1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Тўй тўйдай ўтсин

 

 

 

Комилжон дадасига ҳайрон қаради. Ўғлининг нигоҳларидаги таажжуб ва савол маънисини англаган Абдукарим ака бепарво оҳангда, унга эътибор бермагандек аёлига қараб давом этди:
— Нега индамай қолдингиз онаси? Ё таклифим сизга маъқул келмадими?- Махфират опа эрининг сизлаб мурожаат этганини фаҳмлаб, унга «ялт» этиб қаради. Одатда Абдукарим аканинг жаҳли чиқса ёки бирор нимадан ғаши келиб,   оила аъзоларидан кимгадир пичинг қилмоқчи бўлса, «сиз» деб мурожаат қиларди. Эри «сиз»лашга тушиб қолса, Махфират опа бир чўчиб тушади. Ҳозир ҳам эридан ҳайиқиб дилидагиларни тилига чиқаролмади. Албатта унинг фикри «вой ўлмасам, шунақаси ҳам бўларканми? Одамлар нима дейди…» деган зорланишдан бошқа нима бўларди. Албатта бу гапидан кейин, Абдукарим ака хотинини «чиройли» гаплар билан «сийлайди». Аммо бир пасдан кейин, ҳовуридан тушиб, «овсар бўлса ҳам хотин зотининг гапига ҳам кириб туриш керак» деб ўйлайди чоғи,  қовоғини ўйган куйи:
— Онаси, бор, билганингни қил!-дерди. Махфират опа ҳам эрининг феълига кўниккан эди, аввал бир қаршилик қиладилар, сўнгра индамай қўядилар, деган хаёлда эди. Бироқ бу сафар эрининг  авзойи бошқачалигини пайқаб, Махфират опанинг тили калимага келмай қолди:
— Билмасам, дадаси… Қандай бўларкин?..
— Билмаслигингиз мумкин эмас! Биласиз, қандай эмас, қантдай бўлади!- Абдукарим ака кескин таъкидлаб дарвозахонгага йўналди. Кета туриб, ўғлига яна бир қур нигоҳ ташлади-да, қўшиб қўйди:
— Тайёргарчиликни бошлайверинглар. Қуда томон билан ўзим гаплашаман. - Ўғил нимадир демоққа оғиз жуфтлаганча қолиб кетди. Абдукарим ака шахд билан юриб чиқиб кетди. Комилжон отасининг ортидан қарай-қарай боягина бўғзида қолиб кетган гапларини онасига қаратди:
— Ая, дадам нима деяптилар?! Уйланаётган мен-ку! Нега менинг хоҳишим билан ҳеч ким ҳисоблашмайди?! Ўртоқларимни олдида неча пуллик одам бўламан?! Нима, мен ўлаётганмидим, тўйимни таъзия ошининг хатми-қуръонига ўтказмоқчимисизлар?!- Ўғлининг  бўзариб-гезариб кетган юзига жаҳл билан қараган Махфират опанинг овози титраб чиқди:
— Худо асрасин-а, болам! Астағфируллоҳ, дегин! Тўй тўйдай бўлади, ҳеч хавотир олмагин. Фақат, даданг катталарга ёқмайдиган айрим одатларни бажармай туриб ҳам тўй ўтаверади, деяптилар. Ҳали тўйгача бир ҳафта бор, сал ҳовуриларидан тушсинлар, ҳаммаси изига тушиб кетади.- Махфират опа шундай деб ўғлини тинчлантирмоқчи бўлди-ю, бу сафар эрининг аҳди қатъийлиги ўйлаб, кўнгли хижилланди…
*        *          *
«Урф-одатинг қуриб кетсин-е! Қаердаги бекорчи хотинлар қорни учун ўйлаб топган беҳудага пул, маблағ сарфланадиган расм-русумлардан қочиш ҳақида гапирсанг, фавқулодда бир мудҳиш ҳодиса юз бергандек дод-вой қилишади-ей, падар қусурлар». Абдукарим ака тажангланча қудалариникидан чиқиб, маҳалла оқсоқоли идораси томон йўл олди. Идорада раис Турғун ота Абдукарим аканинг болаликдаги дўсти Фармон аканинг тўнғич келинига нималарнидир куюнчаклик билан тушунтираётган экан. Абдукарим ака коридордаги ўриндиққа чўкиб, раиснинг холи бўлишини кутди. Шу топда ўзи истамаса-да қулоғига ичкаридаги овозлар эшитилар, Турғун ота нимадандир асабий экан чоғи, келинчакка насиҳатомуз гапларини баланд товушда гапира бошлади:
— Ўзи ҳаммасига ўша закунчи қайнонангиз сабабчи! Ўшанда —икки йил аввал тўйларингиздан олдин, «тўй қилаётган эмишсиз. Узоқ - яқиндан қулоғимизга шунақанги гап-сўзлар чалиняпти. Тўйингизнинг овозаси ҳозирдан ҳамманинг қулоғини қоматга келтиряпти. Қуда томонга ҳам ҳаддан ортиқ кескин талабларни қўйибсиз. Дабдабага ҳавас қилгунча, болаларингизга бахту саодат сўранг. Ортиқча харажатларга атаган маблағингизни келин-куёвнинг келгусидаги ҳаётида асқотадиган нарсаларга сарф этинг» деганимизда, қайнонангизнинг кўзига ёмон кўрингандик. Ёнида ерга тикилганча хотинининг гап-сўзларидан хижолат чекаётган қайнотангизга бир-икки ўқрайиб олдию, «Раис бува, биз тўй қилаётган бўлсак, сарф-харажат қилаётган бўлсак, ўз пулимизга қиляпмиз. Ҳали ҳеч кимнинг эшигига қарз сўраб борганимиз йўқ!» деб дарвозани кўрсатганди. Қайнотангизга ҳам, қайнонангизга ҳам дастурхонга ўша зорманда ичкиликни қўймаслигини қайта-қайта тушунтирганмиз. Бир каттанинг, бир кичикнинг гапига кир, деган гап бор. Халқ ўзи катта санаб, бизни бош қилибдими, демак, шу одамлар ҳам бир нарсани билмаса, гапирмас, деган ўйга бориши керак эди. Энди нима қиласиз, қизим, бошингизда шу кунлар ҳам бор экан. Қайнонангиз билан муроса қилишга урининг, қўлингизда гўдагингиз бор-а. Сабрли бўлинг. Мен бироз ишдан холи бўлиб олай, маслаҳатчимиз билан бирга хонадонингизга ўтамиз. Қайнонангизга ўзим тушунтираман, бизни ҳурмат қилмаса, жилла қурсанорасида гўдакни ҳурмат қилар!..
— Икки гапнинг бирида, «сен шумқадамни келин қиламан, деб, синглим гулдай ўғлидан ажралди. Сени келин қилмаганимда, жияним ҳозир тирик юрарди, шумқадам, бадният» деб ҳақоратлаганлари ҳақоратлаган. Бу хўрликлар жонимдан ўтиб кетди. Ўзингизга маълум, болам туғилгунигача ҳам фақат ота уйим билан келинлик хонадоним орасида сарсонгарликда юрдим. Энди буёғи қайнона-ойимга инсоф битиб қолсаю, шу бегуноҳ гўдакнинг ҳурмати, хўжайин билан тинч яшагани қўйсалар, шу боламни тирик етим қилмасалар бўлгани эди…- Келинчакнинг овози титраб чиқди. Чамаси у йиғлаётганди, шекилли, пиққиллаган овоз ҳам эшитилди. Абдукарим ака бирдан сергак тортди. Икки йил аввал дўсти Фармон ўғлини уйлантирганди. Тўй базмида ароқ ичиб, мастликда уч- тўрт гап талашиб қолишади ва қуда томондан келган- куёвнинг холасининг ўғлини пичоқлаб қўйишади. Йигит шифохонагача етмай, йўлда жон беради. Ундан кейин қанча бош оғриқлар, терговчию мелисага югур-югурлар бўлди. Жанжал бошлаб, пичоқлашишгача борган йигитларга жазо тайинланди. Хуллас икки орада қийин-қийин, жувонмарг бўлиб кетган йигитнинг онасига ва янги келинчакка қийин бўлди. Икки гапнинг бирида қайнонаси, «шумқадамсан, сени келин қиламан, деб жиянимдан айрилиб қолдик, сенга йўлиқмаганимда шу кўргуликлар бўлмасди» деган маломатлардан келинчак бояқиш кўз очолмай қолди. Энди боласи туғилибдиям, қайнона тушмагурга инсоф сира кирмаяпти. Бунақа қилган билан, ўлган одам тирилиб келармиди?! Бўлар иш бўлди, тақдирида шу бор экан, эндигина дунёга келган гўдак билан бир аёлнинг қадрини билса-чи?! Аввало ўша қайнонанинг ўзи-ку, ароқсиз тўй тўй бўларми, деб на эрининг, на маҳалла катталарининг гапини гап ўрнида кўрмаган. Одам боласи бошига мусибат тушса, айбни энг аввало ўзидан қидирсин экан-да, ўзгаларни айблаш билан гуноҳини баттароқ оғирлатишдан кўра.
Турғун ота кўз ёшларини бармоғи билан сидириб чиқиб кетаётган келинчакни кузатишга чиқиб, Абдукарим акага кўзи тушди:
— Э, келинг-келинг, Абдукаримбой.- Турғун ота шундай деб ўзига қўшқўллаб салом-аликка ошиққан Абдукарим аканинг қўлини сиқиб, кўришишга чоғланди.
— Ассалому алайкум, раис бува. Ҳорманг энди. – Турғун ота уни ичкарига бошлади:
— Ваалайкумассалом. Саломат бўлинг. Қани, буёққа марҳамат қилинг-чи. Ўтинг.- Абдукарим ака раиснинг қаршисидаги курсига чўкиб, қўлини фотиҳага очди. Эл-юртга омонлик, тинчлик сўраб дуо қилишгач, Турғун ота кулимсираганча Абдукарим акага юзланди:
— Хўш, Абдукаримбой, тинчмисиз, уйлар тинчми? Узоқ-яқиндан тўй бошлаб сиз, деган хабарларни эишитяпмиз. Қуллуқ бўлсин энди.
— Раҳмат раис бува. Бирга бўлсин! Ўзи шу тўй масаласида ёнингизга келгандим. Маслаҳатли иш бор эди…
Хўш, қани, қулоғим сизда?- Турғун ота пахтали чойнакпўш ёпиб қўйилган чойнакдан чой қуйиб берди.
— Хуллас, ўйлаб қарасам, ҳозирги тўйларда бажариладиган одатларнинг бари кераксиз, фақат ортиқча харажатдан бўлак ҳеч қандай аҳамияти ҳам, нафи ҳам йўқ зарарли тадбирлар экан.- Абдукарим ака қошларини чимириб, жиддий қиёфада гап бошлади.
— Тўғри. – Турғун ота унинг гапини тасдиқлаб, иягини қўлига тираганча диққат қилди.
— Никоҳдан бир кун аввал бир тўйда қаланғи-қасанғиларнинг ўн-ўн бешта машиналарда сайр қилиб, ресторанда зиёфат қилишлари, камига шампан виносини ичиб, идишларни синдириб ташлашига ўхшаган аҳмоқона одатлардан холи, эрталабда эркакларга ош, кечки пайт аёлларга никоҳ базми қилиб, тўйни ихчамгина қилиб ўтказиб қўя қолай, дегандим. Қолаверса, энг асосийси— тўйда спиртли ичимлик қўймоқчи эмасман.- Турғун ота «ялт» этиб унга қаради:
— Э, қойил! Яшанг! Мана бу гапингизга борман! Ажойиб тўй бўлади. Хўш, қудаларингиз билан гаплашдингизми?
— Ҳа. Ҳозир ўша ердан келяпман. Бошида аёл қуда, «одамлар нима деркин. Вой орзу-ҳавасларимиз-чи?» деб тихирлик қилгандай бўлди. Лекин, шукр, эркак қуда тушунадиган экан. Унга таклифим маъқул келди.
— Яхши ўйлабсиз, Абдукаримбой. Бир кунлик тўй ўтади-кетади. Энг асосийси ёшлар бахтли бўлишсин. Ҳеч қандай орзу-ҳавас хотиржамликка етмайди. Орзу-ҳаваслар одам учун хизмат қилиши керак. Нега энди одам боласи аллақаёқдаги ҳойю ҳавасларга хизмат қилиши учун елиб югурар экан. Яхши бўларди, агар ўйлганингизни амалга оширсангиз.- Абдукарим ака суҳбатдошининг гапларини эшита туриб, бироз тарадудланган куйи сўз олди:
— Тўй учун йиғиб қўйган жамғармамизни ҳисобини қилиб, ортиқча харажат талаб қиладиган одатларгаю ичкиликка сарфланадиган маблағ ҳисобидан раҳматли Нуриддинжоннинг оиласига ёрдам қилайин, дегандим… Болалари ёш, қўлидан иш келмайди. Аёлига қийин бўлди. Маҳалла номидан ўша арзимас ёрдамни сиз олиб бориб берсангиз ва бизнинг хонадондан чиққанини айтмасангиз, дегандим… Ҳарқалай, ёшгина жувон, кўнглига малол олмасин, дейман-да…- Турғун отанинг чеҳраси янаям очилиб, кўзлари порлаб кетди:
— Аллоҳ давлатингизга барака берсин, илоҳим фарзандларингизни камолини кўринг. Бундан ҳам зиёда бўлсин давлатингиз. Хўп яхши, хўп хайрли юмуш бўларди. Маҳалла томонидан сизга ёрдам уюштирилди, дердик…- Турғун ота қувонганидан ўрнидан туриб кетди. Шу пайт Абдукарим ака қоғозга ўроқлиқ бир нимани унга тутқазди:
— Ана, раис бува. Мана шу эди, атаганимиз…- Абдукарим ака маҳалла оқсоқоли идорасидан елкасидан тоғ ағдарилгандай енгил бўлиб ташқарига одимлади. У яна бир хайрли амал сари ошиқаётган эди…

Рухшона Фаррух

 

 

 

“Мени кечир, ўғлим”

 

 

 

Замирахон азонда эрини уйғотиб юбормаслик учун оёқ учида секин юриб чиқди-да, эрталабки юмушларга шўнғиб кетди. Ҳамма ишни саранжомлаб бўлиб, нонушта тайёрлади-да,  ичкарига овоз берди:
— Дадаси, ҳов дадаси, туринг энди. Тура қолинг, ишга кечикасиз.
Илҳом елкасига сочиғини ташлаб, ҳомуза тортганча остонада кўринди:
— Замир, сен ухламайсанми, нима бало? Энди соат олти бўлибди.- Эри остонага ўтириб олмоқчи эди, Замирахоннинг энсаси қотди:
— Вой, остонага ўтирманг-а, ризқингиз қийилади.- Кейин ичида ғижиниб қўйди: “Она тарбиясини кўрмаган-да!” – Эрта уйғонишда ҳикмат кўп, дадаси.
— Нуқул кампирларга ўхшаб гапирасан-а?..
Эрининг гапларидан оғринган Замира афсус билан бош чайқади. Болалари ётган хонадан ўғилчаларининг шодон қийқириғи эшитилиб, жувоннинг бояги нохуш кайфияти буткул тарқаб кетди. Дарҳол болаларининг ёнига шошилди. Бир-биридан ширин болакайларни ўпиб-эркалаб, кийинтириб, ювинишга олиб чиқди.
Нонушта маҳали Замира айтмоқчи бўлган гапини эрига қандай айтишни билмади. “Рози бўлар, онаси-ку. Керак бўлса, бирга борамиз. Ҳозир ўлим тўшагида экан. Айтаман...”
— Дадаси,- деди қўлидаги пиёлани ўйнатиб, мулоҳаза билан.- Мен бугун касалхонага бормоқчи эдим.
— Тинчликми?- Илҳом қошини чимирди.- Бирор еринг оғрияптими?
— Йўқ, соппа-соғман...
- Унда нимага бормоқчисан?
Замира эридан кўзларини олиб қочди:
-Онангиз касалхонада экан...- Замира қўрққан нарса юз берди. Илҳом дарғазаб хотинига ўшқирди:
-Унинг номини ҳеч ким тилга олмасин, деб неча марта айтганман! Ўз гўдакларидан тониб, “Менга бола керакмас!” деган, етмаганига, “итдан бўлган қурбонликка ярамайди”, деб биздан юз ўгирган аёлни қандай она дейсан?! Билиб қўй, яна бир марта ўшанинг олдига бориш ҳақида гап очсанг, уч талоқсан, билдингми, уч талоқ!
- Шайтонга ҳай беринг! Ўша аёл сизни дунёга келтирган онангиз ахир!
Мени ҳеч қанақа онам йўқ! Бизга бувим оналик қилганлар. Уни икки дунёда ҳам кечирмайман.
- Илҳом ака, бошингиздан ўтган кунлардан хабарим бор. Лекин фарзанд ота-онани айбдор қилмоғи мумкинми?!- Илҳомнинг тепа сочи тикка бўлди:
- Ўчир, ўчир овозингни!
Чорасиз қолган Замира ошхонага қайтди. Дастурхонни йиғиштириб, боғчага борадиган болаларини кийинтиришга тушган жувон хаёлан эрининг ёнини ола бошлади: “Бир томондан Илҳом акам ҳақ. Изтироб ва соғинч ичида ўтган болаликлари учун оналарини кечиролмайдилар. Лекин... ўша аёл болаларининг дийдорига интиқ бўлиб жон беролмаяпти экан. Она-да. Уни рози қилиш, ризолигидан хотиржам бўлиш керак. Қандай қилиб бўлмасин, Илҳом акани оналарининг олдига олиб боришим керак...”  
Замира болаларини боғчага қўйиб, уйга қайтаркан, ўй-фикрлардан бир зумга бўлсин чалғий олмасди.  У йўл-йўлакай катта қайнонаси- эрининг бувисиникига киришни маъқул топди. Момо ишком остидаги сўрида кўрпа қавиб ўтирган экан. Невара келининикўриб суюниб кетди:
- Ўзим айланай, бормисизлар?
- Ассалому алайкум, бувижон, яхши ўтирибсизми? Соғ-саломатмисиз?
- Ваалайкум салом, болажоним. Худога шукр, ўтирибман. Ўзингиз яхшимисиз? Илҳомжоним, болалар саломатми? Ўзингиз чарчамай юрибсизми?
- Шукр, бувижон. Иш, уй, рўзғор, болалар. Шуда, меҳнатимиз, чарчаб нима қилардик. Мен кечадан бери меҳнат таътилидаман.- Замирахон шундай деб, чойнакдаги чойни янгилаш учун ошхонага йўналди. Уч-тўрт дақиқалардан кейин қўлида чойнак-пиёлаларни кўтариб келиб, момога рўпара ўтирди. Чойни ҳафсала билан қайтарар экан, секин гап бошлади:
- Бувижон, эрталаб неварангиз билан тортишиб қолдик... Назаримда мендан ранжидилар.
- Худо асрасин, нимага ранжийди экан?
- Ўша сиз айтган гапни етказган эдим, жаҳллари чиқиб кетди.- Бувининг қошлари чимирилди:
- Ўзим ҳам билгандим. Нима деди?
- Жуда ёмон гап айтдилар. Ишонасизми, “агар яна бир бор шу гапни гапирадиган бўлсанг, талоқ қўяман!” дедилар.
- Вой, боласи тушмагур-ей. Қандай тили борди-а? Тавба-ей.. Мен ҳам уларни яхши тушунаман. Шўрлик болалар онасизликда кўп қийналишди. Кўп изтироб чекишди. Илҳомжон ўнмиди, ўн бир ёшмиди укасини етаклаб даштдаги чорбоққа ўрик тергани кетди. Укаси Икромжонимиз бироз шўх эди. Акасининг огоҳлантиришига парво қилмай дарахтга чиқибди. Бир маҳал икковлашиб йиғлаганча эшикдан кириб келишди. Уларнинг йиғисини кўриб эсхонам чиқаёзди. Оёқяданг югуриб чиқсам, Икромжонимнинг оёғига дарахтнинг майин шохи-“тикан”и кириб кетибди. Бояқиш ерга қадам босолмаяпти. Шунақанги йиғлаяптики, унга қараб кўз ёшини тўхтатолмаётган Илҳомжонимни кўрган ҳар қандай бағритош кишининг ҳам юраги эзилиб кетарди. Эҳ-ҳе, бунақанги азоблардан қанчасини кўрмади улар. Эсидан чиқмабди-да. Келинлар мени олдимда яхши гапирган бўларди-ю, орқа ўгирсам болагиналаримни уриб-сўкишарди. Ҳа...- ая оғир тин олди.- болаларим, Илҳомжон билан Икромжон енгилтакликнинг бегуноҳ қурбони бўлиб товон тўлашди. Уларга ҳам осон эмас. Аммо бошқа иложлари ҳам йўқ. Эл-юрт эшитса нима дейди, онаси ўлими олдидан ўғилларига илҳақ бўлибди, болалар дийдорини қизғаниб, онасидан рози-ризолик олишолмабди, дейишади. Болам, бандасидан ўтганни Худо кечиради, нега энди фарзанд онанинг хатосидан ранжиши керак экан...- Момо оғринган куйи хаёлга чўмди.
- Бувижон,- Замирахон истиҳола билан ўртадаги сукунатни бузишга уринди:- Бир эшитгандим, Илҳом акамнинг аялари қайсидир хорижий давлатга турмушга чиқиб кетган экан, кейин у ёқдан ҳам икки эгизак қизалоқни етаклаб қайтганмиш...
- Турмушга чиқиш қаёқда? У ўғлимдан ажрашиб, бир муддат шу ерда юрди... У ҳақида ҳар хил гап-сўзлар тарқалди. Бош кўтаролмай қолдик.- Момонинг овози бўғилиб, ёноғида ёш думалади.- Чолим раҳматли бу иснодни кўтаролмадилар. Кейин Дубайми-Гудбайми, қай гўрга йўқолиб кетиб, икки йилдан кейин қорнини қаппайтириб қайтди. Буниси ҳамасидан ошиб тушди. Бир киши, фалончининг қизи деса, минг киши пистончининг келини, дерди. Кейин  иккита қиз туғиб олди-ю, ялло қилиб юраверди. Ақалли бир марта, шу ерда икки болам бор эди, ҳоли нима бўлдийкин, демади...
- Шунинг учун ҳам Илҳом акамнинг жаҳллари чиқибди-да...
- Ҳа... Лекин қандай  бўлмасин болаларини онасини кўргани боришга кўндиришимиз керак.
- Бувижон, мен энди гапиролмайман. Айтдимку, қўрқаман.- Замирахон ялинчоқ нигоҳларини момога тикди.
- Йўқ, болам, сиз хотиржам бўлинг. Уларни эсини ўзим киритаман. У ишдан келгач, менинг олдимга юборинг. Уйга қайтаётиб, овсинингизга ҳам тайинлаб қўйинг. Икромжонни олдимга киргизиб юборсин. Ўзим гапллашаман. Онасидан албатта хабар олишади. Худо биладию, бандачилик қилиб қўйса, қаердаги таги номаълум қизларининг эриникидан эмас, ўғиллариникидан чиқарилади. Ташлаб кетган бўлса ҳам, булар ҳаппа-ҳалол никоҳдан туғилган, ўғил деган номи бор.
Замирахон катта қайнонасининг гапларини тинглаб, унинг  доно ва тадбиркорлигига тан бераётганди...
- Бувим нима демоқчи эканлар, Замир?- эрталабки дилхираликни унутган эр ўғилчасини ўйната туриб, хотинидан сўради.
- Билмадим, шундоқ ўзларини кўргилари келгандир-да. Дадаси, сергўшт қилиб шавладан сузиб берайин, бувимга ҳам олиб боринг.- Замирахон чаққон ҳаракатлар билан чинни товоққа тўлатиб шавла сузди. Устига битта патирни босиб, дастурхонга ўради-да, эрига тутқазди. Илҳом акаси хуш кайфиятда дарвозадан чиқиб кетаркан, хотини унга ғалати қараб қолди. “Бечора Илҳом акам она меҳрига зор ўсган. Бунинг устига дадалари яқин-яқингача чет элда ишлаган. Тирик етим...  Шунинг учун ҳам сал нарсага  қувонадилар, сал нарсага кўзлари ёшланади. Айрим нарсаларга бепарволикларидан ғашланардим. На она, на ота тарбиясини кўрган. Кўчада, ҳали бу келинойисининг эшигида, ҳали бу қўшнисиникида қоқиниб-суртиниб ўсган-да...”
... Тунгги соат ўн бирларда бувисиникидан қайтган Илҳомнинг йиғидан қизариб, шишинқираган кўзларидан вазиятни фаҳмлаган Замирахон енгил тин олди: “Бувим барака топсинлар, кўндирибдилар...”
Эр-хотин сўзсиз ётоққа киришди. Бир соатча уёқдан буёққа ағдарилавериб, ухлолмай қийналган Илҳом хотинига секингина сўз қотди:
- Замир, ухладингми?
- Йўқ. Уйғоқман,- у шундай деб эрига томон ўгирилди.
- Қийналиб кетяпман. Ҳозир ҳолатимни ифодалаб беролмайман.- Илҳомнинг овози титраб кетди.
- Сизни яхши тушуниб турибман, дадаси...- Замирахон эрини юпатмоқчи бўлди.
- Йигирма йилдан кейин уни...- Илҳомжоннинг “она” дейишга тили бормасди.- Тўшакка михланган, тил-забондан қолган ҳолда кўраман, деб ўйламагандим...
- ...
- Замир биласанми, мен онамни яхши кўраман... Тушуняпсанми?- Эркакнинг  кўзларидан дув-дув оқаётган ёш тунчироқ ёруғида бемалол кўринарди.- Отамдан хафаман. Агар отам маҳкамроқ бўлганда у бизни ташлаб кетмасди. Шунча пайт онамнинг меҳрига зор яшамасдик. Онам... ҳалигидақа йўлга кириб кетмасди.
- Тақдир экан, Илҳом ака. Энди отангизни айбламанг...- Замира эрига таскин берадиган сўз тополмади.- Онангизни яхши кўришингиз- қалбингизда муҳаббатнинг борлигидан нишона. Дунёни меҳр-муҳаббат қутқаради. Демак, худо хоҳласа сиз ва укангиз-ўғилларининг муҳаббати туфайли онангиз оёққа туриб кетади...
Илҳомжон индамади. Олам ҳукмронлигини қўлига олган тун сукунати орадаги жимликни кучайтирди. Ҳеч бирига ўхшамаган кун ташвишидан ҳориган кўзлар, эртанги васлдан умидвор бўлиб юмилди...

Фарзона АЗИЗ

 

 

 

Руҳлар "шод" бўлган кун

 

 

 

—  Ҳой, Зарифабону, патнислар қаерда? Кечадан бери тайёрлаб қўйинглар, ҳаммаси шай бўлиб турсин, қудалар келганда талмовсираб қолмайлик, деб неча марта жаврадим-а. Қани, бўлинглар-чи, Нилуфарнинг сарполари тахтми, анави дастурхонни сурпга ўранглар, тоза бархатга гард қўнмасин, дейман-да…
Нилуфар ичкари хонада туриб ташқарида қўли олти, оёғи саккиз бўлиб хизмат қилаётган Зевар холасининг овозини эшитиб, маҳзунгина жилмайиб қўйди. Холаси чиндан ҳам онаси ўрнини босишга ҳаракат қилди. Бебаҳо аёл экан, айримлар ҳатто ўз болаларига оналик қилолмайди. Тўғрироғи оналик қилишни эплолмайди. Холаси ўзининг олти боласидан ортиб, бевақт вафот этган опасининг тўрт боласига ҳам оналик қилишни уддалаяпти. Уддалашда ҳам уддалаш бор экан-да, ўз болаларидан афзал қараяпти жиянларига. Яратганнинг ҳеч бир иши беҳикмат бўлмайди, Нилуфарларни онасидан эрта жудо этгани билан шундай меҳрибон, бағрикенг холасини паноҳ қилиб ёрлақаганига ҳам шукр. Хола дегани билан ҳамма холалар ҳам Зевар холасига ўхшайвермайди. Курсдоши Дилрабо ҳам синглиси билан холасининг қарамоғида қолиб кетган. Ота-онаси Сурхондарёдан Тошкентга келаётиб тоғ йўлида автоҳалокатга йўлиқиб вафот этишган. Дилрабонинг акасига амакиси оталик қилишни бўйнига олибди, чирқираб қолган икки қизалоқ холасига қолибди. Акаси уйланиб, уйларига солиҳа бир келин келгунича Дилрабо ўртоғининг киприкларидан нам, қорачиқларидан ғам аримади.
— Дугонажон, сен ҳеч қачон тақдирингга иддао қилмагин, онангнинг умри қисқа бўлгани билан, холангнинг меҳрибончилигини қара, сизларни ўз фарзандларидан ҳам аъло кўриб оқ ювиб, оқ тараб, ўқишларингга имкон қилди, ўгай она қўлида хор қилмади. Холангни хола демагин, она дегин, ўртоқжон, шукр қилгин. Мана, менинг холамга қара, ношукрлик бўлмасину, холам бирор марта бизга кулиб гапирганини, эркалаб кўнглимизни кўтарганини эслолмайман. Йўқ, айтганча кулиб гапирган жойи ҳам бўлган, қачонки, бизга нафақа пули берилган пайтда. Почтачи пулни обкебериб, қўлимиздан тийин-тийинигача санаб олгунигача холам бизга кулиб турарди. Сўнг яна ўша дағдағалар, еб-ичганимизнинг миннати, ҳақоратлар, хўрликлар…
Нилуфар дугонасининг гапларидан кейин холасини яна-да қаттиқроқ яхши кўриб қоларди. Онаси вафотидан сал олдин Зевар холасига болаларига яхши қарашни, уларнинг кўнглини оғритмасликни қайта-қайта илтижо қилиб сўраганди. Ўшанда Нилуфар онасининг ҳансираб-қийналиб айтаётган гапларини эшитиб, донг қотганди: «Зевар, сингилжоним, кўнглим сезяпти, умрим поёнига етяпти, чоғи. Армон билан кетадиган бўлдим, синглим. Ҳеч йўқ Нилуфаримнинг чиройли кийиниб шаҳарга ўқишга кетаётганини, ўқишларини тамомлаб, диплом олганини кўрсам эдим. Иззат –икром билан гўшангага келин бўлишини кўриб, бахт тиласам эди, келин бўлиб қайнонасининг хизматини қилганларини, сенга тарбия берган онангга раҳмат, деган олқиш олганларини эшитиб ўлсам, армон қилмасдим. Зеваржон, сендан илтижоим, болаларимни ўкситма, уларнинг ўқишига эътиборли бўл, айниқса Нилуфарим албатта университетда ўқисин, ўзи орзу қилганидек инглиз тили ўқитувчиси бўлсин. Мени, опам кўзи очиқ кетмасин, гўрида хотиржам ётсин, десанг, болаларимни қанотинг остига ол. Дадасининг, аммаларининг аҳволини кўриб турибсан, ҳали жоним чиқмасидан,  юзимга лаҳад ғубори қўнмасидан тезроқ уйланишни истаяпти. Бир-икки жойларга совчиликка ҳам чиқишибди. Мен улардан хафа эмасман, нима бўлса тақдиримдан, болаларим азият чекмаса, уларнинг кўнгли ўксимаса, бўлгани. Бошқа ҳеч нарса керак эмас…» Пиқ-пиқ йиғлаётган холаси, яхши гаплардан, кўнгилда умид уйғотувчи таскин сўзлардан гапириб, опасининг кўнглини кўтаришга уринди. Нилуфар йиғлаб юбормаслик учун лабларини қаттиқ тишлаб олганди, онаси «мен шу бедаво касаллик ўзимга ёпишганини аллақачон билгандим, саккиз ой аввал мазам бўлмай дўхтирга борганимда, таҳлил натижалари саратон хасталиги пайдо бўлганини кўрсатган эди. Аммо ўшанда дўхтирлар ҳарқанча уқтириб, даволанишим зарурлигини таъкидлаганига қарамай, Нилуфар қизимни ўйлаб уларга қулоқ солмадим. Болам бояқишнинг орзулари бир олам, ўқишга, илм олишга, тил ўрганишга меҳри баланд. Агар мен даволанадиган бўлсам, дори-дармонга, муолажааларга анча пул кетади, кейин қизимнинг репетиторига дадаси пул бермайди, шартнома билан ўқишига тўғри келса, боламни чирқиратиб контрактни тўламайди, деб дардга тишимни-тишимга босиб чидадим. Худога шукр, қизим талаба бўлди. Мен кўрмасам ҳам арвоҳим кўриб, дуо қилиб юради. Фақат, унинг ўқишига шароит қилиб бер, Зеваржон. Болам пулдан қийналиб, онасизлиги билиниб ўқишидан кечиб кетмасин. Болаларим сенга омонат…», деган гапларини эшитиб, ўзини тутиб туролмади. Нариги хонага кирволиб, ҳўнграб-ҳўнграб йиғлаётган Нилуфар, бироздан кейин холасининг, қаттиқ овозда, «Нилуфар, Музаффар, тез буёққа қаранглар», деган чақириғидан ўзига келди...
Онасини сўнгги манзилга кузатишди… Онасининг ўзидан яширинча айтган гапларини бехос эшитиб қолган қиз, «жигарим»лаб бўзлаётган хола-тоғаларига, «онанг ўлсин болам, гўримга кирдинг болам» деб кўксига муштлаётган бувисига қараш учун ўзига куч тополмасди. Айниқса, Зевар холасининг кўзларига кўзи тушишдан хижолат тортарди. Онасининг ўлимида, ўзларининг етим бўлиб қолишида ўзини айбдор сезарди…
Онасининг «уч»идан кейин ўқув даргоҳларида дарс бошланди. Аза кийими кийиб, рўмол ўраб ўз ёғига ўзи қоврилиб Ҳтирган Нилуфарнинг олдига кирган Зевар холаси секингина гап бошлади:
— Эртага, ўқишингга бор. Бу ерда ўзимиз бўламиз. Дарсингни қолдирма.
— Одамлар нима дейди, хола?! Кеча онамдан айрилиб, эртага байрам қилгани кўчага чиқаманми?!- Нилуфар иззиллаб йиғлади.
— Сени байрам қил, деётганим йўқ. Ўқишингдан қолма, деяпман. Бу онангни орзуси эди. Бу ерда Ўтирганинг билан нима қилиб берардинг?! Одамлар билан ишинг бўлмасин, боравер. Ўқишингдан қайтгач, хола-жиян ўтириб бир дардлашамиз, сенга айтадиган гапим бор.
Зевар холаси шундай деб Нилуфарни ўқишга жўнатиб юборганди. Бахтига бюджет асосида ўқишга кирганди, аввал бошда холаси билан поччаси берган пулларни тежаб-тергаб эҳтиёжларига сарфлаб юрди, кейинчалик аъло ўқиб яхшигина стипендия оладиган бўлди-ю, ўзини ўзи эплай бошлади. Онаси бетоб бўлиб ётиб қолганидаёқ уйланиш ҳаракатига тушган дадаси икки ойгина аранг чидай олди холос. Қўшни маҳалладан эридан ажрашган, ёшгина, Нилуфардан атиги уч ёш катта жувонга уйланиб олди. Шундан кейин Зевар холаси жиянларини ўзиникига олиб кетди. Ўзиникиларга қўшиб, опасининг етим қолган болаларини ҳам бағрига босди. Тоғалари бир бўлиб Нилуфарларга ўзларига яқин жойдан уй қуришди, бошпана қилиб беришди. Бу орада Нилуфар аввал бакалаврни, сўнг магистратура ўқишини тамомлади. Бир курсдоши билан севишиб, аҳду паймон қилишган экан, у томондан совчилар келиб, қизга белгили қилишгач, Нилуфар холасига укасини уйлантириш ҳақида гап очди. Музаффар ҳам энди бакалаврни тамомлаб, магистратурага ҳаракат бошлаган эди. Опасининг қистовидан кейин йигит синфдошининг уйига ишора қилди. Қиз тиббиёт институтнинг бешинчи курсига ўтиш арафасида экан. Нилуфар узатилишидан аввал келин тушсин, деб апил-тапил  тўй бошлашди. Уларнинг тўйидан икки ой ўтиб, Нилуфарга ҳам ўлан айтишяпти…
Нилуфар ичкари хонада, дераза рафига суяниб онасининг суратига термулган куйи бошидан кечирган кунларни ўйлаб, киприги намланди. Ана шу —ташқарида куйиб пишиб, ҳаммани тўрт томонга тўзғитиб, тўйда хизмат қилаётган Зевар холасининг меҳридарёлиги сабабидан улар етимлик машаққатини тортишмади. Тўғри, она ўрнини бошқа биров босиши, унинг оташин меҳрини бегона одам инъом этиши мумкин эмас, Нилуфар ҳам, ука-сингиллари ҳам соғинч изтироби билан, омадли, бахтли кунларини онаси кўролмаганидан ўксиниб яшашяпти, аммо холасининг шарофати билан улар элга қўшилишди, ҳаётда бирин-кетин ўз ўринларини топишга эришишяпти. Нилуфар киприкларидан думалаб, ёноғига қўнган томчини бармоғи билан секингина сидириб ташлар экан, «Борингизга шукр, умрингиз зиёда бўлсин, холажон» деб пичирлади…
Ҳой, келинпошша, Муножотхон, қани қайнэгачингизнинг зар паранжисини олиб келинг, тахт қилиб қўяйлик айланай. Жияним чин уйига асл кийимда, юзида ҳаё-ибо пардаси билан, ҳурмат-иззати билан қадам қўйсин. Қани бўлинглар, ҳали-замон меҳмонлар келиб қолишади. Келин-куёвнинг устидан сочиладиган сочқиларни олиб келинглар-чи, бирров кўздан кечирай. Ширинлик билан ёнғоқни кўпайтиринглар. Жумагул аммага айтинглар, ўзларига қараб, чиройли кийимларини кийиб ўтирсинлар. Улар пиру бадавлат, ҳамма болалари қўли узун, бойвачча, поччам билан ҳеч қачон овозлари кўчага чиқмаган, Нилуфаргинамнинг кийимларини Жумагул аммам кийгизадилар…
Нилуфар ҳовлининг ҳар бурчагида жаранг бераётган холасининг овозига қулоқ бериб, ёшли кўзлари билан жилмайиб қўйди: «Холажоним ўзимни, ҳамма гапни одамларга эшиттириб бажаришлари бор-да. Ҳали паранжи кийиб, куёвникига боришга анча пайт бор-ку, ҳалитдан ҳаммага теревога қилишлари-чи…» Кейин нариги уйда кўзгу олдида бир тўп қизлар билан ўзига оро бераётган синглисини имлади-да, холасини ичкарига киришини сўради.
— Холажон, бу гапларни айтиш менга хижолатли… аммо сиз тушунинг, мен кийимларимни ўзингиз кийдиришингизни, мени куёв уйига ўзингиз кузатиб олиб боришингизни истайман… Мен сизга ўхшаб ҳар томонлама саодатли бўлишни истайман, холажон. Сизга ўхшаб бағрикенг, иродали, меҳридарё  бўлгим келади… Ўшанда, онам вафот этишларидан сал аввал сизга айтган гапларини бехосдан эшитиб қолгандим. Раҳматли онамнинг мени деб, мени ўқишимни деб бедаво касалга йўлиқиб қолганларини сир тутганларидан хабарим бор, холажон… Агар мен даволансам, дадаси қизимнинг ўқишига пул бермайди, болам тайёрланмаса ўқишга киролмайди, деб ўзини қурбон қилган онамнинг вафотида, ука-сингилларимнинг онаси бор тенгдошлари олдида кўнгли ўксиниб қолганида мен айбдорман, холажон…- Нилуфар овоз чиқариб йиғламаслик учун холасининг кўксига бош қўйиб пиққилллаб юборди. Аввалига Зевар холаси ҳам ўзини тутолмай, жиндак кўз ёш қилган бўлди-ю, ҳартугул бугун тўй, опаси раҳматли орзиқиб кутган кун — тўнғич фарзандининг бахт уйига қадам қўётгани эсига тушиб ясама жаҳл билан жиянини туртиб қўйди:
— Сен шунча иш турганда мени чақириб олиб, бу яп-янги кўйлагимни ҳўл қилишдан мақсадинг нима ўзи?! Сени мизиғингни артишдан бошқа ишларим ҳам тиқилиб ётибди. Қани, опамнинг эрка қизи, мени ақлли жиянимнинг тўйида кўз ёшингни йиғиштир-чи! Раҳматли опамнинг шодланиб юрган арвоҳини ҳам ранжитяпсан, яхши эмас! Мен бугун йиғламайман, бугунги шодиёнани озмунча орзиқиб кутмадим мен!- Нилуфар холасини қаттиқрорқ бағрига босди:
— Сизни яхши кўраман, холажон, жудаям яхши кўраман. Илоҳим умрингиз узоқ бўлсин, ҳеч қачон мушкул ҳолатда қолманг, холажоним…
— Айтганинг келсин, қизим, худоё сенинг бахтинг очилиб, саодатинг кулгани рост бўлсин. Ўтган кунларни ўйлаб, ўзингни айбдор қилиб қийналма, опамнинг руҳи безовталанади. Ҳаммаси Яратганнинг хоҳиши, биз ожиз бандаларининг қўлидан нима ҳам келарди?! Муҳими, онанг қилган орзулар бирин-кетин амалга ошяпти, болам. Буёғига ҳам шундай бўлсин..- Зевар холаси Нилуфарнинг сочларини силади. Қиз холасининг меҳрли бағрига сингиб кетгудай бўлиб энтикди:
— Албатта, холажон, Худо хоҳласа, бундан кейин ҳам онамнинг орзулари ушалаверади…
Тўйхонада «қудалар келишди», «куёв келди» деган овозлар чувиллади. Олис-яқиндан машиналарнинг сигнали чалиниб, қизнинг оппоқ юзи пушти тус олди. Холаси Нилуфарни койигандай беозор чимдиб, «ҳа қиз, яна қачонгача нозланиб куёвни илҳақ қиласан?! Қани сени кийимларинг», деб  тараддудга ошиқди…

Рухшона ФАРРУХ

 

 

 

Интернетда боғланган тақдир

 

 

 

Опам билан ёшимиздаги фарқ олти йил бўлса-да, биз худди дугоналардек бир-биримизни жуда яхши тушунамиз. Хонамиз ҳам бирга, баъзан опамнинг жуссаси кичкина бўлгани учун уларнинг бежирим кийимларини мен ҳам кийиб ўқишимга кетавераман. Чечак опам уйимизга ўзини сўраб келадиган совчиларни хушламас, учрашган йигитларидан ҳадеб айб топавериб аямдан дакки ҳам эшитарди. Умр шошқин дарё, ана -мана дегунча, опамнинг ёши йигирма олтидан ошиб, у тенгиларнинг боласи мактабга борадиган бўлди. Аммо ҳануз опамнинг кўнглига ўтирадиган шаҳзодадан дарак йўқ.
Бир куни уйимизга аямнинг узоқ қариндошлари меҳмон бўлиб келиб, гап орасида опамга қачон тўйлиги ҳақида сўрабди.
— Худо қачонки бахт йўлини очса, ўшанда тўй қиламиз-да, — деб хушламайгина жавоб берибдилар аям. Кейин ўша бефаросат қариндошлари бошқа бир аймоғининг уйига бориб:
— қизи ўттизга бориб қолди, энди уни ким ҳам оларди?! Олса ҳам бир хотини ўлганми, Хотин қўйганми олади-да, — деб  сасибди.
Одамлар шунчалик бетамиз, киши кўнгли билан ҳисоблашмайдиган бўлиб кетишганки, бу гапни эшитган одам ҳам оқизмай-томизмай аям билан опамга етказибди. Ўша куни аямнинг йиғидан шишиб кетган кўзларидан ўпганча, Чечак опам:
— Ҳали қараб туринг аяжон, шу гапларни гапирганларни тилини тишлатиб, бўз йигитга тегиб ҳаммадан бахтли, ҳаммадан тахтли келинчак бўлмасам, юрган эканман, — деб қатъий гапирди.
Чечак мен билан сирдош бўлгани учун аям кунда кунора мени ёнларига олиб, опамдан гап олиб  беришимни, ўзининг ёқтирган йигити бор-йўқлигини билиб беришимни сўрайдилар.
— Йўқ ая, бунақаси кетмайди, — уларга эътироз билдирдим. - Опамни кўнглига ҳар қандай гап келиши мумкин. Синглим эрсираб қолибдими, деб ўйлайди. Муаммоларингизга мени аралаштирманг.
Шундай деб ўқиётган китобимга шўнғиб кетгандим, аям бир чимирилдилару, ҳартугул индамай хонамиздан чиқиб кетдилар. Тўғриси, улар чиқиб кетганларидан кейин бироз жаҳлим ҳам чиқди. Аям ҳам қизиқлар-ей, опамдан олти ёш кичкина бўлсам, улар олий маълумотли, оқ-қорани мендан кўра яхшироқ, аниқроқ таниган қиз бўлса, нуфузли бир жойда раҳбарлик қилаётган бўлса, мендай иккинчи курсда аранг ўқиётган сингилчаси унга насиҳатгўйлик қилармидим?! Тавба…
Шу куни опам бошқача ҳолатда уйга кириб келди. У ҳар галгидек ҳорғин, толиққан эмас, хушчақчақ ва мамнун қиёфада эди. Мени биласизку, нима гаплигини дарров фаҳмлагандай бўлдиму, лекин опамдан сўрашга ботинмадим. Агар менга айтадиган гап бўлса, кечки овқатдан кейин хонамизга биқиниб олганимизда, ўша «нима гап»ни албатта гапириб берадилар. Унгача эса сабр қилмоқ лозим. Овқатдан кейин мен идишларни олиб секингина ошхонага сирғалиб ўтдим. Дадам билан укаларим севимли футбол жамоасига экран қаршисидан туриб бўлса-да, ишқибозлик қилиш учун ичкарига кириб кетишди. Бувим билан аям севимли машғулотлари — опамга «шу кетиши бўлса, эрсиз қолиб кетиши мумкин»лиги ҳақида маърузаларини бошлаб юборишди. Чечак мен ошхонани саранжомлагунимгача амаллаб уларнинг ёнида ўтириб турди-да, хонамизга кирган заҳотим ўзини ичкарига олди:
— Гулшан, қалайсан? — Опамга қараб кулиб юбордим:
— Кечирасиз, опажоним, аслида мен сиздан сўрашим керак, қалайсиз? Бугун бошқачасизу, а? — Чечак ўзини ётоғимизга ташлаб кўзларини юмиб олди:
— Уйга совчилар келади, Гулшан… Тўйга қанақа кўйлак киясан? — Опамнинг гапларини эшитиб чинқириб юбораёздим:
— Опа-а-а?! Ҳали мендан яшириб юрганмидингиз-а?! — Ҳазиллашиб ёстиқ билан бир-биримизни нишонга ола бошладик. Обдон “уришиб” ҳолдан тойганимиздан кейин, опам тўзғиган сочларини тартибга келтирганча:
— Ҳали бирор нима аниқ бўлмасдан туриб, олдиндан оғиз очгани хижолат бўлдим-да. Унисияммас, бунисияммас мавриди бугун экан, — деди мени бағрига босиб.
— Опа, бўлинг, бўлажак поччамиз билан қандай танишганингизни гапириб беринг. Бунча ичимни қизитмасангиз-а? — Сабрим чидамай Чечакнинг оғзига термуламан.
— Танишишимиз ҳам қизиқ бўлган. Бир куни компьютеримда ишлаб ўтирсам, электрон почтамга хат келиб тушди. Баҳодиршоҳ Оламгир деганидан дўстлик таклифи келибди. Қабул қилишдан аввал унинг «Олам»ига кириб ўзи ҳақидаги маълумотларини кўздан кечирдим. Суратларини томоша қилдим. Унгача  «mail.ru» агентимга, «Салом. Кечирасиз, сиз билан танишсак бўладими?» деган хабар келди. Бироз гаплашдик. Суҳбатимиз асосан савол-жавоблардан иборат бўлиб, бир-биримизнинг ёшимиз, маълумотимиз, касбимиз ва иш фаолиятимиз ҳақида эди. Хуллас, танишдик. Иқтисодиёт универститетини тамомлагач, магистрлик таҳсилини Буюк Британия университетида олиб, АҚШда малака оширган экан. Айни пайтда Мисрда тадбиркорлик ишларини йўлга қўйиш учун хизмат сафарида юрганини айтди. Кейин бир ҳафта-ўн кунгача шунчаки иш юзасидан, ҳаётдан, режаларимиз, фаолиятимиздан гаплашиб юрдик. Бизнесмен бўлгани билан жуда кўп китобларни ўқиган экан. Баъзида ўқиган китобларининг электрон нусхасини менга жўнатар, уларни ўқиб чиққанимдан сўнг, икковимиз мунозарага киришардик. Бир куни у мендан Ватанга қайтганида, менга нима совға олиб келишини сўради. Ҳеч ўйлаб кўрмаган эканман, биласан, шу пайтгача фақат ўқиш, иш билан бўлиб бирорта йигит билан унақанги романтик учрашувлар, саргузаштларни бошдан кечирмаганман. Ундан қанақанги совға сўрашни ҳам билмадим. Бирпас ўйлаб ўтириб, «агар сизга малол келмаса, менга Миср миллий таомлари,  ширинликлари ва уларни тайёрланиши ҳақидаги китоб олиб келсангиз, ниҳоятда хурсанд бўлардим», деб ёзиб юбордим. Салдан кейин хижолатланган кўйи: «Бинафшахон, (опамнинг интернет манзилидаги Nik исми шунақа) айбга буюрмасангиз сиздан бир нарсани сўрамоқчийдим», деган хабар келиб тушди. Жавобимни олгач, «турмуш қурганмисиз, севган инсонингиз борми ё сиз ҳам мен каби ёлғизмисиз?» деб сўради. Очиғи, бу саволни ҳам кутгандим, ҳам кутмагандим. Кутганим — шундай йигит умр йўлдошим бўлишини астойдил орзу қилганимдан, кутмаганим эса, унинг ниҳоятда жиддий, босиқ ва мулоҳазали йигит эканидан, барибир оилали бўлса керак. Ёки бўлмасам ёқтирган қизи бордир, деган хаёлда эдим. Гарчи савол мени бироз ҳаяжон ва хижолатга қўйган бўлса-да, ўзимни ўнглаб, турмуш қурмаганимни ва яқин инсоним йўқлигини ёзиб юбордим.
— Ана-а-а, шундан кейин Лайли ва Мажнун достонининг янгича талқини яратила бошландими? — Опамга қитмирлик қиламан. — Айтганча опа, поччамиз қаерлик эканлар?
— Ҳа, энг қизиғи шу-да. Бундоқ одамга гал бермасдан бижи-бижи қилаверасан. Бирпас жим турсанг ҳаммасини эшитасан.
— Хўш, қаерлик экан куёвбола?
— Ўзимизнинг тумандан! — Опамнинг кўзлари чақнаб кетди. — Туман марказига яқин туришаркан.
— Ана буни бахт десалар бўлади! Қойил ўзимнинг опажоним! Сизни яхши кўраман! Тўйдан кейин бориб яхшилаб «разведка» қиласиз-да, агар менга тўҳри келадиган қайнингизми ё жиян-пиянлардан чиқиб қолса бегона қилмайсиз-да, а опажониси?
— Э, уялмайсанми, Гули. Ҳали неччига кирдинг сен, ўқишингни тамомламадинг. Олдинда магистратура бор аввал ўқи, ишингни йўлга қўйиб ол, ана ундан кейин бошингни баланд кўтариб катта ҳаёт сари одимлайсан. — Шу тун опа-сингил иккимиз яхши кунлар орзусида эртанги кунга илҳақ тонг оттирдик.
Эртаси куни ҳақиқатдан ҳам уйимизга совчилар келибди. Мен ўқишда, опам ишда бўлгани учун «овчи»ларни аям билан бувим кутиб олибдилар. Аям билан аммамнинг айтишларига қараганда, Баҳодир поччамнинг аялари камтаргина, камгапгина аёл эканлару уларга ҳамроҳлик қилиб келган хотин пича заҳарроқ экан. Айтганча, совчилар ҳақида гапирмагани учун аям опамни роса «тузладилар». Элчиларнинг учинчи келишида нон синдирилди. Кўз очиб юмгулик фурсат ўтиб-ўтмай опамга остонаси тилло уйдан чорлаб тўй келди…
Ҳозир опамнинг бир ўғил, бир қизи бор. Ўзининг фирмаси, бизнеси бор. Опамга жуда ҳавасим келади. Ҳам оилада, ҳам ишда, ҳам жамиятда ўз ўрнини топган, замонавий аёл тимсолида ҳозирги қизларга ибрат бўла олади...

Рухшона ФАРРУХ


 

 

 

Сен келсанг

 

 

 

Қишнинг сўнгги кунлари. Табиатда баҳор нафаси сезилиб, ердан буғ кўтариляпти. Қуёшнинг илиқ тафтини туя бошлаган дову дарахтлар уйғониш палласида. Ажиб муаттар ҳид димоқни қитиқлаб, юракда ҳаётга ишонч, умид туйғуларини уйғотади. Яшагинг, ҳаёт завқини тотгинг, бахт таъмини туйгинг келади. Дераза ромига бошини қўйиб, ажиб хаёллар асирасига айланган келинчак  ширин энтикиб, "баҳор келди..." деб қўйди. Оппоқ, узун-узун бармоқларини авайлабгина ҳаракатлантириб, деразани очмоқчи бўлди. Кучи етмади. Шу бир зумгиналик уринишга мадори етмади. Чуқур-чуқур нафас олганча бошини ёстиққа ташлади. Бир муддат олдин юрагини завқу шавққа, орзу-умидга тўлдирган ҳаяжон ўрнини яна тушкун хаёллар эгаллаб олди. Рангпар, оппоқ ёноққа икки томчи ҳарир шарча думалаб тушди. Қимтинибгина турган қирмизи лаблар пир-пир учиб, охири садаф тишларнинг зўрлиги остида қанотидан айрилди. Жувон алам билан бошини девор томонга бурди. Бу қисматнинг не ёзуғи эканки, айни ўйнаб-кулиб, ёшлик гаштини, келинлик сурурини суриб, югуриб-елиб қайнона-қайнота, эр хизматини адо этиб, иззатга эришадиган палласида тўшакка михланган кўйи ётса. ўн саккиз йил давомида  бир марта бўлсин нина заҳрини сезмаган, дориларнинг аччиқ таъмини билмаган қизалоқ, тўйидан бир ҳафта ўтиб, оёқлари ишламай қолса. Олти ойки аҳвол шу. У касалхона деразасидан ҳовлига кўз тикиб ётади. Ёнида уни жондан севган суюклигиси, куёви. Ҳар куни тонгда аввал қайнонаси келади, сўнг қизининг ғамида  чўкиб, муштдай бўлиб қолган онаси келади. Кун оралатиб қайнотаси, дадаси ҳол сўраб чиқади. Кейин яқинлари, жигарлари, қариндош-уруғлари... У эса гўёки бу оғир дард унга илакишгани учун ўзи айбдордек, бировнинг кўзларига тик боқа олмайди. Айниқса, эрининг яқинлари олдида гуноҳкордан баттар гуноҳкор бўлиб эзилади. Куёвига, "мени кечиринг, сизни бахтли қилолмадим... Пешонамда шу дардга мубтало блиш ёзилган экан, сизга аёллик вазифамни тўла адо этолмадим. Мен розиман, сиз уйланинг, бахтли бўлинг, иккимиз учун ҳам..." дейишга кўп чоғланди. Бироқ ботинолмади. Юрак ютиб, илк муҳаббатига, кўз очиб кўрганига бахт тилолмади. "...Мен худбинман... — баъзан тиғлайди. — Мен ўзимни ўйлаб Бегимни бахтиқаро қиляпман. Биламан, бу дард мени олиб кетиш учун келган. Мен тузалмайман, аммо бегимнинг вақтини ўтказиб, бахтини бойлашга ҳам ҳақли эмасман. Ундан кечишим керак..." Аммо шу хаёлнинг ўзиёқ келинчакнинг юрагини ўлдира бошларди. Улар фақат ажал айирганда айрилишга қарор қилгандилар-ку. Ахир бетоблик дегани, ажал дегани эмас. Баски, шундай экан, ҳали заррача бўлсин умидвор бўлмоқ тилаги бордир. Балки, бу бир синов, Тангридан юборилган имтиҳондир. Олти ойдан бери у тўшакдан бош кўтармайди, лекин олти ойдан буён жуфти бир қадам ундан жилмайди. Эрталаб апил-тапил ишга боради, ишдан тўғри касалхонага қайтади. Иккови тонггача суҳбатлашади, беги қўлларида кўтариб уни ойдин тунда сайр қилдиради. Ҳали ҳеч бир гапида малолланиш, ҳеч бир ҳаракатида оғриниш сезилмаган. Ҳалиям ўрталарида улкан муҳаббат бор. Унга ҳеч қачон касаллигини маломат қилмади, бетоб, беморлигида ҳам худди соғлом пайтидагидек хушчақчақлигини канда қилмади. Узун, қалин сочларини ўзи ювиб, тараб, чиройли қилиб ўриб қўяди. Ҳатто, жуфтининг қош-кўзларига ўсма-сурмалар тортиб қўйишни ҳам унутмаган ёрдан кечиш осонми?!..
Келинчак оҳиста очилган эшикка кўз тикди. Ичкарига барваста қоматига ярашиқли кийим кийган, қўлларида елим халта кўтарган куёви кўринди. Унинг чеҳрасида кун чарақлаб турарди, гўё:
— Хайрли тонг, маликам, яхши ором олдингизми?- У чаққон ҳаракатлар билан келинчаги ётган каравот қаршисига келиб ўтирди.
— Шукур... ўзингиз омонмисиз. — келинчак жуфтининг қўлларидан маҳкам ушлаб олди.
— Эрталаб уйғонганимда, ширин бўлиб ухлаётган экансиз. Оромингизни бузгим келмади. Келгунимча уйғонибсиз. Хўш, тушингизда мени соғиндингизми?- Йигит жуфтининг бурнидан авайлабгина чимчилаб қўйди. Жавоб ўрнига куёвнинг қўллари енгил бўса билан сийланди.
— Энди нонушта қиламиз, гўзалим. Ундан кейин аяжонимиз келадилар. Мен эса ишга кетаман. Муваққат айрилиқда соғинчимизни синаймиз.
Йигит шундай деб келинчакни даст кўтариб ювиниш хонасига ўтди. Ёрини авайлаб аввал қўлларини, сўнг тиниқ юзини чайиб, тоза сочиқ билан артди. Сўнг беозоргина кўтариш билан арвачага ўтқазди-да, ўзи ҳозиргина бозордан олиб келган нарсаларини столга қўя бошлади. Иссиққина ёғли кулча, косада қаймоқ, олма ва буғи кўтарилиб турган кабобни дастурхонга қўйиб, электр чойнакда қайнаётган чойни дамлади.
— Овқатланамизми ёки иштаҳани қитиқлатиб ўтираверамизми?- Йигит жилмайиб, ўзига унсиз тикилиб турган гўзалга сўз қотди.
— Сизни ҳам кўп овора қилдим... Хижолатдаман... - Келинчакнинг овози титраб кетди.
— Яна ўша эски қўшиқми?- Куёви унга яқин келиб қўлларидан тутиб олди.- Жоним, беморлик, дард Аллоҳнинг бандасига юборилган мукофоти. Касаллик келганида киши сабр билан Яратгандан дардига шифо сўрайди. Яхши-ёмоннинг, дўсту-душманнинг фарқига боради. Атрофидагиларни синайди. Бир ўйланг-чи гўзалим, агар шу дард менга меҳмон бўлганида, сиз хизматимда овора бўлармидингиз?- Келинчак бир сесканиб тушди:
— Бу озорни сизга раво кўрмайман!- Йигит қаршисидаги сулувни бағрига тортди:
— Мен сизни кафтимда кўтариб, асраб-авайлайман, деганман. Ҳамиша ёнингиздаман. Сиз эса қалбингиздаги умид учқунларини сўндирмай, тезроқ соғайишга, оҳуларникидек хушбичим оёқларингиз билан атрофимда парвона бўлишга ишонинг. Ишонч — орзунинг калити, маликам...
Икковлашиб нонушта қилишди. Келинчагининг иштаҳаси ҳар галгидан кўра бошқачароқ эканини сезган йигитнинг кўнгли ҳам яхшилик нишоналарига ишона бошлади. "Иншоллоҳ, тузалади. Умидбахш кунлар яқин..." Эшик очилиб, остонадан қайнона кўринди. Даставвал, ўғил онаси билан кўришди. Сўнг онаизор аравачада ўзига тикилиб турган келинининг саломига алик олиб, пешонасидан ўпиб қўйди.
— Тузукмисиз, болам?
— Шукур, ойижон, бироз яхшиман. ўзингиз, уйдагилар, дадажоним саломатмилар?- Қайнона келинидаги туйқус ўзгаришдан ҳайратга тушди: "Ё Аллоҳ, ўзингга беҳисоб шукр, олти ой ичида биринчи бора келинимни ойдин чеҳра билан кўрпяман. Ёруғ кунлар ошиқмоқда... Шояд, дардига шифо топяпти..."
Йигит чақноқ кўзларини онасига қадади:
— Ойижон, сиз келдингиз, ҳозир аям ҳам келадилар. Майли, десангиз ишга бориб келсам.
— Яхши бор, хавотирланма. ўзимиз келиннинг ёнида бўламиз. - Йигит хотиржам тортиб хайрлашди:
— Яхши ўтиринглар, ишим тугагани билан билан қайтаман.
У меҳр тўла нигоҳлари билан суюклисига тикилди. Шу оний лаҳзаларда икки муштоқ кўнгил кўзлар орқали сўзлашди: "Гўзалим, яхшиликлардан умидвор бўлгин. Мен тирик эканман, юрагим муҳаббатинг билан тепади. Сен албатта оёққа турасан. Фақат, юрагингни муҳаббат, қалбингни ишонч, кўнглингни умид тарк этмасин. Сени жонимдан ортиқ кўраман..."— Йигитнинг қарашларидан қуйилган маънога сулувнинг нигоҳлари жавоб ҳозирлади: "Бегим, мен учун энг зарур муолажа — Сизнинг севгингиз! Ҳар гал остонадан қадам қўйиб келганингизда, Сиз билан бирга қалбимга ишонч, умид, орзу кириб келади. Сиз келсангиз борлиқ вафо атридан ифорланиб, жоним садоқат алласидан ҳузурланади. Ёнимда сиз бўлсангиз, албатта ҳаётга қайтаман..."
Йигит чиқиб кетди. Келинчак жуфтининг ортидан кузатиш учун аравачани дераза олдига ҳайдаб келди. Қаддини адл тутиб кетаётган куёви унинг ойна ортидаги нигоҳларини сезиб, ортига қараб қўйди. Сўнг ширингина жилмайиб, ёрига қўл силкиди. Жувоннинг вужуди соҳир ҳислар қитиғидан жимирлаб, ўзи севган сатрларни эслади:
Сен келсанг...
Ҳаётга умид туғилар,
Минг турфа атиргул очилар қалбда.
Шохлари куртаклаб чопар буғулар,
Борлиққа яшил қон югурар шартта...
Сен келсанг...
Гулкоса ясар чучмома,
Қизғалдоқ баргидан ўчар қоралар,
Ой тунда шеър ўқир, муҳаббатнома,
Соғинган дилларни пора-поралаб...- Шоир унинг кўнглидагиларни билиб ёзгандек эди. Ҳар сафар, жуфтига кўзлари тушса, жону-жаҳони яшнаб кетади... Ана шу саодатнинг шукронаси учун ҳам, тузалишдан умидвор бўлиш керак. ўзини жон қадар севиб, ардоқлаган шу алпқомат йигит учун ҳам оёққа туради... Фақат Аллоҳ қўлласа бўлгани... Келинчак хаёлидан кечган ўйлар қувватидан қувониб, енгил тин олди. У юрагидаги муҳаббат мўъжиза яратишига ишона бошлаган эди...

Рухшона ФАРРУХ

 

 

 

Жангари совчилар ёхуд муҳаббатдан кўзи кўр йигитнинг қилмиши

 

 

 

Даврон ва Нафиса бир йилдан буён севишади. Муносабатлари шу даражага етдики, бир кун бир-бирларини кўрмаса тура олишмайдиган бўлишди...
Бир куни Нафиса Давронга “агар менга уйланмоқчи бўлсангиз, тезроқ ҳаракатингизни қилинг. Уйимдагилар бошқа йигитга узатишмоқчи”, деди.
— Ким экан у, сени мендан тортиб олишга кучи етадиган, — деди Даврон менсимайроқ.
— Ота-онам мени холамнинг ўғли Бекзодга узатмоқчи. У ишлаш учун Россияга кетганди. Яқинда қайтаётган эмиш.
“Эртагаёқ уйингга совчи юбораман” деган Даврон совчиликка кимни юборишни ўйлаб, номзодларни бир-бир хаёлидан ўтказа бошлади. Топди, опаси Зуҳра ва поччаси Акром у учун ҳар қандай қизга совчи бўлишга тайёр бўлиб юришибди. Даврон тезроқ бориб улар билан маслаҳатлашиш учун ўрнидан турди.
Эртасига Нафисанинг уйига совчиларни олиб борган Давроннинг кайфияти чоғ бўлиб уйга қайтди. Савол назари билан қараганларга “беришади-да, қизини мендай йигитга бермасдан кимга беришарди” деди гердайиб. Унинг орқасидан кириб келган опаси Зуҳра ўтирганларга:
— Уч кундан сўнг жавобини айтишаркан. Насиб этса, яхши жой билан қуда бўлиш арафасида турибмиз, — деди хурсанд бўлганча.
Аслида совчиларнинг ҳали тайинли бирор гап йўқ бўлса ҳам, бунчалик ишонч билан қайтишлари ғалати эди. Уч кундан сўнг борганларида эса...
Яна ўша совчилар уч кундан сўнг кечки соат 20.00 атрофида Нафисанинг уйига йўл олдилар. Дарвозани тақиллатишганида, Нафисанинг отаси Қодир ака чиқиб, “сизларга берадиган қизимиз йўқ, бу ердан тез кетинглар” деб, уларни остонадан ҳам ҳатлатмади. “Яхши қудаси”нинг бунчалик тўнини тескари кийиб олганига ҳайрон бўлган совчилар гап нимадалигини пайқашга ҳам улгурмай, тарақлатиб ёпилган дарвозанинг товушидан юзларига қаттиқ тарсаки тушгандай бўлди. “Оббо буёғи неча пулдан тушди” деб бош қашлаб турган Акромни Зуҳра туртди.
— Нимага серрайиб қараб қолдингиз. Киринг, чақиринг-чи, нима гап ўзи? Қайсидир уйинг куйгур, укам ҳақида бўлмағур гапларни буларга етказган кўринади. Бўлмаса, яхшигина “мулойим супурги” бўлиб туришганди-ку.
— Ҳа, — деди бир муддат нима қилишини билмай қолган Даврон ҳам поччасига қараб. — Чақиринг, гаплашайлик-чи.
Шундан сўнг Акром яна дарвозани тақиллатди. Бироздан сўнг чиққан Қодир акани “бир дақиқа гаплашайлик, илтимос” деб четга тортди.
— Қодир ака, тушунинг, Нафиса билан Даврон бир-бирини севишади, уларнинг турмуш =уришига розилик беринг, — деди Акром мулойимлик билан тушунтиришга уриниб. 
Шунда Қодир ака “+изимни барибир сизга келинликка бермайман, у Давронни севмайди. Ишонмасангиз, иккаласини юзлаштирамиз” деб уларни ичкарига киритди. Совчиларни кўрган Нафисанинг онаси ҳам негадир хушламади ва “яна нега келдинглар, =изимизни бу йигитга бермаймиз” деди. Шунда Даврон чидаб туролмасдан “Менинг нима айбим бор, нима сабабдан =изларингни бермайсизлар, биз бир-биримизни севамиз” деди.
—  Сени суриштириб билдим, =андайлигинг маълум бўлди. Менинг жиянимга уйланишни эса хаёлингдан ҳам ўтказма, — деди шу ерда бўлган Нафисанинг аммаси Малика опа.
— +изим сени севаман деса, щозир уни сенга =ышиб юбораман, — деди Қодир ака. Кейин Нафисани чақириб:
— Қизим, сен нима десанг шу бўлади. Шуни севасанми, — деб сўради.
Шунда Нафиса секингина “Ызларингиз биласизлар” деб жавоб берди. “Ана, ўзимиз билсак, сен икки дунёда ҳам бу йигитга тегмайсан” деди онаси уни нариги уйга итариб киргизаркан.
— Мен сизларга нима деган эдим, — деди Қодир ака. — Бир ҳафталарда келсанглар, ўйлаб кўриб, жавобимизни айтамиз, деган эдим. Сиз бўлса 3 кунда югуриб келиб ўтирибсизлар. Худди қизимнинг сенлардан бошқа харидори йўқдай...
Гап нимадалигини тахмин қила бошлаган Давроннинг жаҳли чиқди.
—    Сизга нима фарқи бор, бир ҳафтами, уч кунми...
— Сен “куёв” бўламан десанг, ўзи нимага бу ерда ўтирибсан. Сизларда ёши каттаро= одамлар йы=ми совчиликка. Сенга берадиган қизим йўқ. Йўқол.
Шунда Даврон “ҳозир ҳаммангни қираман” деб ўрнидан турди ва  ташқарига отилиб чиқди. Сўнг дарвоза олдида турган машинасининг юкхонасидан сочма ы= билан ы=ланган, ызига тегишли “ИЖ-27М” русумли ов милти\ини олди. Даврон ҳозир қандай нияти борлигини ўзи ҳам билмасди. Балки уларни шунчаки қўрқитиб қўймоқчи бўлгандир. Ичкарига қайтиб кирмоқчи бўлганида, шу пайт ҳовлида бўлган Қодир аканинг жияни Самариддин унинг қўлидаги милтиқни кўриб қолди ва шошиб келиб дарвозани беркитди. Давроннинг кўзи қонга тўлди. “Ҳаммангни ер тишлатаман, олдимда тиз чўкиб қизингни менга тутқазасан ҳали” деб, бир сакраб дарвоза ор=али унга туташган ошхона томига чи=иб олди. Бир вақт поччаси Акром унинг орқасидан чиқиб келди ва “ўзингни қўлга ол” деганча қўлидаги милтиқни тортиб олди. Даврон тамоман ўзини йўқотганди. Поччасига қараб “сиз аралашманг” деди-ю, бир силтаб милтиқни ўз қўлига олди ва пастга қарата ўқ уза бошлади.
“Қани кўрамиз, қўлингдан нима келаркин” деб жаҳл билан ҳовлида кўринган Қодир акага бехосдан ўқ тегиб йиқилди. Орқасидан чиққан опаси Малика укасининг ерда ётганини кўриб саросимага тушди ва тепасига югуриб келиб дод сола бошлади. Буткул ўзини йўқотган Даврон унга ҳам ўқ узди. Яхшиямки, улар жиддий жароҳатланмаган эдилар. Опаси Қодир акани судраганча бир амаллаб панага қочди. Шунда Даврон қилган ишидан қўрқиб кетди. Чиндан ҳам, Нафисанинг отасини ўлдириб қўйдим, деб ўйлаб милтиқни пастга отди... Бироздан сўнг ҳовлини қонга белаган совчилар чиқиб кетишди. Лекин энди бу хонадоннинг эшиги улар учун бир умрга ёпилганди...
Даврон қилган ишлари учун жиноий жавобгарликка тортилиб, узоқ муддатга қамалди.
Қодир ака билан Малика опа эса узоқ вақт давомида шифохонада ётиб даволангач, ўзларига келишди. Бироқ совчилар туфайли олган жароҳатлари бир умр ўзларига тамға бўлиб қолди.

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 107 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ