Сайт бўлимлари
- Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
- Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
- Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
- Энг заиф уй
Muslima.Uz
Эрим динимнинг ярмини барпо қилди
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Мен икки дин аралаш бир оилада таваллуд топганман (отам яҳудий, онам эса, насроний эди). Мен насронийларнинг кўзларига яҳудий бўлиб, яҳудийларникига эса насроний бўлиб кўринардим... Шунинг учун ҳам ўзимни бирон бир динга мансуб қилиб кўрсатмасдим. Одамларга эса, мен Худога ишонаман ва буни бошқаларга ишонтириш учун динларга эҳтиёжим йўқ деб юрардим. Ўрта мактабга борганимда, "Исломда аёллар" мавзуси бўйича тадқиқот қилишим керак эди. Шу вақтгача менда мусулмон эркаклар аёлларини уради деган тушунча шаклланган эди. Бироқ қўшним тадқиқотимни тугатишимга ёрдам берди.
Шу воқеа сабаб Ислом ҳақида нотўғри тушунчада эканимни билдим. Бошқа динларга қараганда ҳам Ислом муслималарнинг ҳақ-ҳуқуқлари кўпроқ ҳимоя қилинишини тушуниб етдим. Ёмон одамлар эса ҳар қандай диндан топилар экан.
Орадан тўрт ой ўтиб, қизиқ, агар Исломни қабул қилиб, муслима бўлсам нима бўлар экан, деган ҳаёл билан уйғондим. Масжидга боришга қарор қилдим. У ерда ҳаётимда биринчи марта энг гўзал бир нарсани эшитдим. Имом аёлидан бу нима деб сўрасам, у эрим Қуръони каримни қироат қиляпти, дедилар. Шу кун уйимга муслима бўлиб қайтдим, алҳамдулиллаҳ. Мен Исломни қабул қилиш энг қийин нарса экан деб юрардим. Бироқ ундай эмас экан...
Исломга қаттиқ амал қилишга ҳаракат қилдим, бироқ ўрансам ҳам ёки қанчалик ўргансам ҳам барибир камга ўхшарди. Бир йил ўтиб, чарчадим ва ҳижобимни ечдим.
Динимдан ҳам узоқлаша бошладим. Ҳижобликларни кўрсам ҳозирги ҳолатимдан уялиб кетардим. Муслималар менга динимни эслатиб турарди. Орада ҳижобга қайта ўранмоқчи бўлганимда ота-онам қаршилик кўрсатди, мен эса ниятимни амалга ошира олмадим.
Ўтган йили эса диндор, сахий ва оқил бир ажойиб инсонни учратиб қолдим...
Мен яна қатъий бир ҳаракат қилишим кераклигини хис қила бошладим. Агар у уддалаётган бўлса мен ҳам уддалай оламан деб ўйладим. Намозларимни адо қилишни, динимни ўрганишни қайта бошлаб юбордим. Қуръони каримни илк бор эшитганимда туйган хислар қайтиб кела бошлади, Субҳаналлоҳ...
Ҳозир ўша одам менинг эрим, мени қўллагани, менга қилган яхшиликлари эвазини ҳеч нарса билан адо қила олмасам керак.
Алҳамдулиллаҳ, эрим ва бошқа нарсалар учун Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин.
Ўқиб чиққанларингиз учун раҳмат, Аллоҳ рози бўлсин...
Абу Муслим таржимаси
Рамазонда бўлган бир воқеа
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Муслимахон онаси билан рамазон ойи кириб келиши муносабати билан тайёргарлик кўриб, ҳурсанд ўлтиришган эди. Уларнинг меҳр билан суҳбатлашиётгани устига отаси ҳар доимгидек галдираклаб кириб келди. Уларни самимий суҳбатлашиётганини кўриб нима тўғрисида гаплашиётганини сўради. Шунда онаси -“ Сизга нима, барибир эмасми, эртага рамазон ойини биринчи куни бўлса ҳам, уялмай ичиб келибсиз? Бизнинг суҳбатимизни сизга қизиғи бўлмаса керак...”, деди. Отаси- “Нима деганинг? мен ҳам мусулмон боласиман, Худо хоҳласа эртадан рўза тутаман.” Она отасининг айтган сўзига ишонмади, рамозон олдидан эрининг бу ҳолатда кўриб кайфияти бўзилган эди.
Рамазон кунинг биринчи саҳарлик пайтида таомланаётган она ва бола олдига отаси қўшилди ва уша кундан бошла рўза тутиб, намоз ўқий бошлади. Муслима жуда хурсанд эди, чунки энди уни уйида ичиб келган отаси онасини калтаклаш йўқ, биринчи бор отаси унга қизалоғим деб мурожат қилганини эса гапирмаса ҳам бўлади. Онаси кашта тикиб топган пулларини энди отаси олиб қўймайди, рўзғорга барака кирди...
Муслима ҳаёти тинч, отаси унга меҳр кўрсатишидан жуда хурсанд эди. Рамазон ойлари шу зайлда ўта бошлади. Бир куни Ота тунда қизи йиғлаб қилаётган дуодан уйғониб кетди. Яқинроқ бориб қулоқ тутди, қизи Аллоҳга дуо қилаётган экан, -“Эй Аллоҳим қани энди рамазон ойи тугамаса, бу ой тугаб қолса отам яна эски ҳолатига қайтади, менга меҳр билан қарамайди. Эй Алоҳим рамазон ойини ўз қудратинг билан узайтиргин”, дер эди . Бунга гувоҳ бўлиб турган Ота ўзини тутолмай йиғлаб юборди. -“Наҳотки шунчалар кўр бўлсам, ўз зурриётим кўрган нарсани мен кўролмаётган бўлсам”. Ота қизини олдига келиб уни кўз ёшларини артди. -“Қизим сени дуойинг ижобат бўлди, энди рамазон бизнинг уйимиздан бир умр кетмайди. Отангни рамазон ойида қандай кўрган бўлсанг, энди доим шундай кўрасан”.
Муслимахоннинг кичгина қўлчалари беихтиёр яна дуога очилди...
Обидхон Икрамов
Наманган шаҳар “Имом Бухорий”
жомеъ масжиди имом хатиби
Етим бўлган ука ва сингилларимга...
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Одамларда бу дунёда бахтга эришиши учун, бахтнинг тўлиқ бўлиши учун албатта ота-она бўлиши керак деган тушунча бор. Бироқ, биз етимлар – ота ёки она доғида хаста диллар, бу нарсаларни нисбий деб тушунамиз. Бу дунё ва охиратда тўлиқ бахтли бўлиш учун Аллоҳ таолога ибодат қилиб, Унинг розилигига эришмоқ керак. Мана, Мусо алайҳиссалом етим ва ташландиқ бўлгани билан Аллоҳ таоло у зотни улуғ пайғамбарлардан қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалом ҳам етим бўлмаган эдиларми?
Мен асранди бола бўлиб ўсганман. Буни ёшлигимдан билганим боисми, менга жуда оғир бўлган. Билганимдан билмаганим яхши эди, бироқ афсуски, билардим ва изтироб чекардим. Атрофимдагилар ҳам билишарди, бироқ хафа қилиб қўймайлик дебми, ёки бошқа сабаб биланми, ҳарқалай, ўзларини билмаганга олишарди. Мен ҳам ўзимни билмаганга олардим, бироқ қийналардим, куярдим, ичимдан ёнардим. Ўзи дунёда бирон бир етим бормикан, ичи куймаган, бу шиддатли оловдан омон бўла олган? Бундай ҳаёт жуда қийиндир, ишонинг…
Етим ўсган боланинг ҳар бир оҳи, нигоҳи шу бир нарсага қадалган ва бир нарса атрофида айланган бўлади. Менинг ота-онам ким? Нега мен бировларнинг қўлидаман? Нега бундай? Нега айнан мен? Албатта, буларнинг ҳаммаси тақдирда шундай битилгани, ҳатто пайғамбарлар ҳам етим ўсганлигини кейинчалик, Исломни таниганимиздан сўнг била бошладим, қалбим хотиржамлик чашмасини топгандек бўлди. Қиёмат борлигининг яхши бир тарафи шу эканки, бу дунёда сир бўлиб қолган нарсалар очилар экан. Ҳақиқий дийдор ўшанда бўлади, ота-онасини кўра олмаганлар қиёматда кўришади, иншааллоҳ. Етимлар қиёматга кўпроқ интизор яшасалар керак. Қиёмат кунининг подшоҳи Аллоҳ таоло ҳар бир банданинг заррача амалларини ҳам қолдирмай ҳисоб-китоб қилади. Ҳеч кимнинг ҳаққи бир-бирида қолиб кетмайди. Синовни Ўзи беради, биз уни тақдир деймиз ва тақдирга тан берамиз… У Зот меҳрибонлигини кўрсатиб, оғир қисматнинг юкини енгиллатиш учун сабру жамил ҳам ато этади… Ва охиратда мукофот билан ҳам сийлайди…
Туғилганимдан бир неча кун ўтиб, онам раҳматлик туғуруқхонанинг ўзида вафот этган экан (Аллоҳ таоло шаҳодатларини ҳусни қабул айласин!). Отамиз эса тушкунликка тушибми ёки бошқа сабаблари ҳам бормикан, хуллас, мени туғруқхонадан олиб чиқмаган эканлар. Бир ойча туғруқхонада ҳар кимнинг сути билан озиқланиб яшаган эканман. Сўнг бошқалар, яхшилар боқиб олишди… Кейин билсам, отамиз икки катта акамизни мактаб-интернатга берган эканлар. Опачам ва энди икки ёшга тўлган кичик акамни раҳматлик онамизнинг ота-оналари ўзларига олишган экан. Онамизнинг ўлими билан катта бир оила парчаланиб кетган экан. Кейинроқ эса отамиз бошқа турмуш қилган эканлар. Албатта, онасиз қолган болаларнинг додини, оҳ-ноласини ким ҳам эшитар эди? Тўғри, отамизнинг уйланишга тўлиқ ҳақлари бўлган. Мен отамни садоқат, вафо ва меҳрдан юз ўгирди, деб айблай олмайман. Бунга ҳаққим ҳам йўқ. Ўзлари нимани тўғри деб билган бўлсалар, шуни қилганлар. Ҳар ким қилганига яраша ўзи жавоб беради.
Ёшлигимда ёлғиз қолсам, йиғлаб олардим. Кейинроқ, ёшим ўндан ошгач, йиғи ҳам қолмади, йиғлаш нималигини унутиб ҳам юбордим. Кўз ёшсиз, ич-ичимдан йиғлайдиган, ҳасрат чекадиган бўлдим. Ғам-қайғуларимни ўзгаларга кўрсатмасликка ҳаракат қилардим. Аммо ҳар доим, ҳамма вақт ота-онамни қўмсар, соғинар, улар билан дийдор кўришишни истар эдим. Бу илинж мени бир дақиқа бўлсин тарк этмаган.
Уларни топсам, учрашиш насиб қилса, нима дейишим кераклигини ўзимча пухта ўйлаб, гап-сўзларни ич-ичимдан тайёрланар, кунига бу сўзларни ичимда такрорлардим. Вақт эса шафқатсиз тарзда тез ўтар, мен ҳануз ҳижрон ўтида ёнар эдим. Дийдорларини кўриш ҳеч насиб қилмасди. Қарасам, ёшим ҳам қирққа келиб, қарилик ҳам яқин. Сўнгги умид учқунлари ҳам сўниб бормоқда эди.
Ёшлигимдан етимликнинг оғир юкини кўтарган бўлсам ҳам, Аллоҳ таоло Ўз раҳматига олган эди. Яхши одамлар қўлида ўсиб-улғайдим, ўқидим. Уйлантириб қўйишди. Уйлик-жойлик, бола-чақалик ҳам бўлдим. Бироқ чидаб бўлмайдиган, шиддатли олов каби куйдираётган, етиб бўлмайдиган армоним қалбимни асир этган эди. Мен ҳам ўз ота-онамни кўраманми? Улар ким? Нега бундай бўлди?
Мендек ғариб, қалби ўксиклар ҳам мендек азоб чекадиларми?
Йиллаб кутган орзуим кутилмаганда ушалди. Ўтган йили ёз фаслининг сўнгги ойларида кичкина акам мени топди, телефон орақли суҳбатлашдим, танишдим. Сўнг кўришдим… Тавба, одам ҳам ўз туғишган акаси билан танишадими, қирқ йил ўтиб кўришадими? Отамиз ва бошқа қариндошларимиз бошқа шаҳарда, қўшни давлатда яшашар экан. Виза ва бошқа масалалар бўлиб, беш-олти ой ўтгач, ниҳоят, улар билан кўришдим, алҳамдулиллаҳ… Бироқ, ёшлигимдан улар учун атаб қўйган, бир умр орзиқиб, энтикиб кутган ана шу қувончли дамларимда айтишим керак бўлган сўзларни уларга айта олмадим… Шунча вақт юрагимнинг туб-тубида йиғиб юрган дардимни, айтмоқчи бўлиб юрган сўзларимни уларга айтишим тўғрими ёки нотўғри, била олмадим…
Кунларнинг бирида устозимиз шайх ҳазратларига арз қилиб, дилимдаги дардимни қуйидагича тўкиб солдим:
«Сизга маълумки, бундан 5-6 ой олдин йўқотган қариндош-уруғларим билан топишдим. Ўшанда уларнинг кўплаб таклифларига қарамай, туғилган юртимга бориб, қариндошларим билан кўришиб кела олмадим. Паспорт ва виза масалалари муаммо эди. Бироқ, орадан тўрт ой ўтгач, муаммо ҳал бўлди, янги паспорт олдим. Энди виза олишим керак (икки ойдан бери моддий муаммолар туфайли бунинг уддасидан чиқа олмаяпман). Бундан ташқари, йўл харажатлари бор, бемор отамга бир-икки сўм ҳам бериб келишим керак…
Хуллас, бора олмаслигимга тобора амин бўлиб боряпман. Вақт эса ўтмоқда… Энди хаёлимда бормасликка баҳона излаяпман. Масалан, ўзлари ташлаб кетган, нега боришим керак ва ҳоказо фикрлар. Шу тўғрими?
Қалбим ҳижрон ўтида ўртанаётгани рост, аммо боришга, кўришишга имкон йўқ… Отам, акаларим кунига чақиришади, қалбимдаги шундоқ ҳам ёнаётган оловга мой сепишади. Ўзи улар мени нега топишди, қийнамоқ учунми..?
Бормасам гуноҳкор бўлмайманми? Боришни тоқатимдан ташқаридаги нарса деб ҳисоблаяпман… Шундан ўзимни бахтсиз ҳис қиляпман. Шу тўғрими?
Отам ёшлигимда ташлаб кетган бўлса ҳам, унга ғаразим йўқ, начора, тақдир экан… Бироқ, ташлаб кетган бўлса ҳам хизматини қилиб, дуоларини олишим керакми? Оталик ҳаққи фақат дунёга келтириш билангина ҳосил бўладими ёки фарзанди олдидаги ҳақларини адо қилсагинами?
Акаларим билан, уларнинг фарзандлари билан деярли ҳар куни интернет орқали гаплашиб тураман… Дадам ҳар куни мени сўрар эканлар… Бормаётганимга қалби ранжиса, гуноҳкор бўлиб қоламанми? Ёки парво қилмайинми?»
Шайх ҳазратлари роҳимаҳуллоҳ «Қариндошлик алоқаларини узманг, уларнинг олдига боринг, аммо бу ёқдагиларни ҳам хафа қилманг», деб жавоб бердилар…
Шундан сўнг ота юртга отландим…
Отам билан илк бор кўришганимда йиғлаб юбордим. Ўзимни тута олмай қолдим, ҳиссиётларга берилиб кетдим. Йўқ, берилиб кетдим эмас, балки ўзимни ҳиссиёт уммонига отдим, десам тўғри бўлса керак. Ёши қирққа етган, ўн ёшидан бери кўз ёши нималигини билмаган одамнинг кўзидан беихтиёр сел каби ёш оқса, қизиқ бўлар экан. Ўттиз йил ичида йиғилиб қолган кўзёшларим ҳам кўп экан, битта томчиси ҳам қолмай, дарёдек оқиб чиқди. Ўзимдан жуда ҳайратда қолдим. Мен ўзимни билмас эканман, мен ўзимни назорат қила олмас эканман… Хиссиёт кучли экан, балки бу хиссиёт эмас, балки аламдир кўзимдан сув бўлиб оқиб чиққан, энди ичимда алам, дард йўқми?
Мақсадимга, ушалмасдек туюлган армонимга энди етдимми?
Мени ёшлигимдан парвариш қилиб, не-не орзу-ҳавас билан катта қилган яхши одамларга, азиз инсонларимга энди нима дейман? Биламан, уларга яхши қараш, яхшилик қилиш инсонийлик бурчимдир. Бироқ, уларга бор ҳақиқатни қандай айтаман? Айта оламанми ўзи? Айтишим керакми ёки йўқ?
Давоми бор…
Абу Муслим
Бонус
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Ўйин тобора қизиб борарди. Шу босқичда бонус турган жойни топсам, янги рекорд ўрнатаман. Тармоқдаги дўстларимдан ўзиб кетаман ҳам. Ўйинга бутун вужудим билан берилиб, ўзим тушадиган бекатга ҳам етиб келибман. Лекин ўйин чала қолди, йўл-йўлакай тўхтаб-тўхтаб уни давом эттирдим. Ниҳоят уйга кираверишда бонусни топиб, рекордни янгиладим. Олти ойдан бери шу аҳвол: кунут тун битта ўйинни давом эттираман, янгидан-янги, бири биридан мураккаб босқичлар, янги рекордлар, тармоқдаги муҳокамалар... Бўлди, шу босқични ютсам бас қиламан, дейману бир тоғни ошиб ўтиб, ундан баландроғи қаршисида турган йўловчидек кейинги босқични ўйнаш истаги олдинга ундайверади.
“Телефонга ёпишиб олгансиз”, деб нолийвергани учун турмуш ўртоғимга замонавий телефон олиб бериб, уни ҳам ўйинга қизиқтириб қўйдим. Энди безовта қилмайди, уй юмушларидан бўшади, дегунча ўйин ўйнашга тушади. Баъзи қийинроқ босқичларда ўзим ёрдамлашвораман. Қарабсизки, зерикиш ҳам йўқ, нолишу таъна-маломатлар ҳам.
Кунларнинг бирида навбатдаги босқични муваффақиятли тугатиб, ўз муваффақиятимдан кўнглим тўлганча турарканман, ўйин билан ҳаётни солиштира бошладим. Аниқроғи ўйиндаги очколарни савоб, вазифаларни хайрли амал, бонусларни эса сон-саноқсиз ажр-мукофот деб, ҳаётнинг ҳар лаҳзаси “бонус”ларга бойлиги, биз уқувсиз ўйинчилар эса уларга эга бўлиш учун у қадар ҳам жон куйдирмаслигимиз ҳақида мушоҳада юрита бошладим. Ахир уйдан ишгача, ишдан уйгача ҳар кунлик йўлда ўйин билан андармон бўлмасдан, зикр қилганимда, тасбеҳ, тавба қилганимда қанчалар “очколар”га эга бўлардимку. Китобларда Жаннатдаги бинолар зикр билан бунёд бўлиши, банда зикрни тўхтатиши билан фаришталар ҳам қурилишни тўхтатишини билардимку! Мен нималарга кўнгил қўйдим, завқланаётган ишим, эришаётган марраларим ҳаётимда, оқибатимда менга нима наф келтиради? Соатлаб, кунлаб, ҳафталаб, ҳатто ойлаб смартфон экранидан кўзимни узмай нимага эришаяпман? Бу хаёллар бошимга гурзи билан урилгандек таъсир қилди. Ойлаб давомида эришган “мартабам”дан шу заҳоти воз кечдим, телефонимдаги барча ўйинларни ўчириб ташладим. Шунда мен янги бир хасталикка чалинганимни пайқаб қолдим. Бирор юмуш билан банд бўлганимда ёки ким биландир суҳбатлашаётганимда қўлим беихтиёр телефонга бориб, ўйинлар турган жойни очар, уларни тополмагач, юрагим сиқилишни бошларди. Бунинг ўрнини қоплаш учун смартфонимга фойдали иловаларни, ҳаётим ва охиратимга фойдаси тегадиган китобларни юкладим, илм ўрганишни бошладим. Ўша ўйин ўйнашга бўлган кучли истакни янги машғулотларга йўналтирдим. Фақат телефонга тикилавермаслик учун китоб мутолаасини ҳам бошлаб юбордим.
Йўлда эса қалбимни ва тилимни зикр билан банд этишга ҳаракат қилдим. Шунда ҳар бир дақиқа, ҳар бир қадам “бонуслар” билан тўла эканини англадим. Қалбимга халоват, сокинлик инди. Қачонлардан буён намоз ўқишни ҳар хил баҳона билан ортга суриб келаётган турмуш ўртоғим ҳам намозни бошлаб юборди.
Абдуллоҳ Муҳаммад
Муаллим ўқувчи
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Янги ўқув йили бошланди. Олтинчи синф раҳбари собиқ бешинчи синф ўқувчилари олдида турар эди. У барча ўқувчиларга бир қатор нигоҳ ташлаб туриб: «Мен ҳаммаларингизни яхши кўраман. Сизларни қайта кўриб турганимдан жуда ҳам хурсандман», деди. Бироқ, унинг бу гапи ёлғон эди, чунки у олдинги парталарнинг бирида ўтирган бир болани унча суймас эди. Ўқитувчи бу синфга ўзи ўтган йилдан раҳбар бўлгани учун у болани таниганига бир йил бўлган. Ўшанда у бу ўқувчининг бошқа болалар билан ҳеч ҳам ўйнаслигини, доим кир кийимда юришини ва ҳеч ювинмаганидан ундан сассиқ ҳид анқиб туришини сезган эди. Ўқитувчининг бу ўқувчига бўлган муносабати борган сари ёмонлашиб борарди, ҳатто унинг ёзма ишларини кўрмасданоқ, битиклари устидан қизил қалам юргизиб, бир баҳо қўйиб ташлагиси келарди.
Бир куни мактаб раҳбарияти барча ўқувчиларнинг мактабга киргандан бери ҳозирга қадар тўпланган тавсифномаларини таҳлил қилиб кўриш ҳақида топшириқ берди. Ўқитувчи одатда ўзига ёқмаган ўқувчларнинг маълумотномасини ҳужжат тўпламининг охирига қўярди. Ниҳоят, мазкур боланинг тавфсифномасига ҳам етиб келди ва уни истар-истамас ўқишни бошладию, ҳайратдан қотиб қолди.
Биринчи синфда ўқитган ўқитувчиси: «Бу ёрқин бола, кулгусидан нур таралади. Уй вазифаларини вақтида аъло даражада бажаради. Тоза ва озода, хулқи ҳам намунали». Иккинчи синф ўқитувчиси эса у ҳақида: «Бу ажойиб бола, дўстлари уни юқори баҳолайди, бироқ унинг оиласида муаммоси бор: онаси давоси йўқ касал билан касалланган», деб ёзганди. Учинчи синф ўқитувчиси: «Онасининг ўлими унга қаттиқ таъсир қилди. У бор кучи билан ҳаракат қиляпти, бироқ отаси унга бефарқ. Агар бирор чора қилинмаса, оилавий муаммолари унинг ўқишига таъсир қилиши мумкин». Тўртинчи синф ўқитувчиси: «Ўқишга қизиқиши йўқ, дўстлари ҳам деярли йўқ, дарсда кўпинча ухлаб қолади», деб ёзибди.
Ўқитувчи тавсифномани ўқиб чиққар экан, ўз қилмишидан уялиб кетди. Байрам куни ўқувчилар унга совғалар олиб келганида у ўзини яна ҳам ёмон кўриб кетди. Ўзи ёқтирмай, ҳадеб камситиб юрган ҳалиги ўқувчиси дағал жигарранг қоғозга ўралган совға келтирган эди. Ўрамини очишганда бириккита кўзи тўкилиб тушган нимдош билакузук билан шиша идишнинг ярмига ҳам етмайдиган атирни кўриб баъзи болалар бехос кулиб юборди. Шу пайт ўқитувчи ҳушёрлик қилиб: «Жуда ҳам гўзал билакузук экана!» дейиш билан кулгини кесиб қўйди ва атир қўйилган шишачанинг қопқоғини очиб, билакларига суртди.
Ўша куни «ёқимсиз» бола дарсдан кейин қолиб, кўзлари чақнаганча ўқитувчисининг олдига келдида: «Бугун ҳидингиз онамнинг ҳидига ўхшаб қолибдиа?» деди. Бу гапни эшитган ўқитувчи болани кузатгунча ўзини аранг ушлаб турдию, у хонани тарк этиши билан бўкириб йиғлаб юборди.
Шу кундан бошлаб ўқитувчи болаларга нафақат адабиёт, она тили ва математикани, балки эзгулик, меҳр-оқибат ва раҳму шавфқатни ҳам ўргата бошлади. Орадан бироз вақт ўтиб, ўқувчимиз мўътадил ҳаётга қайта бошлади. Ўқув йили ниҳоясига бориб, у энг аълочи ўқувчиларнинг бирига айланди.
Ўқитувчи ҳар доимгидек, барча ўқувчиларни бирдек яхши кўришини айтсада, энди у фақат ҳалиги ёмон кўрган ўқувчисини яхши кўрар ва қадрлар эди.
Бир йилдан сўнг ўқитувчи бошқа болаларга дарс беришни бошлади. Бир куни кутилмаганда унинг қўлига бир мактуб келиб тушди. У ўша собиқ ўқувчисидан келган эди. Мактубда «Сиз ҳаётимдаги энг яхши ўқитувчим бўлдингиз», деган гап катта ҳарфларда ёзилган эди.
Орадан яна беш йил ўтиб, ўқитувчи собиқ ўқувчисидан яна бир мактуб олди. Унда ўқувчиси коллежни тугатгани ва баллар бўйича коллежда энг аълочи ўқувчилар ичида учинчи ўринни эгаллагани ва ҳалигача ўша мактабдаги ўқитувчисини энг зўр ўқитувчи деб билиши ёзган эди. Яна тўрт йил ўтди. Ўқитувчи бу галги мактубда: «Қийинчиликларга қарамай, университетни аъло баҳолар билан битириш арафасидаман... Сиз ҳаётимдаги энг яхши ўқитувимсиз» деган сўзларни ўқиди. Тўрт йилдан сўнг яна бир хат келди. Бу сафар ўқувчи университетни тугатганидан сўнг билимларини ошириш учун яна ўқишни давом эттираётгани ҳақида ёзган эди. Хатнинг сўнгида ўқувчининг исми шарифи олдида «Доктор» деган сўз ҳам турарди. Олдинги мактублар каби бу хатда ҳам муаллиф мактаб давридан бери қанчаданқанча каттакичик, турлитуман ўқитувчилардан таълим олган бўлишига қарамай, «Сиз энг яхши ўқитувчимсиз», деб ёзишни унутмаган эди.
Кейинги мактубларнинг бирида у отаси икки йил олдин вафот этгани, яқинда уйланмоқчи эканини айтиб, ўқитувчидан одатда куёвнинг онаси ўтирадиган жойда ўтириб, дуо қилиб беришини илтимос қилди. Ўқитувчи таклифни қабул қилди.
Тўй куни ўқитувчи ҳалиги бириккита кўзи тушиб қолган билакузукни тақиб, марҳума она фойдаланган ва уни эслатадиган атирни сепиб келди. Ўқувчи муҳтарама муаллимаси билан кўришар экан, ўзи учун азиз бўлган хуш ифорни туйиб, тўлқинланиб кетди ва: «Менга ишонганингиз учун ташаккур. Эътибор топиб, керакли инсон бўлишга ҳамда ўз кучимга ишонишга ва яхши билан ёмонни ажратишга ўргатганингиз учун Сизга минг раҳмат», деди.
Ўқитувчи кўзларида ёш билан шундай деди: «Адашдинг, болам. Аслида буларнинг ҳаммасини сен менга ўргатдинг. Мен сени танимасимдан олдин қандай дарс бериш кераклигини билмас эдим. Раҳмат сенга, азизим...»
Ижтимоий тармоқлардан
Абу Муслим таржимаси
Арвоҳ
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Бир савдогар уйига жуда кеч қайтаётган экан, йўлда девор тагида тунамоқчи бўлган бир қора танли қари чолга дуч келибди. Болаларини қўрқитиб қўймаслиги учун ҳеч ким бечора чолни тунаб қолиш учун уйига қўймаган экан. Савдогар чолни уйига таклиф қилибди, унга иссиқ таом бериб, тунаб олиши учун алоҳида хонага жой қилиб берибди.
Дераза олдида ётган чол туннинг ўртасида ғалати шовқиндан уйғониб кетибди. Ойнинг шуъласида деразадан ўғирлик қилиш учун кирмоқчи бўлган икки кимсага кўзи тушибди. Улар савдогарни ўлдириб, пулларини ўғирлаб кетишни қасд қилган эканлар.
Чол оқ чойшабга ўраниб олиб, ўз жойидан турибди ва қўлини кўтариб, уларга қараб бақирибди:
- Ҳой! Нима қиляпсизлар?
Кутилмаганда оқ чойшабга ўранган кимса чиқиб қолганини кўрган ўғрилар қўрқиб кетганидан:
- Вой дод! Бу ерда арвоҳ бор экан!.. – деб деразадан йиқилиб тушишибди. Биттаси оёғини синдирибди, иккинчисининг эса боши ёрилибди. Шовқин-суронга одамлар етиб келиб, иккала ўғрини тутиб олишибди.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади», деганлар.
Абу Муслим таржимаси
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
- Аёлнинг Таравих намози учун уйидан чиқиши
- Эътикоф ҳақида
- Рўза боби (1-қисм)
- Фитр садақаси
- Аёллар эътикофига доир масалалар
- Фидя бериш ҳақида
- Саҳарлик ва ифторлик
- Рўзани бузадиган амаллар
- Рўзани бузадиган амаллар
- Эътикоф бўлими
- Рўза боби (2-қисм)
- Нафл рўзалар ҳақида
- Рамазон: эрингиз сиздан рози бўлсин
- Рамазон: оналар учун 23 маслаҳат
- Расулуллоҳнинг Рамазон ойида баъзи аёллари билан никоҳланишлари
Ҳозир сайтимизда 88 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Аёлнинг юзини кўрсатиши ва ҳижоб ҳақида
- Парик тақиш ва аёлнинг сартарошга бориши
- Аёлнинг ҳамма нарсаси шаррми?
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш