Сайт бўлимлари
- Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
- Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
- Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
- Энг заиф уй
Muslima.Uz
Ҳар нарсага қодирсан аёл
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Ишга келсам ҳамкасбим Мурод ака ранглари қув учган, тушкин бир кайфиятда ўтирган экан.
— Ҳа, тинчликми, рангингиз синиқ, бирор жойингиз безовта қилмаяптими? — деб сўрадим.
— Бироз ўзимни ёмон ҳис қилаяпман. Ўтиб кетар, — деди у чуқур уҳ тортиб.
Мен уйида бирор кўнгилсизлик бўлган бўлса айтгиси келмади чоғи деб қайта сўрагим келмади. Аммо орадан икки соат чамаси вақт ўтиб пешонасидан тер чиқиб, юзи қорая бошлади ва менга юзланди:
— Синглим иложи бўлса дорихонага чиқиб, валерянка келтириб беринг.
Югуриб ташқарига чиқиб кетдим ва дарров айтган дорисини олиб келдим. Уни ичиб бироз бошини столга қўйиб ўтиргач ўзига кела бошлади. Шундай бўлсада мен у кишига:
— Уйингизга кета қолинг, ётиб дам олинг, бошлиққа айтиб қўяман, — дедим.
— Бироз яхши бўлиб қолдим. Босилди, — деди Мурод ака ва яна овози титраб секингина қўшиб қўйди: — Ифлос, шайтоннинг урғочиси, шундайларга ўлим ҳам йўқ.
Мен унинг бу гапларига ҳайрон бўлдим. Мурод ака ўта босиқ, ниҳоятда тартибли одам. Шу даражада унинг жаҳлини чиқарган ким бўлиши мумкин? Нафрати аёл кишига қаратилганини англадим, лекин хотини ҳақида гапирмаётганини ҳам тушундим. Чунки у кишининг хотини жуда кўнгли тоза, қўлидан ёмонлик қилиш келмайдиган аёл. Демак бошқа бир аёл дилини вайрон қилган, деган хаёлга боргандим, у яна гапириб қолди:
— Кеча уйга акамнинг хотини келганди, юрагимни сиқиб, асабимни бузиб кетди, туни билан ухлолмай чиқдим.
— Нимага, акангиз билан хафалашиб қолганмикан?
— Йўқ, акамни қора ерга тиқиб бўлган, энди азобини тортиб ётибди, чидолмай биздан ёрдам сўраяпти, кеч-кеч.
— Нега кеч? Қийналиб қолган бўлса фарзандлари жигарингиз бўлади, қарашсангиз яхши-да!
— Йўқ, мен моддий тарафини назарда тутмаяпман. Болаларининг тарбиясига кеч, уларни расо қилиб ўстирган. Бизни деярли яқинлаштирмади. Энди гапимизни олармиди?
— Акангиз эрта оламдан ўтган экан-да.
— Ҳа, ўлиб қутилди шўрлик. Биз оилада етти фарзанд эдик. Мен энг кенжасиман. Бироз эрка, шўхроқ ва айтганини қилдирадиган, чапани бўлиб ўсганман. Катта йигит бўлиб қолганимда ҳам отамдан пул сўраб хархаша қилар, агар бермаса онамга ёлғондан кўз ёши қилиб бўлса ҳам истагимни бажо келтирардим.
Аммо катта акамдан ўлгудек ҳайиқар, гапини икки қилмасдим. Нима учун шундай бўлганини ёшим қирқдан ошса ҳам тушунолмайман. Балки бу акамнинг характерига боғлиқдир? Акам баланд бўйли, кенг елкали, ўта босиқ ва жиддий инсон эди. У билан суҳбатлашсангиз ўнта гапирганингизда битта жавоб олардингиз. Мактабда ўқиб юрганимда акам армияга кетгани, тез-тез хатлар ёзиб турганим кечагидек эсимда. У эса жавобан «хатингда шунча хато бор экан, тўғри ёзишни ўрган» деб қисқагина жавоб қайтарарди.
Армиядан келиб ҳарбий касбни танлаган акам туманимиздаги бўлимга ишга кирди. Кейин вилоятга чақирилди. Бу орада уйдагилар уни уйлантиришга ҳаракат қилиб қолишди. Акам эса бўйин бермай юраверди. Ахийри ота-онам қишлоғимиздаги бир қизга унаштириб қўйишди. Бу ишларидан акам қанча хафа бўлса-да, орият учун уйланишга рози бўлди.
Эсимда тўй жуда яхши ўтганди. Айниқса, бир гуруҳ ҳарбийлар ҳарбийчасига рақсга тушиб даврани роса қизитди. Аммо, келин ота-онамга ёққани билан акамга маъқул келмади назаримда. Чунки у илгари икки-уч ҳафтада келиб турса, уйланганидан кейин жуда кам келадиган бўлиб қолди. Хотини икки йил биз билан яшади, қизлик бўлди. Ахийри зўрма-зўраки яшаш янгамнинг ҳам жонига тегди шекилли, акам билан гапни бир жойга қўйиб жимгина ажралишди.
Бу воқеа анчагача уйдагиларнинг кайфиятини тушкунликка солди. Орадан бир йил ўтиб эса акам онамга водий томондан уйланиш нияти борлигини айтди. Шунда билдикки, ўша қишлоқдаги қизга унаштирилган чоғларида акам Фарғонага ишга жўнатилган эди. У ёқда бир қиз билан кўнгил боғлашган экану фақат отамдан қўрққанидан у ҳақида гап очмаган экан. Кейин кўнгли у қизни деб турганда ҳовлидаги янгамни ёқтирмаган чамаси. Балки янгам ҳам буни сезган ва турмушлари мўрт эканлигини англагандир.
Хуллас, ноилож қолган ота-онам ўша севган қизига акамни уйлантиришди. Тўйдан кейин улар хизмати юзасидан ҳали у шаҳарда, ҳали бу шаҳарда яшашди, онда-сонда қишлоққа келиб туришарди. Биз акамизнинг бундай кам келишларига ўрганиб қолгандик. Аммо отам кўниколмасди.
Бир галгиси ҳеч эсимдан чиқмайди. Эшикдан кириб келиши билан отам акамни бўралатиб сўкиб кетди. Акам бирон нарса демади, жимгина эшитди, сўнг бошини эгиб ташқарига чиққанида менинг эшик тагида тинглаб ўтирганимни кўриб ерга қаради. Шўхлигим тутиб, «Ака, набирали бўладиган пайтингизда ҳам отамдан сўкиш эшитиб ўтирганингизни қаранг», деб устидан қотиб кулганман. Менинг кулишимдан акам баттар ноқулай вазиятга тушганди.
Энди ўйлаб қарасам, отам бу сўкиши билан ўғлининг келмаслигидан эмас бутун тақдиридан куйинган экан. Акам эса ўзи пиширган ошдан, севгани деб отам олиб берганидан воз кечгани учун, отамга бир сўз деёлмай айбини тан олган. Янгам келин бўлиб бирон марта келинлик вазифасини бажаргани йўқ. Ота-онамнинг хизматини қилиш у ёқда турсин, ҳатто меҳмонга боришганида ҳам ҳурматини жойига қўймасди. Акам билан янгам икки ўғил ва бир қиз кўришди. Фарзандлари тўкин-сочинликда, эрка, тантиқ бўлиб вояга етишди. Акамнинг ҳеч яхши кунига шерик бўла олмадик. Акам бизни жонидан ортиқ яхши кўрар, борсак уйидаги аҳволдан хижолат бўлиб қандай бўлмасин кўнглимизни олишга ҳаракат қиларди.
Мени ҳарбий хизматга чақиришди. Ўша йиллари Афғонистонда уруш кетаётган эди. Онам акамга укангни армиядан олиб қолишнинг йўлини қил деган экан. Мен эса хизматдан қолишни истамадим. Биз Тожикистонга тушдик. Шу жойда олти ой бўлдик. Бир куни мени акам йўқлаб борди. Эртасига Афғонга жўнашимиз керак эди. Акам менга «Сени олиб қоламан, кейин бошқа жойга жўнатаман,» деди. Мен кўнмадим. Ахийри «Ука, агар мени онам оқ қилмасин, десанг кўнасан. Чунки онам «агар Мурод Афғонга кетса, мени сендай болам йўқ» деди. Мени тушун» деди. Бу гапдан кейин рози бўлмасликнинг иложи йўқ эди ва мен афғонга эмас, Германияга кетдим. Балки у шундай қилмаганида мен афғондан қайтиб келмасмидим? У нафақат менга, барча жигарларига меҳрибон эди. Фақат буни ошкор қилолмасди. Биз буни хотинидан қўрқиш деб тушунардик.
Энди тушунсам у қўрқмас экан, турмуш ўртоғининг феълини яхши билгани учун бизнинг дилимизга озор беришидан чўчиркан. Инсоннинг оиласида хотиржамлик бўлмаса, унинг ташқарида обрўси, атрофидаги дўстлари, қариндошлари қанчалик яхши бўлмасин жонига оро киролмас экан. Булар ҳақида ўйлайману акамнинг ҳаётига бироз бефарқ бўлганимиздан афсусланаман. Биз уни шу аёл билан яшашни танлаганликда айбладик. Ваҳоланки унга ёрдам беришимиз керак экан. У оиласидан хуноб бўлганида ичига ютди, ноилож қилаётган камчиликларидан ота-онамдан танбеҳ эшитганда икки карра сиқилди. Ва бу ютавериш ахийри уни емирди, қулатди. Бетоб бўлиб қолганида тез-тез ҳолидан хабар олиб турдим.
Бир гал борганимда жойидан туролмай қолган экан. «Муздай тарвуз егим келяпти» деди. Дарров чиқиб олиб келдим ва ўғлининг қўлига тутдим. Орадан икки соат ўтдики, тарвуз отанинг олдига келмади. Ахийри жаҳл билан ўғлини чақирдим-да, тарвузни тўғраб келинглар дедим. Бир пайт тарвузни бутунлигича олдимга қўйди. Дастурхон ҳам ёзмади. Ўзимни тутолмай ўғлининг юзига тарсаки тортиб юбордим. «Эшшак, отанг ичим куйди, тарвуз егим келяпти деганини эшитдинг-а» дедим. Кейин тарвузни сўйиб акамнинг олдига қўйдим. Аммо у бир донагина олиб еди. Ўғли менинг тарсакимдан хафа бўлди. Отасининг аҳволига эса заррача ачинмади.
Орадан икки кун ўтиб яна бордим. Бу акам билан охирги учрашувимиз эди. У менга болаларининг келажагига бефарқ бўлмаслигимни тайинлади. Мен сўз бердим.
Орадан беш кун ўтиб шум хабарни эшитдик. Жамоасида, дўстлари орасида ҳурмати баландлиги сабаб жанозаси катта маросимга айланиб кетди. Жамоасидагилар каттагина суммани маросимга ишлатиш учун менинг қўлимга тутди. Шаҳар қабристонидан ҳам жойни фалон пулга олдик. Хуллас, ўзига келган маблағни ўзига сарфладим. Аммо ўша куни кечқурун пул қани деб хотини мен билан жанжаллашди. Биринчи оиласидаги қизини жанозага қўймади. Элдан уялганимиздан тишимизни тишимизга қўйиб чидаб ўтирдик. Акамни ерга қўйиб, кетар чоғимда еттисини ўзим ўтказаман, деб кунини белгилаб кетдим. Айнан шу кунга тўғрилаб барча харажатларни қилиб келсам, янгам бир кун олдин еттисини ўтказиб юборибди.
— Биринчи турмушидан бўлган қизлари билан акангиз қандай муносабатда эди?
— Яхши, акам гоҳ-гоҳ кўриб турар, ёрдам берарди. Шифокорликка ўқитди, турмушга берди. Ўозир бахтли яшаяпти. Аммо кейинги болалари расво бўлди. Қизи онасининг ўзи. Ёши ўтиб қолди турмушга чиққани йўқ. Катта ўғли икки фарзанди билан оиласини бузди. Қудалар акамни билганлари учун қизларини беришганди. Кўп қийинчиликларга чидашди, аммо янгам келинни чиқиштирмади.
Энди кенжа ўғли тўрт кундан бери уйга келмаётгани, Россияга кетаман деб чиқиб кетганини, устига-устак қизи ўтириб қолганидан нолиб йиғлади. Бир томондан, қилмишларингга жазо оляпсан, дегим келди. Иккинчи томондан, болалари менинг жигарим, акамнинг руҳи чирқираётганини ўйлаб қийналаман. Ахир онанинг гапига кирмаган болани олиб ўтиролмайман ёки синглимни ол деб бировга ялинолмайман-ку. Уни олганнинг ҳам уйи куяди. Хуллас, шулар ҳақида ўйлайвериб ечимини тополмай сиқиляпман.
Мурод ака гапни шундай якунлади. Мен эса «Бу воқеаларни ўйлаб ўзингизни касал қилганни фойдаси йўқ», деб кўнглига таскин берган бўлдим.
Аммо бир нарса аён, бу муаммонинг ечими йўқ ва ўша фарзандлар калтафаҳмлик, молпарастлик қурбони. Улар ўз ҳаёт йўлларида ҳали кўп қийналишади. Нафақат ўзларини, балки атрофдагиларни ҳам азоблайди.
Бу воқеаларни шарҳлаб охирига етолмадим ва қалбимдан бир нидо отилиб чиқди: «Аёл, сен кўп нарсага қодирсан. Фақат шу қодирлигингни ёмонликка ишлатма. Токи диллар озор чекмасин».
МАТЛУБА
Аёлнинг хатоси кечирилмайди
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
- Қиз туғмай ўлай ман, қариганимда шу иснод ҳам бормиди бошимда?..- Сожида хола рўмолининг учи билан кўз ёшларини артиб, ердан бош кўтармай гапирарди.
— Эҳ, билмасам, қуда, келиндан шуни кутмагандик биз ҳам... Учта боласи бор-а?! Наҳотки уч боланг ҳам кўз олдингга келмади, дейман ўтирган жойларим билан куйиб кулми кўкка совурилиб. Яна бир оғиз кечирим ҳам сўрамайди. Одамни ақлдан адаштирмасин экан-да...- Қудасининг гаплари шундоқ ҳам эзилаётган юрагига ханжардек ботиб, Сожида хола иззилаб йиғлаб юборди:
— Акалари ўлдирамиз, бизга бундай сингилнинг кераги йўқ, дейишяпти. Ўша гаплар чиққанидан кейин, дадасининг қон босимлари кўтарилиб, бир томонлари ишламай қолганидан хабарингиз бор. Нима қилай, қонимизда бундайлар йўқ эди-ку. Қайси гуноҳларим учун бу кунларга қолдим-а...- Қуда бўлмиш қудағай хотиннинг зориллашидан ўксиниб кетди. “Она бояқишда нима айб? Қайси она фарзандидан нотинч бўлишни, боласининг оиласи бузилиб сарсон бўлишини истайди? Ҳеч бири. Ёшларда тавфиқ бўлмаса, катталарда нима айб...” Кўнглидан шу гаплар кечиб, Сожида холага хайрихоҳ тикилди:
- Қуда, улар ажрашишмайди. Ҳозир бу шармандаликни ўзаро икки хонадон биламиз. Ёпиғлиқ қозонни ёпиқлигича қолдириш ҳам ўзимизнинг қўлда. Мен бу ерда фақат невараларимнинг тақдирини ўйлаяпман...
Қудасини кузатиб қайтгач ҳам Сожида холанинг кўз ёшлари тинмади. Идишга қайнатиб совутилган сув олиб, эрининг дориларини чириш учун ичкарига кириб кетди.
- ... Ажрашаман, дада. Қандай қилиб менга хиёнат қилган хотин билан яшайман? Ҳаёт одамга бир марта берилади...- Шуҳрат алам билан қўлларини мушт тугди.
- Сени яхши тушуниб турибман, ўғлим, лекин бир эмас, учта боланг бор, ахир. Эркак кишининг ғурури – фарзандлари. Эрта бир кун фарзандларинг ўксиниб юрганини кўрсанг, пушаймон қилмайсанми? Агар ажрашмасанг, бу сирни ҳеч ким билмайди. Ажрашадиган бўлсанг, сиринг очилиб, шаънинг топталади ўғлим...- Шодиёр ака ўзини ўртаётган оғриқли ўйини ўғлига тушунтирганича, минг бир азобни бошдан кечирди. Шуҳрат “ялт” этиб дадасига қаради:
- Дадажон, ахир...- У калласига келган гапни айтмоққа оғиз жуфтлади-ю, негадир ўзини тўхтатди.- Кўнгилни қандай алдайман, дадажон... Хиёнаткор хотин билан бир том остида яшаш, бир уйга кириб-чиқишнинг ўзи бўладими...- Шуҳрат кейинги гапларини паст, изтиробли товушда айтди. Шавкат ака ўғлининг ҳам ажрашгиси йўқлигини пайқаб, бироз таскин топгандай бўлди. Аммо келиничи, келини ҳам хатосини англаб, узр сўраб келармикан? Хотин дегани ҳам янглиш қалтис қадам босиб, ҳам яна қайсарлик қилиб туриб олса... Эҳ, одамларга нима бўлган ўзи...
***
Шуҳрат Лайлони талабаликнинг биринчи кунларидаёқ ёқтириб қолганди. Гапирганда киши кўзига тик қарамайдиган, бирор гап сўрасангиз узун, оппоқ бармоқларини ўйнаб, ёноқларига қизиллик югуриб, ийманибгина сўзлайдиган қизни кузатиб юриб, иккинчи курсни битирар арафада унга кўнглини очди. Қизнинг ҳам йигитга мойиллиги бор эканми, Шуҳратнинг изҳорларини жилмайиб қўйиш билан қабул қилган бўлди. Севги тўла кунлар, аҳду паймон, соғинч, рашк ва муҳаббат ришталари кундан кунга бир биридан куч олиб, таҳсилдан кейин муносабатларни никоҳ билан мустаҳкамладилар.
Тўйдан кейин Шуҳрат иш тақозоси билан тез-тез хизмат сафарларига бориб турар, Лайло келинлик, рафиқалик хизматидан ошиниб эгаллаган касби бўйича ишлаёлмади ҳам. Шуҳрат баъзида ўсмоқчилаб, рафиқасидан ишламаётгани учун ўксинмаётганини сўраса, Лайло жилмайиб:
-Олдин рафиқалик бурчимни, кеилнлик вазифамни, оналик касбимни қойиллатиб бажаришни ўрганай, ана ундан кейин ўқиган соҳам бўйича ишларман,- деганди. Шу-шу бирин кетин туғилган болалар, уй-рўзғор ишларига кўмилиб қолиб, иши ҳам, дипломи ҳам эсидан чиқиб кетди. Ҳаммаси бир текисда, ажойиб кечаётганди. Нимадир бўлиб бахтли оиланинг мусаффо осмонига қора булут кўланка солди. Қора булутки хонадон шаънига бир умрга соя соладиган, исноди бошни эгиб, юзни қора қиладиган...
***
...— Ойижон, ҳеч бўлмаса сиз менга ишонинг! Мен хиёнаткор эмасман! Виждоним тоза менинг!- Лайло зўр бериб онасига гап уқтиришга уринарди. Сожида хола ҳўнграганча йиғлаб юборди:
Виждонинг тоза бўлса, поклигингни исботлагин-да, уйингга бориб ўтир. Болаларинингни сарсон қилма! Беваликнинг қийинчилиги қурсин! Ахир қайнотанг бир неча марта келди-ку, яна нима керак сенга?
Ойижон билан Шуҳрат акам менга ишонишмаяпти. Гўёки мен хиёнаткорман, гўёки мен бошқа эркак билан дон олишяпман. Биз қайси замонда яшаяпмиз, ойижон? Наҳотки, эркак билан аёл дўстона муносабатда бўлолмаса?! Хўш, синфдошим билан дўстона гаплашсам, учрашсам бунинг нимаси ёмон? Шунга шунча ваҳима қилиш керакми?..- Она қизининг гапларига тоқат қилолмай қолди:
-Уят эмасми, болам?! Мен дўстона учрашяпман, учрашсам нима бўлибди, дейишингнинг ўзи шармисорлик эмасми?! Шу бир оғиз гапинг билан хиёнатингни тан оляпсан-ку! Биз ўзбек аёлимиз, қизим! Мусулмонмиз! Биз учун бир пайтлари бирга ўқиган синфдош йигит тугул, ҳатто эримизнинг яқин қариндошлари ҳам бизга номаҳрам саналади! Номаҳрам аёл билан номаҳрам эркакнинг хуфёна учрашуви зинога элтади! Сен шу гапларингни ўйлаб гапиряпсанми?! Эринг йўқлигида, ундан берухсат, бесўроқ аллақаёқдаги синфдошинг билан учрашибюринг сенингча хиёнатга кирмайдими? Лайло-я, қизгинам-а, шундай чиройли бахтингга ўзинг дарз кеткизиб ўтирибсан-а!? Яна иддаоларинг ортиқча. Сендан шундай ақлсизликни кутмагандим...
Лайло индамади. Шу топда у ўзича ҳақ эди. “Шундай одамлар орасида, шу муҳитда туғилганимдан рози эмасман,- деб ўйлаётганди у- эркак билан аёл деб ажратиш қаердан чиққан? Одамлар қачон бир-бирига инсон сифатида қарайди?” Жувон шу хаёллари билан ҳарчанд ўзига таскин беришга уринмасин, кўнглининг бир чеккаси хижилланиб тураверди. Кўнглидаги ғубор ҳадеганда тарқалавермаганди, қўл телефонидан қандайдир рақамларни териб қўнғироқ қила бошлади.
- Фарида, яхшимисан ўртоқ? Вақтинг қанақа, бирор жойда ўтирайлик, жуда кайфиятим йўқ... Бироз чалғирмидим...- Нарёғдан тасдиқ жавоби бўлди, чоғи Лайло телефонини ўчириб, кийинишга тушди.
- Ойи, мен бирор соатларда қайтаман. Фарида билан кўришмоқчиман. Эзилиб кетдим уйда...- Сожида хола индамади. Онанинг қизидан кўнги ранжигани шундоқ билиниб турганди...
Дугонаси Лайлони ўзлари ҳар гал ўтириб дам оладиган қаҳвахонада кутиб ўтирган экан. Салом-аликдан сўнг Фарида хавотирли оҳангда гап бошлади:
- Лайлош, нима гап ўзи? Тинчмисан?
- Ҳмм... Ўзим шунчаки... Бироз кайфиятим йўқ эди. Шунга ўтирайлик дедим...
- Тинчликка ўхшамайди ўртоқ. Мендан ниманидир яширишга уриняпсан. Ичингда изтироб бор. Гапир. Бўл аввал сен гапир, кейин мен билганларимни айтаман.- Лайло алам билан ютиниб қўйиб, бошини қуйи солди:
- Айтмасам ҳам ҳаммасидан хабар топган кўринасан. Ўзинг гапиравер. Бир нарсани айтгани ҳам қўрқиб қолганман. Ҳамма мени нотўғри тушунади. Биров одам санаб мени тушунишни истамайди. Ҳамма учун мен ёмонман, ақлсизман...
- Лайло,- Фарида қаҳвахона хизматчиси қўйиб кетган яхна ичимликни идишларга қуя туриб гап бошлади,- аслида ҳам хато қилганингни ўзинг ҳам яхши биласан. Менику бор гапдан хабарим йўқ, лекин тунов куни Нигора ўғилчасига суннат тўйи қилган экан, беш-олти синфдош қизлар йиғилишгандик.- Фарида шундай деб Лайлога зимдан назар солганди, жувон қизаринқираб, лабларини қимтиб олди.- Лайло, яхши иш бўлмабди, ўртоқ. Лазиз билан ўртангизда қандай муносабат бор, билмадиму, лекин Дилфузанинг айтишича Лазизнинг хотини “оиламизни бузмоқчи бўлиб юрибди, эримнинг ҳол жонига қўймайди. Эрим ҳам қулоғидан телефонини қўймай пана-паналарда шивирлагани шивирлаган. Мен у хотинни тинч қўймайман, шармандасини чиқараман”, деган экан. Мен ғийбат гапларга ишонмайман. Айниқса, сен ҳақингдаги гапларга! Шунинг учун ўз оғзингдан ҳаммасини эшитмоқчиман. Хўш, бу гаплар қаердан чиқяпти? Нега атрофингда бунақа фисқу фасод гаплар айланиб юрибди?
Фарида гапини тугатар тугатмай Лайло ҳўнграб йиғлаб юборди. Бироз йиғлаб ҳовуридан тушгач, ҳозирги ҳолатига сабаб бўлаётган вазиятни дугонасига гапириб бера бошлади.
- Шунақа, дегин... Биласанми, мени нима оғринтиряпти, сен шу ҳолатингда ҳам ўзингни ҳақ деб билаётганинг. Лайло, дугонажон, ахир виждонинг қийналяпти-ку! Сен нима деб ўйлагандинг, эркак билан аёл ҳеч замонда дўст бўлибдими? Аёл учун севгани ҳам, дўсти ҳам, ўртоғию яқин кишиси ҳам эри бўлади! Наҳотки шу ҳақиқатни унутдинг?! Яна, Шуҳрат акам мени хиёнаткорликда айблаяптилар, деб эрингдан хафа ҳам бўляпсан. Сен хато қиляпсан, дугонажон. Эрингдан кечирим сўрашинг керак. Бу ерда унинг айбини кўрмаяпман.
- Узр сўраганим билан мени тўғри тушунармиканлар? Улар мендан қаттиқ ранжиганлар...- Лайло нажот истагандек дугонасига илтижоли термулди.
- Агар истасанг, ўзим улар билан гаплашаман. Тўғри, эр-хотиннинг орасига эсини еган тушади-ю, лекин ҳаракат қилиб кўраман. Шуҳрат ака ақлли, мулоҳазали инсон, умид қиламанки, улар сени тўғри тушуниб, кечирадилар. Лекин сен ҳам бошқа бундай ишларни қилма. Сенинг ҳаётинг, бахтинг оиланг билан. Дўст, синфдош деган гаплар ортда қолиб кетганига анча бўлди. Унутма. Аёлнинг хатоси кечирилмайди! Аёлни ақлдан адаштирмасин!..
Лайло овоз чиқармайгина дугонасининг гапларини тасдиқлади...
Рухшона Фаррух
Бахти бўлинганнинг кўнгли ҳам бўлинган
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Оёғим тортиб тортмай қишлоққа борадиган бўлдим. Ёз тўйлар мавсуми. Одамларнинг саволчан нигоҳларидан “Сен қачон оила қурасан?” деган саволни уқиш, бу каби маъноли тикилишлар заҳрини туйиш, юрагингдаги оғриқни қайта-қайта ҳис қилиш азобини олдиндан тасаввур этиб қишлоққа кириб бордим. Шаҳарга сиғмай кетганим учун, туғилиб ўсган қишлоғим, ота уйимдан бошқа борадиган жойим бўлмагани учун қишлоққа бордим. Шаҳардалигимда амакимнинг иккинчи қизи- жиянимнинг унаштирилгани ҳақида эшитгандим. Қишлоққа борганимда сўнги янгиликлар орасида жиянимнинг унаштириш дастурхони бекор қилингани ҳақида эшитдим. Урф-одатларимиз бўйича қиз узатаётганлар ёшлар фотиҳа қилинишидан олдин йигит тарафга тўй харажатлари рўйхатини беришади. Амакимларнинг тўйга мўлжаллаган харажатлари йигит томонга маъқул келмабди. Ўзи жияним йигит билан аҳдлашиб юрган экану, олдиндан йигитнинг яқинлари “биз у қизни келин қилмаймиз, бизга унинг кераги йўқ” деган гапларни қилиб юрган экан. Хуллас, аслида келин қилиш мақсади бўлмай, шу харажатлар баҳонасида мақсадини айтганми, ким билади. Дастурхони бекор қилинибди, деган гапни эшитиб юрагим “шув” этиб кетди. Бу мусибат менинг ҳам бошимга тушган эди. Мен ёшлик қилибми, охирини ўйламай фотиҳамни бузган эдим. Бўлажак куёвни соддаликда айблагандим. Бунақанги овсар билан яшай олмайман, деб тўйни тўхтатиб шаҳарга келгандим. Шу-шу шаҳардаман. Ит эгасини танимайдиган, биров билан бировнинг иши бўлмаган шаҳарда бир чимдим меҳр, бир оғиз ширин сўзга муҳтож бўлиб юрибман. Дардим ичимда. Хато қилганимни биламан. Қиз боланинг бахти қайтмасин экан. Бахти бўлинганнинг йўллари ҳам бўлиниб кетаркан. Бу кунларни бошдан кечирганим учун дарҳол амакимнинг уйига бордим. Келинойимга жиянимнинг тўйини тўхтатмаслигини, мен ҳам бир пайтлари қилган ишимдан пушаймондалигимни айтдим.
- Амакингиз бир этикка оёғини тиқиб олган,- деди келинойим ҳам кўз ёшни оқизиб.- “Қизларингиз керак эмас деб кетдими, энди бу остонага қадам қўймайди!” деб туриб олганлар. Ҳамиятлари оғриган-да...
Шунда ҳам қайта-қайта қудалар билан ярашишни айтавердим. Ахир бу савдо ўз бошимдан ўтиб турибди-ку. Мен бахтимни қайтариб озмунча азият чекяпманми? Мусофир жойларда, етти ёт бегона одамлар орасида бир дилдош, бир меҳрибон топа олмай, ўксинаётганим, тенгдошларим фарзандини етаклаб кўча-куйда айланишаётганда, дугоналарим эри олиб берган кийимларни мақтаниб кияётганда, “Сиз нега шу пайтгача турмуш қурмагансиз?!” деган саволга ҳар дуч келганимда хатоларим жафоларидан қочгани жой тополмайман. Бу оғриқни тил билан тушунтиришнинг иложи йўқ. Мен кечираётган дардни фақат ҳис қилиш мумкин. Қайта –қайта келинойимга бу ҳақида айтаверганимдан мени бир куни уйига чақиртирди.
- Илтимос, ўзингиз жиянингиз ва амакингизга тушунтиринг. Жиянингиз сизни яхши кўради, амакингиз ақлли қиз деб сизга ҳавас қиладилар. Зора гапларингиз таъсир қилиб, амакингиз қудалар билан келишиб кетсалар. Бир ёқда жиянингизнинг кўз ёшлари, бир ёқда амакингизнинг қайсарлиги, қайси томонга ён босишни билмай адоман.- деди келинойим телефонда.
Мен ахмоқ тентак бўлмасам бораманми? Ҳар учраган нокасу номард тош отавериб, шафқатсизларга чайнатавериб қонталашу абгор бўлган юрагимга яна ханжар уришларига имкон яратиш учун ўз оёғим билан кириб борибман-а!?
Амаким қудалар билан ярашмаслигини тан олди. Бу масалани энди ҳеч ким билан муҳокама қилмаслигини айтди.
- Жиянингни ишга жойлаштиришимиз керак. Университетни ҳам тамомлади. Ҳеч йўқ бир йил ишласин, яхши- ёмонни, фойда-зарарни фарқига борадиган бўлсин, кейин узатаман,- деди амаким менга маслаҳат солгандай. “Ўзингиз биласиз” дегандай қилиб индамай бошимни эгиб туравердим.
- Мен ишламайман! Бошқага турмушга чиқмайман ҳам!- деб бир маҳал шанғиллай кетди жияним.- Юравераман уйда. Ишимнинг ташвишини қилмай қўя қолинглар!
Ҳайрон бўлиб қараб турибман. Жияним отаси- амакимдан ҳам андиша қилмай бақир-чақир қилиб кетса! Амаким:
- Сен нима десанг шу! Бўлмаса уйимда хизматимни қилиб юраверсан. Мана Шоҳида опанг юрибди, ойдай, бировдан ками йўқ...- деган эди, қизи жазавага тушиб кетди:
- Худо асрасин! Мен бу йўлни танламайман! Менга керак эмас унақа ҳаёт!..
Қулоғим битиб, оёғим остидаги ер чирпирак айланиб қолди. Йиғлаб юбормаслик учун лабларимни қаттиқ тишлаб, шарт эшикка йўналдим. Орқамдан амаким билан келинойим нималарнидир жавраганча қолишди. Уйга келдим. Қани энди бояги йиғи кўзларимдан оқиб кетса! Йўқ. Томоғимни алам аччиғи ачиштиряпти. Жиянимнинг гапи юрагимга ханжардай ботиб, жон-жонимдан ўтиб кетди. Демак, мен ўзим шу тақдирни ўзим истаб танлаган эканман-да... Одамлар Худо берадиган нарсага, эртанги кунига катта кетиб, катта гапириб нима қиларкин а? Тўғри, бир пайтлари мен ҳам хато қилганман, ота-онамнинг гапига қулоқ солмай ўзбилармонлик қилиб тўй дастурхонини қайтарганман. Лекин то ҳанузгача биргина шу хатойимнинг жафолари зарбасидан ўзимга келолганим йўқ. Қаердадир бир гап ўқигандим. Доно киши атрофидагиларнинг хатосидан ўрганиб ўша камчиликларга ҳаёти давомида йўл қўймасликка ҳаркат қилар экан. Ақлли киши ўзининг хатоларидан хулосага келиб, бошқа янглиш қадам босмасликка ҳаракат қиларкан. Нодон эса на ўзининг, на ўзгаларнинг хатосидан ҳаёт учун зарур ибратни олади. Балким унинг бадбахтлиги- нодонлиги ҳам шундадир...
Айтмоқчиманки, одамлардан озор кўравериб ўрганиб кетдим. Аллоҳ кўриб турибди ҳаммасини, Унинг неъматига, Унинг тақдирига катта гапириб бўлмайди. Уч-тўрт йил олдин онамнинг жияни- тоғамнинг ўғли қиз узатаётиб, тўйга айтгани келган эди. Бизникидан чииқб бошқа бир қариндошимизникига борган экан, уялмай уларга “Аммам ҳалигача қизини узатмай юрибди, энди унинг қизини ким ҳам оларди, бир хотини ўлган ё хотин қўйган уйланмаса...” деган экан. Ҳалиги қариндошимиз ҳам кўнгли оғриб қолар демай, андишани унутиб бир бефаросатнинг гапини онамга етказибди. Онам шўрлик бир неча кун йиғлаб юрдилар. Ўша жияннинг қизи узатилди, икки йилгина эри билан яшади. Бир қизчаси билан ажрашиб, гапи вазнидан катта отасининг уйида яшаб юрибди. Маломат қилиш эмас, яхши жойга тушганди. Биргина қайнона-қайнота, бир эр. Бир қайнэгачиси узатилганди. Шу учта кишининг кўнглини топа олмабди. Ажрашишига изоҳ қилиб келтирган сабабининг тайини ҳам йўқ. Майли, тақдир экан. Лекин нима бўлганда катта гапиришнинг оқибати яхши эмас. Бу - ҳаёт. Ҳаётда эса ҳамма нарса бўлиши мумкин. Қолаверса, кўнгил оғритганнинг жавоби оғир бўлади. Қанийди буни ҳамма ҳам англаб етганида эди...
Хонзода оққа кўчирди
Вақтида очилган сир
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
— Ойижоним, ҳов ойижон... — Зебинисо қизининг ҳовлиқиб кириб келишидан юраги ёрилай деди:
— Вой ўлмасам, тинчликми? Нима бўлди? Опанг қани? — у оёғига шиппагина илишга улгурмай шошилиб гапира кетди.
— Э, дарров “ўлсам-ўлсам” деманг ойижон, сизга супер янгилик! — Зарнигор онасини қучоқлай кетди.
— Бўлди қилсанг-чи, нима гап ўзи?
— Ҳалиги Сожи аммам айтган йигит бор эди-ку, ўша бугун опам икковимиз ўқишдан қайтаётганимизда йўлимизни пойлаб ўтирган экан. Институтимиз яқинидаги бекат олдида учратиб қолдик. Эй, шу қизингизга ҳайронман-да, ойи, бола бечора илтижо қилиб, Худонинг зорини қилди, аммо анави ойимчангиз унинг машинасига ўтирмади. Баҳонада иномаркада бир айланардик-да. — Зарнигор лабини қимтиб, бошини ўйнатди.
— Эсинг жойидами, сен қизнинг? Биринчи марта кўрган одамнинг ҳам мошинасида кетаверадими киши?! Ўша бекат олдида гаплашишяптими?!
— Ҳа. Орқасида кичик қаҳвахона бор-ку, ўша ерга киришди. Зарина опам ўша қаҳвахонага киришга ҳам зўрға кўнди ўзиям.
— Қизим роса андишали, мулоҳазали-да, барака топсин, — Қизини алқаб қўйди она. — Боланинг кўриниши дурустми? Ранг-рўйи, гап-сўзи?..
— Сўраманг, ойижон, сўраманг. Эй, йигит эмас, нақ шаҳзода! Вой-во-ей, келишган қадду қомат, кетворган қошу кўз. Хушмуомалалигини айтмайсизми.Қиз болага Худо бахт бераман деса, киройи шунақасидан берсин-да! Опажонимнинг пешонаси ярқираган экан, ойижон. — Зарнигор тўлиб-тошиб йигитни мақтади.
— Илоҳим икковингга ҳам чиройли бахт, яхши жойлар насиб бўлсин.
— Ойижон, — кийимини алмаштиргани ичкари хонага кираётган Зарнигор яна орқасига қайтди, — ишқилиб бу галги куёв бўлмишдан опам бирор айб топмасинлар-да.
— Яхши ният қил... — Она кўнглидан кечган ўйни қизига сездирмади...
...Шу катта қизи Зебихоннинг ўзига тортди-да. Камгап, камсуқум, одамови. Китобидан бош кўтармайди. Биров билан иши йўқ. Кўча-кўйда уч-тўрт қиз бир бўлволиб гап талашса, аралашмайди. “Ўлларинг-е кампирларга ўхшаб ғийбатлашмай” деганча уйига киради қўл силтаб. Қизи институтга кириб ҳам берилиб ўқишга шўнғиб кетди. Заринани ҳатто яқин қариндошлари ҳам яхши танишмайди. Тўю ҳашам, гап-гаштакларни жини суймайдиган Зебинисо, баъзида жиғибийрон бўлганча қизини койийди:
— Ҳа, бегоналар-ку майли, ҳеч бўлмаса қавм-қариндошнинг маърака-мавридига қатнашиб тур. Эрта-индин ўзинг ҳам улғаясан, шуларнинг сафига қўшиласан. Бундоқ одамларга аралашиб юр, қизим.
— Вақти келар, ойижон. Сизга ўхшаб катта аёл, меҳрибон ойижон бўлсам албатта давраларнинг тўрини эгаллаб, гап сотишдан бери келмайман. Аммо ҳозир бунинг мавриди эмас. Ҳозир менинг ўзимга яраша ташвишим, қиладиган ишларим бор. — Заринанинг ҳаргалги жавоби бу. Вақти келиб остонага совчилар қадам қўя бошлашди. Қиз ҳеч бирига рўйхушлик бермаяпти. Бирининг кўриниши ёқмаса, бошқасининг гап-сўзи маъқул келмайди. Бир ҳафта олдин кичик қайнсинглиси бир гап топиб келди. Ўзи билан “гап” ўйнайдиган дугоналаридан бири жиянига келин излаб юрганини, уникида Заринани кўриб меҳри тушиб қолганини айтибди. Шундай қилиб бугун ўша йигит билан учрашишибди. Ишқилиб бир-бирларига маъқул келишсин-да...
* * *
— Болам, салкам бир ойдан бери совчилар келиб кетишяпти. Уларга бир нима дейишимиз керак... Ё бирорта... ваъдалашганинг борми?.. Буёғи ёшинг ҳам йигирмадан ошяпти. Қиз болани жойи чиққанда узатган маъқул... — Зебихон қизига илтижоли термулиб гап бошлади. Зарина ҳам анчадан бери онасига айтмоқчи бўлиб юрган гапларини тугиб қўйган экан шекилли, мулоҳаза билан секин гапира кетди:
— Ойижон, эсингиздами 3-курсда наркология диспансерида амалиёт ўтагандим.
— Ҳа... — ҳайрон бўлиб тикилди она.
— Ўшанда амалиёт ўргатувчи шифокор опа беморларнинг касаллик варақасини тўлдиришни менга айтгандилар...
— Хўш?
— Шу... ҳалиги йигитнинг исми-шарифи негадир менга таниш туюляпти-да...
— Э, қўйсанг-чи, — она енгил тортгандай хотиржам кулиб қўйди. — Кимсан шундай обрў-эътиборли хонадоннинг фарзанди... Йўқ, болам, бошқа унақа деб юрма, тағин ота-онасининг қулоғига етиб қолса хафа бўлишади. Энди одамларнинг исми бир хил бўлади-да. Мен нима дейсан деб ўтирибман.
— Барибир юрагим ғаш ойижон. — Зарина бу сафар анчайин хавотир билан гапирди. — Мен наркология диспансерига бориб, архивдаги даволанганлар рўйхати билан танишмоқчи эдим, аммо, у ердаги барча маълумотлар сир сақланиб, ҳеч кимга кўрсатилмас экан.
— Қизим, бўлди қил энди. Гумон иймондан айиради, дейдилар. Бировнинг боласи ҳақида бунақа фикрларга бориш яхши эмас. Кўнглингдаги шубҳаларни тарк қил.
— Билмадим...
— Совчиларга бир нима дейишимиз керак, қизим? — Она қизига саволчан тикилди.
— Яна бир марта учрашиб кўрай, кейин бир нарса дерман.
— Она қизим, бу пайсалга солинадиган иш эмас...
— Учрашай дедим-ку, ойижон... — Зарина онасига бошқа гап уқтиролмаслигига кўзи етиб, индамай қўя қолди.
...Кўп ўтмай унаштириш маросими бўлиб ўтди. Қудалар келишиб, тўйни камхаржроқ қилишга, ортиқча чиқиму харажатларни кўпайтирмай, оқ ўраш, фотиҳа тўйи каби тадбирларнинг ҳаммасини бир йўла никоҳ куни ўтказиб юборадиган бўлишди. Зарина қуда томон ва ота-онасининг бу қарорини маъқуллади. Ҳали олдинда қанча харажатлар турибди, энди Университетнинг бешинчи курсини тамомлаяпти. Ҳали яна икки йил ўқиши, кейин магистратура таҳсилини давом эттириши керак. Уларга ҳам анча-мунча пул сарфланмайди-ку! Ота-онаси ҳам куёв томон ҳам жуда мулоҳазали кишилар экан. Зарина анча енгил тортди. Шундай тушунган хонадонга келин бўлар экан, демак, пешонаси ярқираган, толеъи баланд қиз экан у...
Унаштиришдан бир ҳафта ўтиб-ўтмай қуда тарафдагилар тўй деб келишди. Зарина уларнинг бу ишидан роса жаҳли чиқди. Уларни тушунган, фаҳм-фаросатли одам деб юрса-ю, қилган ишлари ақлли одамларнинг ишига ўхшамаса. Ахир у бўлажак тиббиёт ходимаси қандай қилиб никоҳни расман қайд этмай, тиббий кўриклардан ўтмай турмуш қуриши мумкин?
— Йўқ! Аввал ФҲДЁга ариза берамиз, ана ундан кейин ҳаммаси бадастир амалга ошади, — Қатъий гапирди онасига.
— Болам, улар “тўйдан кейин ўзимиз тўғрилаймиз” дейишяпти. Унақа ҳадеб шарт қўяверма-да, қизим.
— Ойижон, мен ҳеч қандай шарт қўймаяпман, бор гапни айтяпман холос. Ўзим бўлғуси шифокор бўла туриб, қандай қилиб шошма-шошарликка йўл қўйишим мумкин? Бу мумкин эмас ахир! Мен оила қуряпман, шунчаки саёҳатга ёки ўйнагани кетмаяпман. Ойижон, сиз доимо менга ёш қизалоққа қарагандек қараб келгансиз. Ахир мен кичкина эмас, 23 ёшли қизман. Худога шукр, яхши тарбия бергансиз. Оқ-қорани, яхши-ёмонни ажрата оламан. Мен расмий никоҳдан ўтмай туриб ҳеч қандай тўйга розилик бермайман. — Ота ҳам қизининг гапини маъқуллади:
— Қизим тўғри гапиряпти. Булар эртагаёқ ФҲДЁга ариза беришади. Ҳаммаси кўнгилдагидек бўлгандан кейин тўй бошлармиз.
Қудалар иложсиз ортга қайтишди. Эртаси куни бўлажак келин-куёвлар никоҳдан ўтиш учун ариза беришди. Никоҳдан ўтиш тартиби бўйича зарур мутахассислар шифокорлар кўригидан ўтаётганларида бўлажак куёвнинг аллақандай таниш-билишларига “югуриш”и ёки пул билан тўғрилашга уриниши Заринанинг ҳам энсасини қотирарди, ҳам юрагидаги ғашликни оширарди: “Тавба, соғлом бўлса нега бунча пайтавасига қурт тушгандек уёғдан буёққа бесаранжом бўляпти?..” Ҳар қанча уринмасин на саволларига жавоб топарди, на кўнглидаги зулмат тарқаб юраги ёришарди. Шундай ташвишлар билан юрган кунларининг бирида ўзларидан икки курс юқорида ўқийдиган Ҳамдам деган йигитнинг гаплари Заринани бутун бошли хавфдан огоҳ этди-ю, қизгинанинг бахтини асраб қолди.
Бир куни кутубхона ўқув залидан чиғиб кетаётган Заринани таниш овоз тўхтатди.
— Заринахон, бир дақиқага мумкинми? — Қиз ўгирилиб қараган эди. Юқори курсдаги Ҳамидни кўриб, чеҳраси ёришганча унга пешвоз чиқди:
— Ассалому алайкум, Ҳамид ака, яхшимисиз? Саломат юрибсизми?
— Ваалайкум ассалом, сингилжон, ўзингиз омонмисиз? Уй ичилар тузукми?
Ҳамид 30-35 ёшлар атрофидаги бахтсиз ҳодиса туфайли бир оёғидан ажраб, ногирон бўлиб қолган эди. Кўнгли очиқ, бировга тариқча ҳам ёмонликни раво кўрмайдиган бу йигитни Зарина ниҳоятда ҳурмат қилар, аксарият пайтларда у билан суҳбатлашиб, билмаган нарсаларини билиб оларди. Ҳамид ҳам ўз навбатида қизга туғишган синглисидек муносабатда бўлиб, кўнглидагини очиқ-ойдин айтар эди. У 20 ёшида автоҳалокатга учраб анча пайт касалхонада ётишга тўғри келган. Ўша пайтлари меҳрибон, самимий бир ҳамшира қизнинг далдаси, кўнглига малҳам бўлиб у билан тақдирини боғлади ва бироз аҳволи ўнглангач тиббиёт олийгоҳига ўқишга кирди. Ҳозир шу билим даргоҳининг 7-босқичида таҳсил оляпти. Нигоҳлари ҳамиша бахтиёр порлаб турувчи йигит Заринага ўсмоқчилагандай қаради:
— Зарина қиз, келинойингиз бир гап топиб келди, билмадим ростми-ёлғонми?
— Қанақа гап экан? — Зарина қандай гаплигини билса-да, ийманибгина сўради.
— Бу... бизнинг маҳаллага келин бўлиб тушармишсиз?
— Ҳа... Шунақа бўп қолди. Энди, ота-она розилиги... фарзанднинг бахти-да...
— Ота-она ризолиги билан фарзанд бахтли бўлса-ку, яхши. Аммо, акси бўлса, фарзандининг чеккан изтироблари ота-она қалбини ханжар бўлиб тиғлайди-да. — Ҳамиднинг мулоҳазали гаплари Заринани сергаклантирди.
— Тўғри... — “Нега Ҳамид ака бунақа деяпти?”
— Сингилжон, катталар куёв бўлмишни сўраб суриштиришганми?
— Ҳа... — Заринанинг хавотири юз чандон ошиб, кўнгли баттар ғашланди. Ҳамид эса ғизнинг бу ҳолатини ҳамма нарсадан хабардорликка йўйди.
— Жон синглим, инсон ҳаётга бир бор келади. Билсангиз, бу ёруғ оламда тўрт муччангиз соғломлиги ва кўнгил хотиржамлигидан ортиқроқ бахтни топиш мушкул. Ҳар нарсани борида қадрлаган афзал. Сиз бўлғуси шифокорсиз, ичкилик ва гиёҳвандликка ружу қўйган одамнинг фарзандлари майиб-мажруҳ, ногирон туғилишини биласиз. Нима учун энди тақдирингизни шундай одам билан боғлашга кўндингиз? Ахир сиз ақлли қизсиз, бойлик, мол-дунё кишига ҳаммавақт ҳам бахт бермаслигини била туриб, ўз тақдирингизга ўзингиз бефарқ қараяпсизми?..
Йигитнинг қолган гаплари Заринанинг қулоқларига кирмади. Оёқларидан мадор кетиб, ерга ўтириб қолгудек бўлди...
...Дастурхонни қайтаришганида қуда томон роса жанжал кўтарди. Айниқса, аёл қуданинг шанғиллаши ҳамманинг нафратига дучор бўлди.
— Йигитчиликда ичмагану чекмаган бўладими?! Кўрамиз, фотиҳаси бузилган қизингларни ким оларкан?! Ҳали бошларингга ёстиқ қилиб, қариқиз қилиб юрасанлар! Йигирмадан ошган, фотиҳаси бузилган қизни ким ҳам оларди? Ҳатто, хотин қўйгану хотини ўлган ҳам бунақаларга яқинлашишга юраги бетламайди. Ҳали ўғлимга бермаганингга бир пушаймон бўласанлар, бир пушаймон бўласанлару ўрни босилмайди...
Заринанинг унаштируви бекор қилинди-ю, қуда бўлолмаган аёл айтганчалик маломат бўлмади, ҳартугул. Тўғри, эътиборсизлиги учун эл-юрт ота-онани изза қилишди, лекин бунда қизнинг айби йўқ эди. Хуллас, собиқ қуданинг “холис ният”и амалга ошмай қолди. Зарина, гиёҳванд йигитга тегмагани учун ота-онасига ёстиқ бўлиб қолмади. Яқингинада уни учратиб қолдим, университетда дарс берадиган бир йигит билан турмуш қуришган экан. Она бўлибди. Бирам бахтиёрки, кўрсангиз ҳавасингиз келади. Фаррух-чи, дейсизми? У... юзига ёпишган қора доғ устига яна балчиқ суркаб юрибди... Ҳозир қатъий тартибда даволанаётган беморлар бўлимида экан..
ФАРЗОНА
Эркакнинг маоши
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
-Мановиерга қўл қўясиз. – Муҳсинжоннинг қўллари титради, кўз олди жимирлашиб, олдидаги қоғоздаги рақамлар рақсга тушаётгандек кўринди.
-Ҳалиги… қаерга, синглим? - Кассир қиз унга ажабланиб қаради.
-Мана, белги қўйиб қўйибман-ку…
Муҳсинжон имзо чекди-да, кассир қиз узутган пулни санамасдан ҳам олиб, сал каловланиброқ ташқарига юрди. Йўлакда, ҳовлида учраганлар ўзига аллақандай ғалатироқ қараётганини ҳис қилиб, кафтида маҳкам сиқиб келаётган пулни чўнтагига солди. «180 сўм-а… Нақ 180 сўм тағин 15 кунимга экан бу пул… Ҳали ой охирида мукофот пули ҳам беради, сизга ҳам ёзишган, деди кассир қиз…» Муҳсинжон чўнтагидан қўлини олмас, худди олса, пули тушиб қоладигандек хавотирланар эди.
-Ҳорманг, Муҳснжон. – Коллеждан беш-олти қадам узоқлашган эди, шундай дарахтзорлар орасидан Нурмуҳаммад кўринди. Одати бўйича, тупроқ титибми, шох-бутоқларни қирқиб, кўмибми юрган шекилли, қўллари лой эди. Шуни кўриб туриб ҳам Муҳсинжон шошиб қўл узатди. Нурмуҳаммад буни кутмаган шекилли, бироз қизаринқираб, енгини тутди.
-Узр, оғайни…
-«Узр»и борми… Мен маош олдим, Нурмуҳаммад, 180 сўм. – Муҳсинжон қўлини яна чўнтагига тиқди. «Нимага унақа дейсан, галварс?! Одатда, бунақа пайтда: «Юринг, ювамиз», дейилмайдими?» Муҳсинжоннниг ўз-ўзига ғаши келди. Оқайнисини зимдан кузатди. Нурмуҳаммад эса ҳеч нарса бўлмагандай кранга қараб бурилди.
-Ҳа-да, яхши бўлибди. Бола-чақанинг ризқи-да, оғайни, деб қўйди. Муҳсинжонни ёруғ, иссиқ бир туйғу қучоқлади. «Ҳа, албатта, аввало, бола-чақа…» Хотинини хурсанд қилсамикин? Феруза хурсанд бўлармикан ўзи? Ҳаёт қувонч ва ташвишлари аро қалбидан кечганини билдирмай келаётган аёлига бир нарса кўтариб борса… ёш боладай ирғишлармикан ё одатдагидай: «Ўзим қимматбаҳо тошман-ку, менга қиммат совға нимага керак?» – дермикин?
Қизига, ўғлига… Ахир, улар дадасидан нарса сўрамай қўйганига қанча бўлди…
Муҳсинжон жойида турган кўйи туриб қолди. Йўқ, ҳаммасидан аввал мана шу оғайниси Нурмуҳаммадни рози қилиши керак. У: «Маош олдим» деган гапга эътиборсиз ўтиб кетгандай бўлса-да, ичида бу ёруғликка ўзи сабабчи эканини билади-ку. Аммо лекин тан олиш керак, кўнгли баланд йигит экан. Барибир, биринчи маошидан шу оғайнисини рози қилиб қўйиши керак. Иккита сомса, бир чойнак чой билан бўлсаям… Аммо ҳозир тихирлик қилиб «юр, юр» дейишга хижолат бўлди. «Кўрмаганнинг кўргани қурсин», демайдими?
Муҳснжон катта йўлга чиқди. Гавдаси типпа-тик бўлиб, қадамлари дадиллашиб бораётганини ҳис қилди. «Тўғри экан-да, пул белни бақувват қилади», деганлари… Шунда чақондир, кимдандир эшитган ривояти эсига тушди:
Ҳукмдорнинг соч-соқолини қиртишлаётган сартарош йигит бехос:
-Бир қошиқ қонимдан кечинг, сизга арзим бор, - дейди.
Ҳукмдор:
-Сўзла! – деса:
-Мен сизнинг қизингизни севиб қолдим, изн берсангиз, сизга куёв бўлсам, - дейди. Ҳукмдорнинг аччиғи келади. «Жаллод!» дейишга ҳозирланади. Аммо ёнидаги аъёнлари уни ушлаб қолишади. Сартарош кетгач:
-Нимага у ялангоёқ қўрқмасдан, ботирланиб менга бу гапни айтди? Қизимга оғиз солди? – деса, аъёнлари:
-Ҳазрати олийлари, сартарош турган ерни қаздиринг: тилло бўлса керак. Одатда, бойлик устида ўтирган кимсанинг юраги бақувват бўлади, - дейишади. Дарҳақиқат, ўша жойни ковлашса, бир кўза олтин кўмилган эмиш…
Муҳсинжон мийиғида жилмайди. «Мен бир ҳовуч пулга диконглаб қолдим-ку… бир кўза олтин бўлса…» Хуллас, бир ойдан буён қишлоғидаги коллеж устахонасида қоракўзлар билан ишлаётган Муҳсинжоннинг кайфи чоғлангандан чоғланарди. Ахир, бир ойгина аввал тўрт тарафини булут ўраб, нима қилишини билмай юрган эди. Қачон ўзига ишончини йўқотди, эслай олмайди. Одам ҳам темирдай – аста-аста занг босиб, емирилар экан.
Техникумда ўртачароқ ўқирди, синову имтиҳонларни қийналиб топширарди. Баъзи домлалару оғзи бундайроқ талабалар:
-Муҳсин, сен бекорга вақт ўтказиб юрибсан. Бу ерда ўқигач, техниканинг пири бўлиб кетиш керак талаба дегани… Жарроҳ дўхтирдай техникани қисмларга ажратиб ташлаши керак, сен қўрқиб ёпишасан, - деган сайин ччирди. Шунинг учун техникумни битириб, қўлида диплом бўлсаям юрак ютиб бора олмади. Уйлангач, тоғаси гапиришиб, эски бир тракторни олиб берган эди.
-Миниб тур, эплаб кетсанг, янгисини гапиришиб бераман, - деб. Аммо «эскини эплагунча» деганларидай ҳадеб бузилиб, ишкали чиқаверар, ишиунмасди.
-Э, ўзи бўлмайдиган бола экансан, - хўжалик раҳбарининг шу кескин танбеҳидан сўнг яна ҳам ўзига ишончи ни йўқотди.
Бу орада фарзанд кўрди. Отаси ҳаётлигида бошланган иморатни амал-тақал қилиб битказиб, ака-укалар киритиб қўйишди. Кунлар ўтар, Муҳсинжон қишлоқда юришга хижолат бўлиб, туман марказига қатнай бошлади. Биров-бировдан эшитиб, унга иш беришардли. Рўпара келган ишни қилар, ҳақ-па қига талашиб ўтирмасди. Кунига беш-олти сўм тушиб турса-да, тобора гавдаси букилиб, ўзи камгап бўлиб борарди. Хотини – сокин кўл. Ҳамма нарсани ичига ютарди. Ўзи чеварчилик қлар:
-Рўзғорга у-бу олиб келинг, дея хиралик қилмасди. Баъзан ишсиз кунларда йўлкирага пули қолмаганида ҳам Ферузадан сўрамас, аммо чўнтагига қўл суқса, пул бўларди. «Хотиним фаросатли», - деб суюниш ўрнига Муҳсинжон баттар чўкар, йиғлагиси келарди. У ҳарчанд қийин бўлмасин, шу ҳаётга ўрганаётган, кўникаётган эди. Аммо бир кун хотининниг опасининг заҳрали киноясини эшитиб қолди:
-Ҳадемай қизингнинег бўйи чўзилади. Эшигингга келган совчилар: «Отаси нима иш қилади? деса нима дейсан? Нега ҳамма нарсани ичингга ютиб, сариқ сил бўлиб яшайсан?! Айт, эрингга, иш топсин! Одамларга ўхшаб кийинсин! – деди қайнопаси. Муҳсинжон Ферузанинг жавобини эшитмади. У жуда секин гапирди. Аммо ўша кун… дилига оғир бир жароҳат тушгандай бўлди. Ачиштириб оғриди жароҳат.
Эгнига қаради. Костюм-шимлари бор. Аммо «ҳар хил иш қиламан, уриниб қолади», деб киймайди, аяйди. Қайнопасининг чаёндай чаққан бу гапидан сўнг ҳам костюм-шим киймади. Уялди. Қиладиган иши бу-ю, пасон бўлиб юришини қаранг, дейишларидан чўчиди. Қайнопасининг гапи ҳам бир нав экан, ўғли Илҳомжон ўзи эзилиб, бир аҳволда юрган кунларида:
-Дада, сиз… мардикормисиз? – еб сўради. Муҳсинжон чой ичаётган эди, наваси ичига тушиб кетди. Нафас йўлига ушоқ тушиб қолдими, йўтал тутди.
-Ҳой, бола, қаердан олдинг бу гапни? Қолаверса, бешинчида ўқийсан-ку, сўзнинг маъносини билмайсанми? Мард – эркак киши, кор – иш, дегани. Ким сенга шу гапни ўргатган бўлса, мағзини тушунтириб, оғзини юммайсанми?! – Феруза ўғлини ғадаблаган сайин Муҳсинжон бир аҳволга тушарди. На ўғли, на қизи бу мавзуда бошқа гап очишмаган бўлса-да, ўзи ғалати бир аҳволга тушиб қолган эди. Қўл-оёғидан жон қочаётгандек эди. Хотини «Дадаси, дадажониси», дея атрофида парвона бўлган сайин ўзига ўзининг раҳми келарди. Жонига қасд қилиш ҳақидаги ўйлар тез-тез хаёлига келадиган бўлди. «Эртала кўз очмасам керак», деб баъзан кечқурунлари ювиниб ичкийимларини алмаштириб ётарди. Шундай кунларнинг бирида техникумда бирга ўқиган оғайниси Нурмуҳаммадни учратиб қолди. Сўрашишдан қочиб, четга бурилиб кетаётган эди, Нурмуҳаммад қулочини ёзиб келди.
-Оғайни, нима ишларнинг бошидасиз? – Муҳсинжон ёмон бўлди. Индамай ерга қаради.
-Қаранг-а, жХизрни йўқласам… Мен манови коллежда ишлайман, тупроқшунослик бўйича. Сиз ўқигансиз-ку. Ўқитувчи керак экан, тўғрироғи, амалиётчи. Назариясидан ўқитувчи бор-у, директоримиз амалиётига эркак одам бўлса, деяётган эди.
Муҳсинжон анграйиб қолди.
-Мен-а? Коллежда-я? – Анқовсираб сўради.
-Ҳа-да. Болалар билан устахонада ишлайсиз. Трактор, машина… қисмлари, вазифалари, ўзингиздан қолар гап йўқ.
-Олишмайди. – Муҳсинжон хўрсинди.
-Э, ўзингизни тутинг-да. Ўқигансиз, китобларингизни қараб чиқинг. Қийналсанги, яна ўқийсиз, айби йўқ-ку бунинг…
Муҳсинжон оғайнисига мунғайиб қаради, қўлларига, эгнига…
-Одам энг аввало ўзига ишониши керак. Нима, бировдан кам жойингиз борми?
Муҳсинжон мунғайган сари Нурмуҳаммад уни довларди.
* * *
Яхшиси, пулни болаларнинг онасининг қўлига бераман. Ўзиям ҳайрон қолса керак…» Йўқ, Муҳсинжон аввал ҳам топганиниг хотинига берарди.
-Бори – шу, - дегандай гуноҳкорона тикилса, Феруза:
-Эркакнинг топгани – барака, раҳмат, тан-жонингиз омон бўлсин! – деб дуо қиларди. Ҳозир эса… Уйининг кўчасига бурилгунча, хаёлан не-не дўконларга кимади-ю, нималар харид қилмади… Ахийри:
-Ўзи олгани яхши! – деган қарорга келди. Ахир, Нурмуҳаммад уни директор олдига олиб кириб, ўртада кафил бўлиб тургани билан, хотини шу бир ой ичида у билан баравар ишлади, гўё. Ҳар кун костюм-шимини дазмоллайди, кўйлагини ювади. Кечаси астойдил китоб титишга ўтирса, болаларни «ғинг» эттирмайди.
-Даданг дарсга тайёрланяпти, - унинггап оҳангидаги фахру ғурур Муҳсинжонга ёқади. Директор аввал тихирлик қилди.
-Коллежни нима деб қўйибсиз? Фан номзодларинниг жойи бу, - деди. Нурмуҳаммад:
-Меҳнатдан, ўрганишдан қочмайди. Болалар чиппа ёпишади устахонага, кўрасиз. Кўнгли очиқ йигит, - деб ялинавергач, синов шарти билан олди. Муҳсинжон ҳам сиқилиб қолган экан, болаларнинг: «Устоз, устоз», дея чуғурлашларидан яйраб кетди. Болалардан аввал ўзи устахонага ёпишиб қолди. У аввалдан кўрган техниканинг ҳар бир қисмига ҳайратланиб қарар, гўё гугурт чўпидай винтчаларни янгидан кашф этаётгандек суқланиб қарради. Муҳсинжоннинг ҳаракати директорга ёқди шекилли, қисқа қилиб:
-Ишлаб туринг-чи! – деди.
Муҳсинжон Нурмуҳаммадга қараган эди, у кўз қисиб, бош силкиди. Шу-шу кўнгли тўлиб қолди…
-Яхши келдингизми, дадаси? – Феруза одатдагидай меҳр билан қаршилади. Маош олганидан то ҳозиргача бир умрни яшаб келаётган Муҳсинжон хотинига кўзлари яшнаб қаради.
-Мен… мана… маош беришди… Ҳаяжондан Муҳсинжоннинг овози титради.
-Вой, дарров-а… Давлат ишининг шуниси яхши-да, ой-кунида маоши тайёр…
Муҳсинжон хотини бу гал ўзини тутолмайди, сакраб юборади, деб кутганди. Йўқ, Феруза ўша-ўша: ташвишда ҳам, қувончда ҳам сокин аёл…
-Сенга нимадир олгим келди… Кейин… керагингни оларсан, - дедим. – Муҳсинжон гапираркан тобора қизиб, қизариб борарди.
Феруза эри узатган пулни олиб, бир зум тикилиб қолди. Сўнг санаб бир қисмини олиб қолди-да, бир нечта янги мингталикни Муҳсинжонга узатди.
-Ёнингизда юрсин, эркак киши пулсиз юрмаслиги керак. Бунга эса… - яна бир тахламини узатди:
-Ойингизни бориб кўриб келинг…
Муҳсинжон «қулт» этиб ютинди. «Ойим… эҳтимол, ўгай она қўлида ўсганим учун ўз-ўзимга ишончим йўқдир, шу пайтгача кўрган азобларим сабабчиси ўша аёлдир…», - дегиси келди.
-Нима бўлсаям, ўша аёл сизни ўн икки ёшингиздан боққан, крингизни ювган, олдингизга ош қўйган. Қолаверса, дадангиз раҳматликни сўнгга сониягача оқ ювиб, оқ тараб ўтирган.
Муҳсинжон:
-Ҳозирми? – деди хотинини гўё эшитмагандек бошқа оҳангда.
-Ҳа-да, мен унгача қайноққина шўрва ташлаб қўяман…
Муҳснжон кўчага йўналди. Яна шошиб изига қайтди:
-Онаси, нима олай? – деб сўради. Феруза унинг ҳовлиқма овози, дадил қадами, шамшоддай тик қаддига қараб… негадир кўзи ёшланиб турарди…
Қутлибека РАҲИМБОЕВА
Шайтон оралаган дўстлик
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
—Али, овозини ўчир!
Ҳайдовчи орқасига ярим ўғрилди.
—Нимани, Сурайё опа?
—Нимани бўларди? Машинани эмас ҳарҳолда…
Ҳайдовчи аллақайси ажнабий тилда жаранглатиб, эҳтирос билан куйлаб ётган хонанданинг овозини ўчирди.
—Бирон нарсадан асабийлашяпсанми?
Зебо Сурайёнинг тирсагидан енгилгина туртди.
—Йўғ-ей, толиқдим, шекилли, ҳеч нарса ёқмаяпти, — деди Сурайё ва машинанинг муздай ойнасига юзини босди. Атроф зим-зиё. Далалар, тутзорлар қоп-қорайиб кўринади. Фақат текис йўлдан машина учиб бораяпти. Ташқи кўринишидан Зебо тинч, сокиндай кўринса-да, аслида унинг ҳам ичи безовта эди. «Ҳеч нарса ёқмаслик» ҳолати унинг ҳам ботинида бор эди.
—Албатта, толиқасизлар-да, кетма-кетига иккита тўйни ўтказиш осонми? Айниқса, бунақа шинаванда халқ орасида! Эшитишаверишса, эшитишаверишса, сира «Тўйдим, қўйинг» и йўқ бўларкан бу тоғликларнинг, — ҳайдовчи — Алишер йўлда кўзи кетмаслиги учунми ё опаларининг ғалати кайфиятларини ҳайдашни истадими ўз-ўзидан гап очди.
Зебо:
—Ҳа, — деб қўйди, Сурайё индамади ҳам. Алишер яна гапиргиси келаётган эди. «Пул ёмғирдай ёғилди ўзиям. Тоғликлар роса сахий халқ бўлар экан…» Шунга ўхшаш опаларининг кўнглини кўтарадиган яна қандайдир гапларни топиб айтмоқчи эди. Аммо ўлар индашмагач, ҳадеб гап ташлашга хижолат бўлди. Нима бўлди уларга? Ахир, шундай яхши ўтган тўйлардан сўнг роса чақчақлашишар эди-ку. Бир-бирларига гап бермай, тўй таассуротларидан сўзлашишарди. Кимларнидир мақташар, кимларнингдир устидан кулишарди. Бошқа гуруҳлардаги ҳайдовчи — қўриқчилар Алишерга аксарият ҳолларда ҳавас қилишар:
—Опаларинг билан сира зерикмасанг керак. Кўнглида зарра ғубори йўқ қувноқ қизларни топиб олгансан-да, — дейишарди.
Бундай гапларни эшитганда Алишер тақдиридан рози бўлар, мақтовлардан бир бош ўсарди. Бугун нима бўлди? Йўқ, Алишер анчадан бери сезиб юрибди. Улар ташқаридан аввалгидай иноқ, аҳил кўринса-да, ўрталаридан нимадир ўтган. Аммо нима ўтган? Бу саволга жавоби йўқ.
Худди шу лаҳзада Сурайёнинг кўнглидан ҳам Алишерникига ўхшаш кечинмалар кечарди. Йўқ, унниг кўнглини жавобсиз саволлар қийнаётгани йўқ. У иккиланяпти… «Биров»дан эшитган ганлари тинчлик бермаяпти:
—Сизнинг овозингиз жуда тиниқ, жарангдор. Мусиқа, матн — ҳамма нарсани тушуниш қобилиятингиз Зебодан баланд. Нима қиласиз уни ёнингизга ёпиштириб? Бўлди-да энди шу пайтгача судраб келганингиз!
Гуруҳнинг «ярқ» этиб чиқиб, назарга тушиши осон эмас, яккахонликда порлаш имконияти кўпроқ. Келинг, ўзим сизга ёрдам бераман, воз кечинг ундан! — деди. Сурайё дабдурустдан «Ҳа» ё «Йўқ» дея олмади.
—Ўйлаб кўраман! — деди. Зебо билан иккови «Жуфт юлдуз» гуруҳитни тузиб, куйлай бошлаганларига неча йиллар бўлди. Қандай қилиб бехосдан:
—Ажралишамиз, — дейди? Сурайё ўша кунлари яшаган кунларини хаёлан қайта яшади. Коллежга энди кирган пайти. Августни охирлатиб, шамоллаб қолди. Ўқишга сентябрнинг ўрталарида келди. Ҳамма қизлар аллақачон бир-бири билан танишиб олишга улгуришган… Сурайё яккалангандай ўзини ғалати ҳи с қилиб турган эди, Зебо ёнига келди:
—Тузукмисиз? Сизни касал дейишди… — дея кўп йиллик танишдай гапира кетди. Шу-шу улар иноқлашиб кетишди. Сурайё қобилиятли, овози ширадор бўлгани билан ўзи одамлар билан киришимли эмасди, тез аччиғи чиқар ди. Шунинг учун бир жойга борганида иш битириши қийинроқ эди. Зебо эса очиқ чеҳрали, одамлар билан тез тил топишар эди. Бировнинг кўнглига тегмас, атрофдагилардан фазилат излар, топарди ҳам. Шунинг учун Сурайё унга: «Менинг яшил чироғим», деб ҳазиллашар эди. Иккови битта гуруҳ бўлиб куйлай бошлаганларида Зебонинг мана шу фазилати уларга жуда кўп бор қўл келган эди. Энди ҳаммасига кўз юмсинми? «Ҳар ким ўз аравасиними ўзи тортсин?» десинми?
«Биров» эса ҳар кўрганида бошқа гап қуригандай фақат шундай гап очарди:
—Тушунсангиз-чи, бу — хиёнат эмас. Санъат қурбонликни севади. Ахир, не-не юлдузлар ажралишиб кетди, осмон узииб, ерга тушмади-ку…
…Зебо ҳам худди шу тобда Сурайёга гапи ёқмаётганини ҳис қиларди. Унинг кўнглидан нелар кечаётганини билмас, аммо ўзининг ҳам кўнгнлини тушунмасди. Чунки ўша «Биров» Сурайёнинг ёнидан чиқиб, унинг олдига келган эди.
—Сурайё сизнинг орқангиздан одам бўлиб юритди. Эҳтимол, унда овоз бордир, билими ҳам яхшироқдир. Бироқ у ўлгудай қўпол, тўнг.
Санъаткорга хос назокат, нафосат етишмайди унда. Сиз уни судраб юрибсиз. Нима қиласиз ўзингизга ортиқча ташвиш қилиб?! Ажралинг! Сиз ўзингизда бор фазилатлар билан тезда баландлаб кетасиз!
Ҳар қандай собит, қатъиятли одамга ҳам сўзнинг таъсири бўлади… Зебо: — Қўйсангиз-чи, биз биров-бировимизни тўлдириб яшаймиз, деган бўлса-да, кўнглида ғалати бир туйғу уйғонди.
«Ҳақиқатдан, ўзим алоҳида бўлсаммикин? Ҳозир ҳар бир нарсани у билан маслаҳатлашаман. Кўпинча унга бўйсуцнаман, ўзимдан уни ақллироқ деб биламан. Аммо қачонгача? Ахир, энди ёш бола эмасман-ку…» Шундай ўйлар эди-ю… ичида ўзларининг бугунги ютуқларида Сурайёнинг улуши кўпроқлигини тан оларди.
Хўш, нима дейди унга? Муомала, муносабатни билмаслигинг баъзан ишимизни орқага тортяпти, кел, яхшиси, айро-айро ўз толемизни синаб кўрайлик…» десинми? Тўйриси, Сурайё шунга яқин бир гап қиламан, деб анчадан буён режалаштириб юрарди. «Тоққа тўйга кетяпмиз, овлоқ жойлари кўп. Балки, ўша жойда айтраман. Енинг қоьбилиятинг меникидан пастроқ, мени изгна тортяпсан, д еб айтишим шартми? Мен бошқа жанрда ўзимни синаб кўрмоқчиман, дейман. Ёпишиб олмас. Мен ҳам… деса-чи? Йўқ, рад қила олмайдиган баҳона, сабаб топиш керак»
Зебо ҳам тоғ қишлоққа сафардан бир нимани мўлжаллади. «Сурайёнинг кайфияти яхши бўлади. Йўлимиз шу кунгача бир эди, бир олманинг икки палласи эдик. Аммо бу ёғига йўлимиз айро экан» дейдими? Нега деса-чи? «Биров»ни ўртага тиқа олмайди-ку…
—Зебо, Алишер ҳам толиққандир, шу жойда озгина тўхтаймизми? — деди Сурайё.
—Майли…
Алишер шу ишорани кутгандай дарров тўхтади. Машинани чеккароқ олди.
—Анҳор бор экан шу атрофда, шовуллаб овози келяпти. Бачангдан одёлни орлиб тўшайми? Мезбонлар ул- бул ҳам солишган «йўлда тамадди қилиб кетасизлар», деб… Алишернинг хурсандлиги овозидан билиниб турарди.
—Йўғ-ей, бироз ҳаво оламиз, холос. Қоп-қоронғида ерда ўтириб бўладими? Худо билсин, қанақа бало ҳашаротлар бор?! — деди Сурайё.
—Али, агар ўзингда хоҳиш бўлса, тотиниб олавер, биз опанг билан шу атрофда озгина айланамиз, — деди Зебо ҳар доимгидай м улойим оҳангда.
Алишер индамади.
«Мен яна Алини хафа қилдим, Зебо суваб қўйди…» Эҳтимол, бошқа гал бўлганида Зебонинг бу қилгани унга Фазилат бўлиб туюлар, уни суюнтирарди. Ҳозир негадир ғаши келди. Зебонинг юмшоқ феъллиги жинини қўзитди.
Эҳтимол, Зебо ҳам аввалларгидай Сурайёнинг тик, қаттиқ гапларини: «Ўзи бари — шу», деб қабул қиларди, ҳозир эса аччиғини чиқарди.
—Бунча заҳарсан?! — дегиси келди…
—Зебо, кўпдан буён сенга бир гап айтмоқчи эдим…
—Нима гап? Бировни севиб қолдингми? Албатта, аввал уни ўзим кўраман, гапиришаман, бахтли яшашингга кўзим етса, розилик бераман! Тўхта, тўхта, мен ҳам сенга бир гап айтмоқчи эдим…
—Сен ҳам бировни севиб қолдингми? Мен ҳам у билан гапиришаман. Сени дунёдаги энг яхши қиз, дейман. Сочининг бир тори титраса, мендан кўрадиганингни кўрасан, дейман…
Йўқ, улар бир-биридан аччиқланиб ҳам, бир-бирининг кўнглини қолдирадиган гап айтишолмади.
Бирпас ҳаво олиб туришди.
—Бас, Али! Тонг отмай, шаҳарга етайлик! — Сурайё шундай деди-ю «Мерседес»нинг эшигини «қарс» ёпди. Машина елдек учди.
* * *
«Бугун мавриди келмади. Бошқа сафар айтаман», — деб ўйлади Сурайё.
«Бошқа сафарга қолди, шекилли, «Айрилиш» куйини чалиш», деб кўнглидан ўтказди Зебо… Аммо улар бошқа ўйлай олмай қолди. Ёнбош йўлдан гулдираб чиқиб қолган юк машинаси «Мерседес»нинг нақ белидан урди…
…Эртаси «Биров» бошқа «Биров»нинг олдида гердайиб ўтирарди:
—Мана, энди, бандаси хоҳлаган ишни Оллоҳим охирига етказибди. Иккови ҳам бир аҳволда шифохонада ётганмиш… Заказингиз бажарилди, ҳисоб. Сиз уларни ажратиб, яккалаб, иккига бўлиб, ўзингиз оралиқ йўлдан силлиққина чиқиб, кўтарилиб кетмоқчи эдингиз.
Энди чап ҳам, ўнг ҳам очиқ. Истаганча юқорилайверасиз. Улар энди соғайса ҳам одам бўлмайди…
Тингловчи «Биров» «миқ» этмади. Сўзловчи «Биров»унниг оғзига тикилиб қолди. Садо чиқавермагач, томоқ қирди.
—Бизнинг ишни бир ёқли қилинг энди…
—Қанақа иш?
—«Жуфт юлдуз»ни йўлимдан олиб ташласанг, икки думорлоқ сеники, деган сизми?!
Тингловчи «Биров» димоғида кулди:
—Қизиқсиз-а? Ўзингиз айтдингиз-ку, уларнинг ишини Аллоҳ тўғрилади, деб. Демак, ҳисоб-китобим Парвардигор билан-да…
—Ҳай-ҳай куфр кетманг! Лафз қилдингиз. Мен қўлимдан келганини қилдим. Не-не ёлғонлар тўқиб, кўнгилларига қутқу солдим! Агар шу фалокат бўлмаганда ҳам эрта-индин улар айриларди. Масала пишиб турган эди. Ҳақимни беринг!
Тингловч и «Биров» икки бармоғи орасидан бошмалдоғини чиқариб кўрсатди:
—борган жойингга боравер, буёғини сенсиз ҳам эплайман!
* * *
Зебо кўзини очди. Бошида қаттиқ оғриқ, қулоқлари шанғиллайди, кўз олдида хира парда:
—Сурайё… — деди деярли шивирлаб…
—Дўхтир, дўхтиржон! Бемор ўзига келди!
—Хайрият-ей, онасининг Худога айтгани бор экан…
…Сурайё кўзини очди. Кўкси, оёқ-қўлларидан зил-замбил бир нарса босиб тургандай, қимирлагиси келади, дармони йўқ…
—Зебо… — деди.
Жонлантириш хонасини шифокорларнинг қувончли овозлари босиб кетди.
Улар иккови ҳам бир-бирига энг муҳим гапни айтгиси келарди. Аммо бу энди фалокатдан сал аввал тил учига келиб турган сўз эмасди, балки, иккови бир-бирига ишонган, суянган, дамларидаги иссиқ, меҳрли сўз эди.
ДАВЛАТБАХТ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
- Аёлнинг Таравих намози учун уйидан чиқиши
- Эътикоф ҳақида
- Рўза боби (1-қисм)
- Фитр садақаси
- Аёллар эътикофига доир масалалар
- Фидя бериш ҳақида
- Саҳарлик ва ифторлик
- Рўзани бузадиган амаллар
- Рўзани бузадиган амаллар
- Эътикоф бўлими
- Рўза боби (2-қисм)
- Нафл рўзалар ҳақида
- Рамазон: эрингиз сиздан рози бўлсин
- Рамазон: оналар учун 23 маслаҳат
- Расулуллоҳнинг Рамазон ойида баъзи аёллари билан никоҳланишлари
Ҳозир сайтимизда 58 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Аёлнинг юзини кўрсатиши ва ҳижоб ҳақида
- Парик тақиш ва аёлнинг сартарошга бориши
- Аёлнинг ҳамма нарсаси шаррми?
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш