1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

“Овсинимга душманлик қилдим...”

“Кишининг тақдири- феълидандир”, деган гапни чуқурроқ мушоҳада қилсам, ўзимдан уялиб кетаман. Тақдиримда юз берган воқеаларни таҳлил қиларканман, наҳотки менга шунчалик разил феъл-атвор битилган экан, деган ўйдан Ғаш тортаман. Болалигимни жуда яхши эслайман. Мулойимгина қизалоқ эдим. Ота-онам бирор нарса олиб беришса, аввалини боғчадаги, кўчамиздаги ўртоқларимга тарқатиб, улардан ортганини ўзим ердим ёки ўйнардим. Мактабга борганимда ҳам атрофимда дўстларим, ўртоқларим кўп эди. Аълочи ўқувчи бўлганим учун ўқитувчиларим ҳам, синфдошларим ҳам яхши кўришарди. Айрим яхши ўқийдиган ўқувчи қизларга ўхшаб, паст ўзлаштирадиган синфдошларимга лаб буриб, “осмон”дан қарамасдим. Мен шунчалик самимий, шунчалик оқкўнгил қиз эдим-ки, мен учун ҳамма — хоҳ у камбағал бўлсин, хоҳ у бой, хоҳ аълочи, хоҳ паст баҳода ўқийдиган, хоҳ чиройли, хоҳ хунук бўлсин, ИНСОН эди. Ана шу руҳда тарбияланиб, ана шу руҳда улғайдим. Шундай беғубор ва самимий феълим сабабми, гарчи олий маълумотли, обрў-нуфузли хонадоннинг арзандаси бўлсам-да, маҳалламизнинг оддий оилаларидан бирига келин бўлиб тушдим. Турмуш ўртоғим билан синфдош бўлганмиз. Менга уйланганидан кейин омад қуёши кулиб боқиб, эрим ҳам олий ўқув юрти талабаси бўлди. Мен мактабда дарс бера бошладим. Бировдан кўп, бировдан кам яшай бошладик. Иш жойимда ҳам кунба кун обрўйим кўтарилиб борди. Ҳатто иш бошлаганимнинг учинчи йили мактабда ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари этиб тайинландим. Карьерам, моддий аҳволимдан қониқардиму, аммо оилавий ҳолатимдан, тўғрироғи турмуш қурганимга уч йил тўлаётган бўлса-да, ҳануз фарзанд кўролмаётганимдан ўкинардим. Ота-онам, қавм-қариндош, дўсту танишлар билан юзма-юз келиб қоладиган бўлсам, ҳозир яна ўша саволга рўпара келаман, “янгилик борми?” деган сўров юрагимга наштар бўлиб ботади, деган ҳадикда юрак ҳовучлаб турардим. Турмушимизнинг тўртинчи йили эрим ўқишни тамомлади. Бу орада бир неча марта даволандик. Шифокорлар менда яллиғланиш асоратлари борлигини таъкидлашди. Айб мендалигини билиб, эрим ҳам, оила аъзолари ҳам терс муносабатда бўла бошлашди. Бир пайтлари бошимдан сув ўгириб ичишга тайёр турган қайнонамнинг, мени бошига кўтариб юришга ваъда берган эримнинг камситишлари, руҳий зарбалар бора-бора мени асл феълимдан тамоман узоқлаштираверди. Ҳар кунимни, “эрим мен билан ажрашади, онаси унга бошқасини олиб беради”, деган хавотир билан кутиб, шу ҳадикда кузатардим. Тирноқ кутиб тунларни тонгларга улаб, ёстиғимни кўз ёшларим билан ювиб чиқадиган кунларимнинг бирида қайнимга келин туширишди. Тўйда елиб-югуриб хизмат қилдим. Аммо гарчи очиқчасига айтишмаса-да, имо-ишоралар, ҳатти-ҳаракатлари билан тўй одатларига ирим қилиб мени қувгандек, яқинлаштиришмади. Ҳатто қирқ кунгача гўшангали уйга ҳам йўлатишмади. Юрагим зардобга тўлар, кўзларим тўлиб-тиқилиб йиғлагим келса ҳам, кўз ёшимни сиртга чиқармайдиган бўлдим.
Овсинимнинг ҳомиладорлиги маълум бўлгач, қайнонамнинг зулми яна ошди. Бозор-дўкондан тансиқ егуликлар олиб келади-ю, атайлаб менга кўрсатганча келинига беради. Овсинимнинг қўлини совуқ сувга урдирмай, асраб-авайлаб, эрта тонгдан қош қорайгунча мени хўрлаб ишлатади. Бу орада олти-етти соат мактабда рўшнолик кўраман.  Овсинимни шундай ёмон кўриб кетдим-ки, туну кун ҳомиласи нобуд бўлишини истаб Худога ёлворардим. Ҳа-ҳа, мен шундай разил аёлга айлангандим. Ўша кезларни хотирласам, ўзимдан нафратланиб кетаман.
Бир куни ишдан қайтаётсам, маҳалламиз қишлоқ врачлик пунктида ишлайдиган гинеколог дўхтир тўхтатди: “Мана буни овсинингизга бериб қўйсангиз, илтимос.   Ўзим бериб қўярдиму, аммо ҳозир жуда шошиляпман, болаларимни боғчадан олишим керак эди, - деб қолди. Қўлидан олсам, овсинимнинг бетоблиги, зудлик билан касалхонада даволаниши кераклиги ҳақидаги шифокор хулосаси экан. Қувончим ичимга сиғмай кетди. Уйга бориб, шифокор қоғозини яшириб қўйдим. Ҳалиги дўхтир, “овсинингизнинг хасталиги жиддий, албатта даволаниши керак”, деганди. Ўзимча аввалига яшириб қўяман, кейин бирор жойдан эшитишса, эсимдан чиқибди, деб бермоқчи эдим. Орадан бир ҳафта вақт ўтди, ҳеч ким дўхтирнинг тавсиясини сўрамади-ю, лекин овсинимнинг аҳволи оғирлашиб борди. Йигирма кунларда кейин овсинимни касалхонага ётқизишди. Шифокорлар ҳомила она қорнида нобуд  бўлиб, ҳатто чирий бошлаганини, энди айрим аъзоларини ҳам қўшиб олиб ташлабгина аёл ҳаётини сақлаб қолиш мумкинлигини айтишибди…
Орадан беш йил вақт ўтди. Ҳозир мени уч яшар ўғилчам, олти ойлик қизалоғим бор. Қайнонам бошқа фарзанд кўролмаслиги сабабли овсиним билан қайнимни ажратиб юборди. Болаларимга, менга эрим ҳам, қайнона-қайнотам ҳам меҳрибон, парвона. Бироқ, мен КЎНГЛИМ билан, виждоним билан ёлғиз қолишга қўрқаман. Бу разиллигим, диёнатсизлигим жавобини фарзандларим бермасайди, деб қўрқиб яшайман. Бу қилмишимга бировни айбдор қилгим йўқ, аммо ўшанда қайнонам, эрим мени хўрламаганида, сабр билан Худонинг синовига елка тутганимни тушуниб, менга таскин берганларида балки, шу тубанликка бормасмидим. Овсинимни бунчалик ёмон кўриб, унга душманлик қилмасмидим…
Сабримнинг мукофотига эришдиму энди собиқ овсинимга қилган ёмонлигим жазосини кутиб яшаяпман...

Дилдоранинг надоматларини ФАРЗОНА оққа кўчирди

Дуоси ўтмайдиган ота

Бу гал таҳририятга қўнғироқ қилган муштарийнинг айтганлари кўпчиликнинг кўнглидаги дард бўлса, ажаб эмас.
-    Дадам ароқ ичадилар. Биз бундан уяламиз. Мен бугун шу ҳақида гапириш учун сизларга қўнғироқ қилаётгандим.
-    Эшитамиз, сизни.
-    Эсимни таниганимдан бери дадамнинг ароқ ичишларини биламан. Оилавий тадбирлар, қариндош-уруғларнинг тўй- шодиёнасими, байрамми, хуллас, салгина хурпсандчилик бўлса бас, ичишга баҳона топилади.
-    Хурсандчилик хафачилигу, дилсиёҳликларга уланади денг?
-    Секин айтасизми?! Сўкиниш, ҳақорат, жанжал... Эҳ, бу гапларни айтиш билан адо қилиб бўлмайди. Гапираётганда қайтанга яна ўша изтиробларни  бошдан кечираман. Дадамнинг ичишларига давао тополмай турганимизда, энди акаларимнинг ҳам ичкиликка ружуъ қўяётгани, бу ҳам етмагандек дадам билан бирга қадаҳ чўқиштитриб ичаётганини юрагимни оғритияпти.
-    Ҳмм... Аянчли ҳолат, чиндан ҳам. Ўғилнинг ота олдида ароқ  ичиши отасининг бетига тупуриш билан барорбар. Ароқ- ҳаром қилинган нарса. Ҳаром нарсани истеъмол қилиш  -уят иш. Отасининг олдида уят ишни қилишдан хижолат чекмаётган ўғилнинг қилғиликлари- отанинг ер бўлганидан нишона эмасми?
-    Мен ҳам шуни ўйлаб сиқиламан-да. Келинойиларимнинг бошига онам бояқишнинг кунлари, жиянларимнинг бошига биз кўрган кунлар тушишини ўйлаб ўкинаман. Баъзида ўйлаб ҳайрон қоламан, акаларим ёшлигимизда дадам ичиб келиб тўполон кўтарганларида онамнинг қийналганларини, йиғлаб қўшниларнинг уйида калтакдан жон сақлаганларини кўриб катта бўлган. Наҳотки, онам кўрган азобларни аёлига раво кўрса?! Дадам пичоқ ўқталиб онамни қувганларида, “онажон” деб чинқириб онамнинг этагига ёпишганлари эсидан осонгина чииқб кетдимикан? Шу қуриб кетгур ароқнинг дастидан болалигимиз кўз ёшлару изтиробларда ўтиб кетди. Акаларим кўрган кунларимизни унутиб юборишибди-да.
-    Ўзингиз ҳам оилалимисиз?
-    Ҳа, турмушга чиққанман. Энг ачинарлиси эрим билан ота уйимга меҳмонга борсак, дадам аллақаердан ароқ топиб келадилар-да, “олинг-олинг” деб эримга ҳам ароқ қуйиб бераверадилар. Хуллас, ўғиллари, куёви билан бирга ароқ ичадиган бўлган отам. Биз ёши ўтинқираб қолса, ўзини йиғиштиради, сал эпақага келади, деб ўйлагандик. Афсус, борган сари баттарлашиб боряпти...
-    Ўғли ва куёвлари олдида ароқ ичиб, оғзига келган гапни қайтармай гапираётган ота – оталикка иснод келтираётган ҳамиятсиз эркакдир!..
-    Отамдан “ўрнак” олаётган эрим ҳам ичадиган бўлган. Гапирсам оғзимни ёпиб ташлайди. Тилим қисиқ- отам ароқхўр...- Муштарийимизнинг ўпкаси тўлиб йиғлаб юборди.- Ҳатто қайнонам “тузуккина ўғлимни ароқ ичадиган қилди. Пешонам қурсин, шунча дуруст одамлар қолиб, пиёниста билан қуда-анда тутинаманми?” деб юзимга ҳам солдилар. Ароқхўр отанинг зулмидан турмушга чиқиб халос бўламан, деб ўйлагандим.Афсус, бу тавқи лаънатдан ўлгунимча қутулолмас эканман...
-    Тушкунликка тушманг. Ниятни бутун қилинг. Аллоҳдан отангизга инсоф ва ҳидоят сўранг. Қайнонангизоиласидаги тарбиявий муҳит носоғлом эканини сизга, отангизга тўнкамасин. Акаларингиз-ку, отангизни қилмишларини фитратига кўчириб улғайган. Лекин қайнотаси билан бирга ўтирволиб ичаётган куёв ҳам тарбияли эмас! У ҳам маънавий қашшоқ оила ва бетайин ота тарбиясинир кўрган! Агар тузукроқ тарбия кўрган бўлганида, қайнотаси ароқ қуйиб зўрлаётганда ичмасди ёки ниманидир баҳона қилиб ўша даврадан чиқиб кетарди. Қайнотам узатяпти, деб бемалол спиртли ичимликни кўтараётган йигитнинг йигитлик ғурурига ҳам қойил қолмадим!..
-    Мен фақат бояқиш онамни ўйлайман. Ёшлигини эрининг арохўрлиги куйдирганди. Энди кексайиб, неваралари даврасида роҳат-фароғат кўраман, деганида ўғиллари билан куёвларининг ичиши ни кўраб адо бўлаяпти. Келинойиларим қайнотаси ичириб маст қилган эридан азият чекса, қандай қилиб қайнотасини ҳурмат қилсин?..  Қўйинг, ортиқ гапиролмайман. Ароқнинг уйи куйсин-ей!..
Афсуски, орамизда муштариймизнинг отаси ва уларнинг оиласига ўхшаган оталар, оилалар кўп. Шукрона билан ёзилиб, дуолар билан йиғиштириладиган дастурхон атрофида эркаклари ароқ ичиб гуноҳга ботаётгани, ақлини ўлдириб, файзини ҳайдаётгани кўнгилга оғриқ солади. Таассуфки, бундай оилаларда файз йўқ, барака йўқ. Ароқ қўйилган дастурхон атрофида қилинган дуолар ижобат бўлмайди. Ароқ ичадиган отанинг дуоси ижобат бўлмайди. Бу қандай кўргулик, бу қандай мусибатки, отасининг дуосидан умидвор фарзандларнинг хоҳиши бажо бўлмаса. Оталар тирик бўлсаю, уларнинг дуоси мустажоб бўлмаса...

Рухшона ФАРРУХ

Ишонч меваси

Ҳикоя қилишларича, бир қиз оғир дардга чалиниб, тўшакка михланиб қолган эди. Унинг тўшаги деразанинг ёнига солинган бўлиб, қиз ўша деразадан ташқарини томоша қилиб ётарди. Айниқса, деразасининг ёнидаги дарахтга кўп назар соларди.
Бир куни опасидан: “Опажон, мана бу дарахтда қанча барг қолди?” деб сўради. Саволнинг моҳиятини тушунган опасининг кўзлари ёшланиб: “Нега сўраяпсан, сингилжоним?” деди. Бемор қиз: “Чунки, мен мана шу дарахтнинг охирги барги тўкилиши билан менинг ҳам ҳаётим тугашини биламан-да!” деб жавоб берди. Опаси табассум қилиб деди: “Демак, ўша вақт келгунича ҳаётдан завқ олиб яшашимиз, кунларимизни чиройли тарзда ўтказишимиз керак экан”.
Орадан кунлар ўтди. Дарахтнинг барглари бирин-кетин тўкилиб, охири бир дона барг қолди. Бемор қиз дарахтни кузатар экан, бугун ҳаётининг сўнгги куни эканини, ушбу битта барг тўкилгач, унинг ҳам ҳаёти ниҳоясига етишини ўйлади. Кўз ўтди. Ундан кейин кетма-кет қиш, баҳор, ёз ўтиб, яна куз келди. Орадан бир йил ўтиб кетди. Аммо ўша биттагина барг тўкилмади. Қиз опаси билан ўзини бахтли ҳис этарди. Унинг саломатлиги қайтадан тиклана бошлади. Кунлар кетидан ойлар ўтиб, қиз бутунлай соғайиб кетди. Тўла оёққа туриб олгандан кейинги биринчи бўлиб йиллар ўтса ҳам тўкилмаган мўъжизакор баргни кўргани дарахт ёнига борди. Қараса, ҳалиги барг пластинилиндан ясалган экан. Опаси уни ясаб, дарахтга яхшилаб ёпиштириб қўйган экан.
Ҳа азизлар, умид ва ишонч жуда катта неъматдир. Агар сен умидингни йўқотган бўлсанг, умидингни узган бўлсанг, ўзингдан бошқаларни умидворликдан маҳрум қилма. Умид ва ишонч кўп мўъжизаларни пайдо қилиши мумкин. Қалбга розилик ва бахтиёрлик ҳиссини солади. Биз бу ерда Аллоҳдан умидворлик, У зотга бўлган кучли ишонч ҳақида гапиряпмиз. Агар биз У зот ҳақида яхши гумонда бўлиб, “Албатта, Аллоҳ бизларга фақат яхшиликни ирода қилади” деб ишонсак, Роббимизга чин маънода таваккул қилсак биз учун бўлиши мумкинмасдек туюлган нарсалар ҳам амалга ошиши мумкин.
Аллоҳ барчаларимизни Ўзидан умид қилувчи ва Ўзига қаттиқ ишонувчи бандаларидан қилсин!

Нозимжон Ҳошимжон

Эркакнинг суйгани

—Ҳей, бола! Хотин дегандан доим бир бош баланд юриши керак! Сен паст келганинг сари, унинг осмонга сакрайди…
—Сен хотин кўриб, кўрмагандексан! Кўзингни оч, уйлантириб қўямиз! Маза қилиб яшайсан! Тахту бахтингни кўриб аламидан куйиб ўлсин!
—Сен шу гўдакка ишоняпсанми? Кўзингни оч, уйлантириб қўямиз! Маза қилиб яшайсан! Тахту бахтингн кўриб аламидан куйиб ўлсин!
—Сен шу гўдакка ишоняпсанми? Эрта-индин ақлини танишса, ҳамма қилганларингни, кўрсатган меҳр-оқибатларингни шамолга учириб, «онажоним»лаб кетади. Қиз — онаники!
Ғуломжонга ким нималар демади! Онасидан тортиб укасигача бошидан тупроқ сочишди. Эркаксан, эркак, дея ҳамиятини уйғотмоқчи бўлишди. Улар кўп нарсани билишарди, кўп нарсани айтшиди. Аммо бир ҳақиқатни билишмади: ёк билишса ҳам тушунишмасди: Ғуломжон Ҳури қизни севарди! Гарчи бу гап бугунги замонда анча кулгили туюлса ҳам бор ҳақиқат шу: худди Фарҳод Ширинни севгандай, Мажнун Лайлини севгандай севди.
Қайсидир йигитлар муҳаббатидан хижолат чекади, тенгдошлари устимдан кулади, деб яшириб-яшириб севади. Аммо Ғуломжон Ҳуриқизга соядай эргашиб юришини бировдан сир тутмади.
—Сендан тиш дўхтири чиқмайди. Ҳуриқиз довюрак қиз. Сен унга эргашиб, тиш дўхтири бўламан, деб овора бўлиб юрма! — Ғуломжонга камида юзта одам шундай дегандир. Аммо у қулоқ солмади?! У Ҳуриқизни битта кўриб, ошиқ бўлганидан буён дунёни шу қизнинг рангида кўрарди.
—Йўқ, одам қилган ишни одам қилади. Тиббиётга кирсам… ҳар кун Ҳуриқизнинг йўлидан чиқиб турсамгина мени кўради. Меҳр кўзда, дейдилар… Ғуломжон бир йил йиқилди, иккинчи йил йиқилди. Ҳуриқиз учинчи курс бўлганида киради…
—Ғури, қурбақанинг ишқи маликага тушибди-да. Пачоққина бўлса… Қоп-қора унинг устига… Ўз ҳаддини билса бўларди…
—Қўявер, ўртоқ, «югур!» десанг Қўҳиқофгача югуриб келади. «Топ» десанг анқонинг уруғиниям топади. Битта шунақаси керак-ку ҳар қизга… Ҳуриқиз эса кўнглини бировга очмасди. У ўртоғининг гапига ҳам, бу ўртоғининг гапига ҳам кулиб қўя қоларди.
—Писмиқсан-а, йигитларни сочингга илаштириб юрасан, Ғуломжонни ростакам Ғулом қилдинг…  Қизларга гап бўлса бас. Улар жуда ҳаддиларидан ошиб кетишсагина Ҳуриқизнинг қоши чимирилди.
—Сен барибир унга тегмайсан-ку, хоннинг ўғлини кўзлаб юрган бўлсанг керак. Ипни узиб ташла! — дея аччиғи келган қизлар ҳам бўлди. Ҳуриқиз эса сукут сақларди. У Ғуломжон вокзалдами, бировникидами ишлаб, топиб келган пулларига сотиб олган концерт, спектакл чипталарини чиройли қилиб рад қиларди.
—Ёлғиз… ўзимга ноқулай… Ғуломжон кейинроқ бунинг ҳам йўлини топди. Ҳуриқизнинг ўртоқларига ҳам қўшиб чипта оладиган бўлди. Энди Ҳуриқиз қизлар, йигитлар даврасида кинога ҳам, концертга ҳам борарди. Ғуломжон бундай пайтларда Ҳуриқизга ортиқча гап-сўз қилмасди. Аммо меҳр-муҳаббатини ҳам сир тутмасди. Бу меҳр-муҳаббат, айниқса, талабаларни дала ишларига олиб чиққанда билинар эди. Баъзан ҳар курсни алоҳида-алоҳида жойларга юборар, Ғуломжон эса кунига кунора тоғ, қир ошиб ўзларининг макон-жойларидан Ҳуриқизни кўргани келарди. Ягона пайти бўлса, жўягининг олдидан тушиб келар, пахта терими бўлса, эгатда турган тўла этакларини хирмонга кўтариб чиқиб, торттирарди. Учинчи курсда Ғуломжон кўринганда унча-мунча гап-сўз қиладиган, хохолашиб кулишадиган йигитлар, қизлар тўртинчи курсга келиб, бу йигитнинг келиб-кетишига табиий қарайдиган бўлиб қолишди.
—Ҳа, Ғуломжон, келинг, тузукмисиз? — дея сўрашадиган ҳам бўлишди.
Қизиғи шундаки, Ғуломжон Ҳуриқизга:
«Мен сени севаман»га ўхшаш гап қилмас, ундан ҳеч қандай жавоб ҳам кўтмасди. Гўё унинг учун бу дунёда Ҳуриқизнинг борлиги, у билан гапирашаётгани, келганида кўксидан итармаётганининг ўзи бахт эди.

* * *

Бундай бўлишини ҳеч ким кутмаган эди. Ҳатто, Ҳуриқизниг ўзиям… Тўрт баҳор, тўрт ёз, тўрт кўз ўтиб, шунча меҳр-муҳаббати эвазига Ҳуриқиздан ҳеч нарса сўрамаган йигитнинг бирдан исён қилиши кимнинг хаёлига келибди?! Гап шундаки, вилоятдан аспирантурага келган йигитлардан бирининг Ҳуриқизга авва кўзи, сўнг кўнгли тушиб, атрофида айлана бошлади. Бундан, табиийки, ҳаммадан аввал Ғуломжон хабар топди.
—Вой, Ғуломжон-ей, ичидан пишганэкан, индамай юрган билан. Анови Рустами достондай йигитни тўсиб, «Агар Ҳуриқизга яқинлашсанг, сўйиб кетаман», дебди-я…
—Йигитгина ҳам ботир экан, «қизбола учун пичоқлашиш уят ҳисобланмайди. Олишсак, олишаверамиз, аммо олдин у қиздан сўрайлик-чи, қайси биримизга кўнгли бор экан?» — дебди.
«Сўрамаймиз. Бугун бўлмаса эртага барибир кўнглини оламан. Худойим катта муҳаббатни бежавоб қўймайди. Сен чеккароқда юр, бўлмаса ёш жонингга жабр қиласан, — дебди…
Ғуломжон билан Ҳуриқиз орасидаги муҳаббат савдоларининг «айтди-деди»лари яна овозлана, авжлана бошлади. Тиббиётда ўқиш осон эмас. Жонини еб ўқийди ўқиганлар. Аммо Ғуломжоннинг ити ўша Рустами достондай йигитни пойлаш бўлиб қолди. Гоҳ Ғуломжоннинг пешонаси ғурра бўлиб, кўзи кўкарди, гоҳ ўша йигит — Заҳриддиннинг…
—Ҳури, бунга ичинг океан экан сенинг… Шу иккови бир-бирини бир бало қилиб қўйишади, деб қўрқмайсанми? Ё униси, ё бунисини танла-да!
Ҳуриқиз оқзи ботирроқ қизлардан бир-икки бор шундай танбеҳ эшитса ҳам, одатига, кулиб қўя қолди.
—Бу — тақдирнинг иши. Тақдиримда нима ёзилган бўлса, шу бўлади. Мен на уларга, на бошқага «ҳа» деганим йўқ, демайман ҳам…
Ғуломжон Ҳуриқизга:
—Сен нега Заҳриддиннинг юборган гулдастасини олдинг ёки бошқа шу тарздаги айбловларни қўймасди. Бор исёни, бор қирши лигини Ўаҳриддинга қиларди. Бу муҳаббат савдоларининг қандай тугашини ҳар ким ўзича бичиб-тўқирди… Тўқсон фоиз «башоратчи»лар:
—Ҳуриқиз Ғуломга тегмайди! — дейишарди. Аммо Ҳуриқиз институтни тугатиб, Ғуломжонларнинг қишлоғига йўлланма олганини эшитганлар тилини тишлади.

* * *

Тўй! Учтагина сўзини шунчалар катта завқу шукуҳибор эканини Ғуломжон ўша кунларда ҳис этди. «Қувонч ғурур йигитни шунчалар чиройли қилиб, баландлатиб юборар эканки, Ғуломжонни танимай қолдик», дейишди дўсту ёронлари. Ҳуриқиз эса аввалдан ҳам пари.
—Бу қиз бекорга бу йигитни танламади. Бу қизда бир сир бор, — дейишди уларни яхши билганлар.
Ўа, сир бор эди. Аммо бу сир Ҳуриқизнинг ўзигагина аён эди. Ўамма гап Заҳриддинда эди. У дўсту ёрлари орасида:
—Шундай гулрухсор қиз шунақа пачоқ йигитга тегармиди?! У ёқ, бу ёққа югуртириб юрибди-да. Мен ҳам ҳозирча тек қўйиб турибман. Ҳури ақлли қиз. Ўзига гард юқтирмайди. Умидвор бўлиб юраверсин. Бир кун оғзининг сўлагини оқизиб қолади, — дебди. Ҳуриқиз бу гердайишни эшитиб ёмон бўлди. У… ўзининг Ғуломжонни севмаслигини, кўнглининг туб-тубида ўзини унга раво кўрмаслигини биларди. Аммо у беш-олти йилдан буён иссиқ-совуққа қарамай уни севиб келаётган, ҳар қандай шароитда ундан топмаган бу йигитни ботиний бир ҳурмат билан қадрларди. Заҳриддиннинг гаплари унинг ҳамиятига тегди. «Тўғри, ташқи кўриниш… барибир аҳамиятсиз эмас… Менинг кўзимга Заҳриддин чиройли кўринган эди… Аммо… унга эмас, Ғуломга тегаман…»
Ҳуриқизнинг сўнгги қарори шу бўлди. У бу хабарни эшитганида Заҳриддин оғриқдан кўкаради, Ғуломжон эса осмонга учади, деб ўйлаган эди.
—Вой, аҳмоқ қиз-ей… — дебди Заҳриддин. Ғуломжон эса:
—Сени шунча йил қийнаб-қийнаб энди хўп, дебди-да. Бир балоси бўлмасин тағин… деган онасига кўзларини катта-катта очиб қараб қолибди…
…Ҳуриқиз ҳафта, ўн кун меҳр ичида очилган атиргулдай қирмизланиб юрди. Ғуломжон, иложи бўлса, деразадан хотинига  эсаётган салгина шабадага ҳам қалқон бўлгиси келарди. Саҳарда туриб ҳовлини бирга супиришар, нима иш қилса, ёнида эди. Аввал овсини чақди:
—Ўамманинг ҳам эри суйиб олсин экан-да… Қайноғангиз қачон бирорта кийимимни қўлимга олиб берганини эслай олмайман. Тавбангдан кетай, деразадан кўзим тушди: сочингизни ўряпти…
—Бировларнинг деразасидан қараманг-да… Ҳуриқиз жилмайиб айтса-да гап билан узиб олди.
Сўнг гал қайнонасига келди. Ҳуриқиз: Бундай меҳрибон йигитнинг онаси ҳам меҳрли бўлади, деб ўйлаган эди. Аммо у ҳар қадамда Ҳуриқиздан ўғлини қизғанар эди.
—Нега сен тоғора кўтариб юрибсан?! Мағзавасини ўзи тўкса бўлмайдими? Ўеч жаҳонда эркак киши ҳам кир ёядими? Қўй-ей, улама соч тақишинг қолди…
Ғуломжон онасининг гапларини жиддий қабул қилмас, жилмайибгина қўя қоларди. Аммо бу гаплар Ҳуриқизга чаён чаққандай ёмон таъсир қила бошлади. Бу орада Ҳуриқиз ишга, Ғуломжон ўқишга кетди.

* * *

Энди бу дамлар Ғуломжон учун ширин хотираларга айланган. Ҳуриқиз: «Совчингини юбораверинг», деганидаёқ юрагида бир ҳадик уйғонган эди. У: «Оллоҳ қалбимдаги меҳр-муҳаббатга яраша мукофот берди», деб суюнса-да, қувончларининг остида бир ҳадик қолди. Бу ҳадик Ҳуриқиз унинг хонадонига «ёр-ёр» билан келиб, ҳовлисида қумри қушдай учиб-қўниб юрганида ҳам бор эди. Шунинг учун келинойилари, опа-сингиллари, ҳатто, онасининг қалампир сепилган тили хотинига чўзилган пайтлари ҳам Ҳуриқизни ошқора ҳимо қиларди.
«Хотинпараст», «Хотинқули» дея отилган таъна тошларига кўксини тутиб берар, оғриғини сира билдирмасди.
—Онамизга парво қилманг, Ҳури. Дадамиз уларга бир умр «хотиним» деб қараганлар, холос.
«Болаларимнинг онаси», деб қараганлар. Назаримда, шундан феъллари тор бўлиб қолган. Аёл эрининг меҳр мамлакатида яшаса, маликалардай яшайди. Сиз менинг кўзларимдан бошқасини кўрманг, сўзларимдан бошқасини эшитманг…
Ҳуриқиз бир-икки кун эрининг ана шу гапларига суяниб яшарди. Худди шундай кунлардан бири эди. Ҳуриқиз, одатдагидай, ишдан келиб, чой ичар-ичмас, томорқасига чиққан, ўтган йили кунгабоқардан қолиб кетган илдизларни қўпориб, кетмон билан жўякларни текислаётган эди. Ғуломжон ўқишдан келиб қолди. Шанбадан бошқа кун бевақт келгани учун онаси кўнди:
—Тўйнинг ўзи бўлгани йўқ. Хотинингнинг топганини рўзғорнинг узилган жойларига ямаймиз, десак, ҳаммаси сенинг йўлингга кетяпти. Ўадеб бузоғи уйда қолган гавмишга ўхшаб югураверасанми?!
Бу гапларни-ку ҳуриқиз эшитмади. Эрини кўриб суюниб кетди.
—Вой, қўнғироқ қилиб қўйсангиз бўлмасмиди? Ўқишдан келяпсиз, қорнингиз карнай чалиб ётгандир, юринг уйга… — деди. Онасининг авзойи ўзига маълум Ғуломжон:
—Йўқ, қорним тўқ, келинг, сизга ёрдам бераман, — деб Ҳуриқизнинг қўлидан кетмонини олди.
—Керакмас, — дейишга қарамай у эрига чой-пой дамлаш учун ҳовлига келди.
—Она, ўғлингиз ўқишдан узилиб келгандир… Иккита тухум ташлаб берай деб келдим… — деганини билади, қайнона сув сачраган ёғ қозондай чирсиллаб юборди.
Ўғлимга ғиди-биди қилгандирсиз-ку, ҳафта тугамай югуриб келибди. Биз кирза этиклар кийиб, ариқлар қазганмиз. Мана шу иморатга қайнотангиз лўмбоз босганида ҳарна пул тежалади, деб лойини ўзим узатиб берганман. Иккита жўякнинг илдизини суғориш иш бўптими? Тухум, тухум дейсиз… Ўзи тухумсиз ҳам сизга меҳр-муҳаббати қайнаб ётибди-ю, яна нима қиласиз унинг қонини қиздириб?!
Ҳуриқиз кўзларини катта-катта очиб қайнонасига бирпас қараб турди-да, тухум турадиган саватдан иккита тухум олиб, ўчоқбошига юрди. Қайнона кутилмаганда югуриб келиб, қўлига ёпишди. Энди Ҳуриқиз ўзини босолмай қолди:
—Болангиз-ку, она, ўз жигарингиз-ку. Сизга нима бўлди?.. Ўғлингиздан сўранг, мен у кишига «кел» дебманми…
—Ўа, ўғлимдан сўратиб, орага гап қўшиб, она-болани айирмоқчисиз! Ўзи аллақачон меҳрли ўғлимнинг меҳрини совутиб бўлдингиз! — дея аюҳаннос сола бошлаган эди, Ҳуриқиз барибир қўлидаги тухумни қўймади. Газни ёқиб, товага ташлади. Чойни ҳам қўйди. Ўалати, қайритабиий бир ҳолатга тушган қайнона келиб товага ёпишди. Тованинг тутқичи қораси куйдирилганда куйиб кетгани учун ичидаги темири айланадиган бўлиб қолган эди. Қайнона учидан ушлагани учун тутун айланиб, қайноқ ёғ вишиллаётган тухум билан унинг оёқидан қуюлиб кетди.
—Вой, она-ей… деганини билади қайнона қўлидаги товани жонҳолатда Ҳуриқизга қараб отди… Катта келин уйдан чиқиб, додлади.
—Ғуломжон, келинг-ей, онамни ўлдириб қўяди!
Бу қичқириқни қўни-қўшни эшитди…
Қайнонанинг оёқларидаги жароҳат ҳам, Ҳуриқизнинг юзидаги излар ҳам кетди. Аммо қайнона-келин орасидаги муносабат чигаллашгандан чигаллашаверди. Ҳуриқиз индамай кўрди, гап қайириб кўрди… Йўқ, ҳатто, унинг ҳомиладорлиги ҳам қайнонанинг ғазабини жиловлай олмади.
…Ҳуриқиз чидаганча чидади-ю, барибир кетди.
«Опангиз сизни ҳеч қачон менга бериб қўймайди. У менга ўзидан зиёд меҳр қўйганингизга ҳеч қачон чидай олмайди. Сиз онангизни севадиган аёлга уйланинг…» Ҳуриқиз бу гапларни эрига кўз ёшсиз, аммо қатъий қилиб айтди.
Ғуломжон Ҳуриқизнинг ришталарни бутунлай узиб кетишига чидай олмасди, у қизчасига ёпишди.
—Олиб кетсин, итдан бўлган қурбонликка ярамайди! Туққан боласи сичқондай — одамбўладими, йўқми? Қайнонанинг ҳайқириғи ҳар галгидай Ҳуризоданинг ҳам ғазабини қўзиди.
—Ташлаб кетаман! Гўдак ҳар йиғлаганда… Сизнинг виждонингиз азоблансин!
…Ҳамма «Ҳури келин аччиқ устида кўкракдаги гўдагини ташлаб кетди, қайтади», деб кутди. Йўқ, қайтмади. Ҳуриқиз жон-жаҳди билан ишга киришиб кетди. Акалари кўмагида хусусий тиш даволайдиган поликлиникага очди. Ғуломжон қизалоғи Ойбодомни кўтариб, ҳар замонда хотинини кўргани борарди. Қизалоқ отасига ёнишар, онасини ўтсирарди.
Мадомики менга бермас экансиз, нима қиласиз жигаримни эзиб буни олиб келиб? Ҳуриқиз баъзан шундай эътироз билдирар, баъзан чидолмай кўзёш қиларди. Ҳуриқиз эр йимдан чиқиб кетгач, бир-икки кунда алами босилиб, боласини олиб кетмоқчи бўлганида Ғуломжон:
—Агар Ойбодомни олиб кетсанг, ўзимни унинг беланчагининг арқонига осаман, — дейди. Ҳуриқиз эри учун айрилиқнинг нима эканини билади. Шунинг учун юрагини юлгандай қилиб боласини қолдириб кетади.
Аввал қайнона қизалоқни қўлига ҳам олмади:
—Гўдакда нима айб? Бегуноҳ бир жон бўлса… — дегувчиларга: —Ўша ёмон келинимнинг иси келади ундан. У мени боламдан айирмоқчи эди. Худо чевар-да, боласидан айириб қўйди, — дея гапириб юрди. Аммо Худо бошқа тарафдан ҳам чеварлик қилганини қаранг… Қизалоқ аста-секин қайнонанинг беш ёшлигида нобуд бўлган қизчаси Ойхуморга кунма-кун эмас, соатма-соат ўхшаб борарди. Кўзлари мунчоқдай қоп-қора, қошлари қайрилма қизалоққа гоҳ уйдаги келинлар, гоҳ уларнинг расида қизлари ёрдамлашмоқчи бўларди. Аммо Ғуломжон болани ҳеч кимга бийлатмасди.
—Вой, Худойим-ей, қайнижон, у қиз бола-ку, — дея зорлансалар ҳам бировга бермасди.
Мижозларини ҳам Ойбодом ухлаган соатларда қабул қиларди.
—Бир қарасанг туппа-тузук тиш дўхтири… Аммо нақ девонанинг ўзи… — дегувчиларни гўё эшитмаганга оларди…
Ғуломжонга-ку одамлар ажабланмай қўйишган эди, аммо унинг онасига ажабланувчилар кўпайди.
…Ҳеч ким кутммаганида у қизалоққа ийди.
—Шундай қизни қандай кўзи қийди-я… Бола кўр қилмайдими? — дея аввал қарғаниб-қарғаниб қизалоққа қўл чўзди. Ғуломжондан бошқага отасининг амридан сўнггина ётсираб, ётсираб борадиган қизалоқ ҳам бувисига гуруч тишларини кўрсатиб илжаядиган бўлди.
—Вой тавба-ей, қон тортади-да… Онасининг гоҳ шундай деб, гоҳ индамай қизалоқни бағрига босган пайтларида аввал Ғуломжон шу атрофда юрар, бир кўзи боласида бўларди. Унинг хавотир, ҳадигини она ҳам тушунарди, шекилли, индамасди. Аммо қизалоқнинг ўзи ҳам ўзини бувиси бағрида хотиржамроқ ҳис қилаётганини кўрган ўуомжон ҳам аста-аста ишига кўпроқ вақт ажрата бошлади.
—Қизинг оқ-қорани ажратяти, болам. Мени ҳам боғлаб қўйгани йўқ… Эрта-индин кўзим юмилса… бунингнинг яна кўнгли ярим бўлиб қолади. Ота — барибир ота, у она бўлолмайди, уйлан, болам… Сен дунёга келиб, йигит бўлиб шу …Ҳуриқиздан бошқасини кўрмагансан. Шунинг учун бошқа биров унга ўхшамайди, деб ўйлайсан. Ўолбуки, ҳамма хотин — бир…
Ўйламасанг, икки кўзим очиқ кетади… Ғуломжоннинг онасининг бағри ҳам, овози ҳам юмшаган эди.
Ғуломжон бунақа гапни онасидан ҳам, бошқалардан ҳам юз, минг марта эшитган эди. В юз, мингинчи марта жавоб қилмади. Чунки у биринчи айтилишдаёқ:
—Овора бўлманглар… Менинг хотиним бор: мен талоқ қиламагнман, у сўрамаган… — деган эди…

* * *

—Ҳуриқиз опа, қайнонангиз келди?
Ҳуриқиз сакраб ўрнидан турди. Иши ишида қолди. У қайнонам қизимни олиб келди ва ниҳоят эримни уйлантирадиган бўлишибди, деб ўйлади.
—Қизим ҳам борми? — Ҳуриқиз ҳамширасига умидвор тикилди.
—Йўқ, ёлғиз ўзи…
Ҳуриқиз бўшашиб кетди…
—Кабинетингизда кутиб ўтирибди… Чой қуйиб бериб келдим… Ҳуриқиз каридорда навбатда ўтирган — бири жағини ушлаган бошқаси «оқ»лаган тиши оғриқлар ёнидан ўтиб, «Бош шифокор» ёзувчи эшик олдида кўксини тўлдириб нафас олдида, кирди. Эшитилар-эшитилмас салом берди: «Озиб, кўзлари киртайиб қолибди, деб ўйлади…
—Биламан, мендан кўнглинг қолган. Эртаклардаги ялмоғиз кампирни ёмон кўргандай ёмон кўрсанг керак… Аммо сени деб бировга қайрилиб қарамаган ўша бардошли эркакни ментуққанман. Шунинг учун уйга қайтасан…
«Ўша-ўша, отдан тушсаям эгардан тушмайди…»
—Сизга ҳеч даъвойим йўқ… Қизимни берсаларинг бўлди… Эрим… ўғлингизни ҳам ўйлантираверинг. Кўнади, кўнмай… қаёққа боради… Ҳуриқизнинг гаплари пойма-пой эди… Қайнона узоқ жим қолди.
У узун йўлда ғурурини синдирмасдан айтиладиган гапларни ўйлаб келган эди. Биринчи жумладаноқ бошқача жавоб эшитди. Хонага жимлик чўкди. Қайнонасининг ҳансираб олган нафаси эшитиларди, холос.
—Ҳуриқиз… неварам…нинг бағри бутун бўлишини хоҳлайман… У… энди…
«Ойим қани менинг?» деб сўраяпти…
Қайнонанинг овозига йиғи аралашди. …Ҳуриқиз эшикка суянганича турарди:
—Мен… Ғуломнинг, ўғлимнинг қалби вайрон бўлганини билиб ҳам… сенга келмаган эдим, чидаётган эдим. Аммо… неварамга чидамайман… Қайнона ошкор йиғлай бошлади, елкалари силкитиб-силкитиб… Ҳуриқизнинг ичидан ҳам бир тўлқин келди. Аммо у йиғига ўхшамасди… Ҳуриқиз қайнонаси тараф журъатсиз бир қадам ташлади. Қайнона ўрнидан турди…

ДАВЛАТБАХТ

Кўнгилнинг хавфли кўчаси

Ярим тунда газдан таралган бадбўй ҳид бутун «дом»даги қўни-қўшниларни саросимага солди. Газнинг ўткир ҳиди биринчи қаватдаги тўртинчи «квартира»дан чиқаётганди. Уч-тўрт қўшни шошиб, хонадон эшигидаги қўнғироқ тугмачасини босиб кўришди. Жим-жит, ҳадеганда ичкаридан жавоб бўлавермади. Улар бетоқатланишиб эшикни қўллари билан ура бошлашди. Кутилмаганда эшик очилиб кетди, ичкаридан қулфланмаган экан.
— Эркин ака, уйдамисизлар?
— …
— Уйда ким бор? Эркин ака, Эркин ака!
Чироқлар ўчирилган, уйда ҳеч ким йўққа ўхшарди. Қизиқ, ярим тунда эшик очиқ, устига-устак ошхонадаги газ ҳиди анқиб ётибди. Ўар куни уйидан бир қадам ҳам нари силжимайдиган одамлар бугун йўқ…
Қўшнилар ичкарига киришар экан, чироқларни ёққани қўрқишди. Газнинг ҳиди чиққан пайтда чироқ ёқиш ҳам хафли. Улар ошхонага киришди. Яхшиямки ташқаридаги электр чироғининг шуъласи хонани бироз ёритиб турарди. Эшик, деразаларни очиб юборишди, газни ўчиришган бўлишди.
Ташқаридаги йўлакка чиқишар экан, яна ўша жумбоққа жавоб топишолмай қийналишди.
— Уй эгаси Эркин қаёққа кетган бўлиши мумкин, қизи Лайлочи?
— Менимча, ҳид анча кўтарилди. Яхшиси яна қайтиб кириб, уйнинг чироқларини ёқиб кўрсакмикин?
Уй чироқлари бирма-бир ёқилди, аммо ҳеч ким кўринмади. Шу пайт ҳаммомнинг чироғини ёқиб, эшигини очган Рисолат ғайриоддий товушда қичқириб юборди… Ичкарида эса даҳшатли манзара… Ваннага тўлдирилган қип-қизил қонли сувнинг ичида, бир эмас учта одамнинг жасади ётарди…
Бу мудҳиш манзарани кўрган одам борки, эс-ҳушини йўқотаёзди. Бир зумда қий-чув, ғала-ғовур бошланди. Орадан бироз вақт ўтгач ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари воқеа жойига етиб келишди.
        * * *
Тижорат ишлари бир қарашда жуда осондек кўринади. Бир буюмни арзонроқ оласиз-да, иккинчи жойга олиб бориб сал қимматига сотасиз. Қарабсизки, бир зумда қўлингизга жарақ-жарақ пул тушади-да! Шавкат ҳам ишдан бўшади-ю, ўзини тижоратда бир синаб кўргиси келди. Аммо тижорат қилиш учун аввало мўмайгина пул керак. Ўша пул қайда?
Ишсиз, минг хил хаёл билан юрган кунларида таниши Иқболни учратиб қолди. Гап қизиди, маслаҳат пишди. Эмишки, ҳамшаҳари Усеиндан қарз кўтарса бўларкан. Лекин… фоизи билан. Хуллас, судхўрни топиш қийин бўлмади. Устама фоизи ҳам ёмон эмас, 20 фоиз, бир ойда қайтариш шарти билан.
Шавкат таниши орқали ундирган икки минг АҚШ долларини қўлига оларкан, «Бир ой нима бўпти, 20 фоизи билан қайтараман. Яна ўзимга ҳам фойда қолади», деб хом хаёл қилганди. Муддат эса жуда аниқ, пул 18 июнда олиндими, 18 июлда 20 фоиз устамаси билан қайтарилиши шарт. Бу орада Шавкатнинг оёғи олти, қўли етти бўлиб икки минг долларни кўпайтириш учун роса югуриб елди. Бироқ, 20 фоизлик устама чиқмади.
— Жон ака, мана шу 400 долларни устама фоиз ҳисобига олиб туринг. 18 августда Худо хоҳласа яна 20 фоизи билан қўшиб, берган пулингизни қайтараман, — деди Усеинни олдига борган Шавкат. Судхўрга барибир эмасми, пули «туғяпти».
Ўа, тижорат ишлари билан шуғулланиш осон эмасди. Шавкат икки минг долларни кўпайтириш тугул, ўйлаб, ўрни ўрнига қўйиб сарфлашни ҳам эплай олмади. Қўлидаги нақдгина пулдан 400 долларини судхўрга бериб, 1600 доллар билан қолди. Долларлар қўлдан чиқиб кетди-ю, қайтмади, фойда ҳам қилолмади. Лекин бу дардини кимга ёрсин?
Хаш-паш дегунча 18 август ҳам келиб қолди. Муддат етганди. Шавкат яна Усеинга ялтоқланишдан ўзга чора тополмади. Мақсади муддатини 18 сентябрга қадар узайтиришдан иборат эди-да. У 400 долларни кўтариб, учиб қўниб Усеиннинг рўпарасида пайдо бўлди.
— Тижоратим юришмай турибди, яна фоизини олиб туринг. 18 сентябр куни насиб қилса пулингизни қўшимчаси билан қайтараман, — деди кўзлари жовдираб. Судхўр нима десин? Таваккал қилди, муддат узайтирилди. Иккинчи бор 400 доллар устама фойда унинг қўлига кирди.
Шавкат бироз енгил тортгандек бўлди. Лекин олган қарзи бўғзидан ғиппа ушлаб пастга тортиб кетаётганини жуда яхши сезиб турарди. Қаердан ҳам шу иш билан шуғулланмоқчи бўлди-я! Биргина судхўрдан олган қарзи қанча кўпайиб кетди-ю! Қўлидаги пуллари «туғиш» ўрнига нуқул зарар келтиряпти, қарзга ботиряпти. Нима қилсин? Бу ёқда рўзғор ташвиши… Уйида ҳам ҳеч вақо қолмабди. Бир неча кундирки хотини ҳам тинмай жавраб дилини хуфтон қилаётган эди. Начора қўлидаги пуллардан юзини майдалашга мажбур бўлди. Уйлари яқинидаги бозорча кичкинагина, аммо харидорлар билан жуда гавжум. Шу ерда ул-бул нарса сотадиган Эркинни долларфуруш деб эшитган эди. Эркин бозорда раста очиб савдо сотиқ қилса, раста остида эса яширинча чет эл валюталарини сотиб олиш, қайта сотиш билан шуғулланарди. Шавкат Эркинни топди. У билан бироз суҳбатлашиб, дили равшанлашди. Пулини шу ерда алмаштирди-ю, негадир ичига аллақандай қоп-қора бир нарса кириб олгандай бўлди.
Одатда, киши бундай оғир ҳолатларда кўнглининг ҳамма кўчаларига бир-бир кириб чиқади. Турли режалар тузади, лекин амалга оширолмаслигини билгач, ғазаблана бошлайди. Ўзгаларга нисбатан нафрати қўзий бошлайди. Ўатто яхшилик қилган кимсаларнинг бошига етишдан ҳам тоймай қолади. Шавкатда ҳам шундай ҳолатлар бўлди, чоғи. Усеиндан олган қарзларини қайтариш илинжида долларфуруш Эркинни мўлжалга олиб қолди. Эркин деганлари пулдор, бойвачча. Биргина қизчаси бор. Шунча бойлик етмагандек хотини икки йилдан бери Россияда ишлаб эрига пул жўнатиб туради.
Шавкат атрофига шерик тўпламоқчи бўлди ва икки кишини топиб, ўзининг қабиҳ ниятига шерик қилишга кўндирди. Унинг тузган режаси роппа-роса 17 октябр — қарз олган муддати тугашидан бир кун олдин амалга оширилиши лозим эди. Жиноий келишувга кўра, гуруҳ ташкилотчиси бўлиб қолган Шавкат 17 октябр куни кундузи бозорчадан Эркинни қидириб топди. Найранг оддийгина эди.
— Эркин ака, қўлимда уч минг доллар бор, шуни сўмга алмаштириб берсангиз, қачон гаплашсак бўлади?
Эркин Шавкат билан узоқ тортишиб ўтирмади. Долларнинг нархини келишиб олгач:
— Бу ерда одам кўп. Яхшиси уйга борақол, кечқурун, — деди Шавкатнинг тузоғига илинаётганлигидан бехабар ҳолда. Шавкат ич-ичидан қувониб кетди. Унга мана шу гап керак эди айнан.
Шу куни соат кечки саккизлар чамаси эди. Кўпқаватли уйларнинг бирини эшиги тақиллади. Остонада Шавкат турарди:
— Долларлар тайёрми Эркин ака? — сўради уй эгасидан. «Ўа, тайёр» деган жавобни эшитгач, — икки-уч соатдан кейин келиб алмаштириб кетарман, — дея қайтиб кетди.
Эшик ёпилди. Шавкат шошиб чиқиб кетди. Тузоқ тайёр, шериклари билан келса бас.
Уйига қайтиб келган Шавкат бўлажак қотилликни ўйлаб, тимирскилаб юриб узунлиги 25-30 сантимертли синиқ темирни топди. Уни яхшилаб эговлади, учини чархлади, ўткирлади. Бу қурол билан Эркин ва унинг қизини ўлдиришга қарор қилганди.
Шавкат тунда жиноий шерикларини эргаштириб яна Эркиннинг остонасида пайдо бўлди. Ўеч қандай ножўя хатти-ҳаракатни сезмаган Эркин меҳмонларни уйига киритди.
Суҳбат остонадан ўтилиши биланоқ кескин тус олди.
— Долларни олиб келдингми?
— Йўқ, пулларни бераверинг.
— Қуруқдан қуруқ бераманми. Шерикларингни ол-да, уйимдан чиқиб кет. Сенга қарз берадиган аҳмоқ йўқ!
— Ўали шунақами… — Шавкат шундай дея, чап қўли енги ичига яширган учли темир қозиқни чиқарди ва Эркиннинг ўнг кўкрак қафасининг орқа қисмига қаттиқ урди. Темир қозиқ унинг ўпкасини тешиб ўтди. Шериклари эса жароҳатланган Эркинни дўппослай бошладилар.
— Адҳам! — дея чинқириб юборди Эркин жиянини ваннахонада эканини билган ҳолда.
Шу куни Эркиннинг жияни Адҳам ҳам тоғасиникида тунаб қолмоқчи бўлганди. Адҳам жон ҳолатда югуриб чиқди-ю, Шавкатнинг қўлидаги темир қозиққа рўбарў келди. Шавкат ва унинг шериклари ваҳшийлашиб кетган эди...
Бу орада Эркин ҳам оғир жароҳати туфайли ҳаётдан кўз юмганди. Жиноий гуруҳ аъзолари икки мурдани ҳаммомга олиб киришди ва сувли ваннага ётқизиб қўйишди. Шундан кейин ҳақиқий маънодаги талончилик бошлаб юборилди. Шавкат бошчилигидаги жиноятчилар уйдан пул, чет эл валюталарини изғиб қидира бошладилар. Ойнавандли айвонни титкилаб ҳеч нарса топишолмагач, ертўлага тушдилар. Ошхонани ҳам искович итдай тинтий бошладилар. Қарасаки яна бир одам… Аниқроғи 12 ёшли қизча ваннага ташлаб қўйилган дадасини сувдан чиқаришга уринаётган экан. Тўполонда ётоқхонада ухлаб ётган Лайло уларнинг ёдидан кўтарилибди.
Қотилларни кўрди-ю, қизча додлаб юборди. Шавкат дарҳол Лайлонинг томоғидан олди. Олишув қисқа бўлди. Ёш, жисмоний заиф қизча ҳам бўғиб ўлдириш натижасида жон бериб қўя қолди. Унинг ҳам жасади ваннага ташланди. 
Ниҳоят қотиллар мақсадига етишишди. Уйдан икки миллион сўм, уч минг АҚШ доллари ва бир нечта тилло тақинчоқларни ўмаришди. Иш битгач, совуққонлик билан уйнинг полига оққан қон доғларини артиб тозалашди. Ўаммомнинг полларини ювишди. Эшик, дераза ва мебеллардаги бармоқ изларини артиб ташлади. Қотиллик изларини йўқотиш мақсадида ошхонадаги газ плитасини очиқ қолдириб чиқиб кетишди. Хайриятки, газ портламади. Буни қўни-қўшнилар пайқаб қолишди. 
Қотиллар воқеа жойидан йироқлашар эканлар, пулларни ва тилло тақинчоқларни бўлиб олишди. Тонг ёришгач Шавкат судхўрдан олган қарзини тўлади. Айбини яшириш учун ўша куниёқ таниши Михаилнинг уйига яшириниб олди. Гап шундаки, мазкур қотиллик юз берганидан сўнг прокуратура, милиция ходимларидан иборат тезкор гуруҳ 24 соат ичида қотилларни топишга муваффақ бўлдилар. Тергов жараёни ҳам шунга монанд тез ва сифатли бўлиб ўтди. Таҳлиллар, мулоҳазалар, далиллар асосида Шавкат яшириниб ётган жойидан тезкор қидирув гуруҳ ходимлари томонидан ушлаб чиқилди.
Ўа, Шавкат ва унинг шериклари жазоларини олишди. Аммо беайб уч инсон қотиллар қўлида жон бердилар. Ўаёт эса бир маромда давом этмоқда. Яна ўшандай бозор, расталарда кимлардир марҳум Эркиндек ноқонуний тарзда валюта олди-сотдиси билан шуғулланишаётгани аниқ… Демакки, юқоридаги ҳодиса мулоҳаза қилиб кўришга арзийди.

ЁРҚИНОЙ ҚОСИМОВА

Гўрковнинг жиддий хатоси

Яхши ният ярим мол, дейди халқимиз. Топиб айтилган гап. Мен бунга қўшимча сифатида айтардимки, яхши ният баъзида бутун мол! Ёмон ният баъзида катта мусибат. Инсоннинг лафзи эса ана шу ниятни қалбидан ўтказмаса ҳам, катта ишларга қўл уриб юбориши мумкин. Мен бугун сизнинг эътиборингизга яқинда бўлиб ўтган бир воқеани келтираман.

Бир қадрдонимиз айтиб бердилар бу воқеани.
«Қудамнинг водийдан келаётганда қаттиқ автоҳодиса туфайли касалхонага ётқизилганлиги ҳақидаги хабарни эшитиб, тезлик билан ўша томонга йўл олдим. Менга хабар берган киши қудам автомашина ҳайдовчисининг олдида ўтириб кетаётганда ҳалокат содир бўлганини айтди. Қаттиқ қўрқдим. Сабаби, аварияга учраган машина ичида энг кўп жабр чекадиган киши одатда ҳайдовчининг олдидаги киши бўлади. Кейингиси ҳайдовчининг ўзи, ундан сўнг орқадагилар. Буни кўпчилик билади. Лекин мен касалхонага борганимда ҳайратимни қўзғовчи хабарни айтишганда донг қотиб қолдим.
Маълум бўлишича, қудам тирик қолган, ҳайдовчи ҳам, орқадаги икки одам ҳам вафот этибди. Қанақаси, ахир ҳайдовчининг олдидаги одам қандай қилиб тирик қолади, деган ҳақли савол ўйнай бошлади миямда. Ҳа, энди Аллоҳнинг тақдири-да, деб ўзимни овутишга уринардиму, ҳодиса қандай бўлганини тушуна олмасдим. Чунки қудам кетаётган машинани қарама-қаршидан машина келиб урса, олдида ўтирган одамнинг аҳволи аянчли бўлиши аниқ эди.
Касалхонада қудам ўзига келмаганини айтишди. Камида икки кунда кома ҳолатидан чиқар экан, деб хабар беришди. Уйга маҳзун ҳолатда қайтдим.
Икки кундан кейин чиндан ҳам кўз очди. Тил гапиришга тушди. Мен кўргани борганимда одам кўп экан. Секин кирдим, мени таниди. Ҳол-аҳвол сўраб суриштириб, безовта қилмаслик учун чиқиб кетишга рухсат сўрадим. Қудам эса кутилмаганда ичимни билиб тургандек, бўлган воқеани айтиб беришни истаб қолди. Индамайгина чўккаладим.
— Мен Қўқондан бир таксичи йигитнинг машинасига ўтирдим. Олдиндан жой олдим. Орқа ўриндиққа икки одам келиб, уч кишининг пулини тўлаб кетишларини маълум қилди.
Ҳайдовчи қурмағур жуда тез ҳайдар экан. Қамчиқ довонидаги йўлда шу қадар тез ҳайдадики, орқа ўриндиқда ўтирган шерикларим икки-уч марта «Сал секинроқ ҳайдайверинг», деб қўйишди.
Охири мен чидаёлмадим:
— Бўлди-да энди, ука. Бир айтилди, икки айтилди, сал секин ҳайдашнинг иложи йўқми? Ундан кўра тушириб кетақолинг. Яёв етиб борсам хавфсизроқ бўлади! — деб қаттиқ оҳангда таъкидладим.
Ёшлигига бориб ҳалиги йигит менинг гапларимни қаттиқ олди ва юзимга қараб:
— Дуо қилиб кетаверинг, Худо сизни қутқариб олади! — деди.
Юрагим жиз этди. Сабаби, унинг тилидан «сизни қутқариб олади», деган гап янгради. Бу жумланинг давомида «биз ўзимизни ўзимиз сақлаб олаверамиз», деган сўзлар ҳам яширин қолганди.
Жаҳл устида:
— Ўзингиз биласиз, бўлмаса мен дуо ўқишни бошладим, — дедим.
Шу гапни гапирдиму, олдинга қарагандим, машинамиз қаршисида жуда катта тезликда янги «Нексия» учиб келарди. Ҳайдовчимиз машинани олиб қочишга уринди-ю, иложини топа олмади ва...
У ёғи нима бўлганини эслай олмайман. Кўзимни очсам, шу ерда ётибман. Худога шукр, миям лат емаган экан, ҳодисани дарҳол эсладим. Эсладиму, игна санчишга тайёр турган ҳамширадан: «Шерикларим тирикми?» деб сўрадим. Бахтга қарши, уларнинг ҳаммаси вафот этганлиги ҳақидаги хабарни эшитдим.
Кейин ўйланиб қолдим, мен энг хавфли жойда ўтириб тирик қолдиму, орқада кетаётганлар ҳам ҳалокатга учрабди. Буларнинг барчасига сабаб ўлароқ ўша йигитнинг биргина ўйламасдан айтган гапини тасаввур қилдим. Агар ўша гапни гапирмагандами?!
Қудамнинг ҳолати ва айтиб берган ҳикояси тўпланганларни йиғлатиб юборди. Бу ҳодиса бир томондан Худонинг қудратига тасаннолар айтишга ундаса, бир томондан биттагина нотўғри лафзнинг оқибати нечоғлиқ оғир эканлигини тушунтирарди. Олд ўриндиқда кетаётган инсонни сақлаб қолишни ирода қилган Аллоҳ орқа ўриндиқдаги бандаларининг жонини хотиржам олишини намойиш этганди гўё.
Бу катта ибрат ҳар биримиз оғзимиздан чиқаётган сўзларга жиддий эътибор қаратишимизни талаб этади. Бекордан бекорга айтилган сўзлар, ҳазиллашиб улашилган «тилаклар» келажакда ўз бўйини кўрсатганида, инсон довдираб қолишини ҳис қилишимиз зарур.

Тошкентлик бир гўрков айтиб берган воқеа ушбу мақолани юқори нуқтада якунлаб олишимга ёрдам беради:
— Бир куни дўстимни қабристонга олиб кирдим. Биттагина қабр кавлаб, кейин унинг иши билан бир жойга ўтиб келишимиз керак эди. Гўрковларда битта одат бор, буюртма бўлмасидан аввал шошиб қолмаслик учун гўр қазиб қўйилади. Ана шундай «номаълум одам»га қабр қазиётган эдим, дўстим уч-тўрт марталаб, бу ерга ким келар экан, кимга кавлаяпсан, олдиндан бирор нарса аён бўладими, деган бемаза саволларни бераверди. Охири сабрим чидамай: «Сенга кавлаяпман, сени эртага олиб келишади шу аён бўлди!» деб юбордим.
Қаерданам гапирдим шу сўзларни. Ўша куни кечқурун дўстим автоҳалокатга учраб, ҳалок бўлибди. Эртасига пешин намози ўқилаётган пайтда тобути кўтариб келинди. Жой эса уни кутарди...
Ҳар доим хушниятли, офиятли ва фаросатли бўлайлик. Мукаррам яратилган зот эканлигимизни унутмайлик. Лафзимизнинг оқибатлари ҳақида ўйланайлик. Қаттиқ ўйланайлик!

Ҳозир сайтимизда 97 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ