Сайт бўлимлари
- Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
- Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
- Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
- Энг заиф уй
Muslima.Uz
Майда иллат— катта фожиа
- Подробности
- Бўлим: Иллат
Табиат — ер юзидаги жамики тирик мавжудот учун муққаддас гўша ҳисобланади. Табиат уларни тўйдиради, кийдиради, иссиқ ва совуқдан асрайди. Ўз навбатида тирик мавжудот ҳам табиатга меҳр қўяди. Бу меҳр табиатни асраш, ундан оқилона фойдаланиш туйғуси билан уйғунлаша олсагина ҳақиқий саналади. Биз «Табиатни севамиз» деб бонг урамиз, мавзуга оид тадбирларда иштирок этамиз, маърузалар тинглаймиз, бироқ уни асраб-авайлаш ишига масъул эканлигимизни ҳаммавақт ҳам ёдда тутавермаймиз.
Юракни ўртаган мавзу
Кўпқаватли уйларда яшайман. “Дом”имиз олдида ахлат ташлайдиган бетон яшиклар бор. Қачон кўзингиз тушса ахлатлар бижғиб, пашшаю чивинлар айланиб-учиб юрган бўлади.
Энди ёзнинг жазирама кунларида “мусорка”нинг аҳволини тасаввур қилаверинг! Энг ачинарлиси, ахлат ташлайдиган ўша махсус жой шундоққина аҳоли яшайдиган кўпқаватли уй яқинида. Уч-тўрт кун оралатиб ахлат ташийдиган машина келади. Шу орада даҳанинг ярим аҳолиси эҳтиёжидан чиққан ахлат шу ерда тўпланади. Соҳа мутухассислари билан боғланиш илинжида шаҳар ободонлаштириш бошқармасига йўл олдик. Хўш, бу ташкилот мутассаддиларининг юқоридаги муаммо хусусидаги фикрлари қандай экан?
Тошкент шаҳар ободонлаштириш бошқармасини излаб йўлга тушдик. Аввалги жойидан бошқа ерга кўчган экан. Топиб бордик. Аммо идорадан қадам қўйганимиз ҳамоно, хонада ўтирган ёши каттароқ опахон мақсадимизни эшитиб, энсаларини тириштирдилар. Уларга атроф-муҳит тозалиги, ободонлиги, кўча-куй, бекатлардаги ахлат ташлайдиган махсус идишларнинг камлиги юзасидан мутассадди шахслар билан фикр алмашмоқчилигимизни айтгандик, опахон, улар билан суҳбатлашиш учун писмадон жойдан рухсат олишимиз кераклигини, ўша казо-казо жой рухсат бермаса, бу ташкилотдагилардан бир оғиз ҳам гап оломаслигимизни таъкид этиб, бизга оқ йўл тиладилар. Ҳа майли, ўзи шунақа ҳолатга тушишимизни билгандик, деб ортимизга қайтавердик. Йўл-йўлакай кўча ва хиёбонлар, кўпқаватли уйлар подъездлари олдида бетартиб сочилиб ётган салқин ичимликлардан бўшаган елим идишлар, сақич, музқаймоқ, шоколад ва бошқа ширинликларнинг ёрлиқлари, ҳатто қора елим халталардаги чиқиндилардан ташкил топган хунук манзаралар таъбимизни хира қилди. Биз ободонлаштириш бошқармасидагилардан ранжисак, юртдошларимизнинг ўзлари атроф-муҳит, яшаётган ҳудудларининг тозалигига эътиборсиз эканлар. Боз устига кўп қаватли уйлар оралаб келаётсам, 8-9 ёшлар чамасидаги болакай уёқ-буёққа алангладида, қўлидаги ахлат тўлдирилган елим халтани подъезд эшиги тагига қолдириб уйига кириб кетаверди. Шу важдан атроф- муҳит ободонлиги, тозалик маданияти каби бугуннинг долзарб ва юракни ўртаган мавзуси юзасидан юртдошларимизнинг мулоҳазалари билан қизиқдик.
“Аввал ўзимиз ўрганиб, сўнг болаларимизни ўргатишимиз шарт ”
- дейди Қўқон "AVTOSANOAT KOMPONENT"МЧЖ Бош иқтисодчиси Нодир Шокиров мавзу хусусида муносабат билдира туриб. - Умуман олганда атроф- муҳит тозалигига риоя қилиш айни пайтнинг долзарб муаммоларидан бири ҳисобланади. Ушбу муммонинг янада чуқур илдиз отиб кетмаслиги учун энг аввало ўзимизни тозалик маданиятига ўргатишимиз шарт. Қолаверса, фарзандларимизга жуда ёшлигидан бошлаб табиат, атроф-муҳитга нисбатан оқилона муносабатда бўлишни ўргатишимиз керак. Ўрни келганда ўзимни таъсирлантирган бир мисолни келтириб ўтишлик жоиз деб билдим. Голландия давлатига спорт мусобақаларига иштирок этиш борган ҳамюртларимиз у ердаги манзараларни томоша қилганча кўчаларда айланиб юриб, ширинликдан бўшаган ёрлиқ қоғозни ерга ташлаб юборишади. Шу пайт рўпараларидан келаётган жажжи қизалоқ уни олиб ахлат ташлайдиган қутига ташлайди.
Бу билан айтмоқчиманки, биз катталар аввало атроф-муҳит тозалиги, табиатга бўлган муносабатни юксак маданият даражасига кўтаришимиз керак ва фарзандларимиз дунёқарашида ҳам бу нарсани шакллантира олишимиз даркор. Такрор айтаман, агар биз табатга, атроф муҳитга нисбатан муносабатимизни тўғриласак, фарзандларимизга шунинг ўзи кифоя. Негаки, болага кўчага ахлат ташламаслик, кўча ва хиёбонларга озиқ-овқатдан бўшаган қоғоз ёрлиқлар ва пакетларни улоқтирмаслик ҳақида уқтира туриб, ўзимиз сигарета қолдиғи ёхуд пиво идишини тўғри келган ерга улоқтирсак, бола биздан қай бирини ўрганади — жавраган куйи гапириб, ўзимиз амал қилмаган вайсашними ёки амалда кўрсатган ишимизними?..
Ҳа, чиндан ҳам биз катталар фарзандларимиз учун бамисоли кўзгумиз. Улар бизда кўрганларини албатта ҳаётда яна ўзимизга қайтарадилар. Шундай экан, нега уларга чиқинди тўла халтани бераётиб, “бор буни секингина ҳовлига ташлаб кел” дейишга ёки уларнинг шундоқ кўз ўнгида ичимликлдардан бўшаган идиш, музқаймоқ қоғозларни тўғри келгна ерга улоқтиришдан уялмаймиз? Фарзандларимизга чиройли кийиниш, тил ўрганиш ваҳоказо маданиятларни ўргатамизу кези келганда энг зарур ҳисобланган, кишининг маънавий даражасини белгилайдиган умумжамоа жойларида тозаликка эътибор бериш қоидаларини ўргатишни хаёлдан фаромуш қиламиз. Тозалик аввало соғлик дегани. Фарзандларимизнинг соғлиги биз учун ҳар недан устун экан, нега уларга саломатликка салбий таъсир кўрсатадиган омиллларни вақтида тушунтирмаймиз.
- Феълимиздаги бу иллат
Лоқайдлик ва бефарқлик-
-дейди Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани электр таъминот корхонаси ходим Эркинжон Назаров.- Кўчалар ва йўлларга, умуман дуч келган жойга ахлат ташлаб кетадиган одамларда инсонийлик хусусиятлари бормикан ўзи? Бежирим,ўзига ярашиқли кийимларни кийволиб, гўёки ўзларини маданиятли эканликларини кўрсатмоқчи бўлишади. Аммо қўлидаги автобус чиптаси ёки музқаймоқ қоғозини тўғри келган ерга улоқтириб юборишининг ўзиёқ унинг нақадар “маданият”лилигидан далолат беради, аслида.
Биз қишлоқда яшаймиз. Тўғри, қишлоқда бировнинг дарвозаси тагига ёки кўча бошига ахлат тўкиб кетишмайди, чунки бир қарич ернинг ҳам ўз эгаси бор. Лекин далаларда, одамларнинг уйи узоқроқ бўлган йўл бўйларига арава-арава ахлат, гўнг, чиқиндиларни ташлаб кетишади. Ўша йўлдан одамлар ўтади, болалар ўтиб мактаб-боғчасига боради. Бир пайтлари бувим раҳматли, йўлга тупуриш гуноҳ, деб бизга уқтирардилар. Бугунга келиб йўлга ахлат тўкиб кетаётганларни кўриб ҳам ҳеч биримиз индамаяпмиз. Болаларимизга нима гуноҳ, нима савоблигини ўргатиш керак бўлган пайтда, биз ўзимиз билан ўзимиз оворамиз. Тўғрироғи, майда иллатларга бепарволигимиз, фарзандлари тарбиясида улкан фожиаларни келтириб чиқиши мумкинлиги ҳеч биримизнинг хаёлимизга келмаяпти. Бу бир кун келиб ўзимизга қимматга тушиши тайин...
Бугуни кунда инсониятни хавф остида қолдираётган ҳодисалардан бири экологик вазият ҳисобланади. Жамиятнинг атроф-муҳит билан ўзаро бузилган алоқаси кенг жамоатчилик ўртасида катта ташвиш уйғотяпти. Экологик вазият умумбашарий муаммо даражасига кўтарилиб, бу ҳалокатга қарши дунё афкор оммаси курашаётган бир пайтда, биз сигаретадан бўшаган қути, шоколад ёрлиғи ва пиво бутилкаларини кўча ва йўлларда, хиёбон ва истироҳат боғларида ташлаб кетиш билан ўзимизнинг муносиб “ҳисса”мизни қўшяпмиз. Гапирганда хижолат бўларкан киши. Аммо шу ножойиз ишга йўл қўяётгандачи, унда қандай ҳисни кўнглилдан кечираркинмиз-а?..
Инсон ҳаёти ташқи муҳит билан чамбарчас боғлиқ. У ташқи муҳитнинг барча омиллари, табиат ва жамиятнинг ҳар томонлама мужассам таъсири остида ишлайди.
Инсон дунёга келибдики, кўзи табиатни кўради, унинг сўлим бағрида ҳаёт кечиради. Шунинг учун ҳам табиат инсоннинг онасидир деймиз. Мулоҳаза қилинг биродар, онага гуноҳкор бўлиш, Аллоҳга исён қилиш демакдир. Хўш, табиат ҳам бизга она мисоли бўлса, унга нисбатан қилаётган ноҳақлигимиз, унинг неъматларига бераётган жавобимиз гуноҳи нечоғлик экан?..
Инсон табиатдан фақат завқланишни эмас, балки уни яхши тушунишни ҳам ўрганиши лозим. Натижада, ўзлигини ҳис қилиб, табиатдан унга инсон бўлиш имконини берган «нарса»ни, яъни инсонга хос маданият ҳисларини топишга интилади. Демак, инсоний туйғулар табиатга меҳр билан қарашдан озиқ олади.
Табиат инсонда ватан туйғусини уйғотади. Шу билан бирга уни меҳнат ва жасоратга ундайди, жуда кўп туйғуларни камол топтиради ҳамда кўп нарсани талаб этади. Маданиятли, маънавий камол топган инсон учун ўз Ватани табиатини муҳофаза қилиш ҳаёти ва фаолиятининг узвий қисмига айланиб қолади. Ва пировардида ўз Ватанини севган, фарзандлари, шу юртда яшаётган ватандошлари тақдирига бефарқ бўлмаган одам тўғри келган ерга ахлат ташлаб кетавермайди. Негаки унга ёшлигидан, йўлда бир дона хас ётган бўлса, уни олиб, ҳеч кимга зарар қилмайдиган, кўзга ташланмайдиган жойга қўйиш уқтирилган бўлади ва табиат, атроф-муҳитга муносабат, ота-онасига бўлган муносабат даражасида экани қон-қонига сингдирилиб тарбияланган бўлади.
Поклик иймондандир
— Ислом маданиятида мусулмонларнинг ўта покиза бўлиш билан бирга юксак дидли бўлиш ва атроф муҳитни ифлосламаслик ҳамда кишилар соғлигига зарар етказуви тасарруфлар қилмаслик уқтирилади. Чунки бундоқ ишлар турли хасталиклар тарқалишига сабаб бўлиши мумкин,- дейди диншунос-мутахассис Баҳодир Муҳаммадиев бу хусусида муносабатини билдирар экан.- Ислом дини таълимотида борлиқдаги ҳар бир яратилган нарсага нисбатан яхши муносабатда бўлиш, уларни авайлаб асраш, ортиқча исрофгарчиликка йўл қўймаслик алоҳида таъкидлангандир. Динда барча неъматлар Аллоҳ тамонидан яратилганлиги ва уларнинг ҳисоб китоби борлиги ва ҳар бир неъмат ҳақида одам фарзандидан сўралиши каби масъулиятлар инсон зиммасига юкланади. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Одамлар орасида шундай кимса ҳам борки… (Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса фитна фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди» (Бақара, 204-205 оятлар). Тозалик, поклик ва саломатликни кундалик ҳаётимизнинг узвий бир қисмига айлантириб, Она заминга, Сувга ва бошқа жонли ва жонсиз мавжудотларга муносабатни янада яхшилаш ва атроф муҳитни покиза тутиш ҳам бизнинг иймонли эканимизга далолат қилади. Имом Муслим Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир», дейдилар.
Мусулмонлар оммаси ичида эса «Поклик иймондандир» деган ҳикмат кенг тарқалган.
Сўнги сўз ўрнида
демоқчимизки, шу Ватаннинг ҳар бир қарич ерини ўзига қадрли деб биладиган, аввало фитрати тоза, юксак маданиятли ва баркамол маънавиятли киши ўзи яшаб турган ҳудуднинг озодалигидан унга кўп манфаат борлигини ҳис қилади. Бу эса оёқ остида бетартиб сочилиб ётган семичка пўчоқлари, шамол чирпиррак ўйнаётган музқаймоқ ёки ширинлик қоғозлари, ҳовли ва майдончаларда киши таъбини хира қилувчи елим халта тўла чиқинди ва хиёбонлардаги ям-яшил майсазор кўркига путур етказаётган салқин ичимликлардан бўшаган идишларнинг ахлат ташлайдиган махсус идишлардан жой олгани ва атроф-муҳитнинг янада ободлигига далолат қилади.
Ҳа айтмоқчи, мулоҳазаларимиз аввалида ахлат ташлайдиган жойларда чиқиндиларнинг кунлаб, баъзан ҳафталаб қолиб кетиши ҳақида гапирдик. Фикрларимиз охирида мутассадди ташкилотларнинг бу муаммога эътибор қаратишларини, бекат ва истироҳат жойларида, кўча-хиёбонларда ахлат ташлайдиган махсус идишларни кўпайтириш борасида ҳам би-и-и-и-ир бош қотиришларига астойдил умид боғлаб қоламиз.
Умида АЗИЗ
Ориятга ўқилган жаноза
- Подробности
- Бўлим: Иллат
Ё раб!
Ки эркак қандайин эркак,
юзида юзта ранг бўлса,
Ки у эр қандай эр, аҳли
аёлин ҳоли танг бўлса.
У қай зотки, оти эру сўзида
қуввати йўқдир,
Қизу ўғлин ҳузуринда
ибрату иззати йўқдир.
Гулни гулга, шерни шерга,
йигитни эрга ўхшатғил,
Ватаннинг эркагин тикла,
ўғли бор ерга ўхшатғил!
Онахон воиза Турсуной Содиқованинг шу сатрларини ўқиганимда кўнглимда алланечук оғриқ симиллайди. Эркакларнинг тобора масъулияти унутилаётгани, мардлик ўзанидан олислаётгани ҳақида кўп ёзиляпти, гапириляпти. Аммо бу ҳолат борган сари авж оляптики, сусаймаяпти. Эркакларнинг ўзини тутиши, кийиниши, гап-сўзи ва ҳаттоки қилиқлари ҳам аёлларга ўхшаб қоляпти.
Ота ўғил эмас, она ўғил!
Шарқда “Эркак оилада биринчи раҳбар” деган тамойил асосида бола тарбияланган. Ота - боболаримиз бу ақидага жиддий риоя қилганлар. Ўғил болага ёшлигидан қаттиқ талаб қўйилган. Унга оила, хонадон шаъни, ОРини ҳимоя қилиши шарт эканлиги ҳар онда эслатиб турилган. Оналар ўғил фарзандларга оталарининг рафторию сумбатини кўрсатиб, “Отангизга ўхшанг, ота ўғил бўлинг” деб фахр туйиб тарбия бериб келганлар. Бугунга келиб анчайин ўз қадр-қийматини йўқотган, ўлчовлари пасайган шарқона одобнинг мўрт ҳолига ачиниб кетади киши. Ўғил болаларда эркаклик шахди, шижоати, мардлик, журъат ва ғурур каби туйғулар йўқолиб кетмоқда. Нима учун деган савол атрофидаги жавоблар, унга асос қилиб кўрсатишга арзирли сабаблар кўп. Сабаб кўпу негадир бу ҳолдан оғринаётганлар кам наздимизда.
Аксарият эркаклар пул топиш илинжида ою йиллаб хотин, бола-чақасини ташлаб хорижга кетиб қолади. Улғайиб келаётган ўғил ҳаётда ўзига асқотиши мумкин бўлган феъл-атвор андозасини онадан ўрганади. Боғчага борадиган бўлади. Албатта боғчада “боғча ака” эмас, “боғча опа”лар қўлида тарбияланади. Ундан кейин мактаб. Ўзингизга маълум, мактабларда эркак ўқитувчиларни учратмай қолганимизга анча бўлди. Яна ўқитувчи аёллар... Вазият шундай бўлиб турган бир пайтда, ўғил болалар ўғил болага хос, эркакча тарбияни қаердан ўргансин, биродар?..
— Турмуш ўртоғим сал нарсага хафа бўлиб аразлаб оладию, кунлаб гаплашмай юради,- дейди бир дугонам.- Мен юрагимда йиғилган гапларимни айтиб-айтиб, енгиллаб оламан-да кек сақламай яна аввалгидек чиройли муомаламни қиламан. Улар арзимаган майда гап-сўзлардан фожеа ясаб, аразлаб юрадилар. Ҳайрон қоламан, эркак киши ҳам шунақа майдакаш, хотинфеъл бўлар экан-да. Шу феъллари сабаб эрим билан тил топишиш, келишиб яшаш муаммоларга сабаб бўляпти. Ўзлари мустақил қарор қабул қила олмайдилар. Бир иш бошлашдан аввал албатта қайнонамнинг этагига осиладилар. Ўғил болани бошидан мустақилликка ўргатиб тарбиялаш керак экан-да...
Мулоҳаза қилинса, она яккаҳокимлиги устувор бўлган хонадон ўғилларининг мустақил ҳаётга дадил одимлаши ҳам мушкул экан. Болалигидан она этагини қўйиб юбормай улғайган ўғил болаларда мардлик, журъатлилик кўринмайди. Уларда иккиланиш, каловланиш ота тарбиясини олган ўғил болаларга нисбатан икки карра кўпроқ бўлади.
Йигитда ғурур бўлмаса...
— Жияним бир қизни жуда қаттиқ яхши кўрарди. Нимадир бўлиб, бир жойда яхши кўрган қизини бошқа бир йигит билан гаплашиб турганини кўриб қолибди.- дейди бир аёл.- Шу-шу қиз билан оралари бузилиб кетди. Қиз вазият у ўйлагандек эмаслигини, шунчаки, курсдоши билан тўғри кўнгилда гаплашиб турганини айтиб минг узр сўрамасин, жияним узилган алоқаларни қайта боғламади. Ўзи қийналиб, озиб-тўзиб, сочлари тўкилиб кетса ҳам, қизнинг олдида мағрур қаддини эгиб, уни бошқа йигит билан гаплашиб турганини кечира олмади. Тўғриси, унинг қийналиб кетганига юрагим оғриган бўлса-да, ғурурига, мардлигига роса ҳавасим келди. Қанийди жиянимга ўхшаган мард йигитлар кўпайса...
Юқоридаги ҳолатни эшитиб энтикиб кетдим. Орамизда битта-иккита бўлса ҳам, шундай ориятли йигитларни учратиш мумкин экан. Аммо таассуфки, улар жуда озчиликни ташкил этади. Кўнгилдаги дард шундан.
Бир пайтлари қиз бола кўча-куйда бегона йигит билан шунчаки, у синфдоши бўладими, курсдошими, ёхуд бирор қариндошига тегишли бўладими, умуман қарама-қарши жинс вакили билан гаплашаётганини бирор йигит кўриб қолса, ўша қизга ҳеч ким яқин бормасди. Ҳозир эса тамоман акс ҳол: “юрадиган” йигити ташлаб кетган қизнинг атрофида камида беш-ўнта йигит парвона бўлади. “Бўш” қолганмиш. Жуда “танти”роғи уйланишдан ҳам тоймайди, баъзида. Кейин кўкрак кериб, ҳалиги қизни ташлаб кетган йигитнинг олдидан истеҳзо билан ўтиб кетишади: “Кўриб қўй, сеники бўлмаган қизга эришдим!..”
Э, воҳ... Ориятнинг ўлими — йигитликнинг ўлими-ку, биродар! Нега фарзандларимиз маънавий дунёсидаги бу хил саёзликдан ташвишга тушмаяпмиз? Кун келиб ҳолимизга маймунлар йиғлашидан нега чўчимаяпмиз?!..
“Ҳаммаси эркаклар учун!”
Элимизда ҳазиломуз бир ҳикмат бор: “Эркак киши маймундан сал фарқ қилса бўлди”. Чиндан ҳам эркак киши учун ҳусн, кўрк-чирой нимага керак? Эркакнинг виқори, салобати ва албатта меъёрида жаҳли бўлгани яхши-да. Аммо бугунга келиб бу ибора ҳам кучини йўқотиб боряпти. Ҳозир кийим-кечак савдоси билан шуғулланадиган тадбиркорлар ёппасига эркакларни гўзаллаштириш билан овора бўлиб қоляптилар. Қайси куни бозорга тушган жамоадошимиз фиғони фалак бўлиб қайтди:
— Тавба-ей, нима бало охирзамон яқин қолганга ўхшайди, шекилли?! Бозорнинг қай бурчакига кўзингиз тушмасин, ҳаммасида эркаклар кийим-кечаги! Қаерга борманг, қайси растани кузатманг, деярли етмиш фоизи эркаклар кийимини ташкил қилади. Эркаклар ҳам чиройли кийиниб, ўзларини бозорга солишни ўрганибдилар, чоғи.
— Ҳаммасидан ҳам тор, ёпишиб турадиган, белдан пастга илдириб қўядиган шимларни айтмайсизми?- дейди яна бир ҳамкасбимиз суҳбатга қўшилиб.- Шунақанги кийимларни кўрсам, энсам қотиб, жаҳлим чиқади. Интернет сайтларининг бирида ёзилишича, унақанги “нозик” шимлар европада жинсий томондан нуқсони бор “ҳалигидақа” йигитлар учун мўлжалланган экан. Бизда эса уларни “замонавий” йигитлар кияяпти. Бу кетишда Худо кўрсатмасин, бизда ҳам жинсини ўзгартиришни хоҳлаб қоладиган йигитлар пайдо бўлиб қоладиёв...
Ана шунақа, ҳар қандай улкан фожианинг асл ўзаги эътибордан четда қолган майда-чуйда иллатдан иборат, биродар. Атрофимизда ундай иллатлар озмунчани ташкил қилмайди. Биз эса ўзимиз билан ўзимиз оворамиз. “Демократия бўлса, хоҳлаганидек кияди, хоҳлаганидек юради-да. Бунга ортиқча ваҳимали тус беришнинг нима кераги бор” дейдиганлар ҳам топилиб қолади. Кечирасизу, сиз шундай ўйлаётган бўлсангиз, қаттиқ янглишибсиз! Либoс - миллaтнинг мaдaният бeлгиси, мaънaвият тимсoли, қaдриятнинг бир кўриниши. Либосга, кийимга эътиборсизлик, ёхуд кўр-кўрона аллақайси таг-туги номаълум халқнинг уст-бошига ҳавас билан кийиниш ҳам орият таназзулининг бир аломатидир.
“... Мен ғарибни битта ўп!”
Кейинги бир-икки ой ичида радио ва телеканалларда эл орасида анча обрў ва нуфузга эга бўлган машҳур ҳофизимизнинг таниқли шоирларимиздан бирининг қаламига мансуб сатрлар билан куйланувчи қўшиғи шлягерга айланди.
“Зир югурган ортингда
Шаҳзодалар жуда кўп.
Кел, ўшалар олдида
Мен ғарибни битта ўп!”
Ўзини ўзбек деб билган киши мисраларга эътибор берган заҳоти, ичидан ижирғаниб қўяди: “Қайси эркак ўзини ташлаб кетган маъшуқасидан марҳамат кутиб, боз устига йиғлаб ундан бўса тиланар экан?!”
— Шундоқ ҳам йигитлар бўш-баёвлашиб, латтага ўхшаб қоляпти,- дейди бир опахон қўшиқдан оғринганини гапира туриб,- шоиру ҳофизларнинг, эл назаридаги кишиларнинг халққа таъсири кучлироқ бўлади. Улар ёшларни мардликка, ҳар қандай ҳолатда ҳам ғурурни устун қўйишга чорлайдиган шеърлар ёзиши, куй-қўшиқлар куйлаши керак-ку! Эл назаридаги кишилар бундай сийқа муҳаббат тарғибидан хижолат тортишса бўларди...
Халқнинг маънавий дунёси энди шаклланиб бораётган қатлами -ёшлар ҳисобланади. Ёшлар эса асосан, санъаткорларга интилиб, улар кийган либосларга, улар томонидан ижро этиладиган қўшиқ ёки ролларга тақлид қилишни хуш кўришади. Санъат оламидаги юрдошларимиз масаланинг ана шу жиҳатини ҳисобга олган ҳолда ижодий фаолият билан шуғулланганлари маъқулмикан, деб ўйланиб қолади киши.
Оталарни нотавон кўрсатманг!
Юқоридаги тумтароқ, маънавий саёз тарғибларни кино-театр соҳасида ҳам деярли ҳар томошада учратиш мумкин. Элимизнинг севимли актрисалари ва актёрлари ҳеч тап тортмай оилада ота ўрни заифлигини, отанинг гапи сариқ чақалик аҳамиятга эга эмаслигини “тараннум” этишдан ҳали бери тўхташ ниятида эмасга ўхшайдилар.
Ўзбек халқида отанинг бир оғиз гапи ҳукм ўрнида янграб келган. Ота томонидан айтилган охирги сўз — ҳал қилув қарори ҳисобланган. Замонамизга келиб эса, фармонбардорлик тамоман она қўлига ўтиб қолди! Оиласида ота ўрни, ота ҳурмати бўлмаган ўғилдан эса орият ва ғурур кутиш ақлга сиғмайди. Афсуски, ундайларда журъат, бошлаган ишига шахдам қадамлар билан киришиш ҳам кўринмайди. Энг оғири — отаси нотавон йигитларга нисбатан ишонч билан ёндашиб бўлмайди. Ундайлар на ваъдага вафони ва на йигитлик лафзини биладилар. Башарти, оғир вазиятларга дуч келиб қолишса, ён-веридагиларни осонгина ташлаб, бехавотир йўлдан кетаверишади. Демак, ўзингиз мулоаҳаза қилаверинг биродар, бўш-баёв йигитлар ҳам қизларнинг ва ҳам жамиятнинг шўришидир!
Хотинча гап
Қайси куни бозорда айланиб юриб, икки тадбиркор дугонанинг гап-сўзи қулоғимга чалиниб қолди:
— Ўртоқ, пулингни икки ойда қилиб бераман, дегандинг. Учинчи ой кетяпти ҳам, ҳали-вери қайтарай демаяпсан. Буёқда мавсум ҳам бошланди, “оборот”га пул керак бўляпти,- деди биттаси. Иккинчиси хижолатлик билан:
— Шу опкелган молим ўтгани заҳоти сенинг пулингни қилиб бераман. Ўзи олдингда жуда хижолатли бўлиб турибман, айтган вақтимда қайтаролмаганим, ваъдамни бажармаганим учун кўзингга кўринишга ҳам уяламан,- деди.
— Қара-да, эркакка ўхшаб қоляпсан тобора! Бугун-эрта қилиб, ваъдангни чўзиб юрибсан. Эркак бўлма-да, ўртоқжон, хотинча гапни гапир менга!..
Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг бу қисқа суҳбатдан кулишни ҳам, куйишни ҳам билмай тош қотиб қолдим. Ҳурматли эркакларимиз шу ҳолга тушиб қолганларидан ҳеч ор қилармикинлар?! Орият, ғурур, мардликнинг бўғзига пичоқ тортилаётгани эркакларимиз ҳамиятларида жиндак бўлса ҳам оғриқ уйғотармикин? Қайсики юртнинг эркаги номардлик тўнини эгнига илмоқликдан ор қилмаса, қайсики юртнинг ўғли номуссизликни кулфат деб билмаса, ул ер маънавий таназзул қутқусидан афтода бўлиши аниқ. Ва яна шу аниқки, ОРсизликдан ор қилмайдиган эрларнинг ўз юриш-туришидан уялмаслиги, ғурури топталиб турганда индамай томошабин бўлиб туриши — маънавий қиёматнинг кўринишларидандир.
Отам, оғам, иним, жон-жигар, қондошим, юртдошимсиз, биродар, феълингиздаги бу шармисорликдан тезроқ халос бўлинг! Йўқса, биз бояқиш аёлларнинг шўримизга шўрва тўкилиши муқаррар!
“Ана ўша эркак эрур!”
Кишининг юриш-туриши, феъл-атвори, одобу ахлоқи унинг маънавий дунёсининг нечоғлиқ эканини кўрсатади. Йигитки аҳдига вафо қилмадими, номусини, шаънини ҳимоя қилмадими, орини, ғурурини нафсининг хоҳишига бой бердими демак, унинг маънавий дунёси ўпирилиб кетяпти экан. Бу ҳолга катталар — ота-она, маҳалла - куй, қариндош-уруғ, ўқитувчи-мураббийлар парво қилмаяптими демак, лоқайдлик оқибатида бу иллатлар фожиа келтириб чиқармаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.
“Барчамизга аён бўлиши керакки, қаердаки бепарволик ва лоқайдлик ҳукм сурса, энг долзарб масалалар ўзибўларчиликка ташлаб қўйилса, ўша ерда маънавият энг ожиз ва энг заиф нуқтага айланади. Ва аксинча — қаерда ҳушёрлик ва жонкуярлик, юксак ақл-идрок ва тафакукур ҳукмрон бўлса, ўша ерда маънавият қудратли кучга айланади”, дейди Президентимиз “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида. Эътиборли бўлинг, биродар, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида миллий маънавиятимиз, ўзлигимизга дахл қилгувчи ёт ғоялар биқиниб олмасидан, уларни ҳақиқий ўзбек фарзанди этиб тарбиялайлик.
Авар шоири Расул Ҳамзатов айтмоқчи:
... Кимки экан марду жасур
Элни дебон жонин узур,-
Ана ўша эркак эрур!
Кимки виждонни шоҳ билур,
Виждонсиздан ор қилур,-
Ана ўша эркак эрур!
Ўзбек элининг ўғлону йигитларини кўрганлар “Ана шу эркак эрур” деб ҳавас билан эътироф этишса, сизу бизнинг бахтимиз кулгани шу! Нима дедингиз?
Умида АЗИЗ
Синглисини йиғлатмайди МАРД ака
- Подробности
- Бўлим: Иллат
Сингил хорижда ишлаб юрган акаларининг тўйида қатнашишини истаб, икки йил тўйни чўзиб юрди. Қуда томон бўладиган тўйнинг кечикиши яхши эмаслигини айтиб, тезлаштириш тарадудига тушишса, ёшли кўзларини онасига тикиб жавдирарди:
— Онажон, бор-йўғи иккитагина акам бор-а, улар тўйимда бўлмаса, менга шодлик татирмиди? Илтимос, қудаларингизга айтинг, бироз кутишсин, акамлар қайтишсин...
Бўлмади. Икки йил бўлғуси келинчакнинг акалари чет элдан қайтишини кутган қудалар, охири, агар тўй қилишмаса, фотиҳани қайтариб, бошқа келин излашларини айтишди. Сингил кўзлари йўлда келинликликнинг оқ либосини кийди. “Тўй куни албатта етиб борамиз” деган ваъда билан синглисини хотиржам қилган акалар, тўйда қўнғироқ қилиб табриклаш билан кифояланиб қўя қолишди. У томонларда меҳнат таътилида ҳам ишлаганларга икки баравар ҳақ тўланар экан... Сингил ўксик кўнгил билан узатилди.
Аёл шу нимачасини устидан қўймай кияди. Ўғил-қизлари ҳар байрам, ҳар туғилган кунида бош-оёқ сарпо қилиб, албатта янги нимча ҳам қўшади. Лекин аёл учун шу нимчадан бошқаси бекор! Бирор жойга бораётганда кийинишга тушса қизига:
— Тоғанг олиб келган нимчани олиб бер, ўшани кийиб кетаман,- дейди ҳар гал.
— Ойи-и-и, шунча янгилари туриб, увадаси чиқиб кетган нимчани кийиб тўйга кетасизми? Одамлар нима дейди?- ёзғиради қизи. Қизининг гапидан аёл оғринади:
— Тоғанг олиб келган уни қизим. Эскирса эскирар...
Ака Умра зиёратига бориш олдидан синглисини кўргани келди. Сингил кенжа ўғлини уйлантирган пайтлар бегоналар қатори тўйдан чиқиб кетганича, зиёратга бориш баҳонасида эшикдан кириб келган ака унинг бошига рўмол солди:
— Онам ўрнидасан, синглим. Дуойингни олайин, деб келдим.
— Илоҳим, давлатингизга давлат қўшилсин. Мартабангиз бундан ҳам зиёда бўлсин,- деб алқади сингил ёшли кўзлари билан жилмайишга уриниб.
Шундан бери ўша рўмол бошидан тушмайди. “Акам Умра зиёратига кетаётиб бошимга рўмол солиб кетдилар”, деб таниш-билишларга ҳанузгача мақтанади. Ваҳоланки, муқаддас зиёратга боришга муваффақ бўлган аканинг синглисиникига қўй етаклаб келишга ҳам имконияти етарди...
Аввалига бахтдан қоқилиб, сўнг бир неча йил деганда фарзандли бўлган сингил вақт-соати келиб тўйга етди. Армонларини тўлдириш учун орзу-ҳавасли тўй берди. Эрининг барча қариндош-уруғи яхши кунида ҳозиру-нозир бўлиб, имкон қадар тўйга шерик бўлишди. Унинг акалари алланималарнинг баҳонасида тўйга келишмади. Сингил ўкинган кўйи тўйхона даврасидан акаларини излай-излай толди. Овсин овсинига тош отиб ўрганган эмасми, тагдор қилиб унга:
— Акаларингиз келишмади-а? Ҳа энди, шунча йил деганда синглиси ўғлининг суннат тўйини ўтказяпти, улар биттадан буқа, ҳеч йўқ қўчқор етаклаб келишлари керак эди-да. Тўёнадан қочиб келишмади акаларингиз...
Сингил бояқиш нима дейишини ҳам билмай, хижолатлик билан лабларини тишлаб қўйди...
Онаси улар ҳали кичкиналигида “учта уканг учта посбонинг, қўрғонинг. Улар сени ҳеч қачон ёлғиз қолдирмайди” деб қулоғига қуйиб қуйганди. Болалик чоғлари чиндан ҳам шундай эди. Укалари бир бурда нонни ҳам усиз ейишмасди. Аввал боғчадан, сўнг мактабдан қайтган заҳотиёқ бор овозлари “опа, опажон” деб уни қидиришга тушиб қолишарди. У бир умр укаларим менга шундай ҳамроҳ, дилдош, сирдош деб ўйларди. Шошқалоқ йиллар бир-бирини қувиб ўтиб, уларни бир зумда катта одамга айлантириб қўйди. Опа узатилди, укалар уйланди. Укаларнинг болаликдаги ваъдалари ваъдалигича қолиб кетди. Энди опанинг ҳол-аҳволидан ойлаб хабар олишмайди. Баъзилари тирикчилик ташвишлари важидан хабар ололмаётганини рўкач қилиб қўйишади. Иниларининг дийдорига илҳақ опанинг тилида фақат дуо айланади. Кўнгли эса ўксик: “Кошкийди эшикдан кулиб кириб келишса, бир ҳовуч майизи ҳам керак эмас...”
Барака кўтарилса, демак...
Эрта тонгда аксариятимиз бизга яна бир кунни туҳфа этган Яратганга шукрона келтириш билан эмас, қалбимизни тошдай қаттиқ қилган тирикчилик ташвишларини хаёлан тафтиш қилиш билан уйғонамиз. Эътирозга шошилманг, хўп деяверинг, шундай, биродар. Хуллас, “воей, дарров тонг ҳам отди-я, бир дунё иш кутиб турибди. Бугун ҳаммасига улгурармиканман” деган ўй билан уйқудан кўз очамизу, қовоғимизни очмаймиз. Кундалик ташвишларга ўралашиш билан кунимиз бошланади. Югур-югур, чопа-чоплар оқибатида ҳувиллаб қолган кўнглимизни ҳавойи ҳисларга тўлдирамиз.
— Рўзғор ташвишлари билан юрибмиз-да...
— Бола-чақани деб югуриб юрибмиз...
— Иш кўп, тирикчилик тобора қийинлашиб боряпти. Ишламаса бўлмайди...- деб қўямиз таниш-билишлар билан кўришиб қолганда. Ҳар куни бир хил ҳолат, бир хил гап. Салом-алик, ҳол-сўрашишлар охирида бир хил “навбатчи” жумла: “Иш кўп, тирикчилик йўлида юрибмиз-да” янграйди.
Бир муддат тўхтанг, бирозга мушоҳада қилинг дўстим, УМР ЎТЯПТИ. Эртага бугунни топиб бўлмайди. Ҳаммамиз ҳам ризқу насибамиз билан яратилганмиз. Тиш берган Зот албатта ризқимизни ҳам ато этади. Ризқимизнинг бутун, бекаму кўст бўлиши кафолат бўладиган нарса нелигини биласизми? Бизга тақдир қилинган ризқ — ота-она, жон-жигар, қавм-қариндошларимиз билан гўзал муомалада бўлиш, ришталарни мустаҳкамлаш ва силаи раҳмни қойиллатиш билан кўпайиши ваъда қилинган саҳиҳ китобларда. Биз ғофиллар ризқимизни кўпайтириш, тўкин яшаш учун кун ботганинию тонг отганини билмай-англамай югураверамизу аслида бажаришимиз шарт бўлган амалларни адо этиш хаёлимизга келавермайди. Зеро қариндошчилик ришталарини турли йўл ва усуллар билан мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсон ризқи ва умри баракали бўлиши ҳақида Пайғамбар (с.а.в) шундай марҳамат қилганлар:
“Кимни ризқи-рўзи кенг бўлиши ва умри узоқ бўлиши хурсанд этса, бас у силаи раҳм қилсин, яъни қариндошлик ришталарини мустаҳкамласин”.
Эътибор берган бўлсангиз, атрофимиздагиларнинг гап-сўзларида, “Пулнинг баракаси учган”, “Негадир топган-тутганимда барака йўқ, ўлиб-тирилиб ишлаб топган пулимнинг совурилиши бирам осон” деган шикоятлар кўп айланади. Яна кимлар, “авваллари унақамасди, рўзғорда, пулда барака бор эди, нима бўляпти ўзи бизга?!” деб такрорлашга ўрганиб қолишган. Аммо биров авваллари ота-боболаримиз силаи раҳмни қойиллатиб қўйишганини, қариндош-уруғчилик муносабатлари ўз ўрнида турганини, оға-ини, жигарлар бир-бирларига гўзал муомалада бўлганларини негадир эсламайди. Чўнтагимиздан барака кўтарилиб, эртадан-кечгача тиним билмай югурсак-да биримиз икки бўлмаётганининг сабабларини мушоҳада қилиш мавриди келган кўринади, замондош.
Опа ё синглисининг болалари қоқиниб-суриниб ҳаётда йўлини топиб, омади келиб давлати кўпайса ёинки мартабаси ошиб лавозими кўтарилса, тоға бўлмишнинг қариндошлиги эсига тушиб, жиянига насиҳат қилиб қўймоқчи бўлади. Турган гапки, тоғанинг панд-насиҳати жиянга ботмайди. Ахир қандай ҳам ботсин, улар ёшлигида, ота-онасининг қўли калталиги, эҳтиёжмандлигида тоға бўлиб яхши-ёмон кунига ярамаган бўлса, имкони қадар бир камини бутлаб, бошини силамаган бўлса, силаи раҳмни ўрнига қўймаган бўлса...
Ҳар нарсани иш билан, вақт билан боғлаб ўрганиб қолганмиз. Тўғрироғи шу билан ўзимизни ҳам бошқаларни ҳам алдамоқчи бўламиз. Аслида суткадаги 24 соатдан атиги ўттиз дақиқагинасини йўлимизга интиқ жигаримиз, яқинларимиз дийдори учун, баракаси кўтарилиб бораётганидан афсусланаётган чақамизнинг тўрттагина нонга лойиғини биродаримиз кўнглини олиш учун ажратсак, сарфлаган фурсатимиз ва маблағимиз умримиз, ризқимиз ва номаи аъмолимизга қайд этилажак савобларимиз ажри биз кутганда-да бисёр бўлишини қачон англаб етаркинмиз?..
Силаи раҳм нима?
— Силаи раҳмнинг фазилати, аҳамияти ва зарурати жаноби Пайғамбаримиз (с. а.в)нинг муборак ҳадисларида такрор-такрор уқтирилади. Мўъминларнинг асосий сифатлари баён қилинган оятларда уларнинг қариндош уруғлар билан алоқани боғлашлари ҳақидаги сифатларига алоҳида урғу берилади, -дейди мутахасис- диншунос Баҳодир Муҳаммадиев мавзу юзасидан мулоҳазаларини ўртоқлашаркан.- Силаи раҳм хусусида фикр билдиришдан аввал, бу атаманинг маъносига тўхталиб ўтишни жоиз деб биламан. “Силаи раҳм” калимаси тилимизга ўгирилганда, “раҳмни боғлаш” деган маъно келиб чиқади. Раҳм эса қариндош дегани. Она бачадонини ҳам араблар “раҳм” дейдилар. Демак, силаи раҳм деганда қариндош-уруғлар билан яхши алоқада бўлиш, уларнинг ҳолидан хабардор бўлиш, ҳамда уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш тушунилади. Эътибор қилинса, бу сўзнинг ўзаги меҳр-шафқат, мурувватни англатувчи “раҳм” сўзи билан битта. Шунинг ўзи оқил одамга кўп нарсаларни ўргатади.
Абдураҳмон ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у киши Расулуллоҳ (сав)нинг шундай деганларини эшитади: “Аллоҳ азза ва жалла айтади: Мен Раҳмондирман. Мен “раҳм”ни яратдим. Ва унга ўз исмимдан исм ясадим. Бас, кимки, раҳмни боғласа, уни боғлайман (яъни уни яхшиликка боғлайман, қилган хайрли амали учун мукофотлайман). Кимки, раҳмни узса, уни кесиб ташлайман!”. (Бухорий: “ал-Адаб ал-муфрад”).
Силаи раҳм жамиятимиз гуллаб-яшнашининг энг биринчи ва энг муҳим омилларидандир. Агар ҳамма ўз қариндош-уруғлари билан чиройли алоқада бўлса, борди-келди қилса, давлатманд кишилар ўзларининг қўллари қисқароқ бўлган қариндош-уруғларига меҳрли-мурувватли бўлсалар, ҳолларидан хабардор бўлиб турсалар, оғирларини енгил қилсалар, бу қандай саодат!
Ҳар қандай иши кўп, ўта банд, замонавий ибора билан айтганда манаман деган бизнесмен киши ҳам агар виждони уйғоқ бўлса, силаи раҳмни узган одамнинг дунёю охиратдаги жазоси ҳақида билса, албатта вақт-вақти билан ўзига яқин одамларни ҳолидан хабар олишга вақт топади. Шунча вақтини ақл билан тақсимлаганда, бу нарса учун ҳам вақт топади. Ҳеч бўлмаганда, телефон орқали ҳол-аҳвол сўраш ҳам силаи раҳм бандларига киради.
Шуни билмоқ лозимки, ота-она, ака-ука, опа-сингил каби қон-қариндошларга яхшилик қилиш силаи раҳмнинг энг аввалги поғонасида туради. Зеро, ота-она ва ака-укалар киши учун энг яқин қариндошлар ҳисобланадилар.
Бугун иншо этганларимиз кимларнингдир мудраб ётган меҳрини, жигарлик, қондошлик ҳисларини уйғотиб юборган бўлса, кимлардир мулоҳазаларимизни кузатиб қавм-қариндошидан бирровга ҳол- аҳвол сўраб қўйиш учун қўлига телефонини олган бўлса, қалбимиз мамнуният нурларидан мунаввар бўларди. Унутманг биродар, дунё омонат, биз эса ана шу омонатлик ичра ғаниматмиз. Дунё ташвишларини бир чеккага суриб, яқинларимиз дийдорига ошиқайлик. Уларнинг дуоси, қувончи дунё ҳавасларидан минг чандон ортиқ ва завқлидир.
Умида АЗИЗ
“Уйимизда жанжал бўлмасин...”
- Подробности
- Бўлим: Иллат
Ўзбек хонадонларида ота-она ўрни муҳим аҳамиятга эга. Ота-она тарбиясини кўрган, отанинг қаттиққўл, талабчан ва меҳрибонлиги, онанинг ғамхўрлигини ҳис этиб улғайган фарзанднинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, баркамол инсон бўлиб етишиши аниқ. Ўзбекона тарбия асосини отани ҳурмат қилиш, унинг сўзини қайтармаслик ва изнидан ташқари иш тутмаслик андишаси ташкил этади. Бу ақидалар ўзини ўзбек санаган ҳар бир миллатдошимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Аммо, шу ўринда яна бир ҳақли савол туғилади: Бола туққанларнинг ва туғдирганларнинг ҳаммаси аслида ота-оналик мартаба эмас масъулият эканини англаб етадими?
Фарзанди бор одамнинг адашишга ҳаққи йўқ!
Албатта, адашиш, хато қилиш хомсут эмган бандага хос хусусият. Аммо боласи бор одам ҳар қадамда ўзини назорат қилиши ва ҳар қандай ҳолатда “шу ишим тўғрими? Шундай йўл тутсам адашмайманми?” деган саволлар билан ўзини ўзи тафтиш қилиб юриши шарт.
— Тақдир экан, бир қизчам билан турмушим бузилди,- дейди таниш аёл.- Ота уйимга қайтганимдан сўнг, нуқул уйланмаган ёш йигитлар, ёки ўзим тенги, ажрашган эркаклардан совчилар келаверарди. Тақдири меникига ўхшаган бир аёлни билардим. Эри ёш, бўйдоқ йигит бўлиб, уни яхши кўриб қолганини рўкач қилиб, яқинларининг қаршилигига қарамай уйланганди. Вақт ўтиши билан уларнинг оиласида фарзанд бўлмади. Бева аёлга муҳаббат қўйган йигитнинг “оташин” севгиси сўниб, ўрнини армон, хижолатлик эгаллаганини аёлнинг гап-сўзларидан билиб олиш қийин эмасди. Бунинг устига таниш аёл бўйи чўзилиб, кўзга яқин бўлиб қолган қизидан хавотирга тушиб, имкони борича эри уйда бўлган пайтлар қизини у билан ёлғиз қолдирмасликка уринарди. Хулласи калом, уларнинг оиласи узоққа бормади. Аёл иккинчи турмушидан ҳам ажралишига тўғри келди. Мени сўраб келган совчиларнинг уйланмаган йигитдан ёки тенгдош эркаклардан эканини билсам, дарров ўша таниш аёлнинг қисматини мулоҳаза қилардим. Боласи бор одам, айниқса, қиз ўстираётган одамнинг адашишга ҳаққи йўқ! Одам ҳеч қачон ўзи учун яшай олмайди. Фарзанди бор одамнинг ҳаёт-мамоти фақат зурриёти билан боғлиқ. Аввалига турмуш қурмай, ҳаётимни қизимга бағишламоқчи бўлдим. Кейин яна чуқурроқ мушоҳада қилиб бу қарорим нотўғрилигини англаб етдим. Бола тарбияси учун ота ўрни муҳим экан. Айниқса, қиз бола тарбиясида! Қизимни ўйлаб, унинг тақдири чигал бўлмаслигини истаб, ёши каттароқ, аёли вафот этган кишига турмушга чиқдим. Турмуш ўртоғим қизимни ўз фарзандларидан ҳам аъло кўради. Қизим ҳам дадасини яхши кўради, ҳурмат қилади. Боласи бор одамга худбинлик, фақат ўзини ўйлаш ярашмайди. Фарзандлар ота-онасида кўрганини ҳаётда такрорлаши ёхуд ота-онанинг биргина қалтис қадами, хатоси бола тақдирида умрбод из қолдириши мумкин.
Ота-она фарзандининг тақдирига масъул, дахлдор ҳисобланади. Фарзанднинг феъл-атвори, табиати ва дунёқарашини белгилайдиган маънавий қарашлар ота-онаси тимсолида пайдо бўлади. Яхшилик, меҳр-оқибат, ор-номус, андиша ва хайрихоҳлик, ўзгаларга эҳтиром билан муносабатда бўлиш тушунчалари оилада қарор топади. Шу сабабдан ҳам оиладаги маънавий муҳит юксак даражада бўлиши ва албатта ота-она болаларига юқорида айтилган инсоний фазилатларда ибрат бўла олиши шарт. Хўш, оиладаги муҳит ҳавас қиларли бўлмаса, ота-она ноаҳил, болаларга одоб-ахлоқ ва тарбия ўргатишга вақт тополмай уруш-жанжалдан бери келмаса, бундай оиланинг маънавий қиёфаси қандай бўлади?! Унақанги хонадонда ўсган болаларнинг маънавий дунёси, ҳаётга, одамларга муносабати ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Холисанилло айтилганда, нотинч ва ноаҳил оиланинг жамиятга етказадиган зарарини ҳеч қандай ҳолатда оқлаб бўлмайди.
Нотинч оиланинг ўксик болалари
Ота-она ноаҳил бўлган хонадонда улғаяётган болаларнинг руҳий ҳолати борасида тадқиқот ўтказган олимлар, муттассил уруш-жанжаллар ичида ўсган болаларда асабийлик, мия зўриқиши билан боғлиқ касалликлар бошқа тенгдошларига нисбатан бир неча ўн баравар кўпроқ қайд этилишини аниқладилар.
—... Ота-онамнинг доимий уруш-жанжалларидан шунчалик безиб кетгандимки, агар турмуш деганлари шу бўлса, бир умр оила қурмай ўтаман, деб ўз-ўзимга аҳд қилгандим,- дейди ўттизлардан ошиб қолган бир дугонам. - Баъзилар менга, “кўнглим тортмайдиган одам билан қандай яшайман, севгисиз ҳаёт ҳаётми, деб умрингни ўтказиб юборяпсан. Ҳаёт муҳаббатдан иборат эмас, ҳаётнинг асл мазмуни оила, фарзандларда, деб танбеҳ беришади. Улар ҳам ўз ўрнида ҳақдир, балки. Аммо мен ўзаро меҳр-муҳаббати бўлмаган кишилардан ташкил топган оилада туғилиб, тарбияланганман. Тарбияланганман, дейишнинг ўзи менга ғалати туюлади. Чунки деярли ҳар куни арзимаган дилхираликлардан, майда-чуйда келишмовчиликлардан фожеа ясаб, уруш-жанжал чиқаришарди. Уйимизда жанжал бўлмасин-да, ишқилиб отам ишдан келганида онам яна тўполон бошламасин-да, деган илинж билан мактабдан қайтардик. Ҳаётда инсон учун асқотадиган, унинг келажаги саодатли бўлишини таъминлайдиган ўгитларни одоб-ахлоққа оид китоблардан ўрганиб олдик. Шукр, ота-онамизда ўрнак бўлгулик фазилатларни кўрмаган бўлсак-да, уларга иснод келтирадиган бўлиб ўсмадик. Тўртовимиз ҳам олий маълумотлимиз, кўрганлар, “отангга раҳмат, шундай фарзанд тарбиялабди” деб алқаб қўйишади. Шундай пайтларда тўғриси, кўнглим ўксиб ўзимни йиғидан базўр тияман. Ахир биз уйимизда тарбия кўрмадик-ку! Бола бўлиб ота-онамизнинг меҳрига, бизни эркалаб суйишига зор юрдик. Ота-онамиз ёнимизда, аммо уларнинг меҳрига интиқиб яшадик. Одоб-андиша, инсоний фазилатларда бизга ибрат бўлиши керак бўлган ота-онамиз, бир-бирларининг бошидан мағзава ағдариб судма - суд, маҳалла идорасига қатнашдан бошқани хаёлига келтирмаганди. Ёши ўтиб, бир-бирига кераклигини, уруш-жанжаллардан фойда йўқлигини англаб етиб, бир-бирларини шундай авайлаб асрашади, шундай эъзозлашадики, уларни энди кўрганлар, “кексайганида шунча эътибор-эъзоз бўлса, ёшлигида тозза Лайлию Мажнун бўлиб юришган экан-да” деб ўйлаши тайин. Ота-онам хатоларини англаб етишди, аммо жуда кеч ва беҳад йўқотишлар эвазига! Кўнглимдаги ана шу ўксиклик, шу изтироблар менда муҳаббатга ташналик уйғотган бўлса ажаб эмас. Шунинг учун ҳам севиб-севилиб турмуш қуришни истайман. Эримга эрим бўлгани учун чидашни эмас, уни жон қадар севишни, ардоқлашни, ҳурматини жойига қўйиб, Аллоҳ фарзанд берса болаларимни чексиз муҳаббат билан тарбиялашни истайман...
Эътибор беряпсизми, замондош, нотинч оилада туғилиб ўсган фарзандларнинг шахсий ҳаёти ҳам изга тушиб кетиши қийин. Ундайларнинг ҳаётига бир умр ота-онасининг хатолари соя солиб тураверади.
“Сенларни деб...”
Аксарият ҳолларда оилавий жанжалнинг интиҳоси бурчак-бурчакда биқиниб йиғлаб турган болаларга она томонидан “Сенларни деб шу тўнка билан умримни ўтказиб юрибман. Ҳаётимни сенларни деб хазон қилдим! Оёғимга кишан бўлдиларинг! Аллақачон ажрашиб кетган бўлардим, шулар етим бўлмасин, деб бу ландовур оталаринг билан яшаб келяпман” деган “азалий ашула” ижро этилади. Гўёки бир-бирига зид дунёқарашли, мутлақо қовушмаган феъл-атворли одамларни турмуш қуришига болалари мажбурлагандек. Куласизми, куясизми?!..
Мушоҳада қилинг ватандош, нега феълимиздаги ноқисликлар, ҳаётимиздаги кемтикликлар аламини болаларимизда оламиз? Кўзлари мунчоқдек, жаннатий ифорлар таратаётган гўдакларимизда нима айб? Икки гапнинг бирида “болаларим учун...” деган иборани писанда қилаверамизу аслида эса уларни ўйламаймиз. Ахир, боласини ўйлаган одам уларнинг кўз олдида ҳар куни ғижиллашавериб, ит - мушук ҳолига тушадими? Боласини ўйлаган одам тақдиридаги кемтиклик заҳрини жигарбандига санчадими? “Фарзандларингиз сизнинг жаҳаннамингиз ёки жаннатингиздир” деб марҳамат қилганлар Пайғамбар с.а.в. Фарзандларимиз қачондир билиб-билмай содир қилган қилмишларимизнинг жазоси ёинки яхшиликларимиз мукофотидир. Уларнинг феълида ўзимизнинг яхши-ёмонимиз унаётганини фикр қилинг, замондош.
Тиббиёт оламида “асабий ногиронлик” атамаси ва дунёда “асаб ногиронлари” пайдо бўлди, деб хабар беради Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти. Таассуфки, бу хасталикка дучор бўлганларнинг аксарияти, ҳаловатсиз оилалар фарзандларидир. Агар бу маълумотни аниқ рақамларда келтирганимизда, қўрқувдан лабларингизга учуқ тошиб кетиши аниқ эди.
Фарзандларингиз учун яшаяпсизми? Уларнинг яхши яшаши учун заҳмат чекиб меҳнат қиляпсизми? Болаларингизга шоҳона ҳаёт бериш учун елиб-югуриб умр ўтиб кетганини сезмай қоляпсизми? Бирозга тўхтанг, юртдош. Фарзандларингизга ризқ бериш кафолати сизга берилмаган! Улар ўз ризқу насибаси билан дунёга келган. Сиз яхшиси, ҳусну хулқ, одобу ахлоқ, меҳр-оқибатда уларга ибрат бўлинг. Яхши-ёмонни, оқ-қорани фарқлашни ўргатинг. Уларга шоҳона тўкин ҳаёт эмас, чексиз-адоқсиз МЕҲР беринг, шояд кексайганингизда, “Мен отангман-а?!”, “Мен онангман-а, онаман, ахир!” деб ота-оналигингизни эслатиб зорланмасангиз, оқибат талаб қилмасангиз. Унутманг, болаларимиз бизнинг кўзгуларимиз. Улар гўдаклигида бизда кўрганларини, улғайгач ўзимизга кўрсатадилар. Дунё бевафолигининг аламини мурғак болаларингиздан олманг. Аксинча, турмуш ташвишлари, ҳаёт синовларидан чарчаган пайтингиз, болангизни бағрингизга босиб унинг муаттар бўйидан баҳраманд бўлинг. Зеро, фарзандлар - жаннат райҳонларидир.
Умида АЗИЗ
Амалсиз амаллар
- Подробности
- Бўлим: Иллат
Танишим лафз, орият ҳақида ёзибди. Ғашим келди. Йўқ, ҳасаддан эмас...…
Келинг, даставвал, уни сизга таништирай. Умуман олганда, ўзи ёмон одам эмас. Ҳамма қатори. Вақти келса, жаҳл қилади, уришади, сўкади. Буларни тушунса бўлади. Аммо... Бир “аммо”си бор-да: айтган гапида турмайди, ваъда берса, бажармайди. Яъники, ёзганларига ўзи амал қилмайди. Шунисига чидай олмадим. Тарбия –оғир, машаққатли жараён. Айниқса, ўзини ўзи тарбия қилиш. Нафсимиз ҳамиша тарбияга муҳтож эканлигини ҳисобга олсак, бу жараёнда ўзимиздан орта олишимиз жуда катта гап. Ўзгалар тарбияси ҳақида-ку, айтмаса ҳам бўлар.
Танишимни, унинг ёзганларини бежизга эсламадим. У ўзи амал қилмайдиган фазилатлар ҳақида гапирди. Шу орқали кимгадир “тарбия бермоқчи” бўлди. Шуни “ҳазм” қилишга қийналдим. Уни ўқиганлар нима деб ўйлади экан?
Тарбиянинг боши амал ҳисобланади. Афсуски, кўпчилигимиз буни унутиб қўйяпмиз. Шунинг учун бўлса керак, айтганларимиз қуруқ гап бўлиб қолаверяпти. Бу ҳолда бошқаларга қандай таъсир қилиш мумкин?
Кекса бир журналистнинг гапларига бир қулоқ тутиб кўрайлик: «Тўғрисини айтай, ҳар гал қўлимга қалам олишдан олдин жуда кўп ўйлайман. У хоҳ кичик бир мақола бўлсин, хоҳ каттароғи, анча пайтгача дунё юзини кўрсатгим келмайди. Гўё кимдир тепамда туриб кузатаётгандай. Ёзганларимга ёлғон аралашса, “Ўзингга боқ” деб устимдан кулаётгандай бўлаверади. Шундай бўлса ҳам, баъзи “асар”ларимиз ҳеч қийинчиликсиз чиқиб кетди. Ўқисам, ҳозир ҳам уяламан».
Айтилган ҳар бир сўзнинг жавоби бор. Демак, нони сўз бўлган ижодкорларнинг зиммасидаги масъулиятнинг залворини тасаввур қилиш қийин эмас. Сўзларнинг ўзи огоҳлантиради: ўта ҳазир бўлиш керак. Баъзан қалам ҳам ёзишни “истамай” қолади. Демак, аҳвол чатоқ. Ўзимизни тўғрилашимиз керакка ўхшайди. Аксарият гапларнинг қоғоздагина қолиб кетаётганига ҳам сабабчи, эҳтимол, “тарбияли” муаллифнинг ўзидир. Ким билсин, фақат ўзимиз амал қиладиганлар ҳақида ёзсак, қоғозни тўлдира олармиканмиз?
Ўқитувчи – ўқувчи, тарбиячи – тарбияланувчи. Инсон ўқитишни, тарбиялашни, аввало, ўзидан бошлаши кераклиги ҳар бир ишда аён бўлмоқда. “Домланинг айтганини қилинг-у” қабилидаги гаплар ҳақиқий ўқитувчига тегишли эмас. Чинакам устоз тарбияда, энг аввало, ўзи ўрнак бўлади. Ҳалоллик ҳақида оғиз кўпиртириб гапирган домланинг ўзи эртага баҳосини “кўтариб” бериш эвазига ўқувчисидан пул сўраса, ароқнинг ҳаром эканлигини қайта-қайта уқтирган муаллим даврада маст-аласт “томоша” кўрсатса, унинг амали қаерда қолади? Бундай “тарбия” тарбияланувчига қандай таъсир этади?
Аслида, танишимни айблайверишим ҳам нотўғри. Унга раҳмат: менга яхшигина тарбия берди. Бўлди, яна бир оз ёзсам, ўзимга қийин бўлади...
Беҳзод Фазлиддин
Ёшингиз нечада?
- Подробности
- Бўлим: Иллат
Инсонлардан неча ёшга кирганларини сўрашни маданиятсиз савол, деб ҳисоблашади. Бу ёзилмаган қонун ноқулай вазиятга солмаслик мақсадида ўйлаб чиқарилган бўлса керак.
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
- Аёлнинг Таравих намози учун уйидан чиқиши
- Эътикоф ҳақида
- Рўза боби (1-қисм)
- Фитр садақаси
- Аёллар эътикофига доир масалалар
- Фидя бериш ҳақида
- Саҳарлик ва ифторлик
- Рўзани бузадиган амаллар
- Рўзани бузадиган амаллар
- Эътикоф бўлими
- Рўза боби (2-қисм)
- Нафл рўзалар ҳақида
- Рамазон: эрингиз сиздан рози бўлсин
- Рамазон: оналар учун 23 маслаҳат
- Расулуллоҳнинг Рамазон ойида баъзи аёллари билан никоҳланишлари
Ҳозир сайтимизда 184 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Аёлнинг юзини кўрсатиши ва ҳижоб ҳақида
- Парик тақиш ва аёлнинг сартарошга бориши
- Аёлнинг ҳамма нарсаси шаррми?
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш