Сайт бўлимлари
- Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
- Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
- Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
- Энг заиф уй
Muslima.Uz
Муҳаббатга вақти йўқ одам
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Муҳаммаджон котибаси киргизган аризага кўз югуртириб чиқаркан, энсаси қотди:
- Нимага ишдан кетмоқчи экан? Яна шу пайтда-я? Хонимнинг мушугини ким «пишт» дебди?- Райҳона бошлиғининг одатини яхши билгани учун ҳам кинояларини индамай эшитиб турди.
- Билмадим. Менга, бошлиққа бериб қўй, дедилар. Негадир кайфиятлари йўқ эди…
- Ҳм… Шунақа денг. Ўзини чақиринг-чи.
Котиба чиқиб кетди. Муҳаммаджон шундай яхши ходимасининг нима сабабдан ишдан кетаётганини билолмай, ўйланиб қолди. ўзи камгап, гапиришдан кўра ишлашни яхши кўради. Маълумоти бўлмаса ҳам анча-мунча модельер-дизайнерларни ортда қолдиради. Ойлик режани ҳар сафар ошиғи билан бажаради. У тиккан кийимлар аллақачон хорижлик хонимларнинг ҳам эътиборини қозонган. Шундай яхши ишчидан айрилиш, «Кўҳинур текстил» фирмаси раҳбарига малол келаётганди.
- Келдилар.- Котиба Сабоҳатни ичкарига бошлаб кириб, ўзи чиқиб кетди.
- Кетмоқчимисиз?- Муҳаммаджон гарчи Сабоҳатнинг кетишидан ташвишланаётган бўлса-да, сир бой бермай столи устидаги қоғозларга андармон бўлгандай сўради.
- Ҳа. Шуниси маъқул менимча.- Муҳаммаджон қизга зимдан термулди. ўзи қорачадан келган, катта-катта шаҳло кўзлари гапирганда одамга эмас, бошқа ёқларга қадалган, чимдиб қўйилгандек жажжи бурунчасининг пастидаги мошдек холи ўзига ярашиб турибди. Жуда чиройли бўлмаса ҳам, одамни ўзига тортадиган нимасидир бор. Бундайлар ҳақида истараси иссиқ дейилармиди, хуллас, меҳнатсеварлиги, ишига уста-пухталиги қорамағиз қизнинг ҳуснига ҳусн қўшиб туради. Бунинг устига жуда камгап. Юз оғиз гапириб, ундан аранг бир оғиз жавоб ололасиз ёки йўқ. Бошлиқ ўйланиб қолди. Шундай ходим ўз-ўзидан ишдан кетаверадими?
- Нима гап, тинчликми? Биров хафа қилдими?- Сабоҳат Муҳаммаджонга «ялт» этиб қаради:
- Йўқ! Ўзим кетишни хоҳладим. Шу холос! Менга рухсат!
Қиз шундай деганча хонадан югуриб чиқиб кетди. Кейин цех ётоқхонасига бориб нарсаларини йиғиштира бошлади. Сабоҳатнинг узун-узун киприкларидан ёш тома бошлади. Энди қаерга боради? Яна қандай одамларга йўлиқиб, қанақа феъл-атворли кишилар билан муомала-муносабат қилади. Етти йилдан бери шу ерда ишлайди. Бу ерда ишлайдиганлардан тортиб, дову дарахти гулу гиёҳигача Сабоҳатга азиз бўлиб қолган эди. Энди қандай қилиб кўнгил узиб кетади-я… Қаерга боради? Яна ўша пияниста поччасини қарғаб, тилидан заҳар томадиган холасиникигами? Ёки дамлаган ошини ундан бекитиқча болаларига едирган келинойисининг қош-қовоғидан нари иш қилолмайдиган тоғасиникигами? Қанийди уни ҳам оиласи, ота-онаси, опа-укаси бўлса. Зерикканда, қийналганда жигарлари билан дилдан суҳбат қуриб кўнгил ёзса.
Иш деган нарса-ку топилади, қўлида гулдай ҳунари бор, матога жон бағшлайди. Аммо ўша кўнглига маъқул иш топилганча қаерда жон сақлайди?..
Сабоҳат ҳўнграб йиғлаб юборди. Кўз ёшларини тиёлмай ётоқхона навбатчисига калит ва буюмларни топширди.
- Қизим, нега бизни ташлаб кетаётганингни билмайману, аммо сенга ишонаман. Сендай оқила, фаросатли, қўли гул қизлар ҳаётда ўз ўрнини топиб, ўзи кутган бахтга албатта эришадилар. Сенга ўзинг истаган саодатни тилайман.
Сабоҳат бу меҳрибон аёлнинг бағрига ўзини ташлаб, йиғлаб юборишдан аранг тийилди. Қиз навбатчи билан хайрлашиб, юкларини кўтариб бекат томон йўл олди. Баҳорнинг салқин эпкинлари таралаётган оқшомда ишдан, ўқишдан қайтаётган одамлар уйига ошиқар, ҳамма ўз ташвиши билан банд, ҳеч кимнинг биров билан иши йўқ. Сабоҳат дуч келган автобусга ўтирди. Орқа ўриндиққа чўкиб, қулоғига телефон наушнигини қўйиб кайфиятига мос сокин, маҳзун қўшиқ эшита бошлади. Тиғиз пайт бўлишига қарамай, автобусда одам сийрак эди. Сабоҳатнинг кўзлари ёшланди. «Билмадинг-а, сезмадинг-а… Яна нега ишдан кетяпсиз, деб сўрайсан. Нима қилай, ҳар куни сени кўрсам, кўрсаму дардимни айтолмасам, елкангга бош қўйиб овунолмасам, кўзларим ёшини артиб қўймасанг, бу ерларда қолиб нима қиламан?!»
Автобус икки-уч бекат юриб, йўловчилар бирин-кетин манзилларида тушиб қолишди. Сабоҳат тушиб қолишни ҳам, ўрнидан қимирламасликни ҳам билмай деразадан ташқарини кузатганча, йиғлаб бораяпти. Шунча йиллик қадрдонларининг тафти, меҳнатлари самараси, севимли иши, қадрдон қайчиси, тикув машинаси, дугоналари ҳамма-ҳаммаси тобора ортда қолиб, қиз қалбига оғриқ солаётган. У хаёлнинг олис сарҳадлари бўйлаб кўзларини маънисиз тикканча, кетяпти. Кетяпти. Қулоғи остида кимнингдир, «Сабоҳат, қол, кетма…» деган илтижоли товуши эшитилгандай бўлар, Сабоҳат бир чўчиб, сўнг яна ўз хаёлларига ғарқ бўларди. Дунёни унутиб саросар кетаётган қизнинг ўйларини қўл телфонининг қўнғироқ бўлганини билдириб чалган куйи тўзғитиб юборди.
-Эшитаман.- Қиз рақамларга қарамай, қулоғидаги наушникнинг овоз кучайтиргичида жавоб қайтарди.
- Сабоҳат, қаердасан? Сени излаб ётоқхонага бордим, дарров кетиб қолибсан-а?- Қиз овоз эгасини таниб қизил тугмачани босиб қўйди. Сўнг телефон тугмачалари остидаги ҳарфларни териб, хабар ёзишга тутинди: «Сиз учун кетяпман, ишдан! Сиз сабабчисиз!» Сабоҳат хабарни юборишга юбориб кўз ёшларини тўхтатолмади. Кўп ўтмай яна қўнғироқ бўлди. Қиз жавобсиз қолдираверди. Сўнг яна қайта-қайта Муҳаммаджоннинг қўнғироқларига жавоб бермаганди, SMS келди: «Сабоҳат, илтимос, нима учун кетаётганингни айт. Қаердалигингни айт, гаплашиб олайлик…»
… - Нега сен учун кетяпман, дединг? Тушунмадим?..- Сабоҳат улкан чинор дарахтига суяниб, одатича кўзларини олисларга тикиб турарди. Муҳаммаджон ҳовлиқиб келиб, «Ласетти»дан туша солиб уни саволга тутди.- Сенга бирор гап гапирдимми ё ойлигингдан қониқмаяпсанми? Бундоқ кўнглингдагини очиқ айтсанг-чи!?
- Сиз учун кетяпман… Сиз сабаб бу ерларда ишлолмаяпман…- Сабоҳат йиғлаб юборди. Муҳаммаджоннинг капалаги учиб, қизга ҳайратланиб қараб тураверди.- Ўзингизга бир қаранг, кейин менга қаранг. Сизни деб, қандай ютуқларга эришган бўлсам, қанчалик жонимни жабборга бериб ишласам ҳам сизни деб ҳаракат қиламан-ку. Кўзларимдан, сўзларимдан шаҳдимдан сизни севишимни, муҳаббатингизга интилиб яшаётганимни сезмадингими?! Йўқ, сиз ҳаммасини сезиб-билиб юрардингиз, аммо мени ўзингизга муносиб кўрмасдингиз. Ота-онасиз, бувисию тоғасининг қўлида ўсган бир қиз бўлса, у киму мен ким, деб устимдан кулиб юрган бўлсангиз ҳам ажаб эмас!- Муҳаммаджон қаршисидаги қизнинг кўз ёш ёмғири остидаги маломатларини эшитаркан, ўзи билмаган ҳолда машинасига суянганча, ерга ўтириб қолди.- Тўғри, онам касалмандлигини билиб, дадам бошқасига уйланиб кетган, шу бўйи онамнинг таъзиясида ҳам, бувимнинг азасида ҳам келмади. Мен дадамни умуман эслолмайман ҳам. Айтишларича, у айни пайтда оиласи билан хорижда яшар эмиш. Мендан ҳеч қачон хабар олмаган, аммо мен сиз ўйлаганчалик ота тарбиясини кўрмаган бебош қиз эмасман. Тоғам қаттиққўллик билан тарбиялади мени. Хорижга чиқишни, машҳур ва бой бўлишни, бахтли бўлишни ва шу сабаб отамни топишни истаб сизнинг фирмангизга ишга киргандим. Кам бўлмадим. Меҳнатимни қадрладингиз, бунинг учун катта раҳмат. Аммо кўнглимни англамадингиз, қадрламадингиз. Чунки, ота-онангиз, яқинларингизга мени кўрсатиш, мени сизга муҳаббатли эканимни айтиш сизга ор. Кимсан дунёнинг машҳур брендлари билан беллаша оладиган корхона эгаси қайдаги ота-онаси йўқ, ҳеч кими йўқ, цех ётоқхонасида яшайдиган қизни ўзига қандай муносиб кўрсин?!..
- Гапинг тугадими, Сабо?…- Муҳаммаджон қўл остида ишлайдиган ходимасини ўзига яқин олиб гапирди.- Энди мени ҳам эшитарсан?- Қиз ҳиқиллаб йиғлаганча индамай тураверди.- Сен ҳақингда, тақдиринг, ота-онанг ҳақида биринчи марта эшитиб турибман, Сабо. Мени кечир, ғофиллигим, кўрлигим, ғафлатда қолиб кетганим учун. Сен ҳам мен ҳақимда ҳеч нима билмас экансан. Тўғри, ишхонада ҳеч ким билан яқин муносабатда бўлмаганим учун ҳам кўпчилик ҳаётимдан бехабар. Мен детдом боласиман, Сабо. Отамни билмасдим. Кичкиналигимда бир аёл келиб, онангман, дерди, орадан вақт ўтиб уям келмай қўйди. Мактабда ўқиб юрган кезларим ота-онаси бор, бойвачча синфдошларимга ҳам ҳасад, ҳам ҳавас қилиб, мен ҳам албатта бой бўламан, бой бўлсам ота-онам бўлади, деб аҳд қилгандим. Ўзим ўқидим, ишладим. Қийинчилик кўрдим, машаққат тортдим. Шу фирма— корхонани очдим. Орзуларимга эришдим, бой бўлдим, давлатли бўлдим. Ўйлаганимдай бир жойдан бир одам мен отангман, деб кириб келди, бир жойдан бири онангман, деб келди. Ота-онамнинг ўз оиласи бори экан. Бирининг хотини золим, шаллақи, бирининг пияниста эри ҳар куни дўппослаб пул сўрар экан. Хуллас, ана шунақа айқаш-уйқаш ҳаётим билан бировни севишга ҳам, қизлар билан қўл ушлашиб юришга ҳам вақтим бўлмаган. Мени ҳеч бир қиз севмаган, Сабоҳат. Мен ҳам ҳали сен айтаётган туйғулар жунбушини ҳис қилмаганман. Шунинг учун ҳам ҳиссиётларингни англамагандирман. Мени кечир… Биз бир-биримиз учун яратилган эканмизни кеч билганим учун, кечир… - Муҳаммаджон қизнинг қўлларидан тутиб олди.- Энди мени ташлаб кетмайсан-а? Энди қалбимни, кошонамни, корхонамни тўлдириб юраверасан-а? Кетмайсан-а?…- Сабоҳатнинг юраги ҳаприқиб кетди. «Бу— мен кутган, мен орзу қилган бахт-ку, Художон!» Қиз кўнглидаги ҳайқириқ йигит қалбига ҳам кўчди: «Бу— менинг чин бахтим бўлсин, Художон!» Баҳор оқшомининг юлдузлардан тилло либос кийган осмони, унинг кўшкини тўлдириб турган оймома, энди япроқ чиқараётган дарахтлару, замин меҳридан баҳра олиб ўсаётган майсалар икки ёшнинг тилагига қўшилишди: «Албатта шундай бўлади! Сизлар бахтли бўласиз!..»
ФАРЗОНА
Қисматнинг қинғир ҳазили
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Самира қизи айтган совчиларни унча хушламади:
- Қўй, қизим, ҳеч кўнглим бўй бермаяпти. Ўзимиз томондан ҳам яхши йигитларга сўрашяпти. Узоқнинг донидан, яқиннинг сомони яхши, дейдилар. Уларингни ҳали бир марта ҳам кўрмаганману, негадир ҳар сафар айтганингда юрагимни алланечук ғашлик қоплайди. Болам, ўшалар келмай қўяверишсин-а?..
- Ойижон, нега унақа дейсиз? Элбек ака жуда ҳам яхши инсон. Шундай яхши йигитнинг оиласи ёмон бўлармиди? Ойижоним, илтимос, йўқ деманг. Улар келишсин, ойилари билан танишинг, кейин бирорта холам билан бориб Элбек акамларнинг маҳалласидан сўраб-суриштиринг, ана ундан кейин бирор гап айтарсиз. Балки, фикрингиз ўзгарар... Ахир мен ҳар қанақа одамни ёқтириб, ҳар қанақа одам билан етаклашиб кетавермайман. Сизнинг, дадамнинг орзулари билан ўйнашишга ҳаққим йўқ менинг, буни яхши биламан.- Самодил онасига илтижоли тикилди. Самира чуқур “уҳ” тортди:
- Майли, қизим, келаверишсин-чи, қолгани бир гап бўлар. Биласан-а, мен сенга мен учун ҳам бахтли бўлишни уқтирганман, мен учун ҳам бахтли бўлишга ваъда бергансан. Шу ваъдангни, қулоғингга қуйганларимни унутмасанг, кимни севсанг ҳам, энг аввало онангни эсингдан чиқармасанг, бўлгани.
- Хавотирланманг, дедим-ку, ойижон. Кўнглингиз тўқ бўлсин, ҳамма айтганларингиз эсимда.- Самира қизининг гапларига ишонишни астойдил истаса-да, кўнглидаги ғуборлар аримас, аллақандай тушуниксиз ҳиссиётлар чангалида қийналар, ҳатто ярим тунда ҳам қизининг ётоғига кириб, унга узоқ термулиб ўтирар, сочларини силаб, бахтини сўраганча дуо қиларди.
Совчилар келадиган куни қизининг елиб-югураётгани, ҳали эшик-деразаларнинг ромларини қайта-қайта артса, бир қараса ойналарни артади. Дам қўли қўли тегмай яхна овқатларни дастурхонга мос ликопчаларга қўйса, дам соатдан кўз узмай ширинликлар пиширар, унинг жонсараклиги бир томондан Самиранинг ғашини келтирса, бир томондан қизининг улғайгани, янги ҳаётга қадам қўйишни астойдил истаётгани, юрагини орзиқтирарди. Қизи улғайибди, турмуш қуришни, оилали бўлишни хоҳлаяпти. Бунинг нимаси ёмон? Ҳар бир қиз вақти келиб оила қуриши, ота уйини тарк этиши керак. Бу- табиат қонуни, ҳаёт ҳақиқати. Бунда ҳеч қанақасига ғайритабиийлик йўқ, инсон бахт учун яратилган. Бахт эса – сени тушунадиган, ардоқлайдиган инсон билан яшаганингда. Бироқ ҳаётнинг ўзига хос мезонлари бўлади. Баъзан сени мени тушунади, деб ўйлаганинг бутунлай бегона, кўнглим талпинади, деганинг юрагингга терс бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Шунинг учун, тақдирни тақдир қилган Яратганга таваккал қилганларнинг кўпчилиги бахтли яшайди. Ҳаёт – қарама қаршиликлар майдони, шахмат ўйинига ўхшайди. Бир томонда оқ доналар, бир томонда қора. Баъзан кетма кет қора доналар ўйинига дуч келинади, айримларнинг ҳаётида эса, аввал яхши кунлар нашъу намоси, сўнг эса қора кунларнинг имтиҳони бошланади. Энди Самиранинг қизига бахт кулиб боқсин-да. Бу дунёда уни боғлаб турган ягона инсон- қизи. Ҳамма орзу-умидлари, келажагининг истиқболи шу қизига боғлиқ. Яраланган юрагининг яккаю ягона малҳами. Ғамлардан, дунё ташвишларидан чарчаганида ҳаётга умид, муҳаббат уйғотадиган, уни яхши кунлар олдиндалигига астойдил ишонтирадиган шу- қизи. Мана шу қизи улғайиб, янги ҳаёт остонасида турибди энди. Боланг кўз ўнгингда тез катта бўларкан, билмай, уни бола хаёл қилиб юрар экансан...
- Ая, чиқинг, келишди, шекилли.- Самодил ташқаридан шундай деб овоз берди-ю, лип этиб ичкари уйга кириб яширинди. Самиранинг оёқ-қўли титраб, ҳаяжондан талмовсираган куйи дарвозахонага чиқди. Оппоқ машинани тўлдириб келган совчи хотинлар бирин-кетин тоғорасини қўлтиқлаб тушиб келаверишди. Тамойилига кўра, Самира уларни кўриб ҳайрон бўлгандай бўлди. Аммо... Меҳмонлар яқинлашиб, кўришишга икки-уч қадам қолганида ҳайратдан тош қотди. Аёлнинг боши айланиб, мияси ғувиллар, совчиларнинг бири-ёши кекса кампир Самиранинг ўтмишдан қолган юрак доғларини тирналишига сабаб бўлди. Бир оздан кейин, Самира ҳай-ҳайлашаётган хотинларни ичкарига бошлади-ю, ҳалиги кампирга қарамасликка уриниб тилини аранг калимага келтирди:
- Қани, уйга марҳамат қилинглар-чи, йўлда уриниб қолмадиларингизми?..- Аёлнинг тили ўзига бўйсунмас, ўзига тобора итоат этмаётган кўзлари ҳалиги кампирга тортиб кетар, афтидан совчиларнинг каттаси ҳам уни таниди шекилли, ранг-рўйи ўзгариб, лаблари титрар, ниманидир сўрашга чоғланардию, гап бошламоқчи бўлганида дами ичига тушиб кетарди. Самира бир оз ўтиб ўзини ўнглади, шекилли, бу ёқимсиз меҳмондорчиликни тугатиш учун, қовоқ-тумшуғини очмай, совчиларни атай ясатиб қўйилган уйга эмас, ўзлари ўтириб овқатланадиган хонага чорлади:
- Қани, киринглар.- Бир бурчакда йиғиб қўйилган кўрпачаларни тўшай бошлади. Меҳмонлар ўрнашиб ўтиришгач, одатдагидек салом-алик, ҳол сўрашлар такрорланди. Самира чой опкелиш учун ташқарига чиққан эди, ошхонада қизига тўқнаш келди:
- Ойижон, нега меҳмонхонага эмас, ўзимизнинг уйга киргиздингиз? Тинчликми? Чойни мен киргизмайманми?..- Самира ғазабдан титраб қизига ўқрайди ва биринчи марта овозини баландлатди:
- Улар меҳмонхонага киргизадиган меҳмонлар эмас экан. Чойни ўзим олиб кираман, сен индамай хонангга кириб ўтир, кейин гаплашамиз!
Чой қайтариб қуйилгандан кейин, меҳмонлар бир-бирининг оғзига термулишар, ҳеч кимдан садо чиқмагач, ҳаммаси биргаликда кекса ҳамроҳларининг оғзини пойлашди.
- Биз остонангизга қулчиликка келдик, айланай...- Самира Худодан ўзига сабр, жаҳлига тўзим сўраб гап бошлади:
- Қаранг-а, тоғ тоғ билан учрашмайди, одам одам билан учрашади, деган гаплар қанчалик тўғри экан-а?! Биз сиз билан яна учрашиб турибмиз. Қизиқ, бу сафар кимга совчи бўлиб келдингиз? Ҳар ҳолда, неварангизга бўлса керак. Яна келинликка номзод қизнинг таг-тугини суриштирмай, келаверибсиз-да. Кимлигини билиб қолсангиз, тўйга бир ҳафта қолганда, ҳаммасини тўхтатасиз-да. Хуллас, омин Аллоҳу акбар. Мени узатадиган, сизларга берадиган қизим йўқ. Яхши боринглар.- Самира шундай деб, дастурхон чеккасини қайириб, аввал ўзи ўрнида қўзғалди-да, сўнг унга ҳайрон тикилаётганларга, ердан бош кўтаролмай ўтирган кампирга қаради. Самира йиғлаб юбормаслик учун ўзида куч топди. Меҳмонлар қайтганидан кейин алла-паллагача хонасида қамалиб ўтириб,оқшомда, ошхонада чироқни ҳам ёқмай, онасининг бугунги ишини тушунмай абгор ўтирган қизини ёнига чақирди:
- Самош, Самодил, буёққа кел, қизим. Ошхонада нега чироқни ёқмай ўтирибсан? Кел-чи, она бола бир гурунглашайлик.- Қиз қўрқа писа онасининг ёнига келиб ўтирди. Кўринишидан бир оғиз ортиқча гап гапирилса, йиғлаб юборадиган алпозда эди.
- Ҳайрон бўлиб ўтирибсанми, нега ойим совчиларга бунақанги қўполлик қилдилар, деб? Ўзим айбдорман, аввал бошдан ҳаммасини сенга айтиб беришим, тақдиримдан сени хабардор этишим керак эди...- Самира қизининг сочларини силаган куйи хаёл уммонига ғарқ бўлди...
Самира талабалик таҳсилини тамомлаган йили узатилди. Куёв бўлмишнинг обрўли даргоҳда ишлаши, қудаларнинг бой-бадавлатлиги ҳақидаги мақтовлар келинчакни ҳам, ота-онаси, амма-холаларни ҳам кўзини қувнатди. Қудалар қўшалоқ тўй қилиб, катта ўғлини қудағайнинг синглисининг қизига, кичик ўғлини Самирага уйлаб, орзу –ҳавасини элга намойиш этишди. Никоҳ оқшомидан олдин Самиранинг бошини қотириб ташлаган янгалар, қуда томоннинг эпчил аёлларининг саъй-ҳаракатлари натижасида, келиннинг ўзини қолдириб кетадиган бўлишди. Никоҳ оқшоми ясатиғлиқ гўшангада ёлғиз қолиб кетган Самира, ана шу ёлғизлик исканжасида нақ олтмиш куну тунни ўтказди. То куёвнинг биринчи – ўзидан беш-олти ёш катта хотини келиб, тўполон қилгунича. Икки ойлик келинчак- бутасидан узилиб, бир марта ҳидланган гул бўлиб ота уйига қайтган Самира, иш билан ўзини овутиш учун шаҳарда ишлай бошлади. Одамларнинг гап-сўзлари, ҳали элликка кирганидан, ҳали олтмишга тўлганидан келаётган совчилар икки ойгина турмуш қурган жувоннинг юрагига ханжар бўлиб ботар, ўзи тортаётган ранжу изтироблар устига устак бўларди. Охири, таниш одамларнинг кўзидан четроқда бўлиш учун пойтахтга келди. Бир газетага ишга кириб, ўзи билан ўзи овора бўлиб юраверди.Шундай кунларнинг бирида ҳаётига у кириб келди. Ижара уйининг биринчи қаватидаги дўкондан кунда кунора егулик харид қиладиган қиз, одатий навбатчи мулоқотлардан бошлаган танишуви оқибатида йигирма беш йил ҳеч кимга ишонмаган кўнглини, дўкон эгасига ишониб топширди. Акбарали исмли асли келиб чиқиши водийлик, ота-онаси пойтахтда ишлаб қолиб кетгану учун шу ерлик бўлиб қолган йигит билан аҳду паймон қилди. Тўғрироғи, йигит қизнинг ўтмишидан хабардор бўлса-да, ўша “камчилик”ни қабул қилиб, унга уйланишни астойдил истаган эди.
- Қарор қабул қилишингиздан аввал, ота-онангиз билан маслаҳат қилинг. Менинг ўтмишимни уларга маълум қилинг, бусиз бўлмайди,- деб ҳарчанд йигитга уқтирмасин, Акбарали:
-Кейин айтамиз. Ҳаёт меники, бизники, ўзимизнинг сиримиз ўзимиз билан қолгани маъқул. Вақти келганда, ўзлари билиб олишади. Мени режам бўйича улар бундан бир умр хабар топишмайди. Бу сир фақат иккимизгагина тегишли бўлиб қолаверади!..- Ана шу қатъий ваъдадан сўнг, Самиранинг ота-онаси қизлари айтган совчиларни кутиб олишди. Худди қиз истагандай, уқтириб қўйганидай ота-она бояқишлар ҳам лом-мим дейишмади. Унаштирув бўлди, кетидан кўп ўтмай дабдабали фотиҳа тўй бўлиб ўтди. Тўй куни белгиланиб, тўйхоналарга буюртма берилган, бўлажак келин-куёв никоҳ оқшомида кийиладиган либосларни танлаб юрган пайтларида, кутилмаган қўнғироқ Самиранинг ҳаётини яна бир маротаба чилпарчин қилди. Куёв бўлмишнинг онаси, Самиранинг ўтмишидан хабар топиб, тўйни тўхтатишни айтди.
- Ёшлар-ку, ёш ҳиссиётга берилган десам, сиз катталарнинг кўзингиз қаёқда эди?! Бизни алдаб, бева, суюқоёқ қизингизни тиқиштирмоқчи бўлибсиз-да?! Ким билади, аввалги эри ҳам нима сабабдан ҳайдаворган экан?..- Қудағай оғзига келган ҳақоратни қайтармади. Самиранинг ота-онаси, совчиликка келишингиздан олдин, ўғлингиз келиб, қизимизнинг ўтмиши ҳақида сизларга оғиз-очмаслигимизни қаттиқ тайинлаган эди, аслида бу никоҳни биз ҳам хоҳламаган эдик, дейишолмади. Йигит томон унаштирув ва фотиҳа тўйга кетган пулларни тийин-тийини билан ҳисоблаб олишди. Ҳатто буюртма қилинган тўйхоналар учун ҳам жарима тўлаган, Самиранинг ота-онаси уят ва исноддан бош кўтаролмай қолишди. Шундан кейин Самира бошқа қишлоғига қадам босмади. Орадан уч-тўрт йил ўтиб, ёши каттароқ, бойвачча бир кишининг никоҳига кирди. Эри уй-жой, бошпана қилиб берди, оҳлари Аллоҳга етиб, ширингина қизалоқ кўрди. Бахтига эрининг биринчи никоҳидан фақат ўғил болалар туғилгани учун, қизчасининг туғилиши икки томонни ҳам бирдай қувонтирди. Самира кундоши билан худди опа-сингилдек бўлиб кетди. Кейин эшитишича, эри кундошига, агар Самирага кундошлик қилсанг, кун бермасанг, ўзингга қийин бўлади, сени ташлаб кетаман, агар бир-бирингни тушуниб, келишиб кетсаларинг, икковингга ҳам бирдек муносабатда бўламан, деб шарт қўйган экан. Самира кўпда эридан пул сўрайвермайди, муҳими, мени уй-жой билан таъминлаб қўйгани, қўлимда дипломим бор, ишлай оламан, ўзимдан қўймасин, деб меҳнатдан тортинмайди. Қизи бу йил Университетни тамомлаш арафасида. Самодилни сўраб келган совчилар- уни бир пайтлар аввал осмонга кўтариб, бахт ваъда қилиб, сўнг ерпарчин қилиб, абгор ҳолда ташлаб кетган кишининг ўғлига сўраб келишган эди. Совчиларнинг ёши кексаси-бир пайтлари Самирани оғзига келган ҳақоратлар билан «тақдирлаган» аёл эди...
...- Мени кечиринг, ойижон... Нега шунча қийинчилик кўрганингизни айтмадингиз?
- Қўявер болам, сенда нима айб? Айтганим билан, у йигитнинг айнан ўшаларга тегишли эканини қаердан ҳам билардинг. Фақат сўз бер, куйинма, энди у билан ҳеч қачон учрашма. Сени бахтли қиладиган йигит-ҳали олдинда! Сен менга ҳам аталган бахтни кўришинг керак!
- Албатта, ойижон...- Самира қизини бағрига босди. Аёлнинг юраги ҳапқириб, чеҳрасида қувонч балқди...
Рухшона ФАРРУХ
Бировнинг боласи
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Меҳрожиддин гаплашаётган кишиси билан тезгина хайрлашиб, телефон гўшагини шоша-пиша ўрнига илиб қўйди-ю, бир чеккада сокин куй таратаётган қўл телефонига жавоб берди:
— Лаббай, онажон, ассалому алайкум.- Гўшакнинг нарёғидан йиғи товуши эшитилди, чоғи, Меҳрожиддиннинг юз ифодаси ўзгариб, таскин бера бошлади.- Хавотирланманг, йиғламанг, онажон, укамга ўзим гапираман. Сиз ҳам унга кўп қаттиқ гапираверманг, дадамга ҳам айтинг. Ўзим гаплашаман. Куюнаверманг, онажон, ҳаммаси яхши бўлади.
Меҳрожиддин онаси билан хайрлашиб, ходимларига зарур топшириқларни бериб, шошилган куйи идорасидан чиқиб кетди...
... — Ишингиз бўлмасин, ака. Ўзи сиз нега бизнинг оиламизга бурнингизни суқаверасиз-а? Ким деб ўйлайсиз ўзингизни?! Мен туғилганимдан кейин дадам билан аям сизни бу уйдан ҳайдаб юборишган. Бегонасиз бизга кўп ҳам ишларимизга аралашаверманг.- Укасининг гаплари жон-жонидан ўтиб кетган бўлса-да, Меҳрожиддин унга парво қилмагандай:
— Дадам билан онамга кўп озор бераверма, гуноҳкор бўласан. Ўйлама, уларни сенга ташлаб қўймайман. Олиб кетаман. Токи ўзингга келиб, хатоингни тушуниб етмагунинггача, уларни кўра олмайсан. Шундоқ ҳам кўп эзиб юбординг уларни,- деди бир нуқтага тикилган куйи. Сўнг қунишибгина ўтирган чолу кампирга қаради:
— Дадажон, онажон, қани машинага чиқинглар-чи. Бизникига кетамиз. Невараларингиз ҳам жуда соғинган сизларни, келинингиз ҳар куни “ойим билан дадамни олиб келинг, биз билан яшасинлар” деб ҳол-жонимга қўймайди. Менинг ҳам кўнглим хотиржам бўларди. Биласиз, кўп узоқ сафарларда бўламан. Келинингиз билан невараларингизга бош бўлиб ўтирасизлар.
Хомушгина ер чизишди. Зуҳра опа изиллаб йиғлаб юборди. Абдусамад ака хижолатланган куйи пешонасидаги реза терларни сидира бошлади...
... Зуҳрахон билан Абдусамад беш йил давомида Яратгандан тирноқ сўраб илтижо қилишди. Ойдай ҳусни, кундай кўрки бор деб мақтаган келини ҳадеганда фарзанд кўравермагач, Ойбону хола — Абдусаматнинг онасига Зуҳрахон ҳам балодек кўринадиган бўлди.
— Ўғлимга онасини ўпмаган сулувни олиб бераман. Боламнинг умрини беҳудага ўтказиб юборяпти, ўзидан билиб кетмайди-ям дерди,- қайнона қўни қўшниларига атай келинига эшиттириб. Зуҳрахон қон қақшаб, заҳар ютса ҳам, бировга билдирмасди. Шундай кунларнинг бирида эри топиб келган гап уни буткул ҳайратда қолдирди:
— Бола асраб оламиз,- деди Абдусамат ёшли кўзларини ўзига тикиб турган хотинига қарамай.- Меҳримизни берсак, тарбяилаб, эл қаторига қўшсак, эрта қарилигимизда ярайди...
— Катталар бунга рози бўлишармикан?..- Зуҳрахон эрига “ота-онангиз бунга кўнмайди” деёлмади. Эрининг қарори жувоннинг зулмат қоплаган қалбига нур бўлиб инди гўё. Аммо бу ҳали бахт дегани эмасди. Олдинда кўп тўсиқлар, қийинчиликлар бор эди. Уларнинг энг аввали албатта қайнона-қайнотасининг қаршиликлари эди.
Зуҳрахон ўйлагандек бўлди.
— Бекорларни айтибсан,- деб жанжал кўтарди Ойбону хола, ўғлининг оғзига ургулик бўлиб.- Мен бу шармандаликка қандай чидайман?! Ахир айб сенда эмас-ку! Анави туғмасингнинг жавобини бериб, тузукроғига уйлансанг бўлмайдими?! Энди бировнинг боласи учун меҳнат қилиб, бировнинг боласига хизмат қиласанми?!..- Қайнона келинининг шаънига оғизга олиб бўлмайдиган ҳақоратларни ёғдира бошлади. Аввалига онасининг ҳурмати учун индамай, бошини эгиб турган Абдусамад секингина сўнгги қарорини айтди:
— Мен хотинимдан ажрашмайман, ая. Худо берса, шу хотин билан фарзанд беради, менга бошқа хотиннинг кераги йўқ...
Ойбону холанинг дод-фарёди тинмаган бўлса-да, энди авалгидек келинига зуғум қилмайдиган бўлди. Фақат рўзғорини алоҳида қилиб қўйиб, Зуҳрахон билан умуман гаплашмай қўйди.
Шу дилхираликлардан кейин кўп ўтмай, Абдусамад ва Зуҳрахон гўдаклар уйидан ширингина чақалоқни уйларига олиб келишди. Шу гўдак сабаб узилаётган ришталар боғланиб, нурсиз хонадонга файз оралади. Улар яхши ниятлар билан гўдакка Меҳрожиддин деб исм беришди. Гўдаклар уйи ходимасининг айтишича, ёш эр-хотинлар автаҳалокатга учраб вафот этишади ва Худонинг мўжизаси билан уларнинг эндигина олти ойлик бўлган чақалоқлари тирик қолади. Йигит ва қизнинг ғамдан букчайиб қолган ота-оналари гўдак невараларини махсус жойга топшириб юборишган экан.
Зуҳрахон юрагида қатланиб ётган оналик меҳрини ҳеч аямай, ҳеч қизғонмай мурғаккина чақалоққа бахшида этди. Болакай катта бўлгани сари дилкаш, гапга чечан, кўрган кўзнинг ҳавасини келтирадиган дуркун бўлиб улғайди.
Вақти келиб Меҳрожиддин мактабга чиқадиган бўлганида, эрталаб Абдусамад ўғлини ўқишига олиб бориб қўяр, тушдан сўнг Зуҳрахон боласини мактабидан олиб қайтар, ҳар қандай ҳолат ва вақтда ҳам уйдаги бу режим ўзгармасди.
Уларнинг етим болага берган меҳр-муҳаббати Яратганнинг марҳаматига сабаб бўлди чоғи, Меҳрожиддин ўн ёшни қаршилаганида Абдусамад ва Зуҳрахоннинг ўз фарзандлари дунёга келди. Эр-хотин янги меҳмоннинг парвонасида бўлиб, ўн йил давомида ўзлари меҳр бериб тарбиялаган болани унутиб қўйишди. Ўзига аталган меҳрнинг бўлинганидан юраги кемтикланиб қолган болани олдинда катта ўкинчли изтироб кутаётганди. Эр-хотин фарзандли бўлгач, ортда қолган ҳаётларини, тирноқ сўраб Яратгандан ёлвориб, бир гўдакни асраб олиб унинг шарофати билан юзлари ёруғ бўлгани, орзулари ушалганини унутиб, Меҳрожиддинни “Меҳрибонлик уйи”га топишириб юборишга қарор қилишди...
Уларни чин ота-онам деб билган болакай бу айрилиқдан кўп озор чекди. Бир куни ҳеч кимга билдирмай бинодан чиқиб кетиб, болалиги ўтган уйни излаб кетди. Болалик хотираси панд бермай ўзи улғайган уйни топиб келди. Юраги соғинч ва меҳрдан энтикиб, қўнғироққа етмаган жажжи қўлчалари билан эшикни тақиллатди. Икки –уч бор таққилатганди остонада онаси кўринди. Болакай унинг бағрига отилишга шайланганди ҳам, аёл юз-кўзидан қаҳр-ғазаб ёғдирди:
— Нима қилиб юрибсан бу ерларда?! Кет, сени деддомдагилар қидириб юришгандир. Бошимга бало бўлма тағин!
— Ойжо-о-он...- Болакай ўксиб-ўксиб эшик ортида йиғлаганча қолаверди. Жаҳл билан “қарс” этиб ёпилган эшик, болакайнинг юрагига урилган зарб бўлди. Подъезд зинасида ўтириб, “ойи, ойижоним, ойижонимни бир кўрай” деб йиғлаётган болакайга қўшни аёлнинг раҳми келди. Уни етаклаб уйига опкириб, чўмилтириб, қорнини тўйғизиб, қўшниси – Зуҳрахоннинг уйига чиқди. Аёл қўшнисини худди биринчи марта кўраётгандек унинг гап-сўзларидан ҳайратга тушди:
— Ўзингизни жуда раҳмдил қилиб кўрсатиш учун бир етимчани ёнини олишингиз шарт эмас. Етим қўзи боқсанг оғиз бурнинг мой бўлар, етим бола боқсанг оғиз- бурнинг қон бўлар, дейишмаган бурунгилар. Бировнинг боласи бола бўлармиди?! Шукр, ўзимизнинг боламиз бор. Бу ерда уни боқишнинг ўзи бўладими? Қайтанга деддомда яхши, ош-овқати ўз вақтида, уст-бошини давлат беради. Тинчгина яшайвермайди?!..
— Сизни таниёлмаяпман, Зуҳрахон. Ахир ўзингиз эмасми, шу болага бор меҳр-муҳаббатини берган, ўз фарзандидан ҳам аъло кўрган? Шу боланинг пойи қадами билан оналикнинг чин бахтини туйдингиз-ку...
Зуҳрахон индамай қош чимирди. Ўртадаги сукунат қўшни аёлга, “гапинг тугаган бўлса, кетишинг мумкин!” деган маънони англатди...
Меҳрожиддин гарчи бу хонадонда рўйхушли кўрмаса-да, ҳеч қачон буткул оёқ узмади. Ҳар байрамда “Меҳрибонлик уйи”да ўзи учун берилган совғаларни ука-сингилларига илинарди. Ота-онаси уни фарзандим деб тан олмаса ҳам у уларнинг болаларини ўз жигарларидек кўрарди. Мактабни битириб ўқишга кирганида ҳам, талабалик йилларида ҳам ота-онасини кўргани тез-тез келиб турар, гап орасида Зуҳрахон “Қариндош-уруғларингни топдингми? Уларни бориб кўрмайсанми?” деб келганини ёқтирмаётганини очиқ-ойдин билинтиришга уринса ҳам, йигит онаси деб билган аёлдан ўпкаламасди.
Тақдирнинг ўйинлари кишини шу қадар гангитиб қўядики, натижада инсон қаерда хато қилиб, қаерда адашганини таҳлил қилишдан ҳеч наф топмайди. Зуҳра опа билан Абдусамад ака ҳам фарзандларини ҳаддан ортиқ талтайтириб, “ўн беш йилда илтижолар билан етган болам” деб на қўлини совуқ сувга урдирмай, меҳнатга, инсонларни, яқинларини қадрлашга ўргатолмай афсусда қолдилар. Оқибатда ўн беш йил деганда дунёга келган болалари жон койитмай нон ейишни истайдиган, безори-ўғри бўлиб етишди. Бунинг устига ота-онасига ҳам кўп озор берди. Ҳатто кейинги пайтларда ота-онасининг пенсия пулини мажбуран тортиб олиб ичадиган, баъзан мастликда уларга қўл кўтарадиган ҳам бўлди. Зуҳра опа билан Абдусамад ака бир пайтлари деддом боласи бизга болалик қиладими, деб уйидан жой бермаган, ҳозирда яхшигина обрў-нуфузга эга, амалдор бўлган асранди ўғли меҳрибонлигидан хижолатлик туйишади. Аммо ундан бошқа нажот ҳам йўқ улар учун...
... Меҳрожиддин ота-онасини машинасига ўтқизиб уйи томон йўл оларкан, юрагига алланечук роҳатбахш туйғулар инди. “Энди менинг уйимда ҳам дуогўй ота-онам, ишдан келишимни интиқ кутадиган меҳрибонларим, фарзандларимнинг бобо-бувиси бор” деган шукрона айланарди тилларида...
БАҲОР
Аёл ақлдан адашса...
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
— Қиз туғмай ўлай ман, қариганимда шу иснод ҳам бормиди бошимда?..- Сожида хола рўмолининг учи билан кўз ёшларини артиб, ердан бош кўтармай гапирарди.
— Билмасам, қуда, келиндан шуни кутмагандик биз ҳам... Учта боласи бор-а?! Наҳотки уч боланг ҳам кўз олдингга келмади, дейман ўтирган жойларим билан куйиб кулми кўкка совурилиб. Яна бир оғиз кечирим ҳам сўрамайди. Одамни ақлдан адаштирмасин экан-да...- Қудасининг гаплари шундоқ ҳам эзилаётган юрагига ханжардек ботиб, Сожида хола иззилаб йиғлаб юборди:
— Акалари ўлдирамиз, бизга бундай сингилнинг кераги йўқ, дейишяпти. Ўша гаплар чиққанидан кейин, дадасининг қон босимлари кўтарилиб, бир томонлари ишламай қолганидан хабарингиз бор. — Нима қилай, қонимизда бундайлар йўқ эди-ку. Қайси гуноҳларим учун бу кунларга қолдим-а...- Қуда бўлмиш қудағай хотиннинг зориллашидан ўксиниб кетди. “Она бояқишда нима айб? Қайси она фарзандидан нотинч бўлишни, боласининг оиласи бузилиб сарсон бўлишини истайди? Ҳеч бири. Ёшларда тавфиқ бўлмаса, катталарда нима айб...” Кўнглидан шу гаплар кечиб, Сожида холага хайрихоҳ тикилди:
— Қуда, улар ажрашишмайди. Ҳозир бу шармандаликни ўзаро икки хонадон биламиз. Ёпиғлиқ қозонни ёпиқлигича қолдириш ҳам ўзимизнинг қўлда. Мен бу ерда фақат невараларимнинг тақдирини ўйлаяпман...
Қудасини кузатиб қайтгач ҳам Сожида холанинг кўз ёшлари тинмади. Идишга қайнатиб совутилган сув олиб, эрининг дориларини чириш учун ичкарига кириб кетди.
— ... Ажрашаман, дада. Қандай қилиб менга хиёнат қилган хотин билан яшайман? Ҳаёт одамга бир марта берилади...- Шуҳрат алам билан қўлларини мушт тугди.
— Сени яхши тушуниб турибман, ўғлим, лекин бир эмас, учта боланг бор, ахир. Эркак кишининг ғурури – фарзандлари. Эрта бир кун фарзандларинг ўксиниб юрганини кўрсанг, пушаймон қилмайсанми? Агар ажрашмасанг, бу сирни ҳеч ким билмайди. Ажрашадиган бўлсанг, сиринг очилиб, шаънинг топталади ўғлим...- Шодиёр ака ўзини ўртаётган оғриқли ўйини ўғлига тушунтирганича, минг бир азобни бошдан кечирди. Шуҳрат “ялт” этиб дадасига қаради:
— Дадажон, ахир...- У калласига келган гапни айтмоққа оғиз жуфтлади-ю, негадир ўзини тўхтатди.- Кўнгилни қандай алдайман, дадажон... Хиёнаткор хотин билан бир том остида яшаш, бир уйга кириб-чиқишнинг ўзи бўладими...- Шуҳрат кейинги гапларини паст, изтиробли товушда айтди. Шавкат ака ўғлининг ҳам ажрашгиси йўқлигини пайқаб, бироз таскин топгандай бўлди. Аммо келиничи, келини ҳам хатосини англаб, узр сўраб келармикан? Хотин дегани ҳам янглиш қалтис қадам босиб, ҳам яна қайсарлик қилиб туриб олса... Одамларга нима бўлган ўзи...
***
Шуҳрат Лайлони талабаликнинг биринчи кунларидаёқ ёқтириб қолганди. Гапирганда киши кўзига тик қарамайдиган, бирор гап сўрасангиз узун, оппоқ бармоқларини ўйнаб, ёноқларига қизиллик югуриб, ийманибгина сўзлайдиган қизни кузатиб юриб, иккинчи курсни битирар арафада унга кўнглини очди. Қизнинг ҳам йигитга мойиллиги бор эканми, Шуҳратнинг изҳорларини жилмайиб қўйиш билан қабул қилган бўлди. Севги тўла кунлар, аҳду паймон, соғинч, рашк ва муҳаббат ришталари кундан кунга бир биридан куч олиб, таҳсилдан кейин муносабатларни никоҳ билан мустаҳкамладилар.
Тўйдан кейин Шуҳрат иш тақозоси билан тез-тез хизмат сафарларига бориб турар, Лайло келинлик, рафиқалик хизматидан ошиниб эгаллаган касби бўйича ишлаёлмади ҳам. Шуҳрат баъзида ўсмоқчилаб, рафиқасидан ишламаётгани учун ўксинмаётганини сўраса, Лайло жилмайиб:
— Олдин рафиқалик бурчимни, кеилнлик вазифамни, оналик касбимни қойиллатиб бажаришни ўрганай, ана ундан кейин ўқиган соҳам бўйича ишларман,- деганди. Шу-шу бирин кетин туғилган болалар, уй-рўзғор ишларига кўмилиб қолиб, иши ҳам, дипломи ҳам эсидан чиқиб кетди. Ҳаммаси бир текисда, ажойиб кечаётганди. Нимадир бўлиб бахтли оиланинг мусаффо осмонига қора булут кўланка солди. Қора булутки хонадон шаънига бир умрга соя соладиган, исноди бошни эгиб, юзни қора қиладиган...
***
...— Ойижон, ҳеч бўлмаса сиз менга ишонинг! Мен хиёнаткор эмасман! Виждоним тоза менинг!- Лайло зўр бериб онасига гап уқтиришга уринарди. Сожида хола ҳўнграганча йиғлаб юборди:
— Виждонинг тоза бўлса, поклигингни исботлагин-да, уйингга бориб ўтир. Болаларинингни сарсон қилма! Беваликнинг қийинчилиги қурсин! Ахир қайнотанг бир неча марта келди-ку, яна нима керак сенга?
— Ойижон билан Шуҳрат акам менга ишонишмаяпти. Гўёки мен хиёнаткорман, гўёки мен бошқа эркак билан дон олишяпман. Биз қайси замонда яшаяпмиз, ойижон? Наҳотки, эркак билан аёл дўстона муносабатда бўлолмаса?! Хўш, синфдошим билан дўстона гаплашсам, учрашсам бунинг нимаси ёмон? Шунга шунча ваҳима қилиш керакми?..- Она қизининг гапларига тоқат қилолмай қолди:
— Уят эмасми, болам?! Мен дўстона учрашяпман, учрашсам нима бўлибди, дейишингнинг ўзи шармисорлик эмасми?! Шу бир оғиз гапинг билан хиёнатингни тан оляпсан-ку! Биз ўзбек аёлимиз, қизим! Мусулмонмиз! Биз учун бир пайтлари бирга ўқиган синфдош йигит тугул, ҳатто эримизнинг яқин қариндошлари ҳам бизга номаҳрам саналади! Номаҳрам аёл билан номаҳрам эркакнинг хуфёна учрашуви зинога элтади! Сен шу гапларингни ўйлаб гапиряпсанми?! Эринг йўқлигида, ундан берухсат, бесўроқ аллақаёқдаги синфдошинг билан учрашибюринг сенингча хиёнатга кирмайдими? Лайло-я, қизгинам-а, шундай чиройли бахтингга ўзинг дарз кеткизиб ўтирибсан-а!? Яна иддаоларинг ортиқча. Сендан шундай ақлсизликни кутмагандим...
Лайло индамади. Шу топда у ўзича ҳақ эди. “Шундай одамлар орасида, шу муҳитда туғилганимдан рози эмасман,- деб ўйлаётганди у- эркак билан аёл деб ажратиш қаердан чиққан? Одамлар қачон бир-бирига инсон сифатида қарайди?” Жувон шу хаёллари билан ҳарчанд ўзига таскин беришга уринмасин, кўнглининг бир чеккаси хижилланиб тураверди. Кўнглидаги ғубор ҳадеганда тарқалавермаганди, қўл телефонидан қандайдир рақамларни териб қўнғироқ қила бошлади.
— Фарида, яхшимисан ўртоқ? Вақтинг қанақа, бирор жойда ўтирайлик, жуда кайфиятим йўқ... Бироз чалғирмидим...- Нарёғдан тасдиқ жавоби бўлди, чоғи Лайло телефонини ўчириб, кийинишга тушди.
— Ойи, мен бирор соатларда қайтаман. Фарида билан кўришмоқчиман. Эзилиб кетдим уйда...- Сожида хола индамади. Онанинг қизидан кўнги ранжигани шундоқ билиниб турганди...
Дугонаси Лайлони ўзлари ҳар гал ўтириб дам оладиган қаҳвахонада кутиб ўтирган экан. Салом-аликдан сўнг Фарида хавотирли оҳангда гап бошлади:
— Лайлош, нима гап ўзи? Тинчмисан?
— Ҳмм... Ўзим шунчаки... Бироз кайфиятим йўқ эди. Шунга ўтирайлик дедим...
— Тинчликка ўхшамайди ўртоқ. Мендан ниманидир яширишга уриняпсан. Ичингда изтироб бор. — Гапир. Бўл аввал сен гапир, кейин мен билганларимни айтаман.- Лайло алам билан ютиниб қўйиб, бошини қуйи солди:
— Айтмасам ҳам ҳаммасидан хабар топган кўринасан. Ўзинг гапиравер. Бир нарсани айтгани ҳам қўрқиб қолганман. Ҳамма мени нотўғри тушунади. Биров одам санаб мени тушунишни истамайди. Ҳамма учун мен ёмонман, ақлсизман...
— Лайло,- Фарида қаҳвахона хизматчиси қўйиб кетган яхна ичимликни идишларга қуя туриб гап бошлади,- аслида ҳам хато қилганингни ўзинг ҳам яхши биласан. Менику бор гапдан хабарим йўқ, лекин тунов куни Нигора ўғилчасига суннат тўйи қилган экан, беш-олти синфдош қизлар йиғилишгандик.- Фарида шундай деб Лайлога зимдан назар солганди, жувон қизаринқираб, лабларини қимтиб олди.- Лайло, яхши иш бўлмабди, ўртоқ. Лазиз билан ўртангизда қандай муносабат бор, билмадиму, лекин Дилфузанинг айтишича Лазизнинг хотини “оиламизни бузмоқчи бўлиб юрибди, эримнинг ҳол жонига қўймайди. Эрим ҳам қулоғидан телефонини қўймай пана-паналарда шивирлагани шивирлаган. Мен у хотинни тинч қўймайман, шармандасини чиқараман”, деган экан. Мен ғийбат гапларга ишонмайман. Айниқса, сен ҳақингдаги гапларга! Шунинг учун ўз оғзингдан ҳаммасини эшитмоқчиман. Хўш, бу гаплар қаердан чиқяпти? Нега атрофингда бунақа фисқу фасод гаплар айланиб юрибди?
Фарида гапини тугатар тугатмай Лайло ҳўнграб йиғлаб юборди. Бироз йиғлаб ҳовуридан тушгач, ҳозирги ҳолатига сабаб бўлаётган вазиятни дугонасига гапириб бера бошлади.
— Шунақа, дегин... Биласанми, мени нима оғринтиряпти, сен шу ҳолатингда ҳам ўзингни ҳақ деб билаётганинг. Лайло, дугонажон, ахир виждонинг қийналяпти-ку! Сен нима деб ўйлагандинг, эркак билан аёл ҳеч замонда дўст бўлибдими? Аёл учун севгани ҳам, дўсти ҳам, ўртоғию яқин кишиси ҳам эри бўлади! Наҳотки шу ҳақиқатни унутдинг?! Яна, Шуҳрат акам мени хиёнаткорликда айблаяптилар, деб эрингдан хафа ҳам бўляпсан. Сен хато қиляпсан, дугонажон. Эрингдан кечирим сўрашинг керак. Бу ерда унинг айбини кўрмаяпман.
— Узр сўраганим билан мени тўғри тушунармиканлар? Улар мендан қаттиқ ранжиганлар...- Лайло нажот истагандек дугонасига илтижоли термулди.
— Агар истасанг, ўзим улар билан гаплашаман. Тўғри, эр-хотиннинг орасига эсини еган тушади-ю, лекин ҳаракат қилиб кўраман. Шуҳрат ака ақлли, мулоҳазали инсон, умид қиламанки, улар сени тўғри тушуниб, кечирадилар. Лекин сен ҳам бошқа бундай ишларни қилма. Сенинг ҳаётинг, бахтинг оиланг билан. Дўст, синфдош деган гаплар ортда қолиб кетганига анча бўлди. Унутма. Аёлнинг хатоси кечирилмайди! Аёлни ақлдан адаштирмасин!..
Лайло овоз чиқармайгина дугонасининг гапларини тасдиқлади...
Рухшона Фаррух
Маликаман, меҳрга гадо
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Қўшни хонадондан аёл кишининг норози овози эшитилади:
- Шуям ҳаётми?! Бу кунимдан ўлганим яхши-ку. Сизга тегиб эгним тузукроқ кийим‚ бармоғим тақинчоқ кўрмади. Кийим-кечакни қўяверинг‚ қорним тузукроқ тўймди. Болаларимга қаранг‚ бирининг пойафзали йиртиқ‚ яна бирининг уст-боши ярамайди. Эзилиб кетаман‚ уларга қараб.
-Нонушукрлик қилма‚ жоним. Эрта-индин маош берилади. Худо хохласа‚ ҳамма камимизни бутлаймиз. Фақат сен сиқилмасанг‚ ўзингни уринтирмасанг бўлгани. Тушкунликка тушаверма‚ ношукрлик баракани кеткизади‚ ягонам.- Эркак мулойим товушда аёлига таскин берган бўлди. Қулоғимга ногаҳон чалинган бу суҳбат юрагимнинг туб-тубида симиллаб оғриётган армонларим дардини зўрайтириб юборди...
Мен ҳам оддий оиланинг фарзанди эдим. Ота-онам ўқитувчиликдан оладиган маоши билан биз болаларини ҳалол едириб‚ ҳалол кийдириб ўстиришди. Уччовимиз ҳам олий маълумотли бўлишимиз‚ эл орасида обрў топиб‚ ҳаётда ўз ўрнимизга эга бўлишимиз‚ одамларга фойдамиз тегиб‚ ортимиздан ташаккур эшитиш учун бор куч ва имкониятларини сарфлашди. Шукрки‚ Яратган Эгам уларнинг орзусини рўёбга чиқарди. Универсиетда ўқиб юрган кезларим кўнглимни сўраб йўлимда пайдо бўлган йигитлар беҳисоб эди. Мен курсдош дугоналарим орасидаги бойвачча‚ бадавлат қизларга ниҳоятда ҳавас қилардим. Тўғри‚ оиламиз ночор‚ муҳтож бўлмаса-да‚ жуда унчалик тўкин ҳам эмасди. Мен бошқа қизлар каби чиройли кийиниб‚ бежирим тақинчоқлар билан безаниб юролмасдим. Ота-онамнинг имкони бундай орзуларимни ушалтиришга етмасди. Шу сабаб ҳам‚ "тегсам фақат‚ бой-бадавлат йигитга тегаман. Мени маликалардек ясантириб‚ қасрида хонзодага айлантирсин" деб ният қилардим. Вақти келиб уйимизга келган совчиларни‚ юрагимни забт этишга уринган йигитларни кескин рад қилаверардим. Мен фақат орзуимдаги шақзода билан турмуш қуришга аҳд қилган эдим. Ҳадеб совчиларни рад этишимдан хавотирланган онажоним бир куни изтироб билан зорландилар:
- Жон қизим‚ қиз болани тенги чиққанда текин бер‚ деган гап бор. Совчиларни қайтаравермай бирорта ўзимизга муносиб‚ эс-ҳушли йигитга розилик берсанг бўларди. Ахир‚ ёшинг ҳам йигирмадан ошиб қолди...
-Ойижон‚ мен яхши кийиниб‚ тўкин яшашни истайман. Истаганим муҳайё‚ хоҳлаганимга қўлим етишини орзу қиламан. Келаётган совчиларнинг бари маошга яшайдиганлар. Шароитни қаранг‚ ҳатто менинг сепимда тўрт кишига кўрсатгулик тузукроқ кийим ҳам йўқ. Энди мебель деганларини орзу қилмасам ҳам бўлади. Бу кетишда‚ эрга тегиб‚ бошим таъна маломатлардан чиқмайди-ю. Агар‚
мени эл қатори узатмоқчи бўлсангиз‚ ўзиям дадам иккаловинглар нақ йигирма йил қарз берасизлар. Бу ёқда укаларим ҳам бўйи етиб турибди. Ўқиши‚ уйланиши дегандек...-Мен нодон бу гапларни шунчаки айтган бўлсамда‚ мушфиқамнинг кўнглига малол келганини энди англаяпман.
-Болам‚ бойлик бахт бермайди. Худодан иқбол сўра. Қўлингдан келмайдиган ишнинг ўзи йўқ. Яқинда дипломли бўласан. Ҳеч нарсага зориқмайсан‚ худо хоҳласа. Қолаверса, сени сўраб келаётган совчилар ҳам ёмон одамлар эмас‚ маълумотли‚ касб корли йигитлардан сўрашяпти. Ҳаётинг ўзинг истагандан-да аъло бўлади. Фақат яхши ният қилсанг бўлгани.-Мен ўз билганимдан қолмадим:
- Ойи‚аёл кишининг топгани нима бўларди?! Одам бу дунёга бир марта келади. Яхши яшаш керак-да. Қаранг‚ келаётган совчиларнинг ҳеч бирида машина йўқ. Фақат қуруқ ойликка яшайдиганлар. Умр бўйи косам оқармай ўтишимни истайсизми?-онажоним оғринган кўйи бошларини ўйнатиб қўйдилар.
Бу орада Университетни ҳам тамомлаб, ишга жойлашдим. Ёшим ҳам йигирма тўртга яқинлашиб қолди. Энди уйимизга илгаригидек совчилар келмас‚ битта-яримта оғиз солган таниш-билишларнинг ҳам менга ёқиши ҳақида гап бўлиши мумкин эмасди. Онам тақдиримдан хавотирланиб юрган шундай кезларда мен банкимиз мижози бўлган бир тадбиркор йигит билан танишиб қолдим. Инсон нимани жуда қаттиқ ҳохласа‚ Тангри ҳам унинг истагига қарши бормас экан. Йигит мени ёқтириб қолган эди, танишганимиздан кейин бир ой ўтиб уйимизга совчиларини йўллади. Аёллар кўтариб борган тоғора-ю‚ тугунларни кўриб онам ва бошқа қўшниларнинг оғзи очилиб қолди. Биринчи марта "қиз кўрди"га келган совчилар олиб келган тансиқ егуликлар бутун бошли маҳаллани тўйдирарди‚ десам ёлғончи бўлмайман. Хуллас‚ айни ўзим орзу қилган одам билан тақдирим қўшилган экан. Унаштирувдан кейин куёв боланинг биринчи шартлари ишдан бўшашим ҳақида бўлди. Диплом ҳам келинлигимга атаб йиғилган сепларим солинган сандиқдан жой олди. Тўйимиз куни белгиланди. Тўй кунидаги ҳолатимни эсласам‚ келиндан кўра тақинчоқлар намойишига қатнашаётган моделга кўпроқ ўхшаган эканман. Ҳатто энг кичик жимжилоғимгача узук тақиб‚ қулоқларим ва бўйнимгача салкам вазним билан тенг тиллаларни осволиб ҳамманинг кўзини куйдирган ўша дамларда мендан бахтли одам йўқ эди. Қуда томон ота-онамни кўп харажатга қолдирмади. Келинлик уйларим чет эл гиламларию мебеллари билан ясатилган‚ ошхона анжомларигача хорижники эди. Ота-онам олмоқчи бўлган бозордаги ўзимизнинг усталар ясаган мебелларга умуман ҳожат ҳам йўқ эди. Мен ҳақиқий хонзодага‚ маликага айлангандим... Аммо бу хушнуд онларим узоққа чўзилмади. Йўқ‚ қайнона-қайнотам‚ турмуш ўртоғим (у бадавлат хонадоннинг ягона ўғли эди) мени хўрлаб‚ қадримни оёқ ости қилишмасди. Фақат‚ бор-йўқимга ҳеч ким эътибор бермасди. Ҳатто‚ тўйимиздан уч кун ўтиб-ўтмай эрим Хитойга-товар олиб келгани кетиб‚ нақ 10 кун деганда кириб келди. У ёқдан қайтиб бир ҳафта турдими-йўқми яна Қирғизистонга кетди. Қисқаси‚ мен келинликнинг энг ширин‚ бетакрор ва орзиқиб кутилган дамларини шоҳона ётоқ мажмуасида қайнэгачимнинг тўрт яшар қизалоғи билан ўтказа бошладим. Хоҳ ишонинг‚ хоҳ ишонманг‚ турмуш қурганимга бир ой тўлмай‚ уззукун ҳайҳотдай ҳовлида бир ўзим қолишдан ҳам зерикдим. Ишга чиқай десам‚ турмуш ўртоғим кўнмайди. Ёлғизлик тобора жонимни қийнай бошлади. Бироқ‚ энди ҳеч нарсани ўзгартиролмайман. Ўшанда хато қилганимни‚ онамнинг пул бор жойдан меҳр -оқибат қочади‚ эътибор узоқлашади" деган гапларининг неқадар ҳақ эканига амин бўлгандим. Энди сиртим кулиб‚ ичим қон йиғлай бошлади. Қорним тўқ‚ кўнглим ярим‚ тилло-ю зарларга кўмилган маликаман‚ меҳр гадоси‚ эътиборга зорман. Менинг ҳам орзу-ҳавасларим‚ қалбим бор‚ лекин бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ширин таомлар‚ мазали егуликлар тайёрлаб турмуш ўртоғимни ишдан қайтишини кутгим келади. Аммо‚ эрим ярим тунда уйга кириб келади-да‚ ё ўзининг ресторанида‚ ёки маҳалламизда қурдирган чойхонасида овқатланганини айтиб‚ "ҳисобхона"сига кириб кетади. Ортидан меҳрга интиқ нигоҳларим‚ ўксик юрагим билан термулиб қолавераман...
Аллоҳга беҳисоб шукр‚ икки нафар дўмбоққина ўғилларим бор. Овунчоғим‚ қалбимнинг қувончи улар. Муҳаббат қуёшининг тафтидан бенасиб кўшкимнинг чароғон юлдузлари. Биргина умидим ҳам‚ илинжим ҳам ўғилларимдан. Худойимдан болаларимга чексиз меҳр ато этишини сўрайман‚ токи‚ уларга муносиб кўрилган кўнгиллар ҳам мендек биргина эътибор‚ бир оғизгина ширин сўзга зориқиб яшамасин...
ФАРЗОНА
Севилмаган аёл ноласи
- Подробности
- Бўлим: Ҳикоялар
Илк бора учрашувга чиқиб, сиздан меҳрли илтифот, муҳаббат изҳори, ҳеч йўқ, биргина жилмайиш ўрнига, "мен сенга уйланолмайман, ота-онам мажбурлаб сени олиб беришмоқчи. Илтимос, тўғри тушун, мени севган қизим бор. Уни жондан ортиқ кўраман. Сен ота-онангга менга тегмаслигингни айтсанг, бизникилар севгилимга уйланишимга кўнишади..." деган гапларни эшитдим...
Эсимни таниганимдан бери аям дадам мени сизга илинганларини, икки синфдош дўст қуда бўлишга келишганларини қулоғимга қуйиб келардилар. Балоғат остонасига қадам қўйиб, тенгдошларим каби соҳир туйғулар оламига тушиб қолган кезларим, пинҳона йўлларингизни пойлардим. Эътиборингиз менга тушмаса, ич-ичимдан ўкиниб қўярдиму, яна ўзимча, "кўпчилик орасида номимни чиқариб, етаклашиб юришни истамайдилар", деб овунардим. Кейинчалик дугоналарим йигитлардан севги изҳорлари битилган номаларни олганини айтиб мақтанса, юрагим бир ҳаприқиб кетарди. Сиз ҳам менга кўнглингизни очиб мактуб беришингизни жуда-жуда истардим. Вақти келиб мен ҳам бир йигитдан хат олдим. Аммо у ўзим кутган одамдан бўлмагани учун, қабул қилолмадим. Ўзимни бегона йигитларнинг нигоҳидан қизғанардим. Хаёлимда фақат сиз, ўзингиз эдингиз. Мен сизга аталгандим...
Бир куни ишдан келсам, онажоним хушнуд кутиб олдилар:
-Бугун меҳмонлар келган эди...
-Меҳмонлар?- сўрашга сўрадиму, меҳмон бизникига нега келишини тушуниб, хижолат бўлдим.
- Меҳмонлар Зокир амакингникидан келишди.
Бу гапдан кейин хижолатлик оташида ёниб дарҳол ичкарига олдим ўзимни. Ортимдан онажоним кирдилар.
- Болам нега уяласан, ёш бола эмассан, ахир. Энди оила қуришинг керак. Зоҳиджон ниҳоятда ақлли, эс-ҳушли йигит. Худо хоҳласа бахтли бўласизлар. Ўзим ўргилай сендан, она қизим. Ҳа айтганча, эртага соат 10.00 да учрашар экансизлар. Ишингдан бирор соатга жавоб оласан-да...
Ўзимда йўқ хурсанд эдим. Ўша куни оҳорли кийимларимни кийдим. Кўзгу қаршисида энтикиб-энтикиб ўзимга оро бердим. Юрагим ҳаяжон ичида бесабр урар, ҳам бахт, ҳам муҳаббат қаноти билан шодлик осмонида учар эдим гўё...
Айтилган вақтда, айтилган жойга бордим. Ўн дақиқа кутдим, йигирма дақиқа кутдим, бир соат кутдим... Келмадингиз. Ич-ичимдан йиғи хуруж қилиб, хўрлигим келарди, ўзимни камситилгандай ҳис қилиб ишга ҳам бормай уйга қайтдим.
-Тинчликми болам, нима бўлди, нега рангу-рўйинг бир аҳвол?!
Онам кўрасолиб мени саволга тутдилар.
- Ойижон... у киши учрашувга келмадилар... Хиёбонда юрагимни куйдирган алам кўзларимдан тошиб кетди. - Ойижон, менимча менга уйлангилари йўқ... Дадамга айтинг. - Хўрлик ва изтироб ичида кўнглимдагиларни онамга билдиришга уриндим.
-Ундай дема болам, дадангни ранжитасан. Учрашувга боролмаган бўлса, зарур бир иши чиққандир. Дарров бунақа хаёлларга бориш яхши эмас, болам.
-Ҳеч йўқ узрини телефонда айтса ҳам бўларди-ку...
Иззилашимга ҳеч ким парво қилмади. Бир пайт ойим ним табассум билан хонамга кириб келдилар:
-Во-ей она қизим-ей, шунга кўз ёши қилиб ўтирибсанми? Мен қудалар билан гаплашдим. Замира келинойинг анча хижолат бўлдилар. Зоҳиджон зарур бир юмуш билан шаҳарга тушган экан. Эртага учрашаркансизлар.
Эртаси куни яна шу ҳол такрорланди. Ўзимни ҳеч қачон бунчалик нокерак ҳисобламагандим. Алам қилди. Мени нима гуноҳим бор? Айбим, бўйга етганимдан бери сизни севишимми?! Ҳатто хаёлларим сарҳадига бегонани йўлатмаганимми?! Сизга топинганим, талпинганим эвазига мени хўрлик ва камситиш билан мукофотладингизми?!..
Онамга, "агар учрашувга вақт топса телефон қилиб чақирар", дедиму, тақдирга тан бердим. Нақ бир ойдан кейин учрашмоқчи бўлиб қўнғироқ қилдингиз. Аммо, овозингиз оҳангидаги самимият, кўзларингиздаги меҳр, чеҳрангиздаги лутф мени алдади. Дастлабки дақиқаларданоқ қувончимни ерпарчин, юрагимни остин-устин қилиб ташладингиз:
- Нигора, сен менга тегишга розимисан ўзи?
...- Тўғриси савол маъносини унча англамагандим.
- Нима, ота-оналар бизнинг кўнглимиз, хоҳишимиз билан ҳисоблашмай ўзларича иш тутаверадими?! Бизнинг ҳаётимиз уларга ўйинчоқми?! Дўст бўлишса, синфдош бўлишса булар ўз йўлига, қуда бўлишлари шарт эканми?! Тўғри, ота-она боласига ёмонлик тиламайди, бахтини ўйлайди. Аммо уларнинг ҳозирги ишлари бизни бахтимиз учун хизмат қилмайди-да. Сен менга сингил қаторисан. Ниҳоятда яхши қизсан, ҳурмат қиламан, қадрлайман сени. Лекин ўзимнинг севган қизим бор. Унга уйланмоқчиман. Уйдагилар оталаримизнинг ваъдалашганини рўкач қилиб унашмаяпти. Сен бугун бориб, "мен Зоҳид акага тегмайман. Улар бошқа қизни яхши кўрар эканлар", дегин. Сен мени рад қилсанг уйдагилар севган қизимни олиб беришади. Майлими, Нигор?- овозингиз оҳангидан ҳам ялинчоқлик, ҳам буйруқ сезилди. Ўзимни зўрға қўлга олиб, гапиришга оғиз жуфтладим:
-Нега шу пайтгача индамадингиз? Юрагингизда шунча гапингиз бор экан аввало ота-онангизга айтишингиз керак эди. Ахир... ахир...- хўрлигим келиб йиғлаб юбордим,- ўтган ҳафта бизни унаштиришди-ку...
Ўша пайтдаги ҳолатингизни эсласам аламдан юраккинам зирқиррайди, худди машъум хабарни эшитгандай дастлаб гангираб қолдингиз, кейин "қачон?... Мендан сўрамай-а?..." дедингиз кўзларингиз ёшланиб. Иккимиз ҳам бир-биримиз билан совуққина хайрлашдик. Уйга келиб онамга барчасини, сиздан эшитганларимни ҳам, қишлоқда сизнинг қандайдир шоира қизни севишингиз ҳақида гап юришини ҳам гапириб бердим. Онам сочларимни силаб:
- Қизалоғим, бунақа майда гап-сўзларга парво қилма. Севги бошқа ҳаёт бошқа. Улар сени келин қилишяпти. Аллақандай шоирани эмас. Зоҳиджон ҳам тўйдан кейин сенга боғланади-қолади. Ўша шоирасининг ноз-карашмаси ҳам хаёлидан кўтарилади. Ўзингни эзиб юрма,- деб овутган бўлдилар. Йигит бўлиб сиз тақдирингизни, муҳаббатингизни ҳимоя қилолмаган, мендек бир ожиза қиз ота-она истагига қандай қарши бора олардим?!..
Тўйгача учрашмадик. Бировга айтсам, ўла қолса ишонмайди, тўйгача сиз мени кўришни умуман истамадингиз. Пайти келиб, мен кутган, сиз хоҳламаган ўша кун келди. Тўйимиз куни мен қувонишни ҳам, куюнишни ҳам билмасдим. Сиз... Сиз бешафқат, золимсиз! Биласизми, қиз бола учун ҳаётида бир маротабалик бахт лаҳзалари, энг олий орзу никоҳ тўйи эканини?! Сиз ана шу орзу-умидларимнинг кўзларини маъюс қилгандингиз. Юзингизга қарагим келмасди, кўзим кўзингизга тушиб, "мен сенга уйланмайман. Мен бошқа қизни севаман..." деган гапларингиз хотирамни эгаллаб, юрагимни алам ва нафрат исканжасида қийнарди. Хуллас, тақдиримизни боғлаб, дилларимизни боғлаёлмаган тантана тугаб, энг нозик дамлар остонасига қадам қўйдик. Гўшангада сизни кутмай "кутдим". Шивир-шивир, гангир-гунгир гап-сўзлар қулоғимга чалиниб, чимилдиқнинг чеккаси кўтарилиб кўриндингиз...
Эл кўзига эр-хотинмиз. Мажбурият юзасидан гаплашамиз. Мени эмас, ўша қизни севишингизни, мен билан ота-онангизни деб яшаётганингизни шундоқ юз-кўзингиздан билиш қийин эмас. Ичдан адо бўлиб юрган мен. Китоб жавонингизга қарашга юрагим бетламайди. Ўша қиз сизга совға қилган китоб, ундаги ёзув ва китоб ичидаги сурат ҳам рашкимни, ҳам аламимни келтириб, ўзимни ҳақоратлангандек ҳис қиламан. Уларни менинг кўзимдан узоқроққа ҳам олгингиз келмайди. Бошингизга тушган савдоларнинг барига мени айбдор қилаяпсиз. Омадсиз севгингиз учун мен айбсиз айбдор бўлиб товон тўлаяпман.
Ўша қизни шунчалик ёмон кўраманки, бахтимни ярим, юрагимни абгор қилгани учун уни ҳеч кечиролмайман. Мен ҳам орзу-ҳавас билан гўшангага қадам қўйгандим. Мени мажбуран қучоғингизга тортиб, ўзингиз билибми, билмайми биринчи айтган гапингиз ўша шоирангизнинг исми бўлди. Ундан кейинчи... Ундан кейин ҳам сиздан меҳр-муҳаббат кутишим ақлга сиғмасди. Баъзан ўйланиб қоламан: одамлар "севги муҳаббат йўқ нарса, турмуш қургандан кейин эр-хотин кўринмас ришталар билан бир-бирига боғланади", дейишарди. Бекор гап экан. Сиз уни севишингизни ҳеч кимдан яширмайсиз. Буни қизимиз туғилганида ҳам яна бир бор тушунган эдим. Қизимизга севгилингизнинг исмини қўйдингиз. Ҳали-ҳануз тушунмайман, агар аҳдингизда қатъий туриб менга уйланмаганингизда, сизга мажбуран тегмасдим-ку, нега мени бунча азобладингиз?! Ҳатто жигаргўшамга ҳам унинг исмини бериб мени пичоқсиз сўйганингиз нимаси?!...
Билмадим, сиз билан турмушимиз қандай кечади. Бу изтиробларнинг охири нима билан тугайди. Билганим шуки, сиз мени меҳр-муҳаббат ва эътиборга арзитмайсиз. Яна шуни биламанки, сизни қанча севмай, қадрламай, боримни, жонимни фидо қилмай ўша шоира қизнинг ярмичалик ҳам кўрмайсиз. Овунчоғингиз унинг шеърлари. Ҳамроҳингиз ундан қолган хотиралар. Кўксингиздла китобини қучиб юрасиз. Мен эса... Мен бўлсам, сизнинг ўша машъум "сенга уйланмайман" деган гапингиз ва муҳаббатим армонини бағримга босиб яшаяпман...
Севгилингиз ҳам турмуш чиқибди. Шундай бахтли келинчак бўлибдики, чеҳрасида иқбол балқиб турибди. Телевизорда кўрсатишди. Нигоҳлари шундай бахтиёрки, беихтиёр унга... ҳасад қилдим. Кўз қиримни сизга ташладим, уни унутгансиз, деб ўйлагандим. Аксинча, кўзларингизга ёш тўлиб, бошингизни эгиб олдингиз...
Нима бўлганда ҳам сиз жуфти ҳалолимсиз. Қизалоғимнинг отасисиз. Бир кун келиб, меҳрингиз тушар, мени тўғри тушунарсиз. Аммо ўша эътиборингиз эрта сўлган орзуим ғунчаларига қайта жон ато эта олармикин?!.. Қалбим ярасига малҳам бўла олармикин?!. Мен ана шу саволларга жавоб топа олмайман...
ХОНЗОДА
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
- Аёлнинг Таравих намози учун уйидан чиқиши
- Эътикоф ҳақида
- Рўза боби (1-қисм)
- Фитр садақаси
- Аёллар эътикофига доир масалалар
- Фидя бериш ҳақида
- Саҳарлик ва ифторлик
- Рўзани бузадиган амаллар
- Рўзани бузадиган амаллар
- Эътикоф бўлими
- Рўза боби (2-қисм)
- Нафл рўзалар ҳақида
- Рамазон: эрингиз сиздан рози бўлсин
- Рамазон: оналар учун 23 маслаҳат
- Расулуллоҳнинг Рамазон ойида баъзи аёллари билан никоҳланишлари
Ҳозир сайтимизда 100 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Аёлнинг юзини кўрсатиши ва ҳижоб ҳақида
- Парик тақиш ва аёлнинг сартарошга бориши
- Аёлнинг ҳамма нарсаси шаррми?
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш