1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

“Тиш ёриб бировга нолима”

Дилноза нохуш ҳиссиётлар исканжасидан бироз чалғишга уриниб, иш столи устида ётган журнални варақлашга тутинди. Кўзи саҳифалар аро сайр қилаётган  бўлса-да, ўқиётган сатрларини англамас, хаёлида қайнонаси айтган совуқ гап қайта-қайта чалинаверди. Беихтиёр хўрлиги келиб, кўзлари ёшланди. Қандоқ қиз эди-я, сочининг ҳар бир толасида бир йигитнинг ишқи бор эди. Онасининг тоби бўлмагани учун кичкиналигидан рўзғор юмушларига кўмилиб кетди. Улғайиб, бўйга етгунча пазандаю чеварликда шунчалик уста бўлиб кетдики, маҳалланинг манаман деган кайвони аёллари ҳам ундан ўтолмай қолишарди. Аммо у фақат шу билангина чекланиб қолмади. Болалигидан ҳамшираликка қизиқарди. Ўқиб, бу касбни ҳам эгаллади. Кейин эса... Отасининг юзидан ўтолмай, Бухородаги аммасига келин бўлди. Ота-онаси, ука-сингилларининг соғинчини бағрига босганича Бухоронинг водийлик келини бўлиб юрибди. У келинлик ҳаётини мутлақо бошқача тасаввур этганди. Ўзидан олдинроқ узатилган дугоналари қайнонасининг зуғумларидан зорланса, у “Аммамга келин бўляпман, мен бунақанги тазйиқларни кўрмайман”, деб ўйларди. Лекин хаёл бошқа, ҳаёт бошқалигини турмушнинг дастлабки кунлариданоқ англаб етди. Унинг қайнонаси дугоналариникидан ўтса ўтардики, асло кам эмас. Бунинг устига негадир бўйида бўлмаяпти, аммаси эса буни кунда кунора юзига калтак қилгани қилган. 
Дилноза юзларини намлаган кўз ёшларини дастрўмоли билан артаркан кўзи қўл телефонига тушиб, бир зум ўйлари равшанлашди. Яқин дугонаси Одинага қўнғироқ қилмоқчи бўлди. Анчадан бери дардлашмабди, болалик ўртоғига ҳасрат дафтарини очиб, бироз енгиллаб олади. Иккинчи чақириққа етиб-етмай гўшакдан Одинанинг хушчақчақ овози эшитилди:
— Дилноз, бормисан?!
— Ассалому алайкум, Одина, саломатмисан?
— Ваалайкум ассалом, Худога шукр, омон-эсон юрибмиз. Ўзинг тузукмисан, поччам, қайнона-қайнотанг яхши юришибдими?
— Шукр. Ўзинглар тузукмисизлар, амаким, келинойим, болаларинг яхшими? Бизникилар яхши юришибдими? - Бўлмади. Охирги гапи оғзидан чиқишга улгурмай ҳўнграб йиғлаб юборди.
— Тинчликми, Дилноза?! - Дугонасининг йиғисини эшитиб Одинанинг капалаги учиб кетди.
— Одина, сиқилиб кетдим бу ерда. Ўзимизнинг Фарғонани соғиндим. Сизлар билан бирга юргим келяпти. Бу ерларга ўрганиб кетолмаяпман...
— Жиннивой-ей, бунақанги бемаъни гапларни қаердан ўргандинг?! Борган еринг бегона эмас-ку сенга.
— Э, аслида шу ўзингникининг қилгани ёмон экан. Одинажон, Худо кечирсину, яшашдан ҳам чарчаб кетаман баъзида...
— Тавба дегин-е! Эсингни еб қўйибсан! Ҳали мен сени ўзим таниган-билган, қизларнинг орасида энг оқиласи деб юрибман-а?! Менга қара, Дилноз, ношукр бўлма.
— Сен мен бошимдан ўтказаётган кунларни билмайсан-да, Одина. Хабаринг бор, тўйимизга ҳам яқинда бир йил тўлади. Ҳалигача бўйимда бўлмаяпти. Ўзим эзилиб юрганим етмаганидай, кунда қайнонамнинг зардаю кесатиқлари, таънаю маломатлари юрагимни тешиб ўтади...
— Дилижон, яна айтаман, ношукрлик қиляпсан. Бу дунёда келинини тергамайдиган қайнона борми? Бугун гапиради, эртага тинчийди. Сен унга қайнонанг ё амманг сифатида эмас, она сифатида қараб кўр. Оналар ҳеч қачон фарзандига ёмонликни раво кўришмайди. Ҳа энди, бола масаласига келсак, фарзандни берадиган Худо. Чин ихлос билан сўрасанг, албатта беради. Кейин бир йиллик турмушда бола бўлмаса, энди туғмайди, дегани эмас-ку! Элдан бурун тушкунликка тушишинг яхши эмас.
— Қайнонам икки гапининг бирида, “Шу ерларда қиз қуриб қолганидек, ўша ёқлардан келин олибман. Буни опкелишга қанча пулим сарфланди, энди табибу дўхтирларга чопаманми?! Акамнинг қизи, деб ўғлимнинг ҳаётини барбод қилдим”, деб аюҳаннос солади. Ўзим ҳам шифокорга кўриндим, соппа соғ эканман. Фозилжон акамда ҳам ҳеч қандай касаллик аломатлари йўқ экан. Ўзимча, қариндош бўлганимиз учун шундай бўляптими, деган хаёлларга ҳам бораман. Хуллас, бошим қотган.
— Дилноза, эрингни яхши кўрасанми? - Одина дугонасининг гапларини бироз мушоҳада қилгач, аста сўради.
— Севаман! - Дилноза қатъий жавоб қилди. - Фозилжон акам ҳаётимнинг қуёши.
— Ундай бўлса, ҳамма нарсага сабр билан чидаб, Худодан астойдил бахтингни сўрайсан.
— Қайнонам тинчимизни бузгани бузган. Худди мен кўчада қолгандек, қачон қараманг, келин қилганини миннат қилади. Нима, мен унинг ўғли билан кўча-кўйда етаклашиб юрганмидим?! Дадамнинг сўзларини икки қилолмай тегдим аммамнинг ўғлига. Турмуш қурганимиздан кейин Фозил акамга боғланиб қолдим. Энди бошимга тушаётган кўргуликларни қара...
— Дилноза, - Одина жиддий тортди. - Дугонажон, сенга нима десам ҳам гап топиб беряпсан. Кел масалани тескари томонидан қараб келайлик. Хўш, қайнонанг ёмон экан. Энди нима қилмоқчисан? Ажрашмоқчимисан? Ундан яхшисига учрайман, деб ўйлайсанми? Қайси турмуши бузилган эркак ё аёл яхшисига йўлиққан?! Дугонажон, қайнонангдан нолима. Аяжоним, юк кўтарган юзага чиқади, дейдилар. Нигина опамни биласан-а? Икки бола билан эрдан чиқиб келган қайнэгачиси ўн етти ёшида узатилган опам бояқишни одам ўрнида кўрмасди. Камига қайнонаси, аягинамнинг бир оёқлари сал калталигини маломат қилгани қилган эди. - Одина томоғига қадалган аламни  ютиниб гапида давом этди, - Опам ўн етти яшар ғўр қизалоқ эди, аммо эр уйида бошидан ўтказиб юрган кунларини мендан бошқага билдирмасди. Чидади. Сабр қилди. Охири ўша уйнинг якка маликаси бўлди. Қайнэгачисиям остонада ёпишиб қолмади. Кимларгадир керак экан, унга ҳам жуфт топилди. Қайнсингиллари ҳам узатилди. Ҳайҳотдек ҳовлида опам, эри, болаларию ўша қайнонаси билан қолди. Энди қайнонаси ҳам олдингидек Нигинага наштар санчмайди. Энди у опамни “ҳой” деб эмас, “Қизим, жон болам” деб атайди. Билсанг дугонажон, кечира олиш ҳам бир бахт экан, опам касал қайнонасининг ёнидан жилмайди. Туну кун хизматига шай. Қайнонаси нуқул кўзида ёш билан опамдан кечирим сўрар экан. Дилноз, сен кечагина қўғирчоқ ўйнаб юрган қизалоқ эмас, йигирма беш ёшли оқ -қорани, яхши-ёмонни таниган, ақлли жувонсан. Яна айтадиган гапим сабр, сабр, сабр қил. Арзимаган нохушликлардан фожиа ясаб, ўзингни ҳам, яқинларингни ҳам ташвишга қўйма.
Дилноза дугонасининг гапларини эшитиб, анча енгил тортди. Чиндан ҳам дугонаси ҳақ. Қайнонасидан нолигани билан биров аммасига, “келинингга ундай дема, бундай де” дермиди? Ўзи ёмон отлиқ, ғийбатчи келинга айланади. Топган фойдаси шу. Шу топда дугонасини шунчалар яхши кўриб кетдики, агар ёнида бўлса, борми, бор кучи билан бағрига тортган бўларди.
— Одина, бахтимга  бор бўл, мени анча ўзгартирдинг.
— Мен баландпарвоз гапларни гапирмадим, бор ҳақиқатни айтдим. Сенингча мени қайнонам бошига кўтарадими? Менда ҳам бир дунё муаммо, гап-сўз. Лекин тиш ёриб бировга нолимайман. Чунки дардимнинг достонини эшитган одам ҳам аввало ўзимни айблайди. Дугонажон, аёл-матонат дегани. Бесабрлик қилиб ўзингни бахтдан узоқлаштирма.
— Одина, яхшиям сен борсан...
— Омон бўл, унақа ношукрлик қилиб йиғлаб юрма.
— Раҳмат, дугонажон! Саломат бўл, сўраганларга салом деб ғўй. Яна бир бор сендан миннатдорман.
— Худо ёр бўлсин. Тез-тез қўнғироқ қилиб тур.
Дилноза дугонаси билан хайрлашиб, уяли алоқа воситасини ўчираркан, руҳида анчайин енгилликни ҳис қилди. Кейин эса хаёлига келган фикрдан дили яйраб, мийиғида кулиб қўйди: “Муҳаббат ҳамиша ғолиб. Севган одам севиклисини бахтиёр кўриш учун ҳар нарсага тайёр туриши керак. Мен севгилим, Фозил акам учун нима қилдим?! Нега энди шундай бахтимга иддао қилишим керак?! Одинанинг гаплари тўғри. Юрагимда ёнган муҳаббат оловини ўзим ўчиришим гуноҳи азим...”
Кейин иш вақти тугашига ҳали вақт бўлса-да, сумкасини қўлига илиб, уйига шошилди...

Рухшона ФАРРУХ

Асли зотингга тортасан...

Кўҳна манбаларда келтирилишича, Хуросон вилоятида оқил ва донишманд бир савдогар хусну малоқатда танқо, суюкли аёли билан бахтиёр кун кечирарди. Унинг асосий вақти сафарда, савдо-сотиқда ўтарди. Кунларнинг бирида сафар учун ҳозирлаган молларни туяларига юклаб, ёнида бир хизматкорини олиб, яна савдо сафарига отланди. Аёли эшик олдида кўзида ёш билан кузатиб қолди.

Мен ҳаммасини енгдим

Бу воқеани ёзишимга сабаб ким учундир ибрат бўлсин, ҳар ким ўзига керакли хулоса чиқарсин деган ниятда ёзишга жазм этдим. Дугонамнинг ҳаётидаги воқеалар балки ён-атрофимизда бизга таниш бўлган инсонларнинг ҳаётига ўхшаш бўлиши мумкин.

Инсон сўзининг маъноси аслида унутувчи, кўникувчи маъносини билдирар экан. Ҳақиқатан ҳам ҳаётимизда шундай воқеалар рўй берадики, бунга кўникмай иложимиз ҳам йўқ. Инсон зоти вақт ўтган сайин ҳамма нарсага кўникиб, мослашиб ҳам кетади. Аслида вақт ҳамма нарсани ўз измига сола олади, бўлган воқеалар унутилади, яна ҳаёт бир зайлда давом этади.

Бахт формуласи ёхуд тақдир ҳикмати

Дунёда бахтли бўлишни хоҳламаган киши йўқ экани ҳаммага маълум. Ҳамма ўша ўзи хоҳлаган бахт сари интилади ва уни турли жойлардан қидиради. Шунинг учун бўлса керак “Бахт формуласи” деган атама ҳозирда жуда кўп ишлатиляпти ва унга ҳамма ўз тушунчасига яраша фикрлар билдирмоқда. Сиз нима деб ўйлайсиз, “Бахт формуласи” нима ўзи? Бунинг аниқ ва қатъий жавоби борми?

Жиноят кўчасидаги аёл

«Инсон ўта қашшоқлиги, ёки ўта бойлиги учун жиноят содир қилади», деган эди буюклардан бири. Агар ушбу фаласафани мулоҳаза этмоқчи бўлсак, эркакка нисбатан аёл кишининг жиноятга анча мойиллигини англагандай бўламиз. Айни мулоҳаза сабабидан, бугун жиноят оламида аёлларнинг ўрни хусусида мушоҳада қиламиз.

Бир ҳуқушунос-руҳшуносдан аёллар нега, қандай қилиб жиноят оламига тушиб қолишини, қандай сабаб уларни бу қора йўлга бошлаши мумкинлигини сўраганимда, суҳбатдошим ҳеч ўйланмай, моддий тўкинлик, фаровон ҳаётга интилиш, деб жавоб берди. Мен шу борада аёлларнинг қандай жиноят тури билан кўпроқ айбланишига ҳам қизиқдим. Биз нафосат ва назокат тимсоли деб билган аёллар, товламачилик, наркотик моддалар контрабандаси, ўғрилик ва фоҳишалик билан кўпроқ айбланишини билиб олдим. Жиноят турларига қараганда, аёллар юқорида таъкидланганидек, яхши яшашга, тўкин ва бой ҳаётга интилган ҳолда жиноятга қадам қўйишар экан. Шу билан бирга, ҳозирги пайтда турли жиноий тўдалар ўз жиноий қилмишларини аёллар орқали ҳам амалга оширилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Худди ана шундай алдов қурбони бўлган З. исмли аёл биз билан бўлган суҳбатда шундай дейди:

— Одам боласини пул, моддий манфаат орқали йўлдан уриш- энг осон йўл экан. Мен ана шундай бадбинлик қурбони бўлиб, бугун ҳам аёллик шаънимдан, ҳам оилам, болаларимдан айрилиб панжара ортида кун санаяпман. Турмуш ўртоғим хорижга ишлагани кетган эди. Ўзим мактабда фаррошлик қилардим. Эрим аввалига пул жўнатиб турди-ю беш-олти ойдан кейин дараги бўлмай қолди. Уч боланинг еб-ичиши, кийим-кечаги бўйнимда, бунинг устига рўзғорнинг ташвишлари... Шу орада кўринишидан бойвачча хонимга ўхшаб кетадиган бир аёл билан танишдим. Менинг жиноят оламига кириб келишим, ҳаётимнинг издан чиқиб кетишига ўша малъуна сабабчи. Унинг таклифи билан қўшни республикадан наркотик моддалар олиб ўтиб, уни хорижга етказишим керак эди. Бошида бироз чўчидим. Хизмат ҳақим эвазиига мўмайгина пул тутқазгандан кейин... ... Мен ўттиз бешга кириб ҳали унча миқдорда пул ушлаб кўрмагандим. Биринчи марта ишни хамирдан қил суғургандек ҳал қилдим. Кейинги сафар эса ҳуқуқ- тартибот ходимлари мени қўлга олишди... Қамалганимдан кейин эрим хориждан келибди. Айтишича у жуда кўп пул билан келибди. Менга, «Сендан нафратланаман! Пулга муҳтожлик сезиб жиноят қилган аёлдан бошқа номаъқулчиликлар ҳам чиқади. Балким, пул учун фоҳишалик ҳам қилгандирсан. Энди мендан ҳам, болалардан ҳам умидингини уз! Сен учун йўқмиз!»деди. Ҳатто мени оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун ҳам даъво иши қўзғабди. Гуноҳимга пушаймон эканимни, болаларимдан, турмушимдан ажралишни истамаслигимни эримга тушунтиролмаяпман. Бу ерлардан эсон-омон чиқиш насиб қилса, ҳалол меҳнат билан Аллоҳ берган ризқни топиб ейишга ваъда бераман. Фақат оилам, эрим мени тўғри тушунса, болаларим нафратланмаса бўлгани...

Аёл билан суҳбатимиздан кейин анча кунгача ўзимга келолмай юрдим. Аёл адашибди, билиб билмай, нафс домига илинибди — жиноятга қўл урибди. Энди уни жамиятдан ажратиб ташлаш, оиласи, фарзандларидан ажратиш инсофданмикин?! Аёл бошига уч фарзанд билан бутун бошли рўзғорни ташлаб, хорижга чиқиб кетган эркак, оила, шаън, ор, фарзанд тақдири деган нарсалар ҳақида энди бош қотирибдими?! Аслида, аёлни эмас, ўша эркакни— хотинини жиноят қилишгача олиб борган йўлни ташкил этган ўша бебурдни жавобгарликка тортиш керак эмасми? Аёл, она нимаики қилса, аввало фарзандини, унинг кўнгли ўксимаслигини кўзлаб қилади. Шайтон қонига ўрнашиб, йўлдан оздирганида жиноят кўчасидаги аёлнинг ақл кўзларига парда тортилади.

Инсон ёмон бўлиб туғилмайди, дейишади. Шунингдек, ҳеч бир шахс ўз-ўзидан жиноятчи бўлиб қолмайди. Унга атроф-муҳит таъсири, яқинларининг муносабати ваҳоказо ваҳоказолар сабаб бўлмоғи аниқ. Тўғри, биз аёлларнинг моддий етишмовчилик важидан жиноят қилишига, жумладан зинокорлик қилишига мутлақо қаршимиз! Вақтики, уруш йилларида бир бурда нон, бир қошиқ оби ёвғонга зор бўлган кезларда ҳам халқимизнинг аёллари кўчага чиқиб кетмади, жиноятга қўл урмаган. Аслида, ҳеч қандай етишмовчилик, кемтиклик ёмон ишларга сабаб бўлолмайди. Инсон хоҳ аёлдир, хоҳ эркакдир иродали, сабрли, бардошли бўлиши керак. Шу билан бирга ота-оналар, қавм-қариндошлар ҳам фарзанд, яъни қизлар тақдирига бирдек масъулдирлар. Айниқса, қиз болага меҳр бериш, уни асраб-авайлаш- ҳамманинг бурчи. Зеро, саҳиҳ ҳадисларнинг бирида «Фарзандларингизга бир хил муомалада бўлинглар, агар улардан бирортасини устун қўйиш керак бўлса, қизларингизга кўпроқ аҳамиятли бўлинг», деб хитоб қилинган. Чиндан-да, қиз бола, аёл киши ҳимояга, меҳр-муҳаббатга ҳамиша муҳтож бўлади. Кимдир унга ғамхўр бўлмаса, бошини силаб, тўғри йўлга солмаса, бегоналардан «меҳр» излайди, кутади. У «меҳр» аёлни зинога бошлайди, фоҳишаликка ундайди. Бу эса-ҳам давлат олдида, ҳам жамият олдида улкан ЖИНОЯТ саналади.

Форс-тожик адабиётининг буюк намоёндаси Рудакий: «Қайси бир миллатни яксон қилмоқчи бўлсангиз, уларнинг қизларини - бўлажак оналарини тарбиядан чиқаринг. Қайси бир миллатни юксалтирмоқчи бўлсангиз, унинг қизларини - бўлажак оналарини чиройли тарбияга, гўзал ахлоққа ўргатинг», деганида нечоғли ҳақ эди.

Ўзбек миллати дунёга не-не даҳолару буюкларни етказиб бергани— бизнинг фахру ифтихоримиз. Шундай экан, қизларимизга , аёлларимизга жиноят қилиш, қора кийим кийиб, пушаймонликдан бошлари эгилиши эмас, гўзал хулқ ва одобли, билимли, соғлом фарзандлари билан жамиятимиз ва давлатимиз ривожига ҳисса қўшиш саодати насиб этсин.

Умида АЗИЗ

Тақдирга ўқилган жаноза

 

 

 

Ҳурриятхон ичкари хонадан эрининг қаттиқ овозда гапираётганини эшитиб, ичидан зил кетди: “Оббо, яна Иродахонни хафа қиляптиларми? Кўп айтдим-а, кўнглини оғритаверманг, Худога хуш ёқмайди деб. Яна ўз билганидан қолмайди бу эркак...”
Ҳурриятхон ичкарига кириш- кирмасликни ҳам билмай коридорда бир муддат туриб қолди. Бироз кейин эрининг овози аввалгидан қаттиқроқ эшитилганди, чидай олмай ичкарига отилиб кирди:
— Дадаси, бу нима қилганингиз? Эмизикли боласи бор аёлни калтаклаяпсизми?!
Жамол қаҳр билан хотинига қаради:
— Сен аралашма! Тушундингми, сен аралашма! Бу қизни сен эркалатдинг, онанг эркалатди. Сени ўгай она деяпти бу, тушуняпсанми?! Сен бунга ўгайлик қилиб нима қилган экансан?!
Ҳурриятхон ўгай қизига ҳайрон тикилди:
— Сизни хафа қилганмидим, қизим?.. Мендан бирор хатолик ўтганмиди? — Аёлнинг овози титраб кўзларига ёш келди.
— Йўқ. Ҳозир кино кўраётгандик, ўгай онани  кўрсатди. Мен худди аямга ўхшаркан, дедим. Шунга дадамнинг жаҳллари чиқди.
 Ўгай қизи шундай деб бурнини бир тортиб қўйди-ю, отасидан ҳам хижолат тортмай кўкрагини ёқасидан чиқариб боласини эмиза бошлади. Ҳурриятхон ўгай қизининг бунақанги қилиқларидан эрининг олдида хижолат чекавериб кўникиб ҳам қолди. “Она тарбиясини ҳам, ота тарбиясини ҳам кўрмаган-да, бояқиш... Энди буни тарбиялаш мушкул... Яна шу ҳолида туғиб ҳам олди. Ўзи одоб, тарбия кўрмаган она боласини қандай тарбиялаши мумкин-а?..”
Ҳурриятхон Иродахоннинг кўкрагини мазза қилиб сўраётган оппоқ, дўмбоққина болакайнинг юмуқ кўзчаларига “қўриқчи”лик  қилаётган узун-узун киприкларига термулиб меҳри яна ошиб кетди. “Дадасининг ҳам неварасига меҳри тушиб қолган. Болачаси чиндан ҳам суйгулик-да, кўз тегмасин, бало-қазолардан асрасин...”
— Боланинг қорнини тўйдириб, менга беринг. Яхшилаб чўмилтириб, дадангизга бераман. Бугун кун бўйи соғингандир...
 Жувон уйқусираган кўзларини телевизордан узмай, боши билан тасдиқ маъносини кўрсатди.
Ҳурриятхон ўн етти ёшида узатилганди. Отаси уни сўраб келган биринчи совчиларгаёқ розилик беришини онасига уқтираётганда, орзулари бир олам, ўқишни, опасига ўхшаб пойтахтда қолиб ишлашни, худди унингдек ўзига муносиб, кўнгил қўйган кишиси билан турмуш қуришни кўнглининг туб-тубида ният қиладиган Ҳурриятхон эшик олдида шундай гапни эшитиб қолди:
— Мухторжон аканинг ўғлидан сўраб келган совчиларга розилик бераман. Тайёргарлигингни кўравер! - Онаизор бу буйруққа қўрқа-писа эътироз билдирган бўлди:
— Вой ўлмасам... Ҳалитдан-а?.. Қизингиз ўқимоқчи эди-я...
— Э, шу ўқийди деган гапни гапирма менга! Биттаси ўқийман, деб нима қилди?! Аллақаёқдаги таг-туги номаълум бир йигитга тегиб кетди. Энди бу қизингни ҳам шунақа бебошлик қилишига йўл қўйиб бермоқчимисан?!
— Унақа деманг, дадаси. Куёвингиз ўқимишли,  ўз юртида обрў-нуфузга эга бўлган одамлар. Қизингиз бахтли, хотиржам. Ношукрчилик ёмон. Болаларимиз юзимизни ерга қаратадиган иш қилишмайди, Худо хоҳласа...
Онанинг астойидил ранжиди.
— Ўқиган жойидан эр топган қизингни орқасидан мақтаняпсанми?! Хуллас, гап тамом. Биринчи келишларида нон синдирсак, келаси ҳафталарга унаштирувни ўтказамиз. Бир-икки ой ичида тўйни ҳам ўтказиб, хотиржам бўлиб оламиз.
Ҳурриятхон йиғлади, онасига аччиқ қилди, опасига ёлворди, бу ишлардан ҳеч натижа чиқмаслигига ақли етгач, тақдирига тан берди.
Тўй бўлиб ўтди. Куёв деганлари Ҳурриятхондан ўн ёш катта экан. Тўйдан бир ҳафта ўтгач, куёв хайр-хўшни ҳам нася қилиб кетиб қолди. Аввалига қудалар, «ўғлимиз иш билан Қирғизистонга кетган, яқин орада келади» деб юришди, бир ойга чўзилган «яқин ора»да куёв эмас, ундан бир энликкина хат келди: «Мен бормайман. Уйдагини жавобини беринглар. Мен жавобини берганман». Ўн етти ёшли келинчак бу хатдан хабар топиб, қанот чиқариб уйига учди:
— Аяжон, у келмас экан, энди ўқишга борсам майлими?
 Икки қудалар қирпичоқ бўлиб жанжаллашгани ҳам, онасининг кўз ёшлари, отасининг абгор аҳволи ҳам Ҳурриятхонга бир ҳафтагина келин бўлиб, бахт туймагани, айни очилиб-яшнайдиган пайтида орзу ғунчалари хазон бўлганини уқтиролмади. У хурсанд эди. У ниҳоятда бахтиёр эди.  Хурсандлигидан дунёларга сиғмай ҳужжатларини қўлтиқлаб Тошкентга — опасиникига йўл олди.  Хосиятхон синглисининг тақдиридан ўкиниб, қийналса-да, унга билдирмай кириш имтиҳонларига яхши тайёрланиши учун имконият яратиб берди. Йўл-йўриқ кўрсатиб, ёрдамлашиб турди. Ҳурриятхоннинг астойдил қилган нияти ҳаққи омад ҳам уни қўллади. Кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликкка қабул қилинди.
Талабалик, йиллар сабоғи қизни улғайтириш баробарида кўнглига ҳазинлик, андуҳ қўндириб борарди. У ўн етти ёшида ота-онасининг шошма-шошарлиги оқибатида ҳаёти хазон бўлганини, бошқа дугоналари каби энди орзу-ҳавасларда оқ либос кийиб, чиройли гўшангаларда келин бўлолмаслигини ўйлаб эзилар, айниқса, турмушга чиқаётган дугоналарининг тўйларига бориб келганидан кейин бир ҳафта, ўн кун ўзи билан ўзи овора бўлиб, ҳеч ким билан гаплашмай юрадиган бўлди. 
Синглисининг изтиробларидан хабардор опа унга таскин беришни истар, аммо бир оғиз гап билан шундоқ ҳам тушкун жигарининг кўнглини чўктиришдан чўчирди.
— Била-туриб ҳаётимга тажовуз қилишган экан, опа. Нега бировни урган, ўлдирган жиноятчиларга, йўл ҳаракати қоидасини бузиш оқибатида бехосдан кимгадир зиён етказган, умрига зомин бўлганларга жавобгарлик бору, она сути оғзидан кетмаган гўдакнинг ҳаётига тажовуз қилган, тўй-томошаю карнай-сурнай билан орзуларига, бахтига, тақдирига жаноза ўқиганларга жавобгарлик йўқ, опа?!. — деб ўкинганди бир куни Ҳурриятхон. Опа жавоб беролмади. Ҳўнграб йиғлаб юбормаслик учун лабларини тишлаб, ёшли кўзларини четга бурганди. Ҳаммалари — опаси ҳам, акаси, ота-онаси ҳам Ҳурриятхоннинг олдида ўзларини айбдор сезишар, иложи борича сингилларининг кўнглини ўкситмасликка, унга қарши сўз айтмасликка уринишади. Бу ҳам қизнинг  кўнглига қайғу солади: уни деб яқинлари азобда, гуноҳкорлик ҳиссидан қийналишяпти.
Жамол билан танишуви ҳақида опаси орқали уйдагиларига билдирганда ҳам шу ҳолга дуч келди. Қизнинг дилини оғритмаслик учун улар ҳам кўнгилларида борини айтишдан тийилишди. «Сен бизнинг хатойимиз сабаб бир бора куйиб қолдинг, энди яшнашинг керак, бахтли бўлишинг лозим. Кўзингга қара, тағин адашиб қолма», дегани ҳеч ким ўзида куч тополмади.
Ҳурриятхон Жамол билан бир йилча учрашиб-синашиб юришди. Йигит аллақандай келишмовчиликлар сабаб, олти ойда турмушидан ажрашган экан. Хотинининг онасиникида кўзи ёриган, икки яшар қизчаси бор экан. Йигит ҳунарманд бўлиб, енгил ва юк машиналарни таъмирлайдиган устахонаси бор эди. Учрашувлар самараси — ёшлар ўртасида муҳаббат уйғонди ва бу туйғуларини никоҳ риштаси билан мустаҳкамлашга аҳд қилишди.
Жамол Ҳурриятхоннинг ниятларини рўёбга чиқариш ниятида қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам ихчамгина, аммо орзу-ҳавасликкина тўй қилди. Ҳурриятхоннинг яқинлари, қизларига бахт тилаб, тиниб-тинчишини астойдил истаб, келин-куёвни Тошкентга юборишди.
Турмуш — тўрт мушт, дейдилар. Хурриятхон билан эрининг орасидан ҳам ола мушук ўтган, гап талашиб, жанжаллашиб қолган кезлари ҳам бўлди. Аччиқ устида, алам устида бир-бирига ола қараган, бир-бирларидан аразлаган кезлари бўлди. Аммо Ҳурриятхон ҳар қандай ҳолатда ҳам эрига қарши сўз дейишдан, кўзига тик қарашдан тортинди.
— Сени севмасликнинг ҳеч иложи йўқ, сен на кундошликни, на ўгайликни биласан. Илтимос, мендан хафа бўлма, баъзан яхши кўрганимдан ҳам сени уришаман. Рашк қилганимдан ҳам қўл кўтараман, - дерди эри ҳар галги ярашувларда. Шундай аёл менинг жуфтим эканлигига ишонмаганимдан уришаман сен билан. Жанжалу аразларимизда ҳам муҳаббат яшайди.
Ҳурриятхон индамасди. Эридан хафа бўлганида ҳам қаттиқ ранжимасди, нафратланмасди. Севишини, уни еру кўкка ишонмаслигини ҳам биларди. Жамол Ҳурриятхоннинг қистови билан биринчи хотинига талоқ бермади.
— Рўзғордан файз-барака арийди. Битта бўлса ҳам фарзандингиз бор, касалманд экан, бошқа турмуш қилмайди. Ўзингиз ғамхўрлик қилсангиз, паноҳ бўлсангиз яхши.
 Ҳурриятхон кундошининг вафотидан кейин на тоғалариникига, на холалариникига сиғмаган ўгай қизини онасиникига олиб борди:
—  Ая, бизга қандай меҳрибон бўлган бўлсангиз, опа-сингилларим билан мени қандай тарбиялаган бўлсангиз, Иродахонга ҳам шундай муносабатда бўласиз. Қизимизни фақат сизга ишонаман.
Онаси Ҳурриятхон истаганидан-да зиёда қилиб ўгай неварасини парваришлади, ҳатто нафақа пулларини жамлаб, ортмаганига ўғилларидан пул сўраб, қўни-қўшниларидан қарз-қавола қилиб сеп-суруқ қилди, орзу -ҳавасини бадастир қилди. Гарчи куёви қаттиқ қаршилик қилиб, «оёқяланг қашшоқларга берадиган қизим йўқ. Мени қанақа одамларга тенг қиляпсан», деган бўлса-да, қизнинг кўнглини кўтарган, қийин кунларида парвона бўлган Ҳурриятхоннинг онаси бўлди. Иродахон фарзандли бўлгач, яна Ҳурриятхоннинг онасига Худо берди. Кунда кунора қизи билан куёвига қўнғироқ қилиб, бешик тўйини, маросимнинг ташвишларини эслатар, қўлига тушган уч-тўрт сўмни Иродахонга, куёв бола билан чақалоққа сарпою совға-салом қилар, ора-сирада қизига қўнғироқ қилиб, «болам, сен ҳам қизингга у-бу нарса қиляпсанми, лекин, ўгайлик қилсанг, сени кечирмайман», деб койиб ҳам қўярди.
Бешик тўйидан кўп ўтмай қайнонаси ўғлию невараси билан Иродахонни уйдан чиқариб юборди. Ҳурриятхоннинг онаси ўртага тушганди, қудағай:
— Кейинги ўғлимга келин туширишим керак. Келинпошшанинг дадалари қизлари билан куёвларига битта бошпана қилиб берар?! — деган иддаони рўпара қилди. Шундан бери Иродахон боласи билан отасиникида яшаяпти, эри қайнотасининг устахонасида туради. Ота-бола кунда тортишади, гап талашишади, Ҳурриятхон орага тушиб, Иродахоннинг ёнини олади. Қизига нимадир оладиган бўлса, аввал ўгай қизини эслайди. Эмизикли боласи бор, деб музлаткични тансиқ егуликларга тўлдириб қўяди.
Иродахоннинг ўгай она, деб қарагани аёлнинг кўксини ёндирди. Ётоқ чироғини ўчиришган бўлса-да, алламаҳалгача эр-хотиннинг кўзига уйқу инмади. Сўзсиз шифтга термулиб ётавериш жонига теккан Жамол оҳиста ўгирилиб, хотинига термулди:
— Аяси, ухламаяпсанми?..
— Уйқум келмаяпти....
— Хафа бўлдингми? - Жамол ёнбошлаб олди.
— Йўқ...
—Ундан ўпкалама. Онаси раҳматли ҳам шунақа бефаросат эди. Тилини эркин қўйиб ҳаммани хижолатга қўярди... Бу ўгай онага йўлиққмаган-да, Ҳури, агар ўгайлик кўрганида борми, сенинг оёғингни тавоф қиларди ўзиям...
— Оёғимни тавоф қилишнинг кераги йўқ, дадаси. Қадримга етишса, менга ўгай она, иккинчи хотин, деб қарашмаса бўлди. Энг оғриқли жойим — ўгайлигим ва иккинчилигимда...
—    Сен мен учун ягонасан... — Жамол Ҳурриятхонга мамнун тикилди.- Бунақа нарсаларни ўйлама. Сенинг тенгинг, ўхшашинг йўқ...- Ҳурриятхон енгил тин олди. Аёл эридан ўзи кутган жавобни олганди...

Рухшона ФАРРУХ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 89 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ