1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Қалб кўзининг кўрлиги

Бугунга келиб айрим одамлар, айниқса аёллар фолбинпарастлик ( бу ибора ўзбек тили луғатида учрамайдиган янги сўз бўлса керак) балосига мубтало бўлганлар. Гўёки шайтон уларнинг кўзига чўп тиқиб олгану, фолбиннинг аслида қандай одамлиги, қилмишлари гуноҳи кабира эканини кўрмайдилар. Баъзилари фолбин айтган гапларнинг ичидан бир-иккита ҳаётларига тўғри келадиган, ростга ўхшаб кўринган жумлаларни топиб олишса-ку, Худо урди деяверинг, тилла топган гадойдек севиниб фолчининг ёлғонларидан хотиржамлик туйиб юраверишади.

Тил ўрганиш учун туғма қобилият керак

 

 

 

Маълумки, истиқлол берган неъматлар сирасига хорижий тилларни ўрганиш, чет элларга чиқиш ва хорижий юртларда ўша элнинг она тилида сўзлашиш имконияти ҳам киради. Мустақиллик йилларига келиб юртимизда хорижий тилларни ўрганишга эътибор кучайди. Бу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, ёшларимиз орасида чет элликлар билан мулоқот қила оладиганлар кўп. Аммо табиийки, хорижий тилларни ўрганиш борасида баъзи муаммолар ҳам йўқ эмас. Адабиётшунос Зуҳриддин Исомиддинов билан суҳбатимиз шу мавзуга бағишланади.
- Устоз, нима деб ўйлайсиз, ҳозирги кунга келиб тил ўрганувчиларнинг асосий мақсади бизнес қилиш, ўрганмоқчи бўлган хорижий тилида сўзлашадиган давлатлардаги ишбилармонлар билан мулоқот қилиш бўлиб қолмаяптими? Тил ўрганишдан асосий мақсад нима бўлиши керак ўзи?
– Хорижий тилларни ўрганишга қизиқиш бугун ҳар қачонгидан ҳам ортгани чин. Бунинг бош сабаби - мустақиллик туфайли барча чет давлатлар билан мулоқот қилишга йўл очилди, яна бир омил эса ахборот алмашиш кўлами ва суръати тобора ортиб, мамлакатимизнинг умумдунёвий глобаллашиш доирасига тортилиб бораётгани бўлди. Аслида, тил ўрганиш ҳамиша муҳим саналган. Фарқи - аввалги замонларда яқин теваракдаги халқларнинг тилларини ўрганиш кенг ёйилган бўлса, ҳозир олисми-яқинми, бундан қатъи назар, иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган миллатларнинг тилини ўрганиш урф бўлди. Ҳозир чет тилларни ўрганишга кенг йўл очилди. Аввал асосан пединститутларнинг инглиз, олмон ё француз тили факультетларида бу тиллардан таълим берилган бўлса, ҳозир тиллар бўйича бир неча олий ўқув юртлари очилиб, ўнлаб хорижий тиллар ўрганиляпти. Энг қувонарли томони - илгари мактабда бояги тилларни ҳарчанд ўрганмайлик, беҳуда кетар эди: айтайлик, инглиз тилини унча-мунча ўзлаштирган бола нари борса бирон пединститутнинг шу тил бўйича факультетига ўқишга кирар, уни битиргач, мактабга бориб, яна болаларга шу тилни ўргатар... шу тариқа, худди доиранинг ичида югурган олмахон қанча чопса ҳам, бир жойда турганидек, чет тилини ўрганиш беҳуда бир машғулот қаторида эди. Масалан, менга ҳам мактабда беш йил чет тилини ўргатишган, аммо ҳозир бу тилни, бир инглиз ўзбекчани қанча билса, шу даражада биламан, ортиқ эмас.
Ҳозир эса тил билишнинг амалий фойдасини ҳамма кўриб турибди. Албатта, фойда дегани кенг тушунча. Шахсий фойда, жамоат ва жамият фойдаси каби. Агар чет тилини ўрганиш фақат у ёки бу кишининг шахсан наф кўриши учун бўлса, давлатнинг оламжаҳон маблағ сарфлаб, минглаб талабаларни ўқитишига ҳожат бўлмасди - кимга керак бўлса, марҳамат, имконини топса, ўрганиб олаверсин эди. Чет тилларни ўқиш ва ўқитиш биринчи навбатда умумдавлат аҳамиятига молик иш. Кимки бунга фақат шахсий манфаат нуқтаи назаридан ёндошса, кўрадиган фойдаси ҳам шунга яраша бўлади - икки одам ўртасида тилмочлик қилиб, чойчақа топади, вассалом. Хорижий тилни ўрганишнинг ўзи мақсад эмас, восита деб ҳисобланиши лозим. Уни ўрганиш орқали киши аввало мамлакати, халқи учун оздир-кўпдир наф етказишга бел боғласин. Мақсад каттароқ қўйилиши керак, демоқчиман. Шифокор бўлиб, тиббиётнинг муҳим бир муаммосини ҳал қиламан, шу орқали эл-юрт корига ярайман, деган ният билан билим олган талаба қандай мутахассис бўлиб етишади-ю, шу касбдан тирикчилик ўтказаман, деб ўқиган бола қанақа шифокор бўлади - фарқи ўзингизга аён. Чет тили мутахассиси бўлиш борасида ҳам шу гапни айтиш мумкин. Масалан, таржима қилиш, эл-юртини жаҳон адабиёти ва илм-фанининг энг сара намуналаридан баҳраманд қилиш шунинг бир мисоли...
- Таржимани тилга олганингиз учунми, ёдимга тушди: бир таржимон, киши хорижий тилни яхши ўрганиш учун аввало ўз тилини мукаммал билмоғи шарт, деган эди.
- Мен буни сал бошқача талқин этган бўлардим. Тил ўрганмоқчи бўлган кишида бунга туғма мойиллик бўлиши лозим. Созанда ё бастакорга мусиқий уқув қанчалик шарт бўлса, шу сингари, чет тилини ўрганишга бел боғлаган кишидан ҳам тил ўрганиш қобилияти талаб қилинади. Ундай қобил одам эса, аввало она тилини яхши билиши турган гап.
-  Аммо шундай одамлар ҳам бор-ку: ўз она тилини унча яхши билмаса-да, бошқа бир тилни жуда яхши ўрганиб олишган? Ё уларнинг қобилияти ажнабий тилни ўрганишга мойилроқмикин?
– Йўқ. Паспортига кўра ўзбек, аммо бу тилда аранг ғўлдираб, рус тилини қойиллатадиганлар тоифасини кўзда тутаётган бўлсангиз, ундайлар учун она тили - рус тили, ўзбек тили эса... иккинчи бир тил, холос.
Аммо мени шу саволингизга тегишли бошқа бир масала кўпроқ ўйлантиради. Эътибор қилганмисиз, чет тилини ўрганишда бизда  бир  ишкаллик бор.  Яъники,  москвалик бир ўрис бола билан тошкентлик бир ўзбек бола, айтайлик француз тилини, қобилиятлари бир хил бўлгани ҳолда, олти йил ўрганадиган бўлса, москвалик бола ўша ажнабий тилни яхшироқ эгаллаб олган бўлади - бу тилда бемалол гаплашади, хат ёза олади ва ҳоказо. Бизникилар эса бу даражага етиши учун камида институтни битириши керак...
– Нега, ахир бизда ҳам хорижий тилларни қойиллатиб ўрганиб, чет эллардаги тил кўрикларидан совринлар олиб қайтаётган ёшлар бор-ку?
– Борликка бор, йўқ эмас. Аммо мен айрим фавқулодда истеъдодли ва саноқли миқдордаги одамларни эмас, кўпчиликни назарда тутяпман-да.
–  Хўп, борингки шундай бўлса, бунинг сабаби нимада? Ёки фарзандларимизда тил ўрганиш лаёқати сустроқми?
– Аксинча. Бизнинг болаларимизда билимга интилиш кучлироқ ҳам. Аммо, лекини бор. Гап шундаки, ўша француз тилини ўрганишда ўзбек боласи олдида бир сунъий тўсиқ мавжуд. Бояги масковлик бола француз тилини иккинчи тил сифатида (рус тили+француз тили) ўрганса, бизнинг ўқувчилар олдида муқаррар равишда «иккинчи она тилимиз» - рус тилини ўзлаштириш ҳам бор. Яъни, ўзбек тили+рус тили+француз тили. Демак, бу ҳолда француз тили - учинчи тил дегани. Москвалик бола французча билан бир вақтнинг ўзида хитойчани ҳам ўрганиб кўрсин-чи, ҳоли нима кечаркин? Ана энди қорақалпоқ ўқувчиси учун француз тили тўртинчи тилга айланади, Қорақалпоғистондаги қозоқ мактаб ўқувчиси учун-чи? Одамнинг имконияти чексиз эмас, ҳамма ҳам полиглот бўлиб туғилавермайди. Ҳатто энг ривожланган мамлакатлар, масалан, Япония ё Германиядаги аҳолининг ҳам қарийб тўқсон фоизи фақат ўз она тилидангина хабардор. Чунки мамлакатнинг тараққий этиши аҳолининг кўп тилни билишига бевосита боғлиқ эмас. Тил билиш, албатта, фазилат, аммо у мажбуриятга айлантирилмаслиги керак.
Энди, фарзандларимиз чет тилини яхши ўрганиши учун мен бир нарсани таклиф қилган бўлардим. Тажриба тариқасида бир неча мактабда рус тилини иккинчи тил сифатида, яна бир неча мактабда инглиз тилини иккинчи тил сифатида ўқитиш мумкин. Ахир, рус тили ҳам - чет тили, олмон тили ҳам. Она тилидан ташқари яна битта чет тилини ўрганса, бола кўнгилдагидек натижага эришиши осон кечади. Бир вақтнинг ўзида - тўрт-беш йилнинг ичида икки-учта чет тилини аралаш забт этиш... амри маҳол, менимча. Бу ҳолда рус тилини ўрганиш ҳам ора йўлда қолади, хорижий бирон тилни ҳам. Иккита чет тилини - бирини чала-чулпа, иккинчисини эса фақат номига билгандан кўра битта хорижий тилни қойиллатиб ўрганган яхши эмасми?
– Шу ўринда ўзимни анчадан бери ўйга толдирган бир гап: бошқа тилни ўрганаётган кишини ўша тилнинг грамматикаси қийнайди. Сизнингча, тил билиш учун сўзлашиш муҳимми ёки грамматикани ўрганиш?
– Биз она тилини ота-онамиздан, ака-опалар, хуллас, атрофдаги одамларнинг гап-сўзидан ўрганганмиз. Беш-олти яшар чоғимиздаёқ нутқимиз бурро бўлган эди. Маълум бўладики, тил ўрганиш учун жонли тил муҳити бўлиши керак экан. Муҳит бўлмаса, тил ўрганиб бўлмайди. Афсус, нафақат чет тили, ҳатто она тили дарсларида ҳам яланг грамматикадан таълим берилади - жонли тил бир бутун, тирик ҳолда эмас, гўё сўйиб майдалаб, оёқ, буйрак, пайлар, суяк каби грамматик парчалар ҳолида ўқитилади. Яъни, олмошу равиш, аниқловчи, ҳол, эргашган қўшма гапнинг фалон тури... аммо зинҳор нутқ эмас. Жонли нутқ - мана шу энг муҳим нарса она тили дарсларида ўргатилмайди. Албатта, грамматика ҳам керак, аммо алгебра арифметикадан кейинги бир босқич бўлганидай, боланинг нутқи етарли даражада камол топган: фикрини эркин сўзлаб, қоғоз бетига бехато иншо қила оладиган даражага етганидан кейин ўргатилса дурустроқ бўларди. Ахир ўзингиз ўйланг, юзлаб грамматик қоидани сув қилиб ичиб юборган бир талаба ота-онасига чиройли бир мактуб ёзишни эплай олмаслиги, тўртта одам олдида фикрини ифодалай олмай қолиши мумкин-ку? Чет тилини ўргатиш борасида ҳам шу гапларни айтиш мумкин. Шунинг учун бизда чет тили ўқитувчиси кўп, аммо чинакам чет тили мутахассиси ниҳоятда кам.
Албатта, хорижий давлатда бир ой бўлган одам бу тил грамматикасини бир йил ўқиган одамга қараганда кўпроқ ўрганади. Ана шуни тил муҳитининг таъсири, деймиз. Табиий, бу ерда биз айтган муҳитни мукаммал равишда барпо қилишнинг иложи йўқ. Шундай экан, унинг ўрнини қоплаш учун бу тилдаги адабиёт кенг ўқитилиши керак. Чунки бадиий адабиётда шу халқнинг дили акс этади, тилни ўрганишда эса бунинг аҳамияти жуда катта. Ахир, ўзингиз ўйланг, олмон тилини бир нави ўрганган бўлсангиз, аммо бу тилда ижод қилган Гёте, Шиллер, Томас Манн каби ўнлаб дунё адабиёти классиклари асарларини уларнинг она тилида ўқимаган бўлсангиз, сизни олмон тилини билади, деб бўладими?...
—    Мулоҳазаларингиз ўринли, устоз... Қанийди, орамизда сизу биз кўзда тутган мақсадни юрагига жо айлаган ёшлар кўпайса. Хорижий тилларни фақатгина моддий даромад топиш учун эмас, ўша тилда сўзлашадиган миллатнинг бой маданий, маърифий-маънавий меросидан намуналар ўрганиш учун ўзлаштиришса. Бу айни кўпчиликнинг кўнглидаги муддао бўларди.

Умида АЗИЗ суҳбатлашди.   

 

 

 

Нопоклик жафолари

 

 

 

Тўй ташвишлари билан чарчаб қотиб ухлаётган Салим дўхтир хотинининг йиғламсираган товушидан чўчиб уйғонди:
— Нима гап, нега йиғлаяпсан?!
— Дадаси, бўлинг, туринг тез. Шарманда бўлдик. Чиқинг ташқарига, улар... қизингизни қайтариб опкелишибди... -  Дўхтир уввос солиб йиғлаган хотинининг гапларини чала-чулпа эшитиб, уйқуга тўймаган кўзларини ишқалаб елкасига тўнини ташлаганча ташқарига чиқди. Остонадан ҳовлига қадам босар экан, сўрида асабий типирчилаб ўтирган қудаси ва унинг тинмай қарғаниб йиғлаётган хотинию, кеча  ёр-ёр садолари билан узатилган қизи Шоирани кўриб бошидан зарб еган кишидек гандираклаб кетди. “Наҳотки!? Бўлиши мумкин эмас!..”  Салим дўхтир кўрганлари шунчаки даҳшатли тушга айланиб қолишини астойдил истаб, бир муддат бўсағада туриб қолди. Йўқ, унга кўзи тушган қудағай бор аламларини тилига кўчириб бақира кетди:
— Тўйга кетган харажатларни қайтаринг! Бу шармандангиз икки дунёда хор бўлмаса, рози эмасман! Болагинамнинг обрўйини тўкиб, йигит бошини хам қилди, ер ютгур. Биз унга бировлардан қолган бева деб эмас, қиз бола, обрў-иффати, ор-номуси ўзида бўлган қиз бола деб пул сарфлагандик. Бизда нима қасдинглар бор эди?! - Овозининг борича ўкириб йиғлаётган хотинини тинчлантира туриб, эркак қуда ҳам гапга аралашди:
— Дўхтир, олинг бунингизни. Бировлардан қолган сарқит ўғлимга керак эмас. Тўйга кетган сарф-харажатни эса, бир-икки кун ичида қайтармасангиз, судга мурожаат қиламиз. Беномус қизнинг дастидан судма-суд изғишни истамассиз?.. - У шундай деб хайр-маъзурни ҳам нася қилганча, хотини ва ўзлари билан бирга келган иккита маҳалла вакиллари билан бошлашиб чиқиб кетди. Салим дўхтир  музлаб қолган тилини ҳаракатга келтиролмай, остонага чўкди-ю, юрагини чангаллаб эшикка бемажол суяниб қолди...

Шифохонанинг жонлантириш бўлими. Бурнига сунъий нафас бериш асбоби, билагига осма укол уланган Салим дўхтир уч кундирки ҳануз ҳушсиз ётибди. Шифокорлар беморнинг бир томони ишламай, фалаж бўлиб қолиши айтишяпти. Кучли руҳий зарба оқибатида юраги шикастланган. Инфаркт. Кутиш йўлагида дўхтирнинг яқинлари, иффатсизлиги учун куёв уйидан қайтарилган қизидан бошқа ҳамма Салим ётган хона эшигига жавдираб, кириб-чиқиб юрган шифокорларга илтижоли термулиб кун ўтказяпти. Дўхтирнинг аёли ҳам шифокор бўлгани учун бемор ётган хонага тез-тез кириб турибди. Аёл хўжаси олдида ўзини гуноҳкор сезяпти. Шарманда қизини қарғай-қарғай, эрининг қўлларини силайди-ю, яна кўз ёшларини  оқизиб ташқарига чиқади. Бундан бошқаси қўлидан келмайди. Тинмай, “Менинг гуноҳим нима?!” “Қайси гуноҳларим учун?!” деб Худога иддао қилаётган хотин, оиласи билан бирга эрининг, тўғрироғи ўзининг қинғир ишлари жавобини бераётганини англамасди...
...Бир куни Шоҳидахон поликлиникада собиқ синфдош дугонаси Парчаойни учратиб қолди. У ўзгариб, тўлишиб кетган. Сочлари алламбало бўёқларга бўялиб, баркашдек юзи расм дафтаридай чапланганди.
— Шоҳи, ўзингмисан, дугонажон?! Вой, сени қара, минг йилдан бери кўришмабмиз-а? - Парчаой шундай деб, нозиккина Шоҳидахонни бағрига тортиб, гилосдай қип-қизил лабларини чўччайтириб ўпиб олди.
— Жуда ҳам ўзгариб кетибсан, сени танимай қолдим... — Шоҳидахон мактабда ўн йил ўқиб, атиги бир мартагина ҳалол “уч” баҳо ололмаган, тирноқлари ўсиб, сочи тароқ кўрмай иркит юрадиган синфдошининг айни чоғдаги башанг кийим-бошини кўриб, ўзининг камтарлигидан андак хижолатланган кўйи паст товушди сўрашди.
— Демак, хотин дўхтир экансан-да? - Парчаой унга яна бир бор бош-оёқ назар солиб сўради. - Эринг-чи, эринг нима иш қилади?
— Улар ҳам гинеколог врачлар. Фақат бу ерда эмас. Туғруқхонада ишлайдилар... - Худди гуноҳ иш устида қўлга тушган айбдор одамдек, яна секингина жавоб берди Шоҳидахон.
— О-о-о, — кўзларини катта-катта очиб ҳайратланди Парчаой, - ошиғинг олчи экан-у, а? Бу дейман, пулларнинг ҳидига кечалари қандай ухлайсан? Туғруқхонада эринг ишласа ўзинг ҳам ўша ёққа ўтмайсанми, пулнинг тагида қолиб кетардиларинг.
— Йўғе, нимага керак. Ўқишни битириб, тўғри шу ерга ишга келганман. Ўрганган жойим, жамоам. Қолаверса, уйимга яқин...
— Манга қара, уйинг қайси маҳаллада?
— Мана қаршимиздаги кўпқаватли уйларда яшаймиз...
— Ана холос, икки гинеколог ҳалиям, “дом”да тиқилиб юрибдими?! Болаларинг нечта?
— Тўртта, Худога шукр. Ўзингдачи, ўзингдан гапир. Турмуш ўртоғинг нима иш қилади? Болаларинг нечта?
— Э, мани ҳаётим окей! - Парчаой қўлини муштлаб, бош бармоғини ўйнатиб іўйди. - Эрим, сволич нобоп чиқди. Ҳайдавордим. Ҳозир қизинкам билан бирга яшайман. Маҳаллада участкада турамиз. Тирикчилик, шу бизнес, майда-чуйда... Хуллас, сани уйимга таклиф қиламан. Албатта бор. Сан билан-чи, кўришганим зўр бўлди. Бир-иккита ишлар бор, шуни бажарсак, сангаям, мангаям яхши бўлади. Телефонингни бер.
Ўша кўришувдан кейин, Парчаой тез-тез Шоҳидахонни йўқлайдиган бўлиб қолди. Ана шу йўқловлар оқибатида Шоҳидахон эри икковлари ҳам гуноҳга ботиб, ҳам хотиржамликларини йўқота бошлашди.
Парчаой деганлари уйида отарчи раққоссаларни ва фаҳш ишларни касб қилган қиз-жувонларни ижарага қўяр, уларнинг ортидан тирикчилигини ўтказиб юрарди. Унинг бунақа ишларидан ор қилиб эри ташлаб кетганди. Шоҳидахон билан Салим дўхтирни ҳам  шу нопок қилмишларига шерик қилди.
— Дадаси, хўп дея қолинг. Қўлингиздан келади-ку. Қандай бўлиб Парчаойнинг бизга иши тушибди, дадаси... - Шоҳидахон биринчи маротаба эрини Парчаойнинг илтимосини бажаришга аранг кўндирганди. Бошида Салимнинг ҳеч кўнгли бўй бермади:
— Қўй, онаси, бу ишлар ноқонуний. Қолаверса, гуноҳ саналади ҳам. Қандай қилиб, иффатини бозорга чиқарган қизнинг айбини бекитишим мумкин?! - Шоҳидахон кечаю кундуз тинмай бир “қўшиқни куйлайвергач”, охири ноилож кўнди. “Қўл ҳақи” анчагина бўлса-да, Салим бир муддат ўша пулдан ҳам, ўзидан ҳам нафратланиб юрди. Аммо ҳар ҳандай қалтис қадамни босаётганида фақат бир мартагина, биринчи мартадагина уяларкан, афсусланаркан киши. Кейин эса, ўша хатога яна бошқа қайтармаслик шарти билан қўл ураркан. Учинчи мартасида эса, уят ҳам, хижолатлик ва гуноҳкорлик ҳисси ҳам аллақаёқларга йўқолиб кетаркану балойи нафс деган жилвакор фоҳишанинг ўйноқи табассумларига маҳв бўларкан. Салим билан Шоҳидахон ҳам ана шу кўйга тушишди. Бора-бора хотин эрига мижоз топар,  эр бўлса, “севги йўлида адашган, алданиб” номусидан айрилганларни бир думалатиб қиз болага айлантирарди. Кейинчалик, ана шунақа “алданган”ларнинг ҳомиласини йўқотиш ва ҳаттоки чақалоқ савдосига ҳам қўл ура бошлашди. Эр-хотиннинг қўлига жарақ-жарақ пул тушиб, бир йилга қолмай чўғдай қизил “Нексия”ли бўлишди. Ундан кейинги ҳаракатлар эса данғиллама, қўш қават ҳовлига тараддуд эди. 
Салим дўхтирнинг пичоғи мой устида ўйнай бошлади. Уни тез-тез бойвачча пулдор эркаклар йўқлаб турар, ҳафтада бир-икки жувон «қиз»га айланарди. Бир куни қайсидир тижоратчи ўн тўққиз яшар қизалоқни етаклаб келди. Бир ойлик ҳомиласи бор экан. Уйдагилари қизни узатиб юборишаётган эмиш. Бойвачча таниш бир сиқим “кўк”ни Салимнинг чўнтагига суқиб, айёрона кўз сузди:
— Дўхтир, буёғи ўзингиздан қолар гап йўқ. Онадан қандай туғилган бўлса, шу ҳолига айлансин. Ҳа, яна бир гап, боласи етти ойлик туғилади-а?.. - Бу тагдор гапнинг маънисини Салим яхши тушунди. Шундай қилиб, бир ойлик ҳомиладор жувон, қиз бола тусига кириб гўшангада куёвга нозлананадиган бўлди.
Бунақаларнинг сони кўп. Неча-неча бўш-баёв, мулойим йигитлар Салим дўхтирнинг қинғир ишлари қурбони бўлишди. Ана шу йўл билан топган ҳаром пуллари билан фарзандларини боқиб тарбиялаган, ота-онанинг ҳоли энди вой. Тўнғичи жинни деса жиннига, соғ деса соғга ўхшамайди. Ҳар куни эрталаб катта йўлга чиқиб, ўтган-кетган чекиб ташлаган сигарета қолдиқларини тўплаб уйига опкеладию кечаси билан қолдиқларни чекиб чиқади. Ота ўғлини бу ажабтовур “ҳобби”сидан халос қилиш учун сотувда қанақа сигарета бўлса,  уйига оп келиб қўйган. Аммо ўғил фақат қолдиқ териб чекади. Энди қизи...
Шоҳидахон эрининг хонасидан чиқиб, кутиш хонасининг чеккароғига қўйилган юмшоқ ўриндиққа чўкиб, кўзларини аста юмди. Хаёлнинг минг бир туйнугига бош суқиб,  нуқул гуноҳини сўроқлаётган аёлнинг эсига бундан уч-тўрт йилча аввал рўй берган бир воқеа тушди. Содда, мўмина бир аёл чиройликкина келинчаги билан Шоҳидахоннинг қабулига келди. Қимтинибгина ерга қараб турган келинчак бир томчи сув билан ютиб юборгулик малоҳатли экан. Қайнонаси яқинда келинининг бўйида бўп қолганини, уни шифокор назоратига рўйхатга қўйиш учун опкелганини айтди.
— Келинингизнинг ҳомиласи, тўрт ойликка ўтяпти, нега олдинроқ олиб келмадингиз? -  Текширув натижалари билан танишган Шоҳидахон ҳалиги аёлдан сўради. Қайнона дўхтирнинг адашганига кулимсираб:
— Йўқ, синглим, қанақасига тўрт ойлик бўлсин, буларнинг турмуш қурганига энди бир ярим ой бўлди-ку, - деди.
— Унда учрашиб юрган пайтлари...
— Унақа деманг дўхтир, мен келинимни ўзим яхши кўриб танлаганман. Ўғлим хорижда ишлаётганди, фотиҳа тўйидан кейин учрашган булар. Фотиҳадан сўнг бир-ҳафта ўн кунга қолмай тўй қилгандик. Сиз адашаяпсиз. Ҳомиласи энди бир ойлик бўлган бўлиши керак... - Шоҳидахон ҳаммасини тушуниб етди. Юзига ҳаё ниқобини тақиб олган бу келинчак  қачонлардир иффатидан айрилган. Кейин эса бир бечоранинг уйини куйдириб, қиз бола қиёфасида чимилдиққа кирган. Ўшанда Шоҳидахондан келинининг ҳомиласи аниқ тўрт ойлик бўлганини эшитган қайнона ҳам ҳушидан кетиб қолганди. Кейин уларнинг тақдири қандай кечди, Шоҳидахоннинг хабари ҳам йўқ. Шунча фурсат ичида ҳатто у воқеани ўйлагани вақти ҳам бўлмади. Ҳозир эслаяпти. Негадир айни чоғда бот-бот хаёлига ўша бечораҳол қайнона ва унинг келини келяпти.
“Балки, Салим акам иккимизга ҳам Худодан қайтгандир қилмишларимиз?! Шоира ким билан, қачон бундай номаъқулчиликка борди экан?! Наҳотки, нопок ишларимизнинг жавобига шунча тез рўбарў келган бўлсам?.. Опамнинг айтишича, у ҳомиладор ҳам экан... Энди отаси кимлиги номаълум болани нима қиламан?! Олдириб ташлаш жуда хавфли, наҳотки... чақалоқни сотиб юборишга мажбур бўлсам?! Ё, Раб, бундан баттар азобларинг ҳам борми?..” Шоҳидахоннинг мудроқ босган виждони уйқудан кўз оча бошлагандек эди. Бироқ ғишт қолибдан кўчган, ёй аллақачон камондан узилганди.
Салим дўхтирнинг аҳволи ўшандан кейин ҳеч ўнгланмади. Қизининг чақалоғи туғилди. Шоҳидахон, эл-юртнинг гап-сўзига қарамай, гўдакни ўзи катта қиляпти. Ҳар гал эрининг олдига кираркан, аёлнинг вужуди ўт бўлиб ёнади. Бир тутам бўлиб қолган Салимнинг шу кўйга тушиб қолишида фақат ўзини, молпараст-бойликпарастлигини  айбдор биладиган, Шоҳидахоннинг юракдан қилаётган тавбалари тилида “мени кечиринг, дадаси” деган жумла айланарди...

Рухшона ФАРРУХ

 

 

 

Ҳавойи ҳислар “тантана”си ёхуд ахлоқсизлар байрами

 

Башарият пайдо бўлибдики, “муҳаббат” деган атама ҳам мавжуд. Балки инсон яралишидан олдин Тангри таоло муҳаббатни мавжуд этиб қўйгандир?.. Негаки севги, муҳаббат илоҳий куч, илоҳий неъмат. Қалби муҳаббат зиёсидан мунаввар инсоннинг қўлидан ёмонликлар келмайди. Бир сўз билан айтганда

Муҳаббат — эзгулик

деганидир. Афсуслар бўлсинки, бугун замонамиз айрим ёшларининг муҳаббатга енгил-елпи қарашлари оқибатида бу туйғунинг ҳам оҳорига гард қўниб, сийқаланиб қолгандек.
“Муҳаббатсиз одам одам эмасдур
Гар одамсен, муҳаббат ихтиёр эт...” деб ишқ-муҳаббатнинг тажаллисини вафою садоқатда билган Нодирабегим авлодлари бўлмиш бугунги кун ўзбек қизларининг севги ниқобидаги қилиқларини кўриб хижолат тортасиз.
—    Тушлик пайтида пайнетга ўтиб қўл телефонимга пул ташлаб қайтаётгандим,- дейди Сурайё исмли қиз.- Кутилмаганда юзимга тарсаки келиб тушди. Нима бўлганини англолмай, қаршимдаги қизга анграйиб қарасам, яна бир шапалоқ тортди-да:
—    Нега мени йигитим билан гаплашиб келяпсан?- деб шанғиллаганча мени оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан кўчада, ҳатто ўткинчи одамлардан ҳаё қилмай ҳақоратлай бошлади. Шу пайт қайдандир бир йигит келиб қизни дўппослаб, мендан узр сўраб ҳалиги қизни судраб аллақаерга олиб кетди. Салдан кейин ўзимга келиб воқеани таҳлил қилдим. Пайнетдан чиқиб келаётганимда йўлнинг нариги бетида бир йигит ҳам келаётганди. Қулоғимда наушник билан гаплашиб келаётганимни кўриб ҳалиги “йигитим билан гаплашяпти” деб ўйлаган. Ҳозирги қизлардан бундан ҳам баттарини кутса бўлади...

Қизлар нега беқадр?

Тўғри, ҳозир айрим қизларнинг юриш-туриши, аллақандай ҳою ҳавасни “муҳаббат”  деб оҳу нола чекиши деярли ҳеч кимни ҳайратлантирмай қўйди. Севги-муҳаббат деганда ёшлар қўл ушлашиб, пана-паналарда (айрим бети қаттиқлари ҳаттоки жамоат жойларида ҳам) бир-бирининг пинжига тиқилганча беҳаё қилиқларни қилиб, бир-бирига суйкалиб юришни тушунадиган бўлишди.
—    Ишхонамиз хиёбон яқинида жойлашган,- дейди бир ҳамкасбимиз. –Ишдан чиққанимизда ёш йигит-қизлар қучоқлашиб, ҳеч кимдан уялмай, тортинмай бир-бирига суйкалиб юрган бўлишади. “Севги йўқ”, “Муҳаббат бўлмаган нарса” деган иддаоларни ана ўшанақа қадрини арзон сотган қизлар, истаган қизини қўлида эрмак қилолган йигитлар гапиради. Ҳали кўнгилда уйғониб улгурмаган муҳаббат туйғуси эҳтирос алангасида куйиб жизғинак бўлса, севгининг ўлиши, муҳаббатнинг жанозаси шу эмасми?..
Ҳамкасбимизнинг мулоҳазаларида жон бор. Инсон муҳаббатсиз яшай олмайди. Бу ҳаётда ўз исботини топган ҳақиқиқат. Аммо муҳаббат дегани пана-паналарда ўз ихтиёрини йигитга топишириш,  ҳадеганда ўйноқлаб кетадиган енгил табиат қизни у кўчадан бу кўчага етаклаш дегани ҳам эмас. Муҳаббат – вафо, садоқат дегани. Бундай фазилатлардан айро кимса эса хиёнаткор, беҳаё ҳисобланади. Таассуфки, “ўлдим-куйдим” деб “оҳ-воҳ” қилиб юрган ёшларимиз орасида вафо ва садоқат тушунчаларини эскилик сарқити, маданиятсизлик деб тушунадиганлар кўпайиб қолди.
Ёши улуғ онахонларимиздан бири билан суҳбатлашганимизда улар “ёш қизчаларнинг сирлилиги йўқолмоқда. Устидаги кийим боши каби феъл-атворидаги қусурлар ҳам очиқ. Афсуски бундай қизлар келажакда қадри паст, қиймати арзон келин бўладилар” деб куйингандилар. Чиндан ҳам, никоҳ тўйларининг дабдаба-асъаса билан ўтказилиши, куёв томоннинг келин томонга беписандлик билан ўзини осмондан олиб қараши, қиз томонга худди солиқ солгандек сарпо-суруққа кўз тикиб туриши каби ўнғайсиз ҳолатларнинг асл моҳиятини ўзини беқадр қилаётган қизларнинг қилмишлари эвазига келаётган “мукофот”микан деган мулоҳазага боради киши.
— Қизларни ким беқадр қиларди, ўзлари қилишади-да,- дегандилар устоз ҳамкасбларимиздан бири.-Ҳали учрашиб юрадиган йигитини телефонига пул тушириб қўйиб, ҳали кечаси билан пичирлашиб йигитларнинг эрмагига айланган қизда қадр-қиймат қайда бўлсин?!..

“Севишганлар куни” - замонавий ахлоқсизлик!..ми?

—    Яқинда “севишганлар куни” бўлади. Ҳатто йигитимиз ҳам йўқ...
Автобусда кетаётган бир қизнинг ёнидаги дугонасига гапирган гапи эди бу. Бу шармисорона ўкинч қулоғимга чалинган томонга қарадим. Ўн тўққиз- йигирма ёшли қизларнинг юз-кўзига қарайман. Кўзларини лўқ қилиб “нима гапинг бор?” дегандай юзингизга тикилиб туришибди. Кўзлари олма-кесак теради. Шўрликларнинг йигити йўқ эмиш. “Севишганлар куни”да ёлғиз қолармиш... Кўринишидан қизлар олий таълим даргоҳи ёки коллежда таҳсил оладиган талабаларга ўхшайди. Ана сизга бугунги кун замонавий ўзбек қизининг қиёфаси... Шундайларга “Севишганлар куни” ўзи қандай байрам? У нима учун нишонланади?” деб сўрасангиз тап тортмай “ Севишган йигит-қизларнинг байрами” деб жавоб беришади. Ҳамма ҳам бу куннинг моҳияти, миллий қадриятларимиз ва ўзбекона одоб-андишамизга нечоғли тўғри келиш-келмаслиги билан қизиқавермайди. Аслида “Севишганлар куни” деб аталган

“Байрам”нинг тарихи

Бундан 17 аср муқаддам, Қадимги Римда буптарастлик расмий дин бўлган замонларга бориб тақалади. Ўша кезларда  "Севги байрами" деган байрам бўлган.- дейилади манбааларда. - Бу – бутпарастларнинг наздида ўз маъбудларига нисбатан "руҳий муҳаббат" изҳори саналган. Бу байрамнинг келиб чиқиши билан боғлиқ бир неча афсоналар мавжуд бўлиб, кейинги насоро тадқиқотчилари тарафидан уларнинг воқеликда содир бўлганлигини улкан шубҳа остига олинган.
Ёшлар орасида бу мантиқсиз “байрам”  “Valentin’s day” — “Валентин куни” номи билан ҳам машҳур. Ҳақли савол туғилади Валентин ким ва унинг бу кунга қандай алоқаси бор? Яна манбааларга мурожаат этамиз: “...Авлиё Валентин – Насроний черкови томонидан шаҳид деб тан олинган икки насроний авлиёнинг исмидир. – деб кўрсатилади интернет нашрларининг бирида чоп этилган  “Авлиё Валентин ким бўлган?” деб номланмиш мақолада.- Ривоятларга кўра, авлиё Валентин милоддан аввалги 296 йилда Рим императори Клавдий II томонидан қатл қилинган. 350 йилда эса у қатл этилган жойнинг ўрнида унинг хотирасига бағишлаб черков қурилган. Римликлар насронийликни қабул қилгач, Севишганлар байрамини нишонлашда давом этдилар. Бироқ, байрам ҳақидаги мажусий қарашларни насроний ақидаларга алмаштирдилар. Насроний эътиқодига кўра, авлиё Валентин тинчлик ва севгига даъват қилган ва шу сабаб қатл қилинган. Шундан буён ушбу мажусий байрами Севишганлар байрами деб аталган, авлиё Валентиннинг ўзи эса севишганларга ҳомийлик қилувчи авлиё деб ҳурматланган.
Ўша пайтдаги мажусий ақидаларга кўра, никоҳ ёшига етган қизлар исмларини қоғозга ёзиб, бир қутичага солишар, уйланмоқчи бўлиб юрган йигитлар эса қутичадаги қоғозлардан бирини тортишар экан. Шу кундан бошлаб йигит қоғозга исми ёзилган қизнинг хизматкорига айланиб, кейинги байрамгача бир йил мобайнида шу қизнинг юмушларини бажариб юрар экан. Бир йил ўтгач, улар ё оила қуришган, ёки яна қутичага мурожаат қилишган. Насроний черкови пешволари бу анъана ёшларнинг аҳлоқига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб топиб, унга қарши чиққан. Хусусан, Италияда бу байрам ман қилиб қўйилган, чунки у айнан Италияда жуда кенг нишонланган. Авлиё Валентин куни Италияда 18-19-асрларга келибгина қайта тикланган. Ўша пайтлардан бошлаб ғарб мамлакатларида «Валентин китоблари» - ишқий шеърлар ёзилган китобчалар сотила бошлаган. Бундай китобларда севги изҳор қилиш ҳақида маслаҳатлар ҳам бўлган. Севишганлар ишқий мактублар ёзишда шу китобдан фойдаланишган...”
Демак, ушбу “байрам”нинг ҳеч қандай диний маъноси ва асоси йўқ экан. Авлиё Валентин деганининг бизга, ўзбек ёшларига ҳеч қандай кераги бўлмаганидан кейин унга тегишли кунни байрам қилишдан не маъно?  Байрам қилмоқчи бўлсак, таваллуди тантана қилишга арзирли, нафақат бир кун, балки ҳар куни, ҳар дам эсланишга, ҳаёт йўлидан ибрат олишга арзигулик буюкларимиз кўп-ку!
—    Энг  ачинарлиси ҳар йилнинг 14 февралида гуллар, ширинлик, купидон ва бошқа совғабоп ашёларни кўтариб олган ёшларга микрафон тутиб “14 феврал қандай сана” деб сўралганда, жавоб берганларнинг 90 фоизи “Севишганлар куни” деганлар бўлди!- дейди телевидениеда ишлайдиган ҳамкасбим оғриниб.- Бундан ҳам оғири ҳатто қизлар ҳам тиржайган куйи шу жавобни беришади. Бу санада давлат ва жамоат арбоби, шоҳ ва шоир, саркарда бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларинининг таваллуд куни нишонланишини кўпчилик ёшлар билмайди ёки бу тарихий сана аллақандай беҳаёлик байрами соясида қолиб кетибдими, деб куйинаман...
Бу оғриқли ўйлар ўзини ўзбек миллатига мансуб деб билган ҳар бир кишининг дилини тирнаб ўтиши аниқ. Шукрки, Ҳукуматимиз ва бир гуруҳ зиёлилар ташаббуси билан ҳар йили 14 феврал санаси юртимизда “Адабиёт байрами” сифатида кенг тантана қилинадиган бўлди. Ўтган йили мазкур санада айрим маънавий саводсиз ва дидсиз хонандаларнинг “Севишганлар куни”га бағишланган концерт дастурлари бекор қилинди, гапираётган гапининг маъносига ўзи ҳам тушунмайдиган радиобошловчилар ишлайдиган хусусий радиоларда “Севишганлар куни” деган жумлани ишлатиб уззуккун ошиқ-маъшуқларнинг бир-бирига йўллаган табрикларини ўқиб эшшиттириш тақиқланди. Умуман бу борада кенг тазда олиб борилаётган ишлар самара бераётгани яхши албатта. Аммо ҳали ҳануз айрим ёшлар “Севишганлар куни”ни байрам қилиш каби ахлоқсизликдан воз кечолмаётгани ғашингизни келтиради.
—    Сиз ёшларни гапирасиз, мен ишлайдиган мактабда кап-катта 35-40 ёшлардаги ҳамкасбларим ҳам уялмай бу кунни орзиқиб кутишади ва эри билан хиёбонларга айлангани чиқиб, кино-концертларга тушишади, бир-бирига гул ва шоколад билан совға-саломлар қилишади,- дейди шаҳримиз мактабларининг бирида ишлайдиган ўқитувчи дугонам аччиқ истеҳзо билан.
Нима ҳам дердик, таълим-тарбия соҳа вакилларинингки фаҳм-фаросати лойқаю бўтана бўлганидан кейин бошқалардан яна нима кутиш керак?!..

Демоқчи бўлганимиз

Муҳаббатга аталган кун бўлмайди. Муҳаббатнинг ҳар куни байрам. Зеро, ҳар куни кўнглимизга яқин, бизга қадрдон, жонимизга жондош инсонларни кўришнинг ўзи, уларга “Сизни яхши кўраман” дейишнинг ўзи тантана эмасми? Яқинларимизнинг қувончини кўриш ҳар қандай шодиёна, байрамдан ҳам аъло эмасми? Меҳрибонларимизга биз учун қадрли эканликларини амалда кўрсатиб, кўнгилларни қувонтириш энг чиройли байрам эмасми? Шундай экан, ҳар сония, ҳар онни байрам қилайлик, азизлар...

Умида АЗИЗ

Аёлни ҳасад қаритади

 

Тилимизда, кўнгли очиқ, хушфеъл, қалби тоза, дили пок, самимий, деган жумлалар бор. Мана шу тавсифлар биргина «ҳавас» деган сўз тасвирида келса ҳам, муболаға бўлмаса керак, фикримча. Айнан юқорида келтирилган сўзларга қарама-қарши равишда, ичи қора, ғайир, диёнатсиз, ғаламис каби сўзлар келтирилиб, улар «ҳасад»га маънодош бўлиши мумкин. Ўз-ўзидан келиб чиқадики, ҳасадгўйларнинг кўнгли қора бўлади, одамларнинг ғалабасини, муваффақиятини кўролмаслик оқибатида уларнинг юрагида аччиқ алам пайдо бўлади ва ана шу алам сабаб ҳасадчилар омадсиз одамга айланиб қолади. Руҳшунoслaрнинг таъкидлашичa, ҳaсaд — ўз-ўзини ҳимoя қилиш, яхши кўриш, тaбиий xудбинлик (эгoизм) билaн қoришиб кeтгaн сaлбий инстинктдир. Тиб илмининг бир гуруҳ билимдонлари ҳасад яъни, бировларга нисбатан ғараз мақсад ва ёвуз ниятда бўлган одамларнинг организмида ҳам салбий ўзгаришлар кузатилишини, қонида давоси мушкул хасталиклар пайдо бўлишига замин яратишини уқтиришади. Шунингдек, ҳасадгўйнинг руҳий ҳолати ишига, юриш-туришига таъсир ўтказиб, омад ундан юз буриши, арзимаган ишида ишкалга ўралиб қолишига ҳам сабаб бўлар экан.
Майли, биз олим ва руҳшуносларни қўяверайлик, оддий ўзимиз гувоҳи бўлган, ҳаётимизда ҳар қадамда юз берадиган, рўй бераётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил қиладиган бўлсак, ҳасадгўйнинг вужуди ва руҳини мутлақо эгаллаб олган ҳасад туфайли забун ҳолатга тушиб қолишини кўрамиз. Аксарият ҳолларда ҳасадгўйнинг аччиқ қисматидан ибрат олмаймиз. Ҳасадга доялик қиладиган иллатлардан бири - ғийбат, ғийбатчилик яъни, ғайирлик. Кўча-кўйда, маҳалла-гузарлар, кўп қаватли уйлар олдидаги ўриндиқларни уззукун эгаллаб, ўтган-кетганни, ишга шошган, юмушига ошиққанларни ғийбатини қилиб, кунни кеч қиладиган, кечки пайт ғийбатчиларга нишон бўлган одамлар ишдан чиқиб, бозору дўкон айланиб рўзғор халталарини тўлатиб қайтганларида, «Тавба-ей, булар бунақанги қиммат егуликларни қаердан олишади, а?! Биз биргина дадасининг топганини учма-уч аранг рўзғорга етказамиз. Булар бўлса, кунда гўшт, колбасаю пишлоқ, қаймоғу сарёғларни килолаб олиб келишади. Шунча пулни қаердан топади, демак, бир гапи бор-да», деб иддаоли ғудраниб қўядиганларни кўпчилигимиз деярли ҳар кун кўрамиз. Гапларимиз сизга қўшнингизни ё қариндошингиз ёки… ўзингизни тасвирлаб кўрсатяптими? Эрталабдан кечгача ишдан ортолмай, чарчаб-ҳориб уйига шошаётганларнинг ғийбатини қилиб, ҳасадга тўлаётганлар ҳам уззукун вақтларини «ўлик биродарларининг гўштини ғажиб», бировларнинг гуноҳини камайтиришга сарфламай фойдали меҳнат билан шуғуллансалар, ундан келадиган даромад билан яхши яшаш имконига эга бўлармидилар. «Қаердан топади?! Қандай топади?! Нега биз шунча қилсак ҳам, ҳеч нимага эришмаймизу булар ўтирган жойида бойиб кетяпти?!» деган хитоблар ҳасаднинг асл моҳиятини ташкил этади.
Мулоҳазаларни ўқиб туриб, сизда ҳасад фақат аёлларда бўлади, эркаклар бу иллатдан мустаснодирлар, деган фикр пайдо бўлган бўлиши ёки бизнинг қарашларимиздан шундай маъно чиқариб, эътирозга шошилаётган бўлишингиз мумкин. Шу ўринда, андак хатоликка йўл қўяпсиз-да. Ҳозирда кўча-кўйда ғийбат тўқиб ўтирганлар фақат аёллар эмас, таассуфки, эркакларимиз ҳам бу борада аёллар билан бемалол беллаша олишга ва ҳаттоки, уларни ортда қолдиришга ҳам шайдирлар.
Ҳaсaдгўйлaр ўлaди-ю, ҳaсaд ҳeч қaчoн ўлмaйди, деган эди файласуфлардан бири. Ҳақиқатдан ҳам, одамларга ҳасад қилиб, ҳам ўзини ҳам бошқаларни қийнаб юрганлар вафот этгани билан, барибир ҳасад ўлмайди. Энг ачинарлиси, у ҳамма қалбда ҳам бўлар экан. Фақат, иродалилар, ўзини ҳурмат қилган, ҳалоллик ва самимиятга ошуфта қалб соҳиблари ичидаги ҳасадни ҳавас ёрдамида ўлдиришга эришишар экан. Бадбинлик, манманлик, кекчи, жиззакиликка мойил кишиларда эса ҳасад кучли ривожланиши ҳақида мутахассислар эътироф этишяпти. Демак, ҳасад отлиқ бедаво «дард»га йўлиқмаслигимиз учун, аввало, кўнгилни кенг тутишимиз, феълимиздаги аразчилик, жиззакилик, урушқоқлик каби ҳам соғлигимизга, ҳам турмушимизга соя ташлайдиган хусусиятлардан чекинишимиз ва албатта, бирор муваффақият ё омадга эришганларни кўрганимизда, эшитганимизда, «Аллоҳ зиёда қилсин, буюрсин, илоҳим менга ҳам шундай бахт насиб этсин» деган ниятни астойдил кўнгиллашимиз даркор экан.
Анча олдин, халқ ўртасида машҳур бўлган нашрлардан бирида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган актриса Гулчеҳра Жамилова билан уюштирилган суҳбатни ўқигандим. Ҳамкасбимиз, ўзбек қизларининг тимсолига айланган Кумушбиби образини жонлантирган элнинг севимли актрисасидан, ҳанузгача ёшлик нуқсидаги гўзаллигини асл ҳолатида сақлаб қолганининг боисини сўраганида, Гулчеҳра опа, «Аёлни ҳасад қаритади. Нега унда бору менда йўқ, унинг эри унақаю, меники бунақа, нега у бой яшайди, мен ўртамиёна, нега у кийган кийимни мен кийолмайман, деган иддаолар аёл ҳуснининг тез қайтишига, чеҳрасига қарилик булути муддатидан анча аввал соя ташлашига сабаб бўлади», деб жавоб берган эканлар. Ана шу тўрт қаторга сиққан ҳикмат бир умрга етгулик сабоқ билан хотираларим варақларига нақшланган. Ҳасад кўнгилларни-да, руҳларни-да озорлантирмоқ баробарида, жисмга ҳам зарба беради. Алал-оқибат, инсон ўзи учун қимматли бўлган умрига, ҳаётига, соғлиғига ўзи зомин бўлади. Ҳавас эса, аксинча дилларни яшнатади, орзуларга қанот беради. Кишини юксакликка чорлайди, инсон ҳавас шарофати билан ўзи ҳавас қилган кишисидан-да ортиқ муваффақиятларга эришади. Бу ҳаётда ўз исботини топган ҳақиқат.

САМИРА

Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик

Айни чоғларда пойтахтимизнинг номдор санъат саройларида ёзги концерт мавсуми қизғин давом этмоқда. Айниқса, “Истиқлол” санъат саройи деярли ҳар куни санъат ва қўшиқ шайдолари билан гавжум. Албатта, бундан мамнуният туяди киши. Ахир яхши дам, меҳнатга ҳамдам дейдилар. Кино, театр, концертларга кириб маданий ҳордиқ чиқариш, кундалик ташвишлардан бироз нари бўлиш билан асабларни тинчлантириш яхши. Бироқ  айрим ҳолларда кино, театр ёки концертга кирганингизда асабингиз бузилиб, ғашингиз келади. Томошабин маданияти, мухлис этикасидан умуман хабари бўлмаган томошабинлар касрига маданий дам олиш фурсатлари ҳам кўнгилдагидек кечмайди.
Шундайлар тоифасига дуч келганда беихтиёр,

 

Эссиз санъат, эссиз санъаткорнинг меҳнати

 

-    дейди, киши.  Яқиндагина истеъдодли санъаткор, ҳофиз ва моҳир созанда Фарҳод Саидовнинг яккахон концертига тушдик. Ҳамроҳлар билан ишдан чиқиб, келишилган вақтда кўришгунимизча концерт бошланадиган пайт ҳам бўлиб қолди. Шоша-пиша концертга келганларнинг чипталарини текшириб, ичкарига киргизаётган назоратчилар турган эшикка яқинлашдик. Белгиланган тартибда залга кирсак, беш-ўн чоғли томошабин ўз ўриндиғини банд этиб туришибди холос. Улар ҳам санъаткорнинг яқини, қариндош-уруғлари, яъни таклифнома орқали таклиф этилган меҳмонлар. Концерт бошланишига эса атиги 10 дақиқа қолган. Шерикларимиздан бири, “Тавба, одамлар санъатни ҳам тушунмайдиган бўлиб кетишибди, чоғи. Ахир Фарҳод Саидов анча-мунча ҳофиз эмас, нега концертига кам  одам йиғилибди” деб қолганди, бошқаси гапни илиб кетди:
-    Э, одамларни билмайдигандек, худди биринчи марта концертга киргандек гапирасиз-а?!  Ҳозир концерт бошланса, ярим соатлардан кейин узун-қисқа бўлиб, боласини йиғлатиб, қувалаб, қарғаниб, судралиб кириб келишади. Халқимизга хос одат бу. Дард тузалса, тузаладики, одат ҳеч қачон тузалмайди...
Чиптада кўрсатилган ўрнимизга бориб ўтирдик. Соат еттидан беш дақиқалар ўтди. Концерт ташкилотчилари тез-тез саҳна ортидан залга кўз югуртириб кетишяпти. Одамлар эса худди “керак бўлса кутасан-да”, дегандек бемалол кириб келишяпти. Ҳамроҳимиз айтганидек, биров учта боласи бўлса, уччовини ҳам етаклаб олган, биров ёшига етмаган гўдагини ҳам кўтариб олган. Бир пайт кўзимиз болалар аравачасига боласини солиб олиб зал бўйлаб ўриндиғини қидириб юрган жувонга ҳам тушди. Қизиқ, гўдак бола билан концертда нима кўриш мумкин? Қўлингда боланг ғингшиб ётса, қандай дам оласан, биродар? Балки сенга концерт ёш боланг билан татир, лекин концертга кирганлар, эгнию қорнидан тийиб маданий ҳордиқ чиқараман, қўшиқ тинглаб ором оламан, деб чипта сотиб олган, уларга болангнинг ғингшиши, йиғлаб асабни эговлаши ёқармикин, бунинг ҳисобини қилмайсанми, дегингиз келади шундайларни кўрганда. Нима дейсиз энди, ўзбекчилик андишаси. Концерт бошлангунига қадар томоша кўргулик асабингиз ҳам қолмайди.
Хуллас, белгиланган вақтдан ўттиз дақиқаси ўтгач (албатта томошабинларнинг айби билан!) концерт бошланди. Ҳар оҳанги, ҳар ноласи Бухоро воҳасининг ўзига хос тўпори- тажанг кишиларининг шўхлигини, жўшқин табиатини эслатгувчи мусиқа садолари зални жонлантириб юборгандек бўлди. Ажиб ҳиссиётлар кўнгилни қитиқлаб, бор ташвишу ўйловларни унутади киши. Соҳир ҳислар, ширин туйғулардан энтикиб, дунёни унутиб ўтирганингда кимдир келиб елкангдан туртади:
-    Фалонинчи қатор қаерда?..- Турган гапки, мусиқа садолари унинг овозини босиб кетади ва албатта... ширин ҳис бағишлаётган ором ҳам бўлинади. Ҳалиги сўровчи яна саволини такрорлайди. Қаторнинг рақамини айтасан. Кошкийди шу билан тинчиса... Энди у чиптада кўрсатилган ўриндиғини  ҳам сўрайди. Ва бир маданиятсизнинг эзмалиги сабабидан ҳозиргина дилингни яшнатаётган манзара ҳам кўзингга хунук кўринади. “ Шу санъаткорнинг дискини сотиб олиб, уйда бир ўзим мазза қилиб қўшиқ тингласам яхши бўларди” деган ўйдан ғижинасан. Аммо бир кўнглинг яна фикрингга қарши чиқади, “жонли томоша барибир жонли-да!”
Жонли томоша чиндан ҳам мияни чалғитади, асабларга дам беради. Бироз бўлса ҳам кўнгилга хотиржамлик иниб, одатий ташвишлардан нарироқ бўласиз. Албатта томоша ҳам шунга яраша юксак савияда бўлса. Аммо айримларнинг фаросатсизларча белгиланган вақтда томошагоҳга келмаслиги ёки ёш боласини етаклаб,  томоша бошлангач ҳам санъаткорнинг  ва ҳам томошабинларнинг  ғашини келтириб, фикрини бўлиб бемалол кириб келиши концертга киришдаги мақсадингизни пучга чиқариб қўяди. Шундайларга дуч келганда, халқимизга маданият, маънавият деган тушунчаларни уқдириш учун бундан ортиқ яна қандай ҳаракат қилиш керак экан-а, деган ўйдан оғринади киши.
Эл назаридаги кишилар, санъаткорлар, ҳофизу хонандаларнинг юриш-туриши, ўзини тутиши халқга кўзгудек гўё. Улар маданият, маънавият, нафосат ва одоб-ахлоқи юксаклиги билан ҳам элга ибрат бўлишлари шарт. Аммо санъаткорлар орасида ҳам шундай кишилар борки, беихтиёр уларнинг адабсизлиги ва маданиятсизлигини кўриб нафратланиб кетасан.

 

Маданият ходимида маданият бўлмаса,

 

бундан ёмони бўлмайди. Маданиятни ҳам қўя туринг, оддий ўзбек элига хос андишаю тавозеъ, ҳурмат-иззат, шарқона одобдан нари нусхага санъат олами эрмакка от чоптирадиган майдон эмас-да ҳарқалай.
Фарҳод Саидов концертга меҳмон сифатида таклиф этилган санъаткорлар билан таништирар экан, устоз ҳофиз Ортиқ Отажоновнинг исми шарифи тилга олинганида  санъаткор ўрнидан туриб, астойдил томошабинларга таъзим қилдилар. Бу ҳолни хонанда Анвар Санаев ҳам такрорлади. Аммо элимизнинг машҳур қўшиқчиларидан бири, халқ артистининг исми янграганди, улар ўрнимдан турсам, савлатимдан тушиб қоламан, деб ўйладилар чоғи, ўтирган жойларида шундоқ кибр билан бош силкиб қўя қолдилар. Қизиқ, бу билан халқ артисти нимага шаъма қилмоқчи бўлдилар экан? Концерт бераётган санъаткорга нисбатан ҳурматсизликмиди бу, ёки уларни шу даражага етказган халққа беписандликмиди? Балким ўзларини жуда омадли ва машҳур санаётган ҳофиз учун бу оддий ҳолат бўлиши мумкин, бироқ залда ўтирган томошабинлар у зотнинг бу тахлит беодоблигини муҳокама қилишга тушиб кетди: “Вой, Фалончи ўрнидан ҳам турмадия?”  “Астоғфурруллоҳ, Ортиқ Отажоновдек санъаткор олдида у ўзини ким деб ўйлаяпти?..”
Санъаткор аввало одобли, юксак маданиятли ва албатта маънавиятли бўлиши керак.  Санъат аҳли унутмасинки, уни машҳур қилаётган, қўшиқларини тинглаётган бу — халқ. Тўғрироғи, мухлис. Мухлис эса гўёки бевафо ошиққа ўхшайди. Салгина ўзингга ярашмаган қилиқ ёки кўнгил қолдирадиган  қалтис ҳаракат мухлисни йўқотишга олиб келади. Юқорида келтирилган кичкина ҳолат менга “Баҳор қайтмайди”даги Алимардон Тўраевнинг қисматини эслатди. Агар эсингизда бўлса, қарсаку олқишлар билан Алимардон Тўраевни саҳнага чорлаган мухлис, бир кун  келиб чапак билан уни саҳнадан ҳайдаб солади... Ашулачи хонандалар ўша манзарани ҳеч қачон унутмасалар, яхши бўларди...
Концертни ватан тараннуми куйланган қўшиқ билан ниҳоялаш санъаткорларимизга одат тусига кирган. Концертнинг ярмида овсарланиб кириб келган томошабин, худди қафасдан озод қилинган қушдек Ватан ҳақидаги қўшиқ наво сочган заҳоти тартибсизлик ва тарбиясизлик билан ўрнидан қўзғалишга тушади.  Оддий томошабинлар қолиб эл назаридаги санъаткорлар ҳам юртимиз мадҳи тараннум этилган қўшиқ бошланиши билан зални тарк этишга ошиқдилар. Таажжуб ва тааассуфда ёқа ушлаб қолдик. Бу ҳурматсизлик санъаткоргами ёки Ватангами? Ўзини маданиятли, тарбияли деб билган киши туғилиб ўсган диёри мадҳ этилаётган қўшиққа тоқат қилолмай чиқиб кетишга шошилишини қандай тушуниш мумкин?..
Саҳнада концерт ташкилотчиларини таништириш қисми кетяпти, залдагилар худди асирликдан бўшаган тутқундек ўзини эшикка уряпти. Кўрган кўз хижолат тортади. Ҳайронман, икки-уч соат бир жойда ўтириб томоша кўргани тоқат қилган одам, яна беш-ўн дақиқа ўтириб, санъаткорнинг ташаккурини эшитишга чидам тополмасмикан?..
Айтмоқчи бўлганимиз
томошабин маданияти авало ўзини ҳурмат қилган кишида бўлади. Одам ўз қадрини билса, ўзини ҳурмат қилсагина бошқаларни қадрлайди ва бошқаларнинг меҳнатини ҳурмат қилади. Санъаткор ўзининг бир неча йиллик меҳнатлари сарҳисобини тақдим этиш учун мухлис йиғиб концерт қўяди. Чин мухлис, ҳақиқий шинаванда ўзи суйган санъаткорнинг томошасига киради. Концерт, театр ва кино томошалари чиройли, сўнги урфдаги кийимларни кўз-кўз этадиган моделлар шоуси эмаски, бошланишидан ярим соат кейин кириб, тугашига ярим соат қолганида ҳамманинг диққат эътиборини чалғитиб уёқдан буёққа юрса киши.
Очиғи, мулоҳазалар аввлида кўп аччиқ сўзлар тилимга келганди. Аммо ўзбекмиз, барибир андишага борамиз. Англамоқ керакки, андишанинг отини қўрқоқ қўйиш ақли расо одамнинг иши эмас. Томошагоҳлар эшиги олдидаги назоратчилар ҳам бизнингча шу андишада томошабинларга қаттиқ гап қилолмасалар керак. Ахир чипталарни текшираётганда ёш болали тоомшабинларга эътирозлар борлиги, кечикиб келадиганлар учинчи қўнғироқдан кейин залга қўймасликлари эслатиб ўтилади. Шунга қарамай, барибир юқорида тилга олинган ҳолатлар киши таъбини хира қилади.
Такрор айтганимиз — ўзини қадрлаган, ўзини ҳурмат қилган одамгина бошқаларнинг иззатини ўрнига қўйиб, меҳнатини қадрлайди. Айтилган жойга вақтида бориб, вақтида қайтишни,  умуман меҳмонга хос одобга риоя қилишни билган кишилар ўзларини ҳурмат қилиш билан бирга уларга хизмат қилган мезбонга ҳам юксак тарзда иззат кўрсатган бўладилар. Тўғрими?..

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 120 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ