1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Қайтар дунё

Абдуллоҳ одатдагидек, рўзғорга керакли нарсаларни олгач, юки оғирлигидан аравакашни ёнига чақирди. Сотиб олган нарсаларини аравачага жойладию, яна бир оз бозор айланди. Одамлар тиқилинч жойлардан қийнала-қийнала аравани тортиб бораётган ўспиринга раҳми келиб, унга ёрдамлашган куйи саволга тутди: “Бу ерликка ўхшамайсан. Нима қилиб юрибсан ўзи? Мактабда ўқиб, олийгоҳга кирмайсанми? Кейинчалик ҳам бунақа қийналиб юрмасдинг. Тайин ишинг бўларди?”
Ўспирин бир оз индамай турди-да, секингина жавоб берди:
- Тўғри, бу ерлик эмасман. Тирикчиликда ака! Қишлоғимда ёшлигим учун ишга олишмайди. Шунинг учун аравакашлик қилаяпман. Мактабдаги ўқишимни давом этиришга имконим бўлмади. Отам ичкиликка берилиб кетгани учун оила боқиш менинг зиммамда. Катта фарзандман ахир.

-Бутун умр шу иш билан шуғулланмоқчимисан?,-дея сўради ачиниш билан Абдуллоҳ.
-Билмадим…
Абдуллоҳ келажаги туманлар остида қолиб кетган бу ўспирин қараркан ичкиликнинг нақадар аянчли оқибатларга, нафақат оиланинг бугуни, балки унинг аъзоларининг келажагини ҳам поймол этишини яна бир бор дилидан ўтказди. Аллоҳ таолонинг «Эй имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) қўплар шатоннинг ишларидан иборат ифлосликдирки, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз”,-деган ояти каримасини эслаб, бу ўспириннинг отаси фақат ичликдан четлансагина бу йигит нажот топишини кўнглидан ўтказди. Ўз ҳаёллари билан бўлиб машина ёнига келиб қолганини ҳам сезмай қолибди. Машинага сотиб олган нарсаларни юклаган ўспиринга ҳаққини бериб хайрлашди. Рулга ўтиришдан олдин атрофга бир қур назар ташлади-ю, кўзи йўлдаги ариқ ёқасида абгор аҳволда ўтиган қарияга тушди. “Фарзандлари бормикан бу отахоннинг?!”, деган ўй ўтиб, унга бир зум қараб қолди. “Ота-онангизга яхшилик қилинг”, деган Аллоҳ таолонинг амрини бажармай, бу ўткинчи дунёда жуда ёмон оқибатга эришаётган фарзандлар кимлигини ўйлаб қолди. Шундан сўнг қарияга синчиковлик билан разм солган Абдуллоҳ унинг кўзларига тикилдию, жойида тўхтаб қолди. Таниш эди бу кўзлар. Одам ҳар қанча ўзгармасин, унинг кўзлари бир хилда ўзгармай қолади деган гап тўғри экан. Ҳа, бу кўзлар Абдуллоҳга илк талабалик даврини эслатди...
...Ўшанда биринчи курс эди. Ўқиш бошланганига эндигина бир-икки ҳафта бўлганди ўшанда. Уйидан олиб келинган озгинагина пули ҳам Катта шаҳарнинг борди-келдилари учун ҳеч нарса бўлмай қолди.Уйидан пул сўрай деса, йигит киши. Отасидан ҳеч қачон пул сўраб ўрганмаган. Шунда ҳамхонаси бир фикр айтиб қолди: Якшанба куни мардикор бозорига борамиз. Унча-мунча иш қўлимиздан келади... Абдуллоҳ ўйланиб қолди. Бир оз ҳижолат тортдию, кейин бир хулосага келди: Бу уйдан пул сўрагандан кўра яхшироқ-да.
Келишилганидек, якшанба куни одмироқ кийиниб, мардикорлар сафига бориб туришди. Ёш, бақувват бўлишгани учун тезда ҳаридор ҳам топила қолди...
Қоп-қора волга машинаси тезлик билан келиб тўхтаб, ундан барваста қора костюм кийган, бўйинбоғ боғлаган, кўринишидан ўзига тўқлиги, обрўли ташкилотда ишлаши сезилиб турган киши тушди. Иш излаб турганлар дарҳол машина атрофини ўраб олиб, “Ака, ҳалол иш қиламан”, “Ака, ишимдан норизо бўлмайсиз” каби гап-сўзлар билан унинг эътиборини ўзларига тортишга уринишарди. Лекин унинг берадиган пули ўзларини рози қиладими, йўқми, бу ҳеч кимни ўйлантирмасди.
Ҳаридор биринчи марта бу ерга келганлари учунми бир четда индамайгина турган Абдуллоҳ билан унинг дўстини имлаб чақирди: “Қурувчиликдан ҳабарларинг борми?” – дея саволга тутди. Бошланган суҳбат охири келишув билан якунланди. Машинага ўтириб, Тошкент шаҳрининг чеккасига қараб юришди. Ўзини “Шуҳрат ака”, деб таништирган ҳовли қураётганини, иш унча оғирмаслигини, тўртта ўғиллари ҳам қарашиб туришини айтди. Қарийб икки соат деганда манзилга етиб боришди.
Унинг гапларига ишониб хурсанд бўлиб келган ёш йигитлар ишга тушгач, беллари букилди. Чунки юмушлар анча оғир эди. Лой қилишди, қурилаётган уйнинг томига ломбоз ёпишди. Бир кунлик келишув тўрт кунга чўзилди. Шуҳрат ака шу куни кетганча қайтиб келмади. Ёрдамлашиб туриши керак бўлган паҳлавон ўғиллар дам олиш билан банд бўлишди. Шароит ҳам айтарлик эмас. Саот уч-тўртларда тушлик қилишади, кечки овқат тўққиз-ўнларга чўзилади. Очликдан ҳолдан тойиган Абдуллоҳ ва дўсти базўр ишлашарди. Ишлар тугагач эса келишувга биноан ҳақларини сўрашди. Қўлларига берилган пулни кўриб, капалаклари учиб кетди. Бир кунга келишилган ҳақнинг учдан бири. Абдуллоқ оғир табиатли бўлгани учун жим туриб қолди. Дўсти ҳаққини талаб қила кетди:
-Шуҳрат ака билан келишганимиздан бир тийин кам берсанг ҳам бу ердан кетмайман. Отанг бизга ваъда берган. Ҳисоб китобни ҳам ўзи қилсин.
Катта ўғил пинагини ҳам бузмай, олмани пичоқда кесиб оғзини тўлдирди-ю, жавоб қайтарди:
-Қани, бу ердан жўнаб қолчи? Шуни берганимга раҳмат айтсангчи?, қишлоқи.
- Нега сенга раҳмат айтарканман. Мен ўз ҳаққимни олдим. Шундаям бир кунлик иш ҳаққимизаммас. Биз тўрт кун эртаю кун ишладик. Пулимни бер! Даданг айтган пулни тўртга кўпайтириб берсан.
- Кўп кекирдагини чўзма! Адамлар шу пулни ташлаб кетганлар. Шунчага келишгансан ўзинг. Берганимни олу, бу ердан даф бўл! Акс ҳолда ўзингдан кўрасан.
- Менга қара, сен билан келишмаганмизми, сен билан гаплашмаймиз. Чақир дадангни. Келиб эркакчасига туриб берсин ваъда бергандан кейин...
Паҳлавон ўғлонлар гапни чўзиб ўтирмай, икки талабани туртиб-суртиб кўчага чиқариб қўйишди. Шу куни икки дўст умрларида эшитмаган ҳақорату сўкишларни эшитишди. Ҳатто ювиниб олишга ҳам қўймай уларни ҳайдашгани боис кўринишлари бир алфозда. Уст-бош, қўл-оёқ лой бўлганидан оёқ кийимларини қўлларида кўтариб йўлга тушишди. Автобусга чиқайлик, дейишса одамлардан уялишади. Таксида кетайлик, дейишса тўрт кунлик иш ҳақларининг таксига етиши ҳам гумон. Машинада икки соатли йўлни чарчаб ҳолдан тойган икки дўст пиёда босиб ўтишди. Ғурури топталган Абдуллоҳ йўл бўйи дўстига ҳеч нарса демаган бўлсада, дилидан не гаплар ўтмади дейсиз. Одамлар уларга ҳайрон бўлиб, аллақандай ачиниш, жирканиш назари билан қарашганда эса дили бадтар вайрон бўлди. Ўзига-ўзи:
-Ўғиллари майлию, шунча мол-давлати бўла туриб Шуҳрат ака ёш ўспиринларнинг ҳаққини едия! Рози эмасман, ҳечам рози эмасман меҳнат ҳаққимга!
Устидан кулган ўзи тенги ўспиринларни кўриб эса яраси яна тирналди: “Мен одамлар кўз ўнгида ҳору залил бўлганимдек, сен ҳам хор бўлгин”, деди Абдуллоҳ ҳаёлида унга виқор билан қараб турган Шуҳрат акагнинг кўзларига тик боқиб. Лекин Шуҳрат ака расули акрамнинг: “Уч кишининг дуоси ижобатдир: ота-онанинг, мазлумнинг, мусофирнинг” деган сўзларидан ҳабарсиз бўлганидек ўспиринларнинг зулмдан ражиган юрагидан мусофичиликнинг илк онларда чиқаётган сўзлар Аллоҳ таолонинг даргоҳига йўналаётганидан ҳам беҳабар эди.
Нечундир ҳомуш тортиб қолган дўстига қараб, унинг кўнглига таскин бериш мақсадидамикан, ҳаёлидаги ўйларини тилига чиқарди. Унинг гапларини эшитган ҳамҳонаси эса секингина: “Қўйсангчи, шунча давлати, мол-дунёси бўла туриб қандай ҳорлик кўрсин?”- деди беҳолгина қадам ташлаб.
-Йўқ,-деди Абдуллоҳ. –Адалотли Аллоҳ таоло уни шундай қўйиб қўймайди. Қанча қийналдик ахир унинг уйини қурамиз деб. Ҳаммасидан алам қиладигани ўқишдан ҳам қолиб кетдик. У бизнинг ҳаққимизгагина эмас, уч кун бесамар ўтган кунимизга ҳам қарздор...
Шу воқеадан сўнг қанча сувлар оқиб ўтди. Абдуллоҳ ҳам унинг ҳамхонаси ҳам ўқишни муваффақият билан тамомлаб, яхши ишларга жойлашишди. Лекин улар ҳеч қачон шу воқеани ёдга олишмади. Ота-онасининг бағридан чиқибоқ қаттиқ қоқилган ўша кунларни, топталган ғурурни, кўрилган хўрликни иккала йигит ҳам буткул унутишни исташганди. Лекин мана орадан шунча йил ўтиб Абдуллоҳ шу воқеани беихтиёр эслади.
Ўша куни Абдуллоҳнинг ер қадар залил бўлган кўнглидан Аллоҳ хузурига юксалган илтижолар бекор кетмаганди. Бугун барча ёнига яқинлашмай анча наридан ўтаётган, сўзлари эътиборсиз қолаётган, одамнинг таъбини хира қиладиган даражада абгор усти-боши кийган бу қария бундан бир неча йил олдин икки ўспиринни ҳаққини еб кетган ўша Шуҳрат ака эди. У нафақат шуҳратидан, балки мол-давлатидан, обрў-эътиборидан маҳрум бўлган. Увадаси чиқиб кетган картон қоғозини қалтираган қўллари билан ерга тўшаб, унинг устига ўтираётган қария ўзига тикилиб турган басавлат, кийимлари ўзига ярашиб турган, кўринишидан ўзига тўқлиги, обрўли ташкилотда ишлаши сезилиб турган кишига қараб, тушунарсиз қилиб алланималарни ғўлдираниб, қўлини чўзди.
Абдуллоҳ бир пайтлар уй қураётганини, иш оғир эмаслигини, ўғиллари ёрдам беришини, яхшигина ҳақ тўлашни бурро-бурро айтган тиллар наҳот шунчалик тушунарсиз сўзлаётган бўлса, дея ўйлади. Шу аснода чўнатига пул чиқариб унга берди. Лекин қария ўзига боядан бери тикилиб турган, энди ҳиммат кўрсатган бу инсонни анча йиллар олдин ўз кўрсатмаси билан ҳақлари берилмай, ҳайдаб юборилган йигитлардан бири эканлигини, унинг кўзларида эса ҳам алам, ҳам Аллоҳ таолонинг қудратига бўлган ишонч акс этганини кўрмади. Аниқроғи ғафлат туманида хиралашган кўзлар буни кўришга қодир эмасди.

Нигора МАМАСАИДОВА

Кучим етгани шу

Бир кун Намруд Иброҳим алайҳиссаломни оловга отишга қарор қилди. Шундай катта гулхан ёқадики, ўзи оловга яқинлашолмайди. Бир муборак зот бир чумолининг оловни ўчириш учун оғзига сув олиб, узоқдан келаётганини кўрди. Аммо оловга яқинлаша олмасдан, сувни гулханга яқин бир жойга тўкяпти. Авлиё зот чумолидан сўрабди:
- Сен нима қиляпсан?
Чумоли жавоб берибди:
- Асти сўрама, Аллоҳнинг пайғамбарини оловга отмоқчилар. Шу оловни ўчиришга ҳаракат қиляпман.
- Сенинг бу кичик жуссанг билан ташиган бир томчи сувинг улкан гулханни ўчира оладими?
- Жаноби Аллоҳ ҳар кимдан унинг кучига қараб ҳисоб сўрайди. Менинг кучим етгани шу.
Нариги тарафдан бир илон тинмай оловга пуфлаб, уни кучайтирмоқда. Ундан сўрабди:
- Нимага бундай қиляпсан?
Илон жавоб берибди:
- Бугун байрам. Бир пайғамбар ёнади.
Бу илон ҳам кучи етадиган даражада ёмонлигини қилмоқда.
Демак, буюк Аллоҳ ҳайвонларни икки гуруҳ қилиб яратганидек, инсонларни ҳам икки гуруҳда яратган: Бири оловни кучайтирадиганлар, иккинчиси оловни ўчирадиганлар.
Жаноби Ҳақ бизни оловни ўчирадиганлардан қилсин!

Турмуш қурмоқчи бўлган опа-сингиллар воқеаси

 Тунда одатдагидек совуқдан жунжикиб ўриндан турдим ва секин йўлакка чиқдим. Опамдан бошқа оиламдагиларнинг барчаси уйқуда эди. У ноутбук олдида ўтирар, дўстларидан ким биландир чатда суҳбатлашар эди. Мен ундан "Бирга ибодат қилишни хоҳлайсизми?" деб сўрадим. У бандлигини айтди. Мен унинг мақсадини тушуниб ёлғиз намоз ўқигани кетдим.

Хонадондаги илон

Бир қишлоқнинг энг чекка хонадонида бир киши хотини, боласи ва эчки-товуқлари билан яшар эди. Улар ҳовлисининг бир четига заҳарли илон уя қурди. “Менга зарари тегмаяпти-ку” деб ўйлаган хонадон эгаси бошда илонга эътибор ҳам қилмади. Илон ҳам бир муддат ҳеч кимга зарар етказмай, тинчгина яшаб турди.
Бир куни илон хонадоннинг эркатойи бўлмиш ўғилга заҳрини сочди. Ўйнаб юрган бола тўшакдан туролмай қолди. Бундан ғазабга минган уй эгаси илонни ўлдирмоқчи бўлиб, қўлида калтак билан уя олдига борди. Қараса, илон уя олдида нўхатдай олтин чиқариб қўйибди. Ҳалиги олтинни кўрган киши уни ёнга солибдию, унинг ҳадясини ўйлаб илонни ўлдириш фикридан қайтибди.
Орадан кунлар ўтибди. Ҳозиргача жим юрган илон бир куни хонадон бекасини қаттиқ заҳарлаб, тамоман ётқизиб қўйибди. Бундан жаҳли чиққан хўжайин энди илонни ўлдиришга астойдил бел боғлабди. Қўлида кетмон билан уя олдига борса, илон бу гал ёнғоқдай олтинни уяси олдига чиқариб қўйибди. Олтинни кўриб, ҳамма нарсани унутган киши уни ёнга солибдию душманини ўлдиришдан воз кечибди.
Кўп ўтмай, илон яна ҳунарини кўрсатибди, энди у сут бериб турган эчкини чақиб, ўлдирибди. Бундан кўзи қонга тўлган хонадон эгаси аламига чидай олмай, бу гал илонни албатта ўлдираман, деб қасам ичибди. Чопқисини кўтариб, уя олдига борса, у ерда энди олмадай катталикда олтин ётганмиш. Буни кўрган хонадон эгасининг кўзи қувнаб, юраги ўйнаб кетибди. Эчкисининг йўқ бўлгани ҳам эсидан чиқиб, илонни ўлдириш ниятидан қайтибди.
Энди илоннинг заҳар сочиш навбати товуққа етибди. Тухум қилиб турган товуғининг ўлиб ётганини кўрган хонадон эгаси илонни ўлдиришга астойдил қасд қилибди. Ойболтани олиб, бу сафар илонни сўзсиз ўлдириш учун уянинг олдига ғазаб билан борибди. Қараса, энди уя ташқарисида ҳандалакдай олтин ётганмиш. Олтинни кўриб, ҳирси жунбушга келган киши яна илонни ўлдиришга ўзида журъат топа олмабди. Оёқ-қўли шалвираб индамай ортига қайтибди. Уни ҳатто энди илон унинг ўзига заҳар солиши мумкинлиги эҳтимоли ҳам фикрини ўзгартира олмабди. Яқинларию уйидаги фойда келтириб турган ҳайвонларидан ажраб қолгани ҳам уни илонни ўлдириб, хонадонидан йўқ қилиб юборишга ҳад қила олмабди. Илон эса ҳозиргача унинг хонадонида бемалол яшаб юрганмиш. У бир куни ўзини ҳам чақиб, ҳалокатга учратиши мумкинлиги эса хонадон соҳибининг хаёлига ҳам келмаётир.
Муҳтарам журналхон, ўша илон ниманинг тамсили эканини англай олдингизми? Агар тушунмаган бўлсангиз, бир нарсани эслатиб қўймоқчимиз. Одатда илонлар илон ўргатувчининг ҳар бир ҳаракатию чалган мусиқасига мослаб роса ўйин кўрсатади. Аммо бор меҳнатни илон қиладию томошабинлардан тушган ҳамма пулни илон ўргатувчи чўнтакка уриб кетади. Энди ўша илон нима эканини тушуна олгандирсиз?

Жумбоқни тақдим этувчи,
 Абдуманнон Андижоний

Фақатгина бир соат умримиз қолса... ёҳуд (ҳаётнинг қадр-қиймати)

(Ҳаётий воқеа асосида)

Ўша пайтлар “тез ёрдам” бўлимида ишлар эдим. Ўқишни эндигина тамомлаб, янги ишга жойлашганим учун бу ердаги ҳамма ҳодиса менга ўзига яраша ҳаяжон ва завқ бағишларди. “Доктор” деган мурожаатдан ўзимча ғурур туйиб, энди ҳар доим бу мурожаатга кўникишим ҳақида ўйлардим.

Барча катта касалхоналарнинг ҳам махсус “тез ёрдам” бўлими бўлиб, бу ерда шифокорлар навбатчилик қилишади. Тажрибали мутахассис шифокорлар ёнида менга кўп масъулият тушмасди. Фақат уларни диққат билан кузатиб, тажриба орттиришга ҳаракат қилсам, кифоя эди.

Бир куни кеч соат 1 лар атрофи.
Бир 16-17 ёшлардаги ўспиринни олиб келишди. Ўспиринга икки аёл ҳам юришига ёрдамлашиб келар эди. Орқаларидан югуриб келаётган киши эса нафаси бўғзига тиқилганча, энтиккан ҳолатда:
- Илтимос, ўғлимни қутқаринг, қутқаринг ўғлимни! – дея тинимсиз такрорларди.

Бир пайт шошилганича навбатчи доктор етиб келди. Мен эса докторнинг ёнида, қачон ташхис қўяр экан дея кутиб турардим.

Йигитчанинг отаси эса сўзида давом этаётганди:
- Доктор, биласизми, ўғлим ўзини ўлдирмоқчи бўлиб дори ичибди. Билиб қолиб, дарров бу ерга олиб келдик...

- Шунақа денг?! Ичган дорилари ёнингиздами?

Ота чўнтагидан бир неча дори қутиларни олиб докторга кўрсатди.
- Ҳа, мана. Бунисидан ўн бештача, бунисидан ўнта, бунисидан эса уч-бешта ичибди.

- Бу дориларни ичганига тахминан қанча вақт бўлди?
- Тахминан, икки соатча бўлди.

Доктор дори қутиларини синчиклаб қаради. Кейин, бир йигитчага, бир қутиларга қаради-да, бошини “йўқ” ифодаси билан қимирлатиб, юзини буриштирди:
- Ҳмм, афсус, афсус!

Йигитчанинг оиласи эса докторнинг бирор нима дейишини кутишарди, аммо ундан бир сас ҳам чиқмади. Мен эса йигитчанинг ошқозонини ювиш мумкинлигини ўйлардим. Бу жимжитликни отанинг овози бузди:
- Нима қиламиз доктор?
 
Докторнинг юзи жиддийлашди, йигитчага умидсизлик билан боқди. Бошини қимирлатиб, қўллари билан ўзининг чорасизлигини ифодалади. Сўзлари йигитчанинг отасининг юрагига ўқ каби санчилди, гўё.

- Афсус, қилинадиган ҳеч қандай амалиёт (операция) ёрдам бермайди. Жуда кеч олиб келибсизлар. Қолаверса, бу дорилар...

Мен эса оила аъзоларини кузатардим. Ҳаммаларининг кўзларида чорасизлик, жимгина туришарди.
Йигитчанинг юзида эса - қўрқинч, ваҳима намоён бўлди..
Онаси ва синглисига таяниб турган йигитча докторнинг юзига умидвор ҳолда қаради.
Унинг сўзларидаги кескинликни ва юзидаги жиддийликни кўриб, оёқларида мадор қолмади.
Секингина ҳолсизланиб, сидирилиб, ерга ўтириб қолди. Йигитнинг отаси ҳам, онаси ҳам бир ўзларича ваҳимага тушиб, алланималар дейишарди. Кейин, такрор сукунат...


Узоқ давом этган ушбу сукунатдан сўнг:
- Нима бўлади, наҳотки ҳеч нарса қила олмасангиз?! - деди ота-она илинж билан.


Шифокор эса бундай деди:
- Ёрдам бериш учун энди кеч. Бу каби ҳолатларда афсуски бизнинг қўлимиздан ҳеч нарса келмайди. Бир соатлардан сўнг уни йўқотамиз. Мен беморни унгача фақат кузатувга олишим мумкин, холос...

Мен ҳам бу сўзлардан довдираб қолдим. Йигитчанинг юзига қарардим. Ўлим қўрқуви ва умидсизлик унинг кўзларида зоҳир эди. Ўзимча унинг ҳозир нималар ҳис қилаётганини тасаввур қилдим.
Ўлим шунчалар яқинлашиши ҳақиқатан қийин ҳолат эди. Аммо инсон бир соат кейин ўлишини билса нималар ўйлар, нималар ҳис қилиб, қайси ишларни бажарарди. Аслида ҳар биримиз учун ҳам бундай вақт келади-ку! Ҳаётнинг ташвишлари билан бўлиб ўлимни бизга етиб келмас нарса дея тушунамиз. Ҳозир бу йигитча балки, ҳаётини, дўстларини, оиласини ўйламоқда ёки ўлимдан сўнгра нима бўлишини, яъни бир соат сўнг...

Балки унинг ортидан нима дейишларини, ёки қабрда қандай аҳволга тушишини ўйлармиди! Балки унинг шу вақтга қадар режалаштирган ишлари бордир, энди эса бу ҳаёлларини бир ёнга суриб, сўнгги соатини қандай кечиришни ўйларди, гўё.

Бошқа тарафдан ҳаёт давом этарди. Ичкаридаги бир беморнинг яқинлари келиб доктордан баъзи нарсаларни сўрар, бошқа ёндан эса оғир бир беморни олиб келишарди. У хаста учун бошқа бир навбатчи шифокорни чақиришди. Бир инсон бироздан сўнг ўлимини кутиб олса ҳам, бу ҳаёт бошқалар учун давом этаверади, деб ўйлардим.

Ота эса ўз саволи, тўғрироғи ўтинчини яна бир бор такрорлади:
- Ҳеч умид йўқми доктор? Наҳотки ҳеч нарса қилишнинг иложи бўлмаса?

Ичкарига кирган бошқа бир доктор ишора билан нима бўлди дея сўради. Доктор ўрнидан туриб, кескинлик билан жавоб берди:
- Жонига қасд қилмоқчи бўлибди. Афсуски кеч олиб келишибди. Сўнгра сўзлаб бераман сизга.

Бу сўзларни диққат билан тинглаган йигитчанинг юзидаги умид сўлиб борарди. Пушаймонлик ҳисси ичра, титроқ овоз билан:
- Қутқаринг мени, нима лозим бўлса ҳаммасини бажаришга розиман. Илтимос, қутқаринглар мени... Ўлишни истамайман! – дер эди.

Доктор унга лом-мим демади. Мен эса ўлимга шунчалар яқинлашиб турган инсонни биринчи маротаба кўраётган эдим. Устига устак ҳали жуда ёш эди.
Ҳаёлан моргга кириб унинг совуқ баданини кўздан кечиришимни ўйлаб, этим жунжикиб кетди. Демак, ёнимда турган бу тирик инсон бироздан кейин ўлади ва биз унинг мурдасига қараб ташхис қўйиб сўнг ҳисобот ёзамиз!
Ҳаёт ва ўлим, яшаш ва ўлиш... Ёшлик, қарилик. Ҳаётни англаб етиш, ўлимни тушуниш...

Яшаётган ҳаётимизнинг охир-ниҳояси ўлим эканлигини хотирлашлик. Ўлимга доимо ҳозир бўлиш ёки ўзини тайёр деб ҳис этиш. Ҳаёлимдан айни мана шундай ҳаёллар ўтарди.

Доктор хонадан чиқаётганида мен ҳам унинг ортидан эргашдим. Узун коридор бўйлаб борар эканмиз, бироз ачиниш билан дедим:
- Доктор, ошқозонини ювиб, қонини тозалаб кўрсак бўлмасмикин? Ахир...

Доктор бирдан менга қаради ва кўзларимга тикилди:
- Укам, кўриб турибсанку, бу ерда оёқда зўрға турадиган, ёши ўтиб қолган қария одамлар ҳам ҳаётда яна бир соатгина яшаш учун қанчалик курашадилар. Бу ёш йигитча эса бор-йўғи ўн етти ёшида ўз жонига қасд қилмоқчи бўлибди. Ўлишни истаса нега мен унга қаршилик кўрсатишим керак?
Бироз истаган тақдири билан юзма-юз келсин, ўйлансин! Кейин кўрамиз. Ўлим нима ва ҳаёт нима, тушунсин! Яшашнинг қадрини, оиласига бу иши билан қанчалик зуғум қилганлигини англаб етсин.
Аллоҳни ёдга олсин, Унинг қули эканлигини эсласин. Ўлимни ва ундан кейинги ҳаётини ҳам мушоҳада қилсин...
...
Бу сўзларнинг ортидан мени ҳайратга тушурган бир кулгу эшитилди.
- Сен ҳам ишондингми унинг ўлишига?
- Ҳа... Нима, йигитча ўлмайдими?

Доктор табассум билан қўлидаги дори қутиларини кўрсатди.
Қарасам, қўлидаги дори қутилари – витамин, йўталга қарши ва балғам кўчирувчи дориларники экан...

*****

ИншаАллоҳ, ушбу мақолани ўқиб, ўзига яраша сабоқ оладиганлардан, умрнинг қадрига етадиганлардан, ҳамиша эзгу амалларга интилиб яшайдиганлардан, ҳаётдаги ҳар ҳолу-кордан (ҳар ҳолатдан) ибрат оладиган бандалардан бўлишлик сизу-бизга насийб айласин!

Аллоҳ берган омонат умрга хиёнат қилмай, хайрли ўтказишлик насийб қилсин, Илоҳим...

Интернет саҳифаларидан, турк тилида ёзилган мақолага асосланган ҳолда, таҳрир қилинган нусхаси...

Энг ожиз банда тайёрлади

Кулбам ёняпти

Бир куни уммонда сузиб бораётган кема ҳалокатга учраб, чўкиб кетди.
Кемада йўловчилардан биргина киши тирик қолди.

Тўлқинлар ҳолдан тойган кишини одам оёғи етмаган бир оролга чиқариб қўйди...

У киши аввалги кунларда Аллоҳга “Мени қутқар” дея ёлвора бошлади.
Балки ёрдам келиб қолар дегандай уфққа боқди. Лекин, бирон-бир кема кўринмасди...

Орадан анча вақт ўтгач, шамолдан, ёмғирдан ва ёввойи ҳайвонлардан сақланиш мақсадида дарахт шохлари-ю баргларидан бир кулба қуриб олди. Кемадан соҳилга келиб қолган емиш, асбоблар ва шунга ўхшаш у-бу нарсаларни ҳам ўша кулбага қўйди. Кунлар ўта бошлади. Ҳар куни деярли бирдай...
Балиқ овлаб, шуни тановул қиларди... Уфққа боқарди... Қутқаришини сўраб Оллоҳга дуо қиларди...

Бир куни суви тугаб, ичишга сув топиш илинжида кулбасидан чиқди. Анчагина юриб, ортга қайтганида:
“Кулбаси ёнаётган эди!”

Шунчалик қаттиқ ёнаётганидан, осмонга қуюқ ва қалин тутун кўтарилаётганди...

Ушбу ҳодиса у учун жудаям оғир мусибат эди. Жудаям жаҳли чиқиб, ғазаби кучая бошлади:
“Аллоҳим! Бу не кўргулик? Менга шундай балони ҳам раво кўрдингми?”, - деб фарёд кўтарди...

Ўша оқшомни жуда ғазаб билан, кайфиятсиз ўтказди.
“Шунча дуолар қилсам ҳам, Аллоҳ менга шундай мусибатни раво кўрди-я?!” - деб,
тақдиридан куйина бошлади.

Эртаси саҳарлаб оролга яқинлашаётган бир кеманинг овозидан уйғониб кетди. Ҳа, уни қутқариш учун келишаётганди!

“Мени бу ерда эканимни қаердан билдинглар?” - деб сўради ҳалиги киши кемадагилардан.
Жавоб эса... уни – ҳам ҳайрон қолдирди, ҳам уялтирди:

“Тутун орқали берган ишоратингни кўрдик!”

eng_ojiz_banda таржимаси

Ҳозир сайтимизда 87 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ