1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Ғолиб

«Биродарлар!
Ўзбек эли ўр келади!
Ўзи ўжар, зўр келади!»
Тоғай Мурод.

1.
Шаҳарда ҳайкалтарошларнинг кўрик-танлови бўладиган бўлди.
Ҳайкалтарош шунча кўплигини шу куни билди, Холбой.
«Ер ёрилиб, ҳайкалтарош чиқди-ёв?»
«Тавбангдан кетай, шунча ҳайкалтарош қаерда юрган экан?»
Холбой бармоқларини букиб, шаҳардаги ҳайкалларни санай бошлади:
– Ленин бова, бир, Охунбобоев бова, икки, Навоий бова, уч, Рўдакий бова, тўрт, Акмал Икромов, беш, кўппала негр болалар, олти. Бўлди, хаёлим?
Холбойнинг қўлида бармоқлар ортиб қолди.
– Ҳайкалтарош кўп бўлса, ҳайкал олтовгина бўладими? – ҳайрон бўлди Холбой.
Барибир қизиқувчанлиги устун келди. Марказий истироҳат боғига йўл олди.
– Бир кўрай-чи, нима каромат кўрсатар экан, бу ҳайкалтарош деганлари?

2.
Боғ тўла одам бўлди. Боғ тўла ҳайкалтарош бўлди.
Боғ тўла тош бўлди. Одамдай-одамдай тош бўлди. Одамдан ҳам катта тошлар бўлди.
Ҳар бир ҳайкалтарошга биттадан тош беришди. Ҳар бир ҳайкалтарош ўзига тегишли тош олдида бўлди.
Кўп гап-сўз бўлди. Кўп улуғ сўзлар бўлди.
Ҳакамларнинг каттаси шаҳарнинг каттасидан илтимос қилди. Шаҳарнинг каттаси болға билан бир тошни оҳистагина бир урган бўлди.
Шу билан бошланди.
Ҳар бир ҳайкалтарош ўзига тегишли тошни тарошлашни бошлади.
Тиқир-тиқир. Чиқир-чиқир.
Холбой боғ айланди.
Холбой тош томоша қилди.
Холбой одам томоша қилди.
Холбой ҳайкалтарошларни томошалади.
Ҳайкалтарош дегани ўзига қарамагич экан.
Ҳайкалтарош деганининг бетини жун босган бўлди.
Ҳайкалтарош деганининг соқоли кўкрагида бўлди.
Ҳайкалтарош деганининг сочи елкаси билан битта бўлди.
Ҳайкалтарош деганининг кийими ғижим бўлди.
Ҳайкалтарош деганининг кийими кир бўлди.
Ҳайкалтарош деганининг туфлиси эски бўлди.
Ҳайкалтарош деганининг туфлиси қийшиқ бўлди.
«Буларнинг бирови-да, соғ эмас!» ўйлади, Холбой.
Зерикиб, уйига кетди, Холбой.

3.
Эртаси куни яна боққа борди, Холбой.
«Қани, жунбошлар нима қиляпти экан?»
Боғ тўла одам бўлди.
Боғ тўла ҳангоматалаб бўлди.
Ҳар тошнинг атрофида беш-ўнта томошаталаб бўлди.
Биров билан иши бўлмади, ҳайкалтарошларнинг.
Қайси ўзига тегишли тошнинг тепасидан пастга қараб тарошлар, қайси пастдан тепага қараб тарошларди, ҳайкалтарошлар.
Тошлар одамга айлана бошлаганини кўрди, Холбой.
Қайсининг бир кўзи бор, қайсининг бир қулоғи.
Холбой боғдан чиқиб кетар бўлди:
– Ҳали буларнинг иши пишмапти.

4.
– Эртага ғолибларни аниқлаймиз! – деди радиога чиқиб гапирган ҳакамларнинг каттаси.
– Ана энди бориб, томошаласак бўларкан! – деди Холбой.
Холбой боққа кирди.
Боғ тўла одам бўлди.
Боғ тўла ҳайкал бўлди.
Боғ тўла ... аёл бўлди.
Аёллар ҳайкал бўлди.
Аёлларга қараб бўлмади.
Бировининг-да, устида бир парча кийими бўлмади.
– Ў-ў-ў-ў-ў! – дер эди, одамлар.
– Э-э-э-э-э! – дер эди, одамлар.
– О-о-о-о-о! – дер эди, одамлар.
– Ўл, ҳамманг! – деди Холбой.
– Қарама-е! – деди Холбой. – Айб бўлади-е!

5.
Ҳакамларнинг каттасини топди, Холбой.
– Иймонини еганми, бу ёлдорларинг? – деди Холбой.
– Нима қилди? – тушунмади ҳакамларнинг каттаси.
– Буларинг ясаган нерсага қараб бўладими? – деди Холбой.
– Нима қилибди? – ажабланди ҳакамларнинг каттаси.
– Буларнинг устини ёпиб қўядиган одам йўқми? – деди Холбой.
– Бу санъат! – деди ҳакамларнинг каттаси. – Сиз санъатни тушунмас экансиз.
– Санъатнинг кийими бўлмайдими? – сўради Холбой.
– Санъатда кийим шарт эмас! – деди ҳакамларнинг каттаси.
Шарт ўгирилиб кетди, Холбой.
«Каттасининг ўзи соғ эмас экан!»

6.
Райим арабнинг дўконига борди, Холбой.
Бир тўп чит олди. Гулдор чит.
Битта қайчи олди.
Уйига олиб келиб қўйди.
Ярим кечаси боққа келди, Холбой.
Ҳайкалларнинг бўйини ўлчаб, уларга кийим кийгизаверди, Холбой.
Ҳайкални ҳайкал демади, Холбой.
«Булар санъат асари», демади Холбой.
«Ахир, булар аёл-ку?», деди Холбой.
«Қайси аёл шунча одам йиғиладиган жойда яланғоч туради?»

7.
Эрталаб боққа борди, Холбой.
Боғ тўла одам бўлди.
Боғда тўла қий-чув бўлди.
Боғ тўла ўранган аёл бўлди.
Боғ тўла расмчи бўлди.
Боғ тўла мухбир бўлди.
Ҳаммаси суратга оларди, «ўранган аёллар»ни.
Ҳаммаси телевизорга оларди, «ўранган аёллар»ни.
Ҳамма ажабланиб-ажабланиб қарарди, «ўранган аёллар»га.
– Яшасин, ким қилган бўлсаям! – деб юборди биров.
– Отасига раҳмат!
– Барака топсин!
Ана шунда бир енгил тортди, Холбой.
Ана шундан кейин боғдан чиқиб кетар бўлди, Холбой.
«Энди кимни ғолиб деб эълон қилишса, қилишаверсин!»

Каримберди Тўрамурод

Етти қабр

1.
˗ Борасан, ҳар бир эркак умрида еттита қабр кавлаши керак! ˗ деди отам жаҳл билан. ˗ Қўрқаман, деб юрсанг, юраверасан-да. Нимасидан қўрқасан? Ўра кавлагансан-ку? Қабр ҳам ўранинг ўзи, тур, кетмонни ол-да, жўна! Фаттоҳқул бирга боради, ўргатади ҳаммасини.
Ноилож, кетмонни олиб, йўлга тушдим. Ўзи қаерда ёзилган экан “Еттита қабр кавлаш шарт”, деб?  Духтурхонанинг ёнида Фаттоҳқул ака, Умарқул ака ва амакимнинг ўғли Азаматлар мени кутиб туришибди экан. Иккаламизнинг ҳам кўзимизда бир хил маънони уқиш мумкин эди: “Сен ҳам келдингми?”
Фаттоҳқул ака Қуръон тиловат қилгач, қабрнинг ўрнини белгилади. Бўйига икки метр, энига икки метр жойни қадамлаб, тўртта кесакни қўйди.
˗ Ана шу ерни елкаларинггача чуқурликда кавланглар!
Бизнинг анграйиб турганимизни кўрган Умарқул ака кетмонни олиб, кавлашни бошлади. Мен ҳам қўлимга кетмонни олдим. Икки соатларда мўлжалланган чуқурни кавладик.
˗ Бўлади, айвони битди. Бахтиларингга Мулла бобонинг қабри юмшоқ чиқди. Бир хилларнинг қабрини кирка-ю, мисран билан кавлаганмиз, ˗ деди Фаттоҳқул ака. ˗ Юринглар, чой ичиб, бироз дам оласизлар, кейин лаҳадни кавлашни бошлаймиз.
Ўликхонадан келтириб беришган чойнак ва тугунни кўтариб, қабристондан ташқарига чиқдик.
˗ Қабристонда овқат еб бўлмайди, ˗ деди менинг нега ташқарига чиққанимизга тушунмай, савол назари билан қараганимни тушунган Фаттоҳқул ака. ˗ Мулла бобо шунақа дерди.
Қўлларимизни ювиб, овқатланишга ўтирдик.
˗ Мулла бобо яхши одам эди, ˗ деди Умарқул ака. ˗ Жойи жаннатда бўлсин!
˗ Ҳа, “Ким бу дунёда бир масжиднинг қурилишида иштирок этса-ю, қалдирғочнинг уясидек жойига қўли тегса, Аллоҳ унга жаннатда ўша масжид катталигида бир қасрни бино қилиб қўяр экан”, деган ҳадисни кўп айтардилар мулла бобо. Ўзлари бутун бошли бир масжидни тикка қилдилар. Иншааллоҳ, жаннати бўлдилар!
Ишнинг қийини лаҳадни кавлаш экан. Олдин Умарқул ака айвоннинг қиблага қараган девори тубининг ўртасидан бир одам кира оладиган қилиб, доира шаклида чуқур кавлади. Кейин ўша чуқурга Фаттоҳқул ака тушди ва дастаси калта кетмонча билан бир одам бемалол ётадиган узунликда, эгилиброқ ўтира оладиган баландликда лаҳадни кавлай бошлади. Умарқул ака Фаттоҳқул ака кавлаган тупроқни айвонга тортиб олар, мен ташқарига отар эдим. Азамат мен отган тупроқларни бир текис қилиб ёярди.
˗ Бир гапни айтсам, ишонмайсизлар, ˗ деди ташқарига чиққан Фаттоҳқул ака. ˗ Лаҳаднинг ичи ёришиб кетди.
Энг биринчи бўлиб Умарқул ака сакраб тушиб, лаҳаднинг ичига қаради.
˗ Э-э-э! Юзталар қабр кавлагандирман, бунақа ёруғ лаҳадни кўрмаганман, ˗ деди Умарқул ака ва ҳайратдан ҳайқириб юборди: ˗ Аллоҳу акбар!
˗ Аллоҳу акбар! ˗ қайтарди Фаттоҳқул ака ҳам.
Азамат иккаламиз ҳам тушиб, лаҳаднинг ичига қарадик. Лаҳаднинг ичи ташқаридек ёруғ, худди шаҳардаги кечаси сутдек ёниб турадиган чироқ ёқиб қўйилгандек эди.
Жаноза намози пешин намозидан кейин ўқилади. Қабрни кавлаб, тайёр қилганимизда ҳали Пешингача бир соат бор эди.
˗ Биттанг бориб, бобойларга хабар қил! ˗ деди Фаттоҳқул ака. ˗ Бу ерда бўлган воқеани одамлар билсин!
Қишлоққа мен бориб, кўрганларимни отамга айтдим-у, ортимга қайтдим. Ҳадемай қабристонни одам босиб кетди. Эшитган борки, келиб, бир марта чароғон лаҳадни томоша қиларди. Майитни ҳам олиб келишди. Мулла бобони чароғон лаҳадга қўйишди.
“Таборак” тиловат қилингач, одат бўйича кимдир баланд овозда сўради:
˗ Биродарлар! Мулла бобомиз қандай одам эди?
˗ Яхши одам эди, жаннати одам эди, ˗ деган овозлар эшитилди.
Қабристондан чиқаётиб, отамнинг йиғлаётганини кўрдим. Отамга етиб олдим. Анча вақт индамай борган отам елкамга қўлини қўйди:
˗ Сен бўлсанг қабр кавлашдан қўрқаман, дейсан.
2.
Қори бобо ўлганда қабр кавламоқчи бўлганлар талашиб, уришиб кетаёзди.
˗ Ражаб билан Азамат боради. Улар биттадан қабр кавлашди, яна олтита қабр кавлашлари керак. Катталардан Фаттоҳқул билан Раҳмонқул боради, ˗ деди отам узил-кесил қилиб. ˗ Аммо талабгорлар ва қароридан норози бўлиб турганларнинг кўплигини кўриб, қўшиб қўйди. ˗ Тўхтанинг ўғли, жанжал қилма, сенам борақол!
Доимгидек тўрт киши эмас, бу гал беш киши бўлиб, қабристонга жўнадик.
Қабр кавлаш бекорга талаш бўлмаган экан. Бугунги кўрган мўжизамиз олдингисидан ҳам зиёда бўлди. Лаҳаднинг ичи бу гал ўз-ўзидан ёруғ бўлмади, иккита аниқ ёритгич қабрни ёритиб турди. Қабр тайёр бўлганда ҳар биримиз тушиб, бу икки чироқни роса томоша қилдик. Чироқ ҳам деб бўлмасди уларни, иккита нуқта десак тўғри бўларди. Ана шу икки нуқта лаҳаднинг у бошидан бошига ўтиб, бир-бири билан жой алмашиб ўйнар, лаҳад ичини прожекторчаларга ўхшатиб ёритарди.
Раҳмонқул ака мулла одам эди, кўп йиғлади. “Қори бобо олим одам эди, одамларга Қуръонни ўргатар эди, Ҳадисни ўргатар эди. Қуръон ва Ҳадис иккиси икки нур бўлиб, Қори бобомдан олдин келиб, у кишини кутиб олаяпти”, деб йиғлади.
Қори бобонинг гўрига Қори бободан олдин Жаласойнинг эркаги биттаси ҳам қолмай кириб чиқди. Кирган одам бу мўъжизани кўриб, йиғлаб чиқар эди. Отам ҳам йиғлаб чиқди. Чиқиб, баланд овозда такбир айтди ва қишлоқдошларга мурожаат қилди:
˗ Ўв, биродарлар! Қайсинг ўлмай туриб, жаннатилигингни билай десанг, қайсинг гўрим ёруғ бўлсин десанг, қайсинг гўримда нур ўйнасин десанг, Қори бобом қилган ишни қил! Намозингни қолдирма! Қуръон ўқи, Ҳадис ўқи!
Қори бобонинг жанозасидан кейин масжидимизга одам сиғмай қоладиган, айвонда, ҳовлида ҳам намоз ўқиладиган бўлди.
3.
Қори бобо ўлгандан олти ой ўтиб, еттита қабр кавлашим лозимлиги эсимдан ҳам чиқиб кетаёзганда, Толиб ўртоғимнинг отаси Равшан ака ўлди. Фаттоҳқул ака “Мен бормайман, оналаб сўкан мени”, дебди. Абдували ака ҳам бормайман, деган эди отамнинг жаҳли чиқиб кетди.
˗ Равшан қайсимизни сўкмаган? ˗ деди отам қизишиб. ˗ “Сўкарди”, деб ювмасак, кўммасак, буни болалари уйида олиб ўтирсинми? Борасан! Болаларга кўрсатиб турсанг бўлди, ўзлари кавлайди. Равшан нима бўлсаям Жаласойнинг одами, ўлиги кўчада қолмайди. Бормасанг, ўзим бораман.
Абдували ака борадиган бўлди. Суннат ака ҳам бизга қўшилди.
Қиш яқинлашиб қолганиданми, ҳаво совуқлигиданми, ишқилиб, қабр кавланадиган ер қаттиқ чиқди. Бошқа ердан кавлаб кўрдик, фойдаси бўлмади. Айвонини кавлашга кирка ишлатдик. Лаҳадини кавлашда калта мисран ишлатдик. Ана шунда Фаттоҳқул аканинг биринчи қабр кавлашга борганимда айтган гапи эсимга тушди: “Бир хилларнинг қабрини кирка-ю, мисран билан кавлар эдик”. Марҳумни олиб келишганда ҳам ҳали лаҳад тайёр эмасди. Тобутни кўтариб келганлар бирор соатча қабристонда туриб қолишди. Иложи бўлмаса биз ҳам нима қилайлик, ичкаридан тошларни бўлаклаб чиқараётганимизни кўриб турган катталар ҳам бир сўз айтмай кутиб туришди.
˗ Жуда ҳаялладиларинг, ўғлим, ˗ деди айвон тепасига келган отам.
Мен лаҳад кавлаётган эдим, бошимни чиқариб, отамни имладим. Отам тушиб, лаҳадга бош суқди-ю, “Астағфируллоҳ” деб юборди. Кейин секин қулоғимга шивирлади: “Бировга айтманглар!” Қоп-қоронғу лаҳаднинг ичи чидаб бўлмайдиган даражада бадбўй эди.
Одатда, қабр кавлаганлар қабристондан энг охирида чиқиб кетишади. Кирка-ю, мисранларни йиғиштириб қўйиб, кетмоқчи бўлаётгандим, янги қабр олдида тиз чўкиб турган Толибга кўзим тушди. Ёнига бордим.
˗ Ҳаммасини эшитдим, Азамат айтди, жўра, ˗ деди Толиб хафа бўлиб. ˗ Отамнинг ўзи, ... ёмон сўкар эди. Ҳаммамизни сўкар эди. Э-э, нима деб сўкканларини бировга айтиб бўлмайди. Онамни “Қизингни ...”, деб сўкарди. Мулла бобониям сўкканди.  Мулла бобо “Сўкманг, Равшанбой, Худонинг қаҳри келади”, деганда “Э, Худонгниям...”, деб сўкканди-да.
˗ Астағфируллоҳ! ˗ деб юбордим мен ҳам.
4.
Рустамнинг ўлигини Россиядан темир тобутда олиб келишди.
“Отанинг қарғиши ўқ”, деб бежизга айтишмас экан. “Ўлигинг келсин!” деб қарғаган экан, Боймат чол.
Боймат чол юзи қораликни кўтара олмай ўтган йили ўлиб кетган эди. Юзи қораликки, устма-уст. Юзи қораликки, бировга айтсанг, ишонмайди. Юзи қораликки, бировга айтиб бўлмайди. Боймат чолнинг уйдаги қизи уйда ўтириб, ... туғиб қўйди. Таёқдан ўлса шу уйда ўтирган қиз Барчин ўларди. “Боламнинг отаси молбоқар Хайрулла”, дебди отасига. Хайрулла мол боққани билан “закунчи” экан, “экспиртиз” қиламиз”, деб туриб олди. Экспертиза дегани ҳаммасини аниқ-равшан қилиб берди ˗ боланинг отаси ... Рустам экан. Тафсилотини кўпам билмайман, аммо Боймат чол Рустамни ўшанда оқ қилган экан. Ўзи Рустам олдин ҳам бир-икки марта бузуқ аёллар билан гап-сўз бўлувди. Боймат чол энам аймоқчи, “Барчиннинг боласини бўйнига осиб”, уйидан ҳайдаб юборди. Шармандаликка чидай олмаган Рустам Россияга кетиб қолган эди. Мана, ...
Катталарнинг гапи билан темир тобутни очмасдан кўмадиган бўлишди. Катталар боришмади қабр кавлашга. “Бирга икки қилиб, картошкага ўра кавлагандай қилиб кавлайсизлар, бўлади, ўзларинг кавлаб қўяверинглар”, деди отам.
Бўйи икки, эни бир метрлик, одам бўйи ўрани Азамат икковимиз бир соатда кавлаб қўйдик. Бизга чой олиб келган Шавкат бир дунё гап топиб келди. Акаси телефон қилиб, Рустамни ким ўлдирганини, қандай ўлдирганини айтибди. Рустамни молдаванлар ўзларининг миллатидан бўлган қиз билан ушлаб олишиб, ўлдиришган экан. Қандай ўлдиришганини ҳам батафсил айтаётувди, Азамат уни ҳайдаб юборди.
˗ Уялмайсанми, ўлганлар ҳақида шунақа гапларни айтгани, тур, йўқол! Немис ҳам қилмайди унақа ишни.
Хуллас, картошка ўрадай қилиб кавланган қабрга темир тобути очилмай жаноза ўқилган мурдани олиб келишиб, тобут билан кўмишди. 
˗ Қандай одам эди? ˗ демади ҳеч ким.
Одамлар чиқиб кетишаётганди, мен асбобларни йиғиштираётган эдим. Рустамнинг қабридан “Гуп” этган буғиқ овоз эшитилди. Ҳамма ўгирилиб қаради. Ичкарида бир нима портлади, деб ўйладим. “Тобутнинг ичига бобма қўйиб жўнатишган экан”, деган ўй келди калламга. Ҳамма қайтиб келди. Темир тобут устига ташланган тупроқ ташқарига сочилиб кетган, тобут “ташқарига чиқолмай”, қийшайиб турарди. Шивир-шивир бошланди.
˗ Ер оқпадарни қабул қилмади!
˗ Қабр ҳазар қилди ундан!
˗ Қарияларнинг гапи рост экан, қарғиш ургандан қабр ҳам безор экан.
˗ Бас қилинглар! Ёмон деб жарга ташлаб кетмаймиз-ку? Шу ёмон ҳам ... ўзимизнинг ёмонимиз, ˗ деди отам жаҳл билан. ˗ Ундан кўра энди нима қиламиз, шундан гапиринглар!
Тобутни очиб, рисоладагидек кўмишга қарор қилишди. Бошқалар теша, болта топиб келишиб, темир тобутни очишга киришди, биз яна қабр кавлашга тушдик. Бошқа йигитлар ҳам ёрдам бериб, бирпасда қабрни тайёр қилдик.
˗ Катталар қолсин, ёшлар четроққа ўтиб турсин! ˗ деди отам тобутнинг қопқоғини очишаётганда.
Азамат иккаламиз қабрни тайёрлаётган бўлиб, тобут ичига мўраладик. Мўраламасак яхшироқ бўларкан. Жасаднинг аҳволи ... Эрталаб Шавкат айтган гаплар рост экан. Азамат айтган немислар ҳам одамни бунча хорламагандир. Кўзлари ўйилган, қулоқ бурунлари ва ...яна айрим аъзолари кесиб олинган эди. Жасад одеялога ўраб, жаноза ўқилди. Шундай қилиб, Рустамни икки марта дафн қилдик.
Эртасига отам бир гапни айтиб қолди:
˗ Ёввойи итлар жасадни кавлаб олиб, суякларини ҳам кемириб ташлашибди. Итлардан қолган-қутган суякларини териб олиб, кўмиб келишибди. Бир йигитни уч марта кўмишди-я, астағфируллоҳ!
5.
Маҳмуджон ҳожи бобони ҳамма Ҳожи дада дейди. Бутун бошли Ўзбекистондан икки-уч киши Ҳажга борадиган, унинг ҳам биттаси КГБ ходими бўладиган шўро замонида ҳожи бўлган эканлар-да. “Туманда ягона ҳожи бизнинг қишлоқдан”, деб керилардик ўша йиллари. Ҳозир, Худога шукур, қишлоғимизнинг ўзида қирққа яқин ҳожи бор.
Ҳожи дада Маккадан бир жомадон мушки анбар олиб келган эканлар. Зиёратига келган барчани хушбўй мушк билан сийлаган эканлар. Кейин ҳам Жума намозларига келган кишиларнинг қўлларига мушк суртиш одатлари бўлиб қолди. Рамазон ойларида ҳар куни Таробеҳ намозига келган каттаю-кичикнинг қўлига мушк суртар, бобойлар бу ўта хушбўй атирни соқолларига, биз, ёшлар эса юзларимизга суртар эдик. Уйга қайтганимзда уйдагилар “Ҳожи дадамни кўрибсиз-да”, дейишарди. Биздан ҳам хушбўй мушк ҳиди таралиб турарди-да. “Ҳожи дадамнинг мушки анбарлари тугамайдими?”, деб ҳайрон бўлардим. Кейин билсам, Ҳажга кетаётганларга пул бериб юборар, ҳожилар Ҳожи дадага мушк олиб келишар экан.
Ана шундай гўзал одат соҳиби бўлган, ҳалимликда тенгсиз Ҳожи даданинг қабрини кавлаш бизга насиб бўлди. Аллоҳ ҳамманинг ниятига яраша, амалига яраша мукофот беришига яна бир бор амин бўлдим. Лаҳадни кавлаётиб, ҳушимдан кетишимга озгина қолди. Мени мушки анбарнинг ҳиди маст қилган эди. Лаҳаддан чиқаётган бу мушкнинг ҳиди дунёда бор бўлган бирор ҳидга ўхшамас эди. Дунёдаги энг қиммат атир бу ҳиднинг олдида ўзининг атирлигини йўқотар эди.
Лаҳадга бирма-бир бош суқиб чиққан ҳожилар ўзларининг қилган ишларидан афсус қилдилар. Улар ўзларида бўлган барча қиммат мушкларни олиб келиб, жаноза намозидан кейин Ҳожи даданинг тобути устидан сепишган экан.
˗ Бизлар сепган мушкнинг мушклиги қолмади, ˗ деди Олимхон ҳожи кўзларидан ёш оқизиб. ˗ Ҳақиқий мушк бу ерда экан. Биз сепган мушклар қишлоқдан қабргача Ҳожи дадамнинг руҳларини хушнуд қилди, холос. Мана бу мушки анбар эса Ҳожи дадамни Қиёматгача хушнуд этади, инша Аллоҳ! Ишонаманки, бу муаттар анбар жаннати наиймдан келаяпти, валлоҳи алам!
6.
“Ҳар бир кавлаган қабрингда бир мўжиза бор экан-да, бирор айри аломати бўлмаган қабр ҳам кавладингми?” деб сўрамоқчи бўлиб турибсиз-а? Сўранг! Кавладим. Дунёда борлиги ҳам билинмаган, дунёдан ўтгани ҳам билинмаган инсонлар Жаласойда ҳам бор. Ана шундай инсонларга кавлаган қабрларимиз ҳақида сиз ҳам билмай қўя қолинг. Қолаверса, кавлашга мен юборилмаган қабрлар ҳам, мен сафарларда бўлганимда кавланган қабрлар ҳам бўлди. Мен аллақачон еттита қабр кавлаб бўлгандим. “Эркак киши еттита қабр кавлаши шарт”, деган нақлнинг ҳақиқатини ҳам аллақачон тушуниб етган эдим. Энди ўзим ҳам шу гапни тўғри деб ҳисоблайман. Еттита қабр кавлаган эркак саккизинчисигаям, саксонинчисигаям индамай кетаверар экан. “Бу бизнинг бурчимиз, бурчимни бажараяпман, савоб олаяпман”, деган ишонч билан кетаверар экан, кетмонини елкага ташлаб. Еттита қабр кавлаган одамнинг димоғидаги қуртлар ўша қабрларга тушиб қолар экан. Калондимоғ одамга еттита қабр кавлатинг, кейин кўрасиз, ўзимиз қатори бўлади, қўяди. Мен кавлаган қабрларим ичида айри аломати борларинигина айтаяпман, холос.
Долим “парасан”нинг қабридан илон чиқди. Бизда судхур дейишмайди.
Лаҳаддангина эмас, қабрнинг айвонидан ҳам отилиб чиқиб кетдим.
˗ Мен кавламайман, қўрқаман, ˗ дедим лабим пирпираб.
˗ Қўрқма, ˗ деди индамай лаҳадга кириб кетаётган Фаттоҳқул ака. ˗ Ҳали кўрмагансан-да. Ана шу Долим парасаннинг отасига гўр кавлаганимда ҳам илон чиққан эди. Бу илондан ҳали яна беш-олтита чиқса керак. Уларнинг сен билан иши бўлмайди. Улар ўзларига керакли одамни кутиб, бетоқат бўлишаяпти.
Ҳақиқатдан ҳам лаҳадни тайёр қилгунча Фаттоҳқул аканинг “Бор, жонивор, ҳали вақтли, ҳали у одам келгани йўқ”, дегани ичкаридан кўп бор эшитилиб турди.
Лаҳаддан ҳорғин чиққан Фаттоҳқул ака чим устига ўтиргач, тайинлади:
˗ Лаҳад ичида ўн иккита тешик бор, ҳар қайсида иккитадан, йигирма тўртта кўз ялтираб, ўлжасини пойлаб турибди. Бировга айтиб ётманглар!
7.
Эндигисини эшитган бўлсангиз керак? Жаннатмакон Эшон бобомнинг қабрлари ҳақида эшитмаган одам йўқдир?
Қишлоғимизда эшонлар кўп, ҳаммасининг отини қўшиб, Фалончи эшон, деб чақиришади. Эшон бобом битта. Фақат у кишинигина ҳамма Эшон бобом дейди. Оталари кўп улуғ олим, Нақшбандийлик тариқатининг пирларидан эдилар. Ҳамма Ҳазратим деб атайдиган бу зот соҳиби каромат эдилар. Ўтганларидан кейин маълум бўлдики, Ҳазратимиз авлиёлик даражасига етган эканлар. Ҳазратимдан кейин улусга ҳалол-ҳаромни ажратиб бериш Эшон бобомнинг зиммаларида эди. Эшон бобомдан дарс олмаган одам қишлоғимизда йўқ эди. Эшон бобомни йўқлаб, бутун Ўрта Осиёдан зиёратчилар келишарди. Аммо Эшон бобом камтар ва камсуқум инсон эдилар. Тўй-ҳашам, маракаларда одамлар берган эҳсонларни бошқаларга тарқатиб кетар эдилар. У кишига қўйилган тўнларни олиб, маракадан чиқиб кетишда дарвозада қатор турган одамларнинг ичидаги уст-боши юпунроқ бирор кишининг елкасига ташлаб, ўтиб кетар эдилар. Эшон бобомнинг дарвозаси қишин-ёзин, кечаю-кундуз ёпилмас эди. Эшон бобомни йўқлаб борган одам ё шогирдларига дарс бераётганларига ёки намозда ўтирадиган ҳолда ўтириб, Қурон ўқиётганларига гувоҳ бўларди. “Эшон бобомникига бордим, ухлаётган эканлар”, деган одамни кўрмаганман.
˗ Ҳатто биз баҳслашиб, Эшон аямдан ҳам сўраганмиз, ˗ дегандилар бир сафар отам. ˗ “Эшон бобомнинг ухлаганларини сиз кўрганмисиз?”, деб. “Ухлайдилар, аммо биз ҳам кўрмаймиз”, дегандилар Эшон аям.
Эшон бобомгача ҳам, Эшон бобомдан кейин ҳам қабр кавлашга ўн киши бормаган. Юзта талабгорнинг ичидан танлаб олинган ўша ўн киши навбат билан тушиб, қабр кавлаган. Айвони тайёр бўлиб, энди лаҳадни кавлашни бошлаган эдикки, айвон деворларида “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм” деган ёзувлар пайдо бўлди. Бу пайтда бизнинг қанчалик ҳайратланганимиз, яшириб нима қилдим, ваҳимага тушганимизни тасаввур қилолмайсиз. Қибла тарафдаги девордан ташқари учала деворда ҳам ёзувлар пайдо бўлди.
Иккита йигитни қишлоққа чоптирдик.
Лаҳад тайёр бўлгунча ҳалиги ёзувларнинг устидан бир неча “Аллоҳу акбар” деган ёзувлар чиқди.
˗ Ёшим элликка кириб, бунақа синоатни кўрмагандим, ˗ деди Фаттоҳқул ака. ˗ Эшон бобомнинг биз билмаган бошқа хислатлари ҳам бор экан-да.
Қишлоқдан одамлар етиб келганда олдинги икки ёзувларнинг устидан учинчи ёзувлар пайдо бўлиб улгурган эди: “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур росулиллоҳ”.
Тумонат одам йиғилди. Ҳамма бу синоатдан лолу-ҳайрон эди. Келганлар ёнларидаги телефонларида бу ёзувларни тасвирга ола бошлашди. Биз ваҳимада қолиб, шу ишни эртароқ қилмаганимизга афсус қилдим. Сабаби, ёзувлар уч қават бўлиб кетганидан энди улар бир ўқишда равон ўқилмайдиган бўлиб қолган, айримлар “Булар аниқ ёзувлар эмас, узуқ-юлуқ ҳарфлар йиғиндиси”, дейишгача ҳам боришган эди.
˗ Ўзларинг ёзиб чиқмадиларингми? ˗ деб сўради ҳокимиятдан келган киши.
У кишининг қўлига бир чўпни бердим:
˗ Битта ҳарф ёзиб кўринг-чи!
Ҳалиги одам бирор ҳарф ёзолмади. Айвон деворининг тупроқлари шувиллаб тўкилиб кетаверди.
˗ Олимларни чақириш керак! ˗ деди кимдир.
˗ Газетадан, телевидениедан одам чақириш керак, ˗ деди яна кимдир.
Анча давом этган баҳс, мунозарага Эшон бобомнинг укалари нуқта қўйдилар:
˗ Бу Эшон бобомнинг жаннати эканликларига бир аломат. Қолаверса, қолганларга, яъни сизу-бизларга бир ибрат. Бу ерда олимлар қиладиган иш ҳам йўқ, телевизордан кўрсатадиган нарса ҳам йўқ. Юринглар, жанозани ўқийлик! Эшитмаганмисиз, “Марҳумни кутдирманглар, тез кўминглар”, мазмунидаги ҳадисни. Эшон бобом ҳам, Эшон бобомга ҳам маҳтал бўлиб қолдилар.

Каримберди Тўрамурод

Илмнинг ҳикмати

Сизларнинг яхшиларингиз − Қуръонни  ўрганганларингиз ва бошқаларга ўргатганларингиздир.
Ҳадис
Қўшработда сув омбори қуриладиган бўлди.
− Сойнинг иккала томонини ҳам кенгайтирамиз! − деди Тошкентдан келган вакил. − Икки томондан ҳам бир чақирим масофадаги одамларингизни кўчиринг! Ҳаммасига янги иморат қуриш учун жой, ёғоч, тахта ва бошқа керакли қурилиш ашёлари берилади.
− Одамларимиз кўчишадику-я, − деди раис бобо бош қашлаб. − Сойнинг чап тарафида қишлоқнинг эски қабристони бор-да. Шу ёғи қандай бўларкан? Сойнинг бир томонини сиз айтгандан ҳам зиёдроқ кенгайтирсак-у, мозор жойлашган томонини қолдирсак бўлмасмикан? Ҳар ҳолда бу қабристонда ота-боболаримиз ётишибди.
− Бўлмайди! Сойнинг иккала томони ҳам бир хилда, мутаносиб ҳолда кенгайтирилиши керак, − раиснинг гапини кесди вакил. − Янги қабристон борми?
− Борку-я, ҳали янги қабристонга ер ажратганимизга ўн йилдан сал ошган-да. Нари борса ўн беш йил бўлгандир.
− Ўн беш йилдан бери ўлик қўйилмаётган эски қабристон экан, устига янги қабристонларинг бор экан, бўлди-да, − деди вакил. − Нимага бошни оғритаяпсиз?
− Ҳалиги, мулла боболар “Юз йилдан ортиқ ўлик қўйилмаган қабристоннигина бузса бўлади”, дейишади-ку? − деди қисиниб-қимтиниб раис бобо.
− Энди қаердаги мулла боболарнинг айтганига қараб иш қилишимиз қолувди, − ғижинди вакил. − Мулла боболарингизнинг эмас, партиянинг айтгани бўлади, раис, партиянинг! Билдингизми?
− Билдим, билдим, − деди партия сўзини эшитиб шошиб қолган раис бобо. − Нима десангиз шу.
− Ана бу бошқа гап, − деди вакил мамнун бўлиб. − Сизга бир ой муҳлат. Сойнинг иккала тарафидан ҳам кўчириладиганларни кўчирасиз. Роппа-роса бир ойдан сўнг бу ерга қудратли техника билан келамиз ва ишни сойнинг ўрнини кенгайтиришдан бошлаймиз!
Худди шундай бўлди. Биров кўниб, биров кўнмай бутун қишлоқ аҳолиси салкам ўн чақирим нарида янгидан бино бўлаётган қишлоққа кўчиб кетишди. Сой бўйи уруш киноларда кўрсатиладиган вайронага айланиб қолди. Бомба тушган уйларга ўхшаб, тахтаси, ёғочи бузиб олинган, фақат деворлари қолган уйлар мунғайиб қолишди. Одамлар қўлга илинадиган ҳамма нарсани олиб кетишди. Бир замонлар ҳаёт қайнаган, болаларнинг шовқинига тўла қишлоқ ҳувиллаб, тупроқ кўчалари кимсасиз бўлиб қолди.
Роппа-роса бир ойдан кейин катта-катта бульдозерлар суви қуриган сойнинг иккала тарафини пастга қараб сура бошлади. Эски қабристон жойлашган сойнинг чап тарафини бульдозер сурар экан, бир неча қават қилиб жасадлар қўйилганига гувоҳ бўлишди. Раис бобонинг топшириғи билан уч-тўрт йигит тупроқ сурилиши билан очилиб қолаётган қабрлардаги суякларни қопларга солишиб, янги қабристонга олиб бориб кўмиш билан машғул бўлди. Ҳар куни бир неча қопдан суякларни, бош чаноқларини олиб бориб, янги қабрга кўмишарди.
− Э, манавини қаранглар!
Бульдозерини тўхтатиб қўйиб, очилиб қолган янги қабрга ҳайрат билан тикилиб қолган бульдозерчининг бу гапидан ҳамма шу томонга ошиқди.
Тошлоқ жой ўпирилиб, бир қабрнинг ёни очилиб қолган, унинг ичида оппоқ кафандаги жасад бузилмай турар, ҳатто кафан ҳам эскирмагандай эди. Кўрган одам “Бу мурда кечагина қўйилган экан”, деб ўйлаши аниқ эди.
− Тошлар орасига қўйилгани учун бу жасад бузилмай сақланиб қолганга ўхшайди, − деди кимдир.
− Кимдир билдирмасдан яқин-орада бу ерга кимнидир дафн қилган бўлиши ҳам мумкин, − деди Тошкентдан келган вакил. − Нима бўлганда ҳам олиб чиқинглар-чи, кўрамиз.
Эски жасадларнинг қолдиқларини қопларга солиб юрган йигитлар бирваракайига орқага чекинишди.
− Биз, ... биз қўрқамиз, − деди улардан ёши каттароғи.
− Ўлик-ку, нимасидан қўрқасизлар? − деди вакил ва бульдозерчига қараб деди: − Қани, сиз олиб тушинг-чи?
− Мен, ... менинг ишим эмас бунақа ишлар, − деди орқага тисарилган бульдозерчи. − Мен қабрдан ўлик олиб чиқмайман. Суринг десангиз суришим, текислашим мумкин, аммо...
Бульдозерчи нарироққа кета бошлади.
− Юракдан ҳам берган экан-ку? − деди вакил. − Тағин эркак эмиш.
− Ўзи бунақа ишлигини билсам, бошидан келмас эдим, − деди бульдозерчи тўнғиллаб. − Менга сув омбори қурасизлар дейишувди. Уч кундан бери қабристонни бузамиз. Кеча тушимга ўлган отам кирди, ўликлар кирди. Мен, ... мен кетаман, ишламайман бу ерда.
− Ораларингда ўликдан қўрқмайдиган одам борми ўзи? − деди вакил зарда билан.
Ҳеч кимдан садо чиқмади.
Қурилишда банд бўлганларнинг бари шу ерда йиғилди. Аммо ҳеч кимнинг юраги бетламади мурдани қабрдан олишга. Мурдани эса олиш, бошқа жойга дафн қилиш керак эди. Мурда сув омбори қурилишига тўсқинлик қилаётган эди.
− Агар хўп десаларинг мен оламан, − деди қурувчиларга овқат пишириб берадиган Афифа опа деган татар аёл.
− Олинг, ким ҳам йўқ дерди? − деди вакил.
Афифа опа бир нималар деб пичирлаб, ўрнидан турди ва қабр ёнига келди. Ҳамма Афифа опани ўраб олди.
− Ла илаҳа илаллоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ, − деб Афифа опа жасадни даст кўтариб олди ва берироққа олиб келиб, авайлаб ерга қўйди. − Кеча қўйилгандек тургани билан оғирлиги қолмабди. Бечора қушдек енгил бўлиб қолибди.
Тушдан кейин вакилнинг топшириғи билан раис бобо бошчилигидаги беш-олти оқсоқоллар қурилиш майдонига келишди. Вакил отахонларга бўлган воқеани айтиб бериб, уларни жасад турган ерга бошлаб борди.
− Бизда турли тахминлар туғилаяпти, − деди вакил. − Кимдир ҳеч кимга билдирмай бу ерга яқин-орада бировни кўмиб кетган, деган тахминимиз ҳам бор. Яна айрим ўртоқларнинг фикрича, гарчи ўлик эски бўлса-да, тошларнинг орасида тургани боис бузилмай сақланган бўлиши ҳам мумкин. Аммо бундай десак, кафани ҳам эскирмаган. Хуллас, ўзларинг қаранглар-чи, балки мурдани танирсизлар?
Ҳамма жасад тепасига келди, аммо унинг юзини очиб қарашга ҳеч ким журъат қилолмасди.
− Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим, − деб қишлоқ масжидининг имоми мулла Абдуназар бобо жасаднинг юзини очди ва ҳайратдан бақириб юборди: − Астағфируллоҳ! Астағфируллоҳ!
− Э, э, бу мулла бобомиз-ку? − деди жасаднинг юзига тикилиб қараган раис бобо. − Мулла Абдуҳамид бобо-ку!
− Қачон ўлган эди? − сўради вакил. − Яқинда ўлганмиди? Неча кун бўлувди?
− Яқинда, жудаям яқинда, − деди ўзини йўқотиб қўйган раис бобо. − Йигирма йилча бўлувди.
− Йигирма икки йил, − деди мулла Абдуназар бобо ўйчан.
− Йигирма икки йил? − ажабланди вакил. − Бўлиши мумкин эмас! Адашмаяпсизларми?
− Кечагидай эсимда, роппа-роса йигирма икки йил бўлди, − деди мулла Абдуназар бобо. − Мулла бобомизнинг жанозасини ўзим ўқиганман. Устозимизнинг ўрнига масжидга имомлик қилаётганимга ҳам роппа-роса йигирма икки йил бўлди. У киши ўтганидан бир ҳафта кейин туғилган неварамга Абдуҳамид деб устозимизнинг отини қўйганман. Ана шу неварам бу йил йигирма иккига кирди.
 − Ҳа, ажойиб одам эди, − деди қишлоқ оқсоқолларидан бири Қулмурод бобо. − Қишлоқда нечта намозхон бўлса ҳаммасининг саводини ана шу мулла Абдуҳамид домла чиқарган эди. Уйи тўла китоб бўларди. У киши бизга Қуръон сураларини ўргатар, ҳар бир оят маъносини айтиб берар эди. Ҳадисларни эсда қоладиган қилиб тушунтириб берар эди.
− Гўринг нурга тўлгур, жаннати одам эди, − деди раис бобо. − Илмли одам эди.
− Гўри нурга тўлгани аниқ экан, − деди мулла Абдуназар бобо. − Қурувчилар сал безовта қилишибди-да. Майли, олиб бориб,  иззатини жойига қўйиб, янги қабристонимизга бошқатдан дафн этамиз. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг қудрати билан биз, тирикларга ибрат бўлди. Аллоҳ бир ишни хоҳласа беҳикмат бўлмайди. Ўзига шукр!
− Бунинг нима ҳикмати бор экан? − сўради ҳеч нимага тушунмай турган вакил. − Нега йигирма икки йилдан бери жасади бузилмапти? Нега ақалли кафани эскирмапти?
− Мулла Абдуҳамид домла олим одам эди, − деди мулла Абдуназар бобо. − Аллоҳ таолонинг “Олимларнинг жасадларини то қиёмат кунигача бузмай сақлайман”, деган ваъдаси бор. “Қабрларингни жаннатнинг бир парчасига айлантириб олишни истасаларинг Қуръон ўқинглар, ибодатга зўр беринглар”, деб Расулуллоҳ саллаллоҳи алайҳи васаллам бекорга айтмаганлар. Мулла Абдуҳамид домла олим одам эди, Мулла Абдуҳамид домла тақводор одам эди, серибодат одам эди. Мулла Абдуҳамид домла тиригида қабрини жаннатга айлантириб олган одам эди.
Эртаси куни яқин-атрофдаги қишлоқларнинг одамлари мулла Абдуҳамид бобони қайтадан дафн этишга йиғилишди. Уларнинг орасида биринчи марта устига чопон, бошига дўппи кийиб, белини боғлаган Тошкентдан келган вакил ҳам бор эди.
Мулла Абдуҳамид бобонинг жанозасига ҳам бунча кўп одам тўпланмаган эди...

Каримберди Тўрамурод

Келин ўйнасин

1.
Мўмин дегани мулойим дегани экан-да.
Мулойимларнинг ҳам мулойими эди Мўмин ака.
Овозини кўтарганини ҳали ҳеч ким эшитмаган Мўмин аканинг.
Аёлига-да мулойим муомала қилади Мўмин ака.
Болаларига-да мулойим муомала қилади Мўмин ака.
Болаларига бирор иш қилишни буюрмайди, илтимос қилади, десам ишонаверинг.
Ўша иш қилинмай қолса ҳам нега қилинмади демасдан ўзи қилиб кетаверишига ҳам ишонинг Мўмин аканинг.

2.
Мўмингина бўлиб, беш вақт намозгинасини ўқиб юргич эди Мўмин ака.
Биров бир нима деса, маъқул деб тургич эди Мўмин ака.
Юқориқишлоқлик ҳожилар ўзларининг мажлисига тортди-ю, “айниди-қолди” ана шу Мўмин ака.
Ҳожиларнинг гаштакларидан келганидан кейин узоқ-узоқ ўй ўйлагич бўлди Мўмин ака.
Тунлари уйқулари қочиб-уйқулари қочиб бош қашлагич бўлди Мўмин ака.
− Ҳа, гап бақта экан, Довран, − деб юборадиган бўлди ўз-ўзича Мўмин ака.
Довран дегич учов бу уйда.
Мўмин ака чақирганда хотини Потманинг отиям Довран.
Фотима хола эрини чақирганда аввалги оти “Ай” бўлган Мўмин аканинг отиям Довран.
Икковлашиб чақирганда тўнғич ўғиллари Давроннинг отиям Довран.
− Гап қаяқтаякан, Довран? − кўрпадан бошини чиқаради Фотима хола.
− Гап кўбакан, Довран, қайси биттасини айтайин?
− Ўзингизча “уф-уф” демай менгаям мундай айтинг-да, Довран.
− Сени калланг жетмайди-да, Довран.
− Каллам жетаяткан жеригача айтинг қани мундай? − эрининг ёнига ўтириб олади Фотима хола.

3.
Анча пайт гапирмай ўтиради Мўмин ака.
− Мусурмончилиқ шуякан деб жайномазға жумалаб журавериппиз, бақта анча ишларимиз хомакан, − дейди ниҳоят Мўмин ака. − Беш вақт номаз ўқияппан деб қўл-бетти, оёқди жувиб журавуриппиз, аслида журакди жувиб олиш керак бўғанакан-да, Довран.
− Журакдиям жувиб бўлама, Довран?
− Калланг жетмайди дедим-ку? Кўнгил деган нерса тоза бўлиши керагакан. Кўнгил деганида тўлка Худо бўлиши керагакан. Бошқасиға қайрилиб қарамаслиқ керагакан, Довран. Худо, Худо, Худо десанг кўнгил тозариб боравурайкан. Ўзингам Худоға жақин бўб боравурайкансан, Довран.
− Бир ўзингиз жақин бўб, мен пастда қоб кетмайин, менгаям ҳожи бовалардан ўрганганнаригизди ўргатинг-да бўмаса, Довран.
− “Ҳар жайда ҳар хил овқатти жемаслик керак”, дейди ҳожи бовалар, − дейди Мўмин ака ўйланиб туриб. − “Шубҳали нерсалардан узоқ бўлиш керак”, дейди ҳожи бовалар. “Бетаҳрат журмаслик керак”, дейди. “Доим номазға тайяр турғандай ўлишгаям тайяр туриш керак”, дейди ҳожи бовалар.
− Қўрқитмай гапиринг-да энди, Довран.
− Қўрқсанг-у, қўрқмасанг гапди бўлувиям шу-да, Довран.

4.
Фотима хола-ку Мўмин аканинг айтганларига хўп дейди.
Чунки эрини энг ақлли одам деб билади Фотима хола.
Эрини энг яхши одам дейди Фотима хола.
Эрини авлиё дейди Фотима хола.
Эрини эр дейди-да Фотима хола.
Мўмин аканинг ҳамма айтганига кўнавермайди болалари.
Икки йилдан бери зўрға рўза тутгич бўлди Даврони. Аммо намозни бўйнига олмайди.
Қизи Гулсара онасининг ёнида Бомдод намозини ўқиганини кўради Мўмин ака. Қолганига кўзи тушмайди.
Минг марта айтгани билан кўчада рўмол ўрамайди шу Гулсарасиям.
Мўмин ака олиб келгич китобларга қарамайди шу Гулсарасиям.
− Қишлоқи деб кулади дуганаларим, − дейди қизи.
− Рўмол ўрамасанг шаҳари бўб қолайкансанма? − қизини тушунмайди Мўмин акаям.

5.
Нима бўлгандаям ҳожи боваларнинг мажлисларига бора-кела анча ўзгарди Мўмин ака.
Олдинлари юмуши кўп бўлса намозини уйида ҳам ўқиб олаверарди. Энди беш вақт қолдирмай масжидга чиқадиган бўлди Мўмин ака.
Намоз вақти келаверса тухумини қаерга қўйишни билмай қоқоғлаб юртни бузадиган товуққа ўхшаб типирчилаб қолар бўлди Мўмин ака.
Аввалига келин тўйларга боришни бас қилди Мўмин ака.
Бора-бора ароқ қўйиладиган суннат тўйлардан ҳам оёғини тортди Мўмин ака.
Ароқ қўядиган бўлса қариндошининг тўйига ҳам бормайдиган бўлди Мўмин ака.
Бора-бора намоз ўқимайдиган ошналари билан юрмайдиган бўлди Мўмин ака.
Ўзлари навбати билан қўй, мол сўйиб бўлиб оладиган, ўзларининг қозон товоғидагина пишириб ейдиган, тўйларида ҳам фақат ўзлари ўртада пул йиғиб олинган идиш-товоқларни ишлатадиган, палов дамлашдан чой қайнатишгача ўзлари қиладиган ҳожи боболарнинг зиёфатига, тўйига борар бўлди Мўмин ака.
Ҳожи боболарининг гапини гап дейдиган бўлди Мўмин ака.
Ҳожи боболарнинг тутган тутумини тутум дейдиган бўлди Мўмин ака.
Оғзи очиқ юришидан рўза тутиб юриши кўп бўлиб қолди Мўмин аканинг.
Ерда туришидан жойнамозда туриши кўп бўлиб қолди Мўмин аканинг.

6.
− Ҳожи боваларингизди гапини менга олақаси жўқ!
Шундай деди Даврони.
Ерни тепди Даврони.
− Ҳамма жўраларимдикидай тўй қиламан? − деди Даврони.
− Орақ қўйиб тўй қиламан! − деди Даврони. − Беорақ тўй тўй бўптима? Беорақ тўй худойи-ку?
− Орақ ҳаром, тўйдан мурод савоб, савоб оламан деб орақ қўйиб, гунага ботмайиқ, ҳалол нерсаларди қўйиб тўй қилайиқ, − деганига ўғлини кўндиролмайди Мўмин ака.
− Орақ қўйсанг тўй қимайман! − дейди Мўмин ака.
− Орақ қўймасангиз уйланмайман!
Шунчаликка етади Даврони.
Аразиб чиқиб кетади Даврони.
− Мусурмончилиқ аста-астачилик, сизам бирданига мундай қотти кетманг-да, Довран, − дейди Фотима хола. − Гўрга, шу тўйини элликтагана орақ ўлгирди обериб ўтказиб жубаринг. Кейин эси кириб қоларам, жонбошингизда туриб номаздиям ўқир.
“Эликтагана орақ ўлгирди” олиб беришга кўплашиб кўндиришди Мўмин акани.

7.
Келиннинг оқ куйлак кийиши келин бехабар Мўмин аканикида бир ҳафталик жанжалга сабаб бўлди.
− Ҳамма устимдан кулади-ку, мен нима деган одам бўламан!
Шундай деди Даврони.
Золдарини тепди Даврони.
− Рўмол жовиниб чиқаятқан зоманди ўтиб кетканига эллик жил бўған-ку? − кулди Гулсараси. − Элди кулдириб эшшакти ҳангиратайканмиз-да.
Эл кулмайдиган бўлди.
Эшак ҳанграмайдиган бўлди.
Келин оқ куйлак кийиб тўйхонага чиқар бўлди.
− Мундай пеодал бўманг-да, жезза, − деган куёв бўлмишнинг тоғаси бир амаллаб кўндирган бўлди Мўмин акани. − Бу гапти эшитса ҳали райис нима дейди?
Раис эшитмади бу гапларни.
Мўмин аканинг ҳисобчи бўлиб ишлайдиган қайноғаси раисдан гап эшитмайдиган бўлди.
Келин оқ куйлак кийиб, тўйхонага чиқар бўлди.

8.
Даврони айтгандай бир тўй бўлди.
Гулсараси орзулагандай бир тўй бўлди.
Потмаси кўнган бир тўй бўлди.
Мўмин ака кўнмаган бир тўй бўлди.
“Жерди шипиришга жеткан лотаси женг минам жоғаға жетмаган” куйлакни, “Орқасини кучук толаған”, “Кўксини жоппаған” куйлакни кийиб келин бўлмиш тўрда сузилиб турди.
Атрофида ўзига ўхшаган йигирмата қиз тизилиб турди.
“Аканг қарағайни кўриб қўй” дегандай кўзи чақнаб Даврони  келин бўлмишнинг ёнида керилиб турди.
Бир қўлида стакан, биттасида сигарет тутган йигирма чоғли жўраси атрофида терилиб турди.
Қишлоқнинг аёлу эркаги шунда бўлди.
Аёлу эркакнинг кўзи келинда бўлди.
Кўзи сузилиб қарагани нечов бўлди.
Нияти бузилиб қарагани нечов бўлди.
− Зўр қиз бўғанакан, билмаганаканмиз, − деди бирови гапи айнаб.
− Узумди яхшисини доим кучук жийди, − деди бошқаси колбаса чайнаб.
− Шўх-шўхидан бўсин-да энди, − бақирди битттаси.
− Тўй тўйға ўхшасин-да энди, − маъқуллади бошқаси.
Пойлаб турган экан отарчи.
Шўхини шайлаб турган экан отарчи.
Тўй тўйга ўхшади.
Мўмин аканинг суяги қақшади.
Бирам жилпанглади ўйинчи, бирам жилпанглади-ей.
Бирам қийқонглади бир қишлоқнинг эркаги ўйинчининг орқасидан эргашиб, бирам қийқонглади-ей.
“Бировининг хотини шу тўйди журибди, бировининг боласи”, деб ўйлади Мўмин ака.
Ўйинчи “ширин қилиб берган” стакандаги ароқнинг қолганини ичиб, қийқирган йигитга қараб энсаси қотди Мўмин аканинг.
“Эссиз эркак-а, ҳай эркак-а”, деди Мўмин ака.

9.
Ҳаммаси майли экан.
Ҳаммаси ҳолва экан.
− Келин-куёв ўйнайди!
Шундай деб бақирди ҳаммаси.
Келин-куёвни ўртага чақирди ҳаммаси.
Келин-куёв ҳам ўртага тушиб бирам эшилди, бирам эшилди-ей.
Куёвнавкарман, келин дугонаман дегани бирам қўшилди, бирам қўшилди-ей.
Маст-аластларнинг нечови қуршаб олди келин-куёвни.
Маст-аластнинг нечови қўлларидан ушлаб-ушлаб олди келин-куёвни.
Куёвга пул қистирай деб чопган нечов бўлди.
Келинни чўлпиллатиб ўпган нечов бўлди.
Ҳаммасигаям майли экан.
Бунисиям ҳолва экан.
− Горка! Горка! Горка!
“Гўркаси нима экан?” ҳайрон бўлди Мўмин ака.
Билгач, кўнгли вайрон бўлди Мўмин ака.
Четга бурди юзини Потмаси.
Ерга тикди кўзини Гулсараси.
Ҳаммасини титраб-қақшаб кузатиб ўтирди Мўмин ака.
Ҳаммасини худди бегонага ўхшаб кузатиб ўтирди Мўмин ака.

10.
Ҳожиларни ўша куни тўйга айтолмасди Мўмин ака.
Айтган билан келомасди ҳожи боболар.
Эртасига таклиф қилди Мўмин ака.
Бари тизилиб келди ҳожи боболар.
Яктаклари оппоқ қорга ўхшайди ҳожи боболарнинг.
Юзларида нурлари борга ўхшайди ҳожи боболарнинг.
Пайғамбарнинг сифатидан бир сифат бор ҳар бирида ҳожи боболарнинг.
Ҳар гапирган гапида бир ҳикмат бор ҳожи боболарнинг.
Мўмин аканинг хонадони нурга тўлиб кетгандай бўлди ташрифидан ҳожи боболарнинг.
Мўмин аканинг орзулари осмонларга етгандай бўлди ташрифидан ҳожи боболарнинг.
Ҳар бирлари бир авлиёсифат бўлиб ўтирдилар ҳожи боболар.
Майин гаплашиб, нимтабассум қилиб, кулиб ўтирдилар ҳожи боболар.
− Довранбой, мунда кенг! − бўлди Мўмин аканинг гапи. − Ҳожи боваларға салом беринг!
Ҳар бирлари билан қўл олишиб кўришди Даврони.
Ёнларига ўтириб, қуюқ-қуюқ сўрашди Даврони.
− Энди келинам чиқсин! − бўлди талаби Мўмин аканинг. − Ҳожи боваларға бир таъзим қисин!
Елкаси қисилиб, яхши тушунмади Даврони.
Отасининг ниятини англамади Даврони.
Бориб келинни етаклаб чиқди.
Келин келиндай бўлиб, сузилиб чиқди.
Тушуниб-тушунмаган қайнанаси қўшилиб чиқди.
Келин ҳожи боболарга таъзим қила-таъзим қила яқинроқ келди.
− Ваалайкум ассалом, кўп яшанг, − деб ҳожи боболар дуо қилди.
Ҳайрон бўлиб-ҳайрон бўлиб турди Даврони.
Келинни олиб ичкарига юрди Даврони.
− Тўхта, − бўлди Мўмин аканинг амри. − Энди келин ҳожи боваларга битта ўйнаб берсин!
− Тушунмадиммма ёки яхши эшитмадиммакан? − деди Даврони. − Келин нима қисин?
− Ўйнаб берсин, улим! Биттагана ўйнаб берсин!
− Эсингиз жайидама, ота? − деди Даврони. − Келинингиз ҳожи боваларди олдида ўйнайма? Уят бўмайма? Ўйлаб гапираяпсизма ўзи?
− Отам нима дейди? − келин сўради.
Қайнана бир сўз демай ерга қаради.
− Ҳожи боваларди олдида ўйнаса уят бўлама, улим? − сўради Мўмин ака.
− Уят бўлади, ота, − деди Даврони.
− Жудаям уят бўлама?
− Унча-мунча уят бўмайди, ота, қотти уят бўлади.
− Ҳожи боваларға нима қипти, улим? Ҳаммаси ҳожи бовалар бўса? Ҳаммаси номазхон бўса? Ҳаммасини нияти тоза бўса? Кеча орақти ичиб, бўкириб жотқан эркаклардан қаери кам ҳожи боваларди, улим? Уларди олдида келин минам роса эшилиб-эшилиб ўйнадиларинг-ку? Келин ярим жоланғач кийимда мостларди ичида бир соат ўйнади. Ҳаммаси кайп минам хотинингга кўзини тикиб “Гўрка!” деб бақирди. “Гўрка”ям қилдиларинг. Ҳожи бовалар келинга кўзини тикмайди, “Гўрка!” деб бақирмайди. Келинам бугун одамдай кийинганакан. Ҳеч нерса қимайди, улим, ўн минутгана ўйнаб берса бўлади. Майли беш минут ўйнасин!
Калласини чангаллаб, ўтириб қолди Даврони.
Нима қиларини билмай, қотиб қолди келини.
− Майли, қўяверинг, улингиз болалик қипти, энди кўзи очилған чиқар? − деди ҳожи боболар.
− Иймонда бўғанида мундай қимас эди, − деди ҳожи боболар.
− Иймонли эркак хотинди номаҳрам эркакларди ичида бозорға сомайди, − деди ҳожи боболар.
− Иймонли эркак буйтиб хотин омайди, − деди ҳожи боболар.
− Иймонли эркак хотин минам ўйинчини парқиға борғич бўлади, − ҳожи боболар.
− Иймонли эркак хотинди иффатини сақлағич бўлади, − деди ҳожи боболар.
Йиғлаб уйга кириб кетди келинчак.
Овутгани орқасидан кириб кетди қайнона.
− Майли, дуо қилайиқ, мулла Абдумўминди улиям ориятли жигит бўсин! − деди ҳожи боболар.
− Хотинини бегана кўзлардан сақлағич, қатъиятли эркак бўсин! − деди ҳожи боболар.
Бирин-кетин чиқиб кетаверди ҳожи боболар.
Давронни дуо қилиб кетаверди ҳожи боболар.

11.
− Ота, мени кечиринг! − деди бошини кўтарди Даврони. − Менганани кечиринг, ота!
− Кеча эшшак бўғанаканман! − деди Даврони. − Кеча кучук бўғанаканман.
− Кўзим очилди, ота, − деди Даврони. − Кеч бўса-да, очилди.
− Мени пойдамға гапирганакансиз-у, мен сизди бекарга жоман кўрганаканман, − деди Даврони. − Мени кечиринг, жон ота, кечиринг.
− Сени кечирганман, − деди Мўмин ака. − Муннан кетин адашмасанг бўлди, улим.
− Энди адашмайман, ота, − деди Даврони. − Насиб бўса, энди ҳечам адашмайман!

Каримберди Тўрамурод

21-декабрь. Охирги кун

– Қиёмат қачон қойим бўлади? –  деб сўради саҳобалардан бири.      
– Қиёматга нима ҳозирлаб қўйдинг? – деб жавоб бердилар Пайғамбаримиз алайҳиссалом.

1.

Эртага 21 декабрь.
Эртага Майяларнинг тақвими тугайди.
Эртага 21 декабрь. Бутун дунёдаги иймони сустлар назарида ОХИРГИ КУН.
Иймони бутунлар парво қилмайдилар, бу гапларга: Қиёмат қачон бўлиши ёлғиз Парвардигорга аён!
Майли, кўп ҳам ақлли бўлмайин-да, 21-декабрь дунёнинг охирги куни эканига ишонайин! (Пайғамбаримиз “Қиёмат Жума куни бўлади”, дебдилар. Ҳайҳот! 21-декабрь Жума экан!)
Унда нима қилишим керак?
Бир жойга уч кун кетсам, уйдагиларга, эҳ-ҳе, қанча ишларни тайинлаб кетардим? Ахир эртага бутунлай кетаман-ку? Нималарни тайинлашим керак, уйдагиларга?
Бир жойга уч кунгинага кетсам, бир жомадон нарса олардим, ўзим билан: ҳужжатлар, пул, уст-бош, сочиқ, устара, китоб, қоғоз-қалам, ...
Ахир эртага бутунлай кетаман-ку? Ўзим билан нималарни олишим керак?

2.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Қачондан бери отамнинг қабрини зиёрат қилмагандим. Демак, бугун отамнинг бошига боришим керак.
Неча йилдан бери онамнинг мозорига онам яхши кўрган настарин кўчатини экаман, дейман. Ҳар баҳорда эсимдан чиқиб кетади? Демак, бугун онамнинг бошига настарин экишим керак. Декабрда эксам, кўкарармикан? Барибир экаман, чунки ихтиёримда бошқа кун йўқ-ку?
Акам, сингилларимнинг қабрларини ҳам зиёрат қилишга улгуришим керак. Сингилларимнинг қабрлари турли қишлоқларда...

3.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
“Алифбе”ни ўргатган устозим, биринчи ўқитувчим Фотима опанинг кўнглини олишни ҳар йили ўйлайман, аммо ҳар йили “Ўқитувчилар куни”да қишлоққа боролмайман. Демак, гарчи бугун “Ўқитувчилар куни” бўлмаса-да, шу бугун устозимнинг уйига боришим, у кишига менинг саводимни чиқарганликлари учун қачондан бери кўнглимнинг тубида асраб юрган миннатдорчилик сўзларимни айтишим керак. У кишига бағишлов сўзи ёзган китобимни ҳадя этишим керак, бугун. Бошқа ўқитувчиларимни ҳам зиёрат қилиб чиқишим керак, бугун! “Ўқитувчилар куни” бўлмаса ҳам. Ахир “Ўқитувчилар куни” тугул, “Ўқувчилар куни” ҳам йўқ, энди. Бошқа ҳеч қанақа кун йўқ-ку, энди!

4.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Опамни бориб кўрмаганимга, жиянларимдан хабар олмаганимга кўп, жудаям кўп бўлибди. Опамга уч марта айтдим, “Опа, бир дам олиш куни келаман, сиз билан бирга, қизларингизникига борамиз, жиянларим “Мени, болаларимни кўришга тоғам келибди”, деб бир хурсанд бўлиб қолишсин!” деб. Ниятим улуғ бўлди, аммо мен опамга айтган ўша, дам олиш куни ҳеч келмади. Бугун дам олиш куни бўлмаса ҳам, опамникига боришим, қизлариникига кириб чиқишим керак. Ахир, энди дам олиш куни тугул, иш куни ҳам йўқ-ку, бугундан бошқа?

5.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Акам, кўрганда онамни эслатадиган акамни кўришга бормаганимга ҳам кўп бўлибди-ку? Охирги марта акам билан қачон тўйиб гаплашдик экан? Иккаламиз битта кўрпада ётиб, катта бўлган акам билан охирги марта қачон бирга ухлаганим эсимда йўқ. Демак, бугун акамникига боришим, қолиб, акам билан тонггача суҳбатлашишим, болалигимизни эслашимиз, бузилиб кетган эски уйларни, унинг томига чиқиб, бирга қор кураганларимизни, ўзимиз кураган қордан сирпаниб пастга тушганларимизни эслашимиз, бирга битта ижара уйда туриб, шаҳарда ўқиганларимизни эслашимиз, иккаламиздан бошқа ҳеч ким билмайдиган сирларимизни эслашимиз, отамизни, онамизни бирга-бирга эслашимиз керак. Ахир, ихтиёримизда бошқа тун йўқ-ку?!

6.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Синглимни, кўрганимда отамни эслатадиган синглимни соғинганимни ҳозир билдим. Онамдай меҳрибон синглимни, сингилларим ўлиб-ўлиб, отамдан, онамдан қолган ёдгорим, ёлғиз синглимни бирданига жуда соғиндим. Энг аввал шу синглимникига боришим керак экан. Жиянларимни, айниқса, отамга ўхшайдиган Фирдавсни тўйиб-тўйиб, бағримга босаман, бугун.
Синглимнинг пиширадиган ошигина онам пиширган ошга ўхшайди. Демак, бир ошлик нарса олиб бориб, синглимга ош қилдираман. Ахир, синглим ош қилиб берадиган бошқа кун йўқ-ку?

7.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Онамга икки томчи сувдек ўхшайдиган, онамнинг ўрнига онам бўлиб қолган холамнинг зиёратига бормаганимга ҳам анча бўлибди. “Холанг айлансин, бир келиб кет, соғиндим! Бизлар ҳам ғаниматмиз, жигарим. Тез-тез хабар олиб тур, шу йилдан қувватим йўқ, ғафлатда қолмагин, болам!” дейди холам.
Онамга кўп яхшилик қилолмаганман. Онамни курортларга юбора олмаганман. Онамни сайру-саёҳатларга олиб бора олмаганман. Қўлим калта эди. Бугун уй-жой, машина, пул, ҳаммаси бор, аммо энди ... онам йўқ.
Онамга олиб бермоқчи бўлган кўйлагимни ҳозироқ сотиб олиб, холамникига бораман! Ахир, эртага мен кўнглини олишим, дуосини олишим мумкин бўлган биттагина холамни ҳам топа олмайман-ку?

8.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Тоғамни, мени яхши кўрадиган болаларини охирги марта қачон кўргандим? Акамнинг тўйида кўрган эканман. Ундан олдин-чи? Тоғамнинг ўғли тўй қилганда. Ундан олдин опамнинг тўйида. Тоғам ва болаларини фақат тўйларда кўриб юрган эканман-ку? Тоғамнинг уйига, уни, болаларини кўргани атайлаб бормабман-ку? “Ёзувчи жияним бор”, деб ҳамма жойда фахрланиб, айтиб юрадиган тоғамнинг уйига шу бугун бормасам бўлмайди. Ахир, эртага тоғамни ҳам, унинг уйини ҳам топа олмайман-ку?

9.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Дунёда жуда кўп дўстлар орттирдим. Энг беғубор дўстлик болаликдаги дўстлик бўлар экан. Болаликдаги дўстларим, синфдошларим билан минг йилдан бери кўриша олмадим. Зиёдулла, Сирожиддин, Мавлон, Султон, Майсара, Анбар, ...
Мактабни битирар чоғимиз олган альбомимизнинг орқасига “Ҳар йили 27-июн куни мактаб ҳовлисида учрашамиз”, деб ёзилган экан. Ўшандан бери 27-июн ўттиз беш марта келибди-ю, мен номард, бир марта ҳам бормабман, мактаб боғига.
Бугун мактабимизга боришим, синфдошларнинг барини кўришим, иложи бўлса, бир жойга йиғишим, охирги марта дийдорлашишим керак. Ахир, энди 27-июн келмайди-ку? 27-декабрь келмайди-ю?!

10.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Бир кун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Жаласойни яхши кўраман!
Ҳар битта ёзган асаримнинг бирор ерида билдириб-билдирмай, туғилиб ўсган бу ғаройиб қишлоғимнинг номини албатта “қистириб” ўтганман. Жаласойнинг Гулдуртепалари, Қозонариқлари, Шомқочдилари тушларимга киради. Эсласам, болалигимда мен терган бўтакўз, қизғалдоқ, чучмома, бинафшагулларнинг ҳидлари димоғимга келиб кетади. Мен қўй боқиб, катта бўлганман Жаласой даштларида. Ана шу даштларга бир чиқишим керак, ана шу даштларнинг ҳидини ҳидлашим керак, ана шу даштларга чиқиб, худди болалигимдагидек, ўт-ўланлар ичида чалқанча ётиб, муллатўрғайлари бир жойда туриб олиб, бетиним “чуғур-чуғур” қиладиган осмонига тўйиб-тўйиб қарашим керак, деб юрардим қанчадан бери. Лекин мени шоир қилган, тилимни бурро қилган, қалбимни ўзининг осмонидек кенг қилган, ўзининг Афандинамо одамларидек, соддадил қилган Жаласойга неча йиллардан бери бора олмабман!
Бугун Жаласойга бораман! Гулдуртепага чиқаман! Шомқочдига ўтаман! Майли, совуқ бўлса ҳам, майли, ўт-ўланлар бўлмаса ҳам, майли, осмонида муллатўрғайлар бўлмаса ҳам, ... осмонга термулиб ётаман. Ахир, энди ўт-ўланлар бошқа кўкармайди-ку? Ахир, энди осмонга муллатўрғайлар кўтарилмайди-ку?

11.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бир кун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Аёлимни кўп ранжитдим. Билиб-билмай, дилини кўп оғритдим. Кўча-кўйда ранжитганларнинг аламини ҳам, ишхонадаги кўнгилхираликларнинг аламини ҳам хотинимдан олдим, кўпинча. Ўзимдан билиб, бирор марта унга қимматбаҳо тақинчоқ ёки арзигулик кийим-кечак ҳам олиб беролмабман, бугун ўйласам.  Бошқаси майли, уни яхши кўришимни бирор марта билдириб қўйдиммикан? Қачон айтдим охирги марта, “севаман!” деган сўзни? Эсимда йўқ. Тўйдан кейин айтмабман, шекилли? Бугун айтмасам бўлмайди. Бугун айтмасам, ҳеч қачон айтолмайман. Бугун унга энг чиройли гулларни совға қиламан! Дўкондаги ҳамма гулларни оламан, бугун! Ахир гул сотувчи қолган гулни нима қилади? Эртага харидор келмайди-ку?

12.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Демак, ихтиёримда бугун бор.
Энди нима қиламан?
Эҳ, “Ўғилларим, қизларим ўқисин!”, дебман. “Улар ҳали ёш”, дебман. На ўғил уйлантирибман, на қиз чиқарибман. Кечгача ўғилларим ўзларига қаллиқ топармикан? Йўқ, энди кеч! Қудаларни кўндириш қийин. Бир кунда тўй қилиб бўлмайди.
Қизларимга ҳам бир кунда қаллиқ тополмайман, энди. Аттанг! Уларни талабалигидаёқ узатиб юборсам бўларкан! Яна ҳаммаси ҳар жойда. Уларни шу бугуноқ уйга йиғишим керак. Ҳулкарим Ҳиндистонда. Ҳозироқ қўнғироқ қиламан, учиб келсин! Самолётга билет ола олармикан, энди? Бугун аэропортлар ҳам роса тиқилинчдир? Ахир, одамлар турли мамлакатлардан уйларига бугун учиб келишмаса, эртага самолётлар учмайди-ку?

13.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Ҳали ихтиёримда бир кун бор.
Бугун нима қиламан?
Босилиб чиққан китобларимни қатор қилиб тердим: “Гунг қиз”, “Синфдошлари йўқ одам”, “Худоёров йигитлари”, “Жийда гули”, “Дилхирож”. “Майда безори қария” босмахонада турибди. Уни олиб келиш керак. Шу бугун Тошкентга бориб, олиб келишим керак. Бўлмаса, босмахонада қолиб кетади.
Ёзган барча ҳикояларимни тартибга солдим. Йўналишига қараб, алоҳида китобларга ажратдим. Яна ўнта китоб бўлди. Бугун кечгача бирор ноширни топиб, уларни чоп қилишнинг иложи йўқ. Ноширлар кўнмайди, бунча тез китоб чиқариб беришга.
Устозим, Тоғай Мурод йўлида ёзган қисса ва ҳикояларимни йиғиб, бир китоб тайёр қилувдим: “Тоғай Муроддан қолган далалар”. Бир китобимда катта гапириб қўйгандим, “Тоғай Муродга ҳайкал қўяман!” деб. “Ўзбекка ҳайкал қўяман!” деб “Отамдан қолган далалар” билан Ўзбекка ҳайкал қўйган Тоғай Муродга ҳайкалим бўларди, “Тоғай Муроддан қолган далалар”. Шошилсам бўлмасмиди? Энди мен Тоғай Мурод устозимга ҳайкал қўя олмайман!
Нима қилсам экан-а? Ўлганидан кейин асарлари чоп этилиб, машҳур бўлиб кетган ёзувчиларни биламан. Муса Жалил ҳатто қаҳрамон бўлган. Унинг шеърларини асирликда бирга бўлган дўстлари чоп эттиришган. Аммо энди менинг ёзганларимни китоб қилиб, чоп этадиган одамнинг ўзи қолмайди-ку, эртага?
Ҳа, ёзувчи одам асарларини пешма-пеш, вақтида чоп эттириб туриши керак экан. Аттанг!
Халқ шоири, Ҳалима опам “Сиз шеърларингизни алоҳида китоб қилиб чиқаринг, ўзим сўз боши ёзиб бераман!” дегандилар. Юсуфхон деган ношир йигит “Ўзим чиқараман, битта суратингиз билан тез етказинг!” деган эди. Тез олиб борсам бўлмасмиди? Энди шеърларим китоб бўлиб чиқмайди. Ҳеч қачон! Ҳар қанча тез олиб бормай, энди Юсуфхон улгурмайди!

14.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Ихтиёримда бир кун бор.
Бугун нима қиламан?
Киносценарийларимни қараб чиқдим. “Ота”, “Чақмоқ”, “Сабринисо” ва “Жийда гули”. Булар олинганлари. Олинаётганлари қанча-ю, олинмаганлари қанча? Нозим Тўлахўжаев билан “Худоёров йигитларини”ни ўттиз серияли телесериал қилишга келишиб, сценарийсини ёзиб қўйгандим. “Сўнгги бек” деган йигирма қисмли сериал сценарийсини “Фонд форум” қабул қилган эди. “Қасам”ни суратга олиш ишлари бошланган, Иброҳим унинг йигирма қисмли телесериал вариантини ҳам суратга олмоқчи эди. Энди улгурмайди. Эркин Комиловнинг илтимосига кўра, у киши учун махсус “Чори полвон” деган фильм сценарийсини, Ражаб Адашевнинг “буюртмаси”га кўра “Майда безори қария” комедиясининг сценарийсини ёзиб қўйгандим. “Онаизор” тайёр эди. “Чўммоқ”нинг сценарийсини бошлаб қўйгандим. Ёзмоқчи бўлган киносценарийларим қанча эди: “Унсин момо”, “Ишқ сонатаси”, “Палов”, “Лайлакқор”, ...
“Худди “Қушдек енгил бўлинг!”га ўхшаган Ўзбекнинг ҳам ҳар янги йилда кўрсатадиган бир комедияси бўлсин!” деган яхши ниятда “Жаласойлик Қорбобо” деган комедиянинг сценарийсини режессёрларга берган эдим. Аттанг, энди олишга улгуришмайди. Эртагача олишгани билан, энди янги йил келмайди-ку?

15.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Бир кунгина қолибди.
Энди нима қиламан?
Қилинмаган, аммо қилиниши керак бўлган қанча ишларим бор экан?
Яқингинада Стендал, Шолохов, Чехов, Толстойларнинг тўлиқ томларини, Кафканинг, Камюнинг китобларини сотиб олувдим. “Жараён”нинг охирига келиб қолувдим. Бугун уни тугатиб қўйишим керак. Қолганларини ўқишга улгурмайман. Аттанг! Олдинроқ бошласам бўларкан!
Диктофонимни эшитиб кўрдим. Ўттизтача ҳикоянинг сюжетини унга ёзиб қўйган эканман. Энди улар қоғозга тушмасдан, йўқ бўлиб кетишади. Афсус!
“Ота” деган романим ҳам энди ҳеч қачон охирига етмайди. Ёзилган қисмини эълон қилсам бўларкан. Аттанг!
Жаласойликларим ҳақида ҳали қанча нарса ёзмоқчи эдим. Дов бобо ҳақида туркум ҳикоялар , Раис бобо ҳақида бир қисса ёзмоқчи эдим. Эссиз!
Корейслар ўзлари тўқиб олган Жумонглари ҳақида юз серияли кино ишлаб, ҳаммани телевизор қаршисида “михлади”. Бизда эса бутун дунё танийдиган, тан оладиган, тан берадиган зотлар қанча? Амир Темур, Улуғбек, Бобур, Мангуберди, ... Мен Амир Темур ҳақида юз серияли бир фильм сценарийсини ёзишни ният қилган эдим. Шу мақсадда “Тузуклар”ни бошқатдан ўқиб чиқдим, Арабшоҳни яна ўқидим, Соҳибқирон ҳақидаги бир қанча китобларни ўқидим. Фаранг Марсель ёзган китобни ўқиганимдан кейин ўзимнинг ғашим келди. “Бир фаранг Парижда туриб, улуғим ҳақида шундай зўр китоб ёзса-ю, Ҳазратнинг ёнгинасида туриб, наҳотки мен кўнгимдагини ёзолмасам?” дедим. Озгина журъатим етмади. Бу ёғи 21-декабрь келиб қолди. Энди Амир Темур ҳазратлари ҳақидаги менинг кўнглимдаги  юз серияли фильм менинг кўнглимда кетади. Нега бунча кўп ухладим-а? Кунига беш-олти соатдан ухлабман. Бир-икки соатдан ухласам бўлмасмиди? Ухламасм бўлмасмиди? Мен ёзишим керак бўлган асарларим ёзилмасдан қолиб кетяпти-ку? Аттанг! Аттанг!
16.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Бир кун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Уйнинг таъмири охирига етмаган эди. Жуда алдамчи усталарга учрадим-да? Бир кун келишса, уч кун келишмайди. “Бир йилдан бери уста ишлатаман”, десам одамлар кулади: “Олти ойда беш қаватли уй битиб, ичига одамлар кўчиб киряпти-ю, сизнинг беш хонали уйингизнинг таъмири бир йилда тугамайдими?” Усталар тугатишмаса, нима қилай? Шу бугун уларни топиб, ишларини тугаттирмасам бўлмайди.
Ҳаммомдаги жумракдан сув оқади. Аёлим бир ҳафтадан бери “Шуни тузатиб қўйинг, барака топгур!” деб жаврайди. Битта стулнинг оёғи лиққиллаб қолган, уни қотириш керак. Қизимнинг хонасидаги деразанинг битта кўзидаги ойна синган. Ойна қўйиш керак.
Нега шунча ишни бугунгача қилиб қўймадим-а?
Ахир бугун, бир кунгинада қайси бирига улгураман, энди? Қолган ишга қор ҳам ёғмайди, энди!

17.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Бир кун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Бир кунгинада нималар қила оламан? Шунча иш йиғилиб қолган экан, қай бирига улгураман, энди? Энг зарурларини қилишга улгуришим керак, ҳеч бўлмаса. Қай бири энг зарур? Ҳаммаси бир-биридан зарур-ку? Аммо ичидан энг-энг зарурларини аниқлашим керак!
Во, дариғ! Энг зарур деганларимдан ҳам зурурроқ иш эсимга тушди!
Ахир, Салоҳиддин қолиб кетяпти-ку? 21-декабрь ҳам кўзимга кўринмай қолди-ку? Ахир, бу масала охирзамондан ҳам муҳим эмасми?
Шу бугун, ҳозироқ Салоҳиддинни топмасам бўлмайди! Уни топиб, ялиниб-ёлвориб, кечиришини сўрамасам бўлмайди. Мен Салоҳиддинни хафа қилиб қўйганман. Айб кимдан ўтганини суриштириб ўтирадиган пайт эмас, бугун!
Қанча инсонларни кечирдим, қанча инсонлар мени кечиришди. Аммо Салоҳиддиндан бир оғиз кечирим сўрашга, очиғи, “бўйним йўғонлик” қилди. Ким билсин, Салоҳиддин мени кечириб ҳам юборгандир? Аммо барибир, мен тилим билан сўрамадим, у тили билан айтмади-да! Аллақачонлар борсам, бир оғиз кечирим сўрасам бўларкан, аллақачонлар кечирилган бўлардим.
Ҳозироқ бориб, Салоҳиддиндан кечирим сўрамасам бўлмайди. Ахир, шувит юзимни ёруғ қилиб олишга бошқа имконият қолмади, фурсат қолмади-ку?

18.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Бир кун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Электр ҳисоблагич, газ, сув ҳисоблагичларни қарадим. Шукр, ҳеч қайсидан қарзим йўқ экан. Ҳаммасин ўчирдим.
Уй-жой ширкатидан озгина қарзим бор экан, ҳозироқ бориб, қарзни тўлаб қўяман!
Мендан тўрт-беш киши қарз эди. Бугуннинг охиригача улар қарзларини олиб келиб, бера олишмайди. Неча йил қайтармаган қарзини бугун, эртага ОХИРГИ КУН эканини билиб туриб, олиб келиб берармиди? Йўқ. Бирининг имкони йўқ, бирининг хоҳиши. Мен ана шу қарзларимдан кечдим! Ҳеч ким мендан қарздор эмаслигини эълон қиламан! Қарздорлар эртага, ОХИРГИ КУНда мендан олган қарзлари туфайли, юзлари шувит бўлиб туришмасин!
Менинг ўзим бир кишидан озгина қарзлигим ҳам ҳозир эсимга тушди. Қандай унутдим экан? Бутунлай эсимдан чиқиб кетган экан. Бугун ана шу қарзимни олиб бориб, беришим керак? Балки энди унга ўша пулнинг кераги ҳам йўқдир? Эртага ОХИРГИ КУН бўладиган бўлса, бугун у пулни нима қилади? Ўша пулга нимаям олиши мумкин?
Аммо ўша пулни деб эртага мен ҳам юзи қора бўлишни истамайман! Пулни нима қилиш унинг иши, мен олиб бориб бершим шарт! Ахир, бугун қайтармасам, қачон қайтараман?

19.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Бир кун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
Ишхонага боришим керак. Ўн йилдан бери газетадаман. Нима ёзган бўлсам, аввал газетада чиқди. Нечта мухлис топган бўлсам, газета туфайли топдим. Энг биринчи ҳикоя ҳам, охиргиси, сиз ўқиётганингиз ҳам газетада чиқди. Шу газета саҳифаларида кулдим, йиғладим. Кулдирдим, ҳар замон йиғлатдим, газета муштарийларини.
Ишхонага бормасам бўлмайди. Ҳамкасбларимни кўришим керак. “Сал кўп гапирасиз-да”, дейди нуқул, редакторимиз. У оддий кунларда эди. Бугун бориб, уларга айтилмай қолган қанча гапларимни айтишим керак. Ахир, бугун гапирмасам, қачон гапираман? Эртага ОХИРГИ КУН-ку?! Эртага гапириш қаёқда?

20.

Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Бир кун қолибди-да?
Энди нима қиламан?
“Уни қилишим керак, буни қилишим керак”, дебман-у, энг асосий масала қолиб кетибди-ку? Ахир, эртага ОХИРГИ КУН бўладиган бўлса, эртага кимнинг олидага борамиз? Эртага нима воқеалар бўлади?
Эртага ОХИРГИ КУН бўладиган бўлса, бу СЎРОҚ КУНИ эмасми?
Эртага ОХИРГИ КУН бўладиган бўлса, эртага Аллоҳ билан юзма-юз бўлмаймизми?
Ҳоким чақирганда, соч-соқол олдириб, ҳали кийилмаган куйлакларни кийиб, тоза атирларни сепган, “Нима кийиб борсам экан?” деб уч марта костюм алмаштирган эдим. Эртага ҳокимларни ҳам тиз чўктириб қўядиган, оламларнинг Подшоси қошига бораман-ку? Соч-соқолларимни олдираман. Нима кийиб чиқсам экан?
“Энг аввал намозларингдан сўраласизлар”, деган Аллоҳ буюрган намозларининг саноғини сўраса, “Ҳаммасини ўқидим” дея оламанми? Чаласи йўқми?
Ўн икки ёшимдан менга фарз ҳисобланган рўзани мукаммал тутдимми? Закотимни бердимми? Ўз уйини тавоф қилиш имконини берган, муборак Ҳаж зиёратини насиб этган Аллоҳга етарлича шукроналар келтира олдимми?
Бу саволларнинг ҳаммасига дадил “Ҳа”, деб жавоб бера олмаяпман-ку?
Бугун қолган соатларни ғанимат билиб, қолдирган намозларимнинг ўрнини тўлдирадиган намозларни ўқишим керак. Эртага тарозига қўйилганда савоблар палласини босадиган амалларни кўпроқ қилиб олишим керак.
Бугун пешенамни саждадан кўтармаслигим керак экан. Ахир, менда бошқа кун йўқ-ку?

21.

Сиз-чи, ушбу сатрларни ўқиган қисматдош, сиз 21-декабрга тайёрмисиз?
Бошни баланд кўтариб чиқа оласизми, эртага, 21-декабрга?
Ёки Сизни ҳам ўйлантирадиган муаммоларингиз борми?
Бўлса, ҳаракатингизни қилинг, ихтиёрингизда БУГУН бор!
Эртага 21 декабрь.
Эртага ОХИРГИ КУН!
Аллоҳгагина аён, Қиёматнинг қачон бўлиши, аммо қачон бўлишидан қатъий назар, унга тайёрмизми?

Каримберди Тўрамурод

Табассум

Қирқ олти йил бўлибди-я, шунгаям. Худди қирқ олти кун бўлгандай. Зилзила бўлганда ўттизнинг устида эдим. Демак, етмиш олтига кирибман-да. Ҳаммаси кечагидай ёдимда. “Уруш бошланибди”, деб ўйлаганман ўшанда. Юраги ёрилиб ўлганлар бўлди, эси оғиб қолганлар бўлди.
Зилзила 26-апрел кунигина бўлган эмас. Бир неча ҳафта силкиниб турди ер. Одамлар юрак олдириб қўйишди. Биров ёлғондан “Ер қимирлаяпти”, деса ҳам ўтирганлар дувва туриб, ташқарига қочадиган бўлиб қолди. Бировнинг дарвозасини тақиллатишга юрагимиз бетламай қолган эди.  Дарвоза таққилласа, ичкаридагилар саросимага тушиб қоларди. Бирор қаттиқ овоз чиқса, одамлар ўша томонга қарашнинг ўрнига ўзини бехатар жойга олиб қочишни ўйлайдиган бўлиб қолган эди.
Дилгир хотиралар кўп. Айтаверсанг, хафа бўлиб кетасан одам. Аммо зилзила билан боғлиқ яхши хотиралар ҳам бор. Ана шундай ширин хотиралардан бирини айтиб берай.
Абдумалик қори ака деган мулламиз бўларди, Аллоҳ раҳмат қилсин! Ниҳоятда илмли киши эдилар. Кўп олим кишилар келиб, масалаларига ечим топиб кетишарди. Қорилар келиб, ўрганган сураларини у кишининг имтиҳонидан ўтказиб олишарди. Камгап, жиддий одам эдилар. Деярли кулмас эдилар. “Кулгу иймонни заифлаштиради”, дердилар. Маҳалламизнинг каттаю-кичиги Абдумалик қори акадан ҳайиқиб турарди.
Масжидда эдик. Хуфтон намози пайти эди. Абдумалик қори ака “Фотиҳа” сурасини тиловат қилдилар. Бугун бошқача бир илҳом билан қироат қилаётганликлари кўнглимдан ўтди. Кейин “Ар Роҳман” сурасини ўқий бошладилар. Абдумалик қори аканинг қироатларини кўп эшитганман, аммо бугунгидай чиройли қироат қилганларини бошқалар ҳам кўрмаган бўлишса керак. “Ар Роҳман” гўзал сура бўлганидан уни “Қуръоннинг келинчаги”, деган эканлар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи вассаллам. Абдумалик қори ака бу гал уни доимгидан ҳам гўзал оҳангда қироат қилардилар. Сура ичида ўттиз бир марта такрорланадиган “Фаби аййи алаи Роббикума ту каззибан”, яъни “Роббингиз берган қайси неъматни ёлғонга чиқарасиз?” деган оятни ҳар гал ҳар хил оҳангда гўзал талаффуз қилиб, қўнғироқдек овозлари билан бизни сеҳрлаб олдилар. “Осмонлар ва ердаги барча жонзот Унга муҳтождир ва бор тилак-мақсадларини ёлғиз Ундан сўрар. У зот ҳар куни иш-амалдадир”, деган оят тиловат қилина бошлаганда ер бир силкиниб тушди.
– Оҳ, онажон! – деб юборди биров.
– Яна бошланди! – деди бошқа биров.
Кўзимнинг қири билан кузатдим, орқа сафлар бузилди. Айрим одамлар намозни бузиб, уйларига чопгани эшитилди.
– Фаби аййи алаи Роббикума ту каззибан? – Абдумалик қори ака овозларини озгина баланд қилдилар.
Одамлар тўхташди. Намоз давом этди. Ер ҳам силкинишда давом этди.
“Эй жин ва инс жамоаси! Агар сизлар Аллоҳнинг жазосидан қочиб осмонлар ва ер чегараларидан ўтиб кетишга қодир бўлсангизлар, у ҳолда ўтиб кетаверинглар! Сизлар фақат куч-қудрат билангина ўта олурсизлар, лекин у Кунда сизларда ҳеч қандай куч-қудрат бўлмас!” деган оят келди. Абдумалик қори аканинг овозлари титраб кетди. Менинг кўзимга ёш келди. Ростдан ҳам ҳозир масжиддан қочиб чиқишимиз мумкинлигини, аммо бундан миллион-миллион марта даҳшатли кун – Қиёмат кунида қандай қочамиз, қаёққа қочамиз? Оёқларимни жойнамозга қаттиқроқ тирадим.
Иккинчи ракаат бошланди. “Фотиҳа” қироат қилинаётганда ер яна бир силкинди. Ташқарида намоз ўқиётганларнинг сафларида яна саросималик рўй берди. Яна бировлар намоздан чиқиб кетди. Кутганимдек, Абдумалик қори ака иккинчи ракаатнинг зам сурасига Қуръонда “Ар Роҳман”дан кейин келувчи “Воқеа” сурасини қироат қилдилар. “Ер қаттиқ ларзага келган, тоғлар титилиб, чанг-тўзонга айланган ва сизлар уч тоифа бўлиб қолган чоғда  Қиёмат кофирларни дўзахга дучор этиш билан паст қилгувчи, мўминларни эса жаннатга киритиш билан баланд қилгувчидир” оятини шиддат билан қироат қилдилар. Кичкинагина синовдан ўтаётганимизни, шу синовдан сабот билан ўтсак, Аллоҳ улуғ ажр билан сийлашини барчамиз ҳис этдик, менимча. Барчамиз жон қулоғимиз билан суранинг тиловатга соме бўлдик.
“Энди агар Аллоҳга яқин қилинган, пешқадамлардан булсангиз, сиз учун роҳат-фароғат, гўзал ризқ ва ноз-неъматли жаннат бордир!” ояти келганда ер силкинишдан тўхтади. Абдумалик қори ака ҳам бироз сукут сақладилар. Бутун дунё жимликка чўккандек бўлди назаримда. Биз улуғ бир мукофотни Қиёмат куни эмас, ҳозир олгандек, хурсанд бўлиб, осуда бўлдик.
Абдумалик қори ака кейинги оятни кўтаринки руҳда тиловат қилдилар: “Энди агар ўнг томон эгаларидан бўлсангизлар, у холда эй саодатманд бандаларим, сизларга ўнг томон эгаларидан салом бўлгай!” Ана ўшанда биз, масжид ичида сафларни бузмасдан намозда қойим бўлган жамоат, ўнг томон эгаларидан бўлиб турганимизни бутун вужудим билан ҳис қилдим.
Абдумалик қори ака охирги оятни худди мадҳиядек қилиб тугатдилар: “Бас, улуғ Парвардигорингизнинг номини поклаб тасбеҳ айтинг!”
Намоздан сўнг Абдумалик қори ака бир марта ўгирилиб, жамоатга қарашларини, сафларнинг ҳоли нима бўлгани билан қизиқишларини мен ич-ичимдан ҳис қилиб турардим.
Фарз намози тугади.
Абдумалик қори ака иккала томонга салом бергач, жамоатга қараб ўгирилдилар ва ... табассум қилдилар.
Бу табассумни сўз билан тасвирлаб беролмайман. Бу табассум юзларидан нур ёғилиб турган Абдумалик қори аканинг энг гўзал табассуми эди. Бу табассумда гўзал маънолар бор эди. Бу табассумда Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтган бахтиёр кишининг шодлиги бор эди. Бу табассумда масжидни, масжид имомини ёлғиз ташлаб кетмаган биз, содиқ жамоадошларга миннатдорлик бор эди.
Мана, қирқ олти йил ўтибди ҳамки, ана шу табассумни унутолмайман. Ана шу табассум кўз олдимдан кетмайди. Абдумалик қори акани ана шу табассумлари билан эслайман.
Қирқ олти йилдирки, намоздан кейин, ... табассум қиламан.

Каримберди Тўрамурод

Ҳозир сайтимизда 110 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ