! Тирикчиликнинг ташвишларида интиҳо борми?! Бир кам дунёси менинг ишим билан тўлиб қолармиди?! ЙЎҚ! Аввало онамга қўнғироқ қиламан, уларни яхши кўришимни, соғинганимни айтаман. Албатта айтаман!...
Айтмоқчи, замондошим, Сизчи? Сиз ҳам онангизга, яқинларингизга, эътиборингизга муштоқларга албатта қўнғироқ қилинг! Уларни ҳеч йўқ бир оғизгина ширин сўз билан йўқлаб қўйинг. Шошилинг, юртдошим, кечикманг! Кимгадир МЕҲР кўрсатишга, кимнингдир кўнглини ШОДЛАНТИРИШГА, кимгадир уни ЯХШИ КЎРИШИНГИЗНИ айтишдан кечикманг! Унутманг, азизим, кечикмаганлар бахтлидирлар. Бахтлилар сони кўпаяверсин...
Ҳа, айтганча, тўхтанг, шошилманг... МЕН ҲАМ СИЗНИ ЯХШИ КЎРАМАН!..
Шукрни унутмадикми?
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
Дўстим билан интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали гаплашаётгандик. Ҳол-аҳвол сўрашаётганимизда, менинг жавобларимга ишора қилиб “Бугун жуда сершукр бўлибсизми? Худога шукр-ей, анчадан буён сиздан “шукр” сўзини эшитмагандим” деб қолди. Дўстимнинг бу дашномидан хижолат чекиш баробарида сергак ҳам тортдим. Чиндан ҳам, кейинги пайтларда кўпчилигимиз шукрни унутиб қўяётгандекмиз. Эътибор берганмисиз, атрофимиздаги кишиларни кузатсангиз, пессимистик руҳ, тушкун кайфиятни илғайсиз. Айниқса, қовоғидан қор ёғаётган одамларга кўзинг тушганда, юрагинг орқага тортиб кетади киши. Замондошларимизнинг ўзаро суҳбати, гап-сўзлари қулоққа чалинганида ўйланиб қоламан; сўнгги пайтларда ўзимизга инъом этилган неъматлар қадрини унутаётгандекмиз. Яқин таниш- билишлар билан учрашиб қолганимизда ҳам гурунгимизнинг асосий қисмини норозилик, туриш-турмушимиздан ёзғириш, нолиш ва албатта ношукрлик ташкил қилади. Гўёки, дунёнинг бор ташвишу қайғулари бизнинг бошимизга юкланган. Гўёки, ёзғириш, ношукрлик қилиш билан муаммоларимиз ҳал бўлиб, кемтигимиз бутланиб қоладигандек. Гўёки, биздан бошқанинг муаммоси йўқ. Гўёки, бошқалар ташвиш, тирикчилик, ҳаёт ўйловларидан холи...
Аслида-чи, аслида ҳаётимиз қандай? Ҳеч мулоҳаза қиламизми, ёлғон дунёнинг бошию кети кўринмас ташвишлари кўксимиздаги омонат жонимизни қийнашга, Яратганнинг тақдирига норозилик қилиб, гуноҳкор бўлишимизга, умуман ўз-ўзимизга жабр қилишимизга арзийдими?
Шаҳримиз кўчалари бўйлаб кезар эканмиз, айни мулоҳазалар атрофида юртдошларимизнинг фикрлари билан қизикдик.
Саодат Жўраева,ўқитувчи:
“Бандаларидан ёрдам сўраманг...”
- Ҳа, айримлар жуда ношукр бўлиб кетган. Гап-сўзларини эшитиб, юрагингиз орқага тортиб кетади. “Уним йўқ”, “буним йўқ” деган нолишларга ўрганиб қолганлар ҳам бор. Худди, улар йўқчилигидан нолиса, биров қўшқўллаб, “ол, сенда йўқ экан, менда бор” дейдигандек. Бандасига арзи-ҳол қилишнинг нима кераги бор?! У ҳам ўзимизга ўхшаган ожиз банда бўлса. Ундан кўра, борига шукр қилмайсанми, Аллоҳ ўзи муаммоларинг ечимига йўл кўрсатади, дегим келади шундайларга...
-
“Нолиган билан дунё ками бутланмайди...”
Баҳодир Икромов, такси ҳайдовчиси:
- Бу бор гап. Баъзида ўзимиз ҳам шундай гапларни гапириб қоламиз. Одам боласининг бошида ҳар хил кун бўлади-да. Тўғри, нолиган билан, куйинган билан бу дунёнинг ками бутланмайди. Лекин баъзи- баъзида дардингни кимгадир айтиш билан ҳам енгиллаган маъқулмикан, дейман. Тўғри, ношукрлик, ёзғириш оҳангида эмас, шунчаки, гурунг сифатида. Ахир одам тафтини одам олади, дейишади-ку...
“Муаммолар сабабини ўзингдан изла!”
Ҳалима ая, пенсионер:
- Кўпчилигимиз ишларимиз юришиб, ҳаётимиз бир текис кетаётганида шукрни унутиб қўямиз. Аллоҳни эсламай қўямиз. Ҳаётимизга озгина кемтиклик раҳна солиб, турмушнинг нотекис йўлларида қоқинсак, бўлди! Айюҳаннос солиб, тақдирдан, ҳаётимиздан нолишга тушамиз. Аллоҳни эсга оламиз. “Нега бунақа бўлади?”, “Нима учун мен қийналяпман”... Шунга ўхшаган дийдиёлар. Дийдиёю дардини дастур-хон қилиш билан ким барака топибди?! Сиз дардингизни дастурхон қилган одамнинг қўлидан эшитишдан бошқа нимаҳам келарди?! Қолаверса, дардингизни, нолишингизни жимгина эшитаётган кишининг ўзи ҳам беғаму бешавишмикан? Тирик жон борки, муаммоси бор, одам борки, ўзига яраша ғам-ташвиши бор. Киши қийин вазиятга тушганда дод-вой қилиб, баттароқўзини мушкул аҳволга солгандан кўра, ўша муаммоларнинг келиб чиқиш илдизини ўзидан қидирсин. Феъл-атворини тафтиш қилиб, хатоларини, камчиликларини таҳлил қилсин. Нуқсонларни билиш, хатоларни тан олиш билан иш битмайди. Одам боласи аввало ўзидаги қусурларни кўра олиши, кўрганида албатта уларни тузатишгаҳаракат қилиши, ҳаёт йўлларида йўл қўйган хатоларидансабоқ олиши керак. Аслида, ҳаётнинг ҳар бир куни сабоқ, дарс! Ҳамма гап одам боласи ўша сабоқни ўзлаштириши-да! Одамлар борки, бутун умри хатолар устига қурилган.Бир янглиш босган қадами каттароқ бир хатони бошлаб келади. Ношукрлик, тақдиридан, ҳаётидан нолиш ҳам шундайларга хосдир...
Ногирон йигитнинг ибрати
Абдураҳмон Абдураҳимов,иқтисодчи:
- Саволингизга ўзимга сабоқ берган бир воқеа билан жавоб бермоқчиман. Бир куни ҳамкасб дўстим билан машинасида саёҳатга чиқдик. Шаҳарнинг сершовқин кўчаларини ортда қолдириб, кенг дала-даштлар бўйлаб кетаётганимизда машинамиз бузилиб қолди. Бошимиз қотиб, нима қилишни билмай турганимизда бир йўловчи машина, ичкаридаги қишлоқда автомобил тузатадиган уста борлигини айтди. Бир амаллаб ўткинчи юк машинасидан илтимос қилиб, қишлоққа, устахонага кириб бордик. Ишонасизми, бизга уста деб кўрсатишган йигитни кўриб... ҳайратдан қотиб қолдик! Йигитнинг оёқлари тиззадан пасти йўқ эди. Устахонаси каттагина, 5-6 чоғли шогирд болалар ҳам ишлаётган экан. Бизнинг узоқданлигимизни билиб, қўярда қўймай уйига таклиф қилди. Бир пиёла чой устида йигит билан минг йиллик қадрдонларга айланиб кетди. Биласизми, менга ибрат бўлгани, йигит ногирон бўлса-да, қайсидир маънода кўнгли кемтик бўлса-да, икки гапнинг бирида “шукр, Ўзига беҳисоб шукр” деган жумлани тез-тез ишлатар, шундоқ айтиш эмас, чеҳрасидан ҳам астойдил шукроналик ифодасини илғаш қийин эмасди. Йигитнинг мамнун қиёфаси, табассумли чеҳрасига қараб ўзимдан уялиб кетдим. Тўрт мучамиз соғ бўла туриб, шукрни аҳён-аҳёнда эслаймиз. Салгина ишимиз юришмай қолса ё бирор мушкулотга йўлиқсак тақдиримиздан нолиб, тушкунликка тушиб қоламиз. Узоқ ишлоқдаги нотаниш уста йигит менга яхшигина сабоқ берди. Жисмида нуқсони бўлса-да, “мен ногиронман, оёқларим тузук бўлмаса, ўзимни эплаб юролмасам, қийналиб ишлаб юрганим нимаси, давлат ногиронлик нафақасини ҳар ойда тўлаётган бўлса” деб уйида ётиб олмай, ҳунар ўргангани, устахона очиб, атрофидагиларга ёрдами тегаётганини кўриб, уста йигитга қойил қолдим. Руҳиятни тушкунлик эгаллаганида ён-веримизга каттароқ кўз билан теран назар ташлаб, аҳволи биздан кўра мушкулроқ, аммо шу ҳолида ҳам тушкунликка тушмай олға интилаётганлардан ҳаётнинг асл моҳиятини ўрганишимиз яхши натижа беради...
Инсон руҳияти жуда мураккаб. Одам руҳан ўзини қай ҳолатга тайёрлаб борса, охир-оқибат шу вазиятга рўпара келиши аниқ. Бу ҳаётда кўп марта ўз исботини топган. Бу борада ҳам элдан ошириб бир нарса деийш гумон: “Шукр қилсанг зиёда бўлгайсан, ношукр бўлсанг пиёда бўлгайсан” дейди халқ. Қолаверса, ношукрлик, тушкунлик ва ғамгинлик руҳиятга ўрнашгани сари, кишини фақат салбий воқеа-ҳодисалар қуршаб олади. Демак, нохуш ҳолатларга тушмаслик учун аввал нохуш хаёллардан узоқлашиш даркор. Унутманг, сиз ҳаётга жилмайиб қаранг, ҳаёт эса сизга кулиб боқади. Нима дедингиз?
Умида АЗИЗ тайёрлади.
Никоҳ ёши қанча
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
Ҳар нарсанинг табиий бир ўлчови бордир. Ўлчовсиз иш ҳеч вақт фойда бермайди. Никоҳнинг ҳам маълум вақти бўлиб, ундан олдин ёки кеч қолиш тиббий ва ахлоқий жиҳатдан зарралидир. Никоҳ вақтида эр иблан хотин орасида ёш эътиборига қараб мувофиқ бўлиш табиий бир ишдир. Табиатга хилоф бўлган никоҳ, ҳақиқий никоҳ бўлмай, балки ёлғиз расм-русумдангина иборат бўлиб қолади. Бундай никоҳларга никоҳ дейишдан кўра низо ва ўкинч, бўлмаса тижорат дейиш муносиброқ бўлади. Воқеан қари бир кимса, ўзининг бойлиги сабабидан ёш бир қизни никоҳ қилиб олиши, пул кучи билан бир қизнинг кўнглини эмас, балки ёшлигини сотиб олади.
Бу иш қонун назаридан хиёнат бўлмаса-да, ахлоқ назарида хиёнатдир. Қари кимса билан ёш бир қизнинг табиатлари орасида табиий хилофлик бўлганидан ораларида бирлик ва иттифоқ бўлмайди.
Никоҳ учун табиий бўлган ёш эрларда йигирма билан қирқ орасида, қизларда ўн саккиз билан ўттиз орасидадир. Эр билан хотун орасидаги фарқ ўн ёшдан ортиқ бўлмаслиги керак. Фақат зарурат юзасидан бундан мустасно бўлиши мумкин.
Ўлим вақти маълум эмас. Кўпинча ёшларнинг кўмиш жанозаларини қарилар кузатиб борганлари кўрилса ҳам, ўлим навбати ёшлардан аввал қариларгадир. Бундай бўлган тақдирда, эллик ёшлик одам эрга тегувчи ўн саккиз ёшли қиз, ўн йилдан сўнг бир ишга ярамайдиган қария билан ёш болалар машаққатини ўз устига олган бўлади. Тажрибаларга кўра, саломат баданли-ю қутли кимсаларнинг болалари ҳам кўп вақт саломат бўлиб, заифу қари кимсалардан туғилган болалар хаста-ю заиф бўладилар.
Бозор муносабатлари: харидор инжиқ сотувчи қўполми?
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида муомала маданияти, мижоз ва хизматчи муносабатлари катта аҳамият касб этади. Аммо афсуски, кўпчилик сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар буни ҳис этмайдилар…
Бу гал айни мавзу хусусида мулоҳаза юритишга жазм қилдик.
Кўпчилик савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотларида фаолият кўрсатадиганларга маълумот шарт эмас деб ҳисоблайди. Аслида-чи,
Сотувчига маълумот шартми?
Савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ишчи ходимларининг муомаласи, хизмат кўрсатиши ҳамма вақт ҳам бизни қониқтирмайди. Ваҳоланки, мижоз – истеъмолчи. Ўз ўрнида унинг ҳуқуқларимиз маълум меъёрий ҳужжатлар билан кафолатланади. Эътироз ва шикоятлари ўрганилиб, истеъмолчининг даъвоси қониқтирилиши шарт. Аммо кўп ҳолларда ўзбекчиликка йўйиладиган андиша сабаблими мижозлар эътирозини тилга чиқармайди. Жамоатчилик билан мунтазам алоқада бўладиганларда муомала маданияти юксак даражада бўлиши шарт. Негаки, кишининг руҳияти фаолиятига таъсир кўрсатиши исботини топган ҳақиқат. Таассуфки, сотувчи ва хизмат кўрсатувчиларнинг ҳаммаси мижоз билан мулоқотда маданиятли, хушмуомала эмас.
— Харид учун кирган дўкон ё хизмат кўрсатиш шаҳобчасида рисоладигидек муносабатда бўлишмаса, жаҳлим чиқади, ҳатто ўзимга зарур нарса бўлса ҳам ўша дўкондан харид қилмайман,- дейди ҳамшаҳримиз Манзура Раҳимова.- Кўзларини чақчайтириб, хўмрайиб, худди текинга бирор нарса бериб юбораётгандек қўрс муомала қилаётган сотувчининг дағаллиги кайфиятимга салбий таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам дўкон ёки бозордан эҳтиёжимга зарур нарса харид қилмоқчи бўлсам, аввало сотувчига эътибор бераман. Чеҳрасида жилмайиш борми, салом-алиги қандай, харидорга эътибори, муносабати қанақа, хуллас шунга ўхшаган кимлар учундир майда-чуйда бўлиб туюладиган нарсаларга аҳамият қаратаман. Фикримча, сотувчи ва хизмат кўрсатиш шоҳобчаларида ишлайдиганлар ҳам маълумотга бўлишлари керак. Айниқса, бу соҳада хизмат қиладиганлар муомала-мулоқот маданиятини пухта ўзлаштиришлари иш унумига ҳам, бизнеси ривожланишига ҳам яхшигина асқотади...
— Хорижий давлатларда сотувчилар ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари хизмачиларининг юқори савиядаги муомаласи, хулқига ҳавас қилади киши,- дейди ҳамкасбимиз Равшан Маҳмудов.- Ҳиндистонда ўқиган кезларимиз сотувчилар, хизмат кўрстиш шоҳобчалари хизматчиларининг мижоз билан мулоқотини кўриб ҳайрон қолганмиз. Бозор, супермаркет ё оддий кичкина дўконга кирган харидорни ҳинд сотувчилари хушмуомалалик билан, жилмайиб қарши олишади ва юмшоқ ўриндиққа ўтирғизиб, қаҳва таклиф қилишади. Харидор сотувчига харид қилмоқчи бўлган нарсасини айтса бўлди, эпчиллик билан сўралаган нарсани ҳар хил ранглисидан тортиб, катта –кичигигача қалаштириб ташлаб, ўша буюмнинг мақтовини оширишади. Сотиб олмоқчи бўлган нарсанинг нархи ё сифати харидорга маъқул келмаган тақдирда ҳам, ҳинд сотувчилари хафа бўлмайдилар. Аксинча, жилмайганча ўша товардан яна қайси дўконларда сотилишини ҳам уқтириб қўйишади...
Бозор ё дўконларимизда харид мақсадида юрганимизда сотувчиларнинг хўмрайиб (худди харидорларга текинга мол тарқатаётгандек!) саломга алик олмай, бирор нарсани нархини сўраганимизда “оласизми? Сотиб олсангиз кўрсатаман”, “Сотволадиган бўлсангиз қўлингизга олиб кўринг!” деган дағдағаларига кўникиб қолганмиз. Баъзида эътибор берамиз, баъзида эса йўқ. Афсусланарли жойи шундаки, бундай салбий иллатлар жамоатчилик орасида одатий ҳолга айланди! Сотувчи ва харидор ўртасидаги қўпол муносабат ва дағал муомаладан ҳайратланмай қўйдик!..
— Хизмат сафарлари билан тез-тез хорижий давлатларда бўлиб тураман. Қайси давлатга борган бўлсам, ўша юртнинг сотувчи ва хизмат кўрсатиш шаҳобчаларида фаолият кўрсатувчи хизматчиларнинг муомаласи, маданияти ва хулқига, мижоз ва хизматчи ўртасидаги муносабатга ҳавас қилганман,- дейди Республика об-ҳавони кузатиш Бошқармаси етакчи муҳандиси Гавҳархон Мамажонова.- Айниқса, Япония давлатида сотувчи, умуман, мижозларга хизмат кўрсатувчилар танлашда алоҳида эътибор қаратилар экан. Кўпчилик билан доимий мулоқотда бўладиган соҳа вакиллари ҳисобланган сотувчилар ва хизмат кўрсатиш шоҳобчалари хизматчилари махсус шарт ва синовлардан ўтсагина, ишга қабул қилинади. Ишга олингач албатта уларга махсус фанлардан сабоқлар берилиб, имтиҳон қилинади. Японияда супермаркет ёки кичик дўконга кирсангиз албатта сотувчилар таъзим билан ўз тилида салом бериб харидорни қарши олишади. Бу япон сотувчилари учун ўзгармас одатга айланган. Шунингдек, японлар тўловларни икки қўли билан хиёл таъзимда қабул қилади ва қайтимларни ҳам худди шу тарзда қайтаришади. Дўкон ё супермаркетни тарк этаётган харидор билан чиройли тилаклар тилаб, “харидингиз учун раҳмат” деган илтифотни унутмай хайрлашишади. Бразилия ва Исроил давлатларида ҳам мижоз ва хизмат кўрсатувчи ўртасидаги муомала-мулоқотдан мамнун бўлгандим. Хитойликларнинг ҳам муомаласи, мижозга хизмат кўрсатиши юқорида тилга олинган давлатлардан қолишмайди. Таъкидлаш жоизки, хитойлар харидорни қуруқ қўйиб юборишмайди. Сотувчидан бирор нарсанинг нархини сўрасангиз, ҳеч эринмай ўша буюм ёки озиқ-овқат маҳсулотининг мақтовини оширади. Хитойда бўлганимизда пойафзал олиш учун бозорга кирдим. Сотувчи аёл инглиз тилини билмас экан. Мен хитой тилини билмайман. Амаллаб унга мақсадимни тушунтирдим. Сотувчи мен олмоқчи бўлган пойафзалнинг нархини юан (хитой валютаси)да айтди. Унга ёнимдаги пул Ақш доллар эканини айтгандим, аёл зудлик билан сал нарироқда савдо қилаётган эрини чақирди. Сотувчининг эри мени бошлашиб бозор ичидаги банкка олиб борди. Банк иш вақти тугагани учун ёпилган экан, мен эриниб, майли, ўша пойафзални бошқа сафар олишимни айтгандим, хитой савдогари қўярда қўймай мени шаҳардаги бошқа банк шоҳобчасига олиб борди ва у ерда валютани алмаштириб, бозорга қайтиб ўша пойафзални сотиб олдим. Ўшанда хитойлик сотувчиларнинг харидорга муносабатини кўриб, тўғриси ҳайратда қолгандим. Қолаверса, хорижий давлатларда дўконларда ҳам, супермаркет, бозорларда, ҳатто, маиший хизмат кўрсатиш шоҳобчалари ва овқатланиш мажмуаларида ҳам пластик карточкалар орқали тўловларни амалга ошириш ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Секин-асталик билан ўзимизда ҳам бу муаммолар ечимини топяпти. Лекин ҳанузгача айрим ҳолларда мижоз ва хизматчи ўртасидаги мулоқот оғриқли нуқталигича турибди...
“Ҳе, проезднойингга...”
Бир қараганда жуда жўн аммо баҳсталаб бўлган хизмат кўрсатувчи ва мижоз орасидаги ўзаро мулоқот хусусида гап кетар экан, жамоат транспортларида фаолият кўрсатувчи ишчи- хизматчилар ҳақида ҳам икки оғиз гапириш жоиз.
Кўпчилигимиз ҳар куни иш, ўқиш ё бирор юмуш билан албатта кўчага чиқамиз ва умумий транспортлар хизматидан фойдаланамиз. Афсуски, айрим ҳолларда эрта тонгда яхши кайфиятда ёки ишдан ҳориб-чарчаб кўчага чиққанимизда жамоат транспортлари ҳайдовчилари ва кондукторларнинг дағал муомаласи, бақириб-қичқиришлари оқибатида асаблар таранг тортилади, кайфиятимиз бузилади. Бу хусусда ҳаддан ортиқ гапирилганига қарамай, барибир аҳвол ҳеч ўзгармаяпти. Кечки пайт ишдан чиқиб жамоадошим билан автобусга чиқдик. Автобус ўрнидан жилиб икки қадам юриб-юрмасидан кондуктор жаноблари “Так, здесь”, “Қани бу ёқдан чиққанлар” деб автобус оралаб юра бошладилар. Йўловчилар бир-бир ойлик йўл чиптасини кўрсатган эди, у жанобнинг жаҳллари чиқди ва нималардир деб ғудраниб қўйдилар.
— Яхшиям, дераза томонга ўтирволган экансиз,- деди автобусдан тушар эканмиз шеригим кулгидан аранг тийилиб, - сўкинганини эшитиб жанжаллашиб кетардингиз.
— Шундоғам гап билан узиб олмаганимга ўкиняпман. Биз ойлик чиптани текинга олмаганмиз-ку. Давлат транспортида назоратчи экан-да, унинг хусусий машинасига чиқмагандикку!- дедим жаҳлим чиқиб. Бунақа ҳолатга кунда неча марта автобусга чиқсак, шунча марта гувоҳ бўламиз. Ойлик йўл чиптасидан фойдаланувчи йўловчилар гўёки ҳайдовчи ва чипта назоратчиларининг душмани. Жамоат транспорти- автобус уларга катта энасининг маҳрига тушганда!..
Тағин ҳар бекатда автобус тўхтаб- юрганида бақириб-чақириб, “Қани йўлдан чиққанлар”, “Қани билетга тўлаб юборамиз”, “Йўл ҳақини тўлаб юборинглар-чи!” деб уёқдан буёққа ўтиб, тиқилинчда йўловчиларнинг шундоқ ҳам таранг тортилиб турган асабини эговлашлари ортиқча!
— Ҳадеб асабга тегиб уёқдан буёққа ўтишмаса ҳам ўша йўл кирани тўлаб қўямиз-ку, -дейди кекса ёшли йўловчилардан бири.- Етти юз сўм пулни бермай қолиб ҳали ҳеч ким бой бўлмаган, жамоат транспортидан фойдаланяпмизми, албатта пулини тўлаймиз, одамларда озгина бўлса ҳам виждон бордир? Шу етти юз сўмни бермай тушиб кетмас, тиқилинч бўлмаса ҳам майли, тўрт-беш бекат оралиғида йўл ҳақини йиғса ҳам майли эди. Бу нимаси энди, ҳар бекатда кишининг ғашига тегадиган овозда бақириб-чақириб салон оралаб юриш...
— Ҳар хил йўловчилар бор-да,- дейди юқоридаги эътирозларимизга жавобан 91-йўналишли Юнусобод тумани 15-даҳаси ва Кўкча майдони оралиғида қатновчи автобус назоратчиси.- Бир куни бир аёл боласини етаклаб автобусга чиқди. Чипта олишини айтсам, “ҳозир олдим” дейди ўзини боласига саргардон қилиб. Чиптасини текширсам, бизнинг йўналишимиз эмас, рақамлари ҳам тўғри келмади. Гапиргандим шолғомдек қизариб йўл ҳақини тўлади. Шунинг учун ҳам ҳар бир бекатдан чиққан йўловчилар билан ҳисоб-китоб қиламиз...
Миллат кўзгуси
Хизмат кўрсатиш шоҳобчалари ва савдо дўконларида хизматчилари мижоз билан мулоқот қилиш учун ҳам етарличи малака ва кўникмага эга бўлиш ҳақида яхшигина ўйлаб олишлари мавриди аллақачон келган. Негаки, айнан бозор, дўконлар, хизмат кўрсатиш шоҳобчалари юртнинг кўзгуси! Ҳар бир ўлкага келадиган меҳмонлар дастлаб бозор, дўкон ёки хизмат кўрсатиш шоҳобчалари хизматчилари билан мулоқотда бўлади. Демак, элнинг ким эканлигини, қандай тарбия кўргани ва маънавий даражасини кўрсатадиганлар — сотувчи ва хизмат кўрсатувчилар. Бу соҳа вакилларининг муомаласи, юртимизга келган меҳмонларнинг ўзбек миллати ҳақидаги тасаввурини уйғотади. Биргина жилмайиш, мулойим муомала ва тўлиқ салом бериш билан миллат маънавиятини, одоб – ахлоқини намойиш этиш имконига эга кишиларга эътиборсизлик ярашмайди!
“Бухороликларни яхши кўраман”
— Мен бухороликларни жуда ҳам яхши кўраман,- деган эди водийга кетаётганимизда бизга ҳамроҳлик қилган фарғоналик йўловчи аёл.- Ўтган йили баҳорда қариндош-уруғ, болалар, келин-куёвларимиз билан Бухорога саёҳатга бордик. Шаҳарга кириб борганимизда тунги 10лар чамаси эди. Биринчи бор боришимиз эмасми, орамиздан ҳеч ким йўлни билмайди. Қўнишиш учун меҳмонхона керак. Катта йўл бўйидаги бекат ёнида савдо дўкони бор экан. Ўша дўконга кириб, сотувчидан шаҳардаги бирор меҳмонхонанинг манзилини беришини сўрадик. Сотувчи йигит шаҳрига илк бор келганимизни эшитиб “Сизларни ўзим бирор меҳмонхонага олиб бориб жойлаштираман. Бу пайтда манзилни айтганим билан топиб олишларингиз қийини бўлади” деб, бизга йўлбошловчилик қилиб меҳмонхонага олиб борди, жойлаштирди. Телефон рақамларини қолдириб, сафар давомида бирор нима керак бўлса ё муаммо пайдо бўлса, унг қўнғироқ қилишимизни таъкиддлади. Бир ҳафта давомида Бухоро шаҳрида бўлиб, бухороликларнинг хушмуомалалиги, бозор - дўконларида ишлайдиганларнинг чеҳрасидан табассум аримаслигини кўриб уларга эҳтиромим ошди. Чиндан ҳам сайёҳлар шаҳри Бухоройи Шариф халқи меҳмонларга олий даражада мезбонлик қила олишларига ишонч ҳосил қилдик сафар мобайнида...
Яхши сўз ҳам садақа...
Яхши сўз бирла ҳожат аҳлин сўр
Бермасанг яхши тўъмадан нафақа.
Не учунким, Расул қавли билан:
Яхши сўз бордур, уйлакум, садақа.
Яъни: Одамларга яхши таом беролмасанг ҳам, яхши сўз билан аҳволини сўра, Зеро Пайғамбар (сав) таъбири билан айтганда, яхши сўз — садақа ҳукмида,- дейдилар Алишер Навоий ҳазратлари.
Дарҳақиқат, ширин сўз, гўзал муомала кишининг қандай тарбия кўрганлиги, маънавиятининг нечоғлигини кўрсатиш билан бирга, унинг муомаласидан баҳраманд бўлганларнинг кўнглини хушнуд этади. Кўнгил ободлигидан хотиржамлик туйиш эса чин инсоний фазилатдир. Қолаверса, ҳузурингизга келган мижознинг кўнглини топа билиш- сизнинг фойдангиз. Ахир, сиз яхши кишиларга хизмат кўрсатиш билан даромад топишни мақсад қилмаганмидингиз?..
Умида АЗИЗ
Бўлимчалар
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
- Аёлнинг Таравих намози учун уйидан чиқиши
- Эътикоф ҳақида
- Рўза боби (1-қисм)
- Фитр садақаси
- Аёллар эътикофига доир масалалар
- Фидя бериш ҳақида
- Саҳарлик ва ифторлик
- Рўзани бузадиган амаллар
- Рўзани бузадиган амаллар
- Эътикоф бўлими
- Рўза боби (2-қисм)
- Нафл рўзалар ҳақида
- Рамазон: эрингиз сиздан рози бўлсин
- Рамазон: оналар учун 23 маслаҳат
- Расулуллоҳнинг Рамазон ойида баъзи аёллари билан никоҳланишлари
Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Аёлнинг юзини кўрсатиши ва ҳижоб ҳақида
- Парик тақиш ва аёлнинг сартарошга бориши
- Аёлнинг ҳамма нарсаси шаррми?
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш