Сайт бўлимлари
- Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
- Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
- Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
- Энг заиф уй
Muslima.Uz
Эски муаммонинг янги ўйлари
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
Ўзбек хонадонларида қайнона-келин можаролари оилавий машмашаларнинг асосини ташкил этади. Шу билан бирга қайнсингил - қайнопалар билан юзага келадиган муаммолар ва муросасизликлар ҳам қайнона-келин можароларидан сира қолишмайди. Аксарият келинчаклар қайнонасини қайнсинглиси ёки қайнопаси (айрим ҳудудларда қайнэгачи ҳам дейилади) қарши қайраши ҳақида тўлиб-тошиб гапиришса, баъзан таажжубда қолиб, баъзида эса ғашим келарди. Бироқ чуқурроқ мулоҳаза қилинса, чиндан ҳам оиланинг қизлари келинчакка душманга қарагандек қарашар экан. Қизиқ, нима учун? Бугунги мулоҳазалар шу хусусда.
Қайнопам оиламни бузмоқчи,
- дейди, бир танишим изтиробга тўлиб. - Келин бўлиб тушганимда қайнопаларимнинг олисдаги, қайнсингилларимнинг талабалик сабабидан тез-тез кўришмаслигимиз мени қувонтирганди. “Қайнонам билан яхши тил топишиб кетамиз. Ҳеч бир она фарзандига ёмонлик истамайди, мен кўнглини ранжитмасам, ойижонимнинг дили оғримайди”, деб ўйлагандим. Бошида шундай эди ҳам. Қайнона-ойижоним, қайнота- дадажоним қўлимни совуқ сувга урдирмасдилар. Тўйимиз қишда бўлганди. Саҳарда кўча супургани чиқсам, қайнонам мени койиб, ичкарига киритворардилар. Ҳар куни эрталаб қайнотам мени ишга олиб бориб қўйиб, қайтишда ўзлари олиб келардилар. Менга деб энг яхши егуликларни илинардилар. Талаба қайнсингилларимдан бири бу ҳолатни опаларига етказибди. Иккинчи қайнопамнинг турмуши бироз нотинч, эри, қайнона-қайнотаси ҳурмат қилмайди. Ўша қайнопам қайнонамга қўнғироқ қилиб “Келинни кўп талтайтирманглар, уни ҳар куни ишда машинада олиб боришнинг нима кераги бор? Ойлигини сизларга берадими? Мен шунча ишлайман аммо на эрим, на қайнонам қадримга етади. Қайнотам ойлигимни тийин-тийинигача ҳисоблаб қўлимдан олади” деган гапларни гапирибди. Шунда ҳам қайнотам менинг ёнимни олганлар. Мен эримнинг жигарларига ҳеч ёмонлик раво кўрмайман. Лекин негадир улар мени ҳеч яхши қабул қилишмайди. Катта қайнопамнинг эри вафот этган. Иккинчисининг эри билан муносабати яхши эмас. Хуллас, иккови бир бўлиб қилдан қийиқ ахтариб мени уйдагиларга ёмон кўрсатишяпти. Ёшига етмаган қизалоғим бор. Турмушим бузилиб, қизчам тирик етим бўлишини истамайман. Улар эса эр-хотин иккимизнинг шунчаки гап талашишимиздан ҳам фожеа ясаб, келин укамизни менсимайди, уни доим беҳурмат қилади, деган гапларни таниган-танимаганларга гапириб юришади. Узоқдан туриб телефон орқали мен билан жанжаллашди. Қайнонам жуда мулойим аёл, бизнинг оиламиз бузилишини асло истамайдилар. Лекин қизларига ҳам бир оғиз қарши гапиролмайдилар. Келин бўлиб тушган хонадонингда бахтдан ёлчимаган қиз фарзанд бўлса, сенинг ҳам бахтли бўлишинг қийин экан...
Ҳа, дарҳақиқат келинчакнинг мулоҳазаси ўринли. Куёвнинг оилавий ҳаёти нотекис бўлган опа-синглиси бўлса, албатта калтак айбсиз айбдор келиннинг бошида синади. Башарти, куёв келинчагини ардоқласа, яхши кўрса-ку, урди Худо деяверинг. Ҳалиги турмушида нуқсони бор жигарнинг фиғони фалакка ўралайди. Нега энди унинг укасига теккан қиз бахтли, ҳурмат-иззатда яшаши керагу, унинг ҳаёти кемтик бўлиши керак?! Ичини ана шу савол кемираётган қайинбўйин иложини қилиб келинчакни ота-онасига, куёв бўлмиш жигарига ёмон кўрсатишга уринади. Аксарият ҳолларда бу қабиҳ режа амалга ошади ва оқибатда орага кўп совуқчилик тушади, ҳаттоки оила бузилишгача боради ҳам.
Қишлоққа бораётиб поездда кексароқ ёшли йўловчи билан ҳамроҳ бўлиб қолгандим. Узоқ йўлда онахон билан суҳбатлашиб кетдик. Гап орасида ҳамроҳим турмушлари бузилганини, қирқ йилча аввал қайнопаларининг зуғуми остида бир яшар ўғилчалари билан оилаларидан ажрашишга мажбур бўлганларини гапира туриб:
— Ўшанда қайнона-қайнотам қари эдилар. Эрим мени яхши кўрарди, ажрашишни истамаганди, лекин опасининг гапини ҳам икки қилолмади. Хуллас, турмушим бўлмади. Эримни жуда яхши кўрардим. Шунинг учун бошқа турмуш қилмадим. Қайнопам эримни уйлантирди. Мен бир боламни бағримга босиб улғайтирдим. Аёл кишига ёлғизлик қийин экан, аммо сабр қилдим. Худога шукр, болам ҳозир ўзидан кўпайган. Неварам Тошкентда ўқийди, бир ҳафта олдин уни кўргани келгандим, энди уйга қайтяпман. Узунқулоқ хабарларга қараганда собиқ қайнопамнинг икки қизи эридан чиқиб уйига қайтган экан. Бировнинг оиласини бузиш яхши эмас. Унинг жавоби шу дунёда ҳам, нариги дунёда ҳам бор, қизим...
Чиққан қиз чиғириқдан нари,
- дейди, донишманд ўзбегимиз. Тафаккур қилинса, бу нақлнинг тагзамирида ҳар хил маъно ётгани англанади. Бир маъноси чиққан қизнинг ота уйига қайтиши номақбул экани, турмушидан қайтиб келган қиз ўз уйидагиларга ҳам малол келиши мумкинлигини эътироф этса, яна бири узатилган қиз қизлик уйининг муаммоларига, ота-онаси, жигарларининг ишига ҳадеб аралашавермаслигига ишора қилади.
- Куёв бўлмишнинг катта опаси тўйимизни тўхтатди,-деб таҳририятга қўнғироқ қилади бухоролик мухлисамиз.- Ота-онам ўқитувчи, оилада беш нафар фарзандмиз. Мен магистратура таҳсилини шу йили тамомлаяпман. Контрактда ўқидим. Яна иккита синглим бирин-кетин контрактда ўқишини битказади. Хуллас, ота-онамнинг топган пуллари биз болаларини ўқишига сарфланади. Яқинда мени унаштиришганди. Куёв томоннинг оиласида ҳамма нарсани узатилган катта қиз ҳал қиларкан. У эри билан хорижда ишлаётган пайтда уйидагилари бизга фотиҳа тўйи олиб келишганди. Хориждан қайтган бўлғуси қайнопам бизникига совға-салом билан кириб келдию, оддий уй-жойимиз, камтаргина турмушимизни кўриб, онасига ўдағайлаб кетди. Қисқаси, қуда томон тўйни тўхтатишди. Йигит мени ёқтирарди, лекин опасига буни тушунтиролмаяпти. Ҳатто онаси ҳам уйимизга келиб йиғлай-йиғлай мендан узр сўради. Мен ҳам опаман, оиланинг тўнғич фарзандиман. Лекин ота-онам менга уларнинг ишига, ука-сингилларимнинг ҳаётига аралашиш ҳуқуқини бермаганлар! Керак жойда маслаҳатлашиб, фикримни биладилару, аммо барибир ўзлари биладиган ишни қилишади. Ҳайронман, одам ўз фарзандига ҳам кучи етмай қоларкан-да. Куёвнинг отаси ҳам ерпарчин бўлиб дадамдан узр сўрабди. “Боланинг ўзи ҳам, мулки ҳам отаники, бу одам фарзанд тарбиясида хўп адашган экан, шукр қил, қизим, Худо сени шундай оилага аъзо бўлишдан асради” дедилар. Мен-ку бунга шукр қиламан, лекин молпараст аёлнинг фаросатсизлиги сабабдан, номим фотиҳаси қайтган қиз бўлди, шунга армон қиламан-да...
Баъзи ота-оналар, айниқса онахонларимиз ўғил фарзандларини қизларига “жиловлаб, бўйнидан арқон боғлаб” беришади. Айниқса, оила бошлиғининг вафотидан кейин “ҳукмронлик” аёллар қўлига ўтгач, бу иш янада адолатсиз тусга киради. Тўрт-беш қиз узатилган хонадонлардаги ўғил фарзандлар ҳолига одам ачиниб кетади. Агар ўғил ёлғиз, ёки озчилик бўлса, унда томошанинг каттасини кўраверинг.
Бир хонадонни биламан: беш қиз ҳар ҳафта онасини “кўргани” туғилган хонадонига “ташриф буюради”. Биттагина ука шу куни ўзининг барча иш-юмушларини йиғиштиради, хотини ва бола-чақаси катта “издиҳом”га тайёргарлик кўришга мажбур. Ўзи эрталабдан бозорга чопади: гўшт-ёғ, нон, мева-сабзавот харид қилиши керак. Хотини овқатга уннайди, болалари бирин-кетин кириб келаётган серхархаша жиянларни овутишни бошлашади. Кун бўйи еб-ичишади, суҳбатни қизитишади, бу орада болаларнинг ўртасига тушиб бир-икки қизаришиб олишга ҳам улгуришади.
Кеч бўлиши билан ўғил бечора энди тинчисам керак, деган хаёлга боради. Тинчиб бўпти! Машмашанинг каттаси энди бошланади. Қизлар ва болаларининг еб-ичганидан ташқари энди уларнинг хонадонидагилар учун таом тайёрлаб бериш керак. Катта қозонда палов дамланиб, ҳаммасига лаганда “насиба” тугилади. Она ўчоқ бошига келиб, келиннинг қанчадан гўшт солаётганини ҳам назорат қилиб туради.
Ўғил шундан кейин ҳам хотиржам бўлолмайди. Энди қизларни бирин-кетин уйига ташлаб келиш керак. Ёқилғи ва вақтни тежаш учун ҳаммаларини бир пайтнинг ўзида уйига элтиб қўйиш ҳақидаги ўғил таклифи онага ҳам, қизларга ҳам бирдай ёқмайди. Чунки, бирови эртароқ жўнашни хоҳласа, бошқаси уйига кечроқ қайтишни истайди. Уларнинг эркалиги ва тантиқлигига тишини-тишига қўйиб чидаган уканинг кейинги ташрифни ўйлаб, юрагига санчиқ киради. Бу ҳолат ини-сингилларнинг бир-бирига меҳрибончилиги саналмайди, балки ноинсофлик, ҳаддан ошиш ва зулмдан бошқа нарса эмас.
Ана шундай имкониятларга эга бўлган сингил ёхуд опа, оға-инисининг оиласини бузиб юборишдан ҳам тап тортмайди. Онаси томонидан унга ўғил жигари бўйсундириб берилган. Демак у хоҳлаганича иш тутиши мумкин.
Хўш, бу хусусда қайнэгачи-қайнсингилларнинг ўзи қандай фикрда экан?
Келинни эркаласа, бошга чиқиб олади,
- дейди, бир дугонам астойдил жаҳл отига миниб.- Онам келинига деярли иш буюрмайди. Келин хоҳлаган овқатини тайёрлайди, хоҳлаганида дастурхон ёзади, биров унинг мушугини пишт демайди. Бунақада у эрта бир кун ота-онамни ҳурмат қилмай қўяди-да! Укамнику тушганига ҳеч қанча бўлмай, гаҳ деса қўлига қўнадиган қилиб олган. Энди ота-онамни оёқ ости қилишни режалаштираётгандир. Ҳа-да, қайнонасининг зулмини кўрмаган келин, унинг қадрини билармиди?! Келин деганни одам ўрнида кўрмасангиз, зуғумни сусайтирмасангиз, ишга кўмиб ташласангизгина қадрингизга етади. Бизникилар ой чиқса ҳам келинга, кун чиқса ҳам келинга қилишяпи, бир куни ўзларига жабр бўлади-да...
- Келин жуда айёр чиқди,-дейди яна бир қайнопалик рутбасидаги хоним, ўзини жабрдийда кўрсатиб.- Кўзларини мўлтиратиб ота-онамнинг кўнгилларидан жой олди. Биз фарзанди бўла туриб, ота-онамдан шунчалик меҳр кўрмагандик. Дадам келинига меҳр билан “қизим” дейди, саҳарлаб туриб уялмай ўзи ҳовли-кўчаларни супуриб қўяди. Онамку, ҳай-ҳайламасангиз, келинини бошига кўтариб юрса. Бизнинг хонадонга келин бўлсин, эканда қизлар. Биз ҳам келин бўлганмиз. Юлдузлар ўчмасидан уйғониб олардик, ҳовли супурайми, нонушта тайёрлайми, кийим дазмоллайми, деб. Одам қадрига йиғларкан-да...
Қадр зулмда эмас
Тўғрими, биродар? Бировга ардоқли, ҳурматли бўлиш учун кимларнингдир кўнглини синдириш ёхуд Аллоҳ таолонинг ғазабига учраб муқаддас оилага дарз етказиш инсоний фазилатлардан мутлақо йироқ кишининг қилмиши. Келин аталмиш хонадонимиз меҳмонига, “бегона”, “бировнинг боласи”, “келин” деб эмас, келажак авлодимизнинг давомчиси, оиламиз чироғининг ёқувчи сифатида қарасак, ҳеч қандай дилхираликка ўрин қолмайди. Ахир чиндан ҳам шундай эмасми?
Баҳор Турсунзода
Сертакаллуф йигит яхши эр бўлади...ми?
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
Севишиб турмуш қурган жуфтлик ажралиш остонасида. Орада иккита фарзанд ҳам бор.
— Учрашиб юрган кезларимиз мендан ҳеч нарсани аямасди,- дейди жувон ёшли кўзларини ерга тикиб.- Ҳар тонг уйқудан уйғонганимда, ундан бирор совға, ширинлик ёки егулик келган бўларди. Биз ҳафтада икки-уч марта албатта яхши бир қаҳвахонада, романтик оқшом уюштириб овқатланардик. Туғилган кунимни ҳам ўзгача тарзда, худди хорижий сериаллардагидек романтика билан нишонлардик. Ҳамма менга ҳавас қиларди. Ҳатто ўзим ҳам, “шундай йигитнинг муҳаббатини хор қилиб турмушга чиқмасам, хор бўламан” деб ўйлардим. Қанчалик адашганлигимни тўйдан кейинги дастлабки кунлардаёқ англаб етганман. Эримга ўхшаган сермулозамат, сертакаллуф йигитлардан ҳеч қачон яхши эр чиқмас экан. Тўйдан кейин унақанги илтифотларнинг ўндан бирини ҳам кўрмадим... Ҳатто эрим хиёнат қилишгача борди... Мен болали бўлиб уйда ўтирган кезларим, эрим ўқишидаги, ишхонасидаги қизлар билан ошиқ-маъшуқ бўлиб юрган экан... Мулозаматни қотириб қўядиган эримга ўхшаган тилёғлама йигитлар қизларнинг кўнглини овлашга жуда уста бўлади-да...
***
Ўттиз яшар жувон оиласидаги нотинчликни бартараф этиш учун келган ота-онаси ва қайнона-қайнотасидан хижолат чекмай, тўнғиллаяпти:
— Эр бўлиб мулозаматни билмайди. Хотиннинг кўнглини олишни, совға-саломлар билан хурсанд этишга ақли етмайди. Бир пайтлари севишиб турмуш қурганмиз. Ҳозир гап орасида буни сизлар маломат қилмасанглар, севги-муҳаббат дегани умуман эсимдан ҳам чиқиб кетган. Оилада романтик кайфият бўлмаса, байрам-туғилган кунларда чиройли гуллар билан қутлов эшитмасанг, шу ҳам ҳаётми? Туғилган кунимда мени бозорга судраб, дўконма-дўкон сарсон қиляпти, “буни олиб берайми, уни олиб берайми” деб. Эркак дегани ҳам шунчалик бефаросат бўладими?..
—
Турмушда мулозаматнинг ўрни
Оилавий муҳаббат минг бир тасодифларни оралаб ўтувчи энг ғаройиб, кундалик мўъжизадир, деган эди файласуфлардан бири. Бундоқ мулоҳаза қилинса, унинг фикрида жон бордек кўринади. Оилавий муносабатларда оддий ҳолатлар, арзимаган икир-чикирлар ҳам оламшумул аҳамият касб этади. Эрнинг биргина қараши, хотиннинг биргина иом-ишораси ҳам жойи келганда вазиятни салбий ёки ижобий томонга буриб юбориши мумкин. Бир муштарийимиз оилавий турмушни эр-хотин ҳам режисёр ва ҳам бош рол ижросида бўлган спектакл, деб таърифлаганди. Бу иштибоҳга ҳам қўшилса бўлади. Шу ўринда кишини ўйга толдирадиган ҳақли саволлар туғилади:
Сермулозамат, илтифот кўрсатишга уста, оддий қилиб айтганда қизларнинг кўнглини овлашни дўндирадиган йигитдан келгусида яхши эр чиқадими? Мулозамат, сохта меҳрибончилик ва ошкора муҳаббат ифодаси бахтли турмуш гарови бўла оладими?
Бугунги мулоҳазалар шу хусусда.
Мақолани тайёрлаш жараёнида биз ҳамшаҳарларимизга “Қизларга мулозамат қилишга уста, сертакаллуф, (ухажёр, ухаживатель) йигит уйлангач яхши эр бўла оладими?” деган савол билан мурожаат этдик. Сўровимизда иштирок этганларнинг 70 фоизи, “йўқ. Ундайлар хиёнатга мойил бўлади. Тилёғламалик билан қизларнинг кўнглини овлайдиган йигитдан қандай қилиб яхши эр чиқиши мумкин?” деган жавобни беришди. Қолганлари эса, “ундайлардан яхши эр чиқади, фақат хотинининг тутимига боғлиқ. Унақанги хусусияти бор йигитга турмушга чиққан қиз оқила бўлса, эрининг сермулозаматлигидан фақат оиласининг манфаати йўлида фойдалана олади” деган жавобда тўхталишди.
Бундайлар билан яшаш осон, аммо...
Руҳиятшунос Шаҳноза Муродованинг фикри эса қуйидагича:
— Сермулозамат, қизларнинг кўнглини овлашга уста йигитлар чиндан ҳам бир қараганда хиёнатга мойилроқ, шохдан шохга қўниб юрадиганлар тоифасидан бўлади. Аммо уларда яна бир характер кузатилади: сертакаллуф йигитлар билан яшаш бирмунча осонроқ. Нега деганда, улар хотинининг кўнглини олиш, айрим хатоларини унга сездирмаслик учун учун ширин сўз ва эътиборни кучайтирадилар. Сир эмаски, биз аёллар ишонувчан, ширин сўзга, эътиборга ҳамиша интиқ ва меҳрталаб бўламиз. Бу эса эркак кишига жда қўл келади. Нафақат қўл келади, оилани қийин вазиятларга дуч келишидан ҳам асраб қолади. Масалан, эркакнинг атрофида унинг қандайдир қизга ўралашиб юрганлиги ҳақида гап-сўз тарқалди. Ҳатто уни бир-икки жойда ўша қиз билан кўриб ҳам қолишди. Гап хотининг қулоғига етиб борди. Оилада парокандалик кутиляпти. Хотин қовоғини ўйиб, эрига терс муомала қиляпти, ўзини камситилган ҳисоблаяпти. Агар мулозаматни эплолмайдиган, тўнгфеъл эркак бўлса, бу ўринда оила ҳақиқатдан ҳам парокандаликка учраши тайин. Эркакнинг қайсар муомаласи унинг қалтис хатосини тасдиқлаган, ҳимоялаган бўлади. Сертакаллуф, мулозаматга уста эр эса бу вазиятда бутунлай бошқача йўл тутади. Яъни у атрофдаги гап-сўзларга парво қилмай, рафиқасини совға- ҳадялар билан хурсанд қилишга уринади, кино-концерт томошаларига олиб тушади, қаҳвахоналарда романтик кайфиятдаги оқшомларни ташкиллаштиради ва... бу билан ҳам юзини ёруғ қилади, ҳам хотинининг кўнглидаги ғуборни аритади ва энг асосийси оиласини асраб қолади. Мулозаматдан йироқ, ҳис-туйғуларини ошкор қилишни истамайдиган эркаклар эса ҳатто ўзига алоқаси бўлмаган ҳолатда ҳам айбдор бўлиб қолиши, халқона тилда айтганда емаган сомсасига пул тўлашга мажбур бўлиши мумкин.
Аксарият севишиб турмуш қурган жуфтлар учрашиб юрган пайтларидаги мулозамат ва илтифотни турмуш қурганларидан кейин унутиб қўйишади. Бу оилавий зиддиятларнинг кучайишига ва тушунмовчиликлар, рашк ва гумонга сабаб бўлади. Никоҳдан аввал севган инсонидан чиройли гуллар, бежирим совғалар ва ширин сўзлар билан сийланган қиз, тўйдан кейинги оддий, навбатчи муомалага тоқат қилолмайди. Бу ҳолат эса “эрим менга хиёнат қиляпти ” ёки “эрим мени севмай қўйган, у бошқаларга илтифотли, бегона аёлларга мулозамат қилиб кўнглини овлашга уста” деган хаёлларга бошлайди. Умуман олганда, ҳар қандай вазият ва ҳолатда оилага муқаддас тушунча деб қараш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш йўлида ҳавойи ҳаваслардан воз кечган маъқул. Нега деганда, биз ўзбекмиз. Миллатимизда оила юксак мавқе касб этади ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳам қонуни ва ҳам ахлоқий тамойиллар билан ҳимоя қилинади. Элимиз эр-хотинлик риштасини, оила ва никоҳни романтик саргузаштлар хиёбони эмас, муқаддас даргоҳ ва бир умрлик сабр-тоқат билан ҳаёт кечирадиган ТУРМУШ дейди. Ўзбекларнинг турмуши эса ошиқ-маъшуқлик ўйинларни қабул қилмайди...
Руҳиятшуноснинг мулоҳазалари ўринли. Аммо бу хусусда яна бошқача қарашлар ҳам мавжуд. Хўш, мулозаматга уста йигитларнинг хиёнатга мойиллигини таъкидлаган юртдошларимиз нимага асосланиб бундай фикр билдирдилар экан?
Инсоний фазилатларни қадрламайдиганлар
— Бир дугонамизнинг қарама-қарши жинс вакилларидан таниш-билишлари кўп,-дейди биз билан суҳбатда Дилдора исмли ҳамшаҳримиз.- Ҳеч тортинмай улар билан тушлик, кечки овқатларга боради. Зарурат сезса “ухажёр”ларидан ҳайдовчи сифатида бемалол фойдаланади. Пулга эҳтиёжи туғилса, улардан ҳеч иккиланмай пул ҳам сўрайди. Кейин “ухажёр”ларининг устидан кулиб, калака қилади. Бир куни ўша дугонам бир хушторига қўнғироқ қилган экан, хотини жавоб берибди. Тап тортмай ундан эрини сўрашгача борибди. Гапларини эшитиб, юрагимга ваҳима оралади, қиз бола ҳам шунчалик сурбет бўладими?! Бировнинг эрига тап тортмай қўнғироқ қилгани етмагандай, хотинидан эрини сўраганига бало борми? Ўзига айтсам, хотиржам туриб, “хотини нега сизга қиз бола қўнғироқ қиляпти, бунинг устига мендан сизни сўради, деса, у мени рашк қилма, ўша қиз билан бирга ишлаймиз, иш юзасидан телефон қилгандир, деб лапашанг хотинига қимматбаҳо атир совға қилган экан, хотинининг овози ўчибди” деди. Мулозаматга уста йигитлардан вафо кутиш ақлга сиғмайди. Улар моддият, тилёғламалик билан аёлни ўзларида сақлаб қолишлари мумкин, лекин ундайлар ҳақиқий инсоний туйғуларнинг қадрига етмайдилар...
Сертакаллуф йигитдан яхши эр чиқади,
- деган фикрни ёқламайман, -дейди талаба муштарийимиз Отабек Йўлдошев кескин равишда.- Улар фақат тилёғламалик билан вазиятни ўзларининг фойдасига юмшатиб турадилар. Аммо афсуски, қизлар ҳам ўшандай такаллуфни ўрнига қўядиган, мулозамат қилишга уста, қўполроқ қилиб айтганда “ухажёр” йигитларнинг тузоғига осонроқ илинадилар. Қизлар бир нарсани тушунмайдики, ҳақиқий эркак, чинакам ошиқ туйғуларини ошкор қилиб, бозорга солиб юрмайди. Муҳаббат, ошиқлик— совға- салом, ҳадя ва баландпарвоз, оташин “нутқ”лар мажмуаси эмас. Севги, агар у ҳақиқий бўлса, севишганлар бир-бирларини ҳурмат қилиб, тушуниб, бир-бирларини эъзозлаб, авайлаб, қадрлаб, керак бўлса бири иккинчисининг бахти, шодлиги, қувончи, манфаати учун ўз манфаатидан воз кечиб, туйғуларини ҳар куни парваришлаб яшашлари эвазига жуфтларни янада бир-бирига яқинлаштиради, кўнгилларни бирлаштиради. Ширин сўзлардан еттинчи қават осмонда учиб, қаҳвахонаю ресторанларнинг маликасига айланиб юрган ойим қизлар унутмасинлар, бугун уларга мулозамат қилиб, кўнглини овлашга интилаётган йигит, эртага бошқага ҳам қойиллатиб такаллуф кўрсатади...
Феълингиз — тақдирингиздир
Ҳа, суҳбатдошларимиз ўз қарашлари, ҳаётий кузатишлари асосида кўтарилган мавзу юзасидан мулоҳазаларини билдиришди. Дунёни ҳар ким ўз қаричида ўлчайди, деган экан алломайи замонлардан бири. Ҳақ гап. Аммо яна бир нарсага аҳамият қаратиш керакки, бу дунёда ҳамма нарсага, ҳар қандай ҳолатга нисбий тенглик асосида муносабат билдириш керак. Яъни, ҳар нарсанинг ўз ўрни, мавриди ва меъёр-мезони бўлади. Шу хулосага таянадиган бўлсак, сермуломазат, илтифотли йигитдан ҳам яхши эр чиқиши мумкин ёки бундай феъл-атвор соҳибларида бироз енгил табиатлилик ҳам кузатилади. Нима ҳам дердик, инсон феъл- атворидан қатъий назар, ўзини Ҳазрати Инсон деб билса, ҳаммаси ўз ўрнида кетаверади. Бежизга кишининг тақдири феълидан, демайди кексаларимиз. Бу борада бизнинг зукко муштарийларимиз қандай фикрда эканлар?
Умида АЗИЗ
Кўча тасодифга тўла…ми?
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
Бир куни эрта тонгда бир юмуш билан кўчага чиқдим. Бекатда машина кутиб турсам, «Жигули»сини миниб, маҳалладошим келиб қолди. Мени ва бекатда турган яна бир кишини машинасига таклиф қилди. Миннатдор бўлиб чиқиб олдик. Бир чақиримча юрилгач, асосий кўча билан кесишувчи чорраҳага яқинлашдик. Нариги йўлдан унча катта бўлмаган тезликда «Нексия» машинаси келар эди. Қоидага кўра маҳалладошим йўл бериб, уни ўтказиб юбориши керак. Лекин бундай бўлмади. Бизнинг «ҳай-ҳай»лашимизга қарамай, у катта тезликда чорраҳадан ўтиб кетмоқчи бўлди ва тўғри бориб «Нексия»нинг ён томонига қарсиллатиб солди.
Ҳаммаси кўз-очиб юмгунчалик фурсатда содир бўлган эди. Иккови ҳайдовчи машинадан тушиб, фалокат кўламини чамалашди, ҳақиқат талашиб, бироз ғижиллашишди. Суҳбат асносида шу нарса ойдинлашдики, иккала ҳайдовчи ҳам норози кайфиятда рулга ўтиришган. Маҳалладошимнинг кекса отаси қариндошникидаги тўйга олиб боришини илтимос қилган. Кеча ишдан кеч қайтган ва уйқуга унча тўймаган ўғилга бу илтимос малол келган. «Нексия» эса раҳбарий ташкилотлардан бирига қарашли хизмат машинаси бўлиб, бошлиқ пойтахтдан келган меҳмонни мусофирхонага жойлагач, ҳайдовчига унинг нонуштасига иссиқ патир ва қаймоқ олиб келишни буюрган. Ороми бузилган ҳайдовчи «каллаи саҳарлаб иссиқ нону қаймоққа бало борми», деб тўнғиллаганича рулга ўтирган. «Тасодиф»ни қарангки, бирорта зоғ ҳам бўлмаган кимсасиз йўлда икки норози ҳайдовчи тўқнашиб туришибди-да! Маҳалладошим умуман «Нексия»ни кўрмаганига қасам ичар, нариги ҳайдовчи эса «Мен «Жигули»ни кўргандим, чорраҳада тўхтаса керак» деган хаёлда ҳатто секинламабман ҳам» ўзини оқлар эди…
Ўша кунги бу кўнгилсиз воқеадан бир неча хулоса чиқариш мумкин. Илк хулоса шу бўладики, инсон эртанги куни уёқда турсин, бир соатдан сўнг, бир дақиқадан кейин, ҳатто бир сониядан сўнг бошига нима келишини билмайди. Агар билганида бирорта машина тугул, ҳатто йўловчи бўлмаган кимсасиз кенг кўчада икки машина асло тўқнашмаган бўлур эди.
Иккинчидан, ҳар икки ҳайдовчи ҳам норози кайфиятда, ғазабини жиловлай олмаган ҳолда бўлган ва уларнинг бу «исёни» албатта жазосиз қолмаган. Учинчидан, русларнинг «кўча тасодифларга тўла» деган ҳикматига қарши ўлароқ, ҳамма «тасодиф»нинг ортида биз англамайдиган ва кўра билмайдиган ҳикмат, илоҳий ирода яширинган бўлади. Бу ҳолатни тушунмаган, тан олмаган одам ҳаётда қийналаверади, «омади чопавермайди», иши чаппасига кетаверади.
Айрим кишилар бошларига иш тушса ҳамма нарсадан нажот ахтаришадию, аммо ташвиш-балони юборган ва унинг ечимини ҳам берадиган Зотдан ёрдам кутишмайди. «Оила» илмий-амалий Маркази мацлумотларига кўра, 2005 йил шаҳар ва қишлоқ аҳолиси ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, «Ҳаётингизда чигал муаммоларга дуч келиб қолсангиз, кимга мурожаат қиласиз?» деб савол берилганида: шаҳар аҳолисининг 36,4 фоизи, қишлоқ аҳолисининг 33,2 фоизи ота-онасига, тегишли тарзда 14,3–26,7 фоизи турмуш ўртоғига, 11,5–9,2 фоизи адвокатга, 12,3–19,1 фоизи маҳаллага, 7,3–4,6 фоизи ҳокимият органларига, 5,7–3,0 фоизи дўстларига мурожаат қилишини, қолганлари эса ҳеч кимдан ёрдам кутмаслигини билдирган. Демак, бундан айрим инсонлар барча сабабларни келтириб чиқарувчи буюк Зотдан мадад кутишни ва сўрашни унутиб қўйишмаганмикин, деган хулоса келиб чиқади.
Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, кўпчилик дунёдаги ҳар бир иш, махлуқотларнинг ҳар бир ҳаракати, содир бўладиган барча воқеа-ҳодисалар тақдири азал ҳукмига биноан содир бўлишини, борлиқдаги ҳамма нарсани қудратли Тангри бошқариб туришини унча англаб етмайди. Агар инсонлар бунга жиндай тафаккур кўзи, ибрат назари билан қарашганида барча воқеа-ҳодисалар аллақандай «тасодиф» маҳсули эмас, ғоят дақиқ ўлчов-мезонларга бўйсунган илоҳий амр туфайли рўй беришини тушунган бўлишар эди.
Содир бўлиши тақдирингизга ёзиб қўйилган ҳодисани, бошингизга келадиган балони, амалга ошиши шарт бўлган ишни Эгасидан ўзга ҳеч ким тўхтатиб қололмайди. Инсон қанчалик қудратли ёки бадавлат бўлмасин, мушкулотининг чорасини тополмайди.
Гоҳида бирор ишни бошламоқчи бўлсангиз, бирор жойга отланаётганингизда ёхуд кимдир бир сабаб билан ҳузурига чорласа, ҳеч юрагингиз чопмайди. Худди қандайдир кўринмас бир куч сизни бу ниятдан қайтармоқчи бўлаётганга ўхшайверади. Шу ишни амалга оширмаслик учун баҳоналар топа бошлайсиз. «Сира оёғим тортмаяпти-да» деб зорланасиз. Ҳеч нарсага парво қилмай ўша ишга киришсангиз, худди атайи қилингандай у албатта рўёбга чиқмайди. Бу ҳам майли-куя, оқибати сиз учун кўнгилсиз тугаши ҳам мумкин. Сафарга чиқсангиз, нимадир сабаб билан ярим йўлингиздан қайтасиз ёки бирор кўнгилсиз воқеага дучор бўласиз. Сиз истамаган киши билан учрашув ҳам сизга бирор яхшилик ёки тасалли келтирмайди.
Бундай ҳолатларда нима қилиш лозим? Шу ишга оёғингиз тортмадими, кўнглингиз чопмадими, иложи бўлса ундан қайтинг. Агар бу қийин бўлса, сал кейинроққа суринг. Чунки сизни тутиб қолаётган нарса эҳтимол Аллоҳнинг кўринмас фаришталари «қулоғингизга шивирлаб», сиз учун хайрли бўлмаган ишдан сизни қайтармоқчи бўлаётганидир? Ёки Унинг ўзи сизни катта бир фалокатдан, нохуш оқибатдан асраб қолиш учун қалбингизга илоҳий туйғу солгандир?
Ҳар ҳолда дунёда ҳеч бир нарса бесабаб, беамр бўлмагани учун ички туйғуларнинг айтганига қулоқ солиб туриш керак бўлади. Ҳаётда ана шундай пайтларда бепарволик ёки ҳафсаласизлик орқасидан «бор-э, нима бўлса бўлар» қабилида иш тутиб қўйиб, кейин пушаймонлик заҳрини ичиб, надомат тиғига учраб юрганларни кўп кўрдик.
Аммо бу ишда ғулуга кетиш, ҳаддан ошириб юбориш ва шумланишлар ёмон оқибатлар, афсус-надоматлар, кўнгилсиз натижаларга олиб бориши мумкин. Ҳамма ишдан, ҳар бир ҳолатдан ҳадиксирайверсангиз, ҳеч бир ишга юрагингиз чопмаса, катта ва хайрли ишларни бой берган, умрингизни бесамар ўтказиб юборган бўласиз. Бацзилар ана шундай шумланишлар туфайли ҳуркак, лоқайд, тортинчоқ ва фаолликдан қочадиган одамларга айланиб қолишади.
Мулоҳаза учун эцтиборингизни яна бир фикрга қаратмоқчимиз: яхши биласизки, инсонлар касал бўлишдан ниҳоятда қўрқишади. Касал бўлмаслик учун турли парҳезлар, дармондорилар ахтаришади, бадантарбия, спорт, қуёш ва сув муолажалари каби тадбирларни ўйлаб топишади. Лекин барибир бир куни хасталикка чалинишади. Кўрган барча чоралари йўққа чиқиб қолаверади. Қаҳва зарар қилдимикин, гўштни кўп еганимиз сабаб бўлдимикин, ҳаводаги микроб туфайлимикин, экологиянинг бузилгани касаллик чиқардимикин, елвизакда турганимиз оқибатимикин, дегандай ўнлаб баҳона-сабабларни топишгани ҳам фойда бермайди.
Улар оддий бир ҳақиқатни тушунишмайди, тушунишса ҳам тан олишмайди. Касал бўлиш инсоннинг тақдирига ёзилганми, у хоҳласа ҳам, хоҳламаса ҳам барибир хасталикка чалинади. Бежизга халқимиз «Дардни бергувчи ҳам, олгувчи ҳам Худонинг ўзи» деган ҳикматни айтмаган.
Дарҳақиқат, дунёдаги ҳамма нарса Унинг хоҳиш-иродаси, ихтиёри билан содир бўлади, бир инсонга касаллик бериш ҳам, беморни тузатиш ҳам Ўзининг ихтиёрида. Микроб ва вируслар Яратганнинг кўзга кўринмас «аскарлари», Унинг иродасини амалга оширувчи хизматкорларидир. Энг митти ҳашарот ҳисобланган чивиннинг безгак касали тарқатиб, бутун бир армияни ҳалок қилгани ва тарих ғилдирагини бутунлай бошқа томонга буриб юборганини китобларда ўқиганмиз.
Ёки «парранда тумови», «қорамол ўлати» каби балолар негадир шунча авайланса ҳам Ғарб ўлкаларига кириб борадию улар хароб ва ифлос санаган Африқода деярли йўқ. Негадир «па-па»лаб, тоза уйларда, тоза кийимларда, тоза овқатлар билан парваришланган боланинг боши касалдан чиқмайдию, чанг-тупроқ кўчаларда ярим яланғоч ўйнаётган бола қўлидаги нонни лойқа сувга оқизоқ қилиб еса-да дард ҳам урмайди.
Чин инсоний ахлоқдан, яхши фазилатлардан чекинилган, диёнат ва инсоф унутилган жойларда ҳам хотиржам ҳаёт фақат орзу бўлиб қолиши аниқ. Дунё ҳаётида вақти-вақти билан содир бўлиб турадиган турли бало-офатлар, фалокатлар ҳам айримлар ўйлаганидай, «табиат катаклизми», иқлимнинг ўзгариши, «парник эффекти» маҳсули эмас, балки инсонларни ҳушёр торттириш учун юборилган огоҳлантириш ишорасидир.
Бунга ҳаётда мисоллар тўлиб-тошиб ётибди. Туркиядаги шаҳарлардан бирида тўрт қаватли муҳташам тунги клуб бор эди. Унинг томидаги неон чироқларидан ясалган улкан реклама «Сизни ўзга оламларга олиб кетамиз», дея ишратга чорларди. 2001 йили бўлган зилзилада ана шу бинони чин маънода ер ютди. Ёнидаги масжид ва мактабга, бошқа биноларга ҳеч қандай зарар етмагани ҳолда у томигача ерга кириб кетди. Унинг жимжимадор реклама лавҳаси ер билан баробар бўлиб қолган эди…
Сайёҳлар кўп келадиган хориждаги бир шаҳарда уларга атаб фоҳишахона очишди. Шаҳар фозиллари ҳоким (мэр) ҳузурига кириб, бу ишнинг қабоҳат экани, бу ахлоқсизлик туфайли Худонинг ғазабига дучор бўлиниши ҳақида огоҳлантиришди. Ҳоким уларни қолоқликда, ҳаётдан орқада қолганликда, сайёҳлик шаҳар хазинасига катта маблағ келтираётганини тушунмасликда айблаб, хонадан чиқариб юборди. Бир ҳафтадан сўнг содир бўлган кучли зилзила шаҳарни ер билан яксон қилди, анча одам ҳалок бўлди. «Тушунган» ҳоким афсусда қолгандир, деб ўйламанг. У зилзила бўлган куниёқ бола-чақасини олиб Оврўпага жуфтакни ростлаган эди.
Жанубий-шарқий Осиёнинг сайёҳлар учун ишлайдиган, хорижликларнинг ҳар қандай беҳаёликларига йўл очиб қўйилган минтақаларида 2005 йили содир бўлган, юз минглаб кишининг ҳаётини олиб кетган кучли тўфон, зилзила ҳам ана шундай огоҳлантиришдан бошқа нарса эмас. Буни бақувват, муҳташам мусофирхоналар, тунги ишратхоналар, дўкон ва томошахоналар ер билан яксон бўлгани ҳолда масжид-ибодатхоналар ҳеч нарса бўлмагандай бус-бутун қолгани ҳақидаги шоҳидлар гувоҳлиги исботлаб турибди.
Масалан, Индонезияда 106 мингга яқин кишининг ҳаётига зомин бўлган тўфон чоғида деярли барча масжид омон қолган. Мутахассислар уларнинг вайрон бўлмаганига мустаҳкам қурилганини сабаб қилишган бўлса-да, масжидлар ёнидаги пишиқ-пухта қурилган кўп қаватли уйларни тўлқин ер билан яксон қилиб кетган. Худди шу ҳолат бошқа жойлардаги офатлар пайтида ҳам кузатилган эди. Чунки «Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-мацсиятларидан қайтишлари учун, улар қилган айрим гуноҳларининг жазосини торттириб қўйиш учундир».
Улуғ донишмандлар башорат қилганидай, ўтган йигирманчи аср ҳам, янги бошлангани ҳам инсониятга тинчлик, хотиржамлик, осойишта турмуш олиб келолмади. Ўзларини умумбашарий маданиятнинг, фаровон ҳаётнинг, чинакам инсонпарварлик жамиятининг тимсоли санайдиган Ғарбда турмуш яхшилангани билан у ерлардаги разолат ва зулмлар, жиноят ва гуноҳлар туфайли одамлар хотиржам, хавф-хатарсиз, эртанги кунидан кўнгли тўқ ҳолатда турмуш кечира олмаяпти. Бунинг устига қилмишлари эвазига Худонинг шунақанги балоларига гирифтор бўлишяптики, тинч, осойишта кунлар тобора танқислашиб кетмоқда.
Аҳмад Муҳаммад
Қарз бериш ва омонат
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
Инсон жамиятдан айро ҳолда яшай олмайди. Одамлар ўзаро мулоқот, муомала-муносабатда бир-бирлари билан яқинлик ўрнатадилар. Қолаверса, қийин пайтларда бир-бирини қўллаш, бир-бирига маънавий, моддий ёрдам бериш, йиқилганда суяб, қоқилганда қўлидан тутиб ўртадаги муносабат, яқинликни яна-да мустаҳкамлаш одамийлик фазилатлари сирасига киради. Кишиларнинг ўзаро яқинлигини мустаҳкамловчи муносабатлардан бири — қарз олди-берди ҳолатлари ҳисобланади. Бугунга келиб қарз олди-бердисида юзага келаётган муаммолар, одамларнинг бир-бирига ишончсизлик билан қараши ва қарз олиб қайтаришни пайсалга соладиганлар ҳисобига кўпчилик бу савоб ишдан ўзини олиб қочадиган бўлди.
Кимгадир қарз берсангиз, унга берган маблағингиз билан хонадондан
Файз- барака кўтарилади
-деган фикрни илгари суришди бизнинг кичик сўровимизда иштирок этган айрим юртдошларимиз. Хўш, бу гап нечоғли тўғри? Чиндан ҳам қарз бериш билан мол-мулкнинг баракаси кўтарилиши бор гапми? Бугунги мулоҳазалар айни мавзуда мушоҳада этилган.
Қарз бериш Аллоҳ наздида садақа беришдан кўра хайрлироқ ва савоблироқ, дейди кексаларимиз. Пайғамбар (с.а.в) ҳам ҳадисларида шундай марҳамат қилганлар: “Бир кишининг муҳтожга қарз бериши садақа беришидан ўн саккиз даража афзалроқдир”. Шундай экан қарз қандай қилиб баракани аритсин? Агар қарз берувчи кишига муҳтожга қарз бериш мушкулликлар туғдирса, Аллоҳ таоло ва Пайғамбар (с.а.в) бу ҳақида бандаларни огоҳлантирган бўлар эдилар. Зеро, Набий алайҳиссалом буюк хислатлар соҳиби бўлганлар.
Айтмоқчи бўлганимиз қарз олди-берди муносабатларида нега биродарларимиз бир-бирларига ишончсиз бўлиб қолганлари ҳақида эди.
— Қарз очдан ўлмаслик, касал бўлиб қолганда муҳтожликда сўралаши керак. Айримлар эса уй-жойини қўшнисиникидан ортириш, машина олиш, тилла тақинчоқли бўлиш ва ҳоказолар учун ҳам қарз олади,- дейди биз билан суҳбатда Самарқандлик муштарийимиз Гўзал Самандарова.- Ҳозир баъзи сохта обрў илинжидаги одамлар бой кўринишнинг “ажойиб” йўлини ўйлаб топишган. Пулдор таниш-билишларидан қарз кўтариб, уй-жойини таъмирлайди, керак бўлса мошина ҳам олади-да, кейин ўзини бойвачча кўрсатиб юради. Шунақалардан бири маҳаламизда яшайди. Ўзи бир ўғил, бир қизи билан эридан бева қолганди. Ўқитувчилик қилиб бировдан кам, бировдан кўп бўлиб ризқини ошаб юрган хотин бирданига айниди-қолди. Нима эмиш, акалари, янгалари, овсину қайноғалари қўшқаватли, ҳашамдор ҳовлида яшасину, у оддийгина уйда, камтарона туришда яшасин эканми? Хуллас, ўн-ўн беш чоғли одамлардан қарз кўтариб ҳовлисини таъмирлади, меҳмонхонасини қиммат мебеллар билан жиҳозлади, ўғлига машина олиб берди-да, энди ўзи ойлик маоши билан қарзларини узаяпти. Камига қарз берганлар ҳам фоиз ҳисобига берган, маош билан фоиз узиладими ё қарз тўланадими?.. “Ўғлимга киракашлик қилиб қарзларимизни узишга ёрдам беради, деб машина олиб бергандим, кунда ўртоқлари билан мошинани бир жойга уриб ё бир ишкал қилиб келади. Қайтанга фойда қиламан деб зарардан бошим чиқмай қолди” дейди бир куни ҳасрат билан. Нима дейсиз энди, ҳар ким ўзига тақдир қилинган турмуш, ризқ-насибасига рози бўлсин экан-да. Бундайларни кўрганингизда бировга қарз беришга ҳам ўйланиб қолади, киши. Кейин одамларнинг бировга қарз бериш билан бараканг учади, деганида ҳам жон бордек туюлади-да...
Орамизда муштарийимиз мисол келтирган аёлга ўхшаганлар кўп.
Ислом таълимотида кўрсатилган қарз олди-бердиси одобига назар ташлайдиган бўлсак, унда қуйидаги ҳолларда қарз олиш учун мурожаат қилишлик жоиз саналади:
1. Хасталик ва бошқа сабаб билан ишлаб фойда тополмай қолганда, муҳим эҳтиёж чиққанда шунга яраша олмоқ.
2. Рўзғор, оила камчилигини бутламоқ учун. (Яъни рўзғорда егулик таом қолмаганда, маълум бир муддатгача етгулик озиқ-овқат олиш учун)
3. Уйланмоқ учун етарли тайёргарлик кўрилмаган ҳолатда қарз олмоқ.
Яратган ана шу уч ҳолатда қарздор бўлиб қолган кишига ёрдам ваъда қилган.
Баъзи бир кимсаларда қарз олишдан аввал қайтармаслик нияти бўлади. Бу жуда ҳам ёмон.
Омонатга хиёнат қилиш — мунофиқлик!
Абу Ҳомид Ғаззолий ҳазратлари ўзларининг “Айюҳал валад” (“Эй, фарзанд”) рисолаларида қарз бериш ва қарздорлик ҳақида шундай дейдилар: “Қарздор бўлиш кишининг ҳузурини бузади. Кўп қарз олмоқдан кескин тийилиш керак. Қарзи бўлганнинг роҳати бўлмайди. Қарздор киши қарзининг хизматкоридир...”
— Ҳозир қарз олиб вақтида қайтармаслик, наинки вақтида, умуман қайтармаслик урфга кирган дейди яна бир юртдошимиз Абдувоҳид Ботиров.- Бир пайтлари қарздор кишининг тили қисқа, сал хижолатлироқ юрарди, ҳозир қарз олиб қайтармайдиганларнинг аксинча, тили узун. Бир пайтлари қарз олувчиларнинг номи қарздор эди, бугунга келиб уларни “шустрый” деб атайдиган бўлдик. Умуман бир пайтлари қарз сўраш, бировлардан тиланиб юриш ор эди, бугунимизга келиб одамларнинг пулини олиб, “ухлатиб” кетиш фахрга айланди. Бундоқ ўйлаб қаралса, одамлар бир-бирига ёрдам бермай қўйди, оқибат йўқолиб кетяпти, қийин пайтда бир-бирини қўллаш, моддий-маънавий кўмак бериш тобора камайиб кетяпти, деган гапларни кўп эшитяпмиз, айтяпмиз. Лекин ҳар қандай ҳолат ва вазиятни юзага келтирадиган одамларнинг ўзи эканини эсдан чиқариб қўйяпмиз. Кимгадир қарз бериб вақтида оломаётган, ҳатто умуман ололмаганлар бошқа бир одам қарз сўраб келганда иккиланиб қолади-да. Орамизда шундай одамлар борки қарз-қавола олиб катта-катта ейди, қиммат кийимларни кияди. Ундайлар “Тиланмоққа одатланган фақирликдан қутилмайди” деган гапни эшитсалар, истеҳзо билан кулсалар керак. “Мана биз ундан бундан қарз олиб шоҳона яшаб юрибмиз, ҳеч ҳам фақир эмасмиз” деб ўйлайдиганлар жуда адашади. Аслида уларнинг қарздор бўлиб, қарз берган одамларидан қочиб юрганининг ўзи катта фақирлик...
Юртдошимиз таъкидлаганларидек, кўп ҳолларда айримларнинг омонатга хиёнат қилаётганлари оғриқли ҳол. Қарзни қайтармаслик ҳеч қанақасига оқланмайдиган ҳолат. Бировнинг ҳаққи ҳеч қачон бошқа бировга буюрмайди. Аҳли салафлардан бири шогирдларига қарата “Бировнинг ҳаққига эҳтиёт бўл. Қарздорлик хавф ва дард эканини билгани ҳолда бепарволик қилган киши эртасини ҳалокатга ташлаган бўлади. Қарздор бўлишдан сақлан. Зеро Пайғамбар с.а.в “Заммасида бировнинг ҳаққи борлигини билгани ҳолда тўламасдан, розилик олмасдан ўлганнинг жаноза намози ўқилмайди. Токи ворисларидан бир киши ўша қарзини зиммасига олгунига қадар”, деб марҳамат қилганлар”, деб панд-насиҳат қилган экан.
Омонатдорликнинг ҳам ўзига хос қоидалари, одоби мавжуддирки, омонатни яхши сақлаб, уни ўз вақтида эгасига қайтариш ҳам Аллоҳ ва ҳам бандалари олдида киши қийматини юксалтиради. Қарзни қайтармаслик, бировнинг ишончини суистеъмол қилиш билан киши ҳам дини, ҳам дунёсига путур етказади. Балким бировларни қақшатиб, қарз олиб судраб юриб бугун тўкин яшаётган бўлиши мумкин, аммо эртага ҳам омонатга хиёнат қилгани, ҳам норозичилик ортидан топган ҳаловати мингдан минг уқубат ва азобларга гирифтор қилиши аниқ.
— Аввало эҳтиёжига яраша қарз сўраган одамни қуруқ қўймаслик керак дейди, - Акмал Қурбонов исмли сурхондарёлик газетхонимиз.- Аммо қарз сўраган одамга эллик мингдан ортиқ пул бермаслик керак. Эҳтиёжманд одамнинг қўлига пул тушгунича ўша сумма бемалол етади. Агар сиздан 500- 600 Ақш доллари миқдорида қарз сўрашаётган бўлишса, дарҳол ҳотамтойлик қилиб бериб юборишдан олдин мулоҳаза қилинг. Унга қарз нега керак экан? Уйланиш учун бўлса майлига. Лекин “зарур бўлиб қолди”, “керак эди”, “тезда қайтараман” деган навбатчи жумлаларни тизиб ташласа, ўйлаб кўриб, сўнг берганингиз маъқул. Қолаверса, катта миқдорда қарз бераётганда қонунийлаштириб, тилхат билан берган маъқул. Ҳарқалай, ҳам ўзингизни пешона терингиз билан ишлаб топган пулингизга куйиб қолмайсиз, ҳам кимнингдир қарзини қайтармай гуноҳкор бўлиб қолишдан асрайсиз.
Ҳақиқатдан ҳам юқоридаги мулоҳазаларда жон бор.
Қарз қонуний тарзда берилса
на сих куяди, на кабоб. Демоқчимизки, икки томон ҳам хотиржам равишда олди бердисини амалга ошираверади. Кейинги пайтларда қарз бериб оғзи куйганлар таниш-билишларига қонуний тарзда қарз бераётганларини ҳам эшитяпмиз.
— Бунда аввало қарз олувчининг шахсига доир ҳужжатлари ва қарз берувчи номига ёзган тилхати нотариус томонидан тасдиқланиб, расмийлаштирилади,- дейди ҳуқуқшунос Бобуржон Абдуллаев.- Тилхатда қарз миқдори ҳарф билан кўрсатилиб, қайтариш муддати аниқ кўрсатилган бўлади. Башарти қарз олувчи тилхат ёки ўзаро тузилган шартномада кўрсатилган муддатда қарзини қайтармаса, унда қарз берувчи қонуний равишда ҳуқуқий органларга мурожаат этиб, қарзининг ундирилишини сўраши мумкин.
Шундайку-я, аммо ҳар бир инсоннинг босган изини, қўйган қадамию, бажараётган амалини тафтиш қиладиган энг
Олий назоратчи- ВИЖДОНи
пок бўлсин! Виждони пок, иймони бутун, диёнатли киши омонатга хиёнат қилмайди. Қарз олиб, бировларнинг меҳнати, ҳақи эвазига тўкин ҳаёт қуришни мақсад қилмайди. Аслида олганда бу ёлғон дунёда ҳаммамиз омонатдор, қарздормиз. Аввало Яратганнинг олдида жон, савоб қарзимиз бор. Ундан кейин ота-онамиз олдида фарзандлик бурчи қарзимиз, устозларимиз олдида шогирдлик, яқинларимиз олдида меҳр-муҳаббат қарзимиз бор. Омонатдорлик ҳисси барчамизни бир онга бўлса-да тарк этмасин. Қарзимизни ёруғ юз, муносиб жавоб ва яхши амаллар билан узиб хотиржам таскин топиш саодати ҳаммамизга тақдир қилинган бўлсин.
Умида АЗИЗ
Идора ва ташкилот ходимлари
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
Ишхона бизнинг иккинчи уйимиз. Ишлайдиган жойимиз ва жамоамизда соғлом маънавий муҳит, ўзаро бир-бирини тушуниш, қўллаб-қувватлаш ва аҳиллик бўлса, ҳам ишда унум бўлади ва ҳар иш куни яхши кайфият билан қаршиланади. Албатта ишхонадаги асосий талаб иш унумдорлиги ва ҳар ким ўз вазифасини масъулият билан бажара олиши устида боради. Бироқ жамоада ва жамоадошлар орасида ўзаро аҳиллик, ҳурмат-иззат бўлмаса ходимларда яхши кайфият бўлмайди. Яхши кайфият нафаси сезилмайдиган муассасада эса иш унумдорлиги ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Ҳозирги кунга келиб айрим корхона ва муассасалардаги носоғлом маънавий муҳит ва ходимларнинг маънавий ҳамда ахлоқий даражасидаги қусурлар ҳисобига жамоаларда бўлмағур гап-сўзлар, бир-бирини кўролмаслик, ғийбат ва фисқу фасод бўҳтонларни тарқатиш анчайин урфга кириб қолди. Бу ҳол аёл ходималар қолиб эркак ишчиларни ҳам ўз домига тортиб кетяпти. Бугунги оғриқли мулоҳазалар айни мавзу атрофида.
Ишлашдан, меҳнат қилишдан асосий мақсад нима? Албатта, моддий эҳтиёжини қондириш, яхши яшаш ва албатта ўзига тақдир қилинган ризқнинг келишини осонлаштириш. Хўш, ризқни нима ва қандай амаллар барокатли қилади? Аниқки, ён –атрофидагиларнинг дилини оғритмаслик, кераксиз гап-сўзлардан ва ғийбат, бўҳтон отлиқ инсонларга зиёни тегадиган номаъқулчиликлардан нари юриш. Шундай экан, нега биз ризқимизга барака оралашини истаб, ҳар куни эрталабки тўққиздан кечки олтигача уйимиздан, фарзандларимиздан нари бўламизу, амалдаги ишимиз ниятимизга терс мақсадни ифода этади? Баъзида бажарилиши керак бўлган бир уюм ишимиз қолиб, жамоадошларимиз орасидан фалончихоннинг қилғиликларини, писмадончивойнинг аллаким биландир гап олиши бошқачалигию бошлиқнинг янги келган ходимага кўз ташлаши маъноли эканини муҳокама қилишдан бўшамаймиз. Бемаъни ва бефойда нарсаларга вақт сарфлаб, қилишимиз керак бўлган ишларга қор ёғдириб қўямизу, йиғилишларда раҳбариятдан гап эшитиб, ранжиб юрамиз. Энг ачинарлиси, ўзимиздан ранжимаймиз, биздан иш талаб қилаётган раҳбариятдан ранжиймиз! Кўрдингизми, қанчалик маънавий дунёмизнинг қашшоқлиги, феъл-атворимиздаги қусурларнинг аҳволини. Ўзимизни, феълимизни тафтиш қилиш ўрнига оладиган маошимизнинг озлигини, баракаси йўқлигини айтиб зорланамиз, нолиймиз. Биз иш берувчини алдаб, вазифамизни бажариш ўрнига аллақаёқдаги сариқ чақага қиммат ишларга вақт йўқотсак, жамоадошимизнинг оилавий аҳволи, киядиган кийими ва ҳоказоларини муҳокама қилиш билан иш кунини охирласагу унуми кўринмас ишимизга ҳақ талаб қилиб, маошимиз баракали бўлишини исташимиз уялгулик эмасми?!..
— Шаҳримизда мактаблардан бирида директор ўринбосари бўлиб ишлайман,-дейди исми –насабини сир тутишимизни сўраган юртдошимиз.- Жамоамиздаги маънавий ҳолат, ўқитувчи ходимларнинг ўзаро муомала-муносабатини кузата туриб, “эссиз, таълим муассасасидаги меҳнат одоби шундай бўлса, бошқа ташкилотларнинг шўри қуриган экан-да” деган ўйга бораман. Аввало мактабимизда фаолият кўрсатадиган ўқитувчиларнинг учта-тўрттаси бир бўлволиб компанияларга бўлинишгани ҳам кулгили... ва ҳам куйгулик ҳолат. Ундан ҳам шармандалиси эса ўша компаниясидаги ўқитувчи дугонасининг орқасидан ғийбат қилиб, унинг сирини ҳаммага ошкор қилиб юришади. Энг ачинарлиси, мактаб ўқувчилари ҳам ўқитувчилар орасидаги бу тахлит уятли ҳолатдан хабардорлар. Энди ўқувчи ўқитувчисининг болаларча қилғиликларини кўриб-билиб турса қандай қилиб ўша устозини ҳурмат қилиб, унинг тарбия ҳақида айтганларига қулоқ солиб, ишонади?! Ўқитувчиларимизнинг ўзларида тарбия, маънавий савия, салоҳият етарли эмас деб ўйлайман. Бу ҳолатдан қаттиқ ташвишга тушаман ва хижолат чекаман. Бир куни директор мени хонасига чақириб, “Бу ўқитувчиларингизнинг одоб-ахлоқи мутлақо на одамгарчиликка на таълим соҳаси ходимининг одоб мезонларига тўғри келмайди. Бир-бирини кўрганда оғиз-бурун ўпишадию, орқасидан мағзава ағдаргани уялишмайди. Кеча биттаси олдимга кириб ўзи билан бир дастурхонда нон-ош еб, опа-сингил бўлиб юрган қизни ёмонлаб чиқди. Имтиҳонларда ўқувчилардан пул олармиш, ўқувчиларга егуликлар келтиришни буюрармиш... Мен унинг гапларини эшитишдан хижолат бўлдим, у оғиз кўпиртириб гапиришдан уялмади!..” қабилидаги гапларни айтди. Нима ҳам дердим, ўзи шундоқ ҳам ишимиз қийин, асабий зўриқиш, ақлий меҳнатдан бошимиз гаранг. Устига айрим бефаросат ўқитувчиларнинг мактабда шахсий-оилавий муаммоларини муҳокама қилиши, бир-бирига нисбатан шахсий адоватларини ишга аралаштириши роса одамни ҳолдан тойдиради...
Тассуфки, бундай ҳолатлар деярли кўп мактабларда учрайди. Ўқув муассасаларида ишлайдиган ходимларнинг бу тахлит андишасизлиги ҳақида гапира туриб, кекса ёшли устоз-мураббийлардан бири “Ўқитувчилар болалар билан ишагани учун ҳам бола феъл, майдакаш бўлиб қолишса, керак-да” деган эдилар истеҳзо билан.
— Ишхонамиздаги майда-чуйда гап-сўзлар, дилхираликлар сабабли янги келган ходимлар бу ерда узоқ ишлаёлмайди,-дейди вилоятда ишлайдиган таниш ҳамкасбларимиздан бири.- Муҳаррир билан бош муҳаррир тил бириктиришган, муҳаррир опанинг кўзига ёмон кўринган бечора ходим, бош муҳаррирнинг ғазабига учраб, ишлаган ҳақини ҳам ололмай ишдан бўшаб кетишга мажбур бўлади. Қанчадан қанча муаллифлар қалам ҳақини оломай, шундай тубан кимсалар билан тенглашамизми, деб қўл силтаб кетаверишди. Ҳатто муҳаррир хонимнинг дастидан Бош муҳаррирнинг рафиқаси ҳам мутахассис бўла туриб газетамизда ишлаёлмай, коллежга ишга ўтиб кетди. Бизнинг ишхонамизда ишлаган бирорта ходим ҳали бу ердан рози бўлиб, мен қалам ҳақимни, маошимни тўлиқ олдим, деб кетгани йўқ. Ҳаммаси уч-тўрт ой ишлаб, маош оломаслигига кўзи етгач ишдан “ўз хоҳишига кўра” бўшаб кетади. Буниси ҳам майли, бошқа ташкилотларда гап-сўз, ғийбат тарқатиб юрадиганлар оддий ходимлар бўлса, бизнинг ишхонамизда бундай норасмий ишлар билан бошлиқ ва унинг ўринбосарининг шахсан ўзи шуғулланади! Ходимларни бир-бирига қарши қайраб, жамоада совуқ уруш кайфиятини уйғотишади. Бу ҳолатга ҳаттоки муҳаррир хонимнинг мактаб ўқувчиси бўлган қизи ҳам ўз ҳиссасин қўшади. Ризқ ошаб турган жойингга тош отиш гуноҳ, лекин ўзи маънавият ва маърифат тарғиботчиси бўлган, журналист, зиёли одамларнинг қилғиликларини кўриб дилинг ғашланади киши...
Ҳамкасбимиз гапириб берган ҳолат кўпчилик идораларда, айниқса хусусий корхоналарда кўзга ташланади. Айрим хусусий корхона эгалари ўзларини қулдордек тутиб, қўл остида ишлайдиган ходимларга гўёки қулга муомала қилгандек муносабатда бўлишларига кўп ҳолларда гувоҳ бўлганмиз. Шундай ташкилотлардан бирини биламан, ходимлар бошлиғининг ҳаттоки уйини тозалаш, куйиб қолган чироғини алмаштириш, янги уйга кўчаётганида таъмирдан чиққан хоналарни тозалаш, устага овқат қилиб бериш, раҳбарнинг қизининг кийимларини кимёвий тозалаш, бошлиғининг оила аъзоларидан бирор ким касалхонага тушса дори-дармон, дўхтирига чопиш, корхона эгаларининг бозорлигини қилиб, ҳатто ошхонасига сув ташишгача бўлган ишларни бажаришади, десам ишонасизми? Ана шундай тахлитда ходимларини ишлатадиган хусусий корхона эгалари орамизда бор.
Шифокорлик касблар орасида ўзининг масъулиятлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Шифокор деганда кўз ўнгимизда ораста, озода, ширинсўз, нигоҳлари мулойим инсон гавдаланади. Аммо буни қарангки, шифокорларимиз орасида ҳам, бир-бирини кўролмаслик, ҳасад ва ғийбат каби иллатлар урчиб ётган экан.
— Бош шифокор бир ҳамширанинг гапга кириб, мени иш жойимни ўзгартирди,-дейди шифокор дўстларимиздан бири изтироб билан.- Афсуски одамнинг меҳнати қадр топмаса ёмон экан. Ўша ҳамширанинг жияни тиббиёт олий ўқув юртини тамомлаб, тайинли иш тополмаётган экан. Малака ошириш ўқишидалигимда ҳар куни мени ёмонлаб бош шифокорнинг олдига киравериб, мен йўғимда ҚВПда бир талай тартибсизликлар уюштириб, текшириш келганда дори-дармон воситалари айқаш-уйқаш ётгани, ҳисобда турадиган беморларга бепул тарқатиладиган дори-уколлар ҳужжатлаштирилмагани, хуллас ҳамма иш ўлда-жўлда бўлгани рўкач қилиниб, ўқишдан қайтган заҳотим ишдан олиндим ва ўрнимга энди ўқишни битириб келган тажрибасиз, ғўр йигитни қўйишди. Анча пайт узоқ йўлга қатнаб ишлаб қийналдим. Шукр одамлар ҳамма нарсани билади, ким оқ, ким қора, ким яхши ишлайди, ким ўз ишини уддалай олмайди. Мен аввал ишлаган қишлоқда яшайдиганлар ҳатто вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасигача чиқиб, мени аввалги иш ўрнимга қайтаришди. Ҳозир ҳаммаси ўрнига тушиб кетди. Аммо кўп асабийлашдим, руҳий тушкунликка тушдим, ўзимни ҳимоя қилолмай бир ҳамширанинг фисқу фасодига қурбон бўлдимми деб эзилиб, соғлигимни йўқотдим. Қўлидан иш келмайдиган, ўз ишини эплаб бажармайдиганлар ишлайдиганларга халал бериб, иш унумини пасайтиришади. Ундайлар Худодан инсоф сўрашдан бошқа нима ҳам қилардик?..
Нима ҳам дердик, шифокор юртдошимиз айтганларидек, ғийбатчи, ҳасадчи жамоадошимизга Худойимнинг ўзи инсоф ва тавфиқ бермаса, ундайларни бошқа ҳеч қанақасига тўхтатиб бўлмайди. Кўнглини эгаллаб олган ҳасад ва ёвузлик кучи ундай кишиларни яхши яшашга, яхши ишлашга, меҳнати ортидан обрў ва ҳурмат топишига йўл қўймайди. Оқибатда ўзидан илгарилаб кетаётган, жамоада ҳурмат топаётган, раҳбарият ва ходимларнинг эътиборини қозонаётган ҳамкасбини кўрарга кўзи қолмайди. Умуман олганда, юқорида айтилганидек, бу ҳар қандай кишининг маънавий даражасига боғлиқ. Унутмаслик керакки, инсон ҳавас билан кўкаради, ҳасад билан эса... Бундайида Ўзи асрасин!..
Умида АЗИЗ
Бунга риоя қилинг:
Жамоадошлар орасида, ишхонада ўзингизни жуда ақлли кўрсатишга уринманг. “Ақлингиз ошиб-тошиб” кетаётган бўлса ҳам ҳамкасбларингиз фикрига қулоқ тутинг. Ҳамма билан бир хил муносабатда бўлишга ҳаракат қилинг. Унвон ва мансабига қараб муомала қилиш инсонийликдан эмаслигини унутманг.
Ҳар куни ишга худди байрамга кетаётгандек отланинг. Бу сизга кун бўйи кўтаринкилик бағишлайди.
Ишхонадаги муаммоларни шу ернинг ўзида қолдиринг, шунингдек уйдаги муаммоларни ишхонага олиб келманг.
Ҳамкасбларингиз ва жамоадошларингиз билан иш юзасидан бўлиб турадиган майда тортишувлар, кичик дилсиёҳликлардан фожиа ясаманг!
Унутманг, ишхонангиздаги ҳаловат ва хотиржамлик ҳаётингизга файз улашади.
Яхшиликни яхши инсон қилади
- Подробности
- Бўлим: Муносабат
Бугун юртимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик, дастурхонимиздаги тўкинлик Яратганнинг бизга кўрсатаётган чексиз раҳмати, фидоий инсонларнинг элим-юртим деб қилаётган эзгу меҳнатининг самараси десак, асло янглишмаймиз. Зотан, ҳар бир кунини, ёйинки ҳар сониясини ўзгалар мушкулини осон қилишга, ўксик қалбларни қувонтиришга бахшида этадиган инсонлар - чинакам фидоийлардир. Инсонлар хизматида ҳам бўлиш, уларга имкон қадар ёрдам қўлини чўзиш ва ҳожатларини раво қилишда доимо саъю-ҳаракатда бўлиш қандай саодат. Бу саодат ҳосили яхшилик деб аталади. Дунёга келиб, ота-онамиз ва яқинларимизни қувонтирган дақиқаларимиздан бошлаб бизни яхши инсон бўлсин, яхшиликлар қилгувчи, эзгу амаллари билан эл назарига тушган инсон бўлсин деб дуо қиладилар. Бизга ён- атрофимиздагиларга, дўсту ёр, ошнаю бегоналарга яхшилик қилишни ўргатиб, яхши амалларнинг бажарувчиси икки дунё саодатига мушарраф бўлишини уқтириб келган катталаримиз, “Ўнг қўлинг қилган яхшиликни чап қўлинг билмасин”, “Яхшиликни қилгину дарёга от, билса балиқ, билмаса Холиқ” деган нақлларни қулоғимизга қуйганлар.
Мулоҳаза қилсак, замонамизда яхшилик ва эзгу амалларнинг ҳам оҳорига путур етгандек гўё. Бир пайтлари бир коса овқатининг ярмини қўшнисига илиниб, ярми билан бола-чақасини тўйдирган, боласининг эгнидаги кийимини эҳтиёжманд танишининг фарзандига берган, сўнгги томчи сувини йўловчи ҳамроҳига илинган кишиларнинг авлодлари бугун арзимаган ёрдамлари учун манфаат кутадилар. Беминнат яхшилик қиляпман, деган иддаони бот-бот такрорлаб турсалар-да, аслида мурувватлари тагзамиридаги таъма яққол кўриниб туради. Ундайларга юқоридаги мақолларни эслатиш билан наф тополмайсиз. Ўзлари ўйлаб чиқарган янги “мақол” билан оғзингизни ёпиб ташлашади:
“Яхшиликни қадрлаган одамга қилиш керак!”
Бироз аввал шундайлардан бири билан ҳамсуҳбат бўлиб қолдим. Суҳбат мазмунини келтирсам, муҳтарам ўқувчи ишонмаслиги табиий. Негаки, ўша гапларни ўз қулоғим билан эшитган бўлсам-да, орамизда шу тоифадга одалар борлигидан, боз устига улар халқнинг зиёли қатламидан эканлигидан ҳайратга тушганман. Хуллас, “сувни сингадиган жойга сепиш керак” деган фикрни илгари суришга уринаётган суҳбатдошим айтадики:
— Шу пайтгача мен кимга яхшилик қилган бўлсам, жабрини тортганман. Одамлар яхшилик қилишга арзимайдиган, яхшиликни қадрламайдиган бўлиб кетишган. Мен ҳатто ўз туғишган жигарларимга яхшилик қилиб, раҳмат эшитмаганман. Бегоналарнику қўяверайин. Жамоамизга бир қиз ишга келди. Отаси вафот этган экан, мен унга қиммат кийимларимни бердим, раҳбарият билан гаплашиб маошини кўтардим. Ундайларга қилган ёрдамимнинг сони бору саноғи йўқ. Лекин ҳеч биридан менга наф етмаган. Яна бирининг ишга жойлашишига ёрдам бердим, ишсиз сарсон бўлиб юрганди, охири “маошимни тўлиқ оломадим” деб мен раҳбарлик қилаётган ташкилотни судга беришгача борди. Хуллас, яхшиликнинг ҳам уволи бор экан, мурувватинингизни қадрлай билмаган одамга яхшилик қилиш ўзингизга жабр бўларкан...
— Одамларга яхшилик қилгани ҳам қўрқиб қолдим, -дейди яна бир ҳамюртимиз.- Ўзим пойтахтда иш баҳона қолиб кетганман. Ижарада яшайман. Ижара уйимга тез-тез вилоятлардан келадиган таниш-билишлар келиб туришади. Эрта бориб, кеч ишдан қайтганим учун ҳам ҳамманинг кўнглини бирдек олишга улгурмайман. Қолаверса, ўзим маош билан тирикчилик қиладиган бўлсам. Хуллас ижара ҳаққига ёрдам бўладими, деб бир –иккита қизларни ёнимга олгандим. Бири тўйларда қўшиқчилик қиларди, яна бири аллақердадир ишларди. Хуллас, одамдан яхшилик қолади, деб уларга индамай ош-овқат учун бозорликни ўзим қилибман, бирор куни пули бўлиб қолса ўзи қайтарар, деб ижара ҳаққию коммунал тўловларни ўзим берибман, хуллас мусофир қизларга зулм қилмайин, ҳозир имкони йўқдир, имконияти бўлганда берар, деган ўйда индамай юраверибман. Бир куни ишдан келсам, икковлашиб ижара уйимни шип-шийдон қилиб, маиший техника буюмлари ва тилла тақинчоқларимни шилиб, бунинг устига эшикни ланг очиқ қолдириб кетишибди... Хўш, мен яхшилик қилиб нима топдим?! Менга зарилмиди аллакимларнинг ташвишини қилиш?! Мусофир бўлса ўзига, пули бўлмаса, мен айбдор эмасман-ку!.. Майли, бунисини ҳам қўя турайлик, яқинда тест синовларига келган ҳамшаҳар бир қизни уйимг қўйишимни сўраб танишим илтимос қилди. Рози бўлдим. Уларни кутиб олиш учун ишга кечикиб ишхонада гап эшитдим. Қизга музлатгич ичидаги егуликларни, қаерда нима борлигини кўрсатиб, албатта овқат пишириб ейишини уқтириб ишимга бордим. Кечки пайт ишдан қайтсам, ҳалиги қиз сумкасини илволганча: “Мени фалончи ака пастда кутаяптилар, ҳозир қайтаман” деяпти мендан ўзини уйимга қўйишни сўраган йигитни айтиб. Қиз чиқиб кетгач ҳалиги танишим қўнғироқ қилиб менга бақиряпти: “Нега у кетаман, бу уйда турмайманга тушди?! Ўзи нима қилдингиз унга? Бирор нарса еганмиди?! Овқат-повқат бермагандирсизда?!” дейди уялмай! Мен аллақаёқдаги танимаган- билмаган одамларимнинг хизматкоримидим, ишдан қолиб уни кутволиб, уйимга жойлаштирганим етмагандек, овқат пишириб бошида парвона бўладиган?! Одамлар бундоқ уёқ-буёғига қараб иш қилишса яхши бўларди. Менинг фикримча, ҳозирги замонда бировга, айниқса нотаниш одамга яхшилик қилишнинг ҳеч ҳожати йўқ. Яхшилик қилиш керак, қачонки унга жавоб бера оладиган одамлиги кўзингиз етса ва албатта яхшилигингиз муносиб тақдирлансагина! Ахир ўрислар айтадику, саломга яраша жавоби бўлади, деб...
Бу юртдошимизнинг гапларида нечоғли ҳақиқат бор билмадигу, аммо фикримизча яхшиликнинг ҳеч қандай таъмаю илинжи бўлмайди. У фақат Аллоҳ учунгина ва кишининг ўз кўнгли хотиржам бўлиши учунгина қилинади.
Пайғамбаримиз (сав) марҳамат қилиб айтганларки: "Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг- эҳсондир. Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг - эҳсондир. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга эҳсондир".
Ҳадисдаги ҳар бир каломда улкан маъно, беҳисоб ганжина яширинган. Ундаги ҳикматни англаган киши учун ҳидоят йўлари очиқ, қадру мартабаси юксак бўлади. Биз эса қилган яхшилигимиз, арзимаган мурувватимизни миннат қилиб, ўзи эҳтиёжманд бўлиб турган инсондан яна ниманидир таъма қиламиз. Моддиюндан бошқани кўролмайдиган ноқис ақлимиз англамайдики
Яхшилик — садақа ҳисобидадир!
Юқорида келтириб ўтилган ҳадиси шарифда таъкидланганидек, бир-биридан дилгир бўлган икки инсоннинг орасини яқин қилмоқлик учун айтилган бир оғиз ширин сўз, кимгадир табассум билан билдирилгна тилак, йўлда ётган, кимгадир озори тегиши мумкин бўлган хасни чеккароққа суриб қўйиш ҳам эҳсон, садақа ҳисобида. Садақа эса инсонни балою офатлардан, мусибатлардан пана қилади, дейди буюклар. Аслида кимгадир яхшилик қилиш билан ўзимизга садақа қилаётганимизни, кимнингдир арзимаган юмушининг адо этилишида ҳисса қўшиш билан ўз ҳожатимиз раво бўлишига сабабчи бўлаётганимизни англаганимизда, балки инсонларга яхшилик қилиш учун бир неча борбар тиришган бўларми эдик...
— Халқнинг азалий урф-одатларига назар ташласангиз, ҳар бирининг замирида кимгадир яхшилик қилиш, кишиларнинг мушкулини осон қилишда кўмаклашиш асосий мақсадни ташкил этади, - дейди Бухоро шаҳар 17- умумий ўрта таълим мактаби тарих фани ўқитувчиси Юлдузхон Авезова.- Оддий ҳашар маросимларини олинг. Қўни-қўшни, маҳалладошлар ҳамқишлоқларининг кўпчилик билан битадиган юмушлари ҳақида эшитиб қолишса бўлди, ҳамма ишларини йиғиштириб ўша одамникига чиқиб, биргалашиб ҳар қандай юмушни адо этишга. Эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳам ҳашар бўлаётган хонадонга рўзғорларида бор таом ва егуликлардан олиб чиқишган. Бу билан ўртадаги меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат туйғулари юксалган. Мана шу арзимасдек туюлган инсоний муносабатларнинг ўзида ҳам яхшилик кўзга кўриниб туради. Бугунга келиб эса сиз айтгандек яхшиликка таъма аралашгани ҳисобига юқоридаги муносабатларга ҳам дарз кетган. Ҳозир биров ҳашарга чақирмайди. Одамлар ҳам тирикчилик ташвишидан ортиб қўшнисининг юмушларига қарашгани вақт тополмаяпти. Осонгина ёлланма ишчилар ёрдамида ҳар қандай юмуш бажарилади. Аслини олганда, ҳамма нарса инсоннинг ўзига боғлиқ. Аввало яхшилик қилишни ўзимизга касб этиш учун, кўнглимизда яхшилик уруғи қадалган бўлиши керак, деб ўйлайман...
Мақолада келтирилган мулоҳазалар юзасидан Тошкент шаҳридаги “Мирзо Юсуф” жомеъ-масжиди имом хатиби Раҳимберди Раҳмоновнинг фикрлари билан қизикдик:
— Дунёда савобга, яхшиликка олиб борадиган ишлар жуда кўп. Жумладан, ота-онасига яхшилик қилиш, қўни-қўшнисига, ака-укасига, қавму-қариндошларига, маҳалла-кўйдаги ёрдамга муҳтожларга, қаровсизларга кўмак бериш сингари хайрли ишларни ўз бурчи, деб қабул қилиш юксак инсоний фазилатлардир.
Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади.
Шунинг учун ҳам мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.
Улуғ саҳоба Жобир (рз.) Пайғамбаримиз (сав)дан ривоят қилади, Ул зот: "Яхшилик қилишнинг барчаси - садақадир" - деб марҳамат қилганлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.): "Бир кишининг уловга минишида ёрдам беришинг яхшилик - эҳсондир. Бир кишига табассум ила яхши сўз айтишинг ҳам яхшиликдир, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан олиб ташлашинг ҳам сенга яхшиликдир, икки киши ўртасида адолат билан ислоҳ қилишинг яхшиликдир. Моддий ёрдамга муҳтож оилага мурувват қилишинг ҳам сен учун яхшиликдир. Кишига бу каби яхшиликларни адо этгани учун Аллоҳ, унга қалб мусаффолигини беради, қолаверса, кўп хайру савобларга эга бўлади", деганлар.
Дарҳақиқат кимгадир яхшилик қилиш, кимнингдир кўнглини кўтариш, кимнидир қувонтириш билан ўзимизни хотиржам ҳис қиламиз. Яхшиликнинг асосий маъниси ҳам шунда: инсон яхшиликни аввало ўзига қилади. Ва ўзига яхшилик қилиш билан ён-атрофидагиларига нафи тегади, эзгу амаллари кўпаяди. Эзгуликни фақат моддий ёрдам бериш ё жисмоний кўмак деб тушуниш бирёқлама тасаввур бўлади. Меҳрга, мурувватга муштоқ кўнгилларни зиёрат этиш ҳам - яхшилик... Нима дедингиз? Бу борада сизда қандай мулоҳазалар бор? Албатта биз билан ўртоқлашинг.
Умида АЗИЗ
Бўлимчалар
Кўп манзур бўлган мақолалар
- Оилали фоҳишалар
- Эр-хотин ўртасида муҳаббатни кучайтириш учун 10 та восита
- Хар дарднинг шифоси бор
- Жинсий қарамлик (шаҳватпарастлик)
- Зинонинг “замонавий” тури
- Эр ўз аёлидан зерикканлигининг аломатлари
- Рамазонда хотини билан қўшилишлик
- «Мен ичмайман» дейсизми?
- «Сен буюк ялқов бўлиб етишасан!»
- Mаданий ҳордиқдаги маданиятсизлик
- Аёлнинг Таравих намози учун уйидан чиқиши
- Эътикоф ҳақида
- Рўза боби (1-қисм)
- Фитр садақаси
- Аёллар эътикофига доир масалалар
- Фидя бериш ҳақида
- Саҳарлик ва ифторлик
- Рўзани бузадиган амаллар
- Рўзани бузадиган амаллар
- Эътикоф бўлими
- Рўза боби (2-қисм)
- Нафл рўзалар ҳақида
- Рамазон: эрингиз сиздан рози бўлсин
- Рамазон: оналар учун 23 маслаҳат
- Расулуллоҳнинг Рамазон ойида баъзи аёллари билан никоҳланишлари
Ҳозир сайтимизда 87 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ
Оила, никоҳ, талоқ (фатволар)
- Аёлнинг юзини кўрсатиши ва ҳижоб ҳақида
- Парик тақиш ва аёлнинг сартарошга бориши
- Аёлнинг ҳамма нарсаси шаррми?
- Ота-онамни бориб кўришдан тўсишга эримнинг ҳаққи борми?
- Аёл кишининг машина ҳайдаши
- Ажраш ҳуқуқи хотинга ҳам бериладими?
- Аёлларга тааллуқли масалалар
- Аёлларнинг қабристонга бориши
- Аёлларни эркакларга ўхшаб намоз ўқиши
- Сафар қилиш
- Махсус кунларда Қуръон ушлаш, тиловат қилиш ҳақида
- Етимни фарзандликка олса бўладими?
- Аёлларга қўйиладиган тақиқлар
- Депиляция
- Иккинчи турмуш