Сайт бўлимлари
- Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
- Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
- Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
- Энг заиф уй
Muslima.Uz
Собиқ талабанинг гуноҳи
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Боши айланиб, қулоқлари битиб қолди. У хотинининг бир-бирига ёпишиб-ажралаётган лабларини кўрарди, холос. Бир муддатдан кейин кўзлари тиниб, оёғи остидан ер узилгандай бўлди. Кейин бир оз руҳи осойиш топди. У гўёки туш кўраётган эди. Оппоқ булутлар устида учиб юрганмиш. Қанотлари ҳам оппоқ эмиш. Пешвозига бир қиз чиқибди. У ҳам бош оёқ оппоқ кийинганмиш. У қизга етай-етай деганда уни йўқотиб қўярмиш. Сўнг яна олисларга учармиш, бир зум кўз ўнгида намоён бўлган қизнинг ортидан ором излаб учармиш…
- Эрингиз инфарктни бошдан ўтказганлар. Уларга имкони борича тинчлик, осойишталик керак. Ортиқча ҳаяжонланиш, сиқилишдан сақланишлари керак. Шунингдек, энди спиртли ичимликлардан ҳам тамоман тийилсинлар.- Кўзларини очганида ним очиқ эшикдан аёл кишининг мулойим товуши элас-элас қулоғига чалинди. Бир муддат кимлигини, қаердалигини билмай эсанкираб қолди. Сўнг бояги мулойим овоз энди бош устида янгради:
- Тузукмисиз?.. Кўзингизни очганингиздан хурсандман. Ортда қолгани рост бўлсин…- У хира кўзларини зўр базўр очиб руҳини аллалаган овоз томонга қаради. Қарадию… юраги орзиқиб кетди. ўша таниш овоз, таниш чеҳра ва таниш… кўзлар… Аммо таниш нигоҳ унга ортиқча илтифот кўрсатмади. Аксинча лоқайдгина, аммо хайрихоҳлик билан, бепарвогина лекин ҳамдардлик билан шифо тилаб, хонани тарк этди. У ҳозиргина тушида кўрган ҳурлиқони тўхтатишга уринар, бор овози билан ундан ёнида қолишини ўтиниб сўрамоқчи бўлар, аммо минг тиришмасин кўнглидаги туғён бўғзидан нари чиқолмади. Сўнг яна бемажол, бемадор ёстиққа чўкди. У яна қаттиқ ухлаб қолишни, тушида ўша барқут булутлар устида учишни, яна ўша соҳир товуш соҳибасига йўлиқишни ва у билан олис-олисларга учиб кетишни истарди. У кўзларини юмиб-юммай яна туш кўра бошлади. Тушида айни навқирон йигит ёшида экан. Аллақандай шаҳарда юрганмиш. Одамларга тескари юриб борармиш, ёнида ўша оппоқ кийимли, юзлари ойдин, кўзларига ғам чўккан, киприкларида ёш қотиб қолган чиройли қиз эмиш. Бир пайт қизнинг момиқ қўлчаларидан тутиб олган қўллари бўшаб, ҳавода муаллақ осилиб қолибди. У жон ҳолатда ўзини ўнглаб қизни изламоқчи бўлармишу тош қотган жойидан ҳеч жилолмасмиш…
Улар балоғатнинг нурафшон лаҳзаларида, талабаликнинг энг унутилмас, олтин дамлари бўлган пахта-йиғим теримида танишишганди. У курсдош йигитларнинг барчаси Тиббиёт институтда ўқийдиган, сочлари узун, ширмойдек қирмизи юзига ярашиқли қора холи бор, киприклари узун қизга шайдо бўлиб юрганидан хабардор эди. Пачаққина, кўримсиз, боз устига отасизликда ўсган йигитнинг ундай парирухсорларга ҳуши ҳам, иши ҳам йўқ эди. Инчунин, у ўзини ўша таърифи дунёларни тутга ҳурлиқога муносиб билмасди ҳам. Аммо… Етимликда кўп машаққату меҳнат ичида улғайган йигит, кузнинг изғирин ёмғири остида пахта терган куни иситмалаб ётиб қолди. Педагогика институтининг тўртинчи босқич талабалари ва тиббиёт институтининг иккинчи курс талабалари бир жамоа хўжалигининг шийпонию кичкинагина клубини эгаллашган эди. Йигитнинг бахтига қишлоқ дўхтирлари ёппасига бошқа туманга пахтага олиб кетилгани учун, унга жиллақурса ҳамшираликни эплайдиган тиббиёт институтининг талабаси- ўша шайдолари сочидан кўп санамни рўпара қилишди. Ҳуркак, мағрур, гўзал аммо ниҳоятда содда, самимий сулув билан танишуви ўшандан бошланганди. Кейин кўпнинг орзусига айланган малак унинг севгилисига айланди. Тунда ой нурлари остида ширин суҳбатлар, анҳор бўйларида сўзсиз термулишлар… Сўнг эса… Сўнг жиловланманган эҳтирос… Ақлни доғда қолдирган ҳиссиёт… Кейин эса…
—… Энди нима қиламиз?..- дардчил оҳангда сўради қиз.- Нега бундай бўлди ўзи?.. қайғуларимнинг чеку чегараси йўқ…- Изтироб дарёсига чўкди қиз. У индамай тураверди. Қаттиқ қаршилик қилмагани учун, эҳтиросларга тез берилгани, ўзини ўнглолмай қолгани учун қиздан нафратланди. Бошини кафтлари орасига олиб ғамбод ўтирганида қиз, маҳзун жилмайиш билан:
- Бунча чўкиб қоляпсиз? Кўп куйинманг, нари борса тўй қиламиз-да,- деди. Унинг шундоқ ҳам ловиллаб турган ғазаби баттарроқ авжга чиқди:
-Тушунмадим, қанақа тўй?! Кимга тўй?! Мен сенга қандай уйланаман?! Мени бир кўз билан, не-не умидларда боққан онамга нима дейман, ўзини асраб билмай бир кечада ихтиёрини топшириб қўйган қизга уйланаман дейманми?! Кўзимдан йўқол!- Қиз индамади. Узун сочларини танғиб қўйган дуррачасига кўз ёшларини арта-арта учрашув жойини тарк этди. Шундан кейин у қиздан ўзини олиб қочиб юрди. Қиз ҳам уни безовта қилмади. Шу кетган бўйи бошқа қорасини ҳам кўрсатмади.
Йигит ўқишни тамомлаб юртига қайтди. Онаси кўз остига олиб қўйган, оиласига кўп ёрдами теккан раис тоғасининг қизига уйланди. Хотининг қоп-қора, йўғон гавдасини қучганида, дуркун, оппоқ танада қолган қўл излари уни таъқиб қиларди. Ёнидаги аёлнинг қисиқ, кўримсиз кўзларига ҳиссиз тикилганида, меҳр билан ёниб турадиган мафтункор кўзлардаги надомат уни қарғарди. У эса парво қилмай яшайверди. Гўёки юраксиз эди. Меъдасидан сал тепароқда жунбушга келаётган туйғулари, муҳаббатини енгишга уринар, тунлари виждон сўроғига жавоб тополмай уйқусизликдан тўлғониб чиқарди. Балки юргагига ўрнашган оғриқ аслида виждон азобидир? Негаки, у бугун расмий равишда юрак хасталиги билан касалхонага тушган бўлса-да, бир неча йилдан бери чап кўксида дард симиллаётганини ҳис қилиб турарди. Биринчи марта бу оғриқни, хотинидан отаси қуриб берган уй борасидаги таънани эшитганида сезганди.
-Синглимнинг ўғли, синглимнинг ўғли, жигарим, деб, дадам мени хўп куйдирди. Яна икки гапнинг бирида, ўқимишли, дейиши-чи! Ўргилдим сиздақа ўқимишлидан, китоб қўлтиқлаб, калтак кўтариб юрасиз, чўнтагингиз қачон қарамай қуп-қуруқ! Мен етим қайниларни боқиш учун эрга текканман-да!
Кейинчалик бу дашномлар тез-тез жаранглайдиган, ҳар бир жаранги унинг кўнглига адоқсиз дард, алам ва ўкинч тўлдирадиган бўлди. У ўтмишдаги кечмиши ҳисобини беряпман, деб ўйларди. Ҳатто бир неча бор, гарчи кечиккан бўлса-да, ҳаётини изга солишга, шанғи хотин билан ажрашиб, бу юртлардан олисларга кетишга, ўша ҳаётидаги ягона муҳаббати, янглиш қадами, кўнгил хатосини излаб топишга, унинг пойида хору хас бўлиб ёлворишни, кечирим сўраб ўтинишни, агар у изн берса, кеч бўлса-да хатосини ислоҳ қилишни- унга уйланишни ҳам мўлжал қилди аммо… Ожиз ва суст иродаси унга ҳар гал панд берар, қолаверса, у ичкиликка берилиб, диёнатдан тобора узоқлашаётганди. Бирин-кетин туғилиб улғаяётган қизу ўғилларига қараб бир пайтлари ўзи қилган гуноҳини такрор ва такрор эсларди. Тўнғич қизи бир оёғи калта туғилди. Мана ўн бешга тўлибдики, ҳар куни эшикдан кўз ёшини селоб оқизиб: «эртага мактабга бормайман, ўғил болалар калака қилишади, маймоқ, чўлоқ деб ҳақорат қилишади, қизлар мен билан дугона бўлишни истамайди, энди кўчага чиқмайман» деб кириб келади. Иккинчиси ўғил, ҳарна тўрт муччаси соғлом… деб ўйлашган экан. Чақалоқ сал бундайроқ бўлган эди, шифокорлар унда тутқаноқ хасталиги аломатлари сезилаётганини айтишди. Шундан бери бола шўрликнинг умри касалхонада ўтяпти. Бор умиди учинчи фарзандидан эди… Дўмбоққина, ширингина болакай улғайгани сари унинг кемтик кўнгли тўлгандай бўлар, ҳеч бўлмаганда биттагина ўғлининг соғлом эканидан, фарзандим бор, деб элга кўрсатгули сабаби борлигидан таскин топарди. Бироқ… болакай катта бўлиб, мактаб ёшига етганида кўрикдан ўтказган шифокор, гўдакнинг кўз нурларида муаммо борлигини айтди. Сўнг у борини сарфлаб, топганини харжлаб шу ширин ўғлини даволамоқчи бўлди. Даволади ҳам… аммо боласининг тобора пастлаб бораётган кўз нури тўрт йилдан кейин тамоман хиралашиб, шўрлик болакай кимнингдир етовисиз бир қадам ҳам ташлолмайдиган бўлиб қолди. Хотини, мени қариндошга бердингиз, на болаларим соғлом, на бахтим бор, на давлатим, деб отасига ёзғирса, у ичида армон қилади: «қариндошларнинг турмуш қургани камми?! Қариндошлик дейилса, биттаси бўлар, иккитаси бўлар, уччови ҳам дард устига чипқон бўлмайди-ку! Йўқ, менинг тўрт муччаси соғлом, онасига ўхшаган гўзал фарзандим бор. Аммо қаерда у? Ким билан у? Кимни дада, деб бағрига отилади? Ўғилми у ё қизалоқ? Кимнинг ярим кўнглини тўлдиряпти? Ё валади зиносан, деб бояқиш боламни нари итаришадими? Бегона одам уни ўз фарзандидек кўролмай, болам отаси бағрига бош қўйишни армон қилиб яшаяптими? Қаерда у? Қайларда у?..» Ҳасрати ҳам, ўкинчу изтироби ҳам ичида эди. Унинг дардларидан бир Худо, бир юраги бохабар эди. Юраги уни кечиролмай бедаво дардга мубтало этиб қўйди. Худо-чи, у кечирармикан? У Яратгандан астойдил узр сўраб тавалло қилиш ўрнига, у ҳаром қилган шайтон сувини маъқул кўрди. Оллоҳга юзланиб, ундан тавфиқ, ёрлақаш ўтиниш ўрнига, вақтинчалик шайтон оромини танлади. Эртага унинг даргоҳига борганида бу қаро юзларини қайга яширар экан?!.. У-чи, у бу номардни, ҳаётини барбод қилган, кўнглини синдирган нотавонни кечирармикан?.. Кечирармикан?..
- Эртага мен тушгача ишга келолмайман. Бош шифокорнинг хабари бор, агар беморга муолажаа зарурати пайдо бўлса, дарҳол Азамат Шокировични чақирасизлар. Агар бундайроқ тадбир бўлганда бормай қўя қолардим, лекин иложим йўқ, эртага Ёдгорахоннинг коллежида ота-оналар йиғилиши бўларкан. Худо хоҳласа, эртага йиғилиш тугаган заҳоти қайтаман.- У ўша соҳир товушдан чўчиб уйғонди. Уйғондию илкис қулоғига «Ёдгора» деган исм урилди. Қулоғида жаранг берган исм, юрагида акс берди: «Ёдгора?! Нега энди Ёдгора?! У менинг қизим бўлиши керак… Менинг…бир пайтлари тан олмаган, ташлаб кетган, ҳозир бўй етиб қолган қизим… У соғломмикан?..»
Опа қизларини жуда яхши кўрадилар. Уни деб, ўгай ота қизларини хор қилмаслиги учун ёлғиз ўтиб кетяптилар.- Ҳамшира пичирлаган куйи ёнидаги навбатчи даволовчи шифокорга қаради.
- Турмушлари ҳақида ҳеч гап очмайдилар, нега ажрашишган экан-а, шундоқ сулув, оқила, мулойим хотиннинг қадрини билмаган қандай ношукр экан?!..- Унинг бошида ўтирган шифокор билан ҳамшира доктор опанинг «эр»ини тоза пўстагини қоқишди. У эса бу суҳбатдан англагани, унинг қизи ўзининг пуштикамари эканлигию, унинг танҳоликда умр ўтказаётгани бўлди. «Ҳаммасига мен айбдорман, мен. Ҳар не қарғишингиз бўлса, менга ёғдиринг, лаънатлар айтинг, мен шундай аёлни бахтиқаро қилдим…» деган сўзларни тилига кўчиролмай, хаёлида ҳайқирганча кўзларини юмган эди, яна чап кўксида аёвсиз оғриқ уйғонди. Бу гал у ҳушидан кетмади, балки кўнглининг туб-тубида шукроналик ҳисси уйғонди. Демак, унинг фарзанди бор. Соғлом, онасига ўхшаган гўзал, ақлли. У албатта бахтли бўлади. Онаси учун ҳам, бахтли бўлади…
Унинг жисми оғриқдан осойиш топди. Барқут булутлар аро учишга шайланди. Ва кўринмас қанот билан уча бошлади… Энди у ёлғиз эди… Само узра учаётган руҳи жигарбандини излаб, чор-атрофда зор айланарди…
Рухшона ФАРРУХ
Хато таъқиби
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Бир неча кундан бери Шерзод ўқишига ҳам бормай уззукун уйида қамалиб ўтирибди. Эрталаб нонуштага, иштаҳам йўқ, деб чиқмайди. Кечки овқатга дадасининг мажбурлашилари билан бирровга чиқиб, таомдан чўқиллаган бўладию, яна бир сўз демай хонасига кириб ётади. Ота-она болаларидаги бу ўзгаришдан ҳайрон:
— Ўғлингга нима бўлган, онаси? Аввалгидек ҳазил-ҳузул қилиб ўртоқларига қўнғироқ қилмайди. Дастурхонга ҳам мажбурлаб олиб келяпман, шунда ҳам чеҳрасини очиб ўтирмайди. Сабабини сўрамадингми?- Шавкат ака хотинига саволчан тикилди.
- Ўғлингиз менга сир берармиди, дадаси? Нима бўлди, деб сўрайвериб оғзим қуриди. Индамайди. Ичкарига қамаоволиб ким биландир телефонда узоқ гаплашиб ўтиради… Унингизнинг ичига кириб чиқибманми кўнглида нима гаплигини мен қаердан билай?! Ўзи шуни ўйлаб сиқилганимданми юрагим тез-тез санчиладиган бўлибди…- Гулюз опа эрининг саволидан оғринган куйи қўлини чап кўксига олиб бориб, оҳиста силаниб қўйди.
- Оббо, бу хотинларга бирор гап айтиб бўлмас экан-да, дарров бошимией, юрагимей аллақаёқларининг оғриётганини айтган гапингга важ қилиб кўрсатишади. Қанақа онасан, болангни нима муаммо қийнаётганини билмасанг!? Балки ўқишида бирор гап бўлгандир, сўраб боқ-чи, бундоқ. Айтмаяпти, деб болани ўз ҳолига ташлаб қўверасанми?- Гулюз опа эрининг гапларини ичида тан олиб турган бўлса-да, ёлғондакам араз билан қовоқ уйди. Эрини ишга кузатгач, айвон устунига суяниб хаёлга берилганди, юрагини алланечук ғашлик қоплаб, хижилланди. «Наҳотки… болам бирор номаъқулчилик қилиб қўйган бўлса?! У… никоҳсиз вужудимда пайдо бўлган эди… Боламнинг одоб-ахлоқига, юриш-туришига эътиборли эдим. Бизнинг гуноҳимиз касри уриб бирор ножўя ишга қўл урмасин, деб ҳалак эдик… Ё, Худоё, боламни ёмонликлардан асра! Дадаси иккимизнинг гуноҳимиз жавобини у бермасин. Ўзинг биз ғофилларни кечир…» Гулюз опа кўнглида шундай деб илтижо қилдию, ўҚли билан астойдил гаплашиб олишни мақсад қилиб унинг хонаси эшигининг тутқичига қўл чўзди…
* * *
Шавкат узоқдан Гулюзнинг қорасини кўриб омонат ўтирган ўриндиғидан даст туриб кетди. Қизнинг яқинлашишига ҳам сабри чидамай олдинга бир-бир қадам босди. Қизнинг тунд юзида алланечук хавотиргами, қўрқувгами ўхшаш маъно бор зуҳур эди. Ҳатто ўзига орзиқиб пешвоз чиққан Шавкатга ҳам қуруққина салом билан кифояланди. Йигит севгилисига бир муддат ҳайрон тикилиб турди-да, кейин жаҳли чиққанини овозида сездириб:
- Нима бўлди, Гули? Қовоғингиздан қор ёғмаса, биров арпангизни хом ўриб қўйдими?
- Аҳвол чатоқ Шавкат ака, тўйни тезлаштирмасак бўлмайди… Бирор ҳафтадан бери мазам бўлмай, еганимни қайт қилиб қийналиб, иштаҳам бўлмай юргандим. Бугун дўхтирга борсам, ҳомиладорсиз, деса борми!? Юрагим нақ оғзимга келди. Поликлиникадан қандай чиққанимни билмайман, дарҳол сизга қўнҚироқ қилдим.- Қиз шундай деб Шавкатга зимдан кўз тикилди.
- Тавба, шунга шунча ваҳимами, Гули? Ўзи кеча кечқурун, аямлар тўй маслаҳатига қудаларникига бориб келамизми, деб туришувди. Буёқда ўзларича тўй кунини ҳам белгилаб қўйишган, фақат сизникиларга маъқул келса бўлди. Тўй куни тезлашади. Хурсанд бўлавермайсизми, Худонинг шунчалик бериб қўйганига…- Гулюз йигитга «ялт» этиб қаради:
- Шавкат ака, мендан нима ўтаётганини биласизми ўзи?! Гапингизни қаранг, «бериб қўйганига хурсанд бўлинг»миш. Қанақасига хурсанд бўлишим керак, вужудимда валади зино ўсаётганигами ё эҳтиросларим ақлим кўзларига ниқоб тортиб қўйганими?! Шарманда бўлдимку, мен. Бу кунимдан ўлганим афзал эди.- Шавкатнинг боши эгилди, қўлларини беихтиёр мушт қилиб тугди:
- Сиз мендан шубҳадасиз-а? Тан олмайди, мени шарманда қилади, деб ўйлаяпсиз-а? Ахир унаштирилган бўлсак, фотиҳамиз элга маълум қилинган бўлса… Хомсут эмган бандамиз, ўшанда шунчаликка боришимни билганимда… Яқинда тўй қиламиз, билинмай ўтиб кетади… Сиз хавотир олманг, бу сирни ўзимизда асраймиз.- Гулюз нафрат билан юзини четга бурди:
- Ўзимдан нафратланиб кетяпман… Мен шунчалик ўзини асролмайдиган қиз эдимми… Тавба, Худо одамни йўлдан адаштираман, деса ҳеч гап эмас экан… Тўғри, сиз айтгандай унаштирилганмиз, фотиҳамиз маълум қилинган. Аммо тўнғич боламиз валади зино бўлади, тушуняпсизми?! Бу дегани бир умр боламнинг қисматидан чўчиб яшайман, бир умр болам бировга зиён етказиб қўймасин-да, деган хавотир билан яшайман, деганим. Никоҳсиз туғилган боладан яхшилик чиқмайди, дейишади. Мен эрталабдан бери ана шу изтиробдан қийналаяпман…
- Бўлди-да, Гулюз! Мен қилдим шу хатони, менга ҳамма жабр, гуноҳ бўлсин. ҳадеб бунақанги гапларни гапираверманг. Керак бўлса тўйни ўн кундан кейин эмас, бир ҳафтанинг ичдаёқ ўтказиб юборамиз. Бола туғилгунгача биз никоҳланган бўламиз, ҳеч нима қилмайди. Биз… бузуқ мақсад билан бу ишга қўл урмагандик… Сизда гуноҳ йўқ… Ўша куни ўртоғингиз бир ўзингизни ташлаб тоққа — дам олишга кетмаганида мен ёнингизда қолмасдим. Ёнингизда қолганимда ҳам, ўзимни бошқарганимда, ҳадимда турганимда шунчаликка бормасдик… Менга нима бўлса бўлсин, аммо боламга эмас! Илтимос, бошқа менинг боламни валади зино деяверманг! Кўнглим оғрийди!..- Гулюз индамай бошини эгди. Шавкатнинг мардона айтган гапларидан кўнгли таскин топгандай эдию, аммо барибир бўлажак қайнонаси бу сирдан хабар топса, бир умр тили қисиқ юришдан чўчиётган эди.
Тўй куни ҳамманинг хурсандчилиги бир дунё эдию, Гулюзнинг ичига чироқ ёқса, кўнгли ёришмасди. Янгалари, амма-холалари ҳар-ҳар замонда келин-куёвнинг столига келиб, жиянларига танбеҳ бериб кетишарди:
- Келинпошша бундоқ чеҳрангизни очиб ўтиринг, сизни биров мажбурлаб куёвга бермаяпти, ўзингиз хоҳлаган, ўзингиз танлаган йигитга дабдабаю асъаса билан узатиляпсиз…
Никоҳ маросим тугаб, келин-куёв ёлғиз қолишганда ҳам бу хавфли сирдан биров хабар топмади. Ёпиқлиқ қозон ёпиқлигича қолди, деб ўйлаб ўз-ўзига таскин берса-да, бир пайтларда Гулюзнинг юраги бирданига ғаш тортиб кетарди. Айниқса, қорни билиниб қолгандай бўлганда, уялиб қайнонасигна гинеколог шифокорга бориш ҳақида гап очганида баданида муздай тер чиқиб кетди. Янги келинчакнинг тушганига энди бир ойдан ошиб дарровдан хотин дўхтирга бормоқчилигига Нодира опа ҳайрон бўлган бўлса ҳам, қувониб- суюниб келинига ҳамроҳлик қилишини айтди. Қайнонасининг жавобидан келиннинг юраги орқага тортиб кетди. У ўша ўзининг ҳомиладорлигини айтган, ўзига ва ҳомиласига эҳтиёт бўлиши ҳақида тегишли тавсиялар берган шифокорга бормоқчи эди. Агар қайнонаси ҳамроҳлик қиладиган бўлса, маҳалласидаги поликлиникага чиқишади. Кейин ҳаммаси тамом…
Хуллас, ана шу машмашалардан қутилишнинг ягона йўли сифатида эр-хотин шаҳарга кўчиб келишни танлашди. Ва шундай бўлди ҳам. Ўғли Шерзоднинг никоҳдан бироз муддат ўтиб туғилганига биров аҳамият берди, биров бермади. Худонинг каромати билан улар бошқа фарзанд кўришмади. Кимдир «бўри чиллада кўзингиз ёриган» деди, биров туғруқдан кейин шамоллагансиз деди, ишқилиб ана бўлади, мана бўлади деб даволаниб юраверибди, юраверибди, буёқда Шерзоднинг бўйи чўзилиб, овози дўриллаб қолганини сезмай ҳам қолибди. Кейин ўзи фарзанд кўришни хоҳламади:
-Худо хоҳласа, Шерзодим йигит ёшига етган заҳотиёқ уйлантириб, невара пойлайман. Келинимга, Худо берса кўп фарзанд кўришини тайинлайман, армонларимни ўлдирсин,- деб ният қилди.
* * *
… - Ойи, қўйинг, ҳеч нарса бўлмади… Шунчаки ўзим… Бироз чарчаганман, чоғи…
- Ёш бола ҳам чарчайдими, тавба қилдим-ей, ўн тўққиз яшар йигитчани қандай ташвиши бўларди? Ё…- Гулюз опа маъноли кўз ўйнатиб қўйди:— Бирорта қиз… юракдан уриб қўйдими, арслоним? Ўзим ўргилай сендан, ким экан у?- Онасининг гапларини эшитиб Шерзод қулоғигача қизариб кетди. Асабийликдан дағ-дағ титраётган бармоқларини яширишга уринганча:
- Ойи, қўйинг шунақа гапларни… ҳеч кимни яхши кўрмайман мен,- деди, худди ўғирлик устида қўлга тушган жиноятчидек хонанинг чор-атрофига аланг-жаланг қараб.
-Унда одамни асаб қилавермай дардингни айтгин! Отанг бугун менга сен билан гаплашиб, дардингни билиб олишни тайинлаган. Ё ҳозир коллежингга бориб ўқитувчиларинг билан гаплашаман. Бола, кўнглингдаги гапни айт! Биласан, даданг бу ишга аралашса, ҳаммасини тагига етказмай қўймайди. Шунинг учун кўнглингдаги гапни гапир-да, мениям, ўзингниям кўп ташвишга қўйма.- Гулюз опанинг тоқати тоқ бўлиб овозини баландлатди.- Биттаю битта боламизсан, лекин, дадангнинг феълини биласан, сени кўп эркалатишимни хушламайди. Шундай экан ҳадингни бил бола, нима гап бўлса ҳозир менга айт. Бўл, ташвишинг нимада?!..- Гулюз опа гапини тугатишга улгурмаган ҳам эди, дарвозахона томондан кимнингдир, «Эгачи, ҳов эгачи» деган овози эшитилди. Гулюз опа ўғлига, «ҳали сен билан гаплашамиз» дегандай тикилиб, ҳовлига чиқди.
…- Энди, ўзингиздан қолар гап йўқ, айланай. Ёшлар ақлсизлик қилиб шу гуноҳга қўл уришибди, энди вақтни кўп чўзмасдан тўйнинг ҳаракатини бошлайверсак ҳам бўлар…- Оёқ-қўлидан мадор қочиб, оғзи қуруқшаб, тили калимага келишмаётган Гулюз опа аёлга ўқрайиб қарадию, бу қараши ўзига ҳам малол келди шекилли, дарров кўзларини ерга тикди. Аслида тўй истаб келган хотинларга аччиқ-аччиқ гапирмоқчи эди. «Ўзини асролмаган, бир имода инон-ихтиёрини йигитга топшириб қўйган қизга тўй наҳожат?! Ана, шармандаликдан қочадиган бўлса, ўзи келиб уйимда яшайверсин. Унга сарфлайдиган сариқ чақам ҳам йўқ» деб қиз томондан ўғлига келган «совчиларни» узиб-узиб олмоқчи эди. Бироқ гапиришга оғиз жуфтлаган ҳам эди, ўзининг қисмати, ўзининг ҳолати хотирасида жонланди… «Мен унда фотиҳали эдим,- деди аламли товушда ўзига ўзи,- мен ўзим турмушга чиқаётган йигит билан…» Барибир ўзини оқлаёлмади. «Нима бўлганда ҳам гуноҳ қилган эдинг, вужудингда никоҳсиз бунёд бўлган жон билан гўшангага қўрқа-писа, нотинч кўнгил билан киргандинг, - деди ичидаги яна бир қаҳрли овоз. – Никоҳсиз қорнингда кўтарган болангдан бундан ортиқ яна қандай каромат кутасан?! Ҳозирги аҳволингдан беш баттарини қилмаганига ҳам шукр қил-да, тез орада уларни никоҳлаб қўй!»
Гулюз опа меҳмонларга тез орада қизникига совчиликка боришни ваъда қилиб кузатдию, эрига қайси юз билан бу гапни етказишни ўйлаб юраги қашланди. Нимадан қўрқсанг, кун келиб шу нарсага рўпара келаркансан. Гулюз опа умр бўйи бир пайтлари эри иккови йўл қўйган хатоси ўғлининг ҳаётига раҳна солишидан, ҳарқанча унутишга тиришмасин, ёшликдаги қалтис гуноҳининг зарбаси ҳар қадамда таъқиб этишидан чўчиб яшади. Хато хатога доялик қилар экан, ўзларининг қисмати ўғилларида такрорланди…
…— Йиғлайверма, энди, юрагимни тилкалаб… Ўғлинг шунинг учун ўзгариб қолган экан-да… Ё, Худойим… Бу қандай юзқаролик бўлди, энди бу гуноҳ таъқибидан бир умр қутулолмас эканмиз-да… Ўғлим… никоҳсиз…- Шавкат ака гапининг давомини айтишга ўзиданми, хотиниданми истиҳола қилди.- Неварам ҳам никоҳсиз бунёд бўлган… Бундан ортиқ жафо бўлмаса керак, одам боласи учун… Майли, бўлар иш бўлиб, бўёғи кўчиб бўлибди. Энди муҳокама қилган билан бирор нарса ўзгармайди. Тўйни тезлаштиришимиз керак!- Эрининг гаплари ҳукм сингари жаранглаб чиқди. Гулюз опа ҳафсаласизлик билан сандиғини кавлаштиргани тушди.
* * *
- Алло, эгачи, бу сизмисиз? Яхшимисиз? Уйлар тинчми? Сизга касалхонадан қўнғироқ қилаётгандим.- Нариги томондан, касалхонада нима қиляпсиз, деган савол бўлди чоғи, Гулюз опа хотиржам гапида давом этди:- Келинпошшанинг мазалари бўлмай қолганди, касалхонага қараб югурдик. Дўхтирлар ҳомиланинг нобуд бўлиш эҳтимоли борлигини айтишяпти. Олти ойча даволаниб, куч тўплаб олиши керак экан. Жони соғ бўлсин, ҳали бир этак фарзанд кўришади. Касалхонага келарсизлар, ҳа ўша, шаҳар туғруқхонасининг гинекология бўлимидамиз, айланай.- Гулюз опа қудаларига хабарни етказиб, енгил тортди. Сўнг, «Худойим ўзинг кечиргину, никоҳсиз бунёд бўлган боланинг туғилмагани ҳам яхши бўлди. Ҳартугул ёлғизгина ўғлимнинг насли тоза бўладиган бўлди… Ишқилиб хайрли бўлсин…», деган ўйлар кўнглидан кечиб келини ётган палата томон юрди.
Рухшона ФАРРУХ
Бахтга доялик қилган ғийбат
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Ҳамидахон кўчадан йиғлаб келган қизининг ғамнок чеҳрасига қараб эзилиб кетди. Юпатай деса, ўзи шундоқ ҳам тўлиб турган қизи уввос солиб йиғлаши аниқ. Индамай ўз ҳолига ҳам ташлаб қўёлмайди. Қайси она жигарбанди ғийбатлардан озорланиб, хўрланиб турганида тек қараб тура оларди?! Куну тунида ҳамроҳи, бу ёлғон, бевафо дунёда суянчиғи, дилкашгина қизини хафа қилган нокасларнинг жазосини Аллоҳнинг ўзи берсин. Ўзи-ку, бахт косасига лаб теккизишга улгурмай бахтсизликнинг тахир сувини ичишга мажбур бўлганди. Энди дунёи дун буни қизида ҳам синаб кўрмоқчими? Одам боласи ўз бошига не кўргулик тушса, чидар экан, аммо дилбандининг, фарзандининг бахти кулмаса, омад қуёши чарақламаса бунга чидаёлмас экан. Ҳамидахон кечадан бери хонасига қамалволиб кўз ёш тўкаётган қизига нима деб таскин беришни билмай боши қотди. Кекса, муштдай бўлиб қолган онасига нима ҳам дерди?! Акалари, келинойилар ўзларидан ортишмайди. Опаси бўлса, ўзига ўхшаб ғийбатчиларни, диёнатсизларни қарғашдан бошқа ишни эпламайди. Синглиси-чи?.. Ёш-да, опамнинг кўнгли оғрийди, деб ҳам ўйламай:
- Опа, Хуршидахонни қачон узатасиз? Йигирма олтига тўлиб қолди-я. Қайнонам икки гапнинг бирида сўрайверади, одамни хижолат қилиб. Катта овсиним билан гап талашиб қолгандик, тап тортмай жиянимнинг узатилмаганини юзимга солди. Сизларнинг дастингиздан менга тинчлик бўладими йўқми?!- деб узиб олди. Ҳамидахон ич-ичидан тўлиб - тошиб келган хўрсиниқни аранг ютиб:
- Жиянингизни сиз билан ўша қайин бўйинларингизга қандай оғирлиги тушибди?! Ўзимни уйимда, бағримда бўлса. Ёмон билан юрмаса, гап-сўз кўпайтирмаса. Худо тақдир қилган бўлса, узатарман, бўлмаса, нима ҳам қилардим. Кечаю кундуз биттагина қизимнинг бахтли тахтли бўлишини илтижо қиламан. Ўзим бир номарддан куйиб кул бўлдим, ҳали ҳануз жароҳатим битмабди. Энди тезроқ узатишим керак, қизим ўтириб қолади, деб боламни ҳам куйдирайми?! Ўзимнинг тақдиримдан сабоқ чиқармай, яна бир ярамни кўпайтирайми? Ўзига муносиби, ҳолатимни тушунадигани харидор бўлиб келса узатаман-да.- деганди. Агар бу миш-мишларни эшитган бўлса Ҳуснидахон — синглиси ҳали-замон шанғиллаб келиши мумкин, ана айтмадимми, энди қайнонам устимдан кулади, овсинларим масхара қилади, деб. Ҳамидахон кўз ёшларини енгининг учига артиб, лабларини тишлади. “Гўрсўхта, нокас! Ҳаммасига сен айбдорсан! Кўз олдимда жазоингни тортиб, шу қизгинамга зор бўлиб ўлмасанг, мен ҳам рози бўлмайман! Сен туфайли, сенинг худо бехабарлигинг сабабли, қизим бугун маломатлар гирдобида қолди. Агар уни ҳимоячиси бўлганида, отаси бўлганида шу кунлар бошига тушмас эди!”.. Аёл ҳўнграб йиғламаслик учун, лабларини янада қаттиқроқ тишлаб, кўзларини юмди. Кўз олдидан кўрган кечирганлари, бошидан ўтган савдолар бир-бир ўтаверди...
Бўй етиб, совчилар сўроғининг навбати унга етгач, кўпчилик ўзбек қизлари каби Ҳамидахон ҳам ота-онаси танлаган йигитга узатиладиган бўлди. Гарчи қайнона бўлмиш келинни ўзи хоҳлаб, ўзи танлаб ўғлига олиб берган бўлса-да, нима сабабдандир Ҳамидахонни унча хушламасди. Тақдир эканми, юлдузи юлдузи тўғри келмаган эканми, хуллас биринчи фарзандининг қиз туғилиши ўн тўққиз яшар келинчакнинг “айб”и ҳисобланиб, қайнонанинг буйруғи билан Ҳамидахонга куёви талоқ берди. Бир йилдан кейин етти кунлик чақалоғини қучиб, келинлик сарполарининг оҳори тўкилмаган келинчак яна ота уйига қайтди. “Эр дегани, қайнона-қайнота дегани шу бўлса, энди бу дунёдан тоқ ўтганим бўлсин!” Унинг қалбида ҳеч кимга эшитилмаган ана шу қатъий ҳайқириқ янгарди. Қизалоғини ўзи парвариш қилиб, тарбиялай бошлади. Узатилган қайнсингилларининг бир йилда чақалоқ билан кириб келиши келинойиларга малол келмасин, энди уйимизга бир хўжайин кўпайди, деб ўйлашмасин, деган ўйда катталар қишлоқ аҳолисига уй-жой қуриш учун ер берилаётган томондан бир этаккина жой олиб Ҳамидахонга том тиклашди. Боласи ўсиб, юрадиган бўлгач, уларни шу ерга кўчиришди. Қизчаси кичкиналик пайтида хотин қўйган, хотини ўлган эркаклардан Ҳамидахонни сўраб совчилар келишди. Аёлнинг яраланган юраги бу харидорликни қабул қилмади: “Мен бир марта турмуш қурдим! Унинг жабрини ҳеч қачон унутолмайман! Бошқа овора бўлишмасин!” Кузда пахта-йиғим теримида беш-олти сўм жамғариб бир сигир, иккита қўй олди. Йилдан йилга кўпайиб бир сигири, учта, икки қўйи ўн бештага етди. Ҳамидахон акаларига ҳам, опаси, ота-онасига ҳам зориқмайди. Қайтанга, жигарларига қайишади, қарашади, имкони етганча ёрдам қилади. Қизи мактабни тугатгач, ўқишга қўймоқчи эди унамади. Чеварликка иштиёқи бор экан. Ўқув марказида ўқитмоқчи эди, уни ҳам истамади:
- Аввал яхши бир чеварга шогирд тушай, аяжон. Бироз ўрганиб, қўлим келишгач, ўқув марказида ўқиб мураккаб сабоқларни ўзлаштирарман.- Шундан кейин маҳалласидаги кўпчилик мақтаган чевар келинчакка шогирдликка берди қизини. Хуршидахон у ўйлаганидан ҳам минг чандон зеҳнли экан, икки ойда тикувчиликка қўли келишадиган бўлиб қолди. Қўни-қўшни, қариндошларга бир-икки кийимлар тикиб бердию, аллақандай элита деган пардаларнинг тикилишини ўрганаман, эркакларга костюм-шим, аёлларга қишки либослар тикишни ҳам билимши керак, деб шаҳарга машҳур ўқув марказининг вилоятларидаги филиалида ўқиб қайтди. Шундан бери маҳалланинг, ҳатто қўшни маҳаллаларнинг ҳам номдор чевари —Хуршидахон. Дунёнинг бир ками ҳаммавақт ўзини кўрсатиб турганидек, шундай эпчил, чаққон, чиройли, хушхулқ чевар қизнинг бахти очилай демайди. Аввал қизни сўраб келган совчилар уларга маъқул келмади; кимнидир оиласи ёқмади, бировнинг зотида касали бор дейишди, яна бирини бойлиги маъқул келмади, хуллас, тақдири очилмади. Энди ёши йигирма бешдан ошганида ажрашган, хотини ўлган эркаклардан келаётган совчиларни мутлақо хоҳлашмаяпти. Бугун маҳалладаги бир-иккита фисқу фасод гапларни тарқатиб юрадиган оғзи шалоқларнинг ғийбатини деб бир ёнда қизи, бир ёнда Ҳамидахон ўртаниб юришибди. Нимаймиш, олмиш бешга кирган, еттита боласи бор, бир дунё неварали Самад чол, чойхонада бир тўп эркакларга, раҳматли Ҳалим миробнинг невараси Ҳамидахоннинг қизига мен харидорман, деган эмиш. Бу гап бутун қишлоққа ўрмалаб, Самад чол Хуршидахонга совчи қўйганмиш, деган миш-мишга айланиб кетибди. Мақсудахон дастурхончининг уйига пардалари учун дераза ўлчовини олгани борган Хуршидахон эшикдан йиғлаб келиб, онасига бу гапларни гапирди. Ҳамидахон Мақсуда дастурхончининг танобини тортиш учун уйига бормоқчи бўлди-ю, яна йўлдан қайтди. Бу иши билан баттарроқ кулгига қолмайдими? Одамлар нима дейди? Агар Мақсудахон билан жанжаллашадиган бўлса, унинг оғзида таноб-тарози йўқ, бир зумда ҳамма жойга, Ҳамидахоннинг қизига Самад чолдан совчи борибди, шунга мендан хафа бўлиб, ёқалашгани уйимга келибди, деган бўҳтонни тарқатишдан ҳам тоймайди. Лекин бундай жимгина томоша қилиб туриш ҳам ярамайди. Нимадир қилиш керак. Ахир ёлғиз боши билан шу қизни тишида тишлаб ўстирди, тарбиялади, ҳунарманд қилди. Энди қаердаги бир оғзига кучи етмайдиган, ўзининг эвини қилолмайдиганларнинг туҳмат гапларидан қизгинаси эзилиб, хўрланишини томоша қилиб ўтираверадими?! Йўқ, бунақаси кетмайди! Бунинг бирор иложини қилиш керак! Кўпчиликнинг оғзига тушиб улгурмасидан бу гапларнинг дамини қайтариш керак. Ҳамидахон уст бошини алмаштириб, бошига рўмол ўраб энди кўчага отланган эди, дарвозани таққилатиш учун эндига қўл чўзаётган аёлларга кўзи тушди. Бири тоғора кўтариб, иккинчиси оппоқ дастурхонни тугун қилиб кўтариб олган бу хотинлар - Самад чолнинг тўнғич келини билан қўшни вилоятга узатилган катта қизи эди. Ҳамидахон уларни кўрди-ю, кўз олди қоронғилашиб, юрагига қаттиқ санчиқ ботди. Аёл, “наҳотки... уялмай келавердинглар?..” деди-ю, ўша жойда ҳушидан кетди...
...- Одамлар қачон бунчалик диёнатдан узоқлашиб кетишга улгуришди-а?! Хотинларини хотин десанг, ғийбату бўҳтон тарқатишда эркаклари ҳам, кексалари ҳам бирдай бир-биридан қолишмас экан. Хотинини кўчага чиқариб, бозорга, тижоратга юбориб қўйиб, уйда текин еб ётганидан кейин эркаклар ғийбат қилмай ким қилсин?!- Самад чолнинг қўшни вилоятга узатилган қизи Ҳамидахонни елпиётган онасига қараб, жиғибийрон бўлганча гапирарди.- Тўғри, онам қазо қилганларидан кейин дадам бошқа уйланмадилар. Акамлар кўп марта бунга ишора қилганларида дадам бояқиш, онангни ўрнини ҳеч ким босолмайди. Майли, сенларнинг хотинингга бир коса овқатим билан иккита киримни ювиш малол келаётган экан, ўзим шу юмушларимни бажариб қўя қоламан. Фақат бошқа менга бу ҳақда гапирмаларинг, деган эдилар. Шу, кичик келин ҳайитда Хуршидахон қизимга бир яктак тиктириб, дадамга совға қилган экан, ўша кийим ёқиб қолиб, шу қизни опангни ўғлига келин қилсакми, ҳарна ўзининг юртидан битта келин туширса яхши бўларди, ёт юртларда ёлғизлиги билинмасди, дебдилар. Кейин маҳалланинг чойхонасида уч-тўрт қариялар билан ўтирганларида, биз Ҳамидахоннинг қизига харидормиз, деб гапирган эканлар. Оғзининг таноби йўқ айрим ножинслар бу гапни бошқача қилиб етказишибди. Уёқда дадамнинг мазалари йўқ, бир муштипарнинг кўнглини оғритдимми деб, кечаю кундуз ўзларига ўлим тилайдилар. Одамларга қачон инсоф битади, ҳайронман...
Хуршидахонни қўшни вилоятга узатишди. Самад чол тўйнинг бошида туриб, кимларнингдир ҳавасини, кимларнингдир ҳасадини келтириб дабдабали тўй қилиб, Ҳамидахон билан қуда тутинди. Аёл қизини кузатар чоғда, кўзлари ёшга тўлиб, хўрсиниқлар бўғзини тутганида, Самад чол елкасидан тутиб далда бўлди:
- Ҳамида қизим, куйинма, мен қизимдан ваъда олганман, Хуршидахон она қизимнинг кўзидан томчи ёш чиқса, ундан рози бўлмайман. Сен эса, ёлғиз қоламан, деб ўкинма. Келаси йил шу пайтда невара кўрсанг, қизингнинг тўнғич боласи сенинг фарзандинг бўлади. Агар унгача Яратган омонатини олса, бу қизим билан куёвимга, неварамга қиёмат қарз васиятим бўлади!..
Орадан уч йил ўтиб, Ҳамидахон невараси Шоҳрухбекни ўзи билан бирга олиб келди. Аёлнинг кемтик бағри яна тўлиб, осмонида орзу юлдузлари чарақлай бошлади...
Рухшона ФАРРУХ
Машҳур тадбиркорнинг армони
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Зулхумор оқ тангадай ўрик гуллари тўкилган кўча бўйлаб ўйчан юриб кетяпти. Чорраҳанинг нариги бетидаги кафтдеккина хиёбон оралаб кетаркан, у айни пайтда бу ерда ўтказган ширин онлари, илк муҳаббатига, севгидан, бахтдан тўлиб порлаган кўзларига мафтун бўлган, биринчи изҳор, биринчи титроқ, биринчи бўсасига гувоҳ бўлган хиёбон ҳақида ўйламасди. Зулхумор ҳаттоки қаердан, қай алпозда ўтиб кетаётганини ҳам, нима учун бораётганини ҳам ҳозир англолмайди. У кетяпти. Ўзини уйида интиқ кутаётган бир жуфт кўз- эри Соҳибжон ҳам ҳозир Зулхуморнинг хаёлида эмас. У шошилиб-шошилиб кетяпти. Йўл юрар экан, юраги алланечук алам ва изтироб қоришиқ ҳапқиришдан тез урар, худди қаердандир, нимадандир кечикаётгандек таҳликали ҳаяжон ичида юриб борар эди. Соҳибжон… У қанчалик чексиз меҳр ва садоқат билан севади Зулхуморни. Унинг кўзлари ниҳоятда чиройли, меҳрли… Аммо мунгли, маъюс. Зулхумор эрининг маҳзун нигоҳларига дош беролмай қолди сўнгги пайтларда. Унинг ёшликда қилган биргина хатоси туфайли ҳозир жуфтининг кўнгли синиқ. Уни «хато» деб аташ тўғримикан?..
Зулхумор мактабни тамомлаш арафасида унаштирилди. Сумбул сочлари шаршарадек тўлғониб, шамшод қоматига ажиб кўрк бағишлаб турган, манглайида бир жуфт юлдуз ёниб турган қизалоқ балоғат бўсағасига қадам қўйиб, оқи оққа қизили қизилга ажраганидан бошлаб уйининг остонаси совчиларнинг қадамидан ейилиб кетди. «Вой, ҳали қизимиз ёш», «Вой, бизни узатиладиган қизимиз йўқ эди-я» деб совчиларнинг ҳар кунги ташрифидан ўзида йўқ севинса-да, ҳаммага бир гапни такрорлайдиган онаси, мактабдан хомуш қайтган қизининг дабдурустдан бошлаган гапидан қотиб қолди:
- Ойи, нега Зуфаржоннинг совчиларига йўқ, дедингизлар? У мени ўқитади, биласизми, институтда ўқитади. Шунга келишганмиз. Эртага яна совчилари келишади, ҳеч иккиланмай розилик бераверинглар. Дадамга ҳам айтинг!
Она ҳайратдан ва хавотирдан донг қотиб қолди. Бу не ҳол?! У ҳали бола деб ўйлаган қизи аллақачон улғайган, ҳатто ўз ҳаётини, ўз тақдирини ўзи белгилайдиган бўлган экан-ку! У бўлса, эшигини тақиллатганларга, қизим ёш деб юрибди-я. Қачон улғайибди, қачон оила қуришга ҳавас пайдо бўлибди унда? Нега у ғофил қолибди қизидаги бундай ўзгаришдан? Ахир оналарнинг кўнгли сезгир бўлади, дейишади-ку, наҳотки у ғафлатда қолган бўлса?..
- Сен қизни тушунмай қолдим, бу нима деганинг?- Она ўзида зўрға куч топиб, қизининг қаршисига келди-да, уни саволга тутди.
- Нимасини тушунмайсиз, ойижон? Нимаси сизга мавҳум? Мен айтяпман, Зуфаржондан келадиган совчиларга розилик беринг. Лекин ҳали тўй ҳақида ҳеч гап бўлмайди. Мен аввал ўқишга кираман, Зуфарларнинг оиласи шартнома пулини тўлашади, ундан кейин бошқа тадбирларни ўтказишга келишасизлар. Менимча, бунинг ҳаммаси оддий, тушунмасликка сабаб йўқ.
- Сен қачондан бери ўз ҳаётингни ўзинг қурадиган бўлдинг? Бу нима ҳар куни телевизор тагига мук тушиб кўрадиган сериалларингни таъсирими ёки туни билан ухламай комьпютерга тикилиб интернетдан ўрганганингми?- Она ғазаб ва аламдан титраб, қизига яқинроқ келди.
- Ойи-и-и, ўзингизни босинг. Сериал билан интернетнинг бунга нима алоқаси бор?! Мен ўн етти ёшга кирдим, шунақами? Икки ойдан кейин мактабни тугатаман, тўғрими? Уйга ит ҳам бит ҳам совчи бўлиб келяпти, дадам иккингиз мени бошингизга ёстиқ қилмайсиз, ука-сингилларим турибди. Қачондир узатасиз-а? Шу Зуфар ҳар куни йўлимдан чиқаверди, йўлимни тўсиб «севаман» дейдими-ей, «ўламан» дейдими-ей. Қарасам, чиройли йигит, келишган оиласи ҳам ўзимизга мос, ўзига тўқ хонадон. Қолаверса, Зуфар институтнинг иккинчи курсида ўқияпти. Орқамдан эргашиб юрган эди, шарт тўхтадим-у, «Мақсадинг нима, менга уйланмоқчимисан? Агар ниятинг жиддий бўлса, уйга совчи жўнат, фақат битта шартимга рози бўлсанг», дедим-да, ўқишга қўйишини, агар тўлов-шарнома билан ўқишимга тўғри келса, пулини тўлашини айтдим. Бор гап шу!
Она қизининг гапларига бир ишонмай, бир ишониб унинг хонасидан чиқди. Эртаси куни чиндан ҳам Зуфаржоннинг номидан яна икки хотин келишди. Она минг бир истиҳола ичида уларга, «ўйлаб кўрамиз» деб қўйди-ю, буёғига эрини нима деб кўндиришни ўйлаб қисинди…
Зулхумор Университетга ўқишга кирди. Аммо ўзи ўйлагандек, тўлов шартномада эмас, давлат гранти асосида ўқийдиган бўлди. Бу орада Зуфаржон қизнинг кўнглига йўл топиб, уни чин маънода мажнунага айлантирди. Йигит учинчи курсни, қиз биринчи курсни тамомлагач, катталар тўй тарадудини бошлаб, икки девона ошиқнинг бошини қовуштириб қўйишни лозим кўришди. Тўйдан кейин икки ёшнинг муҳаббат ришталари яна-да мустаҳкамроқ боғланиб, бир-бирини кўз қорачиғидек асраб –авайлаб яшай бошлашди. Келинчак ҳар куни ўқишдан чиқиб чин уйига ошиқар, йўл-йўлакай жон азиз кўрган куёви қандай таомларни хуш кўришини ўйлаб, кела солиб ошхонага ўрнашиб оларди. Ҳар куни эринмай Зуфаржоннинг ишдан қайтишига ҳаммом тайёрлаб, оҳорли, тоза сочиқларни шай қилиб, дастурхон тузаб, шам ёқиб, кутарди. Бир-бирига ярашиқли жуфтлик, бир-бирига мос севишганлар эдилар…
Бир йилча ана шундай муҳаббат ва соғинчга ошуфта яшашди. Кейин…
Ўша куни Зуфаржон эндигина иш бошлаган ишхонасида бироз ушланиб кечроқ қайтганди. Уйга кирса дастурхон тузалмаган, шам ёқилмаган, ҳатто ҳаммом ҳам, тоза сочиқлар ҳам йўқ. Йигитнинг юраги «шув» этиб кетди:
- Тинчликми, нимага бунақа маъюссиз? Нима бўлди, ўқишингизда биров хафа қилдими?
- Бўйимда бўп қолибди… Ҳомиладор эканман…- Диванга мук тушиб, қўллари билан бошини чангаллаб ўтирган Зулхуморнинг йиғидан кўзлари шишиб кетган, эрига қарамай зўрға жавоб берди.
- Ажойиб-ку! Қачон билдинг буни? Нега бунақа хафа бўлиб ўтирибсан, ахир бу дунёни бошга кўтариб қувонадиган хабар-ку!- Зуфаржон биринчи марта хотинини ўзи билмай сенлаб юборди. У шундай деб келинчагини бағрига босиб, даст кўтариб олди. Уйни гир айлантириб, ерга қўяркан, Зулхуморнинг кўзларидан дувиллаб ёш оқди.- Нега йиғлаяпсан, қувонч ёшларими бу?
- У шудай деб хотинининг лўппи юзларидан ўпиб олди.
- Ҳозир ўрни эмас. Бола тарбиялайдиган ёшда эмасман.- Зулхумор баттар ҳиқиллаб йиғлай бошлади. – Тушуняпсизми, мен ёшман, ҳали фарзанд кўришга вақтим етарли. Ҳозир бунинг кераги йўқ эди…
- Нима деяпсан, Зули? Тушунмаяпман, сени? Бу нима деганинг?
- Вой нимасига тушунмаяпсиз, а, нимаси тушунарсиз?! Мен эндигина йигирмага тўламан. Бунақа ёшда она бўлиб, болага ўралиб қолишни истамайман. Хуллас, гапни кўпайтиришдан фойда йўқ. Ҳомилани олдираман.
- Нима?! Сен эсингни еб қўйдингми, жоним?! Ахир боланинг бахтимизга нима зиёни бор? Аксинча, фарзанд муҳаббатимизни, бахтимизни мустаҳкамловчи ришта. Унақа ношукрлик қилма. Худога хуш келмайди.
- Менинг орзуларим кўп. Ҳали ўқишим кеак. Келажакда ўқишимни хорижда давом эттиришни ният қилганман. Сизга нима учун турмушга чиққанимни унутдингизми? Ўқишимга, орзуларимга эришишга ёрдам берасиз, деб, мени тушунасиз деб сизни танлаганман. Агар бир этак болага ўралашиб, уй хотини бўлиб ивирсиб юришга кўнганимда, манаман деган бойваччалардан бирининг этагини тутиб кетардим. Ўқийман, деб ўзимни овора қилмасдим. Мен ўқишим керак, чет элда малакамни ошириб, шахсий бизнесимни йўлга қўйиб олшим керак. Таниқли, машҳур тадбиркор аёл бўлганимдан кейин фарзанд кўриш ҳақида ўйлаб кўраман.
- Болани олдирмайсан! Бунга асло рози бўлмайман.
Жондан севган аёлидан эшитган гаплари Зуфаржонни карахт аҳволга солган эди. У хотиним мени севади, ардоқлайди деб ўйларди, суюнарди. Лекин унга орзулари йўлида зинапоя вазифасини бажараётганидан бехабар эди. Шундай бўлса ҳам беихтиёр ялинишга тушди,- Илтимос, Зулхумор, болани нобуд қилма. Бир куни ўзинг пушаймон бўласан. Майиб бўлиб қолишинг мумкин. Биринчи фарзандини олдирган аёлларда кейинчалик фарзанд кўрмаслик эҳтимоли кўпроқ бўлади. Бунақа ақлсизлик қилма.
- Болани олдираман, менга керак эмас. Ҳали фарзанд кўрадиган ёшда эмасман!
- Унда уйдан кет! Бошқа бу ерда қорангни кўрмай!
Зуфаржон алам билан чўккалаб, тиз чўкканча бақирди.
- Кетаман! Мушукка ўхшаб ҳар ойда болалайдиганига уйланинг!- Зулхумор уч-тўрт кийимини жомадонга солиб, уйдан чиқиб кетди. Кўзлари жиққа ёшга тўлган Зуфаржон тиз чўкканича ўтириб олди…
Ажрашишди. Судда ҳам Зуфаржон эгик бошини кўтармади. У хотинига ҳеч қандай айб қўймади. Уни ёмон отлиқ қиладиган гап ҳам гапирмади.
Зулхумор суд кунигача ҳомилани олдириб ташлаганди. «Ортиқча дардисар»дан қутулган Зулхумор ўқишни битириб, ўзи истаганидек хорижда малака ошириб қайтди. Бизнесини йўлга қўйиб, орзу қилганидай таниқли, машҳур ва бой тадбиркор аёлга айланди. Унинг кўнглига яна муҳаббат оралади. Севилди, севди, ишқдан сархуш бўлиб, садоқат жомидан қониб-қониб шароб ичди. Соҳибжон билан тақдирлари қўшилган экан, турмуш қуришди. Аммо тўрт йилдирки, севгидан гуркирраб ўсаётган оила ниҳолига куч бергувчи ришта-фарзанд тирноғига зор яшашяпти. Зулхумор бир пайтлар севган инсонининг кўнглига ханжар уриб, жиноятга қадам қўйганди- ҳали туғилмаган гўдакни тиғ остида нобуд этганди. У ўша машъум айбига жавоб бераётган эди, лекин Соҳибжон… Унинг маъюс чеҳрасида ғам соясини кўравериб, Зулхумор виждон азобида ўртаняпти...
Хиёбон оралаб саросар, телбаларча кетаётган аёлнинг қулоғига таниш овоз эшитилди:
- Умиджонни кўп қалин кийинтирибсиз, терлаб кетибди, аяси…- Ўша овоз! Ўша меҳр тўла, муҳаббат ва эҳтиром тўла товуш! Бир пайтлари шу овоз унинг исмини эҳтирос билан жаранглатарди, мана шу ёқимли товуш Зулхуморга қадрдон эди.
Аёл бошини кўтариб қаршисида бир қизалоқ ва болачани етаклаб кетаётган эр-хотинларга қаради. Бахтиёр жуфтлик бор дунёни унутиб, болаларининг ифоридан сармаст бўлиб кетишар, эркак бир қўли билан болачасининг жажжи қўлчасидан тутган, бири билан аёлининг елкасидан енгилгина қучиб, нималарнидир берилиб гапирганча кетиб борарди. Зулхумор таниди. Бу –Зуфаржон эди. «Демак, уйланган экан… иккита фарзанди бор экан… Хотини ҳам хушрўйгина жувон. Улар бахтиёр…» Эр-хотиннинг ортидан ҳавас билан термулиб қолди. Сўнг оёғидан мадор қочиб, чеккадаги ўриндиққа чўкди-ю, бир пайтлари бошига қўнган бахт қушини калтак кўтариб қувгани учун афсусланиб, ҳўнграганча йиғлаб юборди.
Рухшона ФАРРУХ
Чимилдиққа етмаган, севгилим...
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Шаҳло тоққа чиқишимизни икки ой аввал режалаштира бошлади. Ётса ҳам, турса ҳам, овқатланганда ҳам, уй тозалаганда ҳам шу гапни такрорлайверади. «Тоққа борадиган кунимиз бунақа кийинаман, сен қанақа кийинасан? Пишириқлардан кўпроқ пишириб оламиз. Тоғда тоза ҳаво, иштаҳа очилади. Бир мазза қиламиз-да. Сойда чўмиламизми?»
Хуллас, кўзини тоғ деб очади-ю, тоғ деб юмади. Ваниҳоят менинг сергапгина дугонам орзусига етадиган бўлди. Музаффар акам қўнғироқ қилиб, янги ҳафтанинг дам олиш кунлари машина юборишларини, тоққа чиқиб дам олиб келишимизни айтиб қолдилар. Оқар сувдай ўтиб кетадиган ҳафта бирам чўзилди-ки, оқибатда жума куни туни билан иккимиз ҳам ухлаёлмадик. Шанба тонг-саҳарда Музаффар акам юборган машинада йўлга тушдик. Шаҳардан икки ярим соатлик йўл экан. Ҳайдовчи йигит камгап, нигоҳлари ғамгин йигит, тоғ бағирлари билан юриб бораётганимизда, биз — икки қизнинг қийқириб кулишимизга, атрофдаги ям-яшил гўзаллик, виқорли, осмонга елка тутиб турган тоғлар салобатига маҳлиё бўлиб тикилишимизга ҳавас билан қараб турар, баъзида чуқур уҳ тортиб, ғамгин жилмайиб қўярди.
- Шу ерларда дам олса бўлмайдими, жуда баҳаво жойлар экан?- Шаҳло орқа ойнадан бошини чиқариб, «ҳе-е-ей, тоғлаа-а-аа-р» деб овоз берди. Бир муддатдан кейин чор-атрофдан акс-садо эшитилиб, завқимизга завқ қўшилди.
- Музаффар акам дала ҳовлида жой тайёрлаганлар. У жойлар бу ердан ҳам хушманзара.- Ҳайдовчи йигит рулдан кўз узмай жавоб берди.- Айтишларича, бўлажак келинойимиз ижодкор эканлар, меҳмонлар ишидан рухсат сўраб келишади, уч-тўрт кун дам олиб, ҳордиқ чиқаради, дедилар.
- О-о-о!!!- гап бўлиши мумкин эмас! Бу ерларда бир умр қолиб кетишга ҳам тайёрмиз!- Шаҳло шундай деб чапак чалиб ўз фикрини ўзи олқишлаб қўйди. Кейин ҳайдовчи йигитга пешойнадан тикилиб:- Бўйдоқ танишларингиз борми? Ўзингизни илинтириб олай, десам уйланган кўринасиз. Уйланмаган жўраларингиз бўлса, таништириб қўйинг, тоғ йигитлари мард бўлади, дейишади.- Унинг гапидан иккимиз ҳам мириқиб кулдик. Йигит эса боягидек ғамгин кулимсираганча суҳбатга муносабат билдирмади.
- Болалардан нечта, ака?- Негадир саволим қулоғига кирган йигитнинг ранги ўзгарди. -Қийналиб-қийналиб нафас олиб:
- Болаларим йўқ…- деди. Ноўрин савол бериб, қовун туширганим учун хижолатда қолдим. Салдан кейин Шаҳло ўртадаги ғашлик пардасини юлқишга уринди:
- Худо хоҳласа, энди бўлади-да. Фарзанд билан давлатнинг кечи йўқ, дейишади-ку.
- Гапингиз тўғри, аммо фарзанд кўришим учун аввал уларнинг онасини топиб олишим керак-да.- Ҳайдовчи шундай деб яна маҳзунгина жилмайди.
- Оббо, юрагимни чиқарвордингиз-е! Савол берганимга пушаймонлар бўлиб, тилимни чайнаб ўтирибман, боядан бери,- дедим йигитга ясама жаҳл билан.
- Тавба, сиз ҳам тоғликмиси, дейман? Жуда ҳазилкаш экансиз-ку.- Шаҳло шундай деб, «Кока-кола» ичимлигини идишидан ичди. Сўнг, пешонасидаги реза терларни артиб, яна ҳайдовчига гап қотди:- Ҳой бўйдоқ ҳайдовчи, намунча дала ҳовлингиз узоқлашиб кетди-а? Ё иккита чиройли қизни машинангизга соволиб, айлантириб юраверасизми? Биласиз-а, ман «пустой» бўлганим билан, дугонам «занять».
- Хотиним, болаларим йўқ, аммо бўйдоқ эмасман… Дала ҳовлига етай деб қолдик. Бу ерларда машина бошқариш хавфли. Шунинг учун секинроқ юряпман. Ахир сизларнинг ҳаётингизга масъулликни Музаффар акам ишониб менга топширганлар.- Йигит шундай деб пешойнадан бир-бир бизга тикилди.
- Ҳаётимизга масъулият билан қараганингиз-ку, яхши, лекин қанақасига хотинию болалари йўқ бўйдоқ эмас бўлишингиз мумкин?- Энди Шаҳлонинг ростакамига энсаси қота бошлади.
- Ҳайдовчи эса кутилмаганда йўл бўйидаги арча соясида машинани тўхтатди. Бир муддат рулга бошини қўйиб ўйланиб қолди. Биз овоз чиқармай уни кузата бошладик. Тўғрироғи мени аллақандай қўрқув, хавотирга ўхшаган ҳаяжон босди. Титраб-қақшаб қўл телефонимни олиб, Музаффар акамга қўнғироқ қилмоқчи бўлдим. Аппаратда антенна белгисини билдирадиган тайёқчалар кўринмасди. Дамим ичимга тушиб кетди.
- Нега тўхтатдингиз? Тинчликми?- Шаҳло ҳайдовчини енгилгина туртди. У жавоб ўрнига чуқур хўрсиниб, менга қаради:
- Сизни синглим дейми?..
- Сизга нима маъқул келса…
- Унда синглим деб гапираверман. Биласизми, ёзганларингизни кўп ўқийман. Баъзан юракни эзиб, кўзларни ёшлатасиз, баъзида ҳаётни жудда чиройли, оддий тасвирлайсиз. Шундай ҳикояларингизни ўқиганимда, қанийда ҳаёт ҳам худди шунда ёзилгандай оддий ва гўзал бўлса, эди деб қоламан. Мен шу пайтгача ҳеч кимга дардимни айтмаганман. Айтолмасдим ҳам. Ўз ёғимга ўзим қоврилиб, қийналиб яшашни маъқул кўрардим. Тўғриси, эрталаб дугонангизга «Шаҳло, Шоҳ» деб мурожаат қилганингизда, олис хотираларим уйғониб, юрагим алланечук ғамдан, аччиқ ва ширин соғинчдан энтикиб кетди…
- Севганмисиз?.. Хиёнат азобими?..- Истамайгина шу саволни бердим.
- Севганман. Хиёнатга учраганман… У менга, севгимизга, орзуларимизга хиёнат қилиб, мени ташлаб кетмади. Садоқатимга, муҳаббатимга, соғинчзада юрагимга раҳм қилмади…
- Оббо, шунга аза тутиб юраверасизми, энди?! Аламига сиз ҳам шартта бир сулув жононга уйланинг-да мазза қилиб яшайверинг.- Ҳар галгидек романтик тасвирлардан Шаҳлонинг энсаси қотди. Йигит эса ўзига ўзи гапиргандай, сўзида давом этди:
- Ўшанда ҳам баҳорнинг сўлим кунлари эди. Ўқишдан икки кунга рухсат сўраб, уни қишлоғимга — тоғ бағрида яйраб дам олишга опкелдим. Қишлоғимизни, тоғларни, қизғалдоғу бинафшаларни кўриб унинг завқи келиб, чунонам яйради-ки, назаримда бир ҳуснига минг ҳусн қўшилди-ёв. Ўқишга қайтадиган кунимиз, шаҳарга кетишга уни зўрға кўндирдим. Қишлоғимиздан Тошкентга борадиган йўловчи машинада йўлга чиқадиган бўлдик… Шўрликнинг икки кўзи орқасида қолди…- Йигит бир муддат жим қолиб, киприкларини артиб қўйди. - Тоғ ҳавосига ишониб бўлмайди. Бир қарасангиз офтоб бошингиздан аямай нур сочиб, қиздириб ташлайди. Бир қарасангиз борлиқни қуюқ туман қоплаб, жала қуяди. Бирор соатча йўл юрганимиздан кейин, қуёш булутлар остига яшириниб, шамол турди. Ҳайдовчи аранг машинани ҳайдар, ҳаётимизни Худога таваккал қилиб йўлда давом этдик. Кўз очиб юмгулик вақт ичида шунақанги жала қуйди-ки, бир неча дақиқалар мобайнида сой тўлиб-пишиқириб, даралардан сув оқа бошлади.- Йигитнинг ҳикоясидан кўз ўнгимда тасвирлар жонланиб, бирданига қўрқувга тушдим. У ёш томчилаётган кўзларини бир нуқтага тикка куйи гапида давом этарди:- Мен даҳшатли туш кўраётгандек эдим… Бир пайт қарасам, машинамиз пастда думалаб ётибди. Оёқларим ўриндиққа қисилиб қолган. Ўзимнинг аҳволим кўзимга кўринмай, жон талвасасида ёнимга ўгирилишга уриниб, унга қарадим. Пешонасидан қон оқаётган, кўзлари юмуқ ҳушсиз ётарди… Ҳайдовчи эса умуман нафас олмас, у ўша заҳотиёқ жон берган эди… Кейин нима бўлганини эслолмайман. Кўзимни очганимда, туман касалхонасининг реанимация бўлимида эканман. Тепамда қариндошлар, яқинларим… Биринчи сўраганим, «Шаҳло тузукми, у қаерда?! » деган савол бўлди…
- Исми Шаҳломиди?- боядан бери суҳбатдошимизни индамай эшитиб турган дугонам, секингина сўради.
- Ҳм… - Йигит Шаҳлога яна ўша ғамгин кулимсираш билан қаради.- Онам у ҳам шу ердалигини, қўшни палатада ётқизишганини, аммо ҳануз ҳушига келмаганини айтдилар. Жон ҳолатда ўрнимдан туришга тиришдим. Қайда?! Оёғим синган, қўлларим гипсда, бошим дока билан ўраб ташланган. Аъзойи баданим зирқирраб қақшарди. Шифокорлар тинчлантирувчи укол қилишди. Яна бир суткадан кейин кўзимни очибман. Менга муолажаалар тез таъсир қила бошлади чоғи, аҳволим ўнглана бошлади. Бу орада Шаҳлонинг ота-онаси уйимизга келиб тўполон кўтаришибди. Ўша пайтлари онам менга индамабдилар, дўхтирлар Шаҳлонинг ҳаёти хавф остидалигини, реанимациядан чиқмаслиги мумкинлигини, касалхонадан чиққан тақдирда ҳам бир умр фалаж бўлиб қолиши ҳам эҳтимолдан холи эмаслигини айтишган экан.
Ёзда мен ўқишга бориб баҳорги сессиядан қарз бўлиб қолган имтиҳонларимни топшириб келдим. Шаҳлони ота-онаси пойтахтдаги касалхоналардан бирига ётқизишди. Уларнинг мени кўргани кўзи йўқ эди. Ичкарига киритишмаса, касалхона ҳовлисида, севгилим ётган хона деразаси тагида тонг оттирардим. Ҳамшира, шифокорлар ҳам мени таниб қолишганди. Аста-секин Шаҳло ўзига кела бошлади. Аммо дўхтирларнинг ўша мудҳиш башорати тўғри чиқаётганди. Жонимдан ортиқ кўрган инсонимнинг қўл-оёғи буткул ишламас эди. Ҳатто тилини ҳаракатга келтириб, гапиролмасди ҳам.
Бир йил шифохонада тил-забонсиз ётди. Ҳеч қандай ўзгариш йўқ эди… Бўлмасди ҳам. Уйга бориб ота-онамни Шаҳлоларникига совчиликка жўнатдим. Уни шу ҳолга тушишида мен айбдор эдим, айбимни ювишим учун, бир умр севгилимнинг хизматини қилиб юришга, уни қўлларимда кўтариб юришга ҳам тайёр эдим! Уйдагилар зор қақшаб совчиликка боришибди. Шаҳлонинг ота-онасига ҳам қатъий ниятимни айтгандим. Кўз ёшларига ғарқ бўлиб икки томон унаштирув маросимини ўтказишибди. Тўйни тезлаштирдик. Севгилимнинг ҳамма орзуларини рўёбга чиқаришга ҳаркат қилдим. Уни қўлларимда кўтариб, оппоқ либос кийдириб, тўйхонага олиб чиқдим. Тўй тўйдан кўра азага кўпроқ ўхшарди… Бизникилар ҳам, уникилар ҳам кўз ёшларини тўхтатолмай қолишганди. Базмга ўхшаган маросим тугаб, бизни никоҳлаш учун домла келди. ўшанда ҳам севгилим бир тутам чўп бўлиб, қўлларимда ҳушсиз ётарди. Домла ҳар икки томондан рози-ризолик сўради. Келин тилидан гувоҳлик қилаётган янгаси синиқ овозда розилик берди. Домла хутба ўқиб, бизни никоҳлагач, «энди сизлар шаърий эр-хотин сизлар», деган эди, севгилим «ярқ» этиб кўзини очди. Эр-хотин, сўзини эшитган Шаҳло нурсиз кўзларини менга тикиб, ғўлдираганча нималардир демоққа чоғландию… жон берди… Шўрлик, тўй кўришга, оқ либос кийишга муштоқ бўлиб, омонатини топширолмаётган экан… Шундай қилиб, менга хиёнат қилди. Севгимизга, орзуларимизга вафо қилмай мени ташлаб ўзи қайтмас бўлиб ке-е-етди… Шундан бери уйланган бўйдоқман.- Шаҳло иккимиз ҳайдовчининг маҳзун ҳикоясидан ўпкамиз тўлиб, аранг ёшларимизни тийиб турардик. Бир муддат дардчил сукунат аро жим қолган ҳайдовчи машинани ўт олдирди. Музаффар акам тайёрлаб қўйган жойга бир оғиз ҳам гапирмай, эшитганларимиз таъсирида етиб бордик.
- Ҳа келардиларингиз-да, бу ёқда сизларни кутиб қоринлар ҳам ҳуштак чалиб қўяпти.- Ҳар галгидек Музаффар акам бизни хушнудлик билан кутиб олдилар. Тоғ бағрида палос тўшалиб, кўрпа-кўрпачалар ёзилган, дастурхон устидаги ноз-неъматлар иштаҳани қитиқларди. Бизни олиб келган ҳайдовчи йигит пазанда чиқди, бир соатча гурунглашиб, лола сайли қилиб келсак, дастурхондаги кабобнинг буғи кўтарилиб, ошқозонларни «дийдор»га чақираётган экан. Кабобхўрликдан кейин яна тоғларга маҳлиё бўлиб, сайрга чиқдик. Шаҳло толиққанини баҳона қилиб, Музаффар акам иккимизга шерик бўлмади. Кечга томон қайтсак, Суҳроб ака (Музаффар акам ҳайдовчи йигитни шундай деб чақирдилар) билан бизнинг чаққон Шаҳло ўнг қўлларини ўйнатиб қозон кабоб қилишибди.
Уч кунлик тоғ бағридаги сайёҳатимиз ниҳояланиб, ортимизга қайтдик. Бизни Суҳроб ака уйга опкелди. Қайтаётиб у Шаҳлога ташриф қоғозини узатди:
- Шаҳлохон, менга қўнғироқ қиласизми? Жуда хурсанд бўлардим, агар… Тоққа чиққингиз келса, истаган пайтингиз қўнғироқ қилинг. Бошим осмонга етади…- Ийманибгина ташриф қоғозини йигитнинг қўлидан олган дугонам, оппоқ «Нексия» оққушга ўхшаб учиб кетганидан кейин ҳам анчагача ортидан термулиб қолди.
Эртаси куни Музаффар акам қўнғироқ қилиб, Шаҳлога телефонни беришимни сўрадилар. Салом-аликдан кейин нариги томондан қандайдир ҳазил гап бўлди, чоғи, Шаҳло шарақлаб кулиб юборди. Нима гап экан деб, мен ҳам қулоғимни телефонга яқинлаштирдим. Музаффар акам, «Сизга қойил аммо, ҳали биздан аввал тўй қиласизлар-а? Аммо ғамга чўкиб қолган йигитни ҳаётга қайтарибсиз, яшанг. Сизларга бахт тилайман» дедилар. Мен шу пайтда Шаҳлонинг сочига чанг солдим, шундай ажойиб янгиликни менга айтмабди-да, энди таъзирини бераман уни!…
Рухшона ФАРРУХ
Мардликда эркакдан ўзган аёл
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Бомдод намозини адо этиб чиққан Шамсия опа қишлоқдан келаётган йиғи товушини эшитиб, сергакланди. Ким қазо қилибди экан, деган хаёл ўйда маҳалладаги кексаларни бир-бир хаёлдан ўтказди. Дарвозахонадан чиқиб ён-атрофига қулоқ тутиб овоз қайси томондан келаётганини яна бир бор текширган бўлди. Уфқ бўзариб қуёш уйқудан бош кўтариб, борлиқ яна бир кунга пешвоз чиқаркан, қишлоқда ҳам ҳаёт қайнай бошлади. Тонг отганини билдириб бири қўйиб, бири олиб маъраётган қўй-қўзи, сигир-бузоқлар, ким ўзарга мусобақа қилаётгандек қичқираётган хўрозларнинг овози азахонадан таралаётган мотам товушини босиб кетди чоғи, энди айтиб-айтиб йиғлаётганларнинг овози олисдан, элас-элас келаётганди. Шамсия опа, “ҳалироқ қишлоқнинг кайвонилари чиқиб, таъзияга бориб келишни айтади. Бизнинг қишлоқдан эмас, шекилли”, деган ўй уйга кирган ҳам эди, ташқирида укасининг “Илҳом” деб чақиргани эшитилди. Тонг-саҳардан укасининг келиши бежизга бўлмаслигини сезган опанинг кўнгли “шув” этди-ю, кутилмаган меҳмонга хуш чеҳра билан ошиқди:
- Шавкат, кел укажон. - Шамсия опа танасидаги енгил титроқни босиш учун кавушини оёғига ила туриб, укасига бир талай гапларни гапириб ташлади.
- Ассалому алайкум опа. Яхшимисизлар? Жияним, неваралар омонми?-Шавкат опасига яқинлашди-да, хиёл эгилиб сўрашди.
- Ваалайкум салом, укагинам. Шукр, биз соғ-саломатсиз. Ўзларинг, келин- болалар соғ-омонми? Тинч юрибсизларми? Янги келинчак қандай, кўникиб кетдими?- Шамсия опа авваллари бўлса, бирма-бир, номма-ном укасининг ҳамма болаларини сўраб суриштирар, келинининг соғлиги, оёғи оғриётган оғримаётганлиги, қаерда оёқ оғриқни даволайдиган дўхтир ёхуд табиб чиққанини , кимлар бориб шифо топганини албатта айтиб ўтарди. Аммо ҳозир укасининг саҳарда кириб келиши, боз устига кимнингдир қазо қилгани бу одатини батамом хаёлидан чиқариб ташлади. – Тинчликми, Шавкатжон, кимдир қазо қилган кўринади?- Шавкат жавоб ўрнига кўзларини олиб қочди:
- Опа... Илҳом кўринмайди?.. - Укасининг саволга жавоб бериш ўрнига ўғлини сўрагани онанинг юрагини чиқариб юборди:
- Нимага гапни айлантирасан!? Мен сендан ким вафот этганини сўрадим! Жиянинг ишлари билан сафарга кетганини биласан-ку! Келин оғироёқ,унга пича кечроқ туришни ўзим айтганман. Сен келмасингдан олдин, кириб уни уйғотмоқчи бўлиб турувдим. Ўликнинг юки оғир дейдилар. Сен нимага ҳакка гўнг титмай келдинг?! Гапни айлантирмай, тўғрисини айт қўй-да!- Шамсия опа шу гапларни гапира туриб оғзи қуруқшаб, қўл оёғи титраб кетди. Шавкат опасининг асабий бўлиб қолганини, ҳаётда кўп ноҳақликларга дуч келавериб, аламзада, қўрс ва асабий бўлиб қолганини биларди. Шунинг учун унинг гапини оғир олмади. Фақат ўзи олиб келган хабарни қандай айтишни билмай, саросимада қолди:
- Опажон, бир оғиз сўраб ҳам бўлмайдими? Ё манга ўз опамникига азонда келиш, жигарларимнинг аҳволидан хабар олиш мумкин эмасми?- Шамсия опа, “яна мижғовланишни бошладингми?” дегандай укасига ўқрайиб қаради.- Опажон... Дарров ваҳима қилманг-да бундоқ... Айтмоқчи эдимки...
- Э, гапир гапирадиган бўлсанг! Латтачайнамай ҳар бало бўлгур!- Энди опанинг ғазаби буткул тошиб кетди.
- Илҳомнинг дадаси бандачилик қип қўйипти опа... Шунга Илҳомга қўнғироқ қиласизми, ҳарқалай отаси, сўнгги йўлга кузатишга...- Шавкатнинг гапи оғзида қолди:
- Ўлибдими?! Охири ўлибдими у худобехабар?! Мени ҳар куни бепичоқ сўйиб, болаларимнинг кўзларини ёшлаб, тоғасининг эшигида хор қилиб, ўлибдими у?! Ҳа ўларкан, бундай Худонинг манга раҳми келиб эртароқ ўлиб кетса бўлмасмиди?! Ўша бетавфиқнинг касрига қолиб, етти ой бағримда кўтариб юрган, ҳали дунёга келмаган гўдакларим нобуд бўлганди. У ўз фарзандини ўлдирганди, энди ўлибдими?! Лекин мен уни ўлиб қутулсин, демагандим. У узоқ яшасин, узоқ хор-зорликда умр кечирсин, менинг болаларим, ёлғизгина ўғлим, биттагина қизим ўша беоқибат отасининг оғир дамларида керак бўлсин, дегандим. Барибир ўлиб қутулибди-да.- Шамсия опа ҳовли ўртасидаги чорпояга ўтириб қолди. Ёшли кўзларини укасига тикди:
- Шавкат, сен бу хабарни менга етказгани келдингми ё Илҳомжонни таъзияга чақиртиришга келдингми?- Ука опасидан кўзларини олиб қочди:
- Опа... амакилари келишувди... Нима бўлганда ҳам отаси ахир?...
- Ўчир овозингни!- Шамсия опа бақириб юборди.- Қандай ҳаддинг сиғди шу гапни гапиришга?! Болаларимни не азобда улғайтирганимни билмасмидинг?! У бетайин уйидан ҳайдаб солганида болаларимнинг отасилигини билмасмиди?!..
- Опа.. Ўлган одамнинг орқасидан ёмон гап қилиш...
- Ўлган одам?! У энди ўлган бўлса, мен аллақачон ўлган эдим! Менинг руҳимни ўлдириб бўлишганди. Менга қара, Шавкат, Илҳомни тинч қўй. Болагинам сафарда юрибди. Уни нотинч қилма!
- Опа...
- Бўлди, ортиқ гапирма...
Шамсия опа кўзларини юмиб унсиз ёш тўка бошлади...
* * *
Фарҳод муаллим кунда ичиб келиб хотинини дўппослайдиган одат чиқарди. Хотини шўрлик тиш ёриб дардини бировга айтмайди. Кунда кунора моматалоқ бўлиб кетган юз-кўзини рўмолга ўраб далага чиқади. Дўст бор, душман бор. Оқ-қорани таниган, ҳаётни тушунган одам бор-ки, муаллимдан ёзғириб, бояқиш Шамсияга сабр тилашади. Ғаламис, ғийбатчилар эса, аёлнинг устидан кулиб, нега боши ёрилгани, қовоқлари кўкариб, юз-кўзининг “бўялиб” юргани сабаби билан қизиқади. Шамсиягина эрининг калтаклашларини яшириш учун топмаган баҳонаси, ишлатмаган ёлғони қолмади. Ҳали, “боқилаётган ҳўкизнинг олдига ем қўймоқчи бўлганида бошини оғил устунига уриб олади”, ҳали, “бошига куви тушиб кетади”, бир қарасангиз,”кечқурун нон ёпмоқчи бўлиб, депиниб чуқурга тушиб кетади”. Барибир касални яширгани билан иситмаси ошкор қилганидек, бир куни Шамсиянинг сири очилиб қолди. Эри ўзи ўқитаётган бир ўқувчи қиз билан дон олишиб юрган экан. Қизнинг қорни қаппайиб, эл-юртга овоза бўлгач, Фарҳод муаллим хотини билан орани очиқ қилмоқчи бўлди. Икки норасида гўдак, яна қорнида ҳомиласи бор аёл, эридан айрилмаслигини, у уйланса ҳам бир бурчакда болалари билан кириб-чиқиб юришини айтган эди, қилмишлари фош бўлиб ишдан ҳайдалиш арафасида турган эр қутуриб кетди. Хотинининг ҳомиладорлигига, эрта-индин кўзи ёришига ҳам қарамай, аямай уни дўппослашга тушди. Кўзи қонга тўлган эр аёлининг қорнини чангаллаб чинқириб йиғлаётгани ва кийимларидаги қонни кўриб ўзига келди чоғи, қўрққанидан кўчага отилиб чиқди ва икки уй наридаги қўшнисиникидан тез ёрдамга қўнғироқ қилди...
Шамсия шу ерда ҳам мардлик қилди. Шифокорларга эри дўппослаб уни шу кўйга солганини айтмади. Қорнидаги ҳомиласи эгизак экан. Ҳам дунёга келмаган гўдакларидан айрилди, бир умр фарзанд кўриш бахтидан маҳрум бўлди. Бир ойча касалхонада ётиб оёққа тургач, қари ота-онаси уни уйларига олиб келишди. Бу ерда нигоҳлари мунгли, чеҳралари маъюсгина ўғилчаси билан қизалоғи уни илҳақ кутаётган эди.
Чиққан қиз чиғириқдан нари, дейдилар. Ҳеч бир чиққан қизни ота уйига қайтгулик қилмасинмасин. Шамсиянинг кейинги кўрган кунлари эр уйида тортган азоб уқубатлари олдида ҳеч нима бўлмай қолди. Ота-онаси кекса одамлар, уйларидаги “ҳокимият” оиланинг норасмий хўжайинлари –келинлар қўлига ўтиб бўлган. Шамсия эрта тонгдан қош қорайгунча далада ишлаб, ҳали бозорга мева-чева сотиб рўзғорга пул топиб келар, аммо келинларнинг иддаоси, таъна маломатларидан бош кўтаролмас, ҳатто айрим пайтлари укалари хотинларининг гапига кириб Шамсияга қўл ҳам кўтарар, бундай пайтларда аёл дардини ташига чиқармай, унсиз йиғлашдан ўзга чора топмасди. Кимга нима деб ҳам арзи дод қиларди?! Азалдан турмуши бузилган аёлга ҳамма чап кўз билан қарайди. Гўёки, у ёмон, ахлоқсиз, шаллақи, гап уқмас хотин. Биров, “ахир бу шўрпешона ҳам турмуш қиламан, бола-чақа ортираман, оғир енгил, дардли-қувончли кунимда суянчиғим бўлсин, деб турмуш қурган. Икки бола билан эримдан чиқиб, болалигим ўтган уйга сиғинди бўлиб яшай, деб эрга тегмаганди-ку”, демайди. Ўз укаларидан, келинларидан шикоят қилса, одамлар ўзининг турмушини бузгани етмагандай, энди укаларининг ҳам тинчини ўғирлаяпти, дейишмайдими? Шамсиянинг изтиробларидан фақат Худо бохабар бўлди, дардларига ёстиқ ҳамдард бўлди. Аёл боши билан ҳали у идоранинг, ҳали бу идоранинг остонасини ялаб, бир парча ер олиб, уй тиклашга киришди. Ёш болаларини қабатига олиб, ғишт тўкди, лой тепди, бир амаллаб бошпана қуриб, ичига кирди. Болалари билан кечаю кундуз тинмай меҳнат қилди, бировга зориқмай, муҳтож бўлмай турмушнинг тўрт муштига ёлғиз ўзгинаси елка тутиб келди.
Вақти соати келиб, ўғлини уйлантирди, қизини узатди. Аммо оғзи куйгани эсидан чиқиб, қиз узатаётганда хатога йўл қўйибди. Ўзим эрдан ёлчимай, қўлим қисқаликда, камхаржликда бола боқдим, уй қуриб рўзғор қилдим. Энди қизим рўшнолик кўрсин, яхши жойга узатилсин, деб қассоб тоғасининг ўғлига берди Шавқиясини. Туппа тузук оиласини, хотин-боласини бағрида юрган куёви, шаҳарда қасоблик қиламан, деб кетиб айниб қолди. Аввал қишлоқда куёвининг юриш-туриши, аллақандай шаҳарлик бир аёлга ўралашиб қолгани ҳақида миш-мишлар ўрлаб юрди, сўнг тап тортмай номард куёв бир тавияни бошлаб келди. Бир пайтлари кундош балоси ўзининг бахтига зомин бўлганди, энди қизи ҳам шу изтироб қаршисида забун...
Шамсия опа ўзи кўрган қийинчиликлар олдида эсанкирамаган эди, қизининг кўргуликлари уни тамоман қақшатиб юборди. Асаблари толиқиб, сал нарсага жаҳли чиқадиган, ловуллаб ёниб, бақир-чақир қиладиган бўлиб қолди. Шамсия опа бетини сидириб судма-суд юриб, куёви билан етаклашиб келган ҳалиги аёлни уйдан қувиб солди. Айтишларича ҳозир куёви иккинчи хотини билан хорижда ишлаб юрган эмиш. Қизи болалари билан фермер даласида ишлашади, одамларнинг эшигида қўлидан келган юмушларни бажариб кунини ўтказади. Шамсия опа ёлғиз қизининг бахтсизлигини кўриб юрак-бағри эзилиб, ҳаммасига отаси айбдор, деган хаёлга боради. Тоғаси билан ҳам юзкўрмас бўлиб кетди. Отасизликда тишига тишлаб, минг бир қийинчилик билан ўстириб, тарбиялаган қизини ўзимники деб, ишониб берсаю, қуда бўлмиш тоға биргина ўғлини йўлга сололмаса. Дунёнинг ишлари ҳам ғалати-да...
* * *
Шавкат ноилож ортига қайтди. “Опам ҳақ.- кўнглидан ўтказди, ука.- Шунча пайтгача жиянларимнинг, опамнинг бошидан не кунлар ўтмади. Ота бўлиб лоақал бир бора хабар олмаган одамнинг таъзиясига нима деб боради?! Опам бирор ёмон иш қилмагандилар-ку? Унинг шаъни, иззат-нафсига тегмагандилар-ку!.. Э, барибир бориши керак. Нима бўлганда ҳам ўша одам отаси эди...” Шавкат қарама қарши ўйлар исканжасида йўл ўртасида қаққайиб туриб қолди. У таъзияли уйга боришни ҳам бормасликни ҳам билмасди....
...- Келин, Илҳомжоннинг телефонини териб беринг. Болагинамнинг овозини эшитгим келди.-Келин эрига қўнғироқ қилиб, салом –алик, ҳол сўрашдан кейин, қайнонасининг гапи борлигини айтиб алоқа воситасини Шамсия опага узатди.
- Болам, омонмисан? Тан-жонинг саломатми? Ишларинг битдими ўғлим?
- Ҳа, онажон. Битай деб қолди. Эртага йўлга чиқмоқчи эдим.
- Болам... Бугуноқ йўлга чиққин. Иложи бўлса ҳозироқ. Ҳалиги енгил машинада йўлга чиқсанг, тезроқ етиб келарсан-а, болам?
- Ҳа...Лекин нимага онажон, тинчликми?
- Тинчлик болам. Худога шукр, тинчлик...Фақат тезроқ келгин, сен жуда соғиндим ўғлим...
- Онажон, мени қўрқитманг, нима бўлди?- Ўғлини хавотирга қўйганини сезган она, кўнглидагини очиқ айтди:
- Болам... Ҳалиги... у... отанг қазо қипти... Нима бўлганда ҳам ота деган номи бор, сен ўшанинг зурриёдисан... Таъзиясида қатнашгин, демоқчи эдим... Ҳозир опангга ҳам ўғлингни юбордим. Уни ҳам кўндиришга ҳаракат қиламан... Келасанми?..
... -Бораман онажон... Сиз нима десангиз шу...
- Эҳтиёт бўл болам, йўлда эҳтиёт бўлиб кел. Телефонинг ўчиб қолмасин...
- Хўп онажон... – Шамсия опа телефонни келинига узатиб, кўз ёшларини кўрсатмаслик учун ичкари уйга кириб кетди...
Фарзона АЗИЗ
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
- Аёлнинг Таравих намози учун уйидан чиқиши
- Эътикоф ҳақида
- Рўза боби (1-қисм)
- Фитр садақаси
- Аёллар эътикофига доир масалалар
- Фидя бериш ҳақида
- Саҳарлик ва ифторлик
- Рўзани бузадиган амаллар
- Рўзани бузадиган амаллар
- Эътикоф бўлими
- Рўза боби (2-қисм)
- Нафл рўзалар ҳақида
- Рамазон: эрингиз сиздан рози бўлсин
- Рамазон: оналар учун 23 маслаҳат
- Расулуллоҳнинг Рамазон ойида баъзи аёллари билан никоҳланишлари
Ҳозир сайтимизда 44 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Аёлнинг юзини кўрсатиши ва ҳижоб ҳақида
- Парик тақиш ва аёлнинг сартарошга бориши
- Аёлнинг ҳамма нарсаси шаррми?
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш