1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Бахтга етаклаган жиноят

Марҳабо опа  қизининг қарорини эшитиб, аввал донг қотиб қолди. Сўнг эс-ҳушини йиғиб,  худди биров эшитиб қолиб айбситадигандек. Секин товушда сўради:
-    Нималар деяпсан. Дилрабо?! Ўйлаб гапиряпсанми, болам?! Ахир...
-    Ҳа ойижон, дадамга айтинг, кўп чўзмасдан шу йигитга розилик бериб юборсинлар.- Қиз онасининг гапини охиригача тингламай жавобини берди.
-    Вой дод, мен шу ниятда қиз ўстирганмидим?! Эл-юрт ичида нима деган одам бўламан?! Одамлар, келиб-келиб қизини бир қамалиб чиққан йигитга берди, демак бир гапи бор экан-да, дейишмайдими?! Сен қиз ўйлаб гапиряпсанми?! Ўзинг покмисан ишқилиб?..- Онанинг сўнгги жумласи қизининг ҳамиятига тегиб, бўғилиб кетди:
-    Ойи дедим! Эрга тегадиган менми ё бошқаларми?! Ўша қамалиб чиққан йигитга мен тақдиримни ишоняпман-ку! Қолаверса, қамалиб чиққанларнинг ҳаммаси сиз ва бошқалар ўйлаганчалик ашаддий жиноятчи бўлмайди-ку. Мен ўшанга турмушга чиқишим керак, ойи. Биласизми, унинг ҳаётини мен шу куйга солганман, мен! Энди гуноҳимни ювишим керак...- Марҳбо опа қизининг йиғлаб айтган бу гапларидан ҳеч нимага тушунмаган бўлса-да, дағ-дағ титраб диванга ўтириб қолди. Дилрабо эса бир нуқтага тикилган куйи, бундан ўн йилларча олдин юз берган, бугунгача бировга  айтмаган ўша мудҳиш воқеани сўзлай кетди...
*                           *                           *
Ўшанда Дилрабо институтнинг сўнгги босқичида таҳсил оларди. Битириш имтиҳонлари, диплом ҳимоясидек талабалик ниҳоясининг ширин ташвишлари  курсдошларни бир-бирига тамоман боғлаб қўяди. Шундай кунларнинг бирида ётоқхонага-вилоятлик курсдошлари ёнига тайёрланишга борган  Дилрабо кечгача қолиб кетди. Қизлар ҳар қанча уриниб, дугоналарини қолишга ундашмасин, Дилрабо уйида ота-онаси хавотир олишини, бугун Андижонга турмушга чиқиб кетган опаси уйларига меҳмонга келганини айтиб кетишга тараддудланди. Аксига олиб ўша кеча ётоқхонада турадиган курсдош йигитлар ҳам кўринмади. Дилрабо дугоналари билан хайрлашиб, метро бекати томон югургилаб кетди. Май ойининг сўнгги кунлари бўлишига қарамай, осмон қора булут билан қопланган,  йўлаклардаги яккам-дуккам чироқларни айтмаганда, атроф буткул қоронғилик қаърида эди. Шу пайт қуюқ дарахтзор оралаб тез-тез қадам ташлаб кетаётган қизнинг йўлини уч-тўртта безори тўсди:
-    Ҳа, асал қиз, чиройли бўлиб ярим тунда қаерга кетяпсиз?  Овора бўлиб аллақаёқларга бориб нима қиласиз, ана шу ерда ўзимиз...- Безорилардан бири хунук тиржайганча қизнинг билагига ёпишди. Бири сумкасини юлқиб, яна бири эгнидаги кийимларини тортқилган эди, Дилрабо бор овозда чинқириб, дод олди. Шу пайт бахтига қаердандир чопиб келган бир йигит безорилар билан олиша кетди. Қарши томондагиларнинг бири чўнтагидан пичоқ чиқариб йигитга ҳезланган эди,  у чапдастлик билан безорининг қўлидан пичоқни юлқиб олди-да... Буёғи худди қўрқинчли тушдай бир зумда рўй берди. Дилрабога ҳужум қилганлардан бири қорнини чангаллаб ерга думалади, қолганлари эса  яраланган қўлини, қон оқаётган бурнини тутиб урра қочишди. Улар шерикларини ташлаб қочишгач, Дилрабо билан ҳалиги йигит  ерда ғужанак ётганини қаттиқ яраланган бўлса, ёрдам берайлик деб  туртиб кўришганди, унинг аллақачон жони чиққанини билиб қолишди. Халоскор йигит  чуқур “уҳ” тортиб ерга ўтириб қолди. Дилрабо эса қўрққанидан бир сўз ҳам айтолмасди...
Безориларнинг яраланганлари ҳам йигитга қарши даъво қилишди. Энди Шукруллога (халоскор йигитнинг исми) ҳужум қилиб ҳалок бўлган йигитнинг яқинларини-ку айтмаса ҳам бўлади. Хуллас, йигит жиноий жавобгарликка тортилди. Ўша йили аспирантурани тамомлаш арафасида экан. Тўй куни белгиланиб, яхши кунлари яқин қолган йигит қамоққа тушиб қолди. Севган қизи тўйни бекор қилдирибди. Дилрабо ҳам кунда-кунора тергов бериб, судда қатнашиб йигитнинг айбсизлигини, ўзини ва бир қизни ҳимоя қилиш учун ўи билмаган ҳолда одам ўлдириб қўйганини такрор ва такрор таъкидлади. Аммо безорилар шаҳарнинг казо-казоларининг болалари экан. Айниқса ҳалок бўлгани йигитнинг ота-онаси қаттиқ турди. Ишқилиб, Шукрулло ўн уч йилга кесилиб кетди.
Бу воқеа Дилрабога қаттиқ таъсир қилди. Ўқишни тамомлаб мактабга ишга кирди, ўқитувчилик касбини, болаларни севгани учун ишида тез орада муваффақиятларга эриша бошлади. Аммо негадир қизгина эшигини яхши ниятда тақиллатган совчиларнинг ҳеч бирига рўйхушлик бермас, онасининг совчиларнинг ўғли билан учрашувга чиқишини айтиб зорланишларига қарата:
-    Барибир, кўнглимдаги  йигит эмас экан ойижон, дугоналаримдан билиб олдим,- дейиш билан кифояланади. Ана шу гаплар билан ҳам ёши ўттизга бориб қолди. Онаси, қиз болани вақтида узатиш кераклигини, маҳалла-куйда одамлар роса гап-сўз қилишаётганини айтиб қанча кўз ёши қилмасин, қиз:
-    Пешонамда бўлса, бирор кун турмуш ҳам қиларман. Менга ҳам шундай юриш ҳавасми?!-дейишдан нарига ўтмасди. Аслида Дилрабонинг кўнгил қўйган кишиси бор эди. Улар бир-бирини яхши кўриб қадрлашар, вақти келиб бахтдан гуллаган оила қуришни орзу қилишар эди. Дилрабо  кўнгил қўйган кишисини жуда ҳам ардоқлар, вақти келиб турмуш қурганларида уни кўз қорачиғидек асраб авайлаб,  бекаму кўст рафиқалик хизматини адо этиш билан бирга, ҳаётда ўз ўрнини қайта эгаллашига  кўмак беришини астойдил ният қиларди. Улар тергов жараёнигача мутлақо учрашишолмади. Фақат судда Дилрабо йигитнинг беайблигини айтиб гувоҳлик бергандагина, Шукроллининг чўкиб қолган бўй-бастини кўриб, қизнинг кўнглида айбдорлик ҳисси уйғонди. Судя ҳукмни ўқиб эшиттирганида онасининг “Ўғлим, онанг ўлсин, болам!Ўзингни эҳтиёт қил! Сени Худога омонат топширдим” деб бўзлаганини кўриб, бу оғир ҳис юрагида залворли юкни пайдо қилди. Шу-шу йигитнинг аҳволидан тез-тез хабар оладиган бўлди, бир йилдан кейин Шукрулло  узоқроқ вилоятдаги турмага жўнатилгач, улар хат ёзишадиган, меҳнат таътили пайтида Дилрабо ота-онаси вилоятдаги дугонасиникига бориб келишни айтиб рухсат сўраб, Шукруллодан хабар олиб қайтарди.  Бора-бора бора бу яқинлик илиқ тус ола бошлади. Қиз аввал қалбидаги туйғуларга аҳамият бермай, уларни шунчаки беайб йигитнинг қаршисидаги гуноҳкорлик ҳиссига йўйди. Аммо кейинчалик, йигит билан бўладиган суҳбатлар, мактуб ёзишмалари унинг кўнглидаги, ўзи истаган инсон эканлигини билдирди. Муносабатлари жиддий тус олиб, аҳду паймон қилишди. Шундан бери Дилрабо  Шукруллони кутиб, совчиларга рад жавоби бериб келади.  Яқинда амнистия туфайли, жазонинг ўн йилини ўтаб бўлган йигит озодликка чиқди. Дилрабонинг қувончида чегара йўқ. Йигит уйига қайтгач,бир ҳафта ўтар ўтмас Дилраболарникига совчи йўллади. Аввалига қизларини қамалиб чиққан йигитдан сўраб келишгани ота-онага малол келди. Бироқ қизининг шу йигитга турмушга чиқаман, деб оёқ тираб олиши онани ҳайрат ва саросимага ташлади. Воқеанинг қолган қисми эса, ўзингизга аён.
*                        *                                 *
Қизининг гапларини эшита туриб, Марҳабо опанинг кўзларига ёш қалқди:
-    Шунча гапни мендан ҳам яширдингми қизим?
-    Бу гапларни яшириб кўтариб юриш менга ҳам осон эмас. Ўзингиз ўйланг, мени деб келажаги порлоқ бир йигит ўн йил қамоқда ўтириб қайтса. Унаштирилган қизи айниб, тўйи бекор қилинса. Ўшанда онаси шўрликнинг ҳолатини кўриб, ўзимдан нафратланиб кетганман. Агар мен ўзбошимчалик қилиб қилиб ярим тунда ётоқхонадан уйга келмоқчи бўлмаганимда ўша безориларга йўлиқмасдим. Оқибатда, Шукруло ака ҳам ҳозир қамалиб чиққан одам эмас, олим, ўз ишининг билимдони, бахтли оиланинг таянчи бўларди. Ойижон, тезроқ дадамга ҳаммасини тушунтиринг. Ўзи Шукрулло акамнинг онаси эзилиб адо бўлган, яна сизларнинг бунақанги қаршиликларингиз ҳам бояқишни баттар чўктириб қўяди-ку. Менга ишонинг, улар жуда ҳам яхши инсон. Мана кўрасиз, мен, биз -Шукрулло акам иккимиз албатта бахли бўламиз. Баъзан ўйланиб қоламан, уларнинг тақдирида мен битилганим учун ҳам Аллоҳ бизни шу синов билан имтиҳон қилганми. Ахир, ўша пайтлари танишиб қолганимизда улар менга уйланолмасдилар, мен ҳам ҳеч қачон икки кўнгилнинг орасида турмасдим-ку, тўғрими ойижон? Шундай экан, кўнглингиз хотиржам бўлсин, ҳаммаси яхши бўлади!- Марҳабо опа қизини бағрига босиб сочларини силади:
-    Илоҳим айтганинг келсин, болам. Илоҳим тақдирингдаги инсон билан қўша қариб муроду мақсадингга етгин...

Рухшона ФАРРУХ

Сабрли бўл, келинчак

 

 

 

Майсарахон қизини сўроқлаб келган совчиларни унча хушламай қабул қилди. Одатий салом-алигу ҳол сўрашлардан кейин, совчиларнинг башанг кийиниб, бармоқлари бўйнию қулоқларини тиллага “ўраб юборган” аёл беписандлик билан тўрт томонга кўз ташлаб, таманно билан гап бошлади:
- Энди-и-и-и, оповси, қизингизнинг ишқи ўғлимга тушиб қопти. Бу боланинг ақли нимага ҳам етарди, шу қиздан бошқаси керак эмас, деб оёқ тираб олган-да... Шунга уйингизга келиб ўтирибмиз-да, энди.- Иззат-нафси камситилган Майсарахоннинг жаҳли чиқиб, қошлари пир-пир учди-ю, ҳарқалай меҳмоннинг ҳурмати тишини тишига қўйиб жавоб берди:
- Болаларга қўйиб берсангиз нималарни хоҳламайди?! Сиз ўғлингизга тушунтиринг, мен буёқдан қизнинг танобини  тортайин. Бўлди, масала ҳал. Бунинг учун овора бўлиб келиб ўтиришингиз шарт эмас эди.
- Йўқ, оповси, сиз айтган гапларни айтиб бўлдик-да. Натижа чиқмади. Манучеҳримга гап кор қилмади. Қизингиздан бошқага уйланмасмиш. Ҳатто ўзимни ўлдираман ҳам деди, астоғфуруллоҳ.. Энди оповси, гапни кўпайтирмай нон ушатсак. Мен тўйни тезроқ ўтказиб товарга кетишим керак. – Сатанг совчининг бу гапи Майсарахоннинг дамиқиб турган жаҳлининг отилиб кетишига асос бўлди:
- Сиз бизни ким деб ўйлаяпсиз?! Мен турмуш ўртоғимдан сўроқсиз бир иш қилмайман! Бизнинг оиламизда расм-русум бошқача! Сиз бунақанги “дангалчи”лигингизни ўз уйингизда қиласиз, хўпми?!  Қани омин, оллоҳу акбар. Мени узатадиган қизим йўқ. Ўз уйимга келиб, мени ерга урадиганлар билан асло қуда-анда тутинмайман!- Майсарахон гап тамом, ана дарвоза дегандек,  жаҳл билан юзига фотиҳа тортиб, дастурхон четини қайтариб қўйди. Башанг совчи, “ҳа,савил” деб лабини буриб, хайр-маъзурни ҳам нася қилганча кўчага йўналди, унга ҳамроҳлик қилган аёллар эса, узрхоҳлик билан Майсарахонга омонлик тилаб чиқишди. Меҳмонлар дарвозага етар-етмас, Майсарахон қизининг хонасига чопиб, уни қарғашга тушди:
- Қиз ўлгур, нималар қилиб юрибсан-а?! Ана “севиб қолган” йигитингникидан совчи ҳам келди. Ўзи бир ори йўқ бозорчи-ю, савлатига ўламанми?! Биласанми, ўша “ошиғ”ингнинг онаси сени нималар деб ерга урди, “мен қизингизни келин қилмоқчи эмасман. Аммо уни ишқи ўғлимга тушибди, шунинг учун ўғлим қизингизга уйланадиган бўлиб турибди” деди. Ўл бу кунингдан! Сени кимлар келин қилмайди-а?! Шу ҳуснинг, шу туришингда манаман деган ақлли, одобли йигитлар сенга зор юрган бир пайтда, қаердаги бир бозорчининг ўғли билан топишдингми?! Кошкийди ўша чайқовчилар қадрингга етганида ҳам майли, дердим. Вой дод, қиз ўстириб шунга муносиб кўрилдимми?!..- Майсарахон алам ва жаҳлдан  уёқдан буёққа юрар, тинмай ўзини, қизини қарғар, ҳозиргина уйидан чиқиб кетган Зулфия сатангни беордан олиб, шармандага, чайқовчидан тортиб шаллақига ўхшатар, азбаройи иззат нафси қаттиқ оғриганидан қизининг сочларини юлишга шай эди.  Яхшиям, ҳовлида қайнонаси Зиёда аянинг овози эшитилиб, аёл югургилаб ташқарига чиқди:
- Ассалому алайкум, аяжон. Тузукмисиз, яхши келяпсизми?
- Ваалайкум салом, шукр мен дурустман. Ўзларинг тинч ўтирибсизларми? Қани, меҳмонларинг келмадими? Жамшиджонни юборган экансиз, кеча шомда “катта ая, эртага уйимизга ўтаркансиз, аям айтдилар. Меҳмон келишармиш”, деганига келаётган жойим эди, қизим.- Қайнонасининг бу гапидан тўлиб турган Майсарахон, йиғлаб юбордию, қўли билан оғзини тўсиб, аяни ичкарига таклиф қилди.
- Вой ўлмасам, тинчликми, келин?! Гапирсангиз-чи бундоқ, юрагимни чиқариб юбормасдан.
- Келиб кетишди...- Майсарахон хиққиллаганча, аранг гапирганди, аянинг жаҳли чиқди:
- Э, бўлди-е, бундоқ тушунтириброқ гапиринг-да, одамни кўп диққат қилмасдан. Нима бўлди?!
- Қизингизни ёқтиргани Зулфия сатангни ўғли экан ая. Совчи бўлиб келганми ё бошқа мақсадда келганми, хуллас бизни, Мадинани обдон ерга урди. Мени жаҳлим чиқиб, уни ҳайдаб юбордим. Аяжон, мен шу ниятда қиз ўстирганмидим?!- Бўлган воқеани оқизмай-томизмай қайнонасига гапириб берган Майсарахон, хўрсиниб-хўрсиниб йиғлай бошлади.
- Бўлди қилинг!- Қайнона энсаси қотганини билдириб, қошларини чимирди. Мадинабону қани? Чақиринг, олдимга кирсин! – Майсарахон индамай қизини олиб чиқди.
- Ассалому алайкум, бувижон.- Йиғидан кўзлари шишинқираб, қизариб-бўғриқиб кетган Мадина бувисини кўриб, ўпкаси тўлганча ўзини унинг қучоғига отди.
- Ваалайкум салом, бувинг ўргулсин. Тузукмисан, она қизим. Пошшо қизим, парча қизим, тилло қизим.- Мадина бувиси эркалагани сари батарроқ хўрлиги келиб, йиғлаб юборди.
- Нега йиғлайсан, Бону қизим, Ой қизим? Ким хафа қилди сени?
- ...
- Менга қара, бувинг қоқиндиқ, сен шу арзимас гапларга кўз ёши қилиб, енгилиб ўтирибсанми, ойпарчам? Эҳ-ҳе, ҳали ҳаётда не-не синовлар, машшаққату паст-баландлар бор, қизим. Катта аянгни бу оқарган сочлари, ажин тушган юзлари не-не кунларга гувоҳ бўлмади, дейсан. Сочимдаги  оқ толалар, юзимдаги чизиқлар, ҳаётимда учраган ҳар бир синовларнинг муҳри, хотираси, тасаддуқ бўлай. Сен бўлсанг дарровдан кўз ёши қилиб ўтирибсан-а?.. Сенга айтгандимку, ошиқни ёр қилдинг, кўз ёшни дарё қилдинг, деган гап бор. Ёқтирган йигитинг билан турмуш қуришни, у билан бирга ҳаёт шавқ-завқини, ўнқир-чўнқирини бирга татишни ихтиёр этдингми, энди бу йўлдаги бор аламу ситамларга, синову машаққатларга тек туришинг керак, болам.  Яшашнинг мақсад-моҳияти ҳам шунда. Қани, бундоқ қўлинггга қара-чи, беш бармоғинг ҳам баравар эканми?- Мадина секингина бувисининг қучоғидан сирғалиб, қўлларига қаради-да, ерга қараган куйи бошини қимирлатди.
- Ана, кўрдингми, одамзод ҳам худди шундай. Худойим ҳар бир бандасини ўзига лойиғигача ақлу тафаккур берган, фаҳму фаросат берган. Кимларгадир, илм, ақл, заковат бергану давлат бермаган. Яна бировга мол-дунё, бойлик бергану фаҳму фаросатдан қисган. Яна кимнидир фарзанддан,  бошқа бировни соғликдан, кимнидир бахтдан кам қилган.  Одамлар билан бирга яшаганингдан кейин, уларнинг камчилигини, заифлигини тўғри қабул қилиш керак, оппоғим. Энди, сенга қайнона бўлмиш ҳақида кўп эшитганман. – “Қайнона” сўзини эшитиб, Майсарахоннинг кўзлари катта-катта очилди. У Зулфия сатангни иккинчи марта остонасидан киргизмаслика аҳд қилганди. Башарти, қайнонаси улар билан қуда бўлишни хохладими, Майсарахон ҳеч нарса қилолмайди. Чунки, ҳали Зиёда аянинг фарзандлари хонадонида онанинг битта гапи иккита бўлмаган. – Бироз бойликпарасат, дунёга ўчроқ. Аммо ўзи хўп яхши аёл. Онасини жуда яхши танирдим, андишали, покдомон хотин эди, раҳматли. Зулфияхонлар етимликда ўсди, ҳамма тўкин-сочин яшаган пайтда улар бурда нонни аранг топиб ейишди. Жўжабирдай саккиз бола бир онасининг фаррошлик қилби топган пулига кун кўришарди, у замонлар ҳозиргидек косибу ҳунармандларга шароит йўқ эди, қизим. Манучеҳр акангни бувиси- менинг ўртоғим, бекитиқча уйида бир нималар тикиб, бозорга опчиқиб сотарди. Неча марта мелисалар ушлаб, бояқишнинг нарсаларини қайтариб бермаган. Ана шундай қийинчиликда ўсгани учунми, Зулфияхон пулга меҳрини кўпроқ бериб қўйди-да. Шунинг учун болам, йиғига зўр бермай ўзинг ҳал қил, бир қарорга кел. Ёш бола эмассан, яқинда йигирмага тўласан. Оқ-қорани, яхши-ёмонни ажрата оласан, ҳаёт сеники, эртага сен улар билан бир хонадонда яшайсан. Бизга сен бахтли, хотиржам бўлиб, борган жойингда тошдай жилмас бўлсанг бўлгани. Уларни ойда, йилда бир маърака-мавридларда кўрмасак, кўрмаймиз ҳам. Шунинг учун ой қизим, яхшилаб ўйлаб кўр. Ўша йигитга, эртага турмушнинг мушти оғирлик қилганида жуфтинг сенга суянч бўлишига, ҳар қандай мушкулот қаршисида сени қўллаб қувватлашига ишонасанми? Аввал шуни аниқлаб ол. Биз эса, сенинг жавобингни кутамиз.- Бувисининг меҳр билан айтган гаплари, мулойимлик тагидаги танбеҳидан ўзига тегишли хулосага келган, Мадина маъюсгина жилмайиб, Зиёда аяни икки юзидан ўпиб қўйди:
- Катта аяжон, ман Манучеҳр акам билан яна бир марта гаплашиб олай, ундан кейин жавобимни айтаман, майлими?- Ая боши билан тасдиқ маъносини бергач, қиз одоб билан аяси ва бувисини холи қолдирди.
- Қизим, сизга неча маротаба айтганман, боланинг ҳаётига ота-она жавобгар, аммо бу дегани фарзандининг тақдирига, ҳаётига хўжайинлик, дахл қилиш ҳақини бермайди-да.  Қиз бояқишни қарғаб, уриб-сўкиш билан синовлар олдида қўрқиб қоладиган қилиб қўясиз-ку! Фарзандни  ўз ҳолига ҳам ташлаб қўймаслик керак, аммо бунчалик зулм қилиб фикрини чалғитиб ҳам қўймаслик керак.
- Ёш-да булар, ая, ҳали нимани билади...- Майсарахон хижолатлик билан ғудраниб қўйди.
- Ҳа, булар ёш. Лекин  ҳеч нимани билмайди, деб ҳаётига ҳадеб аралашаверсангиз, танбал бўлиб қолади, деяпман-ку. Мўрт, бесабр қилиб тарбиялаяпти ҳозирги ота-оналар фарзандларини. Ана шунинг оқибатида оилага, никоҳга нисбатан юзаки қарашяпти ёшлар. Ажрашишлар, тирик етимлар... Буларнинг ҳаммасига сабаб ота-оналар болаларининг ҳаётига дахл қилиши, уларни синовларга, қийинчиликларга тик қарайдиган қилиб тарбияламаганида, қизим. Бундай олганда, ҳозир мен ҳам Мадина бонуга сиз айтган гапларни гапирдим. Аммо тагдор қилиб, мулойимлик билан тушунтирдим. Ўша йигитни танласа ўзини келажакда нималар кутиб турган бўлиши мумкинлигини гапирдим.  Мана тушунди. Энди ўзи қарор қабул қилади.- Майсарахон бошини эгганча ўй суриб қолди...
*                         *                           *
Овозаси оламни тутгулик тўй бўлиб ўтди. Ёлғиз ўғлимни уйлантиряпман, деб икки гапнинг бирида писанда қилаётган Зулфияхон қуда томоннинг сарполарини менсимайгина бир четга ташлаб қўйди. Қудағай аёлнинг бунақанги қилиқларидан оғринган Майсарахонни қайнонаси пасайтириб турди:
- Қизинг тушган маҳалланинг итига ҳам салом бер, деган нақл бор, келин болам. Сабр қилинг, чиданг. Йигирма йил бағрингда униб-ўсган  болангни бегона бир хонадонга, ўзгача тартиб-қоидали “давлат”га юбориш машаққат. Қизингизнинг бахти учун қулоғингизни кар, кўзингизни кўр қиласиз.  Шундай қилаверинг, кейин менга раҳмат айтасиз...
Тўйдан кейин Мадина янги муҳитга кўникиши мушкул кечди. Уларникида ҳамиша дадасининг айтгани айтган эди, куёвиникида қайнонасининг чизган чизиғидан ҳеч ким бир қадам жилолмайди. Ҳатто қайнотаси ҳам. Одоб- андиша, ўзаро ҳурмат, катталарга, оиланинг эркагига эҳтиром билан муносабатда бўлиш керак, деган ақида остида тарбияланган келинчагини ёнида уйидаги ҳолатдан хижолат тортган Манучеҳргина, бирор иш бажаришидан олдин дадасига маслаҳат солар, агар шуни ҳам аяси кўриб қолса, балан товушда ўзиникини айтиб маъқулларди. Камига келин бўлиб тушган хонадонида Мадинани қайнонаси ҳам келин сифатида қадрламас, қачон қараманг, келинчакни жойи ошхонада куймаланиб юрган хизматкорнинг ёнида эди. Ҳатто тўйларидан икки ой ўтиб, бадавлатга хонадонга узатилган қайнсинглисининг тўйига ҳам Мадинанинг оила аъзоларидан ҳеч ким айтилмади. Кечқурун ҳамма ресторанга тўй оқшомига кетди, Мадина эса қайнонасининг буйруғи билан хизматкор иккови  бажарилиши керак бўлган юмушларга андармон бўлди. Бунақанги камситишлардан оғринганда, Мадинанинг кўз ўнгида меҳрибон бувисининг мунис чеҳраси намоён бўлиб, қулоқлари остида унинг ўгитлари жарангларди: “Сабр қилган одамгина бахтга, саодат ва ҳурматга муносиб кўрилади. Бекорга, сабрнинг таги сариқ олтин, дейилмайди, қизим...  ” Келинчак бувисига, яқинларига бахтли бўлишга ваъда берганини эслаб, яна кучли муҳаббат, шижоат билан келинлик юмушларига киришар, қайнонасининг ҳар бир буйруғини , “хўп бўлади аяжон!” деган бувиси ўргатган “ҳикматли сўз” билан қарши оларди.
Орадан маълум  вақт ўтиб Мадина эгизак ўғилли бўлди. Зулфияхон, келинини “Ҳасан-Ҳусанларимнинг аяси”, деб мақтайдиган, тўю маъракаларда, элнинг издиҳомида қўғирчоқдай ясантириб олиб юрадиган бўлди. Шундай иқболли кунларида Мадинахон, ортда қолган чеккан изтироблари, камситилганларини эслаб кулимсираб қўяди: “Раҳмат сизга бувижон! Бу кунларим сизнинг насиҳатларингизга амал қилганим эвазига нур сочяпти!..”

Рухшона ФАРРУХ

 

 

 

Бола қалби яхшиликни унутмайди

 

 

 

Ботир ака туман ижтимоий таъминот бўлими идораси олдига келиб бир муддат яқиндагина таъмирдан чиққан, катта шаҳарлардаги иншоотлардан чиройи   қолишмайдиган бинога тикилиб қолди. «Қандай кўркам, киши баҳри дилини очадиган масканга айлантиришибди», дея кўнглидан ўтказиб, бинонинг ўтган йилллардаги аҳволини эслади. Ўшанда бирда отасининг, бирда онасининг ҳужжатларини олиб келганди. Зиналари емирилиб бораётган, деворлари нураб ётган идора ичига киришга қўрқарди киши.  Орадан бир йигит ёшичалик вақт ўтиб Ботир ака ўзининг ҳужжатларини кўтариб бу ерга келяпти. Пенсия ёшига етишиш ҳам бахт.  Айниқса энг қийин, машаққатли иш ҳисобланган ҳайдовчилик билан шуғулланганларга. Ботир аканинг қанчадан қанча сафдошлари, ҳамкасблари бу шарафга эришолмай, қарилик гаштини суролмай  дунёдан ўтиб кетишди. Бу кунларга етганлар ҳам бор, етмаганлар ҳам.
У қирқ йилдан ортиқ вақт шаҳар ичида автобус ҳайдади. Шу давр мобайнида қанчадан қанча кишиларни узоғини яқин қилиб,манзилига соғ-омон етказди.  Ҳеч қачон йўловчиларга баланд товушда гапирмасди, бекатда одам борми-йўқми албатта тўхтаб ўтарди. Айниқса  Ботир ака ёш болаларни жуда ҳам яхши кўрарди. Бирорта болани жеркимас, айримлари йўл кира бермаса, сўраб ҳам ўтирмасди.
Қайси куни невараси уйга йиғламоқдан бери бўлиб кириб келди. Айтишича мактабдан қайтишда  ёнида йўлкираси йўқ экан, автобусга чиқса назоратчи тушмагур “ёнингда пулинг борми?” деб сўрабди.  Бола пули йўқлигини айтган экан, назоратчи уни автобусдан тушириб юборибди. Болакай ўртоқларининг олдида роса изза бўлиб, пиёда келишга  мажбур бўлибди. Ботир ака ҳайдовчиларнинг бу инсофсизлигидан қаттиқ ўкинди. Ахир ўзининг шахсий машинаси эмас, давлатнинг автобуси бўлса, шунчаликка бориш шартмикан?! Дунё омонат, одамлар ғанимат, яхшилик эса ҳеч қачон ўлмайди. Лекин негадир кейинги пайтда одамларга савоб эмас, фақат пул керак бўляпти...
Ботир ака  идорага кириб даставвал қайси эшикка киришни билмай ўтган-кетганга хижолатли назар ташлаб тураверди. Сўнг икки-уч кишининг эшигига  “Қабулхона” деб ёзилган хонага кириб-чиқишаётганини кўриб,  у ҳам шу хонага кирди. Тўрда, бир тўда қоғозларни асабий титкилаб ўтирган котиба ундан  нима мақсадда келганини эшитди-ю, қошлари  билан бошлиқнинг хонасига киришини тушунтирган бўлди.
-    Ассалому алайкум, мумкинми?...-Ботир ака секингина эшикни очиб, юмшоқ ўриндиқда  омонат ўтиргандай шоша-пиша, аллақандай қоғозларга имзо чекаётган хушбичим, ёш, аммо савлатли йигитдан кириш учун изн сўради. Бошлиқ қилаётган ишидан бош кўтармай, саломга алик олди-ю “келинг”деб қўйди. У ишини битиргунча Ботир ака кутиб турди, йигит қўлидаги қоғозларини бир чеккага қўйиб, “хўш, хизмат? ” дегандай, унга қаради-ю, қилаётган ишидан хижолат тортиб дарҳол ўрнидан турди:
-    Ие, амаки, ассалому алайкум. Яхшимисиз? Соғ-омон юрибсизми? Уйдагилар саломатми?- Ботир ака йигитни таниёлмади, лекин ўзига билдирмай ҳол-аҳвол сўрай бошлади:
-    Ваалайкум ўғлим. Худога шукр, юрибмиз. Ўзингиз тузукмисиз? Уй ичилар омон юришибдими?
-    Шукур, амаки. Зап келибсиз-да... Хўш, биз томонларга қандай йўлингиз тушиб қолди? – Ижтимоий таъминот бўлими бошлиғи Ризамат Йўлдошев Ботир акага саволчан тикилди.
-    Шу... пенсияга ҳам етиб қолибмиз.. Шунга ҳужжатларимизни топширгани келган эдим... 
-    Яхши! Қандай ҳужжатлар кераклигини биласизми? Мен ҳозир...- йигит шундай деб ён томонидаги аллақандай тугмачани босди. Зум ўтмай эшик очилиб қабулхонадаги қиз кўринди:
-    Лаббай?
-    Бу амакимизни дарҳол Субҳоновга учраштиринг. Шахсан мен тайинлаганимни айтинг ва тезда ҳужжатларини тайёрлаб менга олиб киришсин. Амаки,-бошлиқ Ботир акага қаради,- ишларингиз битгандан кейин албатта менга учрашинг.
-    Майли, ўғлим, раҳмат сизга.- Ботир ака котиба қиз билан бошлашиб хонадан чиқар экан, бу йигитни қаерда кўрганини, кимлигини ҳеч эслаёлмасди. Яқин танишлари, қавм-қариндошлари ичида бундай ёш раҳбар бўлганлари йўқ эди. Ўзидан сўрашга эса истиҳола қиларди. Субҳонов котибанинг гапини эшитиб, қўлидаги юмушини йиғиштириб, Ботир ака билан шуғуллана бошлади...
Ризамат Ботир аканинг ортидан кулимсираб қолди: ”танимадилар... Ҳа орадан қанча йиллар ўтиб кетди. Лекин мен уларни танидим, оқкўнгил, сахий кишилар қаримайди...” 
Ўшанда Ризамат саккиз-тўққиз ёшлар чамасида эди. Улар янги уйларига кўчишгани учун ўқиётган мактаби болакайга узоқлик қила бошлади. Ота-онаси ҳарчанд уриниб уни бошқа мактабга ўтказмоқчи бўлишмасин, Ризамат кўнмади. “Ўқитувчимдан, синфдошларимдан айрилмайман” деб йиғлади. Ота-она ноилож  боласини ўзининг мактабига қолдиришди. Ёш оила бўлгани, қолаверса ота-онаси маош билан кун кечиришгани учун ҳам баъзан Ризаматга автобус учун йўл кира беришолмасди. Бошқа ҳайдовчилар Ризаматдан кира ҳаққини сўраб изза қилишар, фақат гавдаси катта, кўзлари мулойим кулиб турувчи, ҳамиша Ризаматга “ҳа домла”, деб кўзини қисиб қўювчи ҳайдовчи амаки ундан пул сўрамас, ҳаттоки айрим пайтлари тушликдан тежаб ушлаб қолган пулини берса ҳам :
- Қўяверинг, домла. Эртага ширин кулча олиб ерсиз- деб йўл кирани олмасди. Кейинчалик билса ҳайдовчи амаки нафақат унга, балки ҳамма болаларга шундай қиларкан. Мактабда  узоқдан қатнаб ўқийдиган кўпчилик болалар шу амакини кутиб қолишарди. Йиллар ўтиб Ризаматларнинг оиласи тўкин-фаровон бўлди. Дадаси яхши ишлагани учун катта лавозимларга кўтарилди. Ризаматнинг ҳам чўнтагида тушлигидан ташқари ортиб қоладиган пули бўлди, аммо ўша меҳрибон, қўли очиқ амакининг автобусидан бошқа уловга чиққиси келмасди...
Вақт ўтиши билан  амаки уларнинг йўналишида кўринмай қолди. Энди Ризамат ҳам мактабига бормас, у нуфузли бир ўқув даргоҳининг талабасига айланган эди. Ўқишга ҳам дадаси талаба бўлгани муносабати билан  олиб берагн “Нексия”да бориб келарди. Ўша кезларда ҳам йигит равон йўлларда кишилар узоғини яқин қилиб ҳар томонга шошаётган автобусларни кўрса, юраги бир ҳаприқиб ўзининг беғубор болалик чоғларидаги меҳрибон ҳайдовчи амакини эсларди. Таҳсилдан сўнг турли ташкилот ва муассасаларда ишлади. Бу орада йиллар ипи умр онларини бир-бирига бойлаб, турмуш, иш ташвишларига кўмилиб кетган Ризамат ҳайдовчи амакини ҳар вақт-ҳар вақтда эсига тушганда хотирлаб қўядиган бўлди. Бугун ўша ҳайдовчи унга иши тушиб келибди. Дунё тор, ер юмалоқ деганлари шу бўлса керак-да...
-    Ризамат Рўзиевич, мумкинми?- Бошлиқнинг хаёлларини ходимлардан бири бўлди.
-    Келинг, Султон ака,- Ризамат ўрнида туриб, Субҳонов ва Ботир акани қаршилади.
-    Бу акамизнинг ишлари деярли битди. Фақат аризаларига  имзо чексангиз бўлди.- Субҳонов шундай деб бошлиққа ҳужжатларни топширди. Ризамат уларни бир қур кўздан кечирган бўлди-да, аризага имзо чекиб ходимга узатди:
-    Яқин кунларда ҳисоблаб  чиқасиз-а?
-    Албатта.
-    Майли, Султон ака, сизга рухсат. Саломат бўлинг.- Ботир ака бошлиққа раҳмат айтиб, Субҳонов билан бирга чиқмоқчи эди, Ризамат  унга “бир дақиқа” деб, бир пиёла иссиқ чой тутди.- Амаки, бу дейман, мени танимадингиз-а?- Ризамат столининг тортмасидан тақсимчада ширинлик олиб Ботир аканинг олдига қўяркан, жилмайган куйи сўради ва:- Сиз менга ўхшаган қанча болани манзилига етказгансиз, ҳаммасини ҳам эслаёлмайсиз-да, деб қўшиб қўйди. Ботир ака йигитга кулимсираб:
-    Тўғриси, ўғлим чеҳрангиз иссиқ кўриняпти-ю, бироқ ҳеч таниёлмаяпман...- деди. Ризамат беозоргина кулиб қўйди:
-    Амаки, бир пайтлар сизнинг автобусингизда мактабга бориб келардим. Ҳеч қачон йўл кира сўрамасдингиз. “Ширин кулча ейсиз, домла” деб берган пулимни ҳам қайтарардингиз. Биз болалар сизни жуда яхши кўрардик. Фақат сизнинг автобусингизга чиқардик. Олдимга кирганингизда кўзларингизга қараб танидим...
-    Қойил, қойил ўғлим. Баракалла, болалар яхшиликни унутишмайди, буни билардим. Илойим, мартабангиз бундан ҳам зиёда бўлсин. Ота-онангиз ҳузур ҳаловатингиздан яйрасинлар.- Ботир ака кўнгли ийиб йигитни узоқ дуо қилди.
-    Раҳмат амаки. Ўша кезларда менга қилган яхшилигингизни бир умр унутмайман. Сизга ўхшаган иймонли, қўли очиқ инсонлар кўпайсин. Амаки, бу менинг  телефон рақамим, қандай хизмат бўлса бемалол тортинмай, келаверинг. Қўлимдан келгунча бажаришга ҳаракат қиламан.
Бу дунёда яхшилик изсиз кетмаслигига яна бир бор иймон келтирган Ботир ака борган жойидан манун ва хурсанд  қайтди...

Рухшона Фаррух

 

 

 

Бой берилмаган бойлик

 

 

 

Саодатхон вагондан тушаркан тўрт томонга аланглаб ўзини кутиб олишга келганларни қидирди. Унинг учун келгани биров кўринмасди. “Ҳеч кимга билдирмай, сюрприз қилмоқчи бўлгандим-ку. Яна нимадандир умидвор бўлиб болаларимни излаганимни...” Аёл кўнглидан ўтган ўйдан жилмайиб қўйиб,  таксилар тўхтайдиган қароргоҳга қараб юрди. “Матиз” ҳайдовчиси билан кира ҳақини савдолашиб, юкларини машина юкхонасига жойлаштирди-да, орқа ўриндиққа чўкди. Ўзбекистондан, юртидан чиқиб кетганига ҳам  икки йилдан ошиқ вақт бўлибди. Тўрт сўм пул ишлаб, ўзини ўнглаб олиш учун беш-олти аёлга қўшилиб  Россияга кетганди. Эри Кореяда ишлаяпти. Келгуси йил шартнома муддати тугайди. Аслида Саодатхон икки ёш боласини ташлаб узоқларга кетгиси йўқ эди. Аммо, бир йили қишда фалокат босиб уйларига ўт тушди. Қўни-қўшни ўт ўчириш хизматига хабар бергунларига қадар, кичкинагина ҳовлича батамом ёниб кулга айланибди. Яхшиям, Худо бир асраб, Саодатхон ишда, болалари мактабда бўлиб, уларга зиён етмади. Лекин уйдаги бор нарса буюмлар ёниб адо бўлди. Жумладан эри хориждан юборган пуллар ҳам. Эгни бошидаги кийимлари билан қолган Саодатхон болаларини етаклаб, катта акасиникига борди. Жигар жигар-да, акаси-ку синглисини жон деб қабул қилди, бироқ янгаси бу бемаврид ташрифни хушламади. Эри ёлғизгина фарзанд эди. Қайнона-қайнотаси ҳам узоқ йиллари вафот этишган. Шунинг учун Саодатхон фақат ўзиникилардан нажот истади. Катта акасиникига сиғишмагач, аёл болаларини кичик акасиникига бошлаб борди. Онаси билан бирга яшайдиган кичик акаси ҳам синглисини қучоқ очиб қаршилади. Бу ерда ҳам янгасига ёқмаётган бўлишса-да, ҳарқалай кичик овсин қайнонасининг андишасини қилиб, қайнсинглиси билан болаларига ўзини меҳрибонроқ кўрсата бошлади. Вазиятни бир амаллаб эрига тушунтирган Саодатхон унинг астойдил хафа бўлганини сезди-ю, ичидан зил кетди: ахир шундай фалокат юз беришини у ҳам истамаганди-ку! Эрининг аччиқ гапларидан дили оғриган жувон таниш-билиш аёллар билан хорижга бориб ишлашни лозим топди. Унинг бу қароридан онасининг фиғони фалак бўлган бўлса-да, Саодатхон аҳдидан қайтмади:
-    Болаларимга янгам қарайди. Ҳар ойда улар учун пул юбориб тураман. Бориб ишламасам бўлмайди, ойи. Куёвингизнинг дағ-дағасини эшитганида илон ҳам пўст ташларди. Бекорга эрга қарадинг-чи, ерга қарадинг-чи, дейишмаган ойи. Худди унинг пулларини мен оловга отгандек, кўзинг қаёқда эди, деб бақиряпти. Йўқ, ойи, мени тўғри тушунинг, бориб ишлашим керак. Ҳеч йўқ, бир уйнинг ярмига етадиган пул олиб келсам ҳам майли эди.- Шундай деб йўлга отланди у. Йўқ, бахтига онаси ваҳима қилганичалик эмас экан. У ерда икки йилдан ошиқ вақт ичида фақат қария кампирларга қаради. Жуда оқибатсиз бўларкан болалари. Кексайиб мункиллаб қолган ота-оналарини ёлғиз ташлаб, кўнгли тусаганини қилиб юришаркан. Саодатхон у ерлик қарияларнинг аҳволини кўриб, икки гапнинг бирида, “шукрки ўзбек бўлиб туғилганимиз” деб қўярди.  Авалига эри ҳам хорижга ишлагани боргани учун ундан ранжидию, қиладиган иши хавфсиз эканини эшитиб, ҳарқалай у ҳам индамай қолди.  Яхшигина пул топди. Бемалол бир уйга етгулик. Худо хохласа, бир ой- бир ярим ойда чиройликкина бир ҳовли сотиб олиб болалари билан кўчиб ўтади. Энди фарзандларини меҳрига зор қилмайди. Болалари ҳам тоғасиникида сиғинди бўлиб яшашдан хўп безгандир, бояқишлар. Худо хохласа буёғига оз қолди.
Хаёл оғушида мамнун бораётган Саодатхоннинг хаёлига болаларининг мактабига бориб, тезроқ уларни кўриш фикри келди.
-    Ака, илтимос, мактабга ҳайдасангиз. Болаларимни ҳам олиб, бирга кетсак, дегандим.- Ҳайдовчи ойнадан аёлга қараб:
-    Бемалол, ҳаққини берсангиз бўлди. Ҳозироқ мактаб томонга ҳайдаймизда,-деди. Мактаб яқинида машинадан тушиб ичкарига югургилаган Саодатхон ўғлининг синф раҳбарига тўқнашиб кетди. Худди фарзандини кўргандай, қувончдан чеҳраси ёришиб, ўқитувчи билан кўришган аёл, шоша-пиша ўғлини сўради.
-    Саодатхон, биласизми, сиз узоққа кетганингиздан кейин Самариддинннинг феълида анча-мунча ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади. Ўғлингиз мактабга кўп келмайди. Аввалгидек дарсларда фаол эмас. Синфдошларининг айтишича, у ҳозир автомаршруткада чиптачи бўлиб ишларкан. Бир-икки марта ўзим ҳам кўрдим. Ҳарқанча уринмай, уни мактабга қайтаришим қийин бўляпти. Нега ундай қилаётганини сўрасам, келинойиси маршруткада ишлашини талаб қилаётганини, еб-ичишларига пул кераклигини айтди...- Саодатхоннинг қулоқлари битиб, боши айланиб кетди. Бу қанақаси ахир?! Уларнинг эҳтиёжига деб ҳар ойда келинойисига юз доллар жўнатиб турарди-ку. Наҳот шунча пул икки боланинг яшаши учун етмаса?!Ахир ўзи уйда бўлган кезлари бир ойда эллик минг сўм билан ҳам бинойидеккина кун кечиришарди-ку?! Нега бунақа бўлибди?..- Аёл қаршисида ўзига нафрат ва ачиниш билан тикилиб турган ўқитувчига нима деб жавоб беришни билмай қолди. Унга нима дегани, қандай хайрлашганини ҳам эслолмайди, бошланғич синфлар корпусига чопиб кетди. У тезроқ қизчасини топиб, ўзини қийнаётган саволларга жавоб топмоқчи эди. Қизини ҳам синфидан тополмади. Ўқитувчиси оёқ кийими йўқлиги учун бир ҳафтадан бери мактабга келмаётганини айтди. Саодатхон қаноти қайрилган қушдек мажолсиз ортига қайтди. Ҳайдовчи ҳам индамай машинани аввалги манзил сари бурди. Акаси яшайдиган кўча бошига кириб боришганида, Саодатхон қизчасининг писта, қурт, сақич сотиб ўтирганини кўриб бор овози билан додлаб юборди...
-    Нимага ойи, нимага сиз гапирмадингиз?!  Ахир болаларимга деб пул жўнатиб турардим-ку!? Наҳотки икки болага ҳар ойда юз доллар етмаса?! Бу нима қилганларингиз-а?! Болаларимни сизларга ишониб топшириб кетгандим-а. Шу куйга солдингизларми?!- Саодатхон бор аламини қари онасидан олиб йиғлай-йиғлай бақирарди.
-    Менга нима дейсан, болам?! Ўзим бу уйда аранг кириб-чиқиб юрган бўлсам. Ўзинг-ку бойлик ортидан қувиб, бебаҳо бойлигинг-болаларингни қаровсиз ташлаб кетиб қолган. Ҳеч замонда одам боласини янгасига ҳам ишонадими?! Болага отаси она каби бўлолмайди-ю, тоғанинг хотини меҳрибон бўлармиди, қизим?! Қолаверса, мен сен жўнатган пулларни кўрмаган бўлсам. Янгангни номига жўнатар экансан. Мен қаёқдан билай, онасидан пул келмайди, мен буларнинг кафиллигини олмаганман, ишлаб ўзини ўзи тортсин. Ўзимникиларни тўйдиролмаяпману, буларга қайдан топай, деб маломат қилганига, сен пул юбормаяпсан, ишларинг яхши бўлмаса керак, деган хаёлга борибман-да, қизим. Саодатхоннинг фиғони фалак бўлиб, дам бошини чангаллаб йиғлар, дам қизини бағрига босиб ҳўнграрди.
-    Ойижон, энди кўча бошида писта-сақич сотмайман-а, синфдошларимдан уяламан. Улар мени “пистачи хола” деб масхара қилишади,- қизча йиртиқ, иркит кийим бош ичида мунғайибгина термулиб онасидан сўради.
-    Онанг ўлсин қизим, сенгиналарни хор қилмай, пул топмай онанг ўлсин болам! Энди ҳеч қачон писта сотмайсан! Сени ҳеч ким масхара қилмайди, қизим...- Саодатхон ичидан тошиб келаётган хўрликни аранг босиб, қизини қучоқлади.
-    Вой, қуёш қаердан чиқибди?! Саодатхон келибдиларми?! Қайтганингиз билан, сингилжон, қайтганингиз билан! – Кечга томон ишдан қайтган янгаси ҳарчанд ўзини хурсанд кўрсатиб, Саодатхонни ялаб-юлқашга уринмасин авзойидан саросимага тушаётгани, қайнсинглиси жўнатган пулларини сўраб қолишидан хавотирланаётгани яққол намоён эди.
-    Янга, Самариддин қани?! Мактабига боргандим, ўқишга дерли бормай қўйган экан, тинчликми?!- Янга қаҳр билан ўзига қадалган кўзлардан ловвуллаган юзини яширишга уринди:
-    Шу...Ҳалиги... Ўзингиз бир-икки сўм пул жамғарай, уй-жойимни тиклай, деб узоқларда ишлаб юрибсиз. Болаларингиз ҳам иш ўрганиб сизга ёрдами тегсин, дегандим. Барибир ўқиган билан ҳам нима қиларди, шаҳар олиб беролмайдику-а? Ҳозир ўқиганлар ҳам...
-    Ўчир овозингни жодугар!- Янгасининг гапи оғзида қолиб, Саодатхон бақириб юборди.- Мен сен нокасга ҳар ойда пул юбориб турардим-ку! Аслида сен ялмоғизнинг дастидан кетгандим, ишлагани. Сен болаларимга иллат-минат қилмагин,  фарзандларим қийналмасин, остонангда хор бўлмасин, деб кетган эдим. Сен эса буларни эгасиз кўрибсан. Бор, бор йўқол, ўғлимни қаерга юборган бўлсанг, топиб кел!- Кейин онасига қаради:
-    Зудлик билан бу ердан чиқиб кетамиз! Биз билан яшайсиз. Ҳовли сотиб олгунимизча ижарада яшаб турамиз.
Бирор соатлардан кейин аввал Самариддин, кейин тоғасининг хотини кириб келишди. Ўғлининг аҳволи ҳам қизиникидан сира қолишмас, эгнида униқиб, ранги ўчиб кетган жиянларининг эски кийимлари ғарибдан ғариб қилиб кўрсатарди болани. Онасини кўриб Самариддин ҳўнграб йиғлаганча ўзини унинг бағрига отди. Она-бола узоқ вақт йиғлашиб, қучоқлашишди. Саодатхон ўғлини қучар экан, кўз қири билан янгасини кузатарди. Оёғи куйган товуқдек тўрт томонга типирчилаётган янгаси, афтидан уни энди ҳеч қачон қайтмаса керак, деб ўйлаган шекилли, жўнатиб турган пулларини ўзига ишлатиб, болаларини маршруткада чипта сотишга, кўча-куйда пистаю сақич сотишга мажбурлаган.
Саодатхон  акасиникидан  онаси ва болаларини етаклаб чиқиб кетар экан, янгасининг бўйнидаги  қалин тилла занжирга қайта-қайта тикилиб, кўзларига маъноли қаради. Янга ҳам қайнсингилнинг бамаъни қарашларидан зил кетиб, бошини ердан кўтаришга ўзида мажол тополмади.
Бугун байрам. Болалар байрами. Саодатхон фарзандларини қўғирчоқдек ясантириб, хиёбонларга, ресторанларга олиб борди. Кечки пайт қўғирчоқ театрга олиб тушиш ваъдаси билан тушдан кейин уйларига, яқинда олган ҳовлиларига келганларида ўғли унга илтижоли тикилди:
-    Ойижон, энди ҳеч қачон бизни ташлаб кетмайсиз-а? Энди фақат бирга яшаймиз-а?
-    Албатта ўғлим! Даданг иккимизнинг бор бойлигимиз, давлатимиз -сизлар!
Сиз борингиз учун дадангиз ҳам олисларда ишлаб юрибдилар. Худо хоҳласа, оз қолди, яқин орада ҳаммамиз бирга яшаймиз. Кейин дадангни ҳам ҳеч қаерга қўйиб юбормаймиз! Майлими?- Болалари бараварига қувониб -қийқириб, хоналарига кириб кетишди. Уларнинг ортидан мамнун термулиб қолган Саодатхоннинг киприкларини икки томчи ёш нам қилди. Бу-шукроналик ёшлари эди...

ФАРЗОНА

 

 

 

Само эшикларидан бошқа...

 

 

 

Салафи солиҳларимиздан бири: “Шундай гуноҳлар борки, уларни фарзандларга қилган ғамхўрлик билан ювиш мумкин бўлади”, деган экан. Бу тўқилган ёки қандайдир афсона эмас. Воқеа менинг ўғлим билан содир бўлди.
Рамазон тугаб, ийд ал-фитр яқинлашиш арафасида икки ярим ёшга тўлган ўғлим –  Абдуллоҳ касалга чалинганини билдим. Унинг тана ҳарорати баланд, кулмас ва аввалгидек ўйнаб-чопмас эди. Бора-бора ўғлим оддий шўхлик ва ўйинқароқлигини ҳам йўқотди. Оза бошлади, кўриш қобилияти ҳам сусайиб, гапирса гапларини зўрға тушанадиган бўлдик. У ўзи билан ўзи, пана жойда қолишга интиларди.
Биз шифокорга мурожаат қилмасдан ўзимиз компресс ва турли хил иситма туширадиган воситалар билан даволашга уриндик. Бироқ иситмасини тушира олмадик... Бошқа мулоҳазаларга ўрин ҳам, вақт ҳам қолмади. Шаҳримиздаги барча поликлиникалар байрам туфайли ёпилганди. Кутишга вақт йўқлигидан ўғлими тез ёрдам бўлимига олиб боришга мажбур бўлдим. Уни қўлимга олиб, аёлимни тинчлантириш учун:
– Болалар тез-тез касал бўлиб, тезда шифо топиб кетишади. Қўрқма ва Аллоҳ таолога таваккал қил!
У бизни кузатаётганида безовталигини сезиш қийин эмас эди. Кўзларида унсиз савол қотиб қолганди.
Кўчада ҳаракатлар ҳаддан ташқари кўп эди. Шифохонага етганимизда кўча чироқлари ҳам бизнинг ташрифимизга ҳайрон бўлди, гўё. Ичкарига кириб, бошқа дунёга тушиб қолгандек бўлдик. Бу дунёда ҳар қандай кибр ва манманлик йўқалар экан. Дунёнинг одамлари жуда заифдир. Ана улар бошини қуйи солган ҳолда юрибди. Биттаси қорнини ушлаган, унинг инграши эшитилмоқда. Жуда кўп жароҳат олганлар ва жуда кўп қон... Тез ёрдам машинасининг овози эшитилди ва бир неча дақиқа ўтар-ўтмас касални олиб  киришди. Одам саломатлик нималигини бу ерга келмасидан аввал тушунмас экан...
Касал ва улар чекаётган азобларни кўрмасдан Аллоҳ таоло ато қилган сиҳат-саломатлик неъматининг қадрига етиши қийин экан! Жуда кўп касалларни кўриб, ўзимни ўзим тинчлантирдим ва ҳатто ўғлим касал эканлигини унута бошладим...
Шифокор унга кўп дориларни ёзиб берди. Шифохонадан чиққач соғлик қандай неъмат- эканлигини ҳис қилдим. Эртаси куни Абдуллоҳнинг ҳолати озгина яхшилангандек бўлди. Бироқ дорилари тугаб, ҳарорати яна ошиб кетди.
Биз яна шифокор ҳузурига бордик. Кўзларимдаги ташвишни пайқаган ва ўғлимнинг касаллиги ҳақида айтиб берган сўзларимни тинглаган шифокор менга: “хавотир олманг!” – деди ҳамда яна ўтган сафарги дориларни ёзиб берди... Биз хурсанд бўлдик. Бироқ касаллик чекиниш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмасди. Беш ҳафта ичида уни назоратда ушлаб туришди. Аммо буларнинг биттаси ҳам тинчлантирадиган аниқ натижани кўрсатмади. Мен ва аёлим тамом бўлдик. Бизнинг суҳбатларимиз фақат бола иштаҳасини йўқотди, озиб кетди, ҳаракатлари секинлашди ва суякларидаги оғриқлар ҳақида эди...

Аёлим бир куни унинг териси сарғаётганини сезиб қолди. Мен махсус шифохонага бордим. Шифокор Абдуллоҳни диққат билан кўздан кечирди ва жуда кўп саволлар берди. Шифокор кузатувидан сўнг:

– Болани касалхонага ётқазиш керак ва батафсил текшириш ўтказиш лозим, - деди.
Бу сўзлардан қандайдир нохушликни ҳис қилдим. Мазкур касалхонада яна бир кун қолишимизни тушундим... Мен ўғлимни бағримга босиб палата олиб бордим. Унга укол қила бошлашди... Кичкинтойим эса, мени ҳимоя қилишимни ўтиниб сўради. Нима ҳам қила олар эдим! Мен фақат унинг кичкина қўлларини янада қаттиқроқ ушладим. Абдуллоҳ бақиришни бошлади, унинг қалбидан инграш отилиб чиқа бошлади, қўлларим унинг кўз ёшларидан хўл бўлиб кетди. Бироқ мен уни маҳкам ушлаб туришда давом этдим. Кўз ёшлар қуйидаги саволларга тўла эди: “Бунчалик золим отамисиз?” Бундай унсиз саволни эшитган юрагим тўхтаб қолай деди... “...сенинг кўз ёшларинг, эй суюкли ўғилчам, арслоним менинг инграган қалбим денгизи олдида бир томчидир! Суюкли ўғлим, мен тошбағир, шавфқатсиз, бераҳммасман, юрагим ҳам тошдан эмас!” деган садолар қалбим тубидан отилиб, дудоқларимда такрор-такрор эди...

Жуда кўп анализлардан кейин биз Абдуллоҳнинг касали қонида эканини билдик. Ўғлимнинг касали шиддат билан зўрайиб, ҳатто ўтиришга ҳам мадори қолмади. Унинг паришон нигоҳи менга тикилган: “Дада, қачон бу ердан кетамиз!”

Шифокорнинг ўз ҳамкасби билан бўлган суҳбатидан кейин ўғлимнинг соғайиб кетишига бўлган умиди саробга айланди. Шифокори айтишича, Абдуллоҳ озиб-тўзганлиги туфайли  унга қон қуйиб ҳам бўлмас экан. Қон қуйиш унга ёрдам бериши мумкин эди!

Кунлар қотиб қолгадек гўё... Ўғлимнинг нури сўна бошлади.

Шифокор кичкинтойим илигидан (инсон қонининг фабрикаси) анализ олиш ҳақида қарор қабул қилди. Мен сўзсиз рози бўлдим. Бироқ кичкина ва нозик ўғлимга нигоҳим тушиб, қалбимдан нола, фарёд, фиғон ва бир зорланиш отилиб чиқди. Ўғлимнинг бошини силар эканман, қўлларим билан оғриқларини, азобланиб қийналишларини даф қилишни истар эдим. Наркоз таъсир қила бошлади. Шифокорлар илигидан текшириш учун ундан намуна олишди. Пробирка шишаларини эҳтиёт билан бағримга босиб, хусусий клиникага олиб бордим. Кўзларимда ёш қолмади, юрагим эса кўксимдан ёриб чиқаман дейди! Мен ўғлимнинг қимматбаҳо бир парчасини ва анализ деб ёзилган конвертни бераётганимда қалбимда умид учқуни пайдо бўлди. “Балки, ушбу анализ натижалари ўғлимнинг азоб-уқубатларига чек қўяр?”

Кутиш дақиқалари узоқ давом этди. Юрак уриши соат чиққиллашини ҳам ортда қолдириб, ундан ўтиб, ўзиб кетди. Менда бошқа ҳеч нарса ҳақида ўйлашга куч қолмади. Телефон жиринглади... Ўғлимнинг соғ экани ва шифо топишини эшитиш умидида трубкани кўтардим. Кўз олдимга ўғлимнинг чеҳрасини, кичик қўллари билан мени силаётганини, ўпаётганини келтирардим...

Бироқ менинг ўй-хаёлларим парча-парча бўлди. Шифокор трубкада мудхиш сўзни айтди: - Ўғлингиз саратон (рак) касалига чалинган... Менинг умидларим бир зумда яксон бўлди. Томирларимда қоним қайнаб кетди. Бу мудҳиш сўзлар ҳамон қўлоғимда қотиб қолган ва бу мен учун қаттиқ зарба бўлганди. Кўзларимдан ёш қайнаб чиқа бошлади. Аммо мен ҳаётимнинг бошқа вазиятларида бўлгани каби қўлларимни кўтариб, “Аллоҳу акбар” дейишга қаердандир куч топа олдим. Дунё кўзларимга қоронғу бўлиб кетди, оёқларим уюшиб, ердан узилай деди. Мен ўзимни қирғоққа тушиб қолган балиқдек ҳис қилдим. Шу дақиқаларда каминага ҳаво етмай қолган эди. Гўёки, менга олдимдаги барча йўллар ва эшиклар ёпилган. Лекин олдимда ҳеч қачон ёпилмайдиган эшик борлигини эсладим. Бу само эшиклари эди. Ўзимда топилган матонатимдан хурсанд бўлиб кетдим. “Ҳа, Алҳамдулиллаҳ, Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун” (Биз Аллоҳникимиз ва Аллоҳга қайтувчимиз), дея нажот берувчи фикрларни айта бошладим.

Ўзимни енгишга куч топиб, жойимдан турдим ва уйдан ташқарига чиқдим. Жавоб бера олмайдиган, юзлаб саволлар хаёлимга келар эди. Яқинда кичкинтойимдан умрбодга ажрайманми? Бу ҳақида унинг онаси ва акаларига қандай айтаман? Қалбимни тилка пора қилаётган саволлар яшин тезлигида калламга келар эди. Тўсатдан шундай ўй келдики, у мени хаёллар оғушидан ўзимга келтириб қўйди.

Ҳиссиётларим олғов-далғов бўлиб кетди. Оёғимда зўрға турар эдим, бироқ турли хил жумла бўлакларидан унга айтишим учун сўз топишим лозим эди.

Она билан бола бир-бирини қучоқлаб олишган эди.  
- Қани, бизни хурсанд қилинг-чи! – деди қувонч билан жуфти ҳалолим. – Натижалар қандай экан?

...Унга нима деб жавоб қилай?! Тик турган ҳолда гангиб қолдим. Лекин унга бирон нарса дейишим керак эди...

- Балки, Абдуллоҳни пойтахтга олиб бориш керакдир? – дедим ишончсиз оҳангда. Осон бўлмаган ҳозирликлардан кейин кичкинтойимизни Ар Риёдга олиб келдик. 

Эртага ийд Қурбон байрами. Бир байрамдан иккинчи байрам ҳам кириб келди. 
- Байрам нима билан сен ташриф буюрдинг? Сабр қил ва Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани ҳисоб-китоб қилишини ёдингда тут! – дердим ўзимга-ўзим. – Аллоҳ таоло нимани тақдир қилган қилган экан, албатта шу бўлади!

Мен Аллоҳ таолога холис банда бўлиб, ихлос билан дуо қиларканман, ундан нажот излар эдим. Байрамнинг иккинчи куни. Ҳаммаёқда болалар кулгиси янграр. Байрамнинг ёқимли ғам-ташвишлари ҳақидаги суҳбатлар. Барчанинг оғзида байрам табриклари...

Кичкина Абдуллоҳгина бу ҳодисаларга бефарқ. Касаллик унинг суякларини букиб қўйган. Кичкинтойим ҳаракат қилишдан ҳам маҳрум. Ёнида эканимга ишонч ҳосил қилиш учунгина кўзларини зўрға очиб қўяди?! Оҳ, унинг болаларча таажубли нигоҳи!!

Кўз ёшимни артиб, кўрганларимдан кўзимни олиб қочаман, кўз ёшларим ўша ҳолатим ҳақида очиқ гапираётгандек, гўё. Мендан кимё терапия нима деб сўрарсиз? Бу даволаш усулини бир тасаввур қилиб кўринг-а! Хатарли ҳужайраларни йўқ қилиш учун игна санчилади. Бироқ улар билан нормал ҳужайралар ҳам ҳалок бўлади. Даво муддати жуда узоқ ва жадал, тахминан уч йил давом этади...

Даволашнинг биринчи ойи. Ўғлим шифохонада даҳшатли касаллик билан курашиб, кимё терапия бераётган азобларга чидаб бир ой ётди... Ҳолати яхши тарафга ўзгариб, юришни бошлади бироқ жуда секин ва дадилсиз. Шифокор унинг бошида уйқусиз навбатчиликда турганимга раҳми келгандек, уни уйга олиб кетишимга рухсат берди. Уйда эса онаси ва акалари кутишмоқда.

Мен ўғлимни олиб кетдим. Қалбимда эса, ҳасрат ва андуҳ. Кичкинтой ўлим билан олишмоқда, онаси эса – ғам билан, отаси эса – ҳаёт учун. Кичкинтойим кўзларида эса, “Мени яна, қаерга олиб кетмоқдасиз, дада? Ўғлингизни қўлингизда кўтариб чарчамадингизми, ахир? Энди қаерга борамиз? Бошқа шифохонагами ёки уйгами? Мен онамни соғиндим”, деган маънода савол ёзилган эди.

Биз уйда икки ой бўлдик. Аммо касаллик бизни яна Ар Риёдга қайтишимизга мажбур қилди. Такрор таҳлил қилинди ва натижалардан мамнун бўлдик. Лекин хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Ўғлимнинг аҳволи яна ёмонлаша бошлади. Унда яна саратон ҳужайралари пайдо бўлибди. Даволаш курсини такрор қилишга эҳтиёж туғилди. Шифокор, сўнгги таҳлиллар натижасини кўриб, кўнгли ғаш оҳангда:
- Агар сиз қарши бўлмасангиз, яна даволашни бошласак. Ёки уни ўзингизга олиб кетинг, Жиддага олиб бориб, даволатинг.
- Албатта, яхшиси у ёққа олиб бораман, деб жавоб қилдим. Таҳлил натижалари ёзилган қоғозларни олиб, шифохонани тарк этдик. Доим шифокорнинг, “Ўғлингиз даволаш курсини тўлиқ олиши керак! Унинг ҳолати хавотир уйғотмоқда”, деган сўзи таъқиб қилар эди.

Мен барча шифохоналар эшигини қоқиб чиқдим. В аяна ўғилчам уколлардан азобланиши бошланди... Хатто катта одамлар ҳам бундай азобларни кўтара олмаслиги мумкин! Унинг нозик баданида укол санчиш учун соғ бўлган жойни топиш мушкул бўлиб қолди...

Шубҳасиз, Абдуллоҳ оиласини соғинар эди. Чунки кўп вақтдан бери онаси ва акаларидан узоқда. Яқинлари ва қариндошлари ўрнига у энди фақат шифокорлар билан бирга алоқа қилмоқда. Шифохоналарда нималар бўлаётганини жуда яхши биладиган бўлиб қолдим. Бу жойлар менинг доимий қароргоҳимга айланди. Ўғилчамнинг инграши, кўз ёшлари ва уколлардан қочиши қалбимга қаттиқ санчилар эди.

Ўғилчам азобдан ҳимоя қилишимни истар эди. – Ўғлим мен нима қила олардим? Бу менинг измимдаги нарса эмас! – деб жавоб беришга ярардим, халос. Қарасам мен само эшикларидан бошқа барча эшикларни қоқиб чиққан эканман. Кўзим очилиши вақти келди.

“Ёки муздар-ночор одам дуо қилганда ижобат этиб, унинг мушкулини осон қилган ҳамда сизни ер юзида халифа қилган зот яхшими?! Аллоҳ билан бирга бошқа илоҳ борми? Қанчалик оз эслайсизлар-а?!” (“Намл” сураси, 62-оят)

Бахтим экан, айнан шу вақтда тасодифан Қуръони Карим ёрдамида касалларга шифо топишга ёрдамлашаётган шайх ҳақида эшитиб қолдим. Баъзи дўстларим албатта унга мурожаат қилишини маслаҳат қилдилар. Алҳамдулиллаҳ, Қуръони Карим шифо топишга ёрдам беради. Бироқ замонавий тиббиётдан қандай ҳам воз кеча оламан? Само эшикларини қоқиш биланми?

Мен истиҳора намозини адо қилишни ният қилдим. Зора Аллоҳ таолонинг ўзи тўғри йўлни кўрсатар ва ўғилчам шундан шифо топар? Ўша кеча тушимда денгиз ёқасида баланд тўлқинларга боқиб турган эканман. Узоқда кичкина оролча кўринар, тўлқин эса унга етолмаяпти. Шу маҳал денгиз тубида чуқур пайдо бўлади ва унинг юмшоқ лойидан денгиз қисқичбақаси (рак) ўрмалаб чиқади ва кўздан ғойиб бўлади.

Эрталаб, кўнглим ғаш ҳолатда уйқудан турдим. Тушимни яқин дўстларимга айтиб бердим. Уларнинг таъбири қийналган қалбимга малҳам каби ёқиб тушди. “Хурсанд бўлавер! Бу яхши туш, инша Аллоҳ” Чунки “лой” – одам боласи, қисқичбақа (рак) эса Аллоҳнинг амри билан ундан кетади.

Уларнинг таъкидлашлари менга хотиржамлик ато этди. Абдуллоҳга Қуръони Карим тиловати қилиши учун дарҳол ўша шайх олдига боришга қарор қилдик. Шайх эшиги олдида жуда кўп меҳмонлар бор эди. Шунга қарамай менда хотиржамлик ҳисси устун эди. Кутаётганлар бир-бирларига шифо топганлар ҳақидаги турли хил воқеаларини айтиш билан вақт ўтказишарди.

Умид учқунлар пайдо бўла бошлади. Шайх ўғлимга Қуръони Каримдан тиловат қилди ва ҳафтада уч марта келиб туришим лозимлигини айтди. У менга ўзим ҳам ўғлимга керакли бўлган оятларни ўқишимни тавсия қилди. Орадан уч ҳафта ўтди. Абдулллоҳнинг ҳолати яхши тарафга қараб ўзгара бошлади. Шайх олдига келадиган кунимиз Ар Риёдга келардик ва шу куннинг ўзида Жиддага қайтардик.

Уч ҳафта ўтиб, Қуръони Карим билан даволаш муддати ҳам тугаб қолай деди. Мен эса, шифохонага қайтишни ўйлай бошладим. Бироз кутишга тўғри келди. Сабаби, бўш жой йўқ экан. Менга тезда қабул қилишларини айтишди. Боиси, фарзандимнинг ҳолати оғирлигидан бир дақиқа ҳам ғанимат экан. Бир неча кун ўтиб шифохонадан қўнғироқ қилишди. Таҳлил олиш учун ўғилчамни у ерга олиб боришим кераклигини эслатишди. Ҳар доимгидек иккаламиз Ар Риёдга келдик ва биз учун муҳим бўлган анализларни олишди. Сўнгра бутун оиламиз билан бир ҳафта анализ натижаларини интизорлик билан кутдик.

Барча гап-сўзларимиз фақат анализ ва унинг натижалари атрофида айланар эди. Ҳафта сўнггида барча ишларимизни йиғиштириб қўйдик. Ниҳоят, ҳафта ҳам тугади. Оёқларим мени орқада қолдириб, мендан ўзиб борар эди. Яхши хабар эшитишимни бутун ич-ичимдан ҳис қилардим. Шифокор ҳузурида унинг ҳар бир сўзини диққат билан тингладим. Жавоблари эса қалбимни остун-устун қилиб юборди. Ақлим, қалбим ва юрагим тинчланди. Ўғлим касал бўлган, ҳасрат ва ғамларга тўла кунларимда бу қувончли кун ҳақида ҳатто орзу ҳам қилмагандим. Ўғлимни ўпиб, кўз ёшларини артиб, бағримга босиш учун уни излай бошладим. Шукрона намозини адо қилиш истаги қалбимдан отилиб чиқди. Аллоҳдан ўзга ким ҳам бундай улкан ҳамду санога лойиқ?!

Шифокорнинг айтишича, ўғлим қонида икки милллиард саротон ҳужайралари аниқланган. Бугун эса уларнинг биттаси ҳам қолмаган экан. -  Бу касалликнинг яширин кечиши деб айтилади. Яъни, анализда хавфли хужайралар борлигини аниқланмади. Бироқ, ўғлингиз мутахассислар назоратида бўлиши керак, деб мени огоҳлантирди. Мен тезда ва қувончли хабарни аёлимга айтиш учун телефон қидира кетдим.

“Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, У бизни Ислом ва Қуръон билан шарафлади! Узоқ ва қайғули кунларда қанча-қанча кўз ёшларим тўкилди. Бироқ, бу сафарги ёшлар қувонч ва миннатдорчилик кўз ёшлари эди. Қуръони Каримнинг: “Биз уларга ҳам уфқлардаги, ҳам ўз нафсларидаги оят-белгиларимизни кўрсатамиз. Токи уларга Унинг ҳақлиги равшан бўлсин. Сенинг Роббинг ҳар бир нарсага шоҳид эканлиги кифоя қилмасмиди?!”, деган жойи ёдимга келди. (“Фуссиллат” сураси, 53-оят)

Мен, ўғилчам ва оиламиз Аллоҳ таолонинг: “Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз”, деган сўзларининг гувоҳи бўлмадикми, ахир. (“Исро” сураси, 82-оят)

Абу Муслим таржимаси

 

 

 

Сиздайини топмадим...

 

 

 

Фазлиддин  дўсти Самарнинг ишхонасига қўнғироқ қилмоқчи бўлиб, рақам терди. Ҳар сафар гўшакдан ўртоғининг дағал, савлатли овози эшитиларди, бу гал қиз боланинг мулойим, қўнғироқдек жарангдор товуши келди:
- Алло, ассалому алайкум.
- Ваалайкумсаалом, кечирасиз... менга Самаржон керак эдилар..- Фазлиддин даставал бу гўзал товушдан эсанкираб қолди-ю, кўп ўтмай ўзини қўлга олиб, дўстини сўради.
- Кечирасиз, бу ерда унақа одам йўқ. Сиз бошқа жойга тушдингиз. Хўп, хайр.- Фазлиддин бу жойнинг қаерлигини сўрашга улгурмай, қиз хайрлашиб гўшакни жойига илди. Йигит бир муддат мулойим овоз сеҳридан маст бўлиб, ширин энтикиб қўйди ва қайтадан рақам териб, дўсти билан боғланди. Салом аликдан кейин, олдинроқ унга қўнғироқ қилмоқчи бўлиб бошқа жойга тушганини, овози ниҳоятда чиройли бир қиз гўшакни кўтарганини айтди.
- Ҳа, сен мактабга тушган бўлишинг мумкин. Бир мактабнинг телефон рақами билан менинг хонамдаги телефон битта сонда фарқ қилади. Ўша мактабга қўнғироқ қилмоқчи бўлганлар ҳам менга тушиб қолишади. Аслида  нечанчи мактаблигини ҳам ўша адашиб тушганлардан билиб олганман. Ҳа, хўп, уни қўй, нима янгиликлар? Бир улфатчилик қилмаймизми-а?
Фазлиддиннинг қулоғига дўстининг гаплари деярли кирмас, хаёлларида ўша мулойим товуш, жарангдор овоз қайта-қайта янграётган эди. Жўрасига нима деди, нима қўйди тузук-қуруқ фаҳмлаёлмади-ю, шошилганча хайрлашиб, гўшакни жойига қўйди. Бир кўнгли ўша рақамга қайта боғлангиси келди, бир кўнгли истиҳола қилди. Қайта-қайта гўшаккка қўл юбориб, қўлини тортди. Тассаввурида гўшакдан таралган овоз соҳибасининг суратини акс этттира бошлади. Унинг назарида чорак соатлар олдин унинг қўнғироғига жавоб берган қиз ниҳоятда гўзал, ўрта бўй, дуркун танаси ўзига ярашган, ой каби тиниқ юзларига қуюқ киприкларининг сояси тушиб, қирмизи ёноғидаги бир дона  холи қараган кўзни шайдо қиладиган даражада гўзал. Йигитнинг кўнглини рашк ўртай бошлади: ”Самар,  менга қўнғироқ қилмоқчи бўлганларнинг кўпчилиги унга тушиб қолади, дедими? Ўша қўнғироқдек мулойим, дилга ажиб ҳислар титроғини уйғотгувчи овозга маҳлиёлар ҳам талайгинадир?!.. Бўлса бордир, менга нима? У қизни кўрмаган бўлсам, танимасам. Балки бировнинг севган ёридир у. Балки аллақачон турмушга чиққан, эри, фарзандлари даврасида бахтиёр юрган аёлдир. Ҳа, бўлиши мумкин, мана ўзимизда ишлайдиган Севара опа, ўзи нақ етмиш кило пахта солинган қанорга ўхшайди, аммо телефонда овозини эшитган одам, худди ўн олти яшар қиз билан суҳбатлашгандай овозига мафтун бўлади-қолади. Уям шунақалардандир-да...” Бир бошида минг хаёл чувалашар, гарчи кўнгли, нотаниш овознинг қиз болага, жуда кўҳли қиз болага тегишли эканини ҳис этса-да, барибир аллақандай қарама-қарши хаёллар юрагини ўртар, ўз-ўзидан қўли ишга бормай,  у билан гаплашгиси келаверарди...
*                         *                    *
Фазлиддин  қўшни вилоятдан келиб уларнинг шаҳрида Университетда ўқиётган, дарсидан кейин  мактабда лаборант бўлиб ишлайдиган Нодира билан шу тариқа танишган эди. Телефондаги узундан узоқ суҳбатлар, хаёлан бир-бирининг кўнглидаги туйғуларни ўқиш, кўзлар учрашмай туриб дилларнинг талпиниши ва Фазлиддиннинг ўтинишлари самараси улар учрашишга келишишди. Нодира жуда хаёлпараст, самовий қалб эгаси бўлгани учунми, ҳар гал  Фазлидиннинг хаёлига келмаган бир таклифни айтиб  йигитни лол қолдирарди. Учрашув борасида ҳам  шундай бўлди: Нодира ўша пайтлари анча машҳур бўлган бир ҳофизнинг пойтахтда концерт бераётганини айтиб, агар Фазлиддин истаса, ўша концерт олдидан Тошкентда учрашишларини айтиб қолди. Йигит аввалига бу ғалати таклифдан ҳайрон бўлган бўлса-да,  қизнинг феълини яхши билгани учун индамай таклифни қабул қилди. Келишувга асосан улар  концерт бўладиган бино яқинидаги хиёбонда, тадбирдан бир соат олдин учрашадиган бўлишди. Ўшангача йигитнинг хаёлида минг бир ўй чарх урди. Бир хаёли, қизи тушмагур, бирор дугонасига мени йўлиқтириб боплаб кулги қиладими, деса, яна бир хаёли, Тошкент-Самарқанд қилиб юраманми, шундоқ факультетига ёки ишлаётган мактабига бориб кўриб кела қолсам-чи, деб ўйларди. Аммо Нодиранинг:
- Агар мактабга ёки ўқишимга мени излаб борадиган бўлсангиз, умуман сиз билан гаплашмай қўяман. Қаттиқ ранжитасиз, мени, - дегани эсига тушиб, ноилож ўша  ҳофизнинг концерт берадиган кунини интизорлик билан кута бошлади...   
Ниҳоят орзиқиб кутилган учрашув кунлари етиб келди.  Фазлиддин  эрта тонгдан сафар ҳаракатига тушди. Соқол олаётиб хаёлнинг минг бир туйнугига бош суқиб чиқди. Негадир оёғи ҳам ўша сафарга тортмайроқ турди. “Бормайин қўйсам-чи? Бирор ишим чиқди, дейман... Йўқ, ёлғончи экан, деб мендан кўнгли қолса-чи? Ваъдага вафо қилиш керак. Нега бунақа бўляпти менда?! Ахир уни ҳали кўрмаган бўлсам. Уни ўйласам чап томонимга санчиқ киради, юрагим борлигини ҳис этаман. Нодира... Наҳот уни бир бора кўрмай туриб, севиб қолган бўлсам?!...”
Фазлиддин йўлга чиқди. Йўл бўйи турфа хил хаёллар исканжасида келган бўлса-да, манзилга етган сари юраги энтикиб, анчадан бери дийдорига зор юрган қадрдони  ҳузурига ошиқаётгандек борлиғини алланечук ширин ҳаяжон эгаллади...
Белгиланган жой. Айтилган вақт. Фазлиддин ён-верига аланглаб, тасаввурида суратларини чизган ўша малакни қидиряпти. Ҳали концерт бошланишига ваҳли эканига қарамай, қўл ушлашиб олган йигит-қизлар, тўп-тўп бўлиб писта, музқаймоқ, бодроқ кабиларни эрмак қилаётган ёш-яланглар, эр-хотинлар, умуман  концертга тушиш орзусида келганлар санъат саройи атрофида юрибди. Бир пайт оппоқ кийим кийган, сочлари сарғишга мойилроқ, ойдин юзли, қош-кўзлари қора, тўлагина қомати ўзига хўп ярашиб турган бир қиз Фазлиддиннинг қаршисига келиб жилмайган кўйи қўл узатди:
- Ассалому алайкум, сиз Фазлиддин акасиз-а? Мен Нодираман.
- Ваалайкум салом...- йигит кўз ўнгидаги сулувга ҳайрат ила тикилган куйи унинг оппоқ, момиқ қўлларини сиқиб қўйди. Қиз худди ўзи ўйлаганидек, ҳатто ўйлаганидан ҳам юз чандон зебо эди. Ёноғидаги холи ҳам Фазлиддиннинг тасаввурини ёлғонга чиқармади. Йигит бир муддат бу мутаносибликдан ўзига келолмай турди-да, сўнг нимадир дейиш кераклигини эслаб:
- Яхши келдингизми, Нодирахон?-деб қўйди. Салом-алик, ҳол сўрашлардан кейин ўз-ўзидан суҳбатлари қовушиб кетди. Мажнунтол остидаги мармар зина уларга ўриндиқ вазифасини бажарди. Икковлашиб ўша зинага ўтирволиб, дунёнинг у бурчагидан, бу бурчагигача хаёлан сайр қилишди. Гурунгга шунчалик берилиб кетишларидан ҳаттоки, Нодиранинг бир дугонасига илтимос қилиб, олдирган билетлари ҳам унутилди.  Концерт бошланиб, одамлар кириб кетишгач оралари яқин бўла туриб, айнан Тошкентда кўришганларини, ишлаётган мактабига, ўқишига излаб боришга рухсат бермаганининг сабаби  билан қизиқди. Қиз бироз жим турди-да, кутилмаганда бошини Фазлиддиннинг елкасига қўйди:
- Фазлиддин ака, биласизми, танишганимизга эндигина ўн кун бўлди-ю, бир-биримиз учун ўн йиллик қадрдонлардек яқин бўлиб қолдик.  Биласизми, мен ҳали бирорта йигит билан бунчалик яқин муносабатда бўлмаганман. Сиз билан танишган илк кунданоқ кўнглимга яқин инсонни учратганимга амин бўлдим. Сизни-ку билмадим, аммо мен шу ўн кун ичида анча нарсани ўргандим. Кўп нарсани... – Фазлиддин қизнинг гапларини эшитаркан, юраги энтикиб секингина сўради:
- Нималарни ўрганганингизни билсам бўладими?
- Вақти келиб билиб оларсиз...- Қиз маъюсгина жавоб қилди.- Хуллас, Фазлиддин ака, мен ўқишимни ўзимизнинг вилоятга кўчирдим. Энди у мактабда ишламайман. Шунинг учун ҳам мени излаб боришингизга рухсат бермадим. Мен ҳақимда кимларгадир нотўғри хаёллар уйғонишини истамадим. Кетганимдан сўнг, “ҳа у қизми, э, ўзи сал  бундайроқ эди”, дейишларидан қўрқдим...- Йигитнинг кўксига бир лахча чўғ тушгандай юраги ловуллаб кетди:
- Нега кетасиз? Нимага ўқишингизни кўчирдингиз?
- Билмадим. Тўғриси ўзимизнинг вилоятда икки йил шу факултетга киролмагандим. Сизларнинг шаҳрингизга боргандим, омад кулиб боқди. Дугоналарим, яқинларим,  опам, укам ўзимизнинг вилоятимиздаги Университетда ўқишади. Э, қисқаси ўқишимни  ўзимизга ўтказиб олдим-да...
Улар анча гаплашиб ўтиришди. Кейин қиз бугун дугонасининг  квартирасида қолиб, эртага уйига кетишини айтди. Фазлиддин эртага ишга чиқиши керак эди. Ҳозироқ ортига қайтиши кераклигини билдирди. Хайрлашаётганларида йигит хиёл эгилиб, қизнинг тип-тиниқ юзидан бўса олди. Кейин ёшланган кўзларини қизга кўрсатмасликка тиришиб, орқасига шарт бурилди-да жўнаворди. Ортига қарашга юраги бетламай нам киприкларини артганча таксилар тўхайдиган жойга қараб кетаётган Фазлиддин, ортидан ўксиб-ўксиб йиғлаганча термулиб қолган Нодирани пайқамасди...
*                 *                        *
Ўша учрашувдан кейин икковлари ҳам бир-бирларига тамоман боғланиб қолишганини ҳис этишди. Орадан икки ойча вақт ўтиб Фазлиддин қизни излаб у яшайдиган вилоятга борди. Кичкина қаҳвахонда дийдорлашиб, ортига қайтди. Ундан кейин яна бир неча бор учрашишди. Негадир ҳар сафар учрашувдан қайтаётганида Фазлиддин кўз ёшларини тиёлмас, ҳар гал Нодира билан хайрлашаётиб, энди тез-тез келаман, учрашув онлари бунча узайиб кетмайди, деб аҳд қиларди-ю, барибир нимадир бўлиб кўришишлари  яна олислаб кетарди...
Охирги сафар учрашганларида Нодира уни ёшли кўзлари билан қаршилади. Алақ-жалақ тушларидан чўчиб, севганидан хавотирланиб у томонга ошиққан Фазлиддин, қизнинг гапларини эшитиб тахта бўлиб қолди:
- Фазлиддин ака, энди бошқа учрашмаймиз.... Мени унаштириб қўйишди... Ахир иккимиз ҳам бу ҳақиқатни билар эдик-ку! Иккимиз ҳам масофа узоқлиги боис айрилишимизни билар эдик, шунақами? Энди бир-биримизга бегонамиз. Мен сизни бир лаҳза ҳам унутмайман! Худодан ҳамиша бахтингизни сўрайман! Агар Аллоҳ ёрлақаб, ўғил фарзанд кўрсам албатта сизнинг исмингизни бераман. Майлими?
Фазлиддин севгилисининг кўзларига қараб фақат ёш тўкди. Тўғри, у ҳам бу ҳақиқатни биларди; улар кун келиб айрилишларини, ота-онаси ўғлини ҳеч қачон узоқдан уйланишига рози бўлмагани каби, Нодиранинг ҳам ота-онаси қизини бошқа вилоятга узатмасликларини биларди. Гарчи бир-бирларини жон қадар севиб, ардоқлашса-да, ҳеч қачон икковлари ҳам турмуш қуриш борасида ваъдалашмаган эдилар. Аммо... Фазлиддин Нодиранинг хаёли, унинг муҳаббати, садоқати билан яшаб юрган кезлари кун келиб ана шу аччиқ ҳақиқат олдида забун қолишини ўйламаган экан...
Кўз ёшлар ёмғири остида хайрлашишди. Хаёлларда дийдорлашишга, тушларда висол шаробидан қонишга, Маҳшар куни албатта бирга бўлишга аҳдлашиб хайрлашишди. Сўнг... иккиси ҳам ўз йўлларида давом этишди.
Фазлиддин ваъдасига вафо қилди. Ўша изтиробли учрашувдан кейин Нодирани безовта қилмади. Унга бахт тилаб, хаёлларида дилдан суҳбатлашиб юраверди. У тенгилар, дўстлари, жўралари бирин-кетин уйланиб фарзандли бўлишди, аммо негадир Фазлиддиннинг ҳеч уйлангиси йўқ эди. Ота-онаси зўрлаб, койиб- уришиб  ҳали у қиз билан, ҳали бу қиз билан учраштирар, Фазлиддин эса, учрашаётган қизларидан Нодирадан топганларининг юздан бирини ҳам тополмас, йиллар эса шафқатсиз вақт қиличи остида югуриб ўтаверарди. Ана шундай шошқалоқ йиллар Фазлиддинни ўттиз бешга етаклаб қўйди. Ҳали ҳануз у бўйдоқ, тенгини топмади. Баъзан тенг-тўшларининг аёли, болаларини кўрса юраги энтикиб, кўз олдига  Нодираси келади. “Ҳозир боласи улғайиб кап-катта йигит бўлгандир. Исмимни қўймоқчи эди, қўйганмикин?..”  Уни олисдан бўлса ҳам бир бор кўришга чоғланар, аммо севгилисига берган ваъдасини ўйлаб, қароридан қайтар эди. Умри соғинч ва интиқлик билан ўтиб кетаяпти...
*                           *                                    *
... Мармар зинада ўтириб, на ҳавонинг, на ўтирган жойининг захлигини сезмаётган, кўз ёшларини селоб оқаётган  эркакнинг нимасидир ўткинчи аёлга танишдек туюлди. Эркак бошини кўтармай пиқ-пиқ йиғлар, аёл ўзига “тегишли” бўлган, деярли ҳар куни келиб, шу жойда, шу жой билан боғлиқ ширин хотираларини эслайдиган маконда бошқа эркакнинг йиғлаётганига ҳайрон қолди.
...- Кечирасиз... Ҳалиги сизга бирор нима керак эмасми?- Аёлнинг тилига  амаллаб келган жумла шу бўлди.Шу пайт аччиқ-аччиқ йиғлаётган киши бирдан жим бўлиб қолди-да, секингина бошини кўтариб аёлга қаради:
-Нодира!? Сиз!?
-Фазлиддин ака!? Фазлиддин ака!? Наҳотки...- Эркак ўрнидан туриб аёлга ҳайрат, қувонч, ҳаяжон ва соғинч тўла кўзларини тикди:
- Бормисиз, Нодира, бу ерларда...  бу ерларда нима қилиб юрибсиз? Мен сизни жуда соғиндим... Кўргим келди... Тез-тез  шу ерга келиб тураман, сизни кўргандай бўламан. Дардларимни, гапларимни тўкиб солиб яна ортимга қайтаман.
- Бу ер менинг доимий келадиган гўшамга айланган, Фазлиддин ака.- Энди аёл ҳам йиғлаётганди.- Ҳар куни шу ерга келаман. Икки марта . Эрталаб ишга бораётганимда ҳам, келаётганимда ҳам бу ерни албатта зиёрат қиламан...
- Сиз Тошкентда ишлаяпсизми?
- Ҳа, Фазлиддин ака. Тақдир насиба шу ерларга тортди. Ишлаб юрибман...
- Болаларингиз нечта бўлди? Ўғлингиз борми?
- Йўқ...-Аёл мунгли кўзларини четга олди. –Мен билан унаштирилган йигитнинг севган қизи бор экан. Тўйдан олдин ўша қиз билан қочиб кетди. Мен иснодига чидаёлмай Тошкентга келдим. Етти йилдан бери шу ердаман...
- Нега мени топмадингиз?! Нега хабар бермадингиз? Мен шунча пайт оилангизга  халал бермай деб сизни изламагандим..
- Нима кераги бор, Фазлидддин ака, ахир сиз ҳам оила киши бўлсангиз. Турмушингизга аралашиб қолишнинг нима кераги бор? Тақдирим шу экан, чидаб, яшаб юрибман...
- Нодира, Нодира.. Эҳ, сиз... Ахир мен оила қурганим йўқ! Сиздайини тополмадим! Юрагимдаги муҳаббат, соғинч билан яшаб юрибман, ягонам!- Аёл бошини кўтариб қаршисидаги эркакка қаради:
- Чинданми, Фазлиддин ака?- Эркак тасдиқлагандай бошини ўйнатди-ю, севгилисини бағрига тортди...
Атрофни поклик ва беғуборликка ўраган ўрик гуллари узоқ айрилиқдан сўнг топишган севишганлар ишқини куйлаб рақс тушаётгандек, ошиқ-маъшуқлар боши узра чирпиррак ўйнай бошлади...

Фарзона АЗИЗ

 

 

 

Ҳозир сайтимизда битта меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ