1. Skip to Menu
  2. Skip to Content
  3. Skip to Footer
Previous
Next
  • Никоҳ эълони ва унда кўнгилху
  • Никоҳ тўйини қилиш кимнинг зи
  • Эр-хотин орасидаги муштарак ҳ
  • Энг заиф уй

Моҳипайкар Кўсем Султон Усмоний Султон Аҳмаднинг рафиқаси

Ҳуррам Ҳасаки Султон Сулаймон Қонунийнинг аёли

Muslima.Uz

Кўзида ҳаёси йўқ қизалоқ

 

 

 

Тарбия биз учун ё ҳаёт ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – фалокат масаласидир, деган эди ўтган асрнинг бошларида миллатнинг буюк даҳоларидан бири, педагог Абдулла Авлоний. Бугунги кун ўзбек қизларининг юриш-туриши, кийиниши, гап-сўзи ва одоб-ахлоқи хусусида мулоҳаза қилинса, юқоридаги хитобнинг нечоғли ҳақ эканига ишонч ҳосил қилади киши. 

Битта ўпиш- 200 сўм!?

Чиндан ҳам бугунги кун қизларининг юриш-туриши , қилиқлари  тарбияли кишиларнинг ғашига тегади. 
—    Шаҳримиздаги мактаблардан бирининг ёнидан ўтиб кетаётсам, ўсмир қизчалар гап отишди,- дейди бир ҳамкасбим энсаси қотиб.-  Нима дейишимни билмай, уларнинг қилиғидан бирам хижолат чекдим. Индамаганимга яраша  яна нималарнидир жавраганча  гуррилаб кулишди ҳам. Ўрнимда бошқаси бўлса қаттиқ гапирарди. Қизларга нима бўляпти ўзи, уларнинг ота-онаси борми? Ота- оналар қизларининг аҳволини кўришмаяптими, ҳайронман...
“Қиз болангни худди ҳамёнингни асрагандек асра”, деган нақл бор япон халқида. Биз эса ҳамёнимизни асраб-авайлаяпмизу оиламизнинг шаъни, ори ҳисобланган қиз болаларимиз билан деярли қизиқмаяпмиз. Йўқ, қизиқяпмиз,  фақат уларни едриш-ичириш, кийинтириш ва сеп йиғишу тезроқ узатишни ўйлаяпмиз. Оқибати  эса...
—    Бир куни ишдан  киракаш машинада қайтаётсам, бир аёл боғчадан қизчасини олиб чиқди,- дейди “Холис” газетаси мутахассиси Абдували Кабиров.- Ўша машинада аёлга таниш бир эркак ҳам бор экан. Ҳалиги болали жувон ҳамманинг ғашига тегиб, эркак таниши билан кулишиб  гаплашиб кетди.  Дамбадам қизчасини ҳам эркалаб қўяди. Эркак ҳам танишининг қизчасини эркалай бошлади. Шунда аёл ҳеч уялмай, “Амакингга битта ўпишингиз 200 сўм, дегин” деб қайта-қайта такрорлайверди... Йўловчилар ижирғаниб ҳалиги аёлга қарашди.  Кичкиналигидан қиз болани шунақанги бепарда эркалайдими?! Боз устига  кичик қизчага ҳозирдан пулга ўптиришни ўргатаётганини қандай қабул қилиш мумкин?!  Менимча, қизчаларга ёшлигидан ибо, ҳаё, шарм, андиша деган нарсаларни ўргатиб борсак, кун келиб замонадан ёки қизларнинг беодоблигидан куйиб-нолиб юрмаймиз!.. 

Оилада ота ўрни бўлмаса...

— Фикримча, бепарда гап-сўзли, кўзида ҳаёси йўқ қизларнинг кўпаяётганига  оилада эркак, отанинг ўрни тушиб бораётгани сабаб бўляпти,- дейди Юнусобод тумани 240- умумий ўрта таълим мактабининг директор ўринбосари Шаҳло Муродова.- Ота уч-тўрт йиллаб хорижда ишлаб юради, она ҳам тирикчилик дардида. Қиз бола одоб-ахлоқ, андиша, шарқона тарбияни қаердан ўргансин?! Китоб ўқимаса, тарбиявий аҳамиятга эга газета-журналларни кузатмаса, кўргани кабел тармоқли телевизордан хорижий кино, клип ва сериаллар. Ҳатто ўзимизнинг  ўзбек телеканалларида кўрсатилаётган сериалларнинг ҳам асосий мавзуси севги-муҳаббат. Қаҳрамон қизлар севгиси йўлида курашувчан. Ўпишиш, қучоқлашиш каби очиқ саҳналар ўзимизда ҳам бемалол кўрсатилади.  Албатта иродаси бўш, маънавияти ҳаминқадар ёшлар бу тахлит тарғибларни ўз ҳолича қабул қилади ва демак шундай бўлиши керак экан, деган тўхтамга келиб бўлади. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг-да, ёшларга бу оқ, буниси қора деб сафсата сотгандан фойдами ёки уларга  аслида нима оқ, нима қоралигини кўрсатгандан наф чиқадими? Боя айтганимдек, ота узоқда. Она – бошида эри йўқ аёл, кийим харид қилгани чиқса сотувчи билан, “янаям торроқ шим бўлсин, кофтаси баданни сирқитиб турсин” деб тортишса, хўш ўқитувчи ундай онанинг қизига  қиз бола ибо билан кийиниши кераклигини, эри йўқ аёлнинг кўча-куйда номаҳрамлар кўз олдида ҳар хил беҳаё кийимларда ўзини кўз-кўз қилиши одобдан эмаслигини қандай тушунтирсин?! Келингки, зўр бериб тушунтирди ҳам дейлик, қиз ўқитувчининг гапига қулоқ соладими ё уйда она хонимнинг тутимига риоя қиладими?
Бир куни ўзим дарсга кирадиган синф ўқувчиларининг дафтарларини текширсам, бир ўқувчи қизнинг дафтарига анчадан буён бирорта ҳам мавзу қайд этилмаган экан. Сабабини сўрасам, без бўлиб юзимга қараб ўтираверди. Жаҳлим чиқиб койигандим,  “ҳозир дадамга қўнғироқ  қиламан, у бизни ташлаб кетган бўлса ҳам, келиб бу мактабнинг ўқитувчиларини...” деб оғизга олиб бўлмайдиган, оғиз тугул оёқ билан босишга одам ор қиладиган ҳақорат гапларни гапирса денг! Ҳайрат, уят ва шармандаликдан қотиб қолдим! Ўша ўқувчи қизимизнинг оилавий аҳволидан хабардор эдим. Яъни отаси ўзидан беш-ўн ёш катта аёлни севиб қолиб (!) икки боласи билан хотини ташлаб, ҳалиги “севиб қолиб” уйланган иккинчи хотинини ўзи туғилиб ўсган вилоятига етаклаб кетган.  Болалар онаси билан қолган. Она уззукун кўчада тирикчилик ташвиши билан банд. Қиз келажаги учун зарур бўлган тарбияни қаердан ўрганяпти? Албатта кабел тармоғидаги телеканаллар ва кўча-куйдаги интернет кафелардан! Қисқаси, мен бу борада умуман ёш қизларни айбламайман. Уларда айб йўқ! Тарбиясига эътибор берсак,  одоби учун жон куйдирсак, уларнинг шарму ҳаёси, шаънини ўзидан ҳам азиз билсак, қизчаларимиз покдомон, нафосатли бўлиб улғаяди. Мана, биз шундай бўлмаганмиз-ку! Демак, ҳамма гап тарбияда, ота ўрни муҳимлигида!..
Муаллиманинг изтиробларида жон бор. Дарҳақиқат,  гўдак қизалоғимизга  калта, енгсиз кўйлакчаларни кийдирамиз, жажжи, оппоқ оёқчаларини, дўмбоқ қўлчаларини ҳаммага кўз-кўз этиб юришини улар жуда кичкиналигидан бошлаб ўзимиз билмаган ҳолатда ўргатиб борамиз. Кейин улғайгани сари, шортик кийса, енгу ёқаси йўқ, алламбало ипларни бўйнидан ўтказиб юрса дод-вой қилиб юрамиз.  Замонадан нолиган одамларни кўрсам, тўғриси жаҳлим чиқади. Замон эмас, биз ўзгарганмиз. Ўзимиз болаларимизни ҳали улар болалигидаёқ улғайтириб қўяпмиз.  Муддатидан аввал катта бўлиб бизга ақл ўргатишга тушган болалармизнинг феъл-атворини эса қабул қилолмай яна ўзимиз фиғони фалак бўлиб юрамиз.

“Бугунги қизларининг тақдиридан ташвишдаман...”

—    дейди, иш жойини сир тутишимизни илтимос қилган  яна бир коллеж ўқитувчиси. — Бу масалага чуқурроқ аҳамият қаратиш керак! Мен ишлайдиган талабаларнинг тўқсон фоизини қизлар ташкил этади. Ҳозирги қизларнинг кийиниши ,  пардози, муомаласи, ҳаётга бўлган қараши, одоб- ахлоқи уларнинг келажагидан хавотирга тушишга мажбур қилади кишини.  Нимагадир жамоат транспортларида юрганимда, ўқув муассамизда истараси иссиқ, файзли қизни учратмайман.  Икки йилдан бери қайним ва укамга келин қидирамиз. Афсуски, шу пайт ичида битта ҳам  кўнгилга мос қизни учратмадик.  Бунга сабаб нима? Ота-онанинг иш билан бандлигими? Ота-онанинг бепарволигими?  Ёки уларнинг фарзанд тарбиясига кучи етмаганлигими? Балки онанинг ўзи муомала ва кийиниш борасида ўрнак бўлмаётгандир? Ота, ака, ука онаси, синглиси, опасининг шу юришига умуман миқ эта олмаслигидир. Бир пайтлари ҳамма маҳалланинг кишилари, кексалардан уялишарди. Бувимизникига борадиган бўлсак, онам биз қизларни қаторлаб қўйиб, кўйлак-лозим, узун юбка кийдирардилар. Қишлоқ жойига ҳамма ёғингни очиб бормаларинг, деб. Бизнинг  «ҳамма жойни очишимиз» — тиззагача бўлган юбка кийиш эди. Ҳозир шаҳар қизлари қолиб, қишлоқ қизларининг ҳам юз-кўзидан ҳаё кўтарилиб бўлган. Узоқ қишлоқларда ҳам ғар(и)бона «маданият» авж олиб, қишлоқ қизлари калта юбка, тор шим, оти қуриб кетгур лямка футболкаларга ўтиб олишган. Бундай қизларнинг тақдиридан, миллатнинг келажагидан хавотирдаман…

Ҳаё бир кетса, қайтмайди 

— дейди фазилат аҳли.  Азизим, бир мушоҳада қилингчи, қизларимизнинг юз-кўзидан нега ҳаё кўтариляпти экан? Балки, сизу бизнинг мол- дунё, тирикчилик ташвиши кетидан югуриб кўзга яқин бўлиб келаётган қизалоғимизнинг тарбиясини  ўз ҳолига ташлаб қўйганимиздандир? Ёхуд  шарму ҳаё, андишадан анча олис бўлган, маънавиятимизга, миллий ўзлигимизга ёт сериалларни қизчаларимиз билан бирга томоша қилиб, бунинг устига ҳеч тап тортмай ҳали қарама-қарши жинс вакили билан муносабат ўрнатишда одоб-ахлоқ мезонларига риоя қилишни  тўлиқ англаб етмаган қизимиз билан беҳаё қаҳрамонларнинг юриш-туришини таҳлил қилганимиздандир? Ёки қизимизга атаб сеп йиғаётганимизни, қайси хонадоннинг бадавлатлигию, ана шу бадавлат  оилага қуда бўлишни истаганимизни атай унга эшиттириб бирор яқинимизга сўзлаганимиздандир?..
Ўсмир қизчалар орасида ўзига хос  “ақида” бормиш: унга кўра “йигит”и йўқ тенгдошларини изза қилишаркан.  Эътибор беряпсизми, ёш қизчалар орасида эркин муҳаббат қай даражада оммалашиб кетган экан?
—    Ҳамкасб ўқитувчилардан бири 8-синфда ўқийдиган ўқувчи қизга, 9-синф ўқувчисининг ёзган севги мактубини топиб олибди,-дейди бир ўқитувчи муштарийимиз таҳририятга қўнғироқ қилиб.- Унда шунақанги беҳаё сўзлар, шармандали изҳорлар ёзилганки, ҳар қандай юзсиз одам ҳам ундай гапларни гапиришдан ор қилади.  Агар қиз йўл бермаса, ўғил бола шундай гапларни гапирмайди-ку. Башарти, ўғил бола беҳаё хат ёзганида ҳам агар ўша қизнинг ўзида хоҳиш бўлмаса, ўқитувчиларга айтиб, мактабдошининг танобини тортиб қўйишни сўраса бўлади-ку. Аммо хатдаги, “ўша жой”, “сенинг лабларингни, қўлларингни соғиндим” деган иборалар қиз билан йигитнинг  кўп марта бундай шармандали учрашувларни ўтказиб юборганларини аён қиларди. Энг ачинарлиси, ҳозирги замон ота-онасини мактабга ёқасидан тортиб ҳам олиб келиб бўлмайди. Ё она  келади, қошини чимириб, энсасини қотириб, гапирсангиз қизимга туҳмат қиляпсан, сенлар бировнинг боласига ёмон отлиқ қилгунча ишингни қойиллатиб қўй, қизим одобли, ақлли, совға-салом қилса қизимни мақтайсанлар, бўлмаса ёмонлайсанлар, деб шанғиллашдан тоймайди. Умуман олганда, ўсмир қизчаларнинг ва ўспирин йигитчаларнинг феъл-атворидаги кескин салбий ўзгаришлар, юз-кўзидан ҳаё узоқлашиб, бепарда  қилғиликлари ортаётганининг асосий сабабини ён-атрофидаги тарбиявий муҳитнинг ўзгариши ва ота-онанинг фарзанд  тарбиясига вақт ажратолмаётганида деб биламан... 

“Йигитимдан қўлингни торт!”

Бундан уч-тўрт йил аввал укамнинг қўл телефонидан номеримни топиб олган бир қиз, ҳар кунда юзта смс хабар ёзиб, “Йигитимдан узоқ юр”, “Йигитимни тинч қўй” деб роса шаллақилик қилган эди. Ўшанда укам вазиятни ойдинлаштириб, қизга, “сен ўзингча мени мулкингга айлантириб, йигитинг қилдингми?! Мен жонсиз қўғирчоқ эмасман, бировга тегишли бўлсам, айниқса сенга ўхшаган шармандаларнинг ҳеч қачон йигити бўлмайман. Сен билан шунчаки салом-алик қилганимга ҳам ор қиламан” деган эди. Орадан шунча вақт ўтиб, олий ўқув юртларининг талабалари қолиб, коллеж, ҳаттоки мактаб ўқувчи қизларининг юриш-туриши кишини нафақат ўйга, балки қоп-қора ташвишга қўядиган бўлди. Қизиқ, қизларнинг феълидаги ношойисталик бегоналарни шунчалик ташвишлантираётган экан, уларнинг ота-оналари қаёққа қарашяпти? Улар она сути оғзидан кетмаган қизчаларининг бекатларда  автоулов кутаётиб, йўлдан ўтган ёки бирор сабаб билан машинасидан тушаётган йигит ва ҳаттоки эркакларга еб қўйгудай тикилишини, туни билан телефонда алланималарни гаплашиб чиқишини билмасмиканлар? Агар билсалар, бу ножойиз ишлар фарзандларининг фитратида қайдан кўчаётганини ҳеч таҳлил қилаяптилармикан? Ёки ўсмир қизларининг қарама-қарши жинс вакилларига бўлган эҳтиросона қизиқишидан бехабар ҳолда унга сеп йиғиш ёинки бадавлат хонадонга қандай қилиб узатишни ўйлаб кўнгиллари нотинчми?..

Қиз болага МЕҲР беринг!

Пайғамбар (с.а.в) шундай марҳамат қиладилар: “Фарзандларингизга бирдай меҳр беринг. Агар улардан бирига кўпроқ меҳр бериш керак бўлса, қиз болангизга кўпроқ меҳрибончилик қилинг”. Ҳақиқатдан ҳам, кузатувлар шуни далолат қиладики, ёмон йўлларга кириб кетган ва фоҳиша ишларга ўрганган қизларнинг аксарияти, оиласида меҳр кўрмаган ва етарлича эътиборли тарбия топмаган. 
Мулоҳазаларимизни бошидан эътибор билан кузатган бўлсангиз,  суҳбатдошларимиз деярли бир фикрда тўхталди: яъни, қизларнинг тарбиясига ота-она бефарқ. Шу сабабдан қизлар бетгачопар, беҳаё ва андишасиз бўлиб кетяпти. Бу бизнинг ва мунозарамизда иштирок этган юртдошларимизнинг фикри эди. Сизда қандай мулоҳаза бор, азиз ватандош?

Умида АЗИЗ

 

 

 

Писта фурушнинг “ҳақиқат”лари

 

 

 

Йўл бўйида, кўп қаватли турар жойлар кираверишида,  бекатлар олдида писта-сақич, тамаки маҳсулотлари, қурт, ширинликлар сотиб ўтирган «бизнесмен», янада тўғрироғи, «бизнеследи» холаларни деярли ҳар куни  учратамиз. Эътибор берган бўлсангиз, «тадбиркор» кеннойиларнинг аксарияти — кекса, пенсия ёшидаги аёллар. Баъзан кўча-куйдан ўтиб-қайтаётганда, уларнинг шанғиллаганча, кўча жаргонларини ишлатаётганлари ҳам  қулоққа чалиниб туради.  
Сотиб олишингиз ШАРТ!
Айримларининг юз-кўзидаги қаҳр-ғазабни кўриб, беихтиёр  қўрқувдан ёқа ушлаб ҳам қоласиз. Улар “савдо” қилаётган ҳудуддан ўтиб кетаётганингиз учун албатта  писта ёки сақич, ё бўлмаса сигарета сотиб олишингиз шартдек гўё. Энг ачинарлиси, анчагина ҳаётий тажрибага эга бўлган бундай “ишбилармон”  холаларимиз, ўсмирларга, ёш болаларга тамаки маҳсулотларини ҳеч қандай истиҳолаю мулоҳазасиз сотиб юборишади. Ҳатто, айрим ҳолатларда кўча-куйда ноқонуний савдо қилаётганлар нос ва сигарета кабиларни ўзига хос реклама асосида ҳам ўсмирларга сотаётганларига гувоҳ бўлганмиз. Лекин, бирорта мард чиқиб, сизни ҳам шу бола ёки шу қизалоқ тенги неварангиз бордир, бу сигарета манавинақа, униси анавинақа, деб болага авраб-алдаб сотгани уялмайсизми, деб танбеҳ бермайди. “Менга нима?! Шу болани ҳам ўз ота-онаси бордир, энди кўчадаги етти ёт бегона бола учун ҳам аллакимлар билан тортишиб юраманми”, деган ўй билан ҳалиги пистачи аёлларга нисбатан кўнглимизда уйғонган исённи бостирамиз. Аслида шаҳарнинг аллақайси бир бурчида ана шундай кўча «тадбиркор»лари бизнинг фарзандимизга ҳам тамаки маҳсулотларини сотаётган бўлиши мумкинлигини хаёлимизга ҳам келтирмаймиз.

Пистачининг кирдикорлари

Бироз аввал телевизорда кўрсатилган бир жиноят тафсилоти ҳақидаги кўрсатувда ҳали йигирмага ҳам тўлмаган, жиноят кўчасига билиб-билмай кириб қолган йигит надомат билан шундай деганди: “Мактабдан дўстларим билан қайтаётиб, уйимиз яқинидаги бекат олдида писта, сигарет сотиб ўтирадиган аёлдан тез-тез бир нималар олиб турардик. Бир куни у бизга доналаб ҳам сигарет сотишини айтиб, энди катта бўлганимизни, чекиб кўрсак бўлишини айтди. Аввалига сигарет менга ёқмади. Кейин ҳалиги аёлнинг, қизларга катта, сигарет чека оладиган, ароқ ичадиган йигитлар ёқиши ҳақидаги гапларидан кейин тез-тез чекадиган бўлдик. Кейин ўша хотин бизга бир таниши сигаретдан ҳам яхши чекса маза қиладиган нарса борлигини айтганини, агар хоҳласак ундан бизга ҳам ўша нарсадан олиб беришини, лекин унинг учун кўпроқ пул керак бўлишини айтди. Ўшанда биринчи марта отамнинг чўнтакларидан пул ўғирлаганман. Уйдагилар ё билишмаган ёки билган бўлса ҳам биз болаларга билдирмаган. Кейин уйимиздаги пул турадиган жойни билиб олдим. Ҳар сафар пул ўғирлаб, ўша хотиндан ҳалиги нарсани сотиб олардик. Кейинчалик уйдагилар пулнинг жойини ўзгартиришганидан кейин, ўртоқларим билан кичик дўконларга, бировларнинг уйига ўғирликка тушадиган бўлдик…”
Кўрсатувни томоша қила туриб, бўлиши мумкин эмас, қандай қилиб уч-тўрт қути сигаретаю бир товоқда писта-қурт сотиб ўтирадиган аёлдан шу даражадаги қабиҳлик чиқса, деган истеҳзоли эътироз уйғонганди менда. Аниқроқ қилиб айтганда, камерадан юзини яширган куйи тавба тазрарру қилаётган жиноятчи йигитнинг айтганларига ишонгим келмагани бир бўлса, ғашим келгани бир бўлди. Лекин қайсидир куни тунда бир дўстимнинг қаҳвахонада нишонлаган туғилган кунидан қайтаётиб, йўл четида бир сават ашқол-дашқолини уюб ётган аёлнинг ёнидан ўтаётганимизда, ҳамроҳларимиздан бири:
—    Ярим тунда шу аёлдан ким писта ёки сақич сотиб оларкан?! Булар қандай йўл билан пул топиши кўрга ҳасса-ку! Худодан ҳам қўрқишмайди, хилват-хилватларда ўтирволиб ўзларини гўё майда-чуйда нарсалар сотадигандай кўрсатишади, - деган эди, беихтиёр телевизорда намойиш этилган кўрсатувни эсладим.

Нима мажбур қиляпти?

Тўғри, кўча ва бекатларда майда-чуйда нарсалар савдоси билан шуғулланадиганларнинг ҳаммасини ҳам шу тоифага мансуб деб ҳукм чиқармоқчи эмасмиз. Ўйлантиришга ундаган ҳолат бошқа. Сигаретаю писта сотиб тирикчилик ўтказаётганларнинг аксарияти давлат томонидан маълум миқдордаги қарилик пенсиясини олишади-ку! Аксарияти, кўринишидан ёши анчага бориб қолган, фарзандларидан тиниб-тинчиган онахонларга ўхшайди. Хўш, уларни кўчада тирикчилик қилишга нима мажбурлаяпти экан?.. 
Биз ана шундай аёлларни гапга тутишга уриндик: 
—Ўзим зерикканимдан, уйда ўтиравериб сиқилганимдан кўчада майда-чуйда сотиб ўтиришни истадим. Айтганингиздай, оладиган пенсия пулим ўзимга етиб ортади. Лекин барибир тирик жон, болаларнинг, келину куёвлар, невараларнинг туғилган куни бўлади, тўю издиҳомлар бўлади, чўтакда ортиқча пулнинг тургани зиён қилмайди-да. Нима, бизнинг бировга зараримиз тегяптими?! Ҳеч кимга мажбурлаб сигарета сотмаймиз. Соғлиққа зарар бўлса, нега сотишга  чиқариб қўйибди?..
Амаллаб бир холани суҳбатга тортгандик, ана шу жавобларни олдик. Яна бир кўча «тадбиркор»и оиласидаги иқтисодий қийинчиликни пеш қилди, яна бири ишлай деса, тузукроқ иш тополмаётганини рўкач қилди. Аммо бирортаси, “кўчада, дуч келган жойда савдо қилиш ноқонуний-ку, бундан хабарингиз борми» деган саволимизга тайинли жавоб беролмади...

Фарзандларининг зулми билан...

Ҳар гал шаҳримиздаги кўча-хиёбонлар, транспорт бекатлари ва кўпқаватли уйлар ҳовлисида ноқонуний савдо қиладиганларга кўзим тушганда, ўқувчилик йилларимда гувоҳ бўлганим бир манзара юрагимга оғриқ солади. Мактабимиз ошхонаси девори остида етмиш ёшлардан ошиб қолган нуроний момо қурт, сақич, семичка ва уч-тўрт қути печенье ёки шоколад сотиб ўтирардилар. Мактаб раҳбарияти ўқув муассаси ҳудудида писта ва сақич сотиш мумкин эмаслигини айтиб, онахонни мактаб ҳудудидан чиқариб юборишса, улар мунг тўла кўзлари билан ўқитувчиларга термула – термула сал узоқроқ кетардилару, яна бирор дарахтнингми, деворнинг панасидами ўтирволиб сотиладиган нарсаларини ёйиб олардилар. Чамаси, ўн биринчи синфда ўқирдик. Қаттиқ ёмғир ёғиб пистачи момо (биз уларни шундай атардик)  ёмғирда ивиб қолдилар. Синф раҳбаримизнинг уларга раҳми келди ва иккита синфдошимизга момони уйларига олиб бориб қўйишни айтдилар. Топшириқни бажариб келган синфдошларимиз бизга пистачи момонинг келини ҳар куни уларни мажбурлаб, майда-чуйда нарсаларни сотиб келасиз, деб кўчага ҳайдаб солишини, момонинг ўғли ҳам индамай хотинининг қилғилигига томошабин бўлиб ўтиришини гапиришди. Ёмғирда дийдираб уйига борган момони келини қаҳр-ғазаб билан кутиб олиб, савдодан тушган пулларни санаб, “нега бунча кам?! Ёмғир бировни ўлдирганмиди  сизни ўлдирса? Ўтириб, болаларнинг ўқиши тугаганча сотиб келсангиз бўлмайдими?” деб жанжал кўтарган экан. Ўшанда бир синф бола хомуш бўлиб қолгандик. Қаҳри қаттиқ,  табиати оғир синф раҳбаримиз йигитларга қараб:
—    Эртага уйланганингдан кейин сен ҳам хотинингга онангни хўрлатиб томошабин бўлиб ўтирларинг! Агар шундай қилсанглар, берган таълим-тарбиямга рози бўлмайман! Ўлсам, қўлларим гўрдан чиқиб туради,- деб танбеҳ бергандилар. Биз қизларга эса:
—    Сенлар ҳам келин бўласан бир куни. Агар турмуш ўртоғингнинг онасига пистачи момоларингнинг келинидай муомала кўрсатсаларинг, айтиб қўяйин, рўшнолик кўрмайсизлар. Бу дунёнинг ипи узун. Ҳали у хотин ҳам Худо лойиқ кўрса, бир куни қайнона бўлади. Ҳали бир муштипар онанинг хўрлиги, хорлигининг уволи унга қайтади,- дегандилар. Шунинг учунми йўл бўйида писта-сақич сотиб ўтирган кекса онахонларни кўрганимда ўша воқеани, синфдошларимнинг гапларию, синф раҳбаримнинг куйинганларини хотирлайман. Балким улар ҳам кимнингдир қистови, мажбурлаши зулмидан кўчада майда-чуйда сотиб ўтиришга мажбурдирлар. Яна ким билади. 
Кекса отаси ё онасини сигарету писта сотиб ўтиришга ёки бозорга чиқишга мажбурлаганни одам деб аташга тилинг бормайди, киши. Ундай фарзандни боқишдан кўра, ит боққан афзал. Ҳарқалай итда раҳм-шафқат ва вафо бўлади, дейман-да... Нима дедингиз, биродар?

Баҳор Турсунзода

 

 

 

Севги - висолигача севги

 

 

 

Севги- муҳаббат илоҳий, Яратганнинг мўъжизаси ва бандаларига инъом этган бебаҳо туҳфаси дея эътироф этилади. Жаҳонни лол қолдирган энг нодир асарлар, оташин сатрлар ва ҳассос шеърлар ҳам айнан муҳаббат тараннуми билан довруқ қозонганлиги, ҳеч биримизга сир эмас.
Инчунин «… Муҳаббатсиз одам— одам эмасдур,
Гар одамсен муҳаббат ихтиёр эт» дея Нодираи Даврон ишқнинг тажаллиси вафо- бусиз ишқ қуруқ маво, демоқчи бўлгандир? Башарти шундай экан ул иккиси ҳар дам бирга бўлишини, ишқ вафоси билан бирга бўлишини истак этган бўлса, не ажаб?..
Муҳаббат илоҳий туйғу эканлиги ҳақиқат. У барчага бирдек сазовор бўлмаслиги ҳам бор гап. Аммо, муҳаббатни баҳона қилиб енгилтаклик қилиш, кимларнингдир тинчини бузиш, илоҳий туйғу билан ҳавойи нафсни арашлаштириб юбориш— гуноҳ. Асли севги ҳижронда синалади, муҳаббат ҳажрда юксакликка эришади, висол ишққа ўқилган жаноза дейишади. Ҳақ гап. Севган инсонингнинг севимлилиги, унга қўл етмаслигида. Севганингнинг буюклиги унинг сенга армонлигида.  Айнан шу борада, халқнинг ардоқли шоираси Турсуной Содиқова шундай дейди:
Ҳали ишқнинг баҳосини топмади дунё
Сиз ишқдан-да баланд, ишқдан бебаҳо бир тахт
Кимман?! Асли сиз улуғларга раво,
Ушоққина елкам узра сиз кўп оғир бахт.
Чинда-да, севган кишингизни ўзингиздан юксакка қўйиб, пойида тупроқ бўлиш бахтидан зиёда иқбол бормикан? Унга турмушнинг ташвишлари, рўзғорнинг зимистон кунлари-ю, ғор тунларини, йўқчиликнинг қийин-қистови, ҳаёт машаққатларини раво кўрмаслик, омадсизликка учраганингизда, «яхшиям у билмади», деган ўйда овуниб, ғалабангиз нашидасини сураётганингизда, ишқилиб у ҳам эшитган бўлсин-да, деган энтикиш билан чор-атрофга  зимдан назар солиб яшаш ҳам бир бахт, бахт бўлганда ҳам, ҳаммадан яширган, ҳеч кимга ошкор этмаган, фақат ўзингизгагина тегишли бўлган бахтиёрлик бу. 
Халқда «севги билан қорин тўярмиди?!» деган истеҳзоли ибора бор. Севган қизига уйланишни истаб оёқ тираб олган йигитлар ё кўнгил қўйган йигитга турмушга чиқишни истаган қизларга нисбатан аччиқ билан ишлатиладиган бу иборада етарлича жон бор. Чиндан ҳам севги-муҳаббат қорин тўйдирмайди. Севди, муҳаббат қўйди, дегани уйланиши шарт ёки ўша йигитга турмушга чиқиши керак, дегани эмас-ку. Кўнгил аталмиш буюк меҳварнинг ўзига яраша, ўзига хос, фақат ўзигагина маълум бўлган сири бўлгани, ҳаммадан яшириб, ҳеч кимга билдирмай кимнидир севганинг, кимнидир соғинганинг, кимгадир яхши кўриниш, кимгадир қусурларингни кўрсатмаслик учун яхшиликка интилмоғинг ҳам— бахт-ку, тўғрими?..
Севги- висолда ўлади, дейишади. Бундоқ мушоҳада қилсак, шу гап ҳақиқатга яқин кўриняпти. Севган одаминг қачон юксакликка эришади, қачон сенинг муҳаббатингга лойиқ бўлади— қачонки, сендан олисда бўлса. Қўлинг етмаса, унинг камчиликларини, айбларини кўрмасанг. Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, нега тўйгача бир-бирини еру кўкка ишонмай, асраб - авайлайдиган ёшлар турмуш қургач, бир-бирини кўрарга кўзи қолмайди, кунда уруш-жанжал, тўс-тўполонлардан боши чиқмай, ҳаттоки, ажрашишгача боришади? Сабаб- муҳаббатга бир томонлама ёндошиш, турмушни, рўзғорни гулзору чаманзор, хиёбону истироҳат боғлари деб тасаввур қилиш, севган инсонининг нуқсону қусурларини тўйдан кейин илғаш ва ҳоказо, ва ҳоказо…
Мулоҳазаларимиз сизга жуда жўн ва оддий туюляптими? Унда  тубандаги сўзларга эътибор қилинг, балким фикрингиз ўзгарар. Улар жуда ёшлигидан бир-бирига кўнгил қўйишди. Йигит 17 ёшда, қиз эса 13 ёшида муҳаббат боғида сайр қилиб, гулу чечаклар орасида бир-бирига изҳори диллар қилиб юрган, катталар таъбири билан айтганда «она сути оғзидан кетмаган» болаларнинг «қилғилик»лари икки томон катталарининг аёвсиз таъқибига учрайди. Қиз дўппосланган, йигит калтакланган, ҳар қадамлари кучли назоратда. Акалар қирпичоқ, ота-оналар сўкинган, қарғанган… Камига қўни-қўшни, маҳалла-куйнинг гап-сўзини айтмайсизми!?  Қанча таъқибу тазйиқ бўлмасин, севишганлар йўлидан қайтмади. Бу орада йиллар шамоли тинмай эсиб, йигит ҳарбий хизматдан қайтгач, уйдагилари уйлантириш ҳаркатига тушишди. Турган гапки, куёвлик остонасидаги йигит ота-онаси истаса-истамаса ёшликдаги муҳаббати томон совчи йўллашга қарор қилади. Қисқаси тўй бўлади, уйланиш ёшига етгану ҳануз бўйдоқ акалари қолиб қизнинг узатилаётгани  одамлар орасида кўп гап-сўзларнинг болалашига сабаб бўлса-да, орзу-ҳавасли тўй бўлиб ўтади. Шундай қилиб, бир пайтлари одамлардан, яқинларидан қочиб пана-пасқамларда учрашиб юрган йигит-қиз — энди келин-куёв, бир оила бўлади.
Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, акаларининг калтагига, ота-онасининг  норозилигига салгина эгилиб ҳам қўймаган муҳаббат, турмушнинг муштию, рўзғорнинг машаққатларига дош беролмай, синиб чилпарчин бўлди. Тўрт йил бир-бирини ардоқлаб, жон қадар севган йигит-қизнинг жуфтлиги тўрт ойга аранг етди. «Биргина кийимга дазмол босишни ҳам билмайди. Чошгоҳгагача ухлаб ётади, уй ишлари қўлидан келмайди, онамнинг олдида хижолатдан ўлиб бўлдим» деб йигит иддаоларни қалаштириб ташлади. «Арзимаган нарсаларга ҳам қаттиқ ҳақорат қилиб, қўл кўтаради. Икки гапнинг бирида онангни…, дейди. Ҳар куни ичиб келади, наша чекишимни уйдагилар айтма, деб дағ-даға қилади». Келинчакнинг йиғламсираган куйи айтган гапларидан шуларни илғаб олишди. Хуллас, «севаман-ўламан», «шундан бошқасини демайман» каби ҳайқириқлар билан тузилган оила, кўпга бормай бузилди.  
Ана шунақа, севги —ўқ. У нишонни тешиб ўтади, аммо отилиб бўлгач... Яна бир ҳолат. Аминманки, буниси яна-да қизиқ, ажабтовур.
Бир танишим ҳам севишиб, минг хил қаршилигу норозичиликларни енгиб турмуш қурган. Олий маълумотли, нуфузли даргоҳларда ишлайди. Эри оддийгина косиб. Баъзида феъл-атвори, дунёқараши мутлақо икки мутлақо икки хил бу эр-хотиннинг ўзаро муносабатини кўриб ҳайрон қоламан. Ахир улар севишиб турмуш қуришган, аммо буни ўзлари айтмаса биров уларни севишганлар дейиш тугул... Зеро, ўзига тўқ оилада тарбия кўрган олий маълумотли танишим ва унинг  нари борса тўққизинчи синфни зўрға тамомлаган, бунинг устига камхарж хонадондан чиққан косиб эри ўрталаридаги муносабат, чиндан ҳам кишида ана шундай фикр туғдиради. Кўнглига тегмайроқ қилиб сўрамоқчи бўламан. Танишим бошини ўйнатиб, афсусланганнамо жавоб беради: 
—    Э, қандай яшаётганимни ўзим биламан-да. Нуқул мен тоғдан келсам, бу боғдан келади. Ўша пайтлари нимасини яхши кўриб  қолган эканман, билмайман, тўғриси. ўзимдан ўтганни ўзим биламан. Бировга айтадиган дардми бу?! Бир пайтлари шунга тегмасам ўзимни у қиламан, бу қиламан, деб ота-онамни аранг кўндириб текканман. ўша пайтларда катталар, бизни мутлақо ўзимизга номуносиб жой билан тенг қиляпсан, билиб қўй, энди шўр ейсанми, аччиқ ейсанми, бизникига фақат бир-икки соатга меҳмон бўлиб келасан, ортиқча гап қилсанг, баҳрингдан кечиб юборамиз, деган шарт билан узатишганди. Қолаверса, ўзим обрўли жойда ишлайман, икки бола билан эрдан ажрашсам, мени ким ҳурмат қилади?! Бир оилани эплолмаган, эрдан чиққан хотин-да, соғ бўлса эри қўйворармиди, деб маломат қилмайдими? Буёғи фарзандларим ҳам улғайиб келяпти. Уларни отасиз тарбиялашни истамайман. Ким бўлса ҳам, қандай бўлса ҳам бошимда эрим бўлгани яхши. Аввало севги-муҳаббат деб адашдим, энди эрим менга мос эмас, деб кечирилмас хатога йўл қўймайман...
Мана сизга ишқ, мана сизга севги. Йўқ, сезиб турибман. Бу севгимас, сиз бу ерда севишганлар ҳақида эмас, аксинча ўткинчи ҳою ҳавасга берилиб, турмуш қурганлар ҳақида гапиряпсиз, демоқчисиз. Тўғри, шундай ҳам дейлик, у ҳолда ҳаётда содир бўлаётган муҳаббат можароларининг деярли ҳаммасини ўткинчи ҳаваснинг оқибати деб қарашга тўғри келади. 
Сиз билан баҳслашмоқи эмасману, аммо шу гапим қатъий: севги висолгача севги. Ундан кейин хоҳланг, хоҳламанг унга путур етади. Бу шунинг учунки, сиз севган кишингизга ортиқча баҳо бериб юборасиз. Уни ҳаммадан кўра интилувчан, кучли, ақлли, меҳрибон деб биласиз. Унга қаттиқ ишонасиз. Унинг ҳамма қатори инсон эканини эътибордан қочирасиз. Боз устига у ҳам сизга эришгунча ёниб-куйиб, энг нодир фазилатларини ишга солади. Қарабсизки...
Тўйдан кейин сиз билган интилувчан, кучли ақлли йигит бошқа аксари йигитлар қатори тўққизгача ухлайдиган, оромини бузсангиз “онангни...” деб сўкадиган бўлиб чиқади. Сиз эса ундан тўйдан олдинги фазилатларини қидириб ҳалаксиз, аммо... Ҳамма гап шундаки сиз уни бор ҳолича севмагансиз. Тан олинг сиз унинг қадди қоматию, ширин сўзига маҳлиё бўлгансиз, холос.
Минг афсуски, ҳозирги кунда бугун турмуш қуриб эртасига ажрашиш учун судга мурожаат этаётганларнинг аксари ана шундай муаммоларга гирифтор бўлаётганлардир. Мени маъзур тутинг, боз айтаман, такрор айтаман, севги висолгача севги!
Ҳазрат Навоийда  маъниси шунга яқин бир сатр бор: “Муҳаббат энг покиза туйғу, лекин висол ҳаром!” Ким билсин, балки шунинг учун ҳам буюк хамсанавис бобомиз  асарларидаги севишган қаҳрамонларини висолга етказдирмай тасвирлагандир.
Севишиб турмуш қурганларнинг ҳаммаси ҳам синов ва қийинчиликларга дош беролмай ажрашиб кетаверишмайди. Аксарият ҳолларда, севишиб турмуш қурганларини, ўртадаги болаларни ўйлаб мажбурият юзасидан бир том остида яшайверишади. Ана шу нарса энг ёмони. Турмуш ўртоғинг билан шунчаки, эл кўзига, фарзандларинг учун яшашдан оири бўлмаса керак. 
Муҳаббатнинг баҳосини арзон этиш билан киши ўзини беқадр қилади, деган бир жумлани ўқигандим, қаердадир. Ҳақ гап. Иродаси ожиз, курашлардан чўчийдиган кишигина, турмушдаги машаққатлар, ҳаёт ташвишлари олдида муҳаббатни рўкач қилган ҳолда, яшаш тарзини осонлаштирмоқчи бўлади. Инчунин, севганинг билан бир жойда яшагандан кўра, уни орзу қилиб, уни хаёл қилиб, уни юксакка чиқариб, ўзинг пойида унга талпиниб бахтли, фаровон ва ҳамма ҳавас қиладиган турмуш қурганинг, севган инсонинг сен ҳақингда орзу қилишини, сенга талпиниб яшашини билиб яшашнинг ўзи ҳам бир саодат. Саодат бўлганда-чи, буюк саодат.

Умида Адизова

 

 

 

Мўмин киши мусулмон биродарига озор бермайди

 

 

 

Кўнгилни Аллоҳнинг уйи дейдилар. Уни обод қилганга Яратганнинг мукофоти беҳисоб эканлиги ваъда қилинган муборак китобларда. Кўнгилни оғритган, унга озор берганга эса жазо муқаррар экани Аллоҳнинг улуғ Китоби ва Пайғамбар (с.а.в)нинг саҳиҳ ҳадисларидан бизга маълум. 
Аллоҳ  таоло Қуръони Каримнинг “Азҳоб” сураси 58-оятида шундай марҳамат қилади: “Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасликларидан туриб озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар”. Яъни, иймон аҳлига ҳеч бир гуноҳ-жиноят қилмасалар-да озор берадиган кимсалар ўз устларига ёлғон, бўҳтон ва улкан гуноҳни юклаб олган бўладилар.
Таассуфки, айни пайтда мусулмон кишининг ўз диндош биродарига зулм қилаётгани, кўнглини оғритиб озор бераётганини ҳар қадамда учратиш мумкин. Арзимаган нарсалар, майда-чуйда тушунмовчилик ё келишмовчилик важидан бир-бирига озор бераётган биродарларимизни  кўрганда таажжубдан ёқа ушлаб қоламиз. Ахир дунё омонат, биз синов учун бу дунёга юборилган бандалар эса ғаниматмиз. Мусулмоннинг мусулмон биродарига озор бериши энг оғир гуноҳлар сирасига киради. Бугунга келиб айрим юртдошларимиз бунга аҳамият бермай қўйганлар, чоғи.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Мусулмон мусулмоннинг биродаридир, унга зулм қилмайди, уни таҳқирламайди, ёрдамсиз ташлаб қўймайди”. Сўнг: “Тақво мана бу ердадир”, дея кўксларига уч марта ишора қилдилар ва: “Мусулмон биродарини ҳақорат қилиши кишининг ёмонлигига етарли далилдир” дедилар. (Муслим ривояти). 
Кўча-куй, бозорларда салгина диққатпазлик боисидан бир-бирларини оғизга олиб бўлмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилаётган диндошларимизни кўрганимизда юрак  зирқиррайди.  Унутмаслик лозимки, тил билан берган озор — тиғ билан берилган озордан минг чандон ўткирроқдир. Мусулмон биродарининг ҳақига бўҳтон ва туҳмат гапларни айтиш билан уни ҳақорат қилмоғи, диндошига ҳар хил лақабларни қўйиб, масхаралаб юрмоғи жуда хунук ҳолат ва ундайлар Аллоҳ таоло наздида энг ёмон хулқли кимсалардирлар.
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон кишини сўкиш фосиқликдир. У билан урушиш кофирликдир», - дедилар». 
Яъниким,  сўкиш ёмон нарса— ким бўлишидан қатъи назар, мўмин-мусулмон одамни сўкиб бўлмайди. Бу номаъқул иш шариат ҳукми бўйича фосиқлик ҳисобланади.
Фосиқлик – диннинг чегарасидан чиқиш. Мусулмон кишини сўкиш  фисқ ишлардан биридир. ундан ўтиб, уришиб кетиш бундан ҳам ёмон экан. Сўкиш фисқ бўлса, уришиш куфр экан, Аллоҳ Ўзи сақласин. Бундан жуда эҳтиёт бўлиш лозим.
Фисқ диндан чиқишнинг бошланиши бўлиб, тавба қилмасдан, ўша гуноҳни давом эттирганлар диндан чиқади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифда сўкиш фисқ, уруш эса куфр дейилаяпти. Чунки фисқ куфрга олиб борганидек, сўкиш ҳам урушга олиб боради. 
Биргина бу эмас. Ўз бойлигию амалидан кибру ҳаволаниб, мусулмон биродарларига озор бераётганлар ҳам орамизда талайгина. Бу ерда озор деганда манманлиги, ўзидан мол-дунёси кам бўлган кишиларни менсимай, жамоат жойларида бепарда, беҳаё гап-сўзларни гапириб юрадиганлар  ва  кўпқаватли уйларда истиқомат қиладиган айрим давлатманд биродарларимизнинг номақбул ишлари назарда тутиляпти. Яъниким, айримлар тунда аксарият кишилар ишдан ҳориб-чарчаб уйга келиб, дам олаётганларида машиналарида сигнал чалиб ё мусиқа овозини атай баландлатиб, уйқудаги ёки ҳордиқ олаётганларнинг оромини бузадилар. Гўёки бу дунёда улардан бошқа ҳеч ким йўқ. Гўёки улар хоҳлаган жойларида хоҳлаган ишларини қилиш ҳуқуқига эгалар. Шундайларга қарата айтмоқчимизки, эй мўмин-мусулмон биродарлар, унутманг, Аллоҳ таоло наздида бандаларининг энг ёмони ва энг беодоби — кибрли, манман кимсалардир.  Кибрли одам ўзини бирор фазилатли сифатда бошқалардан устун кўриб, уларни назар-писанд қилмай қўяди.
Биз “ҳаволаниш” деб таржима қилган сўз арабчада “ихтиёл” дейилиб, кишининг юриш-туришда ўзини сохта равишда юқори тутишига ишлатилади. Аллоҳ таоло: «Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас», деб марҳамат қилади (Луқмон сураси, 18- оят). Мусулмон киши учун одамларни камситиш, уларни паст санаш жуда ёмон иллат. Юриш-туришда ҳам кибру ҳаводан, такаббурликдан сақланиш керак. Ҳаттоки Аллоҳ таолонинг бандаларига кибру ҳаволаниш, уларга менсимаслик билан муносабатда бўлиш ҳам уларга нисбатан озор берганликдир.  
Барчамиз Аллоҳ таоло қаршисида бирдек баробармиз. Фақат бандалар Яратганнинг ҳузурида савобу гуноҳлари билан фарқланадилар ва ажрга лойиқ кўриладилар. Шунинг учун мусулмон кишининг давлати, амали, мансаби ё бошқа бирор Аллоҳ тақдир қилган неъматга ҳаволаниб, биродарларига кибр билан муомала қилиши, уларга паст назар билан қараши мақбул эмас. Аксинча, гўзал хулқ, чиройли муомала билан биродари кўнглини кўтариш билан банда Аллоҳга яқин бўлади.
Ҳақиқий мўмин-мусулмон киши биродарига оғири тушмайдиган, озори етмайдиган бўлади. Биродари ундан рози бўлса, қўни-қўшни, яқин дўсту ёрлари мамнун бўлса, қалбида кибр- риё бўлмаса, тили ёлғон ва бировлар ҳақидаги бўҳтон гап-сўзлардан бегона бўлса, ундай кишининг иймони саломат ҳисобланади. 
Биз юқорида фикрларимизни кўнгил Аллоҳнинг уйи эканини айтиш билан ибтидо қилган эдик. Мулоҳазаларимиз интиҳосида Ҳазрат Алишер Навоийнинг маъниси шул ҳикматни далолат этгувчи байтларини келтириб ўтмоқлини жоиз билдик:

Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай
Онча борки, Каъба вайрон бўлса обод айлагай...

Умида АЗИЗ

 

 

 

Фотиҳаси бузилган қиз тақдирида айбдорми?

 

 

 

Кейинги пайтларда одамлар орасида унаштириш дастурхонини бекор қилинаётганлар, ҳаттоки фотиҳа тўйини бузаётганлар ҳақида гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалиниб қоляпти.  Фотиҳаси бузилган йигит-ку ҳаётда яна ўз ўрнини топиб, кўнглига, ўзига мос қиз билан турмуш қуриши мумкин. Қизга эса бу ҳолат жуда қимматга тушади. Жамиятимиздаги бу хил қараш фотиҳаси бузилган қизни буткул айбдорга чиқариб қўяди. Аслида-чи, аслида ҳам шундайми? Ахир вазиятга оқилона ёндашиб, танганинг ҳар икки томонига синчковлик билан назар солганда, унаштирув ёки фотиҳа тўйининг бузилишида ҳамиша ҳам қиз айбдор бўлавермайди-ку? Ваҳоланки, биз шундай нохуш воқеа баёнини эшитган заҳотиёқ қизнинг бирор айби бор эканми, деган хаёлга борамиз.

Мисга айланган тилла
Таниш қизнинг фотиҳаси бузилгани ҳақида эшитиб кўнглим оғриди. Жуда одобли, андишали, ҳаёли қиз эди. Сабабини сўрагани истиҳола қилиб юрган кезларим танишим қўнғироқ қилиб қолди.
— Бошимда шу кунлар ҳам бормиди?! Кўринишидан туппа-тузук йигитга ўхшаркану…- деди  у тушкун алпозда.- Совчи қўйишларидан аввал мени роса суриштиришибди. Мактабда қандай қиз бўлганман, ким билан гаплашаман, нима қиламан, нега ўттиз ёшга тўлгунимча турмушга чиқмаганман, хуллас ҳамма-ҳаммасини сўраб-суриштиришибди. Бизникилар қуда томоннинг сарпо-суруғи, дабдабасига учдими, ёки Аллоҳнинг хоҳиш-иродасида ота-онамнинг эътиборсизлиги тақдир қилинган эканми, ишқилиб тезда унаштирилдик. Ҳар учрашувда йигит менга жуда қимматбаҳо совғалар берарди. Қиммат қаҳвахона –ресторанларга таклиф қилиб, кўнглимни топишга уринарди. Тўйдан аваал загсга ариза бердик. Улар тиббий кўрикдан ўтиш учун рухсатнома беришганди, негадир унинг ранг-рўйи ўзгариб кетди. Мен қувончим билан овора  бўлганим учунми, ундаги ўзгаришга эътибор бермаган эканман. “шу ташвишларни тўйдан кейин бафуржа бажарсак бўларди”, деди у оғринган куйи. Унамадим. Тўйимда, никоҳ оқшомида загс ходималари никоҳ гувоҳномасини тутқазишини астойдил орзу қилганимни айтиб оёқ тираб олдим. Тиббий кўрик натижалари эса… ҳамма орзу-ниятларимни чиппакка чиқарди. Йигитда ОИТС хасталиги белгилари аниқланибди…
Фотиҳа бузилди. Билишимча улар ўғлининг шу жирканч касаллик билан оғриганини била туриб, менга совчи бўлиб келишган экан. Совғаларини, сарпо-суруқларини қайтариш учун у билан учрашсам, “Қўяверинг, менга ҳеч нарса керакмас. Ўзи шундоғам сизнинг олдингизда хижолатлиман. Мен сизни яхши кўриб қолдим, покиза, одобли қиз экансиз. Афсус, мен бунчалик бўлишини истамагандим. Худбинлик қилибман, сизга уйлансам, бу дардни орттириб олганимни ҳеч ким билмайди, деб ўйлаган эканман… Мени кечиринг” деб тураверди. Буёғига нима қилишга бошим қотган. Одамларнинг кўзига кўринишдан ор қиламан. Гўёки бу юзқаролик мен томонимдан бўлгану, фотиҳам бузилгани учун йигитга туҳмат қилаётгандайман.  Бир-икки одамларнинг кўзларидаги истеҳзодан ўзимни йўқотар даражага бориб, кўчага чиқишга ҳам безиллаб қолдим... Қиз боланинг тақдири бунча ҳам қийин бўлмаса? Энди номим ёмон отлиқ бўлмаслиги учун ўша оғир касал йигитга турмушга чиқшим керакмиди?.. Мен ким тушунади?..
Чиндан ҳам бу ҳолатда қизни ким тушунади? Биз вазиятга бир томонлама қарашга ўрганиб қолганмиз. Фотиҳаси бузилган қиз ҳақида эшитганимизда дарров калтафаҳмлик билан қизнинг хато ва камчиликларини хаёлан таҳлил қилишга тушамиз. Фотиҳаси бузилган қиз ҳаммма вақт ҳам тақдирида айбдор бўлавермайди. Тўй тўхатилишига айрим ота-оналарнинг

Молпарастлиги ҳам сабаб бўлади!
—    Маҳалламизнинг энг олди қизига нотаниш жойдан тўй келди,- дейди таҳририятимизга қўнғироқ қилган бухоролик муштарийимиз. – Қиз ҳар томонлама расо, гўзал, ўқимишли бўлгани учун, шундай қизга тақдири қўшилган йигитга ҳаммамизнинг ҳавасимиз келди. Фотиҳадан кўп ўтмай маҳаллада қизнинг фотиҳаси бузилгани ҳақида гап-сўз тарқалди. Бундай бўлиши тушимизга ҳам кирмаганди, ҳайрон қолиб сабабини суриштирсак, ҳалиги қуда бўлмишларнинг хонадонида узатилиб кетган катта қизнинг фикри билан ҳисоблашиб қарор қабул қилинаркан. Хуллас ўша катта опа маҳалладошимизникига келиб, тап тортмай келинчакка олиб қўйилган сарпо-суруқларни, мебелларни кўрмоқчилигини айтибди. Болаларини контрактда ўқитиб, ўқитувчилик қилиб топадиган маоши билан бир амаллаб кунини ўтказадиган ота-она хижолатдан ер чизиб қолишган экан, ҳалиги бўлажак куёвга опа бўлмиш “Бизга бунақанги камбағал қудаларнинг кераги йўқ, тўйни тўхтатамиз” дебди. Одамларнинг шунчалик ҳам нафсу кўзи оч бўлиб кетган эканми, деб ўйлаб қолдим бу гапларни эшитиб. Инсон боласи ҳам шунча пастлаб кетса бўларкан-а...
Воқеа тафсилотларини эшитиб тўғриси нима дейишни ҳам билмай қолдик. Ризқ-насибани, давлатни Аллоҳ ато этади. Банда ўзига тақдир этилган ризқини меҳнат қилиб касбу кори ортидан топиб ошайди. Бу борада Аллоҳга таваккул қилиб, фақат ризқ берувчидан сўраш ўрнига янги ҳаётга қадам қўяётган қиздан мол-дунё таъма қилиш қайси мантиққа тўғри келади?!
Шунга ўхшаган воқеани шаҳримиз маҳаллалари бирининг оқсоқоли гапириб берганди. Айтишича, ўғил уйлантираётган хонадонга қиз томондан юборилган мебелларни ўрнатишга келган усталардан мебелларнинг хорижники эмас, ўзимизда ишлаб чиқарилганини эшитган қайнона бўлмиш роса жанжал кўтарадилар ва қуда томонга қўнғироқ қилиб тўй бўлмаслигини, уларни ерга уриб (!) ўзимизнинг устахоналарда ишлаб чиқарилган мебелдан қизларига сеп қилгани учун ҳаммаси тугагани айтадилар. Қиз томон индамай қолаевришибди.
—    Ундайлар на каттанинг ва на кичикнинг гапига киришади,- дейди биз билан суҳбатда бўлган маҳалла фаоли.- Кўзига нарса – буюмдан бошқаси кўринмайди. Ундайлар учун бахт, инсоннинг шаъни-обрўси — пул ва мол-дунёда. Хуллас, минг уриниб тушунтирмайлик, молпараст қайнонани аҳдидан қайтариб бўлмади. Тўй тўхтатилди. Қарангки, ўша қизнинг Аллоҳга айтгани бор экан, биринчи фотиҳаси бузилгани билан тақдири очилиб, яхши, илм-маърифатли хонадонга келин бўлди. Молпараст онанинг ўғли эса... Уч йилда икки маротаба уйланди... Иккала келинчак ҳам бир олам сарпо-суруқ, хорижда ишлаб чиқарилган мебеллар билан кириб келди. Биринчисини икки йилда фарзандли бўлмадинг, деб ҳайдаворишди. Иккинчиси ҳам олти ойдан бери қайнонанинг зуғумига чидаб келяпти. Аллоҳнинг тадбирида хато йўқ. Мол-мулкни баҳона қилиб тўйни қолдирган қайнонадан қутилиб қолган қизнинг Худога айтгани бор экан.
Арзимаган нарса-буюм баҳонасида фотиҳаси бузилиб, ҳаёти издан чиқиб кетган қизлар ҳам орамизда анча. Шундайлардан бири ўксинганча тақдирини ҳикоя қилганди:
—    Ёшлигимда отамнинг яқин оғайниларининг ўғлига айтилган эканман. Балоғатга қадам қўйиб, бошқа тенгдошларимдай йигитлардан хат оладиган пайтимда онам мени атаб қўйишганини айтдилар.  Шу-шу ўша йигит билан муносабатларимиз илиқлашиб кетди. Вақт-соати келиб фотиҳамиз бўлди. Фотиҳадан кейин ота-онам айниб қолиб, тўйни тўхтатишди. Сабаби бизникилар давлат ишини ташлаб, бозорга чиқиб кетишган, анча ўзига тўқ оила, мен узатилаётган хонадон аҳли эса маош билан тирикчилик қиладиган оддий одамлар эди. Биз икки томонда чирқиллаб қолавердик. Ота-онам уялмай-нетмай фотиҳани бузиб юборишди. У йигит орадан кўп ўтмай обрўли хонадонинг қизига уйланди. Мен эса мана йигирма бешни қоралаяпман, ҳануз бахтим очилмаяпти... Ота-онамнинг бойликпарастлиги сабабли бахтсиз бўлиб қолдим...
Воқеаларга каттароқ нигоҳлар билан разм солсак, аксарият ҳолларда фотиҳа бузилишига қиз айбдор бўлмаса-да, асосий жабрланувчи бўлиб қолаётгани кўнгилни ғашлайди. Одамлар фотиҳаси бузилган қиз ҳақида эшитишса, юқорида таъкидлаганимиздай, бор нафратини қиз бечорага қадашга ўрганиб қолган. Қиз бола қачон фотиҳа бекор бўлганида айбдор бўлади, қачонки

Номус ва ҳаёдан айро тушган бўлса! 
—    Ўғлимни уйлантириш учун қиз излаб юргандим, бир қўшним шаҳарлик синглисининг қизини тавсия қилди. –дейди ҳамкасб опамиз.- Қизни кўриб, маъқул кўриб ўғлим билан учраштирдик. Ўғлим  ўзимга қўйиб бергани учун дарҳол тўй ҳаракатига тушдик. Сарф-харажат камроқ бўлсин деб унаштирув ва фотиҳа тўйини бирга ўтказиб юбордик. Бир куни ўғлим бўлажак келинчак билан бўлган учрашувдан жуда маъюс бўлиб қайтди. Сабабини сўрасам хижолатдан бошларини эгиб олди ва “ ойи у қизга уйланмайман... Фотиҳани бузинглар... Айтишича, бир йигит билан севишиб юриб иффатидан айрилиб қолган экан” деди. Ўғлимнинг гапини эшитиб ҳушим бошимдан учиб кетди. Нима қиларимни билмай қолдим. Ахир фотиҳа — Аллоҳнинг ризолиги бўлса, фотиҳаси бузилган кишининг кейинги ҳаёти изга тушиб кетиши қийин... Буларни тилимга кўчиролмадим. Ўғлимнинг изтиробли нигоҳларига дош беролмадим. Ҳалиги шармисор уялмай-нетмай, “ҳозир келиннинг қиз бола бўлиши шарт эмас, замонавий қизларнинг ҳаммаси шунақа бўлади” дебди. Бу гапдан кейин чидаб туролмадим. Фотиҳани буздик. Аммо қиз томон биз фотиҳа тўйида сарфлаган харажатларни қайтаришмади. Майли, муҳими ОРимиз, номусимиз омон қолгани, деб индамай улардан узоқлашдик...
Шунақа, ҳозир айрим “замонавий” шармисорлар касрига фотиҳаси бекор қилинган йигитларни ҳам учратиш мумкин. Умуман олганда, фотиҳа бузилиши йигит учун ҳам, қиз учун ҳам бирдек нохуш ҳолат. Бироқ юқорида айтилганидек, бундай ҳолатга тушган қиздан кўра йигит кишига ҳаётини ўнглаш бирмунча осон кечади. Демак, ён-веримизда кимнингдир айби ёки қандайдир англашилмовчилик туфайли фотиҳаси бекор қилинган, шу изтиробдан азият чекаётган қизлар бўлса, имкони борича уларни тушунишга, қўллаб- қувватлашга ва ҳаётини изга солишга ёрдам бериш ҳар биримизнинг инсонийлик бурчимиз саналади. Нима сабабдандир фотиҳаси бузилган, унаштирилган йигити вафот этгани учун номига “шумқадам” деган тавъқ ёпиштирилган қизларни ҳам тушуниш, уларни қисматида айбдор қилиш тўғри эмас. Ҳатто ҳақиқатдан ҳам қиз боланинг айби билан фотиҳа бузилган бўлса-да, унга тўғри йўлга тушиб олиш имконини топишида ёрдам бериш керак.  Чин инсондан фақат яхшилик қолади. Тўғрими?

Баҳор Турсунзода

 

 

 

Оилали фоҳишалар

Кейинги пайтларда хиёнат сабабидан парокандаликка учраётган оилалар ҳақида кўп эшитяпмиз. Бу ҳол ёш оилалар қолиб, ўн-ўн беш йил, балки ундан ҳам кўпроқ бирга ҳаёт кечирган эр-хотинлар орасида ҳам юз бераётгани ачинарли ҳол. Ҳаёт аччиқ-чучугини татиб кўрган, оқ-қорани ажрата оладиган кишиларнинг бу тахлит шармисорлик билан ажралиши таажжубга солади кишини. Минг хижолатлик билан сабабини сўрасангиз, тап тортмай:
—    Эрим билан чиқишолмай қолдик. Менга ишонмайди. Ҳар қадамимни пойлайди. Бунақа ҳаёт кимга керак?!- дейишади чимирилиб.
Шунча йил бирга яшаб, энди эри ишонмай қолган экан. Демак...
Умуман олганда никоҳига, оиласига хиёнат қилиш, шаҳвоний нафсга эрк бериш халқимизда ва динимизда қаттиқ қораланади. Гарчи эркакнинг хиёнати “йигитчилик”ка йўйилиб оқланиб олинса-да,

Аёл хиёнати кечирилмайди!

—    Ўғлимнинг оиласи бузилиб кетди, икки неварам ўзимда қолди, - дейди  Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган онахон.- Келиним ёмон йўлга кириб кетди. Ўғлим билан ажрашишганди, бундай нопок аёл оналикка, бола тарбиялашга нолойиқ деб, болаларни ўзим тарбиялайдиган бўлдим. Фарзандларимни уйли-жойли қилиб тинчидим, энди хотиржам нафас олсам ҳам бўлади, деб турганимда бу кунлар ҳам бошимда бор экан. Бир пайтлари аёлларнинг хиёнати ҳақида гапириш, эшитишнинг ўзи ор эди.  Ҳозир ҳар куни кимнингдир хотини, келини ё қизи хиёнат устида эрининг яқинлари томонидан ушлангани ҳақида гап-сўзлар қулоққа чалиниб туради. Одамлар шармандаликдан шарм қилмай қўйдилар чоғи? Ёш-ёш жувонларни кўрсангиз, алламбало кийимларни кийволишган. Кўзлари бежо, қачон қараманг кўчада. Орқаваротдан эшитсангиз, оиласи бузилган бўлиб чиқади. Номигагина эрга тегиб чиқишган, ўзларининг айтишича юзларини ёруғ қилиб олиш учун. Энди ажрашиб олиб хушига келганини қилиб юришибди. Икки ўртада яна қийинчилик, азият болаларга! Невараларимни яхши парвариш қилишга, меҳр беришга ҳаракат қиламан, аммо барибир онаси бўлолмайман-да! Болага она меҳри, она тарбияси зарур! Оналарнинг аҳволи эса ҳалиги!..
Оиласидаги етишмовчилик ёки эрининг рўзғорни таъминлай олмаётганини важ қилиб шаҳвоний нафси йўлига кириб кетган аёлларни ҳеч қандай ҳолатда оқлаб бўлмайди! Эҳтиёжмандлик ҳеч қачон ахлоқий бузуқликка сабаб бўлмаган, бўлмайди ҳам! Аёлнинг нопок йўлга қадам босишининг битта ва битта йўли —  тийиқсизлик ва маънавий қашшоқлик!

Ундай шармандаликнинг бошқа ҳеч қандай изоҳи йўқ!

Пайғамбар алайҳиссалом дейдилар: «Уч хил ёмон сифат бордирки, улар (маънавий) фақирликдандир. Буларнинг бири ёмон хотиндирким, бирга бўлсанг, озор беради, йўқ бўлсанг, хиёнат қилади».
Аввалига эрининг топиш- тутиши кўнгилдагидек эмаслигидан нолиб юрган аёл уни Россияга ишлагани жўнатиб юборди. Уч-тўрт ой ўтиб аёл ҳақида ҳар хил гап-сўзлар чиққан эди, у эрининг яқинларига: “Аёл киши эрсиз юрса соғлигига ёмон таъсир қилар экан. Нега эрим мени ташлаб кетворди” деб хиёнатини изоҳлаган экан. Энди ўзингиз бир ўйлаб кўринг, аввалига пулинг йўқ деб эр бечорани камситиб, уни бегона юртларда сарсон-саргардонликка юбориб, кейин никоҳига хиёнат қиляпти-ю, шу туришида ҳам эрини айбдор қиляпти.
Хиёнатини соғлиги учун ниқоб қилиб олган аёллар бугунга келиб орамизда анчани ташкил қиляпти.  “Жинсий ҳаёт нормал тарзда бўлмаса аёл кишида ҳар хил хасталиклар келиб чиқиши мумкин экан”. Кейинги пайтларда шундай беўхшов, бетийиқ гапларни кўп эшитяпмиз. Уруш пайтларида гўшангаларда бева қолиб кетган бувиларимиз нима қилишган экан-а? Айримлари 17-18 ёшида бева қолиб бир умр турмуш қурмай ўтишган. Аммо ўша пайтларда аёллар жинсий хасталиклари деган гаплар ҳозиргидек глобал муаммога айланмаган-ку! Хуллас, ҳар қандай ҳолатда ҳам аёлнинг хиёнати ўз

Айбини ёпиш учун баҳона!

Анчадан бери кўрмаган таниш аёлни учратиб қолдим. Гап орасида турмуши бузилганини айтди. Ҳеч хаёлимга келмаганди. Сабабини сўрагандим, тайинли жавоб йўқ. Тўғрироғи, 15-20 йиллик турмушини осонгина бузиб юбораётган аёлларнинг “кўҳна” ва қабиҳ “қўшиғи”ни куйлади:
—    Эримда кўнглим йўқ. Меҳр бермайди. Рашкни баҳона қилиб жанжал чиқараверади. Бир неча марта мени дўппослаган. Охири чидолмадим, уйдан чиқиб кетдим. Энди у билан яшамайман. Ўғлимни унга қолдирдим, ўғил болани орқамдан судраб юриб нима қиламан?! Қизим ўзим билан...-  Аёл гап орасида яна “одноклассники.ру” сайтидан синфдошларини топиб олганини, айниқса, ёшлигидан ўзига севги изҳор қилавериб, ортидан қолмаган собиқ синфдош дўсти билан топишганини гапирганди, вазиятни чамалаб улгурдим. Демак синфдош билан ёзишмалар, телефонда кечаю кундуз гаплашишлар оқибатида ўн беш йиллик оила парокандаликка учраган. Қирқ ёшли аёлнинг ҳиссиётларга берилиб, шунчаки танишига ёшликдаги севгилиси ҳақида тўлқинланиб гапириши ғашимни келтирди.
—    У мени никоҳига олмоқчи,- деди у яна энтикиб-севиниб.- Аммо хотинидан истиҳола қиляпти шекилли. Мен жуда бахтлиман, жудаям,- дейди яна сурбетларча. Чамаси 30-40 дақиқалар давомида аёл собиқ синфдош севгилиси, уни йигирма беш йилдан бери севиши ваҳоказо ва ҳоказолар ҳақида тинмай гапирди. Уни эшитганимдан афсусланиб кетдим. Гўёки кўнглим кирланди. Агар яна бироз ёнида ўтирсам, дилимда тўлиб-тошган нафратим тилимга кўчиши муқаррар эди.
—    Ҳозир унақалар жуда кўпайиб кетган, -дейди бир дугонам ўзаро суҳбатимизда.- Қайнэгачим ўтирса-турса қўлидан телефон тушмайди. Кап-катта хотин бунча телефонда ким билан нимани гаплашаркан, деб ғашлансам, одноклассники.ру сайтидан аллақандай мактабдошими синфдошинимией топиб олган экан. Уялмай-нетмай ўша билан ёзишаркан. Яна тап тортмай, “унинг гапларини соғиниб қоламан” дейди ҳам. Гапларини эшитиб ўзимдан уялиб кетдим...
Биз ўзбекмиз, биродар, ўзбекларнинг турмушида “Лайли- Мажнун”чилик кетмайди! Бизда турмуш қурган жуфтлар бутун ҳаёт давомида бир-бирига ЧИДАБ яшайди! Бошқаси бекор! “Эрим менга бефарқ”, “Бир пайтлари у мени севарди, ҳозир буни умуман эсламайди”, “Гул кўтариб келиб севги изҳор қилмайди, хиёбонларда айлантирмайди” деган важ-корсонлар билан эридан нолиб юрадиган аёлдан-да энг хунук, энг разил мавжудод бўлмаса керак дунёда! Бизнинг тамойилда аёл – фидоий бўлиши керак! Аёл-эрию болаларига қалқон, ғамхўр, меҳрибон бўлиши шарт! Вафодорлик ҳақидаку қайта -қайта эслатиш шарт эмас. Аммо афсуски, бугунга келиб айрим аёллар касрига ўзбек аёлининг асл қиёфасига қора чизиқлар тортилмоқда.

Гуноҳлигини унутган гуноҳ

— Аёл хиёнати, оилали бўла туриб нопок йўлларга кириб кетган бузуқ аёллар ҳақида гапириш тугул, ундайлар ҳақида эшитишнинг ўзи кишини ларзага солади, -дейди журналист Ҳусен Тангриев куюнчаклик билан.- Истеъдодли ижодкор Иқбол Қўшшаева бундай иллатлар ҳақида ёза туриб, “ Гуноҳ гуноҳлигини унутиб қўймоқда” деган эди... Чиндан ҳам, никоҳига, эрига хиёнат қилган аёллар аёллигини унутиб қўйган махлуқотлардир. Ундайларнинг жирканчлиги касри боласига уради. Таассуфки, гуноҳ жабрини бегуноҳлар тортади. Боласи оғримаса ҳам , ўлмаса ҳам, бузуқ аёлдан туғилган, фоҳишанинг тарбиясини (агар уни тарбия дейиш жоиз бўлса!) олган боладан келажакда нима каромат кутиш мумкин?! Аёлнинг бузилгани- наслнинг бузилгани эмасми, биродар?!

Эркак хиёнатни кечирадими?

Минг афсуски, айрим ҳолларда даюс эркаклар хотинининг хиёнатини кўриб-била туриб индамай юраверишади. Бу кўпинча хотин боқувчи бўлган оилаларда кўзга ташланади. Ҳатто айрим ориятсиз эркаклар хотини чет элларда танасини сотиб топиб юборган пулларга данғиллама ҳовли-жойлар қуриб яшашдан, хорижий русумдаги автомашиналарда юришдан ҳеч уялишмайди. Ундайларни Худо уриб қўйган! Унақалар ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни, лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир» («Нур» сураси, 26-оят).

Ислоҳ этилмайдиган хато!

Мулоҳазаларимиз аввалида хиёнаткор аёлларнинг яъни, оилали фоҳишаларнинг қилмишларига “эрим узоқда” ёки “эрим касал, соғлигим учун жинсий ҳаёт зарур экан” деган шармандали иқрор билан ниқоб тортиши ҳақида гапирдик. Мақолани тайёрлаш жараёнида  интернет сайтларининг бирида келтирилган далилга кўзимиз тушиб, ҳайратдан ёқа ушлаб қолдик. Кўпчиликка маълумки, ислом оламида бева қолган ёки эридан ажрашган аёл учун тўрт ою 10 кун мобайнида идда сақлаш буюрилади. Ғарб тиб олимларининг аниқлашича, бир марта эркак билан бирга бўлган аёлнинг бачадонида эркак манийси тўрт ой давомида сақланар экан. Тўртинчи ойдан ошиб ўтгач, аёл организми секин-аста тозаланиб борар экан. Шунингдек, англиялик олимлар бир эркак билан жинсий яқинликда бўлиб туриб, орада танаффус қилмай иккинчи эркак билан  жинсий ҳаётни давом эттирган аёлларнинг бачадонларида оғир касалликлар пайдо бўлишини исбот қилдилар.
Фоҳиша ишлар, зинокорлик, ҳайвоний ҳирсга асир бўлиш динимизда ҳам, жамиятимизда ҳам мутлақо оқланмайди! Ундай хатолар ҳеч иккиланмай ислоҳ этилмайдиган хатолар сирасига киради. Хато ислоҳ этилмаса, киши умрбод виждон азобидан ўртаниб яшайди. Ҳаётнинг лаззатини, маъно мазмунини кўрмай ифлос ботқоқда гўнг пашшаю қўнғизга ўхшаб умр кечирадиганлар ҳам виждон азобини англармикинлар?..

Умида АЗИЗ

Ҳозир сайтимизда 59 та меҳмон бор, сайт аъзолари эса йўқ