1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Замонавий «занжирбандлар»

 

Қайси куни ишхонамизга бир йигит кириб келди. Эгни-боши бир аҳвол, шимининг почалари йиртилган. Оёғидаги ботинкаси кийилганидан бери чўтка кўрмаган шекилли, чанги бутун бошли томни ёпиш учун лой қоришга етади. Сочлари онасидан туғилганидан буён на сув кўрган, на тароқ. Пахмоқ толалари кўз-қошини пана қилган. Йигитнинг аҳволини кўриб тўғриси, юрак-бағрим эзилиб кетди. Дарҳол сумкамдаги пулларнинг ҳисобини чамалаб чиқдим. Йўл кира ва тушликдан ташқари яна озроқ пулим ортиб қоларкан. Ўша пулларни олиб, энди йигитга тутқазишга чоғлангандим, ҳалиги «жулдур» кир костюмининг чўнтагидан алламбало «сотка» чиқариб ким биландир гаплаша кетди. Қўлидаги матоҳининг нархи менинг бир йиллик даромадимга тенг келарди-ёв. Хуллас, у телефонда қандайдир иқтисодий музокарани давом эттирганча, бош ҳисобчимиз ўтирган хонага кириб кетди. Мен бир қўлимдаги пулларга, бир ўзимга ҳайрат билан тикилаётган жамоадошларимга қараб ўнғайсизланганча:
- Уст-бошининг бир аҳволдалигини кўриб, раҳмим келиб кетди. Тиланчи бўлса керак, деб ўйлабман. Яхшиям телефони жиринглаб қолди, бўлмаса мана бу пулларни бермоқчи бўлиб турувдим, - дедим. Кулги зарбидан хонамизнинг деразалари зириллаб кетди. Қарасам хонадошларнинг кулгиси ҳали-бери тинадиган кўринмайди, кейин ўзим ҳам ўлганимнинг кунидан тиржайган бўлдим.
- Оббо сиз-эй, соддалик ҳам эви билан-да! - жамоадош қиз кулги зўридан ёшланган кўзларини арта-арта менга юзланди. - Ҳозир шунақа жулдур, йиртиқ-ямоқ кийим, пахмоқ сочлар билан юриш «мода»га айланган-ку.
- Камига белига занжир ҳам осиб олишади, - гапга аралашди яна бир ҳамкасбим. - Қулоқларига, бурунларига зирак тақишади, бўйинларига темир-терсак илишади...
Беихтиёр хаёлимга икки йилча олдин Тошкентда юрганимда гувоҳи бўлганим - метро бекатидаги бир манзара тушди. Ўшанда ҳам ҳозиргидан баттар аҳволга тушгандим. Икки ҳамкасб дўстим билан ер ости йўлига тушиб кетаётгандик, ёнимиздаги зинапоядан тушаётган икки йигит эътиборимни тортди. Икковининг ҳам эгнидаги жинси шимининг ранглари униқиб кетган, тиззалари йиртиқ, футболкасидаги тасвирлар чапланган. Бир қулоғида зирак, бошида рўмол. Белидан тиззасигача занжир осиғлиқ. Билагини дастрўмол билан маҳкам боғлаб олган. Бир муддат уларга ажабсиниб қараб турдим-да, ёнимдаги ҳамкасбларимга юзландим:
- Юринглар, анавилардан интервью оламиз. Хорижий сайёҳлар шекилли.
- Кимни айтаяпсан? - Ҳамроҳларимдан бирининг энсаси қотди.
- Ана, анави занжирбандларни айтаяпман, - мен ҳамон улардан нигоҳимни узмасдим. Бир маҳал ёнимдагилар қаҳ-қаҳ отиб, бир-бирига қўл ташлаганча кула бошлашди.
- Ҳалиям соддалигинг қолмабди-я, сенинг,- амаллаб кулгисини босиб олди дўстим. - Ахир булар замонавий, энг сўнгги «мода»да кийинадиган фасон бойваччалар-ку!
- Уларнинг эгнидаги занжири бор йиртиқ шимнинг пулига иккита костюм-шим беради. Булар ажнабийлар эмас, энг сўнгги урфда кийинадиган ўзбек йигитлари! - Иккинчи ҳамроҳим ҳам кула-кула суҳбатга аралашди. Тўғриси, ўшанда ўз ҳолатимдан кулишни ҳам, куйишни ҳам билмагандим. Фақат, ўшандан буён йиртиқ шимли «занжирбанд»ларни кўрсам, катталар олдида ер ёрилсаю ерга кириб кетгудай бўлиб хижолат тортаман. Худди ўзим ўшанақа кийимларни эгнимга илиб олгандай, ён-атрофимдагиларнинг кўзларига қарашга ботинолмайман...
Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, ер юзининг энг гўзал, энг мафтункор, маданияти, маънавий бойлиги бутун оламни ўзига мафтун айлаган Бухоройи Шарифда истиқомат қилиш саодатига мушарраф бўлганман. Юртим зиёратига ошиққан ҳар бир сайёҳ асрлар тарихини сўйлагувчи обидалар, осори-атиқалар салобатидан ҳайратга тушиш билан бирга, бежирим, ҳаммага бирдай ярашиқли либосларимизга мафтун бўлмоғи муқаррар. Хорижлик меҳмонларнинг зардўзи тўну дўппиларимизга, чаманзор-гулзордай ял-ял товлангувчи адрасу-атласларга ишқи тушиб, сотиб олганларини, ҳаттоки саёҳати давомида миллий либосларимизни кийиб юрганларини кўп кузатганман. Бу дилга хуш ёқувчи манзара, кўнгилда ўзи яшаб турган манзил-макондан фахрланиш, Яратган инъом этган Ватандан ғурурланиш ҳисларини уйғотади. Аммо... Юртимиз жамолидан юраги яйраб, унга яна бир бор қайтиб келиш орзусида ортига қайтаётган меҳмон, кўча-кўйларимизда оёқ-қўлига занжир осиб, йиртиқ шимининг чўнтагига қўлини тиқиб олган «замонавий» ёшларимизга кўзи тушса, не хаёлларга боради?! Шукрки, ундай «модний»лар кўп эмас. Лекин, бор. Хўш, ўша ёшларнинг ота-онаси, қариндош-уруғи, маҳалладошлари уларни кўрмайдими?! Улар-ку ҳали ёш, қилаётган иши ўзига маъқул кўринади. Лекин ҳеч бўлмаса, катталар эътиборлироқ бўлишса, ёшларнинг кўнглига тегмайроқ панд-насиҳат қилишса, ёшлар ҳам гапга тушунади. Тўғри, бугун қаламга олинган мавзу анча эскирган, бу ҳақида ёзавериб, гапиравериб, ёзган ҳам, гапирган ҳам, эшитгану ўқиган ҳам чарчаган. Лекин унутмаслик керакки, инсоннинг кийиниши унинг атрофдагиларга бўлган ҳурматини белгилайди. Энди ўзингиз бир тасаввур қилиб кўринг, қайсидир қадрдонингиз билан учрашмоқчисиз. Кутганингиз ҳузурингизга ранги ўчиб, йиртилиб увадаси чиққан кийим-бош кийиб, қўл-оёғига занжир осиб келгани яхшими ёки бежирим, дазмолланган, тоза кийимларда келганими? Кийиниш инсоннинг аҳлоқини, одобу тарбиясини ҳам намоён қилади. Шундай экан, ўзимизга кийим танлаётганимизда, қайси миллат вакили эканимизни, миллий қадриятларимиз ва халқимизнинг маънавий қарашларини ҳам инобатга олганимиз маъқул. Токи, (атрофда дўст бор, душман бор) кишиларга масхара-кулгу бўлишдан асрасин.

Баҳор

Зинонинг “замонавий” тури

 

Анчадан бери кўрмаган таниш аёлни учратиб қолдим. Салом-алик, ҳол сўрашишлар мобайнида аёл хотиржам равишда:
— Оилам бузилиб кетди... Худога шукр, эримдан қутулдим... — деди. Ҳайрон бўлиб сабабини сўрадим. Ахир, қирққа бориб қолган, қизи бўйга етиб узатиладиган, ўғлининг мўйлови сабза уриб турган бир пайтда, оиласининг барбод бўлганини фахр билан танишига гапираётган олий маълумотли аёлнинг хотиржамлиги ҳар қандай одамни ҳайратга солади-да. Хуллас, аёл эринмай эрининг устидан мағзава қуя бошлади. Индамай эшитиб туравердим. Бир пайтлари шу айни кезда эрини ёмонлаётган аёл унинг топармон, уддабурронлигини мақтарди. Энди эса...
Сал ўтмай аёлнинг телефони «СМС» хабари келганини билдириб куй чалди. Шоша-пиша телефонига кўз югуртирган танишимнинг чеҳраси ёришиб кетди:
— Собиқ синфдошим. «Одноклассники.ру» сайтидан топиб олдим. Биз мактабда ўқиб юрган кезлармиз севишардик... Буни қаранг-ки, «одноклассники»дан топишганимизда, у мени ҳалиям севишини айтди. Муҳаббатимиз сўнмаган экан. Йигирма беш йилдан бери ҳалигача бир-биримизни севар эканмиз... У мени никоҳига олмоқчи, лекин хотинидан истиҳола қиляпти чоғи... Унинг гапларини эшитиб оиласи

“Одно” деган дажжолнинг қилғиликлари

Туфайли бузилиб кетганини чамалаб улгурдим. Афсуски, ҳозирги кунга келиб интернет сайтлари орқали собиқ синфдоши, курсдоши билан топишиб олаётганлар ёхуд виртуал танишувлар сабабли бузилиб кетаётган оилалар ажралишларнинг кўпчилигини ташкил этади. Бу ҳол ёш оилалар қолиб, ўн беш-йигирма йиллик рўзғорларда ҳам учраётгани кўнгилга оғриқ солади.
— Ажрашишларнинг аксариятига хиёнат сабаб бўляпти. Бу борада аёллар етакчиликни қўлга олишган, — дейди ҳуқуқшунос Амрулло АҲМЕДОВ. — Бир куни қабулимга бир эркак келди. Чўкиб, синиб қолган. На юрган йўлини, на ўтирган жойини билади. “Хотинимнинг менга хиёнат қилиши, аллақандай эркак билан уззукун телефонда гаплашиши ҳақида яқинларимдан эшитардим-у, тўғриси ишонгим келмасди. Ахир учта гулдай фарзандимиз бор! Наҳотки, аёлим шундай разилликка борса, деб ўйлардим. Бир куни иш билан чиқиб кетяпман, деб уйдан сал четроқда хотинимни пойладим. Афсус... Гап-сўзлар ҳақиқат экан... Ўласи қилиб дўппослагандим, хотиним ўйнаши билан телефонидаги интернетми бир бало орқали танишиб қолганини айтди... Ўт тушсин дедим, шу телефонни чиқарганга  ҳам, интернетига ҳам... У билан ўлсам ҳам яшамайман, болаларимни ҳам бермайман унга. Ўзи тарбияга муҳтож она бола тарбиялашга лойиқ эмас!..” — дея кўзларини яширишга уринди у.
Эркак, шунда ҳам мардлик қиляпти: “Илтимос, шундай қилингки, мен суд мажлисида хотинимнинг хиёнатини айтмайин. Бунинг иложи борми? Масалан, келишолмай қолдим, деб ажрашсам бўладими?..” 
Эркак юраги зардобга тўлиб турганида ҳам оиласининг шаъни, фарзандларининг тақдирини ўйлаб хотинининг хиёнатини яширишга уриняпти экан. Ўша шармисор аёл-чи, у аёл номига иснод, оналикка нолойиқ эканини англаяптимикан?..
— Қайнэгачим «одноклассники.ру» сайтидан собиқ курсдошини топиб олибди, — дейди таниш жувон истеҳзо билан. Талабалик даврларида севишган эмишлару, қайнотам қизини узоқ вилоятга узатмаган экан. Энди қайнэгачим кап-катта хотин, уч боланинг онаси бўла туриб аллақаёқдаги курсдоши билан туну кун ёзишади. Яна уялмай нетмай бизникига келганида, “Курсдошимнинг гапларини соғиниб қоламан. Ҳозиргача мени унутмабди-я, ҳалиям севар экан” дейди. Эшитгани одам хижолат тортади унинг гапларини...
Турмуши бузилган ёки бузилиш арафасида турган аёлларнинг аксарияти бир хил шармисорона “қўшиқ”ни куйлашади:
— Эримда кўнглим йўқ. Бир пайтлари у мени севарди. Ҳозир мен умуман эсида ҳам йўқман. Ахир мен ҳам аёлман, эримнинг эркалашини, меҳр беришини истайман...

Ўзбек аёли – фидоийлик тимсоли!

Ўзбек аёли қайси тил, қайси юз билан  шундай шармандали иқрорни айтишади экан?! Ўзбек оиласида эр-хотинлик муносабати романтика эмас! Бизда турмуш қурган жуфтлар ҳинд киноларидагига ўхшаб қўшиқ айтиб, рақсга тушиб тоғлару гулзорларда айланиб юришмайди, аксинча бир-бирига чидаб, кўникиб, мослашиб яшайдилар! Айниқса, бу борада аёл кишидан эркакка нисбатан икки ҳисса кўп масъулият талаб этилади. Аёл кишининг анча-мунча хатоси кечирилмайди ва бу хатолар келгусида фарзандлар тақдирига ҳам дахл қилади. Оилада эридан севги-муҳаббат, ошиқ-маъшуқлик ўйинларини талаб қиладиган хотинлар эса, оила масъулиятини ва шарму ҳаё ҳиссини тамоман унутганлардандир. Ундайларга оила шаъни, эркакнинг номуси, ори, фарзандлар келажаги бир пул. Ўзларининг худбинлиги, беҳаёлиги, тийиқсизлигини меҳрталаблик билан изоҳлашади. Аёл кишининг хиёнатини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди ва кечириб бўлмайди.
Айримлар, “интернет орқали собиқ синфдошлари, курсдошларини излаб топиш, улар билан гаплашиш, муносабат ўрнатиш ҳам зинога кирар эканми?” деб энса қотиришлари мумкин. Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, жуфти ҳалолининг никоҳида бўла туриб, ўзига номаҳрам эркакка ширин сўзлардан тизиб мактуб йўллаш ё у билан мулоқотда бўлиш, ундан илтифот кутиш, атайлаб эҳтиросни қитиқлайдиган гап-сўзлар билан нимагадир шама қилиш ҳам — ЗИНОНИНГ БИР ТУРИ! Мақсад — кимгадир ёқиш, ким биландир шаҳвоний истак йўлида мулоқотда бўлиш. Аёл кишининг эса номаҳрам эркакларни зинога жалб этиши — фоҳишалик.  Оилали фоҳишаларнинг қилмишлари ҳеч қандай ҳолатда оқланмайди!

“Оила ва фарзандлар ўйинчоқ эмас!”

— Ёшлар оилага енгил-елпи қараб, арзимаган баҳоналарни рўкач қилиб оиласини бузиб юборишяпти, — дейди Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган онахон муштарийимиз. — Айримлари оиласининг бузилганини эрининг хиёнаткорлиги билан изоҳлашади. “Эрим хиёнат қилди, бошқаси билан уни тутиб олгандим, мен ҳам ўчимни олдиму бошқаси билан юриб, ажрашиб кетдим” дейди, гўёки қилмишидан фахрлангандек. Шундайларни кўрганимда, улар ҳақида эшитганимда ўзимнинг ҳаётимни кўз олдимга келтираман. Чолим ёшлигида кўп куйдирган мени. Яширинча хиёнат қилиш нари турсин, бузуқ аёлларни уйга олиб келарди... Ўч олиш қайда, ундай нарсаларни хаёлга келтириш қайда, ҳаттоки ажрашиб кетишга ҳам ор қилганман. Турмушидан ажраган аёлга ҳамма ёмон кўз билан қарайди. Ота-онамнинг, жигарларимнинг обрўси нима бўлади, болаларим улғайиб одамларга қўшилиши керак, деб эримнинг ҳар қандай қилиғига чидагандим. Ҳозиргиларга нима бўляпти, ҳайронман, оила, турмуш, фарзандлар тақдири замонамиз ёшлари учун ўйинчоққа айландиёв...
Интернет, мобил алоқа каби узоқни яқин қиладиган  нарсаларнинг борлиги яхши, албатта. Тараққиёт, ривожланиш маҳсули ҳисобланади бу каби “мўъжиза”лар. Аммо дунё тамаддунининг бундай маҳсулотларига луғатимиздан “одоб”, “андиша”, “вафо”, “садоқат”, “инсоний фазилатлар” деган сўзларни ҳайдаб чиқариш, айрим юртдошларимизнинг ўзлигини унуттириш ваколати берилмаган-да. Ё сиз бошқача ўйлайсизми?

Умида Адизова

Қаерда хато қилдим?

Таҳририятга бир келинчак мени излаб келибди. Аёлнинг кўзларида ёш, чеҳрасига ғам кўланкаси соя солиб, бошини кўтаргулик ҳолатида эмас..«Опажон менга ёрдам берасизми? Илтимос, бирор йўлини кўрсатинг, — деганча қаршимда кўз ёшларини оқизаётган келинчакка саволчан тикиламан. — Ҳозир жуда іийин вазиятдаман. Бу дардларимни ҳатто мен учун энг яқин инсон бўлган онамга ҳам айтолмайман. Олдингизга маслаҳат сўраб келдим. Биз турмуш ўртоғим билан репетиторлик курсларига қатнашиб юрган пайтларимизда танишиб аҳду паймон қилгандик. Муносабатларимиздан ота-оналаримиз ҳам бохабар эди. Талабалик йилларимизда ҳамма бизга ҳавас қилар, ёшлик завқини беармон суриб юрибсизлар, деб айтадиганлар ҳам топиларди. Ана шундай муҳаббатдан сархушу маст бўлиб юрган кезларимизда, икки томон тўй тараддудига тушишди. Орзу-ҳавасли, тўйдан кейин қайнонамнинг эрка келини бўлиб ўқишимга бориб-келиб юравердим. Қачон ётаман, қачон тураман қайнонамнинг иши бўлмас, қайтанга ўзи овқатларимгача тайёрлаб қўяр, ҳатто ўқишдан келсам, ўзимнинг ҳам, куёвимнинг ҳам кирлари тоза ювилган, дазмоллаб қўйилган бўларди. Мен аҳмоқ буларни, қайнонам мени яхши кўришидан қилади, деб ўйлар эканман. Бу «меҳрибончилик» ва «ғамхўрлик»нинг асл моҳиятини билганимда эса, ақл-ҳушимдан оғиб қолай, дедим: яъни, эрим бепушт экану, қайнона-қайнотам бундан хабардор экан. Яна-да тўғрироғи, болалигида кўп хасталикни бошдан кечирган эрим ҳақида шифокорлар, фарзанд кўролмаслик эҳтимоли борлигини айтишган экан. Ҳаммасини чалкаштириб юбордим, чоғи, узр. Ҳозир худди савдойига ўхшаб юрибман, нима деётганимни, қаерга бораётганимнию, нима қилаётганимни ҳам билмайман. Хуллас, турмуш қурганимизнинг бешинчи ойи аям — ўзимнинг онам хавотирланиб, мени мутахассис шифокор кўригига олиб борди. Гарчи ўзим ҳали-бери ўқишим тугамагунча фарзанд кўришни унчалик истамаётган бўлсам-да, онам шифокор кўригига боришимизни, агар муолажа керак бўлса тезроқ даволаниб, натижасини кутишимизни таъкидладилар. Текширув натижалари менинг соғлом ва фарзанд кўришга лаёқатли эканимни билдирди. Мени текшириб кўрган дўхтир, «Эрингиз ҳам таҳлил топшириб кўрсинлар, балки уларга муолажа зарурдир ёки организмларингиз бир-бирига мослашолмаётгандир, деганди. Мен бу ҳақида куёвимга айтишга истиҳола қилиб, онам орқали қайнонамга билдирдим. Қайнонам онамга розилик бергандай бўлибди, улар кетгандан кейин мени ёнига олиб:
— Қизим, бир-бирларингни яхши кўрасизлар. Оилавий можароларингизга уйингиздагиларни аралаштириб юрманг. Худо хоҳласа, сизларга ҳам фарзанд бериб қолади, — деди. Мен оддий гапга тушунмайдиган даражада овсар эмасман. Қайнонамнинг гап-сўзларидан кўнглим негадир хижилланди.Чунки, эшитишимча келинлар ҳадеганда ҳомиладор бўлавермаса, гарчи айб ўғлида бўлса ҳам қайноналар келинига зуғум қилиб, уларни айбдор қилади. Нега энди менинг қайнонам  невара кўришга бунчалик бепарво, деб ўйлаб юрганимда қайнона-қайнотамнинг суҳбатлари қулоғимга чалиниб қіолди бехос:
— Келинни онаси дўхтирма дўхтир судраб юрибди. Уялмай-нетмай куёвбола бир дўхтирдан ўтиб қўйсинлар, ҳам деяпти. Қизини маликадай олиб юрганимга шукр қилсин. Келин бўлиб тушганидан бери битта қийшайиб ётган пиёлани тўғрилаб қўйгани йўқ.
— Бунаіа гапларни йиғиштирсанг-чи, ундан кўра қуданинг фикрини маъқуллаб, ўғлингни тузукроқ дўхтирга кўринишини айт. Зора Худонинг раҳми келиб, шифо бериб қолса!- Бу овоз қайнотамга тегишли эди.
Қайнонам унинг гапини кескин рад этиб, агар мен ва ота-онам ўғлининг сиридан воқиф бўлиб қолсак, уни ташлаб кетишим мумкинлигини айтди. Қайнотам, бировларни алдаб қизини келин қилиш, ўзининг бахтсизлигига бировни шерик қилиш гуноҳ эканлигини айтди. Бу суҳбат қулоғимга кирганидан бери ўзимда йўқман. Эрим икки гапнинг бирида нега бунчалик ғамгин бўлиб қолганим сабабини суриштиргани суриштирган. Мен эса жавобга сўз тополмайман ва… бу муаммони қандай ечиш йўлини ўйлаб ўйимга етолмайман. Тўғри, эримни яхши кўраман, лекин тирноққа зор бўлиб ўтишни ўйласам, юрагим увишади. Тақдиримда шу синовлар ҳам бор эканми… Қайси гуноҳим, қайси хатоларим учун…
Келинчакка нима деб тасалли беришни, маслаҳат беришни билмай бошим қотди. Қолаверса, бунақа мушкул вазиятда нима дейишингни билмас экансан. Никоҳни қайд этишдан аввал, тиббий кўрикдан ўтишни ортиқча юмуш санашади, севиб қолдим, шунга тегишим шарт, деб дунёни бошларига кўтаргулик бўлишади-ю охир оқибатида мана бунақа қийин савдоларга йўлиқиб юришади. «Қаерда хато қилдим», деб кўз ёшини оқизаётган келинчак ҳам ўйлаб иш қилганида, турмуш қуришдан олдин тиббий кўрикдан ўтиб, ўзининг ҳам, куёвнинг ҳам соғлом эканига  ишонч ҳосил қилгачгина оила остонасига қадам қўйганида, балки шу кунларга рўпара келмасмиди. Нима бўлганда ҳам, мушкул ҳолатга тушган кишиларга Аллоҳнинг ўзи  сабр берсину, менимча қаерда хато қилдим, деб иддао қилишдан аввал ҳар бир қўйилаётган қадамнинг ўлчовини билиш зиён қилмасди. Қолаверса, ўзининг хотиржамлиги, тинчлиги учун худбинлик қилиб, ўзгалар ҳаёти, тақдири билан ўйнашадиганларга ҳам Яратганнинг ўзи инсоф берсин, деймиз.

Самира

Сув сотаётган сутчи хотинлар

 

 

Туни билан томоғи оғриб, ҳарорати кўтарилган дугонамнинг тонгга яқин овози ҳам бўғилиб қолди. Касаллик билан курашавериб, чарчаган дугонамга қараб раҳмим келарди. Ҳали яқинроқдаги дорихоналарнинг очилишига икки-уч соатча бор. Унгача бирор чорасини топиш керак. Нима қилишни билмай, бошим қотиб турганида, сутчи аёлнинг овозини эшитиб кўчага югурдим. Қайноқ сут томоқ оғриғига даво деб эшитгандим, шу боис сутни олиб чиқиб қайнатиш учун тезда газга қўйдим. Не-не умидлар билан олиб чиққаним сутнинг дақиқа сайин ранги ўзгариб, сарғимтир суюқликка айланиб қолганини кўриб жаҳлим чиқди ва шошилганимча дераза олдига бордим. Сутчи аёлнинг қораси ҳам кўринмади, дилимдаги алам оғзимга чиқди: Илоҳо, тешиб чиқсин!а
Тонгданоқ «сут олинглар» дея жар солаётган бу аёллардан қанчалар киши алданиб қолишини хаёлимга келтирдиму, аламим зиёда бўлди. Дугонам-ку, тузалиб кетди, лекин ҳар сафар сут сотиб юрган аёлларни кўрганимда ўша кунги сут кўз олдимга келаверади, «алдашяпти» деган фикр хаёлимдан ўтаверади.
Орадан кўп ўтмай, «Чилонзор» метросидан чиқаётганимда қўлида учта сумка кўтарган сут сотувчи аёлга ёрдамлашган бўлдим.
— Шунча юкни бир ўзингиз кўтариб келишга қийналмадингизми? — аёлни суҳбатга тортиш мақсадида савол ташладим.
— Э-э қизим, қийналсак ҳам нима қилайлик? Ҳар куни эрталаб Ғазалкентдан сут олиб келиб сотаман, тирикчилигимиз шу.
Аёлга қараб туриб, ачиниб кетдим. Рўзғорим дея тонгдан шомгача тиним билмас бу аёлнинг ҳорғинлиги юз-кўзларидан билиниб турарди. Унга раҳм билан тикилиб туриб, беихтиёр хаёлимга ўша кунги сут сотувчи аёл келди.
— Биласизми, ҳаммани норози қилиб бундай тирикчилик қилгандан кўра  очдан ўлган маъқул, — дея жаҳл билан ўша кунги воқеани гапириб бердим.
— Тирикчилик… Тирикчилик инсонларни ҳар кўйга солади, — деди аёл хўрсиниб, — айтганларингиздек, сут сотувчиларда ҳам инсоф қолмаган. Мен сутга сув қўшмай сотаман, қизим. Инсоф ҳам керак, нима қиламан бандаларни алдаб. Ҳалол меҳнат қилиб бир-икки сўм топсам, шунинг ўзи етади менга.
Аёлнинг гапига ишонишни ҳам, ишонмасликни ҳам билмай бир муддат унга тикилиб қолдим. Чунки ким ҳам ўз айбини бўйнига олиб, мен айбдорман, дейди.
— Тўғри айтасиз, ҳар кимнинг инсофини ўзига берсин,— дедим-у, у билан хайрлашдим.
Ҳар кунги сут сотувчиларнинг «чақириқ»ларини айтмаса, бу воқеаларни деярли унутиб ҳам юборган эдим. Лекин…
Яқинда қўшни аёлларнинг суҳбатига беихтиёр қўшилиб қолдим.
— Уйимизга қишлоқдан меҳмонлар келишувди, — деди ёш боласини кўтариб олган аёл, — нонуштага ширчой тайёрлаб бера қолай деб, сут сотиб олувдим. Газга қўйилган сут қайнамасданоқ, усти кесилиб-кесилиб кетса бўладими! Идиши билан кўтариб, сут сотган аёлнинг орқасидан бордим. Сув қўшганини тан олмади, номард. «Иссиқда айниб қолгандир-да» дея баҳона ҳам топиб берди. Нима қилишни билмай, ортимга қайтдим. Жуда инсофсиз бўлиб кетишяпти-да, кўзингга тик қараб, ёлғон гапиришади-я, ноинсофлар!
— Кўп куйинманг-да, ана дўкондан «Nestle» сотиб олинг, — маслаҳат берган бўлди қўшниси, — икки баравар қиммат бўлса-да, зато  тоза.
— Вой, у нима бўларди, бир кишига ҳам етмайди-ку?!
— Шунинг учун етсин деб, сутчи хотинлар сув қўшишади-да, — хандон отиб кулди аёллардан бири.
Тўғри, сут сотиб олган аёл ушбу гапдан сўнг бироз мулзам бўлди, шекилли, индамай қолди. Лекин унинг айби нима? Ҳар куни дўкондан «Nestle» сотиб олишни оилавий иқтисоди кўтармаганими ёки сутчи аёллардан бирига мижоз бўлмагани? Наҳотки, сотувчининг айби эвазига харидор бошқалар олдида мулзам бўлиб бош эгса?
Сут сотувчиларнинг тўрт сўм ортиқ пул топаман деб, ҳалол луқмаларини ҳаром қилишларига нима мажбур қилдийкин, наҳотки улар ҳаром луқма уволидан қўрқишмаса?!
Сут сотувчи аёллар билан суҳбатлашиб, сабабини билмоқчи бўлдим. Бахтга қарши бирор бир сут сотувчи аёл сутига сув қўшганини тан олмади.
— Нима сабабдан сув қўшишади ўзи?  — сўрайман кексароқ сут сотувчи аёллардан.
— Ортиқча пул топиш, бир литр сутга сув қўшиб, бир ярим литрнинг пулини олиш учун-да…
— Ўзингиз ҳам ҳеч сув қўшганмисиз?
— Сут тагига олиб кетмаслиги учун озроқ сув қўшганман, — ўзини оқлаган бўлди аёл.
Озроқ сувнинг миқдори қанчалигини билмадим-у, лекин сутни газга қўйганда қайнашга ҳам улгурмай, зардобсифат бўлганининг гувоҳи бўлганман. Уларни кўриб, баъзан ўйга толасан. Тирикчилик дея оғир юк кўтариб, шаҳарни кезиб юриш осон эмас, албатта. Айниқса, сут сотувчиларнинг кўпчилиги аёллар эканини ҳисобга олсак, жисмонан нозик яратилган аёлларимизга бу иш қанчалик машаққат эканини тасаввур қилиш унчалик ҳам қийин эмас. Лекин шунча чақиримдан кўтариб олиб келган тоза сутнинг пули қаёқда-ю, сув қўшиб сотилган сутнинг пули қаёқда. Шу боис ҳам «тирикчилик» дея изоҳлашаётган уларнинг аҳволини бироз тушунгандек бўламан. Бироқ… тирикчилик фойда олиш учун одамларни алдаб пул топиш дегани эмас-ку!..
Турмуш, ҳаёт инсонларни баъзан ўйламаган ишларини қилишга ҳам мажбур этади. Бироқ биз инсонмиз-ку. Инсон эса бошқа жонзотлардан иймон, эътиқодининг бутлиги, ақлан расолиги билан ажралиб туради.
«Сут тагига олиб кетмаслиги учун сув қўшганман» деган гапни илк бора эшитганим боис, нима дейишни ҳам билмай ўйланиб қолдим. Шу кунгача боболаримиз челак-челак сут қайнатишганини кўрганман, лекин биронтаси ҳаттоки бир пиёла сув қўшиб қайнатмаган. Замонлар ўзгаргани билан сигирларнинг сути ўзгармайди-ку?
Агар сут сотувчиларнинг барчаси сув қўшиб сотаётган бўлса, қандай қилиб унинг савдоси шу пайтгача давом этяпти, маҳсулотини одамлар харид қилишяпти, деган савол туғилиши табиий. Бунинг ўзига хос сиру асрорлари бор экан. Ҳар бир савдогарларда бўлгани каби сут сотувчи аёлларнинг ҳам ўз мижозлари, маҳсулотининг талабгорлари бор. Доимий мижоз эса савдони юриштиришида асосий рол ўйнайди. Ҳеч эътибор берганмисиз, сут сотувчилар бир эмас, икки-уч сумка кўтариб юришади. Уларнинг бирида мижозлар учун «янги ва тоза», бирида эса бошқа харидорлар учун «сув қўшилган сут» олиб келишаркан. Шундай қилиб сотувчи ҳам, мижоз ҳам мамнун, фақат ҳар замонда бир сут сотиб оладиган харидорлар сутга сув қўшилганини биладию, жаҳл билан бошқа сут олмай қўяди. Шу билан яна ҳаммаси ўз изига тушиб кетаверади. Улар нафақат бошқаларни, балки ўзларини алдашмоқда. Бандасини алдаш осон, лекин Яратганни алдаб бўлмайди. Оғир меҳнатларига яраша халқдан дуо олиш ўрнига  қарғиш олаётганларини наҳот англаб етишмаса? Ахир халқимиз «Бировга яхшилик қилсанг охиригача қил. Ёмонликдан асар ҳам қолмасин», дея бежизга айтишмаган.
Ривоят қилишларича, кўп йиллар сут сотган бир киши кексайиб ниҳоят фарзлардан бирини адо этмоқ учун ҳаж сафарига отланибди. Очиқ кемада ҳаж сафарига бораётганида одамнинг ҳамёнини бир маймун ўғирлаб олибди-да, бир тилло тангани сувга, бир тилло тангани эгасига бериб, пулни иккига бўла бошлабди. Бу ҳолни кўрган одамлар ҳайрон бўлишиб, кемадаги донишманддан бунинг сабабини сўрашибди. Донишманд: «Шу кунгача не касб-кор билан машғул бўлгансиз?» дея пул эгасидан сўрабди.
— Сут сотиб, одамларга фойдам теккан, — мамнун бўлиб жавоб берибди у.
— Демак, барчаси аён, — донишманднинг юзларига табассум югурибди, — ҳамёнингиздаги ақчаларнинг ярми сутга қўшганингиз — сувнинг ҳаққи, ярми эса сизники. Ҳеч қачон бировнинг ҳаққи бировга насиб этмайди, — дея сўзини якунлабди донишманд. Ахир ўша сут токи эгасига етиб боргунгача сутчи аёлларда — сотувчиларда омонат-ку. Омонатга хиёнат қилиш эса…
Қадимданда сутга поклик, ҳалоллик рамзи сифатида қарашган. Шу боис ҳам туғилган жонзот борки, вужудига ҳалоллик, поклик сингсин дея илк бора она сути берилади. Шунингдек, инсон организми учун зарур бўлган кўпгина моддалар мана шу сут таркибида мавжуд. Тиббиётда ҳам сутнинг организмдаги шамоллаш, жигар хасталиклари ва ошқозон яллиғланиши каби минг бир дардга даво бўлиши қайд этиб ўтилган. Наҳорда ичилган бир пиёла сут саломатлик ва узоқ умрнинг гаровидир, дея таъкидланган. Инсон организми учун шунчалик фойдали бўлган сутнинг савдо аҳли томонидан сифат ва таркиби ўзгартирилаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Сутга сув қўшилганда, унинг таркиби ўзгаргач эса, унинг фойдалилик хусусияти камаймайди дея ким кафолат бера олади? Ҳадиси шарифда келтирилишича, «Агар сотувчи ўз молининг айбини яширса, ундай савдода барака бўлмас» экан. Баракасиз нарса эса на эгасига, на сотиб олган кишига фойда беради. Сутга сув қўшиш катта бир гуноҳдир. Ахир қанча гўдаклар сут билан ўсади, қанча беморлар сутли овқат еб шифо топишади.
Бир куни Расулуллоҳ (с.а.в) ғалла солинган бир бордон ёнидан ўтаётиб, унинг ичига қўлларини солиб кўрдилар. Унда нам борлигини қўллари сезди. Расулуллоҳ «Эй, ғалла эгаси, бу нима?» дедилар. У: «Ёмғир тегибди, эй Расуллуллоҳ» деди.
Расулуллоҳ (с.а.в.) дедилар: «Ундай бўлса, ҳўл қисмини тепасига қўйгинки, одамлар кўрсин». Кейин: «Кимки қалбакилик қилса, у биздан эмасдир» дедилар.
Ғаллани-ку, қуёш тиғида қўйилса, нами  кетар, лекин сутнинг ичидаги сувни қандай қилиб кетказиш мумкин? Ахир, ҳар биримиз мўъмину мусулмонмиз, ҳар дақиқада Яратганнинг марҳаматидан умидвормиз. Ўткинчи ташвишлар деб, сутга сув қўшиб қалбакилик қилсак, эртага «биз сенданмиз» дея Яратганнинг олдида қандай айтамиз, Пайғамбарнинг кўзларига қандай қараймиз. Ахир, сут Аллоҳ берган неъмат-ку, уни банда ўз меҳнати билан яратолмайди. Шундай экан, нега унинг яратувчанлигига хиёнат қиламиз?!

Райхона

Хорижга чиқаётган аёл

 

Чет элда уни нима кутяпти?

Ҳозирги пайтда хорижга бориб ишлаб, мўмай даромад топиш, шоҳона ҳаётга етишиш илинжида четга чиқиб кетаётганлар ҳақида эшитиб, кўриб ўрганиб қолдик. Аксариятимиз уларга ҳавас кўзи билан ҳам қараймиз. Ҳатто қиз узатаётган ота-оналар бўлажак куёвнинг хорижда ишлаб келгани ҳақида фахр билан гапирадиган,  чет элда ишлаётган  ота ё онанинг  қизини келин қилаётганидан ғурурланиши ҳам ҳаммамиз учун оддий ҳолга айланди. Майли, булар ўз йўлигаю кўнгилдаги оғриқ бошқа нарсадан.  Хориждан ризқ истаб кетиш эркаклар қолиб, аёллар орасида ҳам роса урфга кирди. Бу иллат ортида эса не-не юзқароликлар содир бўляптиким, иймонли, миллат, юрт келажаги ташвиши билан яшайдиган  инсонни ўйга толдиради. Балким, иллат деб атаганимиз кимлар учундир ортиқча ваҳима, бўртирришга ўхшаб кўринган бўлиши мумкин, аммо таассуфки, бу айни кунимизнинг аччиқ ҳақиқатларидан бири.

Аслида ҳаммаси кундек равшан

Оммавий ахборот воситалари, турли ўқув муассасалар ва ўзини ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқ- тартибот соҳаси ходимлари томонидан одам савдоси ва унинг домига тушиб қолишдан эҳтиёт бўлиш, мўмай даромад топиш васвасасида  дуч келган одамга ишониб кетмаслик борасида қатор тарғибот-ташвиқот  ишлари олиб борилаётганига қарамай, кўзига моддиюндан бошқаси кўринмаётган  айрим шахсларнинг алданиб қолаётгани юракни ғаш қилади. Айримлари эса нималар билан хорижда машғул бўлишни жуда яхши билган ҳолда, юртдан чиқиб кетишади. Айниқса, ўз қадрни билмайдиган, мол –дунё йўлида иймону диёнати тугул, шаъни, обрўсини-да қурбон қилишдан ор қилмайдиган айрим аёл (уларни аёл дейишга ҳам тилинг бормайди!)ларнинг хориждаги қилмишлари ҳақида эшитиб шармисорлик юкидан бош кўтаролмай қолади киши.
—    Айни пайтда Россия Федерациясидаман, иш важидан шу  ерларда мусофирчилик таъмини татишга мажбур бўлганман, - дейди онлайнда биз билан суҳбатга киришган, исм-фамилиясини сир тутишимизни илтимос қилган юртдошимиз.- Бизку эркак кишимиз,  ишлаб пул топишимиз, рўзғорни таъминлашимиз керак, лекин бу ерларда юрган аёлларнинг қилмишлари, ўзини тутиши ўзини ўзбек ҳисоблаган ҳар бир эркакнинг ҳамиятини оғритади.  Авваллари эридан ажрашган  аёлларга Россия давлати “паноҳ” бўлган бўлса, ҳозирга келиб ориятини хотини топган пулга қўшиб еб юборган даюс эрлар ҳисобига оилали аёллар ҳам бу ерда ишлаб, пул топишни шараф биляптилар. Аммо шуни айтишим керакки, бу ерда ишлаб юрган аёлларнинг жуда камдан ками покиза! Биз Россияда ишлаб юрган ўзбек эркаклари юртимиздан пул топиш илинжида келган аёлларни кўриб юрибмиз... Афсус, уларнинг аҳволи жуда аянчли. Айримларининг хору зор бўлиб юришибди, лекин билмадим, эрта бир кун юртга қайтишса, қайси юз билан қавм-қариндошлари, оилалари, қўйингки юртдошлари кўзига қарашаркан... Майли, бу ҳақида гапирсам гап кўп. Кимларнингдир юрагига ваҳима  солишни  истамайман...

Қўрғонини асрамаса эркак...

Қаердадир ривоятгами, ҳикоятгами ўхшаган бир нима ўқигандим. Эмишки, қайсидир подшоҳ бирор юртни босиб олмоқчи бўлса, аввал ўша юртга айғоқчиларини юбориб, юртнинг аёллари аҳволотини ўрганиб келишни топшираркан. Айғоқчилар хожасига “Шунча пайт юриб у юртнинг аёлларига кўзимиз тушмади, эрлари аҳи аёлини ҳаммадан қизғонаркан. Ҳатто қудуқдан сув олгани ташқи ҳовлига чиқаришмас экан” дейишса, шаҳаншоҳ кўз остига олган юртининг истило этиш ниятдан воз кечаркан. Аксинча, айғоқчилар “Юрт аёлларининг аҳволоти хароб, улар эркаклар билан баб –баравар ҳар қандай оғир ишларни бажаришади, эрлар аёлини қизғонмайди, оға-инилар ожиза жигарининг шаънига бефарқ” дейишса, “Бўлди, у юртни ҳеч қандай талофатсиз қўлга киритамиз” дер экан подшоҳ.  Ҳикоятдаги мазмун лўнда:  Аёллари ҳимоясиз қолган қолган юрт ҳимояга муҳтож бўлади.  Эркаклари аёлларини номус, шаън ва ор деб билмаган юртни истило қилиш жуда ҳам осон. Энди ўзингиз ўйланг тобора юҳо янглиғ юртимизга “бостириб” кираётган “оммавий маданият”  истилосидан азият чекаётганимизни айтиб тинмаймиз. Аммо муҳтарам эркакларимиз, оға-иниларимиз аҳли аёлларини, нозик жинс вакилаларини  ғарбона ғариблик ва шармандаликдан пана қилиш ҳақида қачон жиддий ўйлайдилар? Ахир, хорижга иш излаб бораётган ўша аёлларнинг отаси, ака-укаси, эри,  жилла қурганда тоғаси ё амакиси бордир! Белида белбоғи бор эркак ўзига яқин бўлган аёлнинг четга нон излаб бораётганини эшитиб-кўриб “барака топкур, сенга хорижда нима бор? Шу йўлкирага сарфлаётган пулингга мол қилсанг тўртта товуқ, қўй-қўзи қилсанг, шу ерда ҳам ризқингни топасан” демайди? Нега четга ишлагани кетаётган аёл яқинининг қароридан хижолат чекиш ўрнига, қайтанга фахр туйишади?
—    Бир куни қишлоғимиз кўчасини оралаб дўконга кетаётсам, уч тўрт эркак гаплашиб туришган экан,- дейди бухоролик муштарийимиз Шоҳида Салимова.- Бир ҳамқишлоқ эркак уялмай-нетмай, “Кўчада доллар курси қанча бўлибди, хабарингиз йўқми? Қизим ишлаб келган долларлардан бир нечтасини майдалаб, уйга уста ишлатмоқчи эдим” деб қолди. Ҳалиги отадан нафратланиб кетдим, тўғриси. Қизининг хориждан доллар ишлаб келганини маҳалланинг эркакларига мақтанаётган отани ким деб аташни ҳам билмай қолдим. Ваҳоланки, ота доллар ишлаб келганини оғиз кўпиртириб мақтаётган қиз икки фарзандли бўлишига қарамай арзимаган баҳона билан оиласидан ажрашиб, икки ўғлини эрига ташлаб ота уйига қайтганди. Ҳеч қанча вақт ўтмай қишлоқда эрдан чиқиб келган қизнинг Россияга кетгани ҳақида гап-сўз тарқалди. Орадан икки йилга яқин муддат ўтиб эса, қиз бир дунё долларлар билан бирга... қорнини қаппайтириб юртга қайтди!..
Оталарнинг аҳволи шу бўлганидан кейин, бошқалардан нимани ҳам кутиш мумкин?! Қўрғонини, аёлини асролмаган юрт эркаклари қачон ўзларига кўзгу тутиб, афтода ангорларига қарашар экан?..

Аёллар нега хорижга  чиқяпти?

Биз хорижда ишлаб юрган аёлларни суҳбатга тортиш мақсадида интернет сайтларида онлайн сўров ўтказдик.
“... Турмушим бўлмади. Икки бола билан отамникига қайтдим. Уйда уйланган укаларим, уларнинг хотини, болалари бор. Чиққан қиз чиғириқдан нари, дейишади. Ҳозирги шаротида ким ўзидан ортириб бировга ёрдам бера олади? Болаларимнинг айби нима? Отаси номардлик қилиб, бошқага уйланиб олди. Берадиган алиментига қуш тўймайди. Мен ҳам ўзимга тегишли бошпанам бўлиши, болаларим кемтик дил билан ўксиниб юрмаслигини истайман. Шунинг учун ҳам шу ерларда мусофирчилик азобини чекиб юрибман. Бизга ҳам осон эмас...”
“Мен турмушга чиқмаганман. Ҳозир қизларни узатишга миллонлаб пул сарфланяпти, асл, қиммат баҳо сарполар қилиняпти. Оиламиз ночорроқ,  дадам вафот этганлар. Бир ойимнинг ўзлари нимани ҳам эплардилар? Бунинг устига уларнинг ҳам соғликлари яхши эмас. Менга ҳам ҳавас эмас, шу ерларда ишлаб юриш. Аммо ҳаётда ҳамиша ҳам ўзимиз истаган нарсалар бўлавермайди...”
Шунга ўхшаш жавобларнинг бари аёлларнинг иқтисодий қийинчилик сабабли хорижий давлатларда ишлаётганларига ишора қилинади. Бироқ дунёда моддият билан белгиланмайдиган кўп нарсалар ҳам бор. Бойлик, молу давлат бахт берганида эди, Фираъвндан бахтли одам бўлмасди. Ваҳоланки, уни бойлиги билан ҳатто ер ҳам бағрига тортишдан ҳазар қилган.
—    Бозорда савдо қилардим, бир неча минг сўмлик товарларимни ўғри уриб, катта пулга тушиб қолдим. Тижоратни юргизиш учун одамлардан қарз кўтаргандим. Қарзларимни қайтариш учун оиламизда имкон йўқ эди, -дейди исмини ошкор этишни истамаган водийлик мухлисамиз.- Икки акам Россияда ишлашарди, хуллас ўшаларни қора тортиб мен ҳам Россияга кетдим. Акаларим иш топиб беришди. Бадавлат оиланинг боласига энагалик қилиш билан бирга, хонадон аҳлининг ошпази ҳам эдим. Олти ойда қарзларимдан қутулдим. Кейин ҳар ойда оладиган яхшигина пулдан айрилгим келмади. Ишқилиб, уларнинг боласи мактаб ёшига етиб, энагага эҳтиёж қолмаганидан сўнг юртга қайтдим. Ёшим ўттизга бориб қолди. Ҳалигача турмушга чиқишга улгурмадим. Мени сўраб келадиган совчилар узоқ-яқин, қўни-қўшнилардан Россияда ишлаб келганимни эшитиб секингина ортига қайтишади. Аслида мен у ёқларда бирор ножўя иш қилмаганман, беўхшов қадам ташламаганман...
Хорижда ишлаб пул топиб, юртга қайтгач қадр топмаётган қизу аёллар анчани ташкил қилади. Анча аввал таҳририятга бир аёл мактуб ёзиб, бир неча йил хорижда ишлаб, эрига пул жўнатиб турганини, эри у юборган пулларга уйлар қуриб, машина олиб, ҳатто уйланиб олганини, аёл хориждан қайтса, эри дарров ажралишга ариза ташлаб, “мен уёқларда нималар қилиб юрганинг Худога аён, мен хиёнаткор хотинни қайта қабул қилмайман, болаларда ҳам сенинг ҳаққинг йўқ” деб эшикдан киргизмаганини изтироб билан гапирган эди.

Ундайларни Худо урган!

Айрим аёллар эса, турмуш ўртоғини четга ишлагани юбориб, бу ёқларда ўзлари кўнгли тусаган ишни қилиб юришибди. Бундайлар ҳақида Пайғамбар (с а в) шундай марҳамат қиладилар: «Уч хил ёмон сифат бордирки, улар (маънавий) фақирликдандир. Буларнинг бири ёмон хотиндирким, бирга бўлсанг, озор беради, йўқ бўлсанг, хиёнат қилади».
—    Йўловчи  “Дамас” маршрутга  чиқсам, орқа ўриндиқда ўтирган икки аёл бепарда гап-сўзлар билан кулишиб келяпти экан,- дейди бир таниш эркак.- Гарчи уларнинг гап сўзи қулоғимга  ёқмаса-да, орқамда ўтиришгани учун шундоққина оқизмай-томизмай эшитишга мажбур бўляпман. Бир пайт юз-кўзи ўқувчи боланинг расм дафтаридек ҳар хил рангларга бўяб ташлаган аёл баралла товушда “Яқинда эрим Россияга ишлагани кетади. Кейин буёғи бемалолчилик...” деса борми?!.. Ишқилиб шундай хотиндан Худо асрасин-да. Ҳозир бунақалар жуда кўпайиб кетган. Эр турмуш, оила, бола-чақани деб, уч-тўрт сўм топгани бегона тупроқларда мусофирлик азобини чеки юрибди, хотин деган нусха бўлса ҳушига келган ишдан ўзини тиймаяпти...
Афсуски, ҳозир дўстимиз учратган аёлларга ўхшаган тийиқсизлар ҳам анча кўпайган. Ундайларни Худо уриб қўйган. Айримларининг хиёнатини кўриб- билиб туриб на ўзининг яқинлари, на эрининг қариндош уруғи инсофга чақиради.  Баъзилари эса, “эрим ҳам уёқларда тек юрмагандир” деб ўзининг шармисорлигини оқлашга уринади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни, лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир» («Нур» сураси, 26-оят).

Келиннинг  “жиян” жазмани

Шундай оилани биламан. Оила бошлиғи Россияда. Тўнғич фарзанд ўн уч ёшда. Иккинчиси саккиз ёш. Аёл иккинчи фарзанди оғриб қолиб, боласи билан касалхонага  тушади. У ерда  ўн тўққиз яшар бир йигит билан танишиб “опа-ука” тутинишади.  Улар шунчалик  “қадрдон” бўлиб қолишадики ҳалиги “ука”  ҳатто аёлнинг уйига келиб, бемалол тунаб ҳам қоларди. Келин қайнона-қайнота, қайинбўйинларга тутинган “ука”ни “жияним” деб таништиради. (Қизиқ, ўн тўрт йил келиннинг қариндош-уруғларини билиш учун етарли эмасми?!) Хулласи калом, бу “ташриф”лар самараси ўлароқ аёл қиз фарзандли бўлди. Боя айтганидек, эр жонивор Россияда. Маҳалладошлар, қўни –қўшни бу ҳолатни, “Эр Россияда бўлгани билан, хотин билан “жиян” шу ердаку” деб қайсидир қизиқчининг тийиқсиз ҳазили билан изоҳлашади...

Холис Аллоҳ учун айтилганда

давримизга келиб вафо, садоқат, андиша, ҳаё, ғурур  каби туйғуларларнинг оҳори қолмади, гўё. Нима ҳам дердик, аёлдир, эркакдир инсофни ҳар кимнинг ўзига берсин. Аллоҳ ҳеч бир бандасини иймону диёнатдан айро этиб, шайтоннинг ҳийласига мафтун этмасин.  Зеро,  юқорида тилга олинган туйғуларсиз одамзод ҳайвондан ҳам фарқланмай қолади...

Умида АЗИЗ

Ичувчилар учун

 

 

ЯНА ИЧКИЛИК ёхуд БИРИНЧИ ҚАДАҲдан сўнг ўртага тушмас “қил”нинг оқибатлари ҳақида бир неча оғиз сўз
Тўғри, ичкиликнинг мудҳиш оқибатлари ҳақида кўп гапирилмоқда ва ёзилмоқда. Аммо… керакли тошнинг оғири йўқ, деган нақл бор. Хўш, нега бугун ҳам бу масалага алоҳида урғу билан қараш лозим бўлиб қолди?.. Ахир бунинг оқибатида руй бераётган ҳодисалар оилаларга бахтсизлик ва кулфат олиб кирмоқда. Албатта, бу йўқотишлар нафақат битта оилага, балки жамиятга ҳам катта зарар келтиради...

Шароб заҳарларнинг биридир
Абу Али ибн Сино

“ФОЙДАСИНИ КЎРДИМ, ДЕГАН БОРМИ?..”

Спиртли ичимликларни хурмачадан тошгунча ичиш тарихда ҳам, бугунги кунда ҳам ҳеч кимга фойда келтирмаган. Шундай бўлса-да, инсоният уни ичишдан тўхтагани йўқ. Ичкиликни ўзи яратиб, яратганидан буён одамзоднинг ўзи унга қарши чораларни ҳам излайди. Чунки мастлик инсонни жаҳолатга элтиб, ҳатто инсонийлик қиёфасини йўқотиши мумкин. Бунга мисол қидирсангиз, атрофингизда далиллар қалашиб ётибди.
Агар бутун дунёдаги шифохоналарда тадқиқот ўтказилиб, натижалари жаҳон жамоатчилигига эълон қилинса аниқки, ичкиликдан азият чекканлар тўғрисида тасвирлаб бўлмас даражадаги даҳшатли бир манзара, “номи йўқ рақамлар” ўртага чиққан бўлар эди...
ФАКТ:
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти маълумотларига қараганда, саломатликка салбий таъсир қилувчи 20 та хатарли омиллардан алкоголь истеъмоли ўлим ва ногиронликка олиб келувчи етакчи сабаблардан ҳисобланади.
Ўзбекистонда алкоголь маҳсулотлари аҳоли жон бошига нисбатан кўп истеъмол қилинмайди. Лекин, ачинарлиси шундаки, юртимизда сурункали алкоголизм касаллигига чалинган беморлар сони барқарор ўсиб бормоқда.

ЎЗБЕКИСТОНДА ҚАНЧА ИЧИЛАДИ?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон спиртли ичимликлар энг кам истеъмол қилинадиган давлатлардир. Чехия ва Эстония эса дунёда энг кўп спиртли ичимликлар истеъмол қилинадиган давлатлар қаторига киради.
Чехия ва Эстонияда вояга етган ҳар бир шахс йилига ўртача 14 литр, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистонда эса вояга етган ҳар бир шахс йилига ўртача 2 литрдан спиртли ичимлик истеъмол қилади.
Шунингдек, БМТ мутахассислари глобал молиявий бўҳроннинг ичкиликбозлик билан алоқадор ўлим ва жароҳат олиш ҳоллари ўртасида узвий алоқа борлигини таъкидламоқда. Хусусан, Европа Иттифоқида ишсизлар сонининг уч фоизга кўпайгани оқибатида спиртли ичимликларни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш 28 фоизга ва ичкиликбозлик билан боғлиқ ўлим ҳоллари эса уч фоизга кўпайишига сабаб бўлган.

ТИББИЙ ХУЛОСА

Спиртли ичимлик истеъмол қилган одамнинг танасида 3 кунгача заҳарли моддалар сақланиб туради. Агар ичкилик ичиш кетма-кет 2 кун (ва ундан ортиқ) давом этса, бу моддалар ўн баравар кучайиб, унинг танадан чиқиб кетиши янада қийинлашади. Ошқозон яллиғланиши, юрак хасталикларининг бир неча турлари, хафақон ва бошқа ички аъзоларда пайдо бўладиган турли муаммолар ичкилик оқибатидандир.
Унутманг, алкоголизм даволаб бўлмас касаллик эмас. Жойлардаги психоневрологик, наркологик диспансерларда фаолият кўрсатаётган шифокор-мутахассисларга мурожаат этиш, уларнинг маслаҳатлари билан иш тутиш зарур. Бунинг учун фақат ақл, идрок, мустаҳкам ирода бўлиши муҳим.
Маълумот учун:
“Алкоголь” сўзи аслида арабча “ал-кухл”, яъни, “ўтли сув” деган маънони билдиради. Уни оз-оз ёки тез-тез истеъмол қилиш сурункали одат тусига кириши оқибатида алкоголизм касаллиги келиб чиқади.
Таркибида спирт моддаси бўлган узум, нок, олма, асал, хурмо, арпа, буғдой ва бошқа маҳсулотлардан тайёрланадиган инсонни маст қилувчи барча ичимликлар алкоголдир.

АЁЛЛАР ИЧКИЛИККА ТЕЗ ЎРГАНАДИ

Алкоголизм аёлларда эркакларга нисбатан оғирроқ кечади. Биринчидан, аёллар эркакларга нисбатан алкоголга тезроқ ўрганиб қолади. Агар эркак алкоголизмга учраши учун 7-10 йил мунтазам ичиши керак бўлса, аёл 1-3 йил мобайнида ичкиликка ўрганади. Ичкиликбоз аёлларнинг кўпчилигида оналик меҳри, оила ва болалари олдидаги масъулият ҳисси йўқолади.
Шунингдек, дастлабки вино қадаҳи қанчалик ёшликдан ичилса, унинг оқибати шунчалик оғир ва аянчли бўлади. 14-16 яшар ўғил ёки қиз болага берилган бир қадаҳ вино катта ёшли одамнинг бир шиша ароқ ичгани каби ёмон таъсир этади.

Интервью

МАСЪУЛИЯТСИЗЛИК ВА... ЖАЗО

Малика Мазбудова, Халқаро ҳуқуқий ишлар бўйича адвокатлар ҳайъати аъзоси, юрист:
Маълумки, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисалари ҳам  кўпинча транспорт воситасини спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолда бошқариш вақтида юзага келади. Ҳар бир ҳайдовчи нафақат ўз автомашинасининг бошқарувчиси, балки шу билан бирга ҳаракатланиш хавфсизлиги учун жавобгар шахс ҳамдир. Афсуски, айрим ҳайдовчиларимиз баъзи ҳолларда ўз олдиларидаги ана шу масъулиятни унутиб қўядилар.
ЭСЛАТМА: масъулиятни унутганларга
Бундай ҳуқуқбузарлик учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йилу олти ойдан уч йилгача муддатга маҳрум этиш жазоси қўлланилади. Шунингдек, худди шундай ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи бўлмаган шахс томонидан содир этиладиган бўлса, энг кам иш ҳақининг 30 баравари миқдорида жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексидан
СТАТИСТИКА: қайд остидаги зарар
Ҳозиргина навбатдаги улфатчиликдан чиқиб, автомашинасига “шер” бўлиб ўтираётган ҳайдовчилар учун огоҳлантиришларимиз ҳам шунчаки йўқ жойдан дўндирилган гаплар эмас.
Маълумотларга кўра, йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ер юзида йилига 1,5 миллион нафарга яқин киши ҳалок бўлади. Жароҳатланганлар сони бундан 20-30 марта кўпдир. Улардан кўрилаётган зарар эса мамлакатлар миллий даромадининг қарийб 2-4 фоизини ташкил этади. Бундай талофатларни ҳатто уруш ва табиий офатлар натижаси билан ҳам тенглаштириб бўлмайди.
Шунингдек, ер куррасида йўл-транспорт ҳодисаларидан ҳар бир минутда 3 нафар одам ўлиб, 76 нафар одам турли тан жароҳатлари олади. Бир кунда ҳалок бўлаётганлар сони эса 4 мингтадан ошмоқда.

ҚОНУНЧИЛИКДАН

“Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, яъни  коньяк, спирт, тозаланган этил спирти, вино ва таркибида спирт бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, сигаретлар, папирослар, сигаралар, чекиладиган тамаки, чилимга солинадиган аралашмалар ва бошқаларни чекиш, суриш, тортиш, чайнаш ҳамда тамакидан тайёрланган унинг ўрнини босувчи маҳсулотларнинг тарқалиши ва истеъмол қилинишини чеклаш кўзда тутилган.

ДИҚҚАТ: ТАЪҚИҚЛАНГАН ҲУДУД

Ушбу Қонунда: иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари, маҳаллий давлат биноларида, корхоналар ошхоналарида, савдо ва умумий овқатланиш объектларида, концерт ва кўргазма заллари, театр, музейлар ва кутубхоналар, ёшлар дам олиш жойларида, жамоат транспортининг барча турларида, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, истироҳат боғлари ва бошқа жамоат жойларида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилинишини таъқиқлаш белгиланган.
Шунингдек...
•    Алкоголь маҳсулоти идишидаги ёрлиқ юзасининг камида қирқ фоизи матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантиришдан иборат бўлиши керак;Алкоголь маҳсулотларини 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотиш таъқиқланади;
•    Алкоголь реализация қилинадиган жойларда уларни 20 ёшга тўлмаган шахсларга сотилишига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзув жойлаштирилган бўлиши керак;
•    Алкоголь маҳсулотларини реклама қилишга йўл қўйилмайди;
•    Алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этиш, яъни алкоголь маҳсулотлари истеъмол қилишни рағбатлантирувчи, унинг зарарсизлиги ҳақида тасаввур уйғотувчи ғоялар, қарашлар ҳамда бадиий образларни ошкора ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган хатти-ҳаракатлар тақиқланади.
Биласизми?

“ИЧКИЛИК — ШИРИН ҲАЁТДАН КЕЧГУЛИК ЭМАС...”

*** Француз врачлари ота-оналари ичкиликбоз бўлган 1776 боланинг ҳаётини кузатганлар. Уларнинг тўртдан бир қисми чақалоқлигидаёқ нобуд бўлган, 154 таси тутқаноқ касаллигидан азоб чеккан, 69 тасининг эси паст, 22 та бола эса тентак бўлган.
*** Олимларнинг тадқиқотига кўра, бирданига кўп ичганга нисбатан оз-оз ичганда, организмда тўрт баробар кўп алкогол тўпланади. Одатда алкогол миядан кўра кўпроқ жигарга йиғилади, аммо мияда узоқроқ сақланади, шунга кўра одам кетма-кет ичса, бош мия фаолияти бузилади.
*** Ичкиликбозлар орасида 25 ёшдан 50 ёшгача бўлган кишиларнинг турли касалликлар билан ўлиши спиртли ичимлик ичмайдиган шу ёшдаги одамлар ўлимига нисбатан анча кўп.
*** Тозаланмаган спирт, депатурат, самогон каби турли ясама ароқлар нерв системаси учун ниҳоятда зарарли. Улар одамни кучли заҳарлайди ва кўр қилади, кўпинча ўлимга олиб боради.
*** 30-35 грамм ароқ ичилганда одамнинг ақлий қобилияти бир неча соатдан бир неча кунгача пасайиши исбот қилинган. Ҳатто ҳисоблаш каби оддий вазифалар оғзаки ёки ёзма равишда бажарилганда ичилган 20-25 грамм ичкилик иш суръатининг пасайишига ва хатолар сонининг кўпайишига олиб боради. Ҳарф терувчиларда ҳарф териш тезлиги 15 фоизга камаяди, хатолар сони 20 фоизга ортади.

СЎНГГИ СЎЗ

Айтилганлардан қандай хулоса чиқариш ҳар кимнинг ўзига ҳавола. Ўз соғлиги ва ҳаётини ҳар нарсадан устун қўювчилар учун хулоса битта бўлган. Биз эса жимжимадор қадаҳларга қуйилаётган “шайтон суви”ни “соғлик учун” кўтараётганлар ўз соғликлари ҳақида бошқачароқ йўл билан қайғуришларини тавсия этамиз. Саломат бўлинг!

Сарвар Сафаров тайёрлади

Ҳозир сайтимизда 139 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ