1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Муроса қилишни билинг

 

 

 

Кишилик жамиятида яшашга маҳкум экансиз, сиз хоҳлайсизми-йўқми, барибир ҳар куни ўнлаб турфа хил одамлар билан тўқнашишга, алоқа ўрнатишга, мулоқотга киришишга, олди-берди қилишга тўғри келади. Улар яхши ва ёмон, софдил ва ғирром, ҳақиқатгўй ва алдамчи, оқил ва аҳмоқ, ҳалим ва серғазаб, улфат ва ғаним бўлишади. 
Сиз кимларгадир яхшилик қилмоқчи бўласиз, аммо ундан душманлик кўрасиз. Сиз кимдандир ўпкаланиб юрибсиз, аммо у сизга кутилмаганда содиқлик кўрсатади. Баъзилар ҳақидаги илк таассуротларингиз алдамчи чиқиб қолади: олтин деганингиз жез экан, муттаҳам деб ўйлаганингиз мутлақо олийжаноб экан, ёрдам кутганингиз аро йўлда ташлаб кетади.
Дунёдаги одамларнинг ана шундай турфа хил қилиб яратилганининг сиз билан биз билмайдиган сирлари, илоҳий ҳикматлари бор. Вазифа эса ҳамма билан муроса қилиш, ҳар бир инсоннинг қалбига йўл топа олиш, ёвузлик қилганга эзгулик билан жавоб қайтаришдан иборат.
Мана, ишхонангизда бўлган мажлисда бошлиғингиз кутилмаганда ҳе йўқ, бе йўқ, сизни роса танқид қилди, дейлик. Тўғри, касбдошларингиз даврасида шаънингизга айтилган туҳмат гапларни индамай эшитиб ўтириш оғир! Иззат-нафсингиз қаттиқ оғринади, юрагингиздаги чандиқ яна биттага кўпаяди. Бошлиққа нордонгина жавоб қайтариш қўлингиздан ҳам келарди. Лекин бу ҳам масаланинг тўғри ечими эмас, у жимгина эшитиб, индамай кета қолмайди. Барибир яна ўзингизга зарар: баҳона топиб ҳайфсан беради, мукофотингизни қирқади, ўсишингизни тўхтатиб қўяди, ёмонликка олса ишдан ҳайдашгача боради. Бундай ҳолатларда қандай йўл тутган маъқул?
Ҳар бир кўргуликдан ҳикмат қидиринг, ҳар бир фожиадан яхшилик изланг. Бўлиб ўтаётган ҳодисага зийрак кўз билан боқинг: «Эҳтимол бошлиғимнинг ҳозирги кайфияти чатоқдир, асаби бузилгандир, балки у вазирликдан дакки эшитиб келгандир, аламини кимгадир сочиши керак-ку, ахир унинг гап эшитишида ҳаммамизнинг ҳам «ҳиссамиз» бор-да, раҳбар бўлиш осонми, иннайкейин ўзим ҳам кейинги пайтда ишга анча бепарво бўлиб кетдим, балки ўзим билмаган хатоларим кўпдир» каби тахмин-мулоҳазалар билан ўзингизни овутинг. Булар ҳам безовта қалбингизга, қақшаган асабингизга малҳам бўлолмаса, унда янада чуқурроқ фикрлашга ўтинг: «Бошга ҳар на келса бировданмас ўзингдан кўр, тақдиримда бугун дакки эшитиш ёзилган бўлгач, истасам ҳам, истамасам ҳам албатта унга рўпара бўлиш бор, қазога рози бўлмаслик оқил кишиларга хос нарса эмас, майли, бундан кейин топширилган ишга бунақа бепарво бўлмайман». 
Шунда ҳамма нарса ўз жойига келади. Бошлиқ ҳам ғазабидан тушган, сизнинг ҳам асабингиз жойида, ҳамкасблар ҳам виждон оғриғидан қутилиб қолишган, сизларни уриштирмоқчи бўлган «шайтоннинг бўйни узилиб тушган».
Икки баобрў дўст қуда-анда бўлишди. Икковларининг фарзандлари ҳам оилада ёлғиз улғайган эди. Табиийки, катта мансаблар эгаси, топиш-тутиши яхши бўлган икки биродар дилбандларини ҳеч нарсадан қисмай, айтганини муҳайё қилиб, па-палаб ўстиришган. Тўйдан беш-олти ой ўтмаёқ янги оила аҳиллигига дарз кета бошлади. Келин-куёв ёшликка бориб, бўлар-бўлмас ишлардан ғишава чиқара бошлашди, «деди-деди»лар кўпайиб кетди. 
Қудалардан ёши улуғи ва мансаби кичикроғи ҳаёт тажрибасига суянган ҳолда ёшларга панд-насиҳат қилиб, уларни муросага чорласа, келиннинг отаси эса ўз мавқе-мартабаси ва мол-дунёсининг ҳароратига маст бўлиб «қудасига ҳали кимлигини кўрсатиб қўйиши, қизини «хўрлаш»ларига йўл қўя олмаслиги» билан дўқ уриб, вазиятни баттар чигаллаштиради. Ҳатто «гап уқмас» қудасига таъсир кўрсатиш учун унинг хонадонига бир неча бор маҳалла оқсоқолларини, дўстларини бошлаб бориб, «муҳокама қилиб» келди. Куёвини ҳузурига чорлаб, танбеҳ берди, қизини ажратиб олиш билан қўрқитди. 
Ваҳоланки, куёв бечора ичмас, чекмас, бузуқ ва гуноҳ ишлар билан шуғулланмас, бор айби хотинини йўлга солиш, ундан итоат кутиш эди, холос. Фарзанд ширин, иккови қуданинг хотиржамлиги, ҳаловати, фароғатига раҳна етди. Ўртада қизариб-бўзаришлар ҳам бўлиб ўтди. Ҳатто келиннинг оиласидагилар қудаларининг жанжаллашишдан қочаётганини, гап талашишлардан ўзини четга олаётганини, инсоний андишасини бошқа нарсага йўйишди: «Айби борки, ғиринг дея олмаяпти, йўқса айтмайдими ичидаги гапларини, шунчалик қўрқаркансан, ўғлингни йўлга солсанг ўласанми?». 
Катта қуданинг сабридан, «индамаслиги»дан бошқаларнинг бошига иш тушганини кўриб роҳатланадиган ғаламис кимсалар яйраб, гап-ғийбат бозорини қизитди. Икки қуданинг хонадони анча вақтгача ғам-алам ва ғурбат масканига айланди. Бир-бирларига хусуматлари кучайди, ўртадан парда кўтарилди.
Орадан ойлар ўтди. Ёшлар аста-секин турмуш деб аталган мураккаб жараённинг сир-асрорларини, талаб-қоидаларини англаб етишди, кўзлари очилди. Бир-бири билан синашта бўлиб, ҳаётлари маромига тушди. Бунинг ортидан қудалар ҳам «ярашиб» кетишди. Фақат ўртада йўқ ердан туғилган совуқчилик, юракларга тушган дарз қолди. «Вақт энг яхши табиб», деганларидай аста-секин дил яралари ҳам тузалиб кетди. Ҳозир икки хонадон аъзоларидан аҳилроқ одам дунёда йўқ. 
Энди ўзимизга битта савол берайлик: мана шу машмашада катта қуда босиқлик қилмай, муроса йўлини тутмай қудасига ўхшаб қизиққонлик қилганида, обрў-мавқе талашганида, нафсониятини ўйлаганида охири нима билан тугар эди? Уруш-жанжаллар авжига чиққан, иккала оиладагилар бир-бирлари билан ёвлашган, асаблар таранглашган, соғлиқлар йўқотилган, ҳақорат-муштлашишлар, ҳатто судлашишгача борилган бўлар эди. Охири тоқатлар бардош бера олмай, келин-куёв ажрашиб кетган, ўртада туғилажак фарзанд ҳатто отасини кўрмай етимликда улғайган бўлур эди. Бундан энди кимга фойда бўлардию, кимга эса зарар?!
Одамлар билан муносабатларда сиз ҳамиша муроса йўлини тутинг, ҳар бир ноқулай ҳолатдан чиқиб кетиш йўлини қидиринг, ёмонликни эзгу мақсад сари буриб юборинг, ҳалимлик ва тавозеъ каби хислатларни намойиш қилинг. Кимдир сизга душманлик қилса, сиз унга ёрдамга шайланинг. Кимдир ғийбат қилса, сиз унга муҳаббатингизни билдиринг. Сўкканга қучоғингизни очинг. Шу йўл билан сиз уларнинг хусумат қиличларини синдирасиз, ғазаб оловларини ўчирасиз, қалбларидаги нафрат музларини эритиб юборасиз, қазиган чоҳларини ўзларига кўмдирасиз.
Қўшничилик муносабатларида ғаразлар, тушунмовчиликлар, машмашалар, хусуматлар, уриш-жанжаллар айниқса кўп учрайди. Арзимас сабаблар, таги йўқ гаплар туфайли кўп қўшнилар бир-биридан аразлаб юради, ғижиллашади, судлашишгача боришади. 
Ахлоқимиз талабларига кўра, қўшнилар билан яхши муомалада бўлишимиз, ёрдам ёки қарз сўраса беришимиз, касал бўлса ҳолидан хабар олишимиз, йўқлигида уйи ва оиласини ҳимоя қилишимиз, унга зарар ёки қийинчилик туғдирмаслигимиз керак. Туркистоннинг улуғ олими ва жамоат арбоби Алихонтўра Соғуний: «Бугун қўшнимиз ҳам овқат еяптими? Агар улар оч қолган бўлишса, бугун овқатимизни уларга беришимиз ёки уларнинг овқат топадиган кунларини кутишимиз керак», дер эканлар.
Ҳасан Басрий айтади: «Яхши қўшничилик қўшнига зарар беришдан тийилиш эмас, балки қўшни тарафидан келган зарарга сабр қилишдир». Маҳмуд Қошғарий эса: «Чиябўри қўшничиликка риоя қилиб қўшнисини емайди», деган. 
Бир танишим шундай ҳикоя қилади: «Инсончилик экан, бир куни ишдан келсам, уйда ёлғиз қолган фарзандлар бепарволик қилиб, пастдаги қўшниникига сув оқизиб юборишибди. Фалокат кўлами ҳақиқатан салмоқли: яқиндагина таъмирдан чиққан деворларда сув изи, гиламлар ивиган, шифтнинг сувоғи кўчиб тушган, хонадон соҳибаси аламидан нуқул лабини тишлайди. Унинг ҳолатини тушундим. Дарров етказилган зарарнинг товонини тўлашга розилигимни билдирдим. Гиламларини кўплашиб ташқарига чиқариб ёйдик. Поллардаги сувни биргалашиб тозаладик. Хулласи, аламлар тарқади, муносабатлар изига тушди, ҳанузгача орамиздан қил ўтмайдиган аҳилмиз. Агар ўшанда осмондан келиб, «Нима бўпти, ҳамманинг бошида ҳам бор бу кўргулик, болаларга айтиб қўяман, энди сув оқизишмайди» деган гаплар билан асабини ўйнаганимда ўзимга бир умрли душман орттирган бўлардим».
«Қўрқув билмайин десанг, ёвузлик қилма», дейди Қобус. Хотиржам бўлиш учун эса қўрқмай яшаш лозим. Хулоса чиқадики, хотиржамлик ўзгаларга ёвузлик, ёмонлик қилмаслик булоқларидан сув ичар экан. Кимдир сизга ёмонлик қилади: йўлингизга ахлат тўкади, тарновини сизникига тўғрилаб қўяди,  бўлмағур иғво-фитналар уюштиради, ўзгаларга ёмонлайди. 
Бошқа биров ҳақингиздан уриб қолади, молингизни тортиб олади, кўзингизни бақрайтириб алдайди, қуруқ туҳмат қилади. Яна биттаси ютуғингизга кўз олайтиради, бахтингизни кўролмайди, асабингизни қақшатади. Ана шундай разолатлар қаршисида сиз ўзингизни қандай тутмоқчисиз? Сизга ёмонлик қилаётганлар билан бирма-бир урушиб чиқмоқчимисиз? Ёки аҳмоқликларига уларнинг усули билан «жавоб» қайтармоқчимисиз? Балки улардан қандай қилиб ўч олиш режаларини тузаётгандирсиз? Эҳтимол бундан тушкунликка тушиб, ўзингизни нотавон санаб, қайғуга ботгандирсиз, пинҳона азоб чекаётгандирсиз?
Буларнинг ҳаммасини муроса чуқурларига кўмиб ташланг, ҳалимлик сувларига оқизиб юборинг, оқиллик гулханларида ёндириб юборинг. Сиз ўша ғанимларингизга эзгулик, яхшилик билан жавоб қайтаринг. Машаққатига елка қўйиб юборинг. Ўқрайса табассум қилинг. Ғазабини сочса тавозеъ-ҳурмат кўрсатинг. Сизни ёмонласа сиз уни мақтанг. Ҳатто мушт туширса, «қўлингиз оғримадими» деб кўнгил сўраб қўйинг. 
Шунда сиз унинг қуролини синдирган, ниқобини тешган, даъвосини йўққа чиқарган бўласиз. Энг асосийси, ўз асабингизни асраган, кайфиятингизни ҳимоялаган, соғлиғингизни ўйлаган бўласиз. Бунда асло ютқазмайсиз: иззатингиз хорланмайди, тилингиз қисилган бўлмайди, ҳақингиз кетмайди. Одамлар орасидаги обрўйингизга раҳна тушмайди ҳам. Улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино айтганидай, «Инсон токи ўзини майда гап, ўчакиш, жанжал, шикоят, норозилик, оҳ-воҳлардан озод қилолмас экан, у ифлос ва пастлик табиатидан халос бўлолмайди». 
Дейлик, биров сизга зулм кўрсатди, асабингизни қақшатди, молингиз ва жонингизга тажовуз этди ёки одамлар орасида шарманда қилди. Бунга асло эзилманг, у билан олишишни ўйламанг. Ўч олиш режаларини тузиб, вақтингиз ва тоқатингизни совурманг. Ҳамма нарсани Яратганнинг Ўзига ҳавола қилинг, Ундан ёрдам сўранг. У ҳамма нарсани шундай ҳал қиладики, муаммони шундай жой-жойига тушириб қўядики, битмаган ишларни шундай битказадики, ўзингиз ҳам ҳайрон қоласиз. «Яхшиям олишиб юрмаганим, уялиб қоларканман, яхшиям қасд қилмаганим, бошқага жабр қилиб қўярканман», деб таскин-тасалли топасиз.
Ҳусайн Воиз Кошифий айтади: «Гўзал феъл-атворнинг нишонаси ўн нарсадир: биринчи нишонаси – яхшилик, иккинчиси – инсофли бўлиш, учинчи – бошқа одамдан айб қидирмаслик, тўртинчи – бирор кишида ножўя ҳаракат кўрса, уни яхши йўлга бошлаш, бешинчи – айбига иқрор бўлиб келганнинг узрини қабул қилиш, олтинчи – бошқалар машаққатини зиммага олиш, еттинчи – фақат ўз манфаатини кўзламаслик, саккизинчи – очиқ юзли, ширин сўзли бўлиш, ўнинчи – мулойимлик ва тавозеъ кўрсатиш». Ёки Абу Ҳомид Ғаззолий бундай деган: «Кишилардан ўзингга нисбатан қандай муомала кутсанг, уларга ўзинг ҳам худди шундай муомала қилгин». 
Одамлардан етган озорларга чидаш ва сабр қилиш, ёмонлик қилганларни кечира олиш ва улардан ўч олмаслик, ҳамиша ҳусни хулқ соҳиби бўлиш аждодларимиз шуҳратини оламга ёйган фазилатлардан бўлган. Тарихда бунга жуда мисол кўп. 
Абу Усмон ал-Хирий деган улуғ олим ва тасаввуф шайхини бир киши меҳмондорчиликка таклиф қилибди. Мезбон у кишининг хулқини синаб кўрмоқчи бўлган экан. Абу Усмон айтилган вақтда уникига борди. Уй эгаси йўлакдан қайтарди: «Ҳозир сизга мулозамат қилишга вақтим йўқ, бошқа пайтда келарсиз!». Абу Усмон қайтиб кетиш мақсадида энди узоқлашган ҳам эдики, уй соҳиби: «Қайтинг, эй устоз!», деб чақириб қолди. У киши қайтиб келди. Уйга яқинлашган эдики, мезбон яна ўша эски гапини қайтарди. Абу Усмон яна изига қайтди. Мезбон у кишини яна уйига меҳмондорчиликка чорлади, яна келса «Бошқа вақтда келарсиз», деб яна ноумид қайтариб юборди. Бу ҳол бир неча бор такрорланди, Абу Усмон келишдан  чарчамади, мезбон бирор баҳона топиб у кишини изига қайтаришдан эринмади. Бу муомаладан олим хафа ҳам бўлмади, бир туки ўзгармади ҳам. Шунда мезбон у кишини маҳкам қучоқлаб олди-да: «Кечиринг, устоз, мен сизни бир синаб кўрмоқчи эдим, хулқингиз мунчаям чиройли бўлмаса», деб узрхонлик қилди. Шунда Абу Усмон: «Сен менда кўрган нарса итнинг хулқидир, чунки ит чақирилса – келади, ҳайдалса – узоқлашади», деди.
Яна Абу Усмон бир куни кўчадан ўтиб кетаётса, устига катта бир идишдаги кулни ташлаб юборишибди. У киши отдан тушиб, дарров шукр саждасини қилибди, сўнг кийимларидаги чангни қоқиб индамай кета бошлабди. Одамлар «Ҳеч бўлмаса кул тўкканларни сўкиб қўймадингиз-а», дейишса, «Оловга ҳақли бўлган одам кул билан сулҳ тузса, ғазаб қилишнинг нима ҳожати бор», деб жавоб қилган экан. 
Шайх Иброҳим Ҳаққий ёшлигида Исмоил Фақируллоҳ ҳазратларига шогирд бўлган эди. Бир куни устоз уни сув келтиришга буюрди. У булоқдан кўзасига сув олаётганида бир отлиқ келиб, «отимни ҳуркитдинг» деган баҳонада Иброҳимни итариб юборди. Унинг кўзаси ерга тушиб синди. У йиғлаб устозининг ҳузурига келди.
– Нима бўлди, ўғлим? – сўради устоз.
– Булоқдан сув олаётсам бир отлиқ келиб итариб юборган эди, кўза қўлимдан тушиб синди.
– Кўзани синдирган одамга бирор нарса дедингми?
– Йўқ, ҳеч нарса дея олмадим.
– Бир оғиз ҳам гапирмадингми?
– Йўқ.
– Унда тез орқангга қайтиб, отлиққа бирор нарса деб кел.
Исмоил Фақируллоҳнинг бу буйруғи ҳаммани ҳайрон қилди. Иброҳим ноилож югуриб булоқ бошига борди. Отлиқ отини юваётган экан. Иброҳим анча тараддудланиб турди, аммо ҳеч нарса дея олмай ортига қайтди.
– Гапирдингми? – сўради устози.
– Йўқ. 
– Вақт ўтказмай югур, унга бирор ёмон гап айтиб кел.
Иброҳим яна югуриб булоқ бошига борди. Қараса, ўша отлиқ ерда ётибди. Унга яқин келди, у боши ёрилган, ўзи беҳуш эди. Бу ҳолатдан қўрқиб кетган Иброҳим устози ёнига чопди ва унга бўлган воқеани айтиб берди.
– Эҳ, ўғлим, биргина кўза учун бир одамни ўлдиртирдинг. Унга бир оғиз ёмон сўз айтганингда балки бу ҳодиса рўй бермасмиди?! – деди устози. Шогирдларининг тушунмай ҳайронликда турганини кўрган устоз изоҳ берди:
– Бир киши зулм орқасидан бошқа бир кишини хафа қилса, йиғлатса, мазлум унга қарши ҳеч нарса қилмаса ёки қилолмаса, унинг кўнгли озор топгани учун Ҳақ таоло золимдан унинг ҳақини олади. Кўзаси синган Иброҳим отлиққа ҳеч бўлмаганда «Нима қилиб қўйдинг» деганида отининг тепкисидан омон қолармиди…
Бир ривоятда келишича, тикувчи Абу Абдуллоҳнинг бир мажусий мижози бор эди. У нима кийим тиктирса ҳам ҳақига қалбаки дирҳам бериб кетар эди. Абу Абдуллоҳ дирҳамларни индамай олар, қалбакилигини билдирмас, қайтариб ҳам бермас эди. Бир куни у ўз юмушлари билан бошқа жойга кетса, баъзи чокларини тиктиргани ўша мажусий келди. Устанинг йўқлигини кўриб, шогирдига иш буюрди. Буюртмаси битгач, ҳақига қалбаки дирҳам берди. Шогирд эса унинг қалбакилигини билиб қолиб, уни мажусийга қайтариб берди. Уста келганида бўлган воқеани унга сўзлаб берди. Шунда Абу Абдуллоҳ шогирдига: «Ёмон иш қилибсан, бу мажусий бир йилдан буён менга шундай муомала қилиб келади, мен эса сабр қиламан. Бошқа кишиларни ҳам қалбаки дирҳамлар билан алдаб қўймаслиги учун ундан пулларни олиб, қудуққа ташлаб юборар эдим», деди.
Атрофингиздаги одамлар билан ихтилофга бормаслик, уларни кечира билиш, узрини қабул қилиш, сизга озор етказишганида  уларга сабр қилиш хотиржам, осойишта ҳаётингизнинг гаровидир. Бир оғиз сўздан қолинг, ўч олиш деган ниятдаг қочинг, одамларнинг ёмонлигини яхшиликка йўйинг. Шундай ҳолатларда иззат-нафсингиз қийналмасин, юрагингиз сиқилмасин, обрўни бой бергандай бўлманг. Бунда асло ютқазмайсиз. Сизнинг шу йўл билан эришган хотиржамлигингизни ҳеч қандай пул ёки мол билан ўлчаб бўлмайди. Энг асосийси, ўзингиз жуда кўп кўнгилсизлик, фитна-хусуматларга чап берган, ҳаётингизни безаган бўласиз.

Аҳмад Муҳаммад

 

 

 

Энг оғир йўқотиш

 

 

 

Бир китобда ушбу жумлаларни ўқиган эдим: «Фалак ва Ер тиним билмай айланар экан, инсонлар ҳолати ҳам енгиллик ва қийинчилик, бойлик ва камбағаллик, саломатлик ва хасталик, хурсандчилик ва маҳзунлик, машаққат ва роҳат орасида айланаверади. Ушбулар оқил кишиларга бир дарс, қалби борларга панду насиҳат, кўзи очиқларга ибратдир. Аммо ақл эгалари тафаккурдан, қалб соҳиблари шуурдан, кўз эгалари ибрат назаридан маҳрум бўлсалар, улар учун кеча ва кундузнинг алмашинуви ҳеч қандай маъно касб этмайди». 
Нақадар ибратомуз ва ҳикматли гап. Ҳақиқатан вақтнинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти жуда улкан. Вақт ҳаётнинг бир лаҳзаси, тансиқ умр ўлчови. Аҳли донишлар вақтни энг қимматбаҳо нарсага тенглашган, бир соат, бир дақиқа вақтларини бекор кетказишса, аза тутишган, бойлигини йўқотган тижоратчидай довдираб қолишган.
Бизлар-чи? Вақтни беҳуда совуришда бизга етадигани йўқ. Қанчалаб қимматли соатларимизни кераксиз валақлашлар, ғийбат-иғво мажлислари, ўйин-кулги, эсноқ-мудроқлар билан ўтказиб юборамиз. Чойхоналарда эртадан-кечгача гап сотишиб ўтирган, бекорчиликдан нарда, қарта ўйнаётган кишилар орамизда йўқ дейсизми? Ишхоналарда қиматли вақтининг қадрига етмай осмонга қараб эснаб ўтирган, машғулот топа олмай бошқотирма ечаётган, компютер ўйинлари билан соатларини совураётган кишилар орамизда йўқ дейсизми? Транспорт ёки ваъдалашган кишимизни соатлаб кутишлар бор, аммо негадир ана шу энди асло қайтиб келмайдиган бебаҳо вақтимизнинг бекор ўтаётганига ачинмайдиган бўлиб кетганмиз? 
Нега ана шундай пайтларда бирор фойдали машғулотни топиб олмаймиз? Нима учун бўш қолсак, китоб, газета-журнал ўқиб, билимимизни оширмаймиз, фикримизни кенгайтирмаймиз? Ёки бирор тилни ўрганиш учун луғат ёд олмаймиз? Ёхуд ўзимизнинг, борлиқнинг, махлуқотларнинг яратилиш ҳикмати ҳақида жиндай тафаккур қилмаймиз? Ё инсониятга фойда келтирадиган бирор кашфиёт, янгилик тўғрисида бош қотирмаймиз?
Ҳаёт ўтган кунлар эмас, балки эсда қолганларидир. Шунинг учун ҳар бир кунни, соатни, дақиқани эсда қоладиган қилиш, бесамар ўтказмаслик лозим. Бир донишманд бундай деган экан: «Сен ҳаётни севаман, дейсану аммо вақтнинг қадрига етмайсан. Ахир ҳаёт деган мато вақт ипларидан тўқилади-ку!». Файласуф Теофраст айтади: «Инсон бошига тушиши мумкин бўлган энг оғир йўқотиш вақтни бой беришдир».
Кунларимиз, соатларимиз эса оқар сувдай изига қайтмас бўлиб ўтиб кетяпти. Худди шу соатда жаҳоннинг қаеридадир бинолар тикланяпти, кашфиётлар ўйлаб топиляпти, илм мажлислари бўляпти, одамлар одамларга яхшилик қиляпти, йигит-қизлар турмуш қуришяпти, чақалоқлар туғиляпти, кимлардир фоний дунё билан хайрлашяпти, деҳқонлар инсонларга атаб неъмат парваришлашяпти, новвойлар нон ёпяпти, ҳунармандлар чиройли буюм ясаяпти. 
Аммо бизлар ҳеч нарса бўлмагандай, ҳеч нарса йўқотмаётгандай хотиржаммиз. Энг қимматли вақтимизни бой бераётганимиз билан асло ишимиз йўқ. Ваҳоланки, кечаги ёки бугунги кунимиз энди асло қайтиб келмайди. Вақтни сира тўхтатиб бўлмайди, соат милларини бир неча киши ҳаракат қилиб ҳам юргизмай қола олмайди. Ҳар бир сония ўз заволини топади, ҳар бир лаҳза барибир йўқлик қаърига кетади. 
Вақтини совурганлар икки дунё ноз-неъматларидан маҳрум бўлишади. Фақат уни фойдага алиштирганлар, ҳар лаҳзадан унумли фойдаланиб қолганларгина ютади. Ана шуларгина вақтнинг ҳисоб-китобида уялиб қолишмайди. Ҳасан Басрий айтадилар: «Ҳар бир тонги ёришадиган кун борки, инсон боласига бундай нидо қилади: «Мен янги яратилдим (имкониятингман), ишларингга шоҳидман, мендан фойдаланиб қол. Агар кетсам, қиёматга қадар келмайман». 
Қози Аҳмад Ғаффорий бундай деган: «Вақт кескир қиличдир, у ҳеч нарсага қарамай шартта ўтади-кетади. Сен эса вой-войлаганингча қолаверасан». 
Ҳақиқатан вақтдан учқурроқ, ундан тезроқ бошқа нарса йўқ. Айниқса умринг поёнига етиш чоғида у ҳаддан ташқари шиддат билан ўтиб кетади. Ҳеч нарсага улгура олмай қоласан, одам. Умрингизни хоҳ шоду-хуррамлик, хоҳ қайғу-алам ва машаққат билан ўтказинг, у учқур отлар каби кўз очиб-юмгунча манзилига етиб қолади. Шунинг учун масъуд-бахтиёр кунларимиз тезроқ ўтиб кетгандай, аксинча қайғу-ғурбатли кунларимиз секинроқ ва оғирроқ кечаётгандай туюлади. Аслида ундай эмас. Инсон қанчалик узоқ ва саодатли умр кечирмасин, тирикликнинг ниҳояси бўлмиш ўлим ҳаммасини йўққа чиқаради. 
Энг узоқ умр кўрган, минг ёшдан ўтиб вафот қилган пайғамбар Нуҳ алайҳиссаломдан: «Эй пайғамбарларнинг умрбоқийи, сиз дунёни қандай тушундингиз?» деб сўрашганида, у: «Дунё гўё бир ҳовлининг икки эшиги бўлиб, уларнинг биридан кирдиму бошқасидан чиқиб кетгандайман», деб жавоб берган экан. Яна минг йилча умр кўрган пайғамбарлардан бири: «Шу озгинагина умрга чайла қуриб вақтимни зое қилибман-а», дея надомат чеккан экан. 
Ҳозирги инсонлар эса мисоли дунёда мангу яшаб қоладигандай вақтлари билан ҳисоблашишмайди, ўнлаб йилларини серҳашам уйлар қуриш, дабдабали тўйлар қилиш, шунга ўхшаш фойдасиз амаллар йўлида қурбон қилиб юборишади. Ана шу совурилган вақтларининг юздан, мингдан бир улушини Аллоҳ буюрган савобли ишларга сарфлашга қизғанишади.
Ўтган вақт асло ортга қайтмайди, бир-бири билан алмашмайди ҳам. Агар бир ишни, юмушни режалаган бўлсангизу вақтида қила олмасангиз, демак бугунингизни бой бердингиз. Жуда кўп кексаларни кўрдик: «эссизгина умр-а, ёшлик йилларимни фойдали машғулотларга сарфламай, савобли, хайрли ишларни қилмай ўтказиб юборибман», деб афсус-нолага ғарқ бўлган. Жуда кўп инсонларни кўрдик: «қанийди умр бошқатдан берилганида манави хатоларимни, гуноҳларимни такрорламаган бўлар эдим», дея надомат оҳларига ўралашган. Айни пайтда жуда кўп ёшларни кўрдик: «ҳозир ёшман, вақт борида ўйнаб-кулиб қолай, ҳали олдинда қанча йиллар бор-ку», дея бепарволик булоқларидан сув ичиб юрган. Қанча инсонларни кўрдик: «ҳозир мол-дунё топиб олай, муҳташам уйлар қуриб олай, савобли ишларни нафақага чиққанда қиларман», дея ғафлат дарёсида сузган. 
Олмон мутафаккири Артур Шопенгауэрнинг ҳикматли сўзларига қулоқ солинг: «Ўртамиёна одам вақтни тез ўтказиш пайидан бўлади, истеъдод эгаси эса ундан кўпроқ фойдаланиб қолишга уринади…Қарта ўйини ақлий инқирознинг яққол нишонасидир. Одамлар фикр алмашишга қурбилари етмаса, қарта ташлашади».
Вақтининг қадрига етмаганлар, уни беҳуда совурганлар вақтнинг ёлланма қотилларидир. Дунёнинг бир еридаги кишилар ҳар бир дақиқасининг ҳисобини юритиб, дунё ҳаётида хайрли, эзгу ишларга кўпроқ улгуриб қолишга тиришиб ётган бир пайтда дунёнинг бошқа бир бурчида кимлардир уни ҳавога совуриш, ҳар кунини қатл қилиш билан овора. Мол-дунёсини совурган одамни кечирса бўлар, аммо вақтини совурган кимсани асло кечириб бўлмас. Молини исроф қилган кишидан кўра бебаҳо вақтини исроф қилган киши жазога лойиқроқ. 
«Модомики, беғамлик ва ношудлик кўрсатилар экан, қулай фурсат қўлдан бой бериб қўйилади. Вақт ўтганидан кейин афсусланиш бефойда ва бемаънидир», деган Муҳаммад Зоҳирий Самарқандий. «Энг афзал йиғи инсоннинг беҳуда ўтказган вақтларига ачиниб тўккан ёшларидир», дейди Аҳмад Ҳаворий. Яна бир атоқли шайх Абу Абдуллоҳ Мағрибий айтади: «Энг фазилатли иш – вақтларни мақсадга мувофиқ сарфлашдир». Яҳё ибн Муоз дейдики, «Вақтни беҳуда ўтказмаслик – ўлимдан ҳам қаттиқ». «Қуёшнинг ҳар ботишида бир парчадан камайишинг бор», деган Ҳасан Басрий.
«Эркак кишининг бекорчилиги ғафлатдир, аёл кишиники шаҳватдир», дейишган донишмандлар. Ҳақиқатан, эркак киши машғулотсиз қолса, умрини ғафлатда ўтказган бўлади, боқий дунё тадорикидан узилади, тансиқ йилларини бесамар ўтказиб, охири пушаймонлик ҳосилини йиғиб олади. Аёл киши бекорчи бўлиб қолса, Миср ҳокимининг хотини Зулайҳонинг Юсуф пайғамбарни севиб қолиб, уни ўз тузоғига тушириш учун турли макр-ҳийлалар ўйлаб топгани каби шаҳвоний истак-майлларига тутқун бўлиб қолади. 
«Бекорчидан Худо безор», деганларидай, вақтларининг қотилига айланган бекорчилар охир-оқибатда ҳаётларини заққумга айлантиришади, афсус-надоматлар чекишади. Аммо кеч бўлганида ҳеч нарса ёрдам беролмайди. Улуғ ҳаким Абу Али ибн Сино айтганидай, «Мен кўп жойларни кездим ва олам аҳволига қарадим. Унда ҳайронлик кафтини иягига тировчидан ёки пушаймонлик бармоғини тишлаб турувчидан бошқани кўрмадим».
Замон, вақт уч қисмдир: кеча, бугун, эрта. Ёки ўтмиш, ҳозир ва келажак. Вақтнинг қадрига етмайдиганлар, уни беҳуда совуриб, қотилига айланганлар ҳам учга бўлинишади. Яъни фақат ўтмиши билан яшайдиганлар, бугунги кунига ўралашиб қолганлар, келажак орзу-хаёллари билан кун кечирувчилар. Агар бунда ҳам мўътадил йўл топиб олинмас экан, ё ҳаддан ошиб ёки ҳаддан пасайтириб юборилар экан, инсон ҳаётидаги хотиржамликни бой беради, кўзлаган мақсадларига эриша олмай, руҳий тушкунлик ва ғам-андуҳлар гирдобига тушади.
Инсонларнинг фақат кечаги кунлари билан яшайдиганлари бугунларини ёки умидли эрталарига бепарво бўлишади, буларни сезишмайди, эътибор қилишмайди. Бу ўтмиш уларнинг шахсий ўтмишими, оилалари, ажодлари, миллат ёки қавмларининг ўтмишими, уларга фарқи бўлмайди. Улар ҳамиша: «Биз аввалда бундай эдик, ажодларимиз мана бундай ишларни қилиб кетишган, биздан мана бундай олийнасаб кишилар етишиб чиққан, ота-боболаримиз бундай зотлар эди» қабилида ўз ўтмишлари билан фахрланиб, аждодлари орқасидан ғурурланиб юришаверади. Ўзлари эса бугунги кунларида ҳеч қандай манфаатли иш қилишмайди, инсонларга, жамиятга фойдалари тегмайди. 
Албатта ўтмишдаги улуғ инсонлар, номдор аждодлар билан, уларнинг эзгу ишлари билан фахрланиш, уларни эслаш ҳар қанча мақтовга сазовор иш. Аммо улардан ибрат олинмаса, уларнинг хайрли ишлари, йўллари давом эттирилмаса, уларга муносиб ворислар бўлинмаса, бунинг кимга кераги бор? Чириган суякка қараб: «Сен ўтмишда тирик жасад бўлгансан!» дейишдан нима наф?!
Ўтмишнинг ботилидан ҳақиқатини, залолатидан ҳидоятини ажратиб олмай, ота-боболари яшаб ўтган ҳаётнинг ўзигагина ёпишиб олиб, унга тақлид қилиб яшайдиганлар ҳам бор. Буларнинг ҳам тўғри йўлни топишлари шубҳали. Фақат ўтмиш билан яшаб, ўтмишда бой берилган нарсаларига ҳасрат чекиб, пушаймон бўлиб юрадиганлар ҳам бўлади. Уларнинг ҳасрат-надоматлари бир хил: «Эҳ, ўшанда буни қилмасам бўлар экан, эссизгина буни эртароқ қилганимда зўр бўларди, афсуски, бу нарсанинг моҳиятини илгарироқ билмаган эканман-а» ва ҳоказо. 
Бундай таассуфлар, нотўғри фикрлаш кишини руҳий тушкунлик либосига ўрайди, қалбида фойдасиз, асло оқлаб бўлмайдиган ғубор ва безовталиклар туғдиради, ҳаётини заҳарлайди, асабларини пармалайди, хулласи тинчгина турмушини издан чиқаради. Бежизга: «Йўқотилган ўтган вақт билан машғул бўлиш иккинчи бир вақтни бой беришдемакдир», дейилмаган.
Яна бир тоифа одамлар борки, улар фақат бугунлари билан яшашади. Ўтмишни, ундаги зафарларни, тарих саҳифаларида чуқур из қолдирган ажодларининг салоҳиятини тан олишмайди. Ёки бундайлар эртанги кундан умид қилишмайди, келажак ҳақида бутунлай бош қотиришмайди. Бу ҳам тўғри йўл эмас. Бу инсоннинг идрокини, дунёқарашини, иқтидорини жиловлайдиган, қобиққа ўраб қўядиган зарарли хислатлардандир. 
Ўтмишининг тушовига илиниб қолиб, ундан бошқасини тан олмайдиганлар ҳамда фақат бугуни, ҳозири билан яшаётганларга қарама-қарши ўлароқ ўзининг, халқининг, инсониятнинг тарихидан батамом юз ўгириб, ўтмишдан ибратланмай, фақат келажаккагина ёпишиб олган кимсалар бор. Уларнинг бу ҳолати ғулувга кетишдан, ҳақиқатни тан олмасликдан бошқа нарса эмас. 
Демак, вақт ва замон тушунчасида ўтмишимиздаги фойдали нарсалардан ибрат олиш, салоҳиятли аждодларнинг манфаатли ишларини давом эттириш, бугуннинг ҳаққига риоя қилиб, кундалик вазифаларга камарбаста бўлиш ва жамиятга, халққа фойда келтириш, келажакка тушкун назар билан қараб шумланмасдан, яхши кунлар, улкан ўзгаришлар умиди билан яшамоқ йўлларнинг энг тўғриси ва яхшисидир. Шундагина сиз билан биз чин инсонийлик бурчини чинакамига адо этган бўламиз.

Аҳмад Муҳаммад

 

 

 

Нафс хуружига қарши

 

 

 

Инсоннинг учта асосий душмани бор: дунё, шайтон ва нафс. Агар ана шу учала ғанимингиздан эҳтиёт бўлмасангиз, уларнинг фитналарига сергак турмасангиз, уларга қарши кураш очмасангиз, улар ҳаётингизни хароб, бағрингизни кабоб, руҳингизни бетоб қилади. Ҳою-ҳавасларни, нафс истакларини, хоҳиш-шаҳватларни тарк этиш орқалигина улардан ҳимояланилади.
Айниқса инсоннинг нафси уни ҳар кўйга солади, шаҳват пўртаналарига улоқтиради. Нафсининг айтганига кириб, хонумонидан ажрайди, ёвузлик ва жиноятларга қўл уради, ўзгаларга зулм қилади. Ва бу қилмишларининг азобини бир умрга тортади.
Бу улкан фожианинг кўламини ҳис этиш учун нафсингизнинг талабларига бир қулоқ солинг-а! Эрталаб уйқудан туришингиз билан у ғишавасини бошлайди: «Нонуштага сариёғ-пишлоқ, қази-қарта топиб келиш керак, тушлик қилиш учун фалон жойдаги машҳур ресторанга бориш лозим… Бошқалардан қаеринг кам, атрофингдаги баъзиларнинг дастурхонида ажнабий ўлкалардан келтирилган увулдуруқ, ананас, кокос, пўртахол, форел балиғи каби неъматлар узилмасаю сеникида нон-шакардан бошқаси бўлмаса…Фалон дўконга зўр хорижий кийимлар келтирилибди, тугаб қолмасидан тезроқ югур…Сен ахир дунёга бир марта келасан, бошқаларга ўхшаб баланд уйлар қурмайсанми, учқур уловлар минмайсанми, дабдабали тўйлар қилмайсанми… Умр кўз очиб-юмгунча ўтиб кетади, ёшсан, келишгансан, пулинг бор, маишат қилмайсанми, гўзаллар даврасида  айшингни сурмайсанми, улфатлар билан базми жамшидлар уюштирмайсанми…» 
Нафснинг хуружи асло тўхтамайди, шаҳватларнинг васвасаси ҳеч қачон тугамайди. Агар жиндай бошвоғини қўйиб юборсангиз, у сизни шунақанги овораю сарсон, кунингизни хуфтон, рангингизни сомон, хулқингизни ёмон қилиб ташлайдики, кейин унинг чангалларидан қутилишингиз осон кечмайди. Нафсга қарши курашиш бежизга жиҳодга тенглаштирилмаган. 
Ўрта асрларнинг буюк мутафаккири Абу Ҳомид Ғаззолий бундай деган: «Қачон нафсингда дунё истакларига майл, гуноҳга рағбат уйғониб, кўп гапиришдан ширин таъм туйсанг, ичингда нимадир жўш уриб, ҳаяжонлар оғушида ўзингдан кетсанг, бас, у ҳолда камтаомлик қиличини таҳажжуд ва камуйқулик қинидан суғуриб-яланғочла. Кейин вазминлик ва камгаплик қўлларидаги бу қилични дунёга майл, гуноҳга рағбат уйғотувчи шаҳватнинг бошига сол, токи зулм ва интиқомнинг бўйни узилсин. Шунда нафсинг дунёга меҳр туфайли туғиладиган кулфатлардан ва ўзга балолардан омонда бўлади. Нафсинг шаҳват зулматларидан покланади, офатлар кишанидан халос бўлади». 
Шайх Суфён Саврий айтади: «Нафсимдан кўра қийинроқ бирор нарсани муолажа қилмадим, бир марта фойдамга, бир марта зараримга бўлди». «Қаттиқ юганлашга ҳурковуч отдан кўра ҳам нафс муҳтожроқдир», деган Ҳасан Басрий. 
Нафсга қарши қандай курашиш мумкин? Бунга донолар бир неча тавсияларни айтишади. Яҳё ибн Муоз ар-Розий: «Риёзат қиличлари билан нафсингга қарши кураш», дейди. «Ким аъзоларининг нафсоний орзуларига бўйин эгиб, уларни шод этган бўлса, бу – қалбига надомат ниҳолини ўтқазгани бўлади», деган Абу Яҳё ибн Варроқ. 
Умар Форуқ Сайдо ал-Жазарийнинг мана бундай сўзлари бор: «Нафс орзу-истаклари чексиздир. Нафс фақат ўзини ўйлайди. Ваҳоланки, нафс учун фойдали туюлган нарса инсон ва жамият учун зарар келтириши мумкин». Арасту ҳаким айтади: «Еб-ичишга етарли молу давлатга эга бўлган киши бундан ортиғини талаб қилмасин. Чунки унинг поёни йўқдир. Ортиқча талаб қилган киши жуда кўп фалокатларга дучор бўлади». 
Донишмандлардан бири бундай дейди: «Ким нафсга ўзини топширса, дунё меҳр-муҳаббатига асир бўлиб қолади, кибру ҳаво тузоғига илинади, шаҳватлар уни хоҳлаган тарафига тортади, қалбини яхшиликдан тўсади». Вуҳайб ибн Вирд айтадики: «Нон бўлатуриб, яна қўшимча егуликларни исташ шаҳватдир. Ким дунё шаҳватларини севса, хорликка тайёргарлик кўраверсин».
Нафсга қарши риёзат, яъни неъматлардан ўзни қайтариш билан кураш олиб бориладиган бўлса, риёзатнинг ўзига қандай эришилади? Фозилларнинг айтишича, тўрт ишда риёзат чекилади: таом, уйқу, сўз ва озорларга тоқат, чидашда. Ҳақиқатан нафсингиз истагига қарасангиз, у қанақанги таомларни кўз олдингизга келтирмайди, нималарни ейишга ундамайди! Овқатнинг сархилини излаш, турфа хилини қўмсаш сизни уни кўпроқ ейишга олиб боради. Кун сайин иштаҳангиз очилаверади, кўпроқ ейиш, танқисроқ таомларни яхши кўриш истаги ортаверади. 
Денгизчилардан бири Тинч океанида адашиб қолиб, йигирма бир кун сув ўртасида қолиб кетди. Тутқунликдан қутилиб, омонликка чиққанида, одамлар бу воқеадан олган энг катта  ибратингиз нимада бўлди, деб сўрашди. Шунда у: «Бу тажрибадан энг катта олган сабоғим шу бўлдики, киши ҳузурида ичишга яроқли чучук сув ва кифоя қилгудек таом бўлса, нолимоқнинг асло кераги йўқ экан», деб жавоб берди.
Донишмандлардан бири: «Ҳаётнинг барчаси луқма таом ва ичимлик сувдир, қолгани ортиқча нарсадир», деди.
Жонатан Свифт айтади: «Дунёдаги энг афзал табиблар бу доктор Парҳез, доктор Тинчлик ва доктор Шодлик бўлиб, тинчлик ва хурсандлик билан озгина таом тановул қилиш киши учун энг яхши шифодир». 
Абул Фарожнинг ҳикоя қилишича, биров қаттиқ нонни сувга ивитиб ҳузур қилиб еб ўтирган файласуфни кўриб, ҳайрон қолибди ва: «Қаттиқ нонни ҳам мазза қилиб ейиш мумкин эканми?» деб сўрабди. «Албатта. Мен фақат қаттиқ нон мазали бўлиб туюлгунига қадар нафсимни тийиб ўтираман», деб жавоб қилибди файласуф.
Таомни меъёридан ортиқча истеъмол қилиш асло фойда келтирмайди. Аксинча кўпгина кулфат ва йўқотишларга сабаб бўлади: кўп ейиш туфайли семириб кетасиз, фаоллигингиз сусаяди, меҳнатга тоқатингиз қолмайди, қон босими, юрак хуружи, қанд касаллиги каби турли хасталикларни орттириб оласиз, топган пулингизнинг катта қисми егуликлар сотиб олишга кетади ва ҳоказо. Нафсингизга бўйсуниб, кўп ухлайдиган бўлсангиз, бунинг ҳам беҳисоб зарар ва офатларини санаб ўтиш мумкин. Беҳуда сўзлаш, валақлаш билан вақтни совуришнинг кулфатлари ҳақида юқорида батафсил сўз юритганмиз. 
Булардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, таомни кам ейиш дунё муҳаббатини сўндиради. Кам уйқу ирода-истакларни тиниқлаштиради. Кам гапириш офатлардан асрайди. Инсонлар томонидан сизга озор етганида, яъни кимдир сизни ёмонласа, душманлик қилса, ҳақоратласа, молингизни зўрлик билан тортиб олса сабр қилсангиз, улардан жафо кўрганда ҳалимликни йўқотмасангиз, энг олий мақсадларингизга осонликча эришасиз. 
Нафснинг васвасалари инсонни ҳар мақомга солади. Унинг сўзига кириб, у гуноҳлар кўчасига кириб кетади, мақсадига эриша олмай қийноқ-азобларга учрайди, бошқаларнинг ютуғини, тўкин турмушини, бахту омадини кўролмай, қалбини ҳасад чирмайди. 
Одамларда ҳасад асосан ўзи эриша олмаган нарсага бошқаларнинг муваффақ бўлишини «ҳазм қилолмаслик»дан, кўролмасликдан пайдо бўлади. «Ўт-олов ўтинни егани каби, нафрат ва ҳасад яхшиликлардан бўлган савобни ейди, аччиқ сабир (алоэ) асални бузгани каби ҳасад иймонни бузади». Инсон учун ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. Ҳасад қилинган кишига ҳали бирор зарар етмай туриб, ҳасад қилувчига туганмас ғам, сабабсиз мусибат, Яратганнинг ғазаби каби бир қанча уқубатлар етади. 
Ўзгаларнинг илмдаги муваффақияти, кимгадир мўл-кўл мол-дунё бериб қўйилгани, баъзиларнинг иқтидори ва салоҳияти, ҳаётда омади чопгани, чиройли ва оқила аёлга уйлангани, бошқаларнинг уни ҳурматлашлари, борингки, қандай ютуқ ва зафарларга эришган бўлса, бари ҳасадгўйнинг ичини кемиради, уйқусини қочиради, нафратини қўзғайди, хусуматини оширади, соғлиғига хавф солади, ҳатто ҳасад қилган кишисига ёвуз душманга айлантиради. 
«Дунёда ҳасад ва гинадан оғирроқ ранж йўқ. Чунки ҳасадчи кимса одамларнинг шодлигидан пайваста ғам остида юради. Ўзгалар роҳатидан доимо заҳмат тортади», дейди Муҳаммад Ҳусайн. «Ҳасад балоси улкан фасодлар пайдо қилади. Чунки ҳасад бағоят жирканч хислатдир», деган Ҳусайн Воиз Кошифий. 
Атоқли қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг мана бу гапига эътибор қилинг: «Ҳасад билан ғазаб икки қанот бўлиб ҳаракатга келса, тоза ва чиройли ҳаётларни хира ва кудуратли қилиб юборади». Али ибн Абу Толиб дейдиларки, «Кимда-ким ғаразгўйлик жилови билан бир нарсага эришишга интилар экан, у шу истагига эриша олмайди, ҳатто ажали етмай ўлиб кетади». 
Аъробийнинг бундай сўзи бор: «Мен ҳасадгўйдан кўра мазлумга ўхшаганроқ золимни кўрмадим. Чунки у сенинг олдингдаги неъматни ўзига нисбатан зулм, деб ҳисоблайверади». Қобус таълим берадики, «Агар азоб чекишни истамасанг, ҳасадгўй бўлма». «Ҳаммани рози қилишим мумкин, фақат неъматга ҳасад қилувчини рози қила олмайман. Чунки уни фақатгина неъматнинг кетиши рози қилади», дейди Муовия ибн Абу Суфён.   
Агар сиз чинакам руҳий сакинат ва ором-осойишни қўлга киритмоқчи бўлсангиз, нафсингиз туфайли келадиган хатарлардан огоҳ бўлинг, шаҳватларингизни пўлат арқонлар билан жиловлаб олинг, деймиз. Унинг васвасаларига учмай, ҳаётда камтар, ҳокисор, ҳашамлардан йироқда, бировларга тақлид қилмай, оддий турмуш кечиришга интилинг. Бунда ўзингиздан баланд мавқедаги одамларга эмас, ўзингиздан пастларга, сиздан кўра ночорроқ одамларга ибрат назари билан қаранг. Шунда нафс ва шайтон биргалашиб сизни йўлдан оздиришга уринганида ҳам ҳеч нарсага эриша олмайди.

Аҳмад Муҳаммад

 

 

 

Айтилган сўз...

 

 

 

Бу воқеани муҳандис биродарим Муҳиддин Мағзумов ҳикоя қилиб берган эди: «Қўшним Ҳакимжон ишдан қайтаётиб қаршисидан келаётган нуроний мўйсафидга «Ассалому алайкум!» дея салом берди. Аммо мўйсафид алик олмай индамай  ўтиб кетаверди. Ҳакимжоннинг жаҳли чиқди: «Вой-бў, яна мусулмонлик даъво қилгани-чи… Оёғини гўр тортиб турибдию, саломга алик олишни билмаса! Ё бурни шунчалик кўтарилиб кетганми? Энди асло салом бермаганим бўлсин!». Жаҳли чиқиб тутоққан Ҳакимжон чолнинг орқасидан маломатларга кўмиб ташлади. Орадан кўп ўтмай Абдураҳмон ота бандаликни бажо келтирди. Ўшанда Рамазон ойининг даҳаси эди. Жаноза жумага тўғри келди. Тумонат одам йиғилди. Марҳумни сўнгги манзилга қўйиб келишди.
Одатга биноан Ҳакимжон ҳам эл қатори эртасига Абдураҳмон ота хонадонига таъзия билдиргани борди. Отанинг эшик олдида қўл қовуштириб турган ўғилларига ҳамдардлик билдирди, сабр тилади. Отанинг тўнғич ўғли падари бузрукворининг қилиқ ва фазилатларини хотирлар экан, гап орасида шундай деб қистириб ўтди: «Кейинги вақтда отамизнинг қулоқлари анча оғирлашиб, унча-мунча гапни эшитмайдиган бўлиб қолган эдилар». Шу пайт лоп этиб Ҳакимжоннинг эсига кўнгилда доғ қолдирган ўша салом-алик воқеаси тушди. «Наҳотки Абдураҳмон ота ўшанда саломимни эшитмай ўтиб кетган бўлсалар?». Таъзиядан кўнгли хижил бўлиб қайтган Ҳакимжон ҳасрат билан «Астағфируллоҳ» деб юборди. Аликсиз қолдирилган салом учун чолни билимсиз, нодон, кибрли кимсага чиқариб, маломат тошларини ноҳақ ёғдирганига надоматлар чекди. «Ахир кекса кишининг қулоғи оғирлашиб қолиши мумкин-ку, наҳот шунга ақлим етмаса?» деб ўзини анча койиди…
Иккинчи воқеага эса ўзим шоҳид бўлганман. Каттагина хонада илм аҳллари иштирокида мажлис бўлаётган эди. Шу пайт йигирма беш ёшлар чамасидаги, замонавий кийинган, бошяланг бир йигитча салом бериб кириб келди. Уни таниганлардан икки-уч қария ўрнидан туриб, йигитчани тўрга таклиф этди. У розилик бермай қуйига чўкди. Аммо тўрдагилар бунга рози бўлмай ёнларига  чорлайверишди. Шунда у ноилож улуғлар ёнидан жой олди. Бу воқеани кузатиб ўтирган ёнимдаги бир басавлат димоғдор амаки секингина тўнғиллаб қўйди: «Бу тирмизакка шунча ҳурмат нечун? Бунинг устига, шундоқ маъракага бошяланг келгани-чи! Яна иззатталаблигига ўлайми?!». Йигитчани  танимаганим учун бирор эътироз билдиролмадим.
Мажлис тугаб, маъраканинг улуғларидан бири «Қани, фалончи қори, бир тиловат қилиб беринг», деб қолди.  Йигитча чўкка тушганича, кўзларини юмган кўйи Қуръони карим оятларини шундай бир муҳаббат билан, қоидаларига риоя қилган ҳолда ажиб бир савт ила ўқиб бердики, ўтирганлардан икки-уч киши чидай олмай баралла такбир айтиб юборишди. Фотиҳадан сўнг қори йигит, ота-онаси ва устозларининг ҳаққига дуо қилинди. Боядан бери йигитчанинг ташқи қиёфасидану  одамларнинг унга муомаласидан энсаси қотиб ўтирган ёнимдаги бадқовоқ кишининг нафаси ичига тушиб кетди… 
Дарҳақиқат, инсон шошқалоқ. Ўзимиз билган-билмаган одамлар ҳақида, кўрган-кўрмаган воқеалар хусусида шошилинч ҳукмлар чиқарамиз. Бир биродаримиз дунё ташвишларига ғарқ бўлиб, бизни кўрмай ўтиб кетса, хулосамиз тайёр: «Намунча кеккайиб қопти, пули кўпайиб кетибди-да!».
Ёки  синглиси, рафиқаси билан машинада кетаётган дўстимиз ҳақида ёмон фикрга борамиз: «Бу чиройли аёл билан қандоқ танишдийкин?»
Ёхуд яхшилик маъносида айтилган сўз ё қилинган ҳаракатдан дарров шубҳага борамиз: "Нега менга бунча меҳрибон бўлиб қолди, бир балоси бўлмасин тағин…»
Бирор дўстимизнинг кайфияти нохушроқ ҳолда сўрашганини кўриб, ундан душман ясаймиз: «Ўзи анчадан буён олақараш қилиб юрувди, гап бу ёқда экан-да»
Ёмон гумонларга бораверамиз, маломатлар қилаверамиз, гуноҳларни кўпайтираверамиз. Боринг, аслида шундай бўлганида ҳам, негадир яхши гумон қилмаймиз. «Шошиб, кўрмай ўтиб кетгандир?», демаймиз. «Синглисини олиб кетаётгандир», деб ўйламаймиз. «Менга бирор яхшиликни кўзлаётгандир», деган хаёлга бормаймиз. «Эҳтимол тоби йўқдир, шунга нохуш сўрашгандир», дея хулоса чиқармаймиз. 
Одамлар тўғрисида билиб-билмай ёмон гумонларга бориш энг аввало ўзингизга зарар: масала ойдинлашганида уялиб қолишингиз, баъзан бир умр виждон азобида ўтишингиз бор. Қолаверса бу ҳаром иш ахлоқимизда ман қилинган. Жамиятни ёмон гумонлардан тозалаш, кишилар ўртасида ишонч ва бошқа инсоний муносабатларни мустаҳкамлаш учун виждонларимизни ёмон гумон, бирор киши ёки воқеа ҳақида шошқалоқлик билан, билиб-билмай хулоса чиқариш ифлослигидан тозалаб олишимиз керак бўлади.
Ҳақиқатан гумон, ғийбат, бировни ёмонлаш, одамлар ҳақида ёлғон-яшиқ сўзларни тарқатиб юриш, чақимчилик, беҳуда валақлаш каби иллатлар жамиятда парокандалик, безовталик, ишончсизлик, хусумат туғдириб қолмай, балки ўша гапларни оғзидан чиқарган кишига ҳам кўп заҳматлар, кулфатлар етказади. 
Баъзан бехосдан оғзингиздан ўзга бир инсон ҳақида ёмон фикр чиқиб кетади ёки унинг бирор нуқсонини айтиб юборасиз. Ҳеч шубҳасиз, бу гапингиз айланиб-айланиб унинг қулоғига албатта етиб боради. Чунки олдингизда ҳайбаракаллачилик қилиб турганларнинг ўзи «холис хизмат» қилиб унга етказишади. У одам бу гапингиздан асло хурсанд бўлмайди. Қалбида сизга нисбатан нафрат ва адоват уйғонади. «Ҳап саними» деб муштига туфлаб қўяди. Бир куни боплаб ўч олишни кўнглига тугади. Сизнинг камчиликларингизни ҳамма ерда овоза қилишга киришади. Қарабсизки, кечагина ундан яқин дўст йўқ эди, бугун эса ундан маккорроқ душманингиз ҳам йўқ. Ўша бир оғиз ўйламай айтилган сўзнинг жабри-жафосини ҳали кўп йиллар тортишга тўғри келади.
Яхшиликлардан тўсувчи ҳамма нарсадан узлат қилиш ва итоатда юриш ажойиб бир даво бўлиб, қалб табиблари уни жуда муваффақият билан синаб кўришган. Шунинг учун бекорчи, танбал, ишсизлар суҳбатидан ҳазир бўлинг. Қаланғи-қасанғилар билан аралашиб юриш нафсониятга ва обрўга қарши уруш эълон қилиш ҳамда дунё тинчлиги ва руҳ хотиржамлигига  қарши хатарли таҳдиддир.  
Аммо яхши сўзлар, яхши ишлар бўлса майли, одамларга аралашавериш керак. Шунда вақтингизнинг зое бўлишидан, умрингизнинг беҳуда кетишидан, тилингизни ғийбатдан, қалбингизни безовталикдан, қулоғингизни уятсиз гаплардан, нафсингизни ёмон гумонлардан сақлаган бўласиз.  
Айниқса ғийбат инсонлар ўртасида ихтилоф, адоват ва душманлик уруғини сочадиган қабиҳ иллатдир. Бирор кишининг орқасидан гапириш, айбини топиш, ёмонлаш, бола-чақаси, хотини, хулқи, бойлиги, илми ва бошқа жиҳатлари ҳақида бемаза гапларни гапиришнинг барчаси ғийбат саналади.
Олимларнинг биридан сўрашибди: «Пайғамбаримиз даврларида қачон ғийбат қилинса, ёмон ҳид келаркан, ҳозир ҳар қанча ғийбат қилинса ҳам ҳеч билинмайди, сабаби нимада?» Олим бундай жавоб қилибди: «Ҳозир ҳамма ғийбатчи бўлиб кетган. Икки-уч одам йиғилди, дегунча ғийбат қизийди: қўшни қўшнини, ҳамкасблар бир-бирини ғийбат қилади. Илгари бу ярамас амал фақат аёлларга хос эди, энди эркаклар ҳам майдалашиб, улардан қолишмайдиган бўлиб кетган. Ғийбат ош-нонга айланиб қолгани сабабли ҳаммаёқ сасиб бўлган. Одамлар худди кўнчининг келинидай ўрганиб, ҳид сезмайдиган бўлиб қолишган. Ғийбатнинг уяси бўлишда чойхона билан масжиднинг фарқи қолмади». 
Ҳасан Басрийга: «Бир киши сени ғийбат қилди», деб айтишди. У дарҳол ғийбат қилган кишига бир товоқ хурмо юборди. У киши хурмони олган заҳоти Ҳасаннинг олдига етиб келди ва: «Мен сизни ғийбат қилган бўлсаму сиз менга бир товоқ хурмо юборибсиз, бунинг сабаби нима?» деди. Ҳасан Басрий унга: «Сен менга яхшилик юборган экансан, мен эвазига хурмо жўнатдим», деб жавоб қилди. Бундан англашиниладики, ғийбат уни қилинган одамга яхшилик, қилувчига эса зарар ва кулфат келтиради. Демак, сизни ҳам ғийбат қилишса, хафа бўлиб, асабингизни бузаверманг. Бундан ҳеч нарса ютқазмайсиз, аксинча яхшилик кўрасиз.
Тил югуриги бошга, деганларидек, инсон бўлар-бўлмас сўзлари билан бошига кўп ғавғолар келишига ўзи сабабчи бўлиб қолади. «Одам тили билан ҳайвондан устун, аммо тилдан ножоиз фойдаланса, ҳайвондан баттар», деган Саъдий Шерозий. Боболаримиз «Сўзлаганинг кумуш бўлса, жим турганинг олтиндир», дейишган. 
Абу Абдуллоҳ Рўдакийнинг «Кўпинча сўз айтиб бўлдим пушаймон, Айтмаган сўзимдан доимо шодмон» деган доно сатрлари бор. Сўзга ёлғон қўшиш, бировнинг иззат-нафсига тегадиган сўзларни сўзлаш кишига зарар етказмасдан қолмайди. Шунинг учун беҳуда сўзлар сўзлашдан тилингизни тийиб юрганингиз маъқул. Беҳуда сўз яширин айбларни ошкор этади, душманларнинг қаҳр-ғазаб ва адоватини қўзғайди. 
Луқмони ҳакимдан: «Сиз бировнинг қоратанли чўпони эдингиз, энди улуғ даража эгаси бўлдингиз, нима нарса сизни бу улуғ мартабага кўтарди?», деб сўрашганида, у: «Доимо тўғри сўзладим, омонатга хиёнат қилмадим, маъносиз, беҳуда сўзларни айтишдан чекиндим, мана шу уч хислат мени улуғ даражага кўтарди», деб жавоб қилган экан. Шайх Жунайд Бағдодий айтади: «Ёлғон сўзлаш, иғво, эзмалик, такаббурлик, чақимчилик кишининг обрўсини йўқотади». Бир донишманд шогирдларига шундай насиҳат қилган экан: Чақимчилик билан одамларни бир-бирига душман қилиб уруштириб юрган кимса энг ёмон, ярамас кишидир. Бирингиз иккинчингизнинг сўзини менга етказманг. Мен сизларнинг ҳузурингизга саломат ва роҳатдаги хотиржам қалб билан келишни истайман».
Омонликнинг асоси сукут сақлашдир. Оғизга келганни сўзлашнинг охири вой. Донишмандларнинг айтишларича, ҳамиша омонликда, саломат юришнинг шарти ўн нарсада экан, шундан тўққизтаси сукут қилишда ва биттаси одамлардан четланишда экан. Ҳазрати Али: «Сукут сақланг, унинг энг оз фойдаси омонликдир», деганлар. Бир киши Умар ибн Абдулазиздан: «Қачон гапирай?» деб сўради. Амир: «Жим бўлишни хоҳлаганингда», деб жавоб қилди. «Қачон жим бўлай?», деб сўради ўша киши. «Гапиришни хоҳлаганингда», деди Умар ибн Абдулазиз. 
Хотиржам, руҳий фароғатда яшашни истайман, деган одам айниқса ўз сирини ҳаммага айтавермаслиги, дуч келганга ёрилавермаслиги лозим. Баъзан арзимас сирингизни билиб олган ғанимларингиз ундан сизга қарши катта айбномалар тўқишлари ва улкан зарарларни етказишлари мумкин. 
Хожа Самандар Термизий айтади: «Кўп кишилар борки, улар ўз сирларини сақлай билмасликлари туфайли ҳалокатга дучор бўлишади». Али ибн Абу Толибнинг мана бу сўзларига эътибор беринг: «Ичимизда сақлар эканмиз, ҳар қандай сир бизнинг асиримиздир. Ошкор этган пайтимиздан бошлаб биз унинг асирига айланамиз». 
Американинг собиқ президентларидан бири: «Фақат уч кишигина сир сақлай олади, агар уларнинг иккитаси ўлган бўлса», деган. «Агар сирингни душманинг билмасин десанг, уни дўстингга ҳам айтма», деб насиҳат қилади Қобус. Яна бир файласуф: «Ўз сирини сақлаш – донишмандлик, бироқ буни бошқалардан кутиш – тентаклик», деган фикрни айтган. 
Ўзингиз беҳуда сўзларни айтишдан, чақимчилик, ғийбат, иғволарга аралашишдан четланган бўлсангиз-да уларни эшитишдан қочмасангиз, бу ҳам ҳаётингиздан хотиржамликни кетказади. Одамлар ҳақида тарқайдиган ғийбат, миш-миш, иғво гапларни эшитиш, уларга эътибор беришдан сақланинг. Акс ҳолда ўзингиз кутган маънавий саломатликка эриша олмайсиз.

Аҳмад Муҳаммад

 

 

 

Дунё ўзи шундай қурилган...

 

 

 

Ҳеч эътибор берганмисиз: қўлидан бошқаларга бирор яхшилик келадиган одамлар доимо зорланиб юришади. Эмишки, бир шогирдини ўз ўғлидан ҳам аъло кўриб, бор ҳунарини ўргатиб одамлар қаторига қўшганида у устозининг юзига оёқ қўйиб кетибди. Устоз розилигини олмай мустақил иш бошлаб юборгани ҳам майлию энди ҳамма ерда унинг шаънига бўлмағур туҳмат-бўҳтонларни тарқатиб юрган эмиш.
Ёки бошқа бир одамнинг ҳасратига қулоқ солинг: «Жияним акамдан эрта етим қолди. Ўзим боқиб катта қилдим, ўқитдим, ҳунар ўргатдим, уйлаб-жойладим. Хотинчасининг сўзига кириб алоҳида яшайман, деганида рози бўлиб, бошқа ҳовлига чиқардим. Энди ҳамма ерда «дадамдан қолган пулни бермай ўзлаштириб юборди» деб гап тарқатиб юрганмиш. «Етим қўзи асрасанг оғзи-бурнинг мой этар…». Инсон зоти ўзи яхшиликни билмайдиган ношукр бўлар экан».
«Савобнинг кети мушкулот» деган гап бекорга чиқмаган. Ҳақиқатан бировга яхшилик қиласиз, аммо ундан жавоб қайтмайди, келса ҳам яхшилигингиз эвазига ёмонлик кўрасиз. Бировга раҳм қилиб қарз берасиз, ололмай қийналасиз, ҳатто унга душманга айланасиз. Бировга ёрдам қилиш учун битмаётган ишига елка қўйиб юборасиз, эвазига қуртдаккина қилиб айтишга ғанимларингиз ҳам ҳад қилолмайдиган «миннатдорчилик» ила сийланасиз. Биров билан дўстлашмоқчи бўласиз, аммо у «бир балоси бўлмаса менга нега суйкалади», деб сизни душманига айлантиради. Қийналиб қолган укангизга пул таклиф қилсангиз, орқаваротдан «бойваччалигини бошқаларга қилсин», деган нордонгина гап эшитасиз.
Бунга асло ажабланманг! Аллоҳ инсонларни шундай хулқ-атвор билан яратган. Шунинг учун ҳаётда кимга бўлишидан қатъи назар, одамларга яхшилик қилсангиз, мукофотини инсонлардан эмас, Яратганнинг ўзидан кутинг. Одамлар ҳеч қачон яхшилигингизга яхшилик билан жавоб қайтаришмайди, миннатдор бўлишмайди. Аксинча кўп ҳолларда ғашлари келади, иззат-нафслари койийди, ҳасадлари кучаяди.
Одамлар ҳасаддан, кўролмасликдан, жоҳиллик туфайли, баъзида эса шунчаки бекорчиликдан бошқаларнинг ички оламига бостириб киришга, чўнтагидаги пулини санашга, сирларини билиб олишга ва ҳамма ёққа ёйишга, оила аъзолари ва яқинлари ўртасида гап ташиб, уларни уруштиришга ишқибоз бўлишади. Баъзан давраларда, суҳбатларда, мажлис ва маъракаларда одамларнинг ўзаро гап-сўзларига, суҳбатларига бир қулоқ солинг-а: «Фалончи манави ишни қилиб, кунига бунчадан пул топаётган эмиш, қизиқ, шунча пулни нима қиларкин?», «Пистончи бир ҳафтадан буён хотини билан гаплашмаётган эмиш, ахир қирқ йил аҳил яшаган эр-хотин нимада келишолмай қолдийкин?», «Анави амалдор жиянига катта вазифани бериб қўйибди», «Писмадончи ака хотини ўлгач, ўзидан йигирма ёш кичик аёлга уйланганмиш», «Фалончи пистончи билан қуда бўлмоқчи дейишади, икковини нима бирлаштирдийкин?» ва ҳоказо ва ҳоказо.
Гап-сўз қайнайверади, миш-мишлар урчийверади, ғийбатлар кўпаяверади, одамлар орасида совуқлик, шубҳа, гина-кудратлар илдиз отаверади. Ҳеч ким: «Ҳой яхши инсон, бировнинг ҳаёти, топаётган пули, бошқалар билан муносабатининг сенга нима қизиғию, иссиқ-совуғи бор, бошқаларнинг мусибати ва ташвиши нега сенга керак бўлиб қолди, бунинг ўрнига ўз ҳаётинг, турмушинг, битмаётган ишларинг, бажара олмаётган режаларинг ҳақида бош қотирсанг бўлмайдими, бекорга валақлаб юргандан кўра ҳеч бўлмаса китоб ўқи, билимингни ошир, бировга бирорта яхшилик қилиб қўй» деб айтолмайди. Аксинча унинг ғийбат-иғволарига қўшилади, миш-мишларга учади, ўзи ҳам хотиржамлигини йўқотади.
Инсон табиатида ўзи билмаган ва қилолмаган нарсага душманлик кайфияти устун бўлади. Ўзганинг ютуғини ёки имкониятларини тан олмаслик, бошқаларни инкор қилиш, ноиттифоқлик, неъматнинг қадрига етмаслик кўпчилик инсонларга хос бўлган хислатлардандир. Агар  гўзал ишларингизни инкор қилиб, яхшиликларингизни тан олмай унутиб юборишса, улардан ўпкаламанг ҳам,  улар билан тўқнашиб-жанжаллашиб ҳам юрманг!
Одамлар кўпинча марҳаматингиз эвазига гина замбаракларидан ўқ отиб, ҳасад шамширларини яланғочлаб сизга душманчилик қилишади. Чунки уларга яхшилик қилгансиз-да. Одамларнинг табиати шунақа. Сиз-ку, бир бегона кишисиз, бундайлар ўзларини ёруғ дунёга келтирган, авайлаб ўстирган ота-оналаридан рози  бўлишмайдию, бир-икки яхшилик қилган сиздан миннатдор бўлишсинми?!
Тарих саҳифаларини бир варақлаб кўринг, ўтмиш донишмандларининг насиҳатларига қулоқ солинг: уларда ўғлини тарбиялаб, овқатлантириб, кийинтириб, озуқалантириб, илм-одоб бериб, боласи ухлаб олиши учун ўзи бедор бўлиб, боласи қорни тўйиши учун ўзи оч қолиб, боласи роҳатланиши учун ўзи ҳориб-чарчаб юрган отани кўрасиз. Ўғлининг мўйлаби сабза уриб, билаги куч-қувватга тўлгач отасига нисбатан худди қутурган ит каби бўлиб қолади. Отасини паст санаб, ўч олиб, оқ бўлиб, азоб ва балоларга гирифтор ҳолда вояга етади. Ўз фарзандингиз шундай қилиб турганидан кейин бошқалардан ўпкаланиб, хафа бўлиб юришнинг ҳожати бормикин?
Лекин бу ҳолат сизни асло чиройли ишларни тарк этишга, бошқаларга яхшилик ва ёрдам қилмасликка даъват бўлиб туюлмасин. Яхшиликларингиз барбод бўлиб, иродангиз чилпарчин  синганида эвазига хазинаси тугамайдиган Зот томонидан савоб, яъни мукофот берилишини ўйланг-да, қилган ишингиздан фахрланиб, хурсанд бўлаверинг. Шунинг учун кимга яхшилик ва ёрдам қилмоқчи бўлсангиз, буни Аллоҳнинг розилиги учун бажаринг. Буни қилишга имкон ва ихлос бериб қўйгани учун Унга мақтовлар айтинг. Шунда ношукрларнинг норозилиги ва маломати, инкор қилувчиларнинг худбинлиги ва разолати сизга зарар бера олмайди, кўнглингиздаги сакинат ва фароғатни йўққа чиқара олмайди.
Агар бир аҳмоққа ручка совға қилсангиз-да у сизни масхаралаб мақола ёзган, устингизга бўҳтон мағзавасини ағдарган бўлса, ёки бир чўлоқ кишига қийналмай юрсин деб ҳасса ҳадя қилсангиз-да у ўша хасса билан бошингизни ёриб қўйса ажабланиб, саросимага тушиб юрманг. Чунки инсонларнинг асли шудир. Шундай бўлгач, улардан ўпкалаб, ўзингизни қийноққа солиб юришнинг фойдаси бўлармикин? 
Агар сизда ғам-алам пайдо бўлиб қолса ўзингиздан бошқаларга яхшилик қилинг ва гўзалликни ҳадя этинг, шунда қийинчилик ва машаққатни унутасиз ва ажойиб роҳатни ҳис этасиз. Демак, маҳрумларга нарса улашинг, мазлумларга ёрдам беринг, қийинчиликка тушиб қолганни қутқаринг, очни тўйдиринг, касални бориб кўринг, жабрланганларга ёрдам қўлини чўзинг, шунда ҳамма томонингиздан бахт-саодат ва хотиржамлик ўраб олади. Яхшиликларни бажариб юриш худди хушбўй бир нарсага ўхшайдики, унинг кўтариб юрувчиси, сотувчиси, сотиб олувчиси, қўйингки барча  ундан наф олади.
Мовароуннаҳрнинг атоқли олими Абдуллоҳ ибн Муборакнинг бир яҳудий қўшнилари бор эди. Абдуллоҳ ўз болаларини овқатлантиришдан олдин камбағал қўшниларининг болаларига овқат берар, ўз болаларини кийинтирмасдан олдин ўша яҳудийнинг болаларини кийинтирардилар. Одамлар яҳудийнинг олдига келиб: «Ҳовлингни бизга сотгин», дейишди. Шунда яҳудий: «Ҳовлимни икки минг динорга сотаман. Аслида унинг нархи минг динор. Кейинги минги эса Ибн Муборакка қўшни бўлганим учун», деди. Кейинчалик ўша яҳудий Абдуллоҳнинг дуолари шарофатидан мусулмон бўлди.
Ибн Муборак карвонда ҳажга отланди. Йўлда кетаётиб, ахлатдан ўлик қарғани олиб уйига жўнаб қолган бир хотинни кўриб қолди. У хотиннинг изидан бир болани жўнатиб, аёлдан  ўлимтикни нима қилиши ҳақида сўраган эди, у: «Уч кундан бери егулик нарсамиз йўқ», деб жавоб берди. Ибн Муборак бу сўзни эшитиб, кўзларидан ёш оқди. Ва карвондаги нарсаларини қишлоқ аҳлига тарқатиб юборишни буюриб, ўша йилги ҳажни тарк этиб қайтди. Туш кўрди, тушида «Ҳажингиз мақбул, ҳаракатингизга ташаккур ва гуноҳларингиз мағфират», деб айтилди. 
Баъзан сал бошқачароқ ҳолатларга ҳам дуч келинади. Ҳаммага яхшилик қиласиз, барчага хуш муомалада бўласиз, фақир-ночорларга доимо ёрдам қўлини чўзасиз. Аммо эвазига улардан миннатдорчилик, раҳмат ўрнига ёмонлик кўрасиз, қўпол сўзлар эшитасиз, гоҳида душманлик қилишдан ҳам қайтишмайди.
Танишларимдан бири зорланиб қолди: «Ҳеч кимга ёмонлик қилмайман, бировнинг ишига аралашмайман, ҳеч кимнинг мушугини «пишт» демайману негадир ҳамманинг мен билан олишгиси келади, ҳамма ўзига душман санайди, барчанинг муносабати ёмон. Нима айбим бор, ҳеч тушуна олмайман». Эҳ содда инсон, ношукр кимсалар ўзларини яратган, ризқ берган, ҳамма неъматни муҳайё қилиб қўйган Парвардигорларидан ҳам норози бўлишадию, нега энди сиз ва бизга ўхшаган хатокор бандаларни айблашмасин?!
Чунки эҳтимол сиз улардан иқтидорлидирсиз, балки бойроқдирсиз? Ёки ғам-ташвишларингизни ўзгалар ҳузурида дастурхон қилишдан ийманиб, ҳамиша одамлар кўзида шод, масъуд юришга одатлангандирсиз? Эҳтимол уларга қараганда омадли кўринарсиз? Нима бўлганда ҳам улардан қандайдир устунлигингиз бор. Улар аламидан, ҳасадидан, кўролмасликдан сизни ёқтирмайди. Очиқ душманлик кўрсатолмаса ҳам, чекка-чеккада ғийбатингизни қилади, туҳмат гаплар тарқатади, обрўйингизни тўкишга уринади, ҳеч бўлмаганда бир ғашингизга тегиб қўяди.
Иммануэл Кант ёзганки, «Агар одамлар бир-бирларини бошдан-охиргача аниқ билишганида бир-бирларидан тирақайлаб қочган бўлишар эди». Шуни яхши билиб олингки, сиз ҳақингизда айтилган ёмон гаплар ҳеч қачон сизга зарар келтирмайди, аксинча зиёни ўша гапни тарқатганга етади.
Ўзингизни шунга тайёрлайверинг. Ҳар қадамда оёқдан чалишлар, фитналар, таъна-маломатлар, танқидлар, хусуматлар, ўч олишларга дуч келаверасиз. Чунки, сиз айримлар каби танбал, ишёқмас эмассиз. Одамларга фойдангиз тегиб турибди. Турмушда омадингиз чопиб, кун сайин яшнаб боряпсиз. Нима ишга қўл урсангиз, дўндириб қўя оласиз. Иқтидорингиз кашфиётлар қилишга имкон беради. Аллоҳ сизни шундай салоҳиятли, фаол ва ғайратли  ёки бадавлат қилиб яратган экан, сизни синдиришга, бадном қилишга қасд этувчилар чиқаверади.
Уларнинг дастидан қочиб қутуламан, ёки чакагини ўчираман, деб беҳуда уринманг.  Ерни кавлаб қаърига кириб кетсангиз ҳам, осмонга нарвон қўйиб чиқиб кетсангиз ҳам, барибир улар сизни тинч қўйишмайди. Бир ёзувчи айтганидай: «Пасткаш кимсаларга муқаддас ва буюк нарсаларга ўзларининг ифлос қарашлари ва фикрларини чаплаб, ўз ночорликларининг аламини олишдан кўра ёқимлироқ нарса йўқ».
Улар билан битта жамиятда яшашга маҳкум экансиз, демак ҳали кўп ёмонликлар қилишларини, кўзингиздан ҳали мўл ёшлар оқизишларини ва остонангизга ҳали кўп марта михлар қоқиб кетишларини кутиб яшайверинг. Алишер Навоий айтганидай, «Итдан кийикка, мушукдан кабутарга шафқат маҳолдир».
Ер устида ўтирган киши ҳеч қачон қулаб тушмайди. Одамлар ўлик итни асло тепишмайди. Сиз улардан салоҳият, илм, одоб ёки мол-дунё жиҳатидан устун бўлганингиз учун ҳам уларнинг ғазаби қўзиб, нафрати ошаверади. Сиз то Аллоҳ бераётган ана шундай неъматларни тарк қилиб, барча мақтовга лойиқ хусусиятларингиздан маҳрум бўлмас экансиз, улар наздида гуноҳкор бўлиб юраверасиз. Тавба қилиш имкони ҳам йўқ, чунки айбингиз, юқорида айтилганидек, улар эришмаган нарсага сизнинг эришганингиз.  Улар хоҳлаган нарса бундан бошқаси эмас.
Демак, одамларнинг танқидига, маломатларига пўлатдай мустаҳкам, метин тош каби қаттиқ бўлингки, булар сизга зарар бера олмасин. Бордию, одамларнинг сўзларига қулоқ солиб, таъсирланадиган бўлсангиз, уларнинг «эзгу» орзуларини ҳаётингизнинг барбод этилиши эвазига рўёбга чиқарасиз. Сиз бундайлардан чиройли юз ўгира олишни билинг. Улар қилаётган макр-ҳийлалардан асло сиқила кўрманг. Уларнинг аҳмоқона танқидлари, маломатлари таржимаи ҳолингизнинг ифлос бир саҳифаси бўлақолсин.
Чунки ҳаётда ҳали бундай разилликларга кўп дуч келасиз, вазнингиз миқдорича таъна-даштномларга учрайсиз. Албатта ўша маломатчиларнинг оғзини ёпиб, тилини боғлаб қўя олмайсиз. Лекин уларнинг танқидларини жим туриш, сабр, беэътиборлик, совуққонлик билан даф қилишга  эришиш мумкин. Бунинг учун фазилатларингизни кўпайтириш, тарбиянгизни янада комил қилиш, хато-камчиликларингизни тузатиш билан уларнинг оғзига қалампир сепиш, хуружини синдириш мумкин. Агар ҳаммага бирдай ёқишни, феъл-атворингиз, иш ва қилиқларингиз ҳаммага бирдай маъқул келишини, айб-хатолардан ҳамиша омонда бўлишни истаётган бўлсангиз, шимолий музликлардан олов чиқариш каби эҳтимолдан йироқ нарсани орзу қилган бўласиз. 
Одамлар билан муносабатда узлатга чекиниш ҳам инсонга руҳий хотиржамлик бахш этади. Бу нарсани таркидунёчилик, ҳаммадан узилиб, бир уйда биқиниб яшаш, деб тушунмаслик керак. Узлат дегани ёмонликлардан, ёмон одамлардан ўзни тортиш, узоқлашишдир.
Бекорчи билан қўшилсангиз, унинг бемаъниларча вақтни совуришига шерик бўласиз. Безорига яқинлашсангиз, бир куни унинг «қораси» албатта сизга ҳам юқади, жиноятига тортади, жазони ҳам бирга ўташга тўғри келади. Қиморбоз билан улфат бўлсангиз, яна ҳаётингиздан файз, фароғат кетди, деяверинг. Ичкиликбоз ёки гиёванд кимса билан ошно тутинсангиз-ку, умуман турмушингиз заҳар-заққумга айланади, ўзингиз хароблик чоҳига қараб йўл оласиз. Ана шундай кишилардан йироқлашгандагина фикрингиз тинчиб, хотирингиз роҳатланади, зеҳнингиз ҳикмат дурлари билан жилоланиб, кўзингиз маърифат бўстонида сайр қилиб юради.
Оқил, закий инсон кулфат ва зиённи фойдага йўналтиради. Ахмоқ, тентаклар эса битта мусибатни иккитага айлантириб олишади. Ҳар бир ёмонлик гўзал бир интиҳога олиб бориши мумкин. Бир фалокат эзгу, хайрли оқибат олиб келиши мумкин. Масалан, Пайғамбар алайҳиссаломни Маккадан ҳайдаб чиқаришганидан кейин Мадинада бир давлат пайдо қилдилар, бу эса инсоният тарихида буюк ўзгариш ясади. Атоқли олим Аҳмад ибн Ҳанбал қамоққа тиқилиб, дарра урилди. Оқибатда суннийларнинг улуғ имомига айландилар. Яна бир улуғ аллома Имом Сарахсийни суви йўқ қудуққа қамаб қўйишганида у ердан фиқҳ илмига бағишланган йигирма жилд китоб билан чиқдилар. 
Шундай, оқил ва доно инсонлар ҳар бир бало-мусибатдан, бошларига тушган мушкулотдан ҳикмат излашади, йўқчилик ва йўқотишлардан ибратланишади. Айтайлик, бир одам кўп йиллардан буён фарзанд кўрмаган, бир тирноққа зор. Аммо у бундан эзилмайди, изтироб чекмайди, ўзини ҳар ёнга урмайди. Сабр қилади, аёлига ва ўзига тасалли беради: «Ҳисоб-китоб пайтида фарзанд масъулияти зиммамдан соқит бўлди, менга ўша пайтда «Нима учун фарзанд кўрмасдан келдинг», деб савол берилмайди». У ўзини хотиржам тутиб бундай дейди: «Фарзандни Аллоҳ беради, фарзанд бермаслик ҳам, бировга фақат қиз, бошқасига ўғил, кўпларга аралаш қили бериш ҳам Унинг иродасидир. Фарзанд кўриш учун ҳамма тадбирларни қилиб кўрдим, аммо булар фойда бермади, демак фарзандсиз ўтиш тақдири илоҳий экан, шундай иш қисматимда бор экан». Шундай фикрлар билан унинг безовта қалби таскин топади, ҳаёти осойишта кечади.
Ёки бошқа бир кишига Аллоҳ  фарзандни кўп берган. Аммо у ҳам буни Яратганнинг бир неъмати сифатида қабул қилиб, бутун куч ва меҳрини уларни боқишга, тарбиялашга қаратади. Айримларга ўхшаб бунча болани қандай боқаман, деб талвасага ва ваҳимага тушмайди, ҳаммасининг ризқини Яратганнинг Ўзи беришини билади. Ғарбдаги эр-хотинларга ўхшаб битта болани ҳам тушов деб ўйлайдиганлардан фарқли ўлароқ серболалиги билан фахрланади ва қувонади. Уларни ҳалол касб билан, инсофли, диёнатли қилиб улғайтириш пайидан бўлади.
Ана шундай инсонлар ҳаётда беқарор бўлишмайди, уларни ҳамма томондан руҳий сакинат ўраб олган. Улар ҳатто вафот этишаётганда ҳам хотиржамликни қўлдан бой беришмайди: чунки ҳаётда виждонлари буюрганидай, ҳалол, иймон билан яшаб ўтишган. Одамларга зулм,  ёмонлик қилишмаган. Улар учун бахтли ва шодмон кунлар билан маҳзун ва мусибатли кунларнинг фарқи бўлган эмас. Яхши кунларида ҳамд ва шукр айтишган, ёмон кунларида ҳам айтишган ва балоларга сабр қилишган. Бидъатчилар, ҳасадгўйлар ёмонлаб, туҳмат тошларини отишганида ҳам  хотиржам туришаверган, улар сафида бўлиб қолишмаганига шукр қилишган. Ортларидан қолаётган ҳамма нарсадан кўнгиллари тўқ, фақат боқий дунёдаги оқибатларигина бироз ташвишга солган, холос.
Сиз ҳам уларга ўхшаб, бордию бирор фалокат кутилмаганда ҳамла қилиб қолганида ўзингиз томонга қуёш чиқишини кутишни ўрганинг. Агар бир киши сизга стаканда лимон суви берса, бир чимдим шакар қўшиб шарбатга айлантира билинг. Агар сизга илон ҳадя этилса, унинг қимматбаҳо терисидан фойдаланинг. Агар чаён чақиб олса билингки, у газандалар заҳрига қарши энг яхши ваксина ва иммунитетдир.
Ҳаётда некбин бўлиб яшаш керак. Ҳар бир нарсада гўзалликни, яхшиликни, эзгуликни кўра билиш лозим. Чунки некбин одамларнинг умрбоқий бўлишларини олимлар аллақачон исботлаб беришган. Франса инқилобидан олдин икки шоири қамалиб қолди. Уларни бири некбин (оптимист), иккинчиси бадбин (пессимист) эди. Икковининг калласини қамоқхона дарчасидан чиқаришган эди, некбини юлдузларга қараб кулди. Аммо бадбини эса, ён кўчадаги лойларга қаради-да йиғлаб юборди.

Аҳмад Муҳаммад

 

 

 

Кимлигингизни билиб олинг!

 

 

 

Одамзод яратилишига кўра қўрқоқдир. Янги туғилган чақалоқдан тортиб қартайган қариягача –ҳаммани қўрқув умр бўйи тацқиб этади. Чақалоқ қўрқув йиғиси билан дунёга келади. Кейинроқ онасини йўқотиб қўйиш, оч қолиш, ваҳимали шовқин-суронлар, йиқилиб тушиш каби нарсалар уни ваҳимага солади. Эсини танигач, катталарнинг дўқ-калтаклари, чақмоқ-момақалдироқ ва табиат ҳодисалари, йиртқич ҳайвонлар, жин-алвасти ҳақидаги гаплар, алдов ва зўравонлик кабилар қўрқувга сола бошлайди. Йигитликнинг ҳам ўз қўрқув ўчоқлари бор: ҳаётда ўрнини тополмаслик, имтиҳондан йиқилиш, севгисининг рад этилиши, муносиб иш йўқлиги ва ҳоказолар. Ҳатто катта ёшдагилар ҳам қўрқув тацқибидан омонда бўлишмайди. Уларни ҳам бир умрга турли касалликлар, омадсизлик, амлдан кетиш, душманлар хусумати, болаларининг ноқобил  чиқиши, дўстлар ҳиёнати, қонунни бузиб қўйиш, турли фалокат ва офатлар, бошлиқлар зуғуми, қашшоқлик, эл-юртда шарманда бўлиш, барвақт кариш ва ўлим каби ҳолатлар даҳшатга  солаверади.
Айниқса эл-юртда гап-сўзга қолишдан, одамлар маломатидан қўрқув инсоннинг фароғатини, оромини ўғирлайди, уни машаққатларга, турли гуноҳ ишларга, виждонига хилоф иш тутишга рўбарў қилади. «Халқ нима деркин, одамлар маломат қилмасмикин, маҳаллада, қариндошлар орасида шарманда бўлиб қолмасмиканман» қабилидаги қўрқув туфайли ўзининг эцтиқодига қарши боради.  Буюрилмаган ишларни қилишга мажбур бўлади. Эл орасида машҳур-баобрў одамларнинг гапидан, маломатидан қўрқиб тўй-маросимларни катта қилади. Йўқ ердаги бидцат ишларга, хурофотларга қўл уради. Нопок фосиқ кишилар билан яқинлашади. Ана шу қўрқув туфайли гоҳо инсон бор-будидан ажрайди. Ҳаёти издан чиқади. Эътиқод-иймонидан чекинади.
Қўрққан одамнинг иродаси суст, шижоати бўш бўлади. У қўрқоқлик орқасидан ёлғон гапириши, сохта гувоҳликка ўтиши, оиласига, халқига, динига, эцтиқодига хиёнат қилиши, субутсиз ва иродасиз кимсага айланиши мумкин. Қўрқув туфайли у бундан ҳам оғир жиноятларга қўл уради. Ҳатто ўз жонига қасд қилишгача боради. Бежизга Сулаймон алайҳиссалом «Қўрқувни ҳис этмайин десанг, жудаям ҳақиқатгўй ва ўта донишманд бўлмагин», демаганлар.
Энди бир тасаввур қилиб қўринг: бола отасидан қўрқиб қаерда, нима билан машғул бўлганини яширади, ёлғон гапиради. Демак, шу кундан унинг тарбиясига раҳна етди. Аёл эрининг зуғумидан қўрқиб, уни алдашга, баҳона-сабаблар қидиришга ўтади. Демак, шу дамдан бошлаб оилани ишонч, тотувлик, ҳаё тарк этади. Кичик раҳбар катта раҳбардан қўрққани туфайли ўлда-жўлда қолган режани бажарилди, деб мацлумот бериб юборади. Демак, ўша корхонанинг иқтисоди зарар кўчасига йўл олди. Бир қарашда беозоргина бошланган ана шундай қўрқув «туққан» алдов-ёлғонлар тўпланиб-йиғилиб охири улкан бир ёлғон тоғига айланади. Бир-икки қўрқоқнинг ёлғон-ҳийлалари тўпланиб, бутун жамият таназзулига сабабчи бўлиб қолади. Давлатларнинг ёлғонлари ўсиб-кўпайиб, инсоният тарихини булғайдиган уруш-ихтилофлар, вайронагарчилик-инқирозларни келтириб чиқаради.
Қўрқоқлик пасткашлик ва турли ёмонликларни туғдиради. Кўпгина гуноҳ ва қабиҳликларнинг боши, асосий сабабчиси ҳам қўрқувдир. У беҳаёлик, ёлғончилик каби иймонни заифлаштирадиган оғир руҳий хасталикдир. Ўта қўрқоқлик эса кишини иймонсизлик ва куфргача олиб бориши мумкин.
Одамларнинг гап қилишидан, маломатидан қўрқув орқасида ўғил-қизига катта, дабдабали тўйлар қилиб, бор-будидан ажраган, неча кунлар «қозонини сувга ташлаб қўйган» оилаларни биламиз. Бацзилари қарзга ботиб, тўйдан кейиноқ бошқа ўлкаларга пул ишлагани кетишяпти. Ватанидан, аҳли-аёли ва яқинларидан узоқда, бегона юртларда хорлик ва хўрлик тортиб юришга уларни одамларнинг гап-сўзи, маломати, «бошқалар нима деркин, ўзгалар кулмасмикин», деган бемацни истиҳолалар мажбурламаяптими? Ёки «мен сендан кам эмасман, нега қўшним ёки қариндошим қилганни мен қилолмас эканман», деган сохта обрў орттириш илинжи шу кўйга солмаяптими? Бундай ҳолатлар бошга келиб қолса, «кўрпага қараб оёқ узатиш», чўнтакдаги пулга, шахсий имкониятларга қараб иш тутиш осонроқ эмасмикин?
Нега одамларнинг, айниқса бегоналарнинг гап-сўзидан, маломатидан қўрқасиз? Пулни ўзингизни минг кўйга солиб, қийналиб топган бўлсангиз. Фарзанд ҳам сизники, тўй ҳам сизники, ишларингизга аралашишга бошқаларнинг нима ҳаққи бор? Ўша «холис» маслаҳат бераётганлар балки сизга ҳасадлари кучлилигидан, эҳтимол душманликдан ёки бошқа бир ғараз билан шундай йўл кўрсатаётгандир?! Балки ўзлари қилолмаган ишни сизга юклаб қўйиб, қийин аҳволга тушишингиздан бир «маза» қилмоқчидир? Ахир бир кунлик тўй ўтади-кетади, ўғил-қизингиз кейинчалик аҳил, бахтли яшаб кетса бўлди-ку! Ёки тўйни катта, серҳашам қилмаса улар бахтли бўлолмайдими?
Тўйдан кейинги ва аза-мотам билан боғлиқ маросимларни-ку, айтмай қўяқолайлик: урфда ҳам, динда ҳам бўлмаган бу маросимларни, одатларни қиламан, деб қанча одам бор-будидан ажраяпти, турмушидан файз, ҳаётидан ором-ҳаловат кетяпти. Ҳамма бу ишларнинг хатолигини, фойдасизлигини кўриб-билиб туради, ҳар даврада бу ҳақда куйиб-пишиб гапирилади, аммо аҳвол ҳеч ўзгармайди. Одамлар ўзларига ўхшаш одамларнинг гапидан, маломатидан қўрқиб ўзини қийнайверади, хотиржамлигидан ажрайверади, ҳаётини ғурбатга, азобга айлантираверади.
Яна кўпчиликнинг оромини ўғирлайдиган, хотиржамлигини тортиб оладиган бир ёмон иллат борки, бу ўз мавқеини, ўрнини, мақомини билмасликдир. Билганда ҳам ҳавойи нафсининг айтганини қилиб, ўжарларча буни тан олмасликдир. Айтайлик, мен оддий бир ишчиман, деҳқонман ёхуд ҳунармандман. Қўшним, қариндошим эса катта вазифада ишлайди ёки роса бойиб кетган бир тижоратчи. Нима, мен ҳам уларга тақлид қилиб, уйимни уч қаватли қилишим, «Мерседес» автомобили сотиб олишим, тўйимга минглаб одамларни чорлашим керакми? Ёки ўғлимни Англиягами, Америкагами ўқишга юборишим зарурми?
Асло йўқ! Аллоҳ бир кишининг «зуваласини катта кесиб», унга ризқни мўл бериб қўйган. Бошқа бировга эса сал мундайроқ, яна кимнидир ҳамма нарсадан қисиб, фақир қилиб қўйган. Агар Яратганнинг ана шу ўлчов-иродасига рози бўлмас экансиз, белгилаган тақдирига кўнмас экансиз, Унга исён қилган, амридан чекинган бўласиз. Сиз ўша қўшни ёки қариндошга тақлид қилиб, уларга ўхшаб ҳаёт кечиришни орзулаган бўлсангиз, бундан фақат жабр кўрасиз, ўзингизни беҳуда қийнайсиз. Эл-юртда шарманда бўлиб,  одамларнинг кулги-масхарасига қоласиз. 
Кўпинча шайтон бундай хуруж қилиб қолади: «Сенинг фалончидан қаеринг кам, у ҳам олий мацлумотли, сен ҳам, у ҳам оилали, сен ҳам, аммо у шоҳона яшаяпти, сенинг уйингда эса сичқонлар аза тутиб ётишибди». Ёки сиз эндигина фан номзоди бўлганингизда иқтидорли бир собиқ курсдошингиз докторликни ёқлади, энди академияга сайланмоқчи. Ёхуд укангиз сиздан тўкинроқ яшайди, қўлини қаерга узатса етади. Ё қўшнингизнинг тўрт мучаси соғ, сизнинг эса қандайдир жисмоний камчилигингиз бор.
Ана шундай ҳолатларда агар ақлингизни топмасангиз, ўрнингиз, мақомингизни яхши англаб олмасангиз, ҳаётингиз бутунлай зулматга, уқубатга айланади. Яшашдан ҳам, одамлар билан муносабатдан ҳам совиб кетасиз. Иродаси бўшроқ одам бўлса тушкунликка тушиб, ҳатто ўз жонига қасд қилишгача бориши мумкин.
Ваҳоланки, буларнинг ҳаммаси ҳеч нарсага арзимайдиган васвасалардир. Танишингиз ёки яқинингиз бойликдами, мансабдами, обрўдами, ҳусндами сиздан устунроқ бўлса, нима қипти? Сиз ўзингиздан пастроққа, сиздан ҳам ночорроқ кишилар борлигига қаранг. Атрофингизда қанчалаб камбағаллар, оддий одамлар, муҳтожлар, хунуклар ҳаётидан нолимай яшаб юрганига эцтибор қаратинг.
Аллоҳ сизни, уларни ва ҳаммани шундай қилиб яратган, Унинг хоҳиш-иродаси шундай бўлган. Сиз ҳадеб ўз аҳволингиздан шикоятлар қилиш, турмушингиздан, мартабангиздан нолиш ўрнига дунёнинг қаеридадир бўлаётган урушларда бегуноҳ одамларнинг ўлиб кетаётганини, ярадор бўлаётганини, яқинларидан ажраётганини кўз олдингизга келтиринг. Ёки яна қайдадир бир бурда нонга зор, бошпанаси йўқлигидан кўчада тунайдиган хор одамлар борлиги ҳақида ҳам бир ўйлаб кўринг. Ёхуд бир маҳалладошингиз кўп йиллардан буён беморлик тўшагида қимирламай осмонга тикилиб ётганини бир эслаб қўйинг. Ана шунда кимларнингдир назарида сиздан бахтли одам йўқлиги, кимларнингдир ҳам сизга ҳавас қилишлари, кимлар учундир сиз комил инсон тимсоли эканингиз аён бўлади-қолади.
Танангизнинг соғ бўлиши, юртингизнинг тинчлиги, етарли озуқа ва кийимларнинг борлиги, ҳаво ва сувнинг мавжудлиги, қўйингки, бутун дунё сизнинг қўлингиздаю, уни ҳис қилмаяпсиз. Ҳаётга эгасиз-да, уни билмаяпсиз. «Аллоҳ осмонлар ва ердаги барча нарсаларни сизга бўйсундириб қўйганини ва сизга барча зоҳирий ва ботиний (яцни, моддий ва мацнавий) нецматларини комил қилиб берганини» кўрмаяпсиз. Икки кўзингизнинг, тилингиз, икки лабингиз, икки қўл ва икки оёғингизнинг мужассамлиги энг катта давлатингиз эмасми?
Энди бир ўйлаб кўринг-чи, кесилган оёқ билан юриш осон ишми? Болдирингиз олиб ташланган бўлса, унга суянишнинг иложи борми? Оғриқ ўраб турганида кўзингизни юмиб ухлай олармидингиз? Ёки хаста қорнингизга иштаҳа тусаб турган овқатни ёки совуқ сувни кирита  олармидингиз? Шундай кишилар борки, овқат вужудини қақшатиб, ичган суви заҳарлаб, уни касалга мубтало қилган.
Қулоғингиз ҳақида фикр юритинг, чунки карликдан омонда этилдингиз. Кўзингиз ҳақида ўйланг, чунки кўрликдан омонда қилиндингиз. Терингиз тўғрисида фикр айланг, чунки  песлик ва мовохликдан нажот топдингиз. Ақлингизга назар солинг, чунки ақлингиз етарли бўлгани учун жиннилик ва довдирликка чалинмадингиз.
Фараз қилинг: битта кўзингизни Чотқол тоғидек олтинга алиштирармидингиз? Ёки қулоғингизни Помир тоғи вазнича кумуш эвазига сотишга кўнармидингиз? Тилингизнинг соқов бўлиши эвазига подшоҳлар қасрини сотиб олишни хоҳлармидингиз? Қўлингиз кесилиши эвазига гавҳар ва ёқутларга эга бўлишни  истармидингиз?
Ўзи аслида энг афзал нецматлар ичидасиз, лекин ўзингиз билмайсиз. Шунинг учун ғам-ғусса, хафа ва тушкунликда яшайсиз. Олдингизда иссиқ нонингиз, совуқ сувингиз, тинч уйқунгиз, узун офият турса-да, йўқотган нарсаларингиз ҳақида бош қотирасиз. Борига шукр қилмайсиз. Молиявий зарардан безовта бўласиз. Аслида сизга саодат калити, беҳисоб яхшилик, иқтидор, нецмат ва бошқа эзгу нарсалар бериб қўйилгани ҳақида жиндай тафаккур қилмайсиз. 
Танлай ола билиш қобилияти ҳам хотиржамлик асосидир. Одамзод яратилганидан буён унинг жисмида мавжуд бўлган сўзлаш, хаёл, сезиш қувватлари каби танлаш қуввати ёрдамида инсон бошқалардаги гўзал ва хунук хислатлар, муҳим ва зарарли ишларнинг яхши-ёмонини ажрата олади. Абу Наср Форобий ёзганидай: «Танлаб олиш хосияти ёрдамида инсон бирор нарсани истайди ёки ундан қочади, унга берилади ёхуд ундан жирканади, ундан тацсирланади ёки тортинади. Бунинг натижасида нафрат ва муҳаббат, дўстлик ва душманлик, қўрқинч қа жасурлик, ғазаб ва розилик, шаҳват ва миннатдорлик ҳис-туйғулари пайдо бўлади».
Бекорчилик ёки севмаган машғулотни қилиш, ўзгаларнинг миннатли эҳсонларига кўз тикиб яшаш, ўзингизга ёки инсониятга фойда келтирмайдиган ишлар билан шуғулланиш ҳам ҳаётингизнинг маромини бузадиган, турмушингиздан файз ва лаззатни олиб қўядиган энг ёмон иллатлардандир. Бекорчилар барчанинг назаридан қолган ва ҳамманинг эцтирозига сабаб бўлувчи кишилардир. Чунки уларнинг иродаси бўш, ўзлари эса ачинишга лойиқ бебахт кишилардир.
Инсоннинг энг тубан ва хатарли ҳолатларидан бири унинг бекорчи бўлиб қолишидир. Бундай инсон икки тарафига қалқа-қалқа пастликка шитоб билан тушиб бораётган ҳайдовчисиз машинага ўхшайди. Агар бекорчи бўлиб қолар экансиз, ўзингизни ғам-андуҳ ва қўрқинчлар гирдобига тайёрлайверинг. Чунки бекорчилик сизга  ўтган, ҳозирги ва келажак ҳаётдаги барча паст-баландликлар, озор-ўкинчлар ҳақидаги мацлумотлар дафтарчасини  олиб келади. Миянгизга бир-биридан ваҳимали ташвишларни, ғам-ташвишга қоришган ўй-фикрларни тўлдириб ташлайди ҳамда сизни бесаранжомлик ва ғурбат чангалзорларига киритиб юборади.
Доноларнинг насиҳати шуки, ўша таги йўқ, пўк нарсалар ўрнига самара берадиган фойдали ишлар билан шуғулланинг. Чунки бекорчилик махфий ўлим ва тинчлантирувчи капсула билан ўз жонига қасд қилишдан бошқа нарса эмас. Бекорчилик худди Хитой қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қўлланиладиган томчи сув билан жазолаш воситасига ўхшатилади. Уларда маҳбус устига ҳар дақиқада бир томчидан сув туширадиган жўмрак ўрнатилади ва у ўша томчи қачон тушар экан, деб кутиш асносида у жинниликка мубтало бўлади.
Шундай бўлгач, ҳозироқ ўрнингиздан туринг-да, бирор фойдали юмушни қўлга олинг. Китоб мутолаа қилинг ёки бирор нарса ёзинг, ҳеч бўлмаганда ёзув столингизни тартибга солинг ёки уйингизнинг кам-кўстини тузатинг. Хулласи бошқаларга манфаати етадиган нима иш бўлса ўшани қилинг, фақат ҳаётингизда бўш вақтга ўрин қолмасин. Кунингизга мазмун кирсин. 
Бекорчиликни иш пичоғи билан бўғизлаб ташланг, шунда дунё шифокорлари сизга эллик фоиз бахт-саодат кафолатини беришади. Деҳқонлар, новвойлар, қурувчиларнинг қушларга ўхшаб ўзларининг роҳат-фароғатда, бахтли эканлари ҳақида тинмай куйлаб юришганига эцтиборингизни қаратинг. Тўшак устида кўз ёшларингизни арта-арта изтироб чекишдан тўхтанг. Шундагина қалб хотиржамлигини қўлга киритасиз, икки дунё саодатига эришасиз! 
«Ўкинма» китобида ёзилишича, бошқаларнинг шахсиятига ўхшаб олиш ҳам доимий азобдир. Кўпчилик бу нарсани унутиб қўяди ва овозини, ҳаракатларини, қилиқларини, сўзларини, иқтидорини, қўйинг-чи барча ҳолатларини бошқаларникига ўхшатишга, ҳеч бўлмаганда ўзганикига яқинлаштиришга интилади.
Бу нарса инсоннинг ўз зоти, табиатига бўлган такаллуфи, мақтанчоқлиги ва тақлидбозлигидан бошқа нарса эмас. Одамзоднинг атиги икки нафари кўринишда, хилқатда, фецл-атворда ҳеч қачон бир хил бўлмайдию нима учун иқтидор ва ахлоқда бир бўлсин? Сиз тамоман бошқа бир шахссиз! Тарихда сизга ўхшаши асло бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Атрофингиздаги ҳамма одамдан бошқачасиз.
Қандоқ яратилган бўлсангиз, ўшандоқ яшашга интилинг. Овозингизни, гапириш оҳангингизни, юриш-туришингизни  ўзгартирманг. Сизнинг фақат ўзингизга хос идрок қилиш хусусиятингиз бор, фақат ўзингизга хос рангингиз мавжуд. Атрофингиздагилар сизни ўша идрокингиз ва рангингиз ҳолатида кўришни исташади. Одамлар табиатига кўра худди наботот оламига ўхшашади. Ширини ҳам бор, нордони ҳам бор, узуни ҳам бор, калтаси ҳам. Агар олма бўлсангиз, беҳига айланиб олишингиздан нима мацно бор? Ахир айнан олма бўлганингиз учун чиройли, қимматли, эцтиборга лойиқсиз.

Аҳмад Муҳаммад

 

 

 

Ҳозир сайтимизда 60 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ