1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Ҳазрат Умарга хотинидан шикоят қилгани келган одам

Ҳазрат Умар (р.а.)нинг халифалиги даврида бир одам шаддод хотинининг турли жанжаллари, бақириб-чақирувларидан шикоят қилгани келди.
Ул одам Ҳазрат Умарнинг.эшиги олдига келганида қулоғига бир хотиннинг қаттиқ овози келди. Бироз тараддудда қолди, қулоқларига ишонмади. Ишонмади, қандай ҳам ишонади! Ҳазрат Умарнинг хоними Умму Гулсум хожаси - эри Ҳазрат Умарга бақириб-чақирмоқда. Ҳазрат Умар эса ҳеч овозини чиқармас эди.
Хотинидан шикоятга келган одам ўз-ўзига шундай деди:
- Мен хотиним берган ҳузурсизликдан, хотинимнинг ёмон феълидан, менга бақириб-чақиришидан халифага шикоятга келган эдим, токи ҳузур топайин, уйимдаги жанжалдан қутулайин деб. Бу қандай тақдирки, менинг бошимдаги ғам ҳалифанинг ҳам бошида бор экан. Яхшиси у ердан кета қолайин, -деди.
Ул одам қайтиб кетар экан, Ҳазрат Умар (р.а.) уни кўриб қолди ва:
- Нега келган эдинг, нега кетяпсан, - деди.

- Сизга хотинимдан шикоятга келган эдим. Айни бало, айни дард сизнинг ҳам бошингизда борлигини кўриб шикоятдан воз кечдим. Шунинг учун кетаётган эдим, - деб жавоб берди ул одам.
Бунинг узрига Ҳазрат Умар (р.а.) ул одамга бундай насиҳат қилди. — Менга яхшилаб қулоқ сол! Оиламнинг менда баъзи ҳақлари бордир. Менга қилган хизматлари сабабли мендан бу ҳақларининг қадрини билишимни истайди. Сабр-қаноат билан қилган хизматлари ва ҳақлари ушбудир:
1. Хотиним Жаҳаннам оташи билан менинг орамда бир пардадир. Кўнглим у билан роҳат топади. Ҳаромга боқмайман (яъни, у менга хотинлик вазифасини бажаради).
2. У мен учун уйимнинг бир муҳофизидир (қўриқловчиси, муҳофаза этувчисидир). Мен уйимдан чиқсам, у уйимда мол-мулкимни сақлайди, уйимнинг бекаси бўлиб қолади.
3. Кийимларимни ювиб тозалайди. Уйимнинг бошқа юмушларини бажаради. Уйимнинг тозалигини, болаларимнинг покизалигини сабр-қаноат билан таъминлайди.
4. Болаларимни тарбиялайди. Уларга едириб-ичиради, кийдириб ясантиради. '
5. У менинг овқатимни пишириб, олдимга қўяди. Шунча хизматларни ўрнига қўйиб бажариб миннат қилмайди.
Ҳазрат Умар (р.а.) дан бу насиҳатларни эшитгандан кейин, хотини устидан шикоят қилгани келган одам:
- Сенга қилинадиган бу хизматлар менга ҳам қилинади. Сен хуш кўриб унинг баъзи қусурлари, камчилигини кечирганингдан кейин, мен ҳам хотиним қусурларини кечираман, - деди.

Изоҳ ва ўгит

Эй, уйида ҳузур истаган қардош!
Барча кўргуликларимиз динимизни билмаганимиздандир. Ҳазрат Умар (р.а.) каби бир зотни бундай хушхулқ қилган фақат ислом динидир.
Ҳазрат Умар (р.а.)нинг қандай одам бўлганлигини қўлингиздаги бу китобдан ўрни келганда билиб оласиз. Ислом дини инсонни қандай баркамол этади? Ислом инсонни қандай маданий бир инсон этиб тарбиялайди?
Ҳақиқий бу мусулмон инсонларга зарар бериш ва уларни хафа қилиш эмас, ҳайвонларга ҳам зарар етказмайди, ҳайвонларни ҳам қийнамайди.
Бошимизга келадиган балолар, кўрадиган аламларимиз яхши мусулмон бўла олмаганимиздандир. Динимизни билмаймиз. Бир бола ҳам биладиган 32 фарзни билмаймиз. Ҳатто ғусл қандай қилинади, шуни ҳам билмайдиган қарияларимиз бор.
Бўлмаса жоҳил бир эр нега хотинини қийнайди? Чунки ул эр хотинини қадрини билмайди.
Шунга ўхшаш, дин, имонни билмаган жоҳил бир хотин эрига азият ва ҳузурсизлик етказишдан бўлак нима ҳам қиларди?
Жоҳил эрлар хотинларининг қадрига етмагани каби, жохил аёллар ҳам хожаларининг қадрини билмайдилар.
Бундай жуфтлардан қурилган оилаларда бир-бирларини тушуниш бўлмайди, натижада улар бир-бирларига азоб берадилар. Бундай оилада ҳузур деган неъматдан асар бўлмайди.
Шундай оилада ўсган болаларга Аллоҳ ёрдам берсин. Омин!
Чунки заволли уйларда кўз ёшлари тинмайди. Она ва ота жанжалидан гуноҳсиз болалар азоб чекадилар. Фарзандларининг кўз ёшлари тинмоғи учун ота ва оналар диндор ва ақлли инсонлар, марҳамат соҳиби бўлишлари зарурдир.
Шуни унутмайликки, уйимизда бахтли бўлишимизнинг шарти ҳамма одам ўз зиммасига тушган вазифасини яхши бажариши ва одобли бўлишқдир.

Намоз билан эрини йўлга солган хотин

 Беш вақт намозини адо этувчи бир мусулмон хоним ичишни яхши кўрадиган бир одамга турмушга чиқди. Ҳар куни хожаси уйига ширакайф бўлиб келади. Уйига тўғри келган кун бўлмайди. -Динга ниҳоятда эътиқоди юксак бўлган мусулмон аёл, беш вақт намозларининг орқасидан хожасининг тузалиб кетишини ва ичкилик деган ёмон заққумдан халос этишини Аллоҳдан сўраб, кўз ёшларини тўкиб ёлборади. Кунлар, ойлар ўтади. Аёл ўз хожасига хизматини яхши ўтайверади. Сархуш юрадиган эр ўз хотининг хуш феълидан, хизматидан мамнун. Аммо унга бундай юриш одат бўлиб қолган. Мусулмон хотин намозларидан кейин кўз ёшларини тўкиб, эрининг яхшиликка юз буришини сўрайди. Кечалари хожасини безовта қилмаслик учун ўрнидан туриб бошқа хонага чиқиб намозини ўқиб, дуо қилади: - Аллохим! Ҳузурингда гуноҳкор қўлларимни очдим. Сенга ёлбораман. Мени авф эт, гуноҳимни кечир, ё Раббим! Сенга кўз ёши тўкиб ёлбораман. Сенинг розилигинг учун адо этадиган намозларим ва тўккан кўз ёшларим, сенга бўлган бениҳоя имоним, даргоҳи иззатингдан маъқул бўлса, сенинг розилигинг уйғун бир ибодат ва имон берса, эй улуғ Аллоҳим! Шуларнинг хотири учун шу онда ётоғида ухлаётган хожамни ҳам ислоҳ айла, тузатгин, у гуноҳ ишлардан қайтсин. Хожамга ҳидоят бер, эй Раббим! Эй Раҳмон-ва Раҳим бўлган Аллоҳим! Дуойимни қабул айлагил! Ўз одатига кўра хотин намозини ўқир экан, хожаси уйғониб қараса, ёнида хотини йўқ, ётоқхонада ҳам йўқ. Ул одам шубҳаланди. Сархушликдан боши оғриган хожа нега хотиним ёним-да йўқ, деб ўрнидан туриб уни ахтарди.
Товуш чиқармай секин уйини қараса, хотини сажда қилмоқда, кейин қўлларини дуога очиб, кўз ёшларини тўкиб Аллоҳдан сўрарди: "Эй кечиргувчи Аллоҳим, хожамни ҳам кечиргин!" Хотинининг Аллоҳ ишқида тўкаётган бу кўз ёшлари, ул одамнинг қалбида бир имон нури бўлиб порлади ва унинг ақлини ёриштирди. У бундай деб илтижо қила бошлади: - Эй, кечиргувчи улуғ Аллоҳим! Мени афв этгин! Шу ярим кечада хотиним менинг учун кўз ёшини тўкмоқда экан, мен эса унинг ҳақида ёмон хаёлларга бордим. Хотиним мени афв этишингни Сендан ёлбориб сўрар экан, мен эса гуноҳга ботиб ётибман. Бу тушми ўзи?! Эй Раббим! Мени кечир. Сўз бераман, бугундан бошлаб оилам билан биргаликда Сенга ўзимни қуллик вазифамни адо этаман. Динимиз белгиси бўлган намозни ўқийман. Оқшомлари, кечалари уйимда хотиним билан биргаликда намозимни ўқиб уйимизни нурафшон этамиз, - деб Аллоҳга сўз берди, ҳидоятга эришди. Хожасининг бу ҳолини кўгандан кейин яхши феъл-атворли, том маънода мусулмон тарбияси билан вояга етган ёш хоним севинч кўз ёшларини тўкиб, эрининг бўйнидан қучиб шод бўлди ва: - Ё Раббий! Сенга мингларча, юз мингларча шукрлар бўлсин! Хожамни ҳидоятга еткардинг. Намозларимни, дуоларимни қабул этдинг. Сенга мингларча шукрлар бўлсин, Аллоҳим, - деб севинч кўз ёшлари билан Аллоҳга ҳамд ва шукроналар айтди.

Изоҳ ва ўгит

Мусулмон қардошим! Дадаларимиз "намоз, ўқигин" деганлар, Албатта намоз ўқи! Аллоҳнинг лутфига муяссар бўлган мусулмон хоним уйининг саодатини таъмин этгани шундандир.
Аллохдан ҳузур-ҳаловат кетаб, хожасининг ибодат қилиши билан ул ҳузур-ҳаловатга етишгандир. Мусулмон одам учун энг буюк тасалли манбаи, энг буюк умид хазинаси унинг динидир, Аллоҳи ва Пайғамбаридир.
Ҳузурсиз кўнгулларга ҳузур, умидсиз инсонларга умид берувчи диндир. Бир онда бутун борлигини маҳв этган мусибатга дучор бўлган бир кимсага ким умид туйғусини бера олади? Албатта дин бу умидни бера олади. Инсонларга фақат Аллоҳ-ёрдам бера олади. Ушбу мусулмон хоним хам ёрдамни фақат Аллоҳдан истагандир. Аллоҳ унга ёрдам берди. Ўрнак бўлмиш бу ислом аёли хам ўзининг саодатини таъминлади, ҳам хожасининг ҳидоятга муяссар бўлишига ёрдам берди, хожасини маънавий юксалтирди. Уни жаҳаннам алангасидан сақлаб қолди. Бундай аёллар билан барча мусулмонлар фахрлансалар бўлади. Омин! Ислом тарихида хожасини тарбия қилган, эрини ҳидоятга етиштирган аёлларнинг мавқеи жуда баланддир. Бу бахтиёр ислом оталари, бу муҳтарам ислом аёллари баъзиларининг ўрнак бўларли ҳаётий хикояларини ушбу китобда ўқийсиз.
Оқила ислом аёли динини, имонини керакли гўзал шаклда ўрганганидан сўнгра ўша билганларининг нури ёруғида хизмат қилишга, унинг кўнглини олишга, фатҳ этишга ғайрат кўрсатиши ўзининг манфаатида эканлигини жуда яхши билади. Унинг учун қўлидан келган ишни қилади ва ўрнак бўлгудай бир ислом аёли бўлади.

Диндор одам ҳар вақт фойдали одамдир

Машҳур Ускудор ёнғинида бир давлатманд одамнинг қизи узоққа қочиб кетди. Ёнғин бутун махаллага тарқалди. Кўпгина уйлар ёниб кул бўлди. Кўрқиб кетганидан уйига борадиган йўлни йўқотиб қўйган қизча нима қилишини билмай довдираб қолди. Ул пайтларда хозиргига ўхшаган электр чироқлари йўқ. ҳаммаёқ зиндон каби қоронғу зимистон эди. Қизча жомеъенинг яқинидаги мадрасалардан бирида шам ёғдусини кўради. Деразадан қараса, бир муллавачча китоб ўқиб, дарс тайёрламоқда. Қизча қаерга борсин? Ҳаммаёқ зимистон. Бу жон қўрқуви. Бундай пайтда "денгизга тушиб кетган, илонга ёпишади" дейдилар. Қиз мулла йигитнинг эшигини тақиллатди. Мулла эшикни очиб:
- -Хуш келибсиз! Хизмат? - деди.
Қизча:
- Ёнғиндан қўрқиб уйимизнинг йўлини йўқотиб қўйдим. Бутун маҳалла ёниб кул бўлди. Ҳозир ҳаммаёқ қоронғу, уйимизни топа олмайман. Марҳамат қилиб, рухсат берсангиз тонг отгунча шу ерда қолсам, деди.
Мулла:
- Ҳай, ҳай! Бошим осмонга етган бўлур эди. Бемалол дам олинг, бошқа хона бор, - деди.
Ёнғиндан қўрққан қизча ноилож шу ерда ётиб қолди. Мулла йигит дарсини давом эттирди. Фақат лаънати шайтон муллага маслаҳат берди. "Сен нима қилиб ўтирибсан? Йигирма йил мобайнида шундай қиз сенинг хузурингга келди, унинг гўзаллигига қара?"
Мулла йигит бироз иккиланиб, сўнг бармоғини ёниб турган шам ўтига тутди, бармош куйди. "Шул бир шам ўтига чидаш бермаяпман, ёрнинг жаханнамдай оташига қандай чидайман", деди ўзига-ўзи. То тонггача шундай давом этди. Мулла йигит тонггача шайтон ва ўз нафси билан курашиб чиқди.
- Эй нафсим! Йигирма йиллик кўзим нурини бекор кетказмайман. Мен сен айтган одамлардан эмасман. Қара, бир шам оловига бардош беролмайман, - деб шайтон ва ўзининг бад-нафси ундовларига кўнмади. Тонг отгач қизча уйғониб, ташаккур айтиб уйига кетди. Қизнинг ота-онаси ташвишланиб, кўз ёшларини тўкиб ундан:
- Нима бўлди қизим? Шу пайтгача қаерда қолдинг? — деб сўрадилар ҳаяжон билан.
- Ҳеч нарса бўлгани йўқ, отажон, онажон, - деб қизча бўлган воқеани тушунтирди.
Ул одам бориб мулла йигитга ташаккур айтди, унга пул бериб миннатдорчилигини изҳор этмоқчи бўлганида, у олмади.
Мулла йигит:
- Мен ҳеч нарса қилмадим. Мен дарсимни тайёрлаб ўтирган эдим, қизингиз эса бу ерда тонгни кутиб ётди, - деб қизнинг отасини тинчлантирди.
Аммо қизчанинг отаси бу яхшиликка миннатдорчилик билдирмоқчи бўлди:
- Эй, Аллоҳ ошиғи мулла! Менга тўғри сўзла. Бармоқларинг нега куйган? Нега ўзингни бунча қийнадинг? Менга тузукроқ тушунтиргин, - деди.
- Афандим, сиз учун мен қилган бирор яхшилик йўқ, нимаики қилган бўлсам, ўзим учун қилдим. Йигирма йилдирки, қишлоғимдан бу ерга илм олишга келганман. Ота-онамни соғинаман. Бу йил ҳужжатимни олиб ота-онамнинг олдиларига бораман. Йигирма йилдир-ки, нафсимни тарбияси билан шуғулланаман. Нафсимни тарбия қилдим дей ўйлардим. Бугун кўрдимки, тарбия эта олмабман. Нафисмга: "Тарбия олган бўлсанг шам ўтига чидайсанми?" дедим, чидамади. Бармоқларимнинг сарғайгани шундан, - деди мулла йигит. Ул бадавлат одам мулла йигитнинг қўлидан ўпди ва:
- Тушундим, - деди-да, давом этди. Агар рози бўлсанг мен сенга озгина хизматда бўлсам. Сен шу кундан бошлаб кўшкимнинг азиз меҳмони бўл! Истасанг фарзанд ўрнида кўрайин. Қабул қилсанг қизимни сенга берайин. Менинг қизим ҳам сен каби фазилат ила камолга етган. У яхши фазилатли диндор бир зотга лойиқдир, фазилат намунасидир.

Изоҳ ва ўгит

Эй, Хаққа интилган! "Ўлимдан сўнг тирилмоқ бор" деган сўзга фазилатли диндор одам ишонади. Дин тарихи инсонийлик тарихи демакдир. Инсоният тарихи қадимий бўлгани каби, дин тарихи ҳам қадимийдир.
Модомики, инсон дунёга келдими, диннинг ҳам дунёга келиши лозим эди, Инсонлар билан баробар дин хам дунёга келди ва бу ҳол қиёматга қадар давом этади. Ер юзида диндорлар қолмаса, дунё динсизларнинг бошига йиқиладир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) "Ер юзида "Аллоҳ, Аллоҳ, ла илоҳа иллаллоҳ дегувчилар бор экан, дунё бузилмайди, қиёмат бўлмайди", деганлар.
Дунёда ҳузур ичида яшашни истаган динига амал қилиши зарур. Ўз фарзандларини ҳам диндор этиб тарбиялаши керак.
Дин Аллоҳнинг қонуни, Аллоҳнинг амридир. Дунё эса Аллохнинг мулкидир. Аллоҳ бу дунёда рухсат берган нарсаларини қиладиган, манъ этганларидан қочадиган итоатли, азиз қулларига ҳузур беради, роҳатга етиштиради.
Динсизлик ҳузурсизликдир. Динсизлик ҳар бир фалокатнинг бошидир. Инсон фарзандини фақатгина дин тарбия эта олади. Динсиз одам ҳирсининг товони йўқ. Динсиз одамда номус, шарафдан бир асар йўқ. Динсиз одам йиртқич ҳайвонлардан ҳам зарарлидир. Бошқаларнинг номус ва шарафини ҳурмат қилмайди, билмайди. Пайти келиши биланоқ хиёнат қилади. Бошқа одамни йиртқич ҳайвонлар каби пора-пора қилиб ташлайди. Шунинг учун динсиз одам ниҳоятда зарарлидир. Динсизлик бир фалокатдир.

Хожасини (эрини) диндор этган хотин

Хожаларини тарбия этган кўпгина ислом аёлларида бири ҳақида ҳикоя Яхши хулқли мусулмон аёл бир бадавлат одамга турмушга чиқди. Чиройли турмуш қурдилар. Бадавлат одам хотининг гўзал табиати, яхши одоби, хуш хулқидан мамнун эди.
Бир кун ул- одам кечаси уйқудан уйғониб кетди. Аёлида сув сўради, "Хожамнинг юраги куйиб турибди шекилли, ҳарсрати ҳам борга ўхшайди. Уйдаги сув илиб қолған. Туриб совуқ сувдан олиб келайин, у совуқ сув ичсин", деб ўйлаб ҳовлидан сув олиб келгани чиқди. Сувни олиб келса, эри яна ухлаб қолибди. Одобли аёл эрим уйғониб қолар, деб идишдаги сувни кўтариб ўтираверибди. Бир қанча вақт. ўтганидан кейин эри уйғонибди. Ул одам: "Хоним, нега ўтирибсиз?" деб сўраса, аёл - Афандим, сиз сув сўраган эдингиз. Уйдаги сувдан беришга кўнглим бўлмади. Эримнинг юраги ёнмоқда, совуқ сув берай, деб совуқ сувга бордим, Сув олиб келгач, сизни такрор уйқуда кўрдим. Уйғотгани кўзим қиймади. Хожам балки завқли бир ҳол, рангин бир рўёдадир, деб ўйладим. Уйғонишингизни кутдим. Сувни ичинг, афандим, - деб жавоб берибди.
Аёлининг бунчалик меҳридан, қадршунослигидан ниҳоятда мамнун бўлган хожа қўлига сувни олмай, севинч ёшларини тўкиб:
- Сендек хуш хулқли, ҳикматли бир хонимга соҳиб бўлганимдан саодатлидирман. Хуш хулқли, оқила хоним мендан тилагингни тила, нима яхшилик қилай, - деди.
- Сизнинг соғлигингизни истайман, - деб жавоб берди аёл.
- Хайр майли, хоним, мендан ҳеч нарса сўрамайсан. Сенинг бу муомалангдан олган қувончим, мамнунлигим эвазига сенга бирор яхшилик қилигим кёляпти, -деган эди аёл:
- Менга ҳеч нарса керак эмас, сизнинг соғлигингизни истайман, - деди яна. Ул одам:
- Хоним, айт-чи, нима хоҳлайсан, - деди.
Ул аёл:
- Менинг жавобимни беринг, афандим, - деди.
Ул одам жавоб бера олмай қолди. Аёл давом этди:
- Гапиринг, жим ўтирманг, афандим. Сўз бердингиз, менинг орзуйим шу - сиздан ажралиш. Хоҳ ишимни адо этинг, -деди.
Шунда хожа ётган еридан тураман деб оёғи қайрилиб йиқилди. У "Аллоҳ" деб қичқириб юборди. Аёл хожасини қўлидан тутиб қолди, ва
- Туринг ўрнингиздан, жойингизга ётинг, - деди.
Ул одам:
- Ҳеч ҳолим йўқ, - деди.
Хотини:
- Жойингизга ётинг энди ажралишга сабаб қолмади, - деди.
Ул одам:
- Хоним, нега бундай фикринг тез ўзгарди? Бу ишнинг ҳикмати, бир нозиклиги бор, шуни менга айтиб бер. Сен ҳикматсиз бир иш қилмайсан, ул ҳикмат нимадир? - деди.
Аёл:
- Афандим, йиллар ўтди. Турмуш қурганимизга мана ўн йил бўлди. Бошингизга ҳеч бало-қазо келмади. Ўн йилки бир дард кўрмадингиз, аммо бир марта ҳам "Аллоҳ", демадингиз,
Аллоҳнинг бунча неъматларига шукр этганингизни билмадим.
Аллоҳнинг сизни ҳозир йиқитишйнинг ўзи бир ҳикматдир. Аллоҳ Фиръавннинг бошини ҳеч оғритмаган, бу Фиръавндан ўз неъматини кесиб қўйганининг аломатидир. Сиз "Аллоҳ" дедингиз, шунинг учун ажралишимизга сабаб қолмади, - деди.
" Шундан сўнг ул тантиқ эр ҳидоятга эришиб, меҳрибон аёлининг воситаси ила ибодат қилишни бошлади. "Аллоҳ" деди, шукр этди.
Албатта, Аллоҳ кимни севса, унга ўзининг ҳабибларини восита этади. Доимо Аллоҳни эсда тутайлик. Диннинг амрларига амал қилиб, ибодатдан қолмай, Аллоҳ неъматларига шукр этайлик.
Шундай ақлли, оқила, тадбирли, иродали, хожасини тушуниб унга хизмат қилиш зарурлигини англаб, ислом аёлига ярашадиган ҳаракат билан эрига хизмат этувчи хотинлар ёронларга муборак бўлсин! .
Меҳр ила динсиз, билимсиз, жоҳил хожаларини ислом тарбияси билан тарбиялаган, уларнинг кўнгулларини гўзал ахлоқ, яхши феъл атвори билан фатҳ эта олган ва хожаларини имонсизлик зиндонидан, динсизлик зулматидан қутқарган ислом аёллари бахтиёр аёллардирлар. Аллоҳ ислом учун бундай хонимларимизни доимо соғ-саломат этсин. Омин!

Орзулари осмон қиз ёҳуд жаҳолат қурбони

Мен уни илк маротаба метрода учратиб қолдим. Метро тўла одам лекин мени еътиборимни айнан у тортди. Уни узоқ кузатдим. Одатим шунақа, озроқ бўш вақт топсам одамларни кузата бошлайман. Бирни кўриб фикр, яна бирни кўриб шукур қиламан. Кутаётган поездим келгач вагонга чиқдим. У ҳам менга ергашди. “Йўлимиз бир шекилли” кўнглимдан ўтказдим. Бир бекатга келганда тушдим, у ҳам. Мен ёзиб олган манзилимни суриштира кетдим, сўраб топиб борганимда яна у билан рўбару бўлдим. У дугонамнинг ҳамхонаси еди. Мени кўриб уни юзаги ҳам ним табассум ёйилди: “Шу ерга келишингизни билганимда ўзим бошлаб келардим” деди. У мени яхши биларди, дугонам сўзлаб берганлари орқали мени феъл-атворимни тушуниб олганди. Билмадим, бу қизнинг нимаси еътиборимни жалб қилди: Балки инсонларга умидсизлик билан боқаётган кўзлари, балки сўнган ҳаётга бўлган муҳаббат. Тезда дўстлашиб олдик. Ёш бўлишига қарамай бошидан кўп аламлар ўтказган бу қиз менга сабр ва матонат тимсоли бўлиб кўринди. Табиатан ҳар нарсага қизиқувчанман. Шу боис унинг ҳам ҳаёти ҳақида сўрай кетдим. “Менинг ҳаётим бир достон, уни тинглашга вақтингиз етмайди, яхшиси сўраманг” деди. Юрагимга ўт тушди, кўнглимга йўл топдим. У ҳикоясини шундай бошлади:

-Оилада акаларим бўлсада, мен қизларнинг каттаси едим. Шунданми, дадам мени ҳаммадан кўп еркалаб, барча истакларимни бажо келтирарди. Орзулар қанотида учиб яшардим. Ўқишга кираман, ҳаётим ўзгача бўлади деган ҳаёл сурардим. Ота-онам қаршилик билдирмадилар, ҳужжатларимни олиб вилоят маркази Термизга йўл олдим. Менга бир дугонам ҳамроҳ бўлди. Бориб ҳужжат топшира бошладик, шунда дугонамнинг ҳужжатлари тўлиқ емаслиги маълум бўлди. У: “Топширмай тур, бирга топширамиз”, деб илтимос қилди. Келганимизга уч кун бўлганди. Уч кун юриб ҳужжат топширмай бораманми, деган андиша билан розилик бермадим. Унинг кўнглига қараб, ҳужжатларни қайтариб олдим. Балки ўшанда ҳужжатларни топширганимда, ҳаётим бошқачароқ бўлармиди?! Хуллас тақдирнинг буюрганидан қочиб қутулиб бўлмас екан. Ота-онам уч кун юриб ҳужжат топширмай келганимдан жаҳлланиб, “Ўқишга бормайсан” деб туриб олишди. Мен йиғлаб-сиқтаб ахири кўндим. Бу пайт уйимизга совчилар кела бошлаганидан еса буткул бехабар едим. Сабаби совчилар раҳматли амакимнинг оиласи, шу сабабли меҳмондорчиликка келишганда, деб ўйлардим. Отам акасининг ҳурмати боис, унинг ўғлига мени унаштирди. Йигит ўз акамдек бўлиб қолган, унинг устига ахлоқи ҳам яхши емас. Шу сабабли ота-онамдан фотиҳани бузишларини сўрадим. Улар менинг гапимга қулоқ солишмади. Қайтанга туйни тезлаштиришди. Туй тантаналарига ҳар бир қиз ҳаяжону-шодлик билан тайёрланади, мен еса буткул бошқача ҳолатда едим. Шу туфайли у учрашувга таклиф етганда ҳам кўнмадим. Бу қилиғим учун туй куниёқ улушимни олдим, ноз-неъмат тўла дастурхон атрофида шод келин-куёвдек кўринсакда, ҳали оила қуриб улгурмай жанжаллаша бошлаган едик. У мени тинмай ҳақоратларди, шусиз ҳам сувуган кўнглим музлаб қолди гўё. Туйдан қочиб кетгим келар, аммо ота-онамнинг, оиламнинг шаъни мени ушлаб турарди. Туйдан икки кун ўтиб еса оғзи-бурним қонга тўлиб уйга келдим. Ота-онам мени тинчлантириб ортга қайтаришди. Яна уларни деб қайтиб бордим. Унинг онаси ўғлини тинчлантириш ўрнига томошабин бўлди. Шу туфайли қайнонамдан ҳам кўнглим қолди. Уларнинг фикрича, келиннинг бошидан жиловлаб олиш учун калтаклаб туриш керак емиш. Туйдан сўнг беш кун ўтиб бўлган воқеани ҳеч қачон унута олмасам керак. Ишдан кайфияти бузилиб қайтган турмуш ўртоғим яна жанжал чиқарди. Мени бузуқликда айблай кетди. Уни тинчлантиришга ҳарчан уринмай тўхтай демасди. Қайтанга баттар ғазабга минди. Мени калтаклай кетди. Оғриқ зарбидан ерга йиқилдим, сўнгра у мени тепа бошлади. Ўзимни ўнглаб ўрнимдан турдимда, бир амаллаб қоча бошладим. Ҳозир уйга кирсам, ота-онам ортга қайтаради. Ота ҳовлим тўридаги ёғочлар остига яшириндим. Орадан бир зум ўтар-ўтмас қайнонам билан турмуш ўртоғим кириб келишди. Ота-онамга “Қизингни топиб бер, у бузуқ уйнаши билан қочиб кетди” дея ўдағайлашарди. Ота-онам бошларини егиб қолишди, ҳозир чиқмасам оиламиз туҳматга қолади, ортимда сингилларим бор, бебахт бўлиб қолишмасин, дея ўрнимдан турдим. Оғзи-бурним қон, бутун аъзои баданим калтагу-тепки зарбидан кўкариб кетган. Шу ҳолдимда ота-онам яна ортга қайтарди, мен уларга итоат етдим. Балки ўша пайтда ота-онам оиласи бузилмасин, кейин яхши бўлиб кетар деб ўйлашгандир. Биз томонларда отасининг уйига қайтиб келиш уят саналади. Лекин қайтиб бориб ҳам узоқ яшолмадим. Ўттиз саккиз кунлик келинчак еканлигимда майиб-мажруҳ бўлиб уйимга қайтдим. Кейин жуда кўп совчилар келди, лекин мен ҳамма қизлар орзу қилган келинчаклик либоси-ю, келинлик онларидан кўнгилзада едим. Оила қуриш қалбимга қўрқинч соларди. Бунга саккиз йил бўлди, ўша задаликдан ҳали ҳам қутула олганим йўқ. Унинг ҳикоясини тинглаб узоқ ўйга толдим, унинг бахтсизлигига ким сабабчи? Кейин еса, бунинг барчасига уларнинг динни билмаслиги диний маърифатнинг етишмаслиги деган фикрга келдим. Турмушга бериш борасида шундай ҳадис ривоят қилинади. Бир қиз Расулуллоҳ с.а.в.нинг ёнларига келиб: “Отаси уни зўрлаб турмушга узатаётганидан арз қилди. Расулуллоҳ с.а.в. қизнинг еркини ўзига олиб бердилар. Яна еътиборни қаратиш керак бўлган жиҳати шуки, дини Ислом аёлларни уришга умуман қарши. Расулуллоҳ с.а.в.нинг шундай деганлари ривоят қилинади: “Аёлларингизни урманглар, чунки улар оналарингиз, қизларингиз, рафиқаларингиздир. Яна башариятга дастурул амал ўлароқ нозил қилинган Қуръони карим Нисо сурасининг 34 оятида “...Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз, аввало уларга насиҳат қилингиз, сўнг (бу таъсир қилмаса) уларнинг ётоқларда тарк етингиз, сўнгра (бу ҳам кор қилмаса) уларни (мажруҳ бўлмагудек даражада) урингиз, аммо сизларга итоат қилсалар, уларга қарши (бошқача) йўл ахтармангизлар. Албатта Аллоҳ жуда олий ва Улуғ Зотдир”.
Бугунги кунда тиббиёт билимдонлари яқин қариндошларнинг қуда-андачилигини кескин қоралайди. Зеро, бу келажак авлоднинг майиб-мажруҳ бўлишига олиб келади. Ота-оналарнинг қизлари олдидаги бурчлари уларни солиҳ кишига узатишдир. Диннинг шугина ахкомларига амал қилинганида еди, бу қиз бахтсизлик салтанатига банди қилинмаган бўларди. Шундай емасми азиз ўқувчи... Шу боис ҳам фарзандларни оилали қилишдан олдин яхшилаб ўйлаш керак, халқда ажойиб нақл борку: “Етти ўлчаб бир кес”.

Қайтиш...

Собира холанинг бугун қувончи чексиз. Ўғли Анваржонни роҳатини кўриб, тортган жабру ситамларини унутгандек бўлди. 30 йилдан зиёд умрини торгина каталакдек жойда, ночоргина ўтказган бу аёл бугун каттакон данғиллама уйнинг бекаси. Атрофида набиралари. Бахт дегани шунчалик бўлар-да! Бундан 3 кунгина олдин ўғли Анваржон ишдан эртароқ қайтдию, “Машинага ўтиринг, ойижон” деди. Кечадан бери набираларию, келини қаёққадир кетгани боис зерикиб ўтирганди. Дарров кўна қолди. Ўғли уни бу гал шаҳар айланишга олиб бормади, балки Ўрикзор томон юрди. Ҳашаматли ҳовлилар билан тўлиб-тошган бу даҳага кўпчилик ҳавас билан қарарди. Собира хола ўғлига таажжуб билан қаради. Ўғли жавоб бермай, жилмайиб қўя қолди. Бир оз утиб эса машинани тўхтатиб, эшикни очди: “Тушинг, ойижон етиб келдик”. Собира холанинг бир ҳайратига минг ҳайрат қўшилди: “Қаерга?” дея олди холос. “Уйингизга” жавоб қайтарди. Ичкаридан набиралари-ю, келини чиқди. Собира холанинг юзларини эса кўз ёшлари юва бошлади. Бу қувонч ёшлари эди. Уйни кўздан кечиргач ўзи учун ажратилган хонага кириб диванга ёнбошлади. Шунда бутун умри бир-бир кўз олдидан ўта бошлади. Инсон табиати ўзи шундай: Шод дамларда ҳам, аламли онларда ҳам ўтган умрини бир-бир сарҳисоб қилади гўё. Ўшандан бери қанча сувлар оқиб ўтди. Аммо тортган кўргуликларининг заҳмини ҳали ҳам сезаётгандек...

Собира буйга етиб, эшикдан совчилар аримай қолди. Ёшлигида ота-онасидан ажралиб тоғаси қўлида тарбия топган бу қизни тоғаси отадан зиёда меҳр кўрсатиб, ардоқларди. “Опагинамдан қолган ёлғиз ёдгорлик” дея қўярга жой топа олмасди. Келин ойисига бу ёқмасада тишини тишига қўйишга мажбур эди. Тоға, келган совчиларни ҳам синчиклаб синаб кўрар, жияни бахти учун жавобгар ҳис қиларди ўзини. Собира ҳам тоғасига ишонарди. Шунинг учун ҳам тоғаси танлаган йигитга турмушга чиқди. Йигит эсли-ҳушли, уйим-жойим дейдиган, имонли инсон эди. Собирани ардоқларди. Собирани эса энди бутун умр бахтли яшашига ишончи комил эди. Бу ҳаёт деганлари синовлардан, паст-баландликлардан иборатлиги – ёлғиз яқини тоғаси вафот этгач эсига тушди. Ҳали ўзини тутиб улгурмай яна бир тақдир зарбаси уни эсанкиратиб қўйди.
Ўғли Анваржонни ухлатиб соатга қараган Собиранинг бир оз кўнгли ғаш тортди. Соат аллақачон бирдан ошган, турмуш ўртоғидан эса ҳамон дарак йўқ. “Бундай одатлари йўқ эдику, тинчликмикан?” кўнглига хавотир оралади. Сал туриб ўзига далда бера бошлади: “Уйим-жойим деб тинмайдилар-да, яна бир ишни охирига етказай деб юргандирлар”. Тун буйи турмуш ўртоғининг йўлига кўз тутди. Тонгга яқин сал кўзи илинган эканми, эшик қунғироғини овозидан чўчиб тушди. Югуриб бориб эшикни очди. Уй эгаси бир ойлик ижара ҳаққини сўраб келган экан. Орадан ярим соат ўтар-ўтмас яна кимдир эшик қоқди. Бу сафар турмуш ўртоғи келганди. Фақат ўзи эмас, уни бир неча киши кўтариб кириб келишди. Нима бўлаётганини англолмай ўғилчасини кўтариб турган Собирага олдиндаги тўладан келган милиционер далда бера кетди: “Сингил бандаликда, чидайсиз, чидамай илож қанча. Аллоҳ сабр берсин. Энди адасини умрини ҳам ўғлига қўшиб берган бўлсин!”. Унинг охирги эшитган гапи шу бўлди. Кейин нима бўлгани, эрини ким тупроққа қўйгани ҳам эсида йўқ. Даҳшатдан ўзини йўқотиб қўйганди. Одамлар камайиб, атроф юракни ютиб юборгудай сукунатга чўмган маҳал у нималар бўлганини идрок қила бошлади. Охирги суянган тоғидан ҳам ажралиб қолганини тушуниб аччиқ-аччиқ кўз ёш тўка бошлади. Бу кўз ёшлар қуриб улгурмай эшик ортидан кутиб турган ташвишлар унга пешвоз чиқди. Ижара ҳаққини тўламагани учун уйидан ажралди. Анваржонни кўтариб раҳматли тоғасиникига борди. Лекин келин ойиси “Келинг” дейишни ҳам лозим кўрмади. Ноумид бўлиб ортга қайтди. Бу ёқдан эрининг ўгай онасию, опа-укалари ҳам ёрдам қўлини чўзай демасдилар. Ишга кирай деса қўлида на бир ҳунарию ва на бир дипломи бор. Ёрдам сўрамаган одамию, ташкилоти қолмади. Чорасиз қолиб не қиларини билмай сарсон-саргардон бўлиб юрган кезларида унга Лена учраб қолди. Меҳрибонлик кўрсатиб ёрдам берди. Ҳатто ўзи уйи яқинидан бир хона ҳам топиб берди. Бу қиз Собиранинг кўзига худди фариштадек кўринар, унинг сўзларининг ҳар бири Собира учун айни ҳақиқат эди. Ленанинг сўзларига кириб Собира христиан динига кирди. Лена ва бошқа қўшнилар каби ҳар якшанба черковга қатнай бошлади. Ҳаёти ҳам изга тушгандек эди гўё. Бу ерга ўзи сингари қийналиб келиб қолган, христиан динини қабул қилган ўзбеклар ҳам кам эмас эди. Улар билан бирга рус тилини ўрганди, диннинг таълимотини тушунишга ҳаракат қилди. Шу ерда ўғлини катта қилди. Бор умиди шу ўғлидан ахир. Унинг ўқиши учун жонини ҳам аямади. Одамларнинг уйида кир ювди, ошпазлик қилди. Хуллас ўғлини ўқитди, онасининг қийинчиликларини кўргани учунми, Анваржон ҳаи тиришиб илм олди. Мана бугун у катта бир ташкилотнинг раҳбари. Онасини ҳурматлаб, иззатини жойига қўяди, барака топсин. Онасини хурсанд қилиш учун қураётган уйи ҳақида ҳам бир оғиз атмабди-я. Ҳаёллар оғушидва ғарқ бўлиб ўтирган Собира холани девордаги соатни бонги ўзига келтирди. Черковга борадиган вақт ҳам бўлиб қолибди. Тарраддудланиб кўчага чиқди-ю, тўхтаб қолди. Илгари қўшниларидек, тўпланишиб черковга йўл олиш йўқ. Ҳар кунгидек одатий ҳаёт. Нарироқда икки-уч қўшни суҳбат қурарди. Яна кимдир бозордан қайтарди. Кимдир яқинларини кўриш учун, яна кимдир ясаниб чарларга йўл олган. Собира хола илк дафъа ўзини ёлғиз сеза бошлади. Худди бегона юртга тушиб қолгандек. Черковга борай деса, бир ҳамроҳ, сўзлашай деса бир дардкаш йўқ. Шу зайлда ой кетидан ой ўтди. Барча қўни-қўшниси кечаю-кундуз ибодат қилишга тушди. Маҳалла бошидаги гузар ҳам чойхона ҳам жим-жит. Ошхона эшигига катта қулф осилган. Барча мусулмонлар Рамазон ойининг рўзасини тутмоқда эдилар. Фақат нонвойгина ифтор маҳалига яқин нон ёпар, рўзадорлар нон олиш учун ўша атрофга қатор тортишарди. Уларнинг барчаси Собира хола учун ёт, ғалатироқ туюлар эди. Шундай кунларнинг бирида набираси Руслан бир болакайни етаклаб кирди-да, уни бувисига таништирди. “Танишинг, бувижон, бу Володя. Янги кўчиб келган қўшнимизнинг ўғли”. Собира холанинг кўнглида чироқ ёнгандай бўлди. Володя ва Русланни конфет билан сийлаб, қўшнисиникига йўл олди. Нарсаларини жойлай бошлаган янги қўшни уни очиқ чеҳра билан кутиб олди. “Марҳамат” дея ўтиришга таклиф қилди. Бир оз тўхталиб бўлсада, ўзбек тилида бийрон-бийрон гапираётган бу аёл Собира холага жуда ёқди. Уни ишдан қўймаслик учун Собира хола меҳмонга таклиф қилиб, ортига қайтди. Бир маслакдош топганидан дили шод эди. Эртаси куни тушга яқин, янги қўшни кириб келди. Собира хола келинига чой дамлашни буюрди. Ўзи эса дастурхон устидан сочиқни олиб, нонни ушата бошлади. Қўшни аёл унинг қўлидан тутди: “Ахир ҳозир Рамазон ойи-ку, ҳамма рўзадор”. Собира хола таажжуб билан: “Ҳа, аммо буни бизга нима даҳли бор. Рамазон мусулмонлар учун муқаддас, христианлар учун эмас” дея олди холос. Ўзбекона либосли бўлса-да, мовий кўзлари рус эканини англатган қўшни аёл самимий фахр билан “Мен мусулмонман” дея ўрнидан қўзғолди. Собира хола анчагача ўзини йўқотган куйи ўтириб қолди. Қўшни аёл ташрифидан сўнг ўтган икки соат вақт мобайнида холанинг қулоқлари остида “Мен мусулмонман” деган фарахли сўзлар янгради. “Нега у мусулмону, мен мусулмон эмасман?” деган саволга жавоб излади. Охир-оқибат яна ўша рус бўлишига қарамай ўзбекона кенг кўйлак кийган, бошидаги рўмоли ҳам ўзига ярашиб турган қўшни аёл ёнига отланди. Зеро, унга бермоқчи бўлган саволлари бисёр эди. Собира хола гапни нимадан бошлашни билмай, каловланиб турди-да, сўради: “Ота-бобонгиз ҳам мусулмон ўтганми?”. “Йўқ, ота-бобом бошқа дин вакиллари эдилар, улар кўпам дин билан қизиқишмасди. Мен доим энагам билан черковга борардим. Ўша ерда динга қизиқишим бошланди. Лекин ёшим ўлғайган сайин черковдаги ибодатлар кўнглимга таскин беролмай қолди. Излаётган саволимга жавоб топа олмаётгандай эдим. Энагам доим: “Дин инсоннинг кўнглига хотиржамлик, ҳаловат олиб киради” дердилар. Мен эса ўша ҳаловатни топа олмасдим. Шундай кезларнинг бирида курсдошим Александр билан гаплашиб қолдим. Александр ҳам илгари тез-тез черковга бориб турарди. Шунинг учун унга кўнглимдан ўтаётган кечинмаларимни сўзлаб бердим. Александр ҳам шундай ҳолатга тушганини ҳозир ҳаловат топганини айтди. У қалби, борлиғи излаган ҳаловатни исломдан топган эди. Менга ислом асосларини, шариат ахкомларини, ақида масалаларини аста-секин тушунтириб берди. Кейин мени дўсти Абдулборийнинг рафиқаси Ҳожар билан таништирди. Ҳожар менга намоз ўқишни ўргатди. Рўзанинг моҳияини тушунтирди. Китоблар берди. Шундай қилиб мен мусулмон бўлдим. Илк маротаба саждага бош қўйганимдаги ажиб туйғуни ифодалаб бера олмайман. Саждага бош қўйганим куйи узоқ йиғладим. Кўз ёшларим кўнглим ғуборларини ювиб кетгандек бўлди. Мен излаётган нарсамни топган эдим. Мени қийнаётган муаммолар ўз-ўзидан ечим топти. Мана шунга ҳам ўн йилдан ошди. Александр исмини Абдуллоҳ деб ўзгартирди. Мени эса Сора исмини танладим. Абдуллоҳнинг ва менинг ота-онамиз фарзандимизни Володя деб аташади. Биз учун у Абдувоҳид”. Ҳикоясини тугатиб, савол назари билан қараб турган Сорага, хола ўзининг ўтмишини сўзлаб берди. Ҳикоя қилиш давомида ўз хатоларини англай бошлаган эди. Шу боис Сорадан бу тўғрида фикрини сўради. Сора: “Бу дунё банда учун имтиҳон мисоли, ҳар бир гап-сўз, ҳатти-ҳаракат ҳисоб-китоб қилинади. Боқий дунёга борганимизда эса, ўша амаллар тарозу палласига қўйилади-ю, бизнинг жаннатий ёки дўзахий эканлигимиз ҳукми берилади. Аллоҳ таоло ўзи севган бандаларига дард бериб синар экан. Исломнинг илк дақиқаларида Аллоҳнинг тақдирига рози бўлиб сабр қилган бандаларга беҳисоб ажру-савоб бериларкан. Акс ҳолда Аллоҳ уларга ғазаб қиларкан. Лекин меҳрибон Аллоҳ доимо бандаларига раҳмат назари билан боқиб, уларнинг гуноҳларини ёзмай туришларини мукотиб фаришталарга буюрар, бандалар тавба қилишлари учун, имконият яратаркан. Агар киши қилган гуноҳидан афсус чекиб, уни бошқа қилмасликка қарор қилса, Аллоҳ таоло бандасини мағфират этаркан”. Соранинг айтаётган сўзлари Собира холанинг дилига малҳам янглиғ эди. Бувиси сўзлаб берган ривоятлар, тоғаси ўргатган сураларни бир-бир эслаган холанинг қалбини ажиб бир туйғу қамраб олди. Тоғаси жуда кўп такрорлайдиган ўша жумла симобдай бутун вужудига синга бошлади. Беихтиёр лабларидан шивирлар эшитилди. “Ашҳаду анла илаҳа иллаллоҳу, ва ашҳаду анна Муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳ” шу бир калима жаранги ила Собира холанинг вужудида яшириниб ётган имон руёбга чиқди. Кўз ёш бўлиб юзларини юва бошлади. Бутун вужуди эса асли қон-қонига сингиб кетган имоннинг нуридан сармаст эди. Буларни кўзда ёш билан кузатиб турган Сора “Аллоҳ ўзи хоҳдаган бандаларнигина ҳидоятга солур” оятини пичирлаб ўқиди-да, “Табриклайман, Аллоҳ сизни ҳидоятга солди, Исломни қабул қилдингиз” деди ҳаяжон билан. “Йўқ, мен исломни қабул қилмадим, балки мен ўзимнинг асл динимга, ўзлигимга қайтиш қилдим холос” дея жавоб берди. Ва гумроҳликда ўтган умрини ортга қайтармоқчидай, олисларга термулиб қолди.

Нигора МАМАСАИДОВА

Ҳозир сайтимизда 145 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ