1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Ойналар

«Шугина юзимга шунча катта бурун… Жудаям хунук, жудаям. Қанийди, кичкина, нозиккина бўлса». Шундай деб, ўзига-ўзи гапира-гапира ойнадан узоқлашди. Ётоғига кириб, ўрнини тузатгач, яна ойнага борди. Субҳаналлоҳ, бу қандай мўъжиза! Бурни худди  ўзи истагандек кўринишда эди. Жажжи ойначани юзига яқинлаштирди — кўзлари алдамаётган эди. Лекин негадир бирдан яна қовоғи осилди: «Йўқ, бу ҳали яхши дегани эмас. Ахир, лабларим… Шундай чиройли бурунга лабларим ҳеч ярашмаяпти. Оқзим катта, лаблари ингичка. Уф, шунинг акси бўлса бўлмасмикан?..»

Ойнани қўйиб, ошхонага кирди. Чой қўйди, музлатгичдан егуликлар олиб, дастурхонга қўйди. Нон кесиш учун пичоқни қўлига ушлаб, бир он туриб қолди. Нохос: «Кесиб юборсанг-да, қутулсанг шу лаблардан!» — дея пичоқни тўғри келган томонга улоқтирди. Алам билан ойна олдига бориб… ҳайратдан қичқириб юборди. Оқзи, лаблари ўзи хоҳлаганидан ҳам чиройли эди ! Термулди, термлди, термулди… Бироқ, юзи яна тундлашди — энди бу нозик бурун, бежирим лаблар ёнида жағи узун кўринаётган эди. «Ҳечқиси йўқ», дея ўзини юпатди, севинч билан ошхонага йўл олди. Ўтириб, нонга қўлини чўзган жойида тўхтаб қолди. Ойнада сўнгги марта кўринган аксинеи кўз олдига келтирди. Шу заҳоти ўрнидлан туриб, ётоқхонасига кирди. Остонада бьошини эгиб, ўйланиб қолди. Шу ҳолда гардеробнинг ўнг томонидаги бўйбаробар ойнага яқинлашди. Боши ҳамон эгик эди. «Бу бурун, бу лаблар, бу оғизга… Жағим ҳеч муносиб эмас!» Шундай дея, шиддат билн бошини кўтарди… воажаб, ойнадан унга зебо бир чеҳра боқиб турарди. У ўзини таниёлмай қолди: «Наҳотки шу мен бўлсам?!» ойнага сўнгги бор қаради, кўнглини бўшлиқ қоплаганини ҳис қилди. Умидсизланиб, узоқ ўтирди. Бир пайт ўрнидан туриб, лаҳзада ойнанинг олдида пайдо бўлди. Кўзлари ғазаб билан чақнарди. Бир муддат аксига тикилиб туриб, телбаларча қаҳқаҳа ота бошлади. Кулиш баробарида: «Ойналарнинг ҳаммаси ёлғончи! Мен гўзалман, хунук эмасман! Қани аввалги урним, лабларим, юзим?!» — деб бақирар, хонадаги катта-ю кичик ойналарни ерга уриб, синидрарди…

Шифтлари оппоқ хона. Унниг кўзлари хонани мақсадсиз кузатарди. Ўрнидан турмоқчи бўлди, аммо имконсиз, қўл-оёқлари каравотга маҳкам боғлаб қўйилган. Бошини буриб, яна бир бор хонага кўз югуртирди, темир эшигида кичкина дарчаси бор, доим берк турадиган, унинг ўзи, нигоҳлари каби бўм-бўш хона. Қаердалигини шунда англади. «Нега мени бу ерда ушлаб турибсиз?! Чиқариб юборинглар! Мен телба эмасман, телба эмасман!..» У бақириб йиғлар , фарёди қўшни хоналарни ҳам тутиб борарди. Шу пайт онаси чопиб кирди, тўғри қизининг устига келди: «Уйғон, қизим, уйғон!»

Кўзларини очганида жиққа терга ботган, қўрқиб кетган онаси бошида ўтирарди: «Нима бўлди, қизим, тушингдан қўрқдингми? Туриб, юзингни ювиб кел, ўзингга келасан». Қиз онасининг юзларига, хонага ҳайронлик билан кўз югуртирди. Қўл-оёқларига  қаради — боғланмаган. Хонадаги ойналар ҳам жой-жойида, бирор ерига тдарз етмаган. Шошқинлик билан туриб, ойнанинг ёнига чопди: бурни, лаблари, юзи — ҳаммаси ўз ҳолида. Демак, барчаси туш экан! Шукр айта-айта юзларини ювар экан: «Яралишимиздаги ҳикматлар ёлғиз Ўзингга аён. Мени кечир, Аллоҳим», дея дуо қиларди.

Чиндан ҳам қиз шундан кейин ҳеч қачон мен хунукман, кошки ундай бўлсайдим, бундай бўлсайдим, демади. Чунки у Аллоҳнинг ҳар бир нарсани инкор қилиб бўлмас мутаносибликда яратганига комил ишонч ҳосил қилган эди.

Сохта қувонч… (ёки қалбаки она)

Вазифа янгасининг шовқин солиб эшикдан киришини кўрди-ю, юраги чарсиллаб, бошқача ура бошлади. Боласи югуриб ичкарига кириб кетди. Янгасига «ҳозир буни ўзим билгандек қиламан асабийлашманг» дея олди.
Янгасининг важоҳати ёмон бўлсада Вазифанинг ранги оқариб кетганигами ёки унинг катта бўлган ҳайратомуз кўзларидаги аламни кўрганданми, шартта орқасига ўгирилди. Эшикни қарсиллатиб ёпа туриб қарғанди.
Вазифа ўтириб қолганча нима ўйлаётганини ҳам идрок қила олмади. Титраб йиғлади. Боласини қучоқлаб йиғлар экан, ўн бир ёшлик боланинг бўйи ўзи билан тенг бўлиб қолганини сезди. Елкалари кенг бўлиб қолган Ҳайдаржон ҳиқиллаб унинг бағрига бошини босиб ошкора йиғлашга тушди хўрсиниб:
—Аяжон, нимага фақат ойчам мани урушадилар, мани ҳеч нима қилмадим-ку.
—Нимани?
—Товуқларни тухумини ман оламан десам, Шермат олдин кириб кетди, шунда уни хўроз чўқиди. Ойчам бўлса «сан итарворгансан» деб бақириб кетдилар. Нимага фақат мани урушаверадилар, аяжон, — деди-ю, елкалари титраб йиғи аралаш чуқур хўрсинди.
—сенам ўтириб дарсингни қил ақлли бола, бўл, — Вазифанинг ҳам хўрлиги келди. Хўрланган хўрланганича ўтган кунлари кўз олдидан ўтаверарди…
Вазифа эри Назар билан етти йил яшаб фарзанд кўрмаганлари учун бола олмоқчи бўлдилар. Эҳ-э, шуни олганча эси кетди. Эркак эмасми, ҳеч бировни боласини хоҳламас эди. Ўша вақтдаги ўша ҳолати, айниқса қайнонасига қолган муомалалари уни мақтаганлари «Аяжон болаларингизни яхши тарбия қилгансиз» деган хушомадлари зоя кетмади. Бир куни қайнонаси чақалоқ кўтариб келди. Унинг титраганлари шу болам деб ийманибгина олганлари ҳеч ким йўғида соатлаб чақалоққа тикилиб, қанча орзу ҳаваслар, катта орзу ниятлар ўғилчасига атаб садақа, хайру эҳсон, қўйлар атагани фақатгина Худога аён.
У шунчалик тортинчоқ эдики, шу ниятларини ҳам баралла айтолмас, айтса биров куладигандек ийманарди.
Бир кечаси уйғониб кетса қайнонаси «Ҳе кўзингга тош тегсин ухла» деб дўқиллатиб бешик тебратарди. Ўшанда бағри зир титраб хўрлиги келсада ҳеч кимга сездирмади. Эртаси кўргани келган меҳмонларга кулиб:
—Биласизларми, ярим кеча уйғониб кетсам, аягинам алла айтиб бешик тебратяптилар, ярим кеча уйқу ширин, мен бўлсам ухлаб қолган ёки асабийлашган бўлардим. Аягинам болага яхши қарайдилар деб қайнонасини мақтаб қўйди.
«Буям болам-да» дер экан, «Ҳайдаржоним» деб ўпиб қўйганди ўшанда қайнонаси. Кечаси кўрсаки ростакамига қайнонаси чақалоқни алла айтиб бешик тебратарди. Қувончининг чеки йўқ, ҳар бир кунлари гул тунлари узун, бахтли кечалари кўп эди. Аммо кўзларини қора парда босиб, ҳеч нарса кўрмай қолгандек бўлди. Эри Назар изсиз йўқолди. Ўғлининг дардида қайнонаси ҳам ўтди.
Акаси яхши-ю, янгаси ҳар қилиғидан нишини тииқб олади. «Ўйлаб гапириш ҳар кимга берилмаган. Хазина деб шунга айтар эканлар. Бир кўнгил зиёрати, минг Макка зиёрати экан». Шу янгаси боласини гапиргани майли, Вазифа бўлмаса нақд ургудек. Кўрмай қолса ҳақоратлашини сезиб қоларди. Унинг ўз уйи, турмуши, қайнонаси билан бўлган чиройли дақиқаларни энтикиб, кўз олдига келтирди.
Ҳаммасидан безиб ўйламасдан бир иш қилди-ю, қаттиқ адашганини билди. У жонига қасд қилиб, дори ичди. Кўп чоп-чоплардан кейин кўзини очса, ёнида олти ёшли ўғилчаси Ҳайдржон маъюс ўтирибди. Уни кўрганида тура солиб қучоқлар экан.
—Аяжон, сиз ўлманг, бўлмаса мани ҳамма уради, — деби йиғлаб.  —Ким уради, «Ўлсам яхши бўларди», деб айтган Вазифанинг томирларида «Ҳали яшашим керак» деган қудратли куч пайдо бўлди. Боласи шу Ҳайдаргинаси яна бошқа сеҳрли сўз айтди. «Аяжон жўраларимни аялари боғчага кузатиб ўзлари олиб келадилар», деди.
Шу мурғаккина боласининг сўзларидан, кўзлари ялт этиб очилган Вазифа сеҳрланган инсондек ўрнидан туриб кетди.
—Ўнга киряпти, иш қил демаса бурнини жийириб гапирар экан, янгаси яна меҳрибонларча бунча жониз ачийди «Бировни боласи-ку деб ўтириб олди.
—Бу қанақаси дер экан, дир-дир титраб «Йўқол бу ердан ифлос» бақирди. У ёқ, бу ёққа қараб ўғлининг йўқлигини билиб ошкора йиғлади. Айниқса «Бировни боласи» деганига ҳеч чидай олмади. Изиллаб йиғлади. «сен ифлос нимани ҳам тушунардинг» деб ўйлар экан кўзларини бир нуқтага қадаб ғужғон ўйнаётган фикрларини айтиб йиғларди. Ахир мен биргина «Аяжон» сўзини эшитиш учун бағрим тўлиб уйим бозор бўлиши учун охирида орқасидан қолиб тепкилиб кўмиши учун дуои фотиҳасиз қолмаслик учун курашмаяпманми? Бу сохта қувончларни, ёлғондакам маст ҳавои фахр ҳеч ким билиб қолмасин деб «Қалбаки она» вазифасини аъло бажарармиканмандеб, худди имтиҳон топширадиган талабадек жони халакда ҳеч қурса, шу болагинанинг кўнгли ўксимай ўссин деб кечалари илтижолар қилганини ким билади. Худодан илтижолар қилиб ҳар кеч йиғлаб чиқишларини янгаси қаёқдан ҳам билсин. Елкалари силкиниб-силкиниб чиқди. Зеро буларнинг ҳаммасига акаси гувоҳ бўлсада, хотинига индамагани учунми, уни тинчитиб бўлмади. «Сохта қувонч, қалбаки она» деган фикр миясида айланар, ўзи эса тинмай йиғларди.
Бир вақт эшикдан кириб келган ўғилчаси унинг баралла йиғлаётганини кўриб қўрқиб кетди. Маҳкам қучоқлаб «Бўлди аяжон, бошқа ёмонлик қилмайман» деганидан кейингина Ҳайдаржонни қучоқлади. Бағри тўлиб юрагига сокинлик кириб келгандек кимдир аллалаётгандек тебранар экан, ман сохта бўлсам бола сохта демайди-ку, руҳий муштараклик остида гўзаллик, тўлиқлик, ростакам боғлиқлик сезди. Ўзимнинг суянган тоғим дер экан, елкалари кенгайиб қолган Ҳайдаржон билан тебраниб ана «Сохта алла» деб юборди. Ўзини оловли жар ёқасидан боласини эсон-омон олиб чиққан онадек «ўзинг чин боламсан» деб йиғидан тўхтаб бошини мардона кўтарди…
Шу боланинг келажаги, бахту омади олдида ўзини масъул сезди. Яна қонида ҳақиқий бурч масъулияти, Худо олдида жавобгарлигини ҳис қилди. Ахир унинг ўзи хоҳлаган, ўзигагина бўйсуниб боққа кирмай гулни, Худодан таваллолар, илтижолар қилиб сўраб олган эди-ку. Ўзи қўлласа қолганлар инсон-ку. Майли ҳамманинг боласи бўлсин.  Олтинга тенг яхшиликлар ҳамма фарзандларидан қайтсин. Керак бўлса мен шундай бўлай, — Вазифа шуларни ўйлади-ю Ҳайдаржоннинг бахтига энг аъло чинакам она бўлишга қарор қилди.

Сайёра НУРИДДИНОВА

Хиёнат изидан

—Қаердан олдинг бу гапни? Яна бирорта душманимнинг ишидир-да… Улар ҳам сенинг ҳар қанақа гапга лаққа тушишингни билиб олишган. Ҳаммани менга ўйнаш қилиб чиқишади… Шуҳратнингн чека томирлари бўртиб, юзлари қизариб кетган эди. Агар бундан икки-уч ой олдин эрини шу алфозда кўрганида Гулчеҳра ўзининг қилган ишидан хижолат бўларди. Аммо ҳозир унинг юрагини шубҳа заҳарлаб бўлган эди. У рўпарасида турган, ўзи жондан севган, унга ҳаётини, ёшлигини, ҳуснини бахш этган кишининг хиёнат қилиб юрганига ишонар, унинг башарасини очгиси, ниқобини йиртиб ташлагиси келарди.
—Демак, Шуҳрат ака, сизнинг ҳаётингизда бошқа аёл йўқ, шу чинингиз?
—Албатта-да. Гули, биласан-ку, ишим бошимдан ошиб ётибди. Доим шунақа. Мен сенга ўз жуфти ҳалолимга ҳафтада бир марта жилмайиб қарашга зўрға вақт топаман-у… Ўзгалар билан ўралашишга на фурсатим, на рағбатим бор…
Шуҳратнинг гап оҳангидан энди вазиятни юмшатишга ҳаракат қилаётгани сезиларди.
—Мен ҳозир Қуръони каримни олиб келаман, қасам ичасиз… Гулчеҳра ўрнидан турди. Шуҳратнинг ранги оппоқ оқариб кетди.
—Э, индамаган сайин ўзингдан кетасан! Нимага шунақа ифлос гапларнинг ичига муқаддас китобни аралаштирасан?! Қасам ўйинчоқми сенга? Мен айтадиганимни айтдим. Ишонсанг ишон! Ишонмасанг… ўзинг биласан!
Шуҳрат шахд билан ўрнидан турди-да эшикни шарақлатиб ёпиб, чиқиб кетди. Гулчеҳра бошига зарб билан калтак егандай турган жойида тоуриб қолди.
«Гули, сенга нима бўлди? Ўзингни тут! Орадан ўн икки йиллик турмушинг бор. Шу одам, яхшими-ёмонми, икки фарзандингнинг отаси, нима қиласан, кавлаштириб, иссиқ ошингга совуқ сув «қўшиб!» дерди ички бир овоз. Ахир, чидаса бўлади-ку, от айланиб, қозиғини топади. Икки фарзанди бор, қаергаям борарди?
Аммо бошқа бир овоз эса:
—Нима гуноҳинг бор? Нега сен хорланишинг керак?! Нега сен хиёнатга чидашинг керак? — дея исён қиларди. Ўзи Гулчеҳра эринниг бошқачароқ бўлиб қолганини ҳис қилаётган эди. Кўпинча уйга тунни ярим қилиб келганларида ўзига ўзи: «Олим бўлиш осонми? Бир варақ қоғоз маълумот учун бутун бошли китобни титкилашади…» дея таскин топарди. Аммо яқинда унга ишхонаси дан чиқаётганида битта конверт беришди. Бепарво, хаёл суриб чиқаётган эди, нима, ким, дея суриштирмасдан олди. Қизиқиб, компьтерда терилган матнга кўз югуртирди.
«Сизда ғурур борми? Бир қараса, туппа-тузук аёлга ўхшайсиз… аммо сиздақа анқов, гумроҳ хотинлар кўпайиб кетаётгани учун ҳам ахлоқимиз таназзулга учраяпти. Эрингизни йиғиштириб олсангиз бўлмайдими?» — Гулчеҳра хатни охиригача ўқишга чидамай, уни олиб келгувчини ахтарди. Зангори костюм-шим кийган нозиккина қизга ўхшаган эди. ерга кирдими, осмонга учиб чиқиб кетдими? «Йилт» этган зангори ранг бўлса, ёнига югуриб борди. Йўқ! Кўзимга кўринди, хаёлимга келди, деса, қўлида қоғоз турибди. Яна бир марта ўқиди. Бошқа ўқишга ҳоли келмади. Ҳарфлар худди думларини гажак қилиб турган чаёнларга ўхшарди. Кўпинча пулни аяб, автобусни кутарди. Катта йўлгаям чиқмай дуч келган таксига қўл кўтарди. Аччиқ устида ўша куниёқ эрини суроқ-саволга тутмоқчи эди. «Фитна бўлса-чи?» деган умидбахш бир савол кўнглига келди. Эрини кузатишга қарор қилди. Кунлар кунларни, лаҳзалар лаҳзаларни қувиб ўтар экан, эрдан шубҳанинг, умуман шубҳаланиш изтиробларининг бу қадар оғир эканига иқрор бўлди.
«Қандай яхши экан, ишониб яшаш,  ишониб севиш, ишонибмеҳр кўрсатиш…»
Гулчеҳра ўша қалбини тегирмон тошидай эзиб ўтаётган кунларнинг соатлари, дақиқаларида майдаланиб борарди, сочилиб борарди.
Эрига қўнғироқ қилар, жавоб бермаса: «Ёнида ўшаниси», деган азоб гирдобида қлар, келса, кўзига қарра, қувонч сувратини кўрса, «Ўша билан учрашувдан келяпти» деган ҳадик исканжасига тушар, ғам, қайғу аксини сезса, «Ўша билан айрилганидан азобда», деб ўртанарди. Костюмлари чўнтагини титкилар, ёқаларини ҳидла           рди. «Хиёнат шубҳаси одамни бу қадар издан чиқарса, ўзи телба қилиши ҳеч гап эмас экан-да». Бу фикр кунига неча марта хаёлидан ўтарди. Ахийри бугун портлади, аммо Шуҳрат сиртига сув юқтирмай чиқиб кетди. Нима қилсин? Кинолардагиларга ўхшаб детектив ёлласинми? Олим одамнинг изидан изқувар қўйиш кулгили эмасми?! Ахир, олимнинг ахлоқи бузуқ бўлса, кимга кимдан шикоят қилади… Хатда эри билан шакаргуфторлик қилиб юргнан аёлнинг исми шарифи, у ишлайдиган корхона манзилигача кўрсатилган эди.

* * *

Шуми Шуҳратнинг Гулчеҳрадан афзал кўргани? Тўладан келган аёлларнинг устидан кулиб юрарди-ю доим? «Эри арқон билан қучоқласа керак?» деб. Дўмбоққина аёл экан-ку… Аёл олдидан китобга бор диққатини бергани учун кимдир унга ёнбошидан тикилиб турганини пайқамасди. Олдидаги мўъжазгина давтарчага китобдан нималардир кўчириб ёзар, ора-сира шундоққина кўз олдида турган телефонига қараб-қараб қўярди. «Тўлагина бўлса ҳам чиройли экан…» Гулчеҳранинг ичини бир ҳовур ялаб ўтди. У ўша чаёнсифат хатда айтлиган манзилу ўша исмни топгунича рўпарама-рўпара келганида айтадиган гапларини кўп бор хаёлдан ўтказди. Аввал уни юмма талагиси келди.
—Эринг нуфузли жойда ишлар экан, ўғил деса, ўғлинг, қиз деса, қизинг бор. Ўзинг ҳам ҳаётда йўлингни топган аёл экансан. Сенга яна нима керак? Нега оилали, бола-чақали одамнинг бошини айлантириб юрибсан? Этагингни йиғиштириб олсанг, олдинг, бўлмаса, очиб, асл башарангни ҳаммага кўрсатаман! — дея шовқин-сурон солмоқчи бўлди. кейин: «Борди-ю, унинг ҳам эри хиёнат қилиб юрган бўлса-чи? Эзилган, бир яхши суянгчиққа муҳтож онларда Шуҳрат акамга дуч келган бўлса-чи…», деб ўйлади.
Шоҳиста Эргашовна деганлари билан яхшиликча гапиришмоқчи бўлди. Ўзини босиб, совуққонлик билан ўзига яраштириб кийинган бу аёлнинг иши бир нуқтага етишини кутди. Ниҳоят, у ўрнидан турди. Танаффус қилмоқчи, китоб-давтарларини йиғиштирмади…» Гулчеҳра аёлнинг изидан чиқди. «Вой, Худойим-ей, сигарета чекар экан-а… Ўзбек аёли тағин олима… Бирор дарди бормикин… Эҳтимол, эҳтимол…» Гулчеҳра ҳозир «эҳтимол»лар ичига ўзини кўмса, чиқа олмаслигини ҳис қилди. «Қаттиқроқ бўлишим керак» Гулчеҳра ўзини ҳужумга чоғлади. Аёлнинг рўпарасига тикка келди:
—Сиз Шоҳиста Эргашовнасиз-а, мен Шуҳрат акангизнинг хотиниман, — деди. Сўнг ўзи аёлдан кўзларини узмади. Аёлнинг қорачиқларида қўрқувми, ҳадикми… қандайдир бир шарпа «ялт» этиб ўтди. Сўнг ясама бир сохта кибр билан:
—Ким у Шуҳрат дегани?
—Жуда яхши биласиз. Менинг эрим, болаларимнинг отаси, сизнинг …. —Гулчеҳранинг тили тоза эди, ҳеч қачон беибо сўзларни гапирмасди, айтишга иуялар эди.   «Ўйнашингиз» сўзи бўғзига келиб тиқилди, қип-қизариб кетди.
—Ҳалигидақангиз…  —  деди овозини пасайтириброқ.
—Синглим, сиз адресни адаштирганга ўхшайсиз, — бу орада Шоҳиста Эргашовна ўзини тутиб олди, шекилли, юз ифодаси  ўзгармади.
—Жуда тўғри топиб келдим-да. Сиз бировнинг оиласини бузяп сиз. Хиёнат билан ҳаётига заҳар соляпсиз! — Гулчеҳра аллақайда ўқиганими, эшитганими аралаш-қуралаш қилиб гапира бошлади. Аммо ҳозирданоқ ич-ичидан бу аёлдан енгилишини, бу аёл унга ён бермаслигини ҳис этиб турарди.
—Биринчидан, ош ширин бўлса, уни бегона заҳарга айлантирмайди. Иккинчидан, оила ўзи бўлса, ўзи тузук бўлса, уни биров бузолмайди. Хўш, қанақа далил-исбот билан сиз мени эрингизга  мешлаяпсиз? — Аёлнинг сўзларидан киноя оғуси томарди.
—Сиз… ўтган ойнинг ўн учинчисидан йигирманчисигача эрим билан тоғда оромгоҳда бўлгансиз! Исбот, далилим йўлимда, ҳар ҳолда етти кун, бир ҳафта қора қозонда мошхўрда пишириб еб юрмагандирсизлар…
Гулчеҳра кўзларини яна Шоҳиста Эргашовнанинг кўзларидан узмай турди. Йўқ! Бу гал қорачиқларида ҳеч нарса ялтирамади, пинагини ҳам бузмад.
—Айтдим-ку, сизга ёлғон ахборот беришибди, д еб. Шерлок Холмсингизга бекорга пул тўлаб юрибсиз, аҳмоқ бўлиб. Мен ўша сиз айтган кунлари ростдан ҳам тоғда дам олганман. Фақат Роҳатой исмли дугонам билан! Ё сизнинг Шуҳратингиз вақти-вақти билан хотинларнинг кўйлагини кийиб, хотин қиёфасига кириб юрадими?
«Алвасти, иблис!» Гулчеҳра бу аёлнинг ёлғон гапираётганини билиб турарди. У ростдан ҳам эри билан борган ўша оромгоҳга. Аммо далил-исботини аввалдан тайёрлаб қўйган.
—Ҳайф-а, сенга олималик! Сигарет бурсиқитишини қара, аллакимларга ўхшаб!
Гулчеҳра терс бурилди.

* * *

«Фош қиламан! Барибир мен бу хиёнатни фош қиламан! Умримни тикиб бўлсаям фош қиламан!» Гулчеҳра нимага бунақа шаҳд қилганини ўзи ҳам изоҳлаб бера олмайди. Бир пайтлар катта энаси гапириб берган эди.
Катта бобоси отда юраркан, эл устида юрган одам экан.
—Катхудо, — дея мурожаат қилишар экан унга. Отда дарвозасидан кирар-кирмас:
—Ҳаби! — дея бақирар экан хотинига. Уйдан чиққунича:
—Чой! — дер экан. Агар:
—Чой-тайёр, отаси! — демай,
—Ҳозир қайнатаман… ё шунга ўхшаш у, бу деб тайсалласа, бувичини этиги билан тепиб юборар экан. Бобоси отдан тушиб, совугунча, буви учта қумғонда сув ҳозирлаши керак экан: юзига — совуқ (Тириш тушади, деб бобоси юзини илиқ сувда ювмас экан) қўлига-илиқ, бошқа нозик аъзолари учун — иссиқ…
Бувиси бу гапларни оғриниб эмас, чолининг шиддатли бўлганидан қувониб гапириб берган эди. Ўшанда Гулчеҳранинг дилида қаттиқ и сён уйғонган эди. Нимага бу ноҳақлик? Нега бобомнинг саккизта ўғлини боқаётган аёл, овқатини пишириб, кирини юваётган аёл эрига «Чой тайёр!» деб ёлғон гапири, кун кўриши керак?! То чоли таҳорат олгунча, ўлиб қолсаям, қумғонда чойни ҳозиру нозир қилиши керак?
Ҳозир мутлақо бошқа бир кайфият, бошқа бир ҳолатда  ўша исён уйғонди. Нега хиёнат қилганлар бир марта бўлсада хиёнатини тан олмайди? Мен хиёнат қилдим. Чунки сенга кўнглим йўқ», демайди эри. Шу гапни анови си гарета тутатаётган  хоним ҳам айтмайди. Кўзини лўқ қилиб ёлғонлайди. Яна қанча ёлғонларни эшитар экан бу  қулоқлари… Яна қанча  ёлғонларга чидар экан???
Гулчеҳра худди ёлғонни, хиёнатни фош қилиш учун саф турган лашкарларнинг лашкарбошисидай кайфиятда эди. Шу кайфиятда Роҳат деганларини топди. У ўртоғига мутлақо ўхшамаган, қорачадан келган, юз-кўзларида ёқимли бир нур бор аёл экан. «Бу… Шоҳиста Эргашовнадан қарздор. Нимаси биландир кунга қарам…» Аёлни биринчи кўрганиданоқ хаёлига шу фикр келди. Аёлнинг товуши ҳам ипакдек майин эди. У хушкайфият билан қаршилади.
—Вой-вой, сиз нималар деяпсиз? Шоҳистахоннинг эри эшитмасин бу гапни, кўтаролмайди. Сиз дугонамни  билмабсиз: арслондай ўғиллари, ойдай қизлари бор…
«Одатда,  ўзи оқ-сариқ, кўзлари кўкиш одамларни хоин бўлади, дейишади. Бу эса — қорача… барибир, ҳақиқатга хиёнат қиляпти. Анови хонимча унга аллақачон қўнқироқ қилиб менинг учрашим эҳтимолини айтиб қўйгандир…
Бу ҳам далил-исботини юмалоқлаб, олдимга чиқб турибди» Гулчеҳра бу аёлнинг виждонини уйғотишга уринди:
—Менинг болаларим бор, улар отасисиз ҳаётни тасаввур қила олмайди. Сизнинг дугонангизнинг болалари ҳам шудир. Мен ажрашмоқчи ё бировга озор бермоқчи эмасман. Фақат ҳақиқатга ташна бўлиб кетдим. «Ҳа, хиёнат бўлдим» деган рост сўзни эшитмоқчиман, холос. Аммо аёл ҳам:
—Биз тоққа Шоҳиста билан бирга борганмиз, — деган гапдан нарига ўтмади.
Шуҳрат акаси ўтган ойнинг ўша кунлари хизмат сафарида бўлган… Бир ҳафта… Сафарлардан гул-гул яшнаб қайтгани эсида:
—Сизга йўл ёқибди. Тез-тез жўнатиб туришса, бўлар экан, — дегани   эсида.
—Ўзим ҳам шу фикрдаман, — дея жавоб қилган эди эри. Демак, бу бир ҳафта васлу висол ҳафтаси бўлган. Гулчеҳра эрининг ишхонасию ўша оромгоҳга борса, сир тезроқ фош бўлишини биларди. Аммо у эрининг обрўсига путур етказмоқчи эмас. Фақат хиёнаткорлар ўз қилмишларига иқрор бўлса, бас!

* * *

«Нима ишингиз бор! Кимсиз, нимасиз?» Бу саволларга жўяли, ишонарли жавоб бергунча Гулчеҳранинг тинка-мадори қуриди. Шоҳиста Эргашовнанинг эри билан қўнғироқлашиш учун нақ бир ҳафта югурди. «Бошқа йўлим йўқ. Энди ёри орқали башарасини очаман!» Гулчеҳра қўнғироқ қилгунча шу ишончда эди.
—Саломалайкум… Гулчеҳра юмшоқ овозда салом берди.
—Салом! — қуруқ, расмий овоз эшитилди гўшакдан.
—Мен… ҳалиги…
—Эшитаман, сизни! Аниқ, лўнда гапиринг!
—Эримнинг  исми — Шуҳрат, олим… у хиёнат…
—Узр,  синглим. Оилавий масалалар билан бошқа  идора шуғулланади. Сизга бу номерни адашиб беришибди!
—Мен ҳалиги… хоти… Гулчеҳра «Хотинингиз ҳақида гапиришмоқчи эдим» дегунча бўлмай гўшак «тақ» этиб қўйилди. «Кириш қилмасдан тўғридан тўғри хотинингиз сизга хиёнат қиляпти», дейман деди-ю Гулчеҳра шоша-пиша яна номер терди. Телефон банд бўлган шекилли, қисқа-қисқа узуқ товуш бериб ётарди. Яна терди, яна… Титраб, кўзларига ёш тўлиб берарди.
—Синглим, бу уйингиз эмас-ку, ҳадеб телефонни банд қилгани кўрмаяпсизми, изингиз турнақатор бўлиб кетди… — Гулчеҳра сезмаган экан, телефон столи ёнида одамлар тизилибди…
«Унинг хотини хиёнаткор, у ҳақиқтани билиши керак!» деб қайтаргиси келди. Аммо навбатдаги одамларнинг чеҳраси шу қадар серташвиш эдики, улар ўз ташвишларидан ортиб, бировнинг гапини эшитадиган, ўша гап юкини кўтарадиган аҳволда эмасди. Гулчеҳра орқага тисарилди.
«Мен кўп нарса истамадимми?! Ахир ҳаётни ағдар-тўнтар қилиб ташламоқчи эмасман-ку, фақат: «Мен хиёнат қилдим» деган иқрорни эшитмоқчиман, холос…» Гулчеҳра судралиб кўчага чиқди. Ҳозир уйига борадими? Эрига:
—Сиз ўтган ойда етти кун бегона аёл — бировнинг хасми билан бирга бўлгансиз! — дейди.
Аммо эри:
—Ҳадеб ғашимга тегаверсанг, яна чиқаман, кетаман, — дейди. Шундай қилади ҳам. Гулчеҳра болаларига нима дейди? Отангнинг хиёнатини билиб қолдим, дейдими? Болалари — замонавий.
—Ойи-ей, садоқат, вафо — эскирган қўшиқ. Ҳар ким кўнгли ёш, чиройли  бўлса, қўйинг, ўйнасин. Ахир, телевизорда ҳар кун машҳур ҳофиз:
«Қўяверинг, ўйнасин!» деб куйлаб ётибди-ку, — деса нима жавоб қилади. Балки, улар Гулчеҳранинг ўзини айблар…
—Ўзингизга қаранг, қадрингизни билинг! — дер…
…Гулчеҳрага тўрт тараф ҳувиллаётгандек бўлиб туюлди. «Ҳеч нарса кўрма гандай кўру соқов бўлиб яшайверсаммикин? Узр, дадаси, адашибман. Хато қилишган экан, десамми? Ахир, қачонгача? Қачонгача хоинга: «Сен — хоинсан!» дея олмайман?»
Гулчеҳранинг оёқлари оғирлашиб бораётгандек эди. Ёшдан кўзларини тўр парда қоплади. «Йўқ, бу аҳволда кетмаслигим керак, ўтира турай, ўзимни босиб олай…» Йўл чеккасидаги ўриндиққа ўтирди. Қанча ўтди. Шуҳрат акаси билан яхши яшаган кунларини эслади… Болалари туғилган қувончли лаҳзаларни… Кўнгли сал ёришгандай бўлди. Ўрнидан турди, сумкасини ёнига қўйган эди, йўқ! Шошиб, ўриндиқ пастларига қаради: Йўқ! Атрофдан одамлар ўтиб-кетиб турибди, қай бири олди экан? Қачон? Балки, ўтириши билан ўмариб кетгандир. Сумкаси майли-я… ҳали сиқилиб, қулоғи, бармоқларидаги безакларини ечиб сумкасига солган эди.
«Мана, сенга хиёнатни фош этиш!» Гулчеҳранинг ичидан аччиқ кулги келди. Йўқ, бу на кулги, на йиғига ўхшамаган бир овоз эди…

ДАВЛАТБАХТ

Эзгулик учун берилган имкон

«Астағфируллоҳ!..»
Нохуш туш таъсиридан чўчиб уйғондим. Ичимда бир хижиллик билан янги куннинг юмушларига берилдим. Кўчага отландим. Остона ҳатлаб чиқар эканман кўнглимдаги ғашлик тарқамаганди. Илтижо қилдим: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Аллоҳим! Ўз паноҳингга ол, асра, кунимни хайрли қил». Режаларим билан боғлиқ ўй-хаёллар мени буткул банд этганди. Ҳар гал ер ости йўлидан ўтардим, аммо бу гал хаёл билан бўлиб беихтиёр катта йўлга қадам босдим…
«Ё Аллоҳ!…» Бу қўрқув аралаш ҳайратимнинг кучли ва овозли ифодаси эди. Дукиллаб ураётган юрагим товуши бутун танамни тебратар, ўзимга келишга уринардим. Воқеанинг бу қадар тез рўй берганини ақлимга сиғдиролмасдим, ахир… қизил чироқ ёниб турганди. Унда бу машина қаердан пайдо бўлди?.. Қаттиқ тормоз бериш натижасида тўхтаб, чангга ботган машина қаршисида эдим. Жуда кам қолган масофа рўй бермаган (беадад шукр!), бироқ содир бўлиши мумкин бўлган ҳолатни кўз ўнгимда гавдалантирарди…
«Ё Аллоҳ!..»
Бу не синоат бўлди? Бу тезлик билан машинанинг тўхташи мушкул эди… аммо тўхтади. Аллоҳ тўхтатди. Уйдан чиқаётиб қилган илтижоларим ёдимга тушди: «Паноҳига олди… асради… Ўзингга шукр!..»
Воқеа сабаб бугун кўрган, кўнглимни хижил қилган туш ҳикматини англадим ва… чин дилдан қилинган дуолар беиз кетмаслигига амин бўлдим. Савбон р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. айтадилар: «Умрни фақат яхшилик узайтиради. Қадарни фақат дуо қайтаради. Инсон ўзи қиладиган гуноҳ туфайли ризқдан маҳрум бўлади» (Ибн Можа ривоти).
Бошқача бўлиши мумкин эди. Қазойи қадаримда нима ёзилгани Аллоҳга аён, аммо букун Аллоҳ дуойимни қабул этганди. Шу топда умрнинг нечоғли ғанимат эканини билдим. Умринг қачон тугаши ҳақида ўйламай илож йўқ. Лекин инсон солиҳ амал ва савобли ишларни кўпроқ қилиб олиш, охиратга етарли сармоя билан бориш учун узоқроқ яшагиси келаркан. Аллоҳим менга яна имконият берди — омонат умр муддатидан тўғри фойдаланишга, номаи аъмолимни эзгу амаллар билан тўлдиришга ва Ўзининг ҳузурига ёруғ юз билан боришга…
Алҳамдулиллаҳ!

ЗЕБУННИСО

Бирни кўриб фикр қил…

 

 

 

Шифохонада эканман, бир қизнинг аҳволи мени ларзага солди. Ўн гулидан бир гули очилмаган, ўн саккиз ёшлардаги бу қиз оғир хасталикка чалинганди.
Касаллиги инсонларга ибрат бўларли эди. Бечора қиз оғиз ракига чалинган, тупук безлари қуриб, ишдан чиққанди. Нам бўлмаганлиги сабабли оғзи қуриб, парча-парча бўлиб ёрилиб кетган, лабларида ҳам қон қотиб қолганди. Оғзи очилмас, тили айланмас, ютинолмасди.
Эй Аллоҳим! Бу нечук даҳшат, нечук ибратли бир аҳволки, ҳамма ижирғанадиган, туфлаб ташлайдиган тупук бечора қиз учун нодир-ноёб неъматга айланса!
Отаси бадавлат киши экан. Унинг фарёдларини ҳеч унутолмайман:
—Мадад бер, Аллоҳим! Бизларга ёрдам қил… Ожиз қолдик. Бир туфлам тупукка зор бўлиб қолдик. Уни тополмайман, сотиб ололмайман. Давлатим, кучим бунга етмайди. Мил-мил мол-мулким қизимга бир туфлам тупук олишга етмайди! — дея ёлворарди.
Аллоҳим! Бизга мамад бер. Сен бизларга чексиз неъматлар ато этгансан. Аммо биз буларни билмаймиз, қадрига етмаймиз. Фақат уларни йўқотгачгина тушуниб етамиз.
Яратган ҳар бир нарсанг бебаҳо ва қадрлики, бир туфлам тупукни сотиб олишга қурбимиз етмаяпти.
…Нақадар даҳшатли ҳолат эди.
Аллоҳим! Сен нималарга қодирсан-а! Нелар ато этгансан-а биз қадр билмасларга!
Бизни чорасиз, умидсиз қолдирма…

«Ўзини қидирган аёл» китобидан 

 

 

 

“Отамга оқ бўлганман”

Мактабни тамомлаганимдан кейин ота-онамни аранг кўндириб, пойтахтга ўқишга кириш учун ҳужжат кўтариб бордим. Ўқувчилик йилларимда фанлардан яхши ўзлаштирар, фан олимпиадаларида фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллардим. Оиламизда ўқимишли кишилар йўқ эди. Ота-онамнинг сочини деҳқончилик оқартирган. Шу сабаб ҳам аввалига менинг ўқишимга қаршилик қилишган бўлишса, икки ўқитувчимиз орага тушганидан сўнг, “майли,биз ўқимадик, умримиз  офтобда, чанг тўзон, ғор-ёмғирда ўтиб кетди. Ака-опаларининг ўқишга иштиёқи йўқ эди, ўқимади. Энди кенжа қизимиз ўқисин” деб менга оқ фотиҳа беришди.
Кириш имтиҳонларида тўплаган балим тўлов-шартнома асосида ўқишга етди. Отам контракт пулини ҳам тўлайдиган бўлди. Мен пойтахтнинг энг нуфузли ўқув даргоҳларидан бирининг филология факултетига ўқишга қабул қилиндим. Мендан бахтиёр, мендан шод инсон йўқ эди ўша кезларда.
Ўқишни муваффақиятли тамомлаб, олий маълумот билан қишлоғимга қайтишни, ўзим ўқиган мактабда ўқувчиларга ўзим севган фан сабоқларини ўргатишни астойдил ният қилган эдими. Аммо бир қалтис қадамими, ўйламай қилган ишим туфайли юзим шувит, орзуларим ерпарчин бўлиб турибди.
Биринчи курсни тугатиш арафасидалигимда қашқадарёлик бир йигит билан танишиб қолдим. У физика-математика факултетининг 4-курсида ўқиркан. Илҳом исмли бу йигит билан шунчаки танишувимиз муҳаббатга айланиб қолиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди. Ёзги таътилда телефон орғали гаплашиб турдик. Бир куни бизнинг шаҳарга келди. Учрашдик. Ўшанда у мени севишини, совчи юбориб ота-онамнинг розилигини олиб менга уйланишини айтди. Гарчи отам узоққа беришга  кўзим етмаса-да, унинг изҳорларидан кўнглим кўтарилиб, севгисини қабул қилдим.
Таътил тугаб ўқишга борсам Илҳом магистратурага кирибди. Уни кўриб бошим кўкка етди. Учрашиб юрдик. Кунларимиз эҳтиросли, ширин суҳбатларга бой ўтар, бир-биримизни еру кўкка ишонмасдик. Шундай кунларнинг бирида Илҳом ота-онаси уни уйлантириш ҳаракатига тушиб қолганини айтиб қолди. Мен ҳақимда ота-онасига айтиб, уларнинг розилигин олибди.
— Уйингга совчи юбораман. Ўқишинг ҳеч гапмас, тўйдан кейин ҳам ўқийсан. Агар тўйни чўзаверсак уйдагилар мени бошқасига уйлантириб қўйиши мумкин. Дарҳол онангга телефон қилиб айт, шанба куни  совчилар боради. Иложи бўлса биринчи мартада розиликка ишора беришсин, - деди менга.
Илҳомга нима дейишни билмасдим. Бир томонда кўнглим уни севаман, келгусида мени тушунадиган, ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган инсон сифатида фақат Илҳомни кўра оламан. Яна бир томони отамга “ўқишни тугатиб диплом билан келаман ва сиз айтган одамга турмушга чиқаман ”, деб ваъда бериб ўқишга келганман. Қолаверса, дадам икки дунёда ҳам узоққа узатилишимга кўнмайди. Севгилимга нима деб жавоб беришни билмасдим...
— Мен бир телефон қилиб айтаман, лекин... Илҳом ака бироз шошилмаяпмизми?.. -Тишларимнинг орасидан шу гап сирғалиб чиқди.
...Совчилар уч маротаба боришди. Учинчи бора “ёшлар аҳду паймон қилишган экан” деган гапни қистириб ўтишган экан, дадам қаҳр отига минибди. Совчилар кейинги гал ҳам қуруқ қайтишганидан кейин Илҳом ака билан айрилиғимиз муқаррар бўлиб қолди.
— Олдимизда иккита йўл бор, — бир кунги учрашувимизда йиғидан шишган кўзларимни силаб гап бошлади Илҳом ака. - Ё мен билан қочиб кетасан ёки... Шундан кейин даданг ҳеч иложи йўқ кўнади.
Аввалига унамадим. Кейин ёшлик қилдимми, эҳтиросларим ақлим кўзларига парда тортиб қўйдими гуноҳга қўл урганимни билмай қолдим...
Орадан бир ойча муддат ўтиб Илҳомнинг совчилари яна эшигимизни тақиллатишди, бу сафар севгилим иккимиз тузган режа бўйича  мен ҳам ўша ерда эдим. Дадам совчиларни кўриб тутақиб кетди. Яна рад жавоби. Мен онамни ҳамма гапдан хабардор қилишим керак эди, аммо айтолмадим. Юзим чидамади. Лекин мендан олдин Илҳом аканинг аялари онамга шипшитиб қўйган эканлар... Ўша машъум дақиқаларни эслашни ҳам хоҳламайман... Дадам алам устида мени оқ қилди ва уйдан қувиб юборди.
...Ҳозир ота-онамдан узоқда яшаяпман. Илҳом акам икковимизнинг  бахтимизни бутун ғилиб турган жажжигина ўғилчамиз бор. Аммо отаси оқ қилган қизнинг бахти бардавом бўлмаслиги ҳақида эшитиб қолдим. Кўнглимдаги яқинларимга бўлган чексиз соғинч қайғуси ва ўзим эшитган бу гапнинг залвори мени хаста қилиб қўйди. Ҳозир касалхонада даволаняпман. Эрим ва яқинлари мени бир зумга ёлғиз қолдиришмайди. Лекин ҳеч бири ота-она меҳричалик бўлолмас экан. Уларнинг қайноқ бағрини, меҳрини қаттиқ қўмсаяпман. Азизлар, менга маслаҳат беринг, ота онамнинг хоки пойини қандай тавоф қилай? Нима қилиб уларга узримни тушунтирай? Менга тўғри йўл кўрсатинг, илтимос...  

Фарзона оққа кўчирди

Ҳозир сайтимизда 59 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ