1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Менинг бўлажак ёрим қандай бўлади?

Кеча бир дўстим суҳбатлашиб туриб, ажойиб бир эсдалиги билан бўлишди. У Малайзияда таҳсил олиб юрган вақтида бир профессорнинг айтган насиҳатларини айтиб берди. Менга бу бошқача таъсир қилди.
Профессор қуйидагиларни айтган экан: “Ҳар ким ўзига лойиқ одам билан оила қуради: яхши бўлсангиз, жуфтингиз ҳам яхши бўлади, ёмон бўлсангиз, ёрингиз ҳам шундай бўлади. Бу Қуръони каримнинг ҳақиқати, ҳаёт қонунидир.
Аллоҳ таоло Китобида “Покиза аёллар покиза эркаклар учундир. Покиза эркаклар покиза аёллар учундир”, деб айтган. Бу сўзнинг маъносини чуқур тушуна олмаганман. Вақт ўтгани сайин тушуниб, ҳайратда қолдим. Жуда кўп оилаларни сиртдан кузатдим, ўргандим. Яхши деб ўйлаган йигитнинг аёли ночор чиққаннини кўрганда, юқорида зикр қилинган ояти кариманинг маъноси қани, деб ўйладим. Бироқ, бироз вақт ўтганидан сўнг яхши деб ўйлаган йигитнинг қилиқлари чиқиб, биз ўйлагандек эмас эканини кўрдим.
Шунга ўхшаш мисолларга кўп дуч келганидан сўнг, Аллоҳ таолонинг сўзлари ҳақиқат эканига ишончим комил бўлди.
Менинг бўйдоқларга айтадиганарим: бўлажак ёринг қандай бўлишини истасанг, аввал ўзинг шунга лойиқ бўлишга ҳаракат қил.
Илмли бўлишини истасанг ўзинг илм талабида бўл, одобли бўлишини хоҳласанг, ўз одобингга қараб қўй, тақволи бўлишини истарсанг, ўзинг тақвоорликни касб эт”. Жуда фойдали насиҳатлар.
Умуман олганда, юқорида зикр қилинган оятни, профессор сўўзларидаги маънони олдинлари ҳам билсамда, бу сафар бошқача таъсирландим. Чуқур англагандек бўлдим. Мен бўлажак ёримнинг қандай бўлиши ҳақида кўп ўйлаб ташвишланмайман, аммо ўзимнинг қандай эканимга ташвишланаман. Сабаби Аллоҳ таолонинг менга насиб этадиган ёри яхшими ёки ёмон бўлиши ўзимга боғлиқ эканини тўлиқ тушунаман.
Ўз камчиликларим устида ишлаб, одоб-ахлоқим, амалларимни гўзал қилишга ҳаракат қилишим керак. Аллоҳ таолодан бугуним кечагимдан, эртам бугунимдан яхши бўлишини сўрайман!

Данияр Жігітбек (Мюнхен)
Қозоқ тилидан Абу Муслим таржимаси

Мен етим эмасман...

«...Асранди болаларингизни сизга фарзанд ҳам қилган эмас. Буларингиз оғзингиз билан айтган гапларингиздир. Аллоҳ эса ҳақни айтур ва У тўғри йўлга ҳидоят қилур...» (Аҳзоб сураси, 4).

Ўзгалар нафси учун қурбон бўлган умр дафтари ёҳуд тақдир

Ҳаётдаги шиорим:
Ҳар қандай фожиа ва тушкунлик ҳолатини байрамга айлантириб яшашга ҳаракат қилдим.

Ҳидояти ила Ўзини танитган, ибодатликлар сафига қўшган Аллоҳга чексиз ҳамду-санолар; сарвари коинот Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи вассалламга ҳадсиз дуруду-саловотлар бўлсин.

Мақсад – бир инсоннинг ҳаёти тимсолида Аллоҳнинг тақдири азали хақида сўз юритиш.

Болаликни беғубор кунларининг бирида тенгдош кўшниларимнинг бири асранди эканлигим хақидаги “хуш хабар”ни етказди. Ўшанда ҳали мурғак бола бўлишимга қарамай, бу хақда ҳеч кимга савол бермаганлигимни бугунги кунда Яратганнинг Ўзигагина аён бўлган ҳикмати бўлса керак, деб ўйлашдан ўзга иложим йўқ. Ўз бахтимни излаб яшайвердим.

Ёшим улғайган сари юқоридаги хабарда асос борлигини илғай бордим. Бу воқеълик қора кўланка бўлиб, менга эргашар, мен эса ўчакишиб, фожиадан байрам ясаб яшашга ҳаракат қилардим. Орадан қирқ йил ўтса ҳамки ўша кундаги хабар ҳамон қулоғим тагида жаранглайди. "Хуш хабар"чи кимлиги ёдимдан чиқмайди, "хуш хабар" етказилган жой ҳамон бугунгидек кўз ўнгимда муҳрланган.

Ушбу кундан бошлаб қалбимда яширин сир пайдо бўлди. Ўшанда тахминан иккинчи ё учинчи синфда ўқирдим. 40 ёшимгача бирор-бир инсон билан бу хақда гаплашмадим. Сўраб суриштирмадим. Бугунга келиб нима учун ҳеч ким билан бу хақда гаплашмаганлигим сабабини ўйлаб кўрсам авваламбор ишонгим келмасди, мени тарбия қилиб ўстираётган, мурғаклигимдан “она” деб ўрганган инсонга озор бериб қўйишдан қўрқардим. У киши ҳаётда жуда кўп озор чеккан, гўдаклигидан бирин-сирин уч ўгай она қўлида қийналган, икки турмуш қуриб рўшнолик кўрмаган, ёшлигидан оғир жисмоний меҳнатга ҳаёт мажбур қилган, ёлғиз, ҳеч кими йўқ, ўз иборалари билан айтганда “кўнгли яримта”, шу билан бирга аёлларга хос бўлмаган шижоатли, қаттиққўл инсон эдилар. Болаликлари йигирманчи аср ўттизинчи йилларидаги очарчилик даврига, сўнг, эрта турмушга узатилган даврлари иккинчи жаҳон урушига тўғри келган. Ёшликлари ҳақиқатан оғир кечганлиги сабабли бўлса керак, бир умр ҳаётдан нолиб ўтдилар. Уларнинг оғир ҳаётлари олдида меники ташвиш эмасдек туйиларди гўё. Аслида ёшлигимда шунга яқин бўлган. 3-4 ёшимгача бир маҳаллада, 12 ёшимгача иккинчи маҳаллада 39 ёшимгача учинчи маҳаллада яшадик. Мени келиб чиқишим хақида қўшнилар орасида кўплаб миш-мишлар тарқалиб турди. Онам бу миш-мишларни туҳматдек қабул қилар, мен ҳақиқатни билиб қолишлигим – у киши учун жуда катта фожиа эканлигини ҳис этиб яшашга мажбур эдим гўё.

16 ёшимда, паспорт олганимда мен билган туғилган куним ҳужжатдагидан 43 кунга фарқ қилиши яна бир бор намоён бўлди. Онам (аслида ўзлари кириллча саводлари йўқ бўлсада) ушбу ҳақиқатни тан олмай, мени саводсизликда айбладилар.

Ҳақиқатни туҳматдек қабул қилган волидам, ўзлари кичик- кичик баҳоналар сабаб
“Етим қўзи боқсанг, оғзи бурнинг мой этар,
Етим ўғлон асрасанг оғзи бурнинг қон этар” ва “Етимнинг ота-онаси кўп бўлади” каби ибораларни тез-тез ишлатиш билан дилимга кўп озор берар эдилар.

Бир куни ўсмирлик вақтимда кескин талаб қўйишга мажбур бўлдим. Онамга: “Нима, мен ўгайманми?..” қабилида кескин савол билан мурожаат қилган эдим, мақолларни бошқа эсламасликка мажбур бўлдилар. Чунки мен ҳақиқатни билиб қолишимдан ва уларни тарк этишим мумкинлигидан жуда катта хавотирда яшардилар.

Бу орада мактабни аъло баҳоларга тугатдим. Ўқитувчи ва устозларимнинг суюкли ўқувчиси бўлганим сабабли бепул репетиторлик қилишди. Волидам пул берганларида олишмади. Аллоҳнинг иродаси ва тақдири азали сабаб ўз кучим билан олий ўқув юртига ўқишга кирдим. Бировни ёрдамисиз ўқидим. Бешинчи курсда ўқиётганимда волидам уйлантирдилар. Болалигимда ота меҳрига зор бўлдим. Уйлангандан кейин эса кемтик она меҳридан бутунлай маҳрум бўлдим. Ёш болалигимда эркаланишга зор эдим; “эркалашни ёмон кўраман” деб, она сифатида ўзларига жисмонан яқинлаштирмас эдилар. Совуқлик яққол сезилиб турарди.

Етти-саккиз ёшимдан оила бюджетига ҳисса қўшиб тарбияландим. Институтни тугатгандан сўнг етишмовчилик сабаб бир вақтнинг ўзида бир неча жойда ишлашга тўғри келди. Кундузи бир жойда, кечқурун иккинчи-учинчи жойда ишладим. Моддий қийинчилик даврида ҳам волидам, ҳам аҳли аёлим ёрдамлари мадад бўлди.

Ҳақиқатдан кўз юма олмайман:
- волидам олий маълумот олишимга шароит яратиб берганлар;
- ҳаммадан аввал уйлантирдилар, эркаламаган бўлсаларда меҳрибонликлари бор эди; яхши еб, яхши кийганман. Фарзандларим ўсиши ва тарбиясида волидамнинг ҳиссалари бўлган.

Юрт мустақиллигининг илк дамларидан бошлаб мустақил шахс, мутахассис сифатида шакллана бошладим. Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, ҳидоят йўлига бошлади. Тенгдошларим орасида биринчилардан бўлиб Ҳақ йўлига кирдим. Хатоларимни тузата бошладим.

Бир неча иш жойимни ўзгартириб, охири тиришиб-тирмашиб, касбим ортидан обрў-эътибор топа бордим. Етакчи мутахассис бўлиб, бир жойда қўним билан ишлай бошладим. Иқтисодий ночорлик орқада қола бошлади. Ўтмишим бироз орқада қолиб узоқлашсада, ҳамон қора кўланка бўлиб ҳамроҳлик қиларди...

Хурсандчилик билан бирга ташвиш ва мусийбат ҳам баравар эшик очди. Ёшликдаги отасизлик изтироблари бир нави, уйланганимдан кейин йиллар ўтиб, моддий камчиликлар орқасидаги мушкулотларнинг барҳам топиши, моддий фаровонликнинг кириб келиши – маънавий қашшоқ, жоҳиллик ботқоғидаги волидам ва опам учун ҳасадгўйлик ўчоғини ёқиб юборди.

Қўшимча яна бир ҳақиқат – иймону эътиқодга, ибодату шариатга бўлган турлича муносабат оилавий ноаҳиллик сабабларидан бирига айланди. Гарчи бизлар ўз ҳиссиётларимизни яширишга ҳаракат қилсак ҳам ибодатларимизнинг ўзи қарши томонга халақит берарди. Аёлим ва қизларим Исломий билим олиш йўлидаги ҳатти ҳаракатларига уруш-жанжаллар билан қаттий тўсиқлар қўйилди, ибодатларга қаршилик килинди. Жоҳил инсонлар ёнида "жоҳил" бўлишинг кераклиги, акс ҳолда майиб-мажруҳ ҳолга келгунингча синдиришга толмай ҳаракат қилишлари аниқ экан. Мисолларни ҳаётимда кўп ва ҳўп кўрдим. Барча ўткинчи гапларга парво қилмасликка ҳаракат қилдим. Волидам дилларини оғритиб қўйишдан чўчиб, қўлимдан келган барча яхшиликларни қилиб, ишончларини қозониш учунгина яшадим. Сочимнинг шу йўлда оқаргани, соғлигимнинг йўқолгани – бор ҳақиқат.

Раҳбарлик пиллапояларидан кўтарила бордим. Кўплаб шогирдлар етиштириб улгурдим. Яқинларим (очиқ-ойдин бўлмасада) ҳаракатлари билан кимлигимни эсга солиб, билиб-билмай юрагимни тирнашарди. Барчага аён, шу билан бирга ҳамма ўзини билмасликка олиб юрувчи шахсий “сирим” хақида ҳеч ким билан ҳеч қачон сирлашмадим.

Набиралик бўлсамда ота меҳри мен учун тушунарсиз туйғу. Она меҳри кемтик. 1990 йили эди, волидам бетоб бўлиб қолдилар. Табиблар текширувдан ўтказиб, “жигар саратони” деган ташхис қўйишди. Ташхис хатолигини исботлашга икки ой керак бўлди. Шу сабаб бир кунда сочимга оқ оралади. Касаллик юрак ва ошқозонда экан, йиғлаб юриб даволатдим. Йигирма йил ўтса ҳамки шу бугунгача юқоридаги хато ташхисдан хабарлари йўқ. Бугун ҳам касалман десалар, уйимизга кунига учталаб шифокор келиши бор гап. Тишларини ҳам шифокор уйга келиб алмаштиради.

1995 йили Самарқандга, 1999 йили 78 ёшлардаги волидамни ҳамда тутинган сингиллари Кумушой холани бирга умра сафарига олиб бордим. Эвазига ярим йилча иззатда бўлдим. Кейин эса... яна умум норозилик. Шахсий эгоизм ва хасад – аёлим билан волидам орасига раҳна солди, мен билан опам орамизда жарлик пайдо қилди. Жигарчилик фақатгина ўзгалар учун хўжакўрсинга бўлиб, амалда эса, нима учундир камситишлар, ғайирлик, чеккага суриб қўйишлик устунлик қилди. 40 ёшга тўлганимда (юздан ортиқ) дўстларим кенг даврасида нишонладим. Ягона "жигарим" ва волидам бегоналар қаторида, киши кўзига, иложсизликдан иштирок этишди.

Табиатимга кўра эҳтиросларга берилувчанлигим бор ҳақиқат. Ҳақиқат йўлида кўп жафо чекдим. Ниҳоят 40 ёшимда “ҳақиқат йўлида очиқ курашишнинг – ўзини ҳалокатга йўллаш” эканлигини тушуниб етдим. Бироқ энди кеч бўлган, соғлиқ йўқотилган эди.

Инсон ўзи эришган муффақиятларни яқин кишиларига кўрсатгиси келар, ён-атрофидагиларнинг холисона фикрларига, қўллаб-қувватлашларига жуда мухтож бўлар экан. Шунга кўра қураётган янги уйимни жигаримга кўрсатгим, у инсоннинг олқишларини эшитгим келар эди. Бу йўлда бир неча бор уринишларим бекор кетди, кўришни ҳам исташмади. Ўзи қурган ҳовли-жой бузилиб, ўрнига кўп қаватли уйларда яшаётганидан нолиб келган волидамга мен қурган ҳовли-жой тиканакдек кўринди. Оилам билан ҳовлига кўчиб ўтганимдан кейин, тўрт йил бўйи фарзандларимдан бири билан кўп қаватли уйда яшашда давом этдилар. Икки рўзғор тутишга мажбур бўлдим. Бу нолишлар-у бу қарғишларга қандай чидаганимга ўзим ҳам ҳайронман.

Бир умрга ҳовли-жойидан айрилиб, кўп қаватли уйга чиқиб қолганидан нолиган онамга ягона ўғилнинг янги ҳовлисига келиб яшашга “жоҳиллик ғурури” йўл қўймасди. Кўп қаватли уйда ҳам, ҳовлига мажбуран кўчиб келиб ҳам хотинига "чўқинувчи" фарзанд дастидан нолишлар эрта саҳардан то кечгача йил ўн икки ой давомли равишда, бўри увиллашидан ҳам хунукроқ овозда (муболаға йўқ) давом этарди.

Биз томондан норозиликка, фитнага сабаб бўладиган гап-сўз, ҳатти-ҳаракат, яъни қандайдир айб-у нуқсон қидириб чарчардим.

Ўзининг фарзанди уй сотиб олгунича опам ҳам шу даврда ёлворишларимга қарамай ҳовлимга қадам босмади. Мен билан опам орамизда ҳеч бир сабабсиз пайдо бўлган жарлик “сабаби” тўққиз йилдан кейин юзага чиқди: ҳидоятдан узоқ-узоқларда юрган опамни умра сафарига таклиф қилмаганим – азобларим давомийлиги сабабларидан бири экан.

Катта қизимни турмушга берганимда ҳам хурсанд қилди, ҳам сабоқ берди: “Отаси йўқ йигитга турмушга чиқмайман – бева бувим ибрат учун етарли”, - деди.

Хурсанд қилгани – имкониятларимдан уч баробар камҳарж тўйга икки қизимнинг ҳам рози бўлгани, ҳамда берган сарполаримиздан синглим учун деб каттаси ташлаб кетгани бўлди. Бу эса фарзандларимизни ўзимизга ўхшаб бу дунё матоҳларига эмас, балки Аллоҳгагина қул эканликларини кўрсатди. Келинлик либоси эса иккисида ҳам ижара кўйлак эмас, ўта арзон ва тўйдан кейин ҳам кийса бўладиган, оппоқ, миллий русумда тикилган, ҳаммани хавасини келтирган, беҳаёликдан узоқ бўлган кўйлак ва келинлик пардаси эди.

Бу ҳам албатта оилавий фитнага сабаб бўлди. Чунки дабдабалар, исрофгарчиликлар, хўжакўрсинликлар қалин, сут пули, чарлар, қуда чақириқ деган урф-одатлардан ақлсизлик белгиси сифатида фойдаланмадик. Тежалган пулларни эса фарзандларимизни олий маълумот олиши учун сарфладик.

Тўй баҳона қилинган юқоридаги "ўзбошимчаликлар" қарши томонга албатта ёқмади. Ўзларини ҳуддики камситилгандай, хўрлангандай ҳисоблашди.

Халқ урф-одатлари "бузилган" тўйда кетма-кет фитналар уюштириб, бегоналар қатори қатнашишди. Йўлимдаги ҳар қандай қаршиликни писанд қилмай, ўзим хоҳлагандек (қудалар билан келишиб, қизларим ва аёлим розилигида) тўй ўтказдик. Шунинг учун "эскича" миллий кийинган катта қизим тўйи куни ёлғизликка маҳкум этилди. Келин сифатида никоҳ столида бир неча бор, атайлаб, ташкилий равишда бир ўзи қолдирилди. Опамнинг узоқ йиллар давом этган “мени инкор қилиш” сиёсати тўй бахона авжига чиқди. Волидамизга янги бош-оёқ сарпо қилиб беришимизга қарамай, тўй куни атайлаб эски, йиртиқ кўйлакда юрдилар.

Шу сабаб ўзаро муносабатларни ойдинлаштириш ва фитналар сабабини аниқлаш мақсадида тўйдан кейин сўз очганимда гумонларим ўз тасдиғини топди. Икки фарзанд ўртасига онаизор раҳна солиб яшаганлар, мен ва оиламга нисбатан ҳеч қандай шикоят топилмади. Яратганга шукурки, воқеъликни нисбатан тўғрироқ талқин қила олган опамнинг ҳатти-ҳаракатлари ижобий томонга ўзгарди. Ҳар ҳолда зохиран шундай. ???

5-6 ёшларида онадан етим қолиб, кетма-кет уч ўгай она қўлида катта бўлган онам ҳаётдан тўғри ҳулоса чиқариб олмаганликлари ажабланарли ҳол. Бугунги кундаги ҳаёт фаровонлиги, иззат-икромда бўлиш, кўпчилик ҳавас қиладиган фарзанд меҳрибонлигининг волидамизни ҳидоятга келишига сабаб бўлмаслиги, гарчанд намоз ўқисаларда муҳрланган қалб намунаси эканлиги намоён бўлади. Валлоҳу Аълам.

Мақтаниш сифатида қабул қилинса ҳам ёруғ юз билан айта оламанки: бир эмас, бир неча ўғилнинг меҳр-оқибатини кўрсата олганимни атрофдаги жуда кўпчилик эътироф этгани бор гап. Ўзларига нисбатан опамнинг бемеҳрлигини, менинг эса меҳрибон эканлигимни волидамиз кўп маротаба таъкидлаганлар. Бу ягона тан олинган ҳақиқатдир. Тўрт фарзандимнинг биттасига аммаси, учтасига эса волидам исм қўйган. Ваҳоланки бизлар топиб қўйган исмлар ҳам бор эди, улар сир бўлиб қолиб кетган; уларнинг ризолиги ва ҳурмати учун қурбон қилинган.

Ҳар якшанба қаймоқ олиб келинганида бирга овқатлансакда, волидамиз учун алоҳида қаймоқ келиши йўлга қўйилган. Волидамизни хурсанд қилиш, унга меҳр кўрсатиш маъносида ҳар гал гўшт ҳарид қилинганида у киши учун алоҳида олинарди. Баҳор кези, албатта, янги чиққан мева биринчилардан бўлиб волидамиз учун келтирилади. Кийим кийсак, аввал уларга олинади. Биз олиб берган уч-тўртта янги пальтоларини бировларга ҳадя қилиб юборганлар. Ҳали ўзимиз... Ваҳоланки аёлимга келин бўлганига ўн саккиз йил дегандагина пальто олиб бера олдим. Жияним бир куни волидамизнинг жавондаги куйлаклари қирқдан ошиқ эканлигини эринмай санаб чиқибди. Табиийки уларнинг аксарини биз олиб берганмиз. Пул топган вақтларида яхши еб, яхши кийганлари эътиборидан қариганларида ҳам аввалгиданда яхшироқ таомлантиришга, кийинтиришга ҳаракат қилдик.

Меҳр бериб, меҳрдан умид қилиб яшадим...
Шукроналар бўлсин МЕҲРНИ Буюк Аллоҳдан олдим. Ҳидоят берди.

Тўрт фарзанд тарбияладик. Уч қуда қилдик. Олти набира додасиман. Кўпчилик менга ҳавас қилади. Мени эса ҳамон қора кўланка таъқиб этади.

Ҳозиргидек эсимда, бундан ўн йилларча аввал қизиқ бир воқеа бўлиб ўтди. Она-бола гаплашиб ўтиргандик. Мен туғилишимдан икки йил аввал ясалганлиги ёзиб қўйилган сандиқни кўрсатиб: “Отанг вафот этган йили, қўшни сандиқчига буюртма бериб ясаттирганман”, дедилар. Шу жойда бошимдан муздек сув қуйилгандек бўлди. Сабаби туғилишимдан икки йил аввал волидамиз бева бўлганликларини тасдиқлаётган эдилар.

Оиламга, хусусан ўзимга бўлган ёввойи муносабат, ҳамда юқоридаги суҳбат оилавий ришталар хақидаги масалани чуқурроқ ўрганишга туртки бўлди. Яъни:
- биринчи ноаниқлик – туғилганлик ҳақидаги гувоҳномам, уч йил кейин олинган.
- иккинчиси – туғилишимдан камида икки йил аввал волидам бева қолганлари.
- тоғам уйланганларида бева бўлган, волидамиз тоғамнинг мендан икки яшар катта ўғлини асраб олмоқчи бўлганликлари – мен туғилишимдан камида уч йил аввал бева қолганликларини кўрсатади.

Якуний хулоса учун жиддий тайёргарлик кўрдим. Ҳақиқатни аниқлаш учун суҳбатлар ташкил қилдим. Бир савол орқали ўзим учун иккинчи саволга жавоб изладим.

2009 йили волидамиз иштирокларидаги суҳбатда опам ўзи сезмаган ҳолда, мен туғилишимдан уч йил аввал уйланган тоғамнинг тўйи отаси /яъни “отамиз”/ вафотидан бир йил кейин бўлганлигини, яъни бу вақтда волидамиз бева бўлганлигини аниқ-равшан баён қилиб берди. Ёшлигимда тоғамнинг мендан икки ёш катта ўғлини асраб олмоқчи бўлганликлари ва қаршиликка учраганликларини волидамиз кўп маротаба гапирганларини эслайман.

Бу суҳбатда опам мени бу инсонларга умуман бегоналигим хақидаги қирқ йиллик “ишонишни истамаган ҳақиқат”ни юзага чиқарди. Далилларсиз ишонишни хоҳламай, ҳақиқатдан беркиниб келган қалб тилка-пора бўлди.

Хулоса: бу инсон бева бўлишига қарамай йиллар давомида ўғли бўлишини жуда-жуда истаган ва шу сирли ўйинчоқ вазифасини бажарувчи шу бугунгача мен. У (ўйинчоқ) то умрининг охиригача чорасиз, ёрдамга муҳтож (бечора) бўлиши ҳаммани қониқтирарди. Бу овунчоқ тақдири ҳеч кимни қизиқтирмасди. У ҳам инсон эканлиги ҳаммага халақит берди. Унинг энди ақлли бўлиши, қорнини тўйдира олиши етмагандек, нафақат ўзини, балки оиласини, юртини ҳимоя қила олиши, кўпчиликка бош бўла олиши – баъзи жоҳил инсонларга, жумладан волидам ва опамга ёқмай қолган.

Айниқса шубҳа-гумонларим далиллар ила тасдиқланганидан сўнг волидам кўзимга ёмон кўриниб келмоқда. 40 йил ичимда сақлаб келганим, эндиликда ичимга сиғмай қолди, кучим етмай қолди. Қазои қадарга ишонсамда, иккинчи қизим турмушининг носоғломлигига онамнинг бемаъни-беайб қарғишлари сабаб бўлиб кўринмоқда. Азобларнинг натижаси ўлароқ – аёлим ҳам, мен ҳам ва ҳатто фарзандларимиз ҳам руҳий бемормиз. Касалликларимиз бир дунё.

Бу дунёда яшашни ўзи учун “фақат фожиалардан иборат” деб нолиб яшашга ўрганган, шукроналик туйғуси бегона бўлган, ҳеч ким ва ҳеч нарсани тан олмайдиган, ҳидоятга даъват қилсангиз “халқ душманига” чиқарилиб сургун қилинишингиз аниқ бўлган зот билан яшаш – мен учун бугунги кунда оғирлик қиляпти. Чарчадим...

Яқинда навбатдаги суҳбатга чорладилар. Ёлғиз қолганликлари, ҳатто мен ҳам ёнларида ўтириб суҳбатлашмаслигим, ҳатто меҳмонга келган қизларим ҳам ўзини олиб қочишидан шикоят қилдилар. Тўғриси, ачиндим ва кўпдан буён ачинаман. Бу бор гап. Ўзим ўтириб суҳбатлашишга муштоқлигим, бироқ суҳбат беш дақиқадан ошса, мен учун гуноҳга сабаб бўлиб қолишидан қўрқиб, яна соғлиғимни ўйлаб, суҳбатдан қочишимни уқтирдим.

* * *

Юқоридаги воқиа ходисаларга тўғри баҳо бериш мақсадида Абдукарим Усмонхўжаевнинг “Дорисиз қалб давоси” номли инсон қалбини даволашга бағишланган ажойиб асаридан бир лавҳани эътиборингизга ҳавола этаман:

“ВАҲИМА БОШҚА, ҚЎРҚУВ БОШҚА"

...Ўзидан кўнгли тўлмайдиган одам бутунлай бошқа бир ниқоб остида яширинишга уринади. Масалан, ўта жасур одам ниқоби остида юрган киши ўтакетган қўрқоқ бўлиши..., мулойимлик, меҳрибонлик ниқоби остида бағритош, вахшийлик хислати мавжуд бўлиши ҳам мумкин. Буни оқил, сезгир одамлар билади...

Юраги ваҳимага тўлиб тошган инсонни миясига ҳеч нима таъсир қилмайди. Гап сўзлар, ишонтиришлар унинг онгига етиб бормайди. Атрофдаги одамлар ҳақида фақат ёмон гумонда бўлади. Хаёлида худди уни ҳеч ким иззат-ҳурмат қилмайдигандек, қадрига етмайдигандек туюлаверади. Дардларини ҳеч ким тушинишни истамаётгандек бўлади. Чунки у ўзини атрофдагилардан устун қўяди... Ўз-ўзини баҳолашда, у буюклик ва нотавонлик туйғуси орасида иккиланиб қолади... Шу икки хил ҳиссиёт, оқибатда бу одамда таккабурлик ёки нафрат, ҳасад ёки ҳасратни пайдо қилади.

Ана шу сабаблар туфайли ваҳимага тушиб юрадиган одамда пайдо бўладиган касалликлар руҳий хусусиятга эга. Бу белгилар пайдо бўлишининг сабаби – юракда узоқ вақт қолиб кетган армонлар, ҳал бўлмаган муаммо, низолардан қолган асоратлардир.

Ваҳимачилик инсон қалб тубида худди вулқон суюқлигидек пайт кутиб ётган руҳий хасталикни белгиларидан бири бўлиб, касалликнинг асл моҳиятини яширади. Ваҳима ва қўрқув ҳисси ана шу касалликнинг жуда озгина оқими ҳисобланади. Бу аломатларни дори-дармон билан тузатишнинг иложи йўқ. Вақтинча нафи тегиб, касалликни асл сабабини йўқота олмайди. Қўрқув ва безовталикнинг асл сабабларини топиш ва улардан халос бўлиш учун аввало шу инсонда қайси бир истаги оёғости қилинган, қай бир хоҳиши чеклаб қўйилган, ҳаётининг қайси лаҳзаси заҳарланган, қалб тубида қандай орзу-армонлари юзага чиқмай қолган, у нимадан норози? Ана шуларнинг ҳаммаси аниқлангандан кейингина муолажа ҳақида ўйласа бўлади.”

16.04.12.

Юқоридаги санани кўриб ажабландим. Мақола анча вақтдан бери тўлдирилиб келинади ва бир неча нусхада сақланганлиги сабаб охирги санани ёзиб қўйишга ўрганганман.

Яратганга шукурки, ҳаётимизнинг охирги йиллари бироз сокинроқ ўтмоқда эди. Лекин сокинлик узоққа чўзилмади.
2012 йил 2 апрель куни узоқ 4-5 йилдан бери касал бўлиб ётиб қолган кичик тоғамиз 71 ёшларида вафот этдилар. 30 март куни қайнонамиз бизникида даволанаётганларида инсульт бўлганликлари аниқланди ва касалхонага ётқиздик. 9 апрель куни волидамиз уйда, кўз ўнгимда остонада қоқилиб, ерга ўтириб қолдилар. Шу фалокат сабаб тос суяги синди. Уч ярим ой бўйи ётиб қолдилар. Орада, 2 май куни еттинчи набирамиз туғилди.

Икки хонада икки қудани парвариш қилдик. Бир ой ўтиб, қайнонамиз ўринларидан турганларидан кейин уйларига кетдилар. Онажон эса шифокорлар: “Синган суяк битди, турсангиз ҳам бўлади”, дейишларига қарамай қимирлашдан қўрқиб, ҳатто ёнбошламадилар ҳам. Натижада оёқ қотиб қола бошлади. Бутун бадан оқа бошлади.

Аввал эски ҳолат /яъни, нолишлар/ бироз вақт, бир ойча давом этди. Сўнг вазият тамоман ўзгариб, деярли мўъжиза юз бериб, охирги ойда оиламга нисбатан муносабат қулоқ эшитиб кўз кўрмаган даражада яхши томонга ўзгарди. Мен ва аёлимга охирги ойда асосан асалим дея мурожаат қилдилар. Оиламизга нисбатан кўп дуода бўлдилар. Қайта-қайта розиликлар сўрадилар. Ажабланарлиси шундаки, гарчи кўпинча олдиларида бўлсалар ҳам, опамизга нисбатан эса бутунлай тескари бўлиб қолдилар. Она-бола муносабатлари оғир ва юзаки бўлиб қолди. Гарчи охирги ойларда онаизор ёнларида кўп вақтларини ўтказган бўлсаларда, ёстиққа михланиб қолган ўзгалар меҳру-мурувватига мухтож волидага ўта нозик муносабат етишмади опамизда. Охират сафарига кетаётган инсонга нисбатан сабрлилик ўрнига ноўрин аразлашлар она-болани узоқлаштира борди. Охир-оқибат она-бола бир бирларини мажбуран, зўрма-зўраки қабул қила бошлашди. Воқеа-ҳодисаларни тўғри баҳолай олишимиз, онаизорнинг бизга ва оиламизнинг уларга нисбатан яхши муносабатлари, она-бола ноаҳил муносабатлари, барчаси аралашиб сакарот кунларига етиб келди.

Рамазоннинг учинчи куни, 22 июль соат 15-30 атрофида милодий сана билан 90 ёшларида волидамиз жон омонатини Аллоҳга топширдилар. Ўши куни аср намозидан кейин 18-30 да жаноза ўқилди.

Жоҳиллик яъни илмсизлик, хурофот ва Исломий қарашлар гоҳ пинҳона, гоҳ очиқ-ойдин уч кунгина, кейинчалик пайшанба кунлари тўқнашиб турди.

* * *

Волидамиз иккинчи жахон уруши якун топгач бева қолиб, Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги (ҳалқ орасида “каллахона” деб юритилгувчи) Қизилтут кўчасида яшаганлар. Шу ерда уруш ногирони бўлган кишига турмушга чиққанлар. Опамиз 1948 йили дунёга келади. 1957 йили волидамиз иккинчи бор бева қоладилар. Шу ерда яшаган чоғларида тутинган сингиллари бўлмиш Кумушой холамиз билан бугунги кунгача ўзаро оилавий алоқамиз сақланиб қолган. Умра сафарига шу холамиз билан борганмиз. Волидамиз вафотларидан кейин, 31 август куни ҳаётимда ўчмас из қолди. Келиб чиқишимни аниқлаш мақсадида шу куни Кумушой холанинг қизлари бўлмиш Шоиста опа билан учрашдим. У киши мендан ўн ёшча катталар. Мен бу хонадонга келиб қолишим тарихини сўрадим.

“Олиб келиб бешикка белашганда бир ёш атрофидаги бола эдинг. Қачон катта бўлади? деганман ўшанда”, - дедилар. “Қандайдир кўп болалик камбағал оиланинг боласи бўлган бўлсанг керак”, - дедилар. Кумушой холамдан янаям аниқроқ маълумот билиб беришларини сўраб, хайрлашдим.

Икки кундан кейин қўнғироқлашганимда “Сен ойингни хамкасабаларини фарзанди бўлиб, бувинг, яъни отангни онаси пул эвазига ойингларга сени бериб кетган эканлар”, - дедилар. У инсонларнинг исми, турар жойи ҳақидаги маълумотларни волидамиз ўзлари билан олиб кетдилар.

Аён бўлишича, менинг ўз отам ва тарбиялаган онамизнинг касблари “аллоф”, яъни буғдойни унга айлантириб сотувчи бўлганлар.

* * *

Ана шундай қилиб ҳозирча эллик йиллик азобларимга қисқа-лўнда ва шу билан биргаликда чала жавоб олдим. Шунга ҳам “Алҳамдулиллаҳ” дейман. Ҳар холда шаръий никоҳдаги инсонларнинг боласи эканлигини билиш ҳам кўнгилга таскинлик берар экан кишига. Ва ҳоказо ўйлар ...

Ҳозирда ҳаёт бўлган яна бир гувоҳ – тоғамиздан маълумот олиш мақсадида у кишидан ҳам суриштирдим: “Чақалоқлигингда олиб келиб боққанларини биламан. Тафсилотларини билмайман”, - дедилар.

Якуний бўлмаган хулоса:

Умрлари поёнини ўйлаган, яна учинчи бор турмуш қуришдан умидларини узган, 40 ёшда турмуш қурганда ҳам фарзандли (хусусан ўғил) бўлиши муаммолигини ҳис этган волидамиз аввал укаларини уйлантириб, эвазига фарзандига эгалик қилмоқчи бўладилар. Рад жавобини олгач, бегона бўлса ҳам ўғил бола асрашни режа қиладилар. Ва ниҳоят камбағал, серфарзанд касбдошлари ўғлини пулга алмаштиришга кўндирадилар. Эътибор берган бўлсангиз етим қолган ёки ташландиқ бечора бола эмас, балки камбағал бўлса ҳам ўз ота-онаси, жигарлари бағрида ўсиб-улғайиш имконияти бўлган бола ўзаро келишув асосида асраб олинган. Тўғрироғи, сотиб олинган.

Юқорида ёзилганидек: бу бола – мен. Ёмон яшамадим. Яхши тарбияландим. Ейиш-ичиш, кийинишдан муаммо бўлмади. Бола сифатида эркалаш-эркаланиш неъматларини ҳисобга олмаганда бошқаси яхши эди. Болалигимда эркаланмоқчи бўлсам, ўзларидан нари суриб, “Эркалашни ёмон кўраман”, - дер эдилар. Мактабда яхши ўқиш билан бирга ўз таклифим асосида оила бюджетига ҳиссамни қўшиб яшадим. Волидамиз нонвой эдилар, етти ёшимдан нон сотдим, кейин бошқа тирикчиликлар билан шуғулландим. Ўнинчи синфда, ёзги таътилда топган пулимга костюм-шим тиктириб кийганман. Уй-рўзғор ишларида ҳам фаол эдим. Ўзимни кирларимни ювиш, уй тозалаш (супириш), овқат қилиш – волидамиздан кўра кўпроқ менинг вазифам эди. Савдо билан шуғулланишим математикадан аъло баҳоларга ўқишимга сабаб бўлган. Ёшлигимда кучимга яраша ҳам ақлий, ҳам жисмоний меҳнат билан шуғулланганлигим (албатта волидамиз раҳнамоликларида), кейинчалик Аллоҳнинг инояти ва тақдири ўлароқ ўз ўрнимни топишда тажриба мактаби, мустақил ҳаёт пойдевори бўлганлигини бугунги кунда ҳис қиламан.

Ота-она деб аталмиш буюк неъматлардан бебаҳра бўлишга бир умр сабр қилиш, эллик йил ўзга инсонни сабр-тоқат ила у инсонда заррача бўлсада шубҳа-гумонларга ўрин бермай, чин дилдан “Она” деб яшаш нақадар оғир эди! Чунки у зот бир умр сирлари ошкор бўлиб қолишидан қўрқиб яшадилар. Сирларидан воқиф бўлган, сирларини ошкор қилиб қўйиши мумкин бўлган одамлардан шубҳаланиб, атайин улардан узоқроқ бўлишга ҳаракат қилдилар. Айниқса, келин ва қудалар (қайнонам) шундай кишилар билан тасодифий мулоқоти ҳам душманлик ҳаракатлари сифатида қабул килинарди.

“Қайнонанг Кумушой билан бирга бўлди дегунча висир-висир (пичир-пичир демоқчилар) қилиб, мени ғийбатимни қилишини ёмон кўраман”, деб такрорлашдан чарчамас эдилар.

Бугунги кунда ўтган эллик йиллик умрим давомида мени боқиб вояга етказган инсонни кўнгилларини аяб яшашга алоҳида урғу бериб умр кечирганлигимни, кўнгилларини олиш учун кўпгина эзгу амалларга қўл урганлигимни фахр билан эслай оламан.

Етимликда ўсганликларидан бир умрга эркакларга хос жисмонан оғир меҳнат касби билан шуғулланганлари, беваликда оила тебратганлари ҳақида гапириб, кўп нола қилар эдилар. Аслида, оналари ёшликларида вафот этгану, оталари, яъни бобомиз узоқ умр кўрганлар ва қизларига меҳрибон бўлганлар. Ҳатто қизларини чиқиштирмаган иккинчи хотинларини талоқ қўйганлар ва учинчи бор уйланганлар.

ХОТИМА ЎРНИДА

Азиз ўқувчи! Ушбу ҳаётий қиссани ёзишдан мурод: ҳар бир инсон ўз нафсини ўйлаганда, албатта ён-атрофидаги унинг нафси учун хизмат қилаётганларни ҳам иззат-нафси хаққини унутмасликка чақириш. Гарчи ўша кишининг атрофидаги – хайвон бўлса ҳам.

Юқоридаги қисса қаҳрамони Аллоҳнинг тақдирига шак келтирмасада, у камбағал бўлса ҳам ота-онаси бағрида ўсиши мумкин эди. Бир умр ота меҳрини қўмсаб ўтди. Она меҳри эса кемтик эди. Аслида кўпгина жигарлари, ака-укалари, опа-сингиллари бўла туриб, ҳаёти давомида ёлғизликка маҳкум этилди. Нечун бир жоҳил инсон нафси учун иккинчи бир инсон бир умрга қурбон бўлиши керак? Айби ота-онасининг камбағал бўлганлиги...

“Қорнинг тўқ, эгнинг бут, олий маълумотли бўлибсан, бошпананг бор экан, ҳатто эрта уйланибсан, яхши тарбияланибсан, яна нима керак?!”, - дегувчи топилса: “Барчаси яхши, бироқ бегона бир инсонга меҳр-оқибат кўрсатиш учун бу дунёда Аллоҳ берган ўз ота-онам, жигарларим меҳр-оқибатидан жудо қилишлик хисобига бўлиши шарт эмас эди”, - деб жавоб берган бўлардим. Бегона бир кишининг нафсини қондириш мақсадида бир умр фарзанд ролини ўйнаб бериш оғирлик қилди. Аллоҳга таваккул қилиб, ўзгаларнинг фарзандини ошкора тарбиясига олиб, меҳр-оқибат ила яшаётганлар кам эмас, ахир.

Охирги янгиликлар, яъни ўз яқинларим бу дунёда барҳаёт бўлган жигарларимдан жудо бўлиш ҳисобига бу ролни ижро этиб келганлигим – бугунги кунда ўзимни журъатсизликда айблашга мажбур қилмоқда. Бир умр ўзини етим, бечора-чорасиз ҳолда асраб олинган, эҳтимол ота-онаси бу фоний дунёни тарк этган, жигарлари бор-йўқлиги номаълум, ўзгаларни “яқинларим” дейиш тақдирига ёзилганлигини хазм этиб яшашлик оғирлик қилди. Бугунги кунда ён-атрофимда, яқин жойларда менинг ҳам жигарларим бўла туриб, улардан жудоликда ҳаёт кечираётганлигимни ҳис этиб яшаш унданда оғирлик қилмоқда.

Ҳаётий шиорларимдан бири – ҳеч кимга ўхшамасдан яшаш. Афсуски, тақдирим ҳам шундай бўлиб чиқди.

Барчасига Ўзи берган сабр ила эришилажак ажру-савобдан ва Аллоҳнинг розилигидан умидворлик ғисси тилка-пора қалбга сокинлик бахш этса не ажаб!

Аллоҳим, гуноҳларимизни мағфират айлагин, савобларни кўпайтириб бергин, бепарда жамолингга мушарраф этгин, деб ёлвориб сўрайман. Амин.

Ушбу сатрлар қораланаётганда юрак ўз ўрнини билдириб, ғижимлаб қўйди. Бировнинг раҳмини келтиришдан йироқман. Азизлар, ўз нафсингиз йўлида ўзгалар ҳаётини қурбон қилманг, дейман. Гоҳида гўдак етим қолиши ёки аксинча катталарнинг эхтиёжи сабабли бола асраб тарбия қилиш – улуғ савоб ишдир. Бу ишнинг ошкора амалга оширилиши эса ҳар қандай махфийликдан афзалдир. Махфийликдаги азоблар эҳтимолидан холидир ва яна Аллоҳ билгувчи.

Шу ўринда Исломда собит бўлган воқеълик шундан иборатки, ўзга хонадонда тарбияланган бола эсини танигач (вояга етгач) насл-насабини муҳофаза қилиш, маҳрамни номаҳрамдан ажратиш мақсадида ўз ота-онаси ҳақида маълумотга эга бўлиши шарт. Никоҳ ҳаром қилинган яқин қариндошларга никоҳланиб қолишликдан сақланиш учун ҳам инсон ўз яқинларини таниши керак. Қолаверса, бир инсонга Аллоҳ инъом этган қариндош-уруғ неъматидан маҳрум қилишга ҳеч кимнинг хаққи йўқ.

* * *

ЮРАКДА ТУГУН ХОСИЛ ҚИЛГАН
ТЎҚНАШУВЛАРДАН ЛАВҲАЛАР

Мустақилликнинг илк йилларида кўп қаватли уйлар хусусийлаштирилди. Биз ҳам кўп қаватли уйда яшардик. Уй волидамиз номларида эди. Маслаҳат ва розиликлари билан мен ўз номимга хусусийлаштирдим. Ўзлари имзо қўйганлар. Кейинчалик, кўп маротаба саводсизлигимдан фойдаланиб ўзингни номингга ўтказиб олгансан, деб бир неча бор жанжал бўлди. Сабр тугаб, ҳужжатларни қайта ўзгартиришга ҳам рози бўлганман.

Ҳовлига кўчиб келиб, саккиз йил яшагандан сўнг бекорга (кварт.плата) коммунал тўловлар жонга тегиб, ўша уйни сотмоқчи бўлдим. “Опангни рози қил” дедилар. Опам “менга ҳеч нарса керакмас” деди. Охир-оқибат нотариусга борганда волидамиз имзо чекишдан бош тортиб, қайтиб келдилар. Кейин ярим йил юриб нотариусни уйга олиб келиб, яшаш шароитларини кўрсатиб, ишонч ҳосил қилдириб, яна дилхираликларга чидаб, сабр қилиб, сотишга рухсат олинди.

* * *

2000 йили эди. Бир тўйга бориб, ёш қизларнинг беҳаёлиги, беиболиги, кийиниш "одоби", мини юбкада юргани, ўзини тута билмасликларини кўриб, дилим хира бўлиб қайтдим. Уйга кирсам жияним, яъни опамнинг (20 ёшли) қизи келган экан. Акасининг тўйи яқинлашиб қолган эди. Юқоридаги воқеани эслаб, сен ҳам ўзингни шундай тутганингни кўрсам, тўйдан чиқиб кетаман, деб огоҳлантирдим.
(Изоҳ: жияним “тоғамни қизиман” дер эди). Тўйга яқин опамникига борганимда опам “Жиянингни сўяман дебсан”, деди. Жавобан: “Қизинг ҳам қурсин, ўзинг ҳам қури туҳматинг билан. Билганларингни қилларинг”, дедим. Тўйда жияним: “Мени урушманг, ота-онам шундай (беҳаё) кийинишимни талаб қилишди”, деди.

Кейинчалик қизларимга аммасининг “ёшсан, борини /фигурани/ кўрсатиб юриш керак” деган гапини ҳам эшитдик.

* * *

Шу жияним турмушга чиқди. Фарзандлик бўлди. Фарзандлик бўлган куни аввал қудаларни, кейин опамизнинг оиласини муборакбод этиш учун эру-хотин бордик. Албатта, жиянимизни ҳам бориб кўрдик. Иккинчи фарзандлик бўлганида ҳам худди шу мақсадда йўлга чиқиб, остонадан жанжал ва дилхиралик билан ортга қайтдик. “Бориб бировни уйини жанжал қиласанлар, хотининг бормасин”, дейилди. Бесабаб туҳмат қилинди. Шу сабаб мен ҳам бормадим.. Аслида мен ёки хотиним ҳеч қаерда, ҳеч қачон, ҳеч кимникида жанжал чиқишига сабабчи бўлмаганмиз.

* * *

Бир яқин дугоналари бўлардилар. Жуда яхши инсон эдилар. Вафотлари хақида хабар келди. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин. Амин.
Волидамиз бир кун аввал навбатдаги жанжални дўндириб, аразлаб, қаергадир чиқиб кетган эдилар. Икки-уч борадиган жойлари бўларди. Топишни имкони бўлмади. Жанозага мен ҳам, аёлим ҳам чиқдик. Жанозани эртаси куни пайдо бўлдилар. Ана жанжални кўринг. Оёқлар бош, бошлар оёқ бўлибди. Нега бу жанозага чиқиши керак? Бирга жанозага чиққан қўшни ҳам бадном бўлди. Жанжал узоқ кунлар давом этди.

* * *

Оилавий аҳволимиздан хабардор бўлган қариндош-уруғ ва кўшнилар орасида келинни, бебош ўғилни ҳимоя қилиб гап бошловчилар (жуда сероб эди) албатта душман қаторига қўшилар, келин тезагидан баҳраманд бўлганингда кўраман, деган жавобни олар эди.

* * *

Опамизникидаги йиғинларнинг бирида поччамизнинг қариндошлари аёлимиздан онасини соғлиқларини суриштириб, “Аввалги зиёфатларда келинимиз оғир аҳволдаги онасига қараб ўтирибди, шунинг учун кела олмади” дейишди- қайнонангиз билан қайин-эгачингиз” дейишганда аёлимнинг эс-ҳуши бошидан учган. Сабаби ўзини четлата туриб, ёлғон ишлатиб, соғлом онасини касал деб гап тарқатишган эди.

* * *

Опам ўғлини уйлантирмоқчи бўлганида бир бой одамни қизига совчиликка бормоқчилигини айтди. Мен қайтардим. Бир қанча вақтдан кейин опам менга “ғайирлик қилдинг” дея туҳмат қилди. Яна бир қанча вақтдан кейин “тўғри этган экансан, у қиз келинлик қиладиган қиз эмас экан” дейилди.

* * *

Уйга келган ўртоқларимга “хотинга чўқинган ўғил”дан шикоят қилинар эди.

* * *

Олдиларига келтирилган таомни олдини емас эдилар, яъни гоҳида очиқ-ойдин, гоҳида хуфёна олди олиб ташланар ёки бошқа бировнинг овқатига қўшиб қўйилар эди. Сабаби: келин иссиқ-совуқ қилган. Бу хақда кўп ва хўп жанжаллар бўлган. Келиннинг ҳар бир қадами жуда қаттиқ назорат остида бўлган. Ушбу масалада мен билган ягона ҳақиқат шуки, агар келин шу туҳмат қилинаётган ишлар кўчаси томон бурилганида эди, яқин атрофидагилар, жумладан қайнонаси келин хоҳлаганидек мулойим, келиннинг чизган чизиғидан чиқмай яшаган бўларди. Аксинча кўпчилик ўғил ва келиннинг ҳолига ҳамдард эди.

* * *

“Ўғлим эмас, мен пул сарфлаб олганман” деб арафа куни келинни уйига хайдалган. Аёлимни ялиниб юриб кўчадан қайтариб олиб келганман.

* * *

Жанжаллардан чарчаганимда жанжални тўхтатиш ёки бироз камайтириш мақсадида ҳийла қилиб, гўё ўзимга пичоқ урмоқчи бўлгандай таҳдид қилишга мажбур бўлганман.

Вақт ўтмоқда. Сийлаий раҳм ўрнида деб опамиз билан меносабатларни сақлаб қолишга муаффақ бўлдик. Муносабатлар яхши томонга ўзгарган.
Барчаларини кечирдим сен ҳам мени ва уларни мағфират қилгин Аллоҳим деб тақдирга тан бердим.

Воқеа қаҳрамони сўзлари асосида оққа кўчирувчи
Жадду Али Бани Одам

Номаълум синглимга мактуб

Дарвозада бир қиз кириш учун изн сўраётганини айтишибди. Домла рухсат бергач, минг бир истеҳола билан қимтинибгина остонада меҳмон қиз пайдо бўлибди.
– Ҳазрат, мен сиздан бир саволнинг жавобни билгани келдим, – дебди ожиза. – Кўп китобларни кўрдим, аммо жавоб тополмадим.
– Қандай савол экан?
– Қуръонни ота-онамдан яшириб ёдласам бўладими?
–  Нима, ота-онангиз Қуръон ёдлашингизга қаршилик қиляптими? – дебди домла ҳайратланиб.
– Йўқ.
– Унда нега буни яширмоқчисиз?
– Қиёматда ота-онамга Каромат тожини совға қилмоқчиман. “Совға”ни ўша пайтда кўрсатсам дегандим, – дебди қиз.
Домланинг кўзларида ёш айланади.
– Айни ўйин-кулгига мойил ёшда, шундай улуғ ишга эҳтиёж туйганига қаранг, – дейди мутаассир бўлиб.
Ич-ичимдан тулқинланиб кетаман. Негадир бу ҳол менинг замонам учун ноёб ҳодисадек туюлади. Ён-атрофдан сени – “ноёб ҳодиса”ни, покиза ниятли хилқатни ахтараман. Нозиккина вужудинг ва баҳор япроқларидай титраб турган қалбингга шундай улкан мақсадни жойлаганинг нақадар саодатдир, сингилжон! Сен олдингда ястаниб ётган бешафқат ҳаёт сарҳадларидан излаганингни қанчалик топасан, буни билмадим, аммо сенинг шу қарорга келишингнинг ўзи буюк инқилобдир! Сенинг мана шу мақсадингнинг ўзи буюк ажрдир!
“Каромат тожи”ни ахтариб юрган синглим, онажоним, сен қанчалар яхшисан! Яхшилигинг шундаки, сендан ва сенга ўхшаганлардангина покиза авлод ўсиб чиқажак. Покиза авлоддан буюк  миллат пайдо бўлади. Имом Бухорий ҳазратнинг оналари айтади-ку: “Ўғлим Исмоилни бирор марта таҳоратсиз эмизганимни эслай олмайман”.
Ўтган кунларнинг бирида ишхонамизга бир қизалоқ кириб келди. Бутун вужудини ёпиб турган мато нари борса бир метр бўлса керак. Эгнига илиб олган куйлаги тиззадан нақ бир қарич тепада тўхтаб қолган. Ишончим комилки, уни то шу хонагача ўнлаб, юзлаб кўзлар кузатиб келган ва яна шунча кўзлар кузатиб қўяжак! Мен маҳлиё кўзлар таъқибида тилка-пора бўлиб кетган куйлак соҳибасига минг бир истеҳола билан танбеҳ берган киши бўламан. У эса мени замон кўзгусига рубарў қилади. У шу кўзгуга қараб ўзига оро беради ва шу кўзгу қошида бахтли бўлмоқ истайди. Мен унга бахтни яланғоч бўлиб излаш шарт эмас, дегим келади. Лекин бу гапни айтолмайман. Чунки унинг тийнатида ҳам ҳали куйлаги йўқлигини билиб қоламан. 
Охират совғасини излаб юрган синглим, сенинг ютуғинг шундаки, сен бахтни ахтармайсан, у сени излаб топади. Балки бахт сенинг ўзингдадир! Қалбингдаги буюк мақсад, ичингдаги иффат ва ҳаё, тилингдаги ҳамду сано – бахтнинг бошқа исмини билмайман, ахир!
Биласанми, бир пайтлар Тошкентнинг қоқ киндиги ҳисобланмиш Самарқанд дарвозаси мавзеида бир қори-домла ўтганлар. Бу кишининг номи қори-домла бўлсалар-да, ўзлари ҳеч қачон масжид ё мадрасада хизмат қилган эмас. Бир умр автопаркда, оддий ишчи бўлиб ўтган. У кишининг Қуръони каримни тўлиқ ҳифз қилган қори эканини саноқли кишиларгина билишган. Ўзини ошкор қилишдан қўрққанлар. Бор-йўғи илмини хаспушлаш учун автопаркда ишчи бўлиб юраверган. Чунки у бандаи ожизнинг атрофи тўла коммунист, “Худони кўрсат отаман”, деб юрган каслар бўлган.
Қори-домла кечалари эл уйқуга кетганида кундуз кунги қазо намозларини ўқиб, йиғлар эканлар: “Парвардигаро, Сен менга илм бердинг, лекин мен буни яхшиликка, оддий фарзандларим таълим-тарбияси  учун ҳам тадбиқ этолмадим”.
Орадан йиллар ўтибди. Оилада уч нафар ўғил бирин-кетин вояга етибди. Бир куни қори-домлани ярим кечаси аёли туртиб уйғотибди:
– Отаси, уйга киринг, сизга учта совғам бор, – дебди.
Бемаҳалда берилажак “совға”ни эшитган қори-домла минг бир хавотир билан уйига кирибди. Қараса, меҳмонхонада учта жойнамоз устида уч ўғил ўтирган эмиш. Умрида “Бисмилло”ни ўргатмаган ота ўғилларининг жойнамозда ўтирганини кўриб, аёлига қараб ҳайратланибди.
– Отаси, ўғилларингизни Қуръондан имтиҳон қилиб кўринг-чи, саводи қай даражада экан, – дебди аёли.
– Ахир булар Қуръонни қаердан билишади!
– Сиз аввал сўраб кўринг-чи!
Қори-домла бирин-кетин ўғилларига юзланибди. Ўғиллар Қуръоннинг истаган жойидан қироат билан, фасоҳат ва балоғат билан ёддан ўқий бошлабдилар. Кўзларидан тирқираб оқаётган севинч ёшларини яширолмаган ота аёлига юзланибди:
– Бу қандай мўъжиза?
– Бу ҳеч қандай мўъжиза эмас, отаси. Бугун ҳуфтонда кенжатойингиз ҳам акалари сингари Қуръони каримни тўлиқ ҳифз қилиб бўлди. Қўлимдан келгани шу: мана сизга учта забардаст қори!
Қори-домла аёлининг қўлларини кўзларига суртиб ҳунграб йиғлаб юборибди.
Менинг саодатли синглим, сен ўша онанинг невараси эмасмисан? Танидим, сен ўша аёлнинг қавмидансан! Мен буни сенинг ниятингдан, журъатингдан танидим. Энди сенга бир савол: атрофингга қара-чи, опа-синглинг кўпми? Чунки СЕНИНГ кўплигинг – яхшиликнинг, илмнинг, ҳикматнинг кўплигидир.
Имом Шофеъий ҳазрат ҳақида эшитгансан, тўғрими? Бир куни ўша зот, устозининг зиёратига бормоқчи бўлибди. Имом Шофеъийнинг келаётганини эшитган устоз, қизига айтибдиларки: “Уйимизга бир нозик дидли меҳмон келаётган экан. Ҳаммаёқни покиза қил, озгина таом тайёрла, чунки у киши жуда кам овқат ейди. Кечқурун 2-3 та обдастада таҳорат суви тайёрлаб қўй, чунки меҳмон кечаси билан намоз ўқийди”, дебди.
Имом Шофеъийдек зотга устозлик қилган одамнинг тарбиясини олган қизнинг ақлу фаросати ҳам шунга яраша бўлади-да. Қиз отаси айтган ишларнинг ҳаммасини рисоладагидек адо этибди. Бироқ қизни бир нарса ҳайратлантирибди: кечқурун шунчаки мулозамат юзасидан меҳмоннинг олдига қўйилган бир лаган таомдан бир қошиқ ҳам қолмабди. Эрталаб қараса, меҳмонхона эшиги тагига тайёрлаб қўйилган 2-3 та обдастадаги сув камаймасдан турган эмиш. Отаси мақтаган меҳмон ҳатто бомдод намозига ҳам турмабди.
Қиз бу ҳайратларини отасига айтибди. Бундан устоз ҳам таажжубланиб, меҳмонхонага борибдилар. Қараса, Имом Шофеъий ҳазрат ҳамон жойнамозда ўтирган экан.
– Ҳазрат, – дебди Имом Шофеъийнинг юзларидан нур жилваланиб, – кечаги овқатни ким пиширган бўлса ҳам Аллоҳнинг шундай бир муқарраб қули эканки, бу таом олов билан эмас, тасбеҳ ва таҳлил билан пишган экан. Умримда бундай хуштаъм ва тасбеҳ садолари келиб турган овқатни емаган эдим. Бу таом мени туни билан ухлашга қўймади. Хуфтон намозининг таҳорати билан бомдод намозини ҳам адо этдим.
“Каромат тожи”ни излаб йўлга чиққан синглим, балки сен ўша устознинг қизидирсан? Ҳа, танидим, сен ўша қизсан. Чунки сенинг эзгу ниятингдан ҳам тасбеҳ садолари эшитилиб турибди. Сен то Унинг ҳузурига боргунча ўша садоларнинг соҳибаси бўл! Шунда “Каромат тожи”ни топасан! Сафаринг бехатар бўлсин...

Алишер Назар

У

Ўзимни таниганимдан бери У мен билан бирга. Ҳар ишимда, ҳар кечмишимда ҳамдам, ҳамнафас. Лекин У билан ҳеч чиқишолмаймиз. Баъзан жуда ошириворади. Устма-уст савол бераверади: "Нега бундай қилдинг? Наҳотки уялмасанг? Қачонгача шундай юрасан?"
Кеча бундай бўлди: тушликдан қайтаётган эдим. Қаршимдан бир қиз келаверди. Бир қизки... (биласиз, баҳор келиши, кунлар исиши билан табиат жонланиб, ҳамма нарса ОЧИЛАВЕРАДИ) Энди нима десам экан, кўзим қамашиб қолган бўлса керак-да, У мени бир туртди: "Сен мўминмисан?"
“Ҳа, ҳар қалай даъвоиймиз шунақа”, дедиму унинг навбатдаги саволларидан қўрқиб, “бўлди бошқа қарамайман, шунчаки кўзим тушиб кетди”, деб қўшиб қўйдим.
Шунинг ўзи етарли, тўғрими? Лекин У бунга қўймайди-да. "Қанчалик мўминсан?", деди.
“Қанчалигини билмайман, лекин...”, дедим довдираб.
"Унда бир гап айтаман, шунга қараб қанчалик мўмин эканингни билиб ол", деди.
Мен рози бўлдим. У бундай деди: "Қаршингдан келаётган ҳар қандай ожизани бу менинг синглим, бу менинг опам, деган эзгу хаёлга кела олсанг, сен яхши мўминсан".
"Тўхта", дедим ичимда. Камина ходимингиз ҳам жа-а қалин-қалин китобларни ҳатм қилмаган бўлса-да, ҳар қалай, унча-мунча китоб варақлаган, ўзини оқлаб олишга қурби етади.
“Менга қара, – дедим жиддий туриб, – Аввало, қаршимдан келаётган ўша ожиза ростдан ҳам опамга ёки синглимга ўхшаб келиши керак-да. Унинг келишини кўрдинг-ку, кўрпанинг ичида ҳам кийиб ётишга уяладиган алламбалоларни кийиб олган. Шунга...”
Анови оғзимга битта туширди: "Қўй ўзининг оёғи билан осилади". Сен шу фитнадан сақлана олсанггина мўмин бўласан-да".
Тўғриси, яна бир балолар деб ўзимни оқламоқчи бўлдиму, лекин "ўтмади".
Ана шунақа! Уни деб тузукроқ атрофга ҳам қарай олмайсан.
Сиз суд жараёнида қатнашганмисиз? Судда албатта битта "қораловчи" иштирок этади. Жиноятчининг энди бироз "юки" енгиллашди деганда, битта савол билан ҳаммасини барбод қилади. Бизнинг сафардош ҳам шунақа! Қораловчи! У билан шу пайтгача қанча йўл босган бўлсак, бирор марта мени мақтамади-я! Мақтамаганига яраша ҳалал беришини-чи...
Қайси куни ГАИга тушдим. Айб ўзимда. Телефон жиринглаб қолди. (Нима қилай, фойдали эди-да) Қарасам, "ока"лар кўринмади. Шартта олдим. Мен нодон тузукроқ қарамаган эканман, бир қизил таёқни симёғоч тўсиб турган экан. Ўлгур симёғочнинг келиб-келиб туриб қолган жойини қаранг!
– Ока, бошлиқ телефон қилиб қолганди, иложини қилолмадим, – дедим.
"Эй, ёлғончи, нималар деяпсан?" деди анови Қораловчи.
“Жим турсанг-чи, жарима икки юз мингдан ошиб кетади ахир”, дейман ғижиниб.
"Шунинг учун қоидага амал қилиб юриш керак. Айбингни тан ол ва жазоингни торт!"
“Ҳой, шафқатсиз! Мен шуни тўламасам давлатнинг ғазнаси бўшаб қоладими?”, дедим жаҳлим чиқиб.
– Ким билан гаплашаяпсиз? – деди ГАИ ходими ҳайрон бўлиб.
Тавба, жаҳл устида гапириб юбордим шекилли.
– Ака, сиз билан гаплашаяман! Агар талонга ёзворсангиз, кейин ростдан ҳам ўзим билан ўзим гаплашиб қоламан, – дедим кулиб.
ГАИ акамнинг кўнгли бўш одам экан. Очиқкўнгил, меҳрибон ва оқибатли экан. Мени “қўйиворди”. Мен акамга қайта-қайта раҳмат айтиб машинага чиқсам, У нима дейди денг: "ГАИ ҳам ўзингга ўхшаган виждонсиз экан".
Хўш, бунга нима дейсиз энди? ГАИдан қутилса бўлади, аммо бундан қутилиб бўлмайди. Бунинг айтиши бўйича, мен хато қилдимми, жабрини тортишим керак экан. Икки юз минг сўмлик жаримани тўлашим керакмиш. Тўламайин десам, рисоладагидек юришим керак экан. Эй барака топкур, мен оддамман-ку ахир! Яхшиям бир жойдан ўқиб олган эдим: инсон "нисён" – “унутувчи”, “адашувчи” экан. Ҳеч гап тополмасам, Ундан шунақа деб қутиламан.
Яқинда олис вилоятдан бир қадрдон ака келиб қолди. У киши бир каттароқ ишни бошлаган экан. Шунга бир ҳимо бериб юбориш керакмиш. Худди мен пойтахтнинг яримини сўраб тургандай, шу ишга ёрдамлашиб юборишим керак экан.
– Ака, бунақа ишлар менинг қўлимдан келмайди, ундан кўра шеър ёзиб бер денг, – дедим ҳазилга буриб.
Қайдам, ишонмайди ярамас.
– Сизнинг таниш-билишларингиз бор, ҳаммаси ҳал бўлган, фақат пойтахтдан кимдир айтиб қўйса бўлди, – дейди.
Мени шунақа ишларни ҳам ҳал қилади деб ўйлашса, демак, мен ҳам чакана одам эмас эканман-да, деб шишиниб ҳам қўяман ичимда. Лекин менинг "танка"м – бор-йўғи ҳалиги Қораловчим, бошқа ҳеч кимим йўқ. Энди буни меҳмонга қандай тушунтирасан. Ахир у шунча йўлдан эмраниб келиб ўтирибди. Нима десам экан? Ўйланиб қолдим.
"Нега ўйланасан, бунақа ишларга мутлақо аралашма!"
Кимлигини биласиз-ку, У яна бошлади. Ана энди икки ўт орасидаман. "Қўлдан келганча ҳаракат қиламан дейман”, дедим Унга. "Қўлингдан келмайди, келганда ҳам аралашма", деб жеркиб берди У. Лекин мен барибир айтганимни қилдим.
– Ака, қўлдан келганча ҳаракат қиламан, лекин иш битмаса хафагарчилик бўлмасин, – дедим.
– Ука, сиз шу ишнинг пайида бўлинг, хизматингиз ерда қолмайди. Ҳаммаси жойида бўлади.
Меҳмонни кузатдим. Меҳмон билан бирга унинг таклифини ҳам, "хизмат"ларини ҳам қўшиб кузатиб юбордим. "Бирон ойлардан кейин иш битмади", деб қўяман-да, дедим ичимда.
Қизиқ бўлди. Мен ичимдагини айтишга ҳам улгурмай, роппа-роса бир ҳафтадан кейин қадрдоним завқ-шавқ билан сим қоқиб қолса денг!
– Ука, минг раҳмат сизга! Ҳаммаси жойида бўлди, эртага эрталаб учрашамиз!
Худбинликни қаранг, индамай қўяқолдим. Майли, ҳафсаласи пир бўлмасин дедим-да. Лекин аканинг келишига ишонмаган эдим. Ҳарқалай, у энди иши битган одам-ку! Аммо ака ваъдасига биноан эртасига етиб келди. Олдимга "тап" этиб бир нарса ташлади. Қоғозга ўралган "нарса"нинг бир чеккаси озгина очилиб қолди. Оҳ-ҳо, жуда "мазмун"ли! Пачақроқ бир машина беради.
– Ука, бошлаган ишларимиз юришиб кетсин, ҳали яна гаплашамиз, – деди.
Имтиҳонни қаранг! Эй Худо, нега бунча оғир "савол" бердинг, дейман ўзимга-ўзим. Бир пайт, одатдагидек У келди-ку!
"Ака, мен сизнинг ишингизга мутлақо аралашганим йўқ, бу пулингизни ололмайман, де! Қани, бошла", деди.
“Менга қара, – дедим жиддий туриб, – у шу пулни Худо рози бўлмайдиган бирор жойга сарфлаворади. Мен озгинасидан фойдаланаману, лекин муҳтожларга ҳам ёрдам бераман!”
"Бўлмайди, сен ёлғон айтиб пул оляпсан", деди.
“У ўзи рози бўлиб беряпти. Бунинг устига, жуда керакли пайтда келди. Ахир ҳозирги аҳволим ўзингга маълум-ку!”
Хуллас, У билан роса тортишдим. Охири, мен ғолиб чиқдим. Сир бой бермай, пулни олиб қолдим. Меҳмоним менинг қудратимга тасаннолар айтиб ишига кетди. Бир зумда бойиб кетдим. Ҳалигини ушлаб-ушлаб қўяман. Жуда жозибалида ўлгур! Шиқир-шиқирини эшитсанг, яна санагинг келади. Лекин менинг бу завқ-шавқимни У расво қилади-да: "Сен қандай одамсан? Қанақа мусулмонсан? Нега сен охиратдан қўрқмайсан?" Саволларнинг салмоғини қаранг! Қани энди бундан қочиб қутилолсанг. На ҳушимда, на уйқумда ҳаловат қолди.
– Нега хомуш бўлиб қолдингиз? – дейди хотин.
Хотинга бу сирни айтиб бўладими? Билиб қолса дарров "ремонт қилиш керак" бўлиб қолади. Анови эса тинчимайди: "Ҳалол йўл билан топилмаган бир дирҳам пул...", деб бошлаб қолади. "Ўзим ҳам биламан буни", деб бақираман. "Билганларига амал қилмаган...", деб яна жон жойимдан олади.
Охири бўлмади. Учинчи куни йўлга тушдим. Дабдурустдан қадрдон акамнинг уйига кириб бордим. Ака мени кўриб шошиб қолди. Ким билади, у нималар деб ўйлади.
– Ака, – дедим мен ҳам столнинг устига ҳалигини "тап" этиб ташлаб, – сизнинг ишингизга мен мутлақо аралашганим йўқ. Бу сизга Худонинг бир лутфи бўлди. Ишингиз ўз-ўзидан битиб кетган. Мана, берган пулингиз, буни мен ололмайман. Ўша куни нафснинг ғулғуласи билан олиб қўйдим. Аслида...
– Ука, сизга минг раҳмат! Биласизми, сизга бормасимдан олдин бу пул бир амалдорнинг қўлида эди. У мени салкам бир йилдан бери алдаб юрганди. Бир амаллаб олиб, сизга бергандим, – деди у жиддий туриб. Сўнгра кўзлари ғилт-ғилт ёшланиб, менга қаради:
– Сизни қиёматлик укам десам, рози бўласизми?
– Албатта!
– Ака-укалар бир-бирига ҳадялар берса бўладими?
– Бўлади, – дедим мен. Ишонинг, хаёлимга ҳеч нарса келгани йўқ. Сиз билмасангиз, У билади. Чунки шундоққина ёнимда турганди.
Ака столдаги "бир даста"ни олдимга суриб қўйди.
– Мен сизга чин дилдан ҳадя қилдим!
– Ака, бу жуда катта...
– Худо менга бундан ҳам кўпроғини бериб қўйибди, – деди у.
Уйга қайтдим. Кайфиятимни айтмайман. Биламан, айтсам устимдан куласиз. Йўл-йўлакай Ўзига муножот қилдим: Ўзингга шукур, шуни менга ҳалол қилиб бердинг! Яхшиям менга бир Қўриқчини ҳамроҳ қилдинг! Йўқса мен...
Гапимни тугатолмадим.
“Ўл-а, чўнтагингга тўрт сўм пул кирса шунақа муножот ҳам қилиб қоларкансан! Сенга шунақа қилиб келиб турса, эслаб қоласан-да-а?!” деди У.
Яна бир нарсалар демоқчи эдим, афсуски, қолгани бўғзимда қолиб кетди. Айтишга анавидан уялдим. Нима қиларимни билмай, ғунғиллаб-ғунғиллаб қўяқолдим. Сўнгра киши билмасгина қилиб, чўнтагимни ушлаб қўйдим-да, йўлда давом этдим.

Алишер Назар

Хотинини синамоқчи бўлган эр

Йигит хотинини синамоқчи бўлиб мактуб ёзди. "Хотин, мен бошқасини севиб қолдим. Ўша билан бирга бўлиш учун унга кетдим", дея йигит хотинини ҳайратга солмоқчи бўлибди.
Хотинини дод-вой солиб, йиглашини кўз олдига келтириб, энтикиб кетди ва каравот тагига яширинди.
Хотини келди. Хатни очиб ўқиди ва кулиб бир нарсаларни ёзди. Бирдан кимгадир телефон килди: "Жоним, эримдан қутилдим ва ниҳоят у овсар кетди. Энди бирга бўламиз. Ҳозир ёнингизга боряпман, деб кийиниб чиқиб кетди.
Йигит ўзи ҳаратга тушди, аламдан бўкириб, деворларга мушт билан зарбалар берди. Рашк азобида ёниб, ўртанди. Йигит бўлса ҳам ёш қизчалардек йиғлади. Сўнг келиб, аста хатни ўқишни бошлади, хатда эса: "Жиннивойим, оёқлариз каравот тегидан кўриниб турибди. Мен нонга тушиб келай", деган ёзувлар бор эди. : ))

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Етим қизалоқ

Қизалоқ болалар уйида ота-онасининг юзини ерга қаратмасликка тиришарди. Улғайиб, мактабга боргач ҳам шуни ўйлади. Бир куни унга “ўғри” деб туҳмат қилишганида, энди ўзини ота-онаси  ёмон кўриб қолишидан қўрқиб кетди. Йиғлади. Ота-онасига айбсиз эканини айтгиси, уларни жуда кўргиси келарди...

Ҳозир сайтимизда 56 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ