1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Уйингизни фаришталар тарк этмасин...

 

ёхуд “катталар учун боғча” нега керак?

Инсон борки, ўзидан ҳамиша яхши ном қолдириш учун яшайди. Бу боқий тамойил одамзоднинг куч-қувватга тўлган ёшлик даврида ҳам, кексайган чоғида ҳам уни тарк этмайди. Шундай экан, бугун юртимизнинг ҳар жабҳасида эришаётган ютуқларимизда мўътабар қарияларимизнинг ҳам хизматлари беқиёс эканлигини унутмаслигимиз, ҳар қадамда уларнинг дуоларини олиб, хизматларига камарбаста бўлишимиз яхши фазилат. Чунки, дуо билан ер кўкаради, дейдилар.
Ана шундай пиру-бадавлат отахон-онахонларимиз аввало, бизнинг эътиборимиз, меҳримиз, баъзилари эса давлат ва жамиятимизнинг кўмагига муҳтож.

АФСОНАЛАР ҲАҚИҚАТДАН ТУҒИЛАДИ

Бир ривоятни эшитгандирсиз: кексайиб қолган отасини чўлнинг ўртасидаги якка дарахт соясида қолдириб кетаётган ўғлига қараб қария кулиб қўяди. Бу кулгининг маъносини тушунмаган ўғил сўраганида, бир вақтлар қария ҳам отасини худди мана шу дарахт тагида ташлаб кетганлигини айтади. Омон-омон замонлар ўтиб, кун келдики ўзининг ҳам бошига худди шу қисмат тушганидан кулаётганди у.
Бу ривоятнинг замиридаги ҳақиқат нечоғлик аён бўлса-да, баъзида ён-атрофимизда руй бераётган ана шундай аччиқ ҳақиқатларни ҳам қабул қилишга мажбур бўлиб қоламиз. Муқаддас динимизнинг асосида ҳам бу ҳақда такрор ва такрор айтилганига қарамасдан ота-онани эъзозлаш, кексаларни ҳурмат қилиш сингари юксак фазилатлардан бебаҳра бўлган баъзи инсонларнинг ҳамон орамизда борлиги бизни ташвишга солади.

Республикамизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, хусусан, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

«БИР БОРА КЕЛИБ КЕТ, БОЛАМ»

Тўғри, бизда ҳеч ким кўчада қолмайди. Бошига бирон бир ташвиш тушиб турган етти ёт бегонанинг ҳам олдидан бепарволик билан ўтиб кетолмаймиз. Ана шундай раҳмдиллик, меҳрибонлик, кўнгли юмшоқлигимизни ўз қаричи билан ўлчайдиган беоқибат фарзандлар ҳам борки, керак бўлса давлат боқиб олсин, деган нотўғри қарашларни ўзига байроқ қилиб, кексайиб қолган отасини, онасини ҳатто мамнуният билан ўзлари ташлаб кетишади. Йиллар давомида боласининг бир бора дийдорига зор бўлиб кутаётган қарияларимиз учун биз бераётган меҳрнинг ўзигина етарли бўла олармикин?
Давлатимиз сиёсатининг бош мақсадларидан бири ҳам ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлашдир. Бугун юртимизда қаровсиз қолган якка-ёлғиз қариялар, айтиш мумкинки, “парилар” эъзоз топган бир нечта масканлар фаолият кўрсатмоқда.

ФАКТ:
Бугун юртимизда 8 та “Саховат уйи” ва 1 та Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионати фаолият кўрсатади. Уларда 1500 нафардан ортиқ якка-ёлғиз қариялар, уруш ва меҳнат фахрийлари тўлиқ давлат таъминоти остида истиқомат қилишмоқда.

НАВҚИРОНЛИК СИЗГА ЯРАШАДИ

Гоҳида кўча-куйда соғлом ҳаракатли, адл қоматли, юзларидан нур ёғилиб турган нуроний отахон-онахонларимизни кўриб ҳавас қиламиз. Халқимиз ана шундай ҳавасли, кези келса керагидан-да ортиқ эъзозлайдиган, меҳр-мурувватни жойига қўядиган халқ бўлгани учун ҳам осмонимиз тинч, қуёшимиз мусаффодир, эҳтимол.
Бугун юртимизда узоқ умр кўриш буйича қайд қилинган ўртача ёшдан ҳам кўра, мамлакатимиздаги “Саховат” уйлари ва пансионатда истиқомат қилаётган қарияларимизнинг ўртача умр кўришлари юқорироқ ёшни ташкил этаётгани ҳам фикримизнинг далилидир.

БИЛАСИЗМИ?
*** Пансионат – итальянча “пансион” сўзидан олинган бўлиб “дам олиш маскани” деган маънони билдиради.
*** Исроилда “катталар учун боғча” ташкил қилинган. Уй шароитида қараш учун имконияти бўлмаган фарзандлар кексайиб қолган ота-оналарини махсус пансионатга эрталаб олиб келиб, кечқурун олиб кетишаркан.
*** Инсон узоқ умр кўриши учун "Геронтология” (узоқ умр кўриш сирларини ўрганувчи фан)га ва унинг бир нечта олтин қоидаларига амал қилиб яшаши керак.

АТРОФИМДА МЕҲРИ ДАРЁ ИНСОНЛАР...

Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида яшаётган қарияларимизнинг айримлари билан суҳбатда бўлдик. Шу ўринда, бу билан баъзи беоқибат фарзандларга мурожжат қилмоқчимизки: “Шукр қилинг, сизни ундириб-ўстирган, бир жонини мингга айлантириб, борини сизга тутқазган отангиз, онангиз соғ-омон ва ҳеч қачон кўчада қолмайди. Аммо афсуски, уларга ёлғиз бир нарсагина, яъни, ўз фарзандининг меҳри етишмайди, холос. Энди эса тилагимиз, эртага ўзингиз уларнинг аҳволига тушмаслигингиз учун ота-онангизга беролмаган меҳрингизни ҳам фарзандингизга қўшқўллаб қўшиб беринг. Зора, “қайтар дунё” деб аталган тақдир тизгинлари сизни четлаб ўтса...”
Валентина Чекова (93 ёш) меҳнат фахрийси:
Менинг бу ерга келганимга 15 йил бўлди. Шу йиллар давомида бирор марта ҳам ўзимни ёлғиз хис қилганим йўқ. Ёши ўтиб қолган одам аввало ўзи-ўзига эътиборлироқ бўлиши керак. Мен бу ердан биринчи навбатда руҳий мадад оламан. Атрофимда меҳри дарё инсонлар. Баъзи ёлғиз қолган қариялар турли сабабларга кўра ўзидан қўрқиб яшайдилар. Бу ерда эса бошқача. Ҳолингиз сал ёмонлашса тезда ҳамма сизнинг бошингизда парвона бўлади. Бундай меҳрибончиликни кўриб тузалиб кетганингизни ўзингиз ҳам сезмай қоласиз. Қолаверса, узоқ умр кўришимизнинг яна бир сабаби, пансионатда тўғри овқатланиш тартиби тўлиқ йўлга қўйилган. 1 кунда 5 маҳал овқат берилади.
Ҳар гал оз-оздан, ҳар ким ўз таъбига қараб парҳезли таомлардан истеъмол қиламиз. Бу ҳам узоқ умр кўришнинг энг муҳим қоидаларидан биттаси.

НЕГА? НИМА УЧУН?

Бу ерга келганлар баъзилари ўз ихтиёри билан, аммо, ўша “ихтиёр” замирида ҳам фақатгина ўзлари учун маълум сабаблар бўлиши табиий, баъзилари эса яқинларидан жудо бўлгач, ёлғиз яшашга кўниколмасдан ҳатто уйларини сотиб бу ерга келишар экан. Аксарият қарияларимиз бу сабабларни ошкор этишни ҳоҳламадилар. Нима бўлганда ўзбек оилаларидаги бир-биримизга бўлган меҳр-оқибат, ҳурмат-иззатдан келиб чиқадиган бўлсак, фарзандларим бор, деб зорланаётган баъзи юз билан юзлашиб қолган, невара-чеваралари бағрида пиру-бадавлат бўлиб юриш насиб қилмаган отахонларимизнинг дил сўзларидан юраклар ларзага тушади.
Шамсиддин Каримов (91 ёш) уруш фахрийси:
Мен 6 йилдан буён пансионатда яшайман. Чорак асрлик умрим ўқитувчилик билан ўтган. Инсон кексайган сари янада кўпроқ меҳрга, эътиборга муҳтож бўлиб қолар экан. Ана шу меҳрни ҳамма ҳам бера олмайди. Меҳр билан суғорилган ҳар қандай дарахтнинг ҳам илдизи мустаҳкам бўлади. Унча-мунча эсган шамолнинг ҳам бу дарахтни қулатиши қийин. Биз бу ерда яқинларимиздан кўрмаган ана шундай меҳрни кўряпмиз.

“МЕН ҲАЁТГА ҚАЙТДИМ”

Мунаввар Охунбобоева (77 ёш) меҳнат фахрийси:
Пансионатга келганимга 2 йил бўлди. 40 йил ўқитувчилик қилганман. Бир неча йиллардан буён асаб хасталигидан шикоят қилардим. Охирги марта 2 йил олдин юрагим бардош беролмай йиқилиб қолганман. Бу ердаги шароит, айниқса, тиббий-муолажа хоналари, кутубхона, спорт зали, ошхона, соя-салқин дам олиш хоналари мени тезда ҳаётга қайтарди. Ҳаётга ва одамларга нисбатан муносабатим кескин ўзгарди. Ҳозир ўзимни жуда яхши ҳис қиляпман. Биз учун бундай имкониятларни яратиб қўйган меҳри дарё инсонларни умримнинг охиригача дуо қиламан.

УЙИНГИЗДАН ФАРИШТАЛАР ҚОЧСА...

Уйингизда кексайиб қолган отангиз ёки онангиз борми? Ҳар куни эрта тонгда дуолар билан сизни ишга кузатадиган, елкангизни силаб, умрингдан барака топ болам, дейдиган инсонингиз бўлса, демак сиз дунёдаги энг бахтли ва энг бой одамсиз. Шундай дамларда уларга қўшилиб уйингизнинг ҳар бурчидан фаришталар ҳам сизга барака тилаётгандек бўлади. Буни гоҳида ўзингиз сезасиз, гоҳида эса сезмай ҳам қоласиз.
Энди фақатгина фараз қилинг, агар уйда кексалар бор бўла туриб, уларнинг қадри бўлмаса бу уйнинг на файзи, на фариштаси бўлади. Шу ўринда, кўп бора айтилиб, ҳаммага маълум бўлган мақол – “Қариси бор уйнинг париси бор” деган ҳақ сўзни яна бир бор такрорламасдан ўта олмадик.

ЭЪТИРОФ

Фатхулла Назруллаев, Тошкент шаҳри Олмазор тумани
Мен умрим давомида кўп машаққатларни, урушнинг оғир синовларини бошдан кечирдим. Шунинг учун ҳам ёшларга ҳамиша тинчликнинг қадрига етинг, юртимизга содиқ фарзанд бўлинг, деб уқтираман. Ахир, шундай меҳри дарё юрт қайда бор? Инсон кексайгани сари янада кўпроқ меҳрга, эътиборга муҳтож бўлиб қолар экан. Меҳр билан суғорилган ҳар қандай дарахтнинг илдизи мустаҳкам бўлади. Бизнинг давраларнинг тўрида юришимиз давлатимиз ғамхўрлигининг маҳсулидир. Ниятимиз, ёшу-қари демай, ёлғиз демай ҳаммага бирдек ғамхўрлик қилаётган Юртбошимиз омон бўлсинлар.

СЎНГГИ СЎЗ

Ҳар йили Японияда 1 марта турли нуфузли ташкилотлар иштирокида хайрия акцияси ўтказилади. Унда саховатпеша компаниялар ўзларининг хайрия акциялари билан иштирок этиб мамлакатдаги ёрдамга муҳтож ёлғиз қарияларни тақдирлайдилар.
Шукрки, БИЗда аҳолининг меҳрга муҳтож қатламлари бир йилда бир марта эмас, ҳар куни саховат, меҳр-оқибат, хайр-эҳсон каби юксак фазилатларимиз булоғидан қониб сув ичадилар. Ҳатто мактаб ўқувчилари, талабалар ҳам ўзларининг арзимас бўлса-да совға-саломлари билан бу ерда истиқомат қиладиган қарияларимизни ҳар куни йўқлаб туришар экан. Бу эса халқимизнинг маънавият ўчоқлари нечоғлик чуқур илдиз отганлигидан, ёрдамга муҳтож кишиларга яхшилик улашиш қон-қонимизга сингиб кетганлигидан яна бир бор далолат бермайдими?..
Ахир, қўл очиб юртимизга барака тилаётган кексаларимизнинг дуолари мустажоб.

Сарвар Сафаров

“Алиментга яшаб бўладими?”

 

 

ёхуд “оиладан сўнг...” қўлга олинган “қурол”

Инсон ҳаётини тартибга солиб турувчи мезонлар бор. Эр-хотин бўлиб яшашнинг ҳам алоҳида қонун-қоидалари борки, турмушнинг аввалида уларни яхши англаб олиш оилавий ҳаётнинг бахт-саодатини таъминлайди. Жамиятдаги деярли барча кўнгилсизликлар оиладаги бир қанча илоҳий меъёрларнинг бузилишидан келиб чиқади. Сўнг синган шишани чегалаб бўлмаганидек, узилиб бўлган оила ришталарини миллиардлаб алиментлар ҳам қайта тикламайди. Тўғри, алимент аслида оилани қайта тиклашга хизмат қилмайди. Айтиш мумкинки, тўла-тўкис ҳаёт кечиришга ҳам. Унда нимага?..

“ЧИҒИРИҚҚА ҚАЙТГАН ҚИЗ”

Халқимизда қадимдан бир қизнинг турмушдан ажралиб ота уйига қайтиб келиши ўша оила учун катта иснод саналган. “Чиғириққа қайтган” қизнинг ота-онаси номусдан ҳатто кўчага чиқа олишмаган. Шу боис, ҳар қандай аёл аввало сабри, матонати, “йўқни йўндира олиши” билан оила ришталарини сақлаб турса, эркак номуси, ори билан муқаддас қўрғонни ҳимоя қилган. Тиғ тобора жондан ўтиб, бир-иккита ажримлар учраса ҳам, сабаблари бугунгидек енгил ва арзимас бўлмасди. Уларнинг ажрашишганини ҳатто биров билиб, биров билмай қоларди...

МАЪНАВИЯТ

Агар оилалар аҳил бўлса, юртнинг тараққиёти ва фаровонлиги ортади. Акс ҳолда эса, жамиятга ҳам моддий ва маънавий зиён етади. Шу боис, динимиз ва қонунларимизда ҳам ҳар бир оилавий келишмовчиликни, энг аввало, тинч йўл билан ҳал этиш белгиланган. Шунингдек, муборак ҳадисларда айтилишича, мубоҳ, яъни рухсат берилган амаллар ичида Яратганга энг хуш келмайдигани талоқ (ажрашиш) экан. Бу сўз айтилганда, ҳатто Арши аъло ҳам ларзага келиши қайд этилган.
Маълумот учун:
Мустақиллик йилларида оила билан боғлиқ 50 га яқин Қонун, Президентимизнинг 20 га яқин Фармон, Қарор ва фармойишлари, 70 дан ортиқ ҳукумат қарорлари, фармойишлари қабул қилинди. Шунингдек, Президентимиз ташаббуси билан 1998 йил “Оила йили” ва жорий 2012 йилнинг ҳам “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилиниши оилага бўлган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистонда оилаларнинг бузилиши дунё бўйича энг паст даражада
Айрим Ғарб давлатларида оилаларнинг бузилиши 30-40 фоизгача етиб боргани, баъзи ҳудудларда кўрсаткичлар бундан-да аянчлироқ эканлиги қайд этилмоқда.
1970 йилда Ўзбекистонда оилавий ажримлар сони 13 минг, 1980 йилда 22,5 минг, 1990 йилда эса 30 мингни ташкил этган. Ҳозирда юртимизда оилаларнинг бузилиши дунё бўйича энг паст даражада эканлиги эътироф этилмоқда. Шунингдек, ўтган йилларда оилавий ажралишлар 1,5 бараварга камайган. Бироқ...

ШУНГА ҚАРАМАЙ...

Турмуши бузилаётган оилалар ҳали ҳам борлиги ачинарли. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ажрашиш ҳолатларининг 18 фоизи оилалардаги келишмовчиликлар, 22 фоизи ўзаро муҳаббатнинг йўқлиги, феъл-атворнинг тўғри келмаслиги, қолганлари эса рўзғордаги муаммолар, эр ёки хотиннинг касаллиги, энг ачинарлиси, айрим йигитларнинг ичкиликбозлик, гиёҳвандликка берилиб кетиши, қайнона ва келин муносабатларининг бузилиши натижасида келиб чиққан.

“ИККИ ОДАМНИНГ ХАТОСИ...”

...Бир оила бузилди. Машаққатлар билан барпо этилган бир қўрғон вайрон. Ўртада фарзандлар бўлса-чи?! Бу вазиятда бировларнинг қўлида қурол бўлгувчи — АЛИМЕНТ!
Фин ёзувчиси ва журналист Марти Ларни “Алимент – икки одамнинг хатоси учун бирининг тўлайдиган жаримаси”, деганди. Фарзандга ота-онанинг моддий ва маънавий кўмаги бирдек зарур. Аммо турли сабаблар билан ажрашган оила фарзандлари учун қонун ота ёки онанинг моддий таъминотини кафолатлайди.
Биласизми?
Алимент — (лотинча “alimentum”) озуқа, таъминот деган маънони билдиради.
Алимент ундиришда боланинг ота-онаси ўзаро никоҳда экани ёки улар ўртасидаги никоҳ тугатилгани аҳамиятли эмас. Бунда аввало, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномадаги оталик тўғрисидаги ёзув ҳамда болага ихтиёрий равишда таъминот беришдан бўйин товлаш асос бўлади.

“АЛИМЕНТГА ЯШАБ БЎЛАДИМИ?”

Шу ўринда болани фақатгина алиментнинг ўзига таяниб боқиш, вояга етказиш мумкинми, деган табиий савол туғилади. Боланинг таълим олиши, сифатли овқатланиши, руҳан соғлом ва баркамол улғайиши бевосита оила даромадига боғлиқ. Болага уни ким таъмин этаётганининг фарқи йўқ. У аввало, ҳам отасининг, ҳам онасининг эътибори, мадади ва хайрихоҳлигига муҳтож. Бола отаси билан кўришиб турмаслиги учун собиқ эридан алимент олишни хоҳламайдиган аёллар ҳам учрайди. Шунингдек, судьяларнинг кузатувларига кўра, судлашув пайтида боланинг ўзи билан яшашини хоҳловчи оталар сони ҳам кўпайиб бормоқда. Нега?..

ҲАМ МОДДИЙ, ҲАМ МАЪНАВИЙ

Ҳар қандай ота-она фарзандига ўзининг нафақат моддий, балки маънавий ёрдами ҳам кераклигини ичдан ҳис қилиши, оила бузилган тақдирда ҳам буни унутмаслиги лозим. Бир уйда яшамаётган бўлса-да, бола ҳақида тенг қайғуриш фақат қонун таъкидлагани учун “хўжакўрсин”га эмас, виждон даражасида бўлиши керак.
Маълумот учун:
Оила Кодексининг 5-бўлими “Оила аъзоларининг ва бошқа шахсларнинг алимент мажбуриятлари” деб номланади.

“ИЛТИМОСГА КУНИНГ ҚОЛМАСИН”

Алимент суд қароридан ташқари, уни тўлаши шарт бўлган шахс билан алимент олувчининг оғзаки келишуви асосида ҳам тўланиши мумкин. Лекин бундай келишув ҳуқуқ доирасидан четда бўлгани учун тез-тез бузилиши аёлларни талаб қилувчи эмас, балки илтимос қилувчига айлантиради.
Алимент ундириш учун нима қилиш керак?
Даъвогар қарздорнинг турар жойидаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга ариза топширади. Аризага паспорт, никоҳ ва фарзандларнинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалардан нусхалар, яшаш жойидан, боланинг саломатлиги ҳақида ҳамда қарздорнинг иш жойидан маълумотномалар илова қилинади.

ҚАНЧА ТЎЛАНАДИ?

Ота ёки онанинг ойлик иш ҳақи ёки бошқа даромадининг
бир бола учун – тўртдан бир қисми
икки бола учун – учдан бир қисми
уч ва ундан ортиқ бола учун – ярми ундирилади.
Вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларга эса ота-онанинг оилавий ва моддий аҳволи ҳисобга олиниб, ҳар ойда пул билан тўланадиган қатъий сумма белгиланади.
Алимент Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида пул ёки натура тарзида олинган барча турдаги даромадлардан ушлаб қолинади. Чет эл валютасида олинадиган даромадлар алимент ундириладиган кунда амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий курси бўйича сўмда ҳисобланади.

ТЎЛАШДАН БОШ ТОРТСА...

Алимент тўлаш билан боғлиқ низолар суд тартибида ҳал қилинади. Суднинг ҳал қилув қарорини бажаришдан бош тортганлар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ёки жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.
“Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш” дегани нима?
Оила Кодексининг 84-моддасига асосан, ота-оналик ҳуқуқи чекланган ота-она болани шахсан тарбиялаш, шунингдек, болалик фуқаролар учун қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёз ва нафақалар олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Аммо бу ота-онани болага таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди. Бундан ташқари, боланинг турар-жойга бўлган мулк ҳуқуқи, ундан фойдаланиш ва мерос олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади. Ота ва онанинг ота-оналик ҳуқуқи чекланган тақдирда бола васийлик ва ҳомийлик органи қаромоғига берилади.

АЛИМЕНТНИ БЕКОР ҚИЛИШ

Алимент борасидаги келишув тарафларнинг ўзаро розилиги билан исталган вақтда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин. Бир тарафлама розилик ёки қаршилик билан қонунан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Қуйидаги ҳолларда суд тартибида ундирилаётган алимент тўлаш тугатилади:
- бола вояга етганда ёки вояга етмасдан туриб тўла муомала лаёқатига эга бўлганда;
- алимент ундирилаётган бола фарзандликка олинганда;
- суд алимент олувчининг меҳнатга лаёқати тикланган ёки уни ёрдамга муҳтож бўлмай қолган деб топганда;
- меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож алимент олувчи собиқ эр ёки хотин янги никоҳга кирганда;
- алимент олувчи ёки алимент тўлаши шарт бўлган шахс вафот этганда.

ОЛАМШУМУЛ АЛИМЕНТЛАР

90-йилларнинг энг машҳур топ моделлари бешталигига кирган канадалик Линда Евангелиста яқинда француз миллиардери Франсуа-Анри Пинодан беш яшар ўғли учун рекорд даражада — ойига 46 минг АҚШ долларини алимент сифатида тўлашини талаб қилди.
Россиялик ишбилармон Роман Абрамовичнинг оиласи бузилганда, хотини Ирина ва ўртадаги 5 нафар фарзанд оила бошлиғининг ярим бойлигига (камида 5,5 млрд. АҚШ доллари) ҳақли, деган тахмин илгари сурилганди. Суд жараёнидан сўнг «муштипар» хотин «атиги» 300 млн. долларни, Британия ва Россиядаги ҳашаматли уйларни, хусусий самолётни қўлга киритди.
“Титаник”, “Аватар” фильмлари режиссёри Жеймс Кемерон рафиқаси билан ажрашганида 50 миллион долларга "тушган".

СЎНГГИ СЎЗ

Оила қўрғонининг пойдевори ишонч, устунлари меҳр ва муҳаббат, деворлари садоқату вафо, дарвозалари ор ва номусдан тиклангандагина мустаҳкам бўлади. Устунларнинг қанчалик бақувватлигию ўзаро тенглиги, бир-бирига монандлиги қўрғонни шамолу бўронлар таъсирида бузилиб, тўкилиб кетишдан ҳимоя қилади. Аввало, оилангизни асранг, унинг мустаҳкам бўлишига ҳаракат қилинг.

Халқаро ҳуқуқий ишлар бўйича адвокатлар ҳайъати аъзоси, юрист Малика Мазбудова билан ҳамкорликда Сарвар САФАРОВ тайёрлади

Номус ва одоб емирилса...

Бу мунозара мавзусининг туғилиши ғалати бўлди. Зарур юмуш билан бир жойга тез етиб бориш учун такси тўхтатдим. Манзилни айтиб, нархини келишиб йўлга тушдик. Йўл-йўлакай ҳайдовчининг куюнчаклик билан айтаётган гап-сўзлари диққатимни тортди ва шу мавзуда бошқа юртдошларимизнинг ҳам фикрини билишга жазм этдим.
- Одамлар ўртасидаги одоб-ахлоқ қоидалари емирилиб, кишилар бир-бирлари учун қадрсизланиб бораётгандай... Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?
Абдусаттор ака, такси ҳайдовчиси, Тошкент шаҳридан:
- Сиздан илтимос, фикрларимни газетага бермоқчи бўлсангиз исм-шарифимни тўлиқ эълон қилманг. Чунки, сизга айтган гапларимдан кейин таниш-нотанишлар мендан ранжиб қолиши, ҳаттоки кўп оилаларда тушунмовчилик, гап-сўз, шубҳа-гумон авж олиб кетиши мумкин.

Ҳар куни инсофлидан ноинсофга кўп йўлиқаман. Йўқ, мен кира ҳақи ҳақида гапирмаяпман. Бутунлай бошқа нарсани айтмоқчиман. Шундай ҳоллар бўладики, ўз такси машинамда мижоз кутиб турсам, ёнимга «иномарка»ми ёки ўзимизнинг сўнгги русумдаги машинами, келиб тўхтайди. Ичидан бир аёл, бир эркак тушади. Эркак керакли манзилни тушунтириб, ҳалиги аёлни ўша жойга элтиб қўйишимни сўрайди ва йўл ҳақини икки-уч баравар ортиғи билан қўлимга тутқазиб, аёл билан хайрлашади. Йўлда бораётганда аёлнинг қўл телефони устма-уст жиринглайди. Ҳалиги аёл ҳеч уялмай, сурбетларча, бамайлихотир жавоб беради: «Лаббай адажониси, ҳозир йўлдаман. Дугоналар билан ўтиришимиз чўзилиб кетди-да, хотинларни биласиз-ку... Шунда ҳам мен ҳаммадан аввалроқ қайтяпман...».
Бу ҳам бир нави... Вилоятлардан ота-онаси ўқиш учун юборган, илм олсин, касбу кор ўрганиб келажакда ўз ўрнига, мавқеига эга бўлсин деб, ўзи емай-киймай, контракт пулини тўлаб ўқитаётган айрим йигит-қизларнинг ўзини тутиши, ножоиз хатти-ҳаракатларини кўриб, астағфируллоҳ дейсиз. Бир куни машинамга иккита йигит икки қизни етаклаб чиқишди. Шаҳар чеккасидаги манзиллардан бирига боришяпти экан. У жойга кўпларни олиб борганман, биламан, аллақандай корейс аёли очган сауна ва яна алламбалолар... Кетяпмиз. Йўлда қизлардан бирига қўнғироқ бўлди. У эса тап тортмай жавоб бер¬япти: «Онажон, хавотирланманг, имтиҳонларни топширдим, ўртоқларим билан ётоқхонага кетяпман». Ана сизга ёшларнинг ота-онасига нисбатан муносабати-ю, уларнинг чеккан заҳматига яраша бераётган жавоби!
Йигитлар-ку, майли, ёшлигида қилган хатоларини бебошлик ўйин¬ларига, «йигитчилик»ка йўйиб, ҳаётини изга солиб кетиши мумкин, аммо улар билан «ёшлик гашти»ни суриб юрган қизларнинг ҳоли эртага нима кечади?!
Гапираман десам гап кўп. Одамларнинг юрагини така-пука қилиб қўяманми, деб хижолат бўляпман-да...
Шоҳиста Иброҳимова, Тошкент шаҳрида якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланади:
- Асли Андижон вилоятининг Хонобод туманиданман. Эрим билан водийдан Тошкентга савдо ишлари билан қатнаймиз. Кўча-кўйда, йўлларда ҳар хил одамлар билан мулоқотда бўлишга тўғри келади. Мундоқ ўйлаб қарасангиз, одамлар ҳамма нарсага, ҳаттоки ўз ҳаётига ҳам бефарқ бўлиб кетишган. Савдо ишларимиз бир ҳафта-ўн кунга чўзилиб кетган пайтларда турмуш ўртоғим билан ижара уйимизда яшаймиз. Бир куни бозордан ижара уйимизга қайтсак, уй бекасининг хонасида ўн беш-ўн олти ёшлар чамасидаги иккита навниҳол қиз ва лаби-лабига тегмай бидирлаётган маклер аёл ўтирибди. Афтидан ҳалиги қизчалар Тошкентга эндигина келган кўринади, гап-сўзлари, ўзларини тутиши шунақанги соддаки, беихтиёр ўзлари қишлоқда қолиб, пул топиб кел, деб қизларини пойтахтга юборган ота-онадан қаттиқ нафратланиб кетдим. Мен кап-катта аёл бўлсам ҳам, ёнимда эрим бўла туриб ҳам синашта бўлмаган одамларнинг уйи¬да ижара туришдан қўрқаман. Фақат яхшиларга ёндаштир, деб Аллоҳга ёлвораман. Қанча қиз-аёллар ўз яшаш жойларидаги топиш-тутишларидан қониқмай, ялтироқ ҳаётга эришиш мақсадида катта шаҳарларга, пойтахтга иш излаб келишади. Кўпларининг ижара уйларда яшаймиз деб нопок аёлларнинг, одам савдоси билан шуғулланувчи кимсаларнинг чангалига тушганлари ҳақида эшитганмиз, матбуот орқали хабар топганмиз. Ҳалиги ёшгина қизчаларнинг ота-онаси уларни қайси юрак билан катта шаҳарга ёлғиз юборди экан, ҳали ҳеч нарсага ақли етмайдиган, ғўр қизларини бегоналар орасига юборишга қандай кўзи қийди экан, деб ўйлаганим сари ўртаниб кетаман. Бунақа қизлардан кўпи бозорлардан «паноҳ» топади. Турган гапки, уйидан бош олиб келган қиз бозорга киргач, аввал номусини бой беради. Кейин бир-бир шарму ҳаё, ибо, назокатларидан ҳам айрилиб қолаверади...
Нуриддин Сайфуддинов, такси ҳайдовчиси, Фарғона шаҳридан:
- Мен водийдан Тошкентга қатнайман. Бир куни кўринишидан бадавлатлиги сезилиб турган, эллик ёшлардаги эркак ўн саккиз-ўн тўққиз ёшлардаги чиройлигина бир қиз билан машинамга ўтирди. Бошқа одам олмаслигимни сўради-да, тўрт кишининг пулини қўлимга тутқазди. Ҳали ҳеч қанча йўл босмасимиздан, менга ўзининг ҳам бир эмас, тўртта машинаси борлигини, лекин айрим сабабларга кўра ҳозир таксига минганини айтиб, «Пулини келишайлик, бизни Тошкентда айлантирасиз, айтган жойларимга олиб борасиз», деди. Келишдик. Аммо бироз вақт ўтиб, қилган ишимдан пушаймон бўлдим. Ёшгина қизнинг отаси тенги одам билан бегона кишининг кўз ўнгида қилаётган беҳаёликларидан миямга қон тепчиди. Бир кўнглим шартта машинани тўхтатиб, уларни тушириб юборай дейман. Аксига олиб анчагина йўл юриб қўйганмиз. Ҳай, бир амаллаб, тишимни-тишимга босиб, Тошкентга етиб келгунча сабр қилдим-да, кейин уларга узримни айтиб, бир таниш таксичи йигитнинг машинасига миндириб юбордим. Орадан уч-тўрт кун ўтгач, ўша таксичи йигит менга уларни қаерларга олиб боргани-ю, нав-ниҳолгина қизнинг ичиб олиб кўрсатган томошаларини нафратланиб айтиб берди... Тавба дейман, одамларимизга нима бўляпти?.. Бошқа гапиролмайман... Кўнглим кирланиб кетгандек бўлди...
«Одобни номусдан, номусни эса одобдан ажратиб бўлмайди. Башарти униси ҳам, буниси ҳам нурай бошласа ва емирилса, инсон қадрсизланади ва энди бошқаларда ўзига нисбатан нафратдан бўлак ҳеч бир туйғу уйғотолмайди», - деган эди испан ёзувчиси Мигел Сервантес. Бугунги суҳбатдошларимизнинг гапларини тинглар эканман, бу фикрнинг мағзини чаққандай, қадрсизлик илдизлари қаердалигини англагандай бўлдим. Лекин фақат англамоқнинг ўзи етарлимикан? Бу иллатларнинг бартараф этиш чоралари нимада? Мулоҳазангизни айтинг, замондош.

УМИДА АЗИЗ

Телевизор дилбузарга айландими?

Ҳар доим ҳам телевизор орқали ўзимиз истаган мавзудаги кўрсатувларни, томоша қилишга арзигулик фильмларни кўра оламизми? Томошабин бугунги миллий телеканалларимиз фаолиятидан мамнунми? Биз телевидение орқали намойиш этилаётган кўрсатув, фильмлар борасида томошабинларнинг фикрини билиш мақсадида юртдошларимизга мурожаат қилдик.
Малика, банк ходими, 24 ёш: - Мен кўпинча «Ўзбекистон» телеканалини томоша қиламан. Кўрсатувлари бошқа каналларга қараганда бирмунча маънили, ҳарқалай бу телеканалнинг ижодий ходимлари томошабинга маънавий озуқа беришга уринишади. Аммо айрим намойишларига эътирозим ҳам йўқ эмас. Байрам кунлари албатта «Чимилдиқ» кинофильми берилади. Ҳозиргача шу фильм «Ўзбекистон» канали орқали беш юз маротаба қўйилгандир, десам лоф бўлмас. Телеканал ходимлари режа билан ишламайдиларми?! Телеканал мутасаддилари байрам кунларидаги дастурларини обдон ўйлаб кейин тайёрлашса, яхши бўларди.
Равшан ака, тадбиркор, 33 ёш: - Биз тижорат одамларимиз, кунимиз бозорларда ўтиб кетади. Телевизор кўришга кўп ҳам вақтимиз бўлмайди. Лекин пайтини топиб кўришга ҳаракат қиламиз. Ҳозир телеканалларимизда корейс ва турк сериалларидан бошқа нарса берилмаяпти шекилли. Телевизорни ёқсам, «Ёшлар» телеканалида турк сериали, «Ўзбекистон» телеканалида ҳам туркларнинг киноси. Қаҳрамонлари ғийбатчи, ҳаёсиз... Энсам қотиб, дарҳол ўчираман. Шунақа сериалларнинг таъсирими дейман, қиз отага ўқрайиб гап қайтаряпти, ўғил тап тортмай онани ҳақорат қиляпти, бирортасини севиб қолса, ота-онанинг розилиги-ю, хоҳишини бир четга суриб ташлаяпти... Одоб-ахлоқдаги бу таназзул кечаю-кундуз телеканалларда айланаётган мантиқсиз турк сериалларининг таъсири эмаслигига ким кафолат беради?!..
Наргиза, 20 ёш, талаба: - «Заковат» кўрсатувини қолдирмай томоша қилишга ҳаракат қиламан. Аммо сериаллар борасида бироз норозилигим бор. Хорижий давлатларда ишланган сериаллардан кўра, ўзимизнинг миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз, ўзбекона ҳаёт тарзи кўрсатилган ўзбек сераиллари кўпроқ намойиш этилса, яхши бўларди. Бу масалада «Ўзбекистон» телеканали анча-мунча яхши ишларни йўлга қўйди. «Бир кам дунё», «Туташ тақдирлар», «Дил пайванди», «Ўзи уйланмаган сов¬чи», «Умр манзаралари» каби сериаллар биз мухлисларни беҳад мамнун этди. Аммо бошқа телеканаллар ҳали-ҳануз корейс, турк ҳатто Мексика сериалларини беришда давом этяпти. Бу сериалларни ёш болалар ҳам катталар билан баб-баравар томоша қилишади. Хорижий сериал ва фильмларда кўрсатилаётган турмуш тарзи бизнинг миллий қадриятларимизга, ўзбекона тарбиямизга мутлақо мос тушмайди...
Телевидение ижодкорлари талабалар ҳаётига бағишланган, уларнинг муаммоларини, ютуқ ва камчиликларини кўрсатадиган кўрсатувлар ҳам тайёрлашса, биз талабалар ҳам хурсанд бўлардик.
Жамол ота, 66 ёш, маҳалла фаоли: - Телевизорда намойиш этилаётган кўрсатувларга жиддийроқ ёндашиш керакми, дейман. «Ўзбекистон» телеканалининг айрим кўрсатувларида халқимизнинг яшаш шароити, туриш-турмушини кўрсатиб беришга ҳаракат қилиняпти. «Эзгулик», «Одамлардан бири», «Заковат» «Очун», «Бир ўлка-ки...» каби кўрсатувларни томоша қилиш жараёнида киши ўзи истаган нарсасини топгандай бўлади. Бошқа телеканаллар ҳам тайёрлаётган дастурларига миллий маънавиятимизни ҳисобга олган ҳолда ёндашишса, яхши бўларди.
Аксарият ҳолларда телевизорда такрор ва такрор кўрсатилавериб, ҳаммага ёд бўлиб кетган фильмларни намойишдан аввал жонга тегар даражада реклама қилишади. Реклама қиладиган йигитимиз овозига ўзгача тус бериб, киноларнинг ҳаммага таниш мазмунини «ҳикоя» қилади. Бу оҳанжама нимага керак, ҳайронман...
«Айланай», «Рўзғор мактаби» деган кўрсатувларни томоша қилиш нари турсин, номини эшитгандаёқ катта ёшли кишиларнинг энсаси қотади. Барака топкурлар, ҳамманинг ҳам маънавий дунёси, фаҳм-фаросати артистларнинг бозор қилиши-ю, овқат тайёрлашига ҳавас қиладиган, афт-башарасига бўёқ чаплаб, «сунъий гўзал»га айланаётган хотин-қизлардан завқланадиган даражада эмас-да!..
Нигорахон, 30 ёш, журналист: - Телевидение орқали намойиш этилаётган ўзбек сериаллари орқали ҳашамат ва дабдаба тарғиб қилинаётганга ўхшайди. Бу сериаллардаги қаҳрамонлар яшайдиган ҳовли-жойлар ва улардаги ҳашамат манаман деган бой хонадон аҳлининг ҳам ҳавасини келтиради. Сўнгги урфдаги кийимларни кийиб, қўлни белга тираб эрга «маъруза» ўқишни аёлларимиз телевидениеда кўрсатилаётган ўзбек сериалларидан ўргандиларов, деган хаёлга ҳам бораман...
Нафақат сериалларда, ҳатто айрим кўрсатувларда ҳам «ҳашамат рекламаси» кетади. Айниқса, бирор бир санъаткорнинг хонадонидан тайёрланган кўрсатувларда бу ҳолат яққол кўзга ташланиб туради. Кўрсатув бошловчиси билан қаҳрамон зўр бериб ортиқча ҳашаматга, дабдабага берилмасликни кўзда тутгандай мулоҳаза билдиради-ю, кадр ортидаги «фон», қаҳрамоннинг уй-жойи у томонидан маъқулланаётган фикрларга мутлақо терс ҳолда гавдаланади. Телевидениеда фаолият юритаётган ҳамкасбларимиз, муҳтарам режиссёрлар мана шу ҳолатни ҳам бир мулоҳаза этсайдилар...
Диққат қилган бўлсангиз, аксарият юртдошларимиз телевидение фаолиятига танқидий нигоҳ билан қарашяпти.  Ўз ўрнида томошабин ҳақ. Ҳақиқатдан ҳам телеканалларимизда мазмунли, мулоҳазали ва қизиқарли кўрсатувлар тобора камайиб кетаётгандек, томошабинни телевизор қаршисига «мих»лаб қўядиган дас¬турлар деярли намойиш этилмаётгандек... Хўш, сабаби нима? Бу ҳақида фикр ва мулоҳазаларингиз бўлса, биз билан ўртоқлашинг.

УМИДА АЗИЗ

Қизлар беҳаё, йигитлар бебурд...ми?

Одам боласи ёлғизликда ҳеч қандай бахт топган эмас. Эркакнинг саодати аёл, аёлнинг тугал бахти эркак билан бекам ҳисобланади. Гоҳида қулоғимизга “ҳозирги қизлар беқадр, йигитлар эса жуда бебурд бўлиб кетган” деб нолийдиганлар кўп. Бугун ёшлар ҳақида айнан уларнинг ўзи ҳақидаги, яъни йигитлардан қизлар, қизлардан йигитлар борасидаги фикрларини билишга қизиқдик. Мунзорамизнинг бу галги иштирокчилари йигитлар ва қизларнинг феъл-атвори, одоб-ахлоқи борасида мулоҳаза билдирадилар.
Рустам Абдусаматов, 21 ёш, талаба:- Ҳозирги қизларда ҳам кишига маъқул келадиган фазилатлар бормикан, деб ўйлаб қоламан, баъзида. Ҳаммасининг кўзи йигитларда, қайси бирининг пули кўп, қай бирига тегсам яхши яшайман, деб жони ҳалак. Билмадим, буларнинг тили “эр” деб чиқадими?! Олдингизга келиб севги изҳор қилишдан ҳам тап тортишмайди. Ҳаммасининг қўлида нархи фалон минг турадиган сотка. Билмадим, улардан қанақанги аёл, уй бекаси, она чиқаркин... Уйланиш ёшига етдим, лекин оила қуришни ўйласам юрагим орқага тортади...
Зарина Шамсиддинова, 16 ёш, коллеж ўқувчиси:- Йигитларнинг қадрланадиган фазилатлари... Улар фақат қизларни алдашади-ку. Ҳозир телефон  ва интернет орқали танишиш авж олган. Биттаси танишган қизни бошқа жўраси ҳам  эрмак қилади. Ҳақиқий ўзбек йигити қизларни алдамайдиган, уларни бошига кўтарадиган, вафоли бўлиши керак, деб ўйлайман.
Ботиржон Ашуров, ҳуқуқшунос, 24 ёш:- Ҳозирги қизларга беш кетса арзийди. Қойил! Замонавийлик деганда, сочини сариққа  бўяб, тор шим, калта юбка, олди очиқ кофталарни ярашса ярашмаса кийиш,  емай-ичмай қимматбаҳо қўл телефонларини сотиб олиб, беш –олти сим картадан йигитларга қўнғироқ қилиш учун ҳам маълум маънода “жасорат” керак! Хаёли фақат йигитларни “илинтириш”да! Ишонасизми, кўчага чиқшга чўчийдиган бўлиб қолганман, битта яримтасининг “тўр”ига “илиниб”  қолмай деб. Баъзан қўл телефонимнинг ҳисобига ўз-ўзидан пул келиб тушади. Қизларнинг дастидан телефонни ўчириб қўйиб ҳам қутулолмайман. Ўзлари пул ташлаб, ёқиб дарров топволишади. Идеал қизлар ҳақида орзу қилмасак ҳам бўлади! Анча олдин қўшни вилоятдаги қадрдонларимизникига боргандим. Учинчи синфда ўқийдиган невара қизлари бор экан.  Қизча ва укаси билан гузардаги дўконларни айланиб юрган эдик, мен гўдак деб ўйлаётган ҳалиги қизалоқ, “Ака, сиз тўй бўлганмисиз?” деб сўради. Уйланмаганимни айтдим. Қизча ҳайратланиб, “Йигирма бирга кириб ҳали тўйиз бўлмадими? Мен ўн етти ёшимда келинчак бўламан, бувим билан аям шунақа дедилар” дейди! Қотиб қолибман. Тўққиз яшар қизалоқ тезроқ  болалиги тугаб, ўн еттига тўлишни истаяпти. Келинчак бўлармиш. Тўғриси, ўшандан кейин ҳалиги қизча билан унча гапимиз қовушмади.  Нимага деганда, аввал мен уни бола, гўдак хаёл қилиб болаларча муносабатда бўлаётгандим. Кейин ёшига нисбатан анча улғайиб қолган  бу қизалоқ билан тиллашиш учун менда “истеъдод” йўқлигини англадим.
Замонавий ўзбек қизи, хусусидаги саволингизга келсак, сочлари қоп-қора, майда ўриб ироқи дўппи кийиб олган, атлас кўйлаги товонини ёпадиган, гапирганда ҳаёланиб ёноқлари лов-лов ёнадиган, қоши ўсмадан, кўзи сурмадан, юзлари қатиқдан бошқа бўёқни кўрмаган қизларни фақат... туш кўриш мумкин!
Шаҳло Эшонова, 23 ёш, таржимон:— Йигитлар ҳақида ўйласам юрагим увишиб, ўз-ўзимдан хижолатга тушаман. Улар шунақанги бойликпараст, мол-дунёга ўч бўлиб кетишганки, бу борада хотинларни ҳам ортда қолдиришади. Мен нуфузли  олий ўқув даргоҳида ўқиганман. Яқинда магистратура таҳсилини ҳам тамомладим.  Иш жойим ҳам обрўли ташкилот ҳисобланади. Биласизми, йигитлар мени кўриб, бир бадавлат оиланинг арзандаси, бунга уйланиб отасининг мол-дунёси, машина, уй-жойга эга бўламиз, деган хаёлга боришади, шекилли, ўзим билан танишиб, уйимизга совчи юброришгандан кейин ҳафсаласи пир бўлади. Чунки икки хонали “дом”да яшаймиз. Ота-онам ҳам оддий одамлар. Мен ўз билимим, кучим билан ўқишга кирганман. Дипломимдан, билимимдан бошқа кўзга кўринган бойлигим йўқ. Ўша менга “ошиқу беқарор” бўлиб, совчи юборган йигитлар ҳақиқатдан хабар топганидан кейин қуённи расмини чизиб кетишади...  Саволларингизга шу гапларим орасидан жавоб топа олгандирсиз? Келиннинг мол-давлати, отасининг бойлигига қараб уйланадиган йигитлардан қандай оила бошлиғи чиқишини ўйламаган эканман.
Муҳаммаджон Султонов, 19 ёш, уста:— Қизларнинг камтар, одобли, хушмуомалалигини қадрлайман. Айримлар, ҳозир сен айтган сифатларга эга қизлар қолмаган, дейиши мумкин. Кимга қанақа. Мен ўзим қизларни алдаб, улар билан соатлаб телефонда гап сотишга, учрашиб юриб, алдашга вақт топмаганим каби, уйидаги юмушларидан, ўқиш-ишидан, тикиш-бичишидан ортиб йигитлар билан вақтичоғлик қилолмайдиган қизлар ҳам бор, деб ўйлайман. Тўғри, ҳозр қизлар кийиниш борасида бироз ҳадларидан ошишяпти, буни тан оламан. Лекин атлас, адрас, яна аллақандай матолардан ўзбекона кийимлар тиктириб кияётган қизлар ҳам йўқ эмас. Замонавий ўзбек қизи деганда, атлас кўйлакли, бошида дўпписи бор, сочлари узун, ҳам ўқимишли, ҳам ҳунарли қизларни тушунаман. Худо хоҳласа, ўзим ана шундай фазилатларга эга қиз билан ҳаётимни боғлашни ният қиламан.
Нафиса Камолова, 24 ёш, чевар:-  Йигитларнинг бир сўзли, аҳдида содиқлигини тан оламан. Биласизми, мен авваллари ҳамма йигитларни ваъдабоз, ёлғончи, қизларни эрмак қиладиган субутсиз, деб ўйлардим.  Уларга ишончим бўлмагани учун ҳам турмушга чиқмай юргандим. Аммо тақдир менга шундай йигитни йўлиқтирдики, ҳозир мен йигитлар ҳақидаги фикримни буткул ўзгартирганман. Ўзим идеал деб билган инсонимни топдим. Демак, орамизда идеал йигитлар бор! Фақат ҳаётга оптимистик нигоҳ билан қараш кифоя. Уйим-жойим дейдиган, ичмайдиган, чекмайдиган, ёмон йўлларга юрмайдиган, садоқатли йигитлардан ажойиб оила бошлиғи чиқади. Бир кам дунё дейдилар, камчиликсиз одам бўлмайди. Йигитларнинг феъл-атворидаги айрим нуқсонлар киши таъбини хира қилса-да, яна такрор айтаман, хиёнатдан бошқа ҳамма камчиликни кечирса бўлади. Кўп нарса одамнинг ўзига боғлиқ.
Замира Ниязова, 20 ёш, қандолатчи:— Йигитларга гап бўлиши мумкин эмас! Уларни айрим қизлар бузади. Ўзингиз ўйланг, қайси йигит қаршисида сузилиб, ўзини очиқ-сочиқ кийимларда кўз-кўз этаётган қизга бефарқ қараб туриши мумкин?!  Ҳозир айрим бетавфиқ қизлар одамларнинг оиласини бузишгача боришяпти. Яқинда ён қўшнимиз икки гўдаги билан ота уйига қайтиб келди. Сабаби эри  ўн саккиз  яшар бир қизга илакишиб қолган экан, қиз ҳомиладормиш. Қўшни опа бояқиш, одамлардан ор қиламан, кўчага чиқишга уяламан, деб йиғлайди. Анави қиз эса опанинг эри билан тўй бўлаётган эмиш. Шармандаларда бет ҳам қолмабди, дедим  бу гапни эшитиб. Хўш, бу воқеада ким айбдор? Ўша хотини, боласи бор эркакка сузилган қиз айбдор-да! Қизларнинг қилиғини, кийиниши, юриш-туришини кўриб, қиз бола бўлиб туғилганимга афсусланаман, Худо кечирсин...
“Уят эркакларнинг виқори бўлса, аёлларнинг ҳуснидир” деган жумлаларни ўқигандим қаердадир. Ҳақиқатан ҳам орият, уят, шарм ва ҳаё ҳамма учун бирдек зарур нарса. Айримлар эса бу ҳислардан айро тушиш билан ўзларининг қадр-қимматларидан айрилиб қолаётганларини англамаяптилар, назаримизда. Бу хусусда ҳар хил мулоҳазалар бор. Нима бўлганда ҳам, хоҳ йигит, ҳох қиз бола бўлсин, ҳаёни ўзига абадий йўлдош билса қадру мартабаси юксалиши аниқ. Муҳтарам муштарийнинг мавзу юзасидан мулоҳазалари қандай? Мактуб йўлланг ёки қўнғироқ қилинг.

Фарзона Турсунова тайёрлади.

Беҳаё тарғиблар шарт эмас

 

 

 

Касбимизга оид манбалардан бирини кўздан кечира туриб, «халқнинг савиясини ўстирадиган ҳам, пасайтирадиган ҳам оммавий ахборот воситалари» деган мазмундаги фикрни ўқиб қолдим.  Юқоридаги мулоҳазани фикран таҳлил қилар эканман, кўнглимдан кечганларни бизга қадрдон муштарийлар билан баҳам кўрмоқликни айни муддао деб билдим.
Чиндан ҳам оммавий ахборот воситаларининг  халқнинг маънавиятига, савиясига таъсир кучи катта. Маълумки, халқнинг зиёли қатлами ўзига керак бўладиган, соҳасига, мутахассислигига оид манбалардан, рисола ва нашрлардан фойдаланишни, жумладан, матбуот нашрларини ва телерадиоканалларни танлашни маълум даражада эплайди. Бироқ оддий кишилар, ўсиб келаётган келажак авлод, умуман олганда ёшлар қатлами ўзига фойдали ёки фойдасиз нашрни танлай олиши бирмунча мулоҳазали ҳолат. Чунки уларнинг ақлий салоҳияти ва савияси ҳали тўла шаклланиб улгурмаган бўлади. Оқибатда эса айрим олди-қочди нашрларнинг  ўқувчиси кўпаяди. Нега деганда, ёшлар учун санъаткор халқининг юриш-туриши, нима кийиб, нима еб-ичиши қизиқ. Қолаверса, санъаткорларимизнинг ўзлари ҳам шахсий ҳаётлари билан боғлиқ бўлар-бўлмас гап-сўзлар билан одамлар орасида шуҳрат қозонишга ўрганиб қолишди. Ҳарқалай, ижод дегани ўртамиёнага ҳам тортмаса, қўшиқчиман деб юриб, қойиллатиб бир қўшиқни хиргойи ҳам қилолмагандан кейин нима биландир ном қозониш керакку-а, тўғрими?

Санъаткорнинг шахсий ҳаёти- тираж ошишининг гарови!

-    деган бемаъни фикрга таяниб иш кўради айрим кўнгилочар газеталарнинг мутасаддилари. Аксарият хусусий нашрлар тираж кўтариш ва ўқувчилар сонини оширишнинг энг “қулай” йўлини топиб олган. Муқоваларда эл орасида, янаям тўғрироғи ёшлар ўртасида таниқли бўлган хонанда, актёр ё актрисаларнинг антиқа ҳолатдаги суратларини босиб, ўқловдек ёзувлар билан “Фалончи Писмадончиев иккинчи маротаба уйланяптими?”, ёки “Пистончи Фалончиева биринчи эри ҳақидаги ҳақиқатларни ошкор қилади” ва ҳоказо, ваҳоказо мазмундаги сарлавҳаларни бериш билан тиражини кўтараётган нашрлар ўқувчи савияси билан ўйнашаётгани хусусида қачон ўйлашаркин?..

Умуман олганда машҳурларнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ миш-мишлар газетхонларга нега керак? Қўшиқчи бўлса қўшиғини тинглашсин, актёр ёки актриса бўлса ўйнаган ролларидан завқ олишсин-да, санъаткорларнинг шахсий ҳаётига мўраламай қўяверсин. Аслида, хоҳ санъаткор, хоҳ ижодкор, хоҳ оддий ишчи бўлсин, шахсий ҳаёти билан боғлиқ муаммо ёки ютуқларни эл-юртга ошкор қилиши миллий менталитетимизга ҳам тўғри келмайди ва ҳам ахлоқ-одоб мезонларига мос тушмайди. Халқимиз бежизга оилани қўрғон деб атамайди. Кишининг қўрғонига дуч келган одам қадам босавериши жоиз эмас. Қолаверса, сир – асрори ҳаммага аён бўлган кишининг шахсига ким қизиқиш билдирадию ундайларни ким ҳам ҳурмат қилади? Газеталар-ку даромадини ўйлаб таниқли кишиларнинг шахсий ҳаёти билан боғлиқ гап-сўзларни тарқатишдан хижолат бўлмайдилар, хўш ўша ҳаёти эл-юртга достон бўлаётганларнинг ўзи бу шармисорликдан хижолат чекмайдиларми? Авваллари санъат кишиларининг шахсий ҳаётига оид хабарларни тарқатиб юрадиган газета ходимларининг “ижод” намуналаридан ўша миш-мишлар қаҳрамонининг ўзи хабардор бўлмаса керак деб ўйлардик. Аммо минг афсуски, таниқли шахсларнинг (ўзини машҳур деб ўйлайдиганларнинг!) ўзлари ҳам ўзи ҳақидаги эшитгани қулоқ уяладиган гап-сўзларни бе-е-емалол оммавий ахборот воситалари орқали халққа баралла айтишдан тап тортмас эканлар!..

“Қонуний эримдан ажрашиб, жазманимга тегаман!”

деди мусиқий телеканалларнинг бирида эфирга узатиладиган кўрсатувда ёшлар орасида машҳур бўлган FM радионинг аёл бошловчиси. Даставвал  экранда сочларини ёйиб, оёқларини чалиштирганча, бемалол жазмани билан муносабатларини элга дастурхон қилаётган бошловчи аёлни кўрсатаётган кўрсатувга анграйиб қарадим. Ҳалиги бошловчининг овози менга ҳам ёқарди.  Телевизор орқали шармандали иқроридан кейин ундан кўнглим қолди. Бу қандай беҳаёликки, ўзбек аёли қонуний эри билан бирга яшамаслигини ва яқин орада ундан ажрашиб, жазманига турмушга чиқишини телевизор орқали бутун оммага мақтаниб ўтирса!? Барака топкур, одам деганда бирозгина бўлса ҳам андиша деган нарсанинг бўлгани яхши. Машҳур, элга таниқли дегани — ҳушига келган ишни қиладиган шармандага шаҳар кенг дегани эмас-да ахир!
Қолаверса, шоу бизнес кишилари атрофидаги бўлар-бўлмас хабарларни тарқатиб тирикчилигини ўтказиш учун ёзадиганлар (ундайларни журналист деб тан олмайман! “Ғийбатчи” деган тамға уларга жуда мос келади-ю, ҳартугул кимнингдир шахсиятига тегиб қўйишдан тортиниб, тилимни тийдим!) журналистика касбининг маданияти, касб одоби ҳақида ўзларидан бироз аввал шу соҳага қадам қўйган ҳамкасбларидан сўраб-билиб олишса, шохлари синиб қоладими дейман. Отарчию ўйинчиларнинг атрофида гирдикапалак бўлиб юрадиган газетчилар ўзлари ёзадиган тумтароқ жумлалар мажмуасига “Пиар” мақола деб ном қўйволишаркан. Нима эмиш, кимнингдир муҳаббати ёки оиласи умуман шахсий ҳаётига доир хабарларни ёзиб чиқарса, ўша одамнинг машҳурлиги янада ортармиш. Шундай беўхшов рекламани айрим шоучиларнинг ўзлари ҳам уюштиришади. Ўтган йилининг ёз ойларида санъаткорларга уч-тўртта шеър ёзиб бериб, ўз таъбирича машҳур бўлган шоирчалардан бири янаям таниқли бўлиш мақсадида ўзини ўлдига ҳам чиқарганди. Ана шунақа, шоу оламида баъзан бировга айтишга уяладиган ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Айрим хусусий нашрларга эса бундай вазиятлар анча қўл келади. Айниқса, шоу бизнес дунёсидаги қизларнинг турмушга чиқиши олди-қочди газеталарнинг бозорини анча юриштириб юборади. Ҳа-да, ҳар ойда турмушга чиққан актриса ёки қўшиқчи қизнинг қорнини қаппайтириб, ҳомиладорлигини кўз-кўз этиб тушган суратини муқовага бергани сари, харидор Фалончихон Писмадончиевада бошқоронғулик қандай кечаётгани, эри (аксарият санъаткор қизларнинг куёви ижарга олинган бўлади!), қайнона-қайнотаси унга қандай  ёрдам бераётгани билан қизиқиб газетани сотиб оладими? Ана ундан кейин янги турмуш қурган оилаларда томошанинг авжи бошланади! Таъкидлаш жоизки, ўзбекчиликда аёлининг юкли эканини элга

Кўз-кўз қилиш мутлақо уят

ҳисобланди. Миллий қадриятларимиз, урф-одат, расм-русумларимиз билан мутлақо ҳисоблашмайдиган (аксарият мақолалари хорижий газета-журналлар ва интернет сайтларидан олинган, ўғирланган десам ҳам ёлғончига чиқмайман!) айрим матбуот нашрлари эса ўз манфаати йўлида масъулият, андиша ва шарқона одоб тамойилларини буткул унутган ҳолда кенг оммага аллақаёқдаги ашулачию актирсаларнинг токсикози ҳақида вайсашдан тўхтамайди. Дунёқараши ҳаминқадар бўлган, нари борса коллежни амал-тақал қилиб тамомлаган ёш келинчак уялмай куёвига тихирлик қила бошлайди: “Фалончи ўйинчи бошқоронғу бўлганида эри унақа нарса топиб келибди”, “Писмадон актриса ҳомиладор экан, қайнонаси ошхонага йўлатмай, ўзи овқат пишириб бераркан”... Худо хайрингни бергурлар, нима бало, шармисорликнинг ҳам “замонавий” хиллари бор эканми?! Бир пайтлари момою оналаримиз ҳам ҳомиладор бўлишган, фарзанд кутишган-ку! Ўша пайтларда ҳам санъаткорлар, актриса, ҳофиза аёллар бўлганку. Ўша машҳур қўшиқчи аёлларнинг, актрисаларнинг турмушга чиқиб бола туққанини биров эшитмаган-билмаган. Бизнинг аёллар эса уларга тақлид қилиб ўзини мажбуран бирор нимага бошқоронғу қилмаган. Барака топгур газетчилар, тушунамиз, хусусий нашр ортида даромад кўриш, пул топиш илинжи турибди. Аммо ўзбекчиликда ҳар қандай манфаатдан ҳам устун турадиган АНДИША ҳисси борлигини унутманглар! Яна бир нарса хаёлингиздан фаромуш бўлмасин, ҳамкасб биродар, ётволиб беҳаё тарғибларни оммага тақдим қилишликнинг ҳеч ҳожати йўқ. Шундоқ ҳам хорижий телеканаллар, газета-журналлар ва интернет сайтлари орқали юртимизга кириб келаётган миллийлигимизга мутлақо ёт унсурлардан ёшларни қандай асраб қолиш ҳақида бош қотиравериб чарчадик. Сизнинг тарғибларингиз энди ортиқча!

Хулоса ўрнида

“... Газетачиликда ёзилганидан кўра ёзилмаган қонунлар кўп. Уларнинг ҳаммасига ҳам риоя қилиш лозим бўлади...”- дейди устоз журналист Аҳмаджон Мелибоев “Қирқ бешинчи бекат” деб номланган кундалик-эсселар тўпламида. Ҳақиқатдан ҳам газета-журналларга, телевидение ва радиога чиқиш қилишнинг ёзилган ва ёзилмаган қонуниятлари кўп. Уларга риоя қилмаган журналист нафақат ўзи фаолият кўрсатадиган матбуот ёки оммавий ахборот воситасининг обрўсини туширади, балки ўқувчининг маънавияти, савияси ва салоҳияти билан ҳам ўйнашган, унга салбий таъсир кўрсатишга уринган ҳисобланади.  Умид қиламизки, муҳтарам ҳамкасбларимиз бу хусусида чуқурроқ мушоҳада қиладилар ва ўзларининг ким эканликларини унутмаган ҳолда, вазифаларига масъулият билан ёндашадилар. Унутманг, ўртоқ журналист, халқ, ўқувчи, томошабин ишончини оқлаш мавриди аллақачон келди!

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 184 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ