1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Бойишнинг йўли кўп

Ҳозирги давримизда камдан-кам одам фақирликни хоҳлайди, оз сонли айрим кишиларгина камбағалликка рози бўлишади. Ҳарқалай, ҳозиргача «менга дунёнинг асло кераги йўқ, мен камбағал-фақир яшашни хоҳлайман», деган одамни унча кўп кўрмадик. Аксарият одамларнинг фикри-ёди ҳамиша катта пул ва мол-дунёни қўлга киритиш, бойлигини кўпайтириш, тўкин ва фаровон яшашга қаратилган бўлади. Ҳатто ёш болалар кичиклигиданоқ «катта бўлсам кўп пул топаман, фалондақа машина оламан, фалончига ўхшаб «каттакон» (амалдор) бўламан», деган орзулар билан яшайди. Бу табиий ҳол. Парвардигор шундай бўлишини хоҳлаган, шунинг учун инсонларни дунёга муҳаббатли, иштиёқманд, рағбат кўрсатадиган қилиб яратган.  
Хўш, унда қандай қилиб бойиш мумкин? Қандай қилинса, кўп мол-дунёга эга бўлиш мумкин? Бадавлат бўлишнинг қандай йўллари бор? 
Минг афсуски, кўпчилик ана шу саволларга жавоб топиш учун Ғарбдаги пулдан бошқа нарсани ўйламайдиган, ҳамма нарсани пул-бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида иймон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам осонгина воз кеча оладиган, бу йўлда ҳалол нима, ҳаром нима – мутлақо фарқламайдиган муттаҳам ва инсофсиз кишиларга эргашади. Шундайларга мўлжаллаб, шундайларни мисол келтириб ёзилган турли тавсиянома, китоб ва дастурларга суянади (дарвоқе, яқинда китоб бозорида «Энг харидоргир китоблар қайсилар?» деб савол берсам, «Энг аввало қандай қилиб бойиш ва бойликни кўпайтириш, сўнг бахтли ҳаёт кечириш, кейин пазандалик ҳақидаги китоблар», деб жавоб беришди). Айримлар ўзи бой бўла олмай бошқаларга бойлик ваъда қиладиган алдамчи фолбин, «башоратчи» ва коҳинлардан ёрдам кутади. Ҳеч қандай фойдаси йўқ ирим-сиримларга ишонади. Бундайлар ҳаётнинг мингта кўчасига кириб, мингта фитнасига рози бўладию, аммо  Яратган томонидан кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўяди. 
Энг аввало, ҳозирги пайтда кишиларнинг онгига «Ҳалол йўл билан асло бойиб бўлмайди, фақат бошқаларни алдасанг, чув туширсанг, ёлғон ишлатсанг, пора олсанг, судхўрлик қилсанг, заём ёки лотореяга катта ютуқ ютсанг,  пул тикиб қимор ўйнасанг, ҳаром йўллар билан пул топсанггина бойиш мумкин», деган ғоят хатарли ва бемаъни бир фикр сингиб кетган. Дўконида хамр сотаётган танишга «бу йўл билан бой бўла олмайсиз», деб кўринг-чи, ҳамма айнан шу орқали яхши фойда кўраётганини пеш қилиб, мингта мисол келтиради. Ёки ошхонасида пиво сотаётган бошқа бир танишингизга унинг бу ишида барака йўқлигини эслатиб кўринг, дарров атрофидаги ошхоналар тажрибасига қараганда пиво сотилмаётган ошхонага хўранда кирмаслигини рўкач қилади. Ёхуд бир тижоратчи дўстингизга фоизи билан катта қарз олиш ўрнига музораба (тенг шериклик) йўли билан қилган савдоси баракали бўлишини айтиб кўринг-чи, дарров сизга дунё тижорати тажрибасида айнан қарз олиб ниҳоятда бойиб кетган ўнлаб кишиларни санашга тушади. Ёки кўзингиз олдида носоз тарозида мол ўлчаб бераётган бир ноинсоф сотувчига бу ишининг гуноҳ экани ҳақида оғиз очиб кўринг-чи, шу заҳоти ҳозир тожирларга ниҳоятда қийин бўлаётганини айтиб, сизни мутлақо алдамаётгани ҳақида ўн марталаб қасам ичиб юборади. Бизларнинг бойлик ва бойиш ҳақидаги тасаввурларимиз, қарашларимиз ана шундай хато ва бузуқ!
Ваҳоланки,  бундай йўллар билан мол-дунё, бойлик орттириш ҳаромлиги, агар бошда худди бойиб кетганга ўхшаса ҳам, пировард натижа жуда аянчли бўлиши, бу усулларнинг дунё ҳаётидаги хатарлари ва кулфатлари-ку майли-я, унинг боқий дунёдаги  уқубатлари, ҳисоб-китоблари ниҳоятда оғирлиги кўп марта уқтирилган. 
Бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли ҳалол касб билан, ҳалол йўл билан қўл кучи орқали пул, бойлик топишдир. Касбларнинг энг яхшиси ҳалол савдодир. Ундан кейин эса чорвадорлик, деҳқончилик ва ҳунармандликдир. Хабарларда бундай дейилган: «Касбнинг афзали ҳалол савдогарлик ва ўз қўли билан қиладиган касбдир»; «Ризқнинг ўндан тўққиз қисми савдогарчиликда, бир қисми эса чорвачиликдадир»; «Қўй боқинглар, чунки у баракадир»; «Деҳқончилик қилинглар, чунки у баракали касбдир»;  «Бозорларимизга хориждан мол олиб келувчи одам гўё Аллоҳ йўлидаги жангчи кабидир. Бозорларимиздаги нарсаларни уйига яшириб сақловчи одам гўё Аллоҳнинг китобидаги худосиз кабидир». 
Пайғамбар алайҳиссалом ҳам, у кишининг машҳур сафдошларидан Абу Бакр Сиддиқ, Усмон ибн Аффон, Абдураҳмон ибн Авф ва бошқалар савдогар бўлишган. Исломгача ҳам, Исломда ҳам тожирлик (савдогарлик) энг шарафли, катта фойда келтирувчи ва мақталган касблардан саналган.  
Бугунги кунимизда тожирлик қилаётган айрим кишилар савдо  қоидаларини бузганлари ёки уларга риоя қилмаганлари сабабли топган молларида барака йўқ. Эртадан кечгача елиб-югуриб, ором-фароғатдан, соғлиқдан, ибодатлардан воз кечиб катта пул ёки мол-дунёни қўлга киритгандай бўлишади, аммо орадан кўп ўтмай барча топганлари ҳавога учиб, бир рус эртагида айтилганидай, яна ўша «тешик тоғора» қаршисида қолишаверади. Тожирлик касбларнинг энг яхшиси, фойдалиси, сердаромади бўлишига қарамай, унга ҳаром аралашса, савдо қоидалари бузилса, кўзланган мақсадга эришилмайди, бойлик қўлга кирмайди. Фақат ортиқча жон койитилгани, бесамар чопилгани қолади. 
Савдо орқали бойиш, давлат орттириш учун унинг одобларига риоя қилиш керак. Энг аввало,  молнинг нави, жинси, масдари, харажатлари ҳақида ёлғон қўшмай, ҳақиқий сифати билан тавсифлаш керак. Иккинчидан бағри кенг бўлиш лозим, яъни сотувчи нархдан тушиб, олувчи ошиқроқ тўлаб ҳиммат қилиши керак. Гарчи сўзи рост бўлса-да, қасам ичиш, айниқса савдода Аллоҳ номи билан қасам ичишдан мутлақо тийилган маъқул. Хабарда: «Қасам молни бозоргир қилса-да, баракасини кетказади»; «Савдо-сотиқда кўп қасам ичишдан сақланинглар, зеро у олдин кўпайтириб, кейин барбод қилади», дейилган. 
Шунингдек, тожирлар хайр-эҳсонни кўпайтиришлари, қарзни ёзиб қўйиш ва унга шоҳид қилиш каби ишларга ҳам эътибор беришлари даркор. Шундагина уларнинг савдолари баракали бўлади, қўлларига кирган мол-дунё тезда кетиб қолмайди. 
Кўпчилик мол-дунёдаги Аллоҳнинг баракаси ҳақида етарли тушунчага эга эмас. Гоҳида бозорларда нарх-навони ҳаддан ташқари баландлатиб юбораётган, тарозидан уриб қолаётган, молини ўтказиш учун ёлғон қасам ичаётган, кўз олдингизда молининг нуқсонини яшириб, сизни алдашга уринаётган «тожирлар»ни инсофга чақирмоқчи бўлиб, «қўйинг шу қилиғингизни, молингиз ва пулингизнинг баракасини берсин, ҳалол савдо қилинг», десангиз балога қоласиз. «Баракани сизга бердим, гапни кўпайтирмай мен айтган нархни бераверинг», деган нордонгина «маслаҳат» эшитиб оласиз. Бу бечоралар  қилмишлари учун  нақадар оғир ҳисоб-китоблар, азоб-қийноқларга дучор бўлишини, дунё ҳаётининг ўзида эса қанча машаққатлар, оғир  йўқотишлар эвазига топган пулида ҳам, мол-дунёсида ҳам заррача барака бўлмаслигини билганида эди, дарров ўзини ўнглаган,  ҳалол савдо қилишга ўтган бўлар эди. 
Инсофга чақирган харидор асло ютқазмайди, алдаган сотувчи ҳеч қачон ютмайди. Наздида харидорни боплаб, бир қоп пул ишлаган бўладию аммо ҳеч қанча вақт ўтмай ўшанча пулнинг сувга оққандай тез совурилганига тушуна олмай, гангиб қолаверади. Ё ўғрига олдиради, ё ўзидан кўра устамонроқ муттаҳамнинг тузоғига тушади, ёки бирорта золим зўрлик билан тортиб олади, ёхуд бирор офатга учраб, баридан бир сонияда ажрайди, ё ўзи, яқинлари бирор тузалмас оғир дардга мубтало бўлиб, топган пули уни даволашга кетади. 
Аксинча савдонинг барча одобларига риоя қилган, инсоф ва инфоқни унутмаган тожирларнинг бойлигига кун сайин барака кириб, мол-давлатлари кўпайиб бораверади. Топган фойдасини уч қисмга бўлиб, бир қисмини аҳли-оиласига нафақа қилаётган, бир улушини Аллоҳ буюрган ишларга, яъни закот, фақир-мискинларга инфоқ-эҳсон, хайрли ишларга ажратаётган, қолганини тижоратининг равнақи учун сарфлаётган тожирларимиз кўп. Иншааллоҳ, уларнинг савдоси баракали, хайрли бўлгай, пул, дунё топиш баробарида катта савобларга ҳам эришгайлар.
Ҳаром нарсалар савдоси орқали қўлга киритилган мол-дунё ҳам эгасига вафо қилмайди. Бунга хамр,  чўчқа, ҳаром ўлган ҳайвон гўшти каби ҳаром ва истеъмоли тақиқланган маҳсулотларнинг савдоси,  кейинроқ қимматига пуллаш мақсадида  молларни яшириб қўйиб, танқислик пайдо қилиш, ҳалол молни ҳаром мол эвазига айрбошлаш (масалан, газмолни чўчқа гўштига  алмаштириш), одам аъзоларини (масалан сочи, сути) ни сотиш кабилар киради.
Омонатдорлик, яъни омонатга хиёнат қилмаслик ҳам бой бўлишнинг шартларидан биридир. Кўплар бойишни, савдоларига барака киришини исташадию аммо омонатдорликни «унутиб» қўйишади. Қарз олишади, аммо тезроқ бериш ҳақида эмас, уни қандай қилиб бермаслик, узиш вақтини ортга суриш ҳақида кўпроқ бош қотиришади. Бировнинг молини катта ваъдалар билан қўлга киритишади, аммо пулини тўлашни пайсалга солишади. Бундай йўллар билан қўлга киритилган бойликнинг ҳам баракаси бўлмайди, унинг қандай қилиб ғойиб бўлганини эгаси ҳатто сезмай қолади.  Хабарда айтилганидай, «Омонатни сақлаб, вақтида қайтариш кишининг ризқини зиёда қилади, омонатга хиёнат қилиш эса қашшоқлик келтиради». 
Ҳалол йўл билан бой бўлишнинг яна бир шарти  берилган ризқ-неъматлар учун шукрни ва ҳамдни кўпайтириш, Муҳаммад алайҳиссаломга, у зотнинг аҳли байтига саловот-саломлар йўллашдир. Чунки Аллоҳ таоло: «Агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта сизларга зиёда қиламан», деган.   
Фақирликдан паноҳ тилаш, мол-дунё, давлат ёки кенг-мўл ризқ сўраш учун Яратганнинг зикрини кўпайтириш, буюрганларини комил суратда адо этиш, халқумни поклаш,  ривоят қилинган ишончли  дуоларни мунтазам ўқиб юриш тавсия этилган. Бу борада бир неча дуолар борки, қуйида улардан айримларини келтирамиз:
Расулуллоҳ  алайҳиссалом кўпинча «Эй Аллоҳим,  дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни бер ва дўзах азобидан бизларни сақла», деб дуо қилар эдилар. 
Абдуллоҳ ибн Умар: «Бирортангизнинг яшаши қийинлашиб қолса, уйидан кўчага чиқаётиб, қуйидаги дуони айтсин», дедилар:  «Нафсим, молим ва динимга Аллоҳнинг исмини айтаман. Эй Раббим, қазои қадарингдан мени рози қил. Ва тақдир этган нарсангни менга баракали қил. Токи, кечиктирган нарсангни тезлаштиришни ва тезлаштирган нарсангни кечиктиришни яхши кўрмайин». 
Бир қул озод бўлиш учун шартлашилган миқдордаги маблағни топа олмай, Ҳазрати Алидан ёрдам сўради. Шунда у киши: «Сенга Расулуллоҳ ўргатган калималарни ўргатиб қўяйми, агар қарзинг тоғнинг бир тарафича бўлса ҳам ундан қутуласан», бу – «Эй Раббим, ҳаром (аралаштирмай), ҳалолинг билан менга кифоя эт! Фазлинг ила Ўзингдан бошқадан беҳожат қил», дуосидир», дедилар.  
Пайғамбар алайҳиссалом инсонларга Аллоҳдан дунё ва охиратда офият ва кенг ризқ тилаш, фақирлик фитнасидан паноҳ беришни сўраш учун бир неча дуоларни ўқиб юришни тавсия этганлар. Масалан, «Аллоҳим, Сендан ҳидоят, тақво, иффат ва бойлик сўрайман», каби.   
Мол-дунё сўрайдиганларга, бойишни истаганларга   яна бир хабарни тавсия этмоқчимиз: Расулуллоҳ алайҳиссалом бундай деганлар: «Аллоҳга риоя қил, сени сақлайди. Аллоҳга риоя қил, йўналишингни топасан. Агар сўрасанг, Ўзидан сўрагин. Агар ёрдам тиласанг, Ўзидан тилагин. Билгинки, агар уммат бирор нарсада сенга ёрдам беришга жамланса, фақатгина  сенга ёзиб (тақдир қилиб) қўйилган нарсанигина ёрдам қила олади. Агар ҳамма бирор нарсада сенга зарар беришга тўпланса, фақат  сенга ёзиб (тақдир қилиб) қўйилган нарсанигина зарар бера олади. Қалам кўтарилиб, саҳифалар қуриб бўлган».  
Бой бўлишни истасангиз, хайр-эҳсон ҳамда турли садақаларни кўпайтиринг. Чунки хабарда: «Садақа бериш билан мол-дунё камайиб қолмайди», дейилган.

Иззат қаноатдадир

Яқинда ҳамкасбларимдан бири турмушининг «ночорлиги»дан бундай шикоят қилиб қолди: «Рўзғор тебратиш ҳам қийин бўлиб кетди, топганимиз овқатдан ортмаяпти. Мана, икки ҳафтадирки, болалар пишлоқ билан сариёғни кўришгани йўқ». Бир маҳалладошим эса ўғлини уйлантиргач қарздор бўлиб қолганидан дуч келганга шикоят қилиб юрибди. Аллақайси шаҳардан таклиф қилган лапарчисига битта новвоснинг пули кетганмиш. Никоҳ олдидан бўладиган ЗАГС зиёфатига тўйнинг ярим пули сарф бўлганмиш. 
Энди ўзимизга бир савол бериб кўрайлик: хўш, биринчи воқеадаги ҳамкасбим ҳаётидан зорланишга ҳақлими? Егани нони, ширинлиги, чойи бор, қора қозони қайнаб турган. Фақат дастурхонидан пишлоқ билан сариёғ узилиб қолибди. Шунга ўксиниб, турмушидан нолиб юрибди. Иккинчи ҳолатдаги маҳалладошм тўйни камтарроқ, камчиқимроқ қилиб ўтказса, бироқ сўкармиди? Неча йиллаб машаққат билан топган пулини бир соатли базмга сарфлаб юборишга уни ким мажбурлади? Жавобини қаранг: «Ўғлим ўртоқларидан ортда қолиб ўксимасин» эмиш. Ота қарздор бўлса, ҳасратидан чанг чиқиб юрса, майлиймиш, аммо эртасигаёқ ҳамма унутиб юборадиган кераксиз бир одат ижро этилмай қолса, катта фожиа – болалар ўксиган, катталарнинг боши қотган.
Ҳар икки воқеа ҳам инсонлар қаноатни унутиб, тобора нафсига қул бўлиб бораётганидан, одамларнинг гапидан қўрқиб ёки ном чиқариш учун дунёга мубтало бўлаётганидан дарак беради. Одамлар янги чиққан пулдор амакиларга тақлидан «кўрпасидан оёғи тугул, бели чиқиб кетса» ҳам баландроқ чўққини кўзлайдиган, кучи-моли етмаса ҳам юксакроқ дорга осиладиган бўлиб бораётгандай туюлади. Аммо нафс шундайин ўпқонки, уни на тўлдириб, на тўйдириб бўлади. Бугун нон-чойга қаноат қилмасангиз, эртага сариёғ-пишлоқлар, индинга қази-қартаю бедана кабоблар ҳам камлик қилиб қолади. Кейинроқ булар ҳам озлик қилиб, хориждан келтирилган қимматбаҳо, тансиқ ва ноёб таомларни хоҳлаб қоласиз. Нафс эса тобора шишиб, ҳаккалак отиб, иштаҳаси очилиб, ҳеч нарсани қолдирмай юҳодек ютаверади. 
Турмушнинг бошқа жабҳаларида ҳолат шундай бўлади. Бугун валасапитда юрсангиз, эртага мотосиклни, индинга машинани истаб қоласиз. Кейин эса «Нексия», «Мерседес», «Жип»… дегандай ҳавас-истак ортиб бораверади. 
Инсоннинг бундай ҳолатини асло айблаб бўлмайди. Чунки у  шундай жибиллият билан яратилган. Дунёнинг шаҳватларига, зийнатларига, неъматларига муҳаббатли, қизиқадиган қилиб яратилган: «Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (іиммат) баµоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоµишларга кґнгил іґйиш чиройли іилинди».  
Агар инсонлар шундай яратилмаганида, ҳамма мол-дунёдан юз ўгириб, таркидунёчиликни танлаганида ҳеч ким ишламас эди. Шаҳарлар, уйлар, кўприклар қурмасди, дунё бир харобазорга айланган бўлур эди. Лекин шу билан бирга инсонларга сабр, қаноат, неъматларнинг озига кўниш ҳислари ҳам берилган.
Бизлар-чи? Бизлар аллақачон бу тушунчаларни унутиб бўлганмиз. «Бозор иқтисоди қийинчиликлари қачон тугайди», деб зорланамизу аммо нафсимизнинг жиловини борича қўйиб юборганмиз. «Маошимизнинг камлигидан, пул топишнинг мушкуллиги»дан тинимсиз нолиймизу аёлларимиз,  фарзандларимиз эгнидаги қимматбаҳо кийимлар йилига эмас, ойига эмас, ҳафтасига янгиланаётгани билан иш тутмаймиз. Уч-тўрт жойда ишлаш туфайли    минг азобда топган пулимизни ортиқча ҳою-ҳавасга, бировдан ортда қолмасликка, ном чиқаришга осонликча совуриб юборамиз. Ўғлини хорижга ишга жўнатаётган бир танишимдан сўрадим: «Турмушда қийналиб қолдингларми, фарзандларни уйлаб-жойлашга пул топилмаяптими ёки яқинларингиздан бирортаси қаттиқ беморми, даволатишга пул йўқдир-да!». Минг афсуски, аҳвол мен ўйлагандан анча яхши экан. «Фарзандларнинг бари уйли-жойли бўлиб кетган, нафақамиз эр-хотиннинг эҳтиёжига етиб турибди, майда-чуйда хасталикларни ҳисобга олмаса, Худога шукр, ҳамма соғ-саломат, фақат битта тузукроқ машина минай деган армон бор эди-да!». Ана сизга ўғлини оиласидан айириб, хорижга ишга юборишнинг энг кучли «далили!».
Минг таассуфлар бўлсинки, ўтмишда камбағали сабру қаноатда, бойлари саховат ва қўли очиқликда дунёга ибрат бўлган улуғ халқнинг бугунги ворислари қаноатни тобора унутиб бораётганга ўхшайди. Тарихимизга назар ташлайдиган бўлсак, ота-боболаримиз қаноат, сабр, тамкин борасида қанчалар улуғ ва устун бўлишганини кўрамиз.
Ривоятларда келтирилишича, бир куни  Абу Зарр Ғифорий Салмон Форсийнинг меҳмони бўлди. Дастурхон ёзилди. Салмон Форсий бир кўзада сув, бир бўлак қотган нон келтириб қўйди. Абу Зарр сувдан ичди ва тузсиз, қотган нондан тотиниб: «Қандай яхши, мазали нон, фақат тузи камроққа ўхшайди», деди. Мезбон: «Рост айтасан», деди-да ўрнидан туриб, кўзани бозорга элтиб сотди ва пулига туз харид қилди. Икковлон нонга туз сепиб ейишди. Нонушта тугагач, Абу Зарр Ғифорий: «Бизга қаноат ато этган Аллоҳга шукрлар бўлсин», деб дуо қилди. «Албатта Аллоҳга шукрлар айтамиз. Лекин қаноатимиз янада кўпроқ бўлганида кўзани тузга алмаштирмаган бўлардик», деди Салмон Форсий.
Тасаввуф шайхларидан Ҳусайн Антокий ҳикоя қилади: «Бир куни кечқурун эранлардан ўттиз-қирқ киши суҳбатлашиб ўтирган эдик. Ўртада фақат биттагина нонимиз бор эди. Нонни майда бурдалаб дастурхонга қўйдик. Кейин ҳар ким тортинмасдан олиб ейиши учун чироқни ўчириб қўйдик. Орадан бирмунча вақт ўтгач, чироқни ёқдик. Қарасак, ҳамма оч бўлишига қарамай, ҳеч ким дастурхонга қўл узатмабди».
Қаноат тақвонинг бир қисмига тенглаштирилган. Ота-боболаримиз, улуғларимиз сабру қаноатда ҳамиша ибрат бўлишган, бошқаларни ҳам ана шунга чақиришган. Айтилганидек, «Нафс энг катта душмандир»; «Мол-дунёси кґп бґлган киши бой дейилмайди, балки µаіиіий бой нафси тґі бґлган кишидир». Нафсни ўлдириш, унинг айтганларига юрмаслик қаноатнинг зарур шартидир.  
Кўпчилик  ўз ризқини ўзлари асло кутмаган жойлардан, ақлга сиғмайдиган ҳолатларда бериб қўйилиши ҳақида унча бош қотирмайди. Аллоҳдан сўраб, эрта билан ризқ ахтариб кўчага чиқиб кетган одам албатта нимадир бирор егулик топиб келади. Бирор одамнинг ризқи тугамай вафот этганини, ёки аксинча ризқ келмай қолиб, очидан ўлганини ҳалигача ҳеч ким эшитмаган. Бу худди уйингизга уя солган қалдирғочлар эрта тонгда боласига емиш топиб келгани боши оққан томонга қараб учгани кабидир. Қалдирғочларга ҳеч ким «фалон жойда ҳашаротлар учиб юрибди, ёки писмадон жойга емиш яшириб қўйилган», деб  йўл кўрсатмаган. Ҳатто  ана шу ақлсиз махлуқлар ҳам ризқни Холиқ беришини  яхши ҳис қилади. 
Жобир бундай ҳикоя қилади:  Јурайш карвонини тґсиш учун Абу Убайда бошчилигида бизни улар томонига юборишди. Йґлда ейиш учун бизга битта халтада хурмо берилди. Ундан бошіа нарса топилмади. БошлиІимиз Абу Убайда бизга битта-биттадан хурмо берарди. Буни эшитиб турганлар: «Эй Жобир, ґша бир дона хурмони іандоі іилиб ер эдинглар?» деб сґрашганида, Жобир: «Биз у хурмони худди ёш гґдак онаси кґкрагини эмгани каби шимиб, устидан сув ичардик. ¤шанинг ґзи бизга то кечгача етар эди. Бундан ташіари асоларимиз билан баргларни тґкиб, сувда µґллаб тановул іилар эдик», деди…   
Абу Али ибн Сино: «Киши учун энг фойдали, дилни ёритувчи нарса қаноатдир, энг зарарли ва нафратланарли нарса эса ҳирс ва ғазабдир, бошқаларда кўрганни қаттиқ истамаслик ҳам қаноат саналади», деган. Абу Туроб Нахшабий эса: «Қаноат ризқни Аллоҳдан олмоқдир», дейди.
Улуғ сўфий Бишр Хофийнинг мана бу гапларига бир диққат қилинг: «Қирқ йилдан буён кўнглим қовурилган гўштни истайди, аммо бир дирҳам ҳам пулим йўқ». Тасаввуф шайхларидан Умар Форуқ Сайдо ал-Жазарий дейдилар: «Инсон то ўлимига қадар шайтон ва нафс ҳужумидан омонда бўлолмайди…Агар биз мўмин бўлатуриб, нафсимизни жиловлай олмасак, демак ҳали биз комил мўмин ва комил иймон соҳиби эмасмиз. Комил иймонга эга бўлмаганим издан нафсоний орзу-ҳавасларни жиловлай олмаяпмиз». 
Ҳаким Ҳотам Лифофийнинг бундай сўзлари бор: «Тўрт нарсани тўрт нарсадан талаб этдик ва бу йўлда хато қилдик: бойликни молдан талаб этдик, у қаноатда экан; роҳатни кўпликдан изладик, озликда экан; неъматни таом ва кийимдан қидирдик, у сатрда, яъни Аллоҳ ёпган айбларда ҳамда Исломда экан». 
Берилган ризққа қаноат қилмаслик, фақирлик имтиҳонига сабр эта олмаслик, нафснинг фитналарига тушиб қолиш кишини минг алфозга солади. Ҳозирги даврда уйида етарли ризқи бўлатуриб, нафсига қул бўлиб, орзу-ҳавас кўйида ҳаёти тўкин ўтмаётганидан, бошқалар кийганни кия олмаётганидан, ўзгалар еганни ея олмаётганидан шикоят қилувчилар, зорланувчилар кўпайиб кетди. Бошқаларга тақлид қилиб, катта тўйлар қилиш учун никоҳни орқага сураётган, фарзандининг бахтига зомин бўлаётганлар ҳам йўқ эмас.  Берилган ризққа қаноат қилмай, каттароқ пул топиш, бошқаларга ўхшаб «тўкинроқ яшаш» учун ҳали у касбнинг, ҳали бу ҳунарнинг бошини  тутиб, ўзини ҳар томонга ураётганлар ҳам етарли. Катта мол-дунёга эга бўлиш учун қимор ўйнаётган, ҳаром йўллар билан пул топаётган, баданини сотиб фоҳишалик қилаётган, энг даҳшатлиси, ҳатто иймон-эътиқодини пул-бойлик эвазига ғайримуслимларга сотаётганлар ҳам бор. Куни ўтиб турганига қарамай, каттароқ бойликка эга бўлиш учун ризқ ахтариб ўзга юртларга, ҳатто ғайримуслим ўлкаларга сафар қилаётганлар ҳам тобора кўпайиб боряпти (ўша жойлардаги маҳаллий халқнинг бузуқ ақидаси таъсирига тушиб қолиш хавфи борлиги алоҳида мавзу). 
Қаноатни йўқотган одам ҳеч нарсадан тап тортмайдиган бўлиб қолади. У одамлар бирор нарса берармикан, деб тамаъ қила бошлайди. Бирор нарса илинжида бойлар эшигига серқатнов бўлиб қолади. Ҳар қандай хўрликларга учраса ҳам Аллоҳдан сўраш ўрнига бандасига ялинади. Қаноатсизлик бора-бора ҳатто одамлардан тиланишгача олиб боради.  Тиланчиликнинг нақадар ёмонлиги ҳақида  бундай дейилган: «Одамларнинг қўлидаги нарсадан умид қилманглар. Тамаъгирликдан сақланинглар, у нақд фақирликдир»; «Баланд іґл паст іґлдан яхшидир (яъни садаіа іилувчи іґл тиланчи іґлдан яхшидир). Садаіани іґл остингдагилардан бошла. Садаіанинг энг яхшиси — кишининг ґзидан кейин бойлик іилиб іолдирган нарсасидир. Ким камсуіум бґлса, Аллоµ уни камсуіум іилиб іґяди. Ким ґзини беµожат іилса, Аллоµ уни беµожат іилиб іґяди».   
Қаноатни унутиб тиланчилик йўлини танлаганлар хусусида яна бир  ривоят бор: «Тиланчини, гарчи у пешонаси қашқа ва тўрт илиги оқ (яъни энг ноёб ва қимматбаҳо) от миниб келган бўлса-да, бирор нарса бермай ортига қайтармангиз! Агар гадо тиланчилик қилиб ўзига қандай гуноҳ орттираётганини билганида эди, бировдан нарса сўрамаган бўлар эди. Агар сўралгувчи ҳам гадони қуруқ қайтарётгани учун ўзига қандай гуноҳ орттираётганини билганида эди, бирор нарсани қизғанмаган бўлур эди».

Исроф саҳоват эмас

«Исроф» деганда кераксиз нарсаларга беҳудага пул сарф этиш, фойдасиз сарф-харажатлар ва ҳаракатлар тушунилади. Инсон табиатан исрофгарчиликка мойил жонзот саналади. Ҳар қадамда молини беҳуда сарфлайди.  Кўпларимиз бу соҳада исрофгарларнинг исрофгарига айланиб бўлганмиз. Машаққат ва ҳамма нарсадан ўзни қайтаришлар эвазига йиллаб йиққан молимизни ном чиқаришга қилинган кераксиз бир маросим, маърака учун бир кечада совуриб юборамиз. Бирор буюмнинг (масалан, улов, рўзғор ашёси ёки кийим-кечакнинг) арзонроғи тургани ҳолда бошқаларни лол қолдириш мақсадида энг қимматини сотиб оламиз, ҳатто «кимошди» савдосидан харид қиламиз.  Сув, озиқ-овқат, кийим-бош, ёқилғи ва бошқа неъматларни исроф қилиш соҳасида-ку ҳар қандай миллатни ортда қолдирамиз. 
Исрофнинг катта-кичиги йўқ. Бир замондош олим айтганидай, «Исрофнинг энг кичиги таом еган косангдаги ёғ юқини тозаламасликдир». Ном чиқариш, обрў қозониш, бошқалардан устун ёки пулдор эканини кўрсатиш учун уйларни ҳаддан ташқари ҳашаматли ва дабдабали қилиш, уларни хориждан келтирилган қимматбаҳо ашёлар билан жиҳозлаш, кийимнинг янги урф бўлгани (модадаги) изидан пул сочиш, зиёфат ва маросимларни бошқаларникидан бир неча баробар дабдабали, серчиқим қилиш ҳам давримиздаги исрофнинг кўринишларидандир. 
Тошкент тўйхоналаридан бирида (!) ўтказилган «марҳумни хотирлаш» маросими дастурхонига тортилган неъматларнинг кўплигидан, ранг-баранглигидан, қимматбаҳолигидан ҳамма ҳайратда қолди. Ҳатто меҳмонлардан бири таажжубини яшира олмай: «Пул топибдию, аммо сал ҳаддидан ошибди-да» деди. Шунда маросимга келган отахонлардан бири мезбоннинг бу такаллуфини оқламоқчи бўлгандай: «Ҳа, энди Аллоҳ давлат берибди, шунақа савобли ишларга сарф қилади-да, агар уни ичкиликка, хотинбозликка ёки қиморга сочиб юборганида нима дея олардик», деб тасалли берди. Тўғри, унга   мўл-кўл давлат берилган бўлса, инсончилик туфайли буни элга билдиргиси келади, катта сарфлар билан ўзининг нималарга қодирлигини кўрсатмоқчи бўлади.  
Лекин ҳамма ишда меъёр яхши, мўътадиллик яхши. Менга бойлик бериб қўйилибди, дея уни ҳар томонга сочавериш, айниқса  буюрилмаган ишларга харжлаш савоб ўрнига гуноҳ эшикларини очиб юбориши мумкин. Бунинг ўрнига маҳалладаги ночор яшаётган бир фақир оиланинг кам-кўстини қилиб бериш, ўқиш ҳақи (контракт) пулини тўлай олмаётган бир талабага елка қўйиб юбориш, уйланиш учун маблағ топа олмай гангиб юрган бир ёш оиланинг мушкулини осон қилиш, қарзини тўлай олмаётган бир танишини қўллаб юбориш мумкин-ку!
Ҳаётини, ақидасини нима қилиб бўлса ҳам бойиш, бу йўлда ҳар қандай ахлоқий меъёрлардан воз кечиш устига қурган Ғарбнинг расимол (капитал) дунёси ўз фойдасини кўзлаб, гугурт чўпини ҳам одамларга текинга бермасликка тиришади. Газетларда пўртахол ёки банан ҳосили кутилганидан ортиб кетса, унинг баҳоси тушиб, фойда камайиб кетишидан қўрққан сармоядорларнинг тонна-тонна неъматларни муҳтожларга тарқатмай уммонларга ағдаришгани ҳақида кўп марта ёзишган. Яна шуниси ажабланарлики, улар меваларни одамлар сувдан чиқариб олмасин, деган хавфда соҳилларга ҳеч кимни яқинлаштирмайдиган соқчиларни ҳам тайинлашади.
Наманганнинг Янги шаҳар қисмида яшовчи бир аёлнинг ҳикоясига қулоқ солинг: «Эрим вафот этиб, учта болам билан икки хонали «дом»да нафақасиз қолдик. Тўғри, очимиздан ўлаётганимиз йўқ, Аллоҳ тирик бандасининг ризқини бериб тураркан. Лекин ҳозир «осмондан чалпак ёғилармикин?» деб кутиб ўтирадиган пайт эмас. Қолаверса, «Сендан ҳаракат, Худодан баракат», деган гап ҳам бор. Ишлай десам, ҳеч қайда бўш ўрин йўқ. Ўйлай-ўйлай, бир қўшнимнинг маслаҳати билан ёндаги хонадонда турадиган бойвачча йигитнинг уйини тозалаб туришга ёлландим. У туманлардан бирида яшайди, дам олиш кунлари улфатлари билан базм қилиш учун шу хонадонни сотиб олган. Шартлашганимизга кўра уларнинг «базми» тугаб, туманига кетганидан кейин хонадонни йиғиштириб-тозалайман. Лекин ҳар гал тозалагани у ерга кириб, хўрлигимдан йиғи келади. Еб-ичилганидан ортган қанча-қанча қимматбаҳо пишлоқ, қўлбости (колбаса), қази, шоколад каби неъматлар, мева-чевалар шундоғича яроқсиз ҳолда қолаверади. Чунки эгаси рухсат бермагани учун мен болаларимга едиришдан тийиламан, сўрагани бетим чидамайди. Ўчириб кетилган музхонадаги ортиб қолган анчагина гўшт-ёғ, тансиқ таомлар ҳам айниб бўлган, фақат чиқариб ташлаш керак, холос. Ахир, кетаётганида мени чақириб, «Манавиларни саранжомлаб олинг», деса асакаси кетармикин? Ўзим айтай, десам, отасиинг амалига, қўлидаги давлатига қўнқайган қўрс йигитнинг жаҳлини чиқаришдан қўрқаман. Хулласи, «кимдир унга зор, кимдир қилар хор», деганларидай, исрофнинг касри бир куни унга уриб хароб қилмасайди, деб қўрқаман».
Исрофгарчиликнинг охири надомат билан тугайди, ҳалокат билан якунланади. Исрофгар қанчалик бой бўлмасин, оқибатда барибир камбағалга айланади. Шамини кундузи ёндирган одамнинг туни қоронғу бўлади. Пулини, молини, бошқа неъматларни хор қилган киши оғир кунда ўзи ҳам хор бўлади. Тасаввур қилинг: бир уй тўла оч-яланғоч одам ўтирибди. Уй совуқ, егани ҳеч вақо йўқ, хасталарга табиб чақиргани, дори-дармон олгани ҳам пул йўқ. Оила аъзоларининг барчаси ғамга ғарқ бўлган, ҳатто болаларнинг кўнглига шўхлик сиғмайди. Мана шу кўнгилсиз ҳолатнинг бош айбдори кераксиз ўринга мол сарфлаган, иқтисод, тежаш деган гапларни аллақачон унутиб юборган оила бошлиғидир. У «Пул мени эмас, мен пулни топаман», деб  эртасини ўйламай топганини беҳуда совурган.
Фахри коинот айтганларидек: «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар»; «Ким ҳаётда тежамкор бўлса, зинҳор қашшоқликка тушмайди».  
Тўғри, пулга, мол-дунёга муҳаббат қўйиш, пул устига пул йиғиш ёмон хулқлардан саналади. Аммо кераксиз ўринга пул-мол сарфлаш ҳам ақлга зид ишдир. Бир донишманд айтганидай, «саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин бахил бўлма». Исроф сахийлик эмас, тежамкорлик бахиллик эмас. Тежамкор киши пулини керагидан ортиқча сарфламайди. Юз сўмга олинадиган нарсага ҳовлиқиб минг сўм тўламайди. Пулини фақат ҳаёти, рўзғори, эҳтиёжи учун зарур бўлган нарсаларгагина харжлайди. Тежаган киши асло фақир бўлмайди, балки икки дунё саодатига эришади. 
Имоми Аъзамнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: «Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр йўқдир». Дарҳақиқат, Аллоҳ розилиги йўлида ўзгаларга ҳар қанча хайр-эҳсон (яъни, яхшилик) қилсангиз ҳам ортиқчалик қилмайди, исроф бўлмайди. Аксинча ҳар қандай  ишда исрофга йўл қўйсангиз, у ҳар қанча чиройли кўринмасин, ортида ҳеч бир яхшилик йўқ. Пулни ҳисоб-китоби билан сарф қилиш фойданинг ярмидир. 
Исрофгарлардан бири Суқрот ҳакимга камбағал бўлиб қолганидан шикоят қилди. Суқрот ўша одамга шундай маслаҳат берди: «Исрофингга бир чегара қўйиб, пулингни тежа, ўзинг ўзингдан қарз ол, шунда аҳволинг ўнгланади». Улуғ донишманднинг тавсияси бугунги кунимизда ҳар қадамда исрофга йўл қўйса-да, яна ҳаёти ночорлигидан шикоят қилиб фиғони фалакка чиқаётган айрим кишиларга ишоратдек туюлмайдими?

Бойлар ва бойлик мадҳи

Бойликни ва бойларни қоралаб-ёмонлаб бўлмайди. Агар бойлик ёмон нарса бўлганида  закот фарз қилинмаган бўлур эди. Бойлик катта савоблар, ажр-мукофотларга эришишнинг воситасидир, инсоннинг саховат, ҳиммат, инфоқ-эҳсон, силаи раҳм, олийжаноблик каби фазилатларга эришуви йўлидир. Фақат бойликни буюрилган йўлларга сарф этиш билангина, бу борада мўътадил йўл тутиш орқалигина савоб-мукофотларга эришишга муваффақ бўлинади.  
Яхши инсон дунё ва охират мувозанатини сақлаган кишидир. Дунё боқий дунёни излаш ва топиш учун керак, холос. Кўпгина инсонлар дунёни ёмонлик ва гуноҳ ишларга восита қилишгани туфайли у ёмонланади. Аслида яхши йўлларга бошлаб борувчи, охиратни қозонтирган дунё ёмон саналмайди, танқид қилинмайди.
Умуман ушбу китобни ёзишдан муродимиз мол-дунёни, бойликни қоралаш, одамларни  бойликка ва бойларга душман қилиш эмас. Инсонларни мол-дунёга интилишдан, унга рағбат кўрсатишдан қайтариш ҳам эмас. Сабаби, Аллоҳ таоло мол-мулкни яхши нарса ҳисоблаб, уни бандалар учун ҳаёт кечириш воситаси, садақа-эҳсонлар туфайли савобга эришиш омили қилиб қўйган. У бировга беҳисоб мол-дунё ато қилган бўлса, бошқа бировни ундан қисиб қўйган. Буларнинг бари Унинг ўлчовлари, инсонларни синаш учун бир имтиҳонидир. У бойлик-давлат бериб ҳам, камбағал-ночор қилиб қўйиб ҳам имтиҳон қилаверади.
Қолаверса, «Мен бойликни ёмон кўраман, менга дунё неъматларидан ҳеч нарса керак бўлмайди», деган одам ёлғон сўзлаган бўлади. Чунки инсонлар дунё молига орзу-ҳавасли, яхши яшашга, фаровонликка иштиёқли қилиб яратилган.  Таркидунёчилик ёки  берилган дунёни истамай, сочиб-исроф қилиб юбориш каби ҳолатлар қораланган. Сизга мол-дунё мўл-кўл қилиб берилибдими, бу Унинг сизни мол-дунё билан имтиҳон қилаётгани бўлади ёки сизга инфоқ-эҳсон, хайр-саховат эшикларини очиб, савоб-ажрларга эришувингиз учун имкон бергани бўлади.
Баъзи кишилар «Бу фоний дунёга муҳаббат қўйиш, рағбат кўрсатиш, пул ва бойлик йиғиш, бу ишларни яхши кўриш дуруст эмас, мусулмон одам учун мол-дунёга интилиш, бу йўлда касб-ҳунарларни ишга солишнинг кераги йўқ», дейишади. Бу ботил, хато ва қабиҳ гаплардир. «Овқат йўғида иштаҳа ҳам бўлмайди», деганларидек, пул-моли йўқлигида атрофидаги одамларга зоҳидликдан, қаноатдан, оз нарсага кўнишдан тўхтамай насиҳат қилган, бойлик ва мол-дунёни тинмай қоралаган, Аллоҳнинг марҳамати билан сал ўтмай бойиб кетгач, бойлигига маҳлиё бўлиб, инсоний қиёфасини йўқотган кимсаларни кўп кўрдик. «Мен мол-дунёдан беҳожатман», дейдиганларнинг ўзлари кўпроқ дунёга муккаларидан кетишади, уларнинг ўзлари бошқаларнинг молини талаш ёки тортиб олиш учун хаёлга келмайдиган алдов ва фитналарни ўйлаб топишади, енгил йўллар билан пул топишга ҳаракат қилишади. 
Пул топиш, айниқса ҳалол меҳнат, фойдали касб орқасидан бойлик орттириш айб ёки гуноҳ иш эмас, аксинча Аллоҳ ва Унинг пайғамбари буюрган хайрли ишлардандир, савоб-ажрларга эришиш воситасидир. Фақат дунёга, мол-мулк тўплашга қаттиқ муҳаббат қўймаслик, уни керакли жойларга сарфлаш, бунда бахилликка, исрофга, риёга йўл қўймаслик талаб этилади, холос.
Дарҳақиқат, мол-мулк дин ва дунё фойдаларига етишиш йўлидаги бир воситадир. Уни аҳлингизга, қўл остингиздагиларга, яқинларингизга инфоқ-эҳсон қилиб, Аллоҳ розилигини топишга имкон берадиган бир неъматдир. Ундан ажратиладиган садақа ва хайриялар  эса савобларни кўпайтиришга ёрдам берадиган бир омилдир. Қолаверса, у инсонни фақирликдан, ночорликдан қутқариб, унга руҳий-маънавий хотиржамлик, ибодат ҳаловатини берадиган бир яхшиликдир. Шунинг учун аждодлааримиз, аҳли тамизлар дунёни ёмонлашмаган, қоралашмаган, аксинча уни мадҳ этишган, мақташган. Донишмандлардан бири дунёни илоннинг заҳрига ўхшатган экан: озгинасини истеъмол қилсанг, шифо топасан, кўпи эса сени ҳалок этиши мумкин. 
Улуғ тобеъинлардан Саид ибн Мусаййиб: «Ҳалолдан мол жамлашни истамаган одамда яхшилик йўқ. Мол билан одамлар орасидаги шаънини, обрўсини сақлайди. Қариндош-уруғларига силаи раҳм (ёрдам) қилади. Молидан бошқаларнинг ҳаққини беради», деган.
Абу Исҳоқ Субайънинг айтишларича, «Улуғлар фаровонлик-кенглик динга ёрдам беради, деб ҳисоблашган». Суфёни Саврий эса: «Бизнинг бу замондаги мол-мулк мўминларнинг қурол-аслаҳасидир», деган. 
Имом Ғаззолий дунёнинг фойдасини дунёвий ва диний қисмларга бўлганлар. У кишининг айтишича, мол-мулкнинг диний фойдалари уч хил бўлади: 1. Мол-дунёни ўз эҳтиёжи учун сарфлайди, яъни  ҳажга ўхшаш ибодат йўлларига ишлатади ёки ибодатга ёрдам берадиган таом, кийим, уй-жой, маскан каби ҳаётий зарур нарсаларга харжлайди. 2. Одамларга сарфлайди, яъни садақа-эҳсон қилади (бунинг нақадар улуғ савоб экани ҳақида гапириб ўтирмаса ҳам бўлади), аҳли илмлар, ёр-дўст, биродарларига зиёфат, ҳадя, иона каби йўлларга ишлатади. Эл-юрт ўртасида обрў-шаънини асрашга ишлатиладиган ва ўзига кўрсатилган хизматлар учун тўлайдиган хизмат ҳақи ҳам шунга киради. 3. Муайян бир нарсага эмас, балки умумий яхшилик ҳосил бўладиган масжид, кўприк, мусофирхона, йўл каби қурилишларга, мусулмонлар фойдасига мунтазам ишлайдиган абадий вақфларга сарфлайди.
Мол-мулкнинг дунёвий фойдалари ҳам кўп. Масалан, у одамлардан нарса сўраш, бировга тобеъ бўлиш хорлигидан, камбағаллик асоратидан халос этади, одамлар ўртасида ҳурмат, қалбларда каромат (эҳтиром) ва виқорни вужудга келтиради.
Шу ўринда Шайх Саъдийнинг бир даъвогар билан бой ва камбағаллик ҳақидаги тортишувини келтириб ўтиш ўринлидир. Шайх  «Гулистон» асарида шундай ёзади: «Кўриниши дарвешга ўхшаса ҳам ахлоқи ўхшамаган одам бир мажлисда ёмон сўзларни бир-бирига улаб, шикоят дафтарини очиб, бойларни мазаммат қилар (қоралар) эди: «Сахийларнинг қўлида бир пули йўқ, ғанийларнинг пул бергани қўли йўқ». Давлатмандларнинг неъмати билан тарбияланганим учун бу сўзлар менга мақбул бўлмади. Унга қараб бундай дедим: «Эй биродар! Бойлар мискинларнинг даромади, кўчада қолганларнинг умиди, зиёрат этувчиларнинг мақсади, мусофирларнинг бошпанаси ва оғир юкларни кўтаргувчилардир. Қўл остидагилари таомдан есаларгина бошқалар ҳам ўша таомга қўл узатишади. Улардан ортган таом бева хотинларга, кексаларга, яқинларига ва қўшниларига ҳам етади. Бойларда вақф, назр, закот, фитр садақаси, ҳадя, қул озод қилиш, қурбонлик каби қанча имтиёзлар, савобли ишлар бор. 
Бойлик саховатга қудрат, саждага қувватдир. Бадавлат кишилар молларининг закоти берилган, кийимлари ва бошқа нарсалари ҳаромдан сақланган, кўнгиллари хотиржам, ибодатга қувват бўлувчи таомлари ҳалолдир. Бўш қоринда эса қувват қайдин бўлур, бўш қўлда мурувват нима қилур, боғлиқ оёқдан қандай сайр келур ва оч қориндан нима яхшилик бўлур. Қитъада айтилганки, «Эрталабки нонуштаси бўлмаса, Кечаси паришон ётар у киши, Чумоли дон йиғади ёз фаслида, Токи бўлур хотиржам унинг қиши». Камбағалликда ҳузури дил бўлмас, қўл калталигида хотиржамлик ҳосил бўлмас. Байт келганки, «Аҳли давлат ҳаққа машғулдир ҳар он, Камбағалнинг эса кўнгли паришон». Шунинг учун бойларнинг ибодатлари қабулга яқинроқдир. Чунки уларнинг диллари сокин, ташвишлари йўқ, тирикчиликни ҳозирлаб қўйишган, кундалик вазифаларини вақтида адо этишади. Арабларнинг: «Хароб қилувчи камбағалликдан, ёқтирмаган кишининг қўшни бўлишидан паноҳ тилайман», деган гапи бор. Ҳадиси шарифда эса: «Камбағаллик икки дунёда ҳам қора юзлиликдир», деб келган. 
Шунда даъвогар: «Эшитмаганмисан, Пайғамбар алайҳиссалом: «Камбағаллик фахримдир, мен у билан фахрланаман», деб марҳамат қилганлар», деди. 
Унга жавобан мен бундай дедим: «Саййидул-оламнинг бу ишоралари марду майдон бўлган бир тоифа кишиларга хосдир. Улар қазо ўқига таслим бўлишган. Маърифатсиз камбағал камбағаллиги куфрга етиб бормагунича ором топмайди, чунки камбағаллик куфрга яқин. Мол-дунёсиз бирор яланғочни кийинтирмоқ ёки бирор балога мубтало бўлганни қутқармоқ мумкин эмасдир…Қайси жойда қийинчилик ва қаттиқлик бўлса, одамлари ўзларини хавфли ишларга отишади, бу ишларидан келадиган балолардан сақланмай қолишади, охират азобидан қўрқмайдиган, ҳалолни ҳаромдан ажратмайдиган бўлиб қолишади. Аммо бойлар Аллоҳ таолонинг инояти билан манзур ҳалолга эга бўлиб, ҳаромдан сақланишган.
Мен бу гапларимни сендан тасдиқлатмайман ва унга ҳужжат ҳам келтирмадим. Ўзинг кўриб турибсанки, бир ҳийлакорнинг қўли орқасига боғлиқ, бир бечора зиндонда ўтирибди, бир бегуноҳнинг ҳурмат пардаси йиртилган (шарманда бўлган) ва ё бир кимсанинг қўли (ўғрилиги туфайли) билагидан кесилган. Буларнинг ҳаммаси камбағаллик сабабидандир. Баъзан арслондай одамлар заруратдан ўғрилик учун девор тешиб, ушланиб қолиб оёқларидан тешилган. Баъзиси камбағаллигидан хотин олишга қодир бўлмай, нафси жимоъни хоҳлаб қолиб, улкан гуноҳга мубтало бўлган. Чунки қорин билан шаҳват нафси бир қориндан тушган болалар кабидир. Тўқлик жойида бўлса, шаҳват нафси оёқда туради. Эшитдимки, бир камбағални гўдак бола билан ёмон иш устида ушлаб олишди. Қанча шармандаликдан кейин уни тошбўрон қилиниш хавфи ҳам бор. Шунда у: «Эй мусулмонлар, хотин олгани пулим бўлмаса, сабр қилгани тоқатим бўлмаса, руҳбонлик (таркидунёчилик) Исломда бўлмаса, ман нима қилайин?!», деди. Бойлар эса ҳар кеча бир чиройлини ёнларига олишади, ҳар куни йигитликни бошидан бошлашади. Аммо шундай чиройли канизаклари бўлатуриб, ҳаром ишлар атрофида айланишса ёки биор зинони хоҳлашса, ўзларига қийин бўлур. Камбағалларнинг кўплари поклик этагини гуноҳ билан булғашган ва очлари нон олиб қочишган. Чунки «Гўшт топса сўрамас дарранда ё ит, Туями ё дажжол эшаги бу эт». Кўп парҳезкор донолар камбағаллик сабабидан фитна-фасодга учрашган, улуғ ва азиз динларини бадномлик шамолига совуришган».
Мен гапимни тугатишим биланоқ даъвогарнинг сабр-тоқати жилови қўлидан чиқиб кетди. Тил қиличини сермади. Сўзамоллик отини беҳаёлик майдонига ҳайдади ва устимга бостириб бундай деди: «Бойларни роса мақтадинг ва бунда хўп оғиз кўпиртирдинг. Сени эшитган киши бойлар очлик заҳрининг давоси, ризқлар хазинасининг калити деб тасаввур қилади. Аслида улар бир ҳовуч мутакаббир, мағрур, мансаби-мавқеига маҳлиё бўлган кимсалардир. Гапирсалар ўйламай гапиришади, қарасалар, малоллик билан қарашади, уламоларни гадойга ўхшатишади, камбағалларни ҳунарсиз деб айблашади. Молллари ва мансаблари ғурури билан ўзларини ҳаммадан яхши деб гумон қилишади. Улар ҳукамоларнинг: «Ҳар ким ибодатда бошқалардан кам бўлиб, давлатда зиёда бўлса, зоҳирда бой, ботинда эса камбағалдирлар», деган сўзларидан бехабардир.
Мен мухолифимга: «Сен бойларни кўп масхара қилмагин, улар сахий кишилардир», деб эътироз билдирдим.
Аммо даъвогар ўз фикридан қолмасди: «Сен ғалат гапирдинг, улар пулнинг қулларидир. Бойлар одамлар устига ёғмайдиган булут каби фойдаси йўқ, офтобдай порлайдиган, лекин нур сочмайдиган бўлади. Бойлик отига миниб чопишади, бироқ Аллоҳ йўлида бир қадам ҳам қўйишмайди. Миннатсиз бир танга ҳам беришмайди. Дунёни машаққат билан тўплашади, хасислик билан пойлашади ва охири ҳасрат билан ташлаб кетишади».
Мен даъвогарга бундай дедим: «Бойларнинг хасислигини гадочилик қилиб билдинг. Ким гадочиликни ташласа, унга сахий ҳам, бахил ҳам баробар кўринади. Заргар олтинни тошдан ажратгани каби гадога ҳам бахилнинг кимлиги аён».
Аммо даъвогар ҳамон тан бергиси келмас эди: «Бахил бойлар эшиклари тагига бағритош мулозимларни тайин қилишадики, муҳтожларнинг киришига йўл бермай, «саройда ҳеч ким йўқ», деб кўкрагидан итаришади».
Бу шу тариқа даъвогар билан узоқ тортишдик. Ўқдонидаги ҳам гап ўқларини отиб бўлганидан кейин даъвогарнинг ҳужжати қолмади. У мот бўлган эди. Шунда у менга қарата беҳуда сўзларни айта бошлади, чунки жоҳиллар одатига кўра хусуматчидан енгилса, адоват занжири билан урушга чоғланади. Шунда у мени сўкди. Мен эса унга қаттиқ гапирдим. У ёқамни йиртди, мен эса соқолидан тутдим. Хуллас, биз тортишувимизни ажрим қилиш учун қозининг ҳузурига бордик. Унинг одилона ҳукмига рози бўлишга қарор қилдик. Шояд мусулмонлар қозиси бирор маслаҳат топиб, бой билан камбағал ўртасидаги фарқни айтар. 
Қози бизнинг аҳволимизни кўрди, сўзимизни эшитди. Кейин бошини хам қилганича узоқ тафаккурга берилди. Анчадан кейин бошини кўтариб шундай деди: «Эй бойларни мақтаган киши, сен камбағалларни ёмонладинг. Билгинки, қайда гул бўлса, у ерда тикан ҳам бор, қайда шароб бўлса, ортидан кулфати келар. Ҳар хазинанинг бошида илон ётар, дур бор жойда одам ютувчи наҳанг, дунё лаззатининг орқасида ажал, жаннат неъматларининг олдида машаққат бордир. Боғда кўм-кўк тол дарахтлари билан қуруқ ёғоч ҳам бордир. Шунга ўхшаш дарвешлар ичида сабрлиси ҳам, бесабри ҳам бўлгани каби бойларнинг орасида  шукр қилувчи сахийлари ҳам, куфрони неъмат қилган бахиллари ҳам учрар. Аллоҳ таолонинг яқин кишилари камбағал суратидаги бойлар ва ҳимматли камбағаллар ҳисобланур. Бойларнинг олий қадрлиси камбағаллар ғамини ейдиганларидир. Камбағалнинг ҳимматлиси эса бойларнинг енгидан тутмайдиганидир. Аллоҳ таоло бундай деган: «Ким Аллоҳга таваккул қилса, унга Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур».
Сўнгра қози юзини мендан дарвешга буриб деди: «Сен бойлар маъсиятга машғул, бефойда ўйинлар билан овора, деб гапирдинг. Албатта бир тоифа бойларнинг ҳиммати йўқ. Аллоҳ таолонинг берган неъматига шукр қилмайди. Молларни тўплаб-йиғади, сақлайди, емайди ҳам, бермайди ҳам. Ёмғир ёғмаса ҳам ёки сел босса ҳам ўз қудратига ишониб, хотиржамликда юради, камбағалнинг ҳолидан хабардор эмас, Аллоҳ таолодан ҳам қўрқмас. Аммо бойларнинг яна бир тоифаси ҳам борки, неъмат дастурхонини ёзган, сахийлик қўлини очган, яхши ном ва мағфират талабида турган. Ана шу тоифа икки дунё саодатига эришгай».
Шундай деб қози сўзини тамомлади. Муболаға отини биздан-да ўздириб кетди. Биз қозининг ҳукмига рози бўлдик, бир-биримиздан ўтганларини кечириб, муросага келдик. Қуйидаги байтни ўқиб икки томонга ажрашиб кетдик:
Эй дарвеш, қилма фалак  жабридин кўп шикоят, 
Шу ҳолингда ўлсанг гар бахтинг қародир, зулмат.
Эй бой, бор экан то қўлда неъмат, дилда ҳиммат, 
Егил, бергил, эҳсон қил, шундадир зўр саодат».

Мол-дунё хатари

Мол-дунё фитнаси бошқа фитналар каби жуда хатарли ва охиратда чексиз азоб-уқубатларга дучор этувчи зарарли нарсадир. Инсонлар Яратган томонидан мол-дунё фитнасидан эҳтиёт бўлиш ҳақида огоҳлантирилган: «Билингизки, албатта мол-дунёларингиз ва бола-чақангиз фақат бир фитна-алдовдир, холос»; «Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин!».  
Ривоятларда бундай дейилган: «Огоµ бґлинг, албатта дунё ва ундаги нарсалар лаънатлангандир»; «Кґчмас мулкларга (ер-сувга) эга бґлишга киришманглар. Чунки у дунёга раІбатларингизни зиёдалаштиради»;  «Мен сизларнинг камбаІал бґлиб іолишингиздан іґрімайман. Лекин сизлардан аввалги умматга ґхшаб дунё келиб, улар ґша дунё учун кимґзарга мусобаіалашиб, уларни бу нарса µалокатга элтгани каби сизларнинг µам улар каби дунёга маІрур бґлиб іолишингиздан іґріаман»; «Охират роµати олдида дунёнинг роµати худди сизлардан бирингиз бармоІини денгизга суііанда бирга илашиб чиііан сув   іанча бґлса, шу миідордадир».   
Фозил аждодларимиз, улуғ донишмандлар, тасаввуф шайхлари дунёдан юз ўгиришган, унга муҳаббат қўйишмаган, аксинча ҳамиша уни қоралаб, ерга уриб ўтишган. Чунки улар дунё мол-мулкининг хатарини яхши билишган, дунё васавасаларини бошқалардан кўра теранроқ илғашган, унинг бевафолигинию инсонга катта душман эканини чуқур англашган. Шунинг учун уларнинг насиҳатига қулоқ солиш, айтганларига амал қилиш, қайтарганларидан юз ўгириш икки дунё саодатига эришиш йўли ҳисобланган. 
Абу Бакр Сиддиқ бундай дейдилар: «Эй инсонлар! Қай замон тугаши сизга номаълум бир умр ичида кун ва тунларингизни ўтказмоқдасиз. Агар қўлингиздан келса, бу ҳаётингизни солиҳ амаллар билан ўтказинг… Дунё ила охират икки оиласи бор кишига ўхшайди: инсон бирини рози қилар экан, иккинчисини ранжитади. Дунё – мўминларнинг бозори, кеча ва кундуз – сармоялари, гўзал амаллар – тижорат моллари, жаҳаннам эса зарарларидир». 
Умар ибн Хаттоб дейдилар: «Дунёсини тарк этиб, фақат охирати учун амал қилган одам ҳам ва охиратини тарк этиб фақат дунёси учун амал қилган одам ҳам сизларнинг яхшиларингиз эмас. Балки унисиниям, бунисиниям ушлаган одам яхшиларингиздир. Энг жоҳил инсон охиратини бировнинг дунёси учун сотган кишидир. Аллоҳ хоҳласа, бу дунёда беради, хоҳласа, охиратга қолдиради. Унинг даргоҳидаги ажр-мукофотлар таваккул қилганлар учун дунё манфаатларидан устунроқ ва битмас-туганмасдир». Бу зотнинг ўғиллари Абдуллоҳ ибн Умар эса: «Бир бандага дунё молидан нима етса, у сахий бўлса ҳам, Аллоҳ наздидаги даражаси пасаяди», деганлар.
Усмон ибн Аффоннинг насиҳатларига эътибор қилинг: «Дунёда экинлар экиб- ўрган, баланд кошоналар қурган, узоқ вақт завқу сафо сурган дунёнинг ўғиллари, дўстлари бугун қаерда? Дунё уларни ютиб юбормадими? Парвардигор дунёга нақадар аҳамият бермаганидек, сиз ҳам унга шундай берилманг! Охират учун ҳаракат қилинг! Сиз ўткинчи бир ҳаёт уйидасиз ва умрингизнинг қолган қисми ҳам ўтишини кутмоқдасиз. Унутмангки, бу дунё ёлғон ва алдов устига бино бўлган». 
Али ибн Абу Толиб бундай деганлар: «Дунё ҳаётида соғлом одам хастадир. Завқу сафо сурган киши охири пушаймон бўлгусидир. Фақир одам ҳазиндир. Бой кимса балога гирифтордир. Моли ҳалолининг ҳисоби бор, ҳаромининг азоби бор, шубҳали фойдалардан озор топилгусидир». Ҳазрати Али  пулни қўлларига олиб, шундай деган эканлар: «Эй пул, тўғриси, сенга туф… Сен шундай нарсасанки, токи инсон қўлидан чиқиб кетмагунингча бирорта фойданг тегмайди». 
Абдуллоҳ ибн Масъуд бундай деганлар: «Бир миллатда ишончли кишилар озайса, динини сотиб, дунё йиғувчилар кўпайса, у миллат орасида фитна болалайди. Ҳам дунё, ҳам охират учун ҳаракат қилмаган одамни хушламайман».
Сумайт ибн Ожлон: «Пул – мунофиқларнинг тизгини, улар оташдан қочмоқчи бўлиб турганларида пул тизгин бўлиб туради», дейди. 
«Пул чаёндир, агар ҳалолидан топмасанг ва ўрнида ишлатмасанг, яқинлаша кўрма, чунки у чақса, заҳри сени ҳалок қилади. Дунё шайтоннинг дўконидир, ундан бирор нарса ўғирламаки, шайтон уни олишга келиб, сенинг додингни бермасин», дейди Яҳё ибн Муоз. Яна шу зотнинг мана бундай фикрлари ҳам бор: «Эҳ бизлар, бу дунёда фақир ва бечораҳол бўлишдан қўрқамиз. Аммо охиратда фақир, ночор ва расвойи жаҳон бўлишдан қўрқмаймиз. Ҳолбуки, биз – бандаларнинг яхши амалларга фақир бўлишимиз бу дунёдаги камбағаллигимиз ва ночорлигимиздан қўрқинчлироқ ва уятлироқдир». 
Машҳур шайх Фузайл ибн Иёз бундай деган: «Дунё ҳаётининг масъулиятсиз, ифлос ва ғайриахлоқий йўриғига кириш осон, лекин чиқиш қийин. Дунёда ҳеч бир нарса йўқки, сендан илгари унинг эгаси бўлмаган бўлсин ва яна ҳеч бир нарса йўқки, сендан кейин эгаси бўлмасин. Дунё молининг сармояси ҳавойи нафсдир. Топгани эса жаҳаннам оташидир. Агар дунё ҳалол бўлса ҳам ва охиратда ҳисоб сўралмаса ҳам, бордию менга берилса, сиз нажасотдан қандай жиркансангиз, мен ҳам дунёдан шундай жирканар эдим»;  «Ёмонликнинг ҳаммаси бир уйда бўлса, унинг калити дунёни севишдир. Яхшиликнинг ҳаммаси бир уйда бўлса, унинг калити дунёни тарк қилишдир».
Абу Лайс ас-Самарқандий дейдилар: «Оқил киши дунёдаги ризқига рози бўлади ва мол тўплашга машғул бўлмайди. Охират амаллари билан шуғулланади. Чунки охират қарор топиш ва неъматлар уйидир. Дунё фонийлик уйи, у хиёнаткор, фитнакордир».
Заҳҳок айтадилар: «Аллоҳ таоло Одам билан Ҳаввони Ерга туширганида улар дунё ҳидини топишди ва жаннат бўйини йўқотишди. Иккаласини қирқ кун дунёнинг бадбўй иси чулғаб олди».
Ҳикоя қилинишича, бир аъробий (саҳройи одам) саҳрода қўнган бир қабиланинг чодирига меҳмон бўлибди. Уни едиришибди, ичиришибди, уйқуга жой тайёрлаб беришибди. Тонг отганида қабила йўлга чиқиши керак экан. Улар аъробийни уйғотишга кўзлари қиймабди ва унинг устидан чодирни йиғиштириб олиб жўнаб кетишибди. Кўзига қуёш нури тушиб уйғонган аъробий бўлган воқеага шундай баҳо берган экан: «Дунё ҳаёти қурган чодирингнинг соясига ўхшайди. Бир куни келиб сенинг соянг ҳам зоил бўлиши турган гап, эй дунё!».
Улуғ ҳаким ва файласуф олим Абу Али ибн Синонинг дунё ҳақида мана бундай фикрлари бор: «Мол-дунёинг сени алдамасин, чунки асраган мол-дунёинг бошқаларники бўлади. Уларни сарф эта олсанг, ана шуниси сеникидир. Кундалик ризқ кўп, қайғураверма! Шу билан бирга мол орттираман, деб ўзингни кўп қийнайверма! Чунки ҳар ким насибасидан ортиқ битта ҳам дон ея олмайди. Бойликни топишадию ақл-идрокни йўқотишади. Ажабо, топган нарсалари билан йўқотган нарсаларининг баҳоси бир хилмиди?».
«Дунё – подшоҳлар келинчаги ва зоҳидлар кўзгуси: подшоҳлар у билан мақтанишади, зоҳидлар бу кўзгудаги офатларни кўриб, бурилиб кетишади», дейди Муҳаммад ибн Али.
«Дунё – илон, илонбоздир дунё қидирган, илонбоздан қасдин олур илон оқибат», дейди улуғ форс-тожик шоири Абу Абдуллоҳ Рудакий. Шунинг учун туркиялик атоқли шайх Муҳаммад Нуруллоҳ Сайдо Жазарий: «Дунёнинг ичига кир, сайр қил, аммо эҳтиёт бўл, дунё сенинг ичингга кирмасин», деб огоҳлантиради.
Абдураззоқ Самарқандий дейдики, «Бу дунё ва унинг молига кўнгил қўймагин. Чунки ҳеч бир киши ундан вафо кўрмаган». «Бойликка ҳирс қўйиш жодунинг сиртмоғига тушиш билан баробардир», дейди Қози Аҳмад Ғаффорий. 
Аҳмад Югнакийнинг мана бу насиҳатига бир қулоқ солинг: «Мол-дунёим кўп, деб кибрланмагин. Мол-дунёнинг фойдаси нимага арзийди? (Ўлганда) яланғоч кетасан. Ҳамёнинг, тўрванг, бойлик тўла сандиғинг – бари қолиб кетади».
«Дунёни ямадик йиртиб олиб динимиздан, дин ҳам кетди, дунё ҳам кетди қўлимиздан», дея фиғон чекди улуғ шайх Иброҳим Адҳам. Яна бир тасаввуф шайхи ва улуғ олим Ҳасан Басрий: «Дунё кезиб охиратини топганни кўрмадик, лекин охиратини қидириб, дунёсини топганларни кўрдик. Аллоҳга онт ичиб айтаманки, пул азиз қилган ҳар инсонни Аллоҳ хор айлагай», дейди афсусланиб. Шу зотнинг айтишича, «Одамзот уч нарсага афсусланиб бу дунёдан кўчади: тўплаган моли ва бойлиги билан тўймайди, орзуларига эришолмайди, охират учун ҳозирлигини қилолмайди».
«Бас, дунё ва дунё ҳаётидан баҳслашиб, уни ёмонламанг! Агар қалбингизда дунё севгиси бўлмасайди, уни ёдга олмасдингиз. Зеро, ким бир нарсани севса, ўшани кўп зикр этади», дейди атоқли сўфия Робия ал-Адавийя. 
Агар кимда-ким юқоридаги насиҳатларга амал қилиб, дунё ҳаётида вақтинчалик бир қўноқ эканини ҳис этиб яшаса, у дунёга асло ишонмайди ва унга суянмайди. Дунё ҳаётидаги кунлари машаққат ва тангликда ўтадими ёки кенгчилик ва фаровонликда ўтадими, парво қилмайди. Ўзига буюрилганидай ва тавсия қилинганидай турмуш кечиради. Бойликда ҳам, йўқчиликда ҳам   зикр ва шукрни тўхтатмайди. Бошқа соҳалар каби бу ўринда ҳам Фахри коинотга эргашади. У зот ғишт устига бир ғишт, чўп устига бир чўп  қўймай ўтдилар. Айтдиларки: «Дунё билан нима ишим бор. Дарҳақиқат, мен билан дунёнинг мисоли дарахт остига келиб қайлула (тушдаги ором уйқуси) қилган кишига ўхшайди. Сўнг у одам кетади, дарахт эса қолади». 
Молик ибн Динорда шундай ҳикмат бор: «Ҳар ким дунёга (бойликка) «уйланиш» истагида бўлса, дунё маҳр бадали учун инсондаги тамоми дин-диёнатни ундан тортиб олади». Яна шу зот бундай деган эканлар: «Одамлар мени зоҳид деб ўйлашади. Ҳолбуки ҳақиқий зоҳид Умар ибн Абдулазиздир. Зеро, дунё бутун дабдабаси билан унга келди, у эса дунёдан юз ўгирди».
Бир донишманд айтибдики, «Дунё – инсонлар учун бир ўйингоҳ, Аллоҳга далолат қилувчи макон, охиратни топишга василадир. Дунёни ёмон кўриш ўзи дунёга етолмаганлар учун самимий эмас, қўлида дунё тўхтамаганлар учун ҳақиқий эмас, охиратдан тўсгани эса ҳақиқатдир». 
Тоғ сайрига чиққанимизда бир қирғиз йигити ғалати савол бериб қолди: «Мана, муллакалар, сизлар ўқимишли одамга ўхшайсизлар. Бир ишга сира ақлим етмайди. Аллақаёқдаги безори, тоат-ибодатдан йироқ, золим одамларга мол-дунёни керагича, ҳатто ортиғи билан бериб қўйилган, аксинча доим ибодатда бўлган, меҳнаткаш, яхши одамлар пул-давлатдан қисилган, камбағал қилиб қўйилган. Назаримда шу ерда адолат бўлмаганга ўхшаб кўринади». 
Эҳ, соддагина дўстим, агар Аллоҳ ҳузурида дунёнинг заррача қадри йўқлигини, бир кишига мол-давлатнинг кўп берилгани унга  марҳамат эмас, аксинча қаттиқ синови эканини, У инсонларни синаш учун яхшига ҳам, ёмонга ҳам, обидга ҳам, фосиққа ҳам мол-дунё бераверишини тушунган бўлганингизда, бу каби саволларга ўрин қолмас эди. Бир инсонга бойлик ато қилиниши адолату берилмаслиги адолатсизлик эмас. Суфёни Саврий айтганидай, «Бу дунёнинг неъматлари бамисоли илоҳий ғазабга учрагандай, нопок кишиларга насиб бўлади».
Мол-дунёнинг зарар ва офатлари ҳам диний, ҳам дунёвий  бўлади.  Чунки мол-дунё инсонни Аллоҳнинг маърифатидан, Унинг азамати ва қудратини ҳис этишдан, неъматлари шукрини  қилишдан тўсиб қўяди. Катта ер эгаси бўлса фикри-ёди эрта-кеч «Еримнинг вақти ўтмасдан нима эктирсам экан, даладаги деҳқонлар дангасалик қилмаяптимикин, сув олиб келишдимикин, ўғит топилдимикин» деган хаёллар билан банд бўлади. Агар у тожир-савдогар бўлса,  молини осон ўтказиш ташвишлари, савдодаги шерикларининг хиёнати, солиқ машмашалари, алданиб қолиш хавфи, қандай қилиб каттароқ фойда олиш режалари миясини бутунлай банд қилган бўлади. 
Давлатмандларга бойлигини асраб олишнинг ўзи катта муаммо. Эшикларга қўша-қўша қулфлар осилган, деразаларга билакдай симлардан  панжаралар ўрнатилган, деворлар баланд қилиниб, тепасига тиконли сим тортилган ва унга электр токи юрғизилган. Булар ҳам таскин беролмай чинқироқ қўнғироқлар (сигнализатсия) туширилган. Бунинг устига кузатув камералари ҳам ўрнатилган. Бу ҳам камлик қилганидан ҳовлига бўрибосар итлар боғланган. Бу ҳам етмагандай ёстиқ тагига пичоқ, чўқмор каби қуроллар яширилган. Донишмандлар айтганидай, илм ўз соҳибини ҳимоя қилади, мол-давлатни эса эгаси бир умр қўриқлаб ўтишга маҳкум.  
Бойлик-дунё кимгадир қалб хотиржамлиги, саховат ва мурувват орқали улкан ажр-мукофотга эришиш эшикларини очиб берса, кимнидир у бузуқликлар, айш-ишратлар, куч-қудрат ва ниҳоят исён ва осийлик ботқоғига отади. Мол-дунё жоҳиллар қўлига тушиб қолса, у эгасини гуноҳ, фаҳш ишларга бошлайди. Катта бойликка эга бўлиб қолган бундай одам ўзини боса олмай, идора қилолмай қолади. Нафсининг ҳамма айтганларини бажаришга баҳона ахтаришга тушади. Шайтон унинг кўзига  итоатни, ибодатни оғир, машаққатли қилиб кўрсатади, аксинча гуноҳ ишлар, айш-ишрат ва фаровонликни осон, чиройли қилиб қўяди.
Атрофингизга бир қаранг, қўлига туйқус мол-дунё келиб қолган айрим одамларни кузатинг: дарров бус-бутун уйини бузиб ташлаб, янги қурилиш бошлаган, бинойидай хизмат қилиб турган уловини янгисига, одамлар гапириши учун фахрлироғига алмаштирган, иймонлилари дарров хотинни иккита қилишга, фосиқлари эса ўйнашлар тутишга киришган бўлади. Ҳаттоки юриш-туриш, кийиниш, гапиришлар ҳам ўзгача бўлиб қолади. У ўзини бошқаларга қараганда қудратли, уддабурро, тадбирли, ақлли ҳис эта бошлайди. Ҳар соҳада фаровонликка, одамлар тилига тушишга, бошқалардан фарқли туришга интилади. Мол-дунё уни ҳар доим фаровон ҳаётга, хурсандчилик, айшу ишратга чорлаб туради. Чунки хурсандчилик, фаровонлик фитнаси хафачилик, йўқчилик фитнасидан каттароқ ва хатарлироқдир. 
У бора-бора бундай ҳаётдан узилгиси келмай қолади. Нима қилиб бўлса ҳам шундай ҳаётнинг бардавом бўлишини истайди, бунинг учун шубҳали нарсалардан, ҳаромдан ҳам ҳазар қилмайдиган ҳолга келади. Молини кўпайтириш ёки ҳозирги мавқеини сақлаб қолиш учун одамларга доимий аралашишга мажбур бўлади. Бу эса унинг феълида нифоқ, адоват, кек, ҳасад, ғийбат, бахиллик каби ярамас иллатларнинг пайдо бўлишига олиб келади.
Бир парвона шамни узоқдан кўриб, «у нур таратар экан-да», деб ўйлайдию бепарво кетаверади. Бошқа бир парвона шамга яқинроқ келади ва «у иссиқ ҳам чиқарар экан», дейдию иссиғидан бироз баҳра олади. Яна бир парвона шамнинг ичига кириб, уни синаб кўрмоқчи бўлади ва ўзи ёниб ҳалок бўлади. Дунё ҳам шамга ўхшайди. Узоқдан унинг жилосига маҳлиё бўлиб юриш осонроқ. Унинг тафтидан фойда олишни хоҳлаб қолсанг, иссиғидан бироз азият чекишга тўғри келади. Бордию унинг ичига батамом кирмоқчи бўлсанг, ҳалокатингни кутавер. Хабарда айтилганидек: «Ҳар бир уммат учун фитна бор, умматимнинг фитнаси мол-дунёдир».  
Утба ибн ўазвон Басранинг ҳокими эди. У одамларга іуйидагича мурожаат іилди: «Албатта, дунё ґзининг фоний эканини эълон іилди. Ва тезлик ила йґлга тушди. Унда бирор іизиіарли нарса іолмади. Фаіатгина идиш тагида іолувчи саріит каби бир нарса іолдики, уни эгаси іґлга киритиб жамлайди. Албатта, сизлар бир диёрга кґчасизларки, у ерда заволлик йґі. Сизлар ґзингиздаги бор нарсанинг яхшиси ила у ерга кґчинглар. Бизга хабар берилдики, агар жаµаннам іирІоІидан бир тош улоітирилса, у етмиш йилда µам іаърига етмайди. Қасамки, мана шу жаµаннам тґлдирилади. Сизлар бу айтилган сґзлардан ажабланяпсизларми? Ва яна хабар берилдики, жаннатнинг икки эшиги ораси іирі йиллик йґлдир. Шундоі кун келадики, одамлар издиµом бґлганидан у ер µам тґлиб кетади. Мен Набий билан бирга иймон келтирганларнинг еттинчисидирман.  Овіатланишимиз учун дарахт баргидан бошіа нарса йґі эди. Биз уни еяверганимиздан оІизларимиз атрофи шилиниб кетар эди. Бир куни мен устки кийим топиб олдим. Уни ґртасидан бґлиб, Саъд ибн Моликка бердим. Ярмини ґзимга иштон іилиб олдим. Саъд µам ґзига теккан ярмини иштон іилиб олди. ¤ша пайтдагиларнинг барчалари бугун бир шаµарга амирдир. Мен эса Аллоµ µузурида кичик бґлатуриб ґзимни юіори санашдан Аллоµ номи ила паноµ тилайман», дедилар. 

ЎРНАК ОЛИНГ, ИБРАТЛАНИНГ!
Камбағалликдан ҳамиша шикоят қилиб юрганларни ёки бойлик, пул топиш орзусида ҳаловатини йўқотганларни кўрсам, «Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳаётларидан ибрат олинг, у зотнинг аҳли байти қандай кун кечирганига назар солинг, саҳобийларнинг, тобеъинларнинг турмушларини ўрганинг», дегим келаверади. Бунга  тарихда мисоллар тўлиб-тошиб ётибди:  
Фахри коинот суюмли қизлари Фотимаи Заҳрони Ҳазрати Алига турмушга узатишга қарор қилганларидан кейин ундан: «Маҳрга бирор нарсанг борми?», деб сўрадилар. Ҳазрати Али: «Йўқ», деди. «Ҳутамийя совутинг қани?», дедилар Пайғамбаримиз. «Ўзимда», деди Ҳазрати Али. «Ўшани бер, бўлмаса», дедилар. Совут Усмон ибн Аффонга 470 дирҳамга «сотилди». Ана шу пулга атир-хушбўйликлар, келинга бир сидирға (!) сарпо харид қилинди. Тўй зиёфати қилишга маблағ йўқ эди. Саъд ибн Муоз қўй олиб келди. Бошқалар жўхори ва бироз егуликлар топишди. Пайғамбарнинг суюмли қизлари Ҳазрати Али хонадонига келин бўлди. 
Ҳаннод ад-Динаврий Шаъбийдан бундай воқеани келтиради: «Ҳазрати Али айтадилар: «Муҳаммад алайҳиссаломнинг қизлари Фотимага уйланганимда менинг ҳам, унинг ҳам бир қўй териси (пўстак) дан бошқа тўшагимиз йўқ эди. Кечаси устида ухлар эдик, кундузи унда сувчи туяга ем берардик. Менинг ундан (Фотимадан) бошқа хизматчим йўқ эди». Набий алайҳиссалом қизлари Фотимани   никоҳлаб берганларида у билан бирга теридан бўлган тўшак, ичига хурмо қипиғи солинган болиш, тош тегирмон, сув идиши ва иккита мешча юборган эканлар. 
Аллоҳнинг суюкли пайғамбари, бутун мусулмон оламининг раҳбари ва йўлбошчиси,  «агар хоҳласангиз,  тоғларни олтинга айлантириб бераман», дея Яратган ваъда қилиб турган зот энг суюмли қизларига қўша-қўша кўрпа-тўшаклар, кўплаб чорва моллари, керагича уй жиҳозлари, сон-саноқсиз кийим-кечакларни сеп қилиб беришлари мумкин эди. Бутун Мадина аҳлини, ҳатто бошқа ўлкалардан меҳмонларни чорлаб шоҳона тўйлар қилиб беришлари мумкин эди. Аммо у зот бундай қилмадилар. Чунки, бунга ахлоқлари йўл қўймас эди, динлари, диёнатлари ижозат бермас эди. Аксинча қизлари ва куёвларини камтарликка чақирдилар, буюк қаноатга йўлладилар. 
Шундай зотнинг умматлари бўлган бизлар бугун нима қиляпмиз? Нега у зотдан, у кишининг оиласидан ўрнак олмаймиз, ибратланмаймиз? Аксинча, қизимизни узатсак, қўша-қўша жиҳозлар, беҳисоб кийим-кечаклардан иборат сеп қилишга уринамиз. Ўғлимизни уйласак, бунча мебел қиласан, фалондақа уй олиб берасан, бунча одамга зиёфат  берасан, тўйга фалон артистни чақирасан, деган шартлар қўямиз. Никоҳ тўйларини серҳашам, дабдабали қилиб ўтказишда кимўзарга мусобақалашамиз. Фарзандларимизнинг бахт-саодатини, иймонини, инсофини, диёнатини ўйламаймиз. Бу мол-дунё, ҳашам ва дабдабалар уларга яхшилик келтиради, деб ўйлаймизу буларнинг  ҳисоб-китоби ҳақида мутлақо бош қотирмаймиз. Агар бу дабдабаю-асъасалар диёнатимизга, ахлоқимизга, боқий дунёдаги аҳволимизга фойда берганида эди, шунга буюрилган бўлур эдик. Йўқ, аксинча  ҳаётда бунинг зиддига тарғиб қилинганмиз. Бунга мисол ўлароқ  икки воқеани келтириш кифоя қилади:
Ҳазрати Али айтадилар: «Бир кеча на бизда, на Набий алайҳиссалом ҳузурларида бирор нарса бўлмади. Кўчага чиқсам, йўлда бир динор тушиб ётибди. Узоқ иккиланишлардан сўнг оғир аҳволимизни ўйлаб динорни олдим. Савдогарлардан ун сотиб олдим. Фотима  ундан нон ёпди. (Очлик туфайли) заифлигидан боши тоғора четига тегиб кетай дерди. Нон пишгач, Набий алайҳиссалом ҳузурларига бориб, воқеани айтдим. У зот: «Еяверинглар, у Аллоҳ   томонидан сизларга берилган ризқдир», дедилар.  
У зотнинг хонадонлари ҳаддан зиёд камтарона, фақирона яшар эди. Ҳазрати Оиша жияни Урвага Ҳужраи саодатда қандай яшашгани ҳақида шундай деган: «Ойдан-ойга қараб турардик. Расул алайҳиссалом уйларида кўпинча қозон осилмасди. Емагимиз асосан хурмо ва сув бўларди. Расулуллоҳнинг ансорий қўшнилари баъзан бизга сут келтириб беришарди. Биз шуни ичардик»; «Муҳаммад алайҳиссалом оиласи у зот ҳаётлик вақтларида уч кундан ошиқ қора буғдой нонини ҳам емаган… Набий алайҳиссалом вафот этган пайтларида ҳужрадаги токчада бир оч қоринга кифоя қиладиган арпа унидан бошқа нарса қолмаган эди». Яна айтилишича, «Расулуллоҳ   узлуксиз бир кеча оқшомини оч ўтказардилар, Кўпинча ўзлари ва аҳли байтлари ҳам кечки овқатни ейишмасди. Аксар истеъмол қилган нонлари арпа унидан бўлар эди».  
Фахри коинот Мадинада завжаи мутоҳҳаралари билан  масжидга ёнма-ён қурилган ҳужраларда яшаганлар. Ҳасан ибн Али айтадики: «Усмон халифалиги даврида Набий алайҳиссалом завжалари яшаган ҳужраларга кирсам, қўлим шифтларига тегар эди». Валид ибн Абдулмалик замонида бу ҳужралар масжидга қўшиб юборилган эди. Саид ибн Мусаййиб айтади: «Агар бу ҳужралар шу ҳолида бузмасдан қолдирилганида эди, дунёнинг хазина калитлари қўлларида бўлатуриб у зот рози бўлган нарсаларни одамлар ўз кўзлари билан кўришар эди».
Ҳазрати Оиша Байтулмолдан (давлат хазинасидан) ўзи учун махсус ажратилган улушдан бошқа ҳеч нарса олмаган. Бир сафар Жобир Оиша онамизни ямоқ солинган кийимда кўриб: «Бу кўйлакни ташласангиз-чи», дейди. Шунда Оиша: «Менга Расул алайҳиссалом шундай деганлар: «Агар мен билан бўлиш сени хурсанд қилса, кўйлагингни то ямоқ солгунча устингдан ташлама, бир ойга етадиган егулик сақлама». Иншааллоҳ, у кишининг олдига боргунимча менга буюрилган бу нарсани ўзгартирмайман», дедилар. 
Урва ибн Зубайр шундай дейди: «Бир куни Оишага халифа Муовия томонидан саксон минг дирҳам келганини кўрдим. Бироқ кечгача ундан бир дирҳам қолмади. Жорияси: «Бир дирҳамга бизга гўшт сотиб олсангиз бўларди», деб қолди. Шунда Оиша: «Эртароқ айтганингда шундай қилган бўлардим», деди.
Ҳикоя қилинишича, мадиналиклардан бири шаҳарнинг Куф деган дарасида намоз ўқиётган эди. Хурмолар роса пишиб етилган, шохлар ғиж-ғиж мева эди. Ҳосилининг мўллигидан унинг кўнгли чоғ бўлди. Фикри анча пайт хурмоларига боғланиб қолди. Сўнг яна намозига қайтди, аммо неча ракат ўқиганини унутган эди. Шунда у: «Бу дунё моли туфайли диним ҳалок бўлди», деди. Кейин мўминлар амири Ҳазрати Усмоннинг ҳузурига бориб, вазиятни англатди ва бундай деди: «Шу хурмозор боғим Аллоҳ йўлида садақа бўлсин, уни ўзингиз маъқул кўрган йўлда ишлатинг», деди. Халифа Усмон хурмозорни эллик минг дирҳамга соттириб, пулини хазина ҳисобига ўтказди». 
Абу Зарр Ғифорий исмли машҳур саҳобий бўлган. У мансуб Ғифор қабиласи қароқчилиги билан машҳур эди, ғифорликларнинг босқинчиликдаги зулм ва тажовузи зарбулмасал бўлиб кетган эди.   Абу Бакр Сиддиқ ва Умар ибн Хаттоб замонида шаҳватга мойил, орзу-ҳавасга ўч нафслар истакларига жиндай туйнук-йўл тополмай қийналиб ўтди. Аммо улардан кейин фатҳлар кенгайиб, неъматлар сув каби оқиб кела бошлади. Ҳаёт фаровонлашиб, дунёга рағбат ва интилишлар ҳам кучайиб борди. Дунё ўзининг ботил жимжималари ва ширин алдовлари билан Аллоҳнинг дини борасида бурчли бўлган солиҳ инсонларни, ҳатто Пайғамбар алайҳиссалом сафдошларини ҳам фитналантира бошлаган кунлар етиб келди. Ана шундай таҳликали бир пайтда Абу Зарр чидай олмади, амир ва бахил бойларга юзма-юз чиқди, дунёга суяниш билан динда хатар қилганларнинг истиқболига қарши борди. Ҳатто Шом ҳокими Муовияни ҳам мол-дунёси, Маккадаги уйи, Шомдаги қасрлари бўйича қийин-қистоққа олди. Сўнгра чорбоқ ва қасрлар соҳиби бўлган саҳобийларга: «Кўзингиз олдида Расулуллоҳга Қуръон нозил бўлган кишилар сизмисиз?» дея ҳайқирди. Уларнинг бирортаси ҳам мансаб эгалламаслигини, бойлик тўпламаслигини истарди. У дунёнинг ваҳшийлигини, мол-давлатнинг ваҳшийлигини яхши билар, бу саҳобийларни ҳам йўлдан оздиришига шубҳа қилмас эди. Аммо уларни хатарли йўлдан қайтаришга кўзи етмагач, ўзи саҳронинг қоқ ўртасидаги Рабза деган жойга оиласи билан кўчиб кетишга изн сўради… Ўша ерда қалби буюрганидай яшади.  Вафот этганида ҳатто кафанлиги ҳам йўқ эди... 
Яна бир машҳур саҳобий Салмон Форсийнинг дунёдан беҳожатлиги, ҳокисорлиги, зоҳидлиги ҳаммани ҳайратга солган эди. Унинг бисотида овқатланадиган лагани ва сув ичиб, таҳорат оладиган идишидан бошқа ҳеч нарсаси йўқ эди. Лекин шунга қарамай у ўзини бадавлат ҳисобларди. У Мадинага амир қилиб тайинланганида ҳам ҳолати асло ўзгармади. Йилига амирликдан кирим бўлган тўрт мингдан олти минг дирҳамгача пулнинг бир дирҳамини ҳам олмас, ҳаммасини одамларга тарқатиб юборар эди. Ўзи эса сават тўқиб, тириклик қиларди. Буни шундай ҳикоя қилади: «Бир дирҳамга похол сотиб олиб, унга ишлов бераман, сават тўқийман, кейин уни уч дирҳамга сотаман. Бир дирҳамни яна хомашёга сарфлайман, бир дирҳамни оиламга инфоқ қиламан, қолган бир дирҳамни эса садақа этаман. Агар мени бундан халифа Умар ибн Хаттоб қайтарса ҳам тўхтатмайман».
Бир куни Салмон Форсийга йўлда Шомдан келаётган, анжир ва хурмо кўтарган бир киши йўлиқиб қолди. Юк шомликни қийнаб, ҳолдан тойдирган эди. У рўпарасидан чиқиб қолган эски кийимдаги, камбағал кўринган бу одамга «юкимни элтиб берсанг, ҳаммоллик ҳақингни бераман», деди. Салмон шомликнинг юкини кўтариб йўлга тушди. Улар кетиб боришар экан, бир тўп одам учраб қолди. Салмон уларга салом берган эди, улар: «Амирга салом бўлсин», деб алик олишди. «Амирга салом бўлсин? Улар қайси амирни назарда тутишяпти?» деб шомликнинг боши қотди. Унинг ҳайрати йўловчилардан баъзилари Салмон томонга чопиб, «Бизга беринг, эй амир» дейишганида янада кучайиб кетди.
Шомлик киши ёллаган ҳаммоли Мадоин амири Салмон Форсий эканини билгач, қўлидан мажол кетди, лабларидан афсус ва узр калималари уча бошлади. Унга яқинлашиб, юкини олмоқчи бўлувди, Салмон рад этиб бош силкиди ва: «Манзилингга олиб бориб қўймагунимча бермайман», деди. 
Ҳазрати Абу Бакрнинг раҳбарлик йилларида мамлакатда очарчилик юз берди. Ана шундай ночор кунларнинг бирида Ҳазрати Усмон Шомдан кўп миқдорда буғдой ортилган карвон билан қайтди. Бундан хабар топган бадавлат савдогарлар катта фойда эвазига буғдойга харидор бўлишди. Бироқ Ҳазрати Усмон уларнинг таклифини рад этди. Шунда барча савдогарлар бирлашиб  Абу Бакрнинг ҳузурига арз қилиб боришди ва ҳукмдорни Ҳазрати Усмоннинг олдига бошлаб келишди. «Эй Усмон, нега буғдойларингни сотмаяпсан, ахир юртимиздаги қаҳатчиликни кўриб турибсан-ку», деди Абу Бакр. «Улар айтган баҳо жуда кам, мен эса буғдойимнинг ҳар донасига мингта олтин берадиган харидор топдим. Буғдойларимни Унга сотаман», деб жавоб берди Ҳазрати Усмон ва буғдойларининг ҳаммасини  фақирларга улашди.



БОЙЛАР ВА КАМБАҒАЛЛАР
Ҳамма замонда, барча жамиятда бой ҳам, камбағал ҳам бўлади. Бу Аллоҳнинг иродаси, У инсонларни бой ва камабағал қилиб яратгани белгисидир. Одамларни тенглаштириб, бир қолипга солишга уринган жамиятлар фақат кулгига қолган. Буни яқин тарихимизда совет ҳокимияти олиб борган сиёсатнинг охири нима билан тугагани ҳам исботлаб турибди. Бу ҳокимият бойларнинг барча мол-мулкини тортиб олиб, уни камбағаллар ўртасида тақсимлаб бериш ва шу йўл билан синфий адолат ўрнатиш орқали фаровон жамият қуришни истаган эди. Советларнинг бу «тажрибаси» нима билан якун топганини ҳамма яхши билади. «Йўқолсин бойлар» деб бойларни йўқотди, «Яшасин йўқсиллар» деб йўқсилликни урчитди.   
Девор-дармиён, томлари туташ икки қўшни бор. Лекин ана шу қурғур томдан бошлаб уларнинг бутун туриш-турмуши бир-бирининг акси, бир-бирига қарама-қарши. Ўнгдаги қўшнининг томи чапдагисига қараганда бир уй баланд, оқ тунукадан, ҳаттоки тарновлари ҳам кунгурадор ясалган. Бунисиникини пастроқ, шиферли, тарнови қора тунукадан. Ўнгдаги қўшнининг «Нексия»си бор, бунинг устига яқинда ўнинчида ўқийдиган ўғлига нимдошроқ бўлса ҳам «Тико» олиб берди. Чапдаги қўшни ҳам улардан ортда қолмаслик учун қарз-ҳавола қилиб бўлса ҳам, ўғлини уйлантиришга атаб қўйган молини сотиб «Запорожес» сотиб олди. Энг қизиғи, қўшнисининг жиғига тегиш учун ана шу машинасини тор кўчанинг ўртасига тўхтатиб кириб кетади, қўшни машинасини уйига олиб киролмай хуноб.
Кунлар шу зайлда ўтиб борар, икки қўшни ўртасидаги тортишув,  пинҳона хусумат тобора кучаяр, зиддият чуқурлашарди. Авваллари бир-бирларини кўрганда оғзиларидан бол томган қўшнилар энди икки эшикдан ўқрайишиб чиқиб, бақрайишиб ўтиб кетишади. Тўй-маъракада ёнма-ён ўтириб қолишса терс ўгирилишади. Катталарнинг қилиғи уйдагиларга ҳам кўчган:
– Ордона қолсин, уйида сичқонлар қўлтиқтаёқда, сувараклар силласи қуриб ётибдию, яна нимасига кериларкин? – дея бурнини жийиради ўнгдаги қўшни аёл.
– Кўрмаганнинг кўргани қурсин, яқинда уйимизга туз сўраб чиқарди, энди жир битиб бурни кўтарилиб қоптими? – дейди чапдаги қўшни аёл.
Кунлар ўтиб борар, икки қўшиннинг муомалалари борган сари терслашарди. Сезган бўлсангиз керак, ўнг томондаги қўшни ўзига тўқ, бадавлат киши бўлиб, бир неча дўкони  ва корхонаси бор эди. Иккинчиси эса оддий ишчи бўлиб ишлар, бозор шароитида дасти қисқалик қилиб, турмуши хийла тортилиб қолганди. Шундай бўлса ҳам, у буни тан олгиси келмас, қўшнидан ортда қолмасликка тиришарди. Устига-устак қўшнисининг бойлиги, тўкин, фаровон яшаши жиғига тегарди, ҳасадданми, ғайирликданми кўнглининг қатида ўзининг ночорлигига  гўёки у айбдордай қўшнисидан ўч олиш истаги ҳам ғимирлаб  қоларди.
Кунлар шу тахлитда ўтар, икки қўшни ўзини ҳақ санаб, шеригидан ўпкалар, лекин иккови ҳам оддий бир ҳақиқатни тушунгиси келмасди. Оддий ҳақиқат эса шунда эдики, Аллоҳ таоло бировни бадавлат қилиб, бировни фақир қилиб яратган. Барча замонларда, барча юртларда бой ҳам, камбағал ҳам бўлган. Фақатгина бойлар мен бадавлатман деб фахрланмасликлари, шариат ҳукмига кўра топган бойликларидан закот беришлари, камбағалларга эҳсон, садақа қилишлари зарур. Камбағаллар эса ўз ҳолатларидан уялмай, афсусланмай, буни Аллоҳнинг бир синови сифатида қабул қилишлари, бадавлат кишилардан қаерим кам деб, уларга тенглашиш учун интилмасликлари зарур экан. Чунки, бу нарсалар – Яратганнинг ўлчовларидир, буларни бузган кишилар унинг ҳукмидан чекинган ҳисобланишади. Бир хабарда айтилганидай: «Қай бирингиз ўзингиздан бойроқ ва кўркамроқ одамни кўриб қолсангиз, дарҳол ўзингиздан камбағалроқ ва хунукроқ одамлар ҳам борлигини эсланг». 
Дарҳақиқат, бойлар дунёга мағрурланиб, ҳаддиларидан ошишса, эҳсон-садақани тарк этишса, камбағаллар фақирликни Аллоҳнинг жазоси санаб, ношукрлик ёки сабрсизлик қилишса, бараварига Унинг раҳматидан узилган бўлишади.   
Ривоятларда бундай дейилган: «КамбаІаллар жаннатга бойлардан беш юз йил олдин киришади»; «Жаннатга боідим, кґрдимки, у ердагиларнинг аксарияти камбаІаллар экан. Ґамда дґзахга боідим, кґрдимки, у ердагиларнинг аксарияти аёллар экан»; «Жаннат дарвозаси олдида туриб іарасам, у ерга кираётганларнинг кґплари бечора-мискинлар экан. Бойлар эса ташіарида ушлаб турилибди. Лекин дґзах аµлларини эса дґзахга ташлаш буюрилибди».   
Бир жамиятда бойлар қадрланиб, фақирлар хўрланса, бойлар қўлларига келган мол-дунёда камбағалларнинг ҳам ҳаққи борлигини «унутиб» юборишса, ҳаёт мувозанати бузилади, жамият низоми издан чиқади. Фақирлар бойларнинг душманига айланади. «Ижтимоий портлаш»лар, инқилоб ва исёнлар майдонга чиқади. 1917 йилда Русияда, кейинчалик Туркистонда бўлган тўнтаришлар бунга жонли мисолдир. Туркистондаги «Шўрои Исломия» ташкилоти раҳбарлари (Абдулла Авлоний ва Мунавварқори Абдурашидхонов)нинг 1917 йил 28 апрелда «Нажот» газетасида босилган мурожаатномасида қуйидаги гаплар ёзилган: «Шўрои Исломия давлатлик кишилардин илтимос қиладурки, урф-маъракаларни ҳам кўб катта қилиб юбормасдин, мумкин қадар қасди риоя қилсалар (тежаб сарф қилсалар), ҳам тўйдаги пул ва ғалла сарфини маҳаллалардаги оч-яланғоч, бева-бечораларга, мактаб, мадраса ва жамияти хайрияларга берсалар». Аммо очиқ фикрли алломаларнинг қайноқ мурожаатларига унча қулоқ солинмади. Орадан ярим йил ўтиб бу юрт бошига, ўша «қулоғи том битган» бадавлат кишилар, ўлканинг барча халқи бошига не  кунлар, не кўргиликлар, очлик, қаҳатчилик, зулм, уруш ва вайронагарчиликлар тушгани ҳаммага аён. Бундай кунлар қайтарилишидан Худо асрасин! Лекин тарихдан хулоса чиқармаслик ҳам катта кулфатларга сабаб бўлиши мумкин. 
Ислом дини ана шу мувозанатни тутиб туриш мақсадида закотни, садақа, инфоқ-эҳсонларни жорий қилган. «Закот Исломнинг кўпригидир», дейилган. Бу бой билан фақир орасидаги низонинг олдини олувчи «кўприк», фақирнинг бойга душман бўлишининг олдини олувчи «кўприк»дир. Закот айрим нодонлар ўйлаганидай бойларни жазолаш ёки фақирни бадавлат қилиш чораси эмас, балки динимизда инсон бойликдан юқори туришини кўрсатишдир.
Хабарларда келишича: «Сизлардан олдин ўтган бир одам ҳисоб-китоб қилинди. Қаралса, номаи аъмолида бирорта савобли амали йўқ экан. Лекин ўзи бой бўлиб, камбағаллардаги ҳақларини кечиб юрар экан. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам: «Кечишга Мен лойиқроқман», деб унинг гуноҳларини кечириб юборган экан»; «Қайси бир амир ёки ҳоким ҳожатмандлар, фақир ва мискинларга хайр-эҳсон эшигини ёпса, Аллоҳ таоло ҳам унга нисбатан хайр-эҳсон ва ҳожати учун осмон эшикларини ёпиб қўяди»; «Ким Аллоҳ таолодан сўрамаса ҳам бошқалар  мол-дунё берса, уни олаверсин. Зеро, бу Аллоҳнинг унга етказган ризқу насибасидир»; «Ким дуоларим ижобат бўлсин, ташвишларим бошимдан арисин, деса камбағаллар ҳолидан хабар олсин».  
«Олтин ва кумуши бўлмаган одам камбағал эмас, балки эс-ҳуши, касб-ҳунари бўлмаган киши камбағалдир», дейди Мажидиддин Хавофий. Абу Туроб Нахшабий эса фақирга бундай баҳо беради: «Фақир улки, унинг овқати – нима топса, ўша бўлади, либоси авратини ёпишга етади, макони қаерда ўтирган бўлса, ўша ердир». 
Яна шундай бир ривоят бор: Бир бойнинг ўғли саҳрода сув ахтариб юрганида ўша ердаги йилқичи бир чорвадорнинг қизини кўриб унга ишқи тушиб қолади. Қизнинг отасидан уни ўзига никоҳлаб беришини сўрайди. Ота йигитдан қандай ҳунари борлигини сўраганида йигит: «Мен фалон бойнинг ўғлиман, бойлигимиз ўзимизга ҳам, болаларимизга ҳам, болаларимизнинг болаларига ҳам етиб ортади», деб жавоб беради. Йилқичи: «Бойлик бир ойлик, унга ишонч йўқ, бирор ҳодиса сабабли бир чақасиз қолишингиз мумкин. У вақтда ўзингизни ва оилангизни нима билан боқасиз? Ҳунари бўлмаган кишига қизимни бера олмайман», деб йигитни қайтариб юборади. Йигит икки ойдан сўнг келиб, йилқичидан яна қизининг қўлини сўрайди ҳамда: «Мен сават тўқишни ўргандим, манави саватни ўзим ясадим, энди йўқ демассиз?» дейди. Шунда йилқичи: «Бу бошқа гап» дейди ва қизини йигитга никоҳлаб беради.
Абдуллоҳ ибн Аббос айтади: «Ким бойни икром қилиб (ҳурматлаб), камбағални хорласа, у лаънатлангандир». Абдуллоҳ ибн Масъуд эса бундай деганлар: «Кўпчилик ёқтирмайдиган ўлим ва камбағаллик қандай ажойиб нарсалардир. Аллоҳга қасамки, бойлик ҳам, фақирлик ҳам бир неъматдир. Қайсиси билан имтиҳон қилинсам ҳам хотиржамман. Бой бўлган кезлар муҳтожларга ёрдам қилиш, фақирликда эса сабр этиш фазилати бор».
«Бой биродарларимизга адолат қилмадик. Улар ейдилар, биз ҳам еймиз. Улар ичадилар, биз ҳам ичамиз. Улар қийналишади, биз ҳам қийналамиз. Уларнинг кўп моллари бор, унга қарашади, биз ҳам улар билан бирга ўша молларга қараймиз. Улар ҳисоб беришади, биз эса ҳисоб беришдан озодмиз», дейди Абу ад-Дардо.
Шақиқ Зоҳид эса мана бундай фикрда: «Камбағаллар ҳам, бойлар ҳам учта нарсани ихтиёр этишган. Камбағалларнинг ихтиёр этган нарсалари – нафснинг роҳати, қалбнинг юмшоқ ва ҳисобнинг енгил бўлиши. Бойларнинг ихтиёри – нафснинг чарчаши, қалбнинг машғуллиги ва қаттиқ ҳисоб».
«Бойнинг бир кўзи камбағалда бўлиши керак. Бир қўлини камбағалга бериши лозим. Камбағалдан юз ўгирган бойнинг кўзлари хоин кўзлардир», дейди Муҳаммад Камол Пилав ўғли.
Бойларнинг энг катта фожиаси шундаки, улар ҳамиша камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб яшашади. Уларнинг бутун фикри-ёди ана шу бойликни тинмай тўплаб-кўпайтириш, ҳеч бўлмаганда уни ҳозирги миқдорда ушлаб туришга қаратилган бўлади. Улар бу йўлда ҳамма нарсага: ўзгаларни алдашга, ёлғон гапириш ва ёлғон гувоҳлик беришга, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормасликка, судхўрлик, муттаҳамлик қилишга, пора олиш ва беришга, зулмга, ҳаттоки иймондан кечишга тайёр туради. Айрим бойлар ўз мол-дунёсини асраб қолиш учун ҳатто эътиқодини ўзгартириш, миллатга ва динга хиёнатлар қилиш даражасигача боради. 
Бадавлат киши иймонли бўлса, бойликнинг вақтинчалик бир ато, инъом эканини ҳис қилиб, иложи борича уни керакли ўринларга сарфлашга интилади. У мабодо қўлидан кетса, буни одатий ҳол сифатида қабул қилади, унга унчалик афсус-надомат ва фиғон чекмайди, ҳаётини келган жойидан давом эттириб кетаверади. Мана шу ерда нозик бир нуқта бор. Жуда кўп иймонли бойларни кўрганмиз: мол-дунёси тўлиб-тошганида ҳам, ёнида ҳеч вақоси қолмаганида ҳам ўзини бирдай тутади, аҳли-аёлининг нафақаси бир меъёрда бўлади, эҳсон-садақаси ҳам аввалгидай, камтарлик, ҳокисорлик, сахийлик бойлигида ҳам, камбағаллигида ҳам бир хил кўринишда қолади. Чунки бойлик, мол-дунё улар учун жамиятдаги мақомини белгилайдиган омил, иззат-икром асоси, фахр ва кибр манбаи эмас, балки Аллоҳ таолонинг омонати, синови, атосидир. Улар бойигани сайин тобора камтарроқ, тавозеълироқ бўлиб боришади,  ночорлашганларида эса бу хислатлари ортса ортадики, асло камаймайди. Улар бойликда ҳам, камбағалликда ҳам бирдай  тоат-ибодатда бўлишади, Яратганнинг шукри ва зикри билан доимий машғул бўлишади. Мана шу нарса динимиз бойлар учун белгилаб берган мўътадил, хайрли йўлдир. 
Камбағаллар эса доимо бойишни орзулаб турмуш кечиради. Бойларнинг қўрқуви асослироқ, чунки  бойлик уларга бир умрли қилиб берилмаган, бугун  кенг-мўл ризқ, беҳисоб мол-дунё ато қилиб қўйилган бўлса, бир кечада ҳаммасидан маҳрум бўлиб,  фақирга айланиб қолиши ҳам мумкин. Аксинча камбағал-фақир кишига бир кечада туганмас бойлик ато этилиши мумкин. Камбағалнинг вазифаси эса берилган энг улуғ неъмат ва имтиёз бўлмиш фақирликнинг қадрига етиш, бунинг учун Яратганга тинмай ҳамд-шукроналар айтиш, буни ўзига берилган бир имтиҳон ва айни пайтда боқий дунёда эришилажак улкан ажр-мукофотлар ва савоблар манбаи сифатида қабул қилишдан иборатдир. 
Дамашқни қонга ботирган босқинчи ҳукмдор Абдуллоҳ ибн Али ҳатто умавийлар масжидига от ва хачирларни ҳайдаб киритган ваҳший эди. У вазирларига қарата: «Яна менга қарши одам борми», деди. Улар: «йўқ!» дейишди. «Мени танқид ёки ҳақорат қиладиган-чи?» сўради у. «Фақат Авзоий танқид қилиши мумкин», деб жавоб қилишди мулозимлар. Абу Амр Авзоий улуғ фақиҳ ва муҳаддис, ғоятда тақводор, обид ва тўғрисўз киши эди. Сипоҳийлар уни тутиб келтиришди. Олим ваҳшатли ҳукмдор билан юзма-юз бўлди. Султон олимни ўлдиришга баҳона ахтарарди. Ноҳақ қон тўкилиши ҳақидаги кўнгилсиз савол-жавобдан кейин яна сўради: «Биз қўлга киритган ўлжалар хусусида нима дейсан?». «Ҳалол бўлса, ҳисоб-китоби бор, ҳаром бўлса, қийноқ-азоби бор», деб жавоб қилди Авзоий. Ҳукмдор тилла тўла халтачани унга узатди. Олим мол-дунёга хоҳиши йўқлигини айтди. Вазирлардан бири қатл қилиш учун сабаб излаётган ҳукмдорнинг жаҳли чиқмасин, дея уни «олтинларни ол» дегандек туртарди. Авзоийнинг пулга қўл узатмаётганини кўрган султон олтинларни қўшинга тарқатиб юборди-да, бўш халтачани улоқтириб чиқиб кетди. Султон олдига «Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил» деб кирган олим яна шу калималарни айтиб, саройни тарк қилди.
Айтилишича, Исо алайҳиссалом дунёни тишлари тўкилиб кетган ва зеб-зийнатга чулғанган бир қари кампир суратида кўрдилар. Ундан: «Неча марта эрга тегдинг?» деб сўрадилар. Кампир қиёфасидаги дунё: «Ҳисобини билмайман», деб жавоб берди. Исо алайҳиссалом яна: «Уларнинг ҳаммаси ўлдими ёки барчаси сени талоқ қилдими?» деб сўрадилар. У: «Йўқ, ҳаммаларини ўлдирдим», деди. Исо алайҳиссалом: «Қолган эрларингнинг ҳолига вой бўлсин, Нима учун улар олдинги эрларингдан ибрат олишмайди? Сен уларни бирма-бир ҳалок қиласан, улар бўлса сендан эҳтиёт бўлишмайди», дедилар.
Донишмандлар дунёни кўприкка ўхшатишган ва: «Ундан ўтинглар, аммо таъмир қилманглар», дейишган. Чиндан ҳам дунё охиратга ўтадиган бир кўприкдир. Ҳамманинг шу кўприкдан бир ўтиши бор. Инсон туғилиши билан кўприкнинг бир таянчи бўлмиш бешикка ётқизилади. Вафот этиши билан иккинчи таянчи бўлган тобутга ётқизилади. Кимдир бу кўприкдан уёқ-буёққа алангламай, тезроқ нариги томонга етиб олишни кўзлаб шитоб билан ўтади. Кимдир қадамларини ғофиллик билан ташлайди. Кимдир тўхтаб кўприк устида нимадир қуришга, уни безашга машғул бўлиб қолиб, асл мақсадни унутади. Мана шуниси бениҳоя жаҳолат ва ҳамоқатдир.
Айтишларича, дунёни севган, унга мубтало бўлган кимса худди денгиз сувини тинмай ичувчи кимсага ўхшар экан. Қанча кўп ичса, ташналиги шунча зиёда бўлаверади, чанқоғини қондирмоқчи бўлиб тўхтамай ичаверса, охири ҳалокатга олиб боради.
Аждодлардан бири сафдошларига қарата: «Мен билан юринглар, сизларга дунёни кўрсатаман», деган экан. Ҳамма унга эргашибди, у эса сафдошларини ахлатхонага бошлаб борибди ва: «Мана, сизлар минг машаққат билан излаб-топиб еган мевалар, товуқлар, асал ва ёғларингизга бир боқинглар. Сизлар айланиб-ўргилиб истеъмол қилган нарсалар охири нималарга айланди?» дебди.

Одам ажрата оласизми?

Мавлоно Жалолиддин Румийнинг «Аслинг қандай бўлса, шундай кўрин, қандай кўринсанг, шундай бўл», деган ажойиб ҳикмати бор. Ҳақиқатан одам ўзлигидан ажраган, «мен»ини йўқотган куни инсонлигидан ҳам мосуво бўлади. Бировга тақлид қилиб яшаган, бировга ёқиш учун феъл-атворини батамом ўзгартиришга уринадиган, кўнглидаги гапни айтолмай тилёғламалик ёки иккиюзламачилик қиладиган одамларга ҳаётда жуда қийин бўлади. 
Аммо инсонлар билан муомала-муносабатларда «менинг бўлганим шу, хоҳласанг ҳам, хоҳламасанг ҳам  кирдикорларимга, хурмача қилиқларимга чидайсан» қабилида йўл тутиш доимий ихтилофларга, ғижиллашишларга, хусуматларга ва бир-биридан кўнгил қолишларга олиб боради. Истайсизми-йўқми, феъл-атворингиздаги қусурларни тарбиялаш, табиатингиздаги хоҳиш-истак ва туғма майлларни вақтинча «ухлатиб туришга» тўғри келади. 
Гоҳо муроса учун қалбингизга қарши борасиз, виждон буюрганидан бироз чекинасиз, табиатингиздаги қайсарлик оловларини ўчирасиз. Акс ҳолда ҳеч ким билан муроса қилолмайдиган, келиша олмайдиган киши сифатида одамларга ёқмай қоласиз, сиз билан ҳеч ким муносабат қилмай қўяди ва бора-бора жамиятдан ажрайсиз. 
Кишилар жиддий ишларда ўзларини муносиб тутганлари ҳолда, майда ишларда асл қиёфаларини билдириб қўйишади. Атоқли воиз Ситсероннинг ажойиб гапи бор: «Доноларнинг иши ақл билан, фаҳмсизроқ кишиларники – тажриба билан, ғирт нодон одамларники –зарурат билан, ҳайвоннинг ҳатти-ҳаракати табиатан қилинади». 
Кўйлак танани кўрсатганидек, қилиқлар ҳам кишининг феъл-атворидан дарак беради. Бир файласуф ёзганидай, «Энг кичик, энг арзимас, энг сезилмас ишимизда ҳам бизнинг бутун табиатимиз, хулқимиз кўринади. Аҳмоқнинг кириб-чиқиши ҳам, ўтириб-туриши ҳам, сукут сақлаши ҳам, ҳаракатлари ҳам ҳеч қачон ақлли кишиникига ўхшамайди».
Мижоз, яъни руҳий феъл-атвор инсонларда тўрт хил бўлади. Яъни одамлар табиатига кўра қизиққон (холерик), хушчақчақ (сангвиник), оғир-вазмин (флегматик), ғамгин (меланхолик) бўлади. Лекин баъзи одамлар буларнинг бирортасига ҳам тушмайди, уларда ана мижозларнинг ҳаммасидаги кўринишлардан бир улушдан бўлиши мумкин. Кишининг мижози унинг ҳатти-ҳаракатлари ва қилиқлари, имо-ишораси, ўзини тутиши, табиатининг ўта вазмин, босиқ ёки қизиққон бўлиши каби ҳолатларда намоён бўлади. 
Айтайлик, сиз яратилишингизга кўра, ўта бетоқат, бесаранжом, шошқалоқ, ҳамма нарсага тез киришиб, тез совуйдиган, бетгачопар ва серҳаракат одамсиз. Сиз билан битта хонада ишлайдиган ҳамкасбингиз ёки бирга йўлга чиққан сафардошингиз вазмин, бир гапини мулоҳаза билан айтадиган, ҳар бир қадамини ўйлаб босадиган сокин ва эҳтиёткор киши. Агар сиз унинг ана шу мижози (табиати-хислати) билан ҳисоблашмай, уни ўз қолипингизга солишга уринсангиз, ёки унинг бу феъл-атвори устидан куладиган бўлсангиз, биринчи кунларданоқ ораларингда чоҳ пайдо бўлади, у бора-бора кенгаяди, охири икковингиз ҳеч бўлмаганда яхшигина душманга айланасиз ва узилишиб кетасиз. 
Ёки аксинча у сизнинг табиатингиз хусусида шундай йўл тутадиган бўлса ҳам аҳвол бундан ўзгача бўлмайди. Шунинг учун кимдир билан узоқ вақт бирга бўлиш (масалан бир хонада ишлаш, эр-хотинлик, сафарда ёки ҳарбий хизматда бирга бўлиш, дўстлашиш)га тўғри келиб қолса, сиз ҳам ахлоқ-одобга тўғри келмайдиган хурмача қилиқларингизни, гап-сўзларингизни, «нотавон кўнгил истаклари»ни уйга ташлаб кетинг. Бордию шеригингиз одобсизлик орқасидан ана шундай «фазилат»ларини намойиш қилиб қолса, босиқлик ва кечирувчанлик истеъдодингизни ишга солиб, унинг қилиқларини сезмасликка, камчиликларига эътибор қилмасликка урининг. Шунда ҳар икки томонга ҳам фойда бўлади, икки яқин киши ўртасидаги ишонч ва муҳаббат ришталари мустаҳкам боғланади. 
Одамларни ажрата билиш, муомала-муносабатларда уларнинг феълига қараб иш тутиш учун уларнинг мижозини ўрганиш ҳам фойдадан холи бўлмайди. Келинг, буларни бирма-бир кўриб чиқайлик:
Қизиққон (холерик) мижозлилар тез ёниб, тез ўчадиган, ҳамиша қайнаб-тошиб турадиган, ҳаддан зиёд ҳаракатчан, руҳий ҳолати «Астробод ҳавосидай» бир кунда минг хил товланадиган, безовта ва жўшқин одамлар бўлишади. Улар ўта ҳиссиётли бўлишади. Кўпинча гапингизнинг ярмиданоқ сабрлари чидамай, нима демоқчилигингизни билишга қизиқиб кетишади. 
Бундай кишилар билан бир хонада, касбда ишлаш хийла мураккаб. Чунки улар ғайрат билан ҳовлиқиб, баъзан эса қўрқа-писа ишга киришишади, ғайрат ва шижоат билан ишлашади, машаққатлардан унча чўчимай, осонликча енгиб ўтишади. Аммо ғайратлари тез совуйди, қанчалик тез ишга киришган бўлса, шунча тез ундан совуйди, бирданига узоқ вақтга «уйқу»га кетади. Қизиққонларда тушкунликка тушиш, ҳаётдан қониқмаслик устун туради. Бундай одамлар билан муомалада сал эҳтиёт бўлинг. Чунки улар ўзгалар билан муносабатда ўз-ҳис туйғуларини жиловлай олишмайди. Гапни ўйлаб ўтирмай, томдан тараша тушгандай қилиб гапиришади. Шунинг учун қизиққонлар бошқаларга баҳо беришда кўпинча янглишишади. Кўп ҳолларда ишхона ва оилаларда бундай одамлар уриш-жанжалларга, зиддиятли ҳолатларга сабабчи бўлиб қолишади. Уларнинг бетгачопарлиги, кўр-кўрона таваккал қилиши, сабрсизлиги, тез хафа бўлиб, тез унутиши туфайли қизиққонлар билан муомала қилиш қийин кечади.
Бу мижозга кирувчиларнинг суврати чизилса, қуйидаги «қиёфа» келиб чиққан бўлур эди: улар саботсиз, жаҳли тез чиқувчи, қизиққон, бетоқат ва беҳаловат, унча-бунча қийинчиликка ва етишмовчиликка чидамайдиган, кескин ва бетгачопар, аммо баҳс-тортишувларда ҳозиржавоб, журъатли ва ташаббускор, таваккалчи, ўзгаларга кек сақламайдиган ва ҳадиксирамайдиган, кайфияти бир хил турмайдиган, кескин ва тез ҳаракат қиладиган ҳамда топширилган ишни тезда уддалайдиган, янгиликларни бажонидил қабул қиладиган, аммо бир қарорга келишда иккиланиб қоладиган кишилардир.
Хушчақчақ ва вазмин (сангвиник) мижозлилар анча ёқимтой ва олийжаноб инсонлар бўлишади. Улар ҳар қандай жамоада ҳам одамлар билан тез тил топипиб, осон эл бўлиб кетишади. Улар ҳамма ишга тез мослашади, бироқ бир хил ишни узоқ вақт бажаришга тоқатлари етмайди. Хушчақчақлар ҳис-туйғуларини жиловлай билишади, янгича шаароитларга тез кўникади, улар яхшигина суҳбатдош бўлиши мумкин, чунки уларга ҳар қандай ётсираш бегона. 
Бундай мижозли кишилар сўзамол, тортинишни билмайдиган, гапирганда бурро, дона-дона қилиб, қўлларини қимирлатиб ёки маъноли ишоралар билан сўзлайдиган бўлишади. Агар уларнинг қалбига йўл топа олсангиз ва ишлашлари учун етарли шароит яратиб берсангиз, улар тоғни талқон қилиб, ерни яксон қилиб ташлашлари мумкин. 
Бордию уларга бир хил, зерикарли, узоққа мўлжалланган иш топшириб қўйсангиз, роса хуноб қилган бўласиз. Ишларидан мутлақо совиб кетишади, бефарқ қарайдиган бўлишади. Сал баҳона топиб жуфтакни ростлаб қолишади. Бир қарашда ўта ҳиссиётли бўлиб кўринишса-да, туйғулари тез уйғониб, тез сўнади. Баъзан умуман лоқайд, ҳиссиз одамга ҳам айланиб қолишлари мумкин. Уларнинг кайфияти тез-тез ўзгариб турса ҳам, барибир бу нарса яхши инсонлар бўлиб қолишига таъсир кўрсатмайди.
Бундай кишиларнинг «қиёфа»сини бундай тасвирлаш мумкин: улар қувноқ, хушчақчақ, бир гапириб ўн куладиган, серҳаракат-ишчан, аммо бошлаган ишини охирига етказмайдиган, ўз қадрини яхши биладиган, янгиликларни тез пайқайдиган, бироқ қизиқиш ва иштиёқлари тез ўзгарадиган, тез хавотирга тушувчи, янги шароитга тезда мослашиб, топширилган ишларга  кириша оладиган, аммо хийла беқарор, бир хилликдан дарров зерикадиган, одамлар билан киришиб кетадиган ва кўнгилчан, кутилмаган ва қийин шароитларга ҳам тайёр тура оладиган, кайфияти доимо кўтаринки, бошига иш тушса, тезда ўзини ўнглаб олишга қодир, баъзан юзаки ёндошиш ва рад этишга мойил кишилардир.
Оғир-босиқ (флегматик) мижозли кишилар одатда вазмин, камҳаракат, камгап бўлишади. Бир ишга киришмоқчи бўлишса, шошмай, «етти ўлчаб» иш тутишади, суст ҳаракат қилишади, бошлаган ишларини охиригача бир маромда, сабот-бардош билан, аммо эҳтиёт бўлиб етказишади. Уларда руҳий жараёнлар ҳам жуда секин кечади. 
Оғир-вазмин кишиларнинг ҳис-туйғулари бир хил ва сокин кечиши туфайли уларнинг кайфиятини бирданига англаб бўлмайди. Улар ўзаро муомалада босиқ, виқорли, ҳамма нарсага чуқур мулоҳаза билан қарайдиган, турғун кайфиятли бўлишади. Бундай кишиларга узоқ вақт совуққонлик ва вазминлик билан бажариладиган, сердиққат ва масъулиятли ишларни топширган маъқул. Бордию уларни кўп ҳаракат ва тезкорлик билан бажариладиган, фаоллик талаб қиладиган юмушларга мажбурласангиз, ишингиз битмаслиги аниқ. Чунки улар тезда бундан зерикиб, ҳафсалалари пир бўлиб қолади.
Бундайларга мана бу таърифни бериш мумкин: улар қатъиятли ва синчков, сокин, сўлғин ва совуққон, эҳтиёткор ва сермулоҳаза, камгап, ортиқча гап-сўзни ёқтирмайдиган, ўзи оз ва сокин гапирадиган, кута олувчи, бошлаган ишини охирига етказувчи, жаҳли чиқса тезда боса оладиган, камҳаракат, кучини беҳуда сарфламай, ишни қатъий тартиблар асосида олиб борувчи, иштиёқларидан тийилишни биладиган, мақтов ёки танбеҳларга унча аҳамият бермайдиган, ишга секин киришиб, биридан иккинчисига қийинчилик билан ўтадиган, нотаниш шароитга кўникиши қийин кечадиган, ҳамма нарсада тартибни ёқтириб, ҳамма билан самимий, бирдай муомала қиладиган, ҳар қандай шароитда ўзини тута оладиган кишилардир.
Ғамгин ва тортинчоқ (меланхолик) мижозли одамлар беқарор, ўзгарувчан, камҳаракат, ўз кучига ишонмайдиган, уятчан ва ҳиссиётли бўлишади. Уларнинг ҳис-ҳаяжони ва туйғулари секин уйғонади, унча-мунчага жаҳли чиқмайди. Аммо ғазабга минса, «совиши» ҳам жуда қийин кечади, бунинг учун катта куч ва кўп вақт керак бўлади. Ғамгинлар сал нарсадан ранжиб қолишади. Хафагарчиликни кўнгилларига олиб, узоқ вақт эсдан чиқаришмайди, оғринганларини ҳатто юзларидан билиш мумкин. 
Бундайлар хийла одамови бўлишади, жимжитликни, ёлғизликни ёқтиришади. Янги танишган ёхуд бегона одамлар билан дарров тил топа олишмайди, суҳбатдан қочишади. Янги шароитга, нотаниш одамлар даврасига тушиб қолишса, ўзларини ноқулай ҳис қилишади. Шовқин-суронли давралар, турмушдаги янгиликлар,  ўрганган нарсаларидан ўзгаси безовта қилади, ҳаловатларини кетказади, руҳиятларини издан чиқариб юборади. Аммо кўниккан тинч ва осойишта шароитдаги ишларни қойилмақом қилиб бажаришади.
Бу каби одамларни таниб олиш  қийин эмас, қуйидаги «қиёфа»сидан ажратиб олса бўлади: улар уятчан ва тортинчоқ, доим янги шароитлар изловчи, лекин янги танишлари билан киришиб кета олмайдиган, ўз кучига ишонмайдиган, субутсиз, фақат ёлғизликда ўзини яхши ҳис этадиган, омадсизликдан тушкун ва паришон юрувчи, тез чарчаб, тез ўзини йўқотувчи, беихтиёр суҳбатдошининг феъл-атворига мослашадиган, тез-тез кўз ёши қилиб турувчи, ўзига ҳам, бошқаларга ҳам катта талаб қўядиган, шубҳа ва гумонсирашларга мойил, дардчил, кўнгли нозик, жаҳли дарров чиқадиган, ҳеч кимга сирини  очмайдиган, одамови, кўнгилчан, одамлардан меҳр, ҳамдардлик кутиб яшайдиган одамлардир. 
Сиз жамоат ичида кўп бўлишга, турли одамлар билан мулоқот ва муомала қилишга мажбур экансиз, уларнинг феъл-атворини, қизиқиш ва туйғуларини ҳам билишга, уларнинг мижозидаги яхши ва ёмон томонларини тушунишга, хулласи уларнинг кимлигини «таниб» олишга ҳам мажбурсиз. Чунки, бундай қилмасангиз, инсонлар билан муносабатларда кўзлаган мақсадингизга эриша олмайсиз. Улар билан яқинлашиш, ишларингизни битириш, кўнгилларини олиш ўрнига улар назаридан қолишингиз, ишончларига киролмай қийналишингиз, душманга айланишингиз, энг ёмони руҳий хотиржамликни ва фароғатингизни йўқотишингиз мумкин. Бу эса ҳаётингизни издан чиқариб юбориши ҳеч гап эмас!

Ҳозир сайтимизда 30 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ